“АХБОРОТ СОАТЛАРИ” № 07-17

Ҳафтанинг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеалари (9-15 октябрь кунлари)

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ ВА ЎРТА МАХСУС ТАЪЛИМ ВАЗИРЛИГИ

МИРЗО УЛУҒБЕК НОМИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИ

«АХБОРОТ СОАТЛАРИ” № 07-17

Ҳафтанинг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеалари (9-15 октябрь кунлари)

 ТОШКЕНТ – 2017

 ОТМ Маънавият ва маърифат ишлари бўйича масъуллари ва мураббийлар диққатига! Талабаларга “Ахборот соатлари” материаллари билан www.uzmu.uz ва www.uchildiz.uz веб-сайтлари орқали танишишлари тавсия этилади.

 

I. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДАГИ ИҚТИСОДИЙ, ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ВОҚЕАЛАРГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАР

 

ХОРАЗМНИНГ ИҚТИСОДИЙ РИВОЖЛАНИШИ, САЙЁҲЛИК САЛОҲИЯТИ ВА ИЖТИМОИЙ ҲАЁТИ ЯНГИ БОСҚИЧГА КЎТАРИЛАДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши билан танишиш, истиқболдаги вазифаларни белгилаш мақсадида 14 октябрь куни Хоразм вилоятига келди.

Хоразм қишлоқ хўжалиги, йирик саноат корхоналари, транспорт ва коммуникация тизимлари, кичик бизнес салоҳияти билан мамлакатимиз тараққиётида муҳим ўрин тутади. “GM Uzbekistan” акциядорлик жамиятининг Хоразм филиали, “UzXMG” экскаватор заводи, “Ўзтекс Шовот”, “Хоразм маиший техника” корхоналари, “Хоразм шакар” қўшма корхонасида ички ва ташқи бозорда харидоргир маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Мураккаб иқлим шароитига қарамай, вилоят деҳқонлари қишлоқ хўжалигида мўл ҳосил етиштирмоқда.

Давлатимиз раҳбари 2017 йил 27-28 январь кунлари Хоразмга ташрифи чоғида вилоят иқтисодиётини ривожлантириш, саноат ва қишлоқ хўжалигини таркибий ўзгартириш, ижтимоий объектлар барпо этиш ва инфратузилмани яхшилаш, аҳоли турмуш даражасини ошириш бўйича қатор вазифаларни белгилаб берган эди.

Ўтган даврда ҳудудда кўплаб янги корхоналар, кичик бизнес субъектлари, кўп тармоқли фермер хўжаликлари ташкил этилди. Туризм, тўқимачилик, балиқчилик, паррандачилик, ирригация ва бошқа соҳаларда истиқболли лойиҳалар амалга оширилди. Уй-жойлар, шифохоналар, мактаб ва санъат даргоҳлари қурилди. Яна қатор лойиҳалар бўйича ишлар давом эттирилмоқда.

Шавкат Мирзиёев Хоразм вилоятига ташрифини Урганч халқаро аэропортида бажарилган реконструкция ишлари билан танишишдан бошлади.

Бутун мамлакатимизда бўлгани каби Хоразм вилоятида ҳам улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Бу шаҳар остонасиданоқ кўзга ташланади. Хусусан, Урганч халқаро аэропорти замонавий талаблар асосида реконструкция қилинган. Йўловчиларни кутиб олиш ва кузатишга мўлжалланган замонавий терминаллар, хизмат кўрсатиш хоналари, савдо шохобчалари ташкил этилган, ён-атроф ободонлаштирилган. Расмий делегациялар, хорижий меҳмонларни кутиб олиш учун зарур шароит яратилмоқда.

Президентимиз бу борада амалга оширилган ишлар ва галдаги режалар билан танишди. Аэропорт фаолиятини такомиллаштириш, меҳмонлар учун қулайликларни янада ошириш бўйича кўрсатмалар берди.

Вилоятда барча соҳалар сингари сайёҳликни ривожлантириш, тарихий обидаларни тиклаш, таъмирлаш, уларнинг атрофини ободонлаштириш борасида улкан ишлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбари вилоятга келаётган сайёҳлар оқимини кўпайтиришда тарихий обидаларнинг аҳамияти беқиёс эканини таъкидлади. Тарихий объектларни қайта тиклаш ва таъмирлашда асл миллий қадрият ва урф-одатларимизни сақлаш ва хорижликларга кўрсатиш борасида тавсиялар берди. Урганч туманида кенг кўламли бунёдкорлик-ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Аҳолига қулайлик яратиш, турмуш даражаси ва сифатини янада юксалтириш мақсадида ҳудудда янгиланган намунавий лойиҳалар асосида 1 ва 2 қаватли 64 уй-жой, ижтимоий инфратузилма объектлари қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Шавкат Мирзиёев янги уйларда аҳолига яратилган шароитлар билан қизиқди. Замонавий ва миллий меъморлик андозалари асосида барпо этилган ушбу уйлар оилалар фаровон яшаши учун қулай қилиб лойиҳалаштирилган. Хонадонлар табиий газ, электр энергияси ва тоза ичимлик суви билан таъминланган, ички йўллар барпо этилган.

Давлатимиз раҳбари Тошсоқа тизимидаги магистрал суғориш каналларини қайта тиклаш лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

Бугунги кунда вилоятда 276,7 минг гектар суғориладиган майдон мавжуд. Тошсоқа тизими орқали 191,3 минг гектар ер суғорилади. Амударёда сув кам пайтларда, айниқса, эрта баҳор ва ёз ойлари бошида каналларда сув сатҳи жуда паст бўлиб, ғалла, пахта ва бошқа экинларни суғориш учун сув асосан насослар ёрдамида олинарди. Бу харажатларнинг ошиб кетишига, сув исрофгарчилиги ҳамда ерларнинг мелиоратив ҳолати ёмонлашувига олиб келар эди.

Президентимиз Хоразм вилоятига аввалги ташрифи чоғида Тошсоқа магистрал каналида амалга оширилаётган реконструкция ишлари билан танишиб, ушбу муаммоларни бартараф этиш, қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда таннархни камайтириш, фермер ва деҳқон хўжаликларининг иқтисодий аҳволини яхшилашга қаратилган лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш бўйича топшириқлар берган эди. Мазкур лойиҳага кўра, вилоятдаги Тошсоқа, Шовот, Полвон Ғазовот ва Ғазовот магистрал ва хўжаликлараро каналларининг 120 километри реконструкция қилинди. Режадаги 607 гидротехник иншоотдан 318 таси янгидан қурилди. Бу ишлар натижасида 279 насос агрегатидан воз кечилиб, қишлоқ хўжалик экинлари ўзи оқар сув билан таъминланади ва 31,6 миллион киловатт соат электр энергия иқтисод қилинади. Президентимиз ушбу лойиҳа вилоятда сув таъминотининг тубдан яхшиланиши, фермер хўжаликлари самарадорлиги ва қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш ҳажмини оширишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. Каналлар атрофидаги ерларни ободонлаштириш, тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиқиб экиладиган кўчат турларини танлаш ва канал бўйлаб беш қатор дарахт экиш, ёзнинг жазирама кунлари одамлар канал бўйида дам олиши учун шароит яратиш бўйича Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳамда вилоят ҳокимлиги мутасаддиларига тегишли топшириқлар берилди.

