“Авесто” – ўзбек халқининг бебаҳо мероси

Олим адашса – олам вайрон бўлғуси…

Афсуски, бир олим ўзи адашгани етмагандек, онги олий маълумот ила шаклланаётган талабаларни ҳам “адаштириш”га уринаётганини эшитиб, “портлаб” кетаёздим.

Бир илм даргоҳида икки олимнинг суҳбати қулоғимга чалингач, дафъатан шундай аламли сўзлар қуюлиб кела бошлади: оғзидаги ошини олдирган олим – миллатга золим…

Улардан бири шундай деди:

– “Авесто”нинг ўзбек халқига алоқаси йўқ, у қадимги Хоразмда яратилмаган… Мен талабаларимизни шундай деб ўқитаяпман…

Унга иккинчи олимнинг жавоби анча жўяли бўлди:

– Барака топгур, “Авесто” яралган замонда Хоразм буюк мамлакат маркази ҳисобланган. Эҳтимолга яқин фараз шуки, ўша пайтларда Эрону Озарбайжон ўлкалари ҳам Хоразм мамлакати таркибига киргандир… Кам эмас – 12 мингдан ортиқ қорамолнинг бир қисми ҳозирги Эрон ва бир қисми Озарбайжон ҳудудида сўйилиб, терилари ошланиб, асарни ёзишда эрони ва озар алломалари ҳам ўз ҳиссаларини қўшган бўлиши мумкин. Нима бўлганда ҳам бу ноёб асар ўша даврда мамлакат маркази – Хоразмда вужудга келгани аён ҳақиқат!..

Афсус, суҳбатни охиригача эшитишга имконим йўқ эди…

Бироқ, “Авесто”нинг ўзбек халқига алоқаси йўқ, у қадимги Хоразмда яратилмаган… Мен талабаларимизни шундай деб ўқитаяпман” деган шубҳали гаплар менга тинчлик бермай қўйди…

Собиқ мустабид тузум даврида Абу Али ибн Синодек алломаларимизни, Самарқанду Бухоро, ҳатто Тошкентни ўзбекларга алоқаси йўқ, деган ғайришуурий гаплардан қанчалик зада бўлганимиз каммиди?..

Энди “Авесто”дек дурдона асаримизни ҳам ўзгаларга “тортиқ” қилаётган шоввозлар пайдо бўлибдими?..

Йўқ, бунга асло йўл қўйиб бўлмайди!

“Авесто”нинг ўзбек халқига алоқаси йўқ, деган кимсанинг бизга алоқаси бўлмаслиги мумкин…

Абу Али ибн Сино каби алломаларимиз, Самарқанд, Бухоро, Тошкент ва бошқа шаҳарларимиз сингари “Авесто” ҳам ўзбек халқининг аждодларидан қолган бойлиги эканлигини ҳар қандай валломатга тушунтириб қўйишимиз мумкин. Ёш авлодни чалғитишга, онгини заҳарлашга эса асло йўл қўйиб бўлмайди!

“Авесто”ни яратган буюк аждодларимизнинг руҳини безовта қилган “олим” ўзига жавр қилмаслигини истардик.

1

Дониш домла

1

Эътиборингизга “Авесто” мавзусига оид муҳим мақолалар ва Вазирлар Маҳкамасининг тарихий Қарорини ҳавола этдик.

 

ЗАРДЎШТ ВА УНИНГ ТАЪЛИМОТИ

“Авесто”да баён қилинган воқеалар асосан, “Арианам Вайжа” мамлакатида, яъни олимлар томонидан “Катта Хоразм” деб аталган давлатда рўй беради. Бу давлат Бақтрия, Марғиёна, Сўғдиёна, Хвайрезм (Хоразм)ни ўз ичига олган.

Эр.авв. IX-VIII асрларда Осиёнинг марказий қисмида шундай бир ёруғлик пайдо бўлдики, бу нарса инсоният тараққиётига ўзининг таъсирини сезиларли даражада кўрсата олди. Шарқий Эрон ва Марказий Осиёда истиқомат қилувчи қадимий қабилаларнинг ижтимоий тузуми ўзгараётган ва диний қарашлари ҳамда жамиятда рўй бераётган табақаланиш давом қилаётган бир пайтда Турон пасттекислигида Амударё бўйларида янги ғоя, янги фикрлар ва янги таълимот вужудга келди. Бу таълимот ўлкада шаклланган кўп худолик ва ошиқча сарф-харажатларга, атроф-муҳитни ифлосланишига ҳамда инсонлар ҳаётида муҳим ўрин тутган жонли ҳайвонларни қириб кўп-кўп қурбонликлар қилинишига қарши тура оладиган таълимот эди. Бу таълимотга амал қилган инсон (Эзгу фикр, Эзгу калом (сўз), Эзгу амал) бутун ҳаёти давомида ана шу учликни қалбига жо қилиши жоиз ҳисобланган. Ушбу таълимотни асосчиси Зардўшт бўлиб, у ўз таълимотини жамиятда яшовчи ҳар қандай синф вакиллари орасида қўрқмасдан тарқатиб ўзини ҳақлигини исботлай олган. Берунийнинг гувоҳлик беришича, Зардўшт македониялик Александрнинг Марказий Осиёга келишидан 258 йил илгари дунёга келган. Лекин кейинги изланишлар, айниқса гатларни (Авестодаги шеърий матнлар) анализи, улардаги ўша давр табиий шароитлари ва воқеаларини тасвирланишидан келиб чиқиб, олимлар Зардўштни эр.авв.VIII асрнинг охирида дунёга келганини ва VII асрнинг охирги чорагида дунёдан ўтганлигини тасдиқлашади. Унинг асосий номи Заратуштра бўлиб “Сариқ туя соҳиби”, “Заррин ёруғлик эгаси” деган маъноларни англатади. У Қуйи Амударё ҳавзасида яшовчи машҳур Спитама уруғидан бўлиб (тўғрироғи Сипийтмон- “Авесто”да сипийтома. Пайғамбар Зардўшт оиласи шу ном билан юритилган. Сипийтмон пайғамбар Зардўштни тўққизинчи бобосининг номи бўлиб, паҳлавий тилида “оқлик” маъносини англатади, баъзи авестошунос олимларнинг фикрича “Сипийтмон” пайғамбарнинг болаликдаги исми, Зардўшт исми эса пайғамбарликка эришгандан кейин берилган дейишади) у уруғ орийлар уруғи иттифоқига кирган. Унинг отасини номи Пуришасп бўлиб, уруғ кохинлардидан бўлган. Онаси исми Дугова бўлиб, у ҳам Спитама уруғидан бўлган Фарохоманинг қизи бўлган. Зардўштни ёшлигидан отаси чўпон Барзин-курушга шогирд қилиб беради. У 15 ёшигача ҳар ҳил худоларга сиғинувчи орийлар уруғида кенг тарқалган яштларни ёдлаб олади. У 23 ёшига етганида уруғ-қабилалар орасидаги келишмовчиликларнинг асосий сабаби уларнинг ҳар ҳил худоларга сиғинишлиги эканлиги ва халқнинг аҳволи оғирлиги эса уларнинг ҳар ҳил худоларга кўплаб қурбонликлар қилишлиги ва ҳатто қурбониликка одамларни ҳам ишлатилишлиги эканлигида деб билади. Шундан кейин у фақат битта худога, яъни Аҳура – Маздага (Аҳура – “бутун оламларнинг эгаси”, “кучли”, Мазда – “ақл-идрок”, “донишмандлик”) сиғинишни ва унинг кўрсатмалари бўлган Авестога амал қилишни тарғиб қила бошлайди. Лекин уни бу даъватларини қабиладошлари совуқлик билан кутиб олишади. Асрлар давомида кўп худоликка ўрганиб қолган кабиладошларига унинг даъватлари ёмон таъсир қилади ва уни ватанидан бадарға қилишади. У ўн йиллаб чўлу-саҳрода, тоғу-тошларда, шаҳару-қишлоқларда юришга ва бу даврда у ерларда ўз таълимотини ёйишга бағишлайди. Кейинчалик ватанига қайтиб келади ва ўз қабиладошига уйланади. Ундан уч ўғил ва уч қиз туғилади. Айрим манбаларда ёзилишича, Зардуштни хотини Кави қабиласини вазири Гуштаспни қизи бўлган. Ҳозирги вақтда унинг ғояларини мужассамлантирган илмий бадий асар “Авесто” деб номланиб, у асос солган таълимот ва ғояни ўзида мужассамлантирган дин зардуштийлик дини дейилади. Зардўштийлик дини дуализмга асосланган, яъни олам икки асоснинг икки ибтидонинг, ёруғлик ва қоронғулик, яхшилик ва ёмонликнинг тўхтовсиз курашидан иборат деб уқтиради.

