“АХБОРОТ СОАТЛАРИ” № 12-2016

Ҳафтанинг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеалари (14-19 ноябрь кунлари)

МИРЗО УЛУҒБЕК НОМИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИ

“АХБОРОТ СОАТЛАРИ” № 12-2016

Ҳафтанинг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеалари (14-19 ноябрь кунлари)

ТОШКЕНТ

ЎзМУ – 2016

 

Факультет деканининг Маънавият ва маърифат ишлари бўйича ўринбосарлари ва мураббийлар диққатига! Талабаларга “Ахборот соатлари” материаллари билан www.nuuz.uz ва www.uchildiz.uz веб-сайтлари орқали ҳам танишиш тавсия этилиши мақсадга мувофиқдир.

 

I. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДАГИ ИҚТИСОДИЙ, ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ВОҚЕАЛАРГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАР

 

ХИТОЙ ХАЛҚ РЕСПУБЛИКАСИ ТАШҚИ ИШЛАР ВАЗИРИ БИЛАН УЧРАШУВ

Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев 12 ноябрь куни Хитой Халқ Республикаси ташқи ишлар вазири Ван Ини қабул қилди.

Шавкат Мирзиёев меҳмонни юртимизга ташрифи билан қутлаб, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов вафоти муносабати билан Ўзбекистон халқига чуқур ҳамдардлик изҳор этгани ва қўллаб-қувватлагани учун Хитой Халқ Республикаси раҳбариятига, шахсан ХХР Раиси Си Цзиньпинга самимий миннатдорлик билдирди. Хитой ташқи ишлар вазирининг Самарқандда бўлиб, Ислом Каримов хотирасига ҳурмат бажо келтиргани Биринчи Президентимизга юксак эҳтиром ифодасидир.

Самимий ва хайрихоҳлик руҳида ўтган суҳбат давомида Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатлари изчил ривожланаётгани ва мустаҳкамланиб бораётгани таъкидланди.

Томонлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг 2015 йилда Хитойга ҳамда ХХР Раиси Си Цзиньпиннинг 2016 йилда Ўзбекистонга ташрифлари ўзаро англашув ва ишончга асосланган муносабатларни янада мустаҳкамлагани, икки тарафлама манфаатли ҳамкорликка янги суръат бағишлаганини алоҳида қайд этдилар.

Мамлакатларимиз мунтазамлик касб этган олий даражадаги мулоқотларга алоҳида аҳамият қаратади. Бу амалиётни келгусида ҳам давом эттириш, 2017 йилда навбатдаги учрашувларни ўтказишга келишиб олинди.

Ван И жорий йил июнь ойида Тошкентда бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгаши мажлиси ва унинг натижаларига яна бир бор юксак баҳо берди. Мамлакатларимизнинг ШҲТ ва бошқа халқаро ташкилотлар доирасидаги яқин ҳамкорлигини давом эттиришдан томонлар бирдек манфаатдор экани таъкидланди.

Ўзбекистон – Хитой ҳукуматлараро ҳамкорлик қўмитаси ва унинг таркибида фаолият юритаётган еттита ихтисослашган қуйи қўмиталар доирасида амалга оширилаётган ишлар самаралари қайд этилди.

Икки томонлама, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик кўплаб масалалар бўйича фикр алмашишнинг самарали механизмига айланган ташқи сиёсат маҳкамалари ўртасидаги йиллик сиёсий маслаҳатлашувлар ўзаро ҳамкорликнинг муҳим бўғини ҳисобланади.

Мулоқот чоғида савдо-иқтисодий, инвестициявий ва молиявий-техникавий ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ҳамда истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди.

Хитой Халқ Республикаси Ўзбекистоннинг энг йирик савдо ва сармоявий шерикларидан биридир. Мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 4 миллиард АҚШ долларидан, Ўзбекистондаги устувор лойиҳаларга жалб қилинган Хитой инвестициялари ва кредитлари ҳажми 6,5 миллиард доллардан ошади.

Хитой компаниялари ва банклари иштирокида мамлакатимизда Қамчиқ довони орқали 19 километрлик темир йўл туннелини ишга тушириш, Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи ва Қўнғирот сода заводини қуриш, Хоразм вилоятида замонавий экскаватор ва бульдозерлар ишлаб чиқариш, телекоммуникациялар ва ахборот технологияларини ривожлантириш сингари саноат ва инфратузилма ривожи учун муҳим лойиҳалар, шунингдек, “Жиззах” эркин иқтисодий зонасида инвестициявий лойиҳалар амалга оширилган.

Бугунги кунда “Ангрен” эркин иқтисодий зонасида автомобиль ва қишлоқ хўжалиги техникаси шиналари ва конвейер лентаси ишлаб чиқариш заводини ҳамда “Навоийазот” акциядорлик жамияти негизида поливинилхлорид, каустик сода ва метанол ишлаб чиқариш мажмуасини қуриш каби муҳим инвестициявий лойиҳалар амалга оширилмоқда. Энергетика, нефть-газ, ирригация ва мелиорация соҳаларида, инфратузилмаларни модернизация қилиш борасида ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида қўшма лойиҳалар тайёрланмоқда.

Халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилаётган Ўзбекистон – Хитой маданий-гуманитар алоқаларига ҳам юқори баҳо берилди.

ХХР ташқи ишлар вазири Ван И самимий қабул учун Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик билдирди. Хитой раҳбарияти Ўзбекистон билан мамлакатларимизнинг узоқ муддатли манфаатларига мос келадиган барча истиқболли йўналишлар бўйича шерикликни бундан буён ҳам фаол ривожлантириш ва мустаҳкамлашдан, Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикасининг барқарорлиги, хавфсизлиги, изчил ижтимоий-иқтисодий тараққиёти йўлидаги ҳамкорликни давом эттиришдан манфаатдор эканини таъкидлади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпинга мустаҳкам соғлик ва улкан муваффақиятлар, Хитой халқига тинчлик ва фаровонлик тилади.

 

ТУРКИЯ РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ ЎЗБЕКИСТОНГА КЕЛДИ

Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғон 17 ноябрь куни мамлакатимизга ташриф буюрди.

Самарқанд халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Икромов кутиб олди.

Ташрифнинг асосий тадбирлари 18 ноябрга мўлжалланган.

