“АХБОРОТ СОАТЛАРИ” № 2-18
Ҳафтанинг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеалари (10-15 сентябрь кунлари)
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ ВА ЎРТА МАХСУС ТАЪЛИМ ВАЗИРЛИГИ
МИРЗО УЛУҒБЕК НОМИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИ
“АХБОРОТ СОАТЛАРИ” № 2-18
Ҳафтанинг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеалари (10-15 сентябрь кунлари)
ТОШКЕНТ – 2018
ОТМ Ёшлар билан ишлаш бўйича масъуллари ва мураббийлар диққатига! Талабаларга “Ахборот соатлари” материаллари билан www.uzmu.uz ва www.uchildiz.uz веб-сайтлари орқали танишишлари тавсия этилади.
I. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДАГИ ИҚТИСОДИЙ, ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ВОҚЕАЛАРГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАР
ЎЗБЕКИСТОН – БЕЛАРУСЬ: ЎЗАРО ҲАМКОРЛИКНИ РИВОЖЛАНТИРИШ УЧУН АМАЛИЙ ҲАРАКАТЛАР ДАВРИ
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко 12 сентябрь куни расмий ташриф билан мамлакатимизга келди.
Ташрифнинг асосий тадбирлари 13 сентябрь куни Кўксарой қароргоҳида бўлиб ўтди.
Президентимиз олий мартабали меҳмонни юртимизга ташрифи билан қутлаб, Ўзбекистон ва Беларусь самимий дўст ва ишончли шерик эканини таъкидлади.
– 2016 йили Самарқанддаги учрашувимизда давлатлараро муносабатларни ҳар томонлама мустаҳкамлашга келишиб олган эдик. Ўтган икки йилда ҳамкорлигимиз жадал суръатда ривожланди. 2017 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 60 фоиздан зиёд ўсди. Жорий йил январь – июль ойларида эса бу борадаги кўрсаткич қарийб 4 баробар ошди. Бу ҳамкорлигимизда катта салоҳият мавжудлигидан далолат беради,– деди Шавкат Мирзиёев.
Беларусь Президенти таклиф учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирди.
– Сизнинг раҳбарлигингизда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ишлар таҳсинга сазовор,– деди Александр Лукашенко.– Ҳам ички, ҳам ташқи сиёсатда кенг миқёсли ўзгаришларни амалга оширмоқдасиз. Ўзаро манфаатли барча соҳаларда ҳамкорлик қилишга, тажриба алмашишга тайёрмиз.
Бугунги кунда Ўзбекистон билан Беларусь ўртасидаги муносабатлар дўстлик ва шериклик руҳида ривожланмоқда. Ўтган йиллар давомида мамлакатларимиз икки ва кўп томонлама асосда мустаҳкам ҳамкорлик алоқаларини ўрнатди. Халқларимизнинг дўстлиги ва яқинлиги ўзаро муносабатларни янада ривожлантириш ва мамлакатларимизнинг турли халқаро тузилмалар доирасида бир-бирини қўллаб-қувватлашига мустаҳкам асос бўлмоқда.
Президентлар икки томонлама ҳамкорликка доир кенг кўламли масалаларни муҳокама қилиб, мамлакатларимиз ўртасидаги сиёсий мулоқотни мустаҳкамлашга, турли соҳалардаги амалий ҳамкорликни изчил ривожлантиришга келишиб олдилар.
Расмий делегациялар иштирокида кенгайтирилган таркибда ўтказилган музокарада Ўзбекистон билан Беларусь ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни диверсификация қилиш ва янада кенгайтириш, икки мамлакат иқтисодиётининг бир-бирини тўлдиришини ҳисобга олган ҳолда, шерикликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Жорий йил август ойида Тошкентда Икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия мажлиси муваффақиятли ўтди.
Машинасозлик, фармацевтика, енгил ва озиқ-овқат саноати, қишлоқ хўжалиги, туризм каби соҳаларда қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ишбилармон доиралар ва етакчи корхоналар ўртасида алоқалар мустаҳкамланмоқда. Кейинги икки ойда мамлакатимизнинг барча ҳудудлари вакиллари Беларусга ташриф буюриб, ўз ҳамкорлари билан яқин алоқалар ўрнатди. Томонлар савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация ва маданий-гуманитар соҳалардаги алоқаларни ривожлантириш истиқболлари юзасидан фикр алмашди. Ҳудудлараро алоқаларни янада кенгайтириш, машинасозлик, тўқимачилик, озиқ-овқат саноати, чорвачилик, мева-сабзавотни қайта ишлаш, фармацевтика, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва бошқа тармоқларда кооперацияни ривожлантиришга келишиб олинди. Қўшма корхоналар ташкил этиш, улар ишлаб чиқарган маҳсулотларни учинчи мамлакатлар бозорига экспорт қилиш зарурлиги таъкидланди.
Ўзбекистонда атом электр станцияси қуриш лойиҳасини амалга оширишда ҳамкорлик масаласи кўриб чиқилди.
Музокара якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко Қўшма баёнотни имзоладилар.