Шавкат Мирзиёев Хива шаҳрида барпо этилаётган “Фаровон” меҳмонхонасининг қурилиш участкасида бўлди. Шаҳарнинг Амир Темур кўчасида қурилиши режалаштирилган ушбу меҳмонхона қадимий меъморчилик услубида 3 қаватли қилиб бунёд этилади. Унда конференция заллари, спорт майдончалари, ресторанлар, кўнгилочар масканлар ва бошқа имкониятлар бўлади. Меҳмонхонага франциялик ишбилармонлар инвестиция киритади. Бу ерга келишимиздан асосий мақсадлардан бири Хивани туристик зонага айлантириш борасидаги саъй-ҳаракатларимизни яна бир бор таҳлил қилишдан иборат, деди давлатимиз раҳбари. Туризмни ривожлантириш учун, аввало, сайёҳларга шароит яратиш зарур. Шу мақсадда келгуси уч йилда Хивада 20 га яқин меҳмонхона қурилади. Бу меҳмонхона беш юлдузли, мамлакатимиздаги энг яхши меҳмонхоналардан бири бўлади. Президентимиз Хива шаҳридаги Нуриллабой сарой мажмуасини кўздан кечирди. Хоразм вилояти тарихий ёдгорликлар, диққатга сазовор жойларга бой. Улар асраб-авайланаётгани, сайёҳлар учун зарур шароитлар яратилаётгани натижасида вилоятда туризм изчил ривожланмоқда. Маълумотларга кўра, мазкур сарой ҳудуди шу ерлик Нуриллабой исмли савдогарга тегишли бўлган. Мажмуа хорижлик меҳмонларни қабул қиладиган қароргоҳ вазифасини ўтаган. Давлатимиз раҳбари жорий йил январь ойида вилоятга ташрифи чоғида мутасаддиларга мазкур мажмуани замон талаблари даражасида реконструкция қилиш бўйича топшириқлар берган эди. Президентимиз тавсиясига кўра ишлаб чиқилган лойиҳага биноан бу ерда ресторан, қабуллар уйи, галерея, амфитеатр, ҳунармандлар кўргазмаси ташкил қилинган. Кўргазмаларда Хоразмнинг XIX-XX асрларга оид тарихий фотосуратлари, биринчи ўзбек кинооператори ва фотосуратчиси Худойберган Девонов олган суратлар ва киноасарлар намойиш этилмоқда. «Хоразм анъанавий ҳунармандчилиги: тарих ва замонавийлик», «Ўзбекистон замонавий санъати: оҳанглар, тимсоллар, талқинлар» мавзуидаги кўргазмалар меҳмонларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Президентимиз Хива шаҳри меъморчилик обидалари, жумладан, мазкур мажмуанинг бой тарихи ҳақида сайёҳлар ва хорижлик меҳмонларга замонавий услубларга таянган ҳолда сўзлаб бериш, бу билан уларнинг мамлакатимиз ҳақидаги тасаввурларини янада бойитиш зарурлигини таъкидлади. Шавкат Мирзиёев Хоразм вилояти иқтисодиётига жалб қилинадиган тўғридан-тўғри инвестицияларни кўпайтириш ва «Ҳазорасп» эркин иқтисодий зонаси фаолиятини янада ривожлантириш лойиҳалари тақдимоти билан танишди. Халқаро бозор талабларига жавоб берадиган рақобатбардош ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш, хомашёни чуқур қайта ишлаш орқали тайёр маҳсулот турларини кўпайтиришда мамлакатимизнинг турли ҳудудларида ташкил этилаётган эркин иқтисодий зоналарнинг алоҳида ўрни бор. Президентимизнинг жорий йил 12 январдаги “Ургут”, “Ғиждувон”, “Қўқон” ва “Ҳазорасп” эркин иқтисодий зоналарини ташкил этиш тўғрисида”ги фармони бу йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишда муҳим дастуриламал бўлмоқда.

«Ҳазорасп» эркин иқтисодий зонаси учун 414 гектардан ортиқ ер майдони ажратилган. Кейинчалик ушбу ҳудуд янада кенгайтирилади. Янги эркин иқтисодий зонада қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, сақлаш, қадоқлаш, тўқимачилик, пойабзал ва чарм-галантерея, кимё, фармацевтика, озиқ-овқат, электротехника саноати, машинасозлик ва автомобилсозлик, қурилиш материаллари каби қатор йўналишларда замонавий ишлаб чиқариш қувватлари ташкил этилади. Айни пайтда эркин иқтисодий зона чегараларини ўрнатиш, божхона пости ташкил қилиш, хорижий ва маҳаллий инвесторларни жалб этиш ишлари амалга оширилмоқда. Ташкил этиладиган замонавий ишлаб чиқариш корхоналари учун зарур имкониятлар яратиш мақсадида муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси, хусусан, газ, сув ва электр тармоқлари, канализация, автомобиль ва темир йўллари, алоқа тизими шакллантирилмоқда. Ҳудудда ишлаб чиқариш қувватларини жойлаштириш бўйича бугунги кунда 25 лойиҳа ишлаб чиқилган. Натижада 1000 дан ортиқ иш ўринлари яратилади.

«Ҳазорасп» эркин иқтисодий зонаси ҳудудда ишлаб чиқариш ва ресурс салоҳиятидан самарали фойдаланиш, янги иш ўринлари ташкил этиш, аҳолини барқарор даромад билан таъминлаш, халқимиз турмуш фаровонлигининг юксалишига хизмат қилади. Президентимиз Хоразм вилоятини 2018-2019 йилларда комплекс ривожлантириш дастури доирасида амалга ошириладиган лойиҳалар билан танишди. Бунда асосий эътибор вилоятнинг иқтисодий кўрсаткичларини ошириш, аҳоли бандлигини таъминлаш масалаларига қаратилган. Бўш турган объектлар ва фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари негизида янги ташкил этиладиган ва амалга ошириладиган лойиҳалар тўғрисида ҳам маълумот тақдим қилинди.

Урганч туманида йилига 1,2 минг тонна гўшт ва гўшт маҳсулотлари ҳамда 900 минг дона қуён терисини қайта ишлашга ихтисослашган «Хоразм қуён савдо» агрофирмаси ташкил этилади. Қиймати 1,8 миллион доллар бўлган мазкур лойиҳа уч босқичда амалга оширилади ва 2018 йил охирида тўлиқ қувват билан ишга туширилади. Бугун бозорда парҳез гўшт маҳсулотларига бўлган талаб ортиб бормоқда. «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ томонидан Шовот тумани Буйрачи қишлоғида қурилаётган паррандачилик мажмуаси, сут ва гўшт маҳсулотларини қайта ишлаш корхонаси ана шу талаблар доирасида ташкил этилмоқда.

Тақдимотда кам таъминланган оилаларнинг қорамол ва парранда боқиш, томорқада сабзавот маҳсулотлари етиштиришдаги иштирокини фаоллаштиришга қаратилган ижтимоий лойиҳалар ҳақида ҳам маълумот берилди.

Туризм мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантириш, янги иш ўринлари яратишда муҳим йўналишлардан ҳисобланади. Бугун мамлакатимизнинг барча ҳудудларида сайёҳлик соҳасида истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 2 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим омил бўлаётир.

Президентимизга вилоятга хорижлик ва маҳаллий сайёҳларни жалб қилиш, ҳудуднинг туризм салоҳиятини янада ривожлантириш лойиҳалари тақдим қилинди. Янги сайёҳлик йўналишлари очиш, янги маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича қилинаётган ишлар, 2018 йилда келиши кутилаётган сайёҳлар оқими ҳақида маълумот берилди. Давлатимиз раҳбари вилоятда «Хавфсиз туризм» концепциясини амалга ошириш лойиҳаси билан ҳам танишди. Унда туризм инфратузилма объектларини видеокузатув мосламалари билан жиҳозлаш, туризм соҳасида хизмат кўрсатувчи ва сайёҳатчиларнинг хавфсизлигини таъминловчи давлат ва нодавлат объектларини ягона ахборот-коммуникация тизимига улаш, сайёҳлар бўйича маълумотлар баъзасини шакллантириш каби чора-тадбирлар ўрин олган. Хива шаҳридаги «Ичан-қалъа» музей-қўриқхонаси ҳудудидаги «Паҳлавон Маҳмуд» мажмуасида таъмирлаш-тиклаш ишлари амалга оширилмоқда. Президентимиз мазкур мажмуада олиб борилаётган ишлар билан танишиш мақсадида ушбу ҳудудда бўлди. Қуръон тиловат қилинди. Илгари бу жойлар ташландиқ масканга айланиб қолган эди. Бу ерлар инсонга руҳий қувват беради. Буни келаётган зиёратчиларнинг кўплигидан ҳам билса бўлади, деди Президентимиз. Мазкур мажмуага кунига ўртача 400 га яқин зиёратчи келади. Таъмирлаш ва қурилиш ишларини жорий йил охирида якунига етказиш кўзда тутилган. Ҳаво ҳароратининг мўътадиллигини таъминловчи замонавий тизимлар ўрнатилган. Бу ерда зиёратчилар учун қўшимча қулайликлар яратиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Давлатимиз раҳбари Шерғозихон мадрасасини кўздан кечирди. Бу масканда таълим олган алломалар шарафига ташкил қилинган музей фаолияти билан танишди. Мадраса биносига зарар етказмаган ҳолда уни қайта таъмирлаш зарурлигини қайд этди. Вилоят туризмига тааллуқли яна бир йирик лойиҳа – Урганчдан Хивагача темир йўл барпо этиш лойиҳасидир. Темир йўл замонавий талаблар асосида лойиҳалаштирилиб, улкан бунёдкорлик ишлари бошлаб юборилди. Бугунги кунда икки шаҳар ўртасида 33 километр темир йўл ётқизиш, Хива шаҳрида замонавий вокзал ва зарур инфратузилма объектлари барпо этиш ишлари жадал олиб борилмоқда. Бу борадаги манзилли дастур асосида транспорт, меҳмонхона, почта, банк, умумий овқатланиш ва бошқа хизматлар ташкил этиш режалаштирилган. Келгусида мазкур темир йўл электрлаштирилиб, Тошкентдан Хивагача тезюрар поездлар қатнови йўлга қўйилади. Хива вокзали Ичан-қалъанинг Ҳазорасп дарвозаси ёнида барпо этилаётгани сайёҳларга қулайлик яратади. Президентимиз Хива шаҳар вокзалида амалга оширилаётган ишлар, истиқболдаги лойиҳалар билан танишди. Хоразмнинг туризм соҳасидаги имкониятларини тўлиқ ишга солиш, сайёҳлар учун барча шароитни яратиш, меҳмонхоналар ва кўнгилочар масканлар қуришга соҳанинг тажрибали вакилларини жалб этиш зарурлигини таъкидлади. Хива шаҳрининг тарихий қисмини янгилаш режаси тақдимоти ўтказилди. Шавкат Мирзиёев Ичан-қалъа яқинида истироҳат боғи барпо этиш, сайёҳлар пиёда сайр қиладиган кўча бўйида савдо ва ҳунармандлик шохобчалари, икки қаватли уй-жойлар қуриш бўйича мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди. Президентимиз Хива туманидаги «Раҳимберган ҳожи анбар» кўп тармоқли фермер хўжалиги даласида илғор деҳқон ва фермерлар билан суҳбатлашди. Халқ билан мулоқот асосида барча соҳаларда изчил ислоҳотлар амалга оширилаётгани, одамларнинг давлатга ишончи юксалиб, меҳнатга муносабати ўзгараётгани таъкидланди. Давлатимиз раҳбарининг шу йил 9 октябрдаги «Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан самарали фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ва уни амалга оширишга қаратилган қарорнинг аҳамияти ҳақида сўз борди. Фермер ва деҳқон хўжаликлари, шахсий томорқалардан самарали фойдаланиш, такрорий экинлар экиб, қўшимча даромад топишнинг аҳамияти таъкидланди. Бу ислоҳотлардан асосий мақсад – меҳнатдан манфаатдорликни, юртимиз файзу баракасини оширишдир. Токи одамлар ердан самарали фойдаланиб, қўшимча даромад топсин, меҳнатининг роҳатини кўрсин, халқимиз бой бўлсин, деди давлатимиз раҳбари. Шу ерда балиқчилик, қовунчилик ва қишлоқ хўжалигининг бошқа тармоқлари самаралари намойиш этилди.

