“АХБОРОТ СОАТЛАРИ” № 03-17

Ҳафтанинг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеалари (11-16 сентябрь кунлари)

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ ВА ЎРТА МАХСУС ТАЪЛИМ ВАЗИРЛИГИ

МИРЗО УЛУҒБЕК НОМИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИ

 “АХБОРОТ СОАТЛАРИ” № 03-17

Ҳафтанинг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеалари (11-16 сентябрь кунлари)

 ТОШКЕНТ – 2017

 

ОТМ Маънавият ва маърифат ишлари бўйича масъуллари ва мураббийлар диққатига! Талабаларга “Ахборот соатлари” материаллари билан www.edu.uz, www.fikr.uz, www.uzmu.uz ва www.uchildiz.uz веб-сайтлари орқали танишишлари тавсия этилади.

 

I. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДАГИ ИҚТИСОДИЙ, ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ВОҚЕАЛАРГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАР

 

ЯҚИН ҚАРДОШЛИК ВА ЎЗАРО МАНФААТДОРЛИККА АСОСЛАНГАН ҲАМКОРЛИКНИНГ ЯНГИ БОСҚИЧИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев 16 сентябрь куни давлат ташрифи билан мамлакатимизга келди.

Нурсултон Назарбоев Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида Мустақиллик майдонига ташриф буюрди. Олий мартабали меҳмон ҳурриятимиз, порлоқ истиқболимиз ва эзгу ниятларимиз рамзи бўлган Мустақиллик ва эзгулик монументига гул қўйди.

Президентлар пойтахтимиздаги Шайх Хованди Тоҳур ва Тўлабий мақбараларини зиёрат қилдилар. Шу ерда оммавий ахборот воситалари вакилларига қисқача интервью берилди.

Нурсултон Абишевич ташрифларини муқаддас қадамжолар зиёратидан бошлаганида катта маъно бор, деди Шавкат Мирзиёев. Чунки Тўлабий халқларимиз бирдамлиги ва ҳамжиҳатлиги йўлида хизмат қилган. Шайх Хованди Тоҳур бобомиз ҳам бутун умр элни тинчлик ва осойишталикка чорлаган. Бугун халқларимиз бирдамлиги йўлида қилинаётган ишлар ҳам ана шу қадимий дўстлигимизни янада мустаҳкамлашга қаратилган.

Халқларимиз буюк аждодларини доимо ҳурмат қилиб келган, деди Нурсултон Назарбоев. Ўзбекистон заминида қозоқ халқининг ардоқли фарзанди Тўлабий дафн этилган. Тўлабий ўз даврининг таниқли шахсларидан бири бўлиб, қози сифатида танилган. «Жети Жарғи» қонунлар тўпламини тузишда муаллифлардан бири бўлган. Доимо элни бирликка бошлаган. Шавкат Миромоновичга қозоқ халқининг буюк фарзанди Тўлабий мақбарасини ободонлаштиришга қаратаётган катта эътибори учун миннатдорлик билдираман. Халқларимизни буюк аждодларимиз руҳи доимо қўлласин.

Давлат раҳбарлари Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов ҳайкали пойига гул қўйиб, Буюк Йўлбошчимиз хотирасига ҳурмат бажо келтирдилар.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев «Ўзэкспомарказ»да ташкил этилган Қозоғистон миллий маҳсулотлари кўргазмаси билан танишди.

«Ўзбекистон – Қозоғистон: ҳамкорликнинг янги босқичи» деб номланган ушбу кўргазмадан асосий мақсад икки мамлакат компаниялари ўртасида барқарор алоқаларни йўлга қўйиш ҳамда янги қўшма савдо-иқтисодий ва сармоявий лойиҳаларни амалга оширишга кўмаклашишдан иборат. Унда Қозоғистоннинг автомобилсозлик, нефть-газ, ҳарбий техника, авиация, фармацевтика, текстиль, ахборот технологиялари, қурилиш материаллари ва бошқа соҳаларда фаолият юритаётган элликдан зиёд компаниялари маҳсулотлари, шунингдек, олий ўқув юртлари, илмий-ишлаб чиқариш марказларининг инновацион технологиялари намойиш этилмоқда.

Президентлар экспозиция билан танишар экан, мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантиришда бундай кўргазмалар муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этдилар. Икки мамлакат иқтисодиёт тармоқлари ўртасида ҳамкорлик муносабатларининг кенгайиши ишлаб чиқариш жараёни такомиллашишига ва маҳсулотларнинг янада оммавийлашишига хизмат қилишини таъкидладилар.

Ташрифнинг асосий тадбирлари Кўксарой қароргоҳида бўлиб ўтди.

Расмий кутиб олиш маросимидан сўнг Шавкат Мирзиёев ва Нурсултон Назарбоев тор доирада учрашув ўтказди.

Президентимиз Қозоғистон Президентини Ўзбекистон заминида самимий қутлаб, Нурсултон Назарбоевнинг мазкур давлат ташрифи икки мамлакат муносабатларини янада ривожлантиришда тарихий воқеа эканини таъкидлади.

Бу ташрифни бизнинг узоқ муддатга мўлжалланган стратегик манфаатларимиз, олдимиздаги вазифаларни биргаликда ҳал қилишга бўлган интилишларимиз муштарак эканининг яққол тасдиғи сифатида қабул қиламиз, деди Шавкат Мирзиёев. Бу йил Ўзбекистон – Қозоғистон муносабатлари ривожида тарихий йил бўлди. Биз Нурсултон Назарбоев билан шу йилнинг ўзида олтинчи маротаба учрашмоқдамиз. Бу ўзаро ишонч юксак даражада эканидан далолатдир.

Қозоғистон Президенти Ўзбекистон Президентига таклиф учун миннатдорлик билдириб, мамлакатларимиз ўртасидаги алоқалар мустаҳкамланиб бораётганини қайд этди.

Биз илдизи бир халқмиз. Бутун тарих давомида бўлганидек мустақиллик йилларида ҳам бир-биримизни қўллаб-қувватлаганмиз, деди Нурсултон Назарбоев. Ўзбекистон Президентининг март ойидаги Қозоғистонга давлат ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик ривожида янги босқични бошлаб берди. Ўтган қисқа вақтда икки томонлама алоқаларда илгари кузатилмаган юқори натижаларга эришилди. Мамлакатларимиз иқтисодиёти бир-бирини тўлдиради. Қозоғистон Ўзбекистон билан ҳамкорликни барча соҳалар бўйича кенгайтиришга тайёр.

Дарҳақиқат, ўзбек ва қозоқ халқлари азалдан бир-бирига елкадош бўлиб, аҳил-иноқ яшаб келган. Халқларимизнинг тарихи, тили, маданияти, қадриятлари бир. Бу яқинлик бугунги кунда давлатлараро ҳамкорликка мустаҳкам асос бўлмоқда. Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик 1998 йил Тошкентда имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида Абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома, 2013 йил пойтахтимизда имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида Стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома руҳида тараққий этмоқда.

Икки томонлама ҳамкорлик барча соҳаларни қамраб олган. Парламентлар, вазирлик ва идоралар ўртасидаги алоқалар мунтазамлик касб этган.

Мамлакатларимиз БМТ, ШҲТ, МДҲ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси каби халқаро тузилмалар доирасида ҳам самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда. Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар бўйича томонларнинг позициялари бир-бирига мос ёки яқиндир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг очиқ ва прагматик сиёсати натижасида олий даражадаги мулоқотлар фаоллашди. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 22-23 март кунлари Қозоғистонга давлат ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга кўтарди. Ташриф доирасида имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида 2017-2019 йилларга мўлжалланган иқтисодий ҳамкорлик стратегияси савдо-иқтисодий алоқалар ривожига кучли суръат бағишлади.

Мулоқотда Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг бугунги ҳолати, уни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Музокаралар Ўзбекистон ва Қозоғистон расмий делегациялари иштирокида давом эттирилди. Мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамкорликни янада ривожлантириш, транспорт-коммуникация, энергетика, қишлоқ хўжалиги, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Қозоғистон Ўзбекистоннинг энг муҳим савдо-иқтисодий шерикларидан биридир. 2016 йил якунлари бўйича икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 2 миллиард доллардан ошган. Жорий йилнинг январь-август ойларида савдо айланмаси 35 фоиз ўсган.

Президентлар бу кўрсаткич мамлакатларимизнинг улкан салоҳиятига мос эмаслиги, бунинг учун қўшма савдо уйларини ривожлантириш, ўзаро савдо номенклатурасини кенгайтириш зарурлигини қайд этдилар. Икки мамлакат бозорларида харидоргир маҳсулотларни етказиб бериш, ҳудудлар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, тадбиркорлик субъектлари учун қулай шарт-шароитлар яратишга келишиб олинди.

Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссияга товар айирбошлаш ҳажмини 5 миллиард долларга етказиш вазифаси қўйилди.

Транспорт коммуникациялари соҳаси ҳамкорликнинг устувор йўналишларидир. Мамлакатларимизнинг автомобиль ва темир йўллари ўзаро интеграциялашган. Бу муҳим коммуникация тармоғи учинчи давлатлар учун ҳам транзит вазифасини ўтамоқда. Музокараларда Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳудудларидан ташқи савдо юкларини ташишда ўзаро преференциялар ва қўшимча имтиёзлар белгиланиши бу соҳадаги ҳамкорликни тубдан кенгайтиришга хизмат қилиши таъкидланди.

Учрашувда халқаро терроризм, диний экстремизм, ноқонуний миграция, наркотикларнинг ноқонуний муомалада бўлиши, трансмиллий уюшган жиноятчилик ҳамда халқаро хавфсизликка таҳдид соладиган бошқа хавф-хатарларга қарши курашишдаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш зарурлиги қайд этилди.

Президентлар Афғонистондаги вазият юзасидан фикр алмашар экан, ушбу мамлакатда тинчлик ва барқарорлик таъминланиши ва иқтисодиёт тикланиши тарафдори эканини таъкидладилар. Афғонистонни минтақавий савдо-иқтисодий алоқаларга жалб қилиш, бунинг учун инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш лозимлиги таъкидланди.

Марказий Осиёдаги трансчегаравий дарёлар суви халқларимизнинг умумий бойлиги экани, миллионлаб инсонлар тақдири, бутун минтақа барқарорлиги ва фаровонлиги улардан оқилона ва адолатли фойдаланишга боғлиқлиги қайд этилди.