Шу куни Президент Шавкат Мирзиёев ва Президент Александр Лукашенко «Ўзэкспомарказ»да очилган «Беларусда ишлаб чиқарилган» кўргазмасига ташриф буюрдилар. Кўргазмада Беларуснинг 150 дан ортиқ корхонаси ўз маҳсулот ва хизматлари билан қатнашмоқда. Улар ўз мамлакатининг қишлоқ хўжалиги машинасозлиги, металлургия, кимё саноати, маиший техника, озиқ-овқат, тўқимачилик, тиббиёт, таълим ва бошқа соҳалардаги ютуқларини намойиш этмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев ва Президент Александр Лукашенко Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводи ҳудудида ташкил этилган «Амкодор-Агротехмаш» қўшма корхонасининг очилишида иштирок этди.
Умумий қиймати 33 миллион доллар бўлган мазкур лойиҳа 2018-2021 йилларда амалга оширилади. Бугун расман ишга туширилган биринчи босқичда қурилиш ва қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган 12 турдаги экскаваторлар ишлаб чиқарилади. Маҳаллийлаштириш даражаси 2019 йилда 22 фоизга, 2021 йилда камида 50 фоизга етказилади. Давлатимиз раҳбари маҳсулот турини кўпайтириш ва маҳаллийлаштириш даражасини ошириш зарурлигини таъкидлади. Ўзбекистоннинг географик жойлашуви қишлоқ хўжалиги техникаларини минтақамиз мамлакатларига етказиб бериш учун қулай эканини қайд этди.
Шу ерда қўшма корхонада ишлаб чиқарилган дастлабки экскаваторлар намойиш этилди.
САМАРАЛИ УЧРАШУВЛАР
Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси 13 сентябрь куни Япония ташқи ишлар вазири М.Сато, адлия вазири Й.Камикава, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги вице-президенти Н.Сузуки, “Митсубиши” компанияси катта маслаҳатчиси М.Сасаки билан учрашувлар ўтказди. Делегациянинг ташрифи доирасида Жаҳон банки офисида Ўзбекистонга бағишланган инвестиция форуми бўлиб ўтди.
Учрашувлар ва Кунчиқар юрт ишбилармонларида қизиқиш уйғотган инвестиция форумида Япония вакиллари Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар билан таништирилди. Ҳаракатлар стратегияси доирасида кўрилаётган амалий чора-тадбирлар туфайли давлат органлари фаолияти самарадорлиги сезиларли даражада ошди, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, ишбилармонлик ва инвестиция муҳити анча яхшиланди, Марказий Осиё минтақасида хавфсизлик ва барқарорлик мустаҳкамланиши кузатилмоқда.
Япониялик ишбилармонлар Ўзбекистонда инвестиция муҳитини яхшилаш, савдо режимини соддалаштириш, туризмни ривожлантириш учун энг қулай шарт-шароит яратиш борасидаги ўзгаришларни маъқуллади. Жаҳон банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки вакиллари ўз чиқишларида иқтисодиёт, банк-молия тизимини эркинлаштириш, инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш бўйича Ўзбекистон ҳукумати томонидан кўрилаётган чора-тадбирларга юксак баҳо берди.
ХИТОЙ ДЕЛЕГАЦИЯСИНИНГ УЧРАШУВЛАРИ
Хитой Халқ Республикаси Сиёсий маслаҳат кенгашининг Миллий ва диний ишлар бўйича қўмитаси раиси Ван Вэйгуан бошчилигидаги делегация мамлакатимизнинг қатор қўмита ва ташкилотларида учрашувлар ўтказди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, Дин ишлари бўйича қўмита, Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги Халқ дипломатияси маркази ва Ўзбекистон халқаро ислом академиясида ўтган учрашувларда делегация аъзолари мамлакатимиздаги миллатлараро ва диний масалаларни мувофиқлаштирувчи ташкилотлар фаолияти билан яқиндан таништирилди. Мулоқотларда Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари тинч-тотув истиқомат қилаётгани, 16 конфессияга мансуб диний ташкилотлар эркин фаолият юритиши учун зарур шароитлар яратилгани, 7 тилда таълим олиб борилаётгани, фуқаролар эътиқоди ва келиб чиқишидан қатъи назар, қонун олдида тенг экани таъкидланди.
Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида сўнгги йилларда миллатлараро муносабатлар янги босқичга кўтарилди. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 19 майдаги “Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида Республика байналмилал маданият маркази ва дўстлик жамиятларининг негизида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ташкил этилди.
Президентимизнинг жорий йил июнь ойида Хитойнинг Циндао шаҳрида бўлиб ўтган ШҲТ саммитида илгари сурган ташаббуси асосида Тошкентда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Халқ дипломатияси маркази фаолияти йўлга қўйилди.
МАҚОМ ОҲАНГЛАРИ, РУҲИ ВА ФАЛСАФАСИ ҚАЛБЛАРДАН ЖОЙ ОЛДИ
Шаҳрисабз шаҳрида Халқаро мақом санъати анжумани якунланди.
