Ахборот-психологик хавфсизлик (1)

ЎзМУ доценти Тўлқин Эшбековнинг “Ахборот-психологик хавфсизлик” ўқув қўлланмаси асосида (Тошкент, ЎзМУ – 2018)

1 2 3 4 57 810

КИРИШ

Журналист айтмоқчи ё ёзмоқчи бўлган ҳар бир фикрини аввало ишончли манбалардан ўқиб, ўрганиб, сўнг мушоҳада юритиши лозим. Маълумки, ҳар бир фаннинг (ҳатто, оддий мавзу, ижтимоий фикрнинг ҳам) қуйидаги учта муҳим асоси бўлади:

  1. Методологик асоси (Ўзбекистон Республикаси Президенти асарлари, нутқлари, интервьюларида баён этилган фикрлар);
  2. Ҳуқуқий асоси (Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Президент фармонлари ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ҳамда бошқа меъёрий ҳужжатлар);
  3. Назарий асоси (илмий асосланган китоблар, дарсликлар, қўлланмалар, мақолалар ва бошқа ёзма манбалар).

Бугун олий таълим муассасаларида фан сифатида ўрганилаётган “Очиқ ахборот тизимларида ахборот-психологик хавфсизлик” курси методологик асослари Ўзбекистон Республикаси Президентининг қатор асарлари ва нутқларида ўз аксини топган. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси (2017 йил 22 декабрь), “Қонун устуворлиги ва инсон манфаатларини таъминлаш – юрт тараққиёти ва халқ фаровонлигининг гарови”, “Жисмоний ва маънавий етук ёшлар – эзгу мақсадларимизга етишда таянчимиз ва суянчимиздир”, “Миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатлик – халқимиз тинчлиги ва фаровонлигининг муҳим омилидир”, “Адабиёт ва санъат, маданиятни ривожлантириш – халқимиз маънавий оламини юксалтиришнинг мустаҳкам пойдеворидир”, Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг “Хавфсизлик ва барқарoр тараққиёт йўлидан”, “Хавфсизлик ва тинчлик учун курашмоқ керак”, “Ўзбек халқи ҳеч қачон, ҳеч кимга қарам бўлмайди” асарлари номиданоқ ушбу мавзунинг қанчалик долзарблиги аён бўлса, “Юксак маънавият – енгилмас куч”, “Энг асосий мезон – ҳаёт ҳақиқатини акс эттириш” каби асарларини мутолаа қилган ўқувчи унинг моҳиятини янада теранроқ англаши мумкин.

Ҳуқуқий асослари Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги, “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги, “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги ва бошқа қонунларида, Кадрлар тайёрлаш миллий Дастури, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 7 августдаги “Оммавий ахборот воситалари соҳасида кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш Давлат дастури тўғрисида”ги 163-қарорида ўз аксини топган.

Мамлакатимизда ушбу курснинг назарий асосларини яратиш борасида мутахассислар изчиллик билан изланмоқдалар. Чунончи, “Очиқ ахборот тизимларида ахборот-психологик хавфсизлик” дарслиги ва ўқув қўлланмалар нашрга тайёрланган.

11

***

1-мавзу: КУРСНИНГ ПРЕДМЕТИ ВА МАҚСАДИ

(Ахборот-психологик хавфсизлик моҳияти)

 “Ахборот-психологик хавфсизлик” моҳияти: мустақил мамлакатимизни четдан ахборот орқали қилинадиган таҳдидлардан, ахборот хуружларидан ҳимоя қилиш билан изоҳланади. Ахборот технологиялари беқиёс даражада ривожланиб, дунё ягона ахборот маконига айланиши баробарида лисонимизга “глобаллашув”, “ахборот хуружи”, “ахборот-психологик хавфсизлик”, “мафкуравий иммунитет” деган сўз ва атамалар кириб келди. “Очиқ ахборот тизимларида ахборот-психологик хавфсизлик” курсида ўрганиладиган ана шу сўз ва атамалар маъноси тегишли қонунларда1, қомусий китобларда2 ва бошқа адабиётларда аниқ баён этилган.

