“АХБОРОТ СОАТЛАРИ” № 2-2016

Ҳафтанинг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеалари (5-10 сентябрь кунлари)

МИРЗО УЛУҒБЕК НОМИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИ

“АХБОРОТ СОАТЛАРИ” № 2-2016

Ҳафтанинг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеалари (5-10 сентябрь кунлари)

ТОШКЕНТ

ЎзМУ – 2016

 Факультет деканининг Маънавият ва маърифат ишлари бўйича ўринбосарлари ва мураббийлар диққатига! Талабаларга “Ахборот соатлари” материаллари билан www.nuuz.uz ва www.uchildiz.uz веб-сайтлари орқали ҳам танишиш тавсия этилиши мақсадга мувофиқдир.

 I. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДАГИ ИҚТИСОДИЙ, ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ВОҚЕАЛАРГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАР

 

2016 ЙИЛ 4 ДЕКАБРЬ ПРЕЗИДЕНТ САЙЛОВИ КУНИ

2016 йилнинг 9 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси аъзолари, сиёсий партияларнинг раҳбарлари ва оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этди.

Мажлис қатнашчилари Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов хотирасини ёд этиб, ҳурмат бажо келтиришди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 96, 117-моддалари ҳамда «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги Қонуннинг 8-моддасига, “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги Қонуннинг 5 ва 9-моддаларига мувофиқ 2016 йил 4 декабрь, якшанба кунини Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови куни деб белгилаш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси жорий йилнинг 9 сентябридан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича сайлов кампанияси бошланганлигини эълон қилди.

Марказий сайлов комиссияси мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича Асосий тадбирлар дастури ҳам тасдиқланди.

Мажлисда сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ барча тадбирлар Марказий сайлов комиссияси, тузиладиган сайлов комиссиялари томонидан очиқ ва ошкора, «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги Қонунга тўлиқ мувофиқ ҳолда амалга оширилиши таъкидланди.

Шунингдек, Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот марказини тузиш ҳақида қарор қабул қилди. Матбуот маркази Тошкент шаҳри, Навоий кўчаси, 16-уй манзили бўйича жойлашган.

Шу куннинг ўзида мамлакатимиз ва чет эл оммавий ахборот воситалари вакиллари учун брифинг ўтказилди.

 

ШАВКАТ МИРЗИЁЕВНИНГ ОЛИЙ МАЖЛИС ҚЎШМА МАЖЛИСИДА СЎЗЛАГАН НУТҚИДАГИ АСОСИЙ ЖИҲАТЛАР

Бугун биз халқимизни ишонтириб, баланд овоз билан айтишимиз зарурки, буюк устозимизнинг сиёсий мероси, яъни, у киши белгилаб берган тараққиётимизнинг асосий тамойиллари, устувор йўналишлар, мақсад ва вазифаларни сўзсиз ва тўлиқ амалга ошириш биз учун ҳам қарз, ҳам фарздир.

Биринчидан, биз ҳар доим Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг чуқур маъноли ўгитларини, айниқса, “Бизга тинчлик ва омонлик керак!” деган сўзларини ҳеч қачон эсдан чиқармаслигимиз лозим.

Турли хавф-хатарлар кучайиб бораётган бугунги таҳликали вазиятда бебаҳо бойлигимиз бўлган тинчлик ва осойишталикни кўз қорачиғидек сақлашимиз, юртимиздаги миллатлар ва динлараро ҳамжиҳатлик, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибат муҳитини янада мустаҳкамлашимиз керак.

Шу билан бирга, жамиятимизда қонун устуворлиги, тартиб-интизом, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашимиз зарур. Барчамизга маълумки, Ислом Абдуғаниевич Каримов “Одамлар ҳамма нарсага чидаши мумкин, лекин адолатсизликка чидай олмайди”, деб кўп-кўп таъкидлар эдилар. Биз барпо этаётган ҳуқуқий давлатда адолатсизликнинг ҳеч қандай шаклда устун бўлишига йўл қўймаслигимиз зарур. Бу ҳокимиятнинг барча тармоқлари, энг аввало, давлат бошқаруви органларининг ва айниқса ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг биринчи даражали вазифасидир. Биз халқимизнинг, бугунги замоннинг ана шу муҳим талаби сўзсиз бажарилишини таъминлашимиз шарт.

Иккинчидан, давлатимиз хавфсизлигини ҳар томонлама мустаҳкамлашимиз, ҳар бир фуқаронинг тинчлиги ва осойишталигини таъминлашимиз лозим. Вазиятни издан чиқариш, нифоқ солиш, душманлик уруғини сепиш, турли можароларни келтириб чиқариш ва ҳатто қон тўкилишини истаётган кучлар ҳам мавжудлиги ҳеч кимга сир эмас.

Очиқ тан олиш керак, биз нотинч замонда, нотинч бир минтақада яшамоқдамиз. Шу сабабли Ватанимиз ҳимоясини ишончли кафолатлаётган, мудофаа қобилиятимизни мустаҳкамлаётган ва давлат чегараларимиз дахлсизлигини таъминлаётган тизимли чора-тадбирлар комплексини жорий этишни қатъият билан давом эттиришимиз зарур.

Биз Қуролли Кучларимиз ва ҳуқуқ-тартибот органларимизни бундан кейин ҳам ҳар томонлама мустаҳкамлаб борамиз. Ҳеч кимда заррача ҳам шубҳа бўлмаслиги керак – мамлакатимиз суверенитети ва мустақиллигига хавф туғдирадиган ички ва ташқи кучларнинг ҳар қандай ҳаракатларига, ҳар қандай уринишларига қатъий ва муносиб зарба берилади.

Бизнинг яна бир энг муҳим устувор вазифамиз – Ислом Абдуғаниевич Каримов томонидан ишлаб чиқилган “ўзбек модели”нинг асоси бўлмиш беш тамойилни амалга ошириш асосида иқтисодиётда таркибий ўзгаришларни давом эттириш ва унинг рақобатдошлигини таъминлашдан иборат.

