“АХБОРОТ СОАТЛАРИ” № 23-2017

Ҳафтанинг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеалари (20-25 февраль кунлари)

МИРЗО УЛУҒБЕК НОМИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИ

“АХБОРОТ СОАТЛАРИ” № 23-2017

Ҳафтанинг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеалари (20-25 февраль кунлари)

ТОШКЕНТ

ЎзМУ – 2017

Факультет деканининг Маънавият ва маърифат ишлари бўйича ўринбосарлари ва мураббийлар диққатига! Талабаларга “Ахборот соатлари” материаллари билан www.nuuz.uz ва www.uchildiz.uz веб-сайтлари орқали ҳам танишиш тавсия этилиши мақсадга мувофиқдир.

 

I. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДАГИ ИҚТИСОДИЙ, ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ВОҚЕАЛАРГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАР

 ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ 2017 ЙИЛ 7 ФЕВРАЛДА ҚАБУЛ ҚИЛИНГАН “ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИ ЯНАДА РИВОЖЛАНТИРИШ БЎЙИЧА ҲАРАКАТЛАР СТРАТЕГИЯСИ ТЎҒРИСИДА”ГИ ФАРМОНИГА

ШАРҲ

 Мустақиллик йилларида мамлакатда ҳуқуқий демократик давлат, кучли фуқаролик жамияти қуришга, эркин бозор муносабатларига ва хусусий мулк устуворлигига асосланган иқтисодиётни ривожлантиришга, халқ осойишта ва фаровон ҳаёт кечириши учун шарт-шароитлар яратишга, халқаро майдонда Ўзбекистоннинг муносиб ўрин эгаллашига қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди.

Босиб ўтилган йўл ва орттирилган тажрибани холисона баҳолашдан, мустақиллик йилларида эришилган ютуқларни таҳлил қилишдан ҳамда замон талабларидан келиб чиққан ҳолда, олдимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва мамлакат тараққиётини жадаллаштиришнинг муҳим устуворликларини ҳамда аниқ марраларини белгилаш вазифаси турган эди.

Мазкур вазифани амалга ошириш йўлида аҳолининг кенг қатламлари, жамоатчилик ва ишбилармон доиралар вакиллари, давлат органларининг раҳбарлари ва мутахассислари билан амалий суҳбат ҳамда муҳокамалар олиб борилди, шунингдек амалдаги қонун ҳужжатлари, миллий ва халқаро ташкилотларнинг ахборот-таҳлилий материаллари, маърузалари, тавсиялари ва шарҳлари ўрганилди, ривожланган хорижий мамлакатлар тажрибаси таҳлил қилинди.

Келиб тушган таклифларни жамлаш, чуқур ўрганиш ҳамда умумлаштириш асосида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги Фармони лойиҳаси ишлаб чиқилиб, у билан:

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси (кейинги ўринларда – Ҳаракатлар стратегияси);

Ҳаракатлар стратегиясини “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури (кейинги ўринларда – Давлат дастури) тасдиқланди.

Лойиҳаларни тайёрлаш давомида аҳолининг кенг қатламлари орасида қизғин муҳокамалар олиб борилди. Лойиҳалар муҳокама учун турли ахборот майдонларига жойлаштирилди, уларнинг натижасида кўплаб таклиф ва мулоҳазалар келиб тушди. Фуқаролар сиёсий-ҳуқуқий борада юксак фаоллик кўрсатиб, олиб борилаётган ислоҳотларга алоҳида қизиқиш ва дахлдорликни намоён қилдилар.

Хусусан, лойиҳаларнинг “Қонун ҳужжатлари таъсирини баҳолаш тизими” порталида йўлга қўйилган жамоатчилик муҳокамаси натижалари бўйича 1 310 та таклиф ва мулоҳаза келиб тушиб, улар асосида Давлат дастурининг 41 та банди қайта кўриб чиқилди.

Шу билан бирга, 2017 йил 23-27 январь кунлари Тошкент шаҳрида медиа-ҳафталик ва халқаро давра суҳбати ташкил этилиб, уларда 1 300 дан ортиқ мутахассис ва эксперт, жамоатчиликнинг, оммавий ахборот воситаларининг, дипломатик корпус ва халқаро ташкилотларнинг, шунингдек Ўзбекистонда фаолият юритаётган йирик хорижий инвесторларнинг вакиллари иштирок этишди.

Ҳаракатлар стратегиясига Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан сайловолди жараёни, жамоатчилик, ишбилармон доиралар вакиллари ҳамда давлат органлари билан учрашувлар чоғида билдирилган мамлакатни ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий, маданий-гуманитар ривожлантиришнинг концептуал масалалари киритилди.

Ҳаракатлар стратегиясининг мақсади олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини тубдан оширишдан, давлат ва жамиятнинг ҳар томонлама ва жадал ривожланишини таъминлаш учун шарт-шароитлар яратишдан, мамлакатни модернизациялаш ва ҳаётнинг барча соҳаларини эркинлаштиришдан иборатдир.

Хусусан, мамлакатни ривожлантиришнинг қуйидаги 5 та устувор йўналиши белгиланган:

  1. Давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш;
  2. Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш;
  3. Иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштириш;
  4. Ижтимоий соҳани ривожлантириш;
  5. Хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритиш.

Мазкур йўналишларнинг ҳар бири мамлакатдаги ислоҳотларни ва янгиланишларни янада чуқурлаштиришга оид аниқ бўлимлардан иборат.

Ҳаракатлар стратегиясини беш босқичда амалга ошириш назарда тутилмоқда, бунда йилларга бериладиган номларга мувофиқ ҳар йили уни амалга ошириш бўйича Давлат дастури тасдиқланади.

Давлат дастурининг “Давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш” деб номланган биринчи йўналишини амалга оширишда давлат ҳокимияти тизимида Олий Мажлиснинг ролини кучайтириш, қонун ижодкорлиги фаолиятининг сифатини тубдан яхшилаш, давлатнинг ҳаётида сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш назарда тутилган.

Давлат бошқарувини такомиллаштириш, энг аввало давлат хизматини ислоҳ қилиш, иқтисодиётда давлат бошқарувини камайтириш, давлат ва хусусий секторларнинг ўзаро фойдали ҳамкорлигининг замонавий шаклларини, “Электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш режалаштирилган.

Халқ билан самарали мулоқотни таъминлаш Давлат дастурининг энг муҳим ва долзарб вазифаларидан бири бўлди. Шу муносабат билан жамоатчилик назоратини такомиллаштириш, нодавлат нотижорат ташкилотларини, оммавий ахборот воситаларини янада ривожлантириш, шунингдек маҳалланинг жамият ҳаётидаги ролини кучайтириш назарда тутилмоқда.

Давлат дастурининг иккинчи йўналиши қонун устуворлигини ва суднинг чинакам мустақиллигини таъминлаш чора-тадбирларини назарда тутади. Жумладан, қарорлар қабул қилишда судлар мустақиллигини таъминлаши керак бўлган Олий суд кенгашини тузиш, профессионал судьялар корпусини шакллантириш, судьяларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш режалаштирилмоқда.

Маъмурий судларни, хўжалик судлари тизимида минтақавий апелляция судларини тузиш, судья ёрдамчиси лавозимини таъсис этиш орқали судларни келгусида ихтисослаштириш ва уларнинг девонини мустаҳкамлаш назарда тутилмоқда.

Сансалорликка ва ишларнинг кўриб чиқилиши судлар томонидан асоссиз чўзиб юборилишига йўл қўймаслик мақсадида процессуал қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, қуйи инстанция судларининг камчиликларини мустақил бартараф этиш ва узил-кесил қарор қабул қилиш юзасидан юқори суд инстанцияларининг ваколатларини кенгайтириш режалаштирилмоқда.

Ушбу йўналиш доирасида барча ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат органлари, давлат ҳамда хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг халқ билан бевосита мулоқотини йўлга қўйиш чора-тадбирларини рўёбга чиқариш, аҳоли уларга эркин мурожаат эта олишини таъминлаш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда эркинликлари бузилганлиги тўғрисидаги мурожаатларнинг, хабарларнинг ўз вақтида олинишини таъминлаш назарда тутилмоқда.

Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тизимига, жиноятчиликка қарши курашиш ва жамоат тартибини сақлаш бўйича ички ишлар органларининг фаолиятини тубдан такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилади.

Шунингдек ушбу йўналиш 2018-2021 йилларда жиноят ва жиноят-процессуал қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш концепциясини ишлаб чиқишни, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат органлари ходимларини ўқитиш, танлаш ва жой-жойига қўйиш тизимини такомиллаштиришни, мурожаатларни мунтазам таҳлил қилишни ҳамда вақти-вақти билан унинг натижаларини эълон қилиб боришни, адвокатурани ривожлантиришни, нотариат тизимини ва ФҲДЁ органларини ислоҳ қилишни ҳам ўз ичига олади.

“Иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштириш” деб номланган учинчи йўналишда кўрсатилган чора-тадбирларни рўёбга чиқариш учун миллий валюта ва нархларнинг барқарорлигини таъминлаш, валютани тартибга солишнинг замонавий бозор механизмларини босқичма-босқич жорий этиш, маҳаллий бюджетларнинг даромад базасини кенгайтириш, ташқи иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, экспортга мўлжалланган маҳсулот ва материаллар ишлаб чиқариш учун замонавий технологияларни жорий этиш, транспорт-логистика инфратузилмасини, тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда хорижий инвесторлар учун инвестициявий жозибадорликни ошириш, солиқ маъмурчилигини яхшилаш, банк фаолиятини тартибга солишнинг замонавий принциплари ва механизмларини жорий этиш, кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантириш, шунингдек туризм индустриясини жадал ривожлантириш назарда тутилмоқда.

Шунингдек ушбу йўналиш хусусий мулкни, молия бозорини ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалигини модернизациялаш, заргарлик соҳасини ривожлантириш, айрим миллий корхоналарнинг акцияларини (IPO) нуфузли хорижий фонд биржаларига дастлабки тарзда жойлаштиришга тайёргарлик кўриш чора-тадбирларини ҳам ўз ичига олади.

2017-2021 йилларда умумий қиймати 40 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги 649 та инвестиция лойиҳасини назарда тутувчи тармоқ дастурларини рўёбга чиқариш режалаштирилмоқда. Натижада кейинги 5 йилда саноат маҳсулотини ишлаб чиқариш 1,5 баравар, унинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 33,6 фоиздан 36 фоизгача, қайта ишлаш тармоғи улуши 80 фоиздан 85 фоизгача ошади.

“Ижтимоий соҳани ривожлантириш” деб номланган тўртинчи йўналиш аҳоли бандлигини ошириш, фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва уларнинг саломатлигини сақлаш, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ҳамда ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ва модернизациялаш, аҳолини электр энергия, газ билан таъминлашни яхшилаш, аҳолининг муҳтож қатламларига кўрсатиладиган ижтимоий ёрдам сифатини ошириш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги мақомини ошириш, соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ қилиш, мактабгача таълим муассасаларининг қулайлигини таъминлаш, умумий ўрта таълим, ўрта махсус ва олий таълим сифатини яхшилаш ҳамда уларни ривожлантириш чора-тадбирларини амалга оширишни назарда тутади.

