“АХБОРОТ СОАТЛАРИ” № 11-17

Ҳафтанинг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеалари (6-12 ноябрь кунлари)

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ ВА ЎРТА МАХСУС ТАЪЛИМ ВАЗИРЛИГИ

МИРЗО УЛУҒБЕК НОМИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИ

“АХБОРОТ СОАТЛАРИ” № 11-17

Ҳафтанинг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеалари (6-12 ноябрь кунлари)

ТОШКЕНТ – 2017

ОТМ Маънавият ва маърифат ишлари бўйича масъуллари ва мураббийлар диққатига! Талабаларга “Ахборот соатлари” материаллари билан www.uzmu.uz ва www.uchildiz.uz веб-сайтлари орқали танишишлари тавсия этилади.

 

I. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДАГИ ИҚТИСОДИЙ, ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ВОҚЕАЛАРГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАР

 

ШАВКАТ МИРЗИЁЕВ ЖИЗЗАХДА ШАРОФ РАШИДОВ ҲАЙКАЛИ ОЧИЛИШИ МАРОСИМИДА ИШТИРОК ЭТДИ

2017 йил 6 ноябрь куни Жиззахда атоқли давлат ва жамоат арбоби Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигига бағишланган тантанали тадбирлар ўтказилди. Шу муносабат билан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Жиззахга борди. Шу куни шаҳарда Шароф Рашидовга қўйилган ҳайкалнинг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, ҳукумат аъзолари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, меҳнат фахрийлари, адабиёт ва санъат намояндалари, вилоят аҳли, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан келган юртдошларимиз, чет эллик меҳмонлар иштирок этди. Шароф Рашидовнинг фарзандлари, дўстлари, ҳамкасблари, шогирдлари ва бошқа яқинлари қатнашди.

Маросимда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади. Давлатимиз раҳбари Шароф Рашидов оддий халқ орасидан чиққани, ноёб ақл-заковати, меҳнатсеварлиги ва камтарлиги билан катта обрў-эътибор қозонгани, халқимизга садоқат билан ҳалол хизмат қилганини таъкидлади.

“Шароф Рашидов умр бўйи ўз халқига, барча соф ниятли инсонларга яхшилик қилиб, уларни улуғ мақсадлар йўлида бирлаштириб, эзгу ишларга сафарбар этиб яшади”,-дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев. Бу олижаноб, донишманд ва бағрикенг инсон, қандай суронли синовларга дуч келган бўлмасин, юксак гуманистик ғояларга доимо содиқ бўлиб, халқимиз қалбида яхши ном, сўнмас хотира қолдирди.

“Шароф Рашидов республика раҳбари сифатида зиммасидаги улкан вазифаларга қарамасдан, ўзи бутун борлиғи билан севган адабиётга ҳамиша содиқ қолди. У ўзининг бетакрор истеъдоди билан эзгу қадриятларни тараннум этган роман ва қиссалар, шеър ва достонлар, публицистик мақолалар яратди”,-деди Президент.

Тадбирда Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Оқил Салимов, меҳнат фахрийси Исмоил Жўрабеков, учувчи-космонавт Владимир Жонибеков, меҳнат фахрийси Қаллибек Камалов, Шароф Рашидовнинг қизи, академик Сайёра Рашидова ва бошқалар Шароф Рашидов билан боғлиқ хотиралари, у кишининг ҳаёти ва фаолияти ҳақида сўзлади.

Шароф Рашидов ҳайкалини Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Шароф Рашидовнинг қизи Сайёра Рашидова очди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янгради.

Шароф Рашидов ҳайкали пойига гуллар қўйилди.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 27 мартдаги “Атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Жиззахда бу воқеага катта тайёргарлик кўрилган. Шароф Рашидов номи билан аталувчи майдон ва музейда улкан қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилган.

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ ШАВКАТ МИРЗИЁЕВ 8 НОЯБРЬ КУНИ МАМЛАКАТИМИЗГА АМАЛИЙ ТАШРИФ БИЛАН КЕЛГАН САНКТ-ПЕТЕРБУРГ ШАҲРИ ГУБЕРНАТОРИ ГЕОРГИЙ ПОЛТАВЧЕНКОНИ ҚАБУЛ ҚИЛДИ

Давлатимиз раҳбари меҳмонни қутлар экан, жорий йилда бўлиб ўтган олий даражадаги самарали учрашувлар ва уларнинг якунлари бўйича эришилган келишувлар, жумладан, апрель ойида имзоланган икки мамлакат минтақалари ўртасида ҳамкорлик тўғрисида ҳукуматлараро битим Ўзбекистон Республикаси ҳудудлари ва Россия Федерацияси субъектларининг амалий ҳамкорлигини, аввало, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги алоқаларни фаоллаштиришга хизмат қилганини мамнуният билан қайд этди.

Учрашувда Ўзбекистон ва Санкт-Петербург шаҳри ўртасидаги анъанавий яқин ва ўзаро манфаатли муносабатларни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.

Бугунги кунда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 200 миллион долларни ташкил қилмоқда. Санкт-Петербург шаҳрида 1 миллионга яқин юртдошимиз меҳнат фаолиятини амалга оширмоқда. Шаҳарнинг етакчи олий ўқув юртларида 3 мингдан зиёд ёшларимиз таълим олмоқда.

Ўзаро савдо ҳажмини ошириш ва етакчи корхоналар ўртасида кооперацияни кенгайтириш учун мавжуд салоҳиятдан самарали фойдаланиш зарурлиги қайд этилди.

Соғлиқни сақлаш, таълим ва туризм соҳаларида қўшма дастур ва лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Санкт-Петербург шаҳри губернатори Георгий Полтавченко Президентимиз Шавкат Мирзиёевга самимий қабул учун чуқур миннатдорлик билдирди. Ўзбекистон билан устувор йўналишларда кенг кўламли ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор эканини таъкидлади.

