“АХБОРОТ СОАТЛАРИ” № 28-16

Ҳафтанинг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеалари (14-19 март кунлари)

МИРЗО УЛУҒБЕК НОМИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИ

“АХБОРОТ СОАТЛАРИ” № 28-16

Ҳафтанинг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеалари (14-19 март кунлари)

ТОШКЕНТ

ЎзМУ – 2016

 Факультет деканининг Маънавият ва маърифат ишлари бўйича ўринбосарлари ва мураббийлар диққатига! Талабаларга “Ахборот соатлари” материаллари билан nuuz.uz ва uchildiz.uz веб-сайтлари орқали ҳам танишиш тавсия этилиши мақсадга мувофиқдир.

 

I. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДАГИ ИҚТИСОДИЙ, ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ВОҚЕАЛАРГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАР

 ПРЕЗИДЕНТ ИСЛОМ КАРИМОВНИНГ НАВРЎЗ БАЙРАМИГА БАҒИШЛАНГАН ТАНТАНАЛИ МАРОСИМДАГИ СЎЗИ

Ассалому алайкум, азиз ватандошлар!

Муҳтарам меҳмонлар!

Табиат уйғониб, гул-чечаклар очилиб, атроф яшил либосга бурканиб бораётган шу кунларда яшариш ва янгиланиш фасли бўлмиш Наврўзи олам юртимизга кириб келиши билан сиз, азизларни, сизларнинг тимсолингизда бутун халқимизни чин қалбимдан табриклаш, барчангизга ўзимнинг чуқур ҳурмат ва самимий тилакларимни изҳор этиш – мен учун катта бахтдир.

Наврўзи олам барчамиз учун неча минг йиллик тарихга эга, илдизлари “Авесто” даврида пайдо бўлган, қадимий, асл миллий, ҳар қандай сиёсатдан йироқ, кеча ва кундуз тенг келадиган шарқона янги йил бўлиб, эл-юртимиз табиатига, онгу тафаккури, қалби-шуурига чуқур сингиб кетган энг севимли, энг гўзал баҳор байрамидир.

Айни шу бетакрор ва дилбар фаслда кўклам нафаси ва майин шабадалар кириб келиши, куртакларнинг очилиши билан инсон вужудига баҳор нашидаси югургандек бўлади. Барчамиз ўзимизни яшариб кетгандек, куч-қувват, ғайрат ва шижоатга тўлгандек сезамиз, ўзимизни табиатнинг узвий ва ажралмас қисми деб ҳис қиламиз.

Айни шу файзли, шодиёна дамларда юртимизнинг барча гўшаларида, қир-адирлар, боғу роғларда юртдошларимиз сумалак ва ҳалим, кўксомса ва гўжа каби тансиқ таомлар тортилган дастурхонлар атрофида тўпланиб, бу баҳор неъматларини ўз оиласи, яқинлари, дўсту биродарлари билан баҳам кўришга интилади.

Ҳеч шубҳасиз, бундай хурсандчилик ва сайил-томошаларни кўпчилик хонадон ва маҳаллаларда, марказда, узоқ ва чекка қишлоқларда кўриш, кузатиш қийин эмас.

Аҳолимиз, қайси миллат ва элат вакили бўлишидан қатъи назар, байрамона кайфиятга берилиб, бу ажойиб айёмни катта шоду хуррамлик билан ўтказади, бундай дамларда нафақат таниш, балки нотаниш одамларни ҳам қутлаб, бағрига босиб, соғлик, бахту саодат ва омад тилаши ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди, десам, ҳақиқатни айтган бўламан.

Мен ҳам айни шу дақиқалардан фойдаланиб, мана шу муаззам ва гўзал майдонда тўпланган сиз, азизларга, бутун халқимизга қарата Алишер Навоий бобомизнинг табаррук сўзлари билан айтмоқчиман: “Барчангизга Наврўз байрами муборак бўлсин, ҳар кунингиз Наврўз бўлсин!” деган самимий тилакларимни, меҳр-иззатимни қабул қилишингизни сўрайман.

Қадрли дўстлар!

Наврўзнинг ўлмас руҳи ва қадриятлари авлодлардан-авлодларга безавол ўтиб келмоқда, орадан қанча йиллар, замонлар ўтмасин, бу ғоя ва одатлар бугунги кунларда ҳам халқимизнинг онгу тафаккурида чуқур из қолдириб, кучайиб бормоқда.

Шу ўринда баъзи бир мисолларни олиб келмоқчиман.

Неча минг йиллик тарихимиздан маълум: Наврўз фаслида турли низо ва адоватлар, гина ва аразлар унутилиб, одамлар, миллат ва элатлар ўртасида меҳр-оқибат, шафқат ва мурувват, ҳамжиҳатлик каби инсоний туйғулар янада кучаяди.

Шу борада бир фараз қилайлик: агарки, бугунги кунда халқаро майдонда тобора авжига чиқаётган кескинлашув, можаро ва қарама-қаршиликларни, ҳали-бери давом этаётган қон тўкишларнинг олдини олиш, пайдо бўлаётган муаммоларни фақатгина тинчлик ва сиёсий музокаралар йўли билан ҳал қилишга қайтсак, халқимиз ибораси билан айтганда, олам гулистон бўларди.

Ишончим комил, агарки шу кунларда кўпни кўрган, қанча-қанча синовларни бошидан кечирган, яхшилик ва эзгуликни доимо юрагининг тўрида сақлаб келадиган, меҳр-оқибатли халқимиздан, шарқона янги йил кириб келиши арафасида туриб, янги йилда сизнинг энг эзгу ниятларингиз нималардан иборат, деб сўраса, халқимиз, ҳеч иккиланмасдан, бизга тинчлик ва омонлик керак, деб жавоб бериши муқаррар.

Бундай якдилликнинг сабаби ва илдизларини аввало бизнинг қадимий тарихимиз, кўп қиррали буюк маданиятимизда, умумбашарий тараққиётга ўчмас ҳисса қўшган улуғ олим ва мутафаккирларимиз қолдирган бебаҳо меросда, она юртимиз кўп замонлар давомида билим, маънавият ва маърифат маркази бўлиб келганида кўриш даркор.

Бунинг устига, азал-азалдан халқимизга мансуб бўлган олижаноблик, бағрикенглик, одамийлик ва меҳрибонлик, муҳтож бўлганларни қўллаб-қувватлаш, кексаларнинг дуосини олиш, етим-есирларнинг бошини силаш каби савоб ишларни бажо келтиришда бундай хусусият ва аломатлар аҳолимизнинг қон-қонига, суяк-суягига сингиб кетгани ҳеч кимга сир эмас.

Буларнинг барчаси асрлар мобайнида авлоддан-авлодга ўтиб, бойитилиб, охир-оқибатда эзгу инсоний тушунчаларга айланиб, халқимизнинг маънавий ва амалий дунёқараши учун мустаҳкам пойдевор бўлган.