Хусусан, ҳудудларни ҳар томонлама ривожлантириш бўйича қарийб 25 мингта инвестиция лойиҳасини рўёбга чиқариш ҳисобига 256,4 минг иш ўрни ташкил этиш орқали аҳолини иш билан таъминлаш дастурларини тўлиқ ижро этиш назарда тутилган. Ишсизлик даражаси энг юқори бўлган минтақаларда 46,8 минг янги иш ўрни ташкил этиш, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун таълим муассасаларининг 10 минг нафар битирувчисига кредитлар ажратиш режалаштирилмоқда.

Катта ёшли авлодни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий нафақалар бериш тартибини такомиллаштириш, соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари киритилган. Жумладан, 78 та туман тиббиёт бирлашмасини, 7 та шаҳар ва 2 та вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказини қайта қуриш, тез тиббий ёрдам хизматини 1200 та махсус автотранспорт билан таъминлаш режалаштирилмоқда.

Қишлоқ жойларда 15 мингта арзон уй-жой, 415 километрлик сув таъминоти қувурлари, 316 километрлик газ таъминоти қувурлари ва 291 километрлик ички йўллар қуриш режалаштирилган. Аҳолига транспорт хизматлари кўрсатиш сифатини яхшилаш мақсадида 86 та янги автобус йўналишини жорий этиш ва 537 та замонавий автобус харид қилиш назарда тутилмоқда.

“Хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритиш” деб номланган бешинчи йўналиш доирасида республиканинг конституциявий тузумини, суверенитетини, ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилишга доир чора-тадбирларни рўёбга чиқариш, киберхавфсизлик соҳасида ахборот, норматив-ҳуқуқий асослар тизимини такомиллаштириш, аҳолини фавқулодда вазиятлардан хабардор қилиш тизимини ташкил этиш ва ривожлантириш, Орол фожиасининг оқибатларини юмшатиш, шунингдек Миллатлараро муносабатлар соҳасидаги сиёсатнинг устувор йўналишлари концепциясини ҳамда Диний соҳадаги давлат сиёсати концепциясини ишлаб чиқиш назарда тутилмоқда.

Шу билан бирга, хорижий ҳамкорлар билан сиёсий-дипломатик соҳадаги ҳамкорликни ривожлантиришга доир “Йўл хариталари”ни ишлаб чиқиш, Ўзбекистоннинг хорижий ҳамкорлар билан 2017 йилга мўлжалланган савдо-иқтисодий, инвестициявий, технологик ва молиявий-техник ҳамкорлигини тубдан ривожлантириш ва кенгайтириш режалаштирилмоқда.

Давлат дастурининг юқорида қайд этилган барча чора-тадбирларини амалга оширишга 37,7 триллион сўм ва 8,3 миллиард АҚШ доллари йўналтирилади.

Келгуси беш йилда мамлакатни ривожлантиришнинг стратегик ва устувор йўналишларини белгилаш мақсадида Фармон асосида, Ўзбекистон Республикаси Президенти бошчилигида Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш бўйича Миллий комиссия тузилмоқда.

Давлат дастурига киритилган тадбирлар тўлиқ, ўз вақтида ва сифатли бажарилишини назорат қилиш Ҳаракатлар стратегияси бешта йўналишининг ҳар бири бўйича тузилган комиссиялар зиммасига юклатилган.

Ушбу комиссиялар зиммасига нафақат юқорида қайд этилган вазифаларни амалга ошириш, балки 2018-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш бўйича тегишли йиллик давлат дастурлари лойиҳаларини тайёрлаш ҳам юклатилмоқда.

Ҳаракатлар стратегиясининг амалга оширилиши Ўзбекистон Республикасининг мамлакатни ислоҳ қилиш ва модернизациялаш, ривожланган бозор иқтисодиётига асосланган ҳуқуқий демократик давлат, кучли фуқаролик жамияти барпо этиш, қонун устуворлигини, хавфсизлик ва ҳуқуқ-тартиботни, давлат чегараларининг дахлсизлигини, жамиятда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш йўлидаги шахдам ҳаракатларига янги куч бағишлайди.

 

ИНСОН МАНФААТЛАРИНИ ТАЪМИНЛАШ, ХАЛҚИМИЗ ТУРМУШ ФАРОВОНЛИГИНИ ЯНАДА ЮКСАЛТИРИШ – БАРЧА САЪЙ-ҲАРАКАТЛАРИМИЗНИНГ АСОСИДИР

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши билан яқиндан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 24 февраль куни Қашқадарё вилоятига ташриф буюрди.

Қашқадарё вилоятининг иқтисодий салоҳияти улкан. Бугунги кунда мамлакатимизда қазиб чиқарилаётган табиий газнинг 70 фоизи, нефтнинг қарийб 78 фоизи, газ конденсатининг 80 фоизи, ғалланинг 13 фоиздан ортиғи, пахтанинг 14 фоиздан зиёди ушбу вилоят ҳиссасига тўғри келади.

Вилоятда саноат изчил ривожланмоқда. Ялпи ҳудудий маҳсулотда бу соҳанинг улуши 38 фоизни ташкил этаётгани ҳам шундан далолат беради. “Шўртан нефть-газ”, “Муборак нефть-газ” корхоналари, “Шўртан газ-кимё» мажмуаси, Муборак газни қайта ишлаш заводи, Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи, Толлимаржон иссиқлик электр станцияси, “Ҳисор нефть-газ” каби йирик ишлаб чиқариш қувватлари мамлакатимиз саноатида салмоқли ўрин тутади.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳаси ҳам жадал ривожланмоқда. Бугунги кунда ялпи ҳудудий маҳсулотнинг 51,6 фоизи кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасида ишлаб чиқарилмоқда. Иш билан банд аҳолининг қарийб 80 фоизи шу тармоқда меҳнат қилмоқда.

Қишлоқ хўжалигида мўл ҳосил етиштирилмоқда, таркибий ўзгартиришлар давом эттирилмоқда. Сўнгги беш йилда 3 минг 200 гектар пахта майдони қисқартирилиб, картошка, мева-сабзавот ва полиз экинлари етиштириш йўлга қўйилган. Охирги уч йилда фермер хўжаликларининг 22 фоиздан зиёди кўп тармоқли хўжаликка айлантирилган.

Барча соҳаларда амалга оширилаётган ана шундай ислоҳотлар натижасида кейинги беш йилда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 2 баробар ошган, ҳудудий экспорт ҳажми 100 миллион долларга етган ва 2011 йилга нисбатан 2,5 баробар кўпайган. Бундай ўсиш суръатлари одамларнинг турмуш шароитида, вилоят шаҳар ва қишлоқлари қиёфасида намоён бўлмоқда.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарларида амалга оширилган улкан бунёдкорлик ишлари бу икки қадимий шаҳар қиёфасини тубдан ўзгартирди. Қарши шаҳрининг ҳудуди 9 минг гектардан 17 минг гектарга, Шаҳрисабз шаҳрининг ҳудуди 3 минг 300 гектардан 4 минг 900 гектарга кенгайтирилди.

Мустақиллигимизнинг 25 йиллик тўйи нишонланган 2016 йилда Қашқадарё устидаги қадимий Амир Темур кўприги реконструкция қилиниб, дарёнинг икки қирғоғида Қарши аҳли ва меҳмонлар дам оладиган сўлим масканлар барпо этилди. Тошкент – Қарши йўналиши бўйича юқори тезликда ҳаракатланувчи “Afrosiyob” тезюрар электр поезди қатнови йўлга қўйилди.

Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди дастурида бу борадаги ишларни изчил давом эттириш, мамлакатимизнинг барча ҳудудлари қатори Қашқадарё вилояти ривожини ҳам янги босқичга кўтариш бўйича улкан режа ва мақсадларни баён этган эди. Президентимиз Қашқадарёга ташрифи давомида ана шу режалар ижроси, амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ва истиқболли лойиҳалар билан танишди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Қарши туманида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги истиқболли лойиҳаларни кўздан кечирди.

“Нишон кўзгу” кўп тармоқли фермер хўжалиги томонидан Қарши шаҳрида автоматлаштирилган кушхона, гўштни сақлаш ва қадоқлаш комплекси ташкил этилмоқда. Бунинг учун хориждан замонавий ускуналар олиб келинган. Ушбу лойиҳа иқтисодий самарадорлик билан бирга, улкан ижтимоий аҳамиятга ҳам эга. Замонавий кушхона ва музлаткич озиқ-овқат маҳсулотларининг мўл-кўллиги ҳамда хавфсизлигини таъминлайди. 100 дан ортиқ иш ўрни яратилади. Давлатимиз раҳбари бундай кушхоналарни барча ҳудудларда ташкил этиш озиқ-овқат хавфсизлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади.

Яккабоғ туманида ташкил этилаётган “Қорабайир отчилик мажмуаси” хўжалиги наслчиликни сақлаш ва ривожлантириш, қорабайир зотли отларни кўпайтиришга ихтисослашган. Мажмуада 200 тагача йилқи боқилиб, ички ва ташқи бозорга сотилади. Қирқдан ортиқ киши иш билан таъминланади.

Давлатимиз раҳбари Косон туманида барпо этиладиган чорвачилик комплекси лойиҳасини кўздан кечирди.

Қашқадарё вилоятида қишлоқ хўжалиги изчил ривожланиб, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва бошқа тармоқларда юқори натижаларга эришилмоқда. Кўп тармоқли фермер хўжаликлари ташкил этилаётгани, хусусий мулкчиликка кенг йўл очилгани халқимиз фаровонлигини янада ошириш имконини бермоқда.

Икки минг бош қорамол боқишга мўлжалланган замонавий типдаги чорвачилик комплекси аҳолини гўшт ва сут билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Мажмуа қурилиши учун 12 гектар, чорва молларига озуқабоп экинлар етиштириш учун 750 гектар ер майдони ажратилади. Бу ерда йилига 4 минг 280 тонна сут ва 210 тонна гўшт етиштириш, 140 иш ўрни яратиш кўзда тутилган. Умумий қиймати 14 миллиард сўм бўлган лойиҳани келгуси йилнинг биринчи чорагида ишга тушириш режалаштирилган.

Президентимиз чорвачилик комплексига хориждан наслдор қорамоллар олиб келиш, уларни зарур технологиялар асосида парваришлаш, етиштирилган маҳсулотни қайта ишлашни йўлга қўйиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Мутахассисларга зарур тавсиялар берди.

Нишон туманида Вьетнам технологияси асосида балиқ етиштиришга ихтисослашган агрофирма ташкил этилмоқда. Агрофирма вилоятдаги балиқчилик хўжаликларига ўз фаолиятини самарали ташкил этиши учун машина-механизм хизматлари, балиқ увилдириқлари, омухта ем етказиб беради. Етиштирилган балиқни сотиш ёки қайта ишлашни йўлга қўяди.