 

ТИНЧЛИК ВА БАРҚАРОР ТАРАҚҚИЁТ ЙЎЛИДАГИ ҲАМКОРЛИК

Шу йил 10-11 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида БМТ шафелигида “Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик” мавзусида халқаро конференцияси бўлиб ўтди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясида илгари сурилган ҳамда Марказий Осиёда хавфсизликни таъминлаш, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашга йўналтирилган ташаббусларни амалга ошириш бўйича муҳим амалий қадамлардан бири бўлган мазкур йирик халқаро тадбирда 500 дан ортиқ иштирокчилар, жумладан, Марказий Осиё давлатларининг ташқи сиёсат маҳкамалари раҳбарлари, МДҲ, Европа, Осиё ҳамда Америка давлатларининг нуфузли расмий делегациялари, БМТ, ЕИ, ЕХҲТ, ШҲТ, МДҲ, ЕТТБ каби 10 дан ортиқ халқаро ташкилотлар раҳбарияти, 100 га яқин таниқли халқаро экспертлар ва етакчи хорижий ОАВ ходимлари, шунингдек, Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус вакиллари қатнашдилар.

Форумда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этди ва нутқ сўзлади. Давлатимиз раҳбари Марказий Осиёда осойишталик ҳамда барқарор тараққиётга эришиш йўлида амалга оширилаётган фаол ташқи сиёсат, минтақада хавфсизликни таъминлаш борасидаги муҳим вазифалар ҳақида тўхталиб, қатор долзарб ташаббусларни илгари сурди.

Анжуманда, шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерришнинг форум иштирокчиларига йўллаган видеомурожаати намойиш этилди. БМТ раҳбари анжуман аҳамияти ҳақида алоҳида тўхталиб, Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарор ривожланишни таъминлаш йўлидаги ташаббусларда БМТ тузилмалари фаол иштирок этишини таъкидлади.

Марказий Осиёни осойишталик, барқарор тараққиёт ҳамда яхши қўшничилик ҳудудига айлантириш Юртбошимиз томонидан Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгиланган. Бу 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ҳам ўз ифодасини топган. Чунончи, ушбу дастуриламал ҳужжатда Ўзбекистоннинг ён-атрофида хавфсизлик, барқарорлик, аҳил қўшничилик муҳитини шакллантириш яқин истиқболдаги устувор вазифа сифатида мустаҳкамланган. Тинч-осойишта, иқтисодий жиҳатдан тараққий топган Марказий Осиё — Ўзбекистон интиладиган энг муҳим мақсад ва асосий вазифадир.

Марказий Осиё мамлакатлари жуғрофий ҳамда геосиёсий жиҳатдан бир-бирига яқин бўлиб қолмасдан, балки ягона маданият ва цивилизация макони ҳамдир. Бу ерда истиқомат қилувчи халқларни умумий маънавий-ахлоқий қадриятлар, муштарак анъана ва урф-одатлар, ягона тарих боғлаб туради. Буюк Ипак йўли чорраҳасида жойлашган минтақа минг йиллар давомида дунё маданиятлари, тиллари ҳамда динлари мулоқотига замин бўлган. Ўзбекистон бугун яқин қўшничилик, дўстлик тамойилларига таянган ҳолда фаол ва прагматик сиёсат олиб бормоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси туфайли минтақа мамлакатлари билан сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-логистика ҳамда маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорлик алоқалари жадал суръатларда ривожланиб бораяпти. Юртбошимизнинг қўшни мамлакатларга амалга оширган давлат ва амалий ташрифлари давомида, шунингдек, турли халқаро саммитлар доирасида қўшни мамлакатлар раҳбарлари билан мунтазам равишда ўтказиб келаётган мулоқотлари самараси ўлароқ, ўтган қисқа вақт мобайнида Марказий Осиёда принципиал жиҳатдан мутлақо янги сиёсий муҳит яратилди. Стратегик шерик давлатлар сафи кенгайди. Ўзбекистон минтақа мамлакатлари билан энг нозик масалалар ечимида, айниқса, давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш борасида прагматик ёндашиб, тарихий келишувларга эришмоқда. Мисол учун, ўзбек-қирғиз давлат чегарасининг қарийб 85 фоизи бўйича шартнома имзоланди. Президентимиз таъбири билан айтганда, томонлар ўз сиёсий иродасини, ўзаро мақбул қарорлар қабул қилишга тайёрлигини намоён этгани боис узоқ муддат давомида биринчи марта ушбу ғоят нозик масала бўйича олдинга силжиш юз берди. Қўшни мамлакатлар билан чегаралардаги назорат-ўтказиш пунктлари фаолияти қайта тикланиши натижасида аҳоли эмин-эркин ҳаракатланиши учун енгилликлар яратилаяпти. Бу эса одамларнинг қўшни давлатлардаги яқинлари, қариндош-уруғлари билан борди-келди алоқалари йўлга қўйилишига, яна бир муҳим жиҳати, ўзаро савдо-сотиқнинг ривожланишига хизмат қилаяпти. Марказий Осиёда савдо-иқтисодий ҳамкорлик алоқаларида ҳам фаол ўсиш суръатлари қайд этилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг март ойида Ўзбекистон ва Қозоғистон ишбилармон доиралари иштирокида Остона шаҳрида бўлиб ўтган бизнес форумида умумий қиймати қарийб 1 миллиард АҚШ долларига тенг савдо шартномалари ҳамда инвестициявий битимлар имзоланди. Мамлакатлар ўртасида ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 5 миллиард АҚШ долларигача етказиш бўйича аниқ мақсадлар белгилаб олинган.

Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳамкорлик муносабатларида ҳам иқтисодий соҳада янги марралар қўлга киритилмоқда. Икки давлат ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 2016 йил охирига келиб 23 фоиз ўсган ҳолда, 167,5 миллион АҚШ долларини ташкил этган бўлса, 2017 йилнинг биринчи ярмида бу кўрсаткич қарийб 70 фоиз ошиб, 112 миллион АҚШ долларини ташкил қилди. Олий даражадаги учрашувларда мазкур кўрсаткични яқин йилларда 500 миллион долларга етказиш имконияти мавжудлиги қайд этилди.