Шу куни Урганч шаҳрида халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади. Сессияда ташкилий масала кўрилди. Президентимиз тавсиясига кўра, Хоразм вилояти ҳокими вазифасини вақтинча бажариб келаётган Илгизар Собиров Хоразм вилояти ҳокими лавозимига тасдиқланди.

 

ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯСИ ВА ТАБИИЙ ГАЗ ИСТЕЪМОЛИДА ҚОНУНИЙЛИК ТАЪМИНЛАНМОҚДА

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 13 октябрь куни саноат ва ижтимоий соҳа объектлари, аҳолини табиий газ, электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш, бу борадаги қарздорликни бартараф этиш, ушбу йўналишдаги амалий чора-тадбирларга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Ушбу масалалар бўйича Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси раҳбарияти ва тегишли мутасаддилар ҳисоботи тингланди. Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Республика Бош прокурори, “Ўзбекэнерго”, “Ўзтрансгаз” компаниялари раҳбарлари, мутасадди идоралар вакиллари иштирок этди. Асосий эътибор, аввало, аҳоли, ишлаб чиқариш объектлари, ижтимоий муассасаларни табиий газ, электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш, бу борадаги тўловларнинг амалга оширилиши, бугунги ҳолат ва муаммоларга қаратилди. Маълумки, “Ўзбекэнерго” ва “Ўзтрансгаз” компаниялари фаолиятидаги хато ва камчиликлар, тўлов интизомини мустаҳкамлаш, энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланишнинг олдини олиш, дебитор қарздорликни камайтириш билан боғлиқ муаммолар тармоқ зиммасидаги вазифаларни изчил бажариш, қўйилган мақсадларга эришишга тўсқинлик қилар эди. Шартномавий мажбуриятларни бажармаган истеъмолчиларга нисбатан таъсирчан чоралар кўрилмагани, ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш ишлари оқсагани қарздорликларнинг кескин ортиши, талон-тарожликлар ва истеъмол қилинган энергия ресурслари учун тўловлардан бўйин товлаш ҳолатлари кўпайишига олиб келаётган эди.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 29 майдаги “Электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан соҳадаги ишлар тубдан такомиллаштирилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузурида Мажбурий ижро бюроси ташкил этилди. Бюронинг асосий вазифалари фойдаланилган энергия ресурслари учун қарздорликни кескин камайтириш, электр энергияси ва табиий газ тармоқларига ноқонуний уланишларнинг олдини олиш, суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг сўзсиз ижросини таъминлашдан иборат. Фармон асосида Адлия вазирлиги ҳузурида фаолият юритган Суд департаментининг қонун ҳужжатларида назарда тутилган вазифа ва ваколатлари Бюрога ўтказилди. Эндиликда суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини мажбурий ижро этиш Бюронинг давлат ижрочилари томонидан амалга оширилмоқда. Президентимиз ташаббуси билан олиб борилаётган изчил ислоҳотлар, Мажбурий ижро бюросининг фаолияти натижасида жорий йилнинг июнь-сентябрь ойларида 5 триллион 400 миллиард сўм қарздорлик ундирилди. Унинг 3 триллион 400 миллиард сўми электр энергияси, 2 триллион сўми табиий газ ҳисобига тўғри келади. Жисмоний ва юридик шахслар билан олиб борилаётган тушунтириш-тарғибот ишлари бундай натижаларга эришиш имконини бермоқда. Ўтган даврда давлат бюджетига 171 миллиард сўм зарар етказиши мумкин бўлган 182 жиноий ҳолат аниқланган ва уларга нисбатан тегишли чоралар қўлланилган. Аммо соҳада ўз ечимини кутаётган муаммолар ҳали кўп. “Ўзбекэнерго” ва “Ўзтрансгаз” тизимида янгиликка интилишнинг етишмаслиги, ўзибўларчилик ва талон-тарожлик ҳолатлари мавжудлиги, афсуски, ҳамон бу соҳада муаммолар сақланиб қолишига сабаб бўлмоқда. Шавкат Мирзиёев куз-қиш мавсумига тайёргарлик жараёнида айрим соҳалар раҳбарларининг ишга совуққон муносабати, ҳамон учраётган эскича қарашлар мамлакатимиз тараққиёти ва аҳоли фаровонлигига салбий таъсир кўрсатишини инобатга олиб, бундай ҳолатларга ўз вақтида тегишли чоралар кўриш, ишни ташкил этишда янгича ёндашувларни ҳаётга татбиқ этиб бориш вақти келганини таъкидлади. Танқидий таҳлил руҳида ўтган йиғилишда Мажбурий ижро бюроси фаолияти, қарздорликларни ундириш, ҳуқуқбузурликларни фош этиш, суд ҳужжатлари ижросини таъминлаш, ташкилий-ҳуқуқий тадбирлар билан боғлиқ масалалар муҳокама этилди.

Давлатимиз раҳбари йиғилишда Мажбурий ижро бюроси фаолиятини янада такомиллаштириш, соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жалб этиш, саноат тармоқлари мутасаддилари, маҳалла фаоллари билан ҳамкорликни кенгайтириш каби муҳим вазифалар бўйича топшириқлар берди.

 

ЎЗБЕКИСТОН ПРЕЗИДЕНТИ БМТ МАХСУС МАЪРУЗАЧИСИНИ ҚАБУЛ ҚИЛДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 12 октябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг дин ва эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳидни қабул қилди. Давлатимиз раҳбари меҳмонни қутлар экан, Ўзбекистон Республикасининг БМТ, унинг тузилма ва институтлари билан амалий ва ўзаро манфаатли ҳамкорлиги мустаҳкамланиб бораётганини мамнуният билан қайд этди.

Жорий йил май ва июнь ойларида БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зайд Раад Ал-Ҳусайннинг Ўзбекистонга ташрифлари ҳамда улар билан ўтказилган учрашувлар, шунингдек, давлатимиз раҳбарининг сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги иштироки якунлари бўйича БМТ Барқарор тараққиёт мақсадларига мувофиқ ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтиришга қаратилган «йўл хариталари» қабул қилинди ва амалга оширилмоқда. Миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш Ўзбекистонни ривожлантириш бўйича қабул қилинган узоқ муддатли Ҳаракатлар стратегияси ва БМТ билан кенг кўламли ҳамкорлик дастурининг устувор йўналишларидан бири экани алоҳида таъкидланди. Бугунги кунда мамлакатимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат, 16 диний конфессия вакиллари аҳил-иноқ, тинч-тотув яшаб келмоқда. Улар ўз ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқариши учун зарур барча шароитлар яратилган. Жамиятимизда дўстлик ва меҳр-оқибат, миллатлараро ва динлараро тотувлик муҳити янада мустаҳкамланмоқда. БМТ махсус маърузачиси Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини ривожлантириш, бағрикенглик ва виждон эркинлигини таъминлаш, динга эътиқод қилувчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг камситилишига йўл қўймаслик бўйича янги босқичда амалга оширилаётган ўзгариш ва ислоҳотларни юксак баҳолади. Махсус маърузачи Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида баён этилган ташаббусларнинг долзарблиги ва ўз вақтида илгари сурилганини алоҳида қайд этди. Хусусан, Аҳмад Шаҳид «Маърифат ва диний бағрикенглик» номли махсус резолюцияни қабул қилиш тўғрисидаги таклифи, Самарқандда Имом Бухорий номидаги халқаро тадқиқот маркази ва Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ташкил этилаётгани тўлиқ қўллаб-қувватлади. Учрашувда виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш, динлараро ва миллатлараро муносабатлар соҳасида ўзаро мувофиқлаштирилган чоралар кўриш ва қўшма тадбирлар ўтказиш масалалари ҳам муҳокама қилинди. БМТ махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳид Президентимиз Шавкат Мирзиёевга самимий қабул ҳамда Ўзбекистонга ташрифи тадбирларга бой дастур асосида ташкил этилгани учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистон Республикаси билан тизимли, очиқ ва амалий ҳамкорликни янада ривожлантиришга тайёрлигини қайд этди.

 

МДҲНИНГ СОЧИ САММИТИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 10-11 октябрь кунлари Россия Федерациясининг Сочи шаҳрида бўлиб ўтган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида иштирок этди.

Саммитнинг асосий тадбирлари 11 октябрь куни бўлди. Сочидаги Халқаро конгресслар марказида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин кутиб олди. Дастлаб МДҲ давлат раҳбарлари тор доирада учрашув ўтказди. Унда Ҳамдўстлик доирасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, ушбу халқаро тузилма фаолиятини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди, минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашилди. Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги 1991 йил 8 декабрдаги МДҲни тузиш тўғрисидаги битим ҳамда 1991 йил 21 декабрдаги мазкур битимга протокол асосида ташкил қилинган. Ушбу халқаро тузилмага Ўзбекистон Республикаси, Озарбайжон Республикаси, Арманистон Республикаси, Беларусь Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Қирғизистон Республикаси, Молдова Республикаси, Россия Федерацияси, Туркманистон, Тожикистон Республикаси ва Украина аъзо ҳисобланади. Ижроия қўмита МДҲнинг ижро этувчи, маъмурий ва мувофиқлаштирувчи идорасидир. Ўзбекистон МДҲ доирасидаги кўп томонлама ҳамкорликда фаол иштирок этиб келмоқда. Бу аъзо мамлакатлар билан турли соҳалардаги алоқалар ривожига ҳисса қўшмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Ҳамдўстлик мамлакатлари билан савдо-иқтисодиёт, инвестиция, транспорт, туризм, илм-фан, таълим ва хавфсизлик соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдорлигини таъкидлади. Йил бошидан буён мамлакатимиз билан МДҲ давлатлари ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 20 фоиз ўсган. Ўзбекистон тузилмадаги иштирокини янада фаоллаштиради. Шу йил 3 ноябрь куни пойтахтимизда МДҲ Ҳукумат раҳбарлари кенгаши йиғилиши ўтказилади. Давлатимиз раҳбари аъзо мамлакатлар ўртасида ўзаро ишонч ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш, Ҳамдўстлик доирасида янги, аниқ лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш зарурлигини қайд этди. Транспорт ва коммуникациялар ҳамкорликнинг стратегик муҳим йўналиши ҳисобланади. Ўзаро интеграциялашган транспорт тизимларини ривожлантириш, Ҳамдўстлик минтақасининг улкан транзит салоҳиятидан тўла фойдаланиш барча учун манфаатли. Маъмурий жараёнларни такомиллаштириш ва ўзаро имтиёзлар бериш бу борада муҳим аҳамият касб этади. Туризм соҳасидаги имкониятлар ҳам тўла ишга солинмагани, бу имкониятларни таҳлил қилиш ва аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди.

Афғонистондаги вазиятга ҳам эътибор қаратилди. Жиноий даромадларни легаллаштириш, коррупция, терроризм, наркобизнес каби хавф-хатарларга қарши биргаликда курашиш масалалари муҳокама қилинди.

МДҲга раислик қиладиган навбатдаги мамлакат масаласи кўриб чиқилди. Умумий қарорга мувофиқ, 2018 йилдан ушбу халқаро тузилмага раислик Тожикистон Республикасига ўтди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев шу муносабат билан Президент Имомали Раҳмонни табриклади ва ушбу масъулиятли вазифани бажаришда муваффақиятлар тилади.

Давлат раҳбарлари музокараларни кенгайтирилган таркибда давом эттирди.

Мажлисда Ҳамдўстлик мамлакатларининг Парламентлараро ассамблеяси фаолиятини такомиллаштириш, Ташқи ишлар вазирлари кенгаши ва Иқтисодий кенгашини ривожлантириш, келгуси йилларда МДҲнинг маданий пойтахтларини белгилаш каби масалалар муҳокама қилинди.

МДҲга аъзо мамлакатлар давлат раҳбарларининг Оила институти ва анъанавий оилавий қадриятларни қўллаб-қувватлаш бўйича баёноти, Ҳамдўстликда 2019 йилни Китоб йили, 2020 йилни 1941-1945 йиллардаги улуғ Ватан урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги йили, деб эълон қилиш ҳақида қарор қабул қилинди. Ҳамдўстлик мамлакатларининг жиноий даромадларни легаллаштириш, терроризм ва қирғин қуролларини тарқатишни молиялаштириш, коррупцияга қарши курашиш соҳаларидаги ҳамкорлигига доир концепциялар маъқулланди. Шунингдек, МДҲ мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган яна қатор ҳужжатлар қабул қилинди.

Саммит доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев билан Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг учрашуви бўлиб ўтди. Шавкат Мирзиёев ушбу учрашувдан мамнунлигини билдириб, Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари аниқ амалий мазмун билан бойиганини алоҳида таъкидлади. Владимир Путин Шавкат Мирзиёевни Сочига ташрифи билан қутлаб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил апрель ойида Россияга давлат ташрифи чоғида эришилган келишувлар изчил амалга оширилаётгани ва бу ўз самараларини бераётганини қайд этди. Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги ҳамкорлик 2004 йил 16 июнда имзоланган Стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома, 2005 йил 14 ноябрда имзоланган Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома асосида изчил ривожланиб бормоқда. Мамлакатларимиз БМТ, ШҲТ, МДҲ каби халқаро тузилмалар доирасида ҳам самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда. Ўзбекистон Президентининг Россияга давлат ташрифидан сўнг ўтган қисқа даврда ўзаро алоқалар сезиларли фаоллашди. Ҳамкорлик доирасига янги соҳалар қўшилди. Кейинги ойларда ҳукуматлараро ва ҳудудлараро даражада бир қанча ташрифлар амалга оширилди. Россия Ўзбекистоннинг муҳим савдо-иқтисодий шерикларидан. Мамлакатимизда Россиянинг етакчи компания ва банклари иштирокида йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда. Экспорт ва импортнинг барча кўрсаткичлари бўйича ўсиш кузатилмоқда. Йил бошидан буён ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 3 миллиард доллардан ошган. Яқинда Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон – Россия бизнес-форумида икки мамлакат ишбилармонлари кўплаб истиқболли келишувларга эришди. Саноат ва қишлоқ хўжалиги тармоқлари ўртасида кооперация кучаяётгани, бизнес вакиллари ҳамкорлиги кенгаяётгани, халқларимиз ўртасидаги маданий-гуманитар алоқалар мустаҳкамланиб бораётгани таъкидланди. Москва ва Бутун Рус Патриархи Кириллнинг Ўзбекистонга ташрифи ҳам халқларимиз ўртасида дўстлик ва ўзаро англашувни мустаҳкамлашга хизмат қилгани қайд этилди. Учрашувда икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев билан Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенконинг учрашуви бўлиб ўтди.

Шавкат Мирзиёев давлат раҳбарларининг 2016 йил Самарқандда ўтган учрашувидан кейин Ўзбекистон ва Беларусь муносабатлари фаоллашгани, ўзаро савдо айланмаси сезиларли ошганини таъкидлади. Икки мамлакат иқтисодиёти бир-бирини тўлдириши, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, машинасозлик, озиқ-овқат саноати ва бошқа соҳаларда фойдаланилмаган катта имкониятлар мавжудлиги қайд этилди. Александр Лукашенко Беларусь Ўзбекистон билан ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантиришдан манфаатдор эканини таъкидлади. Беларусь Ўзбекистонга Марказий Осиёдаги муҳим иқтисодий шерик сифатида қарайди. Мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар дўстлик ва ўзаро манфаатдорлик тамойиллари асосида ривожланиб бормоқда. Қўшма корхоналар ташкил этиш, савдо уйларини кенгайтириш, хомашёни чуқур қайта ишлаш бўйича ҳамкорлик қилиш масалалари муҳокама қилинди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев Беларусь Президенти Александр Лукашенкони Ўзбекистонга таклиф этди.

 

ШАВКАТ МИРЗИЁЕВ ТЕСТ СИНОВЛАРИ ТИЗИМИ ЭСКИРГАНИНИ АЙТДИ

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев таълим соҳасини ислоҳ қилиш, касб-ҳунар таълими тизимини янада ривожлантириш ва олий таълимнинг бакалавр йўналишига қабул бўйича тест синовларини такомиллаштириш масалалари юзасидан йиғилиш ўтказди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, тегишли вазирлик ва ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди.

Йиғилишда таълим муассасалари бўйича амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар муҳокама қилинди. Хусусан, 2017-2021 йилларда олий таълим тизимини тубдан такомиллаштириш дастурини ишлаб чиқиш, ўқув дастурларини янада такомиллаштириш, пуллик хизматлар кўрсатиш ва молиялаштиришнинг қўшимча манбаларини излашда олий ўқув юртларининг ваколатларини кенгайтириш йўли билан уларнинг мустақиллиги босқичма-босқич ривожлантирилиб борилиши ҳақида топшириқлар берилди.

Президент соҳада амалга оширилаётган ишларни янада такомиллаштириш бўйича ота-оналар ва ўқувчиларнинг фикларнини инобатга олиш, улар билан «очиқ эшиклар» кунлари каби тадбирлар ташкил қилиб, учрашувлар ўтказиш кераклигини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернатини ва “Астрономия ва аэронавтика” боғини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Йиғилишда ҳудудлар имконияти ва салоҳиятини ўрганган ҳолда 8-9 синф ўқувчиларини касбга йўналтириш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Бу таълимнинг кейинги босқичида ўқувчиларнинг ҳунар эгаллашида янги имкониятлар эшигини очади. Эндиликда умумтаълим мактаблари битирувчиларини эликка яқин касбга ўргатиш йўлга қўйилади. Бунинг учун касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактаблари негизида замонавий жиҳозланган ўқув ишлаб чиқариш марказлари ташкил этилиши режалаштирилган. Шунингдек, баъзи касб-ҳунар коллежлари тегишли вазирлик ва идораларга корхона ва ташкилотларга бириктирилади. Президент соҳа раҳбарларига бу борада жойларга чиқиб қайси ҳудудга қандай соҳа бўйича мутахассислар зарурлигини ўрганиб чиқиш вазифасини топширди. Давлат раҳбари олий таълим муассасаларининг бакалавр йўналишига бўладиган тест синовларини такомиллаштириш юзасидан таклифларни ишлаб чиқиш, бунда ривожланган хорижий давлатларда синовдан ўтган энг илғор тажрибаларни татбиқ этиш, тест синовларининг шаффофлигини таъминлаш юзасидан ҳам кўрсатмалар берди.

Шавкат Мирзиёев ёшларда олий ўқув юртларига ўқишга бўлган талабнинг ошиб бораётганини, бунда муҳим бўлган тест синовлари тизимининг эса эскиргани қайд этди. Давлат раҳбари мутассади раҳбарларга таълим тизимини такомилаштириш, ўқув адабиётлари билан сифатли таъминлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш масаласида тегишли топшириқлар берди.

 

БУГУНГИ ЁШЛАР: АНИҚ МАҚСАДЛАР САРИ ДАДИЛ ҚАДАМ

Мамлакатимиз аҳолисининг салмоқли қисмини ташкил этадиган, ўзига хос ижтимоий-демографик хусусиятга эга қатлам — ёшларнинг бугунги кайфияти, қизиқишу интилишлари, маънавий-руҳий олами қандай? Улар учун ҳаётда нималар қадрият даражасига кўтарилган? Ўз навбатида, уларни нима ўйлантиради ва ташвишга солади? Умуман, Ўзбекистоннинг ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлиги қандай ютуқларда намоён бўлмоқда?

“Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази мутахассислари ўтказган навбатдаги сўровда ушбу саволларга жавоб изланди. Унда 14 ёшдан 29 ёшгача бўлган мингдан зиёд йигит-қизлар қамраб олинди.

Тадқиқот натижаларининг кўрсатишича, айни чоғда ёшларимиз учун таълим, айниқса, олий таълимнинг ижтимоий аҳамияти ўсиб бормоқда. Агар 2010/2011 йилларда ёшларнинг фақат учдан бир қисми олий маълумот олишни хоҳлаган бўлса, 2017 йилга келиб, 76,5 фоиз йигит-қиз олий ўқув юрти талабаси бўлиш энг катта орзуси эканини билдирди. Навқирон авлод вакилларининг фикрига кўра, олий таълим ҳаётда маълум бир ютуқларга, ижтимоий мавқега эришиш, яхши даромад топиш ҳамда меҳнат бозорида ўз ўрнига эга бўлишнинг гарови ҳисобланади. Респондентлар қизиқиши касбий нуқтаи назардан ўрганилганида, улар педагогик (18,6 фоиз), тиббиёт (9 фоиз) йўналишларида, шунингдек, молия соҳасида олий маълумот олишни афзал кўрадилар. Сўралганларнинг 4,6 фоизи ахборот технологиялари соҳасида малакали мутахассис бўлишни истайди. Бироқ ёшларнинг техника соҳасига у қадар қизиқиш билдирмаганини ҳам таъкидлаш жоиз. Бу, социологларнинг фикрича, ёш авлод ўртасида техникага касбий йўналтириш ишларини кучайтиришни тақозо қилади. Чунки мамлакат иқтисодиёти учун мазкур соҳага ихтисослашган ёш кадрлар ғоят зарур.

Тадқиқотдан аён бўлдики, ёшларимизда ўз билим ва салоҳиятига ишонч аста-секин ошиб бормоқда. Буни олий ўқув юртига кириш учун репетиторлардан сабоқ олишни мақбул санайдиган ёшлар сонида пасайиш кузатилгани мисолида ҳам кўриш мумкин. Олий таълим муассасасига киришда мадад ҳамда ёрдам олиш учун қариндошлар ёки танишлардан фойдаланишни истайдиган респондентлар сони сезиларли камайгани яна бир эътиборли жиҳатдир.

“Олий ўқув юртига бюджет асосида кириш учун етарли балл тўплай олмасангиз, шартнома асосида ўқийсизми?” деган саволга сўралганларнинг 69,2 фоизи ижобий жавоб берди. Бир йил олдин бу кўрсаткич 57,7 фоизни ташкил этган эди. Кимдир ўқиш ҳақини мустақил тўлаш имкониятига эгалигини кўрсатса, бошқа бири банкдан таълим кредити олишни кўзлайди, яна кимдир ҳомий топишга ҳаракат қилади. Айни дамда ҳар бешинчи респондент ўқиш ҳақини тўлашга имконияти йўқлигини яширмади.

Сўровда аён бўлишича, ёшларнинг иш билан бандлик даражаси маълумотга узвий боғлиқ. Масалан, меҳнат билан банд олий маълумотли ёшлар сўралганларнинг 71,7 фоизини ташкил этди. Респондентларнинг фақат 53,5 фоизи ўз мутахассислиги бўйича ишлаётганини кўрсатди.

Аҳамиятлиси, эртамиз эгалари меҳнат фаолияти давомида юқори мансаб пиллапояларига кўтарилишга интилмоқдалар. Хусусан, сўралганларнинг ярмидан кўпи — 57,2 фоизи хизматда кўтарилиш истаги борлигини маълум қилди. Йигитларда бу хоҳиш қизларга нисбатан кучли экани ойдинлашди.

Хизмат давомида тобора юқори даражага кўтарилиш кўпроқ олий маълумотли ёшларни ўзига жалб этмоқда (76,3 фоиз). Ўрта ва ўрта махсус маълумотли йигит-қизлар эса хизматда ўсишда қийинчиликларга дуч келишини билдирдилар. Уларнинг 11,1 фоизи мутахассислик бўйича иш топиш қийинлигига, 6,3 фоизи коррупция ҳамда порахўрлик ҳолатлари тўсиқ бўлишига ишора қилишди.

Хорижда вақтинча ишлаш истаги респондентларнинг 18,2 фои­зига хосдир. Сурхондарё ва Тошкент (31,2 фоиз) вилоятлари ёшларида ишлаб, даромад топиш учун чет элга кетиш хоҳиши анча юқори.

Навқирон авлоднинг маънавий-ахлоқий қарашлари ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигининг ўзига хос мезони, десак, янглишмаймиз. Ўтказилган сўров бу борада ҳам муайян хулосага келиш имконини берди. Ёшларимиз халқимиз тарихини билиш, миллий анъаналарга ҳурмат, ҳалоллик, миллий ғурур, кўнгил поклиги, камтарлик ҳамда бағрикенгликни юксак маънавият белгиси сифатида кўрсатдилар. Бунинг акси ўлароқ, салбий сифатлар қаторида порахўрлик (59,1 фоиз), иккиюзламачилик (41,9 фоиз), калондимоғлик (40,9 фоиз), бепарволик ва лоқайдлик (21,9 фоиз), боқимандалик (16,6 фоиз)ни келтирдилар.

Дарвоқе, ёшларимиз “Ватанпарварлик” тушунчасини ҳам тобора теран англаб етмоқдалар. “Ватанпарварлик нима ўзи?” деган саволга респондентларнинг 71 фоизи она-юртни севиш, 60,2 фоизи унга фидокорона хизмат қилиш, 43,9 фоизи эса Ватан ҳимоясига шай туриш жавобини беришди.

Тадқиқот асносида ёшларнинг динга муносабати алоҳида инобатга олинди. Унда деярли ҳар иккинчи иштирокчи Яратганга ишонишини, аммо диний турмуш тарзи ўзига жалб қилмаслигини айтди. Бунга зид равишда 15,6 фоиз ёшлар диний амалларга тўла риоя этиб яшашни жозибадор санайди. Бу хусусида кўпроқ Андижон (49,5 фоиз), Наманган (40,2 фоиз), Сирдарё (34,5 фоиз) ва Сурхондарё (24,4 фоиз) ёшлари сўз юритдилар.

Шунингдек, иштирокчилар турли диний экстремистик гуруҳларга нисбатан ҳам ўзларининг қатъий ёндашувини ифода этди. Сўралганларнинг 76,6 фоизи уларни ислом шиори остида ҳокимиятга интилувчи кучлар деса, 72,1 фоизи ёшларни халқи­миз руҳиятига ёт бўлган ғоялар билан заҳарлашни истайдиган Ўзбекистон душманлари, 56,6 фоизи қуролли газандалар сифатида кўради.

Хўш, ёшларимиз дин ниқоби остида бегуноҳ инсонлар қонини тўкаётган бундай кучлар таъсирига тушиб қолмаслиги учун нима қилмоқ керак?

Респондентларнинг мутлақ кўпчилиги оилада, ўқув масканларида маънавий-ахлоқий тарбия ишларини кучайтириш, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил қилиш ва уларнинг моддий аҳволини яхшилаш орқали ўсиб келаётган авлодни диний экстремистлар таъсиридан асраш мумкинлигини қайд этишди.

Бугун турмуш тарзимизни замонавий ахборот технологияларисиз тасаввур қилиш мушкул. Компьютер ҳамда глобал ахборот тармоғи ёшларимиз ҳаётига шиддат билан кириб бораётганидан кўз юмиб бўлмайди. Ижтимоий сўровда ўзбекистонлик ёшларнинг бу борадаги саводхонлиги, кўникма ва ёндашувларига диққат қаратилди. Натижаларга кўра, магистратурада ўқиётган ҳамда тўлиқсиз олий ва олий маълумотли ёшлар ўрта ҳамда ўрта махсус маълумотли тенгдошларига нисбатан компьютерни яхши биладилар ва ундан эркин фойдалана оладилар. Шунинг ўзиёқ умумтаълим мактабларида, ўрта махсус ўқув юртларида ёш авлодда компьютер билан ишлаш кўникмасини ошириш учун шарт-шароитларни такомиллаштириш заруратидан далолат беради.

Сўровнинг кўрсатишича, интернетдан ёшларнинг 8,5 фоизи доимий, 20,5 фоизи аҳён-аҳёнда фойдаланади. 33,1 фоиз йигит-қизлар интернетга деярли мурожаат этмайди. Ёшларнинг баҳо беришича, глобал тармоқ янгиликлар манбаи сифатида кўпроқ билим олиш учун керак. Бундан ташқари, у ўзаро мулоқот юритиш, мусиқа, фильм, дастур ҳамда ўйинларни кўчириб олиш воситаси ҳамдир.

Сўров иштирокчиларидан 35,4 фоизи ота-оналари интернетдан фойдаланишини мунтазам, 28,8 фоизи баъзан назорат қилишини, 34,5 фоизи умуман назорат остига олмаганини билдирди. Ушбу ахборот маконида ёшларга салбий таъсир қиладиган материаллар мавжудлигидан келиб чиқиб, йигит-қизларни бундай хатарлардан асраш учун номаъқул сайтларни блоклаш, интернет-кафеларда назоратни кучайтириш лозимлиги айтиб ўтилди.

“Соғлом турмуш тарзи” тушунчаси юртимиз ёшлари учун ичкиликбозлик, гиёҳвандлик ва кашандаликдан йироқ бўлиш, спорт билан шуғулланиш, гигиена қоидаларига, тўғри овқатланиш рационига амал қилишни ўз ичига олади.

Қувонарлиси, ёшларимизнинг катта қисми — 84,1 фоизи соғлом турмуш кечираётганини қайд этди. Уларнинг 46,6 фоизи спорт билан мунтазам шуғулланади. Сўровда 9,4 фоиз респондент ўз маҳалласи ёки қишлоғида спорт билан шуғулланиш учун яратилган шароитни аъло даражада баҳолаган бўлса, 22,7 фоизи яхши, 22,1 фоизи эса наридан-бери эканини маълум қилди.

Жиззах, Навоий вилоятлари ёшлари спорт ривожи учун ўз ҳудудларида яратилган қулайликларни мамнуният билан эътироф этдилар. Сурхондарё, Қорақалпоғистон, Қашқадарё ва Хоразм ёшларини эса, афсуски, мавжуд шароитлар қониқтирмайди.

“Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан қатор йиллардан буён мазкур мавзуда ўтказиб келинаётган тадқиқот шуни кўрсатмоқдаки, ўзбекистонлик ёшларда фаол ҳаётий нуқтаи назар, мустақиллик, мақсадга интилувчанлик, ижтимоий ҳаракатчанлик изчил шаклланиб бораяпти. Муҳими, улар ўз Ватани билан фахрланадилар ҳамда янги босқичда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини туядилар. Бу, шубҳасиз, ­давлатимиз раҳбари раҳнамолигида ижтимоий йўналтирилган ёшлар сиёсати амалиётга самарали татбиқ этилаётганининг ёрқин натижасидир.

 

ҚЎЛ ЖАНГИ: СПОРТЧИЛАРИМИЗ 5 ОЛТИН ВА 1 КУМУШ МЕДАЛНИ ҚЎЛГА КИРИТДИ

ШАХМАТ. Қозоғистонда классик шахмат бўйича халқаро турнирда дунёнинг ўнга яқин давлатидан келган юздан ортиқ шахматчи ғолиблик учун баҳс олиб борди. Мусобақада 16 ёшли шахматчилар ўртасидаги баҳсларда вакилларимиздан Шамсиддин Воҳидов биринчи ўринни эгаллаган бўлса, Далер Воҳидов шоҳсупанинг иккинчи поғонасидан жой олди.

* * *

БОКС. 1999-2000 йилларда туғилган спортчилар ўртасида Олмалиқ шаҳрида мамлакатимиз чемпионати ўтказилди. Унда Абдумалик Ҳалоқов, Муҳибилло Турсунов, Сардорбек Ғаниев, Жаҳонгир Раҳмонов, Фарҳод Неъматов, Ражаббой Отаназаров, Абдукарим Фармонов, Абдулазиз Муҳаммадаминов барча рақибларини мағлубиятга учратиб, ғолибликни қўлга киритди.

* * *

ҚЎЛ ЖАНГИ. Ўзбекистон терма жамоаси Венгрияда қўл жанги бўйича катталар ўртасида ўтказилган Европа очиқ чемпионатида 5 олтин ва 1 кумуш медални қўлга киритди. 20 га яқин давлатдан келган 200 спортчи иштирок этган мусобақада Олим Нормуродов, Муҳиддин Мамажонов, Жаҳонгир Жумаев, Ҳасан Бозоров, Жамшид Раҳмоналиев олтин, Ботир Хўжабеков эса кумуш медаль соҳиби бўлди.

* * *

ТЕННИС. Қозоғистонда ўсмирлар ўртасида ўтаётган халқаро турнирнинг яккалик баҳсларида теннисчимиз Ясмина Каримжонова россиялик Екатерина Никифорова ва Ирина Шетининани мағлубиятга учратиб, ярим финал йўлланмасини қўлга киритди. Спортчимиз Одил Каримов жуфтлик баҳсларида канадалик Глеб Блекер билан бирга финал учрашувида мусобақанинг бош соврини учун россиялик теннисчилар Александр Бинда ва Даниил Спасибога қарши кортга чиқади.