Табиийки, бундай олижаноб, ноёб хусусият ва фазилатларга эга бўлган, пок орзу-интилишлар билан яшаётган, ўзи учун тинчлик ва омонликни, мусаффо осмонни истайдиган халқимиз, ҳеч шубҳасиз, яқин ва узоқ қўшнилари билан ўз муносабатларини ўзаро ҳурмат, дўстлик, ҳамжиҳатлик, бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олиш асосида қуради. Ва юртимизни, аҳолимизни ҳар қандай бало-қазолардан омон сақлашни ўзининг устувор вазифаси деб билади.

Мана шундай қувончли дамларда бугун бизга катта ҳурмат ва эҳтиром билдириб, шу гўзал майдонда Наврўз шодиёналаримизда иштирок этаётган чет мамлакатларнинг элчилари ва халқаро ташкилотлар вакилларини, хорижий шерик ва ҳамкорларимизни, барча муҳтарам меҳмонларимизни сизларнинг номингиздан, бутун халқимиз номидан Наврўз байрами билан қутлашга, уларга қизғин ҳурмат ва саломимизни йўллашга рухсат бергайсиз.

Муҳтарам юртдошлар!

Бугун мана шу файзли майдонда жамулжам бўлган сиз, азизларни қутлаб, сизларнинг тимсолингизда аввало Ўзбекистонимизни янада обод ва фаровон қилиш йўлида ўзининг мардона меҳнати ва матонати билан улкан ҳисса қўшаётган, эришаётган ютуқ ва марралари билан барчани қойил қолдираётган, ёвуз кучларга бош эгмайдиган, ўз қадр-қимматини, мустақиллигини юксак баҳолайдиган, бағрикенг халқимизни кўраман. Ва шу юксак минбардан туриб, шундай олижаноб фазилатлар соҳиби бўлган халқимиз олдида таъзим қиламан.

Бизнинг таянчимиз ва суянчимиз бўлмиш Ўзбекистон ёшларига қарата айтмоқчиман: бошимиздан кечираётган, шиддат билан ўзгариб, тобора мураккаблашиб бораётган давр барчамизнинг, биринчи навбатда, сиз, азиз фарзандларимизнинг олдига замонавий билим ва касб-ҳунарларни, интеллектуал бойликларни чуқур эгаллаш, шу билан бирга, мамлакатимизнинг халқаро майдонда рақобатдошлигини янги босқичга кўтариш, иқтисодиётимизни янгилаш, модернизация ва диверсификация қилиш, буларни тараққиётимизнинг локомотивига айлантириш каби вазифаларни қўймоқда.

Айни шу улкан долзарб мақсадларга эришиш йўлида сиз, азизларнинг халқимиз, Ватанимизнинг ишончини оқлашга қодир эканингизга ишонаман ва барчангизни доимо қўллаб-қувватлашга тайёрман.

Азиз ва қадрли ватандошларим!

Мана шу нурафшон ва гўзал айёмда барчангизни кириб келаётган Наврўз байрами билан яна бир бор чин юракдан табриклайман.

Наврўз ҳар бир оила, ҳар бир хонадонга, бутун юртимизга тинчлик-омонлик, меҳру оқибат, бахту саодат, қут-барака олиб келсин!

Барча-барча орзу-ниятларимиз ушалсин!

Наврўзи олам барчамизга муборак бўлсин!

 

 БАХТЛИ ОДАМЛАР МАМЛАКАТИ

Ўзбекистон дунёдаги энг бахтли мамлакатлар рейтингида 49- ва Марказий Осиё давлатлари орасида 1-поғонадан жой олди.

SDSN ташкилоти ва Колумбия университети (АҚШ) дунёнинг энг бахтли мамлакатлар рейтинги «World Happiness Report 2016»ни тузди.

Бунда мамлакат аҳолиси ўртасида ўтказилган сўровлар асосий мезон сифатида олинди. Шунингдек, 2013-2015 йиллардаги макроиқтисодий кўрсаткичлар, фуқароларни ижтимоий таъминланиш даражаси, соғлиқни сақлаш, аҳоли жон бошига ЯИМ ҳисобга олинди.

Ушбу рейтингда Ўзбекистон Марказий Осиё давлатларини ортда қолдириб, 49-ўринни банд этди. Бундан ташқари, мамлакатимиз Италия (50) Япония (53), Россия (56) Жанубий Корея (58) ва бошқа мамлакатлардан юқори поғонада қайд этилди.

Дания мазкур рейтингда етакчилик қилган бўлса, ундан кейинги ўринни Швейцария банд этди. Учинчи ўринда Исландия қайд этилди.

Натижаларга кўра, Афғонистон, Сурия ва Тогода яшайдиган инсонлар ўзларини бахтсиз ҳис қилишади.

 

35 МИЛЛИОН ДОЛЛАР ИНВЕСТИЦИЯ

Coca-Cola компанияси кейинги 4 йил давомида Ўзбекистондаги заводларини ривожлантириш мақсадида 35 млн доллардан ортиқ инвестиция киритишни режалаштирган. Бугунги кунда америкалик ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорликда Ўзбекистоннинг Тошкент, Урганч ва Наманган шаҳарларида Coca-Cola заводлари фаолият кўрсатмоқда. Бу заводларда турли қадоқлардаги 6 турдаги ичимликлар тайёрланади. Coca-Cola 2019 йилнинг охиригача Урганч ва Намангандаги заводларини модернизация қилишни, шунингдек Тошкентдаги марказий заводда янги линия ўрнатишни режалаштирган. Режага кўра, бу орқали соатига 48 шиша ичимлик чиқариш имконияти пайдо бўлади ва кунлик иш ҳажми 2 баробар ортади. Техник жиҳозлаш ишлари билан Германиянинг Krones компанияси томонидан амалга оширилади. Бундай технологиялар ҳали Марказий Осиёдаги заводларнинг ҳеч бирига ўрнатилмаган. Заводларнинг иш ҳажмини ошириш ички бозорда талабнинг ошгани ва таҳлилчиларнинг ижобий прогнозларидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади. 2015 йилда Ўзбекистондаги заводлар қўшни мамлакатларга 2,5 млн доллар миқдоридаги маҳсулотларини экспорт қилган. Компания фақатгина ишлаб чиқариш ҳажмини оширишни эмас, янги турдаги маҳсулотлар тайёрлашни йўлга қўйишни режалаштирган. Масалан, шарбат ва алюмин идишларда қадоқланадиган газли ичимликлар. Янги лойиҳаларнинг йўлга қўйилиши орқали Ўзбекистонда ёз ойларида кузатиладиган Coca-Cola ичимликлари танқислигига барҳам беришга эришиш кўзда тутилган. Coca-Cola компаниясининг Ўзбекистондаги биринчи заводи 1994 йилда Тошкенда очилган. Урганч ва Намангандаги заводлар фаолияти 1997 йилда йўлга қўйилган.

