Ахборот-психологик хавфсизлик (2)

ЎзМУ доценти Тўлқин Эшбековнинг “Ахборот-психологик хавфсизлик” ўқув қўлланмаси асосида (Тошкент, ЎзМУ – 2018)

3

2-мавзу: АХБОРОТ ВА ИЖТИМОИЙ ТАРАҚҚИЁТ

Ахборот давлат ва жамият ривожланишининг муҳим омилидир. Ахборот асрида жамият ахборотсиз яшай олмайди. Дунё ягона ахборот маконига айлаган бир паллада ундан “ҳоли” бўлиш ҳам мумкин эмас.

Мамлакатимизда ҳам жамиятни ахборотлаштириш қонун билан белгилаб қўйилган. Ўзбекистон Республикасининг “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонуни 4-моддасида ахборотлаштириш соҳасидаги давлат сиёсати аниқ белгилаб қўйилган. Унга кўра:

Ахборотлаштириш соҳасидаги давлат сиёсати ахборот ресурслари, ахборот технологиялари ва ахборот тизимларини ривожлантириш ҳамда такомиллаштиришнинг замонавий жаҳон тамойилларини ҳисобга олган ҳолда миллий ахборот тизимини яратишга қаратилган1.

Очиқ айтиш керакки, собиқ мустабид тузум даврида ОАВга оид бирорта қонун йўқ эди. У даврда “бундай қонунга эҳтиёж йўқ”, деган тушунча бўлар, ОАВ ва жамият ривожи шунга яраша эди. Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг ахборотлаштиришнинг қонуний базаси мустаҳкамланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2002 йил 3 июлдаги “Матбуот ва ахборот соҳасида бошқарувни такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони мамлакат ижтимоий ҳаётини демократлаштириш ва эркинлаштириш шароитида халқимизнинг ахборотга бўлган талаб-эҳтиёжларини янада тўлароқ қондириш, ОАВ, ноширлик ишлари ва матбаачиликни кенг кўламда ривожлантиришга кўмаклашиш, ахборот хизматларининг замонавий бозорини шакллантириш йўлида муҳим қадам бўлди.

Юртимиз истиқлолга эришганидан буён халқимизнинг ахборотга бўлган ғоят катта эҳтиёжини қондириш борасида улкан вазифалар амалга оширилмоқда. Бугунги кунда юртимизда 1991 йилга нисбатан оммавий ахборот воситалари қарийб 4 мартага, нашриётлар 13 карра ва матбаа корхоналари 12 баробарга кўпайиб, уларнинг моддий-техник базаси, кадрлар салоҳияти сезиларли даражада яхшиланди2. Ҳозирги кундаги глобаллашув жараёнининг кучайиши, ахборот алмашинувининг кенгайиши натижасида мамлакатимиз оммавий ахборот воситалари ходимлари фаолиятида ҳам тубдан сифат ўзгаришлари, яъни тезкор ва пухта ишланган маълумотларни ўз вақтида узатиш, тўғридан тўғри кўрсатув ва эшиттиришларни ишлатишдек масъулиятли вазифаларни амалга оширишни тақозо этмоқда3. Демакки, матбуот ва телерадио ходимлари, интернетдаги веб-сайтлар мутасаддилари ижодий фаолиятлари самарадорлигини тобора ошириб боришлари тақозо этилади. Халқимизнинг кундалик ахборотга бўлган эҳтиёжларини имкон қадар қондириб бориш абадул-абад давом этадиган муҳим жараён. Халқимиз, айниқса ёшларнинг ахборотга бўлган эҳтиёжлари қанчалик тўлақонли қондирилса, улар чет эл радиоларига, интернетдаги олди-қочди гапларга шунча камроқ қулоқ тутадилар. Назари тўқ одам ҳар хил майда-чуйдаларга суқланмагани каби ҳар куни етарли даражада ахборотга эга бўлган шахс четдан келадиган олди-қочди гапларга деярли эътибор бермайди. Қулоғига кирган тақдирда ҳам ўша ишончсиз ахборот таъсирига тушиб қолмайди. Жамиятнинг ахборотлашиши амалда одамлар, айниқса ёшларни ҳам бузғунчи ғоялардан ҳимоялашга хизмат қилади. Жамоатчиликка, айниқса талабчан ёшларга қандай ахборотлар зарурлигини изоҳлашга ҳожат йўқ. Улар мамлакатимизда ва жаҳонда юз бераётган энг муҳим воқеа-ҳодисалар ҳақида тезкор ва ҳаққоний ахборотга эга бўлиб боришни истайдилар. Шундай ахборотлар ўз вақтида етказилмаса, қандайдир маънавий бўшлиқ пайдо бўлади. Маънавий бўшлиқ пайдо бўлдими, четда пайт пойлаб юрган кимсалар бузғунчи ғояларини тиқиштиришга ва ёшлар онгини заҳарлаш ҳаракат қиладилар. “Бундай кучларнинг ғаразли муносабати аввало бой ва қадимий маънавиятимизга қарши қаратилгани, улар халқимизни ана шу бебаҳо бойликдан жудо қилиш учун ҳар хил усул ва воситалар билан зўр бериб уринаётгани барчамизни ташвишлантирмасдан қолмайди, албатта,– деб таъкидлаган эди Биринчи Президентимиз.– Нега деганда, инсониятнинг кўп минг йиллик тажрибаси шундан далолат берадики, дунёдаги зўравон ва тажовузкор кучлар қайси бир халқ ёки мамлакатни ўзига тобе қилиб, бўйсундирмоқчи, унинг бойликларини эгалламоқчи бўлса, авваламбор, уни қуролсизлантиришга, яъни энг буюк бойлиги бўлмиш миллий қадриятлари, тарихи ва маънавиятидан жудо қилишга уринади”4. Бу ҳол тарихда кўп бора тасдиғини топган. Буни собиқ мустабид тузум даврида она тилимизга, динимизга, урф-одатлар, маросимлар, миллий байрамларимизга қилинган тажовузлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Аслини олганда ҳар бир миллат ё халқ маънавияти унинг тақдирига айланиб, ёш авлод келажаги йўлида ғоят муҳим ўрин тутишини ҳаёт ўзи исботламоқда.

