“АХБОРОТ СОАТЛАРИ” № 10-17

Ҳафтанинг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеалари (30 октябрь-5 ноябрь кунлари)

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ ВА ЎРТА МАХСУС ТАЪЛИМ ВАЗИРЛИГИ

МИРЗО УЛУҒБЕК НОМИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИ

 

“АХБОРОТ СОАТЛАРИ” № 10-17

Ҳафтанинг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеалари (30 октябрь-5 ноябрь кунлари)

 

ТОШКЕНТ – 2017

 

ОТМ Маънавият ва маърифат ишлари бўйича масъуллари ва мураббийлар диққатига! Талабаларга “Ахборот соатлари” материаллари билан www.uzmu.uz ва www.uchildiz.uz веб-сайтлари орқали танишишлари тавсия этилади.

 

I. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДАГИ ИҚТИСОДИЙ, ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ВОҚЕАЛАРГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАР

 

ШАВКАТ МИРЗИЁЕВ ҲУНАРМАНДЧИЛИКНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ВА ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШГА БАҒИШЛАНГАН ЙИҒИЛИШ ЎТКАЗДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 3 ноябрь куни ҳунармандчиликни янада ривожлантириш, ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, аҳоли бандлигини ошириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказилди. Мамлакатимизда ҳунармандлик азалдан яхши ривожланган. Болаликдан ҳунар ўрганиш, яратган маҳсулоти ва меҳнати билан одамларга наф келтириш халқимизнинг миллий қадриятига айланган. Ҳунар турлари асрлар давомида кенгайиб, янги йўналишлар ва мактаблар билан бойиб борган. Маълумотларга кўра, бугунги кунда юртимизда ҳунармандликнинг 34 тури мавжуд. Мустақиллик йилларида миллий қадриятларимизни тиклаш ва ривожлантириш йўлида яратилган имкониятлар самарасида ҳунармандлик равнақига кенг йўл очилди. Республика «Ҳунарманд» уюшмаси, жойларда эса унинг бўлимлари ташкил этилди. Бир пайтлар уста ва ҳунармандлар ўзлари яратган буюмларни сотиш, намойиш этишда турли тўсиқларга учраган бўлса, бугун ҳар бир туман ва шаҳарда ҳунармандлар марказлари фаолият юритмоқда, бозорлар ва савдо мажмуаларида махсус савдо расталари ташкил этилган. Ҳунармандлик авлоддан-авлодга ўтиб келаётган сулолалар фаолияти қўллаб-қувватланмоқда. Улар «устоз-шогирд» анъанаси асосида ёш авлодга ўргатилмоқда. Ҳунармандлик харидоргир маҳсулотлар ишлаб чиқариш, халқимиз фаровонлигини ошириш, аҳоли, айниқса, ёшлар, хотин-қизлар ва кам таъминланган оилалар бандлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Шу боис Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳунармандчиликни янада ривожлантириш, ҳунармандларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратмоқда. Йиғилишда халқ ҳунармандлиги ва амалий санъатини ривожлантириш, улар томонидан маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш, шу асосда янги иш ўринлари яратиш масалалари муҳокама қилинди. Ҳунармандлар марказлари фаолиятини кенгайтириш, улар ишлаб чиқарган маҳсулотларни харидорларга етказишни осонлаштириш бўйича кўрсатмалар берилди. Ҳунармандликни ривожлантириш учун «Устоз-шогирд» анъанаси асосида бу жараёнга ёшларни жалб этиш, ҳунармандларни шогирд олиш ва ҳунарга ўргатишга рағбатлантириш, ёш ҳунармандларга фаолиятини бошлашда ҳар томонлама кўмаклашиш зарурлиги қайд этилди.

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ РОССИЯ ФЕДЕРАЦИЯСИ ҲУКУМАТИ РАИСИНИ ҚАБУЛ ҚИЛДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2 ноябрь куни мамлакатимизда расмий ташриф билан бўлиб турган ва МДҲ Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этадиган Россия Федерацияси Ҳукумати раиси Дмитрий Медведевни қабул қилди. Суҳбат чоғида жорий йилнинг апрель ойида Москва шаҳрида ўтган олий даражадаги музокаралар, икки мамлакат раҳбарларининг учрашувлари, жумладан, октябрь ойида МДҲнинг Сочи саммити доирасидаги мулоқоти стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлашга кучли суръат бағишлагани, ўзаро ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги мазмун билан бойитгани алоҳида таъкидланди. Кўп қиррали Ўзбекистон-Россия муносабатларини янада кенгайтириш, ўзаро савдо ҳажмини ошириш, иқтисодиётнинг турли тармоқларида қўшма кооперация лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этиш, маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Россия Ҳукумати раиси Дмитрий Медведев Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга самимий қабул учун миннатдорлик билдирди ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг эзгу тилакларини етказди.

Мамлакатларимиз шериклик муносабатлари ва ўзаро амалий ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашдан манфаатдор эканлиги таъкидланди.

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ ТОЖИКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ, ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ, БЕЛАРУСЬ РЕСПУБЛИКАСИ ВА ТУРКМАНИСТОН ҲУКУМАТЛАРИ РАҲБАРЛАРИНИ ҚАБУЛ ҚИЛДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2 ноябрь куни МДҲ Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этиш учун мамлакатимизга келган Тожикистон Республикаси Бош вазири Қоҳир Расулзода, Қозоғистон Республикаси Бош вазири Бакитжан Сагинтаев, Беларусь Республикаси Бош вазири Андрей Кобяков ва Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси Раиси ўринбосари Эсенмурат Оразгелдиев билан икки томонлама учрашувлар ўтказди.

Тожикистон Республикаси Бош вазири Қоҳир Расулзода билан учрашувда конструктив ва самарали ҳамкорликни ривожлантиришдан икки томон ҳам манфаатдор экани ҳақида сўз юритилди. Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги анъанавий яқин дўстлик муносабатларини мустаҳкамлашга қаратилган аниқ лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш учун ҳукуматлараро комиссия салоҳиятидан самарали фойдаланиш муҳимлигини алоҳида таъкидлади.

