Ахборот-психологик хавфсизлик (5)

ЎзМУ доценти Тўлқин Эшбековнинг “Ахборот-психологик хавфсизлик” ўқув қўлланмаси асосида (Тошкент, ЎзМУ – 2018)

7

5-мавзу: АХБОРОТ КУРАШИ ВА ОАВ

Дунё ягона ахборот маконига айланган ҳозирги даврда ғоялар кураши кун сайин турли кўринишларда авж олмоқда. Шундай кезда оммавий ахборот воситалари фаолиятида ҳам Биринчи Президентимиз таъбири билан айтганда, фикрга қарши фикр, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш уларнинг асосий шиорига1 айланмоқда. Маълумки, ҳар бир газета-журнал, радио, телевидение, интернет жамоатчилик онгига турли даражада психологик таъсир этиш қудратига эга. Айтайлик, газеталарда фикрлар ёзма равишда, кези келганда расмлар воситасида етказилади. Матбуотда берилган ахборотни қайта-қайта ўқиш ва ундан манба сифатида фойдаланиш ҳам мумкин. Босма нашрларнинг афзалликларидан бири шунда.

Радиода турли мавзуда эшиттириш беришдан ташқари аудитория билан жонли мулоқот ҳам қилинади. Радионинг яна бир афзаллиги, уни исталган жойда, ҳатто йўл-йўлакай ҳам тинглаш мумкин.

Телевидениеда овоз билан бирга ҳаракатланувчи тасвир ҳам намойиш этилиши унинг таъсирчанлигини оширади. Бугунги кунда кўплаб радио ҳамда телеканаллар кеча-ю кундуз узлуксиз эшитирриш ва кўрсатувлар бераётгани ахборот маконини янада бойитишга хизмат қилмоқда.

Интернетда матн ҳам, овоз ва тасвир ҳам бўлиши унинг таъсирчанлигини бениҳоя юқори даражага кўтарди. Унга жойлаштирилган ахборот бир зумда бутун дунёга тарқалиши янада нуфузини оширади. Дунёда қанча компьютер интернетга уланган бўлса, демак, унинг адади шунча бўлади. Бу адад кунда-кунга ошиб бораётганини изоҳлашга ҳожат йўқ.

Бугунги кунда республика телерадиокомпанияси, қатор нашрлар ва ташкилотларнинг ахборот хизматлари ҳам интернетда тегишли веб-сайтлари орқали маълумотларини жаҳон жамоатчилиги эътиборига ҳавола этмоқда. Демак, эндиликда жаҳон ахборот маконида Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларининг ҳам муносиб ўрни бор, дейишга ҳақлимиз. Бу маконда зарур ахборотлар олиш билан бир қаторда ахборот хуружлари, маънавий таҳдидлар зарарини ҳам кўряпмиз. “Ҳаммамизга аён бўлиши керакки, “ахборот асри” деб ном олган ХХI асрда ҳеч қайси давлат ёки жамият ўзини темир девор билан ўраб яшай олмайди. Айни пайтда, аҳвол шундай экан, деб қўл қовуштириб ўтириш ҳам тўғри келмайди, бундай таҳдидларга жавобан, биз ҳам, содда бўлмасдан, зарур чора-тадбирларни кўришимиз керак,– деб таъкидлаган эди Биринчи Президентимиз.– Яхши биламиз, халқимиз оқкўнгил, содда ва ишонувчан. Матбуотда босилган, телевидениедан, радиодан айтилган гапларга ишонч билан қарайди. Четдан туриб бизга қарши иш олиб бораётган информацион марказлар ҳам шундан фойдаланиб қолишга уринади”2.

Демак, бизга қарши иш олиб борадиганлар ОАВдан қандай фойдаланади, деган саволга мухтасар жавоб топишга ҳаракат қиламиз. Бу борада мавзуга кенгроқ ёндашамиз. Яъни, четдан “ахборот хуружи” қилишларидан ташқари ўзимиз ҳам қай даражада бўлмасин хатоликларга йўл қўймаяпмизми, бундан ўз ўқувчиларимиз қай даражада бўлса-да маънавий зарар кўрмаяптими, деган саволга очиқча жавоб беришимиз мақсадга мувофиқдир. Модомики, одамлар матбуотга кўпроқ ишонч билан қарар экан, демак, газетада чиққан имловий хатолар, ғализ жумлалар, мантиқсиз фикрлар, нотўғри атама ва иборалар ўқувчини саводсиз қилиб қўйиши, фикрини чалғитиши турган гап. Сўнгги пайтларда баъзи нашрларда шундай камчиликларга йўл қўйилаётгани таассуфли ҳолдир.

