“АХБОРОТ СОАТЛАРИ” № 3-2016

Ҳафтанинг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеалари (12-17 сентябрь кунлари)

МИРЗО УЛУҒБЕК НОМИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИ

“АХБОРОТ СОАТЛАРИ” № 3-2016

Ҳафтанинг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеалари (12-17 сентябрь кунлари)

 ТОШКЕНТ

ЎзМУ – 2016

 Факультет деканининг Маънавият ва маърифат ишлари бўйича ўринбосарлари ва мураббийлар диққатига! Талабаларга “Ахборот соатлари” материаллари билан www.nuuz.uz ва www.uchildiz.uz веб-сайтлари орқали ҳам танишиш тавсия этилиши мақсадга мувофиқдир.

 I. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДАГИ ИҚТИСОДИЙ, ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ВОҚЕАЛАРГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАР

 “ЁШЛАРГА ОИД ДАВЛАТ СИЁСАТИ ТЎҒРИСИДА”ГИ ҚОНУНГА ҚИСҚАЧА ШАРҲ

14 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини вақтинча бажарувчи Шавкат Мирзиёев “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонунга имзо чекди. Бу қонун лойиҳаси 12 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, 24 август куни Сенат томонидан маъқулланган эди. Қонун ҳақидаги ҳужжат “Народное слово” ва “Халқ сўзи” газеталарида 15 сентябрда нашр этилди ва шу кундан кучга кирди.

Қонун 4 та боб, 33 моддадан иборат.

Ёшларга оид Давлат сиёсати тушунчаси ёшларни ҳар томонлама мукаммал этиб вояга етказишда ижтимоий-иқтисодий, ташкилий ва қонуний чора-тадбирлар тизимини назарда тутади.

Қонунда ёш фуқаролар тушунчасига изоҳ берилган. Унга кўра, 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган, хусусан, ёш оила, ёш мутахассис ва ёш тадбиркор айнан ёшлар қаторига кириши қайд этилган.

Ёшларга оид давлат сиёсатининг асосий принципи очиқлик ва шаффофлик, ёшларга оид давлат сиёсатида ёшлар иштирокини таъминлаш, ёшлар ғояларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш ҳисобланади.

Қонунда ёшларга оид давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:

Ёшларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш;

Ёшларнинг ҳаёти ва саломатлигини сақлаш;

Ёшларнинг маънавий, интеллектуал, жисмоний ва ахлоқий, жиҳатдан камол топишига кўмаклашиш;

Ёшлар учун очиқ ва сифатли таълимни таъминлаш;

Ёшларни ишга жойлаштириш ва  уларнинг бандлиги учун шарт-шароитлар яратиш;

Ёшларни ватанпарварлик, фуқаролик туйғуси, бағрикенглик, қонунларга, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида, зарарли таъсирлар ва оқимларга қарши тура оладиган, ҳаётга бўлган қатъий ишонч ва қарашларга эга қилиб тарбиялаш;

Ёшларни ахлоқий негизларни бузишга олиб келадиган хатти-ҳаракатлардан, терроризм ва диний экстремизм, сепаратизм, фундаментализм, зўравонлик ва шафқатсизлик ғояларидан ҳимоя қилиш;

Ёшларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданияти даражасини юксалтириш;

Иқтидорли ва истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлаштириш;

Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш учун шарт-шароит яратиш;

Ёшларда соғлом турмуш тарзига интилишни шакллантириш, шунингдек, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш ва ёшлар спортини оммавий ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш;

Ёш оилаларни маънавий ва моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, улар учун муносиб уй-жой ва ижтимоий-маиший шароитларни яратиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тизимини амалга ошириш;

Ёшлар ҳуқуқлари ва эркинликларини рўёбга чиқариш соҳасида фаолиятни амалга оширувчи халқаро ташкилотлар билан  ҳамкорликни ривожлантириш.

Мазкур қонун ҳужжатида ёшлар ва ёш оилаларни ижтимоий ҳимоялаш мақсадида ёшлар ижтимоий хизмати яратилиши ҳақидаги масала ҳам кўриб чиқилган.

 

ЎЗБЕКИСТОН ПРЕЗИДЕНТИ ВАЗИФАСИНИ БАЖАРУВЧИ, РЕСПУБЛИКА БОШ ВАЗИРИ ШАВКАТ МИРЗИЁЕВ ЖИЗЗАХ ВИЛОЯТИГА ТАШРИФ БУЮРДИ

Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчи, Республика Бош вазири Шавкат Мирзиёев жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, саноат, қишлоқ хўжалиги ва ижтимоий соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар билан яқиндан танишиш мақсадида шу йилнинг 16 сентябрь куни Жиззах вилоятига ташриф буюрди.

Шавкат Мирзиёев сафар давомида вилоятнинг Жиззах шаҳри, Пахтакор, Зафаробод, Дўстлик туманларида бўлди.

Жиззах вилояти фаоллари билан бўлиб ўтган йиғилишда давлатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг Ватанимиз озодлиги, юрт равнақи, тинчлигини таъминлаш борасидаги фаолияти, беқиёс хизматлари алоҳида қайд этилди. Халқимиз қалбидан чуқур жой олган бу буюк сиймонинг ҳаёт йўли бугунги ва келажак авлод учун ибрат мактаби вазифасини ўташи таъкидланди. Сўнгги чорак аср мобайнида эришилган оламшумул ютуқларимиз кўламини янада ошириш барчамизнинг бурчимиз эканига алоҳида урғу берилди.