Агрофирмада балиқ увилдириқлари етиштирилиб, сув омборига ўтказилади. Бу ерда балиқ чавоқлари етиштирувчи инкубацион цех, 600 тонналик музлаткич, балиқ маҳсулотларини қайта ишловчи корхона, 800 тонна махсус омухта ем ишлаб чиқарувчи цех ташкил этилиши режалаштирилган. Йилига 500 тонна балиқ қайта ишловчи агрофирмада 90 иш ўрни ташкил этилади.

Қашқадарёнинг сув ҳавзалари имкониятларидан самарали фойдаланиб, вилоятда балиқчиликни ривожлантириш, балиқ истеъмолини кўпайтириш зарурлиги таъкидланди. Бу халқимиз «луқмаи ҳалол» деб эъзозлайдиган балиқ гўштининг мўл-кўл бўлишини таъминлайди, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлайди.

Қамаши туманида 5 минг курка боқишга мўлжалланган мажмуа ташкил этилади. Голландиядан келтириладиган маҳсулдор зот ва замонавий технологиялар асосида мажмуада йилига 20 минг курка жўжаси етиштирилиб, аҳолига етказиб берилади. Уни жорий йилнинг декабрь ойида ишга тушириш, 30 иш ўрни яратиш мўлжалланмоқда. Мазкур лойиҳа самарасида ҳар бир хонадонга 100 тадан курка жўжаси тарқатилиши оилалар даромадини оширишда муҳим ўрин тутиши таъкидланди.

Қамаши туманида қуён етиштириш, қуён гўшти ва терисини қайта ишлашга ихтисослашган хўжалик ташкил этилмоқда. “Қамаши момиқ қуёнлари” агрофирмаси томонидан амалга оширилаётган ушбу лойиҳа самарасида 30 минг қуён етиштирилиб, йилига 120 тонна гўшт ва 40 минг дона тери тайёрланади. Хўжаликда 30 киши ишлайди. Бундан ташқари, қуёнлар 500 хонадонга тарқатилади. Аҳоли парҳез гўшт ва қўшимча даромад билан таъминланади.

Давлатимиз раҳбари “Қарши насос станциялар каскадини қайта тиклаш – III фаза” лойиҳаси билан танишди. Ушбу ирригация тармоғи эскиргани, қувур ва станцияларга Амударё сувининг лойқаси чўкиб қолгани сабабли сув исроф бўларди. Олинган сувга нисбатан энергия сарфи ошиб кетарди.

Лойиҳа Қарши насос станциялар каскадининг 1-6-насос станцияларининг 9 насос агрегатини, 850 метр қувурларни янгилаш, сув келтирувчи канални лойқадан тозалаш ишларини амалга оширишни кўзда тутади. Бунинг учун 128 миллион 934 минг доллар маблағ сарфланади. Шунингдек, НС-1 ва НС-2 оралиғидаги каналнинг 8 километр қисмини ва каналнинг чап қирғоқ дамбасини таъмирлаш режалаштирилган.

Лойиҳани бажариш натижасида 402 минг гектар суғориладиган майдоннинг сув таъминоти яхшиланади. Насос станцияларида йилига 106,55 миллион кВт соат электр энергияси тежалади.

Президентимиз бу ирригация тармоғи вилоят қишлоқ хўжалигида муҳим аҳамиятга эга эканини, таъмирлаш ва қайта тиклаш ишларини жадаллаштириш зарурлигини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбари Қарши туманида енгил саноатни ривожлантириш борасидаги янги лойиҳалар билан танишди. Биринчи лойиҳа – 2017-2019 йилларда вилоятда енгил саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган замонавий корхоналар ташкил этиш ва мавжудларини модернизация қилиш бўйича манзилли дастур бўлиб, унда 17 корхона ташкил этиш режалаштирилган.

“Ўзбекенгилсаноат” акциядорлик жамияти ҳамда қатор тижорат банклари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилаётган дастур доирасида 3000 га яқин иш ўрни яратилиши кўзда тутилган. Бугунги кунда вилоятда 7 тўқимачилик корхонаси фаолият юритмоқда. Мазкур корхоналар ҳудудда етиштирилаётган пахта толасининг 10 фоизини қайта ишлаш қувватига эга.

Шавкат Мирзиёев тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган “ЛТ Текстиль Интернейшнл” Ўзбекистон – Хитой – Нидерландия қўшма корхонаси лойиҳаси билан танишар экан, Қашқадарё вилояти мамлакатимизда пахта толасини етиштириш бўйича етакчи ўринни эгаллаши, бу имкониятдан унумли фойдаланиш, етиштирилган пахта толасини қайта ишлаб, бозорга тайёр маҳсулот чиқариш катта самара беришини алоҳида қайд этди.

Мазкур корхонанинг ишга туширилиши ҳудудда етиштирилаётган пахта толасини шу ернинг ўзида қайта ишлаш, аҳолининг реал даромадларини ошириш имкониятини яратади. Йилига 22 минг тонна рақобатбардош аралаш ип калава ва 50 миллион квадрат метр ип газлама ишлаб чиқариш режалаштирилаётган корхона маҳсулотларининг 80 фоизи экспортга йўналтирилади.

Президентимиз шу ернинг ўзида Яккабоғ туманидаги илгариги “Яккабоғ текс” корхонаси негизида барпо этилаётган “Universal Taraqqiyot Tekstil” қўшма корхонасига қўшимча инвестиция киритиш лойиҳаси билан ҳам танишди. Корхонада вилоятда етиштирилган пахта толаси қайта ишланиб, мато ва чойшаблар ишлаб чиқарилади. 400 иш ўрни яратилиши кўзда тутилаётган корхона тўлиқ қувват билан ишга туширилгач, йилига 6 миллион квадрат метр мато, 2 миллион жуфт чойшаб тайёрланади.

Замонавий ва энергия тежамкор технологик ускуналар бугун барча ишлаб чиқариш жабҳаларига татбиқ этилмоқда. Қарши шаҳридаги илгариги пахта тозалаш заводи негизида ташкил этилаётган “Wood Décor Production” қўшма корхонаси ана шундай замонавий технологиялар билан жиҳозланмоқда. Швейцариянинг машҳур “Rieter”, Япониянинг «Murata», «Yamata», Германиянинг «Mayer» компанияларининг юқори самарадорликка эга дастгоҳлари ўрнатилаётган корхонада дунё бозорида рақобатбардош ип калавадан тортиб тайёр маҳсулотгача ишлаб чиқарилади. Президентимиз тақдим этилаётган лойиҳа самарадорлигини ошириш юзасидан мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди.

Мамлакатимизда пахта толаси ва ипак хомашёсини қайта ишлаш, хорижий инвестицияларни жалб этиш йўли билан рақобатбардош, ташқи бозорларда харидоргир тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми ва турини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ғузор туманидаги илгариги пахта тозалаш корхонаси негизида газлама ишлаб чиқаришга мўлжалланган инвестиция лойиҳаси билан танишар экан, Президентимиз янги иш ўринлари яратиш масаласига алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади. Бугун одамлар аниқ ва муқим иш жойлари талаб қилмоқда. Бу талабни қондириш кўп жиҳатдан тадбиркорларга боғлиқ. Лойиҳа ишга тушгач, 600 иш ўрни яратилади.

Пахта экин майдонлари оптималлаштирилиши ва ишнинг мавсумийлигини ҳисобга олиб, “Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компанияси тизимда меҳнат қилаётган ишчи-ходимлар бандлигини таъминлаш, қўшимча даромад олиш мақсадида Қашқадарё вилоятидаги ёғ-мой корхоналарининг бўш майдонларида янги инвестициявий лойиҳаларни амалга оширмоқда. Косон туманида ташкил этиладиган мева-сабзавотларни қуритиш цехи шулардан бири. 100 дан зиёд иш ўрни яратиладиган корхонада 10 минг тонна маҳсулот қайта ишланади. Қарши шаҳрида ташкил этиладиган музлаткичда 500 тонна қишлоқ хўжалик маҳсулотлари сақланади.

Президентимизга Қарши туманида ташкил этиладиган 20 минг парранда боқиш режалаштирилаётган мажмуа лойиҳаси ҳақида ҳам сўзлаб берилди. Йил давомида аҳолини сифатли парҳез гўшт маҳсулотлари билан таъминлашга мўлжалланган мажмуа фаолият бошлагач, 22 киши доимий иш жойига эга бўлади.

Давлатимиз раҳбари «Шўртан газ-кимё» мажмуасининг тозаланган метани негизида синтетик суюқ ёқилғи (GTL) ишлаб чиқаришни ташкил этиш» ва «Шўртан газ-кимё» мажмуасининг ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш» лойиҳалари билан танишди.

«Шўртан газ-кимё» мажмуасининг тозаланган метани негизида синтетик суюқ ёқилғи (GTL) ишлаб чиқаришни ташкил этиш» лойиҳаси газ-кимё саноати йўналишида дунёнинг илғор технологик ечимларини ўзида акс эттирган. Ушбу лойиҳа МДҲ доирасидаги энг йирик мега-лойиҳалардан биридир.

Лойиҳа “Ўзбекнефтгаз” компанияси таъсислигида амалга оширилиши мамлакатимизнинг ёқилғи-энергетика хавфсизлигини таъминлашда катта аҳамиятга эга бўлиш баробарида соҳанинг жадал суръатларда тараққий этаётганидан далолат беради.

Лойиҳа доирасида йилига 3,6 миллиард метр куб табиий газни қайта ишлаш орқали 1,5 миллион тонна юқори сифатли «Евро-5″ талабларига жавоб берадиган синтетик ёқилғи ишлаб чиқарилади. Шундан 743 минг тоннаси дизель ёқилғиси, 311 минг тоннаси авиакеросин, 431 минг тоннаси нафта ва 21 минг тоннаси суюлтирилган газни ташкил этади.

Янги завод ишга туширилиши натижасида иқтисодиётнинг реал тармоқларини ривожлантириш, мамлакатимизнинг транзит салоҳиятини янада ошириш, шунингдек, нефть маҳсулотларига бўлган эҳтиёжнинг асосий қисмини қаноатлантириш ва нефть импортини камайтириш орқали хорижий валютани тежашга эришилади.

Қурилиш-монтаж ишлари 2020 йилнинг иккинчи ярмида ниҳоясига етказилиши, заводда қўшимча 682 янги иш ўрни яратилиши мўлжалланган.

Давлатимиз раҳбарининг кўрсатмалари асосида «Шўртан газ-кимё» мажмуасининг ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш» лойиҳаси концепцияси қайтадан кўриб чиқилиб, ишлаб чиқариш жараёнига синтетик нафта хомашёсини жалб қилиш масаласи ўрганилди. Лойиҳа ишга тушгач, заводнинг полимер ишлаб чиқариш қуввати ҳозирги 125 минг тоннадан 450 минг тоннагача, яъни 3,6 баробарга оширилиши таъминланади. Натижада нефть-кимё йўналишини ривожлантиришга кенг йўл очилади. Биринчи босқичда юқори қийматли хомашё синтетик нафтани қайта ишлаб, янги турдаги полиэтилен ва полипропилен билан биргаликда пиролиз дистилятини ишлаб чиқариш кўзда тутилган. Пиролиз дистилятидан янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқаришда фойдаланиш имконияти ҳудудда технологик кластерни барпо этишга замин яратади, истиқболда кимё, автомобилсозлик, фармацевтика, қурилиш ва тўқимачилик соҳалари янада ривожланишида муҳим омил бўлади.

