Ахборот-психологик хавфсизлик (6)

ЎзМУ доценти Тўлқин Эшбековнинг “Ахборот-психологик хавфсизлик” ўқув қўлланмаси асосида (Тошкент, ЎзМУ – 2018)

9

6-мавзу: АХБОРОТ СОҲАСИДА МИЛЛИЙ ХАВФСИЗЛИКНИ ТАЪМИНЛАШ ТИЗИМИНИНГ КОМПОНЕНТЛАРИ ВА МАЗМУНИ

XXI аср том маънода ахборот асрига айланди. Бугун жамиятнинг бирор жабҳасини ахборотсиз тасаввур этиш қийин. Йиллар мобайнида оммавий ахборот воситалари такомиллашган сари ахборот жамият тараққиётининг муҳим омилига айланаверганини изоҳлашга ҳожат йўқ. “Ўзбекистонимизни янада равнақ топтириш учун юртимиз кундан-кунга қандай катта ютуқ ва марраларни қўлга киритаётган бўлса, оммавий ахборот воситалари соҳасида ҳам ғоят муҳим янгиланиш ва ривожланиш жараёнлари юз бераётганини, матбуотимизнинг ҳаёт билан ҳамнафас бўлиб бораётганини муштарийлар, жамоатчилигимиз чуқур ҳис этмоқда ва ана шу ўзгаришларнинг амалий самарасига гувоҳ бўлмоқда,– деб таъкидлаган эди Биринчи Президентимиз Ислом Каримов 2009 йилда “Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига” йўллаган табригида.– Шуни қайд этиш керакки, бугунги кунда ахборот тарқатишнинг тезкор усули бўлмиш интернет журналистикасини ривожлантириш бўйича ҳам кенг имкониятлар яратилмоқда. Бунинг исботини юртимиздаги юздан ортиқ оммавий ахборот воситаси интернетда ўз веб-сайтига эга экани, олий ўқув юртларида интернет журналистикаси бўйича махсус фанлар ўқитилаётгани, шу йўналишда ижод қилаётган журналистлар сони тобора кўпайиб бораётгани мисолида яққол кўриш мумкин”1.

Журналистларнинг касб байрами муносабати билан йўлланган ушбу табрикда, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси кўрсатувлари сунъий йўлдош орқали тарқатилиб, Ватанимизнинг бой тарихи, бетакрор маданияти, бугунги сермазмун ҳаётини дунёга тараннум этишга хизмат қилаётгани мамлакатимизда энг замонавий электрон воситалар ва телекоммуникация тизимини жадал ривожлантириш бўйича олиб бораётган кенг кўламли ишларимиз амалий натижаси2 эканлигига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Шу билан бир қаторда ахборотлашган жамиятда ўзига яраша муаммо ва чигал масалалар ҳам пайдо бўлишини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда. Ёшлар онги ва дунёқарашини шакллантиришда ҳам кундалик ахборотлар муҳим ўрин тутмоқда. Қизиқарли ахборотлар ҳар бир ахборот истеъмолчисининг домий эҳтиёжига айланганини яхши билган бузғунчилар айнан ОАВ орқали жамиятимиз миллий хавфсизлигига таҳдид солишга ҳаракат қиладилар. ОАВ соҳасида жамият миллий хавфсизлигини таъминлаш шу тариқа долзарб муаммога айланиб бормоқда. Негаки, дунё ахборот маконида чиройлигина сўзлар билан ифода этилган ахборот хуружлари кўпаймоқда. Уларни таҳлил қилганда, миллий манфаатларга зид бўлган, урф-одат ва анъаналаримиз, миллий қадриятларимизни таҳқирловчи вайронкор ғоялар аён бўлиб қолади. Бу ҳол шак-шубҳасиз ахборот соҳасида миллий хавфсизликни таъминлаш муаммосини кўндаланг қилиб қўймоқда. Айрим сиёсатшунослар фикрича, ахборот соҳасида миллий хавфсизликни таъминлаш тизимини яратишнинг қуйидаги усулларини қўллаш зарур:

Биринчидан, социологик йўналиш. Бунда ахборот олиш ва тарқатиш жараёнида жамият тараққиётида ахборотнинг ижтимоий воқелик сифатидаги ролидан келиб чиқиб жамиятда шаклланаётган ижтимоий онг йўналишлари, ижтимоий тафаккур даражаси ва унинг оқимларини ўрганишни йўлга қуйиш керак. Аҳоли турли қатламлари қарашлари, касбий ва бошқа ижтимоий ҳолатлари асосидаги фикрлаш тарзини аниқлаб бориш зарур.