Ўзбекистон ҳамда Туркманистон компания ва корхоналари қиймати 200 миллион доллардан зиёд қўшма ташқи савдо шартнома ҳамда битимларни амалга оширмоқда. Туркманобод — Фороб автомобиль ва темир йўл кўприклари очилгач, мамлакатларимиз ўртасида транзит ташишлар ҳажми сезиларли даражада кўпайди. Ўзбекистоннинг фақат темир йўл орқали Туркманистон ҳудудидан ўтган экспорт юклари ҳажми 25 фоиз ошди.

Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик алоқаларида ҳам янги давр бошланди. Жорий йил апрель ойида Душанбе шаҳрида Ўзбекистон саноат корхоналари маҳсулотлари миллий кўргазмаси ҳамда икки давлат ишбилармонлари бизнес форуми ташкил этилди. Июнь ойида Ўзбекистон делегациясининг Тожикистонга ташрифи чоғида Душанбе шаҳрида Ўзбекистон савдо уйи очилди. Шу йил октябрь ойида эса Тожикистон Республикаси миллий маҳсулотлари кўргазма-ярмаркаси ўтказилди. Буларнинг барчаси минтақада янги иқтисодий муҳит шаклланаётганидан далолатдир.

Марказий Осиё энергетика ва табиий ресурсларга бой, қулай транспорт-коммуникация имкониятларига эга минтақа ҳисобланади. Ўзбекистонда транспорт-инфратузилма коммуникацияларини ривожлантириш, транзит йўлаклари тизимини яратиш, мавжуд йирик халқаро ҳамда истиқболли бозорларга олиб чиқадиган янги ва самарали йўналишларни ўзлаштиришга алоҳида эътибор қаратилаяпти. Ўзбекистон — Қирғизистон — Хитой темир йўлининг қурилиши минтақа мамлакатлари учун улкан иқтисодий имкониятлар очади. Президентимиз Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Остона саммитида Марказий Осиёда транспорт ташувларини бошқаришнинг ўзаро боғланган тизимини яратиш таклифини билдирди. Бу таклиф ўзаро транспорт тарифлари, ягона божхона ва бошқа тартиб-таомиллар, юк ташиш хавфсизлигининг бирхиллаштирилган қоидалари, транспорт воситалари ҳамда юклари ҳаракатланиши ахборот таъминоти тизимининг ҳуқуқий ва институционал асосларини ишлаб чиқишни кўзда тутади. Мазкур тизим иқтисодий ўсишга, юкларнинг ишлаб чиқарувчидан истеъмолчига етказиб берилишини тезлаштириш ҳамда арзонлаштиришга олиб келади.

Қўшни мамлакатлар чегарадош ҳудудлари даражасида алоқалар кенгайиб бораётгани, халқ дипломатияси механизмларидан фаол фойдаланилаётгани ҳам минтақа давлатлари муносабатларини мазмунан бойитмоқда. Қонун чиқарувчи органлар ўртасида ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида урғу берилиб, парламентлараро дўстлик гуруҳлари шакллантирилмоқда.

Анжуманда бугунги замонавий шарт-шароитларда Марказий Осиё давлатлари халқаро хавфсизликни мустаҳкамлаш билан боғлиқ долзарб масалаларни ҳал қилишда муҳим роль ўйнаши таъкидланди. Терроризм ва экстремизм хавфи тарқалишининг олдини олиш, гиёҳвандлик моддаларининг ноқонуний айланиши, ноқонуний қурол-яроғ савдоси, уюшган жиноятчилик, одам савдосига қарши курашиш ҳамда ахборот соҳасидаги таҳдидларга барҳам бериш ана шулар жумласидандир.

Форум қатнашчилари Марказий Осиё хавфсизлиги глобал хавфсизликнинг ажралмас қисми эканлигини алоҳида қайд этишди. Минтақа мамлакатлари янги таҳдид ва хавфларнинг олдини олиш, шунингдек, халқаро ҳамда минтақавий ташкилотлар билан муносабатларда яқиндан ҳамкорлик ўрнатиши мақсадга мувофиқлиги билдирилди. Марказий Осиё мамлакатлари сув-энергетика ресурсларидан минтақанинг барча давлати манфаатларини ҳисобга олган ҳолда, оқилона фойдаланиш бўйича икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш зарурлигига эътибор қаратишди.

Анжуманда ёш авлод вакилларининг турли террористик ҳамда радикал ташкилотлар таъсирига тушиб қолишига йўл қўймаслик бўйича биргаликда аниқ чора-тадбирларни -ишлаб чиқиш ва қабул қилиш зарурлиги қайд этилди. Бу борада ёшларнинг маънавий-ахлоқий тарбиясига эътиборни кучайтириш, уларни комил инсон қилиб вояга етказиш, йигит-қизларнинг ўз салоҳиятини намоён этиши учун зарур шароитлар яратиш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги ҳамкорликни ривожлантириш лозим.

Конференциянинг биринчи кунида “Минтақавий барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш”, “Сувдан фойдаланиш ва экология соҳасидаги ҳамкорлик” мавзуларида шуъба мажлислари ўтказилди. Мамлакатимиз ҳамда хорижлик олимлар, нуфузли эксперт-ларнинг таҳлилий маърузалари эшитилди ва муҳокама қилинди.

Форум 11 ноябрь куни ўз ишини давом эттирди. Унинг доирасида “Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш” ҳамда “Барқарор тараққиётга таҳдидларга қарши курашишда халқаро ҳамжамиятнинг Марказий Осиё мамлакатларига кўмаги” мавзуларида шўъба мажлислари бўлиб ўтди.

 

ЎЗБЕКИСТОН ПРЕЗИДЕНТИ ХАЛҚАРО АНЖУМАННИНГ ЮҚОРИ МАРТАБАЛИ ИШТИРОКЧИЛАРИ БИЛАН УЧРАШУВЛАР ЎТКАЗДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 10 ноябрь куни Самарқандда БМТ шафелигида ўтказилаётган Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарор ривожланишни таъминлашга бағишланган халқаро анжуманда иштирок этган Европа иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили, Еврокомиссия вице-президенти Федерика Могерини, Эрон ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавад Зариф ва Туркия иқтисодиёт вазири Нихат Зейбекчи билан икки томонлама учрашувлар ўтказди. Европа иттифоқининг Олий вакили билан учрашувда конференциядаги иштирок ҳамда «Европа иттифоқи – Марказий Осиё» Вазирлар учрашуви Европа иттифоқининг Марказий Осиё бўйича стратегияси қабул қилинганининг 10 йиллигида ўтказилгани Европанинг минтақамизга алоҳида эътибор қаратаётганидан далолат бериши қайд этилди.

