Ахборот-психологик хавфсизлик (4)

Журфак 2 курс талабалари учун маъруза матни

а7

4-мавзу: ШАХС, ЖАМИЯТ ВА ДАВЛАТНИНГ АХБОРОТ-ПСИХОЛОГИК ХАВФСИЗЛИКЛАРИГА ТАҲДИДЛАРНИНГ КЎРИНИШЛАРИ ВА МАНБАЛАРИ

 Жамиятда ахборот-психологик хавфсизликни таъминлашда аввало четдан ахборот хуружи қиладиганларнинг “объекти”ни аниқлаб олиш муҳимдир. Улар биринчи галда буюк аждодларга, шахсларга тарихимизга, жамиятга, маънавий қадриятларимизга, давлат сиёсатига қарши турли уйдирмалар ва бўҳтонлар уюштирадилар. Демакки, ёш авлод онгида тарихимизга ва бошқа маънавий қадриятларимизга қарши ғайришуурий фикрлар уйғотишга ҳаракат қиладилар. “Кези келганда илгари айтган бир фикримни такрорламоқчиман: бу дунёда табиатда ҳам, жамиятда ҳам бўшлиқ бўлмайди. Қаердадир бўшлиқ пайдо бўлдими, ҳеч шубҳасиз, уни албатта кимдир тўлдиришга ҳаракат қилади,– деб таъкидлаган эди Биринчи Президентимиз.– Ҳозирги кунда ким кўп – ана шундай маънавий бўшлиқни тўлдиришга уринадиган, шунинг ҳисобидан ўзининг ғаразли мақсадларини амалга оширишни ўйлаб юрганлар кўп. Минг афсуски, бу кучларнинг асл қиёфаси, мақсад-муддаолари ва имкониятларини тўла ва аниқ-равшан тасаввур қилиш осон эмас. Нега деганда, улар кўпинча турли ниқоблар, жозибали шиор ва ғоялар пардаси остида иш кўради. Бундай кучларнинг ихтиёрида жуда катта моддий, молиявий ресурслар ва имкониятлар мавжуд бўлиб, уларнинг пухта ўйланган, узоқ ва давомли ёвуз мақсадларига хизмат қилмоқда”1.

Жамиятда маънавий бўшлиқ бўлишини пойлаб юрадиган ва кези келганда унга вайронкор ғояларини тиқиштиришга ҳаракат қиладиган бузғунчилар қай йўсинда таҳдид қилишлари кундай равшан бўлиб қолган. Таҳдидлар биринчи галда шахс, жамият ва давлатга қарши қаратилган бўлади. Сиёсий, ҳарбий, иқтисодий, маданий, экологик, миллий масалаларда ҳам ички ва ташқи таҳдидлар сезилиб туради. Давлат ва нодавлат ташкилотларига, оммавий ахборот воситаларига, маънавий қадриятларга нисбатан амалга оширилаётган таҳдидлар ҳам жуда кўп.

Интернет дунёни ягона ахборот маконига айлантирган ҳозирги даврда тўғридан-тўғри давлат, жамият ва шахсга қаратилган таҳдидлар кўпайиб кетмоқда. Уларнинг таъсир кўрсатиш йўллари хилма-хил. Айниқса, тарихий шахсларга маънавий таҳдид қилишда турли усуллардан фойдаланилмоқда.

Собиқ мустабид тузум даврида буюк бобокалонимиз Соҳибқирон Амир Темурга нисбатан жуда кўп адолатсизликлар қилингани сўнгги йилларда яратилган тарихга оид китобларда атрофлича ёритилган. “Минг афсуски, кўп йиллар давомида мустабид босқинчи мафкура даврида бизни Амир Темурдек буюк бобокалонимиздан, бой ўтмишимиздан айириб, халқимизнинг маънавиятини, ғурурини, ифтихорини ерга урмоқчи бўлдилар,– деб таъкидлаган эди Биринчи Президентимиз 1996 йил 18 октябрь куни Шаҳрисабз шаҳрида Амир Темур ҳайкалининг очилиш маросимида сўзлаган нутқида.– Юртимизда, жумладан, Шаҳрисабзда бевосита Соҳибқироннинг саъй-ҳаракатлари билан бунёд этилган тарихий обидалар харобага айлантирилди. Ҳатто ул зот ва авлодларининг қабр-мақбаралари ҳам “илмий тадқиқотлар” ниқоби остида талон-тарож этилди, топталди”2. Шунга қарамай азалдан маънавияти юксак халқимиз улуғ аждодларининг табаррук номларини, бетакрор ишларини ва авлодларига қолдирган бой меросларини ҳамиша муқаддас билиб келди. Эл қалбида эъзозланиб келган буюк зотга нисбатан тарихий адолат тикланди! Бу улуғ сиймога нафақат Ўзбекистонда, балки жаҳондаги турли мамлакатларда ҳам катта эътибор билан қаралмоқда! Юртимиз мустақиллиги шарофати билан Шаҳрисабзда, Самарқандда ва Тошкентда Амир Темурнинг улуғвор ҳайкаллари қад ростлади. Пойтахтда буюк бобокалонимизнинг муҳташам музейи барпо этилди. 1996 йилда Соҳибқироннинг 660 йиллиги юртимизда катта тантана қилинди. Шу билан бир қаторда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Париждаги қароргоҳи – ЮНЕСКОнинг муҳташам саройида ҳам юксак эҳтиром билан нишонланди. Амир Темурга нисбатан тарихий адолатни тиклашда Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов бош ташаббускор ва ташкилотчи бўлгани баайни ҳақиқат3.

Атоқли адиб Пиримқул Қодировнинг “Амир Темур сиймоси” илмий бадиасида буюк бобокалонимизга нисбатан турли йилларда кўплаб уйдирма ва бўҳтонлар бўлгани атрофлича ёзилган. Уларни ўз номи билан тарихий шахсга нисбатан “ахборот хуружи”, деб аташ мумкин. Жумладан, Ибн Арабшоҳнинг “Темур тарихида тақдир ажойиботлари”, М.Брюннинг “Мен жаҳонни очган Темурман”, 1992 йилда Москвада босилиб чиққан “Тамерлан”, инглиз адибаси Хильде Хуккемнинг “Етти иқлим султони”, А.Ю.Якубовскийнинг “Темур” деб номланган китобларида ҳақиқатга тўғри келмайдиган хаёлий уйдирмалар кўп учраши, академик В.В.Бартольднинг айрим сўзларида Амир Темурни “саводсиз бўлган” деган гаплари қанчалик ассоссиз эканлиги “Амир Темур сиймоси” китобида теран илмий таҳлиллар воситасида очиб берилган.

Таассуфки, буюк бобокалонимизга нисбатан уйдирмалар, сохта гаплар ҳанузгача давом этмоқда. “Сўнгги асрларда пайдо бўлган баъзи китобларда Тарағай баҳодирнинг номини «Тўрғай» деб ёзиш ҳоллари ҳам учрайди. Бу ҳеч бир мантиққа тўғри келмайди,– деб ёзади муаллиф.– Тўрғай – кичкина сайроқи қуш. Баҳодирлар авлодидан бўлган амирга бундай нисбат бериш тўғри эмас. Туркий тилда Тарағай сўзи “нурдай таралсин, кўпайсин, катта ҳудудларни эгалласин” деган маъноларни билдиради”4. Бундай тилаклар ижобат бўлишига урғу берган адиб шу ўринда Амир Темур ўзининг суюкли невараси Улуғбекка дастлаб Тарағай деб исм қўйганини ҳам эслатиб ўтади.

Тарихий шахсларнинг номларини “ахборот хуружи”дан ҳимоя қилишда зарур факт ва далиллар билан кўрсатиб бериш мақсадга мувофиқдир. Атоқли адиб Пиримқул Қодиров Соҳибқироннинг тарихий ғалабаси билан бугунги тенгсиз истиқлолимизни шундай муқояса қилади: “Энг баланд тоғ чўққиси ана шундай баланд чўққидан кўзга аниқроқ кўринади. Биз ҳам Амир Темур етакчилигида халқимиз эришган мустақилликнинг нақадар юксак қадрият бўлганини Ўзбекистон истиқлоли йилларида яққол кўрдик”5. Демак, буюк аждодларимизга, бошқа шахсларга қилинадиган турли ахборот хуружларига қарши курашда атоқли адибларимизнинг мана шундай тажрибаларидан ҳам ибрат олиш мақсадга мувофиқдир.

