“АХБОРОТ СОАТЛАРИ” № 1-2016

Ҳафтанинг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеалари (29 август-3 сентябрь кунлари)

УзМУ2

МИРЗО УЛУҒБЕК НОМИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИ

“АХБОРОТ СОАТЛАРИ” № 1-2016

Ҳафтанинг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеалари (29 август-3 сентябрь кунлари)

 ТОШКЕНТ

ЎзМУ – 2016

 Факультет деканининг Маънавият ва маърифат ишлари бўйича ўринбосарлари ва мураббийлар диққатига! Талабаларга “Ахборот соатлари” материаллари билан www.nuuz.uz ва www.uchildiz.uz веб-сайтлари орқали ҳам танишиш тавсия этилиши мақсадга мувофиқдир.

 I. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДАГИ ИҚТИСОДИЙ, ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ВОҚЕАЛАРГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАР

 МУСТАҚИЛЛИК ДАРСИ

 Янги ўқув йили “Мустақиллик дарси” билан бошланади. Унда талабаларга қуйидаги маълумотлар берилиши тавсия этилади:

– Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллиги 1991 йил 31 август куни эълон қилинган. 1 сентябрь – Ўзбекистон мустақиллиги куни байрами сифатида кенг нишонланади.

– Давлатимиз раҳбари Ислом Каримовнинг 1991 йил 31 августда Ўзбекистон мустақиллигини эълон қилган тарихий дамларда айтган сўзлари қалбларимизга муҳрланганини яна бир бора ҳис этамиз:

“…Мен шу бугундан эътиборан биринчи сентябрни жумҳуриятимизда мустақиллик куни, умумхалқ байрами деб эълон қилишни таклиф этаман…”.

– Мустақилликка эришганимиздаёқ Президентимиз қатъий ишонч билан “Ўзбекистон – келажаги буюк давлат” деган ғояни илгари сурди.

– Кўз ўнгимизда доимо мустақил Ватанимиз Мадҳияси, Байроғи, Герби, Конституцияси қабул қилиниши, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти биноси пештоқида юртимиз байроғининг ҳилпираб туриши, Президентимизнинг БМТ минбаридан нутқ сўзлаганлари ҳар биримизга ифтихор туйғусини бахш этади.

– Азиз болаларим, Оллоҳнинг назари тушган, Ўзбекистон деб аталмиш гўзал ва бетакрор ўлкада туғилиш, унинг бағрида камол топиш ҳар кимга ҳам насиб этмайди,– деб таъкидлади Юртбошимиз.– Ана шу ҳақиқат ҳар бирингизнинг қалбингиздан, юрагингиздан чуқур жой олишини истардим. Ватан севгиси, Ватанга садоқат туйғуси сизларга умрбод ёр бўлсин.

– 1989 йил 21 октябрда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган.

– 1990 йилда республикамизда Наврўз байрами қайта тикланган.

– Рамазон ва Қурбон ҳайитлари байрам ҳамда дам олиш кунлари деб эълон қилинган.

– 1992 йил 8 декабрда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинди. Мамлакат сиёсий ҳаётида кўппартиявийлик муҳити қарор топди.

– Нодавлат тузилмалар, жамоат ташкилотлари ва ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти йўлга қўйилди, суд-ҳуқуқ тизимида, оммавий ахборот воситалари, маънавий-маърифий соҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди.

– Ўзбекистон 1991 йили ўз мустақиллигини қўлга киритганидан сўнг мустабид тузум, маъмурий-буйруқбозлик тизимидан тамомила воз кечиб, ўз тараққиёт йўлини танлаб олди.