Жамият қанчалик ахборотлашса, унинг миллий манфаатларига хизмат қиладиган ахбороти шунчалик устувор даражада бўлади. Бундай ахборот ўзга ахборотлар таъсирини пасайтиради, таъбир жоиз бўлса, уни йўққа чиқаради5.

Жамият ҳар қанча ахборотлашган бўлишига қарамай баъзи кишилар тўғри, ҳаққоний ахборот ўрнига турли олди-қочди, салбий ахборотларга ўзгача эътибор билан қарайдилар. Баъзи давраларда “мен Ўзбекистон телевидениесини кўрмайман”, “ўзимизнинг газеталарни ўқимайман” деб юрганганлар ҳам йўқ эмас. Таассуфки, шундай кимсалар “эҳтиёжи”ни яхши англаган баъзи хорижлик устамонлар атай уларбоп ахборотларни қалаштириб ташлашга ҳаракат қиладилар. Улар ўзларини гўё ҳақиқатни ошкор этаётгандек қилиб кўрсатиб, аслида чиройли ниқобланган ахборот хуружини усталик билан амалга оширадилар. Бу билан соддадил кишиларни, ишонувчан ёшларни аврашга уринадилар. Бу саъй-ҳаракатлар замирида қандай мақсадлар ётгани сир эмас. “Ҳар томонлама чуқур ўйланган, катта молиявий ва моддий манбаларга эга бўлган бундай ҳаракатларнинг ортида қандай мақсадлар турибди, улар учун бу қадар кўп куч ва маблағ сарфланаётганини қандай изоҳлаш мумкин, бу ҳақда нега айнан бугун сўз юритишга, жамиятимиз, халқимиз эътиборини бу муаммога қаратишга мажбур бўляпмиз, деган саволлар кўпчиликни қизиқтириши табиий, албатта,– деб таъкидлаган эди Биринчи Президентимиз.– Аввало, бундай хатти-ҳаракатлар замирида ўз ҳаёти ва келажагини ўз қўли билан барпо этаётган давлатлар, жумладан, Ўзбекистонга нисбатан муайян сиёсий марказлар томонидан турли хил фалсафий, мафкуравий, информацион воситалардан усталик билан фойдаланган ҳолда таъсир ўтказиш, ҳали дунёқараши тўлиқ шаклланмаган ўғил-қизларимизни танлаган йўлидан оғдириш, уларнинг қалбига биз учун мутлақо бегона ва зарарли бўлган қарашларни сингдириш, маънавий илдиз ва томирларимиздан жудо қилишдек ғаразли интилишлар яширингани бугун тобора аён бўлмоқда”6.