Қозоғистон Бош вазири Бакитжан Сагинтаев билан учрашувда олий даражадаги ўзаро ташрифлар чоғида эришилган келишувлар ва имзоланган ҳужжатларни изчил амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.

Савдо, инвестиция, энергетика, транспорт ва бошқа устувор йўналишлардаги ҳамкорликни ривожлантириш муҳимлиги таъкидланди. Икки давлат ҳудудлари ўртасидаги ва ишбилармон доиралари даражасидаги фаол алоқаларни давом эттиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Беларусь Бош вазири Андрей Кобяков билан учрашувда Ўзбекистон-Беларусь муносабатлари ривожидаги ижобий суръат мамнуният билан қайд этилди. Қисқа вақт мобайнида машинасозлик соҳаси, агросаноат мажмуаси, озиқ-овқат, фармацевтика ва бошқа тармоқларда қўшма лойиҳалар амалга оширилди.

Томонлар ҳамкорликнинг мавжуд салмоқли салоҳиятини, авваламбор, иқтисодиётнинг реал секторидаги кооперация имкониятларини тўла ишга солишдан манфаатдор экани қайд этилди.

Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси Раиси ўринбосари Эсенмурат Оразгелдиев билан учрашув чоғида Туркманистонга олий даражадаги ташрифлар ва давлат раҳбарларининг мунтазам мулоқотлари Ўзбекистон – Туркманистон муносабатларини стратегик шериклик босқичига кўтаргани таъкидланди. Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасидаги савдо-иқтисодий ва транспорт-коммуникация соҳаларидаги ҳамкорлик, саноат ва қишлоқ хўжалигидаги кооперацияни ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди.

Тожикистон, Қозоғистон, Беларусь ва Туркманистон ҳукуматлари раҳбарлари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга самимий қабул учун миннатдорлик билдирди ва ўз давлатлари раҳбарларининг эзгу тилакларини етказди.

 

ЎЗБЕКИСТОН ПРЕЗИДЕНТИ БМТ БОШ КОТИБИ ЎРИНБОСАРИ БИЛАН УЧРАШДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 1 ноябрь куни мамлакатимизга амалий ташриф билан келган БМТ Бош котиби ўринбосари, БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси ижрочи директори Юрий Федотовни қабул қилди. Давлатимиз раҳбари меҳмонни қутлар экан, Ўзбекистоннинг БМТ, унинг тузилмалари ва институтлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлиги жадал ривожланаётгани ва мустаҳкамланаётганини чуқур мамнуният билан қайд этди.

Кейинги пайтларда Ўзбекистонга БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зайд Раад ал-Ҳусайн, дин ва эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳид, БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Бош котиби Талеб Рифаи ва бошқаларнинг ташрифлари самарали амалга оширилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти жорий йил сентябрь ойида Нью-Йорк шаҳрида БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясида иштирок этди ва нутқ сўзлади, сессия доирасида ташкилот раҳбарияти билан қатор учрашув ва музокаралар ўтказди. Бугунги кунда мамлакатимизда БМТ билан амалий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича қабул қилинган «йўл хариталари» доирасида қўшма тадбирлар ва лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Ўзбекистон БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси билан гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланиши, трансмиллий уюшган жиноятчилик ва халқаро терроризмга қарши курашиш соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратиши таъкидланди.

Бошқарманинг техник кўмагида юқорида қайд этилган соҳаларда миллий ва минтақавий лойиҳалар бажарилди ва амалга оширилмоқда. Тошкент шаҳрида ушбу тузилманинг Марказий Осиё минтақаси бўйича ваколатхонаси фаолият юритмоқда. Учрашувда ўзаро ҳамкорликнинг «йўл харитаси» – Амалий ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш асосида наркотрафик, жиноятчилик ва терроризмга қарши курашиш бўйича мувофиқлаштирилган чора-тадбирлар кўриш ва биргаликдаги ишларни янада кучайтириш масалалари атрофлича кўриб чиқилди. БМТ Бош котиби ўринбосари Юрий Федотов Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга самимий қабул учун чуқур миннатдорлик изҳор қилди. БМТ вакили давлатимиз раҳбари томонидан Марказий Осиёда тинчлик, осойишталик ва барқарор тараққиётни мустаҳкамлаш, минтақа мамлакатлари билан яхши қўшничилик, ўзаро англашув ва умумий манфаатлар асосидаги ҳамкорлик муносабатларини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган сиёсатни юқори баҳолади. Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан БМТ Бош Ассамблеяси сессиясида баён этилган ташаббусларнинг долзарблиги ва ўз вақтида илгари сурилгани алоҳида таъкидланди. БМТ Бош котиби ўринбосари нуфузли халқаро ташкилотнинг Ўзбекистон билан глобал хавф-хатар ва таҳдидларга қарши курашиш бўйича узоқ истиқболга мўлжалланган ва тизимли ҳамкорликни янада ривожлантиришга тайёр эканини таъкидлади.

 

ЎЗБЕКИСТОН ВА ЛАТВИЯ ЎРТАСИДА ДИПЛОМАТИК МУНОСАБАТЛАР ЎРНАТИЛГАНИНИНГ 25 ЙИЛЛИГИГА

Ўзбекистон Республикаси билан Латвия Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 3 ноябрь куни 25 йил тўлиши муносабати билан икки давлат раҳбарлари бир-бирларини қутладилар. Латвия Президенти Раймондс Вейониснинг табрик мактубида бундай дейилади: «Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасидаги энг яқин ҳамкорларимиздан бири ҳисобланади. Сўнгги 25 йил ичида фаол амалга оширилган олий сиёсий даражадаги ташрифлар давлатларимиз ўртасидаги ўзаро англашув ва дўстликдан далолатдир».