– Юртбошимиз давлат ва жамият қурилиши, иқтисодиётни ислоҳ қилиш дастурининг ўзаги сифатида 5 асосий тамойилни белгилаб берди. Бу тараққиётнинг “ўзбек модели” эди. У қуйидаги беш тамойилга асосланади:

биринчидан, иқтисодий ислоҳотлар ҳеч қачон сиёсат ортида қолмаслиги керак, яъни иқтисодиёт сиёсатдан устун бўлиши керак. Шунингдек, ички, ташқи ва иқтисодий муносабатларни мафкурадан ҳоли этишни таъминлаш зарур;

иккинчидан, ўтиш даврида давлат асосий ислоҳотчи бўлиши лозим. У ислоҳотларнинг устувор йўналишларини белгилаб бериши, ўзгаришлар сиёсатини ишлаб чиқиши ва уни изчиллик билан амалга ошириши шарт;

учинчидан, қонун устуворлигига эришиш, қонунларга қатъий риоя этиш лозим. Бунинг маъноси шуки, демократик йўл билан қабул қилинган янги Конституция ва қонунларни барча ҳеч истисносиз ҳурмат қилиши ва уларга оғишмай риоя этиши лозим;

тўртинчидан, аҳолининг демографик таркибини ҳисобга олган ҳолда кучли ижтимоий сиёсат ўтказиш керак. Аҳолининг салкам 50 фоизини 16 ёшга етмаган болалар ташкил этадиган Ўзбекистонда бунинг алоҳида аҳамияти бор;

бешинчидан, бозор иқтисодиётига ўтиш иқтисодиётнинг объектив қонунларини эътиборга олиб, яқин ўтмишдаги “инқилобий сакрашлар”сиз, яъни эволюцион йўл билан, босқичма-босқич амалга оширилиши керак.

– Президент Ислом Каримовнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 2010 йил 12 ноябрда бўлиб ўтган қўшма мажлисидаги «Демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси» мавзуидаги маърузасида мамлакатимизда яқин келажакда амалга оширилиши лозим бўлган энг муҳим устувор вазифалар белгилаб берилган.

Биринчи устувор йўналиш “Давлат ҳокимияти ва бошқарувини демократлаштириш”.

Иккинчи устувор йўналиш “Суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этиш”.

Учинчи устувор йўналиш “Ахборот соҳасини ислоҳ қилиш, ахборот ва сўз эркинлигини таъминлаш”.

Тўртинчи устувор йўналиш “Ўзбекистонда сайлов ҳуқуқи эркинлигини таъминлаш ва сайлов қонунчилигини ривожлантириш”.

Бешинчи устувор йўналиш “Фуқаролик жамияти институтларини шакллантириш ва ривожлантириш”.

Олтинчи устувор йўналиш “Демократик бозор ислоҳотларини ва иқтисодиётни либераллаштиришни янада чуқурлаштириш”.

– Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Аҳмад Фарғоний, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Жалолиддин Мангуберди, Алишер Навоий, Имом Бухорий, Абдухолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд, Имом Мотурудий, Бурҳониддин Марғиноний, Хожа Аҳрор Валий сингари боболаримизнинг таваллуд саналари кенг нишонланди, уларнинг мероси ўрганилмоқда.

– Самарқанд, Хива, Бухоро, Шаҳрисабз, Қарши, Термиз, Марғилон, Тошкент сингари қадим ва муаззам шаҳарларимизнинг тўйлари нишонланди.

– “Авесто”нинг 2700 йиллиги, “Алпомиш”нинг 1000 йиллиги, Хоразм Маъмун академиясининг 1000 йиллиги катта байрам қилинди.

– Асака автомобил заводи ишга тушди – бу ерда биринчи ўзбек енгил автомашинаси ишлаб чиқарилди. Автомобилнинг бир йўла учта тури – “Дамас”, “Нексия”, “Тико” линиялари ишга туширилган бўлса, бугунги кунга қадар 10 дан ортиқ турдаги замонавий енгил машиналар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.

– Қизилқум фосфорит, Бухоро нефтни қайта ишлаш, Асака ва Самарқанд автомобил, Қўнғирот сода, Деҳқонобод калий ўғитлари, Хонжиза полиметалл рудалари заводлари, Шўртан газ-кимё мажмуаси каби йирик корхоналар бунёд этилди.

– Тошкент-Самарқанд, Тошкент-Қарши йўналишларида юқори тезликда ҳаракатланувчи “Афросиёб” электропоездлари қатнови йўлга қўйилди.

– 2016 йил август ойидан эътиборан Тошкент-Бухоро, Тошкент-Андижон йўналишларида юқори тезликда ҳаракатланувчи электропоездлари қатнови йўлга қўйилди.

