Ахборот-психологик хавфсизлик (8)

8-мавзу. Очиқ оммавий ахборот тизимлар шароитида шахснинг психологик ўзини ўзи ҳимоялаши

ж5

Режа:

  1. Инсон руҳий кечинмалари ижтимоий борлиқ билан чамбарчас боғлиқлиги.
  2. Инсонда руҳан (психологик) ҳимояланиш учун “иммунитет” пайдо бўлиши.
  3. Ўзини ўзи психологик ҳимоя қилиш усуллари.
  4. Тўғри ё ғаразли мақсадда ёритилган ахборотни фарқлаш.

Инсон руҳий кечинмалари ҳаётдаги мавжуд ижтимоий борлиқ билан чамбарчас боғлиқ эканлиги илмий жиҳатдан асосланган. Шахс онгида ғоя ва фикрнинг пайдо бўлиши ва қай даражада шаклланиши жамиятдаги муҳитга, жумладан, ўзаро мулоқотлар, урф-одатлар, байрам ва маросимлар, анъаналар ва турфа ахборотларга боғлиқ. Албатта, ёш авлод онги ва дунёқарашининг шаклланиши биринчи галда оила, боғча ҳамда мактабдаги тарбияга жуда боғлиқ эканлигини изоҳлашга ҳожат йўқ.

Яхши гап ҳам, ёмон гап ҳам бир оғиздан чиқади, деган нақл бежиз айтилмаган. Очиғи, ҳамма оила, боғча ва мактабда ҳам тарбия, муомала маданияти бир хилда деб бўлмайди. Ёш ўғил-қизлар яхши гаплар билан бир қаторда баъзи хунук гап-сўзларни ҳам ана шу муҳитнинг ўзида эшитадилар. Яхши гапдан қалби маънан бойиса, ўша хунук гаплардан руҳан (психологик) ҳимояланишга хизмат қилувчи “иммунитет” пайдо бўла бошлайди. Бир ёмонликнинг бир яхшилиги, деганларидек, бу ҳол инсоннинг умри бўйи ташқи муҳитда учрайдиган турли салбий ҳодисаларга, жумладан, бугунги ахборот маконида одамлар, айниқса ёшлар онгини заҳарлашга қаратилган “ахборот хуружлари”га нисбатан ҳам “иммунитет” пайдо бўлиб бораверади. Бузғунчи ғояларга асосланган салбий ахборотларга нисбатан “иммунитет” пайдо бўлдими, энди уни муттасил ривожлантириб бориш ҳам ахборот асрининг талабларидан бирига айланаётганини изоҳлашга ҳожат йўқ.

Хориж радиоэшиттиришлари, интернет ва бошқа очиқ ахборот тизимлари орқали юртимизга кириб келаётган вайронкор ғоялар ёшлар онгини заҳарлай бошладими, демак, бу хатарга бепарво қараш мумкин эмас. “Агарки биз бундай хатарларга қарши ўз вақтида қатъият ва изчиллик билан кураш олиб бормасак, турли зарарли оқимлар бизнинг юртимизга ҳам шиддат билан ёпирилиб кириши, ёшларимизни ўз гирдобига тортиб кетишини, оқибатда уларнинг ота-она, оила, эл-юрт олдидаги бурчи ва масъулиятини ўйламайдиган, фақат бир кунлик ҳаёт билан яшайдиган худписанд кимсаларга айланиб қолиши мумкинлигини тасаввур қилиш қийин эмас,– деб таъкидлади давлатимиз раҳбари.– Такрор айтишга тўғри келади – ота-оналар, устоз-мураббийлар бу масалада ҳушёрликни йўқотмаслигимиз, ёшлар тарбиясида асло бепарво бўлмаслигимиз зарур”1.

Дунё ягона ахборот маконига айланган бугунги кунда бирор ахборотнинг йўлига сунъий тўсиқ қўйиб бўлмайди. Истиқлол шарофати билан дунёга юз очган, ёшлари дунё тилларини бемалол эгаллаб, “интернетомания” касалига чалиниш арафасида турган юртмизга ҳам яхши, ҳам ёмон таъсирлар, турли хуружлар мавжудлиги шароитида шахснинг ўзини-ўзи психологик жиҳатдан салбий таъсирлардан ҳимоя қила олиш имкониятларини кенгайтириш энг долзарб муаммолардан биридир2.

Юртимиз мустақилликка эришганидан буён халқаро маданий алоқалар кенгайиб бораётгани ижобий ҳодиса. Умумбашарий, жаҳон маданиятини ҳар томонлама ўрганиш халқлар дўстлигини янада мустаҳкамлашга, дунё билан бўйлашишга хизмат қилади. Ўз навбатида ўзбек маданияти ва санъати ҳам дунёда янада кенгроқ ўрнига эга бўлаётгани эътиборга моликдир. Сўнгги йилларда биргина “Ўзбегим ёшлари” бадиий жамоасининг Малайзиядан Испаниягача ўнлаб давлатларда ўз санъатларини намойиш этиб келганлари миллий маданиятимизнинг дунё узра қанот қоқаётганидан далолатдир. Ёш тадқиқотчи Барно Мелиқулова ёзганидек, маданият – умуминсоний ҳодиса, фақат бир халқнинг ўзигина яратган соф маданият бўлмайди ва бўлиши ҳам мумкин эмас. Ҳар бир миллий маданиятнинг асосий қисмини шу миллат ўзи яратган бўлса-да, унда жаҳон халқлари яратган умуминсоний маданиятнинг улуши ва таъсири бўлади3. Муҳими, ҳали онги тўла шаклланиб улгурмаган айрим ёшларнинг ана шундай муҳитда миллий ўзлигимизга салбий таъсир қиладиган “оммавий маданият” ниқоби остидаги ёт ғоялардан ўзини ўзи психологик ҳимоя қила олишида. “Агарки биз Ўзбекистоннинг ўзимиз орзу қилган эртанги ёруғ кунини, буюк келажагини барпо этмоқчи бўлсак, бир ҳақиқат барчамизга равшан бўлиши керак: бу вазифа, авваламбор, бошлаган эзгу ишларимизнинг давомчиси бўлган, ўз олдимизга қўйган юксак марраларга эришиш йўлида ҳақиқатан ҳам ҳал қилувчи кучга айланиб бораётган, таянчимиз-суянчимиз бўлмиш болаларимизни бундай ёвуз таъсирлардан ҳимоя қилиш билан бевосита узвий боғлиқдир,– деб ёзганди давлатимиз раҳбари.– Бошқача айтганда, ёш авлодимизнинг қалби ва онгини асраш, уларни миллий ва умумбашарий қадриятлар руҳида тарбиялаш, фарзандларимизнинг дунёда рўй бераётган сиёсий жараёнларнинг маъно-мазмуни ва асл сабабларини чуқур англаши, ўз атрофида содир бўлаётган воқеалар ҳақида ҳаққоний маълумотларга, энг муҳими, ўз мустақил фикрига эга, содда қилиб айтганда, оқни қорадан ажратишга қодир бўлишига эришиш таълим-тарбия ва маънавий-маърифий ишларимизнинг асосий шарти ва мезони бўлиши даркор”4. Шуни ёдда тутиш жоизки, сўнгги йилларда ҳали шаклланиб улгурмаган ёшлар онгини заҳарлаш, уларни ўз таъсирларига тушириш учун атайлаб қилинаётган “маданий тажовуз”лар ҳам йўқ эмас. Бу тажовузларни чиппакка чиқаришнинг йўлларидан бири – ўсиб-униб келаётган ёш авлод онги ва қалбида мафкуравий иммунитетни кучайтириб боришдан иборатдир. Зеро, етарли даражада мафкуравий иммунитетга эга бўлган шахслар ҳар қандай ахборот хуружларидан ўзини ўзи психологик ҳимоя қилиш хусусиятига эга бўлади.