Туркия Республикаси Президенти Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов қабрини зиёрат қилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев ва Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғон учрашуви чоғида Ўзбекистон – Туркия ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинади, томонларни қизиқтирган долзарб минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашилади.

***

Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев ва Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғон 18 ноябрь куни Ҳазрати Ҳизр мажмуига ташриф буюриб, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти қабрини зиёрат қилди ва Ислом Каримов хотирасига ҳурмат бажо келтирдилар. Ислом Каримов руҳи покига Қуръон тиловат қилинди.

Шундан сўнг Самарқанд шаҳридаги Форумлар мажмуасида Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев билан Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғон ўртасида музокара бўлиб ўтди.

Шавкат Мирзиёев Биринчи Президентимиз Ислом Каримов вафоти муносабати билан самимий ҳамдардлик йўллагани учун Туркия Президентига миннатдорлик билдирди. Режеп Эрдўғон Самарқандга ташриф буюриб, Юртбошимизнинг ёрқин хотирасига ҳурмат бажо келтиргани Ўзбекистон халқига юксак эҳтиром ифодасидир.

Ушбу ташриф Туркияда Ўзбекистон билан муносабатларни ривожлантиришга катта аҳамият берилишидан далолат экани қайд қилинди.

Таъкидлаш жоизки, Туркия Ўзбекистон мустақиллигини биринчилар қаторида тан олган.

Ўзбек ва турк халқлари кўп асрлик умумий тарих, ягона тил ва дин, муштарак қадриятлар ва ўхшаш урф-одатлар билан бир-бирига чамбарчас боғланган.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Туркияга ўзининг муҳим ва узоқ муддатли ҳамкори сифатида қарашини, халқларимиз ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш, ҳамкорликни ўзаро ишонч тамойиллари асосида ривожлантириш тарафдори эканини қайд этди.

Режеп Эрдўғон Туркия Ўзбекистонни Марказий Осиёдаги устувор шерик деб билишини, мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий барқарорлиги ва иқтисодий тараққиёти изчил давом этишига ишончи комил эканини алоҳида таъкидлади.

Икки мамлакатнинг бугунги муносабатлари Ўзбекистон ва Туркиянинг имконият ва салоҳиятига мос эмаслиги, ушбу учрашув ҳамкорликнинг янги саҳифаларини очиш масалалари юзасидан батафсил фикр алмашиш учун қулай имконият экани қайд этилди.

Музокарада Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги ўзаро ишонч муҳитини мустаҳкамлаш масаласи муҳокама қилиниб, ташқи сиёсат маҳкамалари ўртасида мунтазам маслаҳатлашувлар ташкил қилиш, халқаро ташкилотлар доирасида бир-бирини қўллаб-қувватлаш тўғрисида фикр алмашилди.

Ўзбекистон Ислом ҳамкорлик ташкилоти фаолияти доирасида Самарқандда Имом Бухорий халқаро тадқиқотлар марказини таъсис этиш таклифини илгари сурди. Томонлар ИҲТнинг Туркиядаги Ислом тарихи, санъати ва маданияти тадқиқотлари маркази бу ташаббусни қўллаб-қувватлаганидан мамнуният изҳор қилдилар.

Суҳбат чоғида савдо-иқтисодий ҳамкорлик масалалари ҳам атрофлича муҳокама қилинди.

Туркия Ўзбекистоннинг анъанавий ва муҳим савдо шерикларидан биридир. 2015 йилда ўзаро савдо ҳажми 1,2 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. Бу борадаги ўсиш суръатлари жорий йилда ҳам сақланиб қолиши кутилмоқда. Лекин томонлар қайд қилганидек, бу рақамлар мамлакатларимиз салоҳиятини акс эттирмайди. Бу миқдорни яқин йиллар ичида 2-3 марта ошириш учун етарли имкониятлар мавжудлиги таъкидланди.

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда Туркиянинг 500 га яқин фирма ва компаниялари фаолият юритмоқда. Мамлакатимиз иқтисодиётига жалб қилинган Туркия сармояси ҳажми 1 миллиард доллардан ошади.

Суҳбат чоғида ушбу ташриф икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликка янги суръат бахш этишига ишонч билдирилди.

Томонлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва чуқур қайта ишлаш, озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш, қадоқлаш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш бўйича мажмуалар барпо этишга, тўқимачилик ва терини қайта ишлаш саноатида замонавий қўшма корхоналар яратишга, хусусан, биргаликда пахта толаси ва тери хомашёсини чуқур қайта ишлаш орқали тайёр брэндли маҳсулотларни ташқи бозорларга чиқаришни йўлга қўйиш, фармацевтика соҳасида ҳамкорликка оид янги лойиҳалар тузиш ва амалга ошириш масалаларини кўриб чиқдилар.

Туркиянинг етакчи туристик компанияларини жалб этган ҳолда Ўзбекистонда сайёҳлик инфратузилмасини янада ривожлантириш, Самарқанд, Бухоро, Хоразм ва Тошкент вилоятларида халқаро талабларга мос замонавий сайёҳлик мажмуалари барпо этиш масалалари муҳокама қилинди.

Транспорт коммуникацияларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. “Боку – Ахалкалаки – Қарс” темир йўлининг ишга туширилиши икки мамлакатни бир-бири билан боғлайдиган тўғридан-тўғри транспорт йўлагини яратишдек стратегик аҳамиятга эга масалани ҳал этишда, бинобарин, савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришда муҳим омил бўлиши қайд этилди.

Муҳокама қилинган масалалардан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон ва Туркиянинг ўз олдига қўяётган мақсадларига эришиш учун келаси йил бошида Тошкент шаҳрида Ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг навбатдаги мажлисини ўтказишга, унинг доирасида Ўзбекистон – Туркия сармоявий форумини ташкил қилишга келишиб олинди.

Давлатлараро муносабатларда маданий-гуманитар ҳамкорлик алоҳида ўрин тутади. Томонлар бу борадаги шерикликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.

Шавкат Мирзиёев ва Режеп Эрдўғон ушбу учрашув давомида эришилган келишувлар икки томонлама муносабатларни янги босқичга кўтариб, ўзаро манфаатли соҳаларда ҳамкорликнинг янги саҳифасини очишга хизмат қилишига қатъий ишонч билдирдилар.