 

II. ЖАҲОН МИҚЁСИДАГИ ИҚТИСОДИЙ, ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ВОҚЕАЛАРГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАР

 

THE WALL STREET JOURNAL ЎЗБЕКИСТОННИ МИНТАҚАДАГИ ЎЗГАРИШЛАРНИНГ АСОСИЙ САБАБЧИСИ ДЕБ АТАДИ

Советлар Иттифоқи давридан кейинги Марказий Осиё, баҳсли чегаралар билан ажратилган ва кўпинча рақобат қилувчи давлатлар минтақаси бўлгани ҳолда, бугун аввалги зиддиятларни бартараф этиш ҳамда бу ерда ўн йиллаб кузатилмаган ҳамкорликнинг янги даражасини ўрнатиш томон ҳаракатланмоқда. Бу ҳақда The Wall Street Journal газетасида 5 октябрь куни эълон қилинган мақолада сўз юритилади. Муаллиф Ярослав Трофимов ўзгаришларнинг асосий ва ҳаракатлантирувчи кучи Ўзбекистоннинг янги минтақавий сиёсати эканини айтади. Ушбу давлат Марказий Осиё аҳолисининг 45 фоизига эгалик қилгани ҳолда, минтақадаги барча давлатларга кучли таъсир кўрсатади. Мақолада президент Шавкат Мирзиёевнинг ташқи сиёсий фаолиятига юқори баҳо берилади, у Марказий Осиёни ўзбек дипломатияси учун бош устувор йўналиш сифатида белгилади. Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг Нью-Йоркда бўлиб ўтган 72-сессиясидаги нутқидан журналист иқтибос келтирган: «Тинч ва фаровон Марказий Осиё — бизнинг асосий мақсадимиз ҳамда муҳим вазифамиз … Биз Марказий Осиё мамлакатлари билан барча масалалар бўйича оқилона муросага тайёрмиз». Муаллифнинг фикрича, Ўзбекистоннинг жасоратли ва фаол қадамлари «Марказий Осиё мамлакатларидаги иқтисодиётнинг ривожланишига ижобий таъсир кўрсатишга қодир. Бу ўтмишда зўравонлик кайфиятидаги экстремизмнинг ўсишига сабаб бўлган миллатлараро зиддиятларни камайтириши мумкин».

Муаллиф бир неча ҳафта аввал Ўзбекистон президенти қўшни Қирғизистонга ташриф буюрганини эслайди. Бу ўтган йиллар ичида биринчи олий даражадаги ташрифга айланди. Учрашув якунида икки мамлакат ўртасида давлат чегараси тўғрисида тарихий битим имзоланди. Унинг кетидан бошқа амалий қадамлар ҳам қўйилди: чегара пунктлари фаолияти қайта тикланди ва ўзаро сафарларга оид кўплаб чекловлар олиб ташланди. Буларнинг барчаси катта ютуқдир, чунки чегарада бўйича кескинлик давлатлараро муносабатлардаги энг мураккаб масалалардан бири эди. Чегара билан боғлиқ муаммоларнинг ҳал этилиши, The Wall Street Journal’нинг ёзишича, ҳар икки томондаги одамларга йиллар давомида кўрмаган қариндошлари ва дўстларининг олдига бориш имконини берди. Ўзаро савдога катта туртки берилди, унинг ҳажми геометрик прогрессия билан ўсиб бормоқда. Мақолада Тожикистон билан муносабатлардаги ижобий динамикага алоҳида эътибор қаратилган. Муаллифнинг таъкидлашича, 2017 йилда Тошкент ва Душанбе ўртасида тўғридан-тўғри рейслар 25 йил ичида биринчи маротаба қайта тикланди. Кўргазмалар, экспозициялар ва бошқа маданий тадбирлар мунтазам ўтказиб келинмоқда. Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг қўшнилар билан дўстона ва олдиндан билиш мумкин бўлган алоқани сақлаб қолиш лозимлиги ҳақидаги фикри келтирилади. «Биз буларсиз хавфсизлигимизни ҳам, барқарор ривожланишимизни ҳам кафолатлай олмаймиз», — дея Ўзбекистон ТИВ раҳбари сўзларини келтиради нашр.

 

III. МИРЗО УЛУҒБЕК НОМИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИДА

 ҲУҚУҚБУЗАРЛИККА ЙЎЛ ҚЎЙИЛМАЙДИ

Талабалар – жамиятнинг энг фаол, маънавияти, ҳуқуқий онги юксак авлод ҳисобланади. Бугунги техника тараққиёти, глобаллашув жараёнлари ёшлар онгига турлича таъсир этишини ҳам инкор этиб бўлмайди. Натижада айрим ёшлар билиб-билмай жиноятга қўл ураётганидан, турли ҳуқуқбузарликлар содир этилилаётганидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида “Талаба-ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш – давр талаби” мавзуида ташкил этилган давра суҳбати шу ҳақда атрофлича сўз юритилди.

– Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 9 февраль куни ўтказилган видео-селектор йиғилишида ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида ҳар пайшанба – «Профилактика куни» деб эълон қилингани айни муддао бўлди,– деди ЎзМУ ректори Авазжон Мараҳимов.– Шу муносабат билан университетимизда ўтказиб келаётган тадбирларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жойларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини мустаҳкамлаш мавзусида маърузалар қилишаётган прокурорлар, ички ишлар соҳаси ходимларининг фикрлари талабаларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Ҳозирги аҳборот асрида тобора ривожланиб бораётган ахборот технологиялари ва тармоқлари ёшлар онгига қанчалик салбий таъсир кўрсатаётганини изоҳлашга ҳожат бўлмаса керак. Ёшлар масалалари мамлакатимиз тараққиёти ва равнақи билан бевосита боғлиқ экан, бу муҳим вазифаларни ҳал этишда ёшларга сифатли таълим-тарбия бериш, уларни турли ҳил маънавий, мафкуравий таҳдидлардан асраш олдимизда турган энг долзарб вазифалардан бири ҳисобланади.

Бугунги кунда интернет орқали амалга оширилаётган ахборот хуружлари ёшларимиз онгига салбий таъсир кўрсатаётгани барчага яхши маълум. Ёшларни бундай мафкуравий таҳдидлардан муҳофаза этишда профилактика муҳим ўрин тутади. Ахборот хуружлари – бу шахсга, муайян ташкилот ва давлатга йўналтирилган таъсир бўлиб, унинг асл мақсади ўша шахс, ташкилот ва давлатни нормал ҳаёт тарзи бузилишига хизмат қилади.

Бироқ, бундай бузғунчи ғоялар бизнинг талабаларимизни ҳеч қачон йўлдан ура олмайдилар. Чунки, оқ билан қорани, яхши билан ёмонни фарқига борадиган маънавияти юксак талабаларимиз ўзларига яраша енгилмас кучга айланган! Шу ўринда биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг қуйидаги фикрларини эслаш масадга мувофиқдир: “Энг муҳими, қалбимизда ғуруримиз, билагимизда кучимиз бор экан, биз тинчликни ҳимоя қилишга, унга хавф солаётган кучларга қарши курашишга, қаддимизни тик тутиб, бошимизни баланд кўтариб яшашга қодирмиз. Бизни қўрқитмоқчи бўлаётган ғаламислар шуни билиб қўйсинки, биз ҳеч кимга бош эгмаганмиз ва ҳеч қачон бош эгмаймиз. Бунда бизга миллий ғоямиз ва мафкура ғоявий таянч ва асос бўлади”.

Бундай мафкуравий хуружларга қарши курашда халқ билан мулоқотнинг самарали усулларидан бири – профилактикадир. У моҳиятан қалб шаффофлиги ва соғлом фикрлаш учун замин яратади. Бугунги ёшларга уни кўрма, буни ўқима, дея сунъий тўсиқ қўйишнинг имкони йўқ. Уларга энди оқ билан қоранинг, нима яхши-ю, нима ёмонлигини фарқлаб кўрсатиш, тўғри тушунтириш зарур. Профилактика ана шундай эзгу мақсадларга хизмат қилади.

Тадбирда университет Маънавият-маърифат ишлари бўйича проректори Давлатбой Жумабоев, Мураббийлар кенгаши раиси Аброр Хидиров, Олмазор туман прокурори Дада-Али Зуфаров ва бошқалар юртимизда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашда ёшларнинг ўрни катта эканлиги ҳамда таълим муассасаларида бу борада амалга оширилаётган ишлар ва уларнинг самараси ҳақида сўз юритдилар.

Тадбирда талабалар бу мавзуда ўзларини қизиқтирган саволларга тегишли жавоблар олдилар.

 

ПРЕЗИДЕНТИМИЗНИНГ БМТДА СЎЗЛАГАН НУТҚИНИ ЎРГАНИШГА БАҒИШЛАНГАН СЕМИНАР

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида “Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқининг мазмун моҳиятини ўрганишга бағишланган семинар” бўлиб ўтди.

Унда университет профессор-ўқитувчилари иштирок этдилар.

– Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 19 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳрида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган тарихий нутқи бутун жаҳонда катта қизиқиш уйғотди. Ташаббускор, буюк ислоҳотчи бўлган давлатимиз раҳбарининг фикрларига дунё сиёсатчилари ҳам муносиб баҳо бермоқдалар,– деди ЎзМУ ректори Авазжон Мараҳимов.– Давлатимиз раҳбари ўз маърузасида юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, жумладан, инсон ҳуқуқлари ва адолат принципларини таъминлаш, иқтисодиёт тизимини либераллаштириш, қулай инвестиция муҳитини яратиш, тадбиркорларга кенг имкониятлар яратиш, эркин конвертация тизимига тўлиқ ўтиш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратди. Ўзбекистон ташқи сиёсатда ўзаро мулоқот, амалий ҳамкорлик ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш, экологик муаммоларни биргаликда ҳал этиш, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш каби муҳим йўналишларда кенг кўламли ишлар олиб бораётгани ва бу соҳада ҳамкорликка ҳамиша тайёр эканига урғу берди. Давлатимиз раҳбари ён қўшнимиз Афғонистонда тинчлик ўрнатиш масаласига атрофлича тўхталиб: “Ўзбекистон Афғонистоннинг иқтисодий тикланишига, унинг транспорт ва энергетика инфратузилмасини ривожлантиришга, миллий кадрларини тайёрлашга катта ҳисса қўшмоқда ва бундан кейин ҳам ҳисса қўшади”, дея таъкидлади.

