“АХБОРОТ СОАТЛАРИ” № 21-16

“АХБОРОТ СОАТЛАРИ” № 21-16

Ҳафтанинг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеалари (25-30 январь кунлари)

МИРЗО УЛУҒБЕК НОМИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИ

“АХБОРОТ СОАТЛАРИ” № 21-16

Ҳафтанинг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеалари (25-30 январь кунлари)

ТОШКЕНТ

ЎзМУ – 2016

 

Факультет деканининг Маънавият ва маърифат ишлари бўйича ўринбосарлари ва мураббийлар диққатига! Талабаларга “Ахборот соатлари” материаллари билан nuuz.uz ва uchildiz.uz веб-сайтлари орқали ҳам танишиш тавсия этилиши мақсадга мувофиқдир.

 

  1. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДАГИ ИҚТИСОДИЙ, ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ВОҚЕАЛАРГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАР

 

ҲОКИМЛАР ҲИСОБОТЛАРИ ТАҲЛИЛИЙ-ТАНҚИДИЙ РУҲДА КЎРИБ ЧИҚИЛМОҚДА

Жойларда вилоят ҳокимлари тегишли халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига ҳудудлар ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг энг муҳим ҳамда долзарб масалалари юзасидан ҳисоботлар тақдим этмоқда. Ҳоким ҳисоботини эшитиш амалиётининг ҳаётга татбиқ қилингани халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ишининг самарали ташкил этилишида муҳим аҳамиятга эгадир. Бу ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг муҳим масалаларини кўриб чиқишда узвийликни, юқори турувчи органлар томонидан белгиланган баҳоларни ҳисобга олган ҳолда, самарали муҳокамалар ташкил этилиши ҳамда маҳаллий вакиллик органларининг ролини оширишга хизмат қилади. Бинобарин, ҳисобот муҳокамаси якунлари бўйича қабул қилинган қарорда мажлисда кўтарилган масалалар, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича стратегик вазифалар, бу соҳада амалга оширилаётган улкан ишлар мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш борасида аниқ чора-тадбирлар кўзда тутилаётгани диққатга сазовордир. Мажлисда депутатлар томонидан ҳисобот даврида саноатда ва қишлоқ хўжалигида ислоҳотларни изчил давом эттириш, макроиқтисодий мувозанатни мустаҳкамлаш, хусусий мулк, тадбиркорлик ҳамда кичик бизнесни ривожлантириш ва манфаатини ҳимоялаш борасида йўл қўйилган камчилик, нуқсонлар кўрсатиб ўтилди ҳамда уларни бартараф этиш бўйича аниқ таклиф ва тавсиялар билдирилди.

 

ТАШҚИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИДА

27 январь куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида бир қатор давлатларнинг элчилари ҳамда Европа Иттифоқи делегацияси раҳбари қабул қилинди. Вазирликда Германия Федератив Республикаси Фавқулодда ва мухтор элчиси Найтҳарт Ҳофер, Франция Республикаси Фавқулодда ва мухтор элчиси Виссинг Жак-Анри Эльс, Европа Иттифоқи делегацияси раҳбари, элчи Юрий Штерк, Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги Муваққат ишлар вакили Фиона Макстон билан учрашув бўлиб ўтди.

Суҳбат давомида минтақага оид долзарб масалалар муҳокама қилинди.

 

ЮРТИМИЗГА ЯНА ИККИТА ПОЕЗД КЕЛТИРИЛАДИ

Испаниянинг Talgo компанияси томонидан “Ўзбекистон темир йўллари” АЖга иккита юқори тезликда ҳаракатланувчи поездлар етказиб берилишининг дастлабки муддатлари маълум бўлди. Talgo поездларни 2016 йилнинг сентябригача етказиб беришни якунлашни режалаштирмоқда. Шартномада 4 та бош ва 20 та йўловчи вагонлари ҳамда 2 та вагон-ресторанларнинг сотиб олиниши кўзда тутилган. Бу вагонлардан иккита таркиб шакллантирилади, улардан ҳар бири 287 нафаргача йўловчи таший олади. “Ўзбекистон темир йўллари” поездлар учун 30 фоизлик аванс тўловини ўтказган, испанияликлар эса поездларнинг асосий конструкциясини ясаш бўйича ишларни бошлаб юборишган. Поездлар муддатидан аввал етказиб берилиши мумкин. Чунки испанлар поездлар учун бутловчи қисмларни тайёрлаш учун буюртмани ўзининг бир нечта заводига бериши ҳисобига вақтни тежайди. Поездларнинг етказиб берилиши бўйича шартнома 2015 йилнинг декабрида имзоланганди. Янги поездлар Тошкент-Бухоро юқори тезликдаги линияда ишлатилиши режалаштирилмоқда. Бу линия жорий йилнинг август ойи охирига қадар фойдаланишга киритилади. Линияни қуришнинг умумий қиймати 400 млн доллардан кўпроқни ташкил қилади. Ҳаракатланиш ишга туширилгач, йўловчилар ва юкларни етказиб бериш 2 соатга, эксплуатацион харажатлар 30 фоизга қисқаради.

Ўзбекистонда Talgo компаниясининг 4 та бош ва 18 та йўловчи вагонидан иборат иккита таркибдан 5 йилдан бери фойдаланилмоқда. Улар Ўзбекистон ҳудудида мавжуд бўлган қадимий шаҳар шарафига “Афросиёб” деб аталган ва Тошкент-Қарши йўналиши бўйича йўловчиларга хизмат кўрсатади. Айни пайтгача бу поездларда 750 мингдан кўпроқ йўловчи ташилган.

 

AFROSIYOB ТЕЗЮРАР ПОЕЗДИ НАВОИЙ ШАҲРИГА ҚАТНАЙ БОШЛАЙДИ

2016 йилда Навоий вилоятида 70 километр узунликдаги темир йўл линияси қурилади. Бу йўловчиларнинг Тошкентдан Навоий шаҳрига Afrosiyob тезюрар поездида қатнашларига имкон туғдиради.