Маънавиятга қарши қаратилган ҳар қандай ахборот хуружи ва “оммавий маданият” ниқоби остидаги таҳдидлар мамлакат хавфсизлигига, халқимиз миллий манфаатларига катта зарар етказади. Пухта ўйланган бундай ғайришуурий ҳаракатлар соғлом авлод келажагини таъминлаш йўлидаги жиддий хатарлардан бирига айланиши ва охир-оқибатда жамиятни инқирозга олиб келиши мумкин. Аслида вайронкор ғоялар билан яшайдиган ғанимларнинг муддаолари ҳам шу.

Мутахассислар фикрича, ахборотлашув жараёни жамиятдаги иқтисодий ҳамда ижтимоий-маданий ўзгаришларга жиддий таъсир кўрсатади. Чунончи, ғарб социологлари фикрига кўра, ахборотлашган жамият техника соҳасида – ишлаб чиқариш, иқтисодиёт, таълим ва маиший ҳаётга ахборот технологияларининг кенг жорий этилиши, иқтисодий ҳаётда – ахборотнинг товарга айланиши, ижтимоий ҳаётда – ахборот турмуш, ҳаёт даражаси ўзгаришининг асосий омилига айланиши, сиёсий соҳада – кенг миқёсда фикр алмашишга замин яратувчи хилма-хил ахборотларни эркин олишга йўл очилиши, маданият соҳасида – ахборот алмашинуви давр эҳтиёжларига жавоб берадиган нормалар ва қадриятларнинг шаклланиши билан характерланади.

Айни пайтда ахборотлашган жамият:

– уйда ишлашнинг кенгайишига, транспорт ҳаракатининг камайишига ва бунинг оқибатида табиатга тушадиган “юк”нинг кескин қисқаришига олиб келади;

– иш кунининг қисқариши одамларнинг уйда кўпроқ бўлишига ва оилавий муҳитнинг барқарор бўлишига замин яратади;

– кейинги юз йилликларда кишилар шаҳар яшаш ва ишлаш учун энг қулай макон, деган хулосага келдилар. Ахборотлашув жараёни эса, қишлоқдан туриб ҳам бутун олам билан мулоқот қилиш, энг обрўли ташкилотларда ишлаш, шаҳар аҳолиси баҳраманд бўлаётган маданият ютуқларини истифода этиш имкониятини яратади. Бу эса, ўз навбатида нисбатан осуда ва тинч бўлган, табиатга яқин қишлоқларга қайтиш ёки у ерда доимий қолиш учун замин яратади;

– маълумотлилик кўп даражада инсоннинг ҳоҳиш-иродасига боғлиқ бўлиб қолади7.

Шу билан бир қаторда ахборотлашган жамиятда қатор муаммолар ҳам юзага келаверади. Маданият янгиликлари ҳақида гап кетганда телевизорда (айниқса Россия каналларида) намойиш этилаётган ҳаёсиз фильмлар ҳақида гапирмай бўладими? Интернет орқали тарқатиладиган “порнографик” суратлар, ғайриинсоний лавҳалар ёшлар онгига салбий таъсирини ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайди. “Оммавий маданият” ниқоби остидаги бошқа хуружлари ҳақида ҳам шундай фикр айтиш мумкин.

Жамиятда ахборот-психологик хавфсизликни таъминлаш борасида аввало жамоатчилик фикрини теран ўрганиб бориш мақсадга мувофиқдир. “Ривожланган мамлакатларда жамоатчилик фикрини шакллантиришнинг умумий (оммавий ахборот воситалари, телевидение, реклама, шоу дастурлар) ва горизонтал (жамоат ташкилотлари, оила, норасмий лидерлар, корхоналар, партиялар) йўналишларига амал қилиб келади,– деб ёзади тадқиқотчи Дилдора Шукурова.– Бугунги кунда ахборот тарқатиш асосан, билвосита услублар орқали, яъни, санъат ва маданият, саноат маҳсулотлари, таълим тизими орқали амалга оширилмоқда. Ахборот хуружларига қарши кураш жамоатчилик фикри социлогияси фанини ривожлантиришни тақозо этади”8. Муаллиф таъкидлаганидек, “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш марказида ўтган беш йил мобайнида 103 та махсус социологик сўровлар ўтказилиб, 130 мингдан зиёдроқ киши тадқиқотларга жалб этилган9. Демакки, Ўзбекистонда жамоатчилик фикрини ёйиш орқали ахборот-психологик хавфсизликни таъминлаш борасида янада самарали натижаларга эришиш мумкин.