 

ДИНИЙ БАҒРИКЕНГЛИККА БАҒИШЛАНГАН ТАДБИР

Пойтахтимизда “Миллатлараро тотувлик – барқарорлик омили” мавзуида ўтказилган тадбирда шулар ҳақида сўз борди. Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда миллатлараро тотувлик, бағрикенглик муҳити қарор топган. Бу тараққиётимизда муҳим аҳамият касб этмоқда. Мамлакатимизда 130 дан ортиқ миллат вакиллари аҳил-иноқ яшаб, жамият ҳаётини равнақ топтириш йўлида самарали меҳнат қилаётир. Қарийб 140 миллий-маданий марказ фаолият кўрсатмоқда. Тадбирда Ўзбекистондаги миллатлараро аҳиллик, дўстлик ва бағрикенглик муҳити инсонга энг олий қадрият деб қараш, ёш авлодни миллий ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, Ватанимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги нуфузини янада юксалтиришда муҳим омил бўлаётгани таъкидланди. Турли тилларда куйланган қўшиқлар йиғилганларга байрамона кайфият улашди.

 

ННТЛАРНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШГА 11 МИЛЛИАРД СЎМ

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси йиғилиши бўлиб ўтди. 2016 йилда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлашга 11 миллиард сўм маблағ ажратилди. Бу 2015 йилга нисбатан 10 фоиз кўп демакдир.

Президентимизнинг шу йил 9 февралдаги қарори билан тасдиқланган “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурида белгиланган вазифаларни амалга оширишда фуқаролик жамияти институтларининг фаол иштирок этишини таъминлашга эътибор қаратилди. Бу йўналишда соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш, ёшларнинг иқтидор ва салоҳиятини юзага чиқаришга кўмаклашиш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, халқимизнинг маданий меросини оммалаштириш, жамиятда миллатлараро ва конфессиялараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга қаратилган лойиҳалар учун давлат ижтимоий буюртмаси шаклида 2,3 миллиард сўмлик маблағ ажратилди. Ушбу лойиҳалар доирасида туғма ва ирсий касалликларни аниқлаш, эрта никоҳ ва қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг салбий оқибатларидан огоҳлантиришга қаратилган ахборот ва маърифий материаллар, теледастурлар тайёрланади. Кам таъминланган оилаларнинг туғма юрак нуқсони бор фарзандларига, ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларга ижтимоий, руҳий-педагогик, ҳуқуқий ва маърифий ёрдам кўрсатиш учун қўшимча шарт-шароит яратилади.

 

ХАЛҚАРО КЎРГАЗМАЛАР

“Ўзэкспомарказ”да озиқ-овқат саноати ва қишлоқ хўжалиги соҳасига ихтисослашган “WorldFood Uzbekistan – 2016” ва “AgroWorld Uzbekistan – 2016” халқаро кўргазмалари очилди. Кўргазмалар Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирликлари, Савдо-саноат палатаси, Фермерлар кенгаши, “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси, “ITE Uzbekistan” халқаро кўргазма компанияcи ҳамкорлигида ташкил этилди. Кўргазмаларда Хитой, АҚШ, Франция, Буюк Британия, Германия, Италия, Испания, Португалия, Нидерландия, Австрия, Бельгия, Болгария, Дания, Польша, Швеция, Словакия, Литва, Индонезия, Малайзия, Миср, Бирлашган Араб Амирликлари каби 28 мамлакатдан бир юз олтмишдан зиёд компания иштирок этмоқда. “WorldFood Uzbekistan” ва “AgroWorld Uzbekistan” кўргазмалари озиқ-овқат саноати ва қишлоқ хўжалиги соҳасининг барча замонавий йўналишларини ўзида мужассам этган. Унда озиқ-овқат маҳсулотлари, ичимликлар, совутиш ҳамда ресторан ускуналари, қадоқлар ва қадоқлаш технологиялари, паррандачилик, чорвачилик, ветеринария, донни қайта ишлаш ва сақлаш, омихта ем ишлаб чиқариш учун ускуналар, қишлоқ хўжалиги техникасига оид кўплаб бўлимлар ишлаб турибди. Ушбу кўргазмалар мамлакатимиз ишбилармонлари ва чет эллик ҳамкорлар ўртасида музокаралар ўтказиш, тажриба алмашиш, ўзаро ҳамкорлик истиқболларини белгилаш, икки томонлама манфаатли шартномалар имзолаш, хорижий инвестицияларни жалб этиш ҳамда Ўзбекистоннинг экспорт салоҳиятини янада юксалтиришга хизмат қилади.

 

20 ДАН ОРТИҚ КЎП ҚАВАТЛИ АВТОТУРАРГОҲЛАР ҚУРИЛАДИ

Яқин кунларда Тошкент аэропорти ёнида қарийб 800 та автомобилга мўлжалланган кўп қаватли автотураргоҳ барпо этилади. 530 та автомобилга хизмат кўрсатишга мўлжалланган автотураргоҳлар, шунингдек Тошкент марказий вокзали ва Ипподром бозори ёнида ҳам қурилади. Умумий ҳисобда Тошкент шаҳри ҳудудида 20 та кўп қаватли автотураргоҳлар барпо этиш лойиҳаси ишлаб чиқилган. Уларнинг ҳар бири ярим миллионта автомобилни ўз ичига олади. Автотураргоҳларда шунингдек, техник хизмат кўрсатиш мажмуалари ҳам жойлашади. Кўп қаватли автотураргоҳлар ҳозирда пойтахтнинг Чорсу бозорида ва “Самарқанд дарвоза” савдо-кўнгилочар марказида мавжуд.

 

II. ЖАҲОН МИҚЁСИДАГИ ИҚТИСОДИЙ, ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ВОҚЕАЛАРГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАР

 ЯПОНИЯДА НАВРЎЗ БАЙРАМИНИ ЮҚОРИ КАЙФИЯТДА НИШОНЛАШДИ

Япониянинг Токио шаҳрида 2016 йилнинг 19 март куни Наврўз байрамига бағишланган байрамона кеча бўлиб ўтди. Байрам ташкилотчилари бўлган Ўзбекистоннинг Япониядаги элчихонаси, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси ва “Ипак Йўли” маданият ва рақс ансамбли, Япония давлатида иш ва ўқиш юзасидан истиқомат қилиб келаётган Ўзбекистон ва Ўрта Осиё халқалари, шу билан бирга, япон миллати бўлган меҳмонлар учун ажойиб байрам кайфияти улашдилар. Ўзбекистоннинг Япониядаги элчихонаси ходимлари табрик нутқида барчани Наврўз айёми билан бутун Ўзбекистон номидан қизғин муборакбод этиб, байрамни юқори шукуҳ билан очиб бердилар. Токио Хорижий тиллар университетининг талабалари байрамни япон ва ўзбек тилларида олиб боришди. Байрам дастури давомида Аико Такеучи бошчилигидаги «Ипак Йўли» маданият ва рақс ансамбли ўзбекона рақслар ва қўшиқлар билан байрам тадбирини мароқли ўтишига ўз хиссаларини қўшдилар. Японияда ҳар йилги анаънавий ўткизиб келинаётган Наврўз байрами Япон ва Ўрта Осиё миллатлари ўртасидаги Халқаро дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлаб, Ўзбекистон ва Япон миллий урф-одатлари ва маданиятини кенгроқ ёйилишига яна бир карра хизмат қилмоқда.