 

ЯНГИ ТЕМИР ЙЎЛ ЛИНИЯСИ ҚУРИЛИШИ БОШЛАНДИ

Юртимизда янги «Навоий-Конимех-Мискен» линиясини қуриш бўйича лойиҳанинг амалга оширилиши бошланди. Янги линиянинг узунлиги 396,9 кмни ташкил қилади. Янги қисм “Мискен” станциясида “Навоий-Учқудуқ-Султонуиздаг-Нукус” темир йўл линияси билан бирлашади, бу Ўзбекистондан шимолий йўналишда, хусусан Қозоғистон ва Россияга юк ташишни амалга оширишга имкон беради. Лойиҳа икки босқичда амалга оширилади. Лойиҳанинг биринчи босқичи 2016-2017 йилларда амалга оширилади ва темир йўл таркибларининг тепловозларда ҳаракатланиши учун “Навоий-Конимех-Мискен” темир йўл линиясининг қурилишини кўзда тутади. Лойиҳанинг бу босқичи 283,1 млн долларни ташкил қилади ҳамда ички манбалар ҳисобига молиялаштирилади.

Иккинчи босқичда линияни электрификациялаш режалаштирилмоқда. Ушбу босқичнинг амалга оширилиши муддатлари ва қиймати кейинроқ белгиланади.

 

ТОШКЕНТДАН НЬЮ-ЙОРККА ҚЎНИШЛАРСИЗ УЧИШ МУМКИН БЎЛАДИ

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси 2016 йилнинг кузида икки дона Boeing-787 Dreamliner самолётига эга бўлади. Мазкур самолётлар Тошкент-Нью-Йорк рейсида парвозларни амалга оширади. Boeing самолётлари 2016 йилнинг сентябрь-ноябрь ойларида Ўзбекистонга етказилади. Янги самолётлар узоқ ва ўта узоқ халқаро йўналишларда фойдаланишга мўлжалланган. Самолётлар етиб келса, Ташкент — Нью-Йорк йўналиши бўйлаб қўнишсиз парвозларни амалга оширишга жалб этилиши мумкин.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” Америка корпорацияси билан икки дона Boeing-787-800 Dreamliner ва захира двигателини сотиб олиш бўйича 2008 йилда шартнома имзолаган эди. Битта Dreamliner`нинг катологдаги баҳоси модификациясига боғлиқ равишда 150-180 миллион долларни ташкил этади.

 

ТОШКЕНТДА САМОЛЁТЛАРНИ ТАЪМИРЛАШ МАРКАЗИ ТАШКИЛ ҚИЛИНДИ

28 январь куни «Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпанияси ташкил топганига 24 йил тўлиши ҳамда Uzbekistan Airways Technics авиакорхонаси самолётларнинг композит материалларини таъмирлаш марказининг очилиши муносабати билан тадбир ўтказилди. Uzbekistan Airways АҚШнинг Boeing компанияси билан ҳамкорликда Тошкентда МДҲдаги биринчи самолётларнинг композицион қисмларини таъмирлаш ва хизмат кўрсатиш марказини ташкил қилди. Марказ Uzbekistan Airways Technics авиакорхонаси негизида ишлайди. Boeing компанияси янги тузилмага ярим миллион доллар беғараз инвестиция киритди. Бу маблағ эвазига марказ учун титанли қотишмаларни ишлашда ва бошқа жараёнларда қўлланиладиган махсус печлар харид қилинди. Марказ барча турдаги самолётларга хизмат кўрсата олади. Авиакомпания ходимлари Boeing ҳаво кемаларининг композитли деталларини таъмирлаш бўйича махсус ўқув курсларидан ўтди. Механиклар Сингапурда Basic Composites Repair and Metal Bond курси бўйича амалий ва назарий билимлар олиб қайтди, муҳандислар эса Сиэтлда тайёргарлик ўтади. Шунингдек, жорий йилда Uzbekistan Airways Technics мутахассислари бевосита Boeing-787 Dreamliner лайнерларини таъмирлаш бўйича ўқитилади. Шу йилнинг сентябрь ва октябрь ойларида Ўзбекистон ҳаво йўлларининг авиапарки иккита Boeing-787 Dreamliner лайнерига эга бўлади.

Маълумот учун, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпанияси 1992 йил 28 январда Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармонига биноан ташкил этилган.

 

2016 ЙИЛДА 65 ТА ЯНГИ ЙЎЛОВЧИ ТАШИШ ЙЎНАЛИШЛАРИ ОЧИЛАДИ

Юртимизда 2016 йилда қўшимча 65 та янги йўловчи ташиш йўналишлари очилади. Тошкент-Самарқанд йўналишида янги ва замонавий автобуслар кўпайтирилади. Фарғона водийси шаҳарлари ва Тошкентни боғловчи йўналишлар устида ҳам қатор лойиҳалар амалга оширилади. 2015 йил давомида республика бўйича жами 133 та очиқ тендер ўтказилган. Уларда 1116 та йўловчи ташиш йўналишлари жойлаштирилган. Шундан 205 та шаҳар ичидаги йўналишларини жойлаштириш бўйича 33 та тендер, 799 та шаҳар атрофи ва 47 та шаҳарлараро-вилоятлар ичидаги йўналишларни жойлаштириш бўйича 92 та тендер, 65 та шаҳарлараро-вилоятлараро йўналишларни жойлаштириш бўйича 8 та тендер ўтказилган. 2015 йил давомида ташувчилар томонидан Самарқанд автомобил заводида ишлаб чиқарилган “ИСУЗУ” русумли автобуслардан Қашқадарё вилоятида 78 та, Тошкент вилоятида 64 та, Сирдарёда 59 та, Самарқандда 47 та, Бухорода 35 та, Хоразмда 27 та, Қорақалпоғистон Республикасида 21 та, Сурхондарёда 19 та, Фарғонада 18 та, Тошкент шаҳри ва Андижонда 13 тадан, Жиззахда 11 та ва Навоий вилоятида 8 та, жами 413 та янги автобуслар лизинг ва банк кредитлари асосида сотиб олиниб, шаҳар ва шаҳар атрофи йўналишларида хизмат кўрсатилиши йўлга қўйилган.