Ҳозирги кунда дунёга тарқатилаётган ахборотларнинг 80 фоизга яқини ривожланган давлатлар таъсири остида амалга оширилади. Глобал ахборот тармоқлари ривожланган давлатларга ўзига хос геосиёсий устунлик тақдим этибгина қолмай, бу бошқа давлатларга нисбатан сиёсий, ҳарбий, иқтисодий, маданий тажовузларни ташкил этишда қудратли кучга айланмоқда. Натижада кўплаб давлатлар, жумладан, юртимиз миллий хавфсизлиги, осойишталиги ва барқарорлигига турли таҳдид ва ахборот хуружлари амалга оширилмоқда.

 10

Назорат учун саволлар:

  1. Ахборотлашган жамият деганда нимани тушунасиз?
  2. Қайси қонунлар мамлакатимизни ахборотлаштиришга хизмат қилади?
  3. Жамиятимиз учун ёт бўлган ахборотларнинг таъсирини пасайтириш учун нималарга эътибор қаратиш зарур?
  4. Ахборот хуружлари қандай амалга оширилади ва унинг ортида қандай мақсадлар турибди?
  5. Ахборотлашув жараёни жамиятдаги иқтисодий ҳамда ижтимоий-маданий ўзгаришларга қандай жиддий таъсир кўрсатади?
  6. Ахборот-психологик хавфсизликни таъминлашда жамоатчилик фикри қандай ўрин тутади?

Асосий тушунчалар

Ахборот мулкдори – ўз маблағига ёки бошқа қонуний йўл билан олинган ахборотга эгалик қилувчи, ундан фойдаланувчи ва уни тасарруф этувчи юридик ёки жисмоний шахс;

Ахборотни муҳофаза этиш – ахборот борасидаги хавфсизликка таҳдидларнинг олдини олиш ва уларнинг оқибатларини бартараф этиш чора-тадбирлари;

Ахборот ресурси – ахборот тизими таркибидаги электрон шаклдаги ахборот, маълумотлар банки, маълумотлар базаси;

Ахборот соҳаси – субъектларнинг ахборотни яратиш, қайта ишлаш ва ундан фойдаланиш билан боғлиқ фаолияти соҳаси;

Оммавий ахборот – чекланмаган доирадаги шахслар учун мўлжалланган ҳужжатлаштирилган ахборот, босма, аудио, аудиовизуаль ҳамда бошқа хабарлар ва материаллар;

Махфий ахборот – фойдаланилиши қонун ҳужжатларига мувофиқ чеклаб қўйиладиган ҳужжатлаштирилган ахборот;

Ахборот технологияси – ахборотни тўплаш, сақлаш, излаш, унга ишлов бериш ва уни тарқатиш учун фойдаланиладиган жами услублар, қурилмалар, усуллар ва жараёнлар;

Жамиятни ахборотлаштириш – ахборотлаштириш соҳасидаги давлат сиёсати.

9

1 Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонуни. Ахборот ва ахборотлаштиришга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўплами. –Т.: Адолат, 2008. – 50 б.

2 Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони: Матбуот ва ахборот соҳасида бошқарувни янада такомиллаштириш тўғрисида. 2017 йил 11 август. //www.uza.uz

3 Қаранг: Қонун устиворлиги – бош вазифа. //Ўзбекистон матбуоти, 2009 йил, 6-сон, 18 б.

4 Каримов И.А. Юксак маънавият – енгилмас куч. –Т.: Маънавият, 2008. – 11 б.

5 Қаранг: Ахборотлашган жамиятда ОАВ ўрни. //Моҳият, 2008 йил 26 сентябрь.

6 Каримов И.А. Энг асосий мезон – ҳаёт ҳақиқатини акс эттириш. –Т.: Ўзбекистон, 2009. – 6-7 б.

7 Қаранг: Очилдиев А. Ахборот ва жамият тараққиёти. /Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурулиши академияси жорий архиви, 2006.

8 Шукурова Д. Ахборот ва жамият. //Миллий тикланиш, 2009 йил 29 июль.

