Ахборот-психологик хавфсизлик (1)

1-мавзу. Кириш. Курснинг предмети ва мақсади. Ахборот ва ижтимоий тараққиёт

Режа:

  1. “Очиқ ахборот тизимларида ахборот-психологик хавфсизлик” фани, предмети, мақсади ва вазифалари.
  2. Глобаллашувнинг ижобий ва салбий жиҳатлари.
  3. Ягона ахборот маконида “Ахборот хуружи”нинг пайдо бўлиши.
  4. “Мафкуравий иммунитет”ни пайдо қилиш ва уни ривожлантириш.

ж7

Ўқимишли (айниқса, бирор ишга масъул) кишилар айтмоқчи ёки ёзмоқчи бўлган ҳар бир фикрини аввало ишончли манбалардан ўқиб, ўрганиб, сўнг сўзлаши мақсадга мувофиқдир. Маълумки, ҳар бир фаннинг (ҳатто, оддий мавзу, ижтимоий фикрнинг ҳам) қуйидаги учта муҳим асоси бўлади:

  1. Методологик асоси (Ўзбекистон Республикаси Президенти асарлари, нутқлари, интервьюларида баён этилган фикрлар);
  2. Ҳуқуқий асоси (Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Президент фармонлари ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ҳамда бошқа меъёрий ҳужжатлар);
  3. Назарий асоси (илмий асосланган китоблар, дарсликлар, қўлланмалар, мақолалар ва бошқа ёзма манбалар).

Бугун олий таълим муассасаларида фан сифатида ўрганилаётган “Ахборот-психологик хавфсизлик” курси методологик асослари Президентимизнинг қатор асарлари ва нутқларида ўз аксини топган. Давлатимиз раҳбари Ислом Каримовнинг “Хавфсизлик ва барқарoр тараққиёт йўлидан”, “Хавфсизлик ва тинчлик учун курашмоқ керак”, “Биз танлаган йўл – демократик тараққиёт ва маърифий дунё билан ҳамкорлик йўли”, “Тинчлик ва хавфсизлигимиз ўз куч-қудратимизга, ҳамжиҳатлигимиз ва қатъий иродамизга боғлиқ”, “Ўзбек халқи ҳеч қачон, ҳеч кимга қарам бўлмайди” каби китоблари, “Тинчлик ва осойишталик – барча ютуқ ва марраларимизнинг асосидир” (2013 йил 9 майда ОАВ вакиллари билан суҳбат) номиданоқ ушбу мавзунинг қанчалик долзарблиги аён бўлса, “Юксак маънавият – енгилмас куч”, “Энг асосий мезон – ҳаёт ҳақиқатини акс эттириш” каби асарларини мутолаа қилган ўқувчи унинг моҳиятини янада теранроқ англаши мумкин.

Ушбу фаннинг ҳуқуқий асослари Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги, “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги, “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги ва бошқа қонунларида, Кадрлар тайёрлаш миллий Дастури, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 7 августдаги “Оммавий ахборот воситалари соҳасида кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш Давлат дастури тўғрисида”ги 163-қарорида ўз аксини топган.

Мамлакатимизда ушбу курснинг назарий асосларини яратиш борасида мутахассислар изчиллик билан изланмоқдалар. Чунончи, “Очиқ ахборот тизимларида ахборот-психологик хавфсизлик” дарслиги ва ўқув қўлланмалар нашрга тайёрланган.

Олий таълим муассасалари ўқув режаларига киритилган “Очиқ ахборот тизимларида ахборот-психологик хавфсизлик” курсида асосан юртимизга четдан амалга оширилаётган мафкуравий таҳдидлар, инсон руҳиятига салбий таъсир этадиган бузғунчи ғоялар, “оммавий маданият” ниқоби остидаги “ахборот хуружлари”нинг салбий оқибатлари ҳамда уларга қарши кураш, ёшлар онгида мафкуравий иммунитетни ошириш усуллари назарий ва амалий жиҳатдан ўрганилади. Ахборот технологиялари беқиёс даражада ривожланиб, дунё ягона ахборот маконига айланиши баробарида лисонимизга “ахборот хуружи”, “ахборот-психологик хавфсизлик”, “мафкуравий иммунитет”, “глобаллашув” деган сўз ва атамалар кириб келди. “Очиқ ахборот тизимларида ахборот-психологик хавфсизлик” курсида ўрганиладиган ана шу сўз ва атамалар маъноси тегишли қонунларда1, қомусий луғатларда2 ва бошқа адабиётларда3 аниқ баён этилган.

Сўнгги йилларда “мафкуравий иммунитет” атамаси сиёсат ва мафкурага оид адабиётларда кенг қўлланилмоқда. Унда шахс, миллат, жамият, давлатни турли зарарли ғоявий таъсирлардан ҳимоя қилувчи ғоявий-назарий қадриятлар ўз ифодасини топган.

Шу ўринда бир мулоҳаза. Ҳар бир фанни ўрганишда аввало унинг қисқача тарихи ва мазмун-моҳиятига эътибор қаратилади. Маълумки, кўп фанлар ибтидоси оилада ўргатилади. Эшитган эртакларимиз – адабиёт фани ибтидоси бўлса, санашни ўрганиш – математиканинг илк сабоғидир. Ўсимликлар дунёси – ботаника, жониворлар – зоология, қуёш ва ойнинг чиқиб-ботиши – астрономия, чақмоқ чақиб, ёмғир ёғиши – табиат ва физика фанлари ҳақида тасаввур уйғотган. Ота-онамиз руҳиятимизга сингдиришган одоб-ахлоқ ва тарбия замирида миллий ғоя, шарқона фалсафа, этика-эстетика фанлари илк сабоқлари мужассамлигини англаш қийинмас. Оилада ҳатто тарих, диний қадриятлардан ҳам сабоқ беришган. Ҳуқуқбузар қандай жазога тортилишини ҳам қулоғимизга қуйишган: “ўғирлик ё безорилик қилсанг, мелиса қамаб қўяди…” Демак, қонунчилик қирралари ҳам гўдакликдаёқ қалбимизга жо бўлган…

Шулар қаторида турли хил “ахборот хуружлари”дан ҳимояланиш учун мафкуравий иммунитетни ошириш муаммоси ҳам оила тарбиясидан четда қолмаган. Оналаримиз илк бора нима яхши-ю нима ёмонлигини ўргатишган. Мана бу яхши, буниси – ёмон, уни оғзингга солма!.. Ёмон болаларга қўшилма, мана бу гапдан эҳтиёт бўл, унга ишонма ва ҳоказо. Шу тариқа мурғак қалбимизда ёмон нарсаларга, бўлмағур гап-сўзларга салбий ҳодисаларга қарши иммунитет пайдо қилишган!

Яна бир қизиқ ҳол; гўдаклигимизда айрим қўни-қўшниларнинг оиламизга нисбатан “ахборот хуружлари”га қарши кураш усулларини ҳам ўргатишган. Эндигина тили ва оёғи чиқиб, кўчага ўйнагани отланган боласининг қулоғига айрим оналар “керакли” гапларни қуйиб қўяди…

Шу тариқа “ахборот хуружлари”га қарши иммунитети юқори даражада бўлган айрим болакайларнинг кўча-кўйларда оилалари, қолаверса, қишлоғи, маҳалласи, шаҳри шаънини қанчалик ҳимоя қилаётганини кузатган бўлсангиз керак.