“Авесто”да баён қилинган воқеалар асосан, “Арианам Вайжа” мамлакатида, яъни олимлар томонидан “Катта Хоразм” деб аталган давлатда рўй беради. Бу давлат Бақтрия, Марғиёна, Сўғдиёна, Хвайрезм (Хоразм)ни ўз ичига олган. Бу давлат ўша вақтда ҳарбий демократия тамойиллари асосида вужудга келган. “Авесто”да подшоҳлар, олий табақа вакиллари, руҳонийларга ва диний урф-одатларга ҳам катта ўрин ажратилган. Унда қадимий кишиларнинг дунёқараши эзгу ниятлари алоҳида ўрин эгаллаган. “Авесто”да табиат, уни ёвуз кучлар (девлар)дан муҳофаза қилиш ҳақида ҳам қимматли фикрлар айтилган.Ўз қавмларидан рўшнолик кўрмаган уларнинг таъқибига, қувғунига дучор бўлган Зардўшт Фирдавсий ва Берунийларнинг тасвирича, ўз динини Эрон шоҳи Виштаспга асослаб кўрсатиб, унинг эътирофини қозонади. “Шаҳристонҳои Эрон” китобида Виштасп фармонига кўра, Зардўшт 1200 бобдан иборат панднома “Авесто”ни олтин тахтачаларга ёзиб, шоҳнинг оташкадасига топширган деб ёзадилар. Шундан кейин шоҳ пайғамбарнинг тарафдори сифатида янги диннинг ашаддий тарғиботчисига айланади. Бу орада Амунинг икки соҳилидаги юртларнинг ҳокими Аржасп акаси Виштаспни аждодлар эътиқодидан қайтганликда айблаб, унга қарши лашкар тортади, икки ўртада уруш бошланиб, урушда Аржасп ўлдирилади. Натижада Эрону Туронда маздапараслик — зардўштийлик дини тўла жорий қилинади. Зардўштнинг хоҳиши ва Виштаспнинг фармонига кўра, барча шаҳарларда оташкадалар-ибодатхоналар қурилади. Авестода баён қилинишича, Олам икки асоснинг ибтидонинг, яъни ёруғлик ва қоронғулик, яхшилик ва ёмонликнинг тўхтовсиз курашидан иборат. Бунда ёзилишича, Эзгулик худоси Ахурамазда билан ёвузлик худоси Аҳриман (Авестода “Ангар Майню” паҳлавий тилида “Аҳриман” –маъноси “Жанг ва душманлик олами”, янги Авестода душман девлар сардори, Аҳура Мазданинг муросасиз душмани. Аҳура Мазда Аҳриман тўғрисида сўз юритаркан “бутун борлиғи ажал билан йўғрилган”, деб тарифлайди) ўртасидаги кураш абадийдир, ниҳоят, кураш натижада яхшилик ғалаба қилиши керак. Зардўшт ҳаммани ёвузлик, қоронғуликка қарши кескин курашга чорлайди. Унинг фикрича, инсонлар доимо яхшилик қилиши керак. Мабодо, одам ёмонлик, мудҳишлик йўлига кирса, у бари бир улуғ худо Ахурамазда олдида қилмиши учун жавоб бериши керак дейди.

Шу даврдаги мавжуд диний ақидаларга қараганда, Зардўшт ғоялари янги ғоялар бўлиб, улар Зардўштга гўё эзгулик худоси Аҳурамазда томонидан инъом этилган. Ана шу ғояларга таянган ҳолда, шу даврда Зардўшт Аҳурамазданинг севимли ўғли сифатида, оламни ёмонликдан ҳимоя қилиши керак бўлган. Зардўштийлар қуёш, олов, ер, сув ва ҳаво каби табиат мўъжизаларини улуғлаб, уларга сиғиниб келганлар. Бу динга сиғинадиган кишилар учун олов, ер, сув ва ҳаво муқаддас ҳисобланган, уларни ифлослантириш катта гуноҳ саналган, ҳатто мурдаларни ерга кўмиш ҳам ман қилинган. Мурдаларни усти очиқ баланд жойга қўйишган. Мурданинг гўштини қушлар, ёввойи ҳайвонлар еб кетганлар, кейин мурданинг қариндош-уруғлари келиб, гўштдан тозаланган суякларни йиғиб, остадон (ассуарий) деб аталган махсус сопол идишларга жойлаб, абадий сақлаш мақсадида оташгоҳларда қолдириб кетганлар. Ҳозирги вақтда Марказий Осиёда жуда кўплаб қадимги тепаликлар бағридан ассуарийлар топилмоқда, улар асосан эр.авв. V-IV асрларга мансуб бўлиб, кўпинча Хоразмнинг Кўзалиқир, Қалъалиқир, Жонбосқалъа, Тупроққалъа ёдгорликлдаридан топилган. Зардўшт 77 ёшида Балх шаҳридаги ибодатхонада ибодат пайтида кўпхудолик тарафдори Братарвахш томонидан пичоқлаб ўлдирилади. Аммо унинг таълимоти ва у асос солган дин Ажам (араб бўлмаган) ўлкаларда ислом мажбуран қабул қилдирилгунча муқаддас эътиқод сифатида эъзозланиб келинган. Ушбу динни асоси бўлмиш муқаддас китоб Авестони икки нусхаси македониялик Александрнинг юриши даврида йўқ қилинади. Сосонийлар даврининг охирларида араблар Эронни босиб олиб эски динни ва муқаддас китобларни ўтда ёқишади. Ўз этиқодларига содиқ баъзи бир қавмлар Авестони каттагина қисмини олиб Ҳиндистонга қочишади. Улар катта қийинчиликлар билан Ҳиндистонни Бомбей шаҳри атрофидаги қишлоқлардан бирига етиб боришади ва у ерда қолиб кетишади. Ҳозирги кунда ҳам Бомбей атрофида 250 000 нафар порслар яшашади ва Авестони нусхаси уларда сақланади. Бундан хабари бўлган франциялик олим Анкетил Дюперрон 1755 йилда Ҳиндистонга бориб, ушбу қабилада яшайди ҳамда уларни ишончига кириб билдирмасдан Авестони нусхасини олишга ва уни Европага 1761 йилда келтиришга эришади. 1771 йилда “Зенд Авестони тахминий таржималари” номи остида уч қисмдан иборат китобни нашрдан чиқаради ва Авестони Европага таништирди. Авесто қадимда кўпчилик халқларга таниш бўлган, жумладан юнонлар, яҳудийлар, римликлар, сурияликлар ва бошқа халқлар ҳам уни таълимотидан баҳраманд бўлишган. Бунинг натижасида улар Авестонинг қимматли ғояларини ўзларини таълимотларини ишлаб чиқишда фойдаланишган.

Авесто 1825 йилда инглиз тилида, 1873 йилда немис тилида, 1901 йилда рус тилида нашр қилинган.

Китобнинг энг нодир нусхалари ҳозирги кунда Париж ва Данияда Копенгаген Миллий кутубхоналарида сақланмокда. Асарнинг ўзбекча янги нашри 2001 йилда “Авесто” яратилганининг 2700 йиллик юбилейи муносабати билан тайёрланди.

Шуни айтиш жоизки, 1999 йил ноябр ойида халқаро Юнеско ташкилоти ўзининг Парижда бўлиб ўтган 30 – сессиясида “Авесто”нинг 2700 йиллигини кенг нишонлаш ҳақида қарор қабул қилди. Юбилей тантаналари 2001 йилда Авесто ватани Ўзбекистонда, айнан Хоразмда кенг нишонланди ва Урганч шаҳрида Авесто ёдгорлик мажмуаси барпо этилди.