Давлат раҳбарлари мазкур дарёларда янги гидротехник иншоотларни минтақанинг барча мамлакатлари манфаатларини ҳисобга оладиган конструктив ёндашув асосида қуриш тўғрисида якдил фикр билдирдилар.

Илм-фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, санъат, туризм, спорт ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ҳам келишувларга эришилди. Хусусан, 2018 йилда Қозоғистонда Ўзбекистон йилини ва 2019 йилда Ўзбекистонда Қозоғистон йилини ўтказишга келишиб олинди.

Шундан сўнг икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросими бўлди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев Қўшма баёнотни имзоладилар.
Ўзбекистон – Қозоғистон ҳамкорлигининг турли соҳаларига доир 10 дан зиёд ҳужжат имзоланди. Давлат чегараларида ўтказиш пунктлари ва автомобиль йўлларини реконструкция ва модернизация қилиш, сувга оид муносабатлар соҳасида ҳамкорлик, энергетика соҳасида ҳамкорлик, контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашишда ҳамкорлик, темир йўл соҳасида стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги ҳужжатлар шулар жумласидандир.

Шунингдек, икки мамлакат ҳудудларининг тўғридан-тўғри алоқаларига асос бўладиган қатор ҳужжатлар қабул қилинди. Сирдарё ва Тошкент вилояти ҳокимликлари билан Жанубий Қозоғистон вилояти ҳокимлиги, Навоий вилояти ҳокимлиги билан Қизилўрда вилояти ҳокимлиги ўртасида савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорлик тўғрисида меморандумлар ҳамда бошқа ҳужжатлар имзоланди.

Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Нурсултон Назарбоев музокаралар Ўзбекистон – Қозоғистон муносабатларига хос ўзаро англашув ва самимият руҳида ўтгани, томонлар барча стратегик масалалар бўйича ҳамфикр эканини алоҳида таъкидладилар. Ташриф чоғида Ўзбекистон ва Қозоғистон Президентлари ўртасида эришилган келишувлар, имзоланган ҳужжатлар мамлакатларимиз ҳамкорлигини янги сифат босқичига олиб чиқиши қайд этилди.

Қозоғистон Президентининг мамлакатимизга давлат ташрифи арафасида Нурсултон Назарбоевнинг «XXI аср бўсағасида» китоби Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг сўзбошиси билан ўзбек тилида чоп этилди. Давлатимиз раҳбари мазкур китобни Қозоғистон Президентига туҳфа қилди. Шавкат Мирзиёев Нурсултон Назарбоевнинг мустақил Қозоғистон давлатининг асосчиси сифатидаги фаолиятига юксак баҳо берди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 15 сентябрдаги фармонига мувофиқ, мамлакатларимиз ўртасидаги анъанавий дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга қўшган улкан ҳиссаси учун Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан мукофотланди. Давлатимиз раҳбари ушбу юксак мукофотни тантанали равишда топширди. Нурсултон Назарбоев ушбу мукофот ва ҳурмат-эътибор учун Шавкат Мирзиёевга чуқур миннатдорлик билдирди.

 

КИТОБ МАҲСУЛОТЛАРИНИ НАШР ЭТИШ ВА ТАРҚАТИШ ТИЗИМИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ, КИТОБ МУТОЛААСИ ВА КИТОБХОНЛИК МАДАНИЯТИНИ ОШИРИШ ҲАМДА ТАРҒИБ ҚИЛИШ БЎЙИЧА КОМПЛЕКС ЧОРА-ТАДБИРЛАР ДАСТУРИ ТЎҒРИСИДА

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Бугунги кунда мамлакатимизда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида барча соҳа ва тармоқларда улкан ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Бу борада жамият ҳаётида эзгу қадрият ва анъаналарни чуқур қарор топтиришга, хусусан, халқимиз, айниқса, ёш авлоднинг маънавий-интеллектуал салоҳияти, онгу тафаккури ва дунёқарашини юксалтиришда, она Ватани ва халқига муҳаббат ва садоқат туйғуси билан яшайдиган баркамол шахсни тарбиялашда беқиёс аҳамиятга эга бўлган китобхонлик маданиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ушбу йўналишда тегишли ҳуқуқий-меъёрий базани мустаҳкамлаш, ташкилий-амалий ишларни замон талаблари асосида олиб бориш, бу масалага кенг жамоатчиликни жалб этиш бўйича кейинги пайтда бирмунча ишлар амалга оширилаётганини таъкидлаш лозим.

Айни вақтда ўтказилган кузатиш ва таҳлиллар бу соҳада ўз ечимини кутаётган бир қатор долзарб муаммолар борлиги ва уларни кенг кўламда ҳал этиш зарурлигини кўрсатмоқда. Хусусан, халқимиз, аввало, ёшларнинг маънавий-маърифий, бадиий-эстетик талабларига жавоб берадиган китобларни кўп минг нусхада юксак сифат билан чоп этиш, жойларга, таълим муассасаларига вақтида ва мақбул нархларда етказиш, миллий ва жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини таржима қилиш, фарзандларимизда болаликдан бошлаб китоб, жумладан, электрон китоб ўқиш кўникмасини шакллантириш, жамиятимизда мутолаа маданиятини юксалтириш билан боғлиқ муҳим масалаларни ҳал этиш долзарб вазифа бўлиб қолмоқда.

Айниқса, ноширлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва янада ривожлантириш, юртимизда соғлом рақобатга асосланган босма ва электрон китоблар бозорини шакллантиришни бугун ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда.

Маънавий ҳаётимизни юксалтиришда улкан аҳамиятга эга бўлган ана шундай муҳим вазифаларни комплекс ҳал қилиш, китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини такомиллаштириш, ўзбек ва дунё адабиётининг энг яхши намуналарини интернет тармоқларига жойлаштириш ва уларни тарғиб қилиш ҳамда кенг китобхонлар оммасига етказиш ишларини самарали ташкил этиш мақсадида:

  1. Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Дастурда кўзда тутилган қуйидаги асосий вазифаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилсин:

китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш, ноширлик ва матбаа соҳаларини янада ривожлантиришга оид норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, ижтимоий аҳамиятга эга бўлган китобларни, айниқса, болаларга мўлжалланган адабиётларни чоп этишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш;

китоб маҳсулотлари бўйича давлат буюртмасининг асосий йўналишларини шакллантириш, адабий-бадиий, ўқув-услубий, илмий-назарий, илмий-оммабоп ва кўргазмали адабиётларни чоп этиш ва тарқатиш тизимини такомиллаштириш, ихтисослаштирилган китоб дўконлари фаолиятини ривожлантириш;

жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини ўзбек тилига таржима қилиш бўйича давлат буюртмалари бериш, уларни кўп нусхада юксак сифат билан нашр этиш ва молиялаштириш тизимини йўлга қўйиш, китоб тарқатиш тизимини янада ривожлантириш ва китоб маҳсулотларининг нархини шакллантириш ва сотиш бўйича аниқ механизмларни ишлаб чиқиш чораларини белгилаш;

ахборот-кутубхона фаолиятини кучайтириш, таълим муассасалари ахборот-ресурс марказларининг кутубхона фондлари, кутубхоналар, ташкилот ва муассасаларнинг “Маънавият хоналари”ни ўқув-услубий адабиётлар, адабий-бадиий, маърифий ва илмий-оммабоп китоблар билан бойитиш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш;

нашриётлар ва матбаа соҳаси мутахассисларини, бадиий ва техник муҳаррирлар, графикачи рассомлар, ахборот-кутубхона ходимларини тайёрлаш, малакасини ошириш ва рағбатлантириш тизимини такомиллаштириш;

лотин ёзувига асосланган янги ўзбек алифбосидаги илмий-техник, адабий-бадиий ва энциклопедик адабиётларни янада кўпайтириш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиш;

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ва ахборот-кутубхона марказларидаги барча турдаги ахборот-кутубхона ресурсларининг ягона базасини шакллантириш ва ундан бошқа ахборот-кутубхона муассасаларида туриб фойдаланишни таъминлаш;

қишлоқ аҳолисига кутубхона хизмати кўрсатиш тизимини ташкил этиш чоралари тўғрисида тадбирлар режаси лойиҳасини тайёрлаш;

мамлакатимизда интернет орқали зарур адабиётларни топиш ва харид қилиш имконини берадиган eReader электрон ўқув қурилмаларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш, уларнинг ахборот базасига умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари, олий ўқув юртлари учун дарсликлар, ўқув қўлланмалари, ўқув-услубий, илмий-назарий манбаларни жойлаштириш, бундай маҳсулотларни арзон нархларда сотиб олиш механизмларини йўлга қўйиш бўйича таклифлар тайёрлаш;

мазмунан саёз, миллий маънавият ва қадриятларимизга, ахлоқ меъёрларига мос келмайдиган, ёшлар тарбиясига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган адабиётларни тайёрлаш, босиб чиқариш ва тарқатишнинг олдини олиш чораларини кўриш;

китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини оширишга доир тарғибот ишларини тизимли ва самарали ташкил этиш, бу борада китобхонлар, кутубхоначи ва тарғиботчилар ўртасида “Энг китобхон мактаб”, “Энг китобхон маҳалла”, “Энг китобхон оила”, “Энг фаол кутубхоначи” каби кўрик-танловларнинг саралаш ва республика босқичларини юқори савияда ўтказишни йўлга қўйиш.

  1. Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини такомиллаштириш ҳамда ахборот-кутубхона фаолияти соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи этиб белгилансин.
  2. Белгилаб қўйилсинки:

дастурда кўрсатилган чора-тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш тегишли вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда уларнинг мансабдор шахсларининг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари ҳар бир шаҳар ва туманда, қишлоқ ва овулларда китоб савдосига ихтисослашган дўконларни ташкил этиш, уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида юридик шахс мақомидаги тадбиркорлик субъектларига давлат мулки объектларини текин фойдаланиш учун берилишини таъминлайди;

савдо айланмасида китоб сотиш улушининг ҳажми 70 фоиздан кўп бўлган юридик шахс мақомидаги тадбиркорлик субъектларининг алоҳида статистик ҳисоби юритилади ва улар 2020 йил 1 январга қадар ягона солиқ тўловини тўлашдан озод этилади;

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига шу йўналишда мунтазам равишда махсус кўрсатув ва эшиттиришлар, мақолалар тайёрлаш ва эълон қилиш тавсия этилади.