Қарийб бир ҳафта давомида Шаҳрисабз жаҳоннинг турли давлатларидан келган энг сара мақом ижрочилари баҳсига мезбонлик қилди. Бир ҳафта давомида мовий гумбазлар остида оромбахш наволар янгради. Улардаги жозиба, оҳанг, илоҳий куч-қудрат мусиқага ошуфта қалбларни забт этди. Дунёнинг машҳур хонанда ва созандалари, маданият ва санъат арбоблари, мусиқашунос олимлар нигоҳи Шаҳрисабзда бўлди. Мазкур халқаро санъат байрамининг асосий ғояси инсоният маданий меросининг ажралмас қисми бўлган мақом санъатини ривожлантириш, унинг қадимий тарихи, теран фалсафаси, бетакрор ижро услуби ва бой ижодий анъаналарини келажак авлодга етказиш ва давомийлигини таъминлашдан иборатдир. Халқаро мақом санъати анжумани доирасида 7 сентябрдан бошлаб Тошкент-Шаҳрисабз-Тошкент йўналиши бўйича “Afrosiyob” замонавий электропоездининг мунтазам қатнови йўлга қўйилди.
Нуфузли анжуманда жами 73 давлатдан 300 га яқин яккахон ижрочи ва мусиқий жамоалар, унинг доирасида ўтган халқаро илмий-амалий конференцияда 19 давлатдан 30 нафар мусиқашунос олим иштирок этди.
– Ушбу фестивалнинг ҳар бир куни қизиқарли ва ўзига хос бўлди. Мени ўзбек халқининг бой маданияти, анъана ва урф-одатларини юксак қадрлаши, асраб-авайлаши, айниқса, ҳайратлантирди,– дейди тунислик мусиқашунос олим, Тунис олий мусиқа институти асосчиси Маҳмуд Гуеттат.– Шундай буюк ва бетакрор маданият ўзбек халқининг қонига сингиб кетгани мақом санъати анжуманида юртингизнинг барча ҳудудлари анъаналари намойишида янада ёрқин акс этди. Бир халқ, бир маданият бўлишига қарамасдан, бу ердаги ранг-баранглик ақлни шоширади. Президент Шавкат Мирзиёев санъат анжумани очилишидаги нутқида қайд этганидек, ушбу анжуманнинг мақсади бу ноёб бойликни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, ундан дунё аҳлини баҳраманд қилиш, келгуси наслларга безавол етказиш, турли қитъа ва мамлакатлар вакилларини бу гўзал масканда мужассам этишдан иборат экани мени ғоят хурсанд қилди.
10 сентябрь куни дунё санъат аҳлининг бош саҳнасига айланган Оқсарой майдонидаги амфитеатрда Халқаро мақом санъати анжумани ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
ЯДРО ФИЗИКАСИ СОҲАСИДА ХАЛҚАРО ҲАМКОРЛИК КЕНГАЙМОҚДА
Мамлакатимизда “Катта адрон коллайдерида физика” ХХ анъанавий анжумани ўз ишини бошлади. Унда АҚШ, Франция, Италия, Германия, Швейцария, Ҳиндистон, Россия, Украина ва Беларусь Республикасидан 60 дан ортиқ олимлар ҳамда юртимиз илмий-тадқиқот институтлари, олий ўқув юртларининг ядро ва элементар заррачалар физикаси соҳасидаги мутахассислар иштирок этади. Анжуман бир пайтнинг ўзида Тошкент ва Самарқанд шаҳрида ўтказилади.
Халқаро анжуман элементар заррачалар физикаси ва ядро технологиялари соҳасидаги замонавий тенденциялар ва ютуқлар билан таништириш мақсадида ташкил этилмоқда. Унда иштирокчилар соҳада олиб борилган сўнгги тадқиқотларни муҳокама қилиш, турли мамлакатларнинг етакчи олим ва мутахассислари билан ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш, мамлакатимиз олимларини йирик халқаро лойиҳаларга кенг жалб қилиш имконига эга бўлади.
II. ЖАҲОН МИҚЁСИДАГИ ИҚТИСОДИЙ, ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ВОҚЕАЛАРГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАР
ҲИНДИСТОНДА ЎЗБЕКИСТОН МАДАНИЯТИ КУНЛАРИ ОЧИЛДИ
Деҳли шаҳрида Ҳиндистонда Ўзбекистон маданияти кунларининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. Маросимни Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлиги «Правас Бхаратия Кендра» форумлар саройида бўлиб ўтган тантанали оқшом бошлаб берди. Тадбир Ҳиндистон ТИВ ҳузуридаги Маданий муносабатлар бўйича Ҳиндистон кенгаши, «Ҳиндистон-Ўзбекистон» дўстлик жамияти, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ва мамлакатимизнинг Ҳиндистондаги элчихонаси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Тадбирда ўзбекистонлик мусиқа ва рақс гуруҳлари чиқишлари намойиш этилди. Очилиш маросимида давлат, жамоат, сиёсий ва маданий ташкилотлар вакиллари, фан ва санъат намоёндаларидан иборат 300 дан ортиқ меҳмон иштирок этди. Форумлар саройида Ўзбекистон амалий санъати кўргазмаси ташкил этилди. Эътиборга молик жиҳати, «Правас Бхаратия Кендра» форумлар саройи Ҳиндистоннинг барча ҳудудларидан жамланган бой санъат асарлари коллекцияси билан машҳур. Улар билан уйғун ҳолда Ўзбекистоннинг сопол буюмлари, сўзанаси, тўқимачилик, ёғоч ўймакорлиги ва амалий санъат намуналари кўргазмага ўзгача файз бағишлади.