 

ФАЛОКАТГА УЧРАГАН “БОИНГ” САМОЛЁТИ ҲАҚИДА

19 март, шанба куни FlyDubai авиакомпаниясига тегишли Boeing 737-800 лайнери Россиянинг Ростов-Дон шаҳри аэропортига қўниш вақтида ҳалокатга учради. Ҳодиса оқибатида самолёт бортида бўлган барча йўловчилар (55 киши) ва экипаж аъзолари (7 киши) ҳалок бўлган. Қўнишга бир неча дақиқа қолганда учувчи номаълум сабабга кўра қўниш ўрнига навбатдаги даврага кетишга қарор қилган, бироқ бунинг уддасидан чиқа олмаган. Самолёт 900 метр баландликдан 300 км/соатдан каттароқ тезлик билан ерга тушган. Экипаж фожиа олдидан фалокат сигнали бермаган ва носозликлар ҳақида хабар бермаган. Самолёт тик қулаган ва деярли тумшуғи билан ерга кириб кетган. “Боинг” баландликка кўтарилиш вақтида қулаган. Бундан ташқари, об-ҳаво мутахассисларининг таъкидлашича, фожиа вақтида камдан-кам учрайдиган табиий ҳодиса – шамолнинг пурковчи оқими кузатилган. БААнинг FlyDubai авиакомпаниясига тегишли Boeing 737-800 лайнери қўниш учун биринчи уриниш муваффақиятсиз чиққач, яна 2 соатдан ортиқ вақт давомида ҳавода бўлган ва қўнишга уринган.

 

СУРИЯДАН РОССИЯ АВИАЦИЯ ГУРУҲИ ОЛИБ ЧИҚИБ КЕТИЛАДИ

Россия Президентининг айтишича, операция олдидан қўйилган асосий мақсадларга эршилган: “Мудофаа вазирлиги ҳамда қуролли кучлар олдига қўйилган аосий вазифага эришилди деб ҳисоблайман, шу сабабли мудофаа вазирига эртадан бошлаб Сурия Араб Республикасидан қўшинларимизнинг асосий қисмини олиб чиқиб кетишни буюраман”. Шу билан бирга Путин Суриянинг Тартус ҳамда Хмеймим базаларида бир неча йиллардан бери фаолият юритаётган ҳарбий пунктлар фаолияти давом эттирилиши лозимлигини таъкидлади. Айнан мана шу қўшинлар гуруҳига ўт очишни тугатишни назорат остига олиш ҳамда тинчлик жараёни учун шароитлар яратиш вазифаси топширилди.

Россия президенти Владимир Путин Россия ҲКК Суриядаги ҳарбий операцияларга умумий ҳисобда 33 млрд рубль миқдорида пул сарфланганини маълум қилди.

 

ГЕРМАНИЯ АНҚАРАДАГИ ЭЛЧИХОНАСИНИ ЁПАДИ

Германия ҳукумати 18 мартдан Анқарадаги элчихонасини ёпишга қарор қилган. Бу қарор қабул қилинишига Туркияда «терактларнинг охири йўқлиги» сабаб бўлган. Шунингдек, Туркиядаги немис мактаблари ва боғчалари фаолияти ҳам тўхтатилиши айтилган. Бундан олдинроқ, Германия ТИВ Анқарадаги савдо марказларида терактлар уюштиришга тайёргарлик кўрилаётгани ҳақида огоҳлантирилгани ҳақида хабар берилганди.

Эслатиб ўтамиз, 13 март куни Анқарадаги хиёбон олдида автобус ёнига келган автомобиль портлатилди ва натижада 37 киши ҳалок бўлиб, 125 киши жароҳатланди. «Курдистон озодлиги лочинлари» гуруҳи бу теракт учун жавобгарликни ўз зиммасига олди.

 

ТУРКИЯДА ХАВФСИЗЛИК ЧОРАЛАРИ КУЧАЙТИРИЛАДИ

13 март, якшанба куни Анқарада портлаш содир бўлди. Сўнгги маълумотларга кўра, теракт натижасида 37 киши қурбон бўлди, 120 дан ортиқ киши яраланди. Туркия бош вазири Аҳмад Довудўғли 13 март куни Анқарада содир этилган теракт туфайли хавфсизликни таъминлаш чоралари кучайтирилиши ҳақида маълум қилди. Истанбул ва Анқара шаҳарларида ҳамда бошқа йирик шаҳарларда хавфсизликни таъминлаш чоралари кучайтирилади.

 

III. МИРЗО УЛУҒБЕК НОМИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИДА

ФРАНКОФОНИЯ-2016

Ҳар йили март ойида Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ташаббуси билан “Франкофония” деб номланган анжуман ўтказилиши анъанага айланган.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида Франциянинг мамлакатимиздаги элчихонаси ҳамкорлигида Халқаро франкофония куни ўтказилди. 20 март – Халқаро франкофония ташкилотига (ХФТ) асос солинган кунга бағишлаб ташкил этилган мазкур тадбирда профессор-ўқитувчилар, талабалар, халқаро ташкилотлар ва дипломатик корпус вакиллари иштирок этди.

Университет ректори Шуҳрат Сирожиддинов, Франциянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Жак-Анри Ольс ва бошқалар Ўзбекистонда Президент Ислом Каримов раҳнамолигида ёшларнинг замонавий билим ва касб-ҳунарларни чуқур ўрганиши учун барча шароит яратилганини, бу борада халқаро ҳамкорлик изчил ривожланаётганини алоҳида таъкидлади.

Мамлакатимиз таълим тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар замон талабларига мос, мустақил ва соғлом тафаккурли, хорижий тилларда эркин сўзлаша оладиган ёшларни камол топтиришдек эзгу мақсадларга хизмат қилмоқда. Ёшларимиз хорижий давлатларда билимини мустаҳкамлаш, ўқитувчилар малакасини ошириш, ўзаро тажриба алмашиш имконига эга бўлмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2012 йил 10 декабрдаги “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни янада такомиллаштиришда муҳим омил бўлаётир.

Мазкур тадбирдан мақсад мамлакатимизда француз тилини ўқитиш сифатини ошириш, талабаларда ушбу тилда эркин сўзлашиш қобилиятини ривожлантириш, маданиятлараро ҳамкорликни янада кучайтиришдан иборат.

Халқаро франкофония ташкилотининг асосий мақсади француз тилида сўзлашувчи халқлар ва мамлакатлар урф-одати ва маданиятини кенг тарғиб этиш, маданий хилма-хилликка ҳурмат билан ёндашиш, фан, таълим ва маданият соҳаларидаги халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашдир.