  1. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, тижорат банкларига китоб савдосига ихтисослаштирилган замонавий дўконлар, шунингдек, нашриёт ва матбаа корхоналарининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларнинг айланма маблағларини тўлдириш ҳамда янги китоб дўконларини қуриш учун Марказий банкнинг йиллик қайта молиялаштириш ставкасидан ошмаган фоизларда имтиёзли кредитлар ажратиш тавсия этилсин.
  2. Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда:

қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;

идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

  1. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Х.Султонов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти                         Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри, 2017 йил 13 сентябрь

 

НОДАВЛАТ ТАЪЛИМ ХИЗМАТЛАРИ КЎРСАТИШ ФАОЛИЯТИНИ ЯНАДА РИВОЖЛАНТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ «НОДАВЛАТ ТАЪЛИМ ХИЗМАТЛАРИ КЎРСАТИШ ФАОЛИЯТИНИ ЯНАДА РИВОЖЛАНТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА»ГИ ҚАРОРИГА ШАРҲ

Мустақиллик йилларида таълим соҳасида ёшларга замонавий билимларни бериш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш ва жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллашига қаратилган туб ўзгаришлар ва ислоҳотлар амалга оширилди.

Хусусан, умумий ўрта таълим сифатини тубдан ошириш, интеллектуал, эстетик ва жисмоний баркамол авлодни шакллантиришни ҳамда ёшларга таълим беришни янги сифат даражасига кўтариш, шу жумладан, чет тиллари, информатика ҳамда математика, физика, кимё, биология каби муҳим ва талаб юқори бўлган бошқа фанларни чуқурлаштириб ўрганиш 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг асосий мақсадларидан бири сифатида белгиланган.

Хорижий тажрибалар давлат ва нодавлат таълим муассасалари ўртасида соғлом рақобат фуқароларнинг сифатли таълим олишга бўлган ҳуқуқини рўёбга чиқаришга хизмат қилишини кўрсатмоқда.

Шунинг учун ҳам бир қатор ривожланган хорижий мамлакатларда нодавлат таълим секторининг умумий ўрта таълимдаги улуши юқори бўлиб, Германияда 12 фоизни, Францияда 17 фоизни, АҚШда 18 фоизни, Буюк Британияда 20 фоизни, Испания, Ирландия ва Голландияда 30 фоизни ташкил этади.

Ҳозирги кунда республикада 43 та нодавлат умумий ўрта таълим мактаби тегишли лицензияга эга бўлиб, халқ таълими тизимидаги 9680 та мактабга нисбатан уларнинг улуши 0,4 фоизни ташкил этади. Нодавлат умумий ўрта таълим мактабларининг аксарият қисми (27 та) Тошкент шаҳрида жойлашган, Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Сирдарё, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида бирорта нодавлат мактаби ташкил этилмаган.

Фаолият кўрсатаётган нодавлат таълим муассасаларидан 20 таси бошланғич таълим (1-4-синфлар), қолган 23 таси умумий ўрта таълим (1-9-синфлар) босқичларига мўлжалланган, улардаги 330 та синфда 6 мингга яқин ўқувчи таълим-тарбия олади (давлат мактаблари контингентига нисбатан 0,12%).

ЮНЕСКО ва DGP Research & Consulting консалтинг ташкилоти ҳамкорлигида жалб этилган хорижий экспертлар гуруҳи томонидан миллий таълим тизимини комплекс ўрганиш бўйича ўтказилган таҳлилларда таълим сифатини яхшилашда рақобат муҳитини шакллантириш, бунда хусусий таълим секторини ривожлантиришга устувор йўналиш сифатида эътибор қаратиш зарурлиги алоҳида таъкидлаб ўтилган.

Мавжуд муаммоларни амалий бартараф этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 15 сентябрь куни қабул қилинган “Нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан нодавлат таълим муассасаларига узоқ муддатли имтиёзли кредитлар ажратиш ва аввал ажратилган кредитлар муддатини узайтириш, таълим ва унга тегишли хизматлар бўйича барча солиқ турлари тўловларидан 2021 йилгача озод этиш, фанларни чет тилида чуқурлаштириб ўқитиш ва бу орқали таълим сифатини ошириш мақсадида таълим жараёнига хорижлик ўқитувчи ва мутахассисларни кенг жалб этиш назарда тутилган.

Ўз навбатида, нодавлат таълим муассасаларига таклиф этилаётган хорижлик ўқитувчи ва мутахассисларга виза бериш, авиатранспорт, турар жой, меҳнатига муносиб ҳақ тўлаш ва солиқлардан озод қилиш каби масалалар ҳам ўз ечимини топган.

Шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг қобилиятли ва иқтидорли фарзандларини танлов асосида муассасадаги жами ўқувчилар умумий сонининг 10 фоизидан кам бўлмаган ҳолда таълим хизматларини кўрсатиш эвазига келиб тушган даромадлар ҳисобидан бепул (грант асосида) ўқитиш белгиланган.

Бундан ташқари, қарорда ўрнатилган тартибда аккредитациядан ўтказилган нодавлат таълим муассасалари битирувчиларига давлат намунасидаги таълим тўғрисидаги ҳужжат бериш ҳуқуқи назарда тутилган.

Юқорида кўрсатилган вазифаларни амалга ошириш юзасидан тегишли вазирлик ва идораларга нодавлат таълим муассасалари фаолиятини янада ривожлантириш, қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича тегишли тартиб ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиришлар киритиш топшириқлари берилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг қабул қилиниши халқ таълими тизимида соғлом рақобат муҳитини яратиш, нодавлат таълим муассасалари фаолиятини ривожлантириш, хорижий ўқитувчиларни жалб қилиш йўли билан аниқ ва табиий фанлар, чет тилларни чуқурлаштириб ўқитиш ва бу, ўз навбатида, ёшларнинг дунё меҳнат бозорида рақобатбардош ва юқори малакали мутахассис кадр сифатида жаҳон ҳамжамиятида мамлакатимиз нуфузини оширишига, баркамол инсон бўлиб шаклланишига хизмат қилади.

Қарор нодавлат таълим муассасалари сектори кенгайиши, республиканинг ҳар бир туман ва шаҳридаги фуқаролар таълим хизматларидан фойдаланишда танловга эга бўлиши, ёшларга муносиб таълим-тарбия бериш каби вазифаларни ўз зиммасига оладиган малакали хусусий тадбиркорлар фаолиятини қўллаб-қувватлайди.

 

ХАЛҚАРО САММИТ ДОИРАСИДАГИ САМАРАЛИ УЧРАШУВЛАР

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоевнинг таклифига биноан 9-10 сентябрь кунлари Остона шаҳрида бўлди.

10 сентябрь куни Остона шаҳрида Мустақиллик саройида Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Фан ва технологиялар бўйича биринчи саммити очилди.

Мазкур саройда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев кутиб олди.

Саммитни Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев очди.

Ислом ҳамкорлик ташкилотининг ушбу нуфузли саммити “Фан, технологиялар, инновациялар ва ислом оламини модернизация қилиш” мавзусида ўтди.

Маълумки, 2016 йил 18 октябрь куни Тошкентда Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессияси бўлиб ўтган, “Таълим ва маърифат – тинчлик ва бунёдкорлик сари йўл” шиори унинг асосий ғояси этиб белгиланган эди. Шу маънода Остона саммитини Тошкентда ўтган сессиянинг мантиқий давоми, дейиш мумкин.

Саммитда Президентимиз Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.

Фан ва технологиялар бўйича саммитда Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ва кузатувчи мамлакатлар, минтақавий ва халқаро ташкилотлар вакилларидан иборат 80 га яқин делегация иштирок этди. Саммит якунида Остона декларацияси имзоланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мазкур саммит доирасида Эрон Ислом Республикаси Президенти Ҳасан Руҳоний, Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғон, Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Ашраф Ғани ва Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев билан учрашувлар ўтказди.

Эрон Президенти билан мулоқотда Шавкат Мирзиёев Ҳасан Руҳонийни яқинда бўлиб ўтган Президент сайловида ишончли ғалаба қозонгани билан самимий муборакбод этди.

Ўзбекистон ва Эрон халқларини тарихий ва маданий муштараклик, яхши қўшничилик муносабатлари боғлаб туради. Икки мамлакатнинг мумтоз адабий мероси халқларимиз учун бирдек қадрли. Бугунги кунда давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик изчил мустаҳкамланиб бормоқда.

Давлатимиз раҳбари савдо-иқтисодиёт, инвестиция, транспорт-инфратузилма соҳаларидаги алоқаларга тўхталар экан, бу борадаги имконият ва кенг салоҳиятдан янада самарали фойдаланиш, ўзаро саъй-ҳаракатларни жадаллаштириш ҳамкорликни янги босқичга кўтаришини таъкидлади.

Ҳасан Руҳоний Эрон Ўзбекистонни минтақадаги яқин ва ишончли ҳамкор деб билишини, мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона муносабатлар мустаҳкамланиши ўзаро манфаатли ва узоқ муддатли алоқаларни янада кенгайтиришга хизмат қилишини қайд этди.

Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғон билан учрашувда мамлакатларимизнинг савдо-иқтисодиёт, инвестиция, сайёҳлик ва бошқа соҳалардаги алоқаларини кенгайтириш масаласи муҳокама қилинди. Ўзаро манфаатли ва узоқ истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун тегишли вазирликлар ва ишбилармон доиралар ўртасида мунтазам учрашувлар ташкил қилиш муҳимлиги қайд этилди.

Икки давлат Президентлари Ўзбекистон билан Туркия бир-бирига муҳим ва узоқ муддатли ҳамкор сифатида қарашини, томонлар ҳамкорликни ўзаро ишонч тамойиллари асосида кенгайтириш ва халқларимиз манфаатларига хизмат қиладиган юксак даражага кўтариш тарафдори эканини таъкидладилар.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Ашраф Ғани билан мулоқотда у билан яна бир бор учрашаётганидан мамнун эканини таъкидлади.

Икки давлат раҳбарларининг жорий йил июнь ойида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасида ўтган учрашуви чоғида эришилган келишувлар асосида ҳамкорликни янада фаоллаштириш бўйича «йўл харитаси» қабул қилинди. Унинг изчил амалга оширилаётгани натижасида савдо-иқтисодий алоқалар жадал ривожланиб бормоқда. 2017 йилнинг биринчи ярмида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 18,5 фоиз ўсган.

Президентларнинг ушбу учрашувидан кейин савдо айланмаси янада ошиши қайд этилди.

Учрашувда мамлакатларимиз ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар соҳалардаги алоқаларни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев ўртасида бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистон – Озарбайжон муносабатларининг бугунги ҳолати, савдо-иқтисодиёт, транспорт-коммуникация ва бошқа соҳаларда ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Икки мамлакатнинг улкан иқтисодий салоҳиятидан тўла фойдаланиш, товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ва номенклатурасини кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шу билан Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистон Республикасига ташрифи ниҳоясига етди.