Сўнгги йилларда “мафкуравий иммунитет” атамаси сиёсат ва мафкурага оид адабиётларда кенг қўлланилмоқда. Унда шахс, миллат, жамият, давлатни турли зарарли ғоявий таъсирлардан ҳимоя қилувчи ғоявий-назарий қадриятлар ўз ифодасини топган.

Шу ўринда бир мулоҳаза. Ҳар бир фанни ўрганишда аввало унинг қисқача тарихи ва мазмун-моҳиятига эътибор қаратилади. Маълумки, кўп фанлар ибтидоси оилада ўргатилади. Эшитган эртакларимиз – адабиёт фани ибтидоси бўлса, санашни ўрганиш – математиканинг илк сабоғидир. Шулар қаторида турли хил “ахборот хуружлари”дан ҳимояланиш учун мафкуравий иммунитетни ошириш муаммоси ҳам оила тарбиясидан четда қолмаган. Оналаримиз илк бора нима яхши-ю нима ёмонлигини ўргатишган. Мана бу яхши, буниси – ёмон… Ёмон болаларга қўшилма, мана бу гапдан эҳтиёт бўл, унга ишонма ва ҳоказо. Шу тариқа мурғак қалбимизда ёмон нарсаларга, бўлмағур гап-сўзларга қарши иммунитет пайдо қилишган3.

Оила – ҳаёт бешиги. “Бугунги тез ўзгараётган дунё инсоният олдида, ёшлар олдида янги-янги, буюк имкониятлар очмоқда. Шу билан бирга, уларни илгари кўрилмаган турли ёвуз хавф-хатарларга ҳам дучор қилмоқда. Ғаразли кучлар содда, ғўр болаларни ўз ота-онасига, ўз юртига қарши қайраб, уларнинг ҳаётига, умрига зомин бўлмоқда.

Бундай кескин ва таҳликали шароитда биз ота-оналар, устоз-мураббийлар, жамоатчилик, маҳалла-кўй бу масалада ҳушёрлик ва огоҳликни янада оширишимиз керак. Болаларимизни бировларнинг қўлига бериб қўймасдан, уларни ўзимиз тарбиялашимиз лозим,– деб таъкидалади Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев.– Бунинг учун ёшларимиз билан кўпроқ гаплашиш, уларнинг қалбига қулоқ солиш, дардини билиш, муаммоларини ечиш учун амалий кўмак беришимиз керак. Бу борада уюшмаган ёшлар билан ишлашга алоҳида эътибор қаратишимиз зарур. Бу вазифаларни амалга оширишда биз асрлар мобайнида шаклланган миллий анъаналаримизга, аждодларимизнинг бой меросига таянамиз. Фарзандларимиз, айниқса, қиз болаларнинг замонавий билим ва касб-ҳунарларни, хорижий тилларни эгаллашлари, ҳар томонлама соғлом ва баркамол бўлиб, ҳаётдан муносиб ўрин топишлари учун барча куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз”4. Кўриниб турибдики, фарзандларида илк мафкуравий иммунитет ҳосил қилиниши оила тарбиясининг табиий жараёнига айланган. Яхши ва ёмонни фарқлаш, ёмон гаплардан эҳтиёт бўлиш мавзуси қуйидаги мақолу нақлларимизда ҳам ўз ифодасини топган: “Яхшига эргашдинг – етдинг муродга, ёмонга эргашдинг – қолдинг уятга”, “Қозонга яқин юрсанг – қораси юқади, ёмонга яқин юрсанг балоси уради”, “Яхши гап ҳам, ёмон гап ҳам бир оғиздан чиқади”, “Миш-мишга ишонган – ҳаром ўлармиш”, “Яхши гап – жон озиғи”, “Яхши гапдан илон инидан, ёмон гапдан қилич қинидан чиқар”, “Ўйнаб гапирсанг ҳам ўйлаб гапир”, “Гапни гапир уққанга – жонни жонга суққанга”, “Бир ёмонни кўрмай яхшининг қадрига етмайсан” ва ҳоказо. Бу мақолу нақллар замирида одамнинг онги заҳарланиб қолишидан сақланиш ғоялари ҳам мужассам.

Оила тарбияси мактаб таълимига пайваста бўлади. Яъни, оиладаги илк тасаввурлар мактабда фан сифатида тушунтирилади.