Мамлакатимизнинг келгуси ривожи, халқимиз фаровонлиги, унинг турмуш даражаси ва сифатини юксалтириш айнан шу масалага боғлиқ.

Жаҳон иқтисодиётида ўсиш суръатлари секинлашиб, энг муҳим экспорт товарларимизга ташқи талаб камайиб, дунё бозорида уларнинг нархи пасайиб бораётган шароитда Ислом Абдуғаниевич Каримов томонидан иқтисодиётимизни ислоҳ қилишни чуқурлаштириш бўйича белгилаб берилган устувор вазифаларни бажаришга қаратилган ишларимизни янада кучайтиришимиз керак.

Шу билан бирга, Олий Мажлис палаталарининг 2015 йил январь ойидаги қўшма мажлисида таклиф этилган Вазирлар Маҳкамасининг Ҳаракат дастурини амалда бажаришни давом эттириш зарур. Бу борада иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришни давом эттириш, хусусий мулкни ривожлантиришни жадаллаштириш, давлатнинг иқтисодиётдаги улушини камайтириш ва таркибий ўзгартиришларни жадаллаштиришга қаратилган ишларни изчил амалга ошириш муҳим аҳамиятга эгадир.

Юқорида айтилган фикрлардан келиб чиққан ҳолда, асосий диққат-эътиборни қуйидаги устувор вазифаларга қаратиш зарур, деб ҳисоблаймиз.

Биринчидан, макроиқтисодий барқарорликни янада мустаҳкамлаш ва кейинги йиллардаги иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолиш зарур. Миллий валютамиз барқарорлигини таъминлаш, банк тизимини мустаҳкамлаш, мамлакатимизда ва маҳаллий даражада бюджет барқарорлигини таъминлаш бўйича қўшимча комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш керак.

Бунда четдан қарз олиш бўйича консерватив ёндашув сиёсатини давом эттириш, давлатнинг ташқи қарзи ҳаддан зиёд ошиб кетишига йўл қўймаслик муҳим аҳамият касб этади. Буларнинг барчаси Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг аввало ўзимизнинг куч ва имкониятларимизга таяниш зарурлиги ҳақидаги узоқни кўзлаган стратегиясини давом эттириш билан боғлиқ.

Иккинчидан, нодир ва қимматбаҳо металларни чуқур қайта ишлаш, озиқ-овқат ва кимё саноатини ривожлантириш бўйича қабул қилинган дастурларни амалга оширишимиз зарур.

Учинчидан, ташқи бозорларда рақобат ва беқарорлик кучайиб бораётган шароитда иқтисодиётнинг реал тармоқлари билан бир қаторда мамлакатимиз ҳудудларида ҳам рақобатдош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва экспорт салоҳиятини ошириш алоҳида аҳамиятга эга.

Ана шу мақсадда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, шунингдек, фермер хўжаликларининг экспортда иштирок этишини янада рағбатлантириш бўйича қўшимча комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш зарур. Бу иқтисодий ўсиш, тармоқлар ва ҳудудларни ривожлантириш, аҳолининг меҳнат билан бандлигини таъминлаш ва моддий фаровонлигини оширишнинг асосий локомотиви бўлиши керак.

Тўртинчидан, Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнес субъектлари манфаатларини мустаҳкам ҳимоя қилиш тўғрисидаги талаб ва топшириқлари ижросини изчил давом эттириш даркор. Турли бюрократик тўсиқлар ва асоссиз текширувларни бундан кейин ҳам қатъият билан чеклаш зарур.

Бешинчидан, энг муҳим ижтимоий-иқтисодий вазифа – Олий Мажлис палаталари томонидан тасдиқланган Аҳолининг меҳнат билан бандлигини ошириш дастурини бажаришдан иборат. Йил охирига қадар бир миллиондан зиёд янги иш ўринларини ташкил этишимиз зарур. Касб-ҳунар коллежларининг 480 минг нафар битирувчисини ишга жойлаштириш масаласи алоҳида назоратни талаб қилади.

Биз жамиятнинг ижтимоий табақаланиш даражасини пасайтириш, мамлакатимизда ўта бойлар ҳам, ўта камбағаллар ҳам бўлмаслиги бўйича Ислом Абдуғаниевич томонидан белгилаб берилган сиёсатни қатъий давом эттирамиз.

Олтинчидан, халқаро коммуникация тармоқларига уланган замонавий йўл-транспорт ва муҳандислик инфратузилмасини шакллантириш, шунингдек, миллий ахборот-коммуникация тизимларини ривожлантириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан пухта ўйланган ва ишлаб чиқилган стратегияни амалга оширишни давом эттирамиз.

Бугунги шароитда энг илғор ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш устувор аҳамият касб этмоқда. Бу соҳада қабул қилинган Миллий дастурга мувофиқ, телекоммуникация технологияларини, алоқа тизимлари ва инфратузилмасини янада ривожлантириш, информацион тизимлар комплекслари ва “Электрон ҳукумат” ахборот базасини шакллантиришимиз керак.

Мамлакатимиз ҳудудларини комплекс ривожлантириш соҳасидаги ишларни давом эттириб, Қарши, Шаҳрисабз, Тошкент, Термиз, Наманган ва Урганч шаҳарларини ободонлаштириш бўйича мамлакатимиз Президенти томонидан қабул қилинган қарорларнинг амалда бажарилишини таъминлаш керак.

Қишлоқ хўжалигини янада ислоҳ қилиш ва ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги вазифа – кўп тармоқли фермерликни ривожлантириш, ҳар бир фермер хўжалигининг иқтисодий самарадорлиги ва молиявий барқарорлигини таъминлашдир. Бу масалани биз мамлакатимиз озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг гарови деб ҳисоблаймиз.

Ислом Абдуғаниевич Каримов ташаббускори бўлган қишлоқларимиз қиёфасини тубдан ўзгартириш, қишлоқ аҳолиси учун шаҳар даражасидаги турмуш шароитини таъминлайдиган намунавий уй-жойларни ва тегишли инфратузилмани қуриш бўйича дастурни фаол давом эттирамиз.