«Фурсатдан фойдаланиб, Латвия Сиз Жаноби Олийлари томонидан Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли давлат ислоҳотлари дастурини қўллаб-қувватлашини билдиришга ижозат бергайсиз,– дейилади Латвия раҳбарининг мактубида.– Ишонаманки, қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, иқтисодиёт ва бошқарув соҳаларини модернизация қилиш йўлидаги саъй-ҳаракатлар Ўзбекистоннинг улкан ривожланиш салоҳиятини юзага чиқаради».

Раймондс Вейонис Латвия ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстлик муносабатлари бундан буён ҳам ривожланиб бораверишига қатъий ишонч билдирган.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўз мактубида «тарихан қисқа даврда давлатларимиз ўртасида мустаҳкам дўстлик алоқалари, юксак даражадаги ўзаро англашув ва ишончга асосланган шериклик шаклланди. Ҳамкорликнинг барча йўналишларида жадал ва самарали мулоқот ривожланиб бормоқда», деб таъкидлаган. Давлатимиз раҳбари «сиёсий, савдо-иқтисодий, инновацион, транспорт ва маданий-гуманитар соҳалардаги ўзаро манфаатли, икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш ва чуқурлаштириш тарафдоримиз», деб қайд этган ҳамда Ўзбекистон ва Латвия ўртасидаги кўп қиррали муносабатлар биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан бундан буён ҳам янада мустаҳкамланишига ишонч билдирган.

 

АБДУЛЛА АРИПОВ ДМИТРИЙ МЕДВЕДЕВ БИЛАН УЧРАШДИ

Россия Федерацияси бош вазири Дмитрий Медведев ўзбекистонлик ҳамкасби Абдулла Арипов билан учрашди. Россия ҳукумати раҳбари имзоланиши керак бўлган ҳужжатлар тўпламининг аҳамиятини таъкидлади. У барча идоралар бўйича ривожланиб бораётган ўзаро алоқалар мавжудлигини таъкидлади. «Энг муҳими, улар фақат шунчаки алоқалар, оддий мулоқотлар эмас, балки аниқ келишувларда мужассам бўлмоқда. Бугун ҳақиқатдан ҳам ҳужжатларнинг катта тўплами имзоланади»,- деди Дмитрий Медведев. «Илиқ кутиб олганингиз учун раҳмат. Бу сўзнинг замирида ҳам тўғридан тўғри, ҳам кўчма маъно бор. Бизнинг мамлакатларимиз орасида ҳақиқатдан ҳам яхши ва дўстона муносабатлар мавжуд… Тошкентда жуда илиқ, ҳатто ҳозир кузатилиши керак бўлган об-ҳаводан ҳам илиқроқ, ноябрь ойида. Бу, умид қиламанки, икки давлат ўртасидаги ҳозирги муносабатларнинг характерини ўзида ифодалайди»,- дея қўшимча қилиб ўтган Медведев. Ўз навбатида, Арипов Россия бош вазирига Ўзбекистон ва Россия муносабатларини ривожлантириш борасидаги иши учун миннатдорлик билдирди. «Россия Федерацияси билан Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик ўзаро ҳурмат ва ишончга асосланган»,- деди Ўзбекистон бош вазири. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Россияга амалга оширилган ташрифи «Россия Федерацияси ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларнинг янги саҳифасини очди».

«Бугунги учрашув ва бугун имзоланиши режалаштирилган ҳужжатлар, албатта, бизнинг иқтисодиётимиз ўсиб боришини таъминлашга хизмат қилади ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик ҳам ривожланиб бораверади, деб ўйлайман»,- дея таъкидлаб ўтди Арипов.

 

АБДУЛЛА АРИПОВ ҚИРҒИЗИСТОН ҲУКУМАТ РАИСИ БИЛАН УЧРАШДИ

2-3 ноябрь кунлар Тошкент шаҳрида ўтказилиши режаштирилган МДҲ аъзо давлатлар ҳукумат раислари Кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этиш учун етиб келган Қирғизистон Республикаси Бош вазири Сапар Исақов ўзбекистонлик ҳамкасби Абдулла Арипов билан учрашди. Қирғизистонлик вазир Абдулла Ариповга меҳмондўстлик ва юқори даражада ташкил этилаётган қабул учун ташаккурлигини билдирган. «Биз ҳамкорликнинг қоғозда эмас, амалда ривожланаётганини кузатмоқдамиз. Ўзбекистон Республикаси президентининг Қирғизистонга тарихий ташрифи 25 йил давомида ечилмай қолган саволларни муҳокама этишга имкон берди. Шунингдек, ҳукуматлараро иккитомонлама алоқаларни ривожлантириш шароити пайдо бўлди», деган Исақов.

Ўз ўрнида Абдулла Арипов жорий йилнинг 9 ойи мобайнида мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 193 миллион АҚШ долларини ташкил этгани, келгусида ушбу кўрсаткични йилига 500 миллион АҚШ долларига етказиш режада борлигини билдирди. Бундан ташқари, ҳукумат раҳбарлари «Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» темир йўл транспорт йўлаги устида олиб борилаётган ишларни муҳокама этди. Шунингдек, икки давлат ўртасида тузилган делимитация ва демаркация масалалари бўйича ишчи гуруҳнинг фаолиятига баҳо берилди.

Учрашув сўнгида, икки мамлакат Бош вазирлари ўзаро ҳамкорлик шартларини келишиб олиб, ҳар икки юртда Маданият кунларини ташкил этишни билдирди. Йиғилишда Абдулла Арипов ҳукумат раислари бошчилигида Ўзбекистонга чегарадош вилоят раҳбарларининг биринчи йиғилишини ўтказишни таклиф қилди.