Европа иттифоқи асосий ҳамкорларимиздан бири бўлиб, Ўзбекистон Европа иттифоқи билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни ҳар томонлама янада мустаҳкамлашнинг қатъий тарафдори экани таъкидланди. Учрашувда Европа билан кенг қамровли алоқаларни кенгайтириш борасида сезиларли натижаларга эришилаётгани қайд этилди. Европа иттифоқи билан шерикликни инвестиция, савдо, молиявий-техникавий ҳамкорлик, таълим ва бошқа қатор йўналишларда илғор тажриба ва технологиялар алмашиш соҳасидаги амалий мазмун билан бойитиш томонлар учун манфаатли эканига эътибор қаратилди. Халқаро ва минтақавий, хусусан, Марказий Осиёда сиёсий ишончни мустаҳкамлаш ва барқарор тараққиётни таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.

Европа иттифоқи делегацияси мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги ишлар билан таништирилди. Эрон ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавад Зариф билан учрашувда икки мамлакат ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш истиқболлари муҳокама қилинди. Жорий йил сентябрь ойида Остона шаҳрида ўтказилган Ислом ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасида ўтган олий даражадаги икки томонлама учрашув самаралари Ўзбекистон – Эрон муносабатларининг фаоллашувига хизмат қилгани мамнуният билан таъкидланди.

Ўзаро ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида сиёсий мулоқотни янада ривожлантириш, товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ва иқтисодиётнинг турли соҳаларида кооперацияни мустаҳкамлаш, минтақамизда самарали транспорт-коммуникация тармоғини барпо этиш белгиланган. Ўзаро манфаатли лойиҳаларни илгари суришда Ҳукуматлараро қўшма комиссия муҳим ўрин тутиши қайд этилди.

Эрон ташқи ишлар вазири Президентимиз Шавкат Мирзиёевга самимий қабул учун миннатдорлик билдирди ва Эрон Президенти Ҳасан Руҳонийнинг эзгу тилакларини етказди.

Туркия иқтисодиёт вазири Нихат Зейбекчи билан учрашувда шу йил 25-26 октябрь кунлари Ўзбекистон Президентининг Туркия Республикасига давлат ташрифи доирасида савдо-иқтисодий, инвестициявий ва молиявий ҳамкорлик соҳаларида эришилган келишувларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Туркиянинг етакчи компаниялари ва банкларининг тўғридан-тўғри инвестицияларини жалб қилган ҳолда, энергетика ва транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш, туризм тармоғини ривожлантириш, шунингдек, замонавий саноат корхоналари ва логистика марказлари барпо этиш бўйича аниқ лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Нихат Зейбекчи Президентимиз Шавкат Мирзиёевга Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдўғоннинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказди. Туркия олий даражада эришилган келишувлар ва имзоланган битимлар тўла амалга оширилишининг қатъий тарафдори эканини таъкидлади.

 

ПРЕЗИДЕНТИМИЗ ИМОМ БУХОРИЙ ХАЛҚАРО ИЛМИЙ-ТАДҚИҚОТ МАРКАЗИ ҚУРИЛИШИ БИЛАН ТАНИШДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 10 ноябрь куни Самарқанд вилояти Пайариқ туманидаги Имом Бухорий мажмуасига ташриф буюрди. Ўтганлар хотираси ёд этилиб, Қуръон тиловат қилинди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ушбу мажмуа қошида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази барпо этилмоқда. Президентимиз Имом Бухорий мажмуаси, халқаро илмий-тадқиқот маркази ва ҳудудда жойлашадиган бошқа инфратузилма иншоотлари концепцияси билан танишди. Мажмуа ҳудудида чойхона, савдо шохобчалари, фаввора ва бошқа зарур объектлар қуриш режалаштирилган. Икки ён томонда ландшафт дизайни асосида маҳаллий шароитга мос бутазор ва гулзорлар ташкил этиш мўлжалланган. Давлатимиз раҳбари марказ концепциясида зиёратчиларга қулайликлар яратиш масаласига алоҳида эътибор қаратди. Ушбу марказ ҳажга отланган зиёратчилар келиб, буюк алломаларимиз меросидан баҳраманд бўладиган илмий-маърифий маскан бўлиши зарур, деди Шавкат Мирзиёев. Бунинг учун зиёратчиларга ҳамма қулайликларни яратиш, хусусий меҳмонхоналар барпо этиш лозим. Бу ерга зиёратга келган одамларнинг ибодат қилиши билан бирга, ҳадис илмини ўрганиши учун ҳам барча шароит яратилади. Лойиҳани амалга оширишда буни алоҳида ҳисобга олиш зарур. Келажакда ушбу марказ муқаддас динимизни, аждодларимизнинг ҳадисшунослик ривожига қўшган беназир ҳиссасини тарғиб қиладиган маскан бўлиши лозим. Президентимизнинг 2017 йил 27 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ бугунги кунда мазкур марказ қурилиши жадал давом этмоқда. 6 гектар майдонни эгаллаган ҳудудда ҳадисшунослик олий мактаби ҳам барпо этилмоқда. Марказ биносида ҳадис, калом ва қироат илмини ўрганишга мўлжалланган хоналар, қўлёзмалар кутубхонаси, музей ташкил этилади. Давлатимиз раҳбари марказ қурилишини замонавий ва миллий меъморлик анъаналарини уйғунлаштирган ҳолда амалга ошириш, бунёдкорлик ишларида сифатли қурилиш материалларидан фойдаланиш, ҳудудда зиёрат туризмини кенг йўлга қўйиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш юзасидан мутасаддиларга тавсиялар берди.