Кўпчилик тадқиқотчиларнинг фикрига кўра, якка худоликнинг кўпчилик ғоялари ва тушунчалари, жумладан жаннат ва дўзах, аросат қиёмат куни, фаришталар, иблис, жинлар ва шу каби тушунчалар олдин Авестода учраган бўлса, кейинчалик бу тушунчалар бошқа динларга жумладан, иудаизм, христианлик ва ислом динларига ҳам кириб борган.

Қадимги бобокалонларимиз кўзига тўтиё қилган “Авесто” муқаддас китоби фақат диний қўшиқ, ҳикоят ва ривоятлардан иборат бўлибгина қолмасдан, балки табиий фанлар, хусусан, табобат, таълим – тарбия масалаларини ҳам ўз ичига оладиган илмий манбадир. Зардўштийлик динининг муқаддас байрамларидан бири Наврўздир. Наврўз Марказий Осиё ва форсий халқларнинг янги йилни нишонлашга бағишланган катта байрамидир. Баҳорда яъни 21 март куни коинотдаги барча тирик жон, инсоният, ўсимлик ва ҳайвонат дунёси қайта жонланади. Инсоният табиятнинг олий маҳсули сифатида бу байрамни зўр шодиёна билан нишонлаган ва ҳозирда ҳам нишонлаб келинмоқда. Мамлакатимизда Наврўз – баҳор байрами, янги кун, табиатни уйғониш байрами сифатида кенг нишонлади. Зардўштийлик динининг афзал томонларидан бири шу эдики, ушбу динда ҳукмдорлар салтанатини мустаҳкамловчи расмий ақидалар билан бирга, инсонни ўз ҳаётининг, ўз тақдирининг яратувчиси сифатида улуғловчи инсонпарварлик ғоялари ҳам қарор топгандир.

© Д.Бобожонов, М.Абдурасулов “Абадият фарзандлари” 2009.
© Хоразм
 Маъмун академияси нашриёти, 2009.

 

Авестонинг муқаддас ёзуви

Авесто дингина эмас, дунёвий билимлар, тарихий воқеалар, ўзи тарқалган ўлкалар, элатларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаёти, маданий ва маънавий қарашлари, диний эътиқодлари, урф-одатлари ҳақидаги манбалардандир. Унда баён этилган асосий ғоя диний эътиқоднинг илк содда билимлари Зардушт номли пайғамбар номи билан боғланган.

У Авестонинг энг қадимий қисми «Гат» (хат – нома)ни ижод этган. Авесто таркибига кирган билим, маълумотлар қарийиб 2000 йил милоддан аввал 3000 йиллик оҳирлари 2000 йиллик бошларидан то милоднинг бошларигача ўтган даврда юзага келиб, авлоддан-авлодга оғзаки кўчириб олинган, унинг кўп қисми йўқолган, еттидан бир қисми сақланган. Милоддан аввалги 3 асрда Аршакийлар сулоласи даврида тўпланган.

Диншуносликда Авесто уч тарихий қатламга ажратилган: 1. энг қадимий қисми милоддан аввалги 3 минг йилликда вужудга келган Яштлардир; уларда уруғчилик тузумидаги эътиқодлар, кўп худолик тасаввурлари тасвирланган; 2. Гатлар деб аталган қисмидир. Бунда Аҳурамазда номли худо ҳақида уйдирмалар ёзилган. Уни зардушт ёзган деб таҳмин қилинади. 3. Қадимий кўпхудолик ва кейинги яккахудолик ғоялари орасидаги кураш шароитларида эрамиздан аввалги V-асрда ҳар иккисини келиштирган Маздакийлик дини шаклланган. Авесто бу диннинг охирги ва асосий қисмини ташкил этди.

Ҳозирги диншуносликка хос бўлган Авестонинг 6 асрларда Эронда ҳукмронлик қилган Сосонийлар сулоласи шоҳи Хисрав V ҳукмронлиги даврида ёзиб тугатилган, кейинчалик паҳлавий тилига таржима қилиниб асосий текстига кўплаб шарҳлар берилган. Булар «Зенд» номи билан маълум.

Авесто олдин 12 минг мол терисига ёзилиб, хажми ғоят катта бўлгани учун ундан фойдаланиш осонлаштириш ниятида «кичик авесто» яратилди. (Беруний).

VII асрда Сосонийлар давлати парчаланиб, араб босқинчилари, Эрон ва Ўрта Осиёни босиб олгач, Зардуштийлик ҳам зарбаларга учраб, унга ишонувчилар қувғин ва таъқиб остига олингач Авестонинг аксарият бешдан уч қисми йўқолган ва унитилган. Авестода бу диннинг диний- фалсафий тизимининг қоида дастурлари баён этилган. У қадимий аждодларимизни дунёқараш, ҳуқуқий, ахлоқий, тамойил қоидаларини ўз доирасига олган. Унда табиат фалсафаси, космогония, тарих, этика, медиöинага доир материаллар, билимлар ёзилган. Яна унда шоҳ, олий табақа, қулдор, қул, диндорлар ва диний урф-одатлар катта ўрин олган. Ҳоким ва золимлар улуғланган; руҳонийлар муқаддас одамларни ҳамма ҳурмат қилиши керак деб даъво қилинган.

Хулоса шуки, Авесто Зардуштийликнинг муқаддас ёзуви ҳисобланган, 2000 йил давомида яратилган 5 дан 3 қисми йўқолиб кетган у якка ҳудоликни тарғиб этган, оловга сиғинмаслик, фақат уни асраш ва эъзозлашни тавсия этган.