 

КЕЛАЖАК ЭНЕРГИЯСИ НАМОЙИШИ ХАЛҚЛАРНИ БИРЛАШТИРДИ

Қозоғистонда 10 сентябрь куни “Astana EXPO – 2017” халқаро ихтисослашган кўргазманинг расмий ёпилиш маросими ўтказилди. Унда қатор давлат раҳбарлари ва халқаро делегациялар етакчилари иштирок этди.

Уч ой давом этган кўргазмада Ўзбекистон, Россия, АҚШ, Хитой, Германия, Буюк Британия, Франция, Япония, Туркия, Ҳиндистон, Вьетнам, Арманистон, Покистон, Озарбайжон, Беларусь, Куба, Туркманистон, Руминия, Бразилия, Грузия каби 120 га яқин давлат ўзининг технологик, илмий, маданий ютуқларини намойиш этди. Шунингдек, 20 дан ортиқ халқаро ташкилот қатнашди.

“Келажак энергияси” мавзуида ўтказилган кўргазма, унинг доирасида ташкил этилган халқаро конференциялар сайёрамиз келажагига бевосита таъсир кўрсатаётган энергия истеъмоли муаммоси жаҳон ҳамжамиятини ташвишга солаётганини очиб берди.

Саноатлаштириш рамзи, техник ва технологик ютуқлар намойиши учун очиқ платформа ҳисобланган ЭКСПО кўргазмаси миллионлаб одамлар эътиборини тортди, унга 5 миллиондан зиёд меҳмон ташриф буюрди.

Мамлакатимиз кўргазмада самарали иштирок этди. Умумий майдони 1 минг 180 квадрат метрни ташкил этган павильонга минглаб меҳмонлар, мутахассислар ташриф буюрди. Юртимизнинг автомобилсозлик, юқори технологиялар, робототехника, туризм, аграр соҳаларда эришган ютуқлари акс эттирилган стендлар уларда катта қизиқиш уйғотди. Истиқболли ҳамкорликка оид қатор шартномалар имзоланди. 5 сентябрь куни Ўзбекистон миллий куни ўтказилди.

“Astana EXPO – 2017” кўргазмасининг ёпилиш маросимида бу йилги тадбир 1851 йилдан буён анъанавий ўтказиб келинаётган халқаро ярмарканинг мантиқий давоми бўлгани, дунё халқларини бирлаштиришга катта ҳисса қўшгани, уни ўтказиш ва ярмаркада иштирок этиш истагини билдираётган мамлакатлар сафи тобора кенгайиб бораётгани таъкидланди.

Халқаро ихтисослашган кўргазманинг расмий ёпилиш маросими театрлаштирилган концерт дастури ва мушакбозлик билан ниҳоясига етди.

Навбатдаги халқаро ихтисослашган кўргазма 2020 йил Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида ўтказилади.

 

ЎЗБЕКИСТОН ПРЕЗИДЕНТИ ХИТОЙ ҲУКУМАТИ ДЕЛЕГАЦИЯСИНИ ҚАБУЛ ҚИЛДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 9 сентябрь куни Хитой Коммунистик партияси Марказий қўмитаси сиёсий-ҳуқуқий комиссияси котиби, Ўзбекистон-Хитой ҳукуматлараро ҳамкорлик қўмитаси ҳамраиси Мэн Цзяньчжу бошчилигида Қўшма қўмитанинг навбатдаги мажлисида иштирок этиш учун мамлакатимизга келган Хитой Халқ Республикаси ҳукумати делегациясини қабул қилди.

Давлатимиз раҳбари меҳмонни самимий қутлар экан, Ўзбекистон ва Хитой ўртасида ўзаро манфаатли, кўп қиррали ҳамкорлик изчил ривожланаётганини чуқур мамнуният билан қайд этди.

Ўзбекистон Президентининг жорий йил май ойида Хитойга давлат ташрифи икки томонлама муносабатларни сифат жиҳатдан янги босқичга кўтаргани, мамлакатларимизнинг ҳар томонлама стратегик шериклигини мустаҳкамлашга хизмат қилгани алоҳида таъкидланди.

Ўзаро савдо ҳажми барқарор суръатларда ўсиб бормоқда. Шу йилнинг январь-июль ойларида товар айирбошлаш ҳажми 2,5 миллиард доллардан ошди.

Хитойнинг етакчи компаниялари ва банк-молия институтлари билан ҳамкорликда энергетика, нефтгаз, кимё, машинасозлик, электротехника, енгил саноат тармоқлари, ишончли транспорт-коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш, туризм ва бошқа муҳим йўналишларда устувор сармоявий дастур ва лойиҳалар тайёрланмоқда ва амалга оширилмоқда.

Икки давлат ҳудудлари ва бизнес ҳамжамиятлари ўртасидаги алоқалар фаол ривожланмоқда. Илмий-техникавий ва маданий-гуманитар ҳамкорлик кенгаймоқда.

Учрашувда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги амалий ҳамкорлик, биринчи навбатда, савдо-иқтисодий, сармоявий, молиявий ва транспорт-коммуникация соҳаларидаги алоқалар истиқболлари муҳокама қилинди.

Олий даражадаги келишувларнинг тўла бажарилиши ҳамда иқтисодиётнинг юқори технологияли тармоқларидаги янги лойиҳаларни амалга оширишда Ўзбекистон-Хитой ҳукуматлараро ҳамкорлик қўмитаси алоҳида ўрин тутиши қайд этилди.

Мэн Цзяньчжу Президентимиз Шавкат Мирзиёевга қабул учун самимий миннатдорлик билдирди, Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг саломи ва эзгу тилакларини етказди.

Хитой Ўзбекистон билан ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашга тайёр ва бундан манфаатдор экани таъкидланди.

Президентимиз фармонига мувофиқ, мамлакатларимиз ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлаш, узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли алоқаларни янада кенгайтириш, шунингдек, йирик иқтисодий ва сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш, ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун Мэн Цзяньчжуга «Дўстлик» ордени топширилди.

 

ЎЗ БОЛАНГНИ ЎЗИНГ АСРА

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн биринчи ялпи мажлисида маъқулланган “Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун фарзандларимиз камолига хизмат қилади. Халқимизнинг асрлар давомида сайқалланган қадриятлари тизимида фарзанд тарбияси масаласи алоҳида ўринга эга. Бугунги кунда ҳам юртимизда ёшлар сиёсати, хусусан, таълим-тарбия соҳасига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Ҳаракатлар стратегиясида ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштириш устувор вазифа сифатида белгиланган.

6 боб, 27 моддадан иборат янги қонун мазмун-моҳиятига кўра, болалар соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан уларни ҳимоя қилиш борасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган. Ушбу муносабатларнинг ўзига хос хусусиятлари, кўлами ва иштирокчилари билан боғлиқ жиҳатларни қамраб олади.

Қонунда ахборот маҳсулоти ва унинг ёш таснифи, ахборот маҳсулотини экспертизадан ўтказиш, ахборот маҳсулотининг айланиши ҳамда болалар соғлиғига зарар етказувчи ахборот ва бошқа шу каби қатор тушунчалар мазмуни батафсил ёритилган. Ушбу йўналишдаги устувор вазифаларни амалга оширишда иштирок этувчи орган ва муассасалар тизими ҳамда уларнинг ваколатлари аниқ белгиланган. Жумладан, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи сифатида белгиланган. Мазкур органга соҳадаги давлат сиёсатини амалга ошириш, ушбу йўналишда меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ва давлат дастурлари ишлаб чиқиш, соҳага оид қонунчиликка риоя қилиниши устидан назоратни амалга ошириш каби қатор ваколатлар берилган.

Ахборот тушунчаси ва унинг таъсир доираси беқиёс даражада кенг. Айни шу нуқтаи назардан қараганда, болалар соғлиғига зарар етказувчи ахборотни таснифлаш ва ахборот маҳсулотининг ёш тоифаларини аниқлаш муҳим аҳамиятга эга. Шу жиҳатдан қонунда болалар ўртасида тарқатилиши тақиқланган ҳамда тегишли ёш тоифасига кўра тарқатилиши чекланган ахборот алоҳида норма билан кўрсатилган. Унга кўра, болаларни ўз ҳаёти ва саломатлигига хавф соладиган хатти-ҳаракатларни содир этиш, жумладан, соғлиғига зарар етказиш, ўз жонига қасд қилишга ва шу ҳаракатларни тарғиб қилишга ундайдиган ахборотларни тарқатиш тақиқланади. Болаларда наркотик воситалар, психотроп моддалар ёки уларнинг ақл-ирода фаолиятига салбий таъсир этувчи бошқа моддалар, алкоголли ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш, дарбадарлик, тиланчилик ёки бошқа кўринишдаги ноижтимоий ҳаракатлар билан шуғулланиш истагини пайдо қиладиган ахборотларга йўл қўйилмайди.

Инсонлар ёки ҳайвонларга нисбатан зўравонлик ва шафқатсизлик қилиш мумкинлигини асослайдиган ёхуд оқлайдиган ёки зўравонлик хатти-ҳаракатларини содир этишга ундайдиган, оилавий қадриятларни инкор этадиган, шунингдек, ота-оналар ва оиланинг бошқа аъзоларига нисбатан ҳурматсиз муносабатни шакллантирадиган ахборот тарқатилиши мумкин эмас. Ноқонуний хатти-ҳаракатни оқлайдиган ва қонунбузилишини содир этишга ундайдиган, жамиятда бузғунчилик ғояларини тарғиб этишга ундайдиган, ҳақоратли сўзларни ва порнография хусусиятига эга ахборотни ўз ичига олган ахборот маҳсулотларини болалар ўртасида тарқатиш қатъиян тақиқланади.

Қонунда болаларни зарарли ахборотдан ҳимоя қилиш соҳасида соғлиқни сақлаш органларининг ўрни ва вазифалари ҳам аниқ белгилаб берилган. Хусусан, ахборотнинг юқорида санаб ўтилган зарарли таъсирларидан жабрланган болаларни тиббий-ижтимоий реабилитация қилиш, шунингдек, ахборот маҳсулоти таркибидаги зарарли элементларни аниқлаш мезонларини такомиллаштириш бўйича мазкур тизимнинг функция ва вазифалари алоҳида норма билан мустаҳкамланган. Қайд этиш лозимки, ушбу норма соғлиқни сақлаш органлари зиммасига алоҳида масъулият юклайди. Шунингдек, мазкур норма ахборот маҳсулотининг болалар саломатлигига салбий таъсирларини камайтириш ва бартараф этиш таъминланишига ҳамда ахборот маҳсулотларини баҳолашдаги турли субъектив ёндашувларнинг олди олинишига хизмат қилади.