 

ШАВКАТ МИРЗИЁЕВ ЕХҲТ БОШ КОТИБИНИ ҚАБУЛ ҚИЛДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 9 ноябрь куни мамлакатимизга ташриф билан келган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Бош котиби Томас Гремингерни қабул қилди. Давлатимиз раҳбари Швейцариянинг атоқли дипломатини юқори ва масъулиятли лавозимга тайинлангани билан қутлаб, Ўзбекистон ЕХҲТ билан янада фаол ҳамкорлик қилиш, Ташкилот мандатига кирувчи барча масалалар бўйича ўзаро англашувни мустаҳкамлашдан манфаатдор эканини қайд этди. ЕХҲТ Бош котибининг ташрифи ҳамда унинг Самарқандда бўлиб ўтадиган халқаро конференциядаги иштироки мамлакатимизда Ташкилот томонидан Ўзбекистонда ҳаётнинг барча жабҳаларида рўй бераётган туб ўзгаришлар, жумладан, демократлаштириш жараёни, инсон ҳуқуқлари, эркинлик ва манфаатларини таъминлаш, инвестиция муҳитини яхшилаш ва амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг бошқа муҳим жиҳатларига бўлган қизиқишнинг тасдиғи сифатида баҳоланмоқда.

Томас Гремингер Ўзбекистоннинг қўшни мамлакатлар, жумладан, Афғонистон билан алоқаларини мустаҳкамлаш бўйича изчил ва амалий қадамларини юксак қадрлайди. Юқори мартабали меҳмон нуфузи ва иштирокчилари сони кўплиги бўйича мислсиз бўлган Самарқанд форуми натижалари минтақавий ҳамкорликка янги суръат бериш, стратегик жиҳатдан муҳим минтақада ўзаро англашув ва ишонч муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонч билдирди. Меҳмон Ўзбекистонни ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг асосий йўналишлари ЕХҲТнинг хавфсизлик, иқтисодий-экологик ва инсон мезонлари бўйича барча мақсад ва устувор йўналишлари билан тўла ҳамоҳанг эканини алоҳида таъкидлади. ЕХҲТ ва унинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ўзаро ҳамкорликка, мамлакатимизда узоқ истиқболга мўлжалланган ислоҳотлар ва ўзгаришларни амалга ошириш бўйича тажриба алмашиш ва эксперт кўмаги кўрсатишга тайёр экани билдирилди.

Учрашувда ЕХҲТ фаолиятига оид бошқа масалалар, жумладан, минтақавий ва халқаро долзарб муаммолар кўриб чиқилди.

 

МИРЗИЁЕВ АҚШ ПРЕЗИДЕНТИ ЁРДАМЧИСИНИНГ ЎРИНБОСАРИ ЛИЗА КЁРТИСНИ ҚАБУЛ ҚИЛДИ

9 ноябрь куни АҚШ президенти ёрдамчисининг ўринбосари, Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича катта директор Лиза Кёртис Тошкентда Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинди. Тошкентдаги АҚШ элчихонаси хабар беришича, томонлар Жанубий Осиёдаги янги стратегия ва икки томонлама ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилишди. Кёртис хоним Ўзбекистоннинг иқтисодий ислоҳотлар, адолатли меҳнат амалиёти ва минтақавий муносабатларни такомиллаштиришдаги сўнгги ютуқларини эътироф этди. Томонлар 31 октябр куни Нью-Йоркда содир бўлган терактни муҳокама қилишиб, таҳдидлар билан курашда чуқур ҳамкорлик қилишга келишиб олишди. Кёртис хоним Қўшма Штатлар тинчлик ва барқарорликни таъминлаш учун Ўзбекистон ҳукумати ва бутун минтақадаги шериклар билан ҳамкорлик қилишга тайёр эканини таъкидлади.

 

ЎЗБЕКИСТОН ПРЕЗИДЕНТИ БМТ ДЕЛЕГАЦИЯСИНИ ҚАБУЛ ҚИЛДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 9 ноябрь куни БМТ Бош котибининг сиёсий масалалар бўйича ёрдамчиси Мирослав Енча ва Бош котибнинг махсус вакили, Марказий Осиёда превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари Наталья Германни қабул қилди. Давлатимиз раҳбари Н.Германни БМТнинг Марказий Осиёда превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари лавозимига тайинлангани билан табриклади ва фаолиятига муваффақият тилади. Ўзбекистоннинг БМТ билан, хусусан, яқингача М.Енча раҳбарлик қилиб келган Минтақавий марказ билан ҳамкорлиги самарали бўлаётганини мамнуният билан қайд этди. Президентимиз 10 ноябрь куни Самарқандда иш бошлайдиган «Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик» мавзуидаги халқаро конференцияни ташкил этишда БМТ муҳим ўрин тутганини таъкидлади.

Ўзбекистон жаҳон ҳамжамиятининг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида халқаро жараёнларда фаол иштирок этаётгани, жумладан, йиғилиб қолган масалаларга амалий ечим топиш, Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, минтақанинг узоқ истиқболга мўлжалланган тараққиёти бўйича аниқ таклифлар илгари сураётгани ва амалга ошираётгани таъкидланди.

Меҳмонлар БМТ ва унинг Бош котиби Антониу Гутерриш номидан минтақада хавфсизлик ва барқарор ривожланишни таъминлаш бўйича ўтказилаётган халқаро форум мақсади ва вазифаларини қўллаб-қувватлашини билдирди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясида ёшлар ҳуқуқлари бўйича халқаро конвенцияни ишлаб чиқиш, «Маърифат ва диний бағрикенглик» резолюциясини қабул қилиш, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг мунтазам маслаҳатлашувларини ўтказиш бўйича илгари сурилган муҳим ташаббуслар мавжуд глобал ва минтақавий муаммоларни ҳал этишга салмоқли ҳисса қўшади.

Учрашувда, шунингдек, Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлашга доир бошқа масалалар муҳокама қилинди.