Меҳмонлар эътиборига мамлакатимизнинг сайёҳлик ва маданий салоҳиятига бағишланган фильм, жумладан, яқин кунларда Шаҳрисабзда бўлиб ўтган Халқаро мақом санъати анжуманидан видеоролик ҳавола этилди. Тадбирда “Сирдарё наволари” гуруҳининг концерт дастури ҳам намойиш этилди.
Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчиси Фарҳод Арзиев халқларимиз ўртасидаги кўп асрлик маънавий-маърифий ришталарга тўхталиб, Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги маданий мулоқот бугунги кунда янги суръатлар билан ривожланиб бораётганини алоҳида таъкидлади. Шавкат Мирзиёевнинг Ҳиндистонга давлат ташрифи икки томонлама, жумладан, маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорликка янги мазмун бахш этишига ишонч билдирди.
Ўз навбатида, ҳиндистонлик иштирокчилар бу каби тадбирлар «халқ дипломатияси»нинг муҳим воситаси ҳисобланиши ва Ҳиндистон жамоатчилигига Ўзбекистоннинг кўп қиррали маданияти билан яқиндан танишиш имконини беришини қайд этди. Ҳиндистон ташқи сиёсий идораси департаменти директори Маниш Прабат Ҳиндистон ва Ўзбекистонни умумий маданият боғлаб туриши, мамлакатларимиз ўртасида азалдан яқин ва дўстона муносабатлар йўлга қўйилганини таъкидлади. Шунингдек, Ўзбекистон маданияти кунлари икки томонлама муносабатлардаги тарихий воқеа – Ўзбекистон Президентининг Ҳиндистонга давлат ташрифи арафасида ўтказилаётгани билан аҳамиятли эканини қайд этди.
Тадбир доирасида Деҳлида Ҳиндистоннинг йирик таълим муассасаларидан бири бўлган Жамия Миллия Исломия университетининг ўзбек тили бўйича профессори Ш.Таслим раҳбарлигида чоп этилган тўрт жилдлик ўзбек тили дарслиги тақдимоти ҳам ўтказилди. Ушбу университетда ўзбек тили кафедраси фаолият юритиб, ўзбек адабиёти бурчаги ташкил этилган.
Ҳиндистонда Ўзбекистон маданияти кунлари жорий йилнинг 14 сентябрига қадар давом этади. Дастур доирасида, шунингдек, Лал Баҳодур Шастри номидаги Менежмент институтида концерт, Ўзбекистон маданий мероси тақдимоти, Ноида шаҳридаги машҳур «Марва Студиос» марказида ўзбек фильмлари намойишини ўз ичига олган маданий тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган
ЎЗБЕКИСТОНДАН РОССИЯГА АВТОБУС ҚАТНОВИ ЙЎЛГА ҚЎЙИЛДИ
“Тошкент-Нижний Новгород-Тошкент” йўналиши бўйича янги халқаро автобус қатнови очилди. Жорий йилнинг 14 сентябрь санасида маҳаллий вақт билан 8:00 да Тошкент автовокзалидан Нижний Новгородга биринчи автобус йўлга отланди.
Ушбу йўналишда Ўзбекистон томондан ташувчи “UZKAZ AVTO TRANS” масъулияти чекланган жамиятига қарашли 2015 йил Белгияда ишлаб чиқарилган, 65 ўриндиққа эга “VANHOLL” русумли автобуслари, Россия томонидан эса “Панюшкин С.Ю.” ЯТТга қарашли “VANHOLL” русумли автобуслари хизмат кўрсатади. Йўналишнинг масофаси 3000 километр бўлиб, қатновга сарфланадиган умумий вақт 61 соат, йўлкира ҳақи ташувчилар томонидан Тошкентдан Нижний Новгородгача – 420 минг сўм. Нижний Новгороддан Тошкентгача эса – 6 минг рубль қилиб белгиланди.
Йўналиш “Ғишт кўприк” (Ўзбекистон), “Жибек Жоли”, “Жайсан” (Қозоғистон), “Сагарчин” (Россия) назорат ўтказиш масканлари орқали амалга оширилади. Мазкур йўналиш бўйича ҳар икки кунда бир марта, бир ойда 15 марта автобус қатнови йўлга қўйилади.
“Ташвилтранстерминал” уюшмаси бошлиғи Комилжон Исамуҳаммедовнинг айтишича, ҳозирча фақат Нижний Новгород йўналишига 2 та автобус қўйилган, кейинги йилда Россиянинг 5 та шаҳри Москва, Самара, Санкт-Петербург, Иркутск ва Тюмень шаҳарларига йўналишлар амалга оширилиши режалаштирилган.