 

ЖУРНАЛИСТЛАРЛАР УЧУН ЎҚУВ-КУРС ТАШКИЛ ЭТИЛДИ

Ўзбекистон мустақил босма ОАВ ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фондида “Муҳаррирликка ихтисослашган журналистларнинг касб-малакасини ошириш” мавзусида икки кунлик ўқув-курс ташкил этилди. Унда босма ва электрон ОАВ муҳаррирлари, ёш журналистлар иштирок этмоқда. Улар мамлакатимизда амалга оширилаётган сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотларнинг бориши, мамлакатни демократик янгилаш ва модернизациялаш жараёнларини ОАВда ёритишда муҳаррирларнинг касбий билим ва малакаларини оширишга оид мавзуларда маърузалар тингламоқдалар. Бу борада фикр ва тажриба алмашмоқдалар.

Ўқув курсида тингловчилар Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Журналистика факультети доцентлари Аҳмаджон Мелибоев, Муқаддас Холиқова, Юсуф Ҳамдамов, Тўлқин Эшбекларнинг маърузаларини қизиқиш билан тингладилар. Амалий машғулотлар давомида газеталарни нашрга тайёрлаш борасида халқаро ва миллий тажрибалар юзасидан фикр алмашилди.

Машғулотлар давомида қайд этилганидек, глобаллашув жараёнларининг шиддат билан авж олиши ОАВ соҳасида дунёда ва мамлакатда содир бўлаётган воқеликларга тез ва мос тарзда муносабат билдиришни тақозо қилмоқда.

Интерфаол тарзида ўтган ўқув-курсида тингловчилар бу борада ўзларининг фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашдилар.

Тадбир якунида мазкур ўқув-курсда фаоллик кўрсатган бир гуруҳ журналистларга Жамоат фонди томонидан махсус дипломлар топширилди.

 

ПРОФЕССОР-ЎҚИТУВЧИЛАР МАЛАКА ОШИРДИЛАР

Тарбиячининг ўзи тарбияланган бўлиши керак, деган ҳикматнинг моҳияти замон талабларига кўра янада кенгайиб бормоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Макамасининг 2012 йил 26 сентябрдаги “Олий таълим муассасалари педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўрисида”ги 278-сон қарори, Ўзбекистон Президентининг 2015 йил 12 июндаги “Олий таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига биноан олий таълим муассасаларида фаолият кўрсатишаётган профессор-ўқитувчилар ҳар уч йилда малакаларини ошириб борадилар.

Уларга дарс берадиган профессор-ўқитувчилари Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Олий таълим тизими педагог ва рабар кадрларини айта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш Бош илмий-методик марказида билим ва малакаларини ошириб, тегишли “Сертификат” оладилар.

Зеро, Бош илмий-методик марказнинг масади – олий таълим тизими педагог ва рабар кадрларини айта тайёрлаш ва малакасини ошириш жараёнлари сифатини такомиллаштириш ва мониторингини олиб бориш, уларни меъёрий ва методик таъминотини амалга ошириш, қайта тайёрлаш ва малака ошириш жараёнларига замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этилишини ташкиллаштиришдан иборатдир.

Яқинда Бош илмий-методик марказда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ҳузуридаги педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш Минтақавий марказида фаолият кўрсатаётган профессор-ўқитувчилар учун навбатдаги семинар-тренинг ўтказилди.

Унда педагогика фанлари доктори, профессор Бекзод Хўжаевнинг “Андрагогик таълимни ташкил этишнинг айрим долзарб масалалари”, педагогика фанлари номзоди, доцент Маҳфуза Усмонбоеванинг “Қайта тайёрлаш ва малака ошириш ўқув жараёнларига илғор педагогик технологияларни татбиқ этиш” мавзуидаги маърузалари тингловчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Тингловчилар бу мавзуда ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олиш билан бирга ЎзМУда айнан катталар таълимининг назарий ва амалий муаммолари ҳамда уларнинг ечимлари борадасида тўпланган тажрибаларни ўртоқлашдилар.

 

II. МУРАББИЙ САБОҚЛАРИ

 ТИНЧЛИК – ОСОЙИШТАЛИК ФАРОВОН ҲАЁТИМИЗ АСОСИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан 2017 йил 27 июнда имзоланган “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма олти йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорда мазкур байрамни “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари асосида ташкил этиш белгилаб қўйилди. Қарорда буюк ва бебаҳо неъмат – мустақилликнинг миллий тараққиётимиз, бугунги ва келгуси авлодлар тақдири, келажаги учун беқиёс аҳамияти йиллар ўтиши билан тобора ортиб бораётгани, Ўзбекистоннинг давлат мустақиллиги халқимизнинг миллий манфаатларини, тинч ва осуда ҳаётини таъминлаш, мамлакатимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтиришнинг мустаҳкам пойдевори бўлиб келаётгани алоҳида қайд этилди.

Ушбу қарорда, жумладан, «бугун биз бошимиздан кечираётган ўта таҳликали замонда, ён-атрофимизда турли таҳдид ва хатарлар кучайиб бораётган бир шароитда энг катта ва бебаҳо бойлигимиз бўлган тинчлик ва осойишталикни кўз қорачиғидек асраш, миллатлар ва фуқаролараро дўстлик ва ҳамжиҳатлик, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибат муҳитини янада мустаҳкамлаш, доимо ҳушёр ва огоҳ бўлиб, тинчлик учун курашиб яшаш ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини чуқур очиб бериш» билан боғлиқ муҳим вазифалар белгилаб берилган.

Дарҳақиқат, инсоният тарихидаги энг мудҳиш ва бешафқат Иккинчи жаҳон урушини бошидан кечирган халқимизнинг тилаги битта: бундай ёвуз офат ҳеч қачон қайтмасин, остонамизга яқин келмасин.

Маълумки, дунёга хавф солаётган таҳдид бугунги кунда жуда серқирра бўлиб, эндиликда у бирон давлат ёки минтақа билан чегараланиб қолаётгани йўқ. У бутун дунёга хавф солмоқда. Жумладан, бугунги таҳдид сиёсий ва диний экстремизм, миллатчилик ва миллий маҳдудлик, этник ҳамда миллатлараро низолар, маҳаллийчилик ва уруғ-аймоқчилик зиддиятлари, коррупция ҳамда жиноятчилик ва экологик муаммоларни ўз ичига қамраб олади. Буларга турли кимёвий воситалар, зарарли модда ҳамда минерал ўғитларни, саноат ва қурилиш материалларини сақлаш, ташиш ҳамда фойдаланиш қоидалари қўпол равишда бузилиши билан боғлиқ таҳдидларни қўшсак, сайёрамизни ўраб-чулғаб олаётган хавф-хатар қанчалик чуқур илдиз отиб бораётганини теран тасаввур қиламиз.

Гарчи, бундай таҳдидлар турли минтақада турли кўринишда намоён бўлса-да, инсоният учун, унинг тараққиёти учун бир хилда хавф солаётганини англамаслик, тушунмаслик асло мумкин эмас. Шу боис Биринчи Президентимиз, Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги маърузасида бунга яна бир бор эътибор қаратиб, шундай деган эдилар: «Минтақамизда ва бутун дунёда юзага келаётган мураккаб геосиёсий шароитда бизнинг зиммамизда мамлакатимизнинг хавфсизлиги ва барқарорлигини таъминлаш, шу муқаддас заминимизда ҳукм сураётган тинч-осойишта ҳаётни сақлаш каби бири-биридан масъулиятли ва кенг кўламли бир қатор вазифалар борки, юртимизнинг, жондан азиз фарзандларимизнинг бугунги ва эртанги куни ана шу масалаларни қанчалик муваффақият билан ҳал этишимизга боғлиқдир».

Айтиш керакки, бу борада, бир зумга бўлсин, ҳушёрликни қўлдан бериб бўлмаслигини ҳаётнинг ўзи талаб этмоқда. Зеро, терроризм, сиёсий ва диний экстремизм, наркобизнес ҳамда «оммавий маданият» ёки «инсон ҳуқуқлари ҳимояси» ниқоби остида кириб келаётган турли таҳдидлар инсоният бошига қандай бало ва офатларни солаётганини кўриб турибмиз. Шундай экан, улар билан сира муроса қилиб бўлмайди.

Тинчлик ва омонлик. Оддий, аммо дунё қадар чуқур маънони ўзига жо этган шу икки калом замирида ривожланиш, тараққиёт ва фаровонлик тушунчалари мужассам. Шу боис мамлакатимизда фуқароларнинг тинчлиги ва миллий тотувлигини таъминлаш масаласи конституциявий норма даражасида мустаҳкамлаб қўйилган.

Бу улуғ тушунчалар халқимизнинг онгу тафаккурига чуқур сингиб кетган. Шунинг учун ҳам биз тинчликнинг моҳияти, аҳамияти ва қадр-қимматини теран англаймиз. Давлатимиз раҳбари 9 май – Хотира ва қадрлаш куни арафасида оммавий ахборот воситалари вакиллари билан бўлиб ўтган суҳбатда ушбу ҳақиқатни яна бир бор ёдимизга солди, шу орқали тинчликни таъминлашга ҳар биримиз масъул эканимизни алоҳида уқтириб ўтди.

Бу бежиз эмас, албатта. Чунки бугун дунёнинг турли минтақаларида рўй бераётган нохуш воқеалар норасида гўдакларнинг кўз ёши, оналарнинг фарёди ва вайронагарчиликларга сабаб бўлмоқда. Энг ачинарлиси, уруш ўчоғига айланган, инсоннинг яшаш ҳуқуқи, эрки, қадр-қиммати топталган бу ҳудудларда тинчликни қарор топтириш осон кечмаяпти. Назаримда, шунинг ўзи ҳам бизни ҳар доим ҳушёр ва огоҳ бўлишга ундаши керак. Тинчлигимизга таҳдид солиши мумкин бўлган хавф-хатарлар мавжудлигини инобатга олсак, бу даъват замирида чуқур маъно мужассам экани янада ойдинлашади.