 

ХИТОЙ РАҲБАРИ ШАВКАТ МИРЗИЁЕВГА МАКТУБ ЙЎЛЛАДИ

Хитой Халқ Республикаси Коммунистик партияси Марказий Қўмитаси Бош котиби Си Цзиньпин Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга мактуб йўллади. Мактуб матни ЎзА томонидан келтирилган. «Хитой Халқ Республикаси Коммунистик партиясининг 19-съезди муваффақиятли якунлангани ва Хитой Коммунистик партияси Марказий Қўмитаси Бош котиби лавозимига қайта сайланганим муносабати билан табриклаб йўллаган мактубингиз учун самимий миннатдорлик билдираман. Сўнгги йилларда биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан Хитой –Ўзбекистон муносабатлари жадал фаоллашгани ва самимийлик, ишонч ва ўзаро манфаатдорликка асосланган ҳар томонлама стратегик шериклик даражасига кўтарилганидан мамнунман. Мамлакатларимиз олий даражадаги мустаҳкам алоқалар тарафдоридир, сиёсий ишонч асосида «Бир макон, бир йўл» лойиҳаси доирасида яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқда, қатор йирик қўшма лойиҳаларни амалга оширмоқда. Бу эса халқларимизга бирдек фойда келтирмоқда. Жорий йилнинг май ва июнь ойларида Сиз билан Пекин ва Остона шаҳарларида икки марта учрашдик. Бунинг натижасида икки томонлама муносабатлар ва барча соҳалардаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича салмоқли келишувларга эришилди. Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шериклик алоқаларини ривожлантиришга катта эътибор қаратмоқдаман. Бундан буён ҳам Сиз билан биргаликда ўзаро муносабатларимизни Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги кўп асрлик дўстлик руҳида ривожлантириш, янги тарихий даврда халқларимиз ва бутун инсоният фаровонлиги йўлида барқарор ва узоқ истиқболга мўлжалланган тараққиётга эришиш учун янги имкониятларни ишга солишга тайёрман!», дейилади мактубда.

 

АБДУЛЛА АРИПОВ БОКУДАГИ ЯНГИ ИПАК ЙЎЛИНИНГ ОЧИЛИШИДА ИШТИРОК ЭТДИ

30 октябрь куни Боку халқаро денгиз савдо портида Боку-Тблиси-Қарс темир йўлининг очилиши муносабати билан тантанали маросим бўлиб ўтди. Маросимда Озарбойжон президенти Илҳом Алиев, мамлакат биринчи хоними Меҳрибон Алиева, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ва унинг турмуш ўртоғи Эмине Эрдўған, Қозоғистон бош вазири Бакитжан Сагинтаев, Грузия бош вазири Георгий Квирикашвили, Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ҳамда Тожикистон ва Туркманистон делегациялари иштирок этишди. Озарбойжон президенти матбуот хизматида шу ҳақида хабар берилди.

Маросимни Озарбойжон Республикаси президенти Илҳом Алиев очиб берди.

Алиевнинг сўзларига кўра, Боку-Тблиси-Қарс (БТК) темир йўли — Европа ва Осиё ўртасидаги энг ишончли ва қисқа йўл. «Дастлабки босқичда БТК бўйлаб 5 миллион, кейингиларида эса 17 миллион тонна юк ташилади. БТК Евроосиёни транспорт харитасининг муҳим қисмига айлантиради. Бу йўл туризм, барқарорлик ва хавфсизлик ривожи учун хизмат қилади, инвестициялар ҳажмини кенгайтиради, мамлакатларимизнинг геосиёсий аҳамиятини кучайтиради»,- деди Озарбойжон давлат раҳбари ўз нутқида. Боку-Тбилиси-Қарс стратегик аҳамиятга эга тарихий лойиҳа ҳисобланади. Мазкур темир йўл узунлиги 850 километрни ташкил қилади, шундан 504 километри Озарбойжон ҳудудидан ўтади.

Илҳом Алиев шунингдек Шимол-Жануб транспорт коридори ҳам катта аҳамиятга эга эканини ва Озарбойжон бу йўналишда ҳам муҳим қарорлар қабул қилишини таъкидлади. Озарбойжон ҳудудида Шимол-Жануб лойиҳаси билан боғлиқ барча ишлар якунланди, яъни бутун инфратузилма тайёр. «Озарбойжон мазкур йўналишда темир йўл тармоғини яратди. Келгусида Шимол-Ғарб ва Жануб-Ғарб энерготранспорт лойиҳалари эксплуатацияга топширилади. Боку-Тбилиси-Қарс темир йўлидан Ўзбекистон, Қозоғистон, Хитой ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари ҳамда Европа давлатлари фойдаланади. Шимол-Жануб транспорт коридори Ҳиндистондан Россиягача бўлган мамлакатларни бирлаштиради».

БТК темир йўлининг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси бош вазири Абдулла Арипов ҳам чиқиш қилди. У Ўзбекистон Республикаси раҳбарияти хорижий шериклар билан Марказий Осиё ва қўшни минтақаларнинг улкан транзит ва транспорт-коммуникация салоҳиятидан фойдаланиш соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратаётганини таъкидлади. «Бугун мазкур йўналиш бўйича Ўзбекистонда кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, 2016 йилда Ангрен-Поп темир йўл магистралини қуриш лойиҳаси тугалланди. Бу ягона Ўзбекистон темир йўл транспорт тизимини шакллантириш жараёнини тугаллаш имконини берди», деди бош вазир. Унинг сўзларига кўра, мазкур муҳим темир йўл участкасининг ишга туширилиши тарихий Буюк Ипак йўлининг тикланишига қўшилган бебаҳо ҳисса бўлди.

Таъкидлаш жоизки, Боку-Тблиси-Қарс темир йўлини қуришга доир шартнома 2007 йилда Тблисида имзоланган. Ўша йилнинг ноябрида Грузиянинг Марабдасида темир йўл линияси қурилишига старт берилган. БТК темир йўл линиясининг 504 километри Озарбойжон ҳудудига, 263 километри Грузияга ва 79 километри Туркия ҳудудига тўғри келади.