Таълим ва тарбия, илм-фан, соғлиқни сақлаш, маданият ва санъат, спортни ривожлантириш масалалари, ёшларимизнинг чуқур билимга эга бўлиши, чет тилларини ва замонавий ахборот-коммуникация технологияларини пухта эгаллашини таъминлаш доимий устувор вазифамиз бўлиб қолади.

Энг муҳим йўналишлардан яна бири – жамиятимизда демократик жараёнларни чуқурлаштириш, фуқаролик институтлари ривожланишини қўллаб-қувватлаш, сиёсий партияларнинг обрў-эътибори ва таъсирини ошириш, сайловчиларнинг овози учун рақобатни кучайтиришдан иборат.

Биз бундан буён ҳам барча хорижий мамлакатлар, жаҳон ҳамжамияти билан самарали ҳамкорлигимизни давом эттирамиз.

Ҳеч қандай ҳарбий-сиёсий блокларга қўшилмаслик, бошқа давлатларнинг ҳарбий базалари ва объектлари Ўзбекистон ҳудудида жойлашишига, шунингдек, ҳарбий хизматчиларимизнинг мамлакатимиз ҳудудидан ташқарида бўлишига йўл қўймаслик, илгаригидек, давлатимизнинг қатъий сиёсий позицияси бўлиб қолади.

Мамлакатимизнинг миллий манфаатларини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлган Марказий Осиё минтақаси Ўзбекистон ташқи сиёсий фаолиятининг асосий устувор йўналиши ҳисобланади. Биз ўзимизнинг яқин қўшниларимиз Туркманистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон билан очиқ, дўстона ва прагматик сиёсат олиб боришга содиқ қоламиз.

Ташқи сиёсатимизнинг устувор йўналиши бу – Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари билан алоқаларимизни мустаҳкамлашдан иборат. Биринчи навбатда, Россия Федерацияси билан Стратегик шериклик, Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномалар ва бошқа муҳим келишувлар асосида дўстона алоқаларни изчил ривожлантириш ва кучайтириш икки мамлакат манфаатларига жавоб беради ва минтақада барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Америка Қўшма Штатлари билан ўзаро манфаатли ва конструктив ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантириш бизнинг ташқи сиёсатимизда устувор аҳамиятга эга бўлиб қолади.

Ўзбекистон минтақадаги яқин қўшнимиз ҳамда глобал ва минтақавий муаммоларни ечишда муҳим роль ўйнайдиган Хитой Халқ Республикасибилан ҳар томонлама стратегик ҳамкорликни янада мустаҳкамлашдан манфаатдордир.

Осиё ва Тинч океани минтақасида биз Япония, Корея Республикаси ва бошқа давлатлар билан иқтисодиёт, инвестициялар, фан ва технологиялар, таълим, соғлиқни сақлаш ва туризм соҳаларида ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантиришга устувор даражада аҳамият берамиз.

Ўзбекистон учун Европанинг етакчи давлатлари, авваламбор Германия, Франция ва Буюк Британия, Марказий ва Шарқий Европа давлатларибилан ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш муҳим аҳамият касб этади.

Биз Ҳиндистон, Покистон ва Жанубий Осиёнинг бошқа давлатлари билан сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни янада ривожлантириш тарафдоримиз.

Ўзбекистон Афғонистонга нисбатан анъанавий равишда яқин қўшничилик ва дўстона сиёсат олиб боради.

Биз Яқин ва Ўрта Шарқ давлатлари билан ўзаро манфаатли ва кенг қиррали муносабатларни ривожлантириш ва мустаҳкамлашни давом эттирамиз.

Лотин Америкаси ва Кариб минтақаси, Африка қитъасининг етакчи давлатлари билан алоқаларни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш Ўзбекистоннинг миллий манфаатларига жавоб беради.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа халқаро ташкилотлар билан фаол муносабатлар ва ҳамкорлик олиб бориш Ўзбекистоннинг миллий манфаатларига хизмат қилади.

Биз Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки, Халқаро валюта жамғармаси, бошқа халқаро молия ва иқтисодий ташкилотлар билан давлатимиз иқтисодиётида амалга оширилаётган таркибий ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ҳамкорликни янада ривожлантирамиз.

 

ВЛАДИМИР ПУТИН ИСЛОМ КАРИМОВ ХОТИРАСИГА ҲУРМАТ БАЖО КЕЛТИРДИ

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг порлоқ хотирасини ёд этиш маросимлари давом этмоқда.

Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин 6 сентябрь куни Самарқанд шаҳрига ташриф буюрди. Самарқанд халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Мирзиёев кутиб олди.

Владимир Путин ва Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов қабрига гул қўйдилар ва унинг хотирасига ҳурмат бажо келтирдилар.

Владимир Путин Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов қабрига гул қўйди ва унинг хотирасига ҳурмат бажо келтирди.

Россия Федерацияси раҳбари Самарқанд шаҳридаги Форумлар мажмуасига ташриф буюриб, Ислом Каримовнинг рафиқаси Татьяна Каримова ва қизи Лола Каримова-Тиллаевага чуқур ҳамдардлик изҳор этди.

Форумлар мажмуасида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Мирзиёев ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг учрашуви бўлиб ўтди.

Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги ҳамкорлик 2004 йил 16 июнда имзоланган Стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома, 2005 йил 14 ноябрда имзоланган Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома асосида изчил ривожланиб бормоқда.

Ўзаро ҳамкорлик кенг кўламли ва самарали бўлиб, ҳукуматлараро ва идоралараро алоқалар олий даражадаги учрашувларда эришилган келишувларни амалга оширишда муҳим омил бўлмоқда. Мамлакатларимиз БМТ, ШҲТ, МДҲ каби халқаро тузилмалар доирасида ҳам самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Мирзиёев Россия Федерацияси Президенти Владимир Путинга халқимизнинг ардоқли фарзанди, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасини ёд этиш мақсадида мамлакатимизга ташриф буюргани учун миннатдорлик билдирди. Ушбу ташриф Владимир Путиннинг Ислом Каримовга, Ўзбекистон халқига юксак ҳурматидан далолат беришини қайд этди. Ўзбекистон Ислом Каримов ва Владимир Путин асос солган мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини давом эттириши ва янада мустаҳкамлашини алоҳида таъкидлади.

Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов Ўзбекистон учун, ўз халқининг фаровонлиги учун улкан ишлар қилгани, энг мураккаб пайтларда ҳам тинчлик ва барқарорликни таъминлагани, бу мамлакат тараққиётига хизмат қилганини алоҳида таъкидлади. Россия давлатларимизнинг ўзаро ҳамкорлигини давом эттириш ва ривожлантириш тарафдори эканини қайд этди.

Учрашувда Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасида турли соҳалардаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга оид масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Шу билан Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг Ўзбекистонга ташрифи ниҳоясига етди.

 

ШАВКАТ МИРЗИЁЕВ «БОИНГ – ФУҚАРО САМОЛЁТЛАРИ» КОМПАНИЯСИ ПРЕЗИДЕНТИ БИЛАН УЧРАШДИ

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Мирзиёев 7 сентябрь куни «Боинг – фуқаро самолётлари» компанияси президенти Рэймонд Коннерни қабул қилди.

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов вафоти муносабати билан Рэймонд Коннер «Boeing» компанияси номидан Ўзбекистон ҳукумати ва халқига чуқур ҳамдардлик билдирди.

«Boeing» компанияси билан фуқаро авиацияси соҳасида эришилган юқори даражадаги ўзаро манфаатли ва узоқ муддатли ҳамкорлик мамлакатнинг биринчи президенти Ислом Каримов қўшма лойиҳаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлагани самараси экани таъкидланди.

Бугун «Boeing» компанияси Ўзбекистоннинг йўловчи ташийдиган замонавий самолётлар етказиб бериш, улардан фойдаланиш ва хизмат кўрсатиш борасидаги ишончли ҳамкори ҳисобланади. «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси айни пайтда 15та «Boeing» самолётидан фойдаланмоқда. Миллий авиакомпания томонидан амалга оширилаётган барча ташувларнинг ярмидан кўпи айнан ушбу ҳаво лайнерлари ҳиссасига тўғри келмоқда ва бу авиакомпаниямизнинг минтақадаги йирик ҳамда жадал ривожланаётган авиакорхоналардан бири сифатидаги ўрнини мустаҳкамлашда алоҳида аҳамият касб этмоқда. Ўзбекистон мустақиллигининг 25 йиллиги арафасида миллий авиакомпания самолётлари сафига энг замонавий ва шинам «Boeing 787 Dreamliner» ҳаво кемаси ҳам қўшилди. Мазкур лайнер шу йилнинг 5 сентябридан Урганч, Бухоро ва Нукус шаҳарларига дастлабки парвозларни амалга оширган бўлса, келгуси ҳафтадан халқаро авиайўналишларга қатнай бошлайди. Жорий йилнинг ноябрь ойида эса Ўзбекистонга иккинчи «Dreamliner» келтирилади.

Ўзбекистонда, жумладан, миллий авиакомпания ўқув-машғулот марказини комплекс тренажёр ускуналари билан таъминлаш орқали учувчи ва мутахассислар тайёрлаш бўйича ҳамкорликда самарали ишлар олиб борилмоқда.

Шу йилнинг январь ойида янги қўшма лойиҳа – «Uzbekistan Airways Technics» авиакорхонаси базасида замонавий самолётлар конструкциясининг йирик композит материалларини таъмирлаш бўйича минтақавий марказ ишга туширилди. Рэймонд Коннер қўшма лойиҳалар қўллаб-қувватланаётгани учун самимий миннатдорлик билдирди ва у раҳбарлик қилаётган компания ўзбекистонлик ҳамкорлар билан ўзаро манфаатли ҳамда самарали ҳамкорликни давом эттиришга тайёр эканини таъкидлади.

 II. ЖАҲОН МИҚЁСИДАГИ ИҚТИСОДИЙ, ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ВОҚЕАЛАРГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАР

 ПАН ГИ МУН: КХДРНИНГ ЯДРО СИНОВИ СУРИЯ ИНҚИРОЗИДАН ЖИДДИЙРОҚДИР

БМТ бош котиби Пан Ги Муннинг баёнот беришича, КХДРнинг ядро синовлари жаҳон ҳамжамияти дуч келаётган жиддий муаммолардан биридир, деб хабар қилмоқда Аssociated Press агентлиги. Бош котибнинг қайд этишича, Шимолий Кореянинг ядро қуролини қўллаши оқибатлари Сурия инқирози ва бошқа можароларнинг оқибатларидан ҳам аянчлироқ бўлиши мумкин. «Мен улар нима учун ўзларини шундай тутаётганини тушуна олмаяпман. Албатта, оддий корейс фуқароси ҳамда Бош котиб сифатида бундай вазиятдан жудаям ташвишдаман», — деган Пан Ги Мун.

КХДР 9 сентябрь кун ядро синови ўтказгани хабар қилинган эди.

 

АҚШ ЎЗИ ҚИЛАЁТГАН ИШЛАРДА БОШҚА ДАВЛАТЛАРНИ АЙБЛАМОҚДА

P PhotoАҚШ Россия ва бошқа давлатларни фитналарда айблаётган бўлса-да, аслида унинг ҳатти-ҳаракатлари фитналидир, деб ёзмоқда The National Interest нашри. Мақола муаллифи Тед Гален Карпентер ўз мақоласида турли хил вазиятларни таҳлил қилиб, АҚШ қуролли кучларининг айблови, уларнинг ҳаракатларига тамоман зидлигини таъкидлайди. Яъни, Америка қуролли кучлари ўз ҳудудларидан узоқда бўлиши ҳамда бошқа давлатларнинг миллий манфаатлари доирасида ҳаракатланганига қарамай, айнан ўша давлатларни фитналарда айбламоқда.