Оила – ҳаёт бешиги. “Бола туғилган кунидан бошлаб оила муҳитида яшайди. Оилага хос анъаналар, қадриятлар урф-одатлар бола зуваласини шакллантиради. Энг муҳими, фарзандлар оилавий ҳаёт мактаби орқали жамият талабларини англайди, ҳис этади,– деб таъкидалаган давлатимиз раҳбари.– Ўзбек оиласи мустабидлик замонида ҳам ўзининг тарихан шаклланган қиёфасини йўқотмади”4. Кўриниб турибдики, фарзандларида илк мафкуравий иммунитет ҳосил қилиниши оила тарбиясининг табиий жараёнига айланган. Яхши ва ёмонни фарқлаш, ёмон гаплардан эҳтиёт бўлиш мавзуси қуйидаги мақолу нақлларимизда ҳам ўз ифодасини топган: “Яхшига эргашдинг – етдинг муродга, ёмонга эргашдинг – қолдинг уятга”, “Қозонга яқин юрсанг – қораси юқади, ёмонга яқин юрсанг балоси уради”, “Яхши гап ҳам, ёмон гап ҳам бир оғиздан чиқади”, “Миш-мишга ишонган – ҳаром ўлармиш”, “Яхши гап – жон озиғи”, “Яхши гапдан илон инидан, ёмон гапдан қилич қинидан чиқар”, “Ўйнаб гапирсанг ҳам ўйлаб гапир”, “Гапни гапир уққанга – жонни жонга суққанга”, “Бир ёмонни кўрмай яхшининг қадрига етмайсан” ва ҳоказо. Бу мақолу нақллар замирида одамнинг онги заҳарланиб қолишидан сақланиш ғоялари ҳам мужассам.

Оила тарбияси мактаб таълимига пайваста бўлади. Яъни, оиладаги илк тасаввурлар мактабда фан сифатида тушунтирилади.

Собиқ мустабид тузум даврида қардош республикаларда, жумладан, бизда ҳам тарих, фалсафа каби ижтимоий фанлар бутунлай ўзгача тушунтирилар эди. Миллий маънавият ҳақида гапириш ҳам мумкин эмасди. Худо йўқ, дин – афьюн, деган сохта “назариялар” мажбуран ёш авлод онгига сингдириларди. Шундай оғир шароитда мафкуравий иммунитет ҳақида гап бўлиши мумкинмиди? Юртбошимиз жуда тўғри таъкидлаганларидек, “ноинсоний ғоя ҳукмрон бўлган мустабид тузум ўзининг бор мафкуравий кучини, оммавий ахборот воситаларини, бутун маориф тизимини ишга солиб одамлар онгини кенг миқёсда заҳарлар эди. Уларнинг миллий ва диний туйғуларини қўпол равишда камситар, тарихий ҳақиқатни бузиб кўрсатар эди. Ўз она тилини, миллий анъана ва маданиятини, ўз тарихини билмаслик кўплаб одамларнинг шахсий фожиасига айланиб қолган эди”5.

Ўша даврда миллатимизга, миллий ғуруримизга нисбатан меҳр уйғотиш ўрнига аксинча унга қарши давлат сиёсати даражасида даҳшатли “ахборот хуружлари” қилинар эди. “Миллий ўзликни англашга бўлган табиий интилиш жоҳилона инкор этилар эди. Наврўз, Рамазон, Қурбон Ҳайити каби кўплаб муқаддас байрамлар тақиқ этилган эди. Амир Темур, Имом ал-Бухорий, Имом ат-Термизий, Аҳмад ал-Фарғоний, Баҳоуддин Нақшбанд, Хожа Аҳмад Яссавий, Нажмиддий Кубро, Маҳмуд аз-Замаҳшарий, Хожа Аҳрори Валий, Абдулхолиқ Ғиждувоний каби буюк аждодларимизнинг, Абдулла Қодирий, Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Чўлпон, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Усмон Носир каби миллий-озодлик ҳаракати фидойиларининг номларини халқимиз хотирасидан ўчириб ташлашга ҳаракат қилинар эди”6. Агарки бугунги чет эл радиосидан тарқатиладиган иғво ва бошқа бузғунчи гапларни “ахборот хуружи” деб атасак, бутун собиқ иттифоқ миқёсида юритилган бунақа “сиёсат”ни нима дейиш мумкин? Ўша даврда онги шаклланган ёшларда миллатга меҳр уйғотиш ҳақида гап бўлиши ҳам мумкин эмасди. Юртбошимиз таъбири билан айтганда, собиқ империя даврида бизни иккинчи даражали одамлар деб ҳисоблашарди… “Бир эсланг, шўро замонида, 80-йилларда собиқ марказ “ўзбек иши”, “пахта иши” деган уйдирмаларни баҳона қилиб, ўзбек миллати вакилларини бутун дунёга қандай кўрсатарди? Сочи тақир қилиб олинган, қалпоқ кийган, белини боғлаган, соқол қўйган одамларни, мана, буларнинг башараси, деб, пешонасига тамға қўйиб, матбуот орқали намойиш этарди,– деб таъкидлаган давлатимиз раҳбари Ислом Каримов.– Мен ўша пайтда – 1989 йилда республика раҳбари бўлиб келишим билан, авваламбор, ўзбек халқини шундай уйдирма ва туҳматлардан сақлаш, унинг шаънини асраш мақсадида, миллатни доғ остида қолдиришга қаратилган уринишлардан халос қилишга киришдим. Ва ҳозиргача ўзбек миллати ҳеч қачон қул бўлмаган, ҳеч қачон босмачи бўлмаган, ҳеч қачон қон тўкиш тарафдори бўлмаган, деб бутун дунёга шу фикрни англатишга ҳаракат қилиб келяпман. Бугун жаҳонда ўзбек номи, ўзбек миллатининг обрў-эътибори тан олингани шунинг исботи эмасми?”7.

Собиқ мустабид тузум даврида ҳам миллатимизга қарши оммавий тус олган бундай “ахборот хуружлари”га қарши кўпгина ижодкорлар дадил курашганлар. Жумладан, атоқли шоирлар Эркин Воҳидовнинг “Ўзбегим”, Абдулла Ориповнинг “Ўзбекистон – Ватаним маним” шеърлари ўзбек элимизга отилган тошларга қарши қаратилган эди!