Куннинг иккинчи ярмида олий мартабали меҳмон Имом Бухорий ва Имом Мотуридий ёдгорлик мажмуалари, Амир Темур мақбарасини зиёрат қилди, Регистон майдонини кўздан кечирди.

Режеп Эрдўғон истиқлол йилларида Президент Ислом Каримов раҳнамолигида бу эзгу масканлар тубдан қайта таъмирланиб, мутлақо янги қиёфа касб этганини алоҳида таъкидлади. Ўзбекистон аждодларимизнинг бой маънавий меросини тиклаш, ўрганиш ва дунёга танитишда юксак натижаларга эришаётганини қайд этди.

Шу билан Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғоннинг мамлакатимизга ташрифи якунига етди.

 

ЎЗБЕКИСТОН ТЎҚИМАЧИЛИК ВА ЧАРМ МАҲСУЛОТЛАРИ ИШЛАБ ЧИҚАРИШ СОҲАЛАРИДА ҲАМ ЎСИШГА ЭРИШМОҚДА

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси республика иқтисодиётининг 2016 йил январь-сентябрь ойида эришган натижаларига доир рақамларни эълон қилди. Унга кўра, жорий йилнинг тўққиз ойи мобайнида 12353,5 млрд. сўмлик ёки 2015 йилнинг тегишли даврига нисбатан 114,8 фоиз миқдорида тўқимачилик маҳсулотлари, кийимлар, чарм маҳсулотлари ишлаб чиқарилган. Ушбу маҳсулотлар турлари бўйича ишлаб чиқариш ҳажми умумий саноат ҳажмининг 15,8 фоизини ташкил этди, деб хабар қилади қўмита матбуот хизмати.

Тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхоналарда маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 9 фоизга, кийимлар – 22,3, чарм маҳсулотлари ишлаб чиқариш – 35,1 фоизга ошган.

Ушбу товар турларини ишлаб чиқариш бўйича республиканинг умумий ҳажмидаги энг кўп улуш асосан Андижон вилояти (12,2 фоиз), Тошкент шаҳри (11,9), Фарғона (11,8), Самарқанд (10,3) ва Тошкент (8,4) вилоятларидаги корхоналар ҳиссасига тўғри келади.

Кичик тадбиркорлик фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар, айнан шу фаолият тури билан шуғулланувчи корхоналарга ҳам барқарор ривожланиш имконини бериб, уларнинг кўрсаткичлари ўтган йилнинг тегишли даврига нисбатан 19,4 фоизга ошган, бунда тўқимачилик маҳсулотлари, кийимлар, чарм маҳсулотлари ишлаб чиқариш умумий ҳажмида тадбиркорлик субъектларининг улуши 66,1 фоизни ташкил этган.

Ҳозирги кунда республикада 3047 та тўқимачилик корхонаси, 4774 та тикувчилик корхонаси, 691 та чарм маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхона фаолият юритмоқда. 2016 йил 9 ойи давомида ушбу фаолият турлари бўйича 966 та корхона янгидан ташкил этилган.

 

II. ЖАҲОН МИҚЁСИДАГИ ИҚТИСОДИЙ, ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ВОҚЕАЛАРГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАР

 

ТРАМП ИНАУГУРАЦИЯСИДАН СЎНГ РАФИҚАСИ ВА ЎҒЛИ НЬЮ-ЙОРКДА ЯШАШДА ДАВОМ ЭТИШЛАРИНИ ТАСДИҚЛАДИ

АҚШ президенти этиб сайланган Дональд Трамп унинг оиласи кенжа ўғли Бэррон Нью-Йоркдаги ўқишини ташлаб, уни бошқа ерда давом эттиришига қарши чиқаётганлигини маълум қилди. Шунинг учун унинг рафиқаси Меланья ва ўғли Бэррон Дональд Трамп инаугурациясидан кейин ҳам Нью-Йоркда яшашда давом этишади ва ўқув йили тугагандан кейингина Трамп билан бирга Оқ уйда бўла олишади. Аввалроқ ОАВ АҚШнинг бўлғуси биринчи хоними ўғли Бэррон Нью-Йоркдаги хусусий мактабда ўқиши тугамагунча, Оқ уйга кўчиб ўтмай, ўғли билан бирга Trump Tower биносининг пентхаусида қолишларини маълум қилганди.

 

ЛИВИЯ ЖАНУБИДА ДАВОМ ЭТАЁТГАН ҲАРБИЙ ЗИДДИЯТ САБАБИ АНИҚЛАНДИ

Ливия жанубидаги Сабҳа шаҳрида 4 кундан бери давом этаётган қуролли тўқнашувда камида 16 киши ҳалок бўлган, 50 киши тан жароҳати олган. Маҳаллий қабилалар ўртасидаги келишмовчиликка эса қўлга ўргатилган маймун сабаб бўлгани айтилмоқда. Гап шундаки, Ғаддодфа қабиласидан савдо дўкони соҳибининг маймуни Сулаймон авлоди қабиласининг мактаб ўқувчиси бошидаги рўмолни олиб қочган. Бунга жавобан, Сулаймон авлоди маймунни ва дўкон эгаси оиласининг уч аъзосини ўлдирган. Шундан сўнг, шаҳарда танклар, миномётлар ва бошқа турдаги оғир техникалардан фойдаланган ҳолда ҳақиқий уруш бошланиб кетган. Ғаддодфа ва Сулаймон авлоди – минтақадаги энг обрўли ва энг кучли қуролланган қабилалар ҳисобланишади. Бундан ташқари, Сабҳа қурол-яроғлар контрабандаси марказидир. Муаммар Қоззофий ўлдирилгач, шаҳарда тез-тез шу каби тартибсизликлар юз бериб туради.