«Бу мавзу, бизлар энг кўп дуч келаётган масаладир: гўё АҚШнинг халқаро ҳарбий майдондаги барча ҳаракатлари нафақат қаршиликка учрамаслиги, балки бу борада савол ёки танқидга ўрин қолдирмаслиги керак»,— деб ёзади муаллиф.

Карпентер ўз фикрининг исботи сифатида Россия билан Сурия, Болтиқбўйида, Эрон билан Форс кўрфазида, Хитой билан Жанубий Хитой денгизида юз берган вазиятларни ёдга олади.

Хусусан, Вашингтон ва Америка ОАВ Москвани Сурия можаросига ҳарбий аралашувини қоралар экан, ўзининг ундаги иштирокини нафақат нормал ҳолат, аксинча зарурат нуқта-и назаридан баҳолаганди.

«Америка лочинлари, Сурия Россия чегараларидан минг километрдан ҳам камроқ узоқликда жойлашганига эътибор ҳам бермай, Россиянинг ҳаракатларидан ғазабланмоқда. Бунинг устига, ҳукмрон Асад оиласи қачонлардан бери Москванинг «сиёсий мижози» ҳисобланади», — дея изоҳлайди Карпентер.

АҚШ Болтиқбўйида ҳам худди шундай икки хил стандартлар сиёсатини қўллаяпти. Расмий Вашингтон, бир неча марта Россия ҳарбий кемаси ёки самолёти Америка ҳарбий кемаларига ноқулайлик яратганидан куйиниб шикоят қилди. Аммо, наҳотки, ҳукумат вакилларининг миясига, расмий Москва, Россия чегараларининг бевосита яқинида ҳаракатланаётган америкаликларни таҳдид сифатида кўришга тўла ҳақли, деган фикр келмаган бўлса.

«АҚШ қуролли кучларининг ҳар қандай ҳаракати, ҳатто улар бошқа йирик давлатларнинг яқинида амалга оширилганида ҳам фитнага сабаб бўла олмайди, деган позиция тобора кучайиб бораяпти». Муаллифнинг ёзишича, Вашингтон ўз ҳудудидан минглаб километр узоқликдаги Жанубий Хитой денгизида ҳам худди шундай йўл тутмоқда. Албатта, АҚШ бу ҳолатда ўзининг эмас, балки Хитой ҲҲК ва ҲДФнинг амалиётларини «хавфли, фитнали ва номақбул» дея жар солган, гарчи бу минтақа АҚШдан кўра ХХРга яқинроқ бўла ҳам. Август ойида Форс кўрфазида АҚШ ва Эрон кемалари хавфли масофада яқинлашди. Ислом республикасининг унча катта бўлмаган патрул кемаси Американинг миноносецини қувиб етиб, уни кузатиб қўйди. Оқ уй шу ондаёқ, бу ҳодисани «даҳшатли финта» дея баҳолади. «Афтидан, ҳеч ким бу воқеани АҚШ фитнаси деб ҳисобламаган кўринади. Ахир, оғир қуролланган миноносецни бошқа ҳарбий кемалар ҳамроҳлигида ўз ҳудудидан 6 минг миль узоқликда, Эрон соҳилларининг бир неча миль яқинида бошқариш фитнадан бошқа нарса эмас-ку», — дея куйинади мақола муаллифи. Карпентернинг сўзларига кўра, Америка ҳукумати ва ОАВ, бошқа мамлакатлар АҚШнинг бу каби ҳатти-ҳаракатларини дўстона қабул қилмаслиги табиий ҳол эканини англаб етиши керак. «Биз яхши инсонлармиз, шунинг учун биз нима қилсак хато ҳам эмас, фитна ҳам», деган, фақат ўзини қониқтирадиган фикр— бир вактнинг ўзида ҳам хавфли, ҳам хомхаёлдир», — деб хулоса қилган Тед Гален Карпентер.

 

ЖОРЖ БУШНИНГ 11 СЕНТЯБРДАГИ МУЛОҚОТЛАРИ ЭЪЛОН ҚИЛИНДИ

АҚШнинг собиқ президенти Жорж Бушнинг 2001 йил 11 сентябрь қўпорувчиликлари чоғида, президент самолёти бортида олиб борган музокараларининг тўлиқ матни эълон қилинди. Уни, Бушнинг матбуот котиби Ари Флейшер ошкор қилган. Маълум бўлишича, ўша куни Флейшер президент оғзидан чиққан деярли ҳар бир сўзни ёзиб олган, деб изоҳламоқда РИА Новости.

«Мен буни ким амалга оширганини тезроқ аниқлаш учун ўзимни зўрға тия олаяпман. Бу анча вақтни олади, аммо жазоси енгил бўлмайди», — дея Буш сўзларини келтиради агентлик. Флейшер ёзувларига кўра, собиқ президент махсус хизматларнинг тақиқига ҳам қаршилик кўрсатишга уриниб кўрган. Буш Вашингтонга қайтишни хоҳлаганида, унинг ёрдамчиси пойтахтда нотинчлигини айтади. Флейшер стенограммасида шунингдек, президент самолёти бортида бўлиб ўтган қандайдир суҳбат ҳам ёдга олинади. Унда: «Навбатдаги — фаришта» дейилган. «Фаришта» сўзи президент самолётининг кодланган номи бўлгани боис, ҳаво лайнерида бўлганлар, террорчиларнинг навбатдаги нишони бўлишдан хавотирланишган. Кейинроқ аниқланишича, хабар хато бўлган. Шу сабаб, Американинг биринчи рақамли бортидаги алоқа тизими бутунлай янгиланган.

Шунингдек, матбуот котиби ёзувларида Бушнинг ўз оиласи ва ити Берни ҳаётига қайғургани ҳақида сўз боради.

 

III. МИРЗО УЛУҒБЕК НОМИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИДА

 МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТДА ЎЗБЕКИСТОННИНГ БИРИНЧИ ПРЕЗИДЕНТИ ХОТИРАСИГА БАҒИШЛАНГАН «ХОТИРА ДАРСЛАРИ» БЎЛИБ ЎТДИ

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети бош биноси фойесига ўрнатилган Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов сурати пойига 4 сентябрь куни эрта тонгдан минглаб талаба-ёшлар ва педагог ходимлар гуллар қўйишиб, таъзим бажо айладилар.