Афсуски, дунёга хавф солаётган таҳдидлар серқирра бўлиб, эндиликда у бирон давлат ёки минтақа билан чегараланиб қолаётгани йўқ. У бутун дунёга хавф солмоқда. Жумладан, бугунги таҳдидлар сиёсий ва диний экстремизм, миллатчилик ва миллий маҳдудлик, этник ва миллатлараро низолар, маҳаллийчилик ва уруғ-аймоқчилик зиддиятлари, коррупция ҳамда жиноятчилик ва экологик муаммоларни ўз ичига қамраб олмоқда. Инсоният учун, унинг тараққиёти учун жиддий хавф солаётган бу таҳдидлар қаршисида ҳушёр ва огоҳ туришни ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда. Зеро, терроризм, сиёсий ва диний экстремизм, наркобизнес кўринишида, «оммавий маданият» ёки «инсон ҳуқуқлари ҳимояси» ниқобида кириб келаётган турли хавф-хатарлар инсониятни қандай бало-қазоларга дучор этаётганини кўриб-билиб турибмиз. Шундай экан, улар билан асло муроса қилиб бўлмайди.

Мазкур ҳаётий ҳақиқатни теран англаган Ўзбекистон истиқлолнинг дастлабки йилларидаёқ айни шу йўналишда ўзининг қатъий позициясини белгилаб олганини бугун нафақат халқимиз, балки халқаро жамоатчилик ҳам эътироф этмоқда, қўллаб-қувватламоқда.

Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсий фаолияти концепциясида Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни асраш ҳамда мустаҳкамлаш, минтақани хавфсизлик ва барқарор ривожланиш зонасига айлантириш устувор вазифалар қаторида белгилаб қўйилган.

Шу ўринда муҳим бир воқеани яна бир бор ёдга олайлик. 2014 йилнинг 6 майида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Нью-Йоркдаги қароргоҳида мазкур ташкилот тузилганидан буён биринчи маротаба беш ядровий давлат – АҚШ, Буюк Британия, Франция, Хитой ва Россия якдиллик билан муҳим халқаро ҳужжатни – Марказий Осиёда ядро қуролидан холи зона барпо этиш тўғрисидаги шартномага хавфсизлик кафолатлари тўғрисидаги протоколни имзолади.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов 1993 йили БМТ Бош Ассамблеяси минбаридан туриб, ана шу ғояни илгари сурган эди. Бу том маънодаги тарихий воқеликнинг моҳияти, минтақамиз халқлари ҳаётидаги беқиёс аҳамиятини вақт ўтган сари теранроқ англамоқдамиз.

Ўзбекистон нафақат юртимиз ва минтақамиз, балки бутун дунёда тинчликни сақлаш борасида ҳам қатор таклиф ва ташаббусларни илгари суриб келмоқда. Хусусан, Биринчи Президентимиз БМТ, ЕХҲТ, ШҲТ, МДҲ каби халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан ҳамкорлик доирасидаги чиқишларида Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш борасидаги қарашларини баён этар экан, бу муаммони тинч йўл билан ҳал этиш, кўп миллатли Афғонистон халқининг анъанавий, диний, миллий-маданий қадриятлари ва урф-одатларини ҳурмат қилиш ҳамда қўллаб-қувватлаш, камсонли миллатлар манфаатларига ҳурмат билан муносабатда бўлиш зарурлигини таъкидлаб келган.

Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг асосчи мамлакатларидан бири сифатида Ўзбекистон ушбу ташкилотга аъзо бўлган бошқа давлатлар қатори ШҲТ ривожланишининг стратегиясини белгилайди. Бу йўналишда ташкилот иш бошлаган 2001 йилдан эътиборан айнан мамлакатимиз саъй-ҳаракатлари билан унинг фаолиятини такомиллаштириш, ташкилот иштирокчилари, шунингдек, бошқа умумбашарий ва минтақавий институтлар ўртасида самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда мустаҳкамлаш борасида салмоқли муваффақиятларга эришилди.

2015-2016-йилларда Ўзбекистон Республикаси ШҲТга яна бир бор раислик қилди. ШҲТнинг Тошкент саммитини ҳамюртларимиз шу йилдаги энг муҳим сиёсий воқеалардан бири деб ҳисоблайди. Кузатувчи давлатлар ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари иштирокида бўлиб ўтган мазкур саммитда ташкилотнинг турли соҳалардаги фаолиятини янада такомиллаштириш ва самарадорлигини оширишга қаратилган муҳим қарорлар қабул қилинди.

Табиийки, шу ва бошқа саъй-ҳаракатлар юртимизда бебаҳо неъмат – тинчлик ва тотувликни таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилаяпти. «Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан ўтказилган «Фуқаролар Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг яқинда бўлиб ўтган саммити ҳақида» мавзусидаги экспресс-сўров натижалари ҳам буни яққол тасдиқлаб турибди.

Пойтахтимиз аҳолиси қатнашган ижтимоий сўров натижаларидан маълум бўлдики, респондентларнинг мутлақ кўпчилиги мамлакатимиз томонидан ШҲТ фаолиятини янада кучайтириш йўлида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар бу тузилма тараққиёти ҳамда нуфузини юксалтиришга катта ҳисса қўшаётганини эътироф этишган.

Иштирокчилар саммитда қабул қилинган Тошкент декларацияси ва бошқа қарорлар ШҲТнинг тарихида муҳим босқични бошлаб бергани, тинчлик, осойишталик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш, иштирокчи давлатларнинг изчил ривожланишини таъминлашга хизмат қилишига ишонч билдирган.

Шу мулоҳазадан келиб чиқсак, тинчлик – обрў, мартаба, тожу тахт. Унга осонликча етаман деганлар қаттиқ адашишади, биз бунга эришиш учун оғир синовларни бошимиздан кечирдик. Бироқ аҳдимиздан қайтмадик, келажаги буюк давлат қуришни тинчликни устувор этиш деб билдик. Унинг гуллаб-яшнаши учун қалбимизни обод қилишга, сўнг юртимизни обод қилишга жазм айладик. Эндиликда бизни ҳамма танийди. Таниганда ҳам ҳурматимиз ҳар бирининг кўз ўнгида гавдаланади. Биз ҳақимизда кимки сўз айтса, танлаган йўлимизга содиқлигимиз, тинчликка камарбасталигимиз, тинчлик ва тараққиётнинг халқи ва давлати эканлигимиздан келиб чиқади.

Шундай экан, Истиқлол чамани янада гуллаб-яшнасин. Биз унинг тинчлик хиёбонида ўз орзу-умидларимиз, мақсадларимиз рўёбини кўриб, ватан хизматига жону жаҳонимизни бахшида этайлик. Зеро, бу бизга ҳам фарз, ҳам қарздир.

 

III. ЖАҲОН МИҚЁСИДАГИ ИҚТИСОДИЙ, ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ВОҚЕАЛАРГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАР

 ЎЗБЕКИСТОН ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ТАШАББУСЛАРИ – ХОРИЖИЙ ОММАВИЙ АХБОРОТ ВОСИТАЛАРИ ДИҚҚАТ МАРКАЗИДА

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 10 сентябрь куни Остона шаҳрида бўлиб ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Фан ва технологиялар бўйича биринчи саммитида сўзлаган нутқи хорижий оммавий ахборот воситаларида катта қизиқиш уйғотди. Уларда давлатимиз раҳбарининг нутқида билдирилган асосий фикрларга алоҳида эътибор қаратилган кўплаб материаллар чоп этилгани ҳам бундан далолат беради.

Хусусан, Би-Би-Си Ўзбек хизмати (bbc.com/uzbek) Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўз нутқида ислом оламининг муаммоли масалалари, аввало, илм-фан ва технологиялар борасида ривожланган давлатлардан сезиларли даражада орқада қолаётганини таъкидлаганини қайд этган.

Интернет нашр Президентимизнинг Тошкент шаҳрида Ислом цивилизацияси марказини ташкил этиш бўйича ташаббусига алоҳида эътибор қаратган.

Шунингдек, Би-Би-Си Шавкат Мирзиёевнинг мусулмон оламида фан ва технологиялар тараққиёти даражасига берган баҳосига, ИҲТга аъзо давлатлар катта молиявий салоҳиятга эга бўлса-да, иқтисодиётга инновацион ғоя ва технологияларни жорий этишда фаоллик кўрсата олмаётганини афсус билан қайд этганига, фан ва технологияларни ривожлантиришга қўшилган ҳисса учун Ислом ҳамкорлик ташкилотининг халқаро мукофотини таъсис этиш ва уни кенг оммалаштириш ташаббусига ўқувчилар диққатини қаратган.

«Озодлик» радиоси (ozodlik.org) Ўзбекистон Президенти мусулмон мамлакатлари олимларининг фан ва технологияларни ривожлантиришга қўшган ҳиссасини муносиб тақдирлаш мақсадида ИҲТ мукофотини таъсис этишни таклиф қилгани, бу, айниқса, ёш олимларга илмий-технологик йўналишлардаги изланишларини янада фаоллаштиришга рағбат бўлишини қайд этган.

Uaport.net интернет нашри ўз мақоласида бундай ёзади: «Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Ислом олами жаҳон илм-фани ва цивилизациясига қўшган беқиёс ҳиссаси билан фахрланишга тўла ҳақли экани, Марказий Осиё ҳудуди эса Шарқ Ренессансининг йирик маркази сифатида маълум ва машҳур бўлганини таъкидлади. Алгоритм асосчиси Ал-Хоразмий, қомусий олим Ал-Фарғоний, кўплаб фанлар ривожига улкан ҳисса қўшган Ибн Синонинг бой илмий ва маънавий меросининг беқиёс аҳамияти тобора ортмоқда».

«Биз Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Фан ва технологиялар соҳасида ҳамкорлик бўйича Доимий қўмитаси фаолиятини юксак баҳолаймиз ва унинг ишида янада фаол иштирок этишни режалаштирганмиз. Ташкилотимизнинг мазкур йўналишда ўн йиллик ҳаракатлар дастури натижалари белгиланган мақсадларга эришилганидан далолат беради, дея таъкидлади Ўзбекистон Президенти», деб ёзади интернет нашри.

vb.kg интернет портали Шавкат Мирзиёвнинг ИҲТга аъзо давлатлар олий таълим муассасаларининг халқаро даражаси пастлиги борасидаги сўзларига эътибор қаратган: «Аъзо давлатларнинг фақатгина 11 та олий таълим муассасаси жаҳоннинг 500 та энг яхши университети рейтингидан ўрин олган, холос. Ёки 2015 йилда дунё бўйича патент олиш борасидаги мурожаатларда бу мамлакатларнинг ҳиссаси атиги биру ўндан тўққиз фоизни ташкил этган».