Шу билан бирга, танқидий руҳда ўтган мазкур йиғилишда вилоятда саноат соҳасининг ривожланиши, етиштирилган пахта ҳосилини йиғиб-териб олиш ва кузги ғалла экиш мавсумининг боришига доир масалалар таҳлил этилди. Иқтисодиётда олиб борилаётган ислоҳотларни изчил ривожлантириш борасидаги долзарб вазифалар, коммуникация тизимларини янада тараққий эттириш, ободонлаштириш, замонавий бино ва иншоотларни қуриш бўйича амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.

Аҳоли турар жойлари фонди ва ижтимоий соҳа муассасаларини кузги-қишги мавсумга тайёрлаш, саноат ва бошқа соҳаларнинг бир маромда фаолият юритишини таъминлаш масалалари ҳам йиғилиш қатнашчиларининг диққат марказида бўлди.

Шу куни Халқ депутатлари Жиззах шаҳар Кенгашининг сессияси бўлиб ўтди. Унда ташкилий масала кўриб чиқилди. Иш фаолиятида жиддий камчиликларга йўл қўйгани учун Жиззах шаҳар ҳокими Асрор Қобилов ўз вазифасидан озод этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёевнинг тавсиясига кўра Жиззах шаҳар ҳокими вазифасига Абдуқаҳҳор Тўхтаев тасдиқланди.

Шу куннинг ўзида яна бир нечта ташкилий масалалар кўриб чиқилди. Жумладан, ишда йўл қўйилган хато ва камчиликлари учун Жиззах вилояти прокурори, шунингдек, қатор туман ҳокимлари эгаллаб турган лавозимидан озод этилди ва уларнинг ўрнига янги номзодлар тасдиқланди.

Жиззах вилояти раҳбарияти зиммасига аниқланган камчиликларни бартараф қилиш, барча соҳа ва тармоқларни ривожлантириш бўйича белгиланган дастурларни ҳаётга изчил жорий этиш ва уларнинг самарадорлигини оширишга йўналтирилган долзарб ва истиқболли чора-тадбирлар белгилаш вазифаси юклатилди.

 

САЙЛОВ — ХАЛҚ ХОҲИШ-ИРОДАСИНИНГ ИФОДАСИ

Марказий сайлов комиссияси 2016 йил 4 декабрь, якшанба кунини Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови куни деб белгилаш тўғрисида қарор қабул қилди. Мустақил мамлакатимиз Ўзбекистоннинг келажаги ана шу сайловга боғлиқ эканини барча зиёлилар, фуқаролар дилдан ҳис этиб турибдилар.

Сайлов жарёнлари тегишли қонунларимизда белгилаб кўйилган.

Ҳозирги кунда мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган сиёсий партиялар Президентликка ўзларининг номзодини кўрсатиш тараддудини бошлаганлар. Албатта, белгиланган муддатларда қайси сиёсий партиядан кимлар номзод қилиб кўрсатилгани ойдинлашади.

Айтиш жоизки, мустақиллик йилларида мамлакатимизда сайлов институти етарли даражада шаклланган. Халқимиз сайлов ҳуқуқларини жуда яхши биладилар ва албатта бу сайловда ҳам фаол иштирок этадилар.

Минг афсуски, шу кунларда айрим ижтимоий тармоқларда бўлажак сайловга салбий таъсир кўрсатишга ҳаракат қиладиганлар пайдо бўлмоқда. Улар ўзларича турли «номзод»ларни кўрсатиб, уларга овоз беришга чақиришмоқда. Буям етмагандек, шу ноқонуний хатти-ҳаракатларини мухокама қилишга уринмоқда. Ўзларича у ёки бу номзодларнинг камчилиги ёки ютуқларини кўрсатишяпти. Бу билан фақат ўша «номзод»га овоз беришга ёки умуман сайловга бормасликка даъват қилинмоқда.

Бу хатти-ҳаракатлар нафақат нотўғри ва нохолис, шу билан бирга жуда хатарли ҳамда қалтисдир…

Бунақа саҳифаларнинг муаллифлари ким эканлигини ҳеч ким аниқ билмайди. Улар турли ниқобларда туриб тош отаётганларини онгли, фаросатли одамлар жуда яхши англаб турибдилар. Ижтимоий тармоқлар орқали бунақа сунъий равишда манипуляция қилишга уринишларнинг оқибатини бугун ҳамма яхши билади.

Бузғунчиларнинг «ҳукуматга бўйсунмаймиз, сайловда иштирок этмаймиз» деган чақириқларига асло қулоқ солмайлик. Бу хатарли хатти-ҳаракатлар асло яхшиликка олиб келмайди!

 

ОҚИЛОНА ҚАДАМЛАР

8 сентябрь куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида парламент аъзолари Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазифа ва ваколатларини бажаришни мамлакат Бош вазири Шавкат Миромонович Мирзиёев зиммасига вақтинча юклаш тўғрисида қўшма қарор қабул қилди. Мазкур воқеани юртимиз жамоатчилиги ижобий қабул қилди. Ўзбекистон халқи ҳукумат раҳбарининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви соҳасидаги кўп йиллик тажрибаси мамлакатни Биринчи Президент Ислом Каримов бошлаб берган тараққиёт йўлидан оғишмай бошқариш, бугунги тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, муҳим сиёсий, ижтимоий ҳамда иқтисодий масалаларни ҳал этишда асқотишига қатъий ишонч билдирмоқда. Биз бу борада ёшларнинг фикрлари билан қизиқдик.