Юртимиз истиқлолининг дастлабки йилларидаёқ миллий қадриятларимиз, тарихимиз, бобокалонларимиз аслида қандай буюк зотлар бўлгани, бетакрор урф-одатлар, байрам ва анъаналаримиз ҳақида баралла айта бошладик. Диний қадриятларимиз ҳам ижтимоий воқеликка айланиб кетди. Ўзбекистон мустақил давлат сифатида жаҳонга юз тутиши баробарида дунё билан бўйлаша бошлади. Компьютер технологиясининг ажиб мўъжизаси бўлмиш интернет курраи заминни ягона ахборот маконига айлантирди. Бунинг кўпгина ижобий жиҳатлари билан бир қаторда салбий томонлари ҳам борлигини англадик. Ўша салбий ҳолатларнинг битта кўриниши – “ахборот хуружи”дир. Оилада ана шу “ахборот хуружи”га қарши қай тариқа иммунитет пайдо қилинган бўлса, Ватанга қарши хуружларга нисбатан ҳам ўз вақтида ёш авлод онгида тўғри тасаввур ҳосил қилиб бориш улкан заруриятга айланди. Бу ижтимоий ҳодиса илмий тадқиқ қилиниши ва ўз навбатида унинг сиру синоати таълим муассасаларида ёш авлодга ўргатилаётгани ҳам бежиз эмас. Зеро, давлат раҳбарининг ибораси билан айтганда, “Болаларимизнинг онгини ва ҳаётини бузадиган, эртанги кунига мутлақо ишончини йўқотадиган мана шундай ғояларга қарши биз қурол билан эмас, ғоя билан курашишимиз зарур. Бизнинг ғоямиз кучли бўлиши лозим. Авваломбор, ўзимиз, ҳаётнинг ўзида синалган ўз ғоямизга ишониб майдонга чиқишимиз даркор”8. Синалган ғояларимиз эса оилаларда мудом куртак отади. Эътибор берган бўлсангиз, нуронийлар яратгандан асосан тинчлик-хотиржамлик тилаб дуо қиладилар. Оила – кичик Ватан, ўз навбатида Ватан – умумий оиламиздир! Жонажон Ватан сарҳадлари қанчалик бепоён бўлса, ундаги муаммолар, турфа ишлар, ҳатто гап-сўзлар ҳам шунга яраша бўлиши шак-шубҳасиз. Юртимиз истиқлоли туфайли беқиёс бахтга эришдик. Энди ана шу бахтимиз пойдеворини ҳар томонлама мустаҳкамлаш йўлида қўлни қўлга бериб, елкама-елка туриб курашмоғимиз лозим. “Биз халқимизнинг дунёда ҳеч кимдан кам бўлмаслиги, фарзандларимизнинг биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта бахтли бўлиб яшаши учун бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этаётган эканмиз, бу борада маънавий тарбия масаласи, ҳеч шубҳасиз, беқиёс аҳамият касб этади. Агар биз бу масалада ҳушёрлик ва сезгирлигимизни, қатъият ва масъулиятимизни йўқотсак, бу ўта муҳим ишни ўз ҳолига, ўзибўларчиликка ташлаб қўядиган бўлсак, муқаддас қадриятларимизга йўғрилган ва улардан озиқланган маънавиятимиздан, тарихий хотирамиздан айрилиб, охир-оқибатда ўзимиз интилган умумбашарий тараққиёт йўлидан четга чиқиб қолишимиз мумкин,– деб алоҳида таъкидлаган давлат раҳбари.– Эл-юртимиз ўзининг кўп асрлик тарихи давомида бундай машъум хатарларни неча бор кўрган, уларнинг жабрини тортган. Шундай асоратлар туфайли тилимиз, динимиз ва маънавиятимиз бир пайтлар қандай хавф остида қолганини барчамиз яхши биламиз”9. Демак, бундай фожиали ўтмиш бугунги авлодлар учун ҳам сабоқ бўлиши табиий. Шунга яраша ягона ахборот маконида мавжуд таҳдидларга нисбатан доимо огоҳ бўлиш ҳаётий заруратга айланган. Шуни айтиш жоизки, мамлакатимиз тараққиётига, халқимиз фаровонлиги йўлидаги улуғвор ишларимизга тўғаноқ бўладиган, халал берадиган қора кучлар ўз мақсадларини “ахборот хуружлари” орқали амалга оширишлари мумкинлигини айниқса ёшлар теран англаб етмоқлари зарур. Бу борадаги оила тарбияси таълим муассасаларидаги ўқув жараёнларига уланиб кетаётгани айни муддаодир.

 ж6

Назорат саволлари

  1. “Очиқ ахборот тизимлари” деганда нимани тушунасиз?
  2. “Очиқ ахборот тизимларида ахборот-психологик хавфсизлик” фанининг жамият тараққиётида қандай ўрни бор?
  3. “Очиқ ахборот тизимларида ахборот-психологик хавфсизлик”нинг бошқа ижтимоий фанлар тизимидаги ўрни қандай?
  4. “Очиқ ахборот тизимларида ахборот-психологик хавфсизлик” моҳияти ва туб илдизлари?
  5. “Очиқ ахборот тизимларида ахборот-психологик хавфсизлик” фанининг методологик асосларини изоҳланг.
  6. “Мафкуравий таҳдид”, “ахборот хуружи”нинг хавфи ва зарарини қандай тушунасиз?
  7. Ёшларда мафкуравий иммунитетни ошириш масаласи Президент асарларида қандай талқин қилинган?

 ж4

ГЛОССАРИЙ

Асосий тушунчалар:

 Ахборот – манбалари ва тақдим этилиши шаклидан қатъи назар шахслар, предметлар, фактлар, воқеалар, ҳодисалар ва жараёнлар тўғрисидаги маълумотлар.

Ахборот мулкдори – ўз маблағига ёки бошқа қонуний йўл билан олинган ахборотга эгалик қилувчи, ундан фойдаланувчи ва уни тасарруф этувчи юридик ёки жисмоний шахс;

Ахборотни муҳофаза этиш – ахборот борасидаги хавфсизликка таҳдидларнинг олдини олиш ва уларнинг оқибатларини бартараф этиш чора-тадбирлари;

Ахборот ресурси – ахборот тизими таркибидаги электрон шаклдаги ахборот, маълумотлар банки, маълумотлар базаси;

Ахборот соҳаси – субъектларнинг ахборотни яратиш, қайта ишлаш ва ундан фойдаланиш билан боғлиқ фаолияти соҳаси;

Оммавий ахборот – чекланмаган доирадаги шахслар учун мўлжалланган ҳужжатлаштирилган ахборот, босма, аудио, аудиовизуаль ҳамда бошқа хабарлар ва материаллар;

Махфий ахборот – фойдаланилиши қонун ҳужжатларига мувофиқ чеклаб қўйиладиган ҳужжатлаштирилган ахборот;

Ахборот технологияси – ахборотни тўплаш, сақлаш, излаш, унга ишлов бериш ва уни тарқатиш учун фойдаланиладиган жами услублар, қурилмалар, усуллар ва жараёнлар;

Ахборот тизими – ахборотни тўплаш, сақлаш, излаш, унга ишлов бериш ҳамда ундан фойдаланиш имконини берадиган, ташкилий жиҳатдан тартибга солинган жами ахборот ресурслари, ахборот технологиялари ва алоқа воситалари;

Ахборотлаштириш – юридик ва жисмоний шахсларнинг ахборотга бўлган эҳтиёжларини қондириш учун ахборот ресурслари, ахборот технологиялари ҳамда ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда шароит яратишнинг ташкилий ижтимоий-иқтисодий ва илмий-техникавий жараёни;

Ахборот-психологик хавфсизлик – ёт, бузғунчи ғояларга асосланган ахборот хуружлари таъсиридан барча инсонларни, айниқса ёшларни руҳан, психологик ҳимоялаш, мафкуравий иммунитетини ошириш йўли билан бу борадаги хавфсизлигини таъминлаш.

Ахборот борасидаги хавфсизлик – ахборот соҳасида шахс, жамият ва давлат манфаатларининг ҳимояланганлик ҳолати.