Авесто зардуштийликнинг асосий манбаси ва муқаддас китоби ҳисобланади. У Апастак, Овисто, Овусто, Авесто, Авасто каби шаклларда ҳам ишлатиб келинган. Авесто Ўрта Осиё, Эрон, Озарбайжон халқларининг исломгача даврдаги ижтимоий-иқтисодий ҳаёти, диний қарашлари, олам тўғрисидаги тасаввурлари, урф-одатлари, маънавий маданиятини ўрганишда муҳим ва ягона манбадир. Унинг таркибидаги материаллар қарийб икки минг йил давомида вужудга келиб, авлоддан-авлодга оғзаки тарзда узатилиб келинган. Зардуштийлик дини расмий тус олгунига қадар Авестонинг бўлаклари Турон ва Эрон замини халқлари орасида тарқалган. Ушбу – Ахура-Мазданинг Зардушт орқали юборилган илоҳий хабарлари деб ҳисобланган бўлаклар турли диний дуолар, мадҳиялар сифатида йиғила бошланган. Булар Зардуштнинг ўлимидан кейин китоб ҳолида жамланган ва «Авесто» – «Ўрнатилган, қатъий қилиб белгиланган қонун-қоидалар» деб ном олган. Бу қадимий ёзма манба бизгача тўлиқ ҳолда етиб келмаган. Авесто ҳақида Абу Райҳон Беруний (в. 1048 й.) шундай ёзади: «Йилнома китобларида бундай дейилган: подшоҳ Доро ибн Доро хазинасида [Авестонинг] 12 минг қорамол терисига тилло билан битилган бир нусхаси бор эди. Искандар оташхоналарни вайрон қилиб, уларда хизмат этувчиларни ўлдирган вақтда уни куйдириб юборди. Шунинг учун ўша вақтда Авестонинг бешдан учи йўқолиб кетди». Авестонинг Александр Македонский томонидан Грецияга олиб кетилгани, зарур жойларини таржима эттириб, қолганини куйдиртириб юборгани, 12 минг қорамол терисидаги тилло матн ҳақида (ат-Табарийда – 12000 пергамент) кейинги даврларда яратилган зардуштийлик адабиётида («Бундаҳишн», «Шаҳриҳои Эрон», «Динкард»; IX аср, «Арда Вираф-намак»; IX аср, «Тансар хатлари», ал-Масъудийнинг «Муруж аз-заҳаб», «Форс-нома» ва бошқаларда) маълумотлар бор. Бу асарларда юнонлар оташхоналарни вайрон қилганлари, ибодатхоналар бойликларини талон-тарож этганлари, дин арбобларини ўлдириб, асир олиб кетганликлари ҳақида ёзилади. Ҳозир бизгача етиб келган Авесто, Берунийнинг ёзишича, аслининг бешдан икки қисми холос. У «Авесто 30 «наск» эди, мажусийлар (зардуштийлар) қўлида 12 наск чамаси қолди» деб ёзган. Ёзма манбаларга кўра, ҳақиқатан ҳам Авестони мўбадлар авлоддан-авлодга, оғиздан-оғизга олиб ўтиб, асрлар оша сақлаганлар. Бунинг сабаби мўбадлар мағлуб халқлар (Яқин ва Шарқ халқлари) ёзувини ҳаром ҳисоблаб, муқаддасхабарни унда ифодалашга узоқ вақт журъат этмаганлар. Даставвал (мил. II ёки III асрларида), Аршакийлар даврида Авесто қисмларини тўплаш бошланган. Кейинчалик, Сосоний Ардашер Попакон (227-243) даврида, айниқса, Шопур (243-273) даврида астрология, табобат, риёзиёт ва фалсафага оид қисмлари ёзиб олиниб, ҳамма қисмлари тартибга келтирилган, сўнг бу асосий матн тўлдириб борилган. Авестонинг ана шу тўлдирилган нусхасининг икки тўлиқ қўлёзмаси Ҳиндисонда сақланади – бири Мумбайда, зардуштийларнинг маданий маркази бўлмиш Кома номидаги инситутда, иккинчиси – Калкуттадаги давлат кутубхонасида. Авестонинг энг қадимий қисмларида Зардушт туғилган ва ўз фаолиятини бошлаган юрт ҳақида маълумот берилган. Унда айтилишича, «бу мамлакатнинг кўп сонли лашкарларини ботир саркардалар бошқарадилар, баланд тоғлари бор, яйлов ва сувлари билан гўзал, чорвачилик учун барча нарса муҳайё, сувга мўл, чуқур кўллари, кенг қирғоқли ва кема юрар дарёлари ўз тўлқинларини Иската (Скифия), Паурута, Моуру (Марв), Харайва (Арея), Гава (сўғдлар яшайдиган юрт), Хваразм (Хоразм) мамлакатлари томон элтувчи дарёлари бор». Шубҳасиз, «кенг қирғоқли, кема юрар дарёлар» бу Амударё ва Сирдарё бўлиб, Авесто тасвирлаган мазкур шаҳарлар Ўрта Осиё шаҳарларининг бу икки дарё қирғоқларида жойлашганларидир. Шунга асосланиб, биз Зардуштнинг ватани, зардуштийликнинг илк макони ва Авестонинг келиб чиқиш жойи деб – Хоразм, тарқалиш йўналиши деб – Хоразм-Марғиёна-Бақтрияни айта оламиз. Авестонинг «Ясна» китобида баён этилишича, Зардуштнинг ватандошлари унга ишонмай, унинг таълимотини қабул қилмаганлар. Зардушт ватанни тарк этиб, қўшни давлатга кетади, у ернинг маликаси Хутаоса ва шоҳ Кави Виштаспанинг хайрихоҳлигига эришади. Улар Зардушт таълимотини қабул қиладилар. Натижада қўшни давлат билан уруш бошланиб, Виштаспа ғалаба қозонади. Шундан сўнг бу таълимот халқлар ўртасида кенг тарқала бошлаган. Кейинги давр ривоятига кўра, Шоҳ Кави Виштаспа фармонига билан Авесто китоби ўн икки минг мол терисига ёзиб олиниб, оташкадага топширилган.

Авестонинг таркибий қисмлари. Авесто зардуштийлик муқаддас китобларининг мажмуидир. У – мураккаб тўплам. Авестонинг сақланиб қолган тўртта китобидан биринчисининг номи «Видевдат» (ви-даеводатам – «Девларга қарши қонун») деб аталади. Ушбу китоб Авестонинг сақланиб қолган китоблари орасида энг мукаммали ҳисобланади. У йигирма икки боб бўлиб, боблари фрагард деб номланган. Фрагардларнинг маъноси, вазифаси, услубий тузилиши турлича: биринчи фрагард – одамлар яшайдиган барча юртларни Ахура-Мазда қандай яратгани тўғрисида бўлиб, улар орасида Хоразм, Сўғд, Марғиёна, Бахди (Балх) ва бошқалар бор; иккинчи фрагардда Жамшид подшолиги – касаллик, ўлим, азоб-уқубатлар бўлмаган замон ҳақида, яъни инсониятнинг олтин асри ҳақида гап боради; учинчи фрагард деҳқончиликнинг савобли шарофатлари ва ҳ.к. ҳақида. Шунингдек, Видевдатнинг бошқа фрагардларидан Зардушт билан Ахура-Мазданинг савол-жавоблари ва мулоқотлари ҳам ўрин олган. Иккинчи китоб «Ясна» деб аталиб, Авестонинг эътиборли бўлими саналади. Ясна – яз ўзагидан бўлиб, «сажда, топинч, намоз» маъноларини ифодалайди. Ясна 72 бобдан иборат бўлган. Боблари ҳа, ҳаитий деб аталган. Ҳар бир ҳа зарур ўрнига қараб маросимларда, ибодатларда коҳинлар томонидан ўқилган, қавмлар унга эргашиб ибодат қилганлар. Ясна китоби (наск) таркибига Зардушт ўзи ижод қилган тарғибот шеърлари ҳам кирган. Улар Яснанинг 28-34, 43-46, 47-50, 51, 53 – жами бўлиб, 17 та ҳасини ташкил қилади. Зардушт шеърлари илмий адабиётда гаталар деб атаб келинади. Ҳа «башорат» демакдир. Яснанинг 35-42-ҳалари айниқса, юксак қадрланган. Бу етти ҳа Ҳаптанхати Ясна – «Етти боб Ясна» деб номланган. Улар орасида оловнинг муқаддаслиги ҳақида боб бўлиб, зардуштийлик урф-одатлари орасида оловга эътиқод қилиш, диннинг эса «оташпараслик» деб аталиши шунга боғлиқ. Бинобарин, олов Ахура-Мазда нурининг қуёшда намоёнлиги ва унинг ердаги зарраси деб ҳисобланган. Олий ҳақиқат Арта ҳам оловда ўз ифодасини топган. Олов ҳақни ноҳақдан, энг олий гуноҳ ҳисобланмиш ёлғонни росдан ажратиб берган. Ёлғон эса чин эътиқодга хиёнат деб қораланган. Арта сўзи фонетик ўзгариб, дастлаб атар, ҳозир эса оташ шаклида ишлатилиб келмоқда. Учинчи китоб «Висперед» деб номланган. У 24 бобдан ташкил топган ва ҳар бир боб алоҳида карде деб аталиб, маъбудлар шаънига ўқилган дуолар ва ибодат устида уларга мурожаатлар ҳамда оламни билишга доир панд-насиҳатлардан иборатдир. Уни ибодат намозлари йиғиндиси ҳам дейишади. Айни пайтда у Яснага қўшимча ҳисобланади. Тўртинчи китоб «Яшт» (гимн) деб аталади. У Авестонинг энг қадимий қатлами бўлиб, 22 бобдан иборат. Ҳар бир боб Ахура-Маздадан бошлаб, у яратган ва унинг маълум вазифаларини бажарувчи маъбудлар шаънига айтилган мадҳиялардан иборат. Авестонинг бизгача етиб келмаган китобларидан баъзи қисмлари унинг йиғма парчалар тўплами «Хўрдак Авесто» китобида жамланган. Масалан, Эхрпатастан китобидан мўбадлар (коҳинлар) учун қонун-қоидалар, диний бошқарув тизимига хос маълумотларга оид қисмлари, Нирангастан – диний-мавсумий, ижтимоий маросимлар тартиб-қоидалари қисми, 20-наскда жоннинг у дунёдаги аҳволи ҳақидаги қисми ва бошқалар шу китобда сақланган. Авесто ҳақида энг муҳим манба IX асрга оид «Динкард» (дин амаллари) асаридир. Унда Авестонинг 21 китоби тўла таърифлаб берилган. Бу таърифлар савобли ишлар йўриқномаси, диний маросимлар ва расм-русумлар қоидаси; зардуштийлик таълимоти асослари; дунёнинг Ахура-Мазда томонидан яратилиши; охират куни ва ундаги ҳисоб-китоб; фалакиёт; ижтимоий-ҳуқуқий қонун-қоидалар; Зардуштнинг туғилиши ва болалиги; ҳақ йўлини тутиш; жамият аъзоларининг ҳақ-ҳуқуқлари; девлар, жинлар каби ёвуз кучларга қарши ўқиладиган дуолар, амаллар ва бошқалардан иборатдир. Зардуштийлик дини ҳақида француз олими Анкетил-Дюперрон жуда қимматли маълумотлар қолдирган. Масалан, Анкетил-Дюперрон 1755 йилда Ҳиндистонга илмий сафар қилиб, у ердаги зардуштийлар орасида уч йил яшаган, уларнинг ибодатлари, урф-одатларини яхши ўрганган ва Авестони француз тилига таржима қилган. Уч жилдлик таржима 1771 йилда нашр этилган. Айни пайтда, шуни ҳам таъкидлаш жоизки, олимларимизнинг фикрича, Авесто Ғарбий Европа, Эрон ва Ҳиндистон тиллари орқали бизга етиб келгани учун ундаги номлар, атамалар аксарият ҳолларда аслига тўғри келмайди. Авестода туркона жиҳатлар кам қолган. Зартуштийликни ўрганиш ҳозирги кунларда ҳам фаол олиб борилаяпти. Таъкидлаш керакки, бу соҳадаги тадқиқотлар Ўзбекистон учун алоҳида аҳамият касб этади. Чунки миллий қадриятлар ва кўп қатламли диний тажрибада мазкур диннинг тутган ўрни беқиёсдир.