Абатбай Данияров, “Kamolot” ЁИҲ Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши раиси, “Шуҳрат” медали соҳиби:

— Ўтган йигирма беш йил мобайнида мамлакатимизда олиб борилган давлат сиёсати нақадар тўғри ва оқилона эканини бугунги куннинг ўзи тасдиқлаб турибди. Эришилган барча ютуқ ва марраларда Биринчи Президент Ислом Каримовнинг ҳиссаси беқиёс албатта. Бироқ у киши энди орамизда йўқ. Халқимиз оғир жудоликка учраган бир пайтда мамлакат бошқарувига юқори раҳбарлик салоҳияти ҳамда мустаҳкам позицияга эга, қатъиятли, халқ дарди билан яшайдиган инсоннинг келиши жуда муҳим.

Яқинда бўлиб ўтган парламент палаталарининг қўшма йиғилишида халқнинг ишончли вакиллари — депутат ва сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазифа ва ваколатларини бажаришни мамлакат Бош вазири Шавкат Мирзиёев зиммасига вақтинча юклаш тўғрисида қарор қабул қилди. Мен бу қарорни қўллаб-қувватлайман. Чунки Шавкат Миромонович мустақиллик йилларида барча соҳаларда амалга оширилган ислоҳотлар жараёнида Биринчи Президентимизга елкадош бўлган раҳбарлардан бири саналади.

Қолаверса, Президенти томонидан қабул қилинган қарор ва фармонларининг жойлардаги ижроси бевосита шу шахс фаолияти билан боғлиқ. Қўшма мажлисда таъкидланганидек, қандай мураккаб вазифа ёки масъулиятли топшириқ бўлмасин, ҳар қандай вазиятда у ўзини моҳир ташкилотчи сифатида намоён этиб, ҳамюртларимиз орасида самимий ҳурмат қозонди. Бунга ўз фаолиятим давомида ҳам амин бўлганман. Юртимизда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган Давлат дастурларининг ишлаб чиқилиши ва ҳаётга изчил татбиқ этилишида ҳукумат раҳбари шахсан раҳнамолик кўрсатгани айни ҳақиқат.

Бундай салоҳият ва узоқ йиллик тажрибага эга раҳбар Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузи ва мамлакат ичидаги вазиятни барқарор сайлай олишига шубҳам йўқ.

Элёр Раҳматов, Тошкент давлат юридик университети ўқитувчиси, “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони соҳиби:

— Мутахассис сифатида айтишим мумкинки, парламентимиз томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифаларининг ҳукумат раҳбари — Шавкат Мирзиёев зиммасига вақтинча юкланиши на Конституция, на бошқа қонунларимизга зид эмас. Очиғи, бу масалада хорижий ижтимоий тармоқлар ва интернет сайтларида билдирилаётган айрим эътирозли фикрлар мени ғоят таажжубга солмоқда. Ахир, қўшма мажлисда қабул қилинган қарорнинг ҳуқуқий асосларини Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмита раиси, юридик фанлари доктори, профессор Акмал Саидов атрофлича тушунтириб берди.

Шахсан ўзим Шавкат Мирзиёевнинг Президент сайловига қадар давлат раҳбари вазифасини вақтинча бажариб туриши тўғри ўйланган қарор деб ҳисоблайман. Муҳими, у Конституция нормаларига зид эмас. Бош вазиримиз Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида таъкидлаган қуйидаги сўзлари эса дилдан чиқариб айтганига шубҳам йўқ: “Сизларни ишонтириб айтаманки, Ислом Абдуғаниевич Каримов бизга васият қилиб қолдирган барча ҳаётий тамойилларга оғишмасдан, қатъий амал қиламан. У кишининг раҳбар доимо одамларнинг, эл-юртнинг дарду ташвиши билан яшаши, уларнинг орзу-ниятларини рўёбга чиқариш учун ҳузур-ҳаловатдан воз кечиб, ўзини аямасдан меҳнат қилиши керак, деган доно ўгитларини ўз фаолиятим учун асосий мезон ва талаб сифатида қабул қиламан”.

 

ОЛИЙ ТАЪЛИМ: КАДРЛАРНИ ҚАЙТА ТАЙЁРЛАШ ВА МАЛАКАСИНИ ОШИРИШ ИЛҒОР ХОРИЖИЙ ТАЖРИБА АСОСИДА ОЛИБ БОРИЛМОҚДА

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида “Oлий таълим муассасаларининг педагог ва раҳбар кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш жараёнларини такомиллаштириш мазмуни ҳамда илғор хорижий тажрибалар” мавзуида матбуот анжумани ўтказилди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари И.Мажидов ва бошқалар истиқлол йилларида ҳеч кимдан кам бўлмаган авлодни вояга етказиш, таълим тизимини тубдан ислоҳ этиш борасидаги эзгу саъй-ҳаракатлар ва улар бераётган улкан натижалар Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов номи билан боғлиқ эканини таъкидлади.