Тадбир доирасида Франция, Швейцария, Болгария, Грузия, Чехия, Руминия, Миср, Украина каби ХФТга аъзо ва кузатувчи давлатларнинг мамлакатимиздаги элчихоналари томонидан илмий-маданий кўргазма, француз тили бўйича танловлар ўтказилди. Ғолиблар эсдалик совғалари билан тақдирланди ҳамда Францияга бир ойлик саёҳат йўлланмасини қўлга киритди.

– Ўзбекистон билан Швейцария ўртасидаги алоқалар кўплаб соҳалар қатори фан-таълим йўналишида ҳам изчил ривожланмоқда, – деди Швейцариянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Штефан Клёцли. – Ҳамкорликда кадрлар малакаси, касб маҳоратини оширишга қаратилган қатор қўшма лойиҳаларни амалга оширмоқдамиз. Мамлакатингизда таълимнинг барча босқичини юксак даражада ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар диққатга сазовор. Айниқса, юртингизда чет тилларини ўрганишга қаратилаётган эътибор туфайли ёшлар кўплаб хорижий тилларда эркин сўзлаётганига ҳавас қилса арзийди.

 

ИЛМИЙ ИЗЛАНИШЛАР САМАРАЛИ БЎЛАДИ

 Илм муттасил изланишни талаб этади. Бугунги кунда илмий изланиш жараёнлари ҳам ўзига хос равишда глобаллашиб бормоқда. Яъни, танланган мавзу дунё миқёсида ўрганилмоқда. Хўш, ушбу мавзуда бирор мамлакатнинг олий таълим муассасасида илмий тадқиқот олиб борилганми? Бу масалада улардан ўрганиладиган жиҳатлар борми? Агар ўрганиладиган жиҳатлари бор бўлса, у ҳолда қандай йўл тутмоқ зарур?

Шу каби масалаларни изчил ўрганиб бориш, бу борада ривожланган давлатлар олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни ривожлантириш, энг муҳими илмий ишларини белгиланган муддатларда такомилига етказишга кўмаклашиш мақсадида Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида катта илмий ходим-изланувчилар ҳамда мустақил тадқиқотчилар учун доимий равишда (ҳар ойда икки маротаба) илмий семинарлар ўтказиб бориш йўлга қўйилди.

Шуни айтиш жоизки, катта илмий ходим-изланувчилар замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, зарур адабиётлардан самарали фойдаланишлари учун университет ахборот-ресурс марказидан алоҳида хоналар ажратилган. Бу ерда улар мунтазам ўтириб ишлари, изланишлари учун барча шарт-шароитлар яратилган.

Булардан кўзланган асосий мақсад – тадқиқотчилар докторлик диссертациялари мавзуларининг вазифалари, ўрганилганлик даражаси, янгилиги билан яқиндан танишиб бориш, уларга тегишли маслаҳатлар бериш, зарурат пайдо бўлганида хорижга бориб, дунё тажрибасини ўрганишларига кўмаклашишдан иборат.

Диссертацияни ҳимоя қилиш учун изланувчидан фақатгина ўз сохаси бўйича мустаҳкам билимгина эмас, балки омма орасида гапира олиш, яъни нотиқлик маҳорати, диссертацияси бўйича берилган саволларга аниқ жавоб беришга ҳам тайёр бўлиш талаб этилади.

Мазкур илмий семинарларга таниқли академиклар, турли соҳа олимлари жалб этилиб, уларнинг илмий мактаблари, тажрибалари пухта ўрганилмоқда.

Маълумки, Миллий университетимизда тегишли мемонрандумлар асосида АҚШ, Германия, Буюк Британия, Франция, Нидерландия, Чехия, Австрия, Польша, Япония, Жанубий Корея, Хитой каби давлатларнинг номдор олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда илмий изланишлар олиб борилмоқда. Халқаро академик ва илмий соҳадаги фондлар ва ташкилотлар ҳамда хорижий давлатлар элчихоналари билан яқиндан ҳамкорлик қилинмоқда.

2016 йил 11 март куни ўтказилган навбатдаги илмий семинарда университет ректори Шуҳрат Сирожиддинов, Илмий ишлар бўйича проректори Алишер Ҳайитбоев, илмий-тадқиқот бўлими бошлиғи Акром Тошпўлатов ва бошқалар катта илмий ходим-изланувчиларнинг шу кунга қадар амалга оширган ишлари билан танишдилар. Унда 3-босқич катта илмий ходим-изланувчиларидан бир гуруҳининг ҳисоботлари тингланди.

Иқтисодиёт факультетидан Гулжаҳон Маҳмудова “Иқтисодиётнинг “қувиб етадиган модернизациялаш” модели назарий асосларини такомиллаштириш”, Геология-география факультетидан Рустам Холматов “Чотқол-Қурама тоғларининг олтин-кумуш маъдан конлари ва дайка акцессорларининг микро-наноминералогияси”, Физика факультетидан Нигора Акбарова “Ўлчашларни стандартлаштиришда рақамли голографик интерферометиря ва спекл-интерферометрия” мавзуларидаги докторлик диссертациялари натижалари билан таништирдилар. Тегишли слайдлар воситасида тақдим этилган мавзулар юзасидан берилган саволларга тадқиқотчилар атрофлича жавоб бердилар.

Илмий семинар давомида тадқиқотчиларга тегишли маслаҳатлар ва тавсиялар берилди.

 

ЯПОН ОЛИМЛАРИ БИЛАН УЧРАШУВ

 Кадрлар тайёрлаш Миллий дастурида 2005 йилдан эътиборан бошланган таълим сифати босқичи даврида педагог-ўқитувчиларни илғор педтехнологиялар ва халқаро таълим талаблари асосида замонавий билимларни бериш, малакасини ошириш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 12 июндаги “Олий таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 20 августдаги «Олий таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида белгиланган вазифалар республикамиз ОТМларида педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини тубдан ислоҳ этишга қаратилган.

Бугунги даврда мамлакатимиздаги 15 таянч олий таълим муассасасида 71 та йўналиш бўйича халқаро стандардларга уйғунлаштирилган ўқув режа ва фан дастурлари қайта кўриб чиқилиб, янада такомиллаштирилмоқда.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида Япония таълим экспертлари билан бўлган учрашувда тарих ва археология фанлари бўйича давлат таълим стандартлари, ўқув режа ва фан дастурларининг янги вариантлари бўйича фикр алмашилди. Унда Япониянинг Ришшо университети профессорлари Кюдзо Като, Икегами Сатору Шимизу Сачиё ва Отаки Катсунорилар ҳамда ЎзМУ профессор-ўқитувчилари, ёш тадқиқотчилари иштирок этдилар.

Халқаро экспертлар ЎзМУ ҳузуридаги педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш маркази томонидан амалга оширилган ишларни юқори баҳоладилар.

Учрашувда халқаро экспертларнинг галдаги ҳамкорликлари ва кейинги ўқув йилидан Миллий университетга таклиф этилиши режалаштирилаётган япон профессорлари таркиби ҳақида келишиб олинди.