ТУРКИЯДА “ЎЗБЕК МИЛЛИЙ ҚАДРИЯТЛАРИ КУНИ” ЎТКАЗИЛАДИ
Ўзбекистон Республикаси туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва “Chustiy`s Group” ўзбек пазандачилик уйи ҳамкорлигида шу йилнинг 16 сентябрь куни Туркиянинг Истанбул шаҳри Ускудор майдонида “Ўзбек миллий қадриятлари куни” тадбири доирасида 5 тонналик ўзбек палови тайёрланиши режалаштирилган.
III. МИРЗО УЛУҒБЕК НОМИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИДА
МУРАББИЙ САБОҚЛАРИ
Мавзу: ИНСОН ОДОБИ БИЛАНГ ГЎЗАЛ
Ўрта Осиёда ахлоқий тарбия ўз анъаналарига эга. Бу борадаги фикрлар қадимги туркий ёдномалар, буюк алломаларнинг асарлари ва бошқа ёзма ёдгорликлар орқали бизгача етиб келган. Инсон одоби, энг аввало, унинг нутқида намоён бўлади.
Зеро, нутқ одоби деганда, айтилиши зарур бўлган хабар тингловчини ҳурмат қилган ҳолда, унинг кўнглига мос тарзда тилимиздаги сўз ва иборалар воситасида етказиб берилади. Ҳар қандай хунук хабарни ҳам тингловчига беозор етказиш мумкин. Бунинг учун сўзловчи адабий тил нормаларини мукаммал билиши лозим.
Мулойим, ёқимли сўзлаш ўз-ўзидан пайдо бўлавермайди. Унга ёшликдан онгли машқлар қилиш, тилнинг луғат бойлигини эгаллаш, бу борада нутқи ибратли кишиларга тақлид қилиш, улардан ўрганиш орқали эришилади. Ўқувчи учун энг яхши намуна ўқитувчи нутқидир. Буни ўқитувчи доимо ҳис этиб туриши, ўз нутқида ҳеч қачон одоб-ахлоқ, нутқ маданияти меъёрларидан чекинмаслиги лозим.
Нутқий муомала саломлашишдан бошланади. Бунда тингловчида яхши кайфият пайдо бўлади. Кўп асрлик анъаналаримизга кўра, “Ассалому алайкум”нинг жавоби “Ва алайкум ассалом”дан иборат. Афсуски, кейинги пайтларда ёшлар орасида саломлашиш тарзи дағаллашиб, салом бериш учун ҳам, алик олиш учун ҳам “Салом” сўзи ишлатилиши урф бўлмоқда. Бу тарихий анъаналаримиздан узоқлашишдир. Аслида саломлашишнинг ҳам ўз қоидалари бор. Биз ўқитувчилар уларни шогирдларимиз онгига сингдириб бормоғимиз зарур.
Ҳар томонлама етук кишига хос фазилатлардан яна бири хайрлашиш одобига риоя этишдир. Тилимизда хайрлашгандан сўнг ишлатиладиган “хайр, соғ бўлинг”, “хайр, кўришгунча”, “хайр, омонликда кўришайлик” каби таъсирчан ибораларни ишлатсак, бу нутқий муомала одобига киради.
Тилимизда миннатдорчиликни ифода этадиган чиройли сўзлар бор. Уларни дарс пайтида ишлатиш киши нутқини яна ҳам безайди. Ўқитувчи топшириқни яхши бажарган ўқувчиларни “офарин”, “раҳмат”, “отангизга раҳмат”, “баракалла”, “миннатдорман” каби сўзлар билан рағбатлантириши керак.
Ўқитувчининг нутқи ҳамма вақт ўзбек адабий тилининг гўзал ва таъсирчанлигини ўзида мужассам этган бўлиши зарур. Адабий тил меъёрлари, қўшимчалар, грамматик қоидаларнинг бир хил қўлланилиши барқарорлиги билан умумўзбек характерига эгадир.
Ўқитувчининг нутқ маданияти ўқувчиларда нутқ одобини шакллантиришда муҳим омил эканлигини унутмайлик.