Собиқ мустабид тузум даврида қардош республикаларда, жумладан, бизда ҳам тарих, фалсафа каби ижтимоий фанлар бутунлай ўзгача тушунтирилар эди. Миллий маънавият ҳақида гапириш ҳам мумкин эмасди. Худо йўқ, дин – афьюн, деган сохта “назариялар” мажбуран ёш авлод онгига сингдириларди. Шундай оғир шароитда мафкуравий иммунитет ҳақида гап бўлиши мумкинмиди? Биринчи Президентимиз таъкидлаганларидек, “ноинсоний ғоя ҳукмрон бўлган мустабид тузум ўзининг бор мафкуравий кучини, оммавий ахборот воситаларини, бутун маориф тизимини ишга солиб одамлар онгини кенг миқёсда заҳарлар эди. Уларнинг миллий ва диний туйғуларини қўпол равишда камситар, тарихий ҳақиқатни бузиб кўрсатар эди. Ўз она тилини, миллий анъана ва маданиятини, ўз тарихини билмаслик кўплаб одамларнинг шахсий фожиасига айланиб қолган эди”5.

Ўша даврда миллатимизга, миллий ғуруримизга нисбатан меҳр уйғотиш ўрнига аксинча унга қарши давлат сиёсати даражасида даҳшатли “ахборот хуружлари” қилинар эди. “Миллий ўзликни англашга бўлган табиий интилиш жоҳилона инкор этилар эди. Наврўз, Рамазон, Қурбон Ҳайити каби кўплаб муқаддас байрамлар тақиқ этилган эди. Амир Темур, Имом ал-Бухорий, Имом ат-Термизий, Аҳмад ал-Фарғоний, Баҳоуддин Нақшбанд, Хожа Аҳмад Яссавий, Нажмиддий Кубро, Маҳмуд аз-Замаҳшарий, Хожа Аҳрори Валий, Абдулхолиқ Ғиждувоний каби буюк аждодларимизнинг, Абдулла Қодирий, Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Чўлпон, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Усмон Носир каби миллий-озодлик ҳаракати фидойиларининг номларини халқимиз хотирасидан ўчириб ташлашга ҳаракат қилинар эди”6. Агарки бугунги чет эл радиосидан тарқатиладиган иғво ва бошқа бузғунчи гапларни “ахборот хуружи” деб атасак, бутун собиқ иттифоқ миқёсида юритилган бунақа “сиёсат”ни нима дейиш мумкин? Ўша даврда онги шаклланган ёшларда миллатга меҳр уйғотиш ҳақида гап бўлиши ҳам мумкин эмасди. Биринчи Президентимиз таъбири билан айтганда, собиқ империя даврида бизни иккинчи даражали одамлар деб ҳисоблашарди… “Бир эсланг, шўро замонида, 80-йилларда собиқ марказ “ўзбек иши”, “пахта иши” деган уйдирмаларни баҳона қилиб, ўзбек миллати вакилларини бутун дунёга қандай кўрсатарди? Сочи тақир қилиб олинган, қалпоқ кийган, белини боғлаган, соқол қўйган одамларни, мана, буларнинг башараси, деб, пешонасига тамға қўйиб, матбуот орқали намойиш этарди,– деб таъкидлаган эди Ислом Каримов.– Мен ўша пайтда – 1989 йилда республика раҳбари бўлиб келишим билан, авваламбор, ўзбек халқини шундай уйдирма ва туҳматлардан сақлаш, унинг шаънини асраш мақсадида, миллатни доғ остида қолдиришга қаратилган уринишлардан халос қилишга киришдим. Ва ҳозиргача ўзбек миллати ҳеч қачон қул бўлмаган, ҳеч қачон босмачи бўлмаган, ҳеч қачон қон тўкиш тарафдори бўлмаган, деб бутун дунёга шу фикрни англатишга ҳаракат қилиб келяпман. Бугун жаҳонда ўзбек номи, ўзбек миллатининг обрў-эътибори тан олингани шунинг исботи эмасми?”7.