Лойиҳа завод майдонида амалга оширилиб, қурилиш ишлари комплекснинг ишлаб чиқариш жараёнига таъсир этмаган ҳолда олиб борилади.

Таъкидлаш жоизки, заводнинг мавжуд интеллектуал ва технологик салоҳиятидан фойдаланган ҳолда қўшимча ишлаб чиқариладиган маҳсулотнинг таннархини сезиларли даражада камайтириш ва инвестициялар самарадорлигини янада оширишга эришилади. Қурилиш-монтаж ишлари 2020 йилнинг тўртинчи чорагида якунланади ва лойиҳа доирасида 250 янги иш ўрни яратилади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз иқтисодий ривожида муҳим ўрин тутадиган ушбу лойиҳаларни молиялаштириш, ускуналарни ўз вақтида келтириш, қурилиш ишларининг «йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш, корхоналарни белгиланган муддатларда ишга тушириб, аҳолини иш билан таъминлаш бўйича зарур кўрсатмалар берди.

Президентимиз Қарши туманидаги «Нукробод» қишлоқ фуқаролар йиғинининг Яккаёғоч массивида янгиланган намунавий лойиҳалар асосида барпо этилган арзон уй-жойларни бориб кўрди.

Одамлар ҳаётини янада фаровонлаштириш мақсадида мамлакатимизнинг барча ҳудудида янги лойиҳадаги арзон, замонавий, шинам уй-жойлар қурилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 21 октябрдаги “2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни янги босқичга кўтармоқда.

Ушбу қарорга мувофиқ Яккаёғоч массивида ер участкаси 2 сотих бўлган уч хонали уйлар қурилди. Бу уйларнинг фойдаланиш майдони 63,5 квадрат метр бўлиб, унда иккита ётоқхона, меҳмонхона, ошхона, ювиниш хоналари ва қозонхона мавжуд. Ҳовлисида хўжалик бинолари қурилган.

Икки қаватли 16 хонадонли турар жой бинолари икки ва уч хонали қилиб қурилган. Уйларда ётоқхона, меҳмонхона, ошхона ва ювиниш хоналари ҳудуднинг иқлим шароити, санитария ва хавфсизлик талаблари, халқимизнинг ҳаёт тарзига оид барча жиҳатлар ҳисобга олинган ҳолда барпо этилган.

Ўз уй-жойига эга бўлиш ҳар бир инсон ҳаётида қанчалик муҳим эканини барчамиз яхши биламиз, деди Президентимиз. Халқимиз уйи борнинг ўйи йўқ, деб бекорга айтмаган. Бунинг чуқур маъноси бор. Бундай уй-жойлар тақсимотида халқимизга хос ҳақиқат ва адолат мезонларига қатъий риоя этилиши керак.

Қурилиш материалларининг таннархини камайтириш ҳисобига уйларнинг нархини янада арзонлаштириш, ичимлик суви, ички йўллар, электр энергияси ва табиий газ билан таъминлаш, атрофини ободонлаштириш бўйича зарур кўрсатмалар берилди.

Президентимиз янги уй соҳибларидан бири Алишер Аҳмедов хонадонида бўлиб, бу ерда яшаш учун яратилган шароитлар билан танишди, дилдан суҳбатлашди. Ёш оила аъзолари давлатимиз раҳбарига эътибори ва ғамхўрлиги учун самимий миннатдорлик билдирди.

Шавкат Мирзиёев Мирмирон массивидаги янгиланган намунавий лойиҳалар асосида қурилган уйларда истиқомат қилувчи аҳоли учун иссиқхона ташкил этиш лойиҳаси билан танишди. Ушбу иссиқхона 25 гектар майдонда металл, тахта, плёнка ва бошқа маҳаллий қурилиш материалларидан фойдаланилган ҳолда барпо этилади. Бу ерда лимон, мандарин ва папайя каби цитрус мевалар, помидор, бодринг, гулкарам, ҳар хил кўкатлар етиштирилиши режалаштирилган. Ушбу лойиҳа амалга оширилиши натижасида иссиқхонада йилига 3 миллиард сўмлик маҳсулот етиштирилади. Уларнинг бир қисми ички бозор талабларини қондирса, қолгани экспортга йўналтирилади. Натижада аҳоли қиш мавсумида ҳам арзон мева-сабзавот маҳсулотлари билан таъминланади. 229 иш ўрни яратилиши аҳоли турмуш фаровонлигининг ортишига хизмат қилади.

Янги дастур ишлаб чиқамиз, деди Президентимиз. Унга кўра арзон уй-жойларнинг умумий майдони кенгайтирилади, нархлар ҳам шунга мувофиқлаштирилади. Қўшимча ерда одамлар чорвачилик билан шуғулланиши, хоҳласа, мана шундай иссиқхоналар қуриб, деҳқончилик қилиши мумкин. Муҳими, улар ҳам уйли, ҳам ишли-даромадли бўлади.

Президентимиз бундай иссиқхоналарни қуриш ва улардан фойдаланишда замонавий технологияларни қўллаш, ишга малакали мутахассислар билан бирга, коллеж битирувчиларини ҳам кенг жалб этиш борасида зарур кўрсатмалар берди.

Шу ерда профилактика инспекторлари ва қишлоқ врачлик пунктлари ходимлари яшаб, хизмат кўрсатадиган турар жой лойиҳаси намойиш этилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Қарши шаҳридаги “Қарши лезер” қўшма корхонасида бўлиб, Қашқадарё вилоятида чарм-пойабзал соҳасини янада ривожлантириш дастури, мева-сабзавот етиштириш, янги логистика маркази ташкил қилиш, Яккабоғ, Китоб, Шаҳрисабз туманларида токзорлар барпо этиш бўйича қатор истиқболли лойиҳалар билан танишди.

Қашқадарё вилоятида чарм-пойабзал саноатини ривожлантириш ҳудудда етиштириладиган тери хомашёсини сифатли қайта ишлашни ташкил қилишда муҳим ўрин тутади. Шу мақсадда вилоятда 2017-2018 йилларга мўлжалланган умумий қиймати 12,9 миллион долларлик 18 инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича манзилли дастур ишлаб чиқилди.

Мазкур дастурга мувофиқ Қарши шаҳри, Деҳқонобод, Китоб ва Нишон туманларида 5 пойабзал, Китоб туманида чарм-атторлик маҳсулотлари, “Қарши лезер” корхонасида тайёр чарм ишлаб чиқариш лойиҳалари амалга оширилади. Бу вилоятда йилига 1 миллион дона терини қайта ишлаш, 460 минг жуфт пойабзал ва 100 минг дона чарм-атторлик маҳсулотлари тайёрлаш, 200 дан ортиқ янги иш ўрни ташкил этиш имконини беради.

“Қарши лезер” қўшма корхонасида амалга оширилаётган қиймати 9,1 миллион долларлик лойиҳа намойиш этилди. Лойиҳа ҳаётга татбиқ этилиши натижасида юқори сифатли, рақобатбардош тайёр чарм ишлаб чиқариш, йилига 45 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиш режалаштирилмоқда. Босқичма-босқич ишга тушириладиган корхонада 300 дан ортиқ иш ўрни яратилиб, уларга асосан коллеж битирувчилари қабул қилинади.

Президентимиз қўшма корхона таъсисчилари ва хорижлик инвесторлар билан суҳбатда ишлаб чиқаришни самарали ташкил этиш, бунинг учун мутасадди идоралар, вилоят ҳокимлиги билан яқиндан ҳамкорлик қилиш, ташқи бозорни ўрганиб, экспорт географиясини мунтазам кенгайтириб бориш зарурлигини таъкидлади.

Қашқадарё вилоятида мева-сабзавотни қайта ишлаш ва экспорт қилиш имкониятлари жуда юқори. Шаҳрисабз шаҳрида ташкил этилаётган “Шаҳрисабз” логистика маркази ушбу мақсадларга хизмат қилади. Илгариги пиллачилик фабрикаси ўрнида иш бошлайдиган логистика маркази мева-сабзавотларни етиштириш, тайёрлаш, қабул қилиш, саралаш, қайта ишлаш, жаҳон талабларига мос лабораторияларда текшириш, қадоқлаш ҳамда ҳўл, музлатилган ва қуритилган ҳолда экспорт қилиш билан шуғулланади.

Марказ тўла қувват билан ишга тушгач, йилига 25 минг тоннадан зиёд маҳсулот Европа, МДҲ мамлакатлари, Хитой, Ҳиндистон, Жанубий Корея ва бошқа давлатларга экспорт қилинади. Минг киши иш билан таъминланади. Вилоятдаги фермер, деҳқон, шахсий томорқа хўжаликларига етиштирган маҳсулотини сотиш ҳисобига йилига ўртача 80 миллиард сўм атрофида даромад олиш имконияти яратилади.

Чироқчи туманида йилига 8 минг тонна салат барглари, брокколи, рангли карам ва бошқа турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, мева-сабзавот етиштириш, сақлаш ва қайта ишлашга ихтисослаштирилган “Биг агро экспорт” масъулияти чекланган жамияти барпо этилмоқда. 194 гектар майдондан иборат қиймати 14 миллион доллар бўлган ушбу корхонада 2 гектарда кўчат етиштиришга ихтисослашган иссиқхона, 4000 тонна сиғимли совуткич қурилиши кўзда тутилмоқда. Мазкур лойиҳа амалга оширилиши натижасида йилига 6,8 миллион долларлик маҳсулотлар экспорт қилиниб, туманда 90 доимий, 500 мавсумий иш ўрни яратилади.

Яккабоғ, Китоб ва Шаҳрисабз туманларида 2017-2019 йилларда жами 5 минг гектарда янги токзорлар барпо этиш мўлжалланмоқда. Яккабоғ туманида йилига 4 минг тонна узумни қайта ишлаш лойиҳаси амалга оширилади.

Давлатимиз раҳбари ушбу лойиҳалар билан танишар экан, воҳада қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштиришни янада кўпайтириш ва уни қайта ишлашни кенгайтириш, аҳолини ушбу маҳсулотлар билан узлуксиз таъминлаш, экспортни ошириш, пировард натижада аҳолининг турмуш даражасини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Шу ернинг ўзида мамлакатимиз олимлари томонидан ўрмон фонди ерларида шифобахш ўсимликлар етиштириш лойиҳаси тақдимоти ўтказилди. Лойиҳага кўра жорий йилдан бошлаб Қашқадарё вилоятининг тоғ ва тоғолди ҳудудларида заъфарон плантациялари ташкил этишга киришилади. Ушбу ўсимлик тиббиёт ва озиқ-овқат саноатида кенг ишлатилади. Уни кўпайтириш мамлакатимизда доривор ўсимликлар хомашёсини маҳаллий шароитда етиштириш ва озиқ-овқат зиравори сифатида экспорт қилиш имкониятларини кенгайтиради.