Биринчи Президентимизнинг 2015 йил 12 июндаги “Олий таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш, қайта тайёрлаш ва малака ошириш жараёнларини илғор хорижий тажрибалар асосида модернизациялаш мақсадида бугунги кунда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Бош илмий-методик марказ ҳамда таянч олий таълим муассасалари ҳузуридаги тармоқ марказлари томонидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Хорижий тажрибалар асосида қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари ўқув режа ва дастурларини такомиллаштириш мақсадида олий таълим муассасалари педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг устувор йўналишлари бўйича хорижий мутахассислар ҳамкорлигида ўқув режалар ва дастурлар ишлаб чиқилди. Ҳозирги кунда педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича таянч олий таълим муассасалари ҳузуридаги тармоқ марказларига директор ўринбосари сифатида Жанубий Корея, Италия, Австрия, Япония, АҚШ, Испания, Франция каби давлатлардан 15 хорижий мутахассис жалб этилди. 2016 йилда қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларининг педагоглари таркиби салоҳиятини янада мустаҳкамлаш мақсадида хорижий давлатларнинг университетларида таҳсил олган, хорижда стажировка, малака оширишдан ўтган, соҳанинг тажрибали мутахассис ва амалиётчиларидан иборат 827 номзод базаси шакллантирилди.

2016 йилнинг апрель-май ойларида номзодлар учун Германия, Япония, Англия, Жанубий Корея, Италия, Испания, АҚШ, Португалия каби давлатлардан жалб этилган 34 нафар хорижий мутахассис иштирокида 24 соатга мўлжалланган қисқа муддатли тренерлар тайёрлаш курслари ташкил этилди. Тренерлик курслари якунида тест синовлари ва суҳбат ўтказиш асосида 402 профессор-ўқитувчи саралаб олинди. Ушбу профессор-ўқитувчилар учун жорий йилнинг 15 августидан 41 нафар хорижий мутахассисни жалб этган ҳолда 108 соатлик малака ошириш курслари ташкил этилди.

2016 йилнинг октябрь-ноябрь ойларида бакалавриат таълим йўналишларининг янги ўқув дастурлари асосида 1-курсда мутахассислик фанларидан дарс берадиган 1577 нафар педагог кадр таянч олий таълим муассасалари ҳузуридаги тармоқ марказларида хорижий тажрибалар асосида ишлаб чиқилган ўқув режа ва дастурлар бўйича қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларидан ўтиши режалаштирилган.

Хорижий тажрибалар асосида олий таълим муассасалари раҳбар кадрларини қайта тайёрлаш ҳамда қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларининг ўқув-меъёрий ва методик таъминотини такомиллаштириш мақсадида Европа Комиссиясининг “Эрасмус+” лойиҳаси доирасида Лондон Метрополитан университети (Буюк Британия), Пелопоннес университети (Греция), Резекне технология академияси (Латвия), Ўзбекистондаги Британия Кенгаши билан ҳамкорликда қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Бугунги кунда олий таълим муассасалари педагог ва раҳбар кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш курсларидаги ўқитиш сифати назоратини, шунингдек, тингловчиларнинг ўқув фаолияти натижалари доимий мониторингини олиб бориш мақсадида электрон мониторинг тизими йўлга қўйилган.

Матбуот анжуманида журналистларнинг саволларига жавоб қайтарилди.

 

ЎЗБЕКИСТОН ҲУКУМАТИ ТАРКИБИДА ЎЗГАРИШЛАР АМАЛГА ОШИРИЛДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев Абдулла Арипов Нигматовични бош вазир ўринбосари этиб тайинлади.

Абдулла Арипов Вазирлар Маҳкамасида Ёшлар сиёсати, маданият, ахборот тизимлари ва телекоммуникациялари масалалари комплекси раҳбари вазифасини бажаради. Арипов 2002 йилнинг майидан 2012 йилнинг августига қадар бош вазир ўринбосари лавозимида фаолият олиб борган.

Олий ва ўрта махсус таълим вазири лавозимига Рустам Қосимов тайинланди. У 2004−2008 йилларда ҳам Олий ва ўрта махсус таълим вазири ва бош вазир ўринбосари бўлганди.

Ином Мажидов Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари, Мажид Каримов — илм-фан бўйича ўринбосари этиб тайинланган.

 

ПАРАЛИМПИЯ ЎЙИНЛАРИДА ЎЗБЕКИСТОН СПОРТЧИЛАРИНИНГ МЕДАЛЛАРИ СОНИ 30 ТАГА ЕТДИ

Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида давом этаётган XV Паралимпия ўйинларининг навбатдаги кунида Ўзбекистон спорт делегацияси ҳисоби яна олтита медалга бойиди.

Айни пайтда Ўзбекистон спорт делегацияси ҳисобида 7 олтин, 6 кумуш, 17 бронза, жами 30 медаль бор.

 

ҚУВОНИБ ЯШАЙДИГАН МАМЛАКАТ ОДАМЛАРИ БАХТЛИДИР!

Ўзбекистон дунёнинг энг ижобий ҳиссиётга эга мамлакатлар рейтингининг юқорисидан жой олди. Ўзбекистон энг таъсирчан мамлакатларнинг биринчи бешталиги қаторидан жой олди. Бешталик ичида Парагвай, Гватемала ва Гондурас каби давлатлар ҳам бор. Дунё мамлакатлари аҳолисининг ҳиссий кечинмалари устида тадқиқот олиб борган Gallup социаль компанияси шундай хабар тарқатган. 2015 йил давомида дунёнинг 140 та мамлакатларида 147 мингга яқин интервьюлар ўтказилди. Инсонларга кечаги кун қандай ҳиссиётларни бошдан кечирганлигини аниқлаш мақсадида ўнта савол берилди: «Кеча сиз қандайдир қизиқроқ иш қилдингизми?», «Сиз кўп табассум қилдингизми?», «Сиз тушкун ҳолатда бўлдингизми?» ва бошқалар.