9 Қаранг: ўша мақола.

You may also like...

9 Responses

  1. Axborot — davlat va jamiyat rivojlanishining muhim omili ekan, biz bunga befarq qaray olmaymiz. Ma’ruza tushunarli qilib berilgan. Rahmat ustoz

  2. O'rinboyeva Kamolaxon:

    Bugungi globallashuv asrida axborotga bo’lgan talab har qachongidan ko’ra, kuchayib bormoqda. Shunday ekan xolis va haqqoniy axborotlarni tarqatish, ommaning bu mahsulotga bo’lgan ehtiyojini qondirish har qachongidan ko’ra bugungi kunda dolzarb ahamiyat kasb etmoqda. Ma’lumki, demokratik jamiyatda OAV , teleradio kanallar odamlarni xolis va haqqoniy axborot yetkazadigan , gumanistik qarashlar, ilg’or g’oyalarni ifoda qiladigan erkin minbar sifatida e’tibor beriladigan vositadir. Aslida ham shunday. Bugun jahon miqyosida bo’layotgan olamshumul o’zgarishlar , iqtisodiy taraqqiyot, ilm-fandagi inson aqlini lol qoldiradigan yangiliklar-u ixtirolar barcha-barchasi ommaviy axborot vositalari orqali ma’lum bo’lmoqda. Axborotlashish, bu umumjahon jarayoni bo’lib, taraqqiy etgan mamlakatning jahon bozoridagi peshqadamligi, iqtisodiy o’sishi va milliy xavfsizligini ta’min etadi. Bilamizki, axborotlashish jarayoni obyektiv va qonuniy jarayon bo’lib , o’ziga xos bir qancha ijobiy xususiyatlarga ega. Bu jarayon birinchi galda davlatlarga xalqaro maydonga erkin chiqishga , boshqalar bilan yaqindan hamkorlik olib borishga hamda o’z milliy manfaatlarini turli xil xalqaro va nodavlat tashkilotlar doirasida ta’minlashga keng imkoniyatlar beradi.
    Ustoz, ushbu ma’ruzangiz orqali bizga katta ko’nikma va g’oyalar berdingiz. Sizga ulkan tashakkur.

  3. Ma’ruzadan juda ko’p ma’lumotlar oldim. Insoniyat jamiyatida axborot almashinuvi katta ahamyatga egadir. U insonning tashqi dunyoni bilish, tajribaga ega bo’lishdagi asosiy vositasidir. Inson yer yuzida paydo bo’lib, ongli mavjudod sifatida yashay boshlagan paytidan boshlab doimiy ravishda uni bilish va undan foydalanish bilan mashg’ul bo’lib keladi. Bunda axborot almashinuvi asosiy rol o’ynaydi.

  4. Ustoz Axborot tushunchasi haqida juda ko’p tushuncha va ko’nikmalar oldim raxmat ustoz.

  5. Inson zoti borki axborotsiz yashay olmaydi. Axborotga bo’lgan extiyoji kun sayin kuchayib boraveradi. Bu esa, har doimgidan ham muhimroq masala bo’lib xizmat qiladi.

  6. Зокирова Мадина:

    Ўқинг, аъло ва доно бўлинг дейди Дониш домла!
    Бугун биз яшаётган жамият учун ушбу фаннинг аҳамияти катта ва биз ёшлар учун бу фан зарур!

  7. Зокирова Мадина:

    Марузалар учун ташаккур Домла!

  8. Malika Mo'minova:

    Bizga berib kelayotgan har bir bilimingizning ortida katta mashaqat bor. Axborot tushunchasining o’zi katta bir o’rinni egallaydi unga bog’liq bo’lgan psixologiya va ularga tasir ko’rsatuvchi havflarning ham mohiyati katta. Bilimlarimning mustahkamlanayotgani uchun alohida rahmat Ustoz.

  9. Ma’ruzadan axborotning jamiyat ijtimoiy taraqqiyotida muhim o’rin tutganligini, jamiyat qanchalik to’g’ri axborotlarni ko’p qabul qilsa, unga boshqa yod axborotlar ta’siri pasayishini, «ommaviy madaniyatning» xalq xavfsizligi va manfaatlariga yetkazadigam zararlari haqida bilib oldim. Rahmat

Добавить комментарий для Зокирова Мадина Отменить ответ

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>