Президентимиз Ўзбекистон флораси доривор гиёҳларга бой эканини, хусусан, заъфарон ўсимлигидан қадимдан халқ табобатида кенг фойдаланиб келинганини таъкидлади. Мамлакатимизда дори воситаларини ишлаб чиқаришда шифобахш заъфарон муҳим хомашё манбаи бўлиб хизмат қилишини қайд этди. Соҳа мутахассисларига бундай ўсимликлар турини кўпайтириш ва плантацияларни кенгайтириш бўйича тавсиялар берди.

Қарши шаҳрида мутасадди раҳбарлар ва вилоят фаоллари иштирокида йиғилиш ўтказилди. Унда вилоят иқтисодиётини янги босқичга кўтариш, инфратузилмаларни ривожлантириш, муҳандислик-коммуникация тармоқларини яхшилаш, аҳолини иш билан таъминлаш ва турмуш даражасини янада ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Ушбу тадбирларда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» Давлат дастуридаги мақсад-вазифалар ўз ифодасини топди.

 

ҚАРШИ ШАҲРИДА АБДУЛЛА ОРИПОВ ҲАЙКАЛИ ЎРНАТИЛАДИ

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов ҳайкали, Абул-Муъийн Насафий зиёратгоҳи реконструкцияси лойиҳалари билан танишди.

Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов ўзбек адабиётини янги босқичга кўтарган нодир истеъдод соҳиби эди. Унинг юксак бадиий, теран фалсафий шеърлари халқимиз кўнглидан чуқур жой олган. Драматик ва публицистик асарлари, достон ва таржималари адабиётимиз ривожига улкан ҳисса бўлиб қўшилган.

У истиқлол йилларида Ватанимиз озодлигини, халқимизнинг шаъни ва қадр-қимматини юксак маҳорат билан тараннум этган. Узоқ йиллар Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раҳбари сифатида ёш ижодкорларни тарбиялаш ва қўллаб-қувватлашга эътибор қаратган. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутати ва Сенати аъзоси сифатида ҳам самарали фаолият олиб борган.

Абдулла Орипов Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳиясининг муаллифи сифатида халқимиз қалбида мангу яшайди.

Қаҳрамон шоиримизнинг ҳайкали Қарши шаҳридаги Ўзбекистон кўчасида бунёд этилади. Бу ёшлар учун фахр ва ғурур тимсоли, маънавий тарбия манбаи бўлиб хизмат қилади.

Президентимиз ҳайкал лойиҳасини такомиллаштириш, бу ерда Абдулла Орипов номидаги мактаб ва унинг ижодига бағишланган музей ташкил этиш зарурлигини таъкидлади.

Абул-Муъийн Насафий XI асрда яшаган, ислом маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган алломалардан биридир. Буюк бобомизнинг илмий асарлари бугунги кун учун ҳам ғоят аҳамиятлидир.

Давлатимиз раҳбари бу қадамжони кенг ва обод зиёратгоҳга айлантириш, зиёратчиларга зарур шароитлар яратиш, бу масканда кутубхона ташкил этиш, аллома асарларини таржима қилиб, халқимизга етказиш бўйича тавсиялар берди.

 

ШАВКАТ МИРЗИЁЕВ: МАҲАЛЛА ЖАМИЯТИМИЗДАГИ АДОЛАТ ТАМОЙИЛЛАРИНИНГ КЎЗГУСИГА АЙЛАНИШИ ЛОЗИМ

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Қарши шаҳридаги Гулшан маҳалласида фуқаролар йиғини ходимлари ва профилактика инспектори биргаликда ишлаши учун яратилган шароитлар билан танишди.

Маҳаллаларнинг ҳаётимиздаги ўрни ва таъсири бугунги кунда ортиб бормоқда. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан маҳалла фаолиятининг ташкилий асосларини такомиллаштириш, унинг вазифа ва ваколатларини кенгайтириш, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари тизимидаги ролини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Қарши шаҳрида ҳам маҳалла фуқаролар йиғинларининг аҳоли билан ишлаш самарадорлигини ошириш, улар учун замонавий шароит яратиш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Яқинда «Гулшан» маҳалла фуқаролар йиғинининг янги биноси фойдаланишга топширилгани бунинг далилидир.

Маҳалла идорасининг замонавий биносида барча шароит яратилган. Маҳалла раиси, котиб, маслаҳатчилар, профилактика инспектори учун алоҳида хоналар ажратилиб, компьютер, мебель, тегишли адабиётлар билан таъминланган. Профилактика инспектори хонаси маҳалла ҳудудидаги жамоат объектларига ўрнатилган видеокузатув ускуналари орқали ҳудудни назорат қилиб туриш имкониятини берувчи монитор билан жиҳозланган.

Маҳалла жамиятимиздаги адолат тамойилларининг кўзгусига айланиши керак, деди давлатимиз раҳбари. Бу ер одамлар келиб фикрини, таклифини, дардини айтадиган, муаммосига ечим топадиган жой бўлиши керак. Маҳалла раиси ва профилактика инспектори ҳудуддаги ҳар бир оиланинг аҳволидан хабардор бўлиши, ким нима билан машғул – ҳаммасини билиши лозим. Ушбу тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад маҳаллани кечаю кундуз одамларнинг аҳволидан бохабар бўладиган масканга айлантиришдир.

Қарши шаҳридаги барча милиция таянч пунктларини бир-бири билан боғловчи оптик толали тизим барпо этиш бўйича мутасаддиларга топшириқ берилди.

«Гулшан» маҳалла фуқаролар йиғини биноси ёнида профилактика инспектори оиласи билан яшаши учун турар-жой барпо этилган. Давлатимиз раҳбари ушбу хонадонда яратилган шароитлар билан танишди.

Бундай уйлар профилактика нозирларининг кечаю кундуз ўз ҳудудида бўлиб, маҳаллада жиноятчиликнинг олдини олиш, фуқаролар осойишталиги ва хавфсизлигини таъминлашида муҳим аҳамиятга эга, деди Президентимиз. Шунинг учун Қарши шаҳрида фаолият кўрсатаётган барча профилактика инспекторларига мана шундай уйлар қуриб бериш зарур. Бу ҳудудда жиноят ва ҳуқуқбузарлик содир этилишининг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.

 

ШАВКАТ МИРЗИЁЕВ: СОҒЛОМ ВА БАРКАМОЛ АВЛОДНИ ТАРБИЯЛАШ ЭЗГУ МАҚСАДИМИЗ

Президентимиз 25 февраль куни Қарши шаҳридаги Алишер Навоий номидаги истироҳат боғида амалга оширилаётган реконструкция ишлари билан танишди.

“Асинза-БЗ” масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилаётган, қиймати 8,7 миллиард сўмни ташкил этадиган маданият ва истироҳат боғида шаҳар аҳолиси, айниқса, болажонлар бўш вақтини мазмунли ўтказиши ва мириқиб дам олиши учун барча қулайликлар муҳайё қилинади. Хитойнинг “Zhengzhou Beston Amusement Equipment Co. Ltd.” компаниясида ишлаб чиқариладиган замонавий аттракционлар олиб келиб ўрнатиш, замон талаблари асосида спорт ва болалар майдончалари қуриш режалаштирилмоқда.

Асосий мақсадимиз – халқимизни рози қилиш, одамларнинг фаровон яшаши учун барча имкониятларни яратишдир, деди Шавкат Мирзиёев. Одамлар ишдан бўш вақтида бу ерга келиб мароқли дам олса, фарзандлари, набираларининг шўх-шодонлигини кўрса, кулгуларини эшитса, ҳаётдан кўнгли тўлади, руҳи кўтарилиб, янги-янги марраларга интилади.

Президентимиз боғда яшил майсазорларни кўпайтириш, турфа гул ва манзарали дарахтлар экиш, бу ерга ташриф буюрувчилар учун барча шароитларни яратиш бўйича зарур кўрсатмалар берди.

Давлатимиз раҳбари Қарши шаҳридаги аввалги “Насаф” стадиони ҳудудида барпо этилаётган кўп тармоқли сузиш ҳавзаси ва замонавий дам олиш мажмуаси лойиҳаси билан танишди.

4,7 гектар майдонда қурилаётган 25х11 метр ўлчамдаги икки сузиш ҳавзаси ҳудудда сув спорти турларини янада оммалаштириш, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, келажакда жаҳон ва Олимпия чемпионларини тарбиялашга хизмат қилади.

Бу ерда яратиладиган замонавий шароитлар барчага манзур бўлиши муқаррар. Сувни тозалаш, иситиш, ҳароратни мўътадил сақлаш ускуналари ўрнатиладиган бассейнлар бу ерга келувчиларнинг сузиш маҳоратини ошириш, соғлиғини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Ёшларимизнинг баркамол ўсиб-улғайиши учун барча шароитларни яратишимиз керак, деди Президентимиз. Шунда улар Биринчи Президентимиз таъкидлаганидек, биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта, бахтли бўлади.

Мажмуани жиҳозлашда илғор ва тежамкор технологиялардан самарали фойдаланиш, кийиниш, ювиниш хоналарида барча қулайликларни яратиш бўйича зарур кўрсатма ва топшириқлар берилди.

Давлатимиз раҳбари Жайхун кўчасида қурилаётган 5 қаватли замонавий турар жой бинолари лойиҳаси билан танишди.

Ушбу кўчада аҳоли учун 25 та ана шундай кўп қаватли уй барпо этилади. Ҳудудда давр талаблари асосида фаолият юритадиган ресторанлар, супермаркетлар, иссиқ нон ва озиқ-овқат дўконлари, кафе ва чойхоналар, гўзаллик салонлари, сартарошхона ва автотураргоҳлар қуриш режалаштирилмоқда.

Шавкат Мирзиёев Қарши туманида маиший чиқиндиларни қайта ишлаш лойиҳасини кўздан кечирди.

“Universal max service” масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилаётган лойиҳанинг умумий қиймати 4 миллион доллардан иборат.

Корхонада замонавий технологиялар асосида йилига 180 минг тонна чиқиндини йиғиш, саралаш ва қайта ишлаш йўлга қўйилади. Бугунги кунда дастгоҳлар сотиб олиш бўйича шартномалар тузиш, лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда.

Чиқиндиларни қайта ишлаш атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ишлаб чиқаришни янада ривожлантиришда муҳим омилдир, деди Президентимиз. Бу шаҳардаги санитария ҳолатини янада яхшилашда, аҳолининг саломатлигини сақлаш ва бандлигини оширишда ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Президентимиз “Қашқадарё дори-дармон” акциядорлик жамияти томонидан “Rodex Trading Limited” компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилаётган кукун шаклидаги антибиотик дори воситалари ишлаб чиқариш лойиҳаси билан танишди.