 

ҲАЛАБ ШАРҚИДА ЗИЁН ЕТМАГАН БИРОРТА ШИФОХОНА ҚОЛМАДИ

Ҳаводан берилган кетма-кет зарбалардан кейин Шарқий Ҳалабдаги барча шифохоналарга зиён етган. Бу ҳақда Daily Sabah нашри хабар берди. Башар Асад ва унинг иттифоқдошлари бир неча ҳафталик танаффусдан кейин, сешанба кунидан бошлаб шаҳарнинг шарқий қисмига ҳаводан зарбалар бера бошлашди. Жума куни улар мухолифат позицияга қарши ер усти ҳужумларига ҳам старт беришди. Асад тарафдорлари Ҳалабдаги мухолифат кучларга қарши кампаниясини ишга туширганда Суриядаги давомли урушда тинч аҳоли жабр кўрмоқда. Якшанба кунги бомбардимон натижасида олти кишидан иборат оила ҳалок бўлган. Тиббий ходимларнинг сўзларига кўра, Сакҳурга тушган бомба таркибида газсимон хлор бўлган. Уришни кузатиб бораётган Сурия Инсон ҳуқуқлари обсерваторияси бомбада газсимон хлорнинг борлигини тасдиқламаган.

Сурия Инсон ҳуқуқлари обсерваториясининг уруш мониторингига кўра, шанба куни Шарқий Ҳалабда 48 нафар киши ҳалок бўлган, уларнинг камида 5 нафари болалар эканлиги таъкидланди. Бу сўнгги кунларда бомбардимон натижасида ҳалок бўлганлар сонини тахминан 180 кишига оширади. Манбага кўра, шанба куни ҳарбий самолётлар, артиллерия ва вертолётлар Шарқий Ҳалабни бомбардимон қилишда давом этган, ҳужум уюштирилган ҳудудлар орасида аҳоли зич жойлашган туманлар ҳам бўлган. Шу жумладан, Бўстон-ал-Баша туманида интенсив тўқнашувлар юз берган. «Бу ҳужумлар мухолифат билан бирга болалар, қариялар ва аёллар учун ҳаётий муҳим аҳамиятга эга бўлган тиббий муассасаларни ҳам йўқ қилди», — деб ёзган Ҳалаб соғлиқни сақлаш маъмурияти Reuters агентлигига. Ташқи ишлар вазири Валид ал-Муаллимнинг сўзларига кўра, шарқий ҳудудлардаги мухолифат кучлар ҳайдалиши биланоқ шаҳар «қайта тикланади».

 

III. МИРЗО УЛУҒБЕК НОМИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИДА

 ҲАМКОРЛИК МЕМОРАНДУМИ ИМЗОЛАНДИ

Илмий ҳамкорлик – таълим тараққиётининг муҳим омили ҳисобланади.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети дунёдаги қатор ривожланган давлатлар олий таълим марказлари ва илмий муассасалари билан ҳамкорликни табора ривожлантирмоқда.

Навбатдаги ҳамкорлик Миллий университетимизнинг Бавария табиий ва ижтимоий фанлар академияси ўртасида меморандум қабул қилиниши билан давом эттирилди.

Мазкур меморандумни имзолаган ЎзМУ ректори Авазжон Мараҳимов ва Германиянинг мазкур академияси президенти Карл Ҳоффман бу ҳужжат келгусида икки томонлама илмий ҳамда таълим соҳаларидаги алоқаларини янада такомиллаштиришга хизмат қилишини алоҳида таъкидладилар.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ректори Авазжон Мараҳимов Осиё-Тинч океани назарий физика маркази президенти Бум Ҳоон Ли ҳамда Милан давлат университети профессори Грация Гамбарини билан ўтказган суҳбатида олий таълим муассасаларимиз ўртасида ўзаро илмий ҳамкорликни янада ривожлантириш, академик алмашинув масалаларини амалга ошириш юзасидан келишиб олинди. Бу борада тегишли ҳужжатлар имзоланди.

 

ЎЗМУДА ПАРАЛИМПИЯ ЎЙИНЛАРИ ҒОЛИБЛАРИ БИЛАН УЧРАШУВ

Шу йил Рио-де-Жанейро шаҳрида (Бразилия) бўлиб ўтган ХV ёзги Паралимпия ўйинлари ғолиб ва совриндорлари юртимиз фахрига айланиб қолдилар. Унда юртимиз спортчиларининг муносиб иштироки, жасорат, матонат ва мардлик намунасини кўрсатиб, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрў-эътибори ва нуфузини янада юксалтиришга қўшган салмоқли ҳиссалари кўпчиликка ибратдир. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида бир гуруҳ Паралимпия ўйинлари ғолиблари билан учрашув бўлиб ўтди.

ЎзМУ ректори Авазжон Мараҳимов, дзюдо бўйича терма жамоа мураббийси Шуҳрат Тўраев ва бошқалар ХV ёзги Паралимпия ўйинлари ғолиб ва совриндорларини самимий қутлар экан, мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётгани, Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг бу борада амалга оширган ишларини алоҳида таъкидладилар. Спортчиларимиз Паралимпия ўйинларининг 31 медалини ( 8 та олтин, 6 та кумуш, 17 бронза) қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида 200 яқин иштирок этган давлатлар ўртасида 15-ўринни (медаллар сони бўйича 12-ўрин), Марказий Осиё давлатлари ўртасида 1-ўринни, МДҲ давлатлари ўртасида 2- ўрин (1-ўрин Украина, 171 спортчи билан иштирок этган), Осиё давлатлари ўртасида 2-ўрин (1-ўрин Хитой, 326 спортчи билан иштирок этган) қўлга киритгани, дзюдо спорт тури бўйича умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллашгани ҳар бир юртдошимиз қалбига чексиз ғурур бахш этади.

– Спортчиларимиз томонидан 6 та жаҳон, 7 та Паралимпия ўйинлари, 12 та Осиё рекорди ўрнатилгани талабаларимизни ҳам тўлқинлантириб юборди,– дейди ЎзМУ проректори Давлатбой Жумабоев.– Шу вақтга қадар бирорта давлат вакиллари, яъни иштирокчилар сони ва қўлга киритилган медаллар сони бўйича бундай натижа қайд этишмаган. Қайд этиш лозим бўладики, жуда кўп давлат делегациялари Ўзбекистон эришган ютуқларга ҳайрат ва ҳавас билан қарашмоқда. Бу ютуқлар замирида халқимизнинг қўллаб-қувватлаши, дуоси, давлатимиз томонидан ёшларга яратилаётган шарт-шароитлар, уларга бўлган ишонч ҳамда спортчиларимиз ва уларнинг мураббийларининг тинимсиз меҳнати ётибди. Ўзбекистон ва унинг халқининг шундай Ватанни севгувчи фарзандлари бор экан Ўзбекистон байроғи доимо баланд кўтарилаверади.