– Ўзбекистон дунёда асосий пахта етиштирувчи мамлакатлардан бири. Ҳозир юртимизда 66 мингдан ортиқ фермер хўжалиги фаолият юритмоқда.

– 1997 йили қабул қилинган Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ва унинг узвий давоми 2004 йили қабул қилинган Мактаб таълимини ривожлантириш давлат умуммиллий дастурини амалга ошириш натижасида бугунги кунда миллионлаб болаларимиз янгитдан барпо этилган ва реконструкция қилинган 10 мингга яқин мактабларда, 200 га яқин болалар мусиқа ва санъат мактабларида, 1 минг 556 та лицей ва коллежда, 70 дан зиёд олий ўқув юртларида янги таълим тизими асосида билим ва тарбия олиб, замонавий касб-ҳунарларга эга бўлиб ҳаётда ўз муносиб ўрнини топмоқда.

– 2015 йилда қишлоқларимизда намунавий лойиҳалар асосида 12 мингта замонавий уй-жойлар, қарийб 170 та инфратузилма объекти, 260 километр йўл, 285 километр электр, 370 километр газ, 470 километр ичимлик суви тармоқлари барпо этилган бўлса, 2016 йилда бу улуғвор ишлар кўлами янада кенгаймоқда.

– 2016 йилда давлат бюджетида илму фан, таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш, маданият, спорт тармоқларини ўзида мужассам этган ижтимоий соҳани ривожлантиришга сарфланадиган маблағлар 2015 йилда ўзлаштирилган маблағларга нисбатан анча кўпроқ бўлиб, давлат бюджети умумий харажатларининг 59,1 фоизини ташкил этади.

– Барча вилоят, шаҳар ва қишлоқларимизда 1 минг 700 дан зиёд замонавий спорт иншоотларида ўғил-қизларимиз жисмонан соғлом ва баркамол бўлиб улғаймоқдалар. Мамлакатимизда шаклланган, “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ва Универсиада спорт ўйинлари ёш спортчилар учун имкониятлар майдонига айланмоқда.

– Дунёдаги саноқли давлатлар қаторида Ўзбекистонда мустақил тараққиёт йилларида иқтисодиёт қарийб 6 баробар, аҳоли жон бошига тўғри келадиган реал даромадлар 9 баробардан зиёд ўсди.

– 2016 йилда иқтисодиётимизнинг ўсиш суръатлари 7,8 фоизга, аҳолининг жон бошига тўғри келадиган реал даромадлари 9,5 фоизга ошаётгани бизнинг мустақиллик йилларида қандай улкан марраларни қўлга киритганимизни кўрсатади.

– 2016 йилда умумий қиймати 5 миллиард 500 миллион доллар бўлган 164 та йирик ишлаб чиқариш объектида қурилиш ишлари якунига етказилиб, фойдаланишга топширилмоқда.

– Ўтган 5 йил давомида иқтисодиётимизга жами бўлиб қарийб 67 миллиард доллар инвестиция йўналтирилди, унинг 21 фоиздан ортиғи хорижий инвестициялардир. Бунинг натижасида мамлакатимиз, шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфаси таниб бўлмас даражада ўзгариб бормоқда, ишлаб чиқариш ва саноат жадал суръатлар билан ривожланмоқда, унинг таркиби тубдан янгиланмоқда, юқори технологияларга асосланган замонавий корхоналар ишга туширилиб, ишлаб чиқариш модернизация ва диверсификация қилинмоқда, иқтисодиётимизнинг рақобатдошлиги ошмоқда.

– «МАН» компанияси иштирокида Самарқанд вилоятида юк автомобиллари ва автобуслар ишлаб чиқарадиган янги комплекс ташкил этилди, Япониянинг «Исузу» компанияси билан биргаликда автобуслар, Хоразмда «Дамас» ва «Орландо» енгил автомобиллари ишлаб чиқарилмоқда.

– 2016 йилда “Женерал моторс – Ўзбекистон” акциядорлик жамиятида “Т-250” моделидаги енгил автомобиллар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш, Муборак газни қайта ишлаш заводида йиллик қуввати 80 минг тонна бўлган олтингугурт гранулалари тайёрлайдиган корхонани барпо этиш режалаштирилмоқда. Шунингдек, замонавий тракторлар, янги русумдаги мобиль телефонлар, планшет компьютерлари, ноутбуклар, телевизор ва холодильниклар, кондиционерлар ҳамда бошқа маиший электр техника буюмлари, кенг турдаги дори-дармон воситалари ишлаб чиқарадиган қувватлар ҳам фойдаланишга топширилмоқда.