Шуни айтиш жоизки, ахборот-психологик таъсир асосан ОАВ, хусусан, радиоэшиттиришлар орқали кўпроқ амалга оширилади. Бузғунчи ғояларга эга айрим кимсалар ОАВнинг ана шу кучидан ғаразли мақсадлари йўлида устомонлик билан фойдаланишга ҳаракат қиладилар.

Айрим радиоэшиттиришлардаги савияси ҳаминқадар гаплар, ғализ жумла ва иборалар тингловчига маънавий озиқ бериш ўрнига унинг онгига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Бундан ҳам ёмони: четдан “ахборот хуружи” қилувчилар асосан радиодан “самарали” фойдаланиб келаётганидан кўз юма олмаймиз. Айниқса, “Америка овози”, “Би-би-си”, “Озодлик”, “Машҳад” каби хориж радиолари, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига кирувчи айрим республикалар телерадиоканаллари Ўзбекистон ҳақида кўпинча бирёқлама фикрларга асосланган ахборот бериши ва бу билан унинг тингловчилари онгига салбий таъсир ўтказишга ҳаракат қилаётгани сир эмас. Улар ўзларини ҳақиқатпараст қилиб кўрсатишга устомон бўладилар. Шу ўринда профессор Санжар Содиқнинг қуйидаги сўзлари ўринлидир: “айирмачилик билан шуғулланиш ҳозирги замон журналистининг ҳам, радиосининг ҳам вазифалари доирасига кирмаса керак”3. Хориж радиосининг Ўзбекистон ҳаётига оид ҳар қандай “қоғозга ўралган” ахбороти замирида қандайдир ғаразли мақсадлар ётганини тўғри англамоқ зарур.

Миллионлаб томошабинлар аудиториясига эга бўлган телевидение ҳақида ҳам шундай фикрлар айтиш мумкин. Яъни, айрим телекўрсатувларда “ўтиб кетадиган” мантиқсиз гаплар, савияси ҳаминқадар лавҳалар томошабинга салбий таъсир кўрсатишини изоҳлашга ҳожат йўқ.

Республикамизда Россия телеканаллари катта қизиқиш билан кузатилади. Кеча-ю кундуз узлуксиз кўрсатувлар намойиш этиладиган мазкур каналларда эътиборга молик кўрсатувлар талайгина. Шу билан бир қаторда ўта беҳаё ёки қон тўкиш каби зўравонликни тарғиб этадиган, бир сўз билан айтганда – миллий менталитетимизга асло мос келмайдиган лавҳалар ҳам бериладики, уларнинг маънавий зарарини ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайди.

Интернетнинг салбий жиҳатлари: хоҳлаган одам исталган ахбороти билан виртуал майдонга тўсиқсиз кириши мумкин. Бунда биринчи галда, назорат йўқлигидан фойдаланиб қоладиган бузғунчилар кўпаяди. Натижада интернет бузғунчилик, қўпорувчилик ғояларини, порнография ва бошқа иллатларни тарғиб қилувчи “макон”га айланиб қолиши мумкин. ОАВ сифатида интернетнинг ижобий ва салбий томонлари талайгина. Унда аввало ахборот тайёрлаш ва тарқатилиши арзон, давлат чегараларидан бемалол ўтиб кетаверади. Интернет орқали амалга ошириладиган ахборот хуружларининг олдини олиш жуда мушкул4. Шундан фойдаланган айрим кимсалар ғаразли мақсадларини интернет орқали амалга ошириши оммавий тус олмоқда. Улар ҳар томонлама маънавий таҳдид қилишга уринмоқдалар. Хўш, маънавий таҳдид нима? Нега айнан шундоқ таҳдид қилишяпти, деган саволга “Юксак маънавият – енгилмас куч” китобидан мухтасар жавоб топиш мумкин. “Маънавий таҳдид деганда, аввало, тили, дини, эътиқодидаи қатъи назар, ҳар қайси одамнинг том маънодаги эркин инсон бўлиб яшашига қарши қаратилган, унинг айнан руҳий дунёсини издан чиқариш мақсадини кўзда тутадиган мафкуравий, ғоявий ва информацион хуружларни назарда тутиш лозим,– деб ёзади муаллиф.– Агарки масалага амалий кўз билан қарайдиган бўлсак, маънавиятимизга қарши қаратилган ҳар қандай хуруж – бу миллатимизни миллат қиладиган, асрлар, минг йиллар давомида аждодлардан авлодларга ўтиб келаётган ўзига хос ва ўзига мос хусусиятларга, миллий ғурур, миллий ифтихор туйғусига, бизни доимий равишда тадрижий тараққиётга чорлайдиган, шу йўлдаги барча асорат ва иллатлардан халос бўлиб, озод ва фаровон ҳаёт барпо этишдек эзгу мақсадларимизга катта зарба берадиган мудҳиш хавф-хатарларни англатади”5.

Шуни айтиш жоизки, бугунги кунда айрим оммавий ахборот воситалари ахборот-психологик уруш олиб бориш воситасига ҳам айланиб қолмоқда.

Хўш, ахборот уруши ўзи нима? “Ахборот уруши” иборасининг асосчиси физик олим Томас Рон ҳисобланади У 1976 йилда ахборотни ҳарбий кучларнинг энг заиф бўғини деб таърифлаб, ушбу масалага барча давлат миқёсидаги масъул кишилар эътиборини қаратди. Шундан буён бу атаманинг аҳамияти кундан кунга кучайиб келмоқда. Айрим мутахассислар “ахборот уруши”ни шундай таърифлайдилар: “Ахборот уруши деб, ижтимоий, сиёсий, этник ва бошқа тизимларнинг моддий ютуққа эга бўлиш мақсадида бир-бирига очиқ ва яширин мақсадли ахборий таъсирларга айтилади. Шу билан бир қаторда ахборот урушини деб янада рақиб устидан ахборий ҳукмронликка эришиш ва шунинг эвазига унга моддий, мафкуравий ёки бошқача зарар етказиш учун давлатнинг ҳарбий кучлари, ҳукумати ҳамда хусусий ташкилотлари томонидан амалга ошириладиган тадбирлар ва операциялар мажмуасига айтилади”6.

Модомики, бугунги замонавий ОАВ зиммасига тезкор ахборот тўплаш ва тарқатишдек масъулиятли вазифадан ташқари мамлакат халқини, айниқса, ёш авлодни турли ахборот хуружларидан, мафкуравий таҳдидлардан ҳимоя қилиш масъулияти ҳам юкланаётган экан, Биринчи Президентимиз таъбири билан айтганда, “журналистларимиз ўз маҳорати, билим ва истеъдоди ҳисобидан замонавий ахборот воситаларининг имкониятлари, ахборот тўплаш ва уни оммага етказишнинг усул-услублари ҳақида етарли малака ва кўникмаларга эга. Бу соҳанинг сир-асрори ҳаммадан ҳам кўра уларга яхши маълум. Лекин шу борада қилинаётган ишлар бугунги кун талабларига жавоб берадими-йўқми?”7 Зеро, ҳозирги кунда ғоявий мухолифлар маънавиятимизга, айниқса ёшларимиз онгини “ахборот хуружлари” билан заҳарлашга уринмоқдалар. Улар “оммавий маданият” ниқоби остидаги таҳдид ва таъсирларини тобора авж олдирмоқда. Бунга бефарқ қараш асло мумкин эмас.

Ғаразли мақсадларни кўзлаб амалга ошириладиган ахборот уруши пухта ўйланган ҳолда амалга оширилади. Бу борада психологик, электрон ва бошқа усуллардан фойдаланадилар. Ахборот урушини амалга ошириш учун катта меҳнат сарфланмайди, қимматбаҳо қуролларга ҳожат қолмайди. Бу урушда давлат чегараларининг аҳамияти қолмайди ҳисоби. Ахборот қуролининг кенг ва тор маънолари бор. Кенг маънода – рақибни керакли йўналишда фикрлашга ундайдиган, унинг нуқтаи назарини ўзгартиришга қодир бўлган ва керакли ахборот ёрдамида амалга ошириладиган ҳаракатлардир. Тор маънода – рақибнинг ахборот заҳиралари устидан назоратни таъминлайдиган ва унинг телекоммуникациялари тизимларига зарар етказадиган техникавий усуллар ва технологиялар. Демак, ахборот қуроли – бу рақибнинг ахборот ва бошқарув тизимларига таъсир этувчи махсус мослама ва воситалар. Табиийки, ахборот технологиялари ривожланган мамлакатлар томонидан бундай қуролдан фойдаланиш имкониятлари жуда кенг8.