2015 йил давомида ташувчилар томонидан тижорат асосида фойдаланиш мақсадида 587 та юк автомобили, 85 та микроавтобус ва 445 та (шундан 138 таси “Дамас” русумли) енгил автомобиллари сотиб олинган.

2015 йил давомида агентлик ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан хўжалик юритувчи субъектларга 2785 та лицензия ва 182190 та лицензия варақалари берилиб, 2016 йилнинг 1 январь ҳолатига лицензияланган автомобиллар сони 90024 тани ташкил этди. Кейинги 15 йил ичида йўловчи ташиш йўналишлари сони 2 баробар ошган – 4346 та. Шундан 997 таси шаҳар ичидаги, 2732 таси шаҳарлар атрофидаги ҳудудлар бўйлаб, 617 таси эса шаҳарлараро йўналишлар.

 

ЁШЛАР ТАШАББУСЛАРИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАНАДИ

БМТТД ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг «Ўзбекистон бизнес-форуми (III босқич)” лойиҳаси пойтахтимизнинг олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда стартап ташаббусларини қўллаб-қувватлаш дастурини бошлаб юборди. Стартап ташаббусларни яқиндан қўллаб-қувватлаш дастури талабалар ва ёш олимлар учун ўз стартапларини амалга ошириш ва тадбиркорлик соҳасида ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун имкониятлар яратади.

Бугунги кунда Ўзбекистонда 73 олий таълим муассасаси, шу жумладан 66 давлат олий таълим муассасаси ва 7 нуфузли хорижий университетининг филиаллари фаолият олиб бормоқда. Ҳозирги кунда олий таълим муассасалари жамият ривожланиши учун инновацион лойиҳаларни ишлаб чиқарадиган ғоялар ва технологиялар “ўчоғи” ҳисобланади. Шу билан бир вақтда, ҳали ишга солинмаган салоҳият ҳам мавжуд. Бу маънода кўп олий таълим муассасаларида талабалар ва ёш олимларнинг эрта босқичлардаги кичик инновацион стартап лойиҳаларни рағбатлантириш ва ривожлантиришга кўмаклашувчи самарали механизмлар ишга солинмаяпти. Ушбу масаланинг ечимини янада такомиллаштириш учун стартап ташаббусларини қўллаб-қувватлаш дастури ишга туширилди. Тажрибавий лойиҳа тариқасида бошланган дастур Тошкентнинг 15 дан ортиқ олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда ёш олимлар ва талабаларни инновацион тадбиркорликни ривожлантиришда фаол иштирок этишга жалб қилади.

 

ҚОРАҚАЛПОҒИСТОНДА ЦЕМЕНТ ЗАВОДИНИ ҚУРИЛАДИ

Буюк Британиянинг Chief Corporate Solutions LP компанияси Қорақалпоғистон Республикасида янги цемент заводини қуришни режалаштирмоқда. Завод қурилиши лойиҳаси 2016 йилги инвестицион дастурга киритилди. Қорақалпоғистон экспорт бозорлари, биринчи навбатда Қозоғистон, Россия ва Туркманистонга чиқиш учун истиқболли ҳудуд ҳисобланади. Завод лойиҳасининг жорий қиймати 17 млн долларга баҳоланмоқда. Биринчи босқичда у йилига 400 минг тонна цемент ишлаб чиқаришга мўлжалланади.

 

ТОШКЕНТДА HTC КОМПАНИЯСИНИНГ СЕРВИС МАРКАЗИ ОЧИЛДИ

Тошкент шаҳрида HTC компаниясининг янги сервис марказининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Энди тайванлик мобиль воситалари ишлаб чиқарувчиси ҳисобланган HTC компаниясининг қурилма ва гаджетлари фойдаланувчилари улардаги носозлик билан боғлиқ муаммоларни мазкур хизмат кўрсатиш марказида ҳал қилишлари мумкин бўлди. HTC Care хизмат кўрсатиш марказида Ўзбекистонда сотиб олинган, ишлаб чиқарувчининг P60124-150051 рақамли йиллик хизмат кўрсатиш кафолатига эга қурилмалар таъмирланади. Хизмат кўрсатиш маркази Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, «Бунёдкор» хиёбони, 52-уй – Integro савдо марказининг 1-қавати, 24-дўконида жойлашган. Мўлжал: Метронинг «Чилонзор» бекати. HTC бренди қурилмалари фойдаланувчилари 2016 йилнинг 1 февралидан бошлаб хизмат кўрсатиш марказига мурожаат қилишлари мумкин.

HTC корпорациясига 1997 йилнинг 15 майида Буюк Британия ва Тайван Республикаси ишлаб чиқарувчилари томонидан асос солинган. Корпорация бош қароргоҳи Тайваннинг Синьбэй шаҳрида жойлашган. Компания смартфон ва планшетлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган.

 

НЕФТЬ-ГАЗ СОҲАСИДАГИ ИНВЕСТИЦИЯЛАР 8 ФОИЗГА КЎПАЯДИ

2016 йилда нефть-газ соҳаси модернизацияси ва ривожланишига йўналтириладиган инвестициялар ҳажми 2015 йилга нисбатан 8 фоизга ошиб, 2.798 млрд долларни ташкил қилади. Капитал киритмалари структурасида чет эл инвестициялари ва кредитлари 2.104 млрд долларни, “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси маблағлари 216.3 млн долларни, Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт жамғармаси кредитлари 303.5 млн долларни, маҳаллий банклар кредитлари 172.4 млн долларни ташкил қилади.