Собиқ мустабид тузум даврида ҳам миллатимизга қарши оммавий тус олган бундай “ахборот хуружлари”га қарши кўпгина ижодкорлар дадил курашганлар. Жумладан, атоқли шоирлар Эркин Воҳидовнинг “Ўзбегим”, Абдулла Ориповнинг “Ўзбекистон – Ватаним маним” шеърлари ўзбек элимизга отилган тошларга қарши қаратилган эди! Юртимиз истиқлолининг дастлабки йилларидаёқ миллий қадриятларимиз, тарихимиз, бетакрор урф-одатлар, байрам ва анъаналаримиз ҳақида баралла айта бошладик.

Ўзбекистон мустақил давлат сифатида жаҳонга юз тутиши баробарида дунё билан бўйлаша бошлади. Компьютер технологиясининг ажиб мўъжизаси бўлмиш интернет курраи заминни ягона ахборот маконига айлантирди. Бунинг кўпгина ижобий жиҳатлари билан бир қаторда салбий томонлари ҳам борлигини англадик. Ўша салбий ҳолатларнинг битта кўриниши – “ахборот хуружи”дир. Оилада ана шу “ахборот хуружи”га қарши қай тариқа иммунитет пайдо қилинган бўлса, Ватанга қарши хуружларга нисбатан ҳам ўз вақтида ёш авлод онгида тўғри тасаввур ҳосил қилиб бориш улкан заруриятга айланди. Бу ижтимоий ҳодиса илмий тадқиқ қилиниши ва ўз навбатида унинг сиру синоати таълим муассасаларида ёш авлодга ўргатилаётгани ҳам бежиз эмас. Зеро, давлат раҳбарининг ибораси билан айтганда, “Болаларимизнинг онгини ва ҳаётини бузадиган, эртанги кунига мутлақо ишончини йўқотадиган мана шундай ғояларга қарши биз қурол билан эмас, ғоя билан курашишимиз зарур. Бизнинг ғоямиз кучли бўлиши лозим. Авваломбор, ўзимиз, ҳаётнинг ўзида синалган ўз ғоямизга ишониб майдонга чиқишимиз даркор”8.

Мутахассислар фикрича, ахборот-психологик хавфсизлик тушунчасини қуйидаги ҳолатлар асосида талқин қилиш тавсия этилади:

Биринчидан, ахборот-психологик хавфсизлик – бевосита руҳиятга таъсир ўтказиш орқали инсонни ўз ақидалари, муқаддас идеаллари ва эътиқодидан айирадиган бузғунчи ғоялардан асрашдир. Демак, ахборот-психологик хавфсизликка эҳтиёж, энг аввало, бевосита инсон ва жамият, инсон ва давлат, шахс ва унинг дахлсизлиги, миллат ва миллий қадриятлар, жумладан, урф-одатлар, анъаналар, тарихий ва маданий мерос, авлодлар ворисийлиги, миллатнинг истиқболи билан боғлиқ бўлган қадриятларга маънавий-руҳий таъсир кўрсатувчи бузғунчи ғоялар ва тажовузкор мафкуралар мавжудлигидан келиб чиқади.

Иккинчидан, ахборот-психологик хавфсизликка риоя қилинмаса, унинг таъсирчан чоралари кўрилмаса, бузғунчи ғоялар миллий қадриятларни барбод этиш орқали тарихан мавжуд бўлган халқлар ва миллатларни ғоявий геноцидга олиб келиши муқаррар.

Учинчидан, тиғиз ахборотлашган жамиятда ахборот орқали замонавий руҳий таъсир технологияларининг тобора ривожланиб бораётганлиги шахс ва жамият тафаккурининг шаклланишига у ёки бу тарзда кучли таъсир ўтказади. Жамоатчилик фикрининг қай даражада шаклланганлигига, халқнинг сиёсий онги, ҳуқуқий билимлари савияси, маънавий-маърифий даражасига қараб жамиятнинг тараққиётга ёки таназзулга юз тутиши турган гап.

Тўртинчидан, ижтимоий фикрни шакллантиришда ахборот таъсирини, ахборот технологияларидан фойдаланиш усуллари ва услублари тобора кенгайиб бораётганлигини назарда тутсак, ахборот-психологик хавфсизлик муаммосининг долзарблигига янада жиддийроқ эътибор қаратишга тўғри келади.