Sputniknews-uz.com давлатимиз раҳбарининг ИҲТга аъзо айрим давлатлар ўз молиявий салоҳиятидан фан ва технологияларни ривожлантиришда фойдаланмаётгани тўғрисидаги сўзларини келтиради: «Аксарият мусулмон мамлакатлари бой табиий захираларга, катта молиявий салоҳиятга эга бўлса-да, иқтисодиётга инновацион ғоя ва технологияларни жорий этишда фаоллик кўрсата олмаётганини афсус билан қайд этиш лозим».

«Ўзбекистон раҳбари мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда глобал иқлим ўзгариши масаласига кўпроқ эътибор қаратиш, юқори самарали компьютер марказларини яратиш, ёш олимлар ва ёшлар билан комплекс ишлаш орқали ушбу вазиятдан чиқиш мумкинлигини таъкидлади», деб қайд этади манба.

Kazpravda.kz нашри ИҲТ Доимий қўмитасининг аъзо давлатлар ҳудудида олтита Юқори самарали компьютер марказини ташкил этиш тўғрисидаги тавсиясига мувофиқ, давлатимиз раҳбари Ўзбекистон шундай марказлардан бирини ўз ҳудудида жойлаштиришга тайёр эканини билдиргани ҳамда Мусулмон олами ёш олимлари халқаро марказини тузишни таклиф этганига алоҳида эътибор қаратган.

Шавкат Мирзиёевнинг навбатдаги ИҲТ Фан ва технологиялар саммитини Ўзбекистонда ўтказиш тўғрисидаги таклифи ҳам хорижий оммавий ахборот воситаларининг алоҳида эътиборини тортди.

Мазкур масала ҳақида тўхталар экан, Kant.kg давлатимиз раҳбарининг қуйидаги сўзларини келтиради: «Аъзо давлатларнинг барқарор иқтисодий ривожланиши, аҳолининг муносиб ҳаёт даражасини таъминлаш мақсадида Фан ва технологиялар бўйича саммитни ҳар уч йилда бир марта ўтказишни ва ушбу таклиф қўллаб-қувватланган тақдирда, кейинги саммитни 2020 йилда Ўзбекистонда ўтказишга тайёр эканимизни билдирмоқчиман».

Ушбу ташаббус ca-news.org веб-сайти материалида ҳам ўз аксини топган: «Остона саммитида сўзга чиққан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ИҲТнинг Фан ва технологиялар бўйича саммитига мезбонлик қилишга тайёрлигини билдирди».

Интернет нашри Ўзбекистон раҳбарининг ушбу ташаббуси Ташкилотга аъзо давлатлар томонидан кенг қўллаб-қувватланганини қайд этади ҳамда ИҲТ Фан ва технологиялар бўйича биринчи саммити Остона декларацияси бандларидан бирини келтиради: «Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар Ўзбекистон Президентининг ИҲТ Фан ва технологиялар бўйича иккинчи саммитини Ўзбекистонда ўтказиш тўғрисидаги таклифини мамнуният билан қабул қиладилар».

«Биз ИҲТ Бош котибияти ва КОМСТЕК (ИҲТнинг Фан ва технологиялар соҳасида ҳамкорлик бўйича Доимий қўмитаси)ни Ўзбекистон ҳукумати билан Ўзбекистонда ИҲТ Фан ва технологиялар бўйича иккинчи саммитини чақиришга керакли тайёргарлик ишларини бошлашга ваколат берамиз», дейилади декларацияда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Остона шаҳрида бўлиб ўтган ИҲТ саммитидаги нутқи оммавий ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди, интернет тармоғи фойдаланувчилари томонидан ижобий баҳоланди ва фаол қўллаб-қувватланди. Нутқ бўйича кўплаб изоҳлар билдирилгани ва ундаги фикрлар турли нашрларда қайта чоп этилгани ҳам шундан далолат беради.

Мухтасар айтганда, давлатимиз раҳбари томонидан ИҲТ саммитида Ташкилотнинг фан ва технологияларни ривожлантириш соҳасидаги саъй-ҳаракатларини фаоллаштиришга доир билдирилган ташаббуслар интернет ҳамжамияти томонидан юксак баҳоланди ва кенг қўллаб-қувватланди, бугун ҳам интернет нашрлари ва ижтимоий тармоқлар диққат марказида бўлиб турибди.

 

ОСТОНАДАГИ САММИТ БЎЙИЧА СИЁСИЙ ҲУЖЖАТ ҚАБУЛ ҚИЛИНДИ

Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Фан ва технологиялар бўйича биринчи саммитида Остона декларацияси қабул қилинди. Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев якуний йиғилишда декларация ҳақида маълумот берган.

«Бугун биз фан ва технологиялар ривожини ҳар томонлама муҳокама қилдик ва бу соҳа биз учун долзарблигини бир овоздан қайд этдик. Бу соҳани биргаликда ривожлантиришимиз зарур. Биз буни амалда исботлашимиз керак. Бунинг учун саммитнинг якуний ҳужжати — Остона декларацияси қабул қилинди», — дея йиғилиш иштирокчиларига юзланган Қозоғистон президенти.

ИҲТ саммити очилишида Назарбоев бу йиғилиш ислом дини тарихида из қолдиришига умид билдирганди. У қозоқ халқи ва ислом дини боғлиқлиги узоқ ўтмишга бориб тақалишини эътироф этганди.

«Бизнинг заминимизга ислом дини минг йиллар аввал кириб келган. Биз ислом дини ва ғарб цивилизацияси ўртасидаги дўстона мулоқотда боғловчи вазифасини бажардик», — деган Қозоғистон президенти.

У шунингдек, бугунги кунда ислом дунёси тўқнаш келаётган таҳдидлар ва чақириқлар мавзусига тўхталган.

«Афсуски, кейинги вақтларда ислом уммати турли мураккаб синовларга дуч келмоқда. Булар биринчидан, турли экстремистик ва террорчилик ташкилотлар фаолияти кенгайишидир. Уларнинг террорчилик хуружларидан, биринчи бўлиб ислом олами давлатлари жабр кўрмоқда. Қолаверса, исломофобия, мусулмонларга қарши жиноий ҳаракатлар йилдан-йилга ортмоқда», деган у.

Нурсултон Назарбоев Мьянма мавзусига ҳам тўхталган.

«Бизни, шунингдек, яқинда Мьянмада юз берган можаролар хавотирга солмоқда. Туркия томони ташаббуси билан бу мавзу саммитнинг якуний ҳисоботига киритилди. Барча томонларни зудлик билан зўравонликни тўхтатиш ва БМТ доирасида мулоқотга чақирамиз», деган Назарбоев.

 

НАЗАРБОЕВ ИЛМ-ФАННИ РИВОЖЛАНТИРИШ УЧУН G20 СИНГАРИ ИҲ15 ТАШКИЛОТИНИ ТУЗИШНИ ТАКЛИФ ЭТДИ

Гап ислом оламида илмий ва иқтисодий ишларни кенгайтириш учун мўлжалланган норасмий гуруҳ тузиш ҳақида кетмоқда. Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев G20 давлатлари ташкилоти сингари, Ислом ҳамкорлиги ташкилотига аъзо 15 етакчи давлат иштирокида илм-фан ва иқтисодиётни ривожлантиришга йўналган ташкилот тузиш ташаббусини илгари сурди. Бу ҳақида Қозоғистон етакчиси якшанба куни Остона шаҳрида бўлиб ўтган Ислом ҳамкорлиги ташкилотининг илм-фан ва иқтисодиёт масалалари бўйича саммитида чиқиш қилган.

«Фикримча, G20 сингари форум, норасмий гуруҳ чақириб, ислом оламида илм-фан ва иқтисодиётни ривожлантиришимиз керак. Ислом ҳамкорлиги ташкилотининг етакчи 15 давлатидан ИҲ15 ташкилоти тузиш мумкин бўлади. Илм-фан ва технологиянинг ривожланиши биз учун ўта муҳим», — деган Назарбоев.

Қозоғистон президентининг сўзларига кўра, Ислом ҳамкорлиги ташкилотининг замонавий ривожланиш масалалари бўйича махсус кенгашини тузиш имконини берадиган муайян ҳаракатлар режаси ҳам керак бўлади. «Менимча, умумий илмий-инновацион фонднинг тузилиши ҳам тўғри қарор бўлар эдим», — дея таъкидлаган Назарбоев.

 

ЭРДЎҒАН МУСУЛМОН МАМЛАКАТЛАР АҲОЛИСИНИНГ БИЛИМСИЗЛИГИДАН ТАШВИШДА ЭКАНИНИ БИЛДИРДИ

Туркия президенти Тоййиб Эрдўған Остонадаги Ислом ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасида мусулмон мамлакатлар аҳолисининг билимсизлиги борасида фикр билдирди. «Биз умримизнинг охиригача ўқиш ва ўрганишни тавсия қилувчи динга эътиқод қиламиз. Ислом цивилизацияси – илм-фан ва билимлар цивилизацияси. Мусулмонлар дунё сиёсатини бошқарган пайтларда айнан уларнинг ўлкаси илм-фан ва инновациялар маркази бўлган. Мусулмонларнинг ҳаётида илм-фан, ўқиш ва тадқиқотлар иккинчи даражага ўтиб қолганда эса қолоқлик ва таназзул даври бошланган», — деди Ражаб Тоййиб Эрдўған ўз нутқида.

«Бугунги кунда ислом олами аҳолисининг 55 фоизи — билимсиз. Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ) мамлакатларида ЯИМнинг ўртача 5,2 фоизи билим олишга ажратилади. Бизнинг энг билимли болаларимиз, энг ноёб ақл соҳиблари Ғарб мамлакатларига кетиб қолишмоқда, Ғарб ташкилотларида ишлашмоқда. Афсуски, ахборот технологиялари соҳасида биз ишлаб чиқарувчи эмас, истеъмолчимиз. Бу эса миллий хавфсизлигимизга таҳдид солади. Кучли мамлакат бўлиш учун биз тўкис билимни энг яхши шаклда ишлаб чиқаришимиз керак», — деди Туркия президенти ИҲТнинг Остонадаги саммити доирасида.

Эрдўған ислом давлатлари ИҲТ доирасида ўз билимлари, технологик ютуқлари, шунингдек талабалар ва педагоглари   билан алмашишлари кераклиги ҳамда университетлар билан ҳамкорлик қилиши кераклигини айтди. «Туркия ҳам бунга тайёр», — дея таъкидлади Ражаб Тоййиб Эрдўған.