Учрашувда иштирок этишган енгил атлетика бўйича терма жамоа аъзолари Сафия Бурхонова, Дониёр Солиев Александр Свечников, Миран Сахатовлар ўша кезларда бутун дунё нигоҳида бўлган Рио-де-Жанейро майдонларида эришган ютуқлари, ҳаяжонли онлари ҳақида сўзлаб бердилар.

Самимий мулоқот тарзида ўтган учрашув талабаларда катта таассурот қолдирди.

 

ФАН ВА ТАЪЛИМ УЙҒУНЛИГИ – ИЛҒОР ИЗЛАНИШЛАР АСОСИ

Бугунги шиддатли ҳаётимизни илм-фаннинг энг замонавий ютуқлари, жумладан, полимерлар кимёси фанисиз тасаввур этиб бўлмайди. Мазкур соҳа ривожида юртимиз ва хорижий давлатлар илмий жамоалари, олимлар, етакчи мутахассисларининг ўзаро мулоқоти ва тажриба алмашиши муҳим ўрин тутади.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети қошидаги Полимерлар кимёси ва физикаси илмий-тадқиқот марказида бўлиб ўтган халқаро анжуманда полимерлар ҳақидаги фаннинг долзарб масалалари юртимиз ва хорижлик олимлар иштирокида муҳокама этилди. Унда юртимиз олимлари билан бирга АҚШ, Россия, Беларусь, Қозоғистон, Тожикистон каби мамлакатлардан мутахассислар иштирок этди. Полимерлар кимёси ва физикаси илмий-тадқиқот маркази директори Сайёра Рашидова ва бошқалар мамлакатимизда илм-фан, таълимнинг барча йўналишларини жадал равнақ топтириш, ижтимоий-иқтисодий жабҳалар учун юқори малакали кадрларни тайёрлаш, фан, таълим, ишлаб чиқариш жараёни ўртасидаги узвийлик, интеграцияни таъминлаш масалаларига устувор аҳамият қаратиш борасидаги эзгу интилишлар Биринчи Президентимиз Ислом Каримов номи билан чамбарчас боғлиқ эканини таъкидлади.

Биринчи Президентимизнинг 2014 йил 8 июлдаги «Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси тузилмасини янада мақбуллаштириш ҳамда республика академик илм-фани ва олий таълимининг интеграциясини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори илмий муассасалар, инновацион марказлар фаолияти самарадорлигини ошириш, олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилар таркиби ва талабаларини илмий-тадқиқотга кенг жалб этиш, илмий-тадқиқот ва инновация ишланмалари натижаларидан фаол фойдаланишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Мамлакатимиздаги етакчи илмий муассасалардан бири бўлган мазкур марказ олимлари томонидан яратилган янги материаллар ва нанотехнологияларга оид илмий тадқиқотлар, ишланмалар аграр соҳа, тиббиёт, фармакология, полиграфия, енгил саноат ва тўқимачилик, автомобилсозлик, ишлаб чиқариш, саноатнинг кўплаб йўналишларида кенг жорий этилмоқда.

Фаннинг бир неча соҳаларини ўзида уйғунлаштирган полимерлар кимёси бўйича тадқиқотларни ривожлантириш жараёнида илк бор ўсимликларни кимёвий ҳимоялашда полимер препаратив воситаларни қўллашга оид фундаментал ва амалий тавсифли ғояларга асос солинди. Ушбу технологиялар хавфсизлиги, ишончлилиги, экологик жиҳатдан тозалиги билан халқаро миқёсда ҳам алоҳида эътироф этилган. Узхитан препарати ўсимликлар ўсишини жадаллаштирса, полидеф препарати пахта ҳосилининг ортиши, экин майдонининг экологик ҳолати яхшиланишида алоҳида аҳамият касб этади. Маҳаллий хомашё асосидаги интерферон воситаси грипп ва ўткир вирусли респиратор касалликларининг олдини олиш ва даволашда қўл келмоқда. Саноатнинг турли соҳалари учун термопластлар ва қатламли силикатлар асосидаги қийин ёнувчан, ўта юқори ҳароратга чидамли, термобарқарор нанокомпозитлар синтези ва тадқиқотлари махсус хоссали полимер материаллар олиш имконини бериши билан аҳамиятлидир.

– Полимер материалларидан асаб тизимида учровчи турли касалликларни даволаш бўйича тадқиқот олиб боряпмиз,– дейди АҚШнинг Шимолий Каролина университети дори воситалари етказиб бериш бўйича нанотехнологиялар маркази директори, профессор Александр Кабанов.– Ушбу марказнинг замонавий тиббиёт, фармакология соҳаларида татбиқ этилаётган ишланмалари самарадорлиги, полимерлар кимёси фанидаги энг илғор технологияларга асослангани билан диққатга сазовордир.

– Ўзбекистонда илм-фан ривожи инновацион тараққиёт йўлига асослангани билан диққатга сазовор,– дейди Гродно университети профессори Василий Струк (Беларусь).– Бунда фан, таълим, ишлаб чиқаришнинг ўзаро уйғунлиги, илғор ишланмаларни амалиётга кенг жорий этиш, академик олимларнинг ёш тадқиқотчилар билан биргаликда илмий ишланмалар устида иш олиб бориши фандаги истиқболли лойиҳаларни амалиётга кенгроқ жорий этиш имконини бераётир.

– Марказимизда ёш олимлар учун икки йиллик фундаментал ва амалий грантлар ажратилмоқда,– дейди марказ илмий котиби Абдумутолиб Отахонов.– Бу лойиҳалар қишлоқ хўжалиги, тиббиёт, фармацевтика ва соҳалардаги изланишларга йўналтирилмоқда. Шу билан бирга Миллий университетнинг физика, кимё, биология факультетларининг талабаларидан иборат гуруҳ ташкил этилган. Улар иштирокида олий таълимнинг барча бўғинларида илмий ишларни тайёрлаб, диссертацияларни ҳимоялаш учун зарур барча шароит яратилган.