– Нукус, Урганч, Бухоро, Самарқанд, Қарши, Термиз, Андижон, Фарғона, Наманган ва бошқа шаҳарларимиз бош режа асосида қайта қурилмоқда.

– 2016 йилда ҳам бу борадаги ишлар давом эттирилди. Нурафшон кўчаси Оқтепа майдонигача 4 километр узайтирилди ва Муқимий кўчасига уланди. Муқимий, Усмон Носир ва Шота Руставели кўчалари чорраҳасида замонавий кўприк барпо этилди. Ушбу чорраҳадан бошланган берк кўчанинг иккинчи томони Бобур кўчасига уланди. Шу тариқа пойтахтимизда яна бир айланма йўл барпо этилди.

– АҚШда фаолият кўрсатаётган Гэллап институти ижтимоий фикрни ўрганиш маркази томонидан 2015 йилда «Қонуний тартибларга итоат қилиш индекси» деган мавзуда тадқиқот ўтказилган. Жаҳон миқёсида 141 та мамлакатда сўров ўтказилиб, катта ёшдаги 142 минг шахснинг фикрини ўрганилган. Сўровномада 3 та савол ўртага қўйилган. Биринчи савол «Сиз ўзингиз яшаётган шаҳар ёки тумандаги маҳаллий полицияга ишонасизми?» деган мазмунда бўлган. Иккинчи савол: «Сиз ўзингиз яшаётган шаҳар ёки туманда кечаси хавф-хатардан қўрқмасдан ёлғиз юра оласизми?». Учинчидан, «Охирги ўн икки ойда сиз ва оила аъзоларингизнинг пул ва мол-мулки ўғирланган ҳолат содир бўлганми?» деган саволлар берилган. Бу сўровнома натижаларига кўра Ўзбекистонимиз дунёдаги 141 та давлат орасида 2-ўринни эгаллаган!

– 2016 йил 5-21 август кунлари Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтган XXXI ёзги Олимпия ўйинларида Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилган спортчиларимиз 4 олтин, 2 кумуш ва 7 бронза медални қўлга киритди.

– Ўзбекистон 130 га яқин давлатлар билан дипломатик алоқалар ўрнатган.

– Пойтахтимизда қирқдан зиёд давлатнинг элчихонаси, кўплаб нуфузли халқаро ташкилотларнинг ваколатхоналари ишлаб турибди.

– Мамлакатимиз БМТ, МДҲ, ШҲТ сингари халқаро тузилмалар доирасида жаҳон ҳамжамияти ва минтақа давлатлари билан иқтисодий ва маданий ҳамкорликни амалга оширмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Давлат герби қуйидаги кўринишга эга: тоғлар, дарёлар ва сўл томони буғдой бошоқларидан, ўнг томони эса чаноқлари очилган ғўза шохларидан иборат чамбарга ўралган гуллаган водий узра қуёш заррин нурларини сочиб туради. Гербнинг юқори қисмида Республика ҳурлигининг рамзи сифатида саккизбурчак тасвирланган бўлиб, унинг ички қисмида ярим ой ва юлдуз тасвирланган. Гербнинг марказида бахт ва эрксеварлик рамзи — қанотларини ёзган Ҳумо қуши тасвирланган. Гербнинг пастки қисмида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғини ифода этувчи чамбар лентасининг бантида «Ўзбекистон» деб ёзиб қўйилган. Гербнинг рангли кўринишида: Ҳумо қуши ва дарёлар — кумуш рангида; қуёш, бошоқлар, пахта чаноқлари ва «Ўзбекистон» ёзуви — олтин рангида; ғўза шохлари ва барглари, тоғлар ва водий — яшил рангда; чаноқлардаги пахта — оқ рангда; лента — Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг рангларини акс эттирувчи уч хил рангда; саккизбурчак — олтин зарҳал билан ҳошияланган ҳолда ҳаво рангда; ярим ой ва юлдузлар — оқ рангида тасвирланган.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи Ўзбекистон Республикаси давлат суверенитетининг рамзидир. Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи халқаро муносабатларда Ўзбекистон Республикасининг тимсоли бўлади. Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи — байроқнинг бутун узунлиги бўйлаб ўтган тўқ мовий ранг, оқ ранг ва тўқ яшил рангли учта эндан таркиб топган тўғри тўртбурчак шаклидаги матодир.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси Ўзбекистон Республикаси Давлат суверенитетининг рамзидир. Давлат мадҳиясига зўр эҳтиром билан қараш Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг ватанпарварлик бурчидир.