Шундан сўнг ўқув залларида, кенг ва шинам аудиторияларда бошланган “Хотира дарслари”ни талабалар қунт билан тингладилар.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг ўринбосари Ботир Усмонов, ЎзМУ ректори Абдураҳим Абдушукуров ва бошқалар Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов бутун фаолияти давомида таълим соҳасига алоҳида эътибор билан қараб, уни давлат сиёсати даражасига кўтаргани, ёш авлод камолоти йўлида мунтазам ғамхўрлик кўрсатганини алоҳида таъкидладилар.

Айтиш жоизки, Ислом Каримов ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 14 сентябрдаги “Тошкент Давлат университетига Мирзо Улуғбек номини бериш тўғрисида”ги Қарорига биноан Тошкент Давлат университетига Шарқнинг буюк олими ва мутафаккири Мирзо Улуғбек (Муҳаммад Тарағай Улуғбек) номи берилган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2000 йил 28 январдаги “Тошкент Давлат университетига “Ўзбекистон Миллий унверситети” мақомини бериш тўғрисида”ги Фармони билан бу ўқув даргоҳи “Миллий университет” мақомига эга бўлган ва у Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети деб аталмоқда. Бу тарихий Фармонда, Ватан ва миллат тараққиёти йўлида фидойилик кўрсатган жадид зиёлиларимизнинг буюк хизматларини эътироф этиш, тарихий ҳақиқатни тиклаш, ёшлар қалбида истиқлол ғояларига садоқат туйғуларини тарбиялаш, умуминсоний ва миллий илм-фан қадриятларини авлодлар онгига теран сингдириш, Тошкент Давлат университетининг азалий юксак мавқеини ўз жойига қўйиш, Кадрлар тайёрлаш миллий дастурида белгиланган вазифаларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 9 апрелдаги “Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг 90 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги Қарорига биноан бу ўқув даргоҳининг юбилейи катта тантаналар билан нишонлангани тарих зарварақларига зарҳал ҳарфлар билан битилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 11 май куни қабул қилинган “Ўзбекистон Миллий университети фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорида олий таълим ривожининг жаҳон тажрибасини ҳисобга олган ҳолда юқори малакали мутахассислар тайёрлаш даражаси ва сифатини тубдан ошириш, Миллий университетнинг илмий салоҳиятини янада мустаҳкамлаш, ўқув жараёнининг илмий-тадқиқот фаолияти билан узвий алоқасини кучайтириш, профессор-ўқитувчилар ва талабаларни фундаментал ва амалий тадқиқотлар ўтказишга кенг жалб этиш вазифалари ҳам белгиланган.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, давлатимиз раҳбари Ислом Каримов ўз фаолияти давомида бир неча бор “Ёшлик” талабалар шаҳарчасига ташриф буюриб, бу масканнинг қиёфасини тубдан ўзгартиришга, қатор иншоотлар бунёд этилишига раҳнамолик қилганларини, талабалар билан ўтказган суҳбатларида ёшлар қалбида келажакка янада умид ва ишонч уйғотганини бугун барчамиз энтикиб эслаймиз.

Юртбошимиз Миллий университетимизга алоҳида эҳтиром билан қарар экан, уни – мамлакатимизда Карвонбоши университет, дея таърифлагани профессор-ўқитувчиларимиз, олимларимизга руҳан қанот бахш этган.

Қарийб бир аср мобайнида республикамиздаги ўнлаб университетлар ва институтлар мана шу олий таълим муассасаси заминида пайдо бўлган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 13 май куни қабул қилинган “Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетини ташкил этиш тўғрисида”ги Фармонига кўра ўз фаолиятини бошлаётган янги университет ҳам ЎзМУнинг ўзбек филологияси факультети ва бошқа таълим муассасалари негизида вужудга келган.

Бугунги талаба-ёшлар Ислом Каримов мустақил Ўзбекистон давлатининг асосчиси, юртимизни собиқ мустабид тузум қарамлигидан озод қилиб, уни замонавий асосда тараққий эттириш стратегиясини, бутун жаҳонда “ўзбек модели” деган ном билан тан олинган ривожланиш йўлини ишлаб чиққан, жаҳон миқёсида катта обрў-эътибор қозонган буюк давлат ва сиёсат арбоби сифатида Ватанимиз тарихида мангу қолаётганини теран англайдилар.

“Хотира дарслари” давомида махсус мониторда намойиш этилган “Марра – бизники” деб номланган фильм талабаларда катта таассурот қолдирди.

 

МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТ КЕНГАШИДА

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг навбатдаги Кенгаши йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилиш аввалида университет ректори Абдураҳим Абдушукуров Биология факультети “Биотехнология” кафедраси мудири Дилбар Мирзараҳметовага Техника фанлари доктори дипломини тантанали равишда топшириб, илмий-педагогик ишларига омадлар тилади. Айтиш ўринлики, Миллий университетимизда докторлик диссертациясини ҳимоя қилаётган катта илмий ходим изланувчилар ва мустақил тадқиқотчилар сони тобора ортиб бормоқда.

Кенгаш раиси, университет ректори Абдураҳим Абдушукуровнинг “Ўзбекистон Миллий университетида мустақиллик даврида амалга оширилган ишлар ва олдимизда турган муҳим вазифалар тўғрисида”ги маърузасини йиғилиш иштирокчилари катта қизиқиш билан тингладилар.