Анжуманда полимерлар кимёси соҳасининг ривожланиш тенденциялари, бунда миллий ва халқаро тажрибанинг энг афзал жиҳатлари, таълим, фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги ўзаро алоқаларни янада мустаҳкамлаш, ёш олимларнинг илмий ишланмаларига эътиборни кучайтириш, инновацион ишланмаларни амалиётга кенгроқ жорий этиш каби масалалар муҳокама этилди.

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ САЙЛОВИ ВА ҚОНУНЧИЛИК

2016 йил 4 декабрь куни мамлакатимизда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида ҳам пухта ҳозирлик кўрилмоқда. Бугун университетда “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ва қонунчилик” мавзуида давра суҳбати ўтказилди. Унда ЎзМУ профессор-ўқитувчилари ва ходимлари иштирок этдилар.

ЎзМУ Маънавият ва маърифат маркази бошлиғи Қодиржон Абдураҳимов, Ижтимоий фанлар факультети Демократик давлат қуриш назарияси ва амалиёти кафедраси мудири Акбар Ўтамуродов ва бошқалар Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови жараёни ҳақида атрофлича сўз юритдилар.

Шуни таъкидлаш жоизки, Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 96 ва 117-моддалари, “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонуннинг 8-моддаси, “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги Қонуннинг 5 ва 9-моддаларига мувофиқ, 2016 йил 4 декабрь кунини Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови куни, деб белгилади ва 9 сентябрдан сайлов кампанияси бошлангани эълон қилинди.

Сайлов “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги, “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги Қонунлари ва бошқа қонун ҳужжатлари асосида амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддаси ҳамда Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунинг 4-моддасига асосан Ўзбекистон Республикасининг 18 ёшга тўлган фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эгадирлар. Ҳар бир сайловчи бир овозга эга.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича овоз бериш яширин бўлиб, фуқаролар томонидан бевосита амалга оширилади. Фуқароларнинг хоҳиш-ирода билдиришлари устидан назорат этилишига йўл қўйилмайди. Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек суднинг ҳукмига мувофиқ озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида қатнашмайдилар.

Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг Ўзбекистон Республикаси Президентини сайлаш ва Президентликка сайланиш, сайловолди ташвиқоти олиб бориш ҳуқуқларини эркин равишда амалга оширишига зўравонлик, алдаш, таҳдид қилиш ёки бошқа йўл билан қаршилик кўрсатувчи шахслар, шунингдек сохта сайлов ҳужжатлари тузган, овозларни атайин нотўғри санаб чиққан, овоз бериш яширинлигини бузган ёки ушбу Қонун бошқача тарзда бузилишига йўл қўйган сайлов комиссияларининг аъзолари, давлат ва жамоат органларининг мансабдор шахслари қонунда белгиланган йўсинда жавобгар бўладилар. Номзодларнинг шаъни ва қадр-қимматига доғ туширадиган сохта маълумотларни эълон қилган ёки бошқа йўсинда тарқатган, сайлов комиссиялари аъзоларига нисбатан ҳақоратомуз муносабатга йўл қўйган шахслар ҳам жавобгарликка тортиладилар.

Ўзбекистон Республикасининг Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиш ҳуқуқига сиёсий партиялар эгадирлар. Сиёсий партия сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилинган кундан камида олти ой олдин Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган тақдирдагина Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиши мумкин.

Ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаган, давлат тилини яхши биладиган ҳамда бевосита сайловгача камида ўн йил Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига сайланиш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикасининг давлат маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларни бошқа маблағлар ҳисобидан молиявий таъминлаш ва ўзга тарзда моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш таъқиқланади.

Халқаро кузатувчи округ ва участка сайлов комиссиялари мажлисларида, сайлов участкасида ҳозир бўлиш, сайлов қутиларининг муҳрланишини, фуқароларга сайлов бюллетенларининг берилишини кузатиш, овозларни санаб чиқишда ва участка сайлов комиссиясининг баённомасини тузишда ҳозир бўлиш, сайлов натижалари тўғрисидаги ҳужжатларнинг нусхасини сўраб олиш ҳуқуқига эгадир. 2015 йилда ўтказилган Президент сайловидан кейин “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонуннинг такомиллаштирилгани ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлди. Қонунда сиёсий партияларнинг сайловда қатнашишида енгиллик берилди. Яъни Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзодни қўллаб-қувватловчи имзо варақалари жами сайловчиларнинг умумий сони камида бир фоизининг, камида саккизта маъмурий-ҳудудий тузилма намояндаси бўлган сайловчиларнинг имзосини қамраб олган бўлиши керак. Илгари бу кўрсаткич беш фоиз эди. Тараққий этган давлатлар қонунчилигида мавжуд бўлган сайлов куни ва овоз бериш бошланишига бир кун қолганда сайловолди ташвиқотига йўл қўйилмаслигига доир норма ҳам қонунчилигимизга киритилди. «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги Қонуннинг 31-моддасига кўра муддатидан олдин овоз бериш сайловга 10 кун қолганда бошланади ва сайловга бир кун қолганда тугалланади. Муддатидан олдин овоз беришни ўтказиш вақти округ сайлов комиссияси томонидан белгиланиб, сайловчилар, кузатувчилар ҳамда ОАВ вакилларининг эътиборига етказилади.

Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш мақсадида қамоқда сақлаш жойларида суд ҳукми чиқарилмаган шахсларнинг овоз бериши учун имконият яратилди.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри чегаралари доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 14 сайлов округи тузилди, округ сайлов комиссиялари томонидан 9 минг 378 сайлов участкаси ташкил этилди. Мамлакатимизнинг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида 44 сайлов участкаси тузилди. Участка сайлов комиссиялари таркиби шакллантирилиб, уларнинг фаолиятига 98 мингдан зиёд киши жалб қилинган. Округ сайлов комиссиялари аъзоларининг 56 нафари хотин-қизлардир, уларнинг 12 нафари сайлов комиссияларининг раҳбариятидан жой эгаллаган. Участка сайлов комиссиялари таркибида хотин-қизлар сони 47,4 фоизни ташкил этади. Участка сайлов комиссиялари раисларининг 26,7 фоизи хотин-қизлардир.

Ушбу мавзудаги давра суҳбати ЎзМУ факультетларида ҳам давом эттирилади.