Қиймати 5,09 миллион АҚШ доллари бўлган ушбу лойиҳага кўра клафоран, цефомед, гентомицин, цефазолин, цефотаксим ва бошқа турдаги дори воситаларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

Давлатимиз раҳбари доривор ўсимликларни қайта ишлаш, тиббий мойлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳаларини кўздан кечирди.

Қашқадарё воҳасининг пурвиқор тоғлари, бепоён қиру адирларида ноёб гиёҳлар, бута ва дарахтлар сероб, деди Президентимиз. Уларни қайта ишлаш асосида дори-дармон воситалари ишлаб чиқариш ҳар жиҳатдан самарали ва истиқболлидир. Соҳада ҳар бир тадбиркорга зарур имтиёз ва қулайликлар яратилади.

Лойиҳада тирноқгул, зубтурум, ошқовоқ уруғи, тоғ райҳони, наъматак, кийик ўти, далачой, газанда, мойчечак каби ўсимликлардан доривор чойлар, бодом, канакунжут, шафтоли, зиғир, седана, ўрик, маврак сингари бута ва дарахт меваларидан шифобахш мойлар ишлаб чиқариш мўлжалланмоқда.

Лойиҳани амалга ошириш натижасида юзга яқин иш ўрни яратилади.

Президентимиз Қарши шаҳрида электроника маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаси билан танишди. Бу ерда йилига TCL бренди остида 25 минг дона замонавий телевизор, 15 минг «Samsung» чангютгичи, 100 мингдан ортиқ розетка ва электр узатгич маҳсулотлари ишлаб чиқариш кўзда тутилган.

Маҳсулот нархини арзонлаштириш ва уларни экспортга йўналтириш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, корхона фаолиятига коллеж битирувчиларини жалб этиш бўйича кўрсатмалар берилди.

 

ЎЗБЕКИСТОН ПРЕЗИДЕНТИ ҚОЗОҒИСТОН БОШ ВАЗИРИНИНГ БИРИНЧИ ЎРИНБОСАРИНИ ҚАБУЛ ҚИЛДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 23 февраль куни Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг навбатдаги мажлисида иштирок этиш учун мамлакатимизга келган Қозоғистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Асқар Маминни қабул қилди.

Давлатимиз раҳбари меҳмонни қутлар экан, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари, шу жумладан, савдо-иқтисодий алоқалар барқарор ва изчил ривожланаётгани ҳамда мустаҳкамланиб бораётганини мамнуният билан таъкидлади.

Давлатларимиз раҳбарларининг 2016 йил сентябрь ойида Самарқанд шаҳридаги учрашувида эришилган келишувларга мувофиқ ўзаро савдо ҳажмини тубдан ошириш ва номенклатурасини кенгайтириш, шунингдек, мамлакатларимизнинг етакчи корхоналари ўртасида саноат кооперациясини ривожлантиришга қаратилган қатор истиқболли лойиҳалар ҳамкорликда ишлаб чиқилмоқда.

2016 йил якунларига кўра, ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 2 миллиард доллардан зиёдни ташкил этган. Ўзбекистонда қозоғистонлик ҳамкорлар иштирокида тузилган 230 дан ортиқ компания фаолият юритмоқда. Автомобиль ва темир йўл транспорти, авиаташувлар соҳаларида анъанавий фаол ҳамкорлик қилиб келинмоқда.

Давлатимиз раҳбари икки мамлакат ўртасидаги самарали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада фаоллаштириш, бунинг учун аввало савдо, инвестициявий технологиялар ва транспорт-коммуникация соҳаларида ҳамкорлик бўйича аниқ лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва қўллаб-қувватлаш муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этди.

Икки мамлакат ҳудудлари ўртасида ўзаро ҳамкорлик ўрнатиш ва мустаҳкамлаш лозимлиги, бу савдо ва маданият соҳаларида алоқаларни янада ривожлантириш учун кенг имкониятлар яратиши алоҳида таъкидланди.

Асқар Мамин самимий қабул учун Президентимиз Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик изҳор этди ва Қозоғистон Ўзбекистон билан кенг кўламли амалий ҳамкорликни янада кенгайтиришга тайёр эканини билдирди.

 

ҲУКУМАТЛАРАРО КОМИССИЯ МАЖЛИСИ

Тошкентдаги Халқаро ҳамкорлик марказида Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Тадбирда икки мамлакатнинг ташқи иқтисодий алоқалар, савдо-саноат, сармоя, энергетика, нефть-газ, божхона, транспорт ва транспорт коммуникациялари, темир йўл, авиаташув, машинасозлик, электр техникаси, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, фармацевтика соҳаларида фаолият кўрсатаётган вазирлик ва идоралари раҳбар ва вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари, комиссия ҳамраиси Очилбой Раматов мамлакатларимиз ўртасидаги савдо, иқтисодиёт, транспорт ва энергетика соҳаларидаги ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётганини, бунда икки давлат раҳбарларининг учрашувларида эришилган келишувлар ҳуқуқий асос бўлаётганини алоҳида таъкидлади.

Мамлакатимиздан Қозоғистонга электр энергияси, мева-сабзавотлар, нефть маҳсулотлари, минерал ўғитлар ва бошқа қатор маҳсулотлар экспорт қилинмоқда. Ўзбекистонда қозоғистонлик сармоядорлар иштирокида тузилган корхоналар савдо, хизмат кўрсатиш, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш каби соҳаларда иш юритмоқда.

Қозоғистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари, комиссия ҳамраиси Асқар Мамин иқтисодиётнинг турли соҳаларида ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича икки мамлакатда ҳам фойдаланилмаган имкониятлар кўп эканини таъкидлади.

– Ўзбекистон Қозоғистоннинг энг муҳим ҳамкорларидан бири, – деди Қозоғистон Республикаси Инвестиция ва ривожланиш вазирлигининг туризм департаменти директори Марат Игалиев.– Мамлакатларимиз ўртасида бошқа соҳалар қатори туризм алоқаларини ривожлантириш, айниқса, Ўзбекистоннинг Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз каби қадимий шаҳарларига сайёҳлар оқимини кучайтиришдаги ўзаро ҳамкорликдан манфаатдормиз. Мазкур комиссия мажлиси икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни янада фаоллаштириш, истиқболли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини муҳокама этиш учун қулай имконият бўлди.

Қозоғистон делегацияси аъзолари Ўзбекистонда олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотлар самаралари, мамлакатимиз иқтисодиётига хорижий инвестицияларни жалб қилиш учун яратилаётган шароитлар, юртимизнинг экспорт салоҳияти, индустриал зоналардаги имкониятлар билан таништирилди. Ўзаро ҳамкорликни янада фаоллаштириш учун мавжуд имкониятларни тўлиқ ишга солиш лозимлиги таъкидланди. Ўзбекистон ва Қозоғистон ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини янада ошириш, кенг кўламли савдо-иқтисодий, транспорт ва энергетика соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор экани қайд этилди.

– 2016 йили «Ўзагроэкспорт» акциядорлик жамияти қозоғистонлик ҳамкорлар билан Остона шаҳрида «Марказий Осиё савдо уйи»ни ташкил этди, – деди Савдо уйи бош директори Алишер Маҳмудов.– Савдо уйи улгуржи ва чакана савдо фаолиятида хизмат кўрсатиш, етказиб беришни ташкил қилиш, божхона хизматлари, истеъмол товарларини сотиш ва қайта ишлаш, маркетинг сиёсатини олиб бориш ва бошқа ўзаро манфаатли йўналишлар билан шуғулланади.

Мажлисда ўзаро савдо ҳажмини янада ошириш ва номенклатурасини кенгайтириш масалалари ҳақида сўз юритилди. Божхона, нефть-газ, маданий-гуманитар, атроф-муҳит муҳофазаси каби соҳалардаги алоқаларни ривожлантириш, Қозоғистонга электр энергияси, маиший, қишлоқ хўжалиги техникаси ва ускуналарини экспорт қилиш, биргаликда ўзаро фойдали лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Ҳукуматлараро комиссия мажлисида мамлакатларимиз ўртасида турли соҳаларда ҳамкорликни янада ривожлантиришга доир ҳужжатлар имзоланди.

Қозоғистон делегацияси аъзолари мамлакатимизнинг қатор саноат корхоналари фаолияти билан танишди.

 

ПОКИСТОН ЭЛЧИСИ БИЛАН УЧРАШУВ

Жорий йилнинг 22 февралида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида Покистон Ислом Республикасининг Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Риаз Ҳусайн Бухари билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда Ўзбекистон-Покистон кун тартибининг долзарб масалалари ҳамда Ўзбекистон расмий делегациясининг жорий йилнинг 1 мартида Исломобод шаҳрида бўлиб ўтадиган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ЕСО) Саммитида иштирок этишнинг амалий жиҳатлари муҳокама этилди. 2017 йилнинг 1 март куни Покистоннинг пойтахти Исломобод шаҳрида Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг (ЕСО) XIII саммити бўлиб ўтади.

ЕСО – минтақавий давлатлараро иқтисодий ташкилот бўлиб, у 1985 йилда ташкил топган. Ҳозирги кунда мазкур ташкилотга аъзо давлатлар қаторига Эрон, Покистон, Туркия, Афғонистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Турманистон, Ўзбекистон киради.

 

ХИТОЙ МАДАНИЯТИ ВА САНЪАТИ КУНЛАРИ

Ўзбекистон давлат санъат музейида мамлакатимизнинг Хитой Халқ Республикаси билан дипломатик алоқалар ўрнатганининг йигирма беш йиллигига бағишланган «Хитой маданияти ва санъати кунлари» фестивалининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Мазкур фестиваль Ўзбекистон давлат санъат музейи, Тошкент давлат шарқшунослик институти ва Тошкентдаги Конфуций институти ҳамкорлигида ташкил этилди.

Тошкент давлат шарқшунослик институти ректори А.Маннонов ва бошқалар мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик барча соҳаларда изчил ривожланиб бораётгани, икки давлат раҳбарларининг учрашувларида эришилган келишувлар бунга ҳуқуқий асос бўлаётганини алоҳида таъкидлади.

Фестивалда «Хитой маданий мероси», «Табиат манзаралари» ҳамда «Янги йил байрами» мавзулари асосида ҳунармандчилик намуналари, графика ва рангтасвир асарлари, фотосуратлар кўргазмаси ташкил этилди. Томошабинлар Хитой халқининг анъаналари, урф-одатлари ва бой маданий мероси саналган меъморий, тарихий ёдгорликлар билан танишди.

– Мамлакатларимиз ўртасида бошқа соҳалар қатори маданият ва санъат соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган кўплаб маданий кечалар, фестиваллар ўтказилиши анъанага айланган,– деди Хитой Халқ Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Сун Лицзе.– Бундай тадбирлар халқларимиз ўртасидаги ишонч, меҳр-оқибат сингари самимий ришталарни янада мустаҳкамламоқда. Ўйлайманки, бу фестиваль ҳам айни шу мақсадга хизмат қилади.