 

ОТБ ВИЦЕ-ПРЕЗИДЕНТИ ЎЗБЕКИСТОНГА КЕЛДИ, МАМЛАКАТ 2,9 МЛРД. ДОЛЛАРЛИК ИНВЕСТИЦИЯЛАРНИ ОЛАДИ

10 ноябрь куни Осиё тараққиёт банки вице-президенти Венцай Жанг Ўзбекистон Республикаси бош вазири Абдулла Арипов билан учрашди. Осиё тараққиёт банки веб-сайтига кўра, Жанг ОТБ ҳукуматнинг ривожлантириш дастурини қўллаб-қувватлашини маълум қилди ва мамлакатнинг иқтисодий истиқболларига ишонч билдирди. Ўзбекистонга ташрифи чоғида Жанг бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров, молия вазири ва Ўзбекистон Республикасидан ОТБ Бошқарувчиси Ботир Хўжаев, шунингдек, бошқа юқори лавозимли мулозимлар билан учрашди ҳамда ОТБ амалиётлари ва Ўзбекистон билан ҳамкорликнинг келажакдаги йўналишларини муҳокама қилди. «Мен ҳукуматнинг иқтисодиётни либераллаштириш ва инфратузилмани ривожлантириш борасидаги қатъиятидан жуда мамнунман»,- деди Жанг. «ОТБ Ўзбекистон тарихидаги ушбу муҳим босқичда Ўзбекистон халқининг фаровонлигини таъминлаш учун ҳукумат ва бошқа манфаатдор томонлар билан ҳамкорликни кенгайтиришга умид қилади».

Жангнинг таъкидлашича, ОТБ яқинда Ўзбекистон учун 2018-2020 йилларга мамлакатда амалиётлар бўйича бизнес-режани тасдиқлади. У ҳукуматнинг стратегиясини тўлиқ қўллаб-қувватлайди ва Ўзбекистонни ривожлантиришнинг янгиланган устувор жиҳатларини акс эттиради. ОТБ кредитлаш соҳаси, энергетика, транспорт ва шаҳар ривожланиши секторларида инфратузилма тараққиётини кучайтириш учун салоҳиятни ривожлантириш ҳамда билимларни кенгайтириш, давлат хизматлари сифатини яхшилаш, шунингдек, кичик ва ўрта корхоналар ҳамда агробизнесни молиялаштиришга кенгроқ имконият яратиш бўйича ёрдам беришга тайёр. Бизнес-режа 2018-2020 йилларга мўлжалланган, 2,9 млрд. АҚШ долларилик инвестиция лойиҳалари портфелини ўз ичига олади. ОТБ давлат секторига кўмак кўрсатишдан ташқари, хусусий сектор ва давлат-хусусий шериклигига тўғридан-тўғри сармоялар имкониятини ҳам кўриб чиқади.

Ташриф чоғида Жанг иштирокида «Поп-Наманган-Андижон» темир йўлини электрлаштириш лойиҳаси бўйича 80 млн. АҚШ долларилик заём келишуви имзоланди. Лойиҳа доирасида Фарғона водийсининг асосий шаҳарларини пойтахт билан боғлайдиган электрлаштирилмаган темир йўлларнинг 145,1 километри электрлаштирилади. Бу юк ва йўловчи поездларнинг тўғридан-тўғри ҳамда самарали ҳаракатланишига, шунингдек, Фарғона водийсининг иқтисодий ва ижтимоий ривожланишига кўмаклашади. Жанг ОТБ қўллаб-қувватлови билан амалга оширилаётган лойиҳаларни бориб кўрди, ҳамда Урганч шаҳрида маҳаллий маъмурият вакиллари ва лойиҳалар бенефициарлари билан учрашди. Улар орасида ОТБ ва Ўзбекистон ҳукумати томонидан тижорат банклари орқали кичик бизнесни ривожлантириш бўйича лойиҳалар доирасида молиялаштирилаётган кичик корхоналар ҳам бўлган. Шунингдек, у Осиё тараққиёт банкининг молиявий ёрдами билан яхшиланган сув таъминоти ва санитария объектларига ташриф буюрди. Ўзбекистон Осиё тараққиёт банкига1995 йилда кирганидан бери умумий миқдори 6,3 миллиард АҚШ долларига тенг 65 та кредит олди. Жумладан, 225 миллион долларлик хусусий секторни ривожлантириш учун иккита кредит, 6 миллион доллар — акциядорлик капиталига инвестициялар кўринишида, 200 миллион доллар — кафолатлар кўринишида ва 65,6 миллион доллар — техник кўмак учун грантлар кўринишида.

 

II. ЖАҲОН МИҚЁСИДАГИ ИҚТИСОДИЙ, ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ВОҚЕАЛАРГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАР

 

ТРАМП ВА ПУТИН САММИТ ВАҚТИДА ЮЗЛАШДИ

Россия президенти Владимир Путин ва АҚШ раҳбари Дональд Трамп ОТИҲ (Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги) саммити вақтида юзлашди. Икки давлат раҳбарлари оммавий суратга тушиш маросимида ёнма-ён туриб қолди ва вьетнамча либосларда бўлган сиёсатчилар бир-бирининг қўлини сиқиб саломлашди. Вьетнамдаги саммит 10-11 ноябрь кунларида бўлиб ўтди.

 

ПУТИН ВА ТРАМП СУРИЯ БЎЙИЧА ЧАҚИРИҚ БИЛАН ЧИҚДИ

Россия президенти Владимир Путин ва АҚШ етакчиси Дональд Трамп БМТ давлатларини Сурияга яқин ойлар ичида ёрдам учун кўпроқ ҳисса қўшишга чақирди. «Президентлар Сурияда инсонларнинг азоб чекишларини камайтириш лозимлигини муҳокама қилишди ҳамда БМТга аъзо бўлган барча давлатларни яқин бир неча ой ичида инсонпарварлик эҳтиёжларини қаноатлантириш учун ўз ҳиссаларини оширишга чақиришди», — дейилади қўшма баёнот матнида.

 

ТРАМП ПУТИННИНГ ЁРДАМИГА УМИД ҚИЛМОҚДА

Қўшма штатлар президенти Дональд Трамп Вьетнамдаги саммит вақтида Россия президенти Владимир Путин билан учрашув вақтидаги учрашувига яхши баҳо берди. У Россия раҳбари Шимолий Корея муаммосини ҳал этишда ёрдам беришига умид билдирди. «Вьетнамдаги саммит вақтида Россия президенти Владимир Путин билан учрашдим. Сурия масаласи бўйича яхши суҳбат кечди. Умид қиламанки, у Шимолий Корея инқирозини ҳал қилишда ҳам ёрдам беради, шунингдек, Хитойнинг ҳам. Ўсиш бор», — дея ёзган Трамп Twitter саҳифасида.