Тасдиқ жавоблар сонига кўра саволларда иккита жиҳат — ижобий ва салбийлик ҳисобга олинди.

Ижобий кечинмалар рейтингида Парагвай етакчилик қилмоқда. Унинг кетидан рўйхатни Гватемала, Гондурас ва Ўзбекистон давом эттирди. Сиёсий ҳолат нотинч бўлган Сурия, Туркия, Украина, Ироқ, Яман каби давлатларда эса энг салбий ҳиссиётлар кўрсаткичи қайд этилди.

Натижага мувофиқ, Ўбекистон салбий ҳиссиётлар даражаси кам бўлган мамлакатлар рўйхатида ҳам етакчилик қилмоқда.

 

АНДИЖОНДАН БУХОРОГА ЙЎЛОВЧИ ПОЕЗДИ ҚАТНОВИ ЖОРИЙ ЭТИЛАДИ

Ангрен-Поп электрлаштирилган темир йўл линияси орқали йўловчиларни ташиш хизматини яхшилаш мақсадида шу йилнинг 20 сентябридан №392/391 рақамли Андижон-Бухоро-Андижон йўловчи поезди қатнови йўлга қўйилади. Қатновлар ҳафтасига бир марта амалга оширилади. Поезд таркиби Андижонда соат 14:30да жўнайди. У, Марғилон, Қўқон, Поп, Орзу, Тошкент, Гулистон, Жиззах, Самарқанд ва Навоий шаҳар темир йўл вокзалларида тўхтаб, бу кунисига эрталаб соат 06:30да Бухоро вокзалига етиб келади. Бухоро-Андижон йўналиши бўйича №391/392 рақамли қатнов ўша куни соат 22:30 да йўлга чиқади.

 

 II. ЖАҲОН МИҚЁСИДАГИ ИҚТИСОДИЙ, ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ВОҚЕАЛАРГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАР

 МДҲ ДАВЛАТ РАҲБАРЛАРИ ИСЛОМ КАРИМОВ ХОТИРАСИНИ ЁДГА ОЛИШДИ

МДҲнинг Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида бўлиб ўтаётган юбилей саммитида ҳамдўстликка аъзо мамлакатлар давлат раҳбарлари Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов хотирасини ёдга олишди. Шундан сўнг, давлат раҳбарларининг кенг таркибдаги мажлиси бошланган.

«Сентябрь ойи бошида Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ҳаётдан кўз юмди. Қозоғистон давлат раҳбари Нурсултон Назарбоев таклифига биноан биз қардош Ўзбекистон халқига мурожаатимизни йўллашга қарор қилдик. Биз, Ўзбекистон халқини президентлик сайловларини тинч ва барқарор вазиятда ўтказиб олиш ҳамда Ислом Каримов бошлаб берган йўл давом этиши учун бирдам бўлишга чақирамиз», — дея қайд этган Алмазбек Атамбаев.

***

2016 йил 16 сентябрь, жума куни Қирғиз Республикаси пойтахти Бишкек шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг 25-юбилей саммити бўлиб ўтди. Бироқ, унда халқаро ташкилотнинг 25-йиллигини нишонлаш ҳамда уни ислоҳ қилиш масалаларини муҳокама этиш учун унга аъзо бўлган 11 давлат раҳбарларининг барчаси ҳам қатнашгани йўқ.

Шу билан бирга, Украина президенти Пётр Порошенконинг саммитда иштирок этмагани рус-украин кескинлиги мавжудлигини анжуман қатнашчиларига эслатиб қўйишга тўсқинлик қилмади.

Бишкек шаҳри Ҳамдўстликнинг чорак асрлик тарихида учинчи маротаба унинг саммитига мезбонлик қилди. Мазкур анжуманни ўтказиш учун шаҳарда жиддий тайёргарлик ишлари олиб борилди. «Ала-Арча» давлат қароргоҳида ўтов шаклида махсус бино барпо этилди. Қанчалик жиддий тайёргарлик кўрилмасин ва ҳаракат қилинмасин, саммитни ўз вақтида бошлашнинг имкони бўлмади. Бунга, Владимир Путиннинг етиб келиши кечиккани сабаб бўлди. Уч мамлакат раҳбарлари эса, саммитга ўз вакилларини юборди.

Украина, Туркманистон ва Молдова раҳбарлари одатдагидек, анжуманда қатнашишдан бош тортишди. Украина номидан мамлакатнинг Қирғизистондаги элчиси иштирок этган бўлса, Туркманистондан бош вазир ўринбосари ташриф буюрган. МДҲнинг юбилей саммитида Молдова бош вазири иштирок этди. Бундан ташқари, Молдова президенти анжуманда иштирок этмагани баробарида, расмий Кишинёв МДҲнинг 2017 йилги раислик қилишдан ҳам бош тортди. Республика бюджетида халқаро анжуманлар ўтказиш учун етарли маблағлар мавжуд эмаслиги важ қилинган. Шу сабаб, эстафетани Москва қабул қилиб олди. Бу ҳам аслида Ҳамдўстлик тарихида биринчи бор кузатилаётган ҳодиса эмас. 2014 йили Украина мамлакат жануби-шарқида бошланиб кетган фуқаролик уруши сабаб саммитни ўтказа олмаган, ўшанда Беларусь Киев маъмурияти жонига оро бўлганди.