Ахборот майдонида давом этаётган курашлардан асосий мақсад – миллий манфаатлар ҳимоясидир. Ахборот хуружининг “тиғи” асосан маънавиятимиз, миллий қадриятларимизни емириб ташлашга қаратилган бўлади. “Бу Шарқ ёки Ғарб мамлакатлари бўладими, олис Африка ёки Осиё қитъаси бўладими – жаҳоннинг қайси бурчагида бўлмасин, маънавиятга қарши қандайдир таҳдид пайдо бўладиган бўлса, ўзининг бугунги куни ва эртанги истиқболини ўйлаб яшайдиган ҳар бир онгли инсон, ҳар бир халқ ташвишга тушиши табиий, албатта. Бу ҳақда гапирганда, фақат битта миллат ёки халқ ҳақида фикр юритиш масалани ўта тор тушуниш бўлур эди,– деб таъкидлаган эди Биринчи Президентимиз.– Яъни, бу ўринда сўз фақат бизнинг маънавиятимизга қарши қаратилган тажовузлар ҳақида, азалий фазилатларимиз, миллий қадриятларимизни ана шундай ҳужумлардан асраш хусусидагина бораётгани йўқ. Муҳим ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эга бўлган ушбу муаммони кенг миқёсда, дунёнинг барча мамлакатлари ва халқлари ҳаётига дахлдор масала сифатида ўрганиш, таҳлил қилиш ва баҳолаш мақсадга мувофиқдир”9. Ривожланган мамлакатлар томонидан ахборот тарқатишдан мақсадлар нимадан иборат, деган саволга оддий жавоб шу: ўз турмуш тарзини ташвиқот қилиш орқали ғоявий ҳукмронликка эришишдир. Бугунги кунда ахборот оқимлари ҳаддан ташқари жадал тус олмоқда. Сўнгги эллик йил ичида дунё бўйлаб айланадиган ахборот ҳажми миллион мартага кўпайгани ва у илғор технология воситасида кундан кунга янада ошиб бораётгани кузатилмоқда.

Баъзи ривожланган давлатлар кучли ахборот технологияларидан аввало ўз манфаатига хизмат қиладиган ахборотларни тарқатиш учун фойдаланмоқда. Бу билан бошқа мамлакатлар устидан ғоявий, сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳукмронлик қилишга уринаётгани кўриниб турибди. Дунёга ҳукмронлик қилишга интилаётган баъзи қудратли давлатлар бу мақсадига эришиш учун аввало “инсон ҳуқуқлари” ёки “демократия” ниқоби остида ўз мафкураси ва ғояларини бошқа мамлакатлар ва халқлар ўртасида кенг тарқатиш ва тарғиб қилишга ҳаракат қилмоқда. Глобаллашган дунёда ривожланаётган давлатлар миллий хавфсизлигига “ахборот хуружлари” орқали таҳдид қилиниши аллақачон ўз исботини топган. “Ахборот хуружи” турли йўллар билан амалга оширилаётгани кузатилмоқда. Масалан, ёлғон ахборот тарқатиш, ижтимоий онгни манипуляция қилиш, миллий-маънавий қадриятларни емириб ташлаш, етти ёт бегона ғояларни сингдириш, халқнинг тарихий хотирасини бузиш ва ўзгартиришга қаратилган мафкуравий таҳдидлар айрим хориж радиолари ва интернет сайтларида яққол сезилиб туради. Шу йўсинда бузғунчилар “рангли инқилоб”ни амалга оширишга ҳаракат қилади.