http://xorazmiy.uz/uz/pages/view/285

 

Авесто — дастлабки нусхаси 12 минг мол терисига битилган деб…

Авесто, Овасто (парфиёнча: апастак — матн; кўпинча «Зенд-Авесто», яъни «тафсир қилинган матн» деб аталади) — зардуштийликнинг мукаддас китоблари тўплами.

Кўпчилик тадқиқотчилар 86 фикрига кўра, Авесто Ўрта Осиёда, хусусан Хоразмда мил. ав. 1-минг йилликнинг 1-ярмида вужудга келган. Авестодаги халқнинг дастлабки ватани Сирдарё, Амударё этаклари ва Зарафшон водийси бўлган. Авесто узоқ вақт мобайнида шаклланган. Унда келтирилган маълумотларнинг энг қадимий қисмлари мил. ав. 2-минг йиллик охири — 1-минг йиллик бошига оид бўлиб, оғзаки тарзда авлоддан-авлодга ўтиб келган. Кейинги асрларда Авесто таркибига турли диний урф-одатлар баёни, ахлоқий, ҳуқуқий қонун-қоидалар ва ҳакозалар қўшилиб борган. Авестони Зардушт диний асар сифатида бир тизимга солган.

Дастлабки ёзма нусхаси эса 12 минг мол терисига битилган деб ривоят қилинади. Александр (Македониялик Искандар) Эронни забт этганда, бу нусха куйдириб юборилган. Аршакийлардан Вологес I даври (51-78)да қайта китоб қилинган, лекин у сақланмаган. Сосонийлар даври (3-7-аср)да яхлит китоб ҳолига келтирилган.

Авесто 21 наск (қисм)дан иборат бўлган. Авесто ҳажми катта китоб бўлганлиги сабабли диндорлар кундалик фаолиятида фойдаланиш учун унинг ихчамлаштирилган шакли — «Кичик Авесто» (Хурдак Авесто) яратилган. Араблар Эронни фатҳ этгач (7-аср) зардуштий руҳонийларининг бир қисми Ҳиндистонга кўчиб ўтган. Уларнинг авлодлари (парслар) Бомбай шаҳрида ўз жамоаларида ҳозиргача Авестонинг асл нусхасини сақлаб келади. Франсуз тадқиқотчиси Анкетил Дюперрон зардуштийлар жамоасида яшаб, Авесто тилини ва ёзувини урганиб, уни таржима қилиб нашр этган (1771). Авестонинг бу нусхаси 27 жилддан иборат бўлиб, асарнинг еттидан бир қисмидир. У Ясна, Висперед, Вендидад, Гатлар ва Яштлар номи билан юритиладиган китобларни ўз ичига олади. Авестода баён этилган ғояларга кўра, олам икки асоснинг, икки ибтидонинг, яъни ёруғлик билан зулматнинг, яхшилик билан ёмонликнинг тухтовсиз курашидан иборат.

Яхшилик ва эзгулик худоси Аҳурамазда ер, ўсимлик ва бошқа ҳамма табиий бойликларни яратган. Ёмонлик ва ёвузлик тимсоли Анхрамайну Аҳурамаздага қарши тўхтовсиз курашади, аммо уни енгишга ожизлик қилади. Бу кураш абадий давом этади. Яхшиликни ифодаловчи кучлар осмонда, ёмонликни ифодаловчи кучлар ер остида жойлашган, ер сатҳи эса кураш майдонидир. Ҳаётдаги турфа ўзгаришлар қайси кучнинг ғалаба қилишига боғлиқ. Инсон ҳам тана ва руҳнинг, ахлоқ эса яхши ва ёмон хулқнинг ўзаро курашидан иборат.

Чексиз, абадий фазо ва вақт ҳам икки қарама-қарши қисмдан: яхшилик ва Аҳурамазда ҳукмрон бўлган абадий ёруғлик билан ёмонлик ва Анҳрамайну ҳукмрон бўлган абадий зулматдан ташкил топади. Авесто таълимотига кўра, биринчи инсон Говамард (ҳўкиз-одам; форсча Қаюмарс) бўлиб, ундан барча кишилар тарқалган. Биринчи шоҳ Йима даври олтин давр ҳисобланган, чунки унда ўлим бўлмаган, Аҳурамазда доимий баҳор яратган. Кишилар бекаму куст, бахтиёр яшаган. 900 йил утгач шоҳ Йима ғурурга берилиб, ман этилган сигир гўштини ейди ва ёвузлик рамзи Анҳрамайну ҳукмидаги кучлар бош кўтаради.

Оламни музлик қоплайди. Йима Аҳурамазда амри билан одамлар ва ҳайвонларни совуқдан сақлаб қолиш учун қўрғон (вар) қуриб, унга ҳар бир жонзотдан бир жуфтини жойлаштирган. Инсоният тарихининг илк олтин даври тугагач, Ҳайр билан Шарр (яхшилик ва ёмонлик) ўртасидаги кураш даври бўлган иккинчи давр бошланган. Учинчи даврда Аҳурамазда ғалаба қилиб, эзгулик салтанати барқарор бўлади, ўлганлар тирилади. Авестонинг ахлоқий-фалсафий моҳияти «езгу фикр», «езгу сўз» ва «езгу амал» 87 каби муқаддас учлик (ахлоқий триада)да ўз ифодасини топади.

Зардуштийларнинг ибодат олдидан айтиладиган нияти, сўзлари шу 3 ибора билан бошланади. Авесто ўзбек, умуман Ўрта Осиё, Эрон, Озарбайжон халқларининг қадимий даврдаги ижтимоий-иқтисодий ҳаёти, диний қарашлари, олам тўғрисидаги тасаввурлари, урф-одатлари, маънавий маданиятларини ўрганишда муҳим ва ягона манба.

«Авесто» тўрт қисмдан иборат:

Ясна («Диний маросимлар»),

Яшт (маъно жиҳатдан Яснага яқин),

Виспарад («Барча илоҳлар ҳақидаги китоб»),

Вендидад («Ёвуз руҳларга қарши қонунлар мажмуаси»).

http://xorazmiy.uz/uz/pages/view/90

 

 АВЕСТО

АВЕСТО, Овасто (парфиёнча: apastak — матн; кўпинча «Зенд-Авесто», яъни «тафсир қилинган матн» деб аталади) — зардуштийликнинг мукаддас китоблари тўплами. Кўпчилик тадқиқотчилар фикрига кўра, Авесто Ўрта Осиёда, хусусан Хоразмда милоддан аввалги 1-минг йилликнинг 1-ярмида вужудга келган. Авестода келтирилган географик маълумотлар ҳам буни тасдиқлайди. Macалан, худо яратган ўлкалар санаб ўтилар экан, бойлиги ва кўркамлиги жиҳатидан қадимий Хоразм, Гава (Суғд), Марғиёна (Марв), Бақтрия (Балх) биринчи бўлиб тилга олинади, Орол денгизи (Ворукаша ёҳуд Вурукаша) ва Амударё (Даити) тавсифланади. Авестодаги халқнинг дастлабки ватани Сирдарё, Амударё этаклари ва Зарафшон водийси бўлган.