Тадбирда ҳар икки мамлакатнинг миллий урф-одатларини ифодаловчи, дўстлик ришталарини тараннум этувчи куй-қўшиқлар ижро этилди.

Фестиваль доирасида Хитой хаттотлик санъати ва қоғоз бўлакларини қирқиш орқали турли-туман байрам ашёларини ясаш бўйича маҳорат дарслари ташкил этилади, «Хитой бўйлаб саёҳат: байрамлар» номли ҳужжатли фильм намойиш қилинади.

 

«АНГРЕН» ЭРКИН ИҚТИСОДИЙ ҲУДУДИДА 9 ТА ЯНГИ КОРХОНА ИШГА ТУШИРИЛАДИ

«Ангрен» эркин иқтисодий ҳудуди раҳбарияти маълумотларига кўра, жорий йилда ҳудудда умумий қиймати 300 млн долларлик 9 та инвестицион лойиҳа амалга оширилади. Жорий йилда ҳудудда 9 та янги корхонани, жумладан, терини қайта ишлаш, чоксиз қувур ва арматура, электр пармаловчи ва сайқалловчи машиналар, декоратив керамик плитка ва санитар фаянс, конвейер  тасмалари, қишлоқ хўжалиги машиналари ва автомобиллар шиналари, керамогранит, электр насослар ишлаб чиқариш ва бошқа талабгир буюмлар ишлаб чиқарувчи корхоналарни фойдаланишга киритиш бўйича ишлар давом эттирилади.

 

КИТОБ – ЭНГ ЯҚИН ДЎСТ

Пойтахтимиздаги “Ёшлик” талабалар шаҳарчасида “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамкорлигида “Ёшлар тарбиясида китобнинг ўрни” мавзуида тадбир ўтказилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши ижроси юзасидан ташкил этилган тадбирда талаба-ёшлар, профессор-ўқитувчилар, шоир ва ёзувчилар ҳамда ёш ижодкорлар иштирок этди.

Халқимиз ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, ёшларда китоб ўқиш кўникмасини ривожлантириш мақсадида қатор чора-тадбирлар амалга оширилаётир. Бундай ижодий кечалар ўқувчи-ёшларда китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини шакллантиришга хизмат қилмоқда. Ўзбек адабиётининг етакчи намояндалари, шоир ва ёзувчилар билан учрашув ёшларнинг бадиий адабиётга қизиқишини кучайтиради. Тадбирда китобнинг инсон камолотида тутган ўрни ҳақида сўз юритилди. У орқали инсон ўтмиши, дунёни, ўзлигини англаши таъкидланди.

 

II. ЖАҲОН МИҚЁСИДАГИ ИҚТИСОДИЙ, ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ВОҚЕАЛАРГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАР

 АТАМБАЕВ: МОСКВА ҲАМ, ВАШИНГТОН ҲАМ ҚИРҒИЗИСТОН ПРЕЗИДЕНТИ КИМ БЎЛИШИНИ ҲАЛ ҚИЛМАЙДИ

Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев Euronews телеканалига берган интервьюсида Россия президенти Владимир Путин ўз ташрифи давомида Кремль учун мақбул бўлган президентликка номзод кўрсатиши ҳақидаги маълумотни “бемаъни” деб атади. “Бу ҳақда баъзи бир сиёсатчилар гапирмоқда, айнан улар мамлакатни шундай бемаъни ҳолатга келтириб қўйишди. Қирғизистон ўз қўшниларига қарам эди, улар газ, электр энергиясини етказиб беришни тўхтатиб қўйишлари ҳамда чегараларни ёпиб қўйишлари мумкин эди. Биз бугун умуман бошқа давлатмиз. Владимир Путин бунинг учун ташриф буюрмаяпти. Бизда муҳокама қиладиган масалалар етарлича. Ким президент бўлишини эса Москва ҳам, Вашингтон ҳам ҳал қилмайди. Менга ишонишингиз мумкин. Бу эндиликда бошқа мамлакат, бошқа халқ. Биз ўз масалаларимизни ўзимиз ҳал қиламиз”,- дея қўшимча қилиб ўтди Алмазбек Атамбаев. Россия президенти Владимир Путин Қирғизистонга февраль ойи охирида ташриф буюриши кутилмоқда.

 

NASA ОЛИМЛАРИ ҒАЙРИОДДИЙ ҲАЁТ ШАКЛЛАРИНИ АНИҚЛАШДИ

NASA астробиология институти мутахассислари улкан кристаллар ичида қолиб кетган тирик организмларни аниқлашди. Бу эса бошқа сайёралар ёки уларнинг йўлдошларида ҳаёт мавжуд бўлишига умид уйғотади. Институт раҳбари Пенелопа Бостон бошчилигидаги олимлар жамоаси Мексиканинг Чиуауа штатидаги Найка шаҳри яқинида жойлашган ғорлардаги селенитнинг улкан кристалларини тадқиқ қилишди. Улар магматик чўнтак устида жойлашган бўлиб, бу ерда ҳарорат Цельсий бўйича 60 градусни ташкил қилади. Ғорда кислород миқдори жуда паст, намлик даражаси ва ишқорлик жуда юқори. Кристаллар ичида вируслар, архейлар ва бактерияларнинг 100 дан кўпроқ штаммлари аниқланган.

Улар геолатент ҳолатда – яшашга қобил бўлганлар, бироқ ҳеч қандай фаоллик намоён қилмаганлар. Айтиш жоизки, ғордаги энг катта кристалл вазни 55 тонна, узунлиги 11 метр ва эни 4 метрни ташкил қилади. Олимлар топилган ҳаёт шаклларини фанга маълум намуналар билан таққослаб, улар орасида фарқ 10 фоиз эканлиги ҳақида хулосага келишди. Селенит кристаллари ичида қолиб кетган тирик организмлар шундай ҳолатда 60 минг йилгача бўлганлар.

Мутахассислар бактерия, вирус ва архейлар тирик қолиш учун мис оксиди, марганец, сульфидлар ва темирдан фойдаланганини аниқлашди. Бу моддаларни қайта ишлаш уларни энергия билан таъминлаган. Мутахассисларнинг айтишича, Сатурн ва Юпитернинг муз ойларида, Европа (Юпитер йўлдоши), Марс йўлдошларида ҳамда коинотнинг қолган қисмларида бундай шароитлар мавжуд бўлиши мумкин. Шу сабабли, у ерларда бундай антиқа ҳаёт шакллари бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас.

 

СОБИҚ ИТТИФОҚНИНГ БИРИНЧИ ВА СЎНГГИ ПРЕЗИДЕНТИ ГЕРМАНИЯДАГИ ВИЛЛАСИНИ СОТУВГА ҚЎЙДИ

Собиқ иттифоқнинг биринчи ва сўнгги президенти Михаил Горбачёв Германиядаги вилласини сотувга қўйди. Горбачёв 10 йил аввал сотиб олган Hubertus-Schlössl вилласи Тегернзе кўли соҳилида жойлашган. 3 қаватли вилланинг майдони 600 квадрат метрни, унга ёндош ҳудуднинг майдони эса 2,6 минг квадрат метрни ташкил қилади. Вилла 1908 йилда қурилган ва 100 йил ўтибгина илк марта реставрация қилинган. Маълумотларга кўра, унинг нархи бир неча миллион долларга етади.

 

NASAДАН СЕНСАЦИОН ЯНГИЛИК! ЕРГА ЎХШАШ ЯНА ЕТТИ САЙЁРА АНИҚЛАНДИ

NASA олимлари матбуот конференциясида TRAPPIST-1 юлдузи яқинида Ер ҳажмига тенг яна етти сайёра мавжудлигини маълум қилишди. Бу ҳақида бир қатор оммавий ахборот воситаларида хабар берилди. Олимларнинг сўзларига кўра, улардан учтасида яшашга яроқли шароит мавжуд. Бу уч сайёрада сув ҳам мавжудлиги қайд қилинган. TRAPPIST-1 юлдузи Ердан тахминан 39 ёруғлик йилида, Қовға (Aquarius) юлдузлар туркумида жойлашган.

 

РОССИЯ ВА ТОЖИКИСТОН ПРЕЗИДЕНТЛАРИ РОССИЯНИНГ 201-ҲАРБИЙ БАЗАСИ ТАҚДИРИНИ ҲАЛ ҚИЛАДИЛАР

Россия ва Тожикистон президентлари Владимир Путин ва Эмомали Раҳмон Путиннинг Тожикистонга ташрифи вақтида бу мамлакатдаги Россиянинг 201-ҳарбий базасининг келгуси жойлашишини муҳокама қилишади. Бу ҳарбий база Марказий Осиёда барқарорлик ва хавфсизликнинг муҳим омили ҳисобланади, деб айтди Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков. Ушаковнинг айтишича, етакчилар музокаралар вақтида долзарб халқаро масалалар ва БМТ, КХШТ, ШҲТ ва МДҲ каби кўп томонлама тузилмалардаги ўзаро ҳаракатлар истиқболларига тўхталиб ўтишади. «Россия томонидан Айний аэродромининг ижараси масаласи яна бир кўтарилади, Тожикистон эса 2012 йилдаги келишувларга кўра ҳарбий техниканинг тезроқ берилишига эришишга ҳаракат қилади. Тожикистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқига кириши масаласи, эҳтимол, бу техниканинг берилиши ёки Душанбега фойдали бошқа шартлар ортида кўриб чиқилади», деб ҳисобламоқда тожикистонлик мутахассис Нурали Давлатов. Бу орада Ушаковнинг айтишича, Путин Душанбега ташрифи вақтида икки давлат ўртасидаги стратегик ҳамкорлик ва иттифоқчиликнинг мустаҳкамланишига қўшган ҳиссаси учун Раҳмонга Александр Невский орденини топширади. Шунингдек, Тожикистон ташқи ишлар вазирига «Дўстлик» ордени топширилади. Путин Душанбега 27 февралда келади. Расмий учрашув ва музокаралар 28 февралга белгиланган.

Путин президент лавозимида Тожикистонга 8 маротаба келган ва ҳар гал унинг ташрифи вақтида жиддий геосиёсий қарорлар қабул қилинган.

 

III. МИРЗО УЛУҒБЕК НОМИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИДА

 АКАДЕМИК ТАЛАБАЛАР ҲУЗУРИДА

Устоз академиклар билан юзма-юз мулоқотнинг ўзи ҳам бир дарс, катта сабоқ ҳисобланади. Физика-математика фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Фанлар Академияси академиги Толиб Мусаевич Мўминов билан Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Физика факультетида ўтказилган учрашув худди шундай сермазмун дарслардан бирига айланди.

Устознинг ҳаёт йўли ва илмий, педагогик фаолияти ҳам бугунги ёшлар учун ўзига хос ибрат мактабидир. Зеро, академик фаолиятига бағишланган ҳужжатли фильмни катта қизиқиш билан кузатган талабалар ўзларига тегишли хулосалар чиқариб олдилар.

