“АХБОРОТ СОАТЛАРИ” № 22-16

Ҳафтанинг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеалари (1-6 февраль кунлари)

МИРЗО УЛУҒБЕК НОМИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИ

“АХБОРОТ СОАТЛАРИ” № 22-16

Ҳафтанинг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеалари (1-6 февраль кунлари)

ТОШКЕНТ

ЎзМУ – 2016

 Факультет деканининг Маънавият ва маърифат ишлари бўйича ўринбосарлари ва мураббийлар диққатига! Талабаларга “Ахборот соатлари” материаллари билан nuuz.uz ва uchildiz.uz веб-сайтлари орқали ҳам танишиш тавсия этилиши мақсадга мувофиқдир.

 

I. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДАГИ ИҚТИСОДИЙ, ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ВОҚЕАЛАРГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАР

 

ТОШКЕНТ ВИЛОЯТИ КЕНГАШИНИНГ НАВБАТДАН ТАШҚАРИ СЕССИЯСИ

Шу йил 4 февраль куни халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов нутқ сўзлади.

Бугунги учрашувимиздан асосий мақсад – сизлар билан кўришиб, ҳол-аҳволингиздан хабардор бўлиш, ўз ечимини кутиб турган муаммолар, қийинчиликлар ҳақида фикр алмашиш ва олдимизда турган долзарб вазифаларни аниқлаб олишдан иборат. Энг муҳими, аҳолининг турмуш шароитини янада яхшилаш, аввало бошқарув тизимидаги раҳбарларнинг масъулияти ва жавобгарлигини ошириш масаласини кўриб чиқсак, айни муддао бўлур эди, деди давлатимиз раҳбари ўз нутқининг аввалида ва қуйидаги фикрларни алоҳида таъкидлади.

Ҳаммамизга яхши маълум, Тошкент вилояти катта иқтисодий ва ижтимоий салоҳиятга, улкан табиий ва инсоний ресурсларга эга бўлган марказий вилоят сифатида Ўзбекистонимиз ҳаётида алоҳида ўрин эгаллаб, кўпгина соҳа ва йўналишлар бўйича етакчи бўлиб келади.

Ушбу мавзуни “Халқ сўзи” газетасининг

5 февраль сонидан ўқиб-ўрганиш тавсия этилади.

 

БМТ БОШ АССАМБЛЕЯСИДА

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Нью-Йоркдаги қароргоҳида мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурининг энг муҳим устувор йўналишлари тўғрисидаги маълумот БМТ Бош Ассамблеяси 70-сессиясининг расмий ҳужжати сифатида тарқатилди. Ҳужжатда халқаро миқёсда катта нуфузга эга бўлган Жаҳон иқтисодий форуми рейтингига кўра, Ўзбекистон 2014-2015 йиллардаги ривожланиш якунлари ва 2016-2017 йилларда иқтисодий ўсиш прогнозлари бўйича дунёдаги энг тез ривожланаётган бешта мамлакат қаторидан жой олгани қайд этилган. Ҳаётга татбиқ этилган чора-тадбирлар натижасида Ўзбекистоннинг ялпи ички маҳсулотида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг улуши 2000 йилдаги 31 фоиздан бугунги кунда 56,7 фоизга етгани ёки 1,8 баробар ошгани, шунингдек, иқтисодиёт ўсишининг барқарор юқори суръатлари аҳоли даромадларини ошириб, одамлар ҳаётининг даражаси ва сифатини юксалтиргани маълум қилинган. “Соғлом она ва бола йили”, деб эълон қилинган 2016 йили Ўзбекистонда оила, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини янада мустаҳкамлаш, перинатал ва скрининг марказлар, патронаж хизматларнинг модиий-техника базаси, кадрлар салоҳиятини шакллантириш ва мустаҳкамлаш, ёш оналар ва болаларни парвариш қилиш даражаси ва сифатини ошириш, оилада соғлом маънавий муҳит яратиш сингари масалаларга алоҳида эътибор қаратилиши ҳам таъкидланган.

 

ДАВРА СУҲБАТИ

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Экоҳаракат депутатлар гуруҳи, Ўзбекистон Экологик ҳаракати, Қушларни муҳофаза қилиш жамияти ҳамкорлигида 2 февраль – Жаҳон сувли-ботқоқли ҳудудлар кунига бағишланган давра суҳбати ўтказилди. Сайёрамизда биологик хилма-хилликни асраш, озиқ-овқат тўкинлигини таъминлашда сувли-ботқоқли ҳудудларнинг аҳамияти беқиёсдир. Уларни муҳофазалаш мақсадида 1971 йил 2 февраль куни Эроннинг Рамсар шаҳрида халқаро конвенция қабул қилинган. Ушбу конвенцияга бугунги кунда бир юз етмишга яқин давлат, жумладан, Ўзбекистон ҳам аъзо.

Мамлакатимизнинг сувли-ботқоқли ҳудудлари ўзига хос флора ва фаунаси билан ажралиб туриши, уларни асраш ва кенгайтиришга улкан эътибор қаратилмоқда. Шундай ишлар самарасида Бухоро вилоятидаги Денгизкўл, Жиззах ва Навоий вилоятларидаги Айдар-Арнасой кўллар тизими Рамсар конвенциясининг халқаро аҳамиятга эга бўлган сувли-ботқоқли ҳудудлари рўйхатига киритилди. Давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида алоҳида муҳофаза этиладиган ҳудудлар майдонини кенгайтиришга йўналтирилган бундай илмий-амалий лойиҳалар кўлами кенгаймоқда.

 ЖАМОАТЧИЛИК КЕНГАШИ ЙИҒИЛИШИ

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг янги таркибдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Ислом Каримов раҳнамолигида миллий армиямизни ислоҳ этиш ва унинг мудофаа қудратини, жанговар салоҳиятини юксалтириш, замонавий билим ва юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга эга ҳарбий хизматчиларни тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2012 йил 24 октябрдаги қарори билан ташкил этилган Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши миллий армиямиз ва аҳоли ўртасидаги алоқаларни мувофиқлаштириш, тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Ушбу кенгаш Мудофаа вазирлиги фаолиятининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш, мудофаа ва ҳарбий қурилиш соҳасини ривожлантиришга фуқаролар ва жамоат бирлашмаларини жалб этиш, ҳарбий хизматчилар ва чақириққача бўлган ёшларда юксак маънавий фазилатларни шакллантириш, давлатимиз томонидан Ватан ҳимоячиларининг ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимояси йўлида олиб борилаётган ишларни аҳоли ўртасида кенг тушунтириш, ҳарбий хизмат нуфузини янада ошириш каби устувор мақсадларга хизмат қилмоқда.

 

2015 ЙИЛДА 29 ТА ЯНГИ УМУМТАЪЛИМ МАКТАБИ БАРПО ЭТИЛДИ

Халқ таълими вазирлигининг 2015 йилги фаолияти якунлари ҳамда 2016 йил — Соғлом она ва бола йилида тизимда амалга ошириладиган муҳим вазифаларга бағишланган кенгайтирилган ҳайъат йиғилишида таъкидланишича, 2015 йилда намунавий лойиҳалар асосида 29 та янги умумтаълим мактаби барпо этилди, 219 та мактаб реконстукция қилиниб, 136 таси капитал таъмирланди. 2016 йилда мактабларнинг 3797 та бошланғич синфларини ва 2950 та 5-9 синф чет тиллари кабинетларининг 2859 тасини чет эл грантлари, 91 тасини иқтисод қилинган маблағлар ҳисобидан компьютер синфи билан таъминлаш, умумтаълим мактаблари учун 537 номда 26,1 миллион нусха дарслик ва ўқув-методик қўлланмалар чоп этиш, 4-синф ўқувчилари учун чет тилидан 590,3 минг нусха дарслик, ўқитувчилар учун 21,2 минг нусха методик қўлланма ва мультимедиа иловаларини ишлаб чиқиб, таълим муассасаларига етаказиб бериш, спорт турлари бўйича ўқув дастурларини такомиллаштириш, спорт секцияларида машғулотларни самарали ташкил этишга қаратилган 7 номдаги ўқув методик қўлланмаларни тайёрлаш режалаштирилмоқда.

 

“ЎЗБЕКИСТОН ТЕМИР ЙЎЛЛАРИ” МОБИЛ ИЛОВАСИ

“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ 2016 йилда электрон чипталарни сотиб олиш учун махсус мобил иловани ишга туширади. Мобил илова ҳар қайси фойдаланувчи учун оддий ва тушунарли интерфейсга эга бўлади. Фойдаланувчи нафақат чипта сотиб олиши, балки компания фаолиятига оид ўзини қизиқтирган бошқа маълумотларга ҳам эга бўлиши мумкин. Ҳозирда фақатгина миллий валютада чипта харид қилиш имконияти мавжуд бўлса, Марказий банк билан олиб борилаётганган музокаралардан сўнг хориж валютасида ҳам чипта сотиш йўлга қўйилади. Бунда ички қатновлар билан бир қаторда, МДҲ давлатлари бўйлаб халқаро йўналишлар учун ҳам чипталар сотилади. Буюртмани расмийлаштиришдан аввал эса фойдаланувчи ўзининг шахсий маълумотларини киритиб, аутентификациядан ўтиши ҳамда чипта тўловини амалга ошириши лозим. Натижада сафар реквизитлари акс этган электрон ҳужжат шакллантирилади. Бугунги кунда Ўзбекистон темир йўл ташувчиси электрон чипталарни сотиб олишни ўз сайти орқали амалга ошираётган эди.

 

«ЯНГИЕР-ТОШКЕНТ» ГАЗ ҚУВУРИ МОДЕРНИЗАЦИЯ ҚИЛИНАДИ

«Ўзбекнефтгаз» Миллий холдинг компанияси «Янгиер-Тошкент» магистраль газ қувурида модернизация ишлари олиб боришга қарор қилди. Бу лойиҳа учун 266 млн доллар йўналтирилади. Лойиҳага кўра, газ қувурининг 165 километрлик янги участкаси қурилиши назарда тутилган.

 

РОССИЯЛИК САЙЁҲЛАР УЧУН ЭНГ ҲАМЁНБОП ШАҲАРЛАР БЕШТАЛИГИ

Меҳмонхоналарга онлайн-буюртма бериш хизмати томонидан 2016 йилда россиялик сайёҳлар учун энг ҳамёнбоп шаҳарлар рўйхати тузилди. Тошкент шаҳри мазкур рўйхатнинг бешталигидан жой олди. Рейтинг 2016 йилнинг 1 февралдан 31 декабргача банд қилинган меҳмонхоналарнинг ўртача кунлик қиймати бўйича тузилди. Ҳисоб-китобларга кўра, россияликлар Тошкентга уч кунлик яшаш учун келишади. 2016 йилда россиялик сайёҳлар учун энг ҳамёнбоп шаҳарлар рўйхатига шунингдек, Польшанинг Познань ва Краков, Иордания пойтахти Оман ҳамда Боку, Тбилиси, Палермо, Кишинев, Ереван киритилди.

 

МАҲАЛЛИЙ БУҒДОЙ НАВЛАРИНИ ЎРГАНИЛМОҚДА

БМТ озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти экспертлари Ўзбекистоннинг вилоятларида бўлиб, маҳаллий буғдой навларини кўздан кечиришди. Тадбирда иштирок этган экспертларнинг фикрича, маҳаллий навлар келажакдаги навларнинг генетик хилма-хиллигини шакллантиришда қўлланилиши мумкин. Ташриф якунларига кўра тайёрланган материал ичида буғдойнинг барча навлари хусусида батафсил маълумотни ўз ичига олган бўлиб, ундан халқаро ишланмаларда фойдаланилиши таъкидланмоқда. 1991 йили мамлакатда йилига 940 минг тонна дон етиштирилаётган эди, 1 га ернинг ҳосилдорлиги 17 центнерни ташкил қиларди. 90-йиллар бошида мамлакатга ун ва бошқа маҳсулотлар олиб киришга ҳар йили 900 млн доллар сарфланарди. 2015 йил якунларига кўра эса Ўзбекистонда 7.5 млн тонна дон йиғиб олинди. 1 га ернинг ҳосилдорлиги ўртача 55 центнерни, айрим ҳудудларда 60-77 центнерни ташкил қилмоқда.

 

БЕЛАРУСЬ ЭЛЧИСИ БИЛАН СУҲБАТ

2016 йилнинг 2 февраль куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Беларусь республикаси фавқулодда ва мухтор элчиси Николай Клакевични қабул қилди. Суҳбат давомида икки ва кўп томонлама шакллардаги алоқалар, жумладан Беларусь кузатувчи давлат мақомига эга Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасидаги ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди. Мулоқот чоғида Ўзбекистон—Беларусь учрашувларининг жадвали ва кун тартиби ҳамда томонларни қизиқтирган бошқа масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

 

ҲАМКОРЛИК САМАРАЛАРИ

Ўзбекистон билан Ҳиндистон ўртасидаги муносабатлар узоқ тарихга эга. Ўзаро ишонч ва ҳурмат, манфаатдорлик ва амалий ҳамкорлик тамойилларига асосланган алоқалар барча соҳаларда изчил ривожланмоқда. Президентимиз Ислом Каримовнинг 2011 йил май ойида Ҳиндистонга давлат ташрифи доирасида имзоланган Стратегик шериклик тўғрисидаги қўшма баёнот, Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Модининг 2015 йил июлда мамлакатимизга расмий ташрифи сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар соҳалардаги ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилмоқда. Бугунги кунда икки давлат ўртасида соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорлик ҳам изчил ривожланмоқда. Тошкент, Бухоро, Самарқанд, Фарғона шаҳарларида ҳиндистонлик шифокорлар кардиожарроҳлик, нейрожарроҳлик, нефрология, онкология, гепатология, ортопедия ва бошқа йўналишларда тиббий кўриклар ўтказмоқда. Тиббиёт ходимлари икки мамлакат клиникаларида ўзаро тажриба алмашмоқда. Фармацевтика соҳасида “Новафарм”, “Браво Фарм”, “Ультра Хелс Кеар” ва “Гуфик Авиценна” каби қўшма корхоналари фаолият кўрсатаётир.

 

II. ЖАҲОН МИҚЁСИДАГИ ИҚТИСОДИЙ, ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ВОҚЕАЛАРГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАР

 

САНКЦИЯЛАР БЕКОР ҚИЛИНИШИ МУМКИН

Европарламент пайшанба куни Страсбургдаги ялпи сессиясида қабул қилган резолюцияга кўра, Россияга нисбатан санкциялар Қрим Украинага қайтарилган тақдирда бекор қилиниши белгиланди. ЕИ депутатлари Қримнинг Россияга қўшиб олинишини ноқонуний деб ҳисоблаши ва уни қоралаши, тан олмаслигини таъкидлаб ўтишган. Бундан ташқари Европарламент Қримда инсон ҳуқуқлари бузилаётгани, биринчи навбатда қрим татарларнинг ҳуқуқлари бузилаётгани ҳамда эркин фикр билдиришнинг, тинч намойишлар ўтказиш учун қатъий чекловлар қўйилаётгани кузатилаётганини айтиб ўтишган. Евродепутатлар Қримга Европа Кенгаши бош котибининг ташрифини қўллаб-қувватлаши ва унинг ҳудуддаги вазиятга баҳосини, хулосасини кутишмоқда. Европарламентнинг мазкур резолюцияси тавсиявий аҳамиятга эга бўлиб, у мажбурий эмас.

 

АФҒОНИСТОН ИШИДГА ҚАРШИ ХАЛҚАРО КОАЛИЦИЯГА ҚЎШИЛДИ

Афғонистон ИШИД жангариларига қарши кураш олиб борувчи халқаро коалицияга қўшилди. Бу ҳақда АҚШ давлат котиби Жон Керри маълум қилган. У коалициянинг бошқа аъзоларини террорчиликка қарши ҳаракатларини мувофиқлаштириш ҳамда фаоллаштиришга чақирган. Шу тариқа Афғонистон бу халқаро коалициянинг 66-аъзоси бўлди. Бундан олдинроқ, АҚШ ИШИДга қарши курашиш учун қўшимча равишда 101-ҳаво-десант дивизиясини жўнатиши ҳақида хабар берилганди.

 

АҚШ 13 МЛРД ДОЛЛАР ЭВАЗИГА АТОМ СУВОСТИ КЕМАСИ ҚУРАДИ

Пентагоннинг 5 йиллик бюджетида 13 млрд доллардан ортиқроқ маблағ янги атом сувости кемаси қурилиши учун белгиланган. Бундай сувости кемаси баллистик ракеталар учириш имкониятига эга бўлади. Режага кўра, АҚШ ҳарбий-денгиз флотининг дронлар бўйича стратегияси ўзгаради. Эндиликда дронларнинг ҳарбий салоҳияти ва маълумот йиғиш имкониятлари кенгайтирилиши кўзда тутилган. 9 февраль куни ҳарбий бюджетнинг расман эълон қилиниши кутилмоқда. АҚШ Мудофаа вазири Эштон Картер бу бюджетнинг миқдори тахминан 583 млрд доллар бўлишини айтган. Манбаларда Пентагон шунингдек, АҚШ ҲҲК учун янги бомбардимончи самолёт, «Огайо» типидаги янги сувости кемаси, ядровий қуроллар, қитъалараро ҳаракатланувчи баллистик ракеталар яратишни режалаштиргани айтилган. Defense News агентлигида ёзилишича, Эш Картер 2017 йилги мудофаа бюджети лойиҳаси тақдимоти вақтида бюджет 5 та асосий омилни назарда тутган ҳолда тузилаётгани ҳақида айтган: Россиянинг кучайиши, Хитойнинг кучайиши, Шимолий Кореянинг АҚШга ва Тинч океанидаги иттифоқчиларига таҳдидлари, Эроннинг Форс кўрфазидаги давлатлар билан муносабатлари ёмонлашуви ҳамда ИШИДга қарши кураш.

 

АФҒОНИСТОНДА АЁЛЛАР УНИВЕРСИТЕТИ ОЧИЛАДИ

Ҳозирда Афғонистонда аёллар учун махсус университет очиш лойиҳаси бўйича жараёнлар бошланган. Мамлакатнинг биринчи хоними ва сиёсий арбоб Рула Ғаний мазкур лойиҳа юзасидан матбуот конференцияси ўтказди. “Қизлар учун университет очиш лойиҳаси Президентлик сайловларида жаноб Ашраф Ғанийнинг сайловолди кампаниясидан ўрин олади ва биз буни тез орада амалга оширамиз. Таълимни олий босқичда давом эттириш нияти бўлган қизлар учун бу айни муддао бўлади”,- дейди Рула хоним. Маълумотларга кўра, мазкур университет қурилиши учун Кобул шаҳри ҳудудидан алоҳида жой ҳам ажратилган.

 

ЭРОН САНКЦИЯЛАР БЕКОР ҚИЛИНГАЧ…

Ядро шартномаси имзоланганидан сўнг Эрон хориж ҳисоб рақамларида музлатиб қўйилган 100 миллиард долларга қайтадан эга чиқди. Эрон ҳукуматининг матбуот котиби Муҳаммад Бакир Нобахтнинг айтишича, Эроннинг музлатилган активлари Хитой, Ҳиндистон, Япония, Жанубий Корея ва Туркия мамлакатларида тўғри келади. Бундан аввалроқ Эрон санкциялар бекор қилинганидан сўнг нефть нархи кескин арзонлаб кетгани сабабли тушиб кетган иқтисодиётни тиклаш учун йилига 50 миллиард доллар миқдорида хорижий инвестицияларни қабул қилиб олиши ҳақида хабар қилинган эди.

 

УКРАИНАНИНГ “ИПАК ЙЎЛИ” БЎЙЛАБ ЮРГАН БИРИНЧИ ЮК ПОЕЗДИ

Украина томонидан 15 январь куни Россияни айланиб ўтадиган “Ипак йўли” орқали юк ташиш мақсадида юборилган тажриба контейнер поезди эсон-омон манзилига етиб борди. “Контейнерлар олиб чиқилди, биринчи тажрибавий босқич анчайин муваффақиятли ўтди дейиш мумкин”,- деди Украина инфраструктура вазирлиги матбуот хизмати ходими. Илгари хабар қилинганидек, 24 январь куни поезд Қозоғистонда икки кунга ушлаб қолинди. Ҳужжат муаммолари ҳал қилинганидан сўнг поезд Жезқазған-Саксовул-Бейнов темир йўл линияси орқали Дўстиқ станцияга йўл олди.

 

РОССИЯ САМОЛЁТИНИНГ ҲАРАКАТИ УЧУН ИЗОҲ

Туркия Бош вазири Аҳмад Довудўғлунинг қайд этишича, Туркия ҳаво кенгликлари чегарасини бузиш – бу НАТО чегараларини бузиш. Бу ҳақда у Саудия Арабистонига қилган ташрифи чоғида маълум қилган. «Бундай вазиятда НАТОнинг биринчи ўринга чиқиши ва ҳар қандай Туркия ҳаво чегараларининг бузилиши НАТО чегараларини бузиш билан тенг экани ҳақида бериши муҳим. Биз шимолий альянс Бош котибига Россия нима сабабдан ҳаво чегараларини бузгани борасида тушунтириш беришини сўраб мурожаат қилдик»,- дея таъкидлаб ўтган Довудўғлу. У «мазкур воқеа юзасидан НАТОнинг позициясидан хурсандлиги»ни қўшимча қилиб ўтган.

 

ТУРКИЯ ҲАВО КЕНГЛИГИ БУЗГАНЛИГИ ТАЪКИДЛАНДИ

Пентагон Анқаранинг Россия ҳарбий самолётининг Туркия ҳаво кенглигини бузганлиги борасидаги баёнотини қўллаб-қувватлади. Шунинг учун АҚШ ҳарбий маҳкамаси Россия ва Туркияни музокаралар ўтказиш ва келишмовчиликни олдини олиш борасида зарур чораларни кўришга чақирди. Туркия ташқи ишлар вазирлиги Россиянинг Су-34 самолётининг жума куни 11.46 да Туркия ҳаво кенглигини бузганлигини билдирган эди. Ўз ўрнида РФ мудофаа вазирлиги вакили генерал-майор Игор Конашенков, Туркия ҳаво кенглиги Россия самолёти томонидан бузилмаганлигини ва Туркия томонининг бу борадаги баёноти “овозли тарғибот” эканлигини таъкидлаган.

 

СУ-34 ТУРКИЯ ҲАВО ҲУДУДИГА КИРМАГАНИ ИДДАО ҚИЛИНМОҚДА

Кремлда рус самолётининг Туркия ҳаво кенгликлари чегарасиини бузмаган деб ҳисоблашмоқда. «Биз бари бир Мудофаа вазирлигимиз берган маълумотга таяниб ахборот берамиз. Мен Россия Мудофаа вазирлиги рус самолётларидан бирининг Туркия ҳаво чегараларини кесиб ўтгани ҳақида маълумотни рад этганини эслатиб ўтмоқчиман. Биз айнан шу маълумотга таянамиз», — деди Песков.

Туркия Ташқи ишлар вазирлиги ўтган ҳафта жума Россиянинг Су-34 самолёти Туркия ҳаво чегараларини бузгани ҳақида хабар берганди. Худди шундай баёнот билан НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг ҳам чиққан. Россия Мудофаа вазирлиги эса Туркия ТИВ берган баёнотни сафсата деб атаганди.

 

ТУРКИЯ РОССИЯ ТРАНСПОРТИГА ЎЗ ҲУДУДИДАН ЎТИШНИ ТАҚИҚЛАДИ

2016 йилнинг 31 январида 2015 йилда берилган рухсатномалар муддатининг тугаши муносабати билан Россия транспорт воситалари Туркия орқали юк олиб ўтиши мумкин бўлмайди. “Шу пайтга қадар Туркия томонидан 2016 йил учун келишувлар имзоланмади. Айни вақтда Россия транспорт вазирлиги масалани ҳал қилиш устида ишламоқда”,- дейилади хабарномада. 2015 йил декабрида Россия транспорт вазири Максим Соколов юк етказиш бўйича икки томонлама келишувлар тўрт баробарга қисқаришини маълум қилганди.

 

РОССИЯДА ИШСИЗЛАР СОНИ 1 МИЛЛИОН НАФАРДАН ОРТДИ

Россия ҳудудида ишсиз юргани расман рўйхатга олинган фуқаролар сони январь ойининг охирги ҳафтасига келиб 3,4 фоизга кўпайиб, 1 млн нафардан ошди. Бу ҳақда Россия Меҳнат вазирлиги матбуот хизмати хабар тарқатди. «2016 йил 20 дан 27 январгача расмий рўйхатга олинган ишсиз фуқаролар сони 3,4 фоизга ўсиб, 1 001 111 кишини (2016 йил 20 январь ҳолатига кўра — 968 639 киши) ташкил қилди»,— дейилади хабарда. Ташкилот маълумотларига кўра, ишсиз фуқаролар сонининг ортиш ҳолати 82 та ҳудудда кузатилган. Шу билан бирга учта ҳудудда ишсизлар сонининг қисқариш ҳам кузатилган. Булар — Коми, Ингушетия ва Киров вилояти. 27 январь ҳолатига кўра, иш берувчи маъмурияти ташаббуси билан тўлиқ иш кунида ишламайдиганлар, шунингдек, томонлар келишувига кўра, ихтиёрий ишдан кетганлар сони 1 фоизга ўсиб 264 457 нафарни ташкил қилмоқда.

 

СЎНГГИ 25 ЙИЛ ИЧИДА 3000 ЖУРНАЛИСТ ЎЛДИРИЛДИ

Сўнгги 25 йил давомида урушлар, инқилоблар, қотиллик ва порахўрлик мавзуларини ёритиш билан шуғулланган энг камида 3 минг нафар журналист ҳаётига суииқасд қилинган. Журналистлар халқаро федерацияси ҳисоботида келтирилишича, журналистлар билан боғлиқ вазият йилдан-йилга ёмонлашиб бормоқда. Агарда 1990 йилда 40 та қотиллик қайд этилган бўлса, 2010 йилдан буён улар сони 100 тадан пастлагани йўқ. Қайд этилишича, 155 нафар ОАВ ходими ўлдирилган 2006 йил мазкур статистика юритилаётган даврдан буён энг ёмони бўлди. Журналистлар халқаро федерацияси бош котиби Энтони Белленжернинг қайд этишича, ҳар ўнта ҳолатнинг биттасигина тергов қилинмоқда. Шу боис Белленжер қотилларни ҳимоя қилаётган жазосизликни тўхтатишга чақирди. Бугунга қадар Ироқ журналистлар учун энг хавфли давлат бўлиб турибди. Ушбу мамлакатда 25 йил ичида 309 нафар ОАВ ходими вафот этди. Иккинчи ўринда эса Филиппин хизмат вақтида ҳаётдан кўз юмган 146 журналист билан тилга олинган. Учинчи ўринни эса Мексика (120 қотиллик) банд этган.

 

НИДЕРЛАНДИЯДА ҲАЙДОВЧИСИЗ ЭЛЕКТРОАВТОБУСЛАР

Ўтган ҳафтадан Нидерландияда фақатгина WePod ҳайдовчисиз электроавтобуслари ҳаракатланадиган янги йўналиш ишга туширилди. Янги транспорт воситаси тўлиқ автоматлаштирилган ва рул бошқарувига эга эмас. Автобус ҳаракатланиш вақтида йўналишнинг батафсил хариталари, камералар, радар ва лазер датчиклардан олинадиган маълумотларга таянади. Буларнинг барчаси йўлдаги вазиятга ўз вақтида жавоб беришга имкон беради. WePod кабинаси автоматик очиладиган эшик, ногиронлар аравачаси учун кўтаргич ва 6 йўловчи ўриндиғи билан жиҳозланган. Электроавтобус тўла қувватланиш билан 100 км йўл боса олади. Унинг максимал тезлиги 40 км/соатни ташкил қилади, бироқ бу тезлик Европада рухсат берилган 25 км/соатгача туширилади. Автобус ҳозирча синовдан ўтказилаётгани сабабли йўналиш узоқлиги 200 метрни ташкил қилмоқда. Унинг ҳаракатланиш тезлиги 8 км/соатгача туширилган. Йўловчилар ташиш Вагенинген йўлларида ҳайдовчисиз, бироқ операторнинг кузатувида амалга оширилмоқда. WePod синовдан ўтгач, Вагенинген ва Эдэ шаҳарлари ўртасида ҳаракатланишни бошлайди. Йўловчилар мобиль қурилмалар дастури ва бекатлардаги терминаллар орқали бу автобусларда юриш учун олдиндан буюртма беришлари мумкин бўлади.

 

ШАМОЛ ПАРРАКЛАРИ

АҚШ энергетика вазирлиги Сандий миллий лабораториясига парраклари эни 200 метргача етадиган сузиб юрувчи шамол турбиналарини конструкциялаш вазифасини топширди. Ҳозирда парраклари 80 метрга етадиган энг катта шамол турбиналари Японияда жойлашган. Улар 7 мегаватт электр энергия ишлаб чиқаради. АҚШда эса 50 мегаваттлик шамол генераторлари яратишмоқчи. Янги конструкция кучли денгиз шамолини йўқотишларсиз «тутишга» имкон берувчи махсус элементлар билан жиҳозланади. Кучли шамолларда бузилиш хавфини камайтириш мақсадида ротор кураклари шамол йўналишида йиғилади. Лойиҳа ҳозирча ишлаб чиқиш босқичида турибди. Аниқ натижаларни 2020 йил охирига кутиш керак бўлади. Шу вақтга келиб АҚШ энергетика вазирлиги мамлакатда ишлаб чиқарилувчи 20 фоиз электр энергияни шамол электр станциялари ёрдамида олмоқчи.

 

АМЕРИКА ФУҚАРОЛИГИДАН ВОЗ КЕЧГАНЛАР

2015 йилда АҚШ фуқаролиги ва мамлакатда узоқ муддат истиқомат қилишдан воз кечганлар сони рекорд даражага етди. Молия вазирлиги маълумотларига кўра, бир йил давомида 4279 киши фуқароликдан кечган. 2015 йилда кетма-кет учинчи йилдан буён бу борада рекорд натижа қайд этилаётгани маълум қилди. WSJ экспертлари фикрича, фуқароликдан воз кечиш АҚШ ҳукуматининг америкаликларнинг офшорлардаги ҳисоб рақамларига қарши кураш кампанияси билан боғлиқ. Вашингтоннинг хориждаги даромадлар учун солиқ тўловларини ўрнатиш билан боғлиқ сиёсати ҳам фуқароликдан воз кечишга сабаб бўлаётгани ҳам таъкидланмоқда.

 

ИШИДНИ ЙЎҚ ҚИЛИШ ЙЎЛИ

ИШИД жангариларини парчалаб ташлаш учун террористларни нефть ва молиявий оқимлардан бебаҳра қолдириш керак, деди АҚШ президентлигига номзод, миллиардер Дональд Трамп. “Тўрт йил муқаддам мен террористларни йўқ қилиш учун уларнинг нефть объектларини бомбалаш ва улар қўлидан нефтни тортиб олиш керак, деб айтган эдим”,- деди тадбиркор. “Агарда биз шуни қилганимизда, ҳозир бундай муаммо бўлмас эди. Бугун мен яна ўша гапларни айтаман”,- деди Трамп Нью-Ҳемпшир штатидаги теледебатлар чоғида. Тадбиркор АҚШ ўз иттифоқчиларидан уларнинг банк тизимлари орқали террористларга етиб бораётган барча молиявий оқимларни тўхтатишни талаб қилиши лозимлигини қайд этиб ўтди. “ИШИД қўлига катта миқдордаги маблағлар иттифоқчиларимиз ҳисоблари орқали ўтмоқда. Шунинг учун молиявий ва нефть оқимларининг тўхтатилиши террористларни танг аҳволга солиб қўяди. Буни тўрт йил аввал қилиш керак эди”.

 

СУРИЯ МУЗОКАРАЛАРИ

БМТ бош котиби Пан Ги Мун Женевадаги Сурия музокараларининг бузилиши Россиянинг Алеппода Башар Асад қўшинларининг қуруқликдаги амалиётларига кўмаклашиш истагидан воз кечмаётлари билан боғлиқ эканини маълум қилди. “Учрашувга йиғилишимиз билан Алеппода бомбардимонлар ва қуруқликдаги амалиётлар бошлаб юборилди,- деди Пан Ги Мун Лондонда FT`га берган интервьюсида.- Бу эса Стаффан де Мистура [БМТнинг Суриядаги махсус элчиси]ни ноқулай аҳволга солиб қўйди”. БМТ бош котибининг фикрича, Сурия бўйича фавқулодда заиф дипломатик жараён ўт очишларни зудлик билан тўхтатилишини талаб қилмоқда. Пан Ги Мун фикрича, Россиянинг Асад тузумини қўллаб-қувватлаётгани вазиятни ижобий ҳал этишдаги ҳаракатларга ўта салбий таъсир кўрсатмоқда. “Ҳаводан ҳужумларнинг давом эттирилиши, жумладан, террористларга қарши қонуний ҳаракат қилиш ҳам тинч аҳоли вакилларининг ўлимига, фуқаро объектларини вайрон бўлишига олиб келмоқда. Айниқса ҳозир, музокаралар бошлангандан сўнг ўта эҳтиёткорлик зарур. Бироқ муҳим муаммоларни муҳокама қилиш ўрнига Сурия ҳукумати кўтариб чиққан кимни таклиф қиламиз, кимни эса йўқ, қабилидаги майда-чуйдалар музокараларни булғади”,- деди БМТ бош котиби.

 

ТУРКИЯ ВА РОССИЯ МУНОСАБАТЛАРИДАГИ ИНҚИРОЗ

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев мамлакатга расмий ташриф билан келган Туркия бош вазири Аҳмад Довудўғли билан учрашди. Учрашув вақтида икки томонлама ҳамкорлик, жумладан, сиёсий мулоқотлар ва маданий алмашувларни мустаҳкамлаш, транспорт, энергетика, туризм ва қурилиш инфратузилмалари соҳасидаги алоқаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Учрашувда Назарбоев Туркия атрофидаги воқеа-ҳодисаларнинг Қозоғистонга ҳам таъсири борлигини таъкидлаб, мураккаб вазиятдан чиқиш йўлларини қидириш лозимлигини айтиб ўтди. “Содир бўлаётганларнинг кўплаб сабаблари ҳамон номаълумлигича қолмоқда. Сурия ва Ироқдаги можаролар мусулмонлар ўртасида бирдамликнинг йўқлигини кўрсатди. Биз шундай вазиятга яқинлашдикки, Ғарбда суннийлар ва шиалар ўртасидаги қарама-қаршилик аввалроқ ҳал этилиши мумкин эди. Биз учун Россия ва Туркия ўртасидаги муносабатлар инқирози ҳам катта муаммога айланди. Ҳар икки давлат ҳам бизнинг муҳим иттифоқчиларимиз ва шерикларимиздир”,- деди у.

 

СУРИЯ АРМИЯСИ ТУРКИЯ ЧЕГАРАСИГА ЯҚИНЛАШДИ

Сурия ҳарбийлари Туркия чегараси томон яқинлашишда давом этмоқда. Россиянинг ҳаводан қўллаб-қувватлаши ва эронлик ҳарбийларнинг кўмаги билан Асад армияси ҳукуматга қарши исёнчилар 5 йил давомида эришган барча юутуқларни йўққа чиқармоқда. Reuters тарқатган хабарга кўра, суриялик ҳарбийлар ва уларнинг эронлик иттифоқчилари ҳозирда Туркия чегарасидан 25 км узоқликда турибди. Исёнчилар хабарига кўра, ҳукумат армияси сўнгги 2 йилда ҳаводан Россия ва қуруқликда эронлик ҳарбийларнинг кўмаги билан кучайиб кетган. Натижада исёнчилар кундан кун жанггариларини ва эгаллаган ҳудудларини бой беришмоқда.

 

III. МИРЗО УЛУҒБЕК НОМИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИДА

 НАВОИЙНИНГ ДИЛГА МАЛҲАМ НАВОЛАРИ

Мир Алишер Навоий бетакрор асарлари бугунги авлоднинг ҳам беқиёс маънавий меросидир. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги “Маънавият ва маърифат” марказида буюк аждодимиз, шеърият мулкининг султони Мир Алишер Навоий таваллудининг 575 йиллиги олдидан “Навоийнинг мангу мероси” мавзуида адабий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

ЎзМУ Мураббийлар Кенгаши раиси, тарихчи олим Аброр Хидиров Ўзбекистон истиқлолга эришиш арафасидаёқ мамлакатимизда 1991 йил – “Алишер Навоий йили” деб эълон қилиниши замирида оламча маъно мужассам бўлганини изоҳлаб берди. Дарҳақиқат, муҳтарам Президентимиз Ислом Каримовнинг “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида таъкидланганидек, она тилига муҳаббат, унинг беқиёс бойлиги ва буюклигини англаш туйғуси ҳам бизнинг онгу шууримиз, юрагимизга аввало Навоий асарлари билан кириб келади. Бу бебаҳо меросни ўрганиш, ундан халқимизни янада кенг баҳраманд этиш, ёш авлод онгу шуурига буюк аждодимиз адабий-маънавий меросини жо этиш ҳам фарз, ҳам қарздир.

ЎзМУ Ўзбек филологияси факультети декани, филология фанлари доктори, профессор Нурбой Жабборовнинг “Алишер Навоий мероси ва миллий маънавият” мавзуидаги маърузаси тингловчиларда катта қизиқиш уйғотди.

– Давлатимиз раҳбарининг “Юксак маънавият – енгилмас куч” асаридаги “Таълимни тарбиядан, тарбияни эса таълимдан ажратиб бўлмайди – бу шарқона қараш, шарқона ҳаёт фалсафаси”, деган фикрлари бунинг ёрқин мисолидир,– деди маърузачи.– Бугун бутун дунё бу борада Ўзбекистон энг тўғри йўл тутганини эътироф этаётир. Биз тарбия борасида ҳам беқиёс меросга эга саноқли халқлардан биримиз. Бу соҳада “авлиёларнинг авлиёси, мутафаккирларнинг мутафаккири, шоирларнинг султони” Алишер Навоий мероси ҳаётбахш манба бўлиб хизмат қилмоқда.

Шахс камолотида тарбиянинг ўрни беқиёс. Кўҳна Шарқда тарбияга ҳаёт-мамот масаласи сифатида қаралганининг боиси ҳам шунда. Модомики авлодлар камоли тарбия билан чамбарчас боғлиқ экан, жамият тараққиётини ундан айри тасаввур этиб бўлмайди.

Ўзбек адабиёти ва матншунослик кафедраси доценти Абдумурод Тилавов Мир Алишер Навоий ҳикматларининг бугунги кун учун аҳамияти ҳақида сўз юритар экан, улуғ шоирнинг ўлмас ўгитлари авлодлар оша бебаҳо маънавий мерос бўлиб келаётганига алоҳида эътибор қаратди.

Журналистика факультети доценти Тўлқин Эшбек ҳазрат Алишер Навоий ижоди битмас-туганмас тадқиқот ва мушоҳадалар манбаи эканини изоҳлар экан, улуғ шоир хатлари, тарихий шахслар ҳамда замондошлари ҳақидаги битикларини бўлғуси журналистлар публицистика жанри сифатида ўрганишлари муҳимлигини алоҳида таъкидлади. Буюк аждодимизнинг “Агар огоҳсенсен, шоҳ сенсен” деган шоҳ сатрлари бугунги ахборот глобаллашуви даврида қанчалик муҳим аҳамият касб этаётганини ҳар бир журналист теран англамоқда. Демак, ул зотни наинки ўзбек шеъриятининг гултожи, шу билан бир қаторда миллий журналистикамизнинг ҳам асл гултожи, дейишга ҳақлимиз. Келгусида Мир Алишер Навоийнинг ана шу маънавий меросини ўзига хос бадиий публицистика нуқтаи назаридан илмий тадқиқ этиш ва изчил ўрганиб бориш мақсадга мувофиқдир.

Ўзбек адабиётшунослиги мутахассислиги магистранти Ўрол Норматов “Лайли ва Мажнун” монологини жўшқин бир тарзда ёддан айтганида шеърият шайдолари қалбида ажиб туйғулар жўш ургани уларнинг нурли чеҳраларида акс этиб турарди.

Ўзбек филологияси талабалари Фарида Саидова, Гулрухсор Суярова, Шаҳодат Исоқова ва Нафиса Сулаймоновалар улуғ шоир ғазалларининг инглиз ва рус тилларидаги таржималаридан намуналар ўқишиб, адабиёт мухлисларининг олқишларига сазовор бўлдилар.

 

ИНТЕРНЕТДАГИ ТАҲДИДЛАРДАН ҲИМОЯ

Компьютер технологиясининг ажиб мўъжизаси бўлмиш интернет курраи заминни ягона ахборот маконига айлантирди. Бунинг кўпгина ижобий жиҳатлари билан бир қаторда салбий томонлари ҳам борлигини англадик. Ўша салбий ҳолатларнинг битта кўриниши – “ахборот хуружи”дир. Оилада ана шу “ахборот хуружи”га қарши қай тариқа иммунитет пайдо қилинган бўлса, Ватанга қарши хуружларга нисбатан ҳам ўз вақтида ёш авлод онгида тўғри тасаввур ҳосил қилиб бориш улкан заруриятга айланди. Бу ижтимоий ҳодиса илмий тадқиқ қилиниши ва ўз навбатида унинг сиру синоати таълим муассасаларида ёш авлодга ўргатилаётгани ҳам бежиз эмас. Зеро, давлатимиз раҳбарининг ибораси билан айтганда, “Болаларимизнинг онгини ва ҳаётини бузадиган, эртанги кунига мутлақо ишончини йўқотадиган мана шундай ғояларга қарши биз қурол билан эмас, ғоя билан курашишимиз зарур. Бизнинг ғоямиз кучли бўлиши лозим. Авваломбор, ўзимиз, ҳаётнинг ўзида синалган ўз ғоямизга ишониб майдонга чиқишимиз даркор”. Интернетга кирган ҳар ўқувчи гўё ўзи учун атай тайёрлаб қўйилган ахборотларни осонгина топади. Албатта, маънавиятга, эзгуликка хизмат қилувчи бадиий, илмий, илмий-оммабоп асарлар, мақолалар ҳам кам эмас. Бунинг учун ўша сайт ижодкорларига таҳсинлар айтсанг арзийди. Айни пайтда шов-шувли олди-қочдилар, инсон онгини ўз домига аёвсиз тортиб кетадиган “форум”лар, асоссиз гаплар, миллий қадриятларни парчалаб ташлашга қодир ғоялар ҳам урчиб ётибди.

Тошкент ислом институти ташаббуси билан Айдарбек Тулеповнинг “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган “Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя” китобида айнан шу мавзуда чуқур таҳлилий мушоҳадалар юритилган. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Маданият саройида яқинда ана шу китоб тақдимоти ҳамда бу мавзуда давра суҳбати бўлиб ўтди.

Ўзбекистон мусулмонлар идораси, Тошкент Ислом институти, “Ёшлик” Талабалар шаҳарчаси билан ҳамкорликда ташкил этилаётган давра суҳбатида диншунос олимлар, ЎзМУ талабалари, педагог ходимлар, ёш тадқиқотчилар ва бошқалар иштирок этдилар.

– Айрим ижтимоий тармоқларда дин ниқоби остида диний экстремизм, терроризмга даъват қилувчи маълумотлар тарқатилаётганидан кўз юмиб бўлмайди,– деди университет Маънавий-маърифий ишлари бўйича проректори Давлатбой Жумабоев.– Айрим ёвуз кучлар соддадил ва онги тўла шаклланиб улгурмаган ёшларни интернет орқали қопқонга тушириш учун курашаётгани тинчлик ва осойишталигимизга мудом рахна солади. Бундай хавф-хатарларга қарши жиддий курашиш давр талабига айланган. Бунинг учун аввало ҳар бир талаба маънан етук бўлмоғи зарур. “Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя” китоби ана шу эзгу мақсадга хизмат қилади.

Ахборот соҳасидаги глобаллашув қанчалик юқори чўққисига чиққанини бугунги кунда миллионлаб ёшларнинг интернетдан бош кўтаролмай қолгани ва шунга яраша ўнлаб ижтимоий тармоқларда турфа хабар ҳамда мақолалар ҳар куни муттасил равишда ёритилаётгани мисолида кўришимиз мумкин. Бу ижтимоий тармоқлардан кимдир сиёсий қурол сифатида фойдаланаётган бўлса, бошқаси ўз ғояларини зўр бериб тиқиштиришга уринмоқда. Шундай чигал ва мураккаб шароитда биз учун галдаги энг муҳим вазифалардан бири – ёш авлоднинг онги ҳамда қалбини ёт ғоялардан, мафкуравий таҳдидлардан асраб-авайлашдир.

Тошкент Ислом институти ректори Уйғун Ғоффоров, Ўзбекистон мусулмонлар идораси масъул ходимлари Хайрулла Турматов, Илҳомжон Марупов ва бошқаларнинг бу мавзудаги таҳлилий мушоҳадалари тингловчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Интернет бу – виртуал олам. Ақлли одам ҳаққоний ҳаёт билан виртуал оламни бир-биридан фарқлай олади. Илм-маърифат истаганлар бугун интернет орқали билмаганини ўрганиб олаётган бўлса, кимлардир бу “ўргамчак тўри”да қандайдир тузоққа тушиб қолмоқда. Лойқа сувга барҳам беришнинг самарали усулларидан бири – тиниқ ва зилол сувларни кўпайтириш зарур. Эътибор берган бўлсангиз, ҳовузнинг бир томонидан тиниқ сув оқиб кираверса, лойқа сувлар аста-секин барҳам топиб кетади. Мутафаккир шоир Мир Алишер Навоийнинг “Агар огоҳсен сен, Шоҳсен сен”, деган бетакрор сатрлари замирида ахборот соҳасидаги огоҳлик масаласи ҳам акс этиб турибди. Демак, биз интернет тизимидаги ҳар қандай ахборотларга ҳушёрлик билан боқсак, ўз навбатида эзгуликка, яхшиликка хизмат қилувчи сермазмун ахборотларимиз билан тегишли сайтларимизни бойитиб борсак мақсадга мувофиқ бўлур эди.

“Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя” китобини теран мушоҳада билан мутолаа қилганлар бу виртуал оламда “ўргамчак тўри”га илиниб қолмайди, қандайдир бузғунчи ғоялар гирдобига тушмайди, алданмайди, ёш умрини бевақт хазон қилмайди, деган хулосага келиш мумкин.

 

Материаллар ЎзМУ Ахборот хизмати томонидан тайёрланди.

Унда республика ОАВ хабарларидан фойдаланилди.

 

Факультет деканининг Маънавият ва маърифат ишлари бўйича ўринбосари диққатига!

“Ахборот соатлари” маълумотлари юзасидан савол пайдо бўлса ЎзМУ Ахборот хизмати раҳбари Тўлқин Эшбековга мурожаат қилишингиз мумкин.

Телефон: +99890 9120963.

Электрон почта: tueshbek@mail.ru

Манба: nuuz.uz

You may also like...

43 Responses

  1. Aydarbek Tulipovning. «Interetdagi tahdidlardan. himoya » kitobini men. ham o’qib chiqqanman.Kitobda bugunning muhim mavzulari batafsil yoritilib berilgan. Ayniqsa ,mavzuga oid rasmlar ham har qanday kishini e’tiborini tortadi.

  2. 4-fevral kuni bo`lib o`tgan Prezidentimiz rahbarligidagi Toshkent viloyati xalq deputatlarining navbatdagi yig`ilishini televideniye orqali ko`rdim. Mazkur yig`ilishda yurtboshimiz kun tartibiga qo`ygan asosiy masala Toshkent viloyati hokimi Usmonovning mansabidan chetlatish bo`ldi.
    Yig`ilish davomida yurtboshimiz faqatgina shu masalaga emas, balki bugungi kunda dunyoda ro`y berayotgan voqea-hodisalarga ham o`z munosabatlarini bildirib o`tdilar.
    Ayniqsa, yig`ilishda Prezidentimiz rahbar ma`naviyati masalasi, bugungi kun rahbar kadrlarga qo`yilayotgan talablar haqida juda yaxshi fikrlarini bildirib o`tdilar!

  3. Jumamurodova Muyassar:

    2015- yilda namunaviy loyihalar asosida 29 ta umumta’lim maktablarining barpo etilishi quvonarli hol. Boshqa ko’pgina maktablarning ham kapital ta’mirlanishi dars sifatlarining yanada oshishini ta’minlaydi. O’quvchilarning ham fanlarni o’zlashtirishi oshadi. Ularning ham ma’nan, ham jismonan yuksak inson bo’lib shakllanishi yurtimiz rivoji uchun muhim ahamiyat kasb qiladi. Zero, yoshlar yurtimiz ertasidir.

  4. So’ngi 25 yil mobaynida 3000 ga yaqin jurnalistlarning o’limi bu juda yomon holat. O’ylab ko’raylik mana shu jurnalislar kimlar uchun jon kuydirib o’zlarini hafu- hatarga qo’yib yangi axborot tayyorlash maqsadida hattoki qurollangan kuchlar bora olmaydigan joylarda qo’rqmay paydo bo’lib u yerdagi vaziyatni o’rganib to’gri tahlil qilib shu axborotni bizlarga yetkazib berish jarayonida jon berayotagnlari juda yomon.

  5. ИНТЕРНЕТДАГИ ТАҲДИДЛАР салбий таъсирини олдини олиш таълим соҳаси ходимларининг муқаддас вазифасидир. Ёшларни ахборотдан ўринли ва тўғри фойдаланишга ўргатиш зарур

  6. Respublikamizda birgina 2015 yilning ózida 29 ta umumta’lim maktablari qurilib, foydalanishga topshirilgani eng muhim yangilikdir. Davlatimiz byudjetidan eng kòp mablag’ aynan ta’lim sohasiga yònaltirilayotgani hech birimizga sir emas. Rivojlangan davlatlardan tashrif buyurgan delegatsiya a’zolarining yurtimizda yaratilgan ta’lim tizimi va yaratilgan shart-sharoitlaridan lol qolishmoqda. Shunga mutanosib ravishda yoshlar orasida o’qishga bòlgan qiziqish yildan-yilga ortmoqda. 2015 yil Oliy òquv yurtlarigan besh yuz mingga yaqin abituriyentlar hujjat topshirgani, buning yaqqol isbotidir. Ta’lim sohasidagi tub islohatlar hali davom etmoqda. Masofadan turib elektron ta’lim, baholashdagi modul tizimlarining kirib kelishi ta’lim sohasiga ijobiy tasir etadi, albatta!

  7. To’g’risi, «Axborot soatlari» ga birinchi marta kirishim. Lekin xuddi o’zimni dastlab O’zbekistondagi islohatlar ishtirokchisi hisoblagan bo’lsam, sal o’tib Xorij hayotiga kirib qoldim, so’ng ya’na O’zbekiston hayoti, Universitetimiz hayoti. «Axborot soatlari» men Eronning Ramser shahrida 2-fevral kuni «Jahon suvli-botqoqli hududlar kuni» munosabati bilan konvensiya o’tkazilganligini va bizning mamlakatimiz ham uning ishtirokchisi ekanligi, shuningdek so’ngi 25 yil ichida 3000 ta jurnalistlarning fojiyasi haqida yoki bo’lmasa haydovchisiz elektroavtobuslar yaratilganini bilib oldim. Albatta, bu axborotlarni kech olgan bo’lsamda, lekin foydasi bo’ldi.

  8. Bugun insonlarning tezkor axborot olishga bo’lgan ehtiyojini qondirayotgan internet juda ko’p qulaylik bilan bir qatorda insonlarning qaysi axborot tog’ri ekanligini bilishini ham talab qilmoqda . Sababi , shunday holatlar ham kuzatilyaptiki , o’zi bilmagan holda yoshlarimiz turli «qora kuchlar » aldoviga ishonib qolmoqda . Oqibatda esa yomon ko’ngilsizliklar yuz berayotgani barchamizga ma’lum . Keyinini o’ylamay o’z hayotini izdan chiqaratotgan yoshlar ko’payishiga sabab axborotdan tog’ri foydalana olmasliklaridanmasmikan . Shu bois o’zimizda axborotdan foydalanish ko’nikmasini shakllantirishimiz kerak .

  9. Yurtimizda yoshlar bilim olishi o’qib o’rganishi uchun barcha sharoitlar yaratib berilgan . Bugungi kunda ham qurilayotgan o’quv maskanlari , suv inshootlari , madaniyat maskanlari hammasi yoshlar uchun . Dono yurtboshimiz salohiyatlari natijasida amalga oshirilayotgan bu kabi imkoniyatlar vaqtida unumli foydalansak bo’ldi . Kelajakda yurtimiz yanada ravnaq topadi .

  10. Har soniyada tezkor axborotga ega bo’lishimizda katta yordam berayotgan internetdan bugun «qora kuchlar » o’z maqsadlarini amalga oshirishida vosita qilib olmoqdalar . Ammo hech qachon yovuzlik g’alab qozonmagan . Agar har birimizda internetdan to’g’ri foydalanish ko’nikmasi bo’lsa , har birimiz xabardor bo’layotgan axborotni tahlil qila olsak hech bir yomon niyatli kishilar o’z maqsadlariga erisha olmaydilar . Hayotimiz internet bilan o’zaro bog’liq ekan tog’ri yondashish ko’nikmasini ham shakllantirishimiz shart .

  11. Kun davomida yurtimiz va jahona yuz berayotgan yangiliklar haqida xabardor bo’lishni xohlaymiz . Bunday vaqtda bizga internet yordam berib , bir necha soniyalarda yangiliklardan boxabar qiladi . Ammo bugun internetdan o’zining yomon maqsadlarida foydalanyotgan » qora kuchlar » ham ko’payib bormoqda . Qachonki , bizda internetdan foydalanish ko’nikmasi shakllangan bo’lsa bunday vaziyatlarda tog’ri qaror qabul qila olamiz . Chunki birgina xato inson hayotini juda achinarli holga olib boradi . Shuning uchun internetdan foydalanayotganimizda ehtiyotkorlikni esdan chiqarmaylik .

  12. Internet eng tezkor axborot vositasi bo’lib , bugun kun davomida o’zimizga yaqin axborotchi qilib olganmiz . Chunki biror voqelik haqida tez xabardor bo’lishni xohlaymiz bunday vaziyatda esa talabimizni internet orqali qondiramiz . Qanday axborotni olish kerakligini bilsak bo’lgani …

  13. Bu axborot soatidan o’zim uchun juda qiziq ma’lumotlarga ega bo’ldim . Aynisa , Afg’onistonda ayollar savodxonligiga e’tibor berishi haqidagi xabar e’tiborimi tortdi . Sababi , bu ayollarga bo’lgan e’tiborni oshayotganidan bo’lsa ajabmas.

  14. Yurtimizda umumta’lim maktablarining yanada ko’payayotgani aholining savodxonligi, dunyoqarashi ijobiy sur’atlarda o’sib borishiga zamin yaratadi.

  15. Axborot asrida juda ko’p davlatlarda notinchlik hukm surmoqda. Bu vaqtda yurtimiz kun sayin rivojlanmoqda. Kun sayin chiroyiga chiroy qo’shilmoqda. Ko’z tegmasin go’zal O’zbekistonimizga.

  16. Azizbek Ramazonov:

    «Internetdagi tahdidlardan himoya» kitobini o`qib chiqdim. Shu yo`nalishdagi kitoblar soni va turini ko`paytirish tarafdoriman. Kitob 3000 (uch ming) nusxada chop etilgan ekan. Savol tug`ildi : nega 300 000 (uch yuz ming) nusxada chop etilmadi? Menimcha, bunday kitoblarga odamlarimizning ehtiyoji yuqori.

  17. Fotihbek Abdurahimov 201-guruh:

    Hozirda dunyo Ommaviy axborot vositalari tomonidan yolg’on va to’g’ri axborotlar birdek taqdim etilmoqda. Axborot soatlari davomida biz axborotlarni to’plash, kerakli va aniq faktlarga asoslanganini ajratib olish, ularni saralash va qayta ishlagan holda ommaga yetkazib berish sir-asrorlarini o’rganamiz. Bu esa jurnalist uchun asosiy hisoblangan vazifalardan biridir, nazarimda

  18. Nima uchun internet tarmog’idan foydalanuvchilar ko’pincha keraksiz ma’lumotlar bilan chalg’ib ketishadi. Buni sababi nimada? Menimcha avvalambor ularga internetdan foydalanish madaniyatini singdirishimiz kerak. Albatta oila bunda asosiy vazifani bajaradi. «Axborot xurujlari» dan ogoh bo’lishda aynan anashu tarbiya katta rol o’ynaydi.

  19. Azizbek Ramazonov:

    «INTERNETDAGI TAHDIDLARDAN HIMOYA» KITOBINI O’QIB CHIQDIM. BUGUNGI KUN UCHUN DOLZARB MAVZULAR YORITILGAN. ADADI 3000 (UCH MING) NUSXA EKAN. MENIMCHA, BU KAM. KITOBNI KO’PROQ NUSXADA QAYTA NASHR QILISH KERAK DEB O’YLAYMAN. CHUNKI BUNDAY KITOBLARNI HAMMA O’QISHI KERAK

  20. Afg’onistonda maktab ochilishi quvonarli holat. Agar u haqiqatdan ham ochilib yaxshilik yo’lida xizmat qilsa. Jahonda va yurtimizda bo’layotgan juda qiziqarli ma’lumotlarga ega bo’lyapmiz. Prezidentimizni sog’lom ona va bola haqidagi bildirgan fikrlari juda ajoyib. Farzandlari sog’lom yurt qudratli bo’lur

  21. Internetdan foydalanish uchun qo’llanmalar chop etish kerak. Bu to’g’ri lekin, internetdan foydalanayotgan har qanday odam oq va qorani ajrata olish kerak

  22. Dunyo olamidagi eng songi yangiliklardan boxabar boldik ustoz buning uchun sizga kotta raxmat.

  23. Ёшлар онгини чалғитиш учун катта курашлар кечаётган глобаллашув даврида юксак маънавият, одоб-ахлоқ масаласига эътиборни кучайтириш долзарб вазифадир. Ушбу жараёнда, айниқса, ёшларни эътиборидан четда қолдирмаслик лозим.

  24. Afg’onistonda ayollar universiteti ochilarmish.Bilmadim bu universitet qancha payt yashay olar ekan!?

  25. Afg’oniston ayollariga rahmim kelardi.Endi esa ushbu mamlakatning 1-raqamli ayol siyosiy arbobi Rula G’aniy tashabbusi bilan ayollar universiteti ochilayotgani yaxshi xabar.

  26. ISHID deb atalmish bu maxluqni dunyo gigantlari nega haligacha yo’q qilib qo’ya qolmaydi?

  27. Yil so’ngida bu yil davomida qanday ishlar amalga oshirilganligini sarhisobi bo’ladi. Qarangki, 2015 yilda yurtimizda 29 ta umumta’lim maktablari tashkil etilibdi. Bu esa ta’lim jarayonida ulkan muvaffaqiyatlar kalitidir…..

  28. Ushbu ma’ruzangizni o’qib chiqib menga yoqdi va kerakli ma’lumotlardan boxabar bo’dim.

  29. Устоз нима сабабдан қуйидаги ҳаволада изоҳ қолдириб бўлмаяпти? Олдиндан раҳмат!
    http://uchildiz.uz/%D0%B0%D1%85%D0%B1%D0%BE%D1%80%D0%BE%D1%82-%D1%81%D0%BE%D0%B0%D1%82%D0%BB%D0%B0%D1%80%D0%B8-%E2%84%96-21-16/

  30. 2015 ЙИЛДА 29 ТА ЯНГИ УМУМТАЪЛИМ МАКТАБИ БАРПО ЭТИЛДИ
    Қанча кўп таълим масканлари барпо этилса, шунча яхши! Ахир, бежизга айтишмаган, таълимга ажратилган маблағлар келажакка қўйилган сармоядир! Ўша даргоҳларда таҳсил оладиган ҳам, ўқиб-ўрганадиган ҳам, камол топадиган ҳам фарзандларимиз! Бугунги нурафшон йўлларни ҳам улар давомлайди!

  31. Alimova Dilrabo:

    Niderlandiyada haydovchisiz elektroavtobuslari harakatlanadigan yangi yo’nalishda ishga tushirilishi bu qiziq.Bu xabarni o’qib juda hayratda qoldim.

  32. Alimova Dilrabo:

    Niderlandiyada haydovchisiz elektroavtobuslari harakatlanadigan yangi yo’nalishda ishga tushirilishi bu qiziq.Bu xabarni o’qib hayratda qoldim.

  33. Sevinch Norqobilova:

    АФҒОНИСТОНДА АЁЛЛАР УНИВЕРСИТЕТИ ОЧИЛАДИ
    bu xabarni o’qib, ko’nglim tog’dek ko’tarildi. Ilm olish har bir inson uchun farzdir…

  34. Fayyoz Achilov:

    НИДЕРЛАНДИЯДА ҲАЙДОВЧИСИЗ ЭЛЕКТРОАВТОБУСЛАР
    mana sizga taraqqiyot mezonlarining faoliyati. Yaqin vaqtlarda bu kabi avtobuslar bizning mamlakatimizda ham harakatlansa ajab emas.

  35. zamon o`zgarmoqda bugun biz uchun katta yangilik hisoblangan yangiliklar ertaga edrikib ulgurmoqda. demak shunday ekan har kim zamonga moslashib borishi yangi texnologiyalardan samarali foydalana olishi kunning talab bo`lmoqda

  36. Pokiza Turdaliyeva:

    Yil hisobiga ko’ra 2015 ЙИЛДА 29 ТА ЯНГИ УМУМТАЪЛИМ МАКТАБИ БАРПО ЭТИЛДИ. Ustoz axir bu yaxshiyam emas, juda zo’r ko’rsatkich-ku. Ba\zi mamlakatlarda maktablar butunlay yopilib ketayotgan zamonda bu biz uchun katta yutuq.

  37. Yurtimizda yoshlarga shart-sharoitlar yaratib berilgan chunki yangi zamonaviy kollej,litsey maktablarda ularni yangi zamonaviy partlarda o’tirishadi.Yoshlarimizga berilgan imkoniyatlarda to’g’ri va samarali foydalanish kerak.

  38. Zamon kundan kunga urchib rivojlanib borayotir. Sal oldin Niderlandiyada haydovchisiz mashina yaratilgan bo`lsa, endilikda «aqilli» velosiped barchani hayratga solmoqda.

  39. Mamalakatimizda yoshlarga yaratilgan imkoniyatlardan foydalanish har kimning bilim darajasi, tafakkuri bilan bog’liq jarayon hisoblanadi. Qonunimizda ham bepul ta’lim tizimi haqida alohida to’xtalib o’tilgan

  40. Davlatimiz byudjetidan eng kòp mablag’ aynan ta’lim sohasiga yònaltirilayotgani hech birimizga sir emas. Rivojlangan davlatlardan tashrif buyurgan delegatsiya a’zolarining yurtimizda yaratilgan ta’lim tizimi va yaratilgan shart-sharoitlaridan lol qolishmoqda. Shunga mutanosib ravishda yoshlar orasida o’qishga bòlgan qiziqish yildan-yilga ortmoqda. 2015 yil Oliy òquv yurtlarigan besh yuz mingga yaqin abituriyentlar hujjat topshirgani, buning yaqqol isbotidir.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>