Бешинчидан, ахборот-психологик хавфсизлик тушунчасининг моҳияти шундаки, у алоҳида олинган инсон, жамият тушунчалари доирасидан чиқиб кетиб, яхлит инсоният, бутун кишилик тақдири билан боғлиқ глобал масалаларни ҳам қамраб оладики, ушбу жиҳати билан у ҳозиргача мавжуд бўлиб келган глобал муаммоларнинг энг тажовузкори, энг бузғунчиси эканлиги маълум бўлади. Бу ҳолат халқаро сиёсатда, давлатлараро, минтақалараро муаммоларни ҳал этишда буюк давлатчилик шовинизми авж олиши мумкин бўлган ҳолатларда яна ҳам хавфлироқ моҳият касб этади. Бундай пайтда кўпроқ анъанавий сиёсий мувофиқлаштириш тажрибаларидан кенгроқ фойдаланиш талаб этилади.

Олтинчидан, ахборий-психологик хавфсизлик тушунчаси маълум бир халқ, миллат, мамлакат ҳаётида жиддий ижтимоий хавф туғдириши мумкин бўлган замонавий ахборот технологиялари имкониятларидан тинчлик ва барқарор тараққиёт йўлида унумли фойдаланишни ва уларни бошқаришни, ҳар қандай ижтимоий-иқтисодий манфаатларга сиёсий тус бермаслик усулларини ишга солишни тақозо этади.

 Назорат учун саволлар:

  1. Глобаллашувнинг ижобий ва салбий жиҳатларини қандай изоҳлайсиз?
  2. “Ахборот хуружи” деганда нимани тушунасиз?
  3. “Ахборот-психологик хавфсизлик” иборасининг моҳиятини тушунтиринг.
  4. “Мафкуравий иммунитет” нима ва у қандай шакллантирилади?
  5. Ахборот-психологик хавфсизлик тушунчасини изоҳланг.

 Асосий тушунчалар

Ахборот – манбалари ва тақдим этилиши шаклидан қатъи назар шахслар, предметлар, фактлар, воқеалар, ҳодисалар ва жараёнлар тўғрисидаги маълумотлар.

Хуруж – тўсатдан ҳужум қилиш, ҳужум.

Ахборот борасидаги хавфсизлик – ахборот соҳасида шахс, жамият ва давлат манфаатларининг ҳимояланганлик ҳолати.

Психологик – психологияга оид атама, инсон руҳий ҳолати ва кечинмаларини ўзида акс эттирувчи илмий тушунча.

Хавфсизлик – хавфсиз (яъни, хавф туғдирмайдиган, хатарсиз), бирор нарса ёки кимсага хавф бўлмаслик, осойишталикни таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракат.

Иммунитет (лотинча “immunitas”) – бирор нарсадан халос, озод бўлиш, қутулиш.

Мафкуравий иммунитет – биз учун ёт бўлган бузғунчи ғоялардан ҳимояланиш, керак бўлса, унга қаршилик кўрсатиш.

Очиқ ахборот тизимлари – оммавий ахборот воситалари (газеталар, журналлар, ахборотномалар, бюллетенлар, теле-, радио, видео, кинохроникал дастурлар, умумфойдаланишдаги телекоммуникация тармоқларидаги веб-сайтлар)дан ташқари рекламалар, қўл телефонлари, электрон почталар ва бошқа ноқонуний ахборот тарқатиш тизимлари.

9

1 Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги, “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги, “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги (янги таҳрири) қонунлари. //Ахборот ва ахборотлаштиришга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўплами. –Т.: Адолат, 2008.

2 Қаранг: Ўзбекистон Миллий энциклопедияси. 1-12-жилдлар. –Т.: “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти, 2000-2006.

3 Қаранг: Эшбеков Т. “Ўргамчак тўри”. //Жамият, 2007 йил 27 апрель.

4 Мирзиёев Ш.М. Қонун устуворлиги ва инсон манфаатларини таъминлаш – юрт тараққиёти ва халқ фаровонлигининг гарови. // www.uza.uz

5 Каримов И.А. Ўзбекистон XXI асрга интилмоқда. Биз келажагимизни ўз қўлимиз билан қурамиз: Т.7. –Т.: Ўзбекистон, 1999. – 371 б.