 

ҚАНЧА СТИПЕНДИЯ ОЛАСИЗ?

Энг номдор стипендия Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат степендияси 829.480 сўм; Беруний, Ибн Сино, Навоий, Улуғбек ва Имом ал Бухорий номидаги давлат стипендиялари эса 574.948 сўмни ташкил қилади.

Шунингдек, рейтинг назорати натижалари бўйича степендиялар миқдори: “5” (86-100 балл) баҳо учун 439,372 сўмни, “4” (71-85балл) баҳо учун 329,529 сўмни, “3” (56-70 балл) баҳо учун 219,686 сўмни ташкил қилади. Ушбу суммалар одатий степендиялар ҳисобланиб, етим болалар ҳисобидан бўлган ва ота-она қаровисиз қолган талабаларнинг, ҳарбий хизматчилар ҳисобидан бўлган, байналмилал бурчини бажаришда яраланиш оқибатида ногирон, контузия, касал бўлган талабаларнинг, ҳарбий-байналмилал ҳисобидан бўлган талабаларнинг, эшитиш, гапириш қобилиятидан маҳрум ва кўзи ожиз талабаларнинг стипендиялари миқдори одатдаги стипендиядан маълум равишда кўпроқ суммани ташкил қилади.

 

ЭРКИН САВДО ЗОНАСИ ЯРАТИЛАДИ

Украина Олий Радаси Ўзбекистон билан эркин савдо зонаси тўғрисидаги келишувни қўллаш бўйича баённомани ратификация қилди. Тегишли қарор йиғилишда муҳокама қилиниб, 234 депутат уни қўллаб-қувватлади. Қонуннинг қабул қилиниши 2011 йил 18 октябридаги эркин савдо зонаси тўғрисидаги келишувни қўллаш бўйича баённома ҳолатларини реализация қилишга ёрдам беради. Ҳужжатда таъкидланишича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши Ўзбекистон билан келишувнинг кучга кириши учун асосий шарт ҳисобланади. Украина ва Ўзбекистон ўртасидаги 1994 йилги эркин савдо зонаси бўйича келишув бекор қилинмайди, Ўзбекистон Украинага нисбатан экспорт ва импорт божини қўлламайди. МДҲ доирасида эркин савдо зонаси бўйича келишув 2011 йил 18 октябрида 8 давлат ўртасида имзоланган эди. Булар: Украина, Ўзбекистон, Арманистон, Россия, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Тожикистон.

 

ИНГЛИЗ ТИЛИ ЎҚИТУВЧИЛАРИ БУЮК БРИТАНИЯДА МАЛАКА ОШИРДИЛАР

Ўзбекистонлик 42 нафар “Йилнинг энг яхши чет тили ўқитувчиси” кўрик-танлови ғолиби шу йилнинг 8-22 январь кунлари Буюк Британиянинг нуфузли олий ўқув юртида малака ошириб қайтди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 10 декабрдаги “Чет тилларини ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш, чет тили ўқитувчилари учун тил муҳитини яратиш, хорижий тилларни эгаллашнинг умумевропа компетенцияси тизими талаблари асосида ўқитишнинг замонавий услубларини ўрганиши учун 42 нафар “Йилнинг энг яхши чет тили ўқитувчиси” кўрик-танлови ғолиби 2016 йилнинг 8-22 январь кунлари Буюк Британиянинг “St. Mark & St. John” университетида хизмат сафарида бўлишди.

 

ТЕКСТИЛЧИЛАР УЧУН ТРЕНИНГ МАРКАЗИ ЯРАТИЛАДИ

Швейцариянинг “Ритер АГ” компанияси ўзбекистонлик шериклари билан ҳамкорликда маҳаллий мутахассисларни текстил саноатининг технологик ва механик қурилмалари билан ишлашга ўргатиш бўйича инновацион тренинг маркази яратиш лойиҳасини амалга оширишга киришди. Мазкур лойиҳа давлат раҳбарининг ўтган йил охирида қабул қилинган қарорида кўзда тутилган.

 

МАМЛАКАТИМИЗ САЙЁҲЛИК САЛОҲИЯТИ БЕЛЬГИЯДА ТАҚДИМ ЭТИЛДИ

Бельгиянинг Лювен шаҳридаги “Brabant Hall” кўргазмалар марказида анъанавий сайёҳлик кўргазмаси бўлиб ўтди. Мамлакатдаги етакчи туроператорлардан бири — “Hobo Rеisen” компанияси ташкил этган мазкур халқаро тадбирда дунёнинг 40 дан зиёд давлати ўз сайёҳлик салоҳиятини намойиш қилди. Улар қаторида Ўзбекистон ҳам бор эди. Мамлакатимизнинг Бельгия Қироллигидаги дипломатия миссияси томонидан юртимизда жойлашган тарихий шаҳарлар суратлари экспозицияси ҳамда ўзбек халқ амалий санъати усталари тайёрлаган ранг-баранг маҳсулотлар намойиш этилди. Улар кўргазма иштирокчилари ва меҳмонларида катта қизиқиш уйғотди. Шунингдек, халқимизнинг бой тарихий-маданий мероси, кўҳна меъморчилиги ҳамда республикамизнинг замонавий ривожланиши ҳақидаги ҳужжатли фильм уларда унутилмас таассурот қолдирди.

 

ЭРОН ОРҚАЛИ ТРАНЗИТ АМАЛГА ОШИРИЛАДИ

Тошкентга Эрон делегацияси ташриф буюрди. Ўзбекистон ва Эрон темир йўл бошқармалари темир йўл ташишларини кенгайтириш имкониятларини муҳокама қилмоқдалар. Эрондан санкцияларнинг олиниши Ўзбекистон юк ташувчиларига янги имкониятлар очади. Бугунги кунда Эроннинг Бендер-Аббос портига Туркманистон орқали борилувчи темир йўл коридори Ўзбекистоннинг денгизга чиқадиган энг қисқа йўли ҳисобланади. Ўзбекистонлик ташувчилар 320 км масофалик Тежен–Серахс–Машҳад темир йўл магистралидан фаол фойдаланадилар. Бу магистрал Марказий Осиё давлатлари учун Эрон ва Туркия орқали жаҳон бозорига чиқиш коридори ҳисобланади. Яқин йилларда Ўзбекистон ва Эрон юк ташишларни биринчи навбатда ўзбек пахтаси ва ўғитларни ташиш ҳисобига икки баробарга оширмоқчи.