 

ЖИЗЗАХДА ҲАМИД ОЛИМЖОН ВА ЗУЛФИЯ ҲАЙКАЛИ ОЧИЛДИ

Жиззах шаҳрида халқнинг ардоқли фарзандлари, улкан шоирлар Ҳамид Олимжон ва Зулфия хотирасига бағишлаб барпо этилган ёдгорлик мажмуасининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда давлат ва жамоат арбоблари, маданият ва санъат намояндалари, ёзувчи-шоирлар, Ҳамид Олимжон ва Зулфия авлодлари, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорлари, адабиёт ихлосмандлари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси президентининг давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султонов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Муҳаммадали Аҳмедов, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Саъдулла Ҳакимов, адабиётшунос Иброҳим Ғофуров ва бошқалар президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Ҳамид Олимжон ва Зулфия хиёбони, икки ардоқли шоир номи билан аталган ўзбек тили ва адабиётини чуқур ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернат, музей миллий адабиёт ривожига улкан ҳисса қўшган, халқнинг суюкли фарзандлари хотирасига кўрсатилган алоҳида эҳтиром ифодаси эканини таъкидлади.

 

МИНСКДА ЎЗБЕКИСТОН ЭЛЧИХОНАСИ ОЧИЛАДИ

Ўзбекистон Беларусь пойтахти Минскда ўз элчихонасини очади. Яқин орада элчининг тайинланиши кутилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг Беларусь Республикаси бош вазири Андрей Кобяков билан учрашувида хабар берилди. Беларусь Вазирлар Кенгаши веб-сайтига кўра, учрашувда турли соҳаларда Ўзбекистон-Беларусь ҳамкорлигини кенгайтириш, шунингдек, Беларусь етакчиси Александр Лукашенконинг Ўзбекистонга ташрифига тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди.

 

«КАМАЗ» ВА «ЎЗАВТОСАНОАТ» БИРГАЛИКДА ЮК МАШИНАЛАРИНИ ИШЛАБ ЧИҚАРАДИ

«Ўзавтосаноат» АЖ ва «КАМАЗ» ОАЖ ўртасида 2017 йил 2 ноябрь куни Ўзбекистонда юк автотранспорт воситаларини ишлаб чиқаришни ташкил этишни назарда тутувчи ҳамкорлик шартномаси имзоланди. Ҳужжатни «КАМАЗ» ОАЖ бош директори Сергей Когогин ва «Ўзавтосаноат» АЖ бошқаруви раиси Умиджон Салимов имзолади. «КАМАЗ» ОАЖ компаниясининг маълумотларига кўра, томонлар UzAutoTrailer МЧЖ базасида КАМАЗ бренди остида юк машиналарини ишлаб чиқаришни режалаштирмоқдалар. Келгусида томонлар Ўзбекистон ҳудудида автомобилларни йиғиш бўйича қўшма корхона ташкил этишни мўлжаллашган. Шартномага мувофиқ, «КАМАЗ» ОАЖ ва «Ўзавтосаноат» АЖ «КАМАЗ» ташқи савдо компанияси» АЖ ва «UzAutoTrailer» МЧЖ орқали фаолият олиб боради. «КАМАЗ» ташқи савдо компанияси» UzAutoTrailer’га эҳтиёт қисмлари ва деталлар тўпламларини етказиб беради. Ўзбек компанияси шассини йиғиш билан шуғулланади ва ўзи ҳамда қўшма корхона устқурмасини барпо этади.

 

ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ БАНКИ ВА «ВНЕШЭКОНОМБАНК» ҲАМКОРЛИК ТЎҒРИСИДА КЕЛИШИБ ОЛДИ

Россия Федерацияси ҳукумати раиси Дмитрий Медведевнинг Тошкентга ташрифи доирасида, 2017 йилнинг 2 ноябрь куни Ўзбекистон Миллий банки ҳамда «Внешэкономбанк» ўртасида ҳамкорлик тўғрисида Келишув имзоланди.

Келишув Ўзбекистон Республикасида энергетика соҳасидаги лойиҳаларни молиялаштириш учун Миллий банкка 10 йилгача бўлган муддатга 250 млн. АҚШ долларигача бўлган кредит линияларини очишни назарда тутади. Бу Россиянинг юқори технологияли энергия ускуналарини етказиб беришни ўз ичига олади. Лойиҳалар орасида «Сирдарё ИЭС энергоблокларининг модернизацияси» ва «Фарҳод ГЭС» УК модернизацияси» кабилар бор. Ушбу келишувга Ўзбекистон Республикаси президенти Ш.Мирзиёевнинг Россия Федерациясига жорий йилнинг 4-5 апрель кунлари амалга оширган давлат ташрифи якунлари бўйича эришилди.

 

БМТ БОШ КОТИБИ ЎРИНБОСАРИ БИЛАН УЧРАШУВ

2017 йилнинг 1 ноябрь куни Ўзбекистон Респубикаси ташқи ишлар вазири БМТ Бош котиби ўринбосари, Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси ижрочи директори Юрий Федотов билан учрашди. Юрий Федотов бошчилигидаги БМТ делегация Тошкент шаҳрига икки томонлама музокалар олиб бориш ва ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмасининг “Терроризмга қарши кураш – чегарасиз ҳамкорлик” мувзуйидаги 5-илмий амалий конференциясида иштирок этиш мақсадида ташриф буюрди. Бўлиб ўтган суҳбатда БМТ ва унинг ихтисослаштирилган институтлари билан ҳамкорликни кенгайтириш доирасида Ўзбекистоннинг БМТ Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси билан муносабатларининг мустаҳкамлаш ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди. Шунингдек, турли кўриниш ва шаклардаги ҳамкорликни янада ривожлантиришдан томонлар ўзаро манфаатдор эканлиги тасдиқланди. Бугунги кунда, Ўзбекистонда БМТ Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси кўмагида миллий ва минтақавий даражадаги дастурлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистоннинг тегишли тузилмалари 2016-2019 йилларда Афғонистон ва қўшни давлатлар учун минтақавий дастурда, ҳамда Марказий Осиё давлатлари учун 2015-2019 йилларга мўлжалланган дастурда иштирок этмоқда. Мамлакатимизда 2016-2020 йилларда Наркотик моддаларни суистеъмол қилиш ва ноқонуний айланишига қарши кураш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури қабул қилиниб, амалга тадбиқ этилмоқда. Дастурда наркотик моддаларнинг ноқонуний айланишини тартибга солиш ва наркологик ёрдам кўрсатиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш, норкологик хизмат ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг моддий-техник захирасини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилган. Учрашув давомида томонларни қизиқтирган бошқа масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди. Суҳбатда БМТ Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси бошлиғи Ашита Миттал иштирок этди.