 

 Материаллар ЎзМУ Ахборот хизмати томонидан тайёрланди.

Унда республика ОАВ хабарларидан фойдаланилди.

 

Факультет деканининг Маънавият ва маърифат ишлари бўйича ўринбосари диққатига!

 

“Ахборот соатлари” маълумотлари юзасидан савол пайдо бўлса ЎзМУ Ахборот хизмати раҳбари Тўлқин Эшбековга мурожаат қилишингиз мумкин.

Телефон: +99890 9120963.

Электрон почта: tueshbek@mail.ru

Манба: nuuz.uz

You may also like...

60 Responses

  1. Frankofoniya haqida birinchi marta eshitdim, ajoyib!

  2. Қизиқ, японлар ҳам Наврўз байрамини нишонлашар экан-да! Бу ажойиб маълумотни эшитиб роса хурсанд бўлдим. Лекин негадир бизнинг Талабалар шаҳарчамизда ҳанузгача Наврўз тантаналари уюштирилмади. Устоз, бунинг сабаби ва қачон бўлиши ҳақида маълумот берсангиз, илтимос…

  3. Muxtaram Prezidentimiz Islom Karimov Navròz bayramiga bag’ishlangan nutqlarida, biz yoshlarga yana bir bor murojaat qilib; zamon talabiga javob beradigan, rivojlangan davlatlarning yoshlari bilan bemalol raqobatlasha oladigan, chet tillarini mukammal biladigan, hozirgi zamon texnologiyalaridan foydalana oladigan yoshlarga extiyoj borligini yana bir bor ta’kidlamoqchi bo’ldilar, nazarimda.
    Alabatta, biz yoshlar Prezidentimizning ishonchini oqlagan holda, yurtimizning xavsizligi, tinch va farobvonligi yòlida bor kuch va bilimlarimizni ishga solib harakat qilishimiz lozim.

  4. Biz baxtlimiz shunday tinch yurtda yashamoqdamiz. Biz baxtlimiz har kunimiz bayramdek o’tadi. Kuni kecha yurtimizda Navro’z ko’tarinki ruhda kutib olindi. Barcha yurtdoshlarimizning qalbida bayramona kayfiyat shundoqqina sezilib turdi. Sayllarga chiqilib bog’larda turli xil tadbirlar tashkil etildi.

  5. Baxtli odamlar reytingida Markaziy Osiyoda birinchilikni olganligiga kõplar havas qilsa arziydi! Yaponiyada navrõzning nishonlanishini birinchi marta eshitishim. Biiir tomosha qilish kerak ekan!

  6. Xurshid Qodirov:

    O’zbekiston dunyodagi eng baxtli mamlakatlar ichida 1-o’ringa munosib. Negaki dunyoning turli hududlari tahlikali vaziyat hukm surgan bir vaqtda, yurtimiz tinch. Navro’z umumxalq bayramini barcha viloyat, tuman, qishloqlarda ko’tarinki ruhda nishonlayapmiz. Tinchligimizni saqlab turgan Yurtboshimizga rahmat. Biz eng baxtli mamlakatmiz!

  7. «Aholimiz qaysi millat vakili bo’lmasin Navro’zni ko’tarinki ruhda kutib olyapti». Prezidentimizning shu so’zlari ayniqsa yoqdi. Chunki bu holatn 21- mart kunii Qodiriy bog’ida o’zimiz ko’rib, ijodiy gurux bilan rosa xursand bo’ldik.Hatto intervyu olish uchun ham ularni uzoq qidirdik

  8. Bizning eng go`zal bayramimiz bo`lmish Navro`zni butun dunyo nishonlamoqda. Fakultetimizning bir guruh yoshlari mamalakatimizdagi Navro`z tantanalarini butun dunyoga yoyishdi. Shuni aytishni joiz bilamanki #Navro`z 2016 trendi butun dunyo trendlari ichida ikkinchi o`rinni oldi. Bu barchamizni quvontiradigan hol albatta

  9. Avvalam bor ustoz sizni Navro’z ayyomingiz bilan tabriklayman. Navro’z bayramiga tayyorgarlik bizning fakultetimizda ham juda qizqin tarzda o’tmoqda. O’zbekiston Markaziy Osiyo davlatlari orasida eng baxtli mamlakatlar reytingida 1-pog’anada ekanligiga shubha qilmasak bo’ladi. Chunki osmonimiz musaffo, yurtimiz tinchdur.

  10. Har qanday reyting aniq statistik ma’lumotlarga asoslanib aniqlanadi. Shuning uchun bu yangilikdan hammamiz juda xursandmiz.

  11. Navro’z qadim zamonlarda bizgacha yetib kelgan muxtasham qadriyatlarimizdan biri, baynalminal bayramdir.Uning tarkibiga, qadimgi ota-bobolarimizning mifologik tasavvurlaridan tortib bugungi zamondoshlarimizning qarashlarigacha bo’lgan ma’naviy olami singib ketgan bo’lib insoniyat madaniy taraqqiyotining gar bir yutug’idan doimo kuch va quvvat olib keladi.

  12. Murodjon O‘rinov:

    Talim tizimidagi ishlar o‘z samarasini bermoqda. Coca cola ichimligini tayyorlashdagi mahsulotlar haqida ma’lumot bo‘laganda yanada yaxshiroq bo‘karsi.

  13. Murodjon O‘rinov:

    bo‘lardi

  14. #NavrUz trendlar orasida 2-o’rinni olishi bu o’zbek xalqining chin ma’nodagi jahon hamjamiyati oldidagi yutug’i

  15. Alimova Dilrabo:

    Bugungi kunda Amerikalik ishlab chiqaruvchilar bilan hamkorlikda O’zbekistonning Toshkent,Urganch,Namangan shaharlarida Coca-Cola zavodlari faoliyat yuritishi quvonarli holat.Bu yangilikni o’qib xursand bo’ldim.

  16. Albatta hozirgi tahlikali zamonda bizlar yosharish, yangilanish faslida Navro’z ayyomini nishonlayotganimiz, shu tinch yurtda ta’lim olib yurganimizni o’zi katta baxt menimcha… Bugungi kunda ko’plab davlatlar aholisi ko’chaga chiqsam omon qaytarmikinman degan tahlikada yurishadi. Ozod va obod yurtda yashayotganimdan, umuman shu diyorda tug’ilganimdan o’zimni baxtli insonlar safida deb bilaman. Yurtimizga ko’z tegmasin!

  17. БАХТЛИ ОДАМЛАР МАМЛАКАТИ

    Ўзбекистон дунёдаги энг бахтли мамлакатлар рейтингида 49-ўринни олиб, Италия (50) Япония (53), Россия (56) Жанубий Корея (58) ва бошқа мамлакатлардан юқори поғонада қайд этилгани аҳамиятлидир. Эътибор қилсак, ўша Италия ҳам, Япония ҳам, Россия ҳам, Жанубий Корея ҳам анча аввал мустақил бўлган. Биз эса йигирма беш йил ичида шундай натижаларга эришдик! Бу улкан ютуқ! Мен шу юрт фарзанди эканимдан фахрланаман!