6 Қаранг, ўша асар, 371-372 бетлар.

7 Каримов И.А. Ватанимиз тинчлиги ва хавфсизлиги ўз куч-қудратимизга, халқимизнинг ҳамжиҳатлиги ва букилмас иродасига боғлиқ. –Т. Ўзбекиситон, 2004. – 13 б.

8 Қаранг: ўша асар, 12 б.

6

***

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:

Методологик адабиётлар

  1. Мирзиёев Ш.М. Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз. –Т.: Ўзбекистон, 2017. – 488 б.
  2. Мирзиёев Ш.М. Миллий тараққиёт йўлимизни қатъият билан давом эттириб, янги босқичга кўтарамиз. –Т.: Ўзбекистон, 2017. – 592 б.
  3. Мирзиёев Ш.М. Миллий тараққиёт йўлимизни қатъият билан давом эттириб, янги босқичга кўтарамиз. –Т.: Ўзбекистон, 2018. – 508 б.
  4. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси (2018 йил 28 декабрь). . //www.uza.uz
  5. Каримов И.А. Ўзбекистон: миллий истиқлoл, иқтисoд, сиёсат, мафкура. Т.1. –Т.: Ўзбекистон, 1996. – 364 б.
  6. Каримов И.А. Биздан oзoд ва oбoд Ватан қoлсин. Т.2. –Т.: Ўзбекистон, 1996. – 380 б.
  7. Каримов И.А. Ватан саждагoҳ каби муқаддасдир. Т.3. –Т.: Ўзбекистон, 1996. – 366 б.
  8. Каримов И.А. Бунёдкoрлик йўлидан. Т.4. –Т.: Ўзбекистон, 1996. – 349 б.
  9. Каримов И.А. Янгича фикрлаш – давр талаби. Т.5. –Т.: Ўзбекистон, 1997. – 384 б.
  10. Каримов И.А. Хавфсизлик ва барқарoр тараққиёт йўлидан. Т.6. –Т.: Ўзбекистон, 1998. – 429 б.
  11. Каримов И.А. Биз келажагимизни ўз қўлимиз билан қурамиз. Т.7. –Т.: Ўзбекистон, 1999. – 410 б.
  12. Каримов И.А. Oзoд ва oбoд Ватан, эркин ва фарoвoн ҳаёт – пирoвард мақсадимиз. Т.8. –Т.: Ўзбекистон, 2000. – 528 б.
  13. Каримов И.А. Ватан равнақи учун ҳар биримиз масъулмиз. Т. 9. –Т.: Ўзбекистон, 2001. – 432 б.
  14. Каримов И.А. Хавфсизлик ва тинчлик учун курашмоқ керак. Т. 10. –Т.: Ўзбекистон, 2002. – 432 б.
  15. Каримов И.А. Биз танлаган йўл – демократик тараққиёт ва маърифий дунё билан ҳамкорлик йўли. Т. 11. –Т.: Ўзбекистон, 2003. – 320 б.
  16. Каримов И.А. Тинчлик ва хавфсизлигимиз ўз куч-қудратимизга, ҳамжиҳатлигимиз ва қатъий иродамизга боғлиқ. Т. 12. –Т.: Ўзбекистон, 2004. – 400 б.
  17. Каримов И.А. Ўзбек халқи ҳеч қачон, ҳеч кимга қарам бўлмайди. Т. 13. –Т.: Ўзбекистон, 2005. – 448 б.
  18. Каримов И.А. Инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари – олий қадрият. Т. 14. –Т.: Ўзбекистон, 2006. – 280 б.
  19. Каримов И.А. Жамиятни эркинлаштириш, ислоҳотларни чуқурлаштириш, маънавиятимизни юксалтириш ва халқимизнинг ҳаёт даражасини ошириш – барча ишларимизнинг мезон ва мақсадидир. Т. 15. –Т.: Ўзбекистон, 2007. – 320 б.
  20. Каримов И.А. Мамлакатни модернизация қилиш ва иқтисодиётимизни барқарор ривожлантириш йўлида. Т. 16. –Т.: Ўзбекистон, 2008. – 368 б.
  21. Каримов И.А. Ватанимизнинг босқичма-босқич ва барқарор ривожланишини таъминлаш бизнинг олий мақсадимиздир. –Т.17. –Т: Ўзбекистон, 2009.
  22. Каримов И.А. Юксак маънавият – енгилмас куч. –Т.: Маънавият, 2008. – 176 б.
  23. Каримов И.А. Энг асосий мезон – ҳаёт ҳақиқатини акс эттириш. –Т.: Ўзбекистон, 2009. – 24 б.
  24. Каримов И.А. Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида. –Т.: Ўзбекистон, 2011. – 440 б.

Қонунлар ва қарорлар

  1. Ўзбекистон Республикасининг “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги қонуни. Ахборот ва ахборотлаштиришга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўплами. –Т.: Адолат, 2008.
  2. Ўзбекистон Республикасининг “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги (янги таҳрири) қонуни. Ахборот ва ахборотлаштиришга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўплами. –Т.: Адолат, 2008.
  3. Ўзбекистон Республикасининг “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонуни. Ахборот ва ахборотлаштиришга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўплами. –Т.: Адолат, 2008.
  4. Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонуни. Тошкент шаҳри, 2014 йил 5 май № ЎРҚ-369. //www.lex.ux
  5. Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонуни. 2016 йил 14 сентябрь. //www.lex.ux

Назарий адабиётлар

  1. Азизхўжаев А. Ғурурнинг-ку чегараси йўқ, андишанинг-чи? //Миллий тикланиш, 2009 йил 20 май.
  2. Аҳадов А. Иллатнинг илдизи бошқарувдаги нўноқликда. //Даракчи, 2009 йил 5 ноябрь.
  3. Бегматов А. Глобаллашув, миллий маънавият ва ахборот тизимлари. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси жорий архиви, 2006.
  4. 4. Бекмуродов М. Ўзбекистонда жамоатчилик фикри. –Т.: Фан, 1999.
  5. Дўстмуҳаммад Х. Глобаллашув даври ва ахборот макони. //Ўзбекистон матбуоти, 2007 йил 3-сон.
  6. Каримова В. Очиқ оммавий ахборот тизими шароитида шахснинг психологик ўзини-ўзи ҳимоялаши. /Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси жорий архиви, 2006.
  7. Криско В. Секреты психологической войны. Цели, задачи, формы, опыт. –Минск. Харвест, 1999.
  8. Комилов Н. ва бошқ. Маърифатли жамият мухолифлари. –Т.: Академия, 2005.
  9. Лопатин В.Н. Информационная безопастность России: человек, обшество, государство. –Санкт-Петурбург. Фонд «Университет». 2000.
  10. Манойло А.В., Петренко А.И., Фролов Д.Б. Государственная информационная политика в условиях информационно-психологической войны. 2-нашр. –М.: Горячая линия. Телеком. 2006.
  11. Мелиқулова Б. Маданиятлар тўқнашуви. –Т.: Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси нашриёти, 2009.
  12. Миллий истиқлол ғояси. Т., “Ўзбекистон”, 2005.
  13. Миралимов Ш., Эшбеков Т. Журналистика, маънавият, жамият. –Т.: Ўзбекистон, 2010.
  14. Мўминов Ф.А. Ахборот хавфсизлиги ва ижтимоий тараққиёт. //Ўзбекистон матбуоти, 2007 йил 6-7-сонлар.
  15. Мўминов Ф.А. Оммавий ахборот воситалари ва ахборот қарама-қаршилиги. Шахс, жамият ва давлатнинг ахборот-психологик хавфсизлигидаги манбалар ва уларнинг турлари. /Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси жорий архиви, 2006.
  16. Нуруллаева Ш. Жамоатчилик фикри ва ахборот хавфсизлиги. /Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси жорий архиви, 2006.
  17. Отамуродов С. Глобаллашув ва миллат. –Т: Янги аср авлоди, 2008.
  18. Очилдиев А. Ахборот ва жамият тараққиёти. /Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси жорий архиви, 2006.
  19. Очиқ ахборот тизимларида ахборот-психологик хавфсизлик. (Ф.Мўминов, Қ.Эрназаров ва бошқ.) Дарслик. – Т.: 2013.
  20. Пахрутдинов Ш. Тараққиётга таҳдид: назария ва амалиёт. –Т.: Akademiya, 2006.
  21. Раимов Ш.У. Ахборот хавфсизлигини таъминлаш – миллий хавфсизлик стратегиясининг энг муҳим йўналиши. /Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси жорий архиви, 2006.
  22. Расулов А. Глобал жараёнлар ва маънавият. //Ўзбекистон матбуоти, 2008 й. 5-6 сон
  23. Саидов У. Глобаллашув ва маданиятлараро мулоқот. –Т.: Академия, 2008.
  24. Сафоев С. Глобаллашув шароитида миллий хавфсизликни таъминлашнинг долзарб масалалари. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси жорий архиви, 2006.
  25. Сенченко Н.И. Теория и практика невидимых войн. – Киев: КИТ, 2009. – 504 стр.
  26. Темур тузуклари. –Т.: Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа бирлашмаси, 1991.
  27. Февраль воқеалари. –Т.: Ўзбекистон, 1999. – 5-6 б.
  28. Хозиков В.И. Информационное оружие. –Санкт-Петербург.: Нева, –М.: Олма-пресс Образование, 2003.
  29. Эшбеков Т. Мафкура майдонида ахборот-психологик хавфсизлик. Ўқув қўлланма. –Т.: ЎзМУ, 2011.
  30. Эшбеков Т. Ахборот-психологик хавфсизлик. Ўқув қўлланма. –Т.: ЎзМУ, 2013.
  31. Ярочкин В.И. Информационная безопасностъ. Учебник для студентов ВУЗов. –М.: Академический проект фонд “Мир”, 2003.
  32. Қодиров П. Амир Темур сиймоси. –.: Ўзбекистон, 2007. – 9 б.
  33. Қодиров П. Қалб кўзлари. –Т.: Маънавият, 2001.
  34. Қўчқор Норқобил. Онгни заҳарлаш йўлидаги кураш ёхуд жаҳонни тобе этиш даъвосидаги мафкуравий хуружлар. //Даракчи, 2009, 21 май.

You may also like...

7 Responses

  1. Jurnalist har qanday gapini 3 ta asosi ya’ni, metodologik, huquqiy, nazariy asoslari bilan o’qib yozishi yoki gapirishi lozimligini bilib oldim.

  2. Axborot psixologik xavfsizlik nimaligi va bu fanni nima uchun o’rganishimiz kerakligi haqida ma’lumotlarga ega bo’ldim va bu fanni biz jurnalistlar juda chuqur o’rganishimiz lozim deb bilaman.

  3. Зокирова Мадина:

    Маърузаларни ўқиб ўзимиз билмаган маълумотлқрга эга бўляпмиз. Бу фанни ўрганиш барча факултетларда жорий этилса мақсадга мувофиқ бўлар эди.

  4. Axborot psixologik xavfsizligi tushunchasi va mohiyatlari haqida ma’lumot oldim .

  5. Axborot psixologik xavfsizlik fani har qadamimizda kerak bo’ladigan fan hisoblanadi. Ayniqsa biz jurnalistlar uchun. Bu fanni biz uchun o’quv rejamizga kiritilganligining o’zi bizning omadli ekanligimizni bildiradi. Rahmat Ustoz .

  6. Malika Mo'minova:

    Axborot psixologik xavsizligi tushunchasining ma’zmun mohiyatini tushunib oldim, hayot yo’limda anchagina kerak bo’luvchi bilimlarni yig’dim.

  7. Ustoz ma’ruzangizni o’qib chiqib, sizning darsingizda olgan bilimlarim yanada mustahkamlanganligini his etdim. Jurnalist 3 ta asosga tayangan holda o’z fikrini bayon etishi kerakligi, ushbu fanni o’rganishdan maqsadimiz har qanday «axborot xurujlari»dan o’zimiz uchun immunitet hosil qilishimiz zarurligini, bunda esa oilaning, maktabning o’rni alohida ekanligi haqida bergan bilimlaringizni mustahkamladim. Rahmat.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>