Рангли инқилоб – қонуний ҳукуматни ноқонуний йўл билан ағдариб ташлаш, демакдир. Сўнгги йилларда бундай ҳол Сербия, Грузия, Украина, Қирғизистон давлатларида кузатилди. Рангли инқилоблар кўпинча Ғарбнинг кучли ахборий босими асосида амалга оширилади. Бу ғаразли ишда замонавий коммуникация воситаларидан усталик билан фойдаланадилар. Шу ўринда айтиш жоизки, Ўзбекистон мустақилликка эришганидан буён унга ҳар томонлама “ахборот хуружлари” қилинмоқда. Бу ахборот тажовузи гоҳо “демократия ва инсон ҳуқуқлари бузилмоқда” деган сийқаси чиққан шиорлар остида амалга оширилаётгани яхши маълум. Бундай “ахборот хуружлари”га қарши курашмоқ учун ҳар бир онгли инсон ва ватанпарвар ёшлар лоқайд бўлмаслиги, фаол фуқаролик позициясига эга бўлиши, ҳар қандай бўҳтон ва уйдирмаларга қарши ҳозиржавоблик билан курашмоғи лозим. Бу курашда асосий омил – миллий истиқлол ғояси бўлиши мақсадга мувофиқдир. “Ватан ва халқ манфаатларини ҳимоя қилиш, ёш авлодимизни турли тажовузлардан асрашда фикрга қарши фикр, ғояга қарши ғоя, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш бугунги кунда ҳар қачонгидан ҳам чуқур мазмун ва аҳамият касб этмоқда,– деб таъкидлади Биринчи Президентимиз.– Бу борада муайян ишлар амалга оширилаётганини эътироф этган ҳолда, айтиш зарурки, ҳали яна жуда кўп иш қилишимиз лозим. Биз одамларнинг фикрини бошқариш эмас, аксинча, уларнинг дунёқарашини кенгайтириш ва юксалтириш тарафдоримиз. Яъни, ўзини кимнинг авлоди эканини, қандай буюк маънавий мероснинг вориси эканини яхши англайдиган ва улуғ аждодларининг меросига муносиб бўлиб, ўз ақл-заковати ва соғлом ҳаётий қарашларига таяниб яшашга интиладиган ёшларни камол топтиришда халқимиз, жамоатчилигимиз оммавий ахборот воситаларидан кўп нарса кутишга албатта ҳақлидир”10.

Дунё ахборот маконида баъзи қудратли давлатлар ҳукмронлик қилишга интилади. Ривожланаётган мамлакатлар эса кўпроқ ўзини ҳимоя қилишга мажбур бўлади. Акс ҳолда, ўша мамлакат катта маънавий зарар кўриши ҳеч гап эмас. Бундай маънавий таҳдидларнинг олдини олиш учун энг самарали йўллардан бири – ахборот истеъмолчиларида, айниқса, ҳали онги тўла шаклланиб улгурмаган ёшларда кучли мафкуравий иммунитет ҳосил қилиш ва уни муттасил ривожлантириб бориш зарур. Хорижий радиолар орқали қилинадиган ахборот ҳужумидан ҳимояланиш учун энг самарали йўл – маҳаллий ОАВдан унумли фойдаланишдир. Яъни, ахборот хуружларига қарши миллий газета, радио ва телевидениемиздан самарали фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.

Шу ўринда мутахассислар “ахборий қурол” тушунчасига шундай тавсиф беришади: кенг маънода ахборий қурол – ўзга мамлакат фуқароларининг маълум бир йўналишда фикрлашга ундайдиган, унинг нуқтаи назарини ўзгартиришга қодир бўлган ва керакли ахборот ёрдамида амалга ошириладиган ҳаракатлар. Тор маънода эса ахборий қурол – рақибнинг ахборот заҳиралари устидан назоратни таъминлайдиган ва унинг телекоммуникациялари тизимларига зарар етказа оладиган техникавий усуллар ва технологиялардир. Хорижий оммавий ахборот воситалари муттасил тарқатадиган ахборот хуружидан ҳимояланиш йўллари қуйидагича изоҳланади: миллий ахборот инфратузилмасини замон талаблари даражасига кўтариш, миллий оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш, оммавий ахборот воситалари фаолиятида дунёвий давлатлар қабул қилган журналистиканинг сифат стандартларига риоя қилиш, миллий қадриятларни сақлаш ва ривожлантириб бориш мақсадга мувофиқдир. Хорижий оммавий ахборот воситалари орқали тарқатиладиган баъзи ахборотлар орқали одамлар онгини манипуляция қилишга ҳаракат қиладиган кучлар талайгина. Улар айниқса ёшлар онгини заҳарлашда турли усуллардан фойдаланадилар. Айтайлик, сиёсий латифалар, миш-мишлар, уйдирмалар, таниқли шахсларни обрўсизлантириш, атай мантиқий хатоларга йўл қўйиш, сохта рейтинг ва сўровлар ўтказиш, қайта-қайта такрорлаб мажбурий ишонтириш, сохта хабарлар, баъзи расмларни монтаж қилиш, атай ёлғон гапларни тарқатиш орқали қизиқувчан ва ишонувчан ёшлар онгини забт этишга ҳаракат қилинади11. Шундай шароитда барча журналистлар ахборот маконида ўз ўрнига эга бўлиш билан бир қаторда юртини турли ахборий ҳужумлардан ҳимоялашга ҳаракат қилиши тақозо этилади. Ахборот маконида адолатли кураш маърифий кучда намоён бўлади. Шу маънода, Ўзбекистон ахборот маконининг ўзаро ҳамкорлик имкониятлари кенгайишидан, ҳақиқий миллий, маърифий, хавфсиз майдон бўлиб қолишидан манфаатдордир12