Жамиятни ахборотлаштириш – ахборотлаштириш соҳасидаги давлат сиёсати.

Мафкуравий бўшлиқ – жамиятга зарур ахборотлар етарли даражада етказилмаган тақдирда одамлар онгида пайдо бўладиган ғоявий, мафкуравий бўшлиқ ҳолати.

Психологик – психологияга оид атама, инсон руҳий ҳолати ва кечинмаларини ўзида акс эттирувчи илмий тушунча.

Хавфсизлик – хавфсиз (яъни, хавф туғдирмайдиган, хатарсиз), бирор нарса ёки кимсага хавф бўлмаслик, осойишталикни таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракат.

Хуруж – тўсатдан ҳужум қилиш, ҳужум.

Иммунитет (лот. “immunitas”) – бирор нарсадан халос бўлиш, қутулиш.

Мафкуравий иммунитет – биз учун ёт бўлган бузғунчи ғоялардан ҳимояланиш, керак бўлса, унга қаршилик кўрсатиш.

Очиқ ахборот тизимлари – оммавий ахборот воситалари (газеталар, журналлар, ахборотномалар, бюллетенлар, теле-, радио, видео, кинохроникал дастурлар, умумфойдаланишдаги телекоммуникация тармоқларидаги веб-сайтлар)дан ташқари рекламалар, қўл телефонлари, электрон почталар ва бошқа ноқонуний ахборот тарқатиш тизимлари.

Маънавий зарар – фуқаронинг шаъни, қадр-қимматига доғ туширилиши ёки ишбилармонлик обрўсига путур етказилиши.

Маънавий таҳдид – тили, дини, эътиқодидаи қатъи назар одамнинг том маънодаги эркин инсон бўлиб яшашига қарши қаратилган, унинг айнан руҳий дунёсини издан чиқариш мақсадини кўзда тутадиган мафкуравий, ғоявий ва информацион хуружлар.

Порнография – (юн. pornos —фаҳш, бузуқ ва …графия) — адабиёт, тасвирий санъат, театр, кино, компьютер дастурлари, видео- ва овоз ёзувлари, телекўрсатув ва радиоэшиттиришларида жинсий ҳаётни вульгар-натуралистик, беҳаёларча тасвирлаш, бадиий ёки илмий аҳамияти бўлмаган ҳолда тайёрлаш. Ўзбекистонда порнография маҳсулотларини тайёрлаш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш оилага, ёшларга ва ахлоққа қарши жиноят ҳисобланади.

Диний ташкилот – диний эҳтиёжларни биргаликда қондириш ёки қондиришга кўмаклашиш мақсадида тузиладиган ва диний маросимларни адо этиш асосида иш кўрадиган ихтиёрий, тенг ҳуқуқли ва ўзини ўзи бошқарувчи уюшма. Айни вақтда у фуқароларнинг виждон эркинлигини кафолатловчи тузилмалардан ҳисобланади.

Диний экстремизм – баъзи диний ташкилотлар ёки айрим диндорларнинг жамият қонун-қоидаларига мос келмайдиган мафкураси ва фаолияти. Бу кўп динларда мавжуд бўлиб, унинг тарафдорлари ўз олдига сиёсий мақсадларни қўяди.

Интернет – (лот. inter – аро ва net (work) – тармоқ] – катта (глобал) ва кичик (локал) компьютер тармокларини ўзаро боғловчи бутунжаҳон компьютер тизими. Унда географик ўрни, замон ва макондан қатъи назар, айрим компьютер ва майда тармоқлар ўзаро ҳамкорликда глобал информация инфратузилмасини ташкил этади.

Интернет журналистикаси – ОАВнинг интернетдаги веб-сайтлари, айрим электрон нашрлар фаолияти билан боғлиқ тушунча. Ўзбекистон Республикасининг “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги (2003), “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги (янги таҳрири) (2007) Қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ахборот-коммуникация технологияларини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги (2005), “Ўзбекистон Республикасининг жамоат таълим ахборот тармоғини ташкил этиш тўғрисида”ги (2005) қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Маълумотлар узатиш миллий тармоғини ташкил этиш ва жаҳон ахборот тармоқларидан фойдаланишни тартибга солиш тўғрисида”ги (1999), “Ўзбекистон Республикаси ахборот ресурсларини тайёрлаш ва уларни маълумотларни узатиш тармоқларида, шу жумладан, интернетда тарқатиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида”ги (1999), “Интернет”нинг халқаро ахборот тизимларига кириб боришни таъминлаш дастурини ишлаб чиқишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги (2001), “Ziyonet” ахборот тармоғини янада ривожлантириш тўғрисида”ги (2005), “Интернет тармоғида Ўзбекистон Республикасининг Ҳукумат порталини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги (2007) қарорлари ва бошқа меъёрий ҳужжатлар мамлакатимизда интернет журналистикасининг ривожига хизмат қилади.

Ғоялар кураши – турли давлатлар ва миллатлар манфаатларига хизмат қиладиган ғоялар, мафкуралар бошқа давлат ва миллатлар манфаатига мос тушмаслиги мумкин. Улар ўртасида бўладиган мафкуравий кураш ғоялар кураши ҳисобланади.

 ж3

Ўқиш тавсия этиладиган адабиётлар рўйхати 

I. Ўзбекистон Республикаси қонунлари

  1. Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси –Т.: Ўзбекистон, 2014.
  2. Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги –Т 2014 lex.uz
  3. Ўзбекистон Республикасининг “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги қонуни. Ахборот ва ахборотлаштиришга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўплами. –Т.: Адолат, 2008.
  4. Ўзбекистон Республикасининг “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги (янги таҳрири) қонуни. Ахборот ва ахборотлаштиришга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўплами. –Т.: Адолат, 2008.
  5. Ўзбекистон Республикасининг “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонуни. Ахборот ва ахборотлаштиришга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўплами. –Т.: Адолат, 2008.