 

МИЛЛИЙ ИҚТИСОДИЁТИМИЗ РИВОЖЛАНИШИ ЙЎЛИДА

Иқтисодиёт – ҳар қандай давлатнинг асосий пойдевори ҳисобланади.

Ўзбекистон мустақил давлат сифатида жаҳонга бўй кўрсатганидан буён иқтисодиёт борасида улкан ютуқларни қўлга киритиб келмоқда. Бунда иқтисодчи олимларнинг ҳам ўрни беқиёсдир. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Иқтисодиёт факультети ташкил этилганлигининг 25 йиллиги муносабати билан ўтказилган “Миллий иқтисодиётни модернизациялаш ва таркибий ўзгаришларни амалга оширишнинг жаҳон тажрибаси ва ундан Ўзбекистон амалиётида фойдаланиш имкониятлари” мавзусида ўтказилган республика илмий-амалий конференциясида бу ҳақда атрофлича сўз юритилди.

ЎзМУ Илмий ишлар бўйича биринчи проректори Илёс Раҳматуллаев, Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Абдисамат Ҳимматов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Девони Ижтимоий-иқтисодий сиёсатни мувофиқлаштириш бўйича хизмат бош консультанти Авазбек Содиқов ва бошқалар мамлакатимиз Биринчи Президенти Ислом Каримов ташаббуси ҳамда саъй-ҳаракатлари билан мустақиллик йилларида иқтисодиётимиз барқарор ривожлангани, бу борада эришилган муваффақиятлар ҳақида атрофлича сўз юритдилар.

Анжуманда иқтисодчи олимлар ва тадқиқотчилар 5 та шўъбада ўз маърузалари билан иштирок этдилар.

 

ИФТИХОРИМ БАЙРОҒИМ!

ЎзМУ Журналистика факультетида 18 ноябрь – Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи қабул қилинган кун муносабати билан «Ифтихорим байроғим!» мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

«Давра суҳбати»ни кириш сўзи билан очган Журналистика факультети декани Маҳлиё Мирсоатова миллий байроғимиз ҳар бир фуқаромиз, талаба-ёшларимиз қалбига ифтихор туйғуларини бахш этиши ҳақида сўз юритар экан, жумладан шундай деди:

—  Ўзида жуда катта маъно-мазмунни мужассам этган, юксак дид ва маҳорат билан пухта ишланган, бутун Ўзбекистон аҳлининг асрий орзу-истакларини, ғайрати ва шижоатини, халқимизга хос меҳмондўстликни, аждодлар ёди ҳамда миллат ғурурини мужассам этган байроғимиз сайёрамиздаги барча мамлакатларнинг давлат рамзлари орасида алоҳида ҳурмат ва эҳтиромга сазовордир.

Жамоатчилик билан алоқалар назарияси ва амалиёти кафедраси доценти, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, «Олтин қалам» мукофоти совриндори Тўлқин Эшбек юртимиз мустақилликка эришган йили юз берган воқеалар ҳамда давлатимиз байроғи ҳақида атрофлича сўз юритди:

— 1991 йил 18 ноябрь куни Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида»ги қонуни қабул қилинган. Шу билан Давлат байроғимиз ҳуқуқий мақомга эга бўлган. Давлат рамзлари ҳар бир мамлакатнинг суверенитети ва мустақиллигини ифодаловчи муқаддас тимсоллардир. Ўзбекистоннинг давлат рамзлари халқимизнинг шон-шарафи, тарихий хотираси ва интилишларини ўзида мужассам этиб, шу юртда яшовчи ҳар бир фуқарога ғурур, фахр ва ифтихор бағишлайди. Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаганидек, озод Ўзбекистон фуқаролари учун мустақилликнинг муқаддас рамзлари – Давлат герби, Давлат байроғи, Давлат мадҳияси азиздир. Улар маънавиятнинг энг муҳим тимсолларидир. Шу боис, байроғимиз ёки гербимизга назар солганимизда ёки мадҳиямиз янграганда биз рухан жўшқинликни, азму шижоатимиз ошганини, қалбимизда ғурур ва буюк истиқболга ишонч туйғусини ҳис этамиз. Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг юқори қисмидаги мовий рангли эннинг юз томони ва орқа томонида дастага яқин жойида оқ рангли янги ой ва унинг ёнида ўн иккита оқ рангдаги беш қиррали юлдуз тасвирланган. Оқ рангли янги ой ва ўн иккита оқ рангли беш қиррали юлдузнинг тасвири мовий рангли юқори эннинг ўртасидан 70×30 сантиметрга тенг тўғри тўртбурчакка сиғадиган қилиб жойлаштирилган. Оқ рангли янги ой вертикал ҳолатда дўнг томони дастага қаратилган, дастадан 20 сантиметр масофада жойлаштирилган бўлиб, диаметри 30 сантиметрли доирага сиғади. Ўн иккита оқ рангли беш қиррали юлдуз диаметри 6 сантиметрли доирага сиғади. Доиралар орасидаги масофа 6 сантиметр. Юлдузлар узунасига ва тиккасига қуйидаги тартибда жойлашади: юқори қаторда учта, ўрта қаторда тўртта ва қуйи қаторда бешта юлдуз. Қуйи қатордаги юлдузлар янги ойнинг пастки учидан 3,5 сантиметр масофада жойлашади. Бугун миллий байроғимиз давлат идора ва муассасалари, ўқув юртлари, Ўзбекистон аъзо бўлган халқаро ташкилотлар, чет эллардаги элчихона ва доимий ваколатхоналаримиз пештоқида ҳилпираб турибди. Турли байрам тантаналарида, мамлакатимиз аъзолари қатнашаётган халқаро миқёсдаги сиёсий, маданий-маърифий тадбирларда, нуфузли спорт мусобақаларида ҳам байроғимиз Ватанимизнинг шаъни, халқимизнинг ғурурини ёрқин акс эттирмоқда. Масалан, халқаро спорт беллашувларида ғалаба қозонган спортчиларимиз шарафига юртимиз байроғи баланд кўтарилган лаҳзада ҳар биримиз чексиз ҳаяжонга тушамиз, ҳеч кимдан кам эмаслигимиздан ғурурланамиз. Хулоса ўрнида айтиш лозимки, давлатимиз байроғи тинч ва осойишта, озод ҳамда эркин ҳаётимиз, ёруғ келажагимизга бўлган ишончимиз тимсолидир. Давлат рамзларининг муқаддаслигини, улар бизга юрт манфаати ҳар недан устунлигини англатиб, эслатиб туришини ҳар биримиз, айниқса, ёш авлод ёдда тутиши мақсадга мувофиқдир.