 

II. ЖАҲОН МИҚЁСИДАГИ ИҚТИСОДИЙ, ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ВОҚЕАЛАРГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАР

 

24 МИЛЛИОН БОЛА МАКТАБГА БОРА ОЛМАЙДИ

БМТнинг Болалар фонди томонидан 22 та давлатда ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, ҳозирда 24 миллион нафар бола мактабда сабоқ олиш имкониятига эга эмас. Жанубий Судандаги болаларнинг 51 % фоизи, Нигерияда 47 % фоизи, Суданда 41 % фоизи таълим олиш ҳуқуқидан маҳрум. 40% фоизлик кўрсаткич билан Афғонистон мазкур рўйхатда тўртинчи ўринни банд этган. “Қуролли тўқнашувлар минтақасида яшовчи болалар ўз уйлари, оила аъзолари, дўстлари ва хавфсизлигидан мосиво бўлмоқда. Ҳатто улар ўқиш ва ёзишдан, келажакдан маҳрум”,—дейди БМТнинг Болалар фонди таълим Департаменти бошлиғи Жо Борн.

 

НИДЕРЛАНДИЯ СУРИЯГА ИШИДГА ҚАРШИ КУРАШИШ УЧУН ҚИРУВЧИ САМОЛЁТЛАР ЮБОРАДИ

Нидерландия ҳукумати Сурияга ИШИДга қарши курашиш учун қирувчи самолётлар юборишга қарор қилди. Нидерландия аввалроқ Ироққа 6 та F-16 қирувчи самолётини юборган. Бироқ Сурияга юбориладиган самолётлар сони бўйича аниқлик киритилмаган. АҚШ ҳукумати аввалроқ Нидерландиядан ИШИД жангариларига қарши курашга қўшилишини сўраган.

 

ТУРКИЯ ТАШҚИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ ТУРКИЯ ҲАВО ҲУДУДИ РОССИЯ САМОЛЁТИ ТОМОНИДАН БУЗИЛГАНИ САБАБЛИ РОССИЯ ЭЛЧИСИНИ ЧАҚИРТИРДИ

Туркия ташқи ишлар вазирлиги Туркия ҳаво ҳудуди гўёки Россиянинг Су-34 самолёти томонидан бузилгани ҳақидаги баёноти сабабли Россия элчисини чақиртирди. Reuters ахборот агентлигининг маълум қилишича, Туркия Россияни ўз ҳаво ҳудудини бузмасликка чақирган ҳамда «номақбул оқибатлар» учун жавобгарлик Россия томонига юкланишини айтган. Туркия ташқи ишлар вазирлиги баёнотида бу қоидабузарлик Россиянинг «икки давлат ўртасидаги муносабатларда кескинликни кучайтириш» истаги борлигига ишора эканлиги айтилди.

Эрдўған Россия самолёти Туркия ҳаво ҳудудини бузгани ҳақидаги хабардан кейин Путин билан учрашиш истагини билдирди. Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Россия президенти Владимир Путин билан учрашишни истаяпти. Эрдўған бу ҳақда гўёки Россиянинг Су-34 самолёти Туркия ҳаво ҳудудини бузгани ҳақидаги хабардан кейин айтди. Аввалроқ Туркия ташқи ишлар вазирлиги Россия элчисини ушбу ҳолат юзасидан чақиртирган эди.

Россиянинг Анқарадаги элчихонасида элчи Андрей Карловнинг Туркия ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилгани тақсдиқланди.

 

АҚШнинг ЕВРОПАДАГИ УСТУВОР МАҚСАДИ – РОССИЯНИ ТУТИБ ТУРИШ

АҚШнинг Европадаги устувор мақсади – Россияни тутиб туриш. Бу ҳақда АҚШ қуролли кучларининг Европа қўмондонлиги чоп этган янги ҳарбий стратегия матнида айтилди. Deutsche Welle нашрининг келтиришича, ҳужжатда яқин 3-5 йил учун 6 устувор йўналиш эълон қилинган. Уларнинг асосийси Россия агрессиясини тўхтатиб қолишдир. Кейинги таҳдид сифатида ИШИД кўрсатилган. Шунингдек, террорчилик ва миграцион инқироз тилга олинган.

 

АВСТРАЛИЯ БРИТАНИЯ ТОЖИДАН ВОЗ КЕЧИШИ МУМКИН

Австралиядаги 8 штатнинг 7 таси мамлакатни республикага айлантириш таклифи билан чиқди. Бу эски баҳслар миллий байрам арафасида қайтадан бошланиб кетган. Австралия конституцион монархия ҳисобланиб, унинг расмий раҳбари қиролича Елизавета II дир. Гарчи бу қуруқ расмиятчилик ҳисобланса-да, монарх парламентни тарқатиб юбориш ҳуқуқига эга ва бу ҳуқуқдан 1975 йили фойдаланиб улгурган. Австралияни республикага айлантириш масаласи узоқ йиллардан буён муҳокама қилиб келинмоқда. Одатда баҳслар Австралия куни (26 январь куни қитъада Британиянинг биринчи колонияси ташкил қилиниши муносабати билан нишонланади) арафасида авж олади. “Австралия аллақачонлар суверен давлатга айланишни ўйлаши лозим, — деди Жанубий Австралия штати бош вазири Жей Везерилл. – Ўзини ҳурмат қилган ҳар қандай мустақил давлат ўз етакчиси ўз фуқароси бўлишини истайди”. Айни пайтда тегишли декларация штатлар раҳбарлари томонидан имзоланди.

