ЯНА «УСТОЗ ОТА… УЛУҒ» МАҚОЛИ ХУСУСИДА
«Устоз отангдек улуғ» — замонамиз «доно»лари ўйлаб топган оддий гап, бундай гап мақол бўла олмайди, мақолда балоғат (оддий гапдан фарқловчи хусусият) бўлади. «Устоз отангдан улуғ» — бу ўзбек халқининг минг йиллик мақоли. Ўзингизни халқдан донороқ санамангиз, «доно»лар!
Хорун ар-Рашиднинг ўғли Маъмунга аллома Асмоий сабоқ берар экан. Бир куни халифа ўтаётиб, Асмоий таҳорат олаётгани, Маъмун сув қуйиб бераётганига кўзи тушиб қолибди ва қовоғини уйиб йўлида давом этибди. Асмоийнинг дили ғаш бўлибди: «Халифа ўғлига сув қуйдирганимга ҳафа бўлди». Намоз вақти тугагач, халифа олимни ҳузурига чорлабди: «Нимадан норози бўлганимни билдингизми? Наинки ўғлим сув қуйиб беряпти, сиз оёғингизни ювяпсиз. Бугундан бошлаб оёғингизни Маъмун ювиб қўйсин!» (Ҳазрат Муҳаммаджон Ҳиндистоний маърузасидан).
«Нега энди устоз отадек улуғ бўлар экан? Отага нисбатан 50 % улуғ. Йўқ, тоғага нисбатан» — устоз деганда ўқитувчини тушунадиганларнинг тафаккури бу. Чунки ҳар бир ўқитувчи ҳам устоз мақомида бўлавермайди. Устоз толибнинг пешонасига битиладиган саодатдир.
Унутманг: ҳар бир мусулмоннинг биринчи устози бу Муҳаммад с.а.в.!
Мен бу гапларни ўзим мударрис бўлганим учун ёзаётганим йўқ. 1966 йил. Бир гуруҳ талабаларни ўқишни давом эттириш учун ТошДУдан Ломоносов номидаги Москва давлат университетига юборадиган бўлишди. Гуруҳга мени ҳам киритишган эди, розилик олиш учун дадамга қўнғироқ қилдим. Дадам II гуруҳ ногирони, онам уй бекаси, ўзим 6 фарзанднинг тўнғичиман. Отам маъқулламадилар: «Тошкентда ўқиб ҳам мутахассис бўлаверасан». Бу гапдан сўнг устозим Муҳаммаджон Қиличевич Холиқовга учрадим: «Мен боролмайман, оилавий шароит кўтармайди». Шунда устоз дедилар: «Мени дадангиз билан боғланг, ўзим тушунтираман. Моддий қийналишдан хавотир олманг, биз қараб турмаймиз. Билиб қўйинг, агар МДУга бормасангиз, Тошкентда ҳам ўқимайсиз». (Устознинг бу сўзлари ҳамон қулоғимда жаранглайди.) Мен домла билан дадамни улашга журъат қилмадим. Дадам : «Устоз отангдан улуғ» дейдилар, устозинг шундай деяётган бўлса, гапини ерда қолдириб бўлмайди. Бўпти, боравер, бир иложини қилармиз». Шу билан МДУда ўқиш насиб қилди. Бошқа фанларни билмадиму аммо ўша даврларда МДУнинг математика факультетидаги сабоқ ТошДУнинг математик факультетидагига нисбатан терак бўйи фарқ қилган, буни устозим яхши билганки, боришга қатъий ундаган эдилар. Балки МДУга бормаганимда осонроқ фан доктори, тезроқ академик бўлган бўлар эдим, аммо билимим МДУда олганимга нисбатан урвоқ ҳам бўлмас эди. Устозимдан ва «Устоз отангдан улуғ» деган дадамдан нақадар миннатдорман. Аллоҳ т. ва т. ҳар икковларини раҳмат қилсин, барча устозларни шарафласин, «устоз отангдан улуғ» дегувчи оталардан рози бўлсин, бу буюк мақолни таҳрир қилувчиларга тавфиқ берсин.
Абдулла АЪЗАМ,
академик
_______________________ _____________________
УШБУ МАВЗУДА ФЕЙСБУК САҲИФАЛАРИДА ЁРИТИЛГАН ФИКРНОМАЛАРНИ ҲАМ ЭЪТИБОРИНГИЗГА ҲАВОЛА ЭТАМИЗ
-
-
-
Sirojiddin Rauf
“Донолар”га барибир кор қилмайди. … қулоғига танбур чертгандек бўлади!