Маданият. Ҳар бир халқнинг ўз маданияти бор. Табиийки, ўзбек халқи ҳам бундан мустасно эмас. Бу маданият нимадан иборат бўлади? Маданият деганлари нима ўзи? Маданиятли халқ, маданиятли киши деганда нимани тушунамиз? Бу ҳақда, албатта, ҳар одамнинг ўз тушунчаси, қараши бор. “Маданият” арабча мадина (шаҳар) сўзидан келиб чиққан. Араблар кишилар ҳаѐтини икки турга: бирини бадавий ѐки саҳроий турмуш деб атаганлар. Бадавийлик кўчманчи ҳолда дашту саҳроларда яшовчи халқларга, маданийлик – шаҳарда ўтроқ ҳолда яшаб, ўзига хос турмуш тарзига эга бўлган халқларга нисбатан ишлатилган. Маданиятли киши – одобли киши дегани. У уч нарсага суянади: бири ҳалоллик, иккинчиси камтарлик бўлса, учинчиси инсофлиликдир. Чунки ҳалоллик, камтарлик ва инсофлилик устунлар ҳисобланади. Бундай одам, албатта 10 ўқимишли, назокатли, хушмуомала, кечиримли, сабр-бардош эгаси бўла олган шахсдир. Муомала одоби. Маданийликнинг энг муҳим унсурларидан бири – муомала одобидир. У моҳиятан, ўзаро ҳамкорликнинг шаклларидан бири. Инсон зоти бир-бири билан ҳамкорлик қилмасдан, ўзаро тажриба алмашмасдан, бир-бирига таъсир кўрсатмасдан расмана яшаши мумкин эмас. Муомала одам учун эҳтиѐж, зарурат, соғлом киши усиз руҳан қийналади, кайфияти тушиб боради. Бу ўринда буюк инглиз ѐзувчиси Даниел Дефо қаламига мансуб машҳур “Робинзон Крузонинг саргузаштлари” асарини эслашнинг ўзи кифоя: Жумабойни топиб олган Робинзоннинг нақадар қувонишига сабаб ҳам ана шунда. Муомала одоби бошқа кишилар қадр-қимматини, иззатини жойига қўйишни, анъанавий ахлоқий-меъѐрий талабларни бажаришини тақозо этади. Шунинг баробарида, у инсондаги яхши жиҳатларни намоѐн этиш, кўзга кўрсатиш билан ҳам ажралиб туради. Унинг энг ѐрқин, энг сермазмун ва энг ифодали намоѐн бўлиши сўз, нутқ воситасида рўй беради. Сўзлаш ва тинглай билиш, суҳбатлашиш маданияти муомаланинг муҳим жиҳатларини ташкил этади. Шу боис муомала одоби ўзини, энг аввал, ширинсуханлик, камсуқумлик, босиқлик, хушфеъллик сингари ахлоқий меъѐрларда намоѐн қилади. Муомала одобининг яна бир “кўзгуси”, бу – инсоний қараш, нигоҳ, сўзсиз новербал ҳаракатлар. Маълумки, одамнинг қарашида, юз ифодасида, қўл ҳаракатларида унинг қай сабаблардандир тилга чиқмаган, сўзга айланмаган ҳиссиѐти, талаблари ўз аксини топади. Чунончи, суҳбатдошининг гапини охиригача эшитмай, қўл силтаб кетиш – муомаладаги маданиятсизликни англатади. Баъзан қараб қўйишнинг ўзи сўздан ҳам кучлироқ таъсир кўрсатади. Дейлик, бир қурувчи уста ўз шогирдининг хатти-ҳаракатларидан норозилигини билдириш учун бош чайқаб, жилмайиб қўйиши мумкин. 11 Иккинчи уста эса, бир лаҳза ўқрайиб қараш билан муносабатини ифодалайди. Биринчи уста юз ифодаси ва ҳаттиҳаракати билан: “Оббо шоввоз-эй, сал шошибсан-да, ҳа майли, зарари йўқ, шунақаси ҳам бўлади” деган маънони англатса, иккинчи устанинг қарашидан: “Яна ишни расво қилибсан-ку, қачон одам бўласан?!”, деган сўзларни уқиш мумкин. Шубҳасиз, биринчи уста муомалада одобга риоя қилган бўлса, иккинчиси унинг акси – шогирдининг эмас, ўзининг одобсизлигини кўрсатмоқда. Умуман олганда, муомала одоби кишиларнинг насиҳат қилмасдан ва одоб ўргатмасдан бир-бирига таъсири, тарбия ва ўз-ўзини тарбия этиш воситаси сифатида диққатга сазовордир. Шу сабабли ѐшларимизда муомала одобини шакллантириш ҳозирги кунда жамиятимиз олдида турган муҳим вазифалардан ҳисобланади. Бунда ота-онанинг, маҳалла-кўйнинг таъсири катта. Ундан фойдалана билиш керак. Зеро, ахлоқий комилликка эришиш муомала одобини эгаллашдан бошланади. Этикет. Ахлоқий маданиятнинг яққол кўзга ташланадиган муносабатлари кўринишидан бири, бу – этикетдир. У кўпроқ инсоннинг ташқи маданиятини, ўзаро муносабатлардаги ўзини тутиш қонун-қоидаларининг бажарилишини бошқаради. Агар муомала одобида инсон ўз муносабатларига ижодий ѐндошса, яъни бир ҳолатда бир неча хил муомала қилиш имконига эга бўлса, этикет муайян ҳолат учун фақат бир хил қоидалаштириб қўйилган ҳатти-ҳаракатни тақозо этади. Этикетнинг қамрови кенг, у маълум маънода, халқаро миқѐсда қабул қилинган муомалалар қонун-қоидаларини ўз ичига олади. Масалан, сиѐсий арбоб этикети, меҳмондорчилик этикети ва ҳ.