 

АҚШДАГИ ҲАР БИР ОИЛАНИНГ ҚАРЗИ 70 МИНГ ДОЛЛАРГА ОШДИ

Барак Обама президентлик қилган 7 йил давомида АҚШнинг давлат қарзи 8.3 трлн долларга ўсиб, 18.9 трлн долларни ташкил қилди. Ҳар бир уй хўжалигига ҳисоблаганда, ҳар бир оиланинг қарзи 70 минг долларга ўсган бўлиб чиқмоқда. Жорж Буш даврида ушбу кўрсаткичлар тегишли равишда 4.9 трлн ва 44 минг долларга кўпайган эди. Охирги 15 йил мобайнида АҚШнинг миллий қарзи 13.2 трлн долларга ўсган бўлиб, ҳар бир оила гарданига 112 минг доллардан тўғри келмоқда.

 

ЭРОН АҚШДАН УММОН БЎҒОЗИДАГИ АВИАТАШУВЧИСИНИ ОЛИБ КЕТИШНИ ТАЛАБ ҚИЛДИ

Эрон Ҳарбий-денгиз кучлари АҚШдан Уммон бўғозидаги авиаташувчисини олиб чиқиб кетишни талаб қилди. Эрон бу ҳудудда ҳарбий-ўқув машғулотларни ўтказишни бошлаган. Америкаликлар огоҳлантириш олишгач, кема бўғоздан чиқиб кетган. Январь ойи ўртасида Эрон ҳарбийлари АҚШ Ҳарбий денгиз кучларининг иккита катерини ичидаги 10 нафар денгизчиси билан қўлга олганди. Бу қайиқлар Баҳрайндан Кувайт томон ҳаракатланаётганида Эрон ҳудудий сувларига кириб қолгани учун қўлга олинган, бир кундан кейин қўйиб юборилганди.

 

ХИТОЙ САНОАТИ 2015 ЙИЛДА ТРИЛЛИОН ДОЛЛАР ЙЎҚОТДИ

Хитойнинг етакчи саноат корхоналарининг 2015 йилдаги умумий даромади 6,4 трлн юан ёки 973 млрд долларга камайиб кетди. Даромаднинг камайишига саноат маҳсулотларига талабнинг пастлиги сабаб бўлган. Бу компанияларни ишлаб чиқаришни қисқартириш ва нархларни туширишга мажбур қилган. Статистикага кўра, Хитой саноатининг 29 та соҳаси йилни даромаднинг ошиши, 12 таси пасайиши билан якунладилар. Кўмир қазиб олиш, нефть-газ ва металлургия секторлари сезиларли пасайиш намойиш қилган. Аксинча, қишлоқ хўжалиги, электроника, тўқимачилик ва нефть маҳсулотлари соҳаларида энг катта ўсиш қайд қилинган.

 

III. МИРЗО УЛУҒБЕК НОМИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИДА

 

ТАЛАБАНИНГ РУҲИЙ ОЛАМИ

Ёшлар тарбияси, кийиниш маданияти, орзу-интилишлари уларнинг руҳияти билан боғлиқдир. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Мураббийлар Кенгаши йиғилишида шу масалада атрофлича сўз юритилди.

– Таълим ва тарбия ёшлар камолоти учун бамисоли бир қушнинг икки қаноти мисол ғоят муҳим аҳамият касб этади,– дейди университет Маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори Давлатбой Жумабоев.– Гуруҳ мураббийлари ҳар бир талабанинг тарбияси, одоб-ахлоқидан тортиб кийиниш маданиятигача эътибор билан қараши зарур. Мураббий ўз ишига масъсулият билан қарасагина баркамол авлодни комил инсон руҳида тарбиялашдек эзгу ишга муносиб ҳиссасини қўшган бўлади.

Психология фанлари номзоди, доцент Гулчеҳра Тўлаганованинг “Экстримал вазиятлардан чиқишнинг психологик коррекцияси” мавзуидаги маърузаси тадбир иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.

– Инсон ҳамиша ёруғ келажакка интилиб яшаган,– деди маърузачи.– Илмий-техника инқилоби натижасида одамлар табиатнинг кўплаб сир-асрорларини билиб олди. Тараққиёт билан боғлиқ ҳодисаларнинг салбий оқибатлари ҳам йўқ эмас. Масалан, транспорт шовқинлари, жисмоний толиқиш, кам ҳаракатда бўлиш, турли зиддиятли вазиятлар, руҳий-маънавий номукаммаллик, сурункали асабийликлар руҳий зўриқишларга сабаб бўлмоқда. Хасталикларнинг келиб чиқиш сабаблари хилма-хил. Улардан энг асосийси инсоннинг руҳий муаммоларидан бири – стресс ҳолатидир.

Мутахассислар фикрича, стресс (инглизча, Stress – сўзидан олинган бўлиб) таранглик, зўриқиш, деган маънони англатади. Унда тарангликнинг кучайиши (хавотирлик), стресс ҳолати (қаршилик кўрсатиш), ички тарангликнинг сусайиши (толиқиш) ҳолатлари кузатилади. Бу босқичда инсон организми мобилизацияси бошланади. Нафас олиш тезлашуви, қон босими ошиши, психик ҳолатнинг қўзғалиши намоён бўлади. Инсон эътибори тўлиқ қўзғатувчига йўналтирилади. Шу пайтнинг ўзида инсон ўзини ўзи, хатти-ҳаракатларини, хулқини, сўзларини бошқара олмай қолиши ҳеч гапмас. Организм стрессдан ҳимоялаш механизмларини ишга тушуришни бошлайди. Бу босқичда инсон узоқ тура олмайди. Организм бу босқични енгиб ўтса, хавотирлик босқичи аста-секин сўна бошлайди. Агар, аксинча бўлса, стресснинг кейинги босқичи ишга тушади.