Юртимизда ёшлар масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор бериб келиняпти. Президентимиз мамлакатимиз ёшлари ҳаётида жиддий ўзгаришларни бошлаб берган ислоҳотларни жаҳон миқёсида татбиқ этишни – БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқишни таклиф этди. Бугун дунёда ёшлар 2 миллиардни ташкил этишини ҳисобга олсак, уларнинг нақадар катта куч эканини яққолроқ англаймиз. Зеро, жаҳоннинг эртанги куни, эртанги ҳаёти айнан ана шу ёшлар билан боғлиқ. Ҳозир жаҳонда юз бераётган турли кўнгилсизликлар, можароларнинг туб моҳияти ёш авлоднинг билимсизлиги, маърифатсизлигига бориб тақалади.

Ота-боболаримиз, улуғларимиз “Нажот – илмда” деган ҳикматга амал қилиб келган. Аждодларимиз дунёвий илмларда ҳам, диний илмларда ҳам етакчи бўлиб келган. Бугун замонавий дунё эришган баланд марраларнинг замирида илм ётади. Маънавий баркамоллик, комил ахлоқ замирида ҳам илм ётади. Давлатимиз раҳбари муқаддас Ислом динимиз эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этишини таъкидларкан, БМТ Бош Ассамблеясининг «Маърифат ва диний бағрикенглик» деб номланган махсус резолюциясини қабул қилиш таклифини билдирди. Бу ҳужжат барчанинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлашга, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам беришга кўмаклашишни бош мақсад қилади.

Талабаларимиз, профессор-ўқитувчиларимиз Юртбошимизнинг чуқур таҳлил, асосли ғоя ва таклифларга бой маърузаси дунё минбаридан янграганини кўриб, беҳад ғурурга тўлганини алоҳида таъкидламоқчиман. Давлатимиз раҳбари Нью-Йорк шаҳрида БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зайд Раад ал-Ҳусайн, Халқаро валюта жамғармаси фармойиш берувчи директори Кристин Лагард ва АҚШнинг етакчи компаниялари раҳбарлари билан учрашди. Бу учрашувларда кўплаб манфаатли келишувларга эришилди.

БМТ биносида Регистон майдонининг макети ўрнатилгани биз учун тарихий воқеалардан бири бўлди. Бу барчамизнинг қалбимизда чексиз ғурур ва ифтихор туйғусини жўш урдиради. Бетакрор юртимиз қадимдан илм-фан, маданият, савдо, меъморлик ва ҳунармандлик маркази бўлиб келган. Регистон эса кўҳна ва навқирон Самарқанднинг юраги, маданият ва маърифатнинг рамзидир. Бу майдоннинг гир айланасида жойлашган мадрасаларда ўз замонида энг замонавий илмлар ўргатилган. Марказий Осиё ва Шарқнинг жуда кўп алломалари, адиблари, олиму фозиллари айнан шу ерда таълим олган. БМТ Хавфсизлик кенгаши ва Бош Ассамблея заллари ўртасидаги фойега ўрнатилган ушбу макет Ўзбекистон тинчлик-осойишталик, илм-маърифат ва тараққиёт тарғиботчиси эканини таъкидлаб тургандек.

Бу мавзуни талабаларимизга янада теранроқ ўргатиш учун бугун аввало профессор-ўқитувчиларимиз учун махмум семинар ташкил этганимиз боиси шундадир.

Семинарда сиёсий фанлар доктори Нарзулла Жўраев, ЎзМУ Маънавий-маърифий ишлар ўйича проректори Давлатбой Жумабоев, доцент Аҳмаджон Мелибоев ва бошқалар Президентимизнинг БМТ Бош Ассамблеяси сессиясида сўзлаган нутқи моҳиятини кенг изоҳлаб берар экан, уни талабалар онгига етказиш муҳимлигини алоҳида таъкидладилар.

 

ЎЗМУ ФИЗИКА ФАКУЛЬТЕТИГА АКАДЕМИК ПЎЛАТ ҲАБИБУЛЛАЕВ НОМИ БЕРИЛДИ

Буюк алломалар номи мангу яшайди. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Физика факультетига академик, давлат ва жамоат арбоби Пўлат Ҳабибуллаев номи берилди. Шу муносабат билан ўтказилган анжуман очилиш маросимида ЎзМУ ректори Авазжон Мараҳимов, академиклар Абдуғафур Мамадалимов, Комил Муқимов ва бошқалар Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида мамлакатимиз илм-фани тараққиётини юқори босқичга кўтариш, унинг ривожи йўлида самарали фаолият кўрсатган олимлар, фан арбоблари ҳаёти, илмий меросини ўрганиш ва тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидлаб, физика фани ривожига улкан ҳисса қўшган академик, давлат ва жамоат арбоби Пўлат Ҳабибуллаев ҳаёти ва серқирра илмий фаолияти ҳақида сўз юритдилар.

Атоқли олим Пўлат Қирғизбоевич Ҳабибуллаев 1936 йилда Андижон вилоятида таваллуд топган. 1960 йилда Ўрта Осиё университети (ҳозирги ЎзМУ)ни тугатгач, Тошкент давлат педагогика институти кафедра мудирлигидан Ўзбекистон Фанлар кадемияси президентлигигача бўлган йўлни босиб ўтган. Турли йилларда Андижон қишлоқ хўжалик институти ректори, Ўзбекистон ФА ядро физикаси институти директори лавозимларида ишлаган. 1988-1989 йилларда Ўзбекистон Олий кенгаши президумини бошқарган. Ўзбекистон мустақилликка эришганидан кейин Пўлат Ҳабибуллаев давлат фан ва технология қўмитаси раиси ҳамда Ўзбекистон ФАда ўзи ташкил этган иссиқлик физикаси бўлими раҳбари сифатида фаолият кўрсатган. Кўплаб илмий мактаблар асосчиси бўлган академик ғоялари энергетика, кимё саноати, тиббиёт ва биотехнология йўналишларида кенг татбиқ этилиб, жаҳон интеллектуал мулк ташкилотининг олтин медалига икки марта (1985 ва 1996 йиллар) сазовор бўлган. Ўзбекистон Фанлар академияси академиги (1984). Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби (1994), Беруний номидаги давлат мукофоти лауреати (1993 йил) бўлган.

Пўлат Ҳабибуллаев критик ҳодисалар ва фазавий ўтишлар соҳасини ўз ичига олган конденсирланган муҳитлар акустик спектроскопияси асосчиларидан бири. У ўрта мактаб ва олий ўқув юртлари учун физикадан дарсликлар муаллифи. Покистон, Ҳиндистон ва бошқа бир қанча хорижий Фанлар академияси аъзоси сифатида ҳам эътибор қозонган. Россия, Хитой ва Япония давлатларининг илмий-ташкилотлари билан ҳамкорликда сейсмологик хавфни олдиндан аниқлаш ва қишлоқ хўжалигида экологик соф агротехнологияларни қўллаш борасидаги илмий ва амалий изланишларнинг яхши йўлга қўйилгани ҳам физик олим раҳбарлигида бошланган ўзаро илмий алоқаларнинг мантиқий давомидир.

Илм-фанга умрини бахшида этган олим хотирасига бағишлаб “Физиканинг долзарб муаммолари” мавзуида республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди. Унда иштирок этишган атоқли физик олимлар Академик Пўлат Ҳабибуллаев яратган илмий мактаб ва унинг истиқболлари ҳақида ҳам сўз юритдилар.

– Академик Пўлат Ҳабибуллаев физика фани ривожига салмоқли ҳисса қўшган забардаст олим эди,– дейди Беруний номидаги Давлат мукофоти совриндори, физика-математика фанлари доктори Сирожиддин Зайнобиддинов.– Олим физик кимёвий изотоплар соҳасида 500 зиёд илмий мақола муаллифидир. У Ўзбекистон Фанлар академиясида Иссиқлик физикаси бўлимига асос солди, “Ўзбекистон физика журнали”ни ташкил этди. Олимнинг раҳбарлигида илк бор радиактив изотоплар ишлаб чиқариш амалиётга жорий этилди. Натижада турли юқумли касалликларга ташхис қўйиш учун зарур бўладиган ноёб родионуклид дори технологияси яратилди ва мамлакатимизда ана шундай маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Анжуманда олим фаолияти ва илмий мероси бўйича тингланган маърузалар, айниқса, ёшларда катта таассурот қолдирди.

 

Материаллар ЎзМУ Ахборот хизмати томонидан тайёрланди.

Унда республика ОАВ хабарларидан фойдаланилди.

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>