Маърузада таъкидланганидек, юртимиз мустақиллиги йилларида таълим соҳасига, хусусан, университетимизга алоҳида эътибор билан қаралди. Давлатимиз раҳбари Ислом Каримов ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 14 сентябрдаги “Тошкент Давлат университетига Мирзо Улуғбек номини бериш тўғрисида”ги Қарорига биноан Тошкент Давлат университетига Шарқнинг буюк олими ва мутафаккири Мирзо Улуғбек (Муҳаммад Тарағай Улуғбек) номи берилган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2000 йил 28 январдаги “Тошкент Давлат университетига “Ўзбекистон Миллий унверситети” мақомини бериш тўғрисида”ги Фармони билан бу ўқув даргоҳи “Миллий университет” мақомига эга бўлган ва у Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети деб аталмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 11 май куни қабул қилинган “Ўзбекистон Миллий университети фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорида олий таълим ривожининг жаҳон тажрибасини ҳисобга олган ҳолда юқори малакали мутахассислар тайёрлаш даражаси ва сифатини тубдан ошириш, Миллий университетнинг илмий салоҳиятини янада мустаҳкамлаш, ўқув жараёнининг илмий-тадқиқот фаолияти билан узвий алоқасини кучайтириш, профессор-ўқитувчилар ва талабаларни фундаментал ва амалий тадқиқотлар ўтказишга кенг жалб этиш вазифалари ҳам белгиланган.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ўз фаолияти давомида бир неча бор “Ёшлик” талабалар шаҳарчасига ташриф буюриб, бу масканнинг қиёфасини тубдан ўзгартиришга, қатор иншоотлар бунёд этилишига раҳнамолик қилганларини, талабалар билан ўтказган суҳбатларида ёшлар қалбида келажакка янада умид ва ишонч уйғотганини бугун барчамиз энтикиб эслаймиз. Юртбошимиз Миллий университетимизга алоҳида эҳтиром билан қарар экан, уни – мамлакатимизда Карвонбоши университет, дея таърифлагани профессор-ўқитувчиларимиз, олимларимизга руҳан қанот бахш этган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 24 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг йигирма беш йиллиги муносабати билан фан, таълим, соғлиқни сақлаш, адабиёт, маданият, санъат, маънавият ва маърифат, оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий соҳалар ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармонини барча зиёлилари қатори Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети жамоаси ҳам чексиз қувонч ва ҳаяжон билан кутиб олдилар. Ушбу Фармонга биноан, Ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, миллий ғояни ривожлантириш, маънавиятимизни тиклаш, ўзлигимизни англаш йўлида катта ҳисса қўшган, ёрқин истеъдоди ва ижоди, илмий фаолияти, ҳалол хизмати, ёшларни она юртга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш ҳамда жамоат ишларидаги фаол иштироки учун Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг “Фотоника” кафедраси профессори Валиев Уйғун Воҳидович “Ўзбекистон Республикаси фан арбоби” унвони билан тақдирланган.

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан 27 август куни Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги катта мажлислар залида вазирлик ҳузуридаги марказлар ҳамда олий таълим муассасаларининг 140 нафар ходимини “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигига 25 йил” эсдалик нишони билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Улар орасида Ўзбекистон Миллий университетининг ўн нафар профессор-ўқитувчилари ҳам борлиги билан ҳақли равишда фахрланамиз.

Университет ректори галдаги вазифалар ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.

Кенгаш кун тартибига биноан ЎзМУ Ўқув-услубий бошқармаси бошлиғи Зафаржон Жабборов, Молия ва иқтисодиёт ишлари бўйича проректор Отабек Жумаев, Ўқув ишлари бўйича биринчи проректор Файзулла Агзамов, Илмий ишлар бўйича проректор вазифасини бажарувчи Акром Тошпўлатов ва бошқалар 2015-2016 ўқув йилида амалга оширилган ишлар ҳамда 2016-2017 ўқув йили режалари, ЎзМУ электрон журналини ташкил этиш ва бошқа муҳим масалалар ҳақида сўз юритдилар.

Кенгаш ишида ЎзМУнинг ўқув-услубий, илмий, маънавий-маърифий, молия ва иқтисод, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари билан ишлаш бўйича 2016-2017 ўқув йили иш режалари тасдиқланди.

 

ГЕРМАНИЯЛИК ОЛИМЛАР БИЛАН УЧРАШУВ

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети дунёдаги энг ривожланган давлатлар олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантирмоқда. ЎзМУ Хорижий филология факультети Немис филологияси кафедраси 1994 йилдан буён Германиянинг Вилгелм номидаги Вестфалия университети билан илмий ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган. Бу борадаги ўзаро манфаатлар тобора такомиллашиб, 2003 йилдан буён талабалар, илмий тадқиқотчилар алмашинуви амалга оширилмоқда.

Ўтган давр мобайнида кўплаб дарсликлар, ўқув қўлланмалар ва бадиий асарлар немис тилидан ўзбек тилига ва ўзбек тилидан немис тилига бевосита таржима қилинди ва бу жараён ҳамон давом эттирилмоқда. ЎзМУнинг ўнлаб талабалари ва тадқиқотчилари Германияда билим ва малакаларини оширган бўлсалар, германиялик мутахассислар ва талабалар Миллий университетда таълим ҳамда тадқиқот ишларини давом эттирдилар.

Шу йил 8 сентябрь куни ЎзМУ ректори Абдураҳим Абдушукуров билан Германиянинг Вилгелм номидаги Вестфалия университети профессори Kordula Schulze ўртасида бўлиб ўтган суҳбатда асосий эътибор ана шу ҳамкорлик алоқаларини изчил ривожлантиришга қаратилди.

Kordula Schulze хоним Ўзбекистон Миллий университети билан илмий ҳамкорликлар ижобий самарасини кўрсатаётганини алоҳида таъкидлади. Айниқса, университетларимиз ўртасида амалга оширилаётган талабалар алмашинуви ёшлар ўртасида дўстлик, меҳр ришталарини мустаҳкамлашда ғоят муҳим аҳамият касб этаётганини эътироф этди. Албатта, бу ёшлар бир кун улғайиб, етук мутахассис бўлиб етишганларида ана шу дўстлик алоқаларини ҳар томонлама давом эттиришларига умид қилса бўлади.

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, бу йил 5 нафар германиялик талабалар Миллий университетимизда ўқишни давом эттиришса, ЎзМУ талабаларидан Фариджон Усмонов ва Сабина Гайнутдиновалар Германияда таҳсил оладилар.