Украина ва Туркманистон шу пайтга қадар Ҳамдўстлик низомини имзолагани ва тасдиқлагани йўқ. Шунга кўра, аслида бу мамлакатлар ҳуқуқий жиҳатдан МДҲ аъзолари ҳисобланмайди. Расмий Киев бу борада ўз мақомини муҳокама ҳам этмайди ва аъзолик бадалларини ҳам тўламайди.

Ўзбекистон раҳбарининг иштирок этмаслигини эса тўғри тушуниш мумкин. Саммитда, Ўзбекистон президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев ўрнига ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов қатнашган. Республикада президентлик сайловларига жиддий тайёргарлик кўрилмоқда.

***

Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ташкилотининг 25-юбилей саммити бўлиб ўтди. Унда, режаланганидек, МДҲни замон талабларига мослаштириш масаласи кун тартибининг асосий мавзуси бўлди. Қозоғистон республикаси шундай ташаббус билан чиққан. Расмий Остона саммитга жиддий ва амалий нуқтаи-назардан ёндашиб, давлат раҳбарларига фақатгина ўта муҳим масалаларни муҳокама этиш таклифини билдирган ҳамда Ҳамдўстлик ижроия органлари ходимини қисқартириш талабини илгари сурган.

Қозоғистон президенти Нурсултан Назарбоев бир неча маротаба, ташкилот давлат раҳбарлари ўйлаганидек самарадор бўлмаганини бир неча маротаба афсус билан тан олган эди. Умумий мудофаа кенглиги ва эркин савдо ҳудуди борасидаги умидлар чиппакка чиққан. Бироқ, унинг фикрича, МДҲни сақлаб қолиш мумкин. Жумладан у ўзаро мулоқот майдони бўлиб химат қила олади. Назарбоев фикрига қўшилган Беларусь раҳбари Александр Лукашенко Ҳамдўстликнинг 25 йиллигининг натижаси унчалик самарали эмаслигини таъкидлаган. Унинг айтишича, мамлакатлар бу борада «ижобий томондан салбий томонга» оғмоқда. Шунга кўра, ҳамкорликнинг бир вақтлар бўлганидек ёрқин онларига қайтиш амри маҳол, деб таъкидлаган Беларусь раҳбари.

Албатта, барча умидлар ўзини оқлагани йўқ, дея тан олган ўз навбатида Арманистон раҳбари Серж Саргсян. Бунинг сабаби эса, унинг фикрича, мустақил республикаларнинг ягона тўхтамга, хулосага кела олмаётганидадир. Саргсян ҳамкасби Назарбоевнинг фикрини давом эттирар экан, МДҲ саммити кун тартибидан иқтисодий мавзуларга оид масалаларни олиб ташлашни таклиф қилди. Саммит мезбони, Қирғизистон республикаси президенти Алмазбек Атамбаевнинг қайд этишича, давлат раҳбарлари «МДҲнинг тақдири борасида ва уни ислоҳ қилган ҳолда, замон талабларига мослаштириш борасида» кўпгина мулоҳазаларини билдириб, ниҳоят, келишиб олишган. Шундай қилиб, МДҲнинг юбилей саммити айтарли натижалар билан якунланмаган бўлса-да, ташкилотни ислоҳ қилиш борасида муҳим қадам ташланди, дейиш мумкин.

 

ГЕРМАНИЯНИНГ ЕТТИ ШАҲРИДА ЕИ ВА АҚШ БИЛАН САВДО ШАРТНОМАСИГА ҚАРШИ НОРОЗИЛИК НАМОЙИШИ БЎЛИБ ЎТМОҚДА

Германияда TTIP (Transatlantic Trade and Investment Partnership) трансатлантик эркин савдо ҳудудини ташкиллаштириш ҳақидаги шартнома тузишга қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтмоқда. Норозилик намойишлари Германиянинг 7 шаҳрида бўлиб ўтмоқда: Гамбург, Берлин, Штутгарт, Кельн, Лейпциг, Франкфурт-на-Майне ва Мюнхен. Берлиннинг ўзидаёқ акция ташкилотчилари 100 000 нафар иштирокчи учун буюртма беришди. RT Германия пойтахтида ўтаётган намойишлардан жонли трансляцияни амалга оширди. 2013 йилдан бери Европа Иттифоқи ёпиқ режимда TTIP’га доир музокаралар олиб бормоқда. Гап тахминан 820 кишидан иборат истеъмолчи бозорига эга дунёдаги энг катта эркин савдо зонасини ташкил қилиш ҳақида бормоқда. АҚШ ва Евроиттифоқдан ташқари бу лойиҳага Канада, Мексика, Швейцария, Лихтенштейн, Норвегия, Исландия, шунингдек ЕИ аъзолигига даъвогар мамлакатларни жалб қилиш режалаштирилган. Европада келишувга ишонқирамай қарашади. Европаликлар TTIP’нинг экологик стандартлар ва иш билан бандлик ҳуқуқларини бузишидан хавфсирашмоқда. 2015 йилнинг октябрида 150 мингдан ортиқ киши келишув имзоланишига қарши чиқиб, Берлин кўчаларига чиққан ҳамда норозилик акциясида иштирок этган.

 

ЛАТВИЯДА МАҲБУСЛАРНИНГ ЙЎҚЛИГИ САБАБ ҚАМОҚХОНА ЁПИЛАДИ

Латвиянинг LETA янгиликлар агентлиги хабар қилишича, келаси 2017 йилнинг 1 январидан Латвиянинг Вецумниекская қамоқхонаси ёпилади. Бунга, сўнгги йилларда маҳбусларнинг сони кескин камайгани сабаб бўлган. Қайд этилишича, мазкур ахлоқ тузатиш идораси ёпилгач, унда сақланаётган маҳбуслар очиқ турдаги Даугавгривск, Екабпилсск ва Олайнск қамоқхоналарига ўтказилади. Унинг ишчилари эса, Елгав ва Олайнада хизматини давом эттиришлари мумкин.