(Абдулла Орипов шеъри, Мутал Бурҳонов мусиқаси)

Серқуёш ҳур ўлкам, элга бахт, нажот,

Сен ўзинг дўстларга йўлдош, меҳрибон!

Яшнагай то абад илму фан, ижод,

Шуҳратинг порласин токи бор жаҳон!

Нақорат:

Олтин бу водийлар – жон Ўзбекистон,

Аждодлар мардона руҳи сенга ёр!

Улуғ халқ қудрати жўш урган замон,

Оламни маҳлиё айлаган диёр!

Бағри кенг ўзбекнинг ўчмас иймони,

Эркин, ёш авлодлар сенга зўр қанот!

Истиқлол машъали тинчлик посбони,

Ҳақсевар, она юрт, мангу бўл обод!

Нақорат:

Олтин бу водийлар – жон Ўзбекистон,

Аждодлар мардона руҳи сенга ёр!

Улуғ халқ қудрати жўш урган замон,

Оламни маҳлиё айлаган диёр!

***

Географик жойлашуви: Ўзбекистон Республикаси Амударё ва Сирдарё оралиғида жойлашган, майдони 448,9 минг кв.км. Республика чегараси ғарбдан шарққа – 1425 км, шимолдан жанубга қадар – 930 км.

Чегаралари: Республика шимолда ва шимолий-шарқда Қозоғистон, шарқда ва жанубий-шарқда Қиризистон ва Тожикистон, ғарбда Туркманистон, жанубда эса Афонистон билан чегарадошдир. Давлат чегарасининг Афғонистон билан узунлиги – 137 км., Қозоғистон билан узунлиги – 2.203 км., Қирғизистон билан узунлиги – 1.099 км., Тожикистон билан узунлиги – 1.161 км. ва Туркманистон билан узунлиги – 1.621 км.

Аҳолиси: 2016 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра Ўзбекистон доимий аҳолисининг сони 31 миллион 576,4 минг кишини ташкил қилди. Ушбу маълумот Давлат статистика қўмитаси томонидан эълон қилинди. Ўтган йил давомида мазкур кўрсаткич 553,9 минг кишига ёки 1,8 фоизга кўпайди. Шаҳар жойлари аҳолиси йил бошида 15,964 миллионга етган бўлса (аҳоли умумий сонининг 50,6 фоизи) қишлоқ жойларида — 15,612 миллионни ташкил этди (49,4 фоиз). Туғилилишлар сони ўтган йилда 735,8 мингни ташкил қилди ва 2014 йилнинг шу даврига (718,0 минг киши) нисбатан 17,8 мингга кўпайди. Туғилиш коэффициенти мос равишда 23,5 промиллени ташкил қилди ва 2014 йилнинг шу даврига (23,3 промилле) нисбатан 0,3 промиллега кўпайди. 2015 йилда вафот этганлар сони 152,9 минг нафарни ташкил қилди.

2015 йилнинг январь-декабрида ФҲДЁ органларида 287,6 мингта никоҳ ва 29,6 мингта ажралишлар рўйхатга олинди.

Дастлабки маълумотларга кўра, 2015 йилда республика бўйича кўчиб келганлар сони 139,6 минг кишини, шу давр мобайнида кўчиб кетганлар сони эса 168,6 минг кишини ташкил қилди. Миграция қолдиғи минус 29,0 минг кишига (2014 йилда — минус 38,5 минг киши) тенг бўлди.