Авесто узоқ вақт мобайнида шаклланган. Унда келтирилган маълумотларнинг энг қадимий қисмлари милоддан аввалги 2-минг йиллик охири — 1-минг йиллик бошига оид бўлиб, оғзаки тарзда авлоддан-авлодга ўтиб келган. Кейинги асрларда Авесто таркибига турли диний урф-одатлар баёни, ахлоқий, ҳуқуқий қонун-қоидалар ва ҳоказолар қўшилиб борган. Авестони Зардушт диний асар сифатида бир тизимга солган. Дастлабки ёзма нусхаси эса 12 минг мол терисига битилган деб ривоят қилинади. У Персеполаа сақланган. Александр (Македониялик Искандар) Эронни забт этганда, бу нусха куйдириб юборилган. Аршакийлардан Вологес I даври (51— 78) да қайта китоб қилинган, лекин у сақланмаган. Сосонийлар даври (3—7-а.) да яхлит китоб ҳолига келтирилган.

Авесто 21 наск (қисм)дан иборат бўлган. Авесто ҳажми катта китоб бўлганлиги сабабли диндорлар кундалик фаолиятида фойдаланиш учун унинг ихчамлаштирилган шакли — «Кичик Авесто» (Хурдак Авесто) яратилган. Араблар Эронни фатҳ этгач (7-а.) зардуштий руҳонийларининг бир қисми Ҳиндистонга кўчиб ўтган. Уларнинг авлодлари (парслар) Бомбай шаҳрида ўз жамоаларида ҳозиргача Авестонинг асл нусхасини сақлаб келади. Француз тадқиқотчиси Анкетиль Дюперрон зардуштийлар жамоасида яшаб, Авесто тилини ва ёзувини ўрганиб, уни таржима қилиб нашр этган (1771). Авестонинг бу нусхаси 27 жилддан иборат бўлиб, асарнинг еттидан бир қисмидир. У Ясна, Висперед, Вендидад, Гатлар ва Яштлар номи билан юритиладиган китобларни ўз ичига олади.

Авестода баён этилган ғояларга кўра, олам икки асоснинг, икки ибтидонинг, яъни, ёруғлик билан зулматнинг, яхшилик биланн ёмонликнинг тўхтовсиз курашидан иборат. Яхшилик ва эзгулик худоси Аҳурамазда ер, ўсимлик ва бошқа ҳамма табиий бойликларни яратган. Ёмонлик ва ёвузлик тимсоли Анхрамайну Аҳурамаздага қарши тўхтовсиз курашади, аммо уни енгишга ожизлик қилади. Бу кураш абадий давом этади. Яхшиликни ифодаловчи кучлар осмонда, ёмонликни ифодаловчи кучлар ер остида жойлашган, ер сатҳи эса кураш майдонидир. Ҳаётдаги турфа ўзгаришлар қайси кучнинг ғалаба қилишига боғлиқ. Инсон ҳам тана ва руҳнинг, ахлоқ эса яхши ва ёмон хулқнинг ўзаро курашидан иборат. Чексиз, абадий фазо ва вақт ҳам икки қарама-қарши қисмдан: яхшилик ва Аҳурамазда ҳукмрон бўлган абадий ёруғлик билан ёмонлик ва Анҳрамайну ҳукмрон бўлган абадий зулматдан ташкил топади.

Авесто таълимотига кўра, биринчи инсон Говамард (ҳўкиз-одам; форсча Қаюмарс) бўлиб, ундан барча кишилар тарқалган. Биринчи шоҳ Йима даври олтин давр ҳисобланган, чунки унда ўлим бўлмаган, Аҳурамазда доимий баҳор яратган. Кишилар бекаму кўст, бахтиёр яшаган. 900 йил ўтгач шоҳ Йима ғурурга берилиб, ман этилган сигир гўштини ейди ва ёвузлик рамзи Анҳрамайну ҳукмидаги кучлар бош кўтаради. Оламни музлик қоплайди. Йима Аҳурамазда амри билан одамлар ва ҳайвонларни совуқдан сақлаб қолиш учун қўрғон (вар) қуриб, унга ҳар бир жонзотдан бир жуфтини жойлаштирган. Инсоният тарихининг илк олтин даври тугагач, Ҳайр билан Шарр (яхшилик ва ёмонлик) ўртасидаги кураш даври бўлган иккинчи давр бошланган. Учинчи даврда Аҳурамазда ғалаба қилиб, эзгулик салтанати барқарор бўлади, ўлганлар тирилади. Авестонинг ахлоқий-фалсафий моҳияти «эзгу фикр», «эзгу сўз» ва «эзгу амал» каби муқаддас учлик (ахлоқий триада) да ўз ифодасини топади. Зардуштийларнинг ибодат олдидан айтиладиган нияти, сўзлари шу 3 ибора билан бошланади.

Авесто ўзбек, умуман Ўрта Осиё, Эрон, Озарбайжон халқларининг қадимий даврдаги ижтимоий-иқтисодий ҳаёти, диний қарашлари, олам тўғрисидаги тасаввурлари, урф-одатлари, маънавий маданиятларини ўрганишда муҳим ва ягона манба. «Бу нодир китоб бундан 30 аср муқаддам икки дарё оралиғида, мана шу заминда умргўзаронлик қилган аждодларимизнинг биз авлодларига қолдирган маънавий, тарихий меросидир» (Ислом Каримов, «Адолатли жамият сари». Т., 1998, 39-40-бетлар).

Ўзбекистон ҳукуматининг ташаббуси билан ЮНЕСКО Бош конференцияси 30-сессияси «Авесто» яратилганининг 2700 йиллигини дунё миқёсида нишонлаш ҳақида қарор қабул қилди (1999 йил ноябрь). «Авесто»нинг жаҳон маданияти ва динлар тарихида тутган ўрнини ҳисобга олган ҳолда ҳамда юқоридаги қарордан келиб чиқиб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси махсус қарор эълон қилиб (2000 йил 29 март), «Авесто»нинг 2700 йиллигини нишонлаш тадбирларини белгилади. Унга кўра 2001 йилнинг октябрь ойида Ўзбекистонда халқаро илмий конференция ва тантанали байрам тадбирлари ўтказилади.

Ад: Кадыров М., Отрывки из Авесты (перевод), Материалы по истории общественно-философской мысли в Узбекистане, Т., 1976; Маковельский Авесто, Авеста, Баку, 1960,Сагдуллаев Авесто,Қадимги Ўзбекистон илк ёзма манбаларда, Т., 1997.

 Муҳаммаджон Қодиров

https://qomus.info/encyclopedia/cat-a/avesto-uz/

 

Сенатор кўмагида «Авесто» музейи экспонатларининг «маълумотлар базаси» яратилди

11:14 14 Октябр 2020 Жамият

Олий Мажлис Сенати аъзоси Гавҳар Дурдиевага хоразмлик ўлкашунос Комилжон Нуржанов томонидан йиғилган 5000 га яқин ноёб экспонатлар турли таъсирлардан емирилиб бораётганлигини билдириб, бу борада кўмак берилишини сўраган.

Таъкидлаш жоизки, К.Нуржанов раҳбарлигида 50 дан зиёд тарих ва ўлкашунослик мавзусида рисола, брошюралар эълон қилинган. «Авесто ворислари», «Амударё», «Манғитлар тарихи» каби рисолалар шулар жумласидан.

Маълумки, ЮНEСКО томонидан «Авесто» китоби ёзилганлигининг 2700 йиллиги кенг нишонланганди. Урганч шаҳрида 20 гектарлик боғ мажмуа бунёд этилиб, ёдгорлик монументи ўрнатилган. Қолаверса, 2001 йилда «Авесто» боғ мажмуасида «Авесто» музейи ташкил қилинган эди.

Ноёб экспонатлар орасида эрамиздан аввалги оссурийлар, Хоразм ёзувидан намуналар, Алишер Навоийнинг «Хамса» асари достонлари қўлёзмаси, 2-3 минг йиллик археологик топилмалар, безаклар, тангалар, расм, портрет ва бошқа қимматли ҳужжатлар мавжуд. Аммо уларнинг айримлари атроф-муҳитнинг салбий таъсири ва сақланаётган жойнинг номутаносиблигидан емирилиб йўқолиб кетмоқда. Баъзан ушбу экспонатларни номаълум шахслар томонидан ўғирлаш ҳолатлари ҳам содир бўлмоқда.