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ҳозирги даврда дунё ахборот маконида ахборот-психологик хавфсизликни таъминлаш энг аввало мамлакатимиз тинчлиги ва осойишталигини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бу саъй-ҳаракатлар ўз навбатида келажагимиз бўлмиш ёш авлод онгини ёт ғоялардан ҳимоя этишга, уларда мафкуравий иммунитетни шакллантириб бориш ҳамда Ватанга садоқат руҳида камолга етказишда ҳам муҳим омил ҳисобланади.

2

Назорат учун саволлар:

  1. Давлат раҳбари Ислом Каримов ахборот хуружларига қарши кураш борасида ОАВ ходимлари зиммасига қандай вазифалар юклайди?
  2. ОАВнинг жамоатчилик онгига психологик таъсир этиши деганда нимани тушунасиз?
  3. Газета, радио, телевидение ва интернетнинг афзалликлари нимада?
  4. Жаҳон ахборот маконида Ўзбекистон ОАВ қандай ўринга эга?
  5. ОАВ орқали ахборот-психологик таъсир қай даражада бўлиши мумкин?
  6. Интернетнинг салбий жиҳатлари нималардан иборат?
  7. “Ахборот уруши” деганда нимани тушунасиз?
  8. Тор ва кенг маъноларда “Ахборот қуроли” деганда нимани тушунасиз?
  9. Ривожланган мамлакатлар томонидан ахборот тарқатишдан мақсад нима?
  10. Ахборот хуружи турларини айтиб беринг.

Асосий тушунчалар

Ахборот уруши – ижтимоий, сиёсий, этник ва бошқа тизимларнинг моддий ютуққа эга бўлиш мақсадида бир-бирига очиқ ва яширин мақсадли ахборий таъсирларга айтилади.

Ахборот қуроли – рақибнинг ахборот ва бошқарув тизимларига таъсир этувчи махсус мослама ва воситалар.

Бузғунчи ғоя – мамлакат ва миллат манфаатларига зид бўлган, ўз номи билан бузғунчиликка қаратилган вайронкор ғоялар.

Жаҳон ахборот макони – глобаллашган ахборот макони, жумладан, интернет тизимида пайдо бўлган ахборот макони.

Маънавий таҳдид – тили, дини, эътиқодидаи қатъи назар одамнинг том маънодаги эркин инсон бўлиб яшашига қарши қаратилган, унинг айнан руҳий дунёсини издан чиқариш мақсадини кўзда тутадиган мафкуравий, ғоявий ва информацион хуружлар.

Ғоялар кураши – турли давлатлар ва миллатлар манфаатларига хизмат қиладиган ғоялар, мафкуралар бошқа давлат ва миллатлар манфаатига мос тушмаслиги мумкин. Улар ўртасида бўладиган мафкуравий кураш ғоялар кураши ҳисобланади.

3

1 Қаранг: Абдуазизова Н. Миллий мафкура ва ахборот макони. //Ўзбекистон матбуоти, 2006. 5-сон, 12-б.

2 Каримов И.А. Энг асосий мезон – ҳаёт ҳақиқатини акс эттириш. –Т.: Ўзбекистон, 2009. – 12-13 б.

3 Санжар Содиқ. Радиожурналистика асослари: аудиовизуал журналистика. Ўқув қўлланма. –Т.: Мумтоз сўз, 2010. – 72 б.

4 Мўминов Ф.А. Оммавий ахборот воситалари ва ахборот қарама-қаршилиги. /Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси жорий архиви, 2006.

5 Каримов И.А. Юксак маънавият – енгилмас куч. –Т.: Маънавият, 2008. – 13-14 б.