Миллий байрамлар. 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни. 1992 йил 14 январда мамлакат парламенти мамлакат ҳудудидаги ҳарбий ўқув юртлари ва бошқа ҳарбий шаклларининг барча қисмлари ва бирлашмаларини Ўзбекистон Республикаси юрисдикция қарамоғига ўтиши тўғрисида қарори қабул қилинди. 1993 йил 29 декабрда 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни деб эълон қилинди.

8 март – Халқаро хотин-қизлар куни.

21 март – Наврўз.

9 май – Хотира ва қадрлаш куни. 1999 йили 9 май куни Ўзбекистон пойтахтида Хотира майдони очилди ва шу кундан буён 9 май – Хотира ва қадрлаш куни сифатида нишонланмоқда.

1 сентябрь – Ўзбекистон Республикасининг Мустақиллик куни!

1 октябрь – Устоз ва мураббийлар куни.

8 декабрь – Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилинган кун.

Рамазон ойидан сўнг нишонланадиган Ийд Ал Фитр ва Қурбон ҳайити – Ийд Ал Адҳа байрамлари миллий байрамлар ҳисобланади.

– Ўзбекистон мустақилликка эришганидан буён мамлакатимизда йиллар қуйидагича номланган:

1991 — Алишер Навоий йили

1992 — Ҳамширалар йили

1993 — Аҳмад Яссавий йили

1994 — Мирзо Улуғбек йили

1995 — Ибн Сино йили

1996 — Амир Темур йили

1997 — Инсон манфаатлари йили

1998 — Оила йили

1999 — Аёллар йили

2000 — Соғлом авлод йили

2001 — Оналар ва болалар йили

2002 — Қарияларни қадрлаш йили

2003 — Обод маҳалла йили

2004 — Меҳр-мурувват йили

2005 — Сиҳат-саломатлик йили

2006 — Ҳомийлар ва шифокорлар йили

2007 — Ижтимоий ҳимоя йили

2008 — Ёшлар йили

2009 — Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йили

2010 — Баркамол авлод йили

2011 — Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили

2012 — Мустаҳкам оила йили.

2013 — Обод турмуш йили.

2014 — Соғлом бола йили.

2015 — Кексаларни эъзозлаш йили.

2016 — Соғлом она ва бола йили.

 МУКОФОТЛАР МУБОРАК БЎЛСИН!

 Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 24 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг йигирма беш йиллиги муносабати билан фан, таълим, соғлиқни сақлаш, адабиёт, маданият, санъат, маънавият ва маърифат, оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий соҳалар ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармонини барча зиёлилари қатори Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети жамоаси ҳам чексиз қувонч ва ҳаяжон билан кутиб олдилар.

Ушбу Фармонга биноан, Ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, миллий ғояни ривожлантириш, маънавиятимизни тиклаш, ўзлигимизни англаш йўлида катта ҳисса қўшган, ёрқин истеъдоди ва ижоди, илмий фаолияти, ҳалол хизмати, ёшларни она юртга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш ҳамда жамоат ишларидаги фаол иштироки учун Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг “Фотоника” кафедраси профессори Валиев Уйғун Воҳидович “Ўзбекистон Республикаси фан арбоби” унвони билан тақдирланган!

ЎзМУ жамоаси профессор Валиев Уйғун Воҳидовични Ватанимизнинг ушбу юксак мукофоти билан самимий муборакбод этади.

 II. ЖАҲОН МИҚЁСИДАГИ ИҚТИСОДИЙ, ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ВОҚЕАЛАРГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАР

 АҚШ ТАДҚИҚОТ МАРКАЗЛАРИГА КИБЕРҲУЖУМ УЮШТИРИЛДИ

АҚШ Демократлар партиясининг электрон ёзишмаларига ҳужум қилишда айбланган «Россия томонидан қўллаб-қувватланувчи» хакерлар Американинг бир қатор тадқиқот марказларига ҳужум қилишди. Бу ҳақида Defense One маълум қилди.

Crowdstrike компаниясининг ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритувчи Дмитрий Альперовичнинг сўзларига кўра, гап Россияга катта эътибор қаратувчи тадқиқот марказлари, хусусан, Вашингтондаги Халқаро ва стратегик тадқиқотлар маркази ҳақида кетмоқда. Манбага кўра, хакерларнинг ҳужумидан «бешга яқин ташкилот ва ўн нафар ходим» зарар кўрган, бироқ маълумотларни ўғирлашга муваффақ бўлинмаган.