Шу жиҳатдан сенатор Г.Дурдиева ташаббуси билан махсус грант лойиҳаси тайёрланди. Хусусан, Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди томонидан Давлат гранти 4-танловида қатнашиш учун — “Урганч шаҳридаги «Авесто» музейининг экспонатлари бўйича инновацион электрон маълумотлар базасини тайёрлаш” мавзусидаги грант лойиҳаси тақдим этилди.

Ушбу лойиҳа бўйича халқаро «Олтин Мерос» жамғармаси Хоразм вилояти бўлими ва Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди ўртасида шартнома тузилди ва амалий ишлар бошланди.

Ҳозирда «Авесто» музейидаги атроф-муҳитнинг салбий таъсиридан ва сақланаётган жойнинг номутаносиблигидан емирилиб бораётган ноёб музей экспонатларни келгуси авлодларга ўз ҳолида етказиш мақсадида талаб даражасида таъмирланди. Қолаверса, 5000 га яқин турли топилма, ҳужжат ва архив материаллари бўйича инновацион тизим, яъни электрон тарздаги «Маълумотлар базаси» тайёрланди.

Мухтасар қилиб айтганда, кўҳна Хоразм тамаддунига доир бўлган музейдаги кўҳна маданиятга доир – инновацион, электрон шаклда тайёрланган «маълумотлар базаси»дан нафақат юртдошларимиз, балки хорижий сайёҳлар ҳам фойдаланиши учун имкон яратилади. Бунинг натижасида ҳудудга ташриф буюрувчи сайёҳларнинг сони ошади, халқаро ва ички туризм ривожланади, десак муболаға эмас.

http://xs.uz/uzkr/post/senator-komagida-avesto-muzeji-eksponatlarining-malumotlar-bazasi-yaratildi

 

Мирзиёев: «Тошкентда «Ахборот технологиялари маданий меросни асраш хизматида» мавзусида Осиё форуми ўтказилади»

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 8 октябрь куни Париж шаҳридаги ЮНЕСКО бош қароргоҳида ушбу ташкилот бош директори Одри Азуле билан учрашди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

ЮНЕСКО бош директори Ўзбекистон президентининг ушбу ташкилот шафелигида тинчлик ва бағрикенглик маданиятини шакллантириш, экстремизмнинг олдини олиш мақсадида Самарқанд шаҳрида Мирзо Улуғбек номидаги халқаро институт ташкил этиш, Тошкент Ахборот технологиялари университети ҳузурида Таълимда ахборот-коммуникация технологиялари бўйича минтақавий марказ ҳамда Самарқанддаги Туризм халқаро университетида ЮНЕСКО кафедрасини тузиш бўйича ташаббусларини қўллаб-қувватлади.

Ўзбекистонда Марказий Осиё ёш олимлари минтақавий форумини ҳамда 2019 йилда Тошкентда «Ахборот технологиялари маданий меросни асраш хизматида» мавзусида Осиё форумини ўтказиш тўғрисида келишувга эришилди.

Бош директор Ўзбекистоннинг бутун инсоният бойлиги бўлган маданий-тарихий меросни асраб-авайлаш борасидаги сиёсатини юксак баҳолади.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва ЮНЕСКО бош директори Одри Азуле Ўзбекистон билан ЮНЕСКО алоқаларини ривожлантиришга қаратилган 2021 йилгача ҳамкорлик дастурини имзоладилар.

Президент Шавкат Мирзиёев ЮНЕСКОнинг фахрий меҳмонлар китобига дастхат ёзди.

БМТнинг таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти — ЮНЕСКО 1945 йил 16 ноябрда тузилган. Унинг асосий мақсади таълим, фан, маданият, коммуникациялар, туризм соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш орқали тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга кўмаклашишдир. Норасмий равишда “БМТнинг ақл лабораторияси” деб аталади. Жавоҳарлал Неру ўз вақтида ЮНЕСКОга “инсоният виждони” деб таъриф берган.

Бугунги кунда унга 195 та мамлакат аъзо ҳисобланади. Ўзбекистон ташкилотга 1993 йил 26 октябрда аъзо бўлган.

Ўзбекистон ЮНЕСКО Ижроия кенгаши таркибига икки марта сайланган. Ушбу ташкилот билан биргаликда халқаро миқёсда Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Фарғоний, Имом Бухорий, Камолиддин Беҳзод, қадимий шаҳарларимиз Бухоро, Хива, Термиз, Шаҳрисабз, Қарши, Самарқанд, Марғилон ва Тошкент, “Алпомиш” достони ва “Авесто” китоби, шунингдек, Хоразм Маъмун академиясининг юбилейлари кенг нишонланди. Бухоро шаҳри ташкилотнинг “Тинчлик тарафдори бўлган шаҳарлар” соврини билан тақдирланган.

Усмон Масҳафи ва Шарқшунослик институтининг қўлёзмалар тўплами ЮНЕСКОнинг “Жаҳон хотираси” рўйхатига киритилган.

Хивадаги «Ичан қалъа» мажмуаси, маданиятлар чорраҳаси — Самарқанд, Бухоро ва Шаҳрисабзнинг тарихий марказлари, шунингдек, Чотқол биосфераси ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган.

Шошмақом, Бойсун маданий макони, Катта ашула, аския, ош, Наврўз, атлас ва адрас ишлаб чиқариш технологиялари ташкилотнинг Инсоният номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига киритилган.

Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО билан ҳамкорлиги ўзбек мусиқий маданиятини асраб-авайлаш, ривожлантириш ва оммалаштиришга ҳам хизмат қилмоқда. Хусусан, ЮНЕСКО кўмагида Самарқанд шаҳрида ҳар икки йилда бир марта “Шарқ тароналари” халқаро фестивали ўтказиб келинмоқда. Жорий йил сентябрь ойида Шаҳрисабзда илк бор Халқаро мақом санъати форуми ўтказилди.

Шавкат Мирзиёевнинг яқинда қабул қилинган қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг ЮНЕСКО ҳузуридаги доимий ваколатхонаси таъсис этилди.

Ўзбекистон раҳбари ўтган йил сентябрь ойида БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси ва Бош Ассамблеянинг “Маърифат ва диний бағрикенглик” номли резолюциясини қабул қилиш ташаббусини илгари сурган эди.

https://www.xabar.uz/siyosat/toshkentda-axborot-texnologiyalari-madaniy-merosni-asrash

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 29.03.2000 й. 110-сон «Авесто» яратилганининг 2700 йиллигини нишонлаш тўғрисида»ги Қарори

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

29.03.2000 й.

N 110

«АВЕСТО» ЯРАТИЛГАНИНИНГ 2700 ЙИЛЛИГИНИ НИШОНЛАШ ТЎҒРИСИДА

 

Дунёнинг энг қадимги динларидан бири зардуштийликнинг муқаддас китоби «Авесто»нинг жаҳон маданияти ва динлар тарихида тутган ўрнини ҳисобга олган ҳолда ҳамда ЮНЕСКО бош конференциясининг 1999 йил ноябрь ойида Парижда ўтган 30-сессиясининг «Авесто» яратилганининг 2700 йиллигини дунё миқёсида кенг нишонлаш ҳақидаги қароридан келиб чиқиб Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:

  1. Ўзбекистон Республикасининг таклифига биноан ЮНЕСКО бош конференцияси 30-сессиясининг «Авесто» яратилганининг 2700 йиллигини ЮНЕСКО раҳнамолигида 2001 йилда дунё миқёсида кенг нишонлашҳақидагиқарори тўла қўллаб-қувватлансин ва асос учун қабул қилинсин.
  1. «Авесто» яратилганининг 2700 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш Республика ташкилийқўмитасининг таркиби1-иловага мувофиқтасдиқлансин.

Республика ташкилий қўмитаси «Авесто» яратилганининг 2700 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тадбирлари режасини бир ой муддатда ишлаб чиқсин ва амалга оширишга киришсин.