Стресснинг иккинчи босқичида организм резерв кучларни сафарбар қилади. Организмнинг барча фаолияти катта куч билан ишлашни бошлайди. Бу босқичда вазият икки хил йўналишда ривожланиши мумкин: инсон ўта фаоллашиб, ўзида янги ҳаракатларга ва ғояларга куч топади. Организм мобилизацияси намоён бўлади ё аксинча, организм тормозлашиб, пассивлашади, инсон ўзини йўқотиб қўйиши ҳам мумкин. Стресс ҳолатида инсон хатти-ҳаракатлари унинг индивидуал психик хусусиятларига боғлиқ. Агар стресснинг аввалги босқичлари бўлиб ўтса-ю, лекин организмнинг мослашувчанлиги суст бўлса, стресснинг учинчи босқичи – толиқиш юзага келади. Ушбу босқич стресс таъсири узоқ бўлганда кузатилади. Бу босқичда организм заҳирасининг сўниб бориши, заифлашуви кузатилади. Бундай жараёнлар кучли депрессияга ёки организмнинг касалланишига замин яратади.

Касалликларнинг 70 фоизи эмоционал бузилишлар, яъни стресс ҳолатлари билан боғлиқ. Европа мамлакатларида йилига миллионга яқин инсон стрессоген вазиятлар туфайли, юрак фаолияти бузилишидан оламдан ўтар экан.

Атрофдагиларга нисбатан ортиқча талабчан бўлманг, деб таъкидлади психолог олима. Атрофдагиларга ортиқча талабчан бўлиш сизда руҳий зўриқишни юзага келтиради. Агар сиз яқинларингизнинг доимий равишда камчиликларини танқид остига олиб, уларни ўзгартиришга киришган бўлсангиз – катта хатога йўл қўйган бўласиз. Донолардан бири “Агар сен вазиятни ўзгартира олмасанг, вазиятга нибатан ўз муносабатингни ўзгартир”, деб таъкидлаган. Демак, атрофдагиларни шундайлигича қабул қилинг, вақти келиб улар ҳақиқатан ҳам ўзгарганининг гувоҳи бўласиз. Ҳар биримизда пайдо бўлаётган фикр ўз-ўзидан шу фикрга доир эмоционал ҳолатни уйғотади, бу ҳолат эса шу ҳолатга мос бўлган хатти-ҳаракатларни юзага келтиради. Шунингдек, ҳар қандай ижобий ҳаракат — юздаги табассум, бош ва елкани тик тутиш кабилар мияда ҳам ўз-ўзидан шу ҳаракатларга мос келадиган фикрни уйғотади. Демак, одамда руҳият ва кайфият, фикр ва ҳаракат ўзаро мутаносиблик касб этган. Шунинг учун сиз ҳам доимо ўзингизга ишонинг, бу ишонч эса кайфиятингиз орқали ҳаракатларингизда, юзингизда, юриш-туришингизда акс этиб турсин.

– Мураббий талабалар билан ҳамнафас бўлиши, ота-онадек меҳр кўрсатиши зарур,– деди ЎзМУ Хотин-қизлар қўмитаси раиси Лаълихон Мухаммаджонова.– Талабалар турар-жойларидаги ва ижарадаги йигит-қизларнинг яшаш шароити, ижтимоий ҳаёти, одоб-ахлоқи, кийиниш маданияти, ўзлаштириш даражасига беэътибор бўлмаслик керак. Талабалар қалбига йўл топиш лозим.

– Бугун тарбия – ҳаёт-мамот масаласига айланганини изоҳлашга ҳожат йўқ,– деди ЎзМУ Мураббийлар Кенгаши раиси Аброр Хидиров.– Ҳар бир талабасини шахсан танимаган одам мураббий бўла олмайди. Таниш, деганимиз, унинг руҳий оламидан тортиб шахсий ҳаётигача билиши, керак бўлса, ҳамнафас, сирдош дўсти бўлиши лозим. Тарбия – шунчаки айтиладиган ёки қоғозда қолиб кетадиган нарса эмас. У мураббий иш фаолиятининг ўзаги, ёш авлод ҳаёти мазмунига айланганидагина ўзининг самарасини беради.

 

“БИЗ – БУЮК ЮРТ ФАРЗАНДЛАРИМИЗ!”

Таниқли санъаткор Ёдгор Саъдиев билан бўлган ижодий учрашувда талабалар қалбида шундай ифтихор туйғуси янада жўш урди.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги “Маънавият ва маърифат” маркази, республика Маънавият тарғибот маркази ва Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети томонидан ташкил этилган “Биз – буюк юрт фарзандларимиз!” деб номланган маънавий-маърифий тадбир Тарих факультети талабалари қалбида муҳрланиб қолган бўлса ажабмас.

Республика Маънавият тарғибот маркази бўлим мудири Барно Ўнгбоева ҳар бир талаба келгусида етук инсон бўлиб камол топиши лозимлиги ҳақида сўз юритар экан, бугунги глобаллашув даврида интернет орқали тарқатилаётган ҳар хил бузғунчи ғояларга алданиб қолмасликка чақирди.

ЎзМУ Мураббийлар Кенгаши раиси Аброр Хидиров Ўзбекистон Республикаси халқ артисти Ёдгор Саъдиевнинг ўзбек санъати ривожига қўшган беназир ҳиссаси, у яратган бетакрор роллар ҳақида атрофлича сўз юритди.

Таниқли актёр Ёдгор Саъдиев талабалар билан суҳбатни ҳазил-мутойиба билан бошлади.

– Талабалик – олтин давр, деб сизнинг ҳаётингизни айтсак тўғрироқ бўлади,– деди санъаткор.– Бугунги талабаларга чиндан ҳам ҳавас билан қараймиз. Пайти келиб сиз ҳам ўз соҳангизнинг етук намояндалари бўлганингизда талаба-ёшларга ўзгача ҳавас билан қарайсиз. Ҳозир университетга илм истаб келдингизми, пухта илм эгалланг, албатта.

Талабалар билан дилдан суҳбатлашар экан, таниқли актёр республикамиз бўйлаб кўп сафарларда юришини, фильмларида ҳар бир вилоятнинг фусункор манзаралари, саховатпеша одамлари ўз аксини топаётганини мароқ билан сўзлаб берди.

 

ТУПРОҚШУНОСЛИК МАКТАБИ

Илмий-амалий семинар

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Биология-тупроқшунослик факультети Тупроқшунослик ва агрокимё кафедраси томонидан шу даргоҳда умрини илму маърифатга бахшида этган профессор-ўқитувчилар хотирасига бағишлаб “Тупроқшуносликдаги замонавий муаммолар” мавзусида илмий-амалий семинар ўтказилди.

Кафедра қошидаги “Ёш тупроқшунос” тўгараги томонидан ташкил этилган семинарда университет Ўқув бўлими бошлиғи, доцент Зафар Жабборов, магистратура бўлими бошлиғи Акмал Тўрабоев, факультет декани Воҳид Файзиев, кафедра мудири Саиджон Сиддиқов, профессорлар Ҳамза Турсунов, Саъдулла Абдуллаев, доцент Тўхтасин Абдраҳмонов ва бошқалар сўнгги йилларда ҳукуматимиз томонидан олий таълим тизимини ислоҳ қилиш борасида чиқарилган қарорларда белгиланган вазифалар изчил амалга оширилаётгани, бинобарин, ёш авлодга берилаётган таълим-тарбия жараёнини янада такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ибратли ишлар ва галдаги вазифалар ҳақида атрофлича сўз юритдилар. Бунинг учун аввало такомиллашган фан дастурларини ишлаб чиқиш, ўқув адабиётларини яратиш билан бир вақтда замонавий маданий техник базага ҳам эга бўлиш зарурлиги қайд этилди.

“Ёш тупроқшунос” тўгараги фаол талабалари ўзига хос мактаб яратиб кетган профессор Латиф Турсунов каби устозларининг илмий меросларини теран нигоҳ билан ўрганиб, уларнинг эзгу ишларини изчил давом эттиришларини баён этдилар.

Шу куни факультетда профессор Латиф Турсунов хотирасига бағишлаб тишкил этилган замонавий тупроқшунослик илмий лабораторияси очилиш маросими ҳам ўтказилди.

– Биз ўқув жараёнида Тупроқшунослик фани, унинг асосчилари ҳақида янада кўпроқ маълумотларга эга бўлдик,– деди 1-курс талабаси Хумора Тўлаганова.– Тупроқ физикаси илмий мактабининг асосчиси Латиф Турсуновнинг илмий мероси биз учун ўзига хос илмий мактаб бўлади. Келгусида албатта шундай устозлар изидан борамиз.

 

БИОЛОГ-ТУПРОҚШУНОСЛАР АНЖУМАНИ

Биология, экология ва тупроқшунослик соҳаларидаги ҳар қандай муаммо фақат илмий асосланган йўллар билан ҳал этилади. Яқинда Мирзо Улуғбек номидаги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Биология-тупроқшунослик факультети Зоология кафедраси томонидан “Биология, экология ва тупроқшуносликнинг долзарб муаммолари” мавзусида ўтказилган илмий-амалий семинарда шундай хулосага келинди.

Профессор Зариф Норбоевнинг 80 йиллигига бағишланган ушбу анжуманда Ўзбекистон Фанлар Академияси қошидаги илмий тадқиқот институтлари етакчи олимлари, қатор турдош олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, ёш тадқиқотчилар, катта илмий ходим изланувчилар, магистрлар иштирок этдилар.

ЎзМУ Маънавият ва маьрифат ишлари бўйича проректори Давлатбой Жумабоев семинар кириш сўзи билан очар экан, илм-фан ривожига муносиб ҳисса қўшган олимлар таваллуд куни муносабати билан ўтказилаётган анжуманларда ҳам шу соҳага оид маърузалар тингланиши, ўзаро фикр алмашишлар талабалар дунёқарашига ижобий таъсир этиб, уларда фан сирларини чуқур эгаллашга бўлган иштиёқи янада ортишига хизмат қилишини алоҳида таъкидлади.

– Бугунги анжуманда мамлакатимизда биология, экология ва тупроқшунослик соҳаларида ҳал этилиши зарур бўлган муаммолар ва уларнинг ечимлари, бу борада эришилаётган ютуқлар ҳақида атрофлича фикр алмашилди,– дейди Биология-тупроқшунослик факультети декани Воҳид Файзиев.– Улар асосида тегишли тавсиялар ишлаб чиқилиб, ўқув жараёнларига тадбиқ этилади.

“Органик дунёнинг замонавий системаси”, “Ўзбекистоннинг қурғоқчил ҳудуди фитонематодалари ва уларнинг яшаётган муҳит шароитига мослашиш хусусиятлари”, “Фарғона водийси турли типдаги сув ҳавзалари зоопланктони” мавзуидаги илмий маърузалар анжуман иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.

Илмий-амалий семинарга тақдим этилган материаллар асосида “Биология, экология ва тупроқшуносликнинг долзарб муаммолари” деб номланган тўплам чоп этилди ҳамда унинг электрон варианти дискларда семинар иштирокчиларига тақдим этилди.

 

 Материаллар ЎзМУ Ахборот хизмати томонидан тайёрланди.

Унда республика ОАВ хабарларидан фойдаланилди.

 

Факультет деканининг Маънавият ва маърифат ишлари бўйича ўринбосари диққатига!

 

“Ахборот соатлари” маълумотлари юзасидан савол пайдо бўлса ЎзМУ Ахборот хизмати раҳбари Тўлқин Эшбековга мурожаат қилишингиз мумкин.

Телефон: +99890 9120963.

Электрон почта: tueshbek@mail.ru

Манба: nuuz.uz

You may also like...