ИҲТ 1969 йилда ташкил қилинган. Ҳозирда унинг 57 аъзоси бор.

 

ТОШКЕНТДА ҚОЗОҒИСТОН МИЛЛИЙ МАҲСУЛОТЛАРИ КЎРГАЗМАСИ ИШ БОШЛАДИ

Тошкентдаги «Ўзэкспомарказ» ҳар қачонгидан ҳам гавжум. Боиси 15 сентябрь куни бу ерда иш бошлаган кўргазма иштирокчилари халқимиз билан кўп асрлик қардошлик ва дўстлик ришталари билан боғланган бўлса, намойиш этилаётган маҳсулотлар биродар қозоқ халқининг кейинги чорак асрда қўлга киритган ютуқлари билан бевосита танишиш имкониятини тақдим этди.

Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоевнинг мамлакатимизга давлат ташрифи доирасида ташкил этилган Қозоғистон миллий маҳсулотлари кўргазмасида қўшни мамлакатнинг автомобилсозлик, тўқимачилик, озиқ-овқат, электротехника, қурилиш материаллари ва бошқа тармоқларда фаолият кўрсатаётган элликка яқин компанияси маҳсулотлари намойиш этилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Н.Отажонов ва бошқалар мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик муносабатлари кейинги пайтларда жадал ривожланиб бораётгани, бунда давлатларимиз раҳбарлари ўртасида эришилган келишувлар ижроси алоҳида аҳамият касб этаётганини таъкидлади. Жорий йил март ойида Остонада ўтказилган Ўзбекистон миллий саноат кўргазмаси ҳамда Тошкент шаҳрида ташкил этилган Қозоғистон миллий маҳсулотлари кўргазмаси икки мамлакат ишбилармон доиралари учун муҳим бизнес майдончаси вазифасини ўтайди.

Кўргазмада Қозоғистонда ишлаб чиқарилаётган автотранспорт воситалари кенг намойиш этилмоқда. Бир неча русумдаги «Peugeot», «Lada» бренди остида ишлаб чиқарилаётган енгил автомобиллар, «JAC» электромобиллари ташриф буюрувчилар эътиборига ҳавола этилган.

Таъкидлаш керакки, кўргазма Ўзбекистонда қулай ишбилармонлик муҳитини янада ривожлантириш, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар қозоғистонлик тадбиркорларда катта қизиқиш уйғотганини намойиш этди.

– Қозоғистон ва Ўзбекистон анъанавий савдо ҳамкорлар ҳисобланади, – дейди «Kazakh Invest» компанияси бошқаруви раисининг ўринбосари Мейржан Майкенов. – Сўнгги пайтларда Ўзбекистонда валюта бозорини либераллаштириш, импорт товарларга акциз солиқларини камайтириш бўйича амалга оширилаётган кенг қамровли чора-тадбирлар, шубҳасиз, қозоғистонлик тадбиркорларни мамлакатингиз бизнес доиралари билан фаол ҳамкорликка ундайди.

 

20 ЙИЛЛИК ТАРИХГА ЯКУН ЯСАЛДИ: CASSINI ЗОНДИ ЎЗ МИССИЯСИНИ ЯКУНЛАДИ

20 йил аввал Сатурнга жўнатилган Cassini зонди Ерга охирги сигнални жўнатиб, ўзининг миссиясини якунлади. Коинот қурилмаси Сатурн атмосферасига киргач, 2 дақиқа ичида ёниб кетди. NASA коинот агентлиги мутахассисларининг айтишича, зонд билан алоқа Тошкент вақти билан соат 16:56да йўқолган ва зонд бундан 45 сония ўтгач мавжуд бўлишдан тўхтаган. Олимлар Cassini Сатурн атмосферасига кириш пайтида йиққан маълумотлар Қуёш тизими яралишининг баъзи сирларини ва сайёранинг ҳалқалари материяси унинг атмосферасининг юқори қатламларида қандай қилиб ёмғирга айланишини билишга имкон беришига умид қилишмоқда. NASA зонднинг охирги дақиқаларини жонли эфирда намойиш қилди.

Cassini зонди NASA’нинг энг қиммат лойиҳаларидан бири саналади. Уни яратишда нафақат америкаликлар, балки Европа коинот агентлиги ва Италиянинг ASI коинот бошқармаси мутахассислари иштирок этишган.

Қурилма коинотга 1997 йил октябрда учирилган. Унинг асосий вазифаси Сатурн, унинг ҳалқалари ва йўлдошлари ҳақида маълумот йиғишдан иборат бўлган. NASA мутахассислари қурилмани Сатурн йўлдошлари билан тўқнашувидан қочиш мақсадида йўқ қилишга қарор қилишган.

“Биз зондимиз олисдаги сайёра орбитасида 13 йил бенуқсон, минимум муаммолар билан ишлаганидан фархланамиз. Бу вақт ичида у 500 мингдан кўпроқ сурат олган, Титан ёнидан 160 марта учиб ўтган ва Ерга 635 гигабайт маълумот жўнатган. Cassini ўтган асрнинг 80-йилларида лойиҳаланиб, ўша замонлардаги технологиялар негизида қурилгани ҳисобга олинса, бу фантастик катта миқдордаги ахборотдир”, деб айтган Cassini миссияси раҳбари Эрл Мейз.

Cassini мавжудлигининг охирги лаҳзалари муҳандисларга коинотда ҳаёт изларини қидириш бўйича навбатдаги миссияни тайёрлашда ёрдам беради. 2020 йилнинг иккинчи ярмида коинотга “Европа-Клипер” зонди жўнатилади ва у Юпитер йўлдоши Европада ҳаётни қидириш билан шуғулланади.

 

IV. МИРЗО УЛУҒБЕК НОМИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИДА

 ИККИНЧИ МУТАХАССИСЛИККА СИНОВЛАР ЮКСАК САВИЯДА ЎТДИ

Азалдан аллома аждодларимиз бирнеча фанларни мукаммал билганлар.

Оққан дарё оққани мисол бугунги илмга чанқоқ ёшлар ҳам икки-учтадан соҳа сирларини ўрганиш мақсадида ўқишни давом эттиришга ҳаракат қилишаётир. Бу айниқса ҳозирги соҳалар уйғунлашиб кетаётган глобаллашув даврида ғоят муҳим ўрин тутмоқда.

Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссиясининг 2017 йил 25 июлдаги 4-сон баёнига асосан Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетига 2017-2018 ўқув йили учун иккинчи ва ундан кейинги сиртқи олий таълимга қабул эълон қилинган эди. Сиртқи таълим тажриба-синов тариқасида масофавий ўқитиш элементларини қўллаган ҳолда олиб борилиши белгилаб қўйилган.

Очиғи, илмга, турли соҳа сирларини пухта эгаллашга интилган иқтидорли ёшлар кўпчиликни ташкил этар экан. (Баъзилар “башорат” қилганидек, бозор иқтисодиёти шароитида ҳамма ўзини бозорга, савдо-сотиққа ва бошқа майда-чуйда ишларга уриб кетмабди!) Буни биргина ЎзМУга иккинчи мутахассисликка ўқишга талабгорлар сони 1170 нафардан ошиб кетганидан ҳам билса бўлади. Белгиланган квотага кўра, уларнинг 946 нафари қабул қилиниши кўзда тутилган.

Бугун якшанба куни ЎзМУда иккинчи ва ундан кейинги сиртқи олий таълимга кириш имтиҳонлари бўлиб ўтди.

– Орзуим ўқитувчи бўлиш эди. Тақдир тақозоси билан Тошкент давлат Аграр университети Зоотехния факультетини тамомладим. Бу димлом билан мактабда дарс бериш ҳуқуқига эга эмас эканман. Шунинг учун ЎзМУнинг Биология факультетида иккинчи мутахассисликка ўқиш имконияти яратилганидан беҳад хурсанд бўлдим,– дейди Сурхондарё вилояти, Узун туманидан келган Сабоҳат Мўминова.– Бугун кириш имтиҳонлари юксак савияда, шаффоф бир тарзда ўтди. Очиғи, яна илм олиш умидида келганларни ўзимча кузатдим. Ҳаммаси билимли, маданиятли, анча-мунча ҳаёт тажрибасига ҳам эга бўлган ёш мутахассислар экан. Бу тарзда илм олишга интилаётганларга имкониятлар эшигини каттароқ очиш, яъни, белгиланган квота билан чекланиб қолмасдан, қўшимча ўринларга ҳаммани қабул қилиш мақсадга мувофиқдир.

Албатта, сиртқи масофавий таълим имкониятлари жуда кенг. Бунда кўп жой, яъни, ўқув заллари, аудиториялар, талабалар турар-жойлари (ётоқхоналар) талаб этилмайди. Мамлакатимиз бўйича кадрлар салоҳиятини янада оширишда махсус сиртқи бўлимларнинг ташкил этилишининг ўрни беқиёс. Шундай экан, айниқса, иккинчи ва ундан кейинги сиртқи олий таълимга қабул квоталарини ишлаб чиқариш корхоналари, ташкилотлар, муассасаларнинг эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда белгилаш, керак бўлса, қўшимча ўринлар ажратиш фойдадан ҳоли бўлмайди.

Сиртқи бўлимларнинг ташкил этилгани илм олиш, ишлаб чиқаришдан узилмаган ҳолда иккинчи мутахассисликни эгаллаш истагидаги фуқаролар учун қулай имкониятдир.

 

КОНСТИТУЦИЯ – БАХТИМИЗ ҚОМУСИ

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида “Конституция – бахтимиз қомуси” мавзусида маънавий-маърифий тадбирлар режасини амалга оширишга бағишланган семинар ўтказилди.

Унда университетнинг барча факультетлари мураббийлари етакчилари иштирок этдилар.

ЎзМУ Маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори Давлатбой Жумабоев, Мураббийлар кенгаши раиси Аброр Хидиров ва бошқалар Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллигини муносиб кутиб олиш, барча факультетларда ва талабалар турар-жойларида мазкур санага бағишланган маънавий-маърифий тадбирларни юксак савияда ўтказиш талабалар қалбида она Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуларини жўш урдириши, Бош қомусимизга ва қонунларимизни теран нигоҳ билан ўрганишига хизмат қилишини алоҳида таъкидладилар.

Мураббийлар етакчилари бу қутлуғ сана олдидан ўтказиладиган тадбирларни мазмунан янада бойитиш юзасидан таклифларини баён этдилар.

 

Материаллар ЎзМУ Ахборот хизмати томонидан тайёрланди.

Унда республика ОАВ хабарларидан фойдаланилди.

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>