Бўлғуси журналистлар миллий ифтихоримиз рамзларидан бири бўлган байроғимиз ҳақидаги дил сўзларини баён этдилар.

 

САЙЛОВ УЧАСТКАСИДА СЕМИНАР ЎТКАЗИЛДИ

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Бош биносида жойлашган 243-сайлов участкасида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини юқори савияда ўтказишни таъминлаш юзасидан семинар ўтказилди.

Участка сайлов комиссияси раиси Давлатбой Жумабоев шу кунга қадар бу ерда амалга оширилган ишлар, сайловчилар учун барча шарт-шароитлар етарли даражада муҳайё этилаётгани ҳамда галдаги вазифалар ҳақида сўз юритди.

Айтиш жоизки, мазкур сайлов участкаси давлат рамзлари, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, зарур адабиёт ва қўлланмалар, овоз бериш кабина ва қутилари, тиббиёт хоналари зарур жиҳозлар билан таъминланган. Сайловчилар Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг плакатлари, номзодлар дастури, йўриқнома, низом ва қонунлар жамланмаси билан танишишлари учун имкониятлар яратилган.

243-сайлов участкасида сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича тегишли тартибда режа ишлаб чиқилиб, комиссия аъзолари ўртасида вазифалар тақсимланган. Комиссияси аъзолари режа асосида ўз фаолиятларини давом эттирмоқдалар.

Олмазор туманидаги Мирзо Ғолиб, Фаробий кўчалари, “Ёшлик” Талабалар шаҳарчаси ҳудудидаги айрим аҳоли турар жойларида истиқомат қилувчи сайловчилар ушбу сайлов участкасида ўз конституциявий ҳуқуқ ва бурчидан эмин-эркин фойдаланадилар.

 

АБДУЛЛА ОРИПОВ ХОТИРА КЕЧАСИ

Ўзбекистон қаҳрамони, халқ шоири, ЎзМУ фахрий профессори Абдулла Орипов билан видолашган бўлсак-да, буюк шоир ўлмас шеърлари, достонлари ва бошқа асарлари билан ҳамиша барҳаётдир.

Атоқли шоирнинг «Митти юлдуз» (1965), «Кўзларим йўлингда» (1966), «Онажон» (1969), «Руҳим», «Ўзбекистон» (1971), «Хотирот», «Юртим шамоли» (1974), «Юзма-юз», «Ҳайрат» (1979), «Нажот қалъаси» (1981), «Йиллар армони» (1983), «Ҳаж дафтари», «Муножот» (1992), «Сайланма» (1996), «Дунё» (1999), «Шоир юраги» (2003) сингари шеърий китоблари, «Жаннатга йўл» (1978), «Ҳаким ва ажал» (1980), «Ранжком» (1988) каби достонлари, «Соҳибқирон» шеърий драмаси (1998) юртимизда кириб бормаган хонадон топилмаса керак. Шоирнинг бетакрор шеърлари аллақачон шеърият шайдоларининг қалбларига муҳрланган.

Абдулла Орипов Ўзбекистон Республикаси Давлат Мадҳиясининг матни муаллифи экани билан ҳам хотираларда сақланиб қолади. У Наврўз ва Мустақиллик байрамларини ўтказиш бўйича ёзилган аксарият сценарийлар муаллифидир.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ҳузуридаги педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тармоқ (минтақавий) марказида мамлакатимизнинг турли олий таълим муассасаларидан келиб малака ошираётган педагог ходимлар томонидан ташкил этилган хотира кечасида буюк шоирнинг ибратли фаолияти, ўлмас мероси ҳақида сўз юритилди.

Минтақавий марказ директори Баҳодир Холбоев, филология фанлари доктори, профессор Нурбой Жабборов, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат Ўзбек тили ва адабиёти университети проректори Абдулхай Собиров, ЎзМУ Мураббийлар кенгаши раиси Аброр Хидиров, “Шарқ юлдузи” журнали бош муҳаррири, шоир Сирожиддин Рауф, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси масъул котиби, шоир Муҳиддин Абдусамат, адабиётшунос Узоқбой Жўрақулов, ёзувчи Бахтиёр Олломурод ва бошқалар устоз шоир ҳаёти ва ижоди, турли ижодий муассасаларда қилган ҳамкорликлари ҳақида сўзлаб бердилар.

Шеърият шайдолари атоқли шоирнинг дилтортар шеърларидан ўқидилар.

Хотира кечаси барчада катта таассурот қолдирди.

 

Материаллар ЎзМУ Ахборот хизмати томонидан тайёрланди.

Унда республика ОАВ хабарларидан фойдаланилди.

 

Факультет деканининг Маънавият ва маърифат ишлари бўйича ўринбосари диққатига!

“Ахборот соатлари” маълумотлари юзасидан савол пайдо бўлса ЎзМУ Ахборот хизмати раҳбари Тўлқин Эшбековга мурожаат қилишингиз мумкин.

Телефон: +99890 9120963.

Электрон почта: tueshbek@mail.ru

 

You may also like...

4 Responses

  1. Jumamurodova Muyassar:

    Suriyadagi bo’layotgan voqealar insonni o’yga toldiradi. Ayniqsa, yosh bolalarning jabr ko’rishi achinarli holdir. Dunyoning turli mintaqasidagi bu kabi holatlarni o’qib, eshitib, televizor qarshisida ko’rib yurtimiz tinchligiga yana bir bora shukur qilamiz.

  2. Milliy universitetning xorijiy oliy o’quv yurtlari bilan aloqasi yanada rivojlanishi juda quvonarli holat. Tajriba almashish universitet o’quv jarayonlarini yanada yaxshilanishiga xizmat qiladi deb o’ylayman

  3. Foziljon:

    Noshukr bandalargina bugungi kunimizdan shukr qilmay yashaydi.

  4. Suriyada va bizning mamlakaydagi sharoitni solishtirib,naqadar baxtli yurtning farzandi ekanligimizni yama bir karra his etdim. Ilohim,tinch va obod yurtimizga ko’z tegmasin

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>