к. Этикетга риоя қилишнинг мумтоз намунасини биз тез-тез телевидение орқали кузатиб турамиз. Президентимиз Ислом Каримовга хорижий мамлакатлар элчиларининг ишонч ѐрлиқларини топшириш 12 маросимларини эсланг. Унда фақат бир хил ҳолат, халқаро миқѐсда ўрнатилган қоида ҳукмрон. Уни Президентнинг ҳам, элчиларнинг ҳам бузишга ҳаққи йўқ. Ёки жуда оддий, кичкина бир мисол: дастурхонда тановул пайти, пичоқни ўнг қўлда ушлаш замонавий меҳмондорчилик этикетининг қатъий қоидаларидан бири саналади — уни бузиш атрофдагиларда ҳайрат ва истеҳзо уйғотади. Шу боис этикетни одат тусига айлантирилган, қатъийлаштирилган муомала одоби дейиш ҳам мумкин. Этикет – такаллуфнинг майда-чуйда жиҳатларигача ишлаб чиқилган одоб қоидалари сифатида ижобий, кишининг кўзини қувонтирадиган муомала ҳодисаси. Лекин, айни пайтда, у асл ахлоқий асосини йўқотган мажбурий мулозамат тарзида ҳам намоѐн бўлади: этикет қоидаларини бажараѐтган киши аслида ўз хоҳиш-ихтиѐрига қарши иш кўраѐтган бўлиши ҳам мумкин. Бу жиҳатдан у мунофиқликнинг бир кўринишига айланади. Масалан, сиз бирор ѐққа шошилиб, дарвозадан чиқдингиз, дейлик. Рўпарангизда танишингиз ѐки қўшнингиз учрайди. Сиз кўришиб, ҳолаҳвол сўрашиб, сўнг шарқона этикетга риоя қилиб уни “Қани уйга кирамиз. Чой қиламиз, бир ҳангомалашамиз” деб ичкарига таклиф қиласиз. Лекин, аслида, сиз унинг уйга киришини асло истамайсиз, вақтингиз йўқ, ҳатто, шу учрашганда кетган вақтингизни ўйлаб, питирлаб турибсиз. Демак, сиз ўз истагингизга қарши, этикет-мулозамат юзасидан ѐлғон гапларни айтасиз, хунук эшитилса ҳам на чора – мунофиқлик қиласиз. Шунга қарамай, умуман олганда, этикет шахсни муайян тартиб-қоидага, қандай ички руҳий шароитда бўлмасин, босиқликка, мулойимликка ва сабртоқатга ўргатиши билан аҳамиятлидир. Меҳмон ҳам, мезбон ҳам ўзлари. Ўзбек уйига меҳмон келса, ўтқазгани жой тополмай қолади. Топгантутганини у билан баҳам кўради. Ўзидан, бола-чақасидан аяган ноз неъматини меҳмонга раво билади. Чиндан ҳам, 13 халқимизда меҳмонга бориш ва меҳмон кутиш бобида ўзига хос маданият шаклланган. Меҳмон келган куни уйдаги араз-гиналар унутилади. Унинг олдида фарзандларга қаттиқ гапирилмайди. Ҳар бир элнинг анъаналари, турмуш тарзи бошқаларникидан фарқ қилади. Дунѐнинг айрим мамлакатларида уй эгаси меҳмонини, нари борса, бир финжон қаҳва, бир луқма ширинлик билан сийлашини яхши биламиз. Бизда эса, бутунлай бошқача. Меҳмонни кутиб олишдан то кузатиб қўйгунгача қанча-қанча расм-русумларни адо этамиз. Меҳмонни иззат қилиш барча шарқ халқари учун хос. Ривоятга кўра, араб халифаларидан бири Муъийн ибн Зоиднинг ҳузурига урушда асир тушган бир тўда ғаним аскарни олиб келишади. Ҳукмдор узоқ ўйлаб ҳам ўтирмай, уларни қатл этишга буюради. Шунда асирлардан бири ўлимидан аввал барчага бир қутлумдан сув беришни сўрайди. Унинг бу талаби қондирилгач, бояги асир дейдики: “Ҳукмдор, сен бизни сув билан меҳмон қилдинг. Меҳмонни ўлдириш эса мардлик таомилига зиддир”. Соҳиби тож унинг ақлига таҳсин ўқиб, асирларни авф этади. Нон берган жон олмайди деб шунга айтсалар керак-да. Мана, меҳмоннинг қадри қанчалар юксак! Биз ана шундай эзгу фазилатларга эга халқ ворисларимиз. Бинобарин, тарихий қадриятларимиз қанчалик ҳикматга кон эканини англашимиз, уларни кундалик ҳаѐт тарзига айлантиришимиз зарур. Тўғри, бугунги кунда ҳам меҳмондўстликни унутиб қўйганимиз йўқ. Уйига таниш-билиши, айниқса, “нозикроқ” меҳмон келадиган бўлса, босар тусарини билмай қоладиганлар оз эмас. “Олий мартабали” меҳмонлар, казо-казолар шарафига уюштириладиган дабдабали зиѐфатларни айтмаса ҳам бўлади. Кайф-сафо авжига чиқадиган бундай давраларда шарқона меҳмоннавозлик одобини кўриш мушкул. 