Толиб Мўминов 1965 йилда Самарқанд давлат университетини тугатгач, 1965-1979 йилларда СамДУ ва Бирлашган ядро тадқиқотлари институтида илмий ходим, 1979-1981 йилларда ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ)да лаборатория мудири, 1992-1995 йилларда СамДУ ректори, 1981-1987 ва 1995 йилдан Амалий физика илмий тадқиқот институти директори лавозимларида фаолият кўрсатган. Фундаментал ва амалий ядро физикасига оид илмий тадқиқотлар билан шуғулланиб келаётган атоқли олим Ядро спектраскопияси ва радиацион экология физикаси илмий мактаби асосчиси ҳисобланади. Унинг раҳбарлигида эксперементал ядро физикаси учун бир неча ноёб илмий қурилмалар (СБ-50 бетатрони, МТ-22С микротрони, ЭГ-2 ионлар тезлаткичи, ИБМ кучли ион дастаси инжектори ва бошқалар) яратилди. Яратилган қурилмалар ёрдамида атом ядросининг хоссалари, тезлаштирилган электронлар дастасининг газ муҳитидан ўтиши, юқори энергияли гамма-квантлар дастасининг ўта кичик бурчакларга сочилиши ва радиоэкологияга оид изланишлар ўтказган. Устоз олим айни пайтда Физика факультети Қуйи энергиялар физикаси кафедраси профессори лавозимида фаолият кўрсатмоқда.

– 2016 йилнинг сўнгги кунларидан бирида Президентимиз Шавкат Мирзиёев бир гуруҳ олимлар, академиклар билан давра суҳбатида билдирилган таклифлар изчил амалга оширилаётгани жамиятимиз тараққиётига хизмат қилади,– дейди устоз Толиб Мўминов мамнуният билан.– Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиклари фаолиятини такомиллаштириш ва рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармони, “Фанлар академияси фаолияти, илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш, бошқариш ва молиялаштиришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги ғоят муҳим қадамлар бўлди. Бу ҳужжат биринчи галда илм-фанимиз равнақига хизмат қилади.

Суҳбат давомида физик олим мамлакатимизда кўплаб муаммолар ечимини ижобий ҳал этишда илм-фан, соҳа мутахассисларининг ўрни ҳақида сўз юритар экан, Президентимизнинг “Ўзимиздаги муаммоларни ўзимиз ҳал қилишимиз керак, уларни биров четдан келиб ечиб бермайди”, деган сўзларини алоҳида таъкидлади.

Мулоқот давомида талабалар бу мавзуда ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олдилар.

 

ҲАРАКАТЛАР СТРАТЕГИЯСИ – ТАРАҚҚИЁТ МЕЗОНИ

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширишга оид Давлат дастури мазмун-моҳиятини ўрганишга бағишланган назарий семинар ўтказилди.

ЎзМУ ректори Авазжон Мараҳимов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси Акмал Саидов, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқарув академияси “Давлат бошқаруви” кафедраси мудири Шерзод Зулфиқоров ва бошқалар Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 7 февралдаги фармони билан тасдиқланган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳани ривожлантириш, хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ҳамда диний бағрикенглик муҳитини таъминлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидладилар.

Семинарда «Ҳаракатлар стратегиясини биринчи “Давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш” йўналишида кўзда тутилган вазифалар», «Ҳаракатлар стратегиясини иккинчи “Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш” йўналишида кўзда тутилган вазифалар», «Ҳаракатлар стратегиясини учинчи “Иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштириш» йўналишида кўзда тутилган вазифалар», «Ҳаракатлар стратегиясини тўртинчи “Ижтимоий соҳани ривожлантириш” йўналишида кўзда тутилган вазифалар», «Ҳаракатлар стратегиясини бешинчи “Хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритиш” йўналишида кўзда тутилган вазифалар» каби мавзуларда маърузалар тингланди.

Анжуман иштирокчилари бу борада ўзларини қизиқтирган саволларига мухтасар жавоблар олдилар.

 

ЁШЛАРНИНГ ҲУҚУҚИЙ МАДАНИЯТИ ЮКСАЛМОҚДА

Ҳуқуқий маданият – инсоннинг ўз ҳақ-ҳуқуқларини, қонунлар моҳиятини ўрганишдан бошланади. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида ҳуқуқий мавзуларда давра суҳбатлари, соҳа мутахассислари билан учрашувлар ўтказиб туриш ўзига хос анъанага айланган. Навбатдаги ана шундай профилактик тарғибот суҳбати мавзуси “Йўл қоидаси – умр фойдаси”, “Ёшлар орасида жиноятчиликнинг олдини олишнинг долзарб вазифалари”га бағишланди.

ЎзМУ ректори Авазжон Мараҳимов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, Олмазор туман ҳокими Баҳодир Гаибназаров, республика Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги Бош бошқармаси бўлим бошлиғи, подполковник Абдунаби Носиров, Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги Бош бошқармаси бўлим бошлиғи ўринбосари, подполковник Мансур Рихсиев, Тошкент шаҳар ички ишлар Бош бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бўлим бошлиғи ўринбосари Саидвали Қобулов, Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси Жиноят қидирув ва терроризмга қарши курашиш бошқармаси бошлиғи, подполковник Элдор Хайруллаев ва бошқалар юртимизда ёшларга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётгани, ҳар биримизнинг тинч ва осуда ҳаёт кечиришимиз аввало ўз саъй-ҳаракатимизга боғлиқ эканлигини алоҳида таъкидладилар.

Тадбирда “Йўл қоидаси умр фойдаси мавзуида ҳамда республика ҳудудида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларини олдини олиш бўйича олиб борилаётган ишлар”, “Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ томонидан шаҳар ҳудудида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ходисаларни олдини олиш бўйича олиб борилаётган ишлар”, “Ёшлар орасида жиноятчилик, диний экстремизм ва терроризмни олдини олишга қаратилган ишлар ва уларнинг бундай оқимларга қўшилмаслиги – ҳаёт зарурати”, “Тошкент шаҳри ҳудудида олиб қочилган ва ўғирланган транспорт воситалари ҳамда давлат рақами белгисини ўғирлаш жиноятларини содир этилишини олдини олиш” каби мавзуларда қилинган маърузалар талаба-ёшларда катта қизиқиш уйғотди.

Йўл транспорти оқибатларини акс эттирувчи видеолавҳалардан талабалар ўзларига тегишли хулосалар чиқардилар.

Олмазор туман ҳокими Баҳодир Гаибназаров яқинлашиб келаётган баҳор байрами – Наврўз сўлим боғларимизда катта сайл қилиб нишонланиши, унга ҳозирданоқ қизғин ҳозирлик кўрилаётгани ҳақида сўз юритар экан, “Ёшлик” шаҳарчасида ҳам бу борада амалга оширилиши зарур бўлган вазифалар ҳақида сўз юритди.

Тадбир давомида талабалар бу мавзуларда ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар олдилар.

 

АКАДЕМИК ЁШ МАТЕМАТИКЛАР БИЛАН МУЛОҚОТ ЎТКАЗДИ

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида академиклар билан юзма-юз мулоқотлар ўтказиш ўзига хос анъанага айланмоқда. Навбатдаги ана шундай мулоқот – атоқли математик олим, академик Шавкат Аюпов билан ўтказилди. Устоз Математика факультети талабалари даврасига ташриф буюрди.

ЎзМУ Мураббийлар кенгаши раиси Аброр Хидиров, Математика факультети декани Аброр Худойбердиев академик олимнинг ибратли ҳаёт йўли ҳақида сўзлаб бердилар.

Устознинг таржимаи ҳоли қисқагина бўлса-да, унинг ҳар бир сатри замирида залворли илмий изланишлар, кашфиётлар, илм йўлидаги заҳматли меҳнатлар зуҳур этилган. Физика-математика фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Республикаси Фан арбоби академик Шавкат Абдуллаевич Аюпов 1969 йилда Тошкент шаҳридаги 192-ўрта мактабни олтин медаль билан тамомлагач, Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ) Механика-математика факультетига ўқишга кирган. 1974 йили университетни муваффақиятли тамомлаб, Функционал анализ кафедрасида аспирант сифатида илмий тадқиқотларини бошлаган. 1977 йилда номзодлик диссертациясини ёқлагач, Ўзбекистон Фанлар Академиясининг ёш олимлар мукофотига сазовор бўлган. Иқтидорли ёш олим 1980 йилда Америка математика жамияти аъзолигига қабул қилинган. 1983 йилда физика-математика фанлари доктори илмий даражасига эга бўлиш баробарида фан соҳасидаги Ўзбекистон ёш олимлари мукофоти соҳибига айланган. 1983-1996 йилларда университетимиз Функционал анализ кафедраси профессори, кафедра мудири лавозимларида фаолият кўрсатиш билан бир қаторда Ўзбекистон Ёш олимлари жамияти раиси вазифасини ҳам муваффақиятли бажарган. 1987 йилда профессор илмий унвонига эга бўлган таниқли олим 1989 йилда Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг мухбир аъзоси, 1995 йилда эса ҳақиқий аъзоси (академик) этиб сайланди. 1997-2003 йилларда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Олий аттесстация комиссияси (ОАК) раиси, 2000-2010 йилларда ЎзМУ Алгебра ва функционал анализ кафедраси мудири, 2012 йилдан буён ЎзМУ қошидаги математика институти директори лавозимларида самарали фаолият кўрсатиб келмоқда.

Заҳматкаш олимнинг АҚШ, Германия, Буюк Британия, Испания, Австралия, Россия, Хитой, Франция, Руминия, Италия, Швейцария каби қатор давлатлардаги илмий муассасалар билан ҳамкорлиги ҳақида узоқ гапириш мумкин.

– Ҳаётимдаги энг унутилмас воқеалардан бири – муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев билан давра суҳбатимиз бўлди,– дейди устоз.– Давлатимиз раҳбарининг бир гуруҳ илм-фан фидойилари, академиклар билан мулоқотида кўп таклифлар илгари сурилди ва уларнинг изчил амалга ошаётгани илм-фанимиз, пировардида, жамиятимиз тараққиётига хизмат қилади.

Катта ҳаёт тажрибасига эга бўлган академик Шавкат Аюпов илм ва таълим йўлида амалга оширган ишлари, илм-фан соҳасида эришган ютуқлари, атоқли устозларидан олган сабоқлари ҳақида сўзлаб берди.

Бўлғуси математиклар мулоқот давомида ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олдилар.

 

ЎзМУ Ахборот хизмати

 

Материаллар ЎзМУ Ахборот хизмати томонидан тайёрланди.

Унда республика ОАВ хабарларидан фойдаланилди.

 

Факультет деканининг Маънавият ва маърифат ишлари бўйича ўринбосари диққатига!

“Ахборот соатлари” маълумотлари юзасидан савол пайдо бўлса ЎзМУ Ахборот хизмати раҳбари Тўлқин Эшбековга мурожаат қилишингиз мумкин.

Телефон: 2271542; +99890 9120963.

Электрон почта: tueshbek@mail.ru

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>