Статистик маълумотларга кўра, 2012 йил охирида Латвия қамоқхоналарида 6117 нафар жиноятчи бўлган бўлса, шу йилнинг сентябрь ойига келиб бу рақам — 4202 нафарни ташкил этган.

 

ПУТИН АҚШ БИЛАН СУРИЯ БЎЙИЧА КЕЛИШУВНИ ЭЪЛОН ҚИЛИШ ТАРАФДОРИ

Россия президенти Владимир Путин АҚШнинг Сурия бўйича келишувни нима учун ошкор этмаётганига ойдинлик киритди. «Ошкор қилишни хоҳламаётганларининг сабаби, менимча шундаки, бу ҳолда Америка, Россия ва умуман жаҳон жамоатчилиги учун ким нимани бажармаётгани фош бўлади», — деган Путин. Унинг аниқлик киритишича, АҚШ террорчиларни соғлом фикрли мухолифатдан ажратиш бўйича мажбуриятини бажарганича йўқ. Шу билан бирга, Путин қўшимча қилганидек, Россия Сурия бўйича келишувлар борасида ижобий кайфиятда. «Биз, табиийки, келишувларни ошкор қилмаймиз. Чунки, америкалик ҳамкорларимиз бунга розилик билдиришмаяпти. Одатда, Сурия инқирозига ўхшаш масалалар юзасидан дипломатик даражада келишувга эришилганда шундай йўл тутилади. Яна такрорлайман, биз салбийдан кўра кўпроқ, ижобий фикрдамиз. Шунга кўра, Америка маъмурияти берган ваъдалар ижро этилишига ишонамиз», — деган давлат раҳбари.

 

III. МИРЗО УЛУҒБЕК НОМИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИДА

 БОЛГАРИЯ МИЛЛИЙ ВА ДУНЁ ХЎЖАЛИГИ УНИВЕРСИТЕТИ БИЛАН ҲАМКОРЛИК РИШТАЛАРИ

Маданий-маърифий алоқалар мамлакатимиз таълим тараққиётида муҳим ўрин тутади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1997 йил 26 майдаги “Ўзбекистон хорижий мамлакатлар билан дўстлик ва маданий-маърифий алоқалар жамиятлари кенгашини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-1785-сонли Фармонида бу борада амалга оширилиши зарур бўлган вазифалар аниқ белгилаб қўйилган.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида шу йил 13 сентябрь куни “Болгария–Ўзбекистон” дўстлик жамияти бошқаруви раиси, Болгария Республикасининг София шаҳрида жойлашган Миллий ва Дунё хўжалиги университети проректори Крастев Тошко Ангело ҳамда мазкур дўстлик жамияти бошқаруви раиси ўринбосари Лем Дмитрий билан ўзаро мулоқот бўлиб ўтди.

ЎзМУ биринчи проректори Файзулла Агзамов хорижлик меҳмонлар билан учрашувда аввало Миллий университетимизнинг тарихи, юртимиз мустақиллиги йилларида эришган ютуқлари, қатор хорижий мамлакатлар университетлари ва илмий-тадқиқот институтлари билан ўзаро ҳамкорлиги натижалари, бугунги кунда ўқув жараёнларига электрон таълим тизими кенг жорий этилаётгани, илмий салоҳияти ҳақида атрофлича маълумот берди. У ЎзМУ Эрасмус+ дастурларида фаол қатнашаётганлиги, бу дастурларнинг асосий мақсади Европа ва Марказий Осиё ўқув муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш, олий таълим тизими сифатини ошириш, икки томонлама фан ва маданият соҳаларида ҳамкорликни йўлга қўйишдан иборат эканлигини таъкидлади.

Крастев Тошко Ангело ҳам ўз навбатида Болгария Республикаси олий таълим тизими, хусусан, ўзи фаолият юритаётган университетда ўқитиш усуллари, дарс жараёнлари, ҳалқаро ҳамкорлик алоқалари ҳақида атрофлича сўз юритар экан, бу борада кўплаб маълумотлар жамланган дискини тақдим этди.

Нуфузли меҳмон ўз сўзида Ўзбекистон-Болгария алоқалари ўзаро дўстлик, ҳамкорликка асосланганлиги ва таълим соҳасида эришилаётган натижаларни ижобий баҳолади. У мамлакатимизда ёшларга яратилаётган шароитлар жаҳон андозаларига мос эканлигини эътироф этди.

Ўзаро мулоқот чоғида ЎзМУ билан Болгария Миллий ва Дунё хўжалиги университети ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш, икки томонлама илмий ходимлар, ёш тадқиқотчилар, профессор-ўқитувчиларнинг ўзаро тажриба алмашиши ва талабалар алмашинувини йўлга қўйиш масалалари юзасидан фикрлашиб олинди.

Келгусида бу борада тегишли шартномалар имзоланиб, амалий ишларга киришилади.

 

ХАЛҚАРО ТАЖРИБАЛАР ЎРГАНИЛМОҚДА

Дунё билан бўйлашмоқ учун унинг чўққисига айланган соҳаларни мукаммал эгалламоқ лозим. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 12 июндаги “Олий таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 20 августдаги “Олий таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига асосан олий таълим тизими педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари ўқув режа ва дастурлари бўйича машғулотлар олиб бориш мақсадида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Бош илмий-методик марказида ташкил этилган тренерлар тайёрлаш курслари машғулотлари Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ҳузуридаги педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш минтақавий марказида давом эттирилди.