Компания мутахассисларининг маълум қилишича, киберҳужум ортида АҚШ Демократлар партияси маълумотлар базасини бузиб киришда айбланган Cozy Bear гуруҳи турибди.

 БИШКЕКДА ПОРТЛАШ СОДИР БЎЛДИ

Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида, Хитой элчихонаси жойлашган ҳудудда портлаш юз берди. Барча манбалар бу портлаш дипломатик бино ичкарисида юз бергани ҳақида хабар бермоқда. Элчихонага алоқадор манбаларнинг билдиришича, портлаш худкуш террорчи томонидан содир этилган. Теракт оқибатида элчихонанинг бир неча ходимлари жароҳатлангани айтилмоқда. Жабрланувчиларга тиббий ёрдам кўрсатилган.

Портлаш рўй берган ҳудуд махсус топшириқли бўлимлар ходимлари томонидан ўраб олинган.

 АҚШ ВА ҲИНДИСТОН ҲАРБИЙ ЛОГИСТИКА БЎЙИЧА КЕЛИШУВ ИМЗОЛАДИ

АҚШ ва Ҳиндистон 29 августда ҳарбий логистика бўйича меморандум имзолади, деб айтилмоқда икки давлат мудофаа вазирликлари баёнотида.

Келишувнинг тайёрланиши ҳақида Ҳиндистон бош вазири Нарендра Модининг АҚШга июндаги ташрифи вақтида маълум бўлган. Келишув АҚШнинг НАТО бўйича иттифоқдошлари билан мавжуд бўлган келишувларга ўхшаш. У Ҳиндистон ва АҚШга бир-бирларининг ҳарбий базаларидан техник таъминлаш, хизмат кўрсатиш, ёқилғи қуйиш ва бошқа ишларда фойдаланиш учун қулай тўлов тизимини киритишга имкон беради. АҚШ Ҳиндистон билан ҳарбий савдо ва ҳарбий технологиялар билан алмашишни ривожлантирмоқчи, деб айтди АҚШ мудофаа вазири Эштон Картер Вашингтонга келган Ҳиндистон мудофаа вазири Манохар Паррикар билан қўшма матбуот-анжуманида.

 ЛОНДОНДА АНЪАНАВИЙ КАРНАВАЛ ВАҚТИДА 300 ДАН КЎПРОҚ ОДАМ ҲИБСГА ОЛИНДИ

Лондоннинг Ноттинг-Хилл туманида ҳар йилги анъанавий карнавал вақтида 300 дан кўпроқ одам ушланди, деб маълум қилди Лондон полицияси.

Ноттинг-Хиллдаги карнавал 1964 йил августдан бери ҳар йили ўтказиб келинади. Унинг бош иштирокчилари Лондоннинг ғарбида 1950-йиллардан кейин жойлашишни бошлаган Кариб денгизидан келганлар ҳисобланади. Карнавал вақтида спиртли ичимликлар истеъмоли сабабли кўпинча турли қоидабузарликлар юз беради. «Карнавалнинг 1-куни (28 август) турли қоидабузарликлар учун 156 киши, 2-куни 160 киши ушланди. Ҳибсга олишларнинг кўпи қурол олиб юриш ва гиёҳванд моддаларга эгалик қилиш гумони билан амалга оширилган», дейилди Скотланд-ярд хабарида.

Карнавал вақтида 4 киши пичоқ жароҳати олган, уларнинг барчаси 15-20 ёшлилар. Полиция маълумотларига кўра, патруль гуруҳлари фестивалга ташриф буюрганлар ёнидан 26 та пичоқ тортиб олган. 200 дан кўпроқ одам тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган. Ноттинг-Хилл карнавали Европадаги энг катта кўча байрами ҳисобланади, унга юз минглаб одамлар ташриф буюради.