  1. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Хоразм Маъмун академияси, Маданият ишлари вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Республика «Маънавият ва маърифат» кенгаши, ЮНЕСКО ишлари бўйича миллий комиссия, Дин ишлари бўйичақўмита, Хоразм вилоятиҳокимлиги ва Тошкент Ислом университетининг жаҳон динларини қиёсий ўрганиш ЮНЕСКО кафедраси билан биргаликда 2001 йилнинг октябрь ойида «Авесто» ва унинг инсоният тараққиётидаги ўрни» мавзуида халқаро илмий конференция ва тантанали байрам тадбирларини ўтказсин.
  1. Хоразм вилоятиҳокимлигига «Авесто» яратилганининг 2700 йиллиги байрами муносабати билан Урганч шаҳрида боғбарпо этиш ва шаҳарни кўкаламзорлаштириш топширилсин.
  1. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси:

«Авесто»нинг хорижий давлатларда ва фуқароларда сақланаётган нусхаларини аниқлаш ҳамда уларнинг каталогини тузиш чора-тадбирларини белгиласин;

«Олтин мерос» халқаро жамғармаси, «Шарқ» нашриёт-матбаа концерни билан биргаликда «Авесто»нинг тўла матнини ўзбек тилида нашрга тайёрлашни ва чоп этишни таъминласин.

  1. Ўзбекистон Республикаси Давлат матбуотқўмитаси Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси билан биргаликда «Авесто»ҳақида тайёрланган илмий ва бадиий асарларни чоп этишни режалаштирсин.
  1. Ўзбекистон почта ва телекоммуникациялар агентлиги «Авесто» яратилганининг 2700 йиллигига бағишлаб почта маркалари, хатжилдлар чиқарсин ва уларнинг савдосини ташкил этсин.
  1. Ўзбекистон Телерадио компанияси ва бошқа оммавий ахборот воситалари «Авесто» яратилганининг 2700 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқтадбирларни телекўрсатув ва радиоэшиттиришларда, газета ва журналларда кенг ёритсинлар.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, «Жаҳон» ахборот агентлиги ва Ўзбекистон Телерадио компанияси «Авесто» яратилганининг 2700 йиллиги муносабати билан амалга оширилаётган ишларни тарғиб қилиш, хорижий ахборот воситаларини зарур маълумотлар билан таъминлаш чора-тадбирларини кўрсинлар.

  1. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги «Авесто» яратилганининг 2700 йиллигини нишонлаш харажатлари учун белгиланган тартибда республика бюджети, Хоразм вилояти бюджетиҳамда вилоят ташкилотлари ва корхоналаринингҳомийлик бадаллари ҳисобидан қопланишини ҳисобга олган ҳолда 2-иловага мувофиқ маблағ ажратсин, шу жумладан 2000 йилдаги қисмини тасдиқланган бюджет доирасида, 2001 йилдаги қисмини шу йилнинг давлат бюджетида режалаштирсин.
  1. Мазкурқарорнинг бажарилишини назоратқилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ҳ. Кароматов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг Раиси                                         И. Каримов

Вазирлар Маҳкамасининг

2000 йил 29 мартдаги

110-сон қарорига

1-ИЛОВА

 

«Авесто» яратилганининг 2700 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш Республика ташкилий қўмитаси ТАРКИБИ

Кароматов Ҳ. - Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика ташкилий қўмитаси раиси

 

Мансуров А. - Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси (келишув асосида)

 

Рисқиев Т. - Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси (келишув асосида)

 

Исаев А. - Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика ташкилий қўмитаси раисининг ўринбосари

 

Бобожонов И. - Хоразм вилояти ҳокими, Республика ташкилий қўмитаси раисининг ўринбосари

 

Шодиев Б. - Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Байрам ва юбилей тадбирларини ўтказиш дирекцияси раҳбари, Республика ташкилий қўмитасининг масъул котиби

 

Абдуллаев Ф. - Ўзбекистон почта ва телекоммуникациялар агентлиги бош директори

 

Азимов Р. - Ўзбекистон Республикаси Молия вазири

 

Баҳромов А. - Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси раиси, муфтий (келишув асосида)

 

Болиев А. - Республика «Маънавият ва маърифат» кенгаши масъул котиби

 

Жўраев Х. - Ўзбекистон Республикаси Маданият ишлари вазири

 

Жўраев Т. - Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси президенти

 

Иброҳимов Н. - Тошкент давлат шарқшунослик институти ректори

 

Исҳоқов М. - Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих институти директори

 

Икромов А. - ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий комиссияси масъул котиби

 

Йўлдошев Ж. - Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири

 

Комилов А. - Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири

 

Кўчимов А. - Ўзбекистон Телерадио компанияси раиси

 

Мурод Муҳаммад Дўст - Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори

 

Орипов А. - Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси

 

Парпиев Б. - Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ўринбосари

 

Рўзметов А. - «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси бош директори

 

Собиров Ф. - Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси

 

Тўхтаев А. - Ўзбекистон Архитекторлар уюшмаси раиси

 

Файзиев З. - «Ўзбексавдо» компанияси раиси

 

Хайруллаев М. - Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Шарқшунослик институти директори

 

Шоғуломов Р. - Ўзбекистон Республикаси Давлат матбуот қўмитаси раиси

 

Юнусов Т. - «Ўзбеккино» компанияси раиси

 

Юсупов Э. - Урганч шаҳри ҳокими

 

Ғуломов С. - Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири

 

Қўзиев Т. - Ўзбекистон Республикаси Бадиий академияси раиси

 

Ҳусанбоев Б. - «Ўзбектуризм» миллий компанияси раиси

 

Эслатма: Ташкилий қўмита таркибига кирган шахслар бошқа ишга ўтган тақдирда уларнинг ўрнига янги тайинланган шахслар ташкилий қўмита таркибига киритилади.

 

Вазирлар Маҳкамасининг

2000 йил 29 мартдаги

110-сон қарорига

2-ИЛОВА

 

«Авесто» яратилганининг 2700 йиллигини нишонлаш сарф-харажатларининг ҲИСОБИ

N Бажариладиган ишлар Нархи

(минг сўм)

Марказий

бюджет

(минг сўм)

Маҳаллий

бюджет

(минг сўм)

Ҳомийлик

улушлари

(минг сўм)

1. Чет давлатлардан таклиф этиладиган меҳмонларнинг авиатранспорт харажатлари

(30 киши х ўртача 1100 $ =165000 сўм)

4950,0 4950,0
2. Тошкент шаҳрида меҳмонхонада яшаш (30 киши х 30000 сўм х 2 кун), овқатланиш (30 киши х 4500 сўм х 2 кун) 1800,0

270,0

1800,0

270,0

3. Автотранспорт харажатлари (автобус 2 та х 10 соат х 3000 сўм х 3 кун, енгил автомашина 5 та х 12 соат х 2000 сўм х 3 кун) 540,0 270,0 270,0
4. Тошкент-Урганч-Тошкент авиатранспорт харажатлари (11000 сўм х 30 киши ) 330,0 330,0
5. Нашр ишлари:

а) «Авесто» каталоги  2500,0 сўм;

б) «Авесто» библиографияси  2500,0 сўм;

в) «Авесто»нинг ўзбек тилига тўлиқ таржимаси  2100,0 сўм

7100,0 7100,0 Нашриёт-ларнинг йиллик режалари ҳисобидан
6. «Авесто» ва унинг инсоният тараққиётидаги ўрни» мавзуидаги халқаро илмий конференция харажатлари (совғалар, буклет, тезис, папка, таклифнома, дастур, ижара ва иш ҳақлари) 2500,0 2500,0
7. Урганч шаҳридаги харажатлар: меҳмонхона, овқатланиш;

автотранспорт (30 киши х 15000 сўм х 1 кун)

750,0

450,0

750,0

450,0

8. Алоқа, почта ва бошқа харажатлар 250,0 125,0 125,0
9. Урганч шаҳрида боғ барпо этиш ва шаҳарни кўкаламзорлаштириш 50000,0 30000,0 20000,0
  Жами: 68940,0 7415,0 34425,0 27100,0

 

https://buxgalter.uz/uz/doc?id=459328_o‘zbekiston_respublikasi_vazirlar_mahkamasining_29_03_2000_y_110-son_avesto_yaratilganining_2700_yilligini_nishonlash_to‘g‘risidagi_qarori&prodid=1_vse_zakonodatelstvo_uzbekistana

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>