«Россия билан муносабатлар яхшиланиши яхши ҳолат, ёмон эмас… Мен Шимолий Корея, Сурия, Украинадаги вазиятни барқарорлаштиришни, терроризм муаммосини ҳал этишни истайман а Россия бунда бизга жуда катта ёрдам бериши мумкин!»,— деган америкаликлар раҳбари. Бундан олдинроқ Трамп у ва Путин ўртасидаги муносабатлар яхшилиги ҳақида айтиб ўтганди.

 

СУРИЯ АРМИЯСИ ИШИДНИНГ ОХИРГИ ТАЯНЧИНИ ЯКСОН ҚИЛДИ

Сурия армияси ҳарбийлари Абу-Камол шаҳри устидан назорат ўрнатди ва ИШИДнинг мамлакат ҳудудидаги охирги таянчини йўқ қилди. Бу ҳақда армия қўмондонлиги баёнотида маълум қилинган. «Сурия армияси ва иттифоқчи кучлар Дайр аз-Зор вилоятидаги Абу-Камол шаҳрини озод қилди», дейилган баёнотда. Ҳукумат ҳарбийлари айни вақтда бу аҳоли пунктини тўла эгаллаган, шаҳар миналардан тозаланмоқда. Террорчилар шаҳардан қочиб кетишган ва Фротнинг нариги қирғоғига ўтишган. Сурия армияси 3 йил давомида ИШИД қўлида бўлиб келган Дайр аз-Зор вилоятини қайтариб олиш учун 5 сентябрь куни бошланган кенг кўламли юришларни муваффақиятли якунлади. Бу вилоят олиниши билан мамлакатнинг шарқий ва ғарбий ҳудудлари яна бирлаштирилди.

 

III. МИРЗО УЛУҒБЕК НОМИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИДА

 ЭССЕЛАР ТАНЛОВИ ПРЕЗИДЕНТИМИЗ НУТҚИГА БАҒИШЛАНДИ

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети талабалари ўртасида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқига бағишланган эсселар танлови бўлиб ўтди. Мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар маънавий-маърифий соҳадаги ишларни яхшилаш, жамиятда сиёсий, ижтимоий-иқтисодий жараёнларни фаоллаштиришга хизмат қилаётир. Бунда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қабул қилинаётган қарор, фармон, қонун ва қонуности ҳужжатлар муҳим ҳуқуқий асос бўлмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқи жамиятни ислоҳ қилишнинг ҳар томонлама таҳлилига бағишлангани билан алоҳида аҳамиятга эга. Шунинг учун мазкур нутқнинг мазмун-моҳиятини чуқурроқ ўрганиш давлат ва жамият олдида турган вазифаларни атрофлича таҳлил қилиш, олиб борилаётган ислоҳотларни ўз вақтида амалга ошириш имконини беради.

Мазкур нутқда илгари сурилган фикрлар моҳияти юзасидан бўлиб ўтган эсселар танлови ҳам бевосита ёшларнинг билим ва кўникмаларини ошириш, уларга мамлакатимизда рўй бераётган ислоҳотларнинг аҳамиятини тушунтириш ҳамда университет талабаларининг ижодий ва илмий ишларини рағбатлантириш мақсадида ташкиллаштирилди.

Танлов якунига кўра, Санъатбек Музаффаров биринчи ўринни эгаллади. Иккинчи ўрин Шерзод Бурхонов ҳамда Зулхумор Орифжоновага насиб этди. Сўғдиёна Бозорова, Дилдора Охунжонова ва Дилафрўз Абдужалилова учинчи бўлди.

– Президентимизнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида глобаллашув шароитида эътибор қаратилиши зарур йўналишлар белгилаб берилган,– дейди С.Музаффаров.– Танловда Президентимизнинг нутқида эътибор қаратилган минтақавий барқарорлик ва миллатлараро тотувлик йўналишидаги ижодий ишим билан қатнашдим. Бу каби танловлар биз талабаларнинг билимини бойитишга хизмат қилади.

Танлов иштирокчилари Президентимизнинг «Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз» номли китоби, диплом ва фахрий ёрлиқ билан тақдирланди.

 

МУСЛИМБЕК ЙЎЛДОШЕВНИНГ МАҲОРАТ ДАРСИ

Ижодий маҳорат дарси бўлғуси журналистларга маънавий қанот бахш этади.

Яқинда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университетида таниқли телесухандон Галина Мельникованинг маҳорат дарси ғоят қизиқарли, сермазмун бўлган эди. Навбатдаги учрашув унинг истеъдодли шогирдларидан бири –Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, сухандон Муслимбек Йўлдошев билан бўлиб ўтди.

ЎзМУ ректори Авазжон Мараҳимов таниқли сухандон маҳорати ҳақида сўз юритар экан, Журналистика факультетида ташкил этилган телестудия фаолиятини йўлга қўйишда шундай устозлардан ибрат олиш, керак бўлса, улар билан ҳамкорлик қилиш мақсад мувофиқ эканини таъкидлади.

Муслимбек Йўлдошев ёш ижодкорларга ижодий маҳоратдан сабоқ берар экан, шундай деди:

– Ижодкор ҳаётнинг ҳар бир дақиқасини ғанимат билмоғи лозим. Биз мактабда ўқиб юрган кезларда халқ артисти Лутфихон ая Саримсоқова билан учрашув бўлган. Бу юзма-юз суҳбат менда жуда катта таассурот қолдирган. Кейинги учрашув Ўқувчилар саройида таниқли журналист Наримон Орифжонов раҳбарлик қиладиган «Ёш қаламкаш» тўгарагида севимли адибимиз Ўткир Ҳошимов билан бўлган. Ўша ҳаяжонли дамлар менда катта ҳавас уйғотди ва ҳаётда шу даражага эришдим. Бизга институтда устозлик килган азиз домлаларимиз Ҳайдарали Узоқов, Гулшаҳноз Раҳмоновалардан назарий билим олган бўлсак, таниқли ижодкорлардан маҳорат сирларини ўргандик.