Ўзбекистон 1995 йил БМТнинг Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши курашиш тўғрисидаги конвенциясига қўшилган. 1999 йил Ўзбекистон Республикасининг “Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида”ги қонуни қабул қилинган.

 

II. ЖАҲОН МИҚЁСИДАГИ ИҚТИСОДИЙ, ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ВОҚЕАЛАРГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАР

 

ГЕРМАНИЯ ЎЗБЕКИСТОН ПРЕЗИДЕНТИНИНГ КЕНГ КЎЛАМЛИ ИСЛОҲОТЛАРИНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАЙДИ

Октябрь ойи охирида Берлиндаги Шарқ-Европа ва халқаро тадқиқотлар марказида «Ўзбекистон: янги Президент бошқаруви остидаги бир йил» мавзуидаги брифинг бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти қошидаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти экспертлари, шунингдек Германия ТИВ, К.Адэнауэр жамғармаси, Илм-фан ва сиёсат жамғармаси ва ГФРнинг бошқа етакчи академик ва тадқиқот доиралари вакиллари иштирок этишди. Брифинг давомида германиялик иштирокчилар 2017-2021 йиллар учун Ҳаракатлар стратегиясининг беш устувор йўналиши бўйича ўтган давр ичида амалга оширилган ишлар натижалари билан таништирилди. Хорижий экспертларнинг таъкидлашича, Германия Ўзбекистондаги жорий янгиланиш ва модернизация жараёнларини диққат билан кузатмоқда. Уларнинг баҳоларига кўра, Берлин Президент Шавкат Мирзиёевнинг ички ва ташқи сиёсатдаги янги стратегик йўналишини қўллаб-қувватлайди.

Ўзбекистон Президент Виртуал қабулхонасининг аҳоли билан иш олиб бориш тажрибасининг жорий қилиниши хорижий мутахассисларда катта қизиқиш уйғотди. Уларнинг нуқтаи назарига кўра, бу давлат ва жамият ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқа ўрнатилишида «ноёб тажриба» бўлди. Илм-фан ва сиёсат жамғармаси экспертларининг таъкидлашича, «қисқа вақт ичида ушбу механизм орқали миллионлаб ўзбек фуқароларининг муаммолари ҳал қилингани қувонарли ҳолат».

Шу билан бирга, германиялик экспертлар Ўзбекистон Марказий Осиё ва бутун дунёга очиқликни намойиш этиб, халқаро ҳамжамиятга «кучли сигнал» берганини қайд этишди. Бундан ташқари, уларнинг фикрича, Тошкентнинг бундай фаол сиёсати минтақадаги мамлакатлараро муносабатларга мутлақо янги динамика берди.

Брифинг қатнашчилари фикрига кўра, Ҳаракатлар стратегиясининг амалга оширилиши нафақат Ўзбекистонда, балки бутун Марказий Осиёда «тарихий ўзгаришлар»га старт берди. Ўзбекистоннинг қўшни давлатлар билан ўзаро муносабатларининг характери ва йўналиши мамлакатнинг жаҳон ишбилармон доиралари учун иқтисодий жозибадорлигини ошириб, минтақадаги сиёсий иқлимнинг сезиларли даражада яхшиланишига олиб келди.  Бундай тенденция давлатлараро муносабатларнинг чуқурлашуви ва минтақавий ҳамкорликнинг фаоллашуви тарафдори бўлган Германияда ижобий қабул қилиниши шубҳасиз.

 

ЖАҲОН МАТБУОТИ НИМАЛАРНИ ЁЗМОҚДА?

АҚШ президенти сайлов компанияси собиқ раҳбари Пол Манафорт  федерал ҳукуматга таслим бўлганидан сўнг, Дональд Трамп компаниясининг собиқ маслаҳатчиси Жорж Пападополус ўзининг Кремл билан алоқаларида руслар билан мулоқот қилгани борасида ёлғон маълумот берганида айбдор эканини тан олди, деб ёзди The Guardian. Жорж Пападопулос АҚШ 1001 Кодексининг 18-моддасини бузган холда ФҚБ агентларига сохта баёнот берганида айбдор эканини тан олган. Трамп кампаниясининг собиқ маслаҳатчиси ўтган йилнинг баҳор ойида қандайдир профессор, Washington Post уни Жозеф Мифсуд сифатида идентификация қилди, воситачилигида ўзини “Владимир Путининг жияни” дея таништирган россиялик аёл билан учрашган. Пападопулоснинг айтишича, профессор унга Россияда Хиллари Клинтон ҳақида “ифлос” маълумот — «мингта электрон мактуб» борлигини айтган, дея ёзди The Guardian. Жорж Пападопулос махсус прокурор Роберт Мюллер томонидан ўрганилаётган “Россия ва Дональд Трамп кампанияси ўртасида потенциал мувоффиқлаштирув тўғрисида”ги иш бўйича айб қўйилган учинчи амалдордир.