Очиқ ахборот тизимлари шароитида фуқароларнинг турли мафкуравий таҳдидлардан ўзини ўзи ҳимоя қилишлари илмий жиҳатдан ўрганилган. Мутахассислар фикрича, психологияда эгоцентризмнинг бир қанча турлари – билишга оид, ахлоқий ва коммуникатив эгоцентризмлар фарқланади. Охиргиси – бошқаларга бирор хил маълумот бериш жараёнида уларнинг фикри билан ҳисоблашмаслик, уларни менсимасликда намоён бўлади5. Аён бўлишича, бугунги кунда ахборот хуружлари уюштираётганлар айнан шундай эгоцентризм қобиғида ҳаракат қилишмоқда. Улар ўз манфаатларини кўзлаб иш тутадилар. Мақсадлари эса ёш авлод онгини қамраб олишга қаратилган. Демак, улар учун психологик ҳимоя зарур. Ўзини ўзи психологик ҳимоя қилишга эришиш учун ҳар бир шахсда мустақил фикр бўлиши, воқеликларга фаол фуқаролик позицияси нуқтаи назаридан ёндашиши зарур.

Биз фаол фуқаролик позицияси ҳақида қачондан буён баралла айтадиган бўлдик? 1991 йил 31 августда Ўзбекистон давлат мустақиллигини эълон қилгач, собиқ мустабид тузумни қўмсайдиган, тарих ғилдиракларини ортга қайтаришга уринадиган кимсалар ҳам пайдо бўла бошлади. Давлатимиз раҳбари ўринли таъкидлаганидек, ўша даврдаги “қийинчиликларнинг сабаби иттифоқнинг парчаланиб кетгани билан боғлиқ эмиш”. Россиянинг ўша даврдаги раҳбари Борис Ельциннинг “собиқ Иттифоқни қайта тиклаш фожиага айланиб кетади” деган фикри эркпарвар кишилар томонидан тўла қўллаб-қувватлангани ҳам бежиз эмас. Шундай шароитда юрт мустақиллиги учун қайғурадиган кишилар аввало фаол фуқаролик позициясига эга бўлиши заруратга айланган. Бу зарурат бугун ҳам аҳамиятини йўқотгани йўқ. Зотан, фаол фуқаролик позициясига эга бўлган кишигина ахборот хуружларига дуч келганида ўзини ўзи осонгина психологик ҳимоя этишида муаммо пайдо бўлмайди.

Собиқ иттифоқни қайта тиклашга уринишлар замирида буюк давлатчилик шовинизми ва миллатчилик таҳдиди аён кўриниб турарди. Юртбошимиз бу масалага ойдинлик киритар экан, бундай вазиятда қуйидаги хавфлар пайдо бўлишидан огоҳ этган:

Биринчидан. Халқаро, давлатлараро ва элатлараро қарама-қаришиликни келтириб чиқариш;

Иккинчидан. Халқаро-ҳуқуқий ва ички давлат суверенитетимизни рўёбга чиқаришга қаршилик кўрсатиш;

Учинчидан. Ўзбекистоннинг ташқи иқтисодий алоқаларини чегаралашга, уларни тенг ҳуқуқли бўлмаган шароитга солиб қўйишга уриниш;

Тўртинчидан. Мамлакатимиз аҳолисига ахборот орқали ва мафкуравий йўл билан тазйиқ ўтказиш, жаҳон афкор оммасида Ўзбекистон ҳақида нотўғри тасаввур туғдиришга интилиш6 ва ҳоказо.

Жаҳон майдонида муносиб ўрнига эга бўлган мамлакатимиз тараққиёт сари дадил одимлаётган ҳозирги шароитда ахборотлар таҳдидига ҳам дуч келаётган эканмиз, аввало ёш авлодда мафкуравий иммунитетни ошириб бориш орқали улар қалбида ватанпарварлик, инсонпарварлик туйғуларини тўғри шакллантиришга эришиш мумкин. Бунинг учун оилада ва таълим муассасаларида ҳам жиддий ҳаракат қилиш заруратга айланмоқда. Негаки, хавфсизликка солинаётган таҳдидлар анча серқирра. Улар сиёсий эктремизм, шу жумладан диний руҳдаги экстремизмни, миллатчилик ва миллий маҳдудликни, этник, миллатлараро, маҳаллийчилик ва уруғ-аймоқчилик асосидаги зиддиятларни, коррупция ва жиноятчиликни, экология муаммоларини ўз ичига олади7.