    Дания мазкур рейтингда етакчилик қилган бўлса, ундан кейинги ўринни Швейцария банд этди. Учинчи ўринда Исландия қайд этилди.

    Натижаларга кўра, Афғонистон, Сурия ва Тогода яшайдиган инсонлар ўзларини бахтсиз ҳис қилишади.

  18. Biz talim olayotga. dorulfuninimizda Yaponiya talim ekspertlari bilan talim sohasida va uni rivojlantirish bilan bog’liq uchrashuv bo’lib o’tgani biz va Yaponiya yoshlari uchun yanada katta imkoniyatlar eshigi ochilishidan dalolatdir bu bilan biz talim sohasida yana bir pog’ana yuksakga ko’tarilamiz

  19. Surayyo Axmatova:

    Erta tongdan ko’zimizni uyqudan ochgandan so’ng oilalarimizda qut-barakada bo’lsin,deb ezgu amal,ezgu maqsad sari intilar ekanmiz,avvalambor ,xonadonlarimizning tayanchi va ustuni bo’lgan ota-onamizdan duo olganimizdan keyin ishimiz boshlanadi.
    Biz uchun har kuni bayram.Erta tong tong nafasini his qilishning o’zi katta baxt.Yurtimiz tinch-osoyishta,osmonimiz musaffo bo’lsin.

  20. Surayyo Axmatova:

    Inson o’z qobiliyatlaridan foydalanish yo’llarini shunday bilmog’i kerakki,bu qobiliyat ado bo’lmasin,borgan sari rivojlansin.

  21. O’zbekistonimizning tinchligiga ko’z tegmasin. Turkiyada yuz berayotgan tinimsiz teraktlar oqibatida halok bo’layotganlar sonini ko’rib, to’g’risi, yig’lagim kelib ketti. Turkiyada tug’ilgan insonlarda nima ayb? Ular ham baxtli, xavf-hatardan holi yashashga haqqi bor.

  22. Har bir inson uchun tug’ilgan joyi aziz hisoblanadi. Men O’zbekistonda tug’ilganimdan juda baxtiyorman. Yurtimiz dunyoda baxtli mamlakatlar qatoridan 49-o’rinni Markaziy Osiyoda 1-o’rinda turgabligidan juda quvondim. Yurtimizga ko’z tegmasin. Bunaqangi quvonchli xabarlar berib borishdan charchamang ustoz.

  23. Axborotlar uchun sizga kattakon rahmat. Biz o’zimizga kerakli ma’lumotlarga ega bo’lmoqdamiz.

  24. Yurtimizga kirib kelgan Navro’z ayyomI barchamizga muborak bo’lsin. Yurtimiz doimo tinch osmonimiz doimo musaffo bo’lsin.

  25. Bu yerdagi yangiliklar juda to’g’ri va faktlarga boy bu ma’lumotlarga bemalol ishonib ish ko’rsa bo’ladi.

  26. Bu yerdagi xamma malumotlar biz jurnalistlar uchun juda xam muxum sizga kotta rahmat ustoz sog’ bolib bor bob yurin.

  27. Axborotlar uchun sizga rahmat ustoz. Har bitta ma’lumot fatktlarga tayangan holda berilgan.

  28. Axborot sog’otlarni muntazam kuzatib boraman sizga rahmat to’g’ri va yangi ma’lumotlar uchun

  29. Muhtaram Prezidentimizning tabrik so’zlari matnini o’qib, xuddi o’zimni o’sha kuni Milliy Bog’da o’tgan bayram tantanasida qatashgandek his qildim.

    Ijodkorlarning zukkoligini esa xabarlar ketma-ketligining oqilona yo’sinda joylanganligi — o’ziga xos shukronalik kayfiyatini taqdim eta olgan! Axborot soatlarining navbatdagi sonini kutib qolamiz!

  30. Yurtimiz tinchligiga ko’z tegmasin. Tinch yurtga bayramlar yarashadi.

  31. Jumamurodova Muyassar:

    O’zbekiston dunyodagi eng baxtli mamlakatlar reytingida 49- va Markaziy Osiyo davlatlari orasida 1- o’rinni egallaganini o’qib juda quvondim!!! Yurtimizga, tinchligimizga ko’z tegmasin!

  32. Zokir Shoyimov:

    «Ўзбекистон дунёдаги энг бахтли мамлакатлар рейтингида 49- ва Марказий Осиё давлатлари орасида 1-поғонадан жой олди». Bu xabar chin ma’noda har bir o’zbekning ko’nglini chog’ qiladi albatta

  33. Pokiza Turdaliyeva:

    Bir necha yillardan keyin dunyo bo’yicha birinchilar qatorida bo’lishimiz tabiiy o’rtoq Shoyimov. Markaziy Osiyo bo’yicha 1-o’rinda ekanligimiz buning isboti…

  34. Har jabhada rivoj topib borayotgan yurtimizning «bo`y»lariga ko`z tegmasin. Sanoatdan tortib san’at, samimiyat va saxovot borasida hech vaqt takrorlanmas pozitsiyasini belgilab olgan O`zbekistonning kelajagi buyuk albatta!

  35. Har jabhada rivoj topib borayotgan yurtimizning «bo`y»lariga ko`z tegmasin. Sanoatdan tortib san’at, samimiyat va saxovot borasida hech vaqt takrorlanmas pozitsiyasini belgilab olgan O`zbekistonning kelajagi buyuk albatta!!!

  36. Sharqona yangi yil hisoblangan » Navro’z » bayrami har yili yurtimizda ko’tarinki kayfiyatda nishonlanadi . Haqiqatan , bu kunda insonlar o’rtasidagi turli ko’ngilsiz holatlar unutiladi . Hamma bir -biriga sog’lik tilab , samimiy tabassum izhor etadilar . Bu yil ham «Navro’z» ayyomi har yilgidan o’zgacha nishonlandi . Ayniqsa , yurtboshimizning bayram tabrigi xalqimiz ko’ngliga o’zgacha quvonch bag’ishladi .

  37. Yuqoridagi xabarlar dunyo davlatlarida qanday voqealar sodir bo’layotganini ko’rsatadigan bo’lsa , bizning yurtimiz jannatmakon ekanligini isbotlaydi . Tinch , osoyishta elga bayramlar yarashadi .
    Bu yilgi «Navro’z» bayrami ham juda ajoyib tarzda nishonlandi . Yurtboshimizning bayram tabrigi esa xalqimiz quvonchiga quvonch ulashdi .

  38. Dilfuza Tillayeva:

    Ta’lim sohasida olib borilayotgan barcha islohotlar avvalo yosh kadrlarni salohiyatini oshirishda dasturulamal bo’lib xizmat qiladi. Bu borada yurtimizda olib borilayotgan ishlar o’zini oqlayapti deb bemalol ayta olamiz.