***

Франция Президенти Эммануэль Макрон “терроризмга қарши кураш тўғрисидаги баҳсли қонунни” имзолади, бу қонун фавқулотда холат режими ниҳоясига етадиган чоршанба куни кучга киради, дея хабар берди Frankfurter Rundschau. Францияда фавқулотда ҳолат режими 2017 йилнинг 1 ноябрь куни бекор қилинади. Нашр Франция раҳбарининг Елисей саройида ҳужжатни имзолаш чоғида айтган “бу қонун келажакда фуқороларимиз хавфсизлигини ишончли таъминлаш имконини беради”, деган сўзларини келтиради. Салкам икки йилдан бери  Францияда фавқулотда ҳолат амал қилмоқда. Фавқулотда ҳолат 2015 йил 13 ноябрда содир этилган террор ҳужумларидан сўнг президент Франсуа Олланд таклифи билан ҳукумат томонидан жорий  этилган эди.

***

«Apple ва Facebook раҳбарлари кенг қамровли ислоҳатларни ваъда қилаётган Си Цзиньпинни қандай зиёрат қилишди», деган сарлавха билан New York Times газетаси мақола эълон қилди. Газетанинг ёзишича, “ярим илоҳ” даражасига кўтарилган Хитой раҳбари Дональд Трампдан ўрнак олган ҳолда Пекинга мамлакат ва АҚШнинг нуфузли тадбиркорларини таклиф қилди. Халқ Йиғинлари Уйида Apple компанияси раҳбари Тим Кук, Blackstone Group раҳбари Стивен Шварцман ва Facebook асосчиси Марк Цукерберг иштирокида бўлиб ўтган қабул маросимида Си Цзиньпин глобализация, инновация ҳамда АҚШ ва Хитой ўртасидаги иқтисодий муносабатлар ҳақида гапирди. Хитой коммунистларининг съездида Си Цзиньпин номи тириклик чоғида Хитой янги тарихининг икки нафар арбоби Мао Цзэдун ва Дэн Сяопин қаторида Компартия уставига киритилганидан кейин у илк бор қабул маросимида хорижлик меҳмонлар олдида нутқ сўзлади, дея ёзди газета. New York Timesнинг ёзишича, Пекиндаги қабул АҚШ президенти Дональд Трампнинг ХХРга ташрифидан бир хафта аввал уюштирилди ва “Хитойнинг АҚШ билан тенг қаторда иқтисодий супердержава эканлигига сигнал бўлди”.

***

Испания расмийлари томонидан Католония мустақиллиги арбобларига нисбатан жиноий иш қўзғатилганидан кейин, Каталония раҳбари Карлес Пучдемон ва беш нафар юқори лавозимли амалдор минтақани тарк этди, дея хабар берди Еl Pais. Пучдемон ва собиқ вазирлар аввалига машинада Марселга келишди, у ердан самолётда Брюссель томон парвоз қилишди. Минтақанинг мустақиллиги учун овоз берган кўплаб католонияликлар,  «Карлес Пучдемон Мадрид билан мажорода ирода топа олмаганлигини  айтишмоқда”, дея ёзди Washington Post. Каталон сиёсатчилари эса, нашрнинг ёзишича, Пучдемоннинг қочиб кетганидан сўнг, Мадриднинг 21 декабрь куни минтақада қайта сайловлар ўтказиш борасидаги режасига рози бўлган.​

 

III. МИРЗО УЛУҒБЕК НОМИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИДА

 

ҚИРҒИЗИСТОН ҲУКУМАТИ РАИСИ ЎЗМУДА “ЧИНГИЗ АЙТМАТОВ ВА ЎЗБЕКИСТОН” ДОИМИЙ ЭКСПОЗИЦИЯСИ БИЛАН ТАНИШДИ

 

Шу йил 2-3 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилиши режаштирилган МДҲ аъзо давлатлар ҳукумат раислари Кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этиш учун мамлакатимизга келган Қирғизистон Республикаси Бош вазири Сапар Исақов бугун Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетига ташриф буюрди.

Қирғизистонлик меҳмонлар ЎзМУда ташкил этилган “Чингиз Айтматов ва Ўзбекистон” доимий экспозицияси билан танишдилар.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидов, ЎзМУ ректори Авазжон Мараҳимов, адабиётшунос Аҳмаджон Мелибоев ва бошқалар атоқли қирғиз адиби Чингиз Айтматов аллақачон миллионлаб ўзбек китобхонлари қалбидан муносиб жой олгани ҳақида сўз юритишар экан, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 5-6 сентябрь кунлари Қирғизистонга давлат ташрифини амалга оширган чоғида улуғ ёзувчи Чингиз Айтматовнинг ўзбек ва қирғиз халқлари ҳақида “Халқларимизнинг қони бир, тили бир” деган ҳикматли сўзларини мисол қилиб келтиргани барчада катта қизиқиш уйғотганини алоҳида таъкидладилар.

Экспозиция меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.

Улар атоқли адиб Чингиз Айтматовнинг яқинда чоп этилган тўла асарлар тўпламларини туҳфа этдилар.

 

ВАТАНПАРВАРЛИК РУҲИДА ТАЪЛИМ БЕРИШГА ҚАРАТИЛГАН БИТИМ

 

Ватанпарварлик туйғуси ёшлар қалбига таълим, илму-маърифат билан жо бўлади. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети талабалари ҳарбий соҳада ҳам таълим олишга катта қизиқиш билан қарайдилар.

Айни пайтда ЎзМУ Ҳарбий кафедрасида кўплаб талаба-йигитлар муносиб таҳсил олаётганлари эътиборга моликдир.

Ана шу таълим жараёнини янада такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа Вазирлиги Қуролли кучлар академияси ва Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ўртасида ҳарбий таълим ва илм-фан йўналишида алоҳида Битим имзоланди.

ЎзМУ ректори Авазжон Мараҳимов ва мазкур Қуролли кучлар академияси раҳбари, Генерал полковник Қобил Бердиевлар соҳа тараққиёти йўлида ҳамкорликда амалга ошириладиган қатор вазифалар ҳақида келишиб олдилар. Хусусан, режага мувофиқ ташкил этиладиган конференциялар, семинарлар, симпозиум ва маҳорат дарслари шулар жумласидандир.