Демоқчиманки, бугунги учрашув қайси биримизнинг тақдиримизда муҳим ўзгариш қилиши мумкиндир. Маҳорат дарслари сифатида ўтказилаётган бу учрашувдан борича унумли фойдаланиб қолиш даркор. Модомики, биз шундай устозларга ҳавас қилиб ижод майдонига кириб келган эканмиз, бугунги суҳбатлар, маҳоарт дарсларимиз сизни ҳам илҳомлантиришига, телевидениега, радиога, газета-журналларга ўз ижодингиз билан дадил кириб боришингизга туртки беришини истардим.

Телевидениеда ишлаб юрган йилларим журналист-олим Ҳамидилла Акбаров катта таассурот қолдирган. Устоз менга илмий иш қилишни маслаҳат берган. Афсус, ўша даврда сухандонлик вазифасида ишлар жуда қайнаб, илмий ишга ҳафсала қилмадик… Ҳаётда жуда кам ҳолларда инъом этиладиган катта имкониятни қўлдан бой берганимни энди тушуниб, афсусланаман. Сизлар маслаҳатим, имкон қадар илм билан ҳам шуғулланинг. Бунинг учун сизлар қанчалик имкониятлар яратилганини кўриб ҳавас қиламиз.

Маҳорат дарсида талабалардан бири шундай савол берди:

– Бугунги кунда журналистикада давом этаётган устоз-шогирдлик анъанасини қандай баҳолайсиз?

– Очиғи, мени қаноатлантирмайди. Агар бугун тележурналистикада, сухандон- бошловчиликда, режиссурада камчилик ва нуксонлар, муваффақиятсизликлар яққол кўриниб турибди. Бу – устоз-шогирдлик “занжири”, яъни алоқалари узилиб қолгани оқибатидир. Ўзингиз ўйлаб кўринг, агар асрлар мобайнида заргарлар, қандакору ганчкорлар ўз ҳунари ва санъатини янги авлодларга ўргатмаганида нима буларди? Ҳазрат Мир Алишер Навоий ёш шиорларни писанд қилмаганида ижодий анъаналар қай тариқа давом этарди? Навоий бобомиз юзлаб ёш шоиру адибларга ҳомийлик ҳам қилганини яхши биламиз! Бугунги устозлар ҳам ана шундай нозик ишни – устоз-шогирдлик анъаналари изчил давом эттиришлари лозим, деб ҳисоблайман. Ёш ижодкорлар ҳам устозларга интилиши, улардан ибрат олиши, маҳорат сирларини ўрганишлари мақсадга мувофиқдир.

Талабалардан бири шундай савол берди:

– Таниқли сухандон, журналист Муслимбек Йулдошев оилада қанақа ота? У фарзандларига кандай тарбия бера олган?

– Мен аввало ўзим қанақа фарзанд бўлганим қақида гапирақолай. Отам мен уч ёшимда ўтиб кетганлар. Ёш томошабинлар театри актёри эдилар. Театр институти қалдирғочларидан Воҳид Қодиров, Зикир Муҳаммаджонов, Яйра Абдуллаева каби буюк санъаткорлар билан бир курсда ўқиганлар. Умри қисқа экан… Мен биринчи китобимни «Отам Исломбек Йўлдошев хотирасига бағишлайман» деган битик билан бошлаганман. Шундан кейин, кўп санъаткорлар мени қидириб келишган. “Сен Ислом акамларнинг ўғилларимисан? У кишини яхши кўрардим, биз яқин эдик, бирга ишлаганмиз” деган мазмундаги меҳрга кон сўзлардан ҳаяжонга тушганман. Отам менга шундай меҳр қолдирган экан, демак, мен ҳам фарзандларимга аввало меҳр беришим лозим, деб ҳисоблайман.

1994 йили онамни Ҳажга олиб борганман. Бу азиз онажонимнинг орзуси эди. Маккатиллода онамга елкамни тутиб, муқаддас жойларда дуоларини олишга муяссар булганман. Мен шу тариқа фарзандлик бурчимни шараф билан бажара олганимдан бахтлиман. Энди фарзандларимга келсак, уларнинг уч нафари олий муълумотли, тўртинчимиз Жаҳон тиллари университетининг 2-курс талабаси, кенжамиз мактабда ҳали. Ўйлайманки, улар ҳам ўзимга тортишади.

Талабалардан бири шундай савол берди:

– Сиз қачон ўзингизда сухандонликка бўлган қизиқишни сезиб қолгансиз ва телевидениега қандай келгансиз?

– Телевизорда сухандон бўлиб ишлашим ишонмасдим. Чунки, бу қўл етмас орзу эди. У ерга алоҳида иқтидор ва имкониятлар соҳибларини ишга олишади деб, ўйлардим. Театр институтининг биринчи курсида ўқиб юрган кезларим бадиий сўз усталари танловида фахрли ўринни эгаллаганман. Ғолиблар ва совриндорлар ижросидаги Галаконцертимизга телевидение мутасаддилари ҳам келишган. Улар дафтарларига ўзларига маъқул талаба йигит-қизларни ёзиб ўтиришган экан. Концерт якунида улар 14 нафар талабани телевидение диктори лавозимига утказиладиган танловда иштирок этишга таклиф қилишди. Шу тариқа дикторлик фаолиятим бошланган.

Муслимбек Йўлдошев мактабда ҳам, билим юртида ва институтда ўқиб юрган кезлари ўқитувчи-устозларини қанчалик ҳурмат қилгани, уларнинг ишончини оқлаш шараф эканини алоҳида таъкидлади.

Учрашув давомида телеэкранда Муслимбек Йулдошевнинг иш жараёнларидаги фотолари намойиш қилиб турилгани маҳорат дарсига янада файз киритди.

 

Материаллар ЎзМУ Ахборот хизмати томонидан тайёрланди.

Унда республика ОАВ хабарларидан фойдаланилди.

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>