Суҳбат давомида университетлараро илмий ҳамкорликни янада ривожлантириш, бу борадаги янги лойиҳалар хусусида фикрлашиб олинди.

 

ҚАЛБЛАРГА МУҲРЛАНГАН “ХОТИРА ДАРСИ”

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов хотирасига бағишланган дарслар қалбларга муҳрланиб қолмоқда. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ҳузуридаги педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш Тармоқ марказида 4 сентябрь куни ўтказилган “Хотира дарси” ҳам тингловчиларда чуқур таассурот қолдирди.

Дарс аввалида тингловчилар бир дақиқа сукут сақлаб, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов хотирасини ёдга олдилар. Тармоқ (минтақавий) маркази директори Баҳодир Холбоев, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, профессор Уйғун Валиев, доцентлар Раҳима Ширинова, Музаффар Ортиқов ва бошқалар Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов фаолияти давомида амалга оширган доно сиёсати, беқиёс эзгу ишлари, айниқса, Кадрлар тайёрлаш Миллий дастури ва унинг малака ошириш тизимини мустақкамлаш борасидаги улуғвор саъй-ҳаракатларини алоҳида таъкидладилар.

– Шу кунгача давлатимиз раҳбари сифатида фаолият кўрсатган Ислом Каримов таълим соҳасига, айниқса, Миллий университетимизга алоҳида эътибор билан қарарди,– деди Тармоқ (минтақавий) маркази директори Баҳодир Холбоев.– 1995 йил 14 сентябрь куни Тошкент Давлат университетига Мирзо Улуғбек номи ва 2000 йил 28 январда “Ўзбекистон Миллий унверситети” мақоми берилиши тарих зарварақларига зарҳал ҳарфлар билан битилгандир. Президентимизнинг 2008 йил 9 апрелдаги “Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг 90 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги Қарорига биноан бу ўқув даргоҳининг юбилейи катта тантаналар билан нишонланганини ҳамиша ғурур ва ифтихор билан эслаймиз. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 11 май куни қабул қилинган “Ўзбекистон Миллий университети фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорида олий таълим ривожининг жаҳон тажрибасини ҳисобга олган ҳолда юқори малакали мутахассислар тайёрлаш даражаси ва сифатини тубдан ошириш, Миллий университетнинг илмий салоҳиятини янада мустаҳкамлаш, ўқув жараёнининг илмий-тадқиқот фаолияти билан узвий алоқасини кучайтириш, профессор-ўқитувчилар ва талабаларни фундаментал ва амалий тадқиқотлар ўтказишга кенг жалб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Бу вазифаларни шараф билан адо этамиз албатта.

– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 24 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг йигирма беш йиллиги муносабати билан фан, таълим, соғлиқни сақлаш, адабиёт, маданият, санъат, маънавият ва маърифат, оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий соҳалар ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармонини барча зиёлилари қатори Миллий университетимиз жамоаси ҳам чексиз қувонч ва ҳаяжон билан кутиб олдилар,– деди ЎзМУнинг “Фотоника” кафедраси профессори Уйғун Валиев.– Ушбу Фармонга биноан, Ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, миллий ғояни ривожлантириш, маънавиятимизни тиклаш, ўзлигимизни англаш йўлида катта ҳисса қўшган, ёрқин истеъдоди ва ижоди, илмий фаолияти, ҳалол хизмати, ёшларни она юртга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш ҳамда жамоат ишларидаги фаол иштироки учун деган илҳомбахш сўзлар билан менга ҳам “Ўзбекистон Республикаси фан арбоби” унвони берилгани ҳаётимдаги энг ёрқин саҳифа бўлиб қолади. Шу билан бир қаторда Ўзбекистон Миллий университети ректори Абдураҳим Абдушукуров, Тарих факультети профессори Раҳбархон Муртазаева, Ижтимоий фанлар факультети профессори Маърифат Ғаниева, Хорижий филология факультети кафедра мудири Раҳима Ширинова, Биология факультети доценти Боқижон Мўминов, Геология ва география факультети доценти Мирали Миракмалов, Математика факультети катта ўқитувчиси Абдуғафур Жамирзаев, Ижтимоий фанлар факультети кафедра мудири Баҳодир Ҳусанов, Тарих факультети катта ўқитувчиси, ЎзМУ Мураббийлар кенгаши раиси Аброр Хидиров, Физика факультети лаФизика факультети лаборатория мудири Шарифа Ўтамуродова каби фидойи ҳамкасбларимизнинг “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигига 25 йил” эсдалик нишони билан тақдирлангани ҳам барчамизнинг қалбимизда фахр ва ифтихор туйғуларини жўш урдирган эди. Миллий университетимизга кўрсатилган бу шарафли ва ғоят юксак эҳтиромни барчамиз янада фаол меҳнат қилиш, муносиб кадрлар тайёрлаш билан оқлайверамиз.

Тингловчилар ва бошқа сўзга чиққанлар Ислом Каримов мустақил Ўзбекистон давлатининг асосчиси, юртимизни собиқ мустабид тузум қарамлигидан озод қилиб, уни замонавий асосда тараққий эттириш стратегиясини, бутун жаҳонда “ўзбек модели” деган ном билан тан олинган ривожланиш йўлини ишлаб чиққан, жаҳон миқёсида катта обрў-эътибор қозонган буюк давлат ва сиёсат арбоби сифатида Ватанимиз тарихида мангу қолаётганини эслаб ўтдилар.

 

Материаллар ЎзМУ Ахборот хизмати томонидан тайёрланди.

Унда республика ОАВ хабарларидан фойдаланилди.

 Факультет деканининг Маънавият ва маърифат ишлари бўйича ўринбосари диққатига!

“Ахборот соатлари” маълумотлари юзасидан савол пайдо бўлса ЎзМУ Ахборот хизмати раҳбари Тўлқин Эшбековга мурожаат қилишингиз мумкин.

Телефон: +99890 9120963.

Электрон почта: tueshbek@mail.ru

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>