II. Методологик адабиётлар

  1. Каримов И.А. Ўзбекистон: миллий истиқлoл, иқтисoд, сиёсат, мафкура. Т.1. –Т.: Ўзбекистон, 1996. – 364 б.
  2. Каримов И.А. Биздан oзoд ва oбoд Ватан қoлсин. Т.2. –Т.: Ўзбекистон, 1996. – 380 б.
  3. Каримов И.А. Ватан саждагoҳ каби муқаддасдир. Т.3. –Т.: Ўзбекистон, 1996. – 366 б.
  4. Каримов И.А. Бунёдкoрлик йўлидан. Т.4. –Т.: Ўзбекистон, 1996. – 349 б.
  5. Каримов И.А. Янгича фикрлаш – давр талаби. Т.5. –Т.: Ўзбекистон, 1997. – 384 б.
  6. Каримов И.А. Хавфсизлик ва барқарoр тараққиёт йўлидан. Т.6. –Т.: Ўзбекистон, 1998. – 429 б.
  7. Каримов И.А. Биз келажагимизни ўз қўлимиз билан қурамиз. Т.7. –Т.: Ўзбекистон, 1999. – 410 б.
  8. Каримов И.А. Oзoд ва oбoд Ватан, эркин ва фарoвoн ҳаёт – пирoвард мақсадимиз. Т.8. –Т.: Ўзбекистон, 2000. – 528 б.
  9. Каримов И.А. Ватан равнақи учун ҳар биримиз масъулмиз. Т. 9. –Т.: Ўзбекистон, 2001. – 432 б.
  10. Каримов И.А. Хавфсизлик ва тинчлик учун курашмоқ керак. Т. 10. –Т.: Ўзбекистон, 2002. – 432 б.
  11. Каримов И.А. Биз танлаган йўл – демократик тараққиёт ва маърифий дунё билан ҳамкорлик йўли. Т. 11. –Т.: Ўзбекистон, 2003. – 320.
  12. Каримов И.А. Тинчлик ва хавфсизлигимиз ўз куч-қудратимизга, ҳамжиҳатлигимиз ва қатъий иродамизга боғлиқ. Т. 12. –Т.: Ўзбекистон, 2004. – 400 б.
  13. Каримов И.А. Ўзбек халқи ҳеч қачон, ҳеч кимга қарам бўлмайди. Т. 13. –Т.: Ўзбекистон, 2005. – 448 б.
  14. Каримов И.А. Инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари – олий қадрият. Т. 14. –Т.: Ўзбекистон, 2006. – 280 б.
  15. Каримов И.А. Жамиятни эркинлаштириш, ислоҳотларни чуқурлаштириш, маънавиятимизни юксалтириш ва халқимизнинг ҳаёт даражасини ошириш – барча ишларимизнинг мезон ва мақсадидир. Т. 15. –Т.: Ўзбекистон, 2007. – 320 б.
  16. Каримов И.А. Мамлакатни модернизация қилиш ва иқтисодиётимизни барқарор ривожлантириш йўлида. Т. 16. –Т.: Ўзбекистон, 2008. – 368 б.
  17. Каримов И.А. Ватанимизнинг босқичма-босқич ва барқарор ривожланишини таъминлаш бизнинг олий мақсадимиздир. –Т.17. –Т: Ўзбекистон, 2009. – 280 б.
  18. Каримов И.А. Жаҳон инқирозининг оқибатларини енгиш, мамлакатимизни модернизация қилиш ва тараққий топган давлатлар даражасига кўтарилиш сари. –Т.18. –Т: Ўзбекистон, 2010. – 280 б.
  19. Каримов И.А. Демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини шакллантириш – мамлакатимиз тараққиётининг асосий мезонидир. –Т.19. –Т: Ўзбекистон, 2011. – 358 б.
  20. Каримов И.А. Бизнинг йўлимиз демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва модернизация жараёнларини изчил давом эттириш йўлидир. –Т.20. –Т: Ўзбекистон, 2012. – 320 б.
  21. Каримов И.А. Мамлакатимизни янада обод этиш ва модернизация қилишни қатъият билан давом эттириш йўлида. –Т.21. –Т: Ўзбекистон, 2013. – 382 б.
  22. Каримов И.А. Ўзбекистон эришган ютуқлар ва марралар – биз танлаган ислоҳотлар йўлининг тасдиғидир. –Т.22. –Т: Ўзбекистон, 2014. – 368 б.
  23. Каримов И.А. Юксак маънавият – енгилмас куч. –Т.: Маънавият, 2008. – 176 б.
  24. Каримов И.А. Жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози, Ўзбекистон шароитида уни бартараф этишнинг йўллари ва чоралари. –Т.: Ўзбекистон, 2009. – 56 б.
  25. Каримов И.А. Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида. –Т.: Ўзбекистон, 2011. – 440 б.
  26. Президент Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма уч йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги табрик сўзи. //http://www.press-service.uz. 01.09.2014
  27. Каримов И.А. Ўзбекистон халқига янги йил табриги. //www.uza.uz 01.01.2015.
  28. Каримов И.А. 2015 йилда иқтисодиётимизда туб таркибий ўзгаришларни амалга ошириш, модернизация ва диверсификация жараёнларини изчил давом эттириш ҳисобидан хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликка кенг йўл очиб бериш – устувор вазифамиздир (Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг мамлакатимизни 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузаси). //www.uza.uz, 16.01.2015
  29. Президент Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги маърузаси. //www.uza.uz, 23.01.2015.
  30. Каримов И.А. Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш – энг олий саодатдир. –Т.: Ўзбекистон, 2015.

 

III. Назарий адабиётлар 

  1. Бегматов А. Глобаллашув, миллий маънавият ва ахборот тизимлари. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси жорий архиви, 2006.
  2. 2. Бекмуродов М. Ўзбекистонда жамоатчилик фикри. –Т.: Фан, 1999.
  3. Дўстмуҳаммад Х. Глобаллашув даври ва ахборот макони. //Ўзбекистон матбуоти, 2007 йил 3-сон.
  4. Информация. Дипломатия. Психология. –М.: Известия, 2002.
  5. Каримова В. Очиқ оммавий ахборот тизими шароитида шахснинг психологик ўзини-ўзи ҳимоялаши. /Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси жорий архиви, 2006.
  6. Криско В. Секреты психологической войны. Цели, задачи, формы, опыт. –Минск. Харвест, 1999.
  7. Комилов Н. ва бошқ. Маърифатли жамият мухолифлари. –Т.: Академия, 2005.
  8. Лопатин В.Н. Информационная безопастность России: человек, обшество, государство. –Санкт-Петурбург. Фонд «Университет». 2000.
  9. Манойло А.В., Петренко А.И., Фролов Д.Б. Государственная информационная политика в условиях информационно-психологической войны. 2-нашр. –М.: Горячая линия. Телеком. 2006.
  10. Мелиқулова Б. Маданиятлар тўқнашуви. –Т.: Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси нашриёти, 2009.
  11. Миллий истиқлол ғояси. Т., “Ўзбекистон”, 2005.
  12. Миралимов Ш., Эшбеков Т. Журналистика, маънавият, жамият. –Т.: Ўзбекистон, 2010.
  13. Мўминов Ф.А. Ахборот хавфсизлиги ва ижтимоий тараққиёт. //Ўзбекистон матбуоти, 2007 йил 6-7-сонлар.
  14. Отамуродов С. Глобаллашув ва миллат. –Т: Янги аср авлоди, 2008.
  15. Очилдиев А. Ахборот ва жамият тараққиёти. /Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси жорий архиви, 2006.
  16. Очиқ ахборот тизимларида ахборот-психологик хавфсизлик. (Ф.Мўминов, Қ.Эрназаров, Т.Эшбеков ва бошқ.) Дарслик. – Т.: 2013.
  17. Пахрутдинов Ш. Тараққиётга таҳдид: назария ва амалиёт. –Т.: Akademiya, 2006.
  18. Расулов А. Глобал жараёнлар ва маънавият. //Ўзбекистон матбуоти, 2008 й. 5-6 сон
  19. Саидов У. Глобаллашув ва маданиятлараро мулоқот. –Т.: Академия, 2008.
  20. Сафоев С. Глобаллашув шароитида миллий хавфсизликни таъминлашнинг долзарб масалалари. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси жорий архиви, 2006.
  21. Темур тузуклари. –Т.: Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа бирлашмаси, 1991.
  22. Февраль воқеалари. –Т.: Ўзбекистон, 1999. – 5-6 б.
  23. Хозиков В.И. Информационное оружие. –Санкт-Петербург.: Нева, –М.: Олма-пресс Образование, 2003.
  24. Шукурова Д. Ахборот ва жамият. //Миллий тикланиш, 2009 й. 29 июл
  25. Эшбеков Т. Мафкура майдонида ахборот-психологик хавфсизлик. Ўқув қўлланма. –Т.: ЎзМУ, 2011.
  26. Ярочкин В.И. Информационная безопасностъ. Учебник для студентов ВУЗов. –М.: Академический проект фонд “Мир”, 2003.
  27. Ўзбекистон миллий энциклопедияси. 2-, 3-, 4-, 5-жилдлар. –Т.: Ўзбекистон миллий энциклопедияси, 2003.
  28. Қодиров П. Амир Темур сиймоси. –.: Ўзбекистон, 2007. – 9 б.
  29. Қодиров П. Қалб кўзлари. –Т.: Маънавият, 2001.
  30. Қонун устуворлиги – бош вазифа. //Ўзбекистон матбуоти, 2009 й. №6
  31. Қосимов С.С. Ахборот уруши: мақсадлар, воситалар, шакллар. /Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси жорий архиви, 2006.
  32. Қуръони карим. (Таржима ва изоҳлар муаллифи А. Мансур). –Т.: Чўлпон, 1992.