  39. NNT fuqarolik jamiyatida muhim o’rin tutadi. Mamlakatimizda NNT larga bo’lgan e’tibor demokratiyaning rivojlanayotganidan dalolat.

  40. Frankofoniya haqida avval eshitmagan edim. Yurtimizda tilga xaqiqatdan xam juda katta e`tibor berilmoqda. «Ish bilganga bir tillo. Til bilganga ming tillo», — deb bejiz aytilmagan. Fransuz tilini o`rgatish xam keng miqosida o`rgatiladiganini bilib oldim. Sizga raxmat DOMLA

  41. Kundan kunga ravnaq topib borayotgan vatanimizga hech qachon kòz tegmasin. Yaratilayotgan imkoniyatlar va berilayotgan e’tibordan barcha yoshlar mamnun.

  42. Frankofoniya haqida birinchi marotaba eshitishim.Ammo bu anjuman menga manzur boldi.Quvonarlisi shaxsiy lugatim yana bir kerakli so’zga boyidi.

  43. Fayoz Achilov:

    haqiqatdan ham bu yilgi Navro`z shodiyonalari o`zgacha bir kop`rinishda o`tdi. NavrUZ aksiyasining yurtimiz bo`ylab yoyilishi milliy qadriyatlarimizga bo`lgan hurmatning tiklanayotganidan dalolat beradi

  44. Sevinch Norqobilova:

    БАХТЛИ ОДАМЛАР МАМЛАКАТИ

    Ўзбекистон дунёдаги энг бахтли мамлакатлар рейтингида 49- ва Марказий Осиё давлатлари орасида 1-поғонадан жой олди.
    Naqadar yaxshi yangilik! Avvalida yurtboshimizning tabriklari behad quvontirgandi, endi esa baxtli insonlar ekanimiz tan olinib turibdi! Muborak bo’lsin, Yurtdoshlar!

  45. Navro’z «yangi kun» demakdir. Bu kunda barcha milliy qadriyatlar namoyon bo’ladi. Dilxiraliklar unutiladi. Barchaning yuzida kulgu, xursandchilik. Baxt shudurda. Ha, bizning yangi kunimiz barchamizga katta maqsadlarni ergashtirib keladi. Bizning milliy bayramimiz Yaponiyada ham nishonlanishi esa ochig’i meni hayratga soldi. Juda sevindim.

  46. O’zbekistonning baxtli odamlar mamlakatlari qatoriga qo’shilganidan shu yurt farzandi ekanimdan faxrlandim. Dunyo bo’yicha baxtli odamlar yashaydigan mamlakatlar ichida 49, Osiyo mamlakatlari qatorida esa yetakchi 1-o’rinda turgani nihoyatda quvonarli xoldir. Biz shu jannatmakon mamlakatda yashayotganimizdan baxtiyormiz. Uni ravnaqi va kelajagi uchun kurashishga va baxtli nomini oqlashga jon jaxdimiz bilan harakat qilamiz

  47. Eng baxtli davlatlar reytingida bu yil 49- o’rinni egallagan bo’lsak, ishonchim komilki, bir necha yillardan so’ng ushbu reytingda eng yuqori o’rinni egallashga muvofiq bo’lamiz!

  48. JUDA HAM QUVONCHLI XABAR. O`ZBEKISTONIMIZ BAXTLI ODAMLAR YASHAYDIGAN MAMLAKATLAR REYTINGIDA ILG`OR O`RINDA. BUNI O`QIB JUDA HAM QUVONDIM. hAQIQATDANDA BIZNING FUQAROLARDAN-DA BAXTLKI INSONLAR BO`LMASA KERAK. NEGA DEGANDA HAR YERDA TO`Y TANTANA YOSHLARI FAQAT BILIM OLISH BILAN BAND, KEKSALARI ARDOG`DA ERTANGI KUNGA ISHONCGHI BOR INSONLAR BIZNING YURTDA YASHAMOQDA

  49. Gulnoz Xo'janazarova:

    Tog’ri aytasiz Durdona. Bu biz yoshlarga faqatgina faxr va iftixor tuyg’ularini bag’ishlaydi. Baxtli mamlakatning yoshlari ham baxtlidirlar.

  50. Saodat Abulqosimova:

    Navruz bayramining keng nishonlanishi madaniyatimizni saqlash va kelgusi avlodga uzatishimizga yordam beradi. Hozirgi kunda turli madaniyatlarni saqlab qolish global miqyosidagi aktual mavzu bo’lib qolgan. Bunday paytda initsiativni O’zMU o’z qo’liga olgani katta ishdir.

  51. Dilfuza Tillayeva:

    Bugungi kunda O’zbekiston har sohada ildam qadam tashlamoqda. Yurtimizda olib borilayotgan keng ko’lamli ishlar buning isbotidir.

  52. Ўзбекистон дунёдаги энг бахтли мамлакатлар рейтингида 49- ва Марказий Осиё давлатлари орасида 1-поғонадан жой олди. To’grisi bu malumotni har bir o’qiganimda yoki eshitganimda ko’nglimdagi shukronalik tilimga chiqadi. Men shu yutda tug’ulganim uchun Ollohimga behisob shukrlar aytaman

  53. O’zbekistonimni yuqori ko’rsatgichlarda ko’rsam quvonaman. yurtimizga ko’z tegmasin?!

  54. Nigora Eshqulova:

    Hozirgi vaqtda ayrim davlatlardagi to`ntarishlarni ko`rib, diling xira bo`ladi. Gohida bir-birlariga bo`lgan bu adovat qachon o`z poyaniga yetar ekan degan savollar ham tinimsiz kelaveradi. Hatto, ba’zan bundan xavotirga ham tushasan. Biroq shunisi ahamiyatliki, bizning armiyamiz MDH davlatlari ichida 3-o`rinni, Markaziy Osiyo davlatlari ichida esa 1-o`rinda ekanligining o`ziyoq insonga faxr tuyg`usini beradi. Ammo buning uchun hotirjamlikka berilmasdan, har qadamimizda ogohlikni unutmaslik kerak.

  55. Sevara Uktamovna:

    O’zbekistonni bundan yashnatip, dovrug’ini duynyoga yoyish biz yoshlarning qo’limizda.

  56. Shohsanam Tursunaliyeva:

    Yurt tinchligi vatan taraqqiyoti yoshlar qo’lida

  57. Haqiqatda O’zbekiston baxti insonlar yurti naminatsiyasida birinchi o’ringa munosib yurt. Mustaqqil diyorimizning baxtlifarzandi ekanligimdan faxrlanaman!!!

  58. Ozod va obod yurtda yashayotganimdan, umuman shu diyorda tug’ilganimdan o’zimni baxtli insonlar safida deb bilaman. Yurtimizga ko’z tegmasin!

  59. Yildan yilga yurtimizda yashash sharoitlari yaxshi bolib bormoqda bundan xursandmiz. Vatanimiz rivoji bizning qolimizd

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>