14 Энди, буни миллий қадриятларимиздан узоқлашиш, дея баҳоланса, тўғри бўлар. Зеро, фозил аждодларимиз ҳар қандай дабдабасозлик, исрофгарчилик, бировга яхши кўриниш мақсадида қилинадиган зиѐфатларни қатъий қоралаганлар, меҳмондўстлик мезони дастурхоннинг эмас, кўнгилнинг ободлиги билан белгиланади. Бу умумбашарий анъананинг асл моҳияти келганкетганнинг олдида топган-тутганни кўз-кўз қилишда эмас, қўни-қўшни, қариндош-уруғ, ошна-оғайни, ѐр-дўст орасидаги меҳр риштасини янада мустаҳкамлашда эканини унутиб қўймаслигимиз керак. Чунки, яқин кишиларнинг тезтез бир-бирини йўқлаб туришларида ҳикмат кўп. Кексаларнинг айтишича, аввалги пайтларда меҳмондорчиликдан мақсад еб-ичиш бўлмаган, тез-тез йиғилиб турган ота-боболаримиз маърифий суҳбатлар қуришган, қиссахонлик, ғазалхонлик қилишган. Ҳазил-ҳузул, аскиябозлик бўлган. Афсуски, ана шундай гўзал қадриятлар унутилиб бораѐтир. Донолар айтадиларки, дунѐ бир меҳмонхона, унинг меҳмони ҳам, мезбони ҳам одамлар. Шундай экан, барчамиз бир-биримиздан иззату ҳурматни, меҳру мурувватни дариғ тутмаслигимиз лозим. Табассум. Юзлаб одамлар ўтиб-қайтаѐтган гавжум кўчадан боряпсиз. Демак, манзилга етгунингизгача танишу нотаниш чеҳраларга кўзингиз тушади. Ана шунда сиз уларга очиқ юз билан, жилмайиб боқинг. Кўрасизки, шу беозор табассумингиз туфайли юзлаб одамларнинг кайфияти кўтарилади. Ишонмайсизми? У ҳолда айтингчи, бир лаҳзалик табассумнинг баҳоси қанча туради? Жуда ғалати савол, шундай эмасми? Жавоб қилишга шошилманг. Фақат кейинги кунларингизни бирровгина хотирланг. Кайфиятингиз чоғ, юзларингиз кулгудан чарақлаб турган кезларингизда уззукун омад сизга ѐр бўлганини эсланг. Ахир ўша кунда ѐн верингиздаги кишилар ҳам 15 Афсуски, бундай кунлар ҳаѐтингизда жуда оз… Нима учун шундайлигини биласизми? Агар бу ҳақда ўйлаб кўрганингизда эди, турмушингиздаги кўпгина муаммолар ўз ечимини топган бўлур эди. Масалан, қайси муаммолар? Ҳасрат, омадсизлик, қайғу ва ноҳақлик, жанжалли воқеалар… Аслида бундай нохушикларнинг чеку чегараси бормикан? Сиз Гегель фалсафасини бир эсланг… Ҳаѐт азалдан бахтиѐрлик ѐхуд бебахтлик учун мослаштирилган эмас. Аксинча: “Ҳаѐтимиз қандай бўлиши сизу бизнинг унга қандай маъно бахш этишимизга боғлиқ” дейди у. Кулгусиз ўтган кунларимизда нима учун омад биздан йироқлашганини энди тушунаѐтгандирсиз? Ўйлаб қарасак, эндиликда бизнинг табассумларимиз нақадар қиммат туради! Уни ҳамма ҳаммадан, ҳатто ўзимиздан-да қизғонамиз. Хушчеҳралик билан эмас, аксинча жиддийроқ туриб иш юритишни маъқул кўрамиз. Жиддиятимиз гоҳо ғазабга айланади-ю, ўзимизга калтак бўлиб қайтади. Даниялик машҳур рассом шу каби ҳолатни бир неча расмларда усталик билан тасвирлайди. Нимадандир ғазабланган бошлиқ ѐрдамчисига заҳрини сочади. Шунда ѐрдамчи ҳам хизматчилардан бирини қаттиқ койийди. Хизматчи ишлаб ўтирган машинисткани урушиб беради, машинистка эшикда ўтирган қоровулдан аламини олади. Бекордан бекорга гап эшитган қоровул оѐғи остида ѐтган кучукни тепиб юборади. Кучук ўз эгасини қопишга ботинолмай, хонасидан чиқиб келаѐтган бошлиқнинг оѐғини тишлаб олади. Шундай қилиб, бу ғавғонинг бош сабабчиси бежазо қолмайди… “Табассум бир лаҳзада пайдо бўлади,- дейди машҳур психологлардан бири. Инсон юзидаги илиқ табассум билан ҳар қандай давранинг азиз меҳмонига айланади!” Сиз қандай даврада бўлманг, ёнингиздагилардан табассумингизни дариғ тутманг. Уларга жилмайиб нигоҳ ташланг. Зеро лаҳзалик табассумингиз чеҳраларда қотган 16 музларни дарров эритиб юборсин. У меҳрдан тузилган гулшодалар янглиғ кўнгилларга сочилиб кетсин. Аслида борлиқ бизнинг табассумларимиз билан гўзал. Ҳаѐт эса табассумлар билан янада азиз, қадрли.
Материаллар ЎзМУ Ахборот хизмати томонидан тайёрланди.
Унда республика ОАВ хабарларидан фойдаланилди.
Сўнгги фикрлар