ж2

1 Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги қонуни 3-моддаси. Ахборот ва ахборотлаштиришга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўплами. –Т.: Адолат, 2008. – 41 б.

2 Қаранг: Ўзбек тилининг изоҳли луғати. 2-жилд. –М.: Рус тили, 1981. – 341 б.

3 Қаранг: Ахборот ва ахборотлаштиришга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўплами. –Т.: Адолат, 2008. – 42 б.

4 Каримов И.А. Баркамол авлод – Ўзбекистон тараққиётининг пойдевори. Хавфсизлик ва барқарор тараққиёт йўлида: Т.6. –Т.: Ўзбекистон, 1998. – 324 б.

5 Каримов И.А. Ўзбекистон XXI асрга интилмоқда. Биз келажагимизни ўз қўлимиз билан қурамиз: Т.7. –Т.: Ўзбекистон, 1999. – 371 б.

6 Қаранг, ўша асар, 371-372 бетлар.

7 Каримов И.А. Ватанимиз тинчлиги ва хавфсизлиги ўз куч-қудратимизга, халқимизнинг ҳамжиҳатлиги ва букилмас иродасига боғлиқ. –Т. Ўзбекиситон, 2004. – 13 б.

8 Қаранг: ўша асар, 12 б.

9 Каримов И.А. Юксак маънавият – енгилмас куч. –Т.: Маънавият, 2008. – 4 б.

You may also like...

40 Responses

  1. Azizbek Ramazonov:

    «Axborot xurujlari»dan himoyalanish bugungi davr talabi bo`lib qoldi. Yaqinda Universitetimizda taqdimot marosimi o`tkazilgan «Internetdagi tahdidlardan himoya» asarida yozilishicha, 2015-yilga kelib buzg`unchilik, zo`ravonlik, ekstremizm vz terrorizmni targ`ib qiluvchi veb-saytlar soni o`n mingtaga yetibdi. Mana shu fakt ham «Axborot-psixologik xavfsizlik» fani naqadar zarur ekanini anglatadi.

    • Dilnoza Ergasheva:

      10 000 ga yaqin buzg`unchi sayt ??? Bundan ko`ra internetsiz yashaganimiz yaxshi emasmi ?!

      • Akmal Bozorov:

        Dilnoza Ergasheva, burgaga achchiq qilib ko`rpani kuydirmaydilar-ku…

      • Бу дунё бўйича интернет орқали бузғунчилик қилувчилар сонидир. Бироқ, яхшиликка, эзгуликка хизмат қилувчи сайтларнинг сони бор, саноғи йўқ! Бузғунчилар ўз бошларини ўзлари еб кетаверадилар. Яхшиликка хизмат қилаётганлар яхши яшашда давом этаверади! Мана, масалан Сиз ҳам яхши дўстларингиз билан интернет орқали фиклашиб ўтирибсиз. Бунинг замирида қанча яхшиликлар бор!

  2. Ismoilov Javohir 202:

    Qisqa vaqt ichida bizni kasbimizga bo’lgan ishonchni yuksaltirishga bergan katta yordamingizdan minnatdormiz !!!

  3. Bugun biz yashayotgan axborotlashgan jamiyat uchun ushbu fanning ahamiyati yuqori sanaldi. Chunki, aynan hozirda integratsiyalashuv, globallashuv va shunga o`xshash jarayonlar avj olgan muhitda axborot xavfsizligi suv va havodek zarur.

  4. Bugungi kunda tinchlik va osoyishtalikka qarshi bosh ko’tarayotgan mafkuraviy tahdidlar yalpi jiddiy xatar solmoqda. Ayniqsa, kurrai zaminni qaytadan bo’lib olish ilinjidagi manfaatlar kurashi yo’lida turli g’arazli g’oya va kuchlar tinim bilmayotgan, o’ta shafqatsiz, vayrona va yovuz usullar qo’llanayotgan murakkab bir vaziyatda bunday chirkin xatti-harakatlarning mafkuraviy ildizini tag-tomiri bilan qo’porib tashlash barchani doimo ogoh va hushyor bo’lishga, sergaklikka chorlaydi.

    Hozirgi murakkab bir sharoitda yosh, mustaqil davlatlarga demokratiyani eksport qilish, harbiylashtirish, antiglobalizm, fashizm, ayirmachilik, millatchilik, diniy ekstremizm, xalkaro terrorchilik, giyoxvandlik, odam savdosi, axborot xuruji kabi turli ko’rinishlardagi, mafkuraviy va ma’naviy tahdidlar dunyo ahlini jiddiy tashvishga solmoqda. Ana shunday noxush holatlarni oldini olishdas ham bu kabi predmetlarning ahamiyati yuqori.

  5. Mamlakatimiz aholisining qariyib 60%ini yoshlar tashkil etishini va hozirgi tahlikali zamonda yozuv niyatli kimsalar o’z yovuz niyatlarini amalga oshirishda aynan shu yoshlarni nishonga olayotganini hisobga olsak «Axborot-psixologik xavfsizlik» fani biz yoshlar uchun judayam zarur!

  6. Insonlarga ta’sir o’tkazishning ikki usuli mavjud ekan. Bular ishontirish usuli va yoqish usuli hisoblanadi. Bulardan yoqish usuli eng samarali deb topilgan. Ya’ni, bugungi globallashuv jarayonida internet orqali yoshlarni turli ekstremizm, terrorizm kabi buzg’unchi g’oyalarga o’rgatuvchi, ishontiruvchi g’araz niyatli kimsalarning harakatlarini yoqish usulida olib borayotgani afsuski achinarli holdir. Biz yoshlar ularning qo’lida «manqurt» kimsaga aylanib qolmasligimiz uchun o’z ongimizda buzg’unchi g’oyalarga qarshi mafkuraviy immunitetni shakllantirmog’imiz zarur!!!

  7. Fotihbek Abdurahimov 201-guruh:

    «Axborot-psixologik xavsizlik» fani doirasida man shunday ma’ruzalar ustoz tomonidan bizga taqdim etilishi jurnalistik mahoratimizning faqatgina badiiy yoki adabiy tomonlama rivojlanishigagina emas, balki siyosiy, iqtisodiy va psixologik tomonlama o’sishiga ham katta yordam berib kelmoqda

  8. Gulnozaxon:

    Axborot psixokogik xavfsizlik bugungi kunda nafaqat bizda, balki butun jahonda dolzarb masalalarga aylangan. Buzg’unchi vayronkor g’oyalarga qarshi kurashishda, bizda mafkuraviy immunitet hosil qilish borasida bu fanning ahamiyati yanada ortadi. Ushbu fan bizga o’tilayotganidan xursandman va amaliy darslar ham bo’ladi degan umiddaman.

  9. Shahriyor Boboqulov 201-guruh:

    Axborot xurujlaridan himoyalanish bugungi kunda juda katta dolzarb masala bo’lib qoldi. Yoshlarning mafkuraviy imunitetini oshirish bugun birinchi katta vazifaga aylandi. Aynan shuning uchun ham «axborot-psixologik xavfsizlik» fani doirasida ustozimiz o’z maruzalari orqali mafkuraviy immunitetimizni mustahkamlanishiga ijobiy ta’sir ko’rsatayapti. Buning uchun ustozdan minnatdormiz.

  10. Хозирги кунда 3жахон уруши буляпди десак адашмаган буламиз. Кандай дейсизми? Бу уруш факат курол еки боскинчиликлар билан эмас,балки ривожланиб келаетган еш авлод онгига бузгунчи гояларни хар хил йуллар билан сингдириш оркалидир. Ривожланиб бораетган ахборот асрида биз ешлар ок ва корани, яхши ва емонни ажрата олишимиз керак. Бизга малумки бундай бузгунчи гояларга эга гурухлар асосан стресс холатдаги , тушкинликка тушиб колган,ишонувчан ешларимизни йулдан уради. Бекорга огохлик-давр талаби деб айтишмаган. Шу юртда яшарканмиз хамма бир киши учун,бир киши хамма учун жон куйдиришимиз керак.

  11. Ergasheva Nazokat:

    «Axborot xuruji» ayni damda dolzarb mavzularda biri ekanligi barchamizga ayon. Ma’ruza matnining glossariylari tarkibida berilgan «xuruj» so’zi «to’satdan hujum qilish, hujum» degan ma’nolarni aks ettirar ekan, biz yoshlar bu «hujumlardan» ogoh bo’lishimiz, unga qarshi «kurashishimiz» kerakligini tushunib yetamiz. Axborot -psixologok xavfsizlik fanida shu kabi masalalarga to’xtalishimiz mumkin. Ma’ruza matnida yurtboshimiz fikrlari bundan tashqari qonunlar, farmon va farmoyishlarning kiritilganligi juda yoqdi. Buning uchun sizga katta raxmat!

  12. Assalomu alaykum. Bejiz Vatanni onaga qiyos etishmagan. Bu so’z zamirida juda katta ma’no bor. Menimcha har bir o’g’il qiz onasini yuzini yorug’ qilib, ularni roziligini olib, faxrlanadigan farzand bo’lishga harakat qilishadi. Bu uchun albatta farzandlardan mehnat talab etiladi. Chunki bu yutuqlar o’z o’zidan bo’lib qolmaydi. Biror kimsani onasiga til tekkizib ko’ringchi ahvol qanday tus olarkan? Endi onani o’rniga Vatanni qo’yib ko’ring. Menimcha kim Vatanni onadek sevsa, ardoqlasa ishonchim komilki, Vatanining taqdiri ham uni befarq qoldirmaydi. Unga o’z bag’ridan joy bergan muqaddas dargohi xavfsizligi uchun tinmay izlanishda, harakatda bo’ladi. Ma’rifatli ma’naviyatli inson esa nima to’g’ri, nima xato ekanligini juda yaxshi biladi. Va »axborot xurujlaridan» nafaqat o’zini balki, yurtini ham himoya qila oladi. Izlanish, O’qish, Uqish, uqish va yana uqish kerak.

  13. Mavzu juda yaxshi va tushunarli yoritilgan. Uzr ustoz. Endi »guruch bekurmak bo’lmaydi»,- deganlaridek, ta’kidlagan deb yozaman deb »ta’kidalagan» deb yozibsiz. Xatoni hammayam qiladi shu uchun yozish niyatim yoq edi-yu, o’zingiz aytganingiz uchun yozdim.

  14. Yoshligimizdan boshlab onamiz bizni har xil salbiy narsalardan yiroq bo’lishimizni uqtirganlar. Bugungi axborotga to’la davrda aynan onamiz bergan tarbiya orqali turli » axborot hurujlaridan» o’zimizni himoyalay olishimiz, kerakli va muhim tomonlarini tanlay bilishimiz shart.

  15. «Axborot xuruj»lariga qarshi kurashish uchun ma’naviyat, ma’rifat, mafkuraviy imunitet shakillangan bo’lishi kerak. Buning uchun, albatta, «Axborot-psixologik xavfsizlik» fani bo’lishi kerak. Faning kirish qismi orqali shu soha bo’yicha o’zim bilmagan atamalar, qonunlarni bilib oldim. Buning uchun Ustoz, Sizga rahmat.

  16. Har bir insonda mafkuraviy immunitetni shakllanishi oiladan boshlanadi.Bu shakillanish maktabda ancha o’sadi. Yaxshi va yomonlikni farqlaydi ammo ba’zida yaxshilik qilyapman bu yaxshi deb xato qilib quyamiz o’zimiz bilmagan holda noto’g’ri qadam bosamiz.Bugun bizga qilinayotgan har qanday axborot xurujlaridan ogoh bo’lgan holda ularga qarshi o’zimizda mafkuraviy immunitetni yuqori darajada kuchaytiraylik.Yurtimiz tinchligiga hech qachon ko’z tegmasin.Yomonlardan yiroqlashib yaxshilar nazaridan chetda qolmaylik.

  17. Zarnigorxon Yusupova:

    Bu fan bugungi globallashuv jarayonida, turli xil axborot xurujlari, mafkuraviy tahdidlarga qanday javob bermog’imiz lozimligini o’rgatishga bizga juda ham zarur deb hisoblayman. Bundan tashqari, bu fanni xuddi Milliy Istiqlol g’oyasi yoki Ma’naviyat asoslaridek maktab va Umumiy O’rta ta’lim Muassasalarida ham o’qitish joriy etilsa maqsadga muvofiq bo’lar edi deb hisoblayman.

  18. ,,Axborot xuruj»laridan saqlanish uchun, oqni qoradan ajratish uchun bizda albatta mafkuraviy immunitetimiz shakllanishi lozim.

  19. Qayumova Sabohat:

    Inson har kuni o`zi istasa-istamasa millionlab axbarot qabul qiladi va o`zi bilib-bilmay uni atrofdagilarga tarqatuvchi bo`lib xizmat qiladi. Shaxsning kamol topishida u olayotgan ma’lumotlar muhim rol o`ynaydi. Bugun hech bir kishi axborot xurujlariga nisbatan to`liq immunitet hosil qilgan deb bo`lmaydi. Uning himoyasi o`zi, qolaversa, oila a’zolari, do`stlariga nihoyatda bog`liq. shunday ekan, atrofimizdagilarning kim ekanligi, ularning maqsadlari qanday ekanligiga bee’tibor bo`lmasligimiz lozim. Bizni to`g`ri yo`ldan adashtiruvchilar chetdan kelmaydi, balki yonimizda yurgan, ishonchimizga kirgan kishilar bo`lishadi.