Республикамиз таянч олий таълим муассасаларидан бири бўлган ЎзМУда ҳам қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларининг ўқув машғулотларига жалб этилаётган профессор-ўқитувчилар мазкур курсларда билим ва малакаларини оширдилар.

Машғулотларда айниқса Жанубий Корея, Япониялик олимларнинг маърузалари тингловчиларда катта қизиқиш уйғотди.

– Мен Жанубий Кореялик профессор Конг Ёнг Куннинг маърузаси орқали ушбу мамлакат олий таълим тизими ҳақида кўп маълумотларга эга бўлдим,– дейди Журналистика факультети доценти Юсуфжон Ҳамдамов.– Хорижлик профессорнинг сўзларини инглиз тилидан ўзбек тилига жуда маҳорат билан таржима қилиб турган марказ директори, физика-математика фанлари номзоди Баҳодир Холбоевдан ҳам миннатдормиз.

Айтиш жоизки, Минтақавий марказда профессор-ўқитувчилар ўқув машғулотларини илғор педагогик ва ахборот-коммуникация технологиялари, амалий ўқитишнинг интерактив усулларидан, электрон дарсликлар ҳамда мультимедиа воситаларидан унумли фойдаланган ҳолда олиб боришлари учун барча имкониятлар яратилган. Буларнинг барчаси олий таълим муассасаларида таълим сифатини тобора ошириб боришга хизмат қилади.

 

ТАЛАБАНИНГ МАЪНАВИЙ ОЛАМИ

Келгусида бахтли инсон бўлиб камолга етишни истаган талаба ҳозирданоқ ҳаётга катта-катта учта маънавий илдиз отмоғи лозим.

Бу илдизларнинг биринчиси – ҳақиқий Инсон бўлиш! Иккинчиси – етук кадр ва чинакам мутахассис бўлиб етишиш! Учинчиси – келгусида бахтли оила қуриш учун муносиб умр йўлдошини танлаш ва чин севгисига эришиш! Бу улуғвор ғоялар атоқли адиб Пиримқул Қодировнинг “Уч илдиз” романида ғоят қизиқарли ва таъсирчан бир тарзда ифода этилган.

Юртимиз мустақилликка эришганидан буён ёшларга бўлган эътибор давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Буни биргина Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонуни мисолида ҳам кўриш мумкин. Мазкур қонунда белгилаб қўйилганидек, “ёшларга оид давлат сиёсати — давлат томонидан амалга ошириладиган ҳамда ёшларни ижтимоий жиҳатдан шакллантириш ва уларнинг интеллектуал, ижодий ва бошқа йўналишдаги салоҳиятини камол топтириш учун шарт-шароитлар яратилишини назарда тутадиган ижтимоий-иқтисодий, ташкилий ва ҳуқуқий чора-тадбирлар тизими”дир.

Математика факультети 1-босқич талабалари билан ўтказилган суҳбатларда ЎзМУ Мураббийлар кенгаши раиси Аброр Хидиров ва Ахборот хизмати раҳбари Тўлқин Эшбек бу мавзуда атрофлича сўз юритдилар.

Дарҳақиқат, камолга етаётган ҳар бир йигит-қиз билимли, ўқимишли ва етук инсон бўлиб вояга етмоғи лозим. Бунинг учун улар фанларга оид адабиётлар билан бир қаторда бадиий асарлар, газета-журналларни ҳам муттасил мутолаа қилиб боришлари мақсадга мувофиқдир.

Талаба кийиниш маданияти, одоби билан ҳам бошқа тенгқурларига намуна кўрсатиб юриши лозим.

Кундалик муҳим ахборотлардан хабардор бўлиб юриш бўлғуси зиёлилар учун қанчалик муҳим аҳамият касб этишини изоҳлашга ҳожат йўқ. Бу борада талабаларга қулайлик яратиш мақсадида Миллий университетимизнинг nuuz.uz ва талабаларнинг эркин минбарига айланган uchildiz.uz сайтларида мунтазам ёритиб борилаётган “Ахборот соатлари” рукни остидаги хабар ҳамда мақолаларни ўқиб бориш тавсия этилади.

– Мен талабаларга дарсни бошлашдан аввал ҳар гал маънавият, одоб-ахлоқ ҳақида сўз юритаман,– дейди атоқли олим, Кимё факультети профессори Туйғун Бобоев.– Дунёга довруқ солган буюк алломаларимиз қандай кашфиётлар қилишидан қатъи назар аввало маънавий етук инсонлар бўлганларини жуда яхши биламиз. Демоқчиманки, ҳар бир мураббийнинг дарси аввало маънавиятдан бошланиши мақсадга мувофиқдир.

 

Материаллар ЎзМУ Ахборот хизмати томонидан тайёрланди.

Унда республика ОАВ хабарларидан фойдаланилди.

 

Факультет деканининг Маънавият ва маърифат ишлари бўйича ўринбосари диққатига!

“Ахборот соатлари” маълумотлари юзасидан савол пайдо бўлса ЎзМУ Ахборот хизмати раҳбари Тўлқин Эшбековга мурожаат қилишингиз мумкин.

Телефон: +99890 9120963.

Электрон почта: tueshbek@mail.ru

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>