-
Майли, уларга кр қилмаса қилмасин, уларнинг сафи кенгаймаса ҳам ҳарна.
-
Zohid Sadikov
Мен хам устоз отангдан улуг, деган маколни маькуллайман. Каминанинг падари бузруквори мулла Якубжон доимо таькидлардилар, — аввало Устозинг Гайбулла ас-Саломнинг айтганларини килгин!
-
Xurshida Vahobjon Qizi
Assalomu alaykum, ustoz, katta rahmat, Alloh rozi boʻlsin, sizdan.
Otalarning oʻz zurriyodiga mehri, masʼulligi va h.k.tabiiy hol, har qancha koʻp qoʻllab quvvatlay olsa ham.
Ammo ustozning maqomi yana shuning uchun ham ulugʻki, ustoz boshqa birovning farzandiga mehr qoʻyib, uni hayotda yoʻlini topib olishiga sababchi boʻladi, ilm, saboq beradi. Shuning uchun ham otadan ulugʻ degan dono xalqimiz
-
Гулнора Рахмонова
Бизнинг ҳам мактабимиз директори Муҳиддин ака Обидовнинг обрӯси эл орасида жуда баланд эди. У киши бирор бир одамнинг уӣига қадам ранжида қилиши шараф эди. Тӯққизинчи синфни битириб ӯқишга бораман, деганимда отамнинг қовоғини солиб бир қараб қӯӣиши менга поӣтахтга ӣӯл ӣӯқлигини англатган. Отамнинг рухсатини олиш учун муаллимиз ҳовлига кириб келишлари билан масала ҳал бӯлишини тушунганман. Устозимнинг бир оғиз сӯзини отам ӯз қароридан баланд билиб ӯқишга кетишимга рухсат берган…
-
-
-
Abdurasul Jumaqulov
Жуда тўғри, ўринли мулоҳазалар. Ким «таҳрир»қилган бўлса ҳам бугун ҳатто расмий нутқларда ҳам «Устоз -отангдек УЛУҒ» деб ёзилмоқда. Бу ақллиларнинг топиб олган «ақлли» гапи қуйдагича: Отадан ҳам УЛУҒ зот бўларканми?!.
Бу мақол, отани ҳеч ким улуғмас деятгани йўқ, ҳақиқий устознинг ўрни шу тариқа , керак бўлса бўрттириб ифода этилади. Халқ мақоллари,нақлларида ҳикмат бор, буни сўзма -сўз эмас, кенг маьнода тушиниш керак десангиз ҳам тушинмаган тушинмас экан-да. Ачинарлиси бугун минг-минг йиллик халқ мақолари-ю нақллари, маталлари ҳам тутруқсиз чала муллалар томонидан ўзгартириб юборилмоқда.
Афсуски, айрим донишлар эса жиим ўтиришибди!
Шу боис, раҳмат СИЗГА Абдулла ака!
-
Абдусалом Умаров
Ассалому алайкум! Бу мақол хусусида Сизнинг фикрингиз раҳматли аллома шоиримиз Эркин Воҳидов фикрлари билан айнан!!! Саломатбўлинг!
-
-
Muhammadamin Akhunbaev
Abdulla aka yoshlarga sizni yo’lingizni aql shikoatingizni bersin,uzoq yillar yosh avlodga namuna bo’lib yuring
Dilfuza Rahmatullayeva
Одатдагидек, УзМУ да тадбирлар узгача кайфиятда утади, омон булинглар устозлар
-
Барно Султон
Дарҳақиқат, ҳар бир ўқитувчи устоз мақомига эга эмас.
Кўп қатори ўнлаб ўқитувчимиз бўлган. Оллоҳ мукофотлаб, биттасини ҳақиқий устоз билганман.
Уларни қаттиқ ҳурмат қиламан. Ниятки, шундай устозим сони кўпайсин, зиёда бўлсин.
Телло Кучабоев
Узбек халк маколлари тупламида » Устоз отангдан улуг » дейилган , кейинги хозирги билимдонлар бу маколни » Устоз отангдек улуг» деб узгартиришабошлашди.
Сўнгги фикрлар