  20. Bu darsni birinchi mashg’ulotdan boshlab ma’ruzalarni tinglamagan talaba boshqa mavzularni hech qachon yetarli darajada o’zlashtira olmaydi. Aytaylik, mafkuraviy immunitet degan ilmiy tushunchaning asl mazmun-mohiyatini oddiy va sodda tilda tushunib olmaguncha yuqoridagi atamaning mohiyatini to’liq bilish qiyin…

  21. shohruh karimjonov 201:

    Fan doirasidagi ma’ruzalar biz yosh jurnalistlarning kelajakdagi ish faoliyatimizda asqotadi, nazarimda

  22. Bu fanning maqsadi biz yosh jurnalistlarni atrofimizda yuz berayotgan » axborot xurujlariga» nima sabab bo’layotgani va jurnalistlar umuman yoshlar bunday holatlarda qanday yo’lni tanlashi haqida aniq ko’rsatmalar berishdan iboratligini birinchi ma’ruzaning o’zidan bilib oldim . Albatta , biz bu fanni to’liq o’rganib chiqqanimizdan so’ng hech qanday «axborot xuruji» bizni chalg’ita olmaydi .

  23. Zamon rivojlangani sari yangi-yangi texnika -texnologiyalar rivojlanib borishi quvonarli holat bo’lsa , «axborot xurujlari»ning paydo bo’lib juda katta ko’ngilsiz vaziyatlarning yuzaga keltirishi juda achinarli . Shu sababli axborot — psixologik xavfsizlik fanini o’rganishimiz shart . Har doim ezgulikni ko’zlaydigan g’oyalar bilan yashashimiz , axborotni tog’ri tanlay olishimiz zarur .

  24. Norboboyeva Mohinur:

    Menga bu fan juda yoqadi. Ayniqsa domlamiz To’lqin Eshbekovning hayotiy misollar bilan murakkab termin va atamalarni ham tushunarli tarzda yetkazib berishlari juda yoqadi.

  25. Rasulova Umida:

    Hozirgi kunda bizga qilinayotgan har qanday axborot xurujlaridan ogoh bo’lgan holda ularga qarshi o’zimizda mafkuraviy immunitetni yuqori darajada kuchaytirishimiz lozim. Buning uchun esa o’zimizda huddi shu axborot xurujlariga qarshi kurasha olishga o’zimizda yetarli immunitetni shakllantirishimiz shartdir. Shunday immunitetni biz ustozimiz To’lqin Eshbekovning axborot psixolog havfsizlik fanidan olishimiz mumkindir. Uning o’ziga hos dars o’tish uslubi biz talabarni dars jarayoniga yanada mas’uliyat bilan yondashishga undaydi.

  26. Rasulova Umida:

    Юртимиз истиқлоли туфайли беқиёс бахтга эришдик. Энди ана шу бахтимиз пойдеворини ҳар томонлама мустаҳкамлаш йўлида қўлни қўлга бериб, елкама-елка туриб курашмоғимиз лозим. Ривожланиб бораетган ахборот асрида биз ешлар ок ва корани, яхши ва емонни ажрата олишимиз керак.

  27. Davlatova Aziza:

    Mustaqillikka erishgach OAV ga keng ko’lamda yo’l ochib berildi. Buning yaqqol misoli sifatida OAV faoliyatini rivojlantirish hamda mustahkamlash to’g’risida ko’plab qonunlar qabul qilindi.

  28. Abdug'aniyeva Sitora:

    Axborot xurujlatidan himoyalanish bugungi kunning eng dolzarb muammolaridan biri bo’lib qolmoqda. Buning asosiy sababi esa axborotlarning judayam ko’pligidadir. Axborot manbalarining ko’payishi bir tarafdan biz yoshlar uchun yaxshidir ammo qancha ko’p axborot bo’lsa shuncha uni qabul qiluvchilar uchun noqulaylik tug’diradi. Chunki qaysi bir axborotga ishonishga ikkilanadilar. Qanday axborotni tanlash esa insonning ichki dunyosi, mentaliteti hamda bilimiga bog’liqdir. Shu sababdan ham axborot xurujlariga qarshi o’zimizda immunitet hosil qilishimiz lozimdir.

  29. Hozirgi davrda odamlar axborot oqimi ichida yuribdi. Bu oqimlar ichida zararlisi ham mavjud. Ulardan himoyalanishimiz kerak. Bu zararli oqimga qarshi suzishimiz kerak.

  30. Dilso'z Oripova:

    Dunyoda illatchilik,buzg’unchilkva diniy eksterimizm kabi illatlar avj olib ketmoqda. Bu yoshlarning porloq kelajagiga salbiy ta’sir ko’rsatadi. Shuning uchun axborot-psixologik xavfsizlik fanini o’rganish biz uchun muhim.

  31. Sevara Uktamovna:

    Axborot xurujidan saqlanishda biz jurnalistlarlardan xalq uchun ,,niqob»vazifasini o’tash talab etiladi.

  32. Axborot yadroviy quroldan ham kuchli bo’layotgan bugungi sharoitda uni qabul qiluvchiga o’ta ehtiyotkor bo’lishlik sharti qo’yiladi.

  33. Farhodova Shahriniso:

    Bunyod etilayotgan ezgu va katta g’oyalarga qarshi fikrlar har vaqt har zamonda mavjud bo’lgan. Ammo hamisha ezgulik g’alaba qozongan chunki ezgu g’oyalar ro’yobining yo’li uzun mashaqqatli ammo nurli manzil tomon olib boradi. Shunday ekan o’z mafkuramizni ezgu g’oyalar bilan boyitaylik.

  34. Kelajakda mahoratli jurnalist bo’lish uchun, eng avvalo, u ma’rifatli bo’lmog’i darkor. Shu bilan birga jamiyatimizdagi turli xildagi ma’lumotlarni saralab olish qobiliyatiga ega bo’lishi lozim. Bu qobiliyat, avvalo, oila muhitidan va ustozlarmiz berayotgan ta’limlari natijasidandir.

  35. Dilfuza Tillayeva:

    Ushbu maruza orqali axborot bilan bog’liq juda ko’plab terminlarni bilib oldik. Biz ba’zida juda ko’plab ilmiy so’zlarni ishlatamizu,lekin ularning asl ma’nosini yaxshi bilmaymiz.

  36. Humoyra Ismoilova:

    Biz bugungi dars davomida axborotdan to`g’ri va to`la qonli foydalanishni o`rgandik. Shu bilan bir qatorda axborotni qanday yetkazishni va tinglovchiga qanday axborot berayotganimizni bilishimiz kerakligini bilib oldim. Ustozimiz To`lqin Eshbek axborot kurashi haqida o`tgan maruzasida axborot kurshi va OAV haqida juda ko`plab o`zimizga kerakli ma’lumotlarga ega bo’ldik.

  37. Men bu fan o’qtuvchimizning debyut darsudan ko’p narsa oldim.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>