Битим 8 та бўлимдан иборат бўлиб, унда ўзаро келишувнинг мақсадлари, фаолият йўналишлари, келишув шакллари, режалар, ўз аксини топган. Мудофаа Вазирлиги Қуролли кучлар академияси раҳбари генерал полковник Қобил Бердиевнинг таъкидлашича, бу Битим илмий-амалий кўмаклашиш келажакдаги соҳаларни ривожига катта ҳисса қўшиши аниқ. Ёшларни ватанпарварлик туйғуси руҳида тарбиялаш бўйича суҳбатлар, тақдимотлар ўтказиш, профессор-ўқитувчилар ўртасида ўзаро малака ва тажриба алмашиш келишув бандларида ўз ифодасини топган. Бу эса ҳар иккала таълим муассасаси ёшлари учун ҳамкорлик уфқларини очишига шубҳа йўқлиги алоҳида таъкидланди.

– Бизнинг талабаларимиз она Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида камол топмоқдалар,– деди ЎзМУ ректори Авазжон Мараҳимов.– Улар танлаган соҳалари бўйича пухта билим эгаллаш билан бир қаторда тез-тез маънавий-маърифий тадбирларда иштирок этадилар. Айниқса, терроризм, эктремизм, гиёҳвандлик ва бошқа бало-қазоларга, интернет орқали амалга оширилаётган турли таҳдидларга қарши мафкуравий иммунитетни оширишга оид мавзуларда қилинган давра суҳбатлари, маърузалар ёшларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Бугунги келишувда эришилган натижалар ҳам албатта ўз самарасини кўрсатади. Бу келишувдан кўзланган мақсад юртимизнинг равнақи, ёшларимизнинг интеллектуал салоҳияти ва жисмоний куч-қувватини янада оширишдир.

Ўзаро суҳбатдан сўнг Генерал полковник Қобил Бердиев ва бошқалар ЎзМУда яқинда ташкил этилган “Чингиз Айтаматов ва Ўзбекистон” экспозициясини кўздан кечирдилар.

 

ТЕЛЕСУХАНДОННИНГ МАҲОРАТ ДАРСИ

 

Тележурналистика соҳасида маҳорат мактабларининг ўрни беқиёс.

Бўлғуси журналистлар таниқли тележурналистлар, дикторлардан маҳорат сирларини ўрганадилар.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида навбатдаги ана шундай маҳорат дарси Ўзбекистон халқ артисти, «Фидокорона хизматлари учун» ва «Дўстлик» орденлари соҳибаси Галина Мельникова иштирокида ўтди.

– Университетимизда кўплаб таниқли публицистлар, тележурналистларнинг маҳорат мактаблари (мастер-класслар) ташкил этилган. Бундай маҳорат мактабларида сабоқ олаётган талабаларимиз келгусида ана шундай устозлардек етук журналистлар бўлиб етишадилар, деган умиддамиз,– деди ЎзМУ ректори Авазжон Мараҳимов тадбирнинг кириш қисмида.– Бугун навбатдаги ижодий учрашувимизга таниқли сухандон, Ўзбекистон халқ артисти Галина Мельниковани таклиф этганмиз. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 23 декабрь куни “Галина Мельниковага «Ўзбекистон Республикаси халқ артисти” фахрий унвонини бериш тўғрисида”ги фармонини кенг жамоатчилигимиз хушнудлик билан кутиб олди. Фармонда қайд этилишича, Галина Мельникова «Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясидаги кўп йиллик самарали ижодий фаолияти, дикторлик санъатини ривожлантириш, халқимизнинг маънавий салоҳиятини юксалтириш, ёш авлодни ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш ишларига қўшган муносиб ҳиссаси учун» тақдирланган.

Галина Витальевна Мельникова 1936 йил 23 декабрь куни туғилган. У 1956 йилдан бери Ўзбекистон телевидениесида ишлаб келмоқда. Ўтган шунча давр мобайнида у ҳар куни «Ахборот» кўрсатуви, байрам концертлари, репортажлар, ҳукумат тадбирлари бошловчиси сифатида хонадонларимизга “ташриф” буюради. Унинг ширали ва тиниқ нутқи ҳар биримизнинг хонадонимизга, қалбимизга кириб борган. У узоқ йиллик меҳнати давомида ойнаи жаҳон орқали кўплаб дустурларни, ахборот эшиттиришларини олиб борди. Унинг нутқи ўзига ҳос жозибага эга.

Телевидение шиддат билан ўзгарган замонда ҳам, жонли эфирга чиқишга тўғри келган фурсатларда ҳам у студия меҳмонларига, шоирми, ёзувчими, мамлакатимизнинг таниқли шахсларими, учувчи ё олимларми, барчасига индивидуал ёндашиб қизиқарли суҳбат уюштириш қобилиятига эга.

Олий тоифали диктор Галина Мельникова «Дўстлик» ордени, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист унвони, «Олтин қалам» мукофоти ва Россиянинг Пушкин номидаги медали билан тақдирланган.

Галина Мельникова кўплаб истеъдодли сухандонларни эфирга олиб чиққан устозлардан ҳисобланади. Унинг шогирдлари сафидан ЎзМУ Журналистика факультети талабалари ҳам ўрин эгаллашларига умид қилса бўлади. Талабалар билан бўлган самимий мулоқотда у босиб ўтган ҳаёт йўли, тележурналистиканинг машаққати ва шарафли йўли хусусида тўхталди.

Маҳорат дарсида журналист кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошриш тизимини такомиллаштириш, ўқув жараёнини замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан бойитиш, талабаларнинг амалий билим ва кўникмаларини шакллантириш, «устоз-шогирд» анъанасини ривожлантириш масалалари ҳусусида фикр алмашилди.

Талабалар машҳур сухандон-журналистга ўзларини қизиқтирган саволларни бердилар ва атрофлича жавоб олдилар.

 

Материаллар ЎзМУ Ахборот хизмати томонидан тайёрланди.

Унда республика ОАВ хабарларидан фойдаланилди.

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>