6 Қаранг: Манойло А.В., Петренко А.И., Фролов Д.Б. Государственная информационная политика в условиях информационно-психологической войны. 2-нашр. –М.: Горячая линия. Телеком. 2006. – 203 б.

7 Каримов И.А. Энг асосий мезон – ҳаёт ҳақиқатини акс эттириш. –Т.: Ўзбекистон, 2009. – 11-12 б.

8 Қаранг: Мўминов Ф.А. Оммавий ахборот воситалари ва ахборот қарама-қаршилиги. /Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси жорий архиви, 2006.

9 Каримов И.А. Юксак маънавият – енгилмас куч. –Т.: Маънавият, 2008. – 13 б.

10 Каримов И.А. Энг асосий мезон – ҳаёт ҳақиқатини акс эттириш. –Т.: Ўзбекистон, 2009. – 11 б.

11 Қаранг: Мўминов Ф.А. Оммавий ахборот воситалари ва ахборот қарама-қаршилиги. /Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси жорий архиви, 2006.

12 Қаранг: Абдуазизова Н. Ахборот майдони ҳимояси. //Ўзбекистон матбуоти, 2010. 1-сон, 27 б.

You may also like...

12 Responses

  1. Assalomu alaykum, ustoz. Talabaga tekkan kasallik deganlaridek, darsga bir kun qolganida uxlamasdan konspekt yozayapmiz. Haqatta siz aytgandek darsda tinglagan bilan yozganda mavzuning xotirada qolishi kuchliroq ekan. Ham yozganim sari mavzuni chuqur mohiyatiga kirib borayapman. Buning uchun sizga tashakkur:)

  2. Ustoz sizning ma’ruzalaringizda biz yoshlar, talabalar eng kerakli ma’lumotlarga ega bo’lib kelmoqdamiz. OAVning eng afzal jihatlarini va «Axborot kurashi» nima ekanligini ma’ruzalaringizni tinglab va yozib bilimga ega bo’ldim.

  3. Assalom-u alaykum, ustoz. Ma’ruzangizdan «rangli inqilob» o’zi nima ekanligini bilib oldim. Rahmat.

  4. Ma’ruzadan juda ko’p ma’lumotlarga ega bo’ldim. Barcha OAVlarda «Axborot kurashi» nechog’lik muhim ekanligini angladim.

  5. Ustoz raxmat «Axborot xuruji » va «Axborot kurashi » haqida ma’ruzadan ma’lumot oldim .

  6. Зокирова Мадина:

    Айрим ношут кимсалар ўзини жирканч «бузғунчи ғоя» си билан оммавий ахборот воситаларини қурол қлб, фойдаланишга урнишмоқда! Бу жуда ачинарли ҳолат!

  7. Зокирова Мадина:

    Шуни айтиш мумкинки: Ахборот маконида ахборот -психологик хавфсизликни таъминлаш ҳозирда дунё миқиёсига кўтарилди.

  8. Nozima fikringiz o’rinli albatta. Eshitganlarimizni yana bir bor xotiramizda tiklanishiga sababchi bo’ldingiz Ustoz. Buning uchun katta rahmat.

  9. Bu fan boshqa fakultetlarda ham o’ganilsa yaxshi bo’lardi.

  10. Bu fan boshqa fakultetlarda ham o’rganilsa yaxshi bo’lardi.

  11. Malika Mo'minova:

    Aytib o’tkaningizdek bugun radio va telvedenye ham anchagina vaqtni ko’ngilochar dasturlarga ajratib qo’ygan, odamzod vaqtini ko’proq internet va televizor oldida o’tkazmoqda bundan ko’rinib turibtiki har bir berilayotgan ko’rsatuv va eshittirishning auditoriyasi kam emas. Shunday tomonlarni o’ylagan holda har birimiz masulyatli bo’lsak, vatanparvarlik, insoniylik fazilatlarini avvalo o’zimizda shakillantrsak kelayotgan yovuz kuchga javob qaytaraolamiz. Ma’ruzangizning ma’zmuni juda ahamiyatlidir.

  12. Ma’ruzadan g’araz niyatli kimsalar o’zlarining buzg’unchi g’oyalarini insonlarga singdirishda OAV dan foydalanishlari mumkimligini, internetning ijobiy va salbiy tomonlarini, «Axborot urushi», «Rangli inqilob» iboralari haqida ma’lumotlarga ega bo’ldim.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>