Жамиятга ахборот ҳужумларнинг турлари жуда кўп. Ёшларни ана шу ҳужумлардан ўзини ўзи психологик ҳимоя этишга ўргатиш учун аввало ўша воқелик ё ахборотнинг моҳиятини тўғри тушунтириш зарур. Яъни, ахборот хуружларига қарши мақолалар, бадиий асарлар, кино ва видеофильмлар яратиш орқали ҳам кенг жамоатчиликда “иммунитет” уйғотиш мумкин. Айтайлик, шоир Эркин Воҳидовнинг “Бир бурда нон” шеърида юртимизга сайёҳ қиёфасида келадиган айрим хорижликларнинг тирноқ орасидан кир ахтаришга уринишлари замирида қандай мақсад борлиги ва бу ҳақиқий “ахборот хуружи” эканлиги бадиий бўёқларда ҳаққоний тасвирланганини тушунтириш керак. Шеърда шундай сатрлар бор:

 

Мўйсафид йўл узра бир бурда нонни

Тупроқ орасида кўрдию ногоҳ,

Аста қўлга олди, ўпди, бу онни

“Шақ” этиб сувратга туширди сайёҳ.

Бир куни бу суврат олис маконда

Рўзномалар аро бўлди намоён,

Ёздилар: шўрлик халқЎзбекистонда

Мана шундай яшар зору нотавон.

Ким рад этар сурат далолатини,

Ишонмай, не қилсин бехабар одам?

Ўзбек деб аталган халқ одатини

Қаёқдан ҳам билсин бехабар олам?

Қаёқдан ҳам билсин ғофил одамлар,

Бир бурда нон узра энгашган шу чол,

Кеча тўй қилганин катта ош дамлаб

Етмишга етгани учун безавол?

Бу шеърдан мақсадим раддия эмас,

Юртим жаҳон билган Ўзбекистондир.

Дастурхони олам қилгудек ҳавас,

Лекин нон қадри ҳам унга аёндир8.

 

Очиғи, ҳозир ҳам айрим хориж радиоэшиттиришларида тилга олинадиган “мавзу”лар учун маълумотлар “Бир бурда нон” шеъридаги воқеаларга ўхшаш ҳолда тўпланишини асослаб бериш мақсадга мувофиқдир. Бундан ўз мустақил фикрига эга бўлган ёшлар тўғри хулоса чиқарадилар ва шунга ўхшаш ахборот ҳужумларга тўғри келганда ўзини ўзи психологик ҳимоя қилишга қийналмайдилар.

Хориж телекўрсатувлари ва радиоэшиттиришлари, шунингдек, интернет хабарларига алоҳида қизиқиш билан қарайдиган юртдошларимиз ҳам кам эмас. Уларга қайси ахборот тўғри ва холис ёритилгану қай бири нотўғри эканлигини битталаб тушунтириб боришнинг имкони йўқ. Яхшиси, одамлар тўғри ё ғаразли мақсадда ёритилган ахборотнинг фарқлай оладиган даражада бўлишига эришиш ҳар бир шахснинг ўзини ўзи психологик ҳимоя қилишига ёрдам беради. “Дунёнинг демократик қадриятларидан баҳраманд бўлишда аҳолининг билимдонлиги муҳим аҳамият касб этмоқда,– деб ёзади давлатимиз раҳбари.– Фақат билимли, маърифатли жамиятгина демократик тараққиётнинг барча афзалликларини қадрлай олишини ва, аксинча, билими кам, оми одамлар авторитаризмни ва тоталитар тузумни маъқул кўришини ҳаётнинг ўзи ишонарли тарзда исботламоқда”9. Буни бугунги маърифатли жамиятимизда айниқса зиёлилар ҳаётида яққол кузатиш мумкин. Маънавий олами юксак инсон онгини ҳеч ким бузғунчи ғоялар билан чалғита олмайди.

Таассуфки, беш қўл баробар эмас, деганларидек, маънавий қашшоқ ва дунёқараши ҳаминқадар кимсалар йўқ эмас. Ҳали онги ва дунёқараши тўла шаклланиб улгурмаган айрим ёшлар эса турли зарарли таъсирларга ҳам тез берилувчан бўлади. Уларда зарарли таъсирлардан ўзини ўзи психологик ҳимоя қилиш тушунчаси ҳам бўлмайди ҳисоби. Айтайлик, бетгачопарлик, андишасизлик каби Ғарбда ривожланган ахлоқсизликни бизнинг ёшлар онгига сингдиришга уринаётганлари тагида жуда катта фалокат бор. Бу демократия эмас, балки демократия ниқоби остида миллий қиёфани бузиш, миллий ифтихор ва ўзликни англашдан маҳрум этиш10 эканлигини изоҳлашга ҳожат йўқ. “Оммавий маданият” ниқоби остида кириб келаётган ана шундай зарарли таъсирлардан жамиятни тўлақонли ҳимоя этишнинг энг самарали йўли – ҳар бир шахснинг ўзини ўзи психологик ҳимоя қила олишига эришишдир. Мутахассислар фикрича, психологик ҳимоя – шахсни турли салбий таъсирлардан асрашга, психологик таъсирни бартараф этишга хизмат қилади. Шундай холатларда одам одатда шахслараро муносабатларда ўзини бошқачароқ тутадиган бўлиб қолади. Бунда қатор ҳимоя механизмларига риоя этиш мақсадга мувофиқдир. Яъни, очиқ ҳис-кечинмаларни босиш, рад этиш, яъни номаъқул маълумотни очиқ рад этиш, унга қўшилмаслик, проекция, идентификация, регрессия, ёлғизланиш, рационализация, конверсия11 йўлларидан фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.

Юқорида таъкидлаганимиздек, мустақил фикрга эга бўлган инсон ўзига нисбатан қаратилган яхши ёки ёмон маълумотнинг моҳиятига етиши мумкин ва унга нисбатан ўзида муайян тасаввур ҳосил қилади. Турли ёт ғоялар ва ахборот хуружларидан ўзини ўзи психологик ҳимоя қилиш қобилиятига эга бўлади. “Дунё сиёсати саҳнида мафкура полигонларининг тобора кенгайиб бораётгани, мафкура уруши оқибатлари ядро полигонларида синовдан ўтказилган даҳшатли қуроллардан кўра хавфлироқ экани ҳеч кимга сир бўлмай қолди,– деб ёзади журналист Қўчқор Норқобил.– Гегемонликка муккасидан кетган ташқи кучларнинг ягона мафкура маконини яратишга астойдил уриниши, ўзга халқлар, миллатлар устидан ҳукмронлик қилиш иштиёқи тобора аланга олиб боряпти. Глобаллашув, демократия экспорти, тезкор ахборот тарқатиш мафкуравий хуруж учун асқотмоқда”12. Бундай хуружларга қарши кураш мудом давом этаркан, биринчи галда ёш авлод онги ва қалбида мафкуравий иммунитетни муттасил ошириб бориш мақсадга мувофиқдир.

 Назорат саволлари:

  1. Инсон руҳий кечинмалари нималар билан боғлиқ?
  2. Илк бора инсонда “иммунитет” қандай ҳосил бўлади?
  3. Мафкуравий “иммунитет” нима?
  4. Бугун бирор ахборотнинг йўлига сунъий тўсиқ қўйиб бўладими?
  5. Шахснинг ўзини ўзи психологик ҳимоя қилиши деганда нимани тушунасиз?
  6. Психологияда эгоцентризмнинг қандай турларини биласиз?
  7. Собиқ иттифоқни қайта тиклашга уринишлар замирида қандай хавфлар пайдо бўлиши мумкин?
  8. Шоир Эркин Воҳидовнинг “Бир бурда нон” шеърида “ахборот хуружи” ва унга муносабат қандай бадиий бўёқларда ифода этилган?

 ж1

 

1 Каримов И.А. Юксак маънавият – енгилмас куч. –Т.: Маънавият, 2008. – 15 б.

2 Қаранг: Каримова В. Очиқ оммавий ахборот тизими шароитида шахснинг психологик ўзини-ўзи ҳимоялаши. /Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси жорий архиви, 2006.

3 Қаранг: Мелиқулова Б. Маданиятлар тўқнашуви. –Т.: Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси нашриёти, 2009. – 8 б.

4 Каримов И.А. Энг асосий мезон – ҳаёт ҳақиқатини акс эттириш. –Т.: Ўзбекистон, 2009. – 8-9 б.

5 Қаранг: Каримова В. Очиқ оммавий ахборот тизими шароитида шахснинг психологик ўзини-ўзи ҳимоялаши. /Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси жорий архиви, 2006.

6 Қаранг: Каримов И.А. Ўзбекистон XXI аср бўсағасида: хавфсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари. /Ўзбекистон буюк келажак сари. –Т.: Ўзбекистон, 1999. – 466-467 б.

7 Қаранг: ўша асар, 426 б.

8 Қаранг: Эркин Воҳидов. Садоқатнома. Сайланма. –Т.: Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 1986. – 119-120 б.

9 Каримов И.А. Ўзбекистон XXI аср бўсағасида: хавфсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари. /Ўзбекистон буюк келажак сари. –Т.: Ўзбекистон, 1999. – 534-535 б.

10 Қаранг: Комилов Н. ва бошқ. Маърифатли жамият мухолифлари. –Т.: Академия, 2005. – 25 б.

11 Қаранг: Каримова В. Очиқ оммавий ахборот тизими шароитида шахснинг психологик ўзини-ўзи ҳимоялаши. /Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси жорий архиви, 2006.

12 Қўчқор Норқобил. Онгни заҳарлаш йўлидаги кураш ёхуд жаҳонни тобе этиш даъвосидаги мафкуравий хуружлар. //Даракчи, 2009, 21 май, 7 б.

You may also like...

52 Responses

  1. Avvalo ushbu «Axborot psicologik xavfsizlik» kursining ma’ruzalarini o’qib yangi dunyoga tushgandek bo’laman. Bu mubolag’a yoki shunchaki gap eman. Isboti bor. Masalan ma’ruzalarda biz har kuni ko’radigan, eshitadigan odatiy hayotiy axborotlar, ma’lumotlar haqida noodatiy gaplar bor. Biz har kuni hayotimizda eshitadigan gaplarga ahamiyat bermaymiz ushbu ma’ruzalarni o’qib esa ongimizda o’zimiz yashayotgan dunyoyimizga nisbatan yangicha qarashlar shakllanadi.

  2. Mavzuga keladigan bo’lsak, hozirda dunyo yagona axborot makoniga aylanayotgan bir vaqtda yoshlarning ma’naviyatini o’stirib, noto’g’ri axborotlarning salbiy ta’siridan o’zini o’zi himoyalay olish immunitetini oshirish eng dolzarb vazifalardan biri hisoblanishi ushbu ma’ruzada ham yaqqol aytib o’tilgan. Albatta, har bir davlat kelajagi voyaga yetib kelayotgan yoshlar qo’lida. Yoshlarni tarbiyalab, davlat kelajagini ishonib topshiradigan darajaga olib kelish, vatanimiz ravnaqi yo’lida ulkan marralarni zabt etishga qodir qilib voyaga yetqazish muhim ahamiyatga ega. «Guruch ko’rmaksiz bo’lmaydi» deganlaridek, yoshlarning ongini zaharlashga, ularni buzg’unchi g’oyalarga undashga urinayotgan kimsalar ham yo’q emas. Agar aql bilan ish ko’rib tafakkur bilan ish tutilsa, ma’naviyati yuqori bo’lgan xalqimiz uchun bu muammo bo’lmaydi. «Quruq qoshiq og’iz yirtar» faqat yomon niyatli kimsalar bor, yoshlarni buzg’unchi g’oyalarga da’vat etmoqda deb jar solganimiz bilan foydasi yo’q. Ma’ruzada keltirilganidek, buni oldini olish, yosh avlodni tarbiyasi yo’lida ma’suliyatli bo’lish kerak. Oiladan boshlab, bog’cha, maktab, kollej va litseylardagi ta’lim-tarbiya tizimida e’tiborli va ma’suliyatli bo’lish lozim. Bola tug’ilganidayoq onadan axborot ola boshlaydi, yaxshi yomonni ajratishni o’rganadi. Bolaning ongiga usha paytdanoq to’g’ri va no’to’g’ri axborotni farqlash olishni va to’g’risini tanlay bilishni o’rgatish lozim. Zero, ona suti bilan ongi tozalangan bolaning ma’naviyati hamda o’zligini hechqanday yovuz kuchlar yo’qotolmaydi.

  3. Rixsiboyev Shaxzod:

    Ma’ruzada keltirilgan gaplar biz uchun judayam kerakli va muhim. Axborot dunyosida yashayotgan inson albatta undagi axborotlarning qaysi biri to’g’riyu qaysi biri noto’g’riligini ajratib olishi zarur chunki har doim ham to’g’ri axborot berilmaydi. Shuning uchun e’tiborli bo’lish talab etiladi. Ma’naviyati yuqori inson buzg’unchi g’oyalarga aldanmaydi, shuning uchun yoshlarning ta’lim va tarbiyasi muhim masalalardan biri hisoblanadi.

  4. Қаёқдан ҳам билсин ғофил одамлар,
    Бир бурда нон узра энгашган шу чол,
    Кеча тўй қилганин катта ош дамлаб
    Етмишга етгани учун безавол?

    Мени чинакамига таъсирлантирган нуқта шу мисралар бўлди! Олам аҳлига ҳақиқий Ўзбекистон қиёфасини, шукурга тўла ҳаётни бизлар кўрсатмоғимиз шарт!

  5. Yuqoridagi bir fikrga to’liq qo’shilaman. Hammaga bu fikr xato, bu ma’lumot to’g’ri deb chiqishning iloji yo’q. Ammo axborotning to’g’ri yoki noto’g’ri ekanligini axborot oluvchining o’zi analiz qila olishiga erishish mumkin. Fanimiz maqsadi ham aynan shu. Meni hayron qoldirayotgan holat bor. Andijon voqealari hammani daxshatga solgan edi. Agar biror hududimizda ayni kunda portlash ro’y bersa ham hamma vahimaga tushib qolishi aniq. Avvalo, o’sha xudud aholisi o’z jonini o’ylab ko’chib ketadi, keyin shunday kunga tushmaslik uchun doim tinch joy qidiradi. Axborot qurol vazifasini bajarayotgan undan-da daxshatli portlashlar allaqachon boshlangan, bu haqda baralla aytilayotgan va ogohlantirilayotgan bo’lsa ham barcha barobar daxshatga tushmayapti. Axir mafkuraviy poligon yadrodan kuchli ekanligini xech kim inkor etmayaptiku. Nega aholi daxshatga tushmayapti? Sababini intervyu va jurnalistik surishtiruv orqali yaxshilab o’rganib ko’rib, bu haqda aniq-tiniq, xulosaviy fikr aytilishi kerak deb o’ylayman.

  6. XXI asr o’z nomi bilan axborot asri. Shunday ekan biz bunday asrda ,albatta, turli xil axborotlarga ehtiyoj sezamiz. O’z navbatida bu axborotlarning ijobiylari bilan birga salbiylari ham bir talay. Ya’ni maruzada aytilganidek xorij radioeshittirishlar, internet va boshqa ochiq axborot tizimlari shular jumlasidan. Bu kabi » madaniy tajovuzlar»ga qarshi kurashish uchun kishilarga pisixologik immunitetning bo’lishi muhim hisoblanadi. Ana shunda mustaqil fikrga ega bo’lgan inson o’ziga nisbatan qaratilgan yaxshi va yomon ma’lumotlarning mohiyatiga yetishi mumkin hamda unga nisbatan muayyan tasavvur hosil qilishi mumkin va albatta, turli yot g’oyalar va axborot xurujlaridan o’zini o’zi himoya qilish qobilyatiga ham ega bo’ladi. Maruzada aynan pisixologik immunitet hosil qilishning samarali yo’llari yoki salbiy ta’sirlarga qarshi himoya mexanizmlari haqida ham fikrlar keltirilib o’tilibdi.

  7. Maysara Ochilova:

    Shifokorlar kasallikning oldini olishni afzal bilishadi. Jurnalistlar ham «axborot xuruji»ga qarshi jamiyat ahlini «emlashsa», «immunitet» hosil qilishsa maqsadga muvofiq, albatta! Hozirda bu borada jurnalistika fakulteti talabalarini Donish domla uzluksiz davolab kelmoqdalar. Axborot xurujiga qarshi immuniteti shakllangan biz, talabalar juda baxtiyormiz. Boisi, «xastalik» larimiz oldi olingach, bugun biz atrofimizga, voqeliklarga umuman boshqacha bir nigoh bilan qarayapmiz.

  8. Ergasheva Nazokat:

    Assalomu alekum muhtaram ustoz!!! Jonkuyarlik bilan ushbu saytni yuritayotganligingiz uchun o’z minnatdorchiligimni bildiraman! Betobligim sababli viloyatga- Qarshqadaryoga ketganligimda barcha fanlardan qolib ketdim. Lekin shuni mamnuniyat bilan aytishim mumkinki, sizning faningizdan ya’ni «Axborot-psixologik xavfsizlik» fanidan mavzularni yetarli darajada o’zlashtirdim. Buning uchun sizga katta raxmat. Ota-onam ham sizga o’z tashakkurlarini aytib yuborishdi.Barcha fanlar shu zayilda o’tilsa biz talabalarga ancha yengil bo’lardi…

  9. Zarnigor Yusupova:

    Ma’ruza menga juda ham yoqdi. Yuqoridagi fikrnomalardagi fikrlar ham menga juda ma’qul keldi. Hozirgi axborot asrimizda o’z ongimizda mafkuraviy immunitetni shakllantira olsak hech qanday «axborot huruji» bizga ziyon yetkaza olmaydi. Buning uchun ko’proq o’qishimiz va izlanishimiz lozim. Bunda biz Yurtboshimizning asarlarini qo’llanma qilib olsak maqsadga muvofiq bo’lar edi deb o’ylayman.

  10. Darhaqiqat, biz axborotga to’yingan asrda yashayapmiz. Kun sayin dunyo hamjamiyatida va mamlakat sahnida ro’y berayotgan voqea-hodisalardan biz yoshlar tezkorlik bilan xabar topamiz, buning uchun bizga Internet eng ishonchli vosita bo’lib xizmat qilmoqda. Yurtboshimiz ta’kidlaganlaridek, «hozirgi kunda yadroviy poligonlardan ko’ra mafkuraviy poligonlar xavfli bo’lib bormoqda» , shunday ekan, chetdan kirib kelayotgan turli buzg’unchi va yot g’oyalarga aldanmasligimiz uchun o’zimizda mafkuraviy immunitetni shakllantirmog’imiz va uni yanada rivojlantirishimiz darkor. Zero, yoshlar ertangi kun egalari.

  11. Biz axborotga to’yingan asrda yashayapmiz. Kun sayin dunyo hamjamiyatida va mamlakat sahnida ro’y berayotgan voqea-hodisalardan biz yoshlar tezkorlik bilan xabar topamiz, buning uchun bizga Internet eng ishonchli vosita bo’lib xizmat qilmoqda. Yurtboshimiz ta’kidlaganlaridek, «hozirgi kunda yadroviy poligonlardan ko’ra mafkuraviy poligonlar xavfli bo’lib bormoqda» , shunday ekan, chetdan kirib kelayotgan turli buzg’unchi va yot g’oyalarga aldanmasligimiz uchun o’zimizda mafkuraviy immunitetni shakllantirmog’imiz va uni yanada rivojlantirishimiz darkor. Zero, yoshlar ertangi kun egalari.

  12. Abutalipov Abduaziz:

    Bugungi hayotimizda «axborot urushlari» kundan kunga avj olib kelmoqda. Buning isbotini biz har kuni teleradiokanallar orqali kuzatib bormoqadamiz. Rossiya Federatsiyasi telekanallari orqali berilgan axborotlar Yevropa Ittifoqi telekanallarida berilgan ma’lumotlar bir biridan keskin ravishda farq qiladi. Vaholanki, ikki tomon ham bir voqea va hodisani yoritayotgan bo’lishadi. Bunday holatda jamiyat o’zida axborotni «filtirlash» mexanizmini ishlab chiqmog’i lozim. Shu o’rinda axborotning asosiy qismi bilan ishlovchi jamiyatning bir bo’g’ini jurnalistika sohasi birinchi planga chiqadi. «Axborot psixalogik xavsizligi» fani esa jurnalistlar uchun «axborot urushlari» ga qarshi «Filtr» o’rnini egalamog’i kerakdir.

  13. Sher haqiqatdan ta’sirli. «Qayoqdan ham bilsin g’ofil odamlar» misrasidan boshlab, to’rt misra o’qishni o’ziyoq O’zbekiston va uning ahli qanday ekanligidan dalolat beradi.

  14. Oila, boqcha, maktab va jamiyat inson ongini shakllanishiga, yuksak manaviyatli komil inson bo’lishiga ko’maklashdi. Ta’lim tarbiya inson uchun nihoyatda zarur hisoblanadi. Kishi ko’rgan kechirganlaridan foydalanib oldida turgan muammolarni yechadi. Menimcha, yoshlarni o’z-o’zini himoya qiladigan qilib tarbiyalash uchun, kattalarimiz o’rnak bo’lishi kerak. Faqat quruq gap bilan emas, balki uni amalda ko’rsatishi lozim. Aytishadiku, ming marta eshitgandan bir marta ko’rgan afzal!

  15. Insoniyan inson bo’lib tug’iladi, shaxs bo’lib shakllanadi. Bugungi dunyoda yuz berayotgan voqea-hodisalardan yoshlarni boxabar qilishimiz va ularga nisbatan kuchli imunitetni shakllantirishimiz zarur. Aynan insonlarning shaxs bo’lish jarayonida bunga katta e’tibor qaratishimiz lozim deb o’ylayman. Dastlabki ta’lim-tarbiyalar oila, boqcha, maktab, mahalla, kollej kabi dargohlarda boshlanadi. O’sha vaqtdagi shakillangan kuchli ma’naviy imunitet kelajakdagi har qanday tahtidga munosib javob bo’la oladi.

  16. Ma’ruzani o’qib ko’p narsalaga ega bo’ldim. Har bir inson axborot olayotganda uni tahlil qilishi, to’g’ri noto’g’riligini analiz qilishi kerak. Buning uchun yuksak ma’naviyatli bo’lmog’i lozim.

  17. Ortiqov Husanning yozgan sharhida xatoliklarga yo’l qo’yilgan ekan.O’sha vaqtdagi shakllangan kuchli ma’naviy immunitet kelajakdagi har qanday tahdidga munosib javob bo’la oladi deb yozilsa, maqsadga muvofiq bo’ladi nazarimda.

  18. Nigora Ergasheva 202.:

    Mazkur fan doirasida keltirilgan har bir ma`ruzaga e`tibor qaratadigan bo`lsak, asosiy g`oya yoshlarni turli axborot hurujlaridan qanday himoyalash, ularda axborot psixologik xafsizlikka bo`lgan qarashni shakllantirish borasida nazariy hamda amaliy ko`nikmalar berib borilmoqda. Chunki insonada birdaniga yolg`on axborotlarga qarshi kurashishda mafkuraviy immunitet paydo bo`lib qolmaydi. Ular sekin astalik bilan ijobiy fikrlar va g`oyalar asosida to`yintirilib boriladi va hech kimning tazyiqlariga osongina tushib qolmaydigan mafkuraviy immunitet shakllanadi.
    Mazkur ma`ruzada keltirilgan she`r meni qattiq ta`sirlantirdi. Darhaqiat, hozirgi kunda bir voqea-hodisa haqida faqatgina ko`rganimizga yoki eshitganimizga ishonib qolishdek odatga, ya`ni qo`pol bo`lsa ham aytishga majburman «kasallik»ka uchrab qolganmiz. u haqida har kim har xil fikrlaydi. Asl mohiyatni anglab yetmasdan xulosa chiqarishga shoshilamiz. Bu esa, yuqoridagi misralarda keltirilgan sayyohga o`xshab qolishga olib keladi.Shuning uchun ham, hech qachon isbotini topmagan fikrlarga aldanib qolmaslik, biz yoshlarning oldida turgan eng dolzarb masala bo`lib qolmoqda desam yanglishmagan bo`laman.

  19. Biz bugun axborot bilan birga nafas olmoqdamiz. Atrofimizda shu qadar ko’p axborot oqimi mavjudki, biz ularni barchasini birday qabul qila olmaymiz, faqat o’zimizga kerak bo’ladiganlarini tanlab o’zlashtiramiz. Ammo bir savol tug’iladi! Biz o’zimizga kerakli bo’lgan axborotni qanday tanlay olamiz.? Buning uchun biz axborot psixologik xavfsizlik faniga yengil qaramasligimiz zarur. Bejiz maskur fan prezidentimiz tomonidan ta’lim tizimiga joriy etilmagan.

  20. Asosan ruhan yolg’iz va doimiy depressiya holatida insonlar axborot xuruji domiga tushib qladilar.
    Manipulyatsiyaga moyillik bo’ladi.

  21. Axborot xuruji uyushtirayotgan kimsalar ham aynan shunday kishilarni qidiradi

  22. Yuqoridagi ma’ruzadan bilish mumkinki, bugungi globallashuv davrida axborotga bo’lgan talab bir necha bor oshgan. Chunki aynan axborot orqali turli shaxslar dunyo yangiliklaridan xabardor bo’lib boradi. Bu esa o’z navbatida yot g’oyalarning ham mamlakat hududiga kirib kelishini tezlashtiradi. Shunday ekan, buzg’unchi g’oyalarga qarshi kurashish 7 yoshdan 70 yoshgacha bo’lgan har bir aholi zimmasiga tushadi. Axborot orqali qilinayotgan hurujlarni e’tiborsiz qoldirmaslik kerak. Avvalo, inson o’zida mafkuraviy immunitetni shakllantirishi va har bir axborot negizida nima yotganligini fahmlashi talab etiladi. Shundagina kishi o’zini himoya vositasini shakllantirgan bo’ladi.

  23. Tòg’ri yoki g’arazli maqsadda tarqatilgan xabarlarni farqlash uchun birinchi navbatda yuksak ma’naviyat bòlishi lozim. Bugungi kunda, inson ongini egallash va shu orqali uni boshqarish uchun kurash kechmoqda. Mana shunday tahlikali zamonda har birimiz ogoh bòlishimiz shart. Atrofingizda bòlayotgan voqealarga befarq bòlmaslik, yaqin qarindoshlarinigiz, dòstlaringiz qanday yumush bilan band ekanligi bilan qiziqish kerak. Shunda bir-birimizga yordam bergan bòlamiz!

  24. Bugungi kunda har birimizdan axborot xurujidan tòğri himoyalanishimiz talab etiladi.Shunday ekan har birimiz ózimizda ,sóng yon atrofimizdagilarda mafkuraviy immunitet negizini yanada mustahkamlashimiz kerak .Menimcha shunda kòzlagan maqsadimizga erishamiz.

  25. Odam hamma vaqt o’zini o’zi idora qila olmog’i kerak. Buning uchun unga eng oliy ne’mat «sabr» va «matonat» kerak bo’ladi. Buni hosil qilish uchun esa, jurnalistikada o’qish va uchildiz sayti ma’lumotlari bilan tanishish zarur bo’ladi.

  26. Biz hech qachon xalqimizga chet el ko’rsatuvlari va eshittirishlarini ko’rmasligini taqiqlay olmaymiz. Shu sabab, axborot qabul qilishni ularning o’zlariga qo’yib beramiz. O’ylaymanki yuqori saviyadagi odamlar hech qachon noto’g’ri fikrlamaydi. Bizning xalqimiz har qanday holatda ham o’zini o’zi qo’lga ololadi, ya’ni har qanday axborotga tayyor.

  27. Internet-ochiq maydon. U yerdan biz xohlagan ma’lumotimizni olishimiz va albatta, xohlagan ma’lumotimizni joylashtirishimiz mumkin. Bu imkoniyat virtual olamning barcha an’anaviy OAV orasidagi eng katt farqi bo’lib kelmoqda. Shu jihati bilan internetni yangi fenomen deb atashimiz mumkin. Zero, uni o’zgartirish o’z qo’limizda ekan, internet xavflaridan qo’rqishning hojati yo’q. Balki, bu maydonni ham ko’plab insonlar qatori, jumladan To’lqin Eshbekov ustozimiz singari ziyo bilan to’ldirish o’z qo’limizda. Keling, do’stlar virtual olamni, qaysidir ma’noda «o’rgimchak to’ri»ni ziyo nurlari bilan yoritaylik!

  28. Soxta axborotlardan himoyalanishning eng yaxshi usuli — barcha axborot manbalariga ehtiyotkor yondashish, ularga tanqidiy va tahliliy nazar bilan qarab, mustaqil xulosa chiqarish.

  29. Eng asosiysi, biz o’zimizda axborotlarni saralab olish ko’nikmasini shakllantirishimiz, har qanday yot va zararli g’oyaga munosib javob qaytarishga shay turishimiz kerak. Shundagina internet ham, axborot xurujlari ham biz uchun qo’rqinchli bo’lmay qoladi.

  30. Hozirgi kunda o’zini o’zi himoya qilish uchun har doimgidan ham muhumroq kitob ko’proq mutola qilish lozim deb bilaman va jahon axborotlarini muntazam kuzatib va eng asosiysi donish domlaning darsida maruzalarini fikrlarini qund bilan tinglab albatta saboq olish lozim.

  31. *Bugungin kunda himoyalanishni immunitet berishni bolalar bohchasidan boshlasak yaxshiroq bolar edi. Donish domlamiz aytganidek eshshak, mol, tovuq va hokazo jonvorlarni mehnati halolu ammo bu jonvorlarni noto’g’ri talqin qilishni bolalar bog’chasida to’g’rilab ularni ardoqlashni o’rgatish lozim.

  32. Va shu navbatta axborot psixologik xavfsizlik fanini maktab, kollej va litsey o’quvchilariga ham joriy etish loizm

  33. Hozirgi kunda axborotning tahdidi, butun bir yurtni ag’dar-to’ntar qilishga olib kelmoqda. Axborot hurujlari xalqlarni, bir butun millatni yo’q qilishga olib keladi. Axborot huruji xavfi eng daxshatli xavflarni keltirib chiqaradi, shunday ekan biz buday hurujlardan himoyalanish uchun o’zimizni nazorat qila bilishimiz, «Axborot-psixologik xavfsizlik» fanini o’rganib borishimiz kerak.

  34. Bugungi kunda istalgan sohada fan texnika yutuqlarini ko’rishimiz mumkin. Shu jumladan globallashuv jarayoni hamma sohaga o’z ta’sirini ko’rsatmoqda. Bu bir tomondan ijobiy natijalarga olib kelsada, ikkinchi tomondan esa salbiy oqibatlarni yuzaga keltirib chiqarmoqda.

  35. Salbiy oqibatlar shundan iboratki, turli axborot makoni ichida inson adashib qolishi mumkin. Masalan, har xil yot g’oyalar ayniqsa, yoshlarni o’z girdobiga tortishga urinadi.

  36. Azizbek Ramazonov:

    Ochiq axborot tizimlari tobora ko`payib bormoqda. axborot xurujlari ortgani sari shaxsning o`zini o`zi himoyalash ko`nikmalariga ega bo`lishi dolzarb ahamiyat kasb etmoqda, ta’bir joiz bo`lsa, zaruriyatga aylanmoqda. Har bir insonda ma’naviy «immunitet» shakllanmas ekan, biz axborot xurujlaridan butunlay xalos bo`la olmaymiz. axborot-psixologik xavfsizlik fanini nafaqat jurnalistika sohasi vakillariga, balki qolgan yo`nalishda faoliyat olib borayotganlarga ham o`tish kerak deb hisoblayman. Chunki axborot xurujlari soha tanlamaydi. Unga qarshi hamma bir yoqadan bosh chiqarib kurashishi kerak!

  37. Axborotni to’plash, tahrir qilish va tarqatishga yo’naltirilgan ijtimoiy faoliyatning dastlabki kurtaklari qadim-qadimdan paydo bo’lgan. Bugunga kelib esa uning turli ko’rinish hamda vositalari mavjud bo’lib, kun tartibida turgan asosiy vazifa esa inson o’zi uchun «ijtimoiy foydali» bo’lgan axborotni tanlay olishidir.

  38. Bugungi tezkor axborot makonida kerakli ma’lumotni olishda har jihatdan yetarli bilimga ega bo’lishimiz zarur. Boisi, o’zi axborot-psixologik ta’sir nafaqat bir shaxsga, balki butun bir mamlakatning ichki va tashqi siyosatiga bevosita aloqador masaladir. Ma’ruzada esa, bu boradagi fikrlar to’liq bayon etilgan.

  39. Fotihbek Abdurahimov 201-guruh:

    Hozirgi paytda vayronkor qarashlar va g’oyalarni ilgari surayotgan » ishbilarmon» lar o’zlariga o’qimishli, o’z sohasining yetuk muttaxasisi sifatida tanilgan yoshlarni ergashtirmoqchi bo’lishmoqda. Sababi qurol bilan jang qilib bosqincilik qilgandan ko’ra bilim bilan egallash osonroq ularning nazarida.

    Bunday yod kuchlarga qarshi mustaxkam iroda va yuksak ilmiy salohiyat bilangina qarshi tura olish mumkin.

  40. Shahriyor Boboqulov 201-guruh talabasi:

    Bugungi kunda internet tarmog’i orqali kirib kelayotgan ma’lumotlarni saralay olish salohiyatimizni bilimimizni kuchaytrishimiz juda ham zarur negaki bugungi kunda internet orqali vayronkor yod g’oyalarni bizning ongimizga singdirishga bo’lgan harakat juda ham avj olmoqda.Shuning uchun avvalambor mafkuraviy immunitetni rivojlantrishimiz kerak.

  41. Ochiq axborot makonida yashayotgan ekanmiz har soniyada xabardor bolayotgan axborotlarimiz qay darajada to’g’ri ekanligini tekshirib ko’rishimiz lozim. Aks holda arzimagan e’tiborsizligimiz natijasida katta muommoli vaziyatlarga duch kelib qolishimiz hech gap emas. Insonlar o’zini o’zi himoya qilmasa, qanaqa qilib o’zini erkin ,mustaqil deb o’ylashi mumkin. Ma’ruzada ham biz uchun kerakli ma’lumotlar keltirib o’tilgani bizni yanada e’tiborli bo’lishga chorlaydi.

  42. Internet axborot makonining muhim bo’g’ini hamda axborot xurujlarining eng samarali vositalaridan biri hisoblanadi. Endi hayotimizni usiz tasavvur eta olmaymiz, ammo undan kelayotgan mafkuraviy xavfga qarshi kurasha oladigan bolishimiz.kerak. Birovlarning yomon g’arazli niyatlariga aldanib qolmasak bo’ldi.

  43. Vatan degan tushuncha shunday muqaddas narsaki, so’z bilan ta’riflamoqchi bo’lsakda butun fikrimizni yetkazib berish mushkulday tuyuladi. Demoqchimanki, u ichki hissiyot bilan uyg’un holda nomoyon bo’ladi. Bugun yurtimizga, tinchligimizga, farovon hayotimizga qarshi bo’lgan «qora niyatli»kimsalarning nima maqsadni ko’zlaganini anglagan holda mamlakatimizga qarshi bo’lgan xavfni bartaraf etish uchun barchamiz bir kuch bo’lib kurashishimiz bizning sharafli burchimiz ekanligini unutmaylik.

  44. Yurtimiz chet davlatlar har tamonlama mustahkamligi, madaniyati va boshqa jihatlariga ko’ra muhim strategik joy hisoblanadi. Lekin hamma ham tinchligimizga havas bilan qaramaydi. Osoyishtaligimizni ko’ra olmasdan qanaqa ishlarni amalga oshirayotganiga guvoh bo’lib turibmiz. Ammo ular hech qachon yovuz niyatlariga erisha olmaydi. Boisi yurtimizda mafkurasi sust rivojlangan, birovlarning gapiga osongina ergashib ketaveradigan insonlar emas, aksincha, har tamonlama yetuk kelajagi buyuk insonlar yashaydi.

  45. XXI asarning dolzarb mavzularidan bo’lgan «axborot uxruji» salbiy oqibatlarini afsuski bizning diyorlarda ham korsatib turibdi. Butun mamlakatni o’z girdobiga tortayotgan bu huruj ayniqsa yoshlarga tez ta’sirini o’tkazishdan to’xtamayabdi. Buni oldini olish va yo’q qilish «Ma’naviy imunitet»ni yuzaga kelishi bilan bog’liq bo’ladi.

  46. Maktab, kollej, litsey va oliy o’quv yurtlarida ta’lim berayotgan ustoz va muallimlar o’zlarining dars jarayonlarida turli axborot xurijlaridan ogox bo’lishimizn ko’p va xo’p ta’kidlab keladilar. Ba;zan esa beparvo bo’lib bunga e;tibor bermaymiz lekin buni asl oqibatlarini to’liq tushunganimizda edi barchamiz kurashar edik. Xechdan ko’ra kech hozir ham kurashishimiz darkor.

  47. Har bir insonda o’zini o’zi himoya qilish instinkti bo’ladi. Bu hususiyatni virtual olamga nisbatan ham uyg’otish kerak. O’shandagina «nomalum ovchilar»ning qurbonlari kamayadi.

  48. O’ziga nisbatan axborot xavfsizligini ta’minlash har bir insonning o’z qo’lida. Olayotgan ma’lumotiga nisbatan ongli inson tanqidiy munosabatda bo’lishi lozim.

  49. Biron bir tinch zaminni parokanda qilish uchun bir nechta shartlarning o’zi kifoya. Bularning barchasi zamirida axborot hurujlari yotadi. Ya’ni, yolg’on ma’lumot hammasini o’zgartira oladi.

  50. O’ziga nisbatan axborot xavfsizligini ta’minlash har bir insonning o’z qo’lida. Olayotgan ma’lumotiga nisbatan ongli inson tanqidiy munosabatda bo’lishi lozim.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>