Иккинчидан, статистик йўналиш. Кўпмиллатли мамлакатда, хусусан, 130 дан ортиқ миллат ва элат яшаётган, 20 га яқин диний конфессиялар фаолият кўрсатаётган Ўзбекистонда миллатлараро ва динлараро можароларни, турли сиёсий манфаатлар ва бузғунчи ғоялар таъсирида келиб чиқиши мумкин бўлган сиёсий низоларни ўрганиб бориш. Бу борада аниқ таҳлилий фикрларга эга бўлиш.

Учинчидан, сиёсий конфликтология ва сиёсий психология. Ахборот-психологик хавф авж олаётган бир пайтда, турли бузғунчи ғоялар инсон онги ва тафаккурига ўз таъсирини ўтказаётган бир шароитда сиёсий можаролар келиб чиқиши мумкин бўлган манбаларни ўрганиш, омилларни аниқлаш ҳамда унинг натижасида жамиятда шаклланиши мумкин бўлган жамоатчилик фикри, сиёсий қарашлари, руҳияти – ижтимоий-сиёсий психология изчил равишда ўрганиб борилмоғи лозим.

Тўртинчидан, мантиқий-тизимий ва функционал таҳлил. Ахборот тизими, хусусан, ахборот-психологик таъсир ахборот сиёсати тизими ва воситасининг муҳим қисми сифатида баҳоланиши лозим. Воқеликка ана шу тарзда ёндошиб, илмий-таҳлиий, назарий ва амалий хулосалар чиқариш керак. Тиғиз ахборотлашган жамиятда ахборот оқими таъсирида шаклланаётган ижтимоий фикр фан нуқтаи назаридан изчил ўрганилмоғи, унинг предмети ва методологиясини ишлаб чиқиш муҳим бўлиб қолди.

Бешинчидан, ахборот тизимида миллий истиқлол ғоясининг устиворлиги. Ҳар қандай фуқаро ахборот бозоридан “маҳсулот” танлаш жараёнида унинг қалбида, руҳиятида, кайфиятида, феъл-атворида, буларнинг барчасининг оқибати сифатидаги хатти-ҳаракати ва муносабатида мафкуравий иммунитет устуворлигини таъминлаш3.

Кўриниб турибдики, ОАВ соҳасида миллий хавфсизликни таъминлаш –жамиятда тинчлик ва осойишталикни барқарор сақлашга хизмат қилади. Чунки, миллий қадриятларимизга путур етказадиган ёт ғоялар билан онги заҳарланган инсонда ватан туйғуси, ўз халқига муҳаббат ришталари сусайиб бораверади. ОАВ соҳасида миллий хавфсизлигимизга таҳдидларга қарши кураш журналистларимиз олдида турган энг муҳим вазифалардан бирига айланиб бораётгани сабаби ҳам шунда. Зотан, ёшлар онгини мафкуравий хуружлардан ҳимоя этиш келажак пойдеворини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши шак-шубасиз. Ахборот соҳасида миллий хавфсизликни таъминлаш мавзуси соҳа мутахассисларидан муттасил изланишни тақозо этади. Негаки, ахборот маконида миллий қадриятларга, маданий-маънавий бойликларимизга путур етказувчи мафкуравий таҳдидлар тўхтовсиз давом этмоқда. Бир жиҳатдан қаралганда, тезкор ахборот тарқатиш асносида мафкуравий таҳдидлар ҳам пайдо бўлмоқда. Маданийлаштириш ниқоби остида ёшлар онгига турли санъат, маданиятларни сингдиришга ҳаракат қилинмоқда. Иш шу даражага бориб етдики, ОАВда мафкуравий курашни ахборот хуружларисиз тасаввур этиб бўлмай қолди.

Назарий жиҳатдан қаралганда, ахборот соҳасида миллий хавфсизликни таъминлаш тизимининг компонентлари ва мазмунини чуқур ўрганиб бориш ғоят муҳимдир. Мутахассислар фикрича, бу компонентлар қуйидагича:

– ахборотдан фойдаланишда инсон эркинлиги ва ҳуқуқини таъминлаш, фуқаролар томонидан очиқ тармоқлардан ахборот олиш имкониятларини яратиш, мамлакатни маънавий ривожланиш борасидаги жамиятнинг психологик ҳимояси ва маънавий қадриятларининг мустаҳкамланиши, ватанпарварлик ва инсонийлик, маданий ва миллий потенциални таъминлаш ҳамда кучайтириш;

– давлат сиёсатини ахборий таъминлаш, маҳаллий аҳолига ҳамда чет эл аудиториясига мамлакатнинг ижтимоий ҳаёти ва давлат нуқтаи назари, долзарб ички ва халқаро воқеа-ҳодисалар ҳақида объектив ахборот бериш;

– маҳаллий ахборот технологияларини, миллий ахборот индустриясини, ахборотлаштириш воситаларини, телекоммуникация ва алоқаларни ривожлантириш, маҳаллий ахборот ресурсларидан самарали фойдаланиш ва уларни сақлаш, янги йўналиш ва технологияларни шакллантириш каби омиллардан иборат.

Ахборот соҳасида миллий хавфсизликни таъминлаш турли ижтимоий хавфларга, жамият тараққиётига тўғаноқ бўлаётган унсурларга барҳам беришга хизмат қилади. Бироқ, мутахассислар фикрича, мамлакатимизда яқин йилларгача ижтимоий фикр, жамиятнинг умумий сиёсий-маърифий даражаси замонавий “ахборот хуружи”га ва унинг шиддатига дош бериши мушкул, аниқроғи, унинг бутун кўламини, моҳиятини, ахборот остидаги яширин ғояни ва ахборот тарқатувчи манба мақсадини етарли даражада баҳолаши қийин бўлиб келган эди. Бугунги кунда бу муаммо ҳам ижобий ҳал этилиши йўлида пухта ўйланган саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда.

Назорат учун саволлар:

  1. Ахборот соҳасида миллий хавфсизликка таҳдид деганда нимани тушунасиз?
  2. Жамият тараққиётида ОАВнинг роли қандай бўлади?
  3. Юртимизда интернет журналистикасини ривожлантириш қай даражада амалга оширилмоқда?
  4. Ёшлар онги ва дунёқарашини шакллантиришда ахборотнинг ўрнини изоҳланг.
  5. ОАВ соҳаси миллий хавфсизликни таъминлаш учун нималарга эътибор қаратиши керак?
  6. Ахборот маконида миллий қадриятларга путур етказувчи иллатларга қарши кураш усулларини изоҳланг.
  7. Бузғунчиларнинг юртимизга ахборот хуружларини амалга оширишдан мақсадлари нима?
  8. Ахборот соҳасида миллий хавфсизликни таъминлаш тизимининг компонентлари нималардан иборат?

Асосий тушунчалар

Диний ташкилот – диний эҳтиёжларни биргаликда қондириш ёки қондиришга кўмаклашиш мақсадида тузиладиган ва диний маросимларни адо этиш асосида иш кўрадиган ихтиёрий, тенг ҳуқуқли ва ўзини ўзи бошқарувчи уюшма. Айни вақтда у фуқароларнинг виждон эркинлигини кафолатловчи тузилмалардан ҳисобланади.

Диний экстремизм – баъзи диний ташкилотлар ёки айрим диндорларнинг жамият қонун-қоидаларига мос келмайдиган мафкураси ва фаолияти. Бу кўп динларда мавжуд бўлиб, унинг тарафдорлари ўз олдига сиёсий мақсадларни қўяди.

Интернет – (лот. inter – аро ва net (work) – тармоқ] – катта (глобал) ва кичик (локал) компьютер тармокларини ўзаро боғловчи бутунжаҳон компьютер тизими. Унда географик ўрни, замон ва макондан қатъи назар, айрим компьютер ва майда тармоқлар ўзаро ҳамкорликда глобал информация инфратузилмасини ташкил этади.

Интернет журналистикаси – ОАВнинг интернетдаги веб-сайтлари, айрим электрон нашрлар фаолияти билан боғлиқ тушунча. Ўзбекистон Республикасининг “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги (2003), “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги (янги таҳрири) (2007) Қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ахборот-коммуникация технологияларини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги (2005), “Ўзбекистон Республикасининг жамоат таълим ахборот тармоғини ташкил этиш тўғрисида”ги (2005) қарорлари ва бошқа меъёрий ҳужжатлар мамлакатимизда интернет журналистикасининг ривожига хизмат қилади.

7

1 Каримов И.А. Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига. //Халқ сўзи, 2009 йил 27 июнь.

2 Қаранг: ўша жойда.

3 Қаранг: Жўраев Н. Ахборот соҳасида миллий хавфсизликни таъминлаш тизимининг моҳияти ва унсурлари. /Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси жорий архиви, 2006.

You may also like...

10 Responses

  1. OAVda milliy xavfsizligimizni ta’minlab, uni yanada mustahkamlab borsak, jamiyatimizda axborot ma’daniyati rivojlantirishni, milliy qadriyatlarimizni saqlab qolishni o’rgandik. Ma’ruzangiz uchun katta rahmat.

  2. Bugungi kunda axborotning tez tarqatish usuli bo’lgan internet haqida ma’lumotlar berilib, internet jurnalistikasini yanada rivojlantirish haqida fikrlar berilibdi. Rahmat ustoz.

  3. Mamlakatimizda shakillanayotgan axborot bozori, ommaviy axborot vositalari va jurnalistlar o’rtasidagi raqobat sohada sifat o’zgarishlariga olib kelmoqda desam adashmagan bo’laman. Ma’ruzadan juda ko’p ma’lumotlarga ega bo’ldim. Raxmat…!

  4. Зокирова Мадина:

    Оммавий ахборот воситалари соҳасида ахборот психологик хавфсизликни таъминлашда журналистларнинг ўрни беқиёс. Биз журналистлар ахборотни фарқлашимиз , таҳлил илиб оммага тўгри етказишимиз шарт!
    Маърузалар учун ташаккур Домла

  5. Зокирова Мадина:

    Фикрингизга қўшиламан Умида!

  6. Bugungi kunda shiddat bilan rivojlanayotgan internet va internet jurnalistikasi haqida ma’lumot oldim .Raxmat ustoz

  7. Jurnalistlar OAV larining tayanchi desam adashmasam kerak menimcha. Chunki har qanday xabar ham jurnalistlar tomonidan tayyorlanadi va OAV lari orqali omma e’tiboriga uzatiladi. Shuning uchun OAV da milliy xavfsizligimizni ta’minlashimiz kerak va bu yo’da izlanishlar olib borish kerak.

  8. Malika Mo'minova:

    Jurnalistika kasbi juda masuliyatli kasb, OAVda milliy havsizlikni barqarorlashtirish kelajagimizda bunday havflardan anchagina holi bo’lishimizga sabab bo’ladi. Bu ma’ruzangizda men ko’p savollarimga javob oldim.

  9. Axborot-psixologik xavfsizlik — bu bevosita inson ruhiyatiga ta‘sir
    o‘tkazish orqali uni o‘z aqidalaridan, muqaddas burchlaridan, e‘tiqodidan ayiradigan buzg‘unchi
    g‘oyalardan asrashdir. Ma’ruza orqali ushbu fanning har bir yosh avlod uchun nechog’lik muhim ekanini yana bir bor anglab yettim.

  10. Axborot -psixologik xavfsizlik fani inson psixologiyasi kuchi ta’sir etib qolmasdan uni tarbiyalashga, immunitet hosil qilishga yordam beradi. Bu jarayonga turli unsurlar orqali yani, televideniye, radio, gazeta, internet kabilar bn ta’sir etadi.Bu yo’l orqali jamiyatimizni buzg’unchi mafkuralardan asrashga ko’maklashgan bo’lamiz. Shu o’rinda jurnalist kasbi masuliyati va mashaqatini etirof etmay ilojimiz yo’q. Maruza orqali ko’p ma’lumotlarga ega bo’ldim.

Добавить комментарий для Xonimova Maryam Отменить ответ

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>