Жамиятга нисбатан қилинадиган ахборот хуружлари кўпинча халқ урф-одатлари, анъаналари, байрам ва маросимларига қилинадиган тажовузларда аён кўринади. Биргина мисол, собиқ мустабид тузумнинг сўнгги йилларида республикамизда Наврўз байрамини нишонлаш таъқиқлаб қўйилди. Ўша давр матбуотида бу байрамни “эскилик сарқити” деб таърифлаганлар ҳам бўлди. Очиғи, Наврўз каби байрамлар, қатор миллий анъана ва урф-одатларимиз юртимиз истиқлоли шарофати билан қайта кашф этилди. Ҳар йили Наврўз байрами Тошкентда катта тантана қилиниши ва бутун мамлакатимизда кенг нишонланиши қадриятларимиз чинакам қадр топаётганини кўрсатади. Демак, бундай қадриятларга нисбатан қилинадиган ахборот хуружлари жамиятга маънавий таҳдиддан бошқа нарса эмасдир.

Мафкуравий таҳдидлар, “ахборот хуружи” аввало одамлар, айниқса ёшлар дунёқарашига салбий таъсир кўрсатади, жамоатчилик фикрини чалғитади. Бу ўз навбатида юрт осойишталигига ва жамият барқарорлигига путур етказади. Билинтирмай онгга таъсир кўрсатадиган ахборот шахс, оила ва жамиятни ўз комига тортаверади. Давлат тараққиётига, биринчи галда, маънавий, сиёсий, иқтисодий, маданий юксалишига салбий таъсир кўрсатади. Демак, ахборот қандай мақсадда тарқатилганини, унинг ижобий ёки салбий, фойдали ёки зарарли жиҳатларини фарқлаш учун одамлар онги ҳамда маънавияти юксак даражада бўлиши лозим. Айниқса, ОАВ ходимлари педагоглар, зиёлилар ва бошқалар биринчи галда ахборот-психологик хавфсизлик тушунчасига эга бўлишлари мақсадга мувофиқдир.

Ахборот таҳдидларининг энг хавфлиси – давлат сиёсатини таъминлашга қаратилган бўлади. Шахсга нисбатан қилинган хуруж тор доирани қамраб олса, давлат ва жамиятга таҳдид бутун бир мамлакат, халқ тинчлигини хавф остига қуяди. Бу жуда катта ва жиддий муаммони юзага келтириши мумкин.

Ахборот хуружларига қарши курашнинг самарали йўлларидан бири – мамлакат ўзини ўзи ахборот билан таъминлашидир. Албатта, бундай ахборот тўлиқ, сифатли ва ҳаққоний бўлиши шарт, акс ҳолда жамият аъзолари янада хорижий манбаларга мурожаат этишлари мумкин. Инсон психологиясининг шундай бир хусусияти борки, агар у бирор бир воқеа бўйича уч-тўрт соат ичида маълумот ололмаса, пайдо бўлган бўшликни ҳар хил уйдирма ва миш-мишлар тўлдиради. Шул боис, ахборот асрининг муҳим шартларидан бири – давлат ва жамиятнинг барча бўғинлари учун тезкор ахборот алмашинувини таъминлашдир.

Ҳар қандай ахборот инсонга турли даражада руҳий (психологик) таъсир кўрсатади. Ахборотнинг таъсирчанлиги шу даражадаки, у инсон дунёқараши ва ҳатто фикрлаш даражасини ўзгартириб юбориши мумкин. Бу жараёнда салбий ахборот инсон фикрини, ҳатто феъл-атворини ҳам номуносиб томонга ўзгартириб юбориши ҳеч гап эмас. Инсон ахборотсиз яшай олмайди. У доим янгиликлар эшитишга эҳтиёж сезади. Шу ўринда айтиш жоизки, кўпчилик негадир кўпроқ салбий ахборотларни эшитишга мойил бўлади. Айтайлик, замонавий кўп қаватли иморат бунёд этилгани ҳақидаги ахборотнинг қизиғи йўқдек туюлади. Худо кўрсатмасин, бирор бино қулаб тушса, у ҳақдаги ахборотни такрор-батакрор эшитгиси, иложи бўлса, шу фожеа ортида яна қандайдир мудҳиш гаплар чиқишини кутадиганлар ҳам кўп бўлади.

Одамлардаги ана шу “эҳтиёж”ни яхши билган айрим хориж радиолари имкон қадар ур-йиқит, портлашлар, уруш-жанжаллар, вайронагарчликлар, сунъий равишда бўлса-да “норозиликлар” ҳақидаги хабарларни устомонлик билан, имкон қадар ошириб-тошириб, бўрттириб тарқатишга ҳаракат қиладилар. Бу билан улар ўзларини ҳозиржавоб, ҳақиқат жарчиси қилиб кўрсатмоқчи бўладилар. Ишонувчан одамлар онгига шу тариқа таъсир кўрсатиб, номаъқул ғоянинг ҳам “тўғри эканлигини” исботлашга уринадилар.

Ахборот хуружлари шароитида инсоннинг психологик ҳимояси қай даражада бўлиши аввало ўзига боғлиқдир. Ўзбекистонга четдан бўладиган “ахборот хуружлари”нинг асл мақсадлари барчага бирдек аён бўлиши лозимдир. Бундай ҳаракатлар асосан хорижий оммавий ахборот воситалари, турли нодавлат ташкилотлар, сиёсий кучлар, гуруҳлар ва ҳоказолар томонидан амалга оширилиши кузатилмоқда.

Ички таҳдидлар сирасига аҳолини ахборот билан таъминлашнинг ҳуқуқий ва иқтисодий асослари етарли эмаслиги, фуқаролик жамияти институтлари ривожланмаётганлиги ва фуқароларнинг давлат ва нодавлат ташкилотларига мурожаатлари жавобсиз қолиб кетиши, ахборот бозори қандай ривожланиши давлат томонидан назорат қилинмаслиги, фуқаролар давлат тузилмалари фаолияти ҳақида етарли ахборот ололмаслиги ҳамда юқори ташкилотлар томонидан қабул қилинган қарорлар уларга тушунтириб берилмаслиги сабаб бўлиши мумкин. Зеро, кенг аудитория билан ишлаш жараёнида психология қонунларини билмасдан самарали фаолият кўрсатиб бўлмайди. Масалан, ҳар бир инсон ҳулқи, нуқтаи назари ва позицияси турли ахборот ёрдамида ҳар хил бошқарилиши мумкин. Сиёсатшунослар ёки журналистлар бир воқеани, битта фактни шундай талқин қила оладики, ундан кенг аудитория ижобий ёки, тескариси, салбий хулоса чиқариши одатий ҳолга айланган[1]. Бугунги кунда жамият ахборот-психологик хавфсизлигига таҳдид солиши мумкин бўлган манбаларни ўрганиб бориш ўша салбий иллатларнинг олдини олишга хизмат қилади. Албатта ҳар бир давлат ўз халқи манфаатларига, жамият тараққиётига хизмат қиладиган ахборотлар оқимини ўзи вужудга келтиради. Бунинг учун журналистлар билан бир қаторда сиёсатшунослар, файласуфлар, социологлар ва бошқа соҳа кишилари бир мақсад йўлида ҳаракат қиладилар.

Мамлакатни четдан бўладиган ахборот таҳдидларидан асраш учун кураш айниқса журналистлардан улкан масъулият талаб қилади. Яъни, бу вазифани асосан журналистлар амалга оширади. Матбуот ва эфир орқали ҳақиқатни ёритиш, одамларга етказиш журналистнинг билим ва тажрибаси, унинг профессионал маҳоратига, гражданлик позициясига боғлиқ. Ёшлар онгига салбий таъсир қилувчи ахборот хуружларига вақтида барҳам берилмаса нохуш ҳолларга олиб келиши ҳеч гапмас.

 Назорат учун саволлар:

  1. Жамиятда ахборот-психологик хавфсизликни таъминлашда нималарга эътибор қаратиш зарур?
  2. Жамиятда маънавий бўшлиқ деганда нимани тушунасиз?
  3. Таҳдидларнинг қандай турларини биласиз?
  4. Шахсга қаратилган қандай таҳдидларни биласиз?
  5. Жамиятга нисбатан бўладиган ахборот хуружлари қай ҳолатда намоён бўлади?

Асосий тушунчалар

Мафкура (араб. — фикрлар мажмуи) — муайян ижтимоий гуруҳ, қатлам, миллат, жамият, давлатнинг манфаатлари, орзулари, мақсадлари ифодаланган қарашлар ва уларни амалга ошириш тизими. Унда манфаатлари ифодаланаётган гуруҳ ва қатламларнинг ўтмиши, бугунги куни ва истиқболи ўз ифодасини топади.

Мафкуравий таҳдид – ҳукмронлик, мустабидлик, тажовузкор, босқинчилик, экстремистик, ақидапарастлик, вайронкорлик ғоялари ифода этилган ҳаракат.

___________________________

 

1 Каримов И.А. Юксак маънавият – енгилмас куч. –Т.: Маънавият, 2008. – 12 б.

2 Каримов И.А. Амир Темур ҳақида сўз. –Т.: Ўзбекистон, 1996. – 38 б.

3 Қаранг: Қодиров П. Амир Темур сиймоси. –.: Ўзбекистон, 2007. – 103 б.

4 Қодиров П. Амир Темур сиймоси. –.: Ўзбекистон, 2007. – 9 б.

5 Қодиров П. Амир Темур сиймоси. –.: Ўзбекистон, 2007. – 102 б.

[1] Қаранг: Мўминов Ф.А. Шахс, жамият ва давлатнинг ахборот-психологик хавфсизлигидаги манбалар ва уларнинг турлари. /Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурулиши академияси жорий архиви, 2006.

***

ш4

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультети доценти Тўлқин Эшбековнинг “МАФКУРА ВА АХБОРОТ-ПСИХОЛОГИК ХАВФСИЗЛИК” Ўқув қўлланмасидан олинди. (ЎзМУ – 2018 )

You may also like...

4 Responses

  1. Ko‘pchilikka ma‘lum bo‘lgan bobokalonimiz Amir Temurni sobiq SSSR davrida nomini qoralashgan ,ko‘pchilikda o‘sha paytda u kishiga nisbatan salbiy tasavvur paydo bo‘lgan bu mavzuda sohibqiron nomi oqlangan va bunga izoh berilgani menga juda yoqdi. Buni bilmaganlarga esa shu mavzuni o‘qib ko‘rishlarini tavsiya qilgan bo‘lardim

  2. Ustoz xar bir maruzadan bittadan ozim un malumot olib kelmoqdaman.
    Xozir ham shaxrisabzda Bobomizning haykallari qachon ochilganni va u kishi haqoda bilmagan malumotlarimni oldim.

  3. Mohichehra:

    Jurnalist bir faktni shunday talqin qiladi-ki, auditoriya unga salbiy yoki ijobiy munosabat bildiradi, shunday qabul qiladi. Bu kabi holatlarda jurnalist axborotni mohirona tarzda uzatishi, efir orqali ham haqiqatni ko’rsatib berishi yurtmizda OAV taraqqiyoti uchun juda muhimdir. Ma’ruza matni nafaqat talabalar uchun balki ish faoliyatini yo’lga qo’ygan jurnalistlar uchun ham desak adashmagan bo’lamiz.

  4. Мен Журналистика таълим йуналишининг сиртки булими талабасиман.
    Бу сайтга кириб аниги жуда койил колдим.Тасанно. Узбекистонга, бутун давлатга , жамиятга халкимизга , утган аждодларимиз тарихи хакида айникса бугунги усиб келаетган авлодга, талабаларга архивлардаги маълумотларни машаккат билан излаб топиб уни реал курсата олиш, собик СССР даврида бизнинг аждодларимиз хакидаги таркатилган , нашр этилган нотугри ахборотни нотугрилигини исботлаб бериш учун катта юрак , кучли матонат , Ватанга нисбатан ута кучли мухаббат , шижоатли калб ва метин сабр керак булади.Шундай кирраларга эга домлаларнинг бири Тулкин Эшбековдир. Домланинг мехнатларини куриб койил колдим.Рахмат сизга домла. Ватан учун , халк учун, университет учун, талабалар учун, таълим учун килган , килаетган барча ишларингиз албатта муносиб такдирланади.
    Университет ректорига: штатдаги хамма домлаларнинг уз сайтларини ташкил этишларини илтимос киламан. Бу хар бир талабанинг еки хохлаган инсоннинг сайт очган домла сайтига кириб, у хакида ва унинг куйган реал маълумотлари хакида чукур маълумотга эга булибгина колмай , талабанинг уз устида мустакил ишлашига замин яратади. Илмий иш килувчи талабалар купаяди.Жамият кучли булади.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>