 РОССИЯ ПАРАЛИМПИЯ ТЕРМА ЖАМОАСИ 2018 ЙИЛГИ ПАРАЛИМПИАДАДАН ҲАМ ЧЕТЛАТИЛДИ

Спорт ҳакамлик суди (CAS) томонидан маъқулланган, Халқаро паралимпия қўмитасининг (ХПҚ) Россия терма жамоасини Риодаги Паралимпия ўйинларига қўймаслик қарори 2018 йилги Пхенчхан Паралимпиадасига нисбатан ҳам амал қилади.

«CAS томонидан маъқулланган, ХПҚнинг россиялик ногирон-спортчиларни Риодаги 2016 йилги Паралимпиадага қўймаслик қарори Пхенчхандаги 2018 йилги қишки Паралимпиадага ҳам амал қилади», дейилди хабарда.

 

III. МИРЗО УЛУҒБЕК НОМИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИДА

 МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТДА 10-11 НОЯБРЬ КУНЛАРИ ХАЛҚАРО СИМПОЗИУМ БЎЛИБ ЎТАДИ

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида шу йил 10-11 ноябрь кунлари “Фундаментал ва амалий физика ривожланишининг янги тенденциялари: муаммолар, ютуқлар, истиқболлар” мавзуида халқаро симпозиум ўтказилади. Шу муносабат билан халқаро симпозиум ташкилий қўмитасининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 11 майдаги “Ўзбекистон Миллий университети фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига биноан Ядро физикаси институтининг бўшаётган бинолари, лабораториялари ва бошқа мол-мулкини ўқув жараёни талабларидан келиб чиқиб, зарур реконструкция ишларини амалга оширган ҳолда илмий-таълим жараёнини ташкил этиш учун Миллий университетга топширилади. Миллий университет ҳузуридаги Амалий физика илмий-тадқиқот институти 2016 йилнинг 1 июлидан тугатилди ва барча илмий лойиҳалар, ускуналар ва бошқа мол-мулкнинг мақсадга мувофиқлигини танқидий таҳлил қилиш якунлари бўйича улар Миллий университетнинг Физика факультетига топширилди. Айтиш жоизки, бу борада босқичма-босқич амалга оширилиши зарур бўлган вазифалар талайгина.

– Давлатимиз раҳбарининг мазкур Қарорида белгиланган вазифаларни тўла-тўкис амалга ошириш, шу билан бир қаторда фундаментал ва амалий физика ривожланишининг янги тенденциялари, бу борадаги муаммолар, ютуқлар, истиқболли таклифларни илмий жиҳатдан ўрганиш мақсадида ташкил этилаётган халқаро симпозиум ўзининг ижобий самарасини кўрсатади, деган умиддамиз,– дейди ЎзМУ ректори, профессор Абдураҳим Абдушукуров.– Бугунги йиғилишда ана шу анжуманга пухта ҳозирлик кўриш билан боғлиқ баъзи ташкилий масалалар кўриб чиқилмоқда.

Қайсики соҳада бўлмасин, илм ва амалиёт уйғунлиги ҳамиша ўзининг ижобий самарасини кўрсатади, албатта. Миллий университетда ўтказиладиган мазкур халқаро анжуман ҳам мамлакатимизда физика фани ва у билан боғлиқ соҳалар ривожига хизмат қилиши шак-шубҳасиздир.

***

Ташкилий қўмитанинг навбатдаги йиғилишида халқаро симпозиумда иштирок этиши кутилаётган таниқли физик олимларни кутиб олиш, улар анжуманга тақдим этишаётган илмий мақолаларни чоп этиш ва бошқа ташкилий масалалар кўриб чиқилди.

Халқаро симпозиумни кенг ёритиб бориш мақсадида алоҳида веб-сайт ташкил этилади. Унда асосий маълумотлар, мақолалар ўзбек, инглиз ва рус тилларида ёритиб борилади.

 Материаллар ЎзМУ Ахборот хизмати томонидан тайёрланди.

Унда республика ОАВ хабарларидан фойдаланилди.

 Факультет деканининг Маънавият ва маърифат ишлари бўйича ўринбосари диққатига!

“Ахборот соатлари” маълумотлари юзасидан савол пайдо бўлса ЎзМУ Ахборот хизмати раҳбари Тўлқин Эшбековга мурожаат қилишингиз мумкин.

Телефон: +99890 9120963.

Электрон почта: tueshbek@mail.ru

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *