“АХБОРОТ СОАТЛАРИ” № 35-16

Ҳафтанинг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеалари (2-7 май кунлари)

МИРЗО УЛУҒБЕК НОМИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИ

“АХБОРОТ СОАТЛАРИ” № 35-16

Ҳафтанинг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеалари (2-7 май кунлари)

ТОШКЕНТ

ЎзМУ – 2016

 

Факультет деканининг Маънавият ва маърифат ишлари бўйича ўринбосарлари ва мураббийлар диққатига! Талабаларга “Ахборот соатлари” материаллари билан nuuz.uz ва uchildiz.uz веб-сайтлари орқали ҳам танишиш тавсия этилиши мақсадга мувофиқдир.

 

I. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДАГИ ИҚТИСОДИЙ, ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ВОҚЕАЛАРГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАР

 

ЁН-АТРОФИМИЗДА БЎЛАЁТГАН ВОҚЕАЛАРГА ДАХЛДОРЛИК ҲИССИ БИЛАН ЯШАШ, БУГУНГИ КУННИНГ ЭНГ ДОЛЗАРБ МАСАЛАСИДИР

Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан 9 май – Хотира ва қадрлаш куни мамлакатимизда умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланмоқда.

Аждодлар хотирасини ёд этиб, эзгу ишларини давом эттириш, юртимиз тинчлиги ва равнақи йўлида хизмат қилган кексаларга алоҳида ҳурмат-эътибор кўрсатиш мамлакатимизда миллий қадрият даражасига кўтарилган. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан кенг нишонланаётган Хотира ва қадрлаш куни мазмун-моҳиятида ҳам ана шундай эзгу тамойиллар ўз ифодасини топган.

Бу айёмда бугунги тинч-осойишта ҳаёт, тўкинлик ва фаровонликка қандай оғир синов ва машаққатлар эвазига эришилгани хаёлимиздан ўтади. Шу йўлда қурбон бўлган миллионлаб юртдошларимиз хотирасига таъзим қиламиз. Бизга насиб этган мустақиллик, тинчлик ва осойишталикнинг аҳамиятини янада теран англаймиз.

Кекса авлод вакилларининг кўнглини кўтариш, саломатлигини мустаҳкамлаш, улар учун қўшимча қулайликлар яратиш давлатимизнинг доимий эътиборида. Президентимиз Ислом Каримовнинг шу йил 18 апрелдаги «Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида»ги фармони фахрийларимизга эҳтиромнинг яна бир ифодаси бўлди. Мазкур фармонга мувофиқ уруш қатнашчиларига пул мукофотлари ва байрам совғалари тантанали равишда топширилди. Уларнинг ҳолидан хабар олиниб, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилди.

8 май. Пойтахтимиздаги Хотира майдони ҳар қачонгидан гавжум. Бу ерга уруш ва меҳнат фахрийлари, сенаторлар ва депутатлар, ҳукумат аъзолари, ҳарбийлар, жамоатчилик вакиллари ташриф буюрган.

Майдон узра маҳзун мусиқа таралади.

Соат 9:00. Майдонга Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов кириб келди.

Давлатимиз раҳбари ҳарбий оркестр садолари остида Мотамсаро она ҳайкали пойига гулчамбар қўйди.

Президентимиз Иккинчи жаҳон урушида жон фидо қилган юртдошларимиз хотирасига ҳурмат бажо келтирди.

– Шу кунларда юртимизда, қишлоқ ва шаҳарларимизда, ҳар бир оила ва хонадонда каттаю кичик – барча ватандошларимиз 9 май – Хотира ва қадрлаш кунини, Улуғ Ватан урушида фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 71 йиллигини кенг нишонламоқда, – деди Ислом Каримов оммавий ахборот воситалари вакиллари билан суҳбатда. – Ана шу буюк ғалабани қўлга киритишда мардлик ва жасорат кўрсатган фахрийларимизни, фронт ортида фидокорона меҳнат қилган юртдошларимизни табриклаш, уларга сиҳат-саломатлик, узоқ умр тилаш мен учун катта шарафдир.

Шу билан бирга, уруш майдонларидан қайтмаган, мана шундай мусаффо осмон, тинч ва осойишта ҳаёт учун жон бериб, қурбон бўлган юртдошларимизнинг муқаддас хотираси олдида бош эгиб таъзим қилиш барчамиз учун ҳам қарз, ҳам фарз, деб биламан.

Бугун муқаддас масканга айланиб қолган мана шу Хотира майдонида туриб, жаҳон тарихидаги энг қонли, мислсиз қурбонлар, мусибат ва офатлар олиб келган урушда эришган ғалаба кунини нишонлар эканмиз, орадан шунча йиллар ўтганига қарамай мамлакатимизда биронта одам йўқки, ўша даҳшатли урушни, унинг асоратларини эсидан, хаёлидан чиқарган бўлса.

Шунинг учун ҳам бу қутлуғ айёмни, бир томондан, катта ғурур ва ифтихор билан, иккинчи томондан, кўзимизда ёш билан кутиб оламиз, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз, деди давлатимиз раҳбари.

Тарихда буюк сана бўлиб қоладиган бу воқеа, яъни фашизм устидан ғалаба қозонишда мардлик ва матонат кўрсатган кўпмиллатли минг-минглаб инсонлар қаторида 338 нафар юртдошимиз юксак қаҳрамонлик унвонига сазовор бўлгани, қанча-қанча оталаримиз, боболаримиз ўз жонини фидо қилиб, жанговар орден ва медаллар билан мукофотлангани қалбимизга ҳақиқатан ҳам фахр туйғусини бағишлаши табиийдир.

Лекин фашизм балосига қарши курашда халқимизнинг қўшган энг катта ҳиссаси ҳақида гапирганда, юрагимизда умрбод битмайдиган яра, асорат бўлиб қоладиган оғир йўқотишлар яна ва яна хаёлимиздан ўтади.

Бу борада қуйидаги рақамларни олиб келиш ўринли бўлади, деб ўйлайман.

Уруш бошланган пайтда Ўзбекистонимиз аҳолиси 6,5 миллион кишига яқин бўлган бўлса, шундан 1,5 миллион киши, яъни қурол кўтаришга қурби етадиган одамлар урушда қатнашган. Уларнинг орасидан 500 мингдан кўпроғи жанг майдонларида ҳалок бўлганини, яна қанча-қанчаси майиб-мажруҳ бўлиб қайтгани, қанчаси бедарак йўқолганини ҳисобга оладиган бўлсак, бу ғалаба бизга нақадар қимматга тушгани ўз-ўзидан аён бўлади, деб таъкидлади Президентимиз.

Ўйлайманки, ҳар қайси халқнинг бағрикенглиги ва олижаноблиги, керак бўлса, одамийлиги ва инсонпарварлиги нафақат ўз яқинлари, балки бегона одамларнинг бошига мусибат тушганда улардан ўз меҳри ва ёрдамини аямаслигида яққол кўринади, синовдан ўтади.

Меҳр-оқибат – халқимизнинг энг олий, ноёб фазилати. Юртдошларимиз фронт ҳудудларидан кўчириб келтирилган бир миллионга яқин болалар, аёллар ва қарияларни қабул қилгани, уларга бошпана бергани, ҳатто охирги бурда нонини ҳам улар билан баҳам кўргани, “Сен етим эмассан” деб, уларни ўз бағрига олиб, меҳр-мурувват кўрсатгани халқимизнинг одамийлик фазилатлари, олижаноблигининг амалий намоёни бўлди, десак, ҳеч қандай хато бўлмайди.

Ҳеч шубҳасиз, инсон, миллат ва халқ тарихий хотира туйғуси билан тирик ва барҳаётдир, деди Ислом Каримов. Ўтганларнинг хотирасини эсга олиш, уларнинг хотираси олдида ҳурмат бажо келтириш халқимизга хос азалий қадрият бўлиб келмоқда. Жанг майдонларида Ватан учун, бугунги ва эртанги авлодларнинг ёруғ кунларга етиши учун жон берган, ўзини фидо этган инсонлар хотирасини ёдга олсак, бугун ҳаёт бўлган фахрийларимизга қанча ҳурмат-эҳтиром ва эътибор кўрсатсак, ҳеч қачон кам бўлмаймиз.

Аслида, содда қилиб айтганда, тарих – бу хотира дегани, ўтган аждодларнинг шонли ишлари, қаҳрамонликларини эслаш, ўтмиш воқеаларидан тўғри хулоса чиқариб яшаш деганидир.

Шуларнинг барчасини инобатга олиб, биз бундан 17 йил олдин мамлакатимизда 9 май санасини Хотира ва қадрлаш куни деб эълон қилиб, пойтахтимиз Тошкент, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва туманларда Хотира майдонлари барпо этиб, бу майдонларда Мотамсаро она ҳайкалини ўрнатдик. Бошқача айтганда, хотира ва қадрлаш деган, бир-бирини тўлдирадиган, ўзаро боғланган иккита эзгу тушунча айни шу номда ўзининг ёрқин ифодасини топди.

Вақт ўтиши билан, қабул қилган бу қароримиз нақадар тўғри бўлганини ҳаётнинг ўзи тасдиқлаб бермоқда. Халқимизнинг бу масканларга келиб, ўтганларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиши яхши анъанага айланиб қолди. Бу майдонлар ҳақиқатан ҳам муқаддас зиёратгоҳларга айланиб, маънавий ҳаётимизни чуқур маъно-мазмун билан тўлдирмоқда, деди Юртбошимиз.

Инсоният тарихидаги энг мудҳиш ва бешафқат, беҳисоб йўқотишларга олиб келган урушни бошидан кечирган халқимиз доимо битта фикр билан яшайди: бундай ёвуз офат ҳеч қачон қайтмасин, остонамизга яқин келмасин. Бизга тинчлик керак, омонлик керак. Одамларимиз ҳар қандай давраларда, тўй-маъракаларда Яратгандан аввало шуни сўрайди.

Бундай қатъий қарашлар кўпни кўрган халқимизнинг онгу тафаккурига жуда чуқур кириб борган ва ёшу қари барча одамларимиз тинчликнинг моҳияти ва аҳамиятини, қадр-қимматини теран англаб етгани ҳаммамизга аён.

Бунинг устига, дунёда тобора кескинлашиб бораётган қарама-қаршиликларни, яқин ва узоқ атрофимизда қонли тўқнашувлар кучайиб бораётганини, бир сўз билан айтганда, бундай офатлар тинчлик ва барқарорликка нисбатан ўта жиддий хавф ва таҳдид солаётганини аҳолимиз жуда катта хавотир билан кузатмоқда.

Бизга қўшни Афғонистонда 35 йилдан буён беқарор вазият ҳукм сурмоқда ва ҳали-бери унинг охири кўринмаяпти. Экстремизм, терроризм деб ном олган, тобора кенгайиб бораётган хатарлар, фашизм деган бало яна майдонга чиқаётгани барча-барча юртдошларимизда ташвиш уйғотмоқда.

Бундай мураккаб ва таҳликали вазият, бошимиздан кечираётган шиддатли замон, сўзсиз, барчамиздан доимо сезгир, огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшашимизни талаб қилмоқда, деди Президентимиз. “Ўз уйингни ўзинг асра!” деган шиор юртимизда яшаётган ҳар қайси инсондан ҳамон учраб турадиган лоқайдлик ва бепарволик кайфиятларидан халос бўлишни, энг муҳими, ён-атрофимизда бўлаётган воқеаларга дахлдорлик ҳисси билан яшашни бугунги кунда энг долзарб масала сифатида олдимизга қўймоқда.

Ана шундай кескин вазият давлатимиздан, жамиятимиздан хавфсизликни мустаҳкамлаш, ҳар қандай бало-қазоларнинг юртимизга кириб келишининг олдини олиш, чегараларимизнинг дахлсизлигини, халқимизнинг тинч-осойишта ҳаётини ҳимоя қилиш мақсадида замон талаб қиладиган, зарур чораларни амалга оширишни тақозо этмоқда.

Шулар қаторида:

Ўзбекистон Қуролли Кучларининг салоҳиятини янада оширишга эътиборимизни кучайтириш;

Ўзбекистонимизнинг ҳеч қандай ҳарбий блокка қўшилмаслиги ва мамлакатимиз ҳудудида чет давлатларнинг ҳарбий базалари жойлашувига, ҳарбий хизматчиларимизнинг мамлакатимиз ташқарисида бўлишига йўл қўймаслик сиёсатини қонун билан мустаҳкамлаб қўйганимизни бугунги мураккаб вазиятда ўзимиз учун энг маъқул ва тўғри йўл, деб биламиз, дея таъкидлади Президентимиз.

Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллигини катта хурсандчилик билан нишонлашга озгина вақт қолди.

Ўзбекистонимиз ана шу тарихан қисқа даврда, қандай оғир ва машаққатли синовларни бошидан ўтказмасин, унинг босиб ўтган йўли, ўсиш суръатлари, қўлга киритган ютуқ ва марралари жаҳон миқёсида тан олингани ва кўпчиликнинг ҳавасини тортаётгани барчамизни қувонтирмоқда, қалбимизда ғурур-ифтихор уйғотмоқда.

Халқаро майдонда Ўзбекистонимизнинг обрў-эътибори ошиб бораётганининг ҳал қилувчи мезони ва омили аввало, меҳнатсевар, мард ва матонатли халқимизнинг юксалиб бораётган дунёқараши, онгу тафаккури, сиёсий ва ижтимоий фаоллиги, ҳаётга қараши тобора ўзгариб бораётганида, десак, ҳеч қандай хато бўлмайди.

Қишлоқ жойларда қурилаётган намунавий уй-жойлар халқимиз ҳаёт сифатини янада юксалтирмоқда. Бу ҳаракат самарасида қишлоққа тараққиёт кириб бормоқда, замонавий ахборот технологиялари одамлар турмуш тарзидан мустаҳкам ўрин эгалламоқда. Бундай бунёдкорлик ишлари изчил давом эттирилади.

Мен ёш авлодимизга, менинг болаларимга қарата бўш келманглар, эртанги кун бизники, марра бизники, деб бежиз, асоссиз айтмайман. Бунинг чуқур маъно-мазмуни шундаки, вақт, йиллар ўтиши билан бизнинг сафимизни ким тўлдирмоқда? Аввало, замонавий билим ва касб-ҳунарларга эга бўлган, янгича, мустақил фикрлайдиган, мамлакатимизнинг эртанги куни учун масъулиятни ўз зиммасига олишга, ўзини намойиш этишга қодир бўлган навқирон ўғил-қизларимиз. Кўзлари ёниб турган бундай ёшларимизни яна қаерда – қайси давлат, қайси юртда топиш мумкин, деб таъкидлади Ислом Каримов.

Бугунги кунда узоқни кўзлаган мақсадларимиз, вазифа ва режаларимизни ҳам аниқлаб олганимиз, шу жумладан, мамлакатимизнинг ялпи ички маҳсулоти ҳажми 2030 йилга бориб икки каррадан зиёд кўпайиши барчамизда эртанги кунимизга катта ишонч бағишлайди. Ва юртимизни янада обод қилиш, ҳаётимизни юксалтириш бўйича дунёдаги энг тараққий топган давлатлардан, эркин ва озод яшаётган халқлардан асло кам бўлмаймиз, иншоолло.

Фурсатдан фойдаланиб, муҳтарам фахрийларимизни, бутун халқимизни ушбу қутлуғ байрам билан яна бир бор чин қалбимдан табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт-саодат, хонадонларингизга файзу барака тилайман. Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин, бало-қазолардан Яратганнинг ўзи асрасин, деди пировардида Президентимиз.

 

УРУШ ҲЕЧ ҚАЧОН, ҲЕЧ ҚАНДАЙ ШАКЛДА ҚАЙТАРИЛМАСИН

Мамлакатимизда Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган минглаб юртдошларимиз хотирасини ёд этиш, оловли жанггоҳлардан омон қайтган боболаримизга, оғир кунларни сабр-бардош билан енгган, машаққатли дақиқаларда ҳам ўзлигини йўқотмаган, имони бутун юртдошларимизга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш том маънода миллий қадриятга айланди. 1999 йил 2 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов уруш фахрийлари, иштирокчилари ва урушда қурбон бўлганларнинг оилаларидан тушаётган кўплаб илтимосномаларни, халқимизнинг, жамоат ташкилотларининг билдираётган хоҳиш-иродасини инобатга олиб, Иккинчи жаҳон урушида фашизмга қарши курашиб ҳалок бўлганларнинг, мамлакатимиз озодлиги ва мустақиллиги учун жон берган Ўзбекистоннинг барча ўғлонлари хотирасини абадийлаштириш муҳимлигини назарда тутган ҳолда, бугун ҳам сафларимизда туриб Ватан обрў-эътиборини юксалтиришга ёшларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялашга ҳисса қўшаётган барча кишиларнинг ҳурматини жойига қўйиш мақсадида “9 Май Хотира ва Қадрлаш куни деб эълон қилиш тўғрисида фармон қабул қилди.

Шуниси эътиборлики, Ўзбекистонда қабул қилинган тарихий фармондан беш йил ўтиб, 2004 йил 24 ноябрь куни БМТ Бош Ассамблеяси резолюциясия қабул қилиб, унда Иккинчи жаҳон уруши қурбонлари хотираси учун 8 ва 9 май кунларини Хотира ва Яраш куни сифатида эълон қилиш белгиланди. БМТ Бош Ассамблеяси 2004 йилнинг 24 ноябрида 8 ёки 9 майни Хотира ва Яраш куни сифатида нишонлаш борасида № A/RES/59/26 қабул қилган резолюцияда БМТга азо мамлакатларнинг бу кунлардан бирини ўз хоҳишларига кўра номлашлари мумкинлиги ҳам таъкидланган. Бош Ассамблея сана қандай номланишидан қатьий назар 8 май ёки 9 майдан бирида иккинчи жахон уруши қурбонларининг хотираси ёдга олиниши керак деган хулосага келди. Байрамдан кўзланган асосий мақсад ёш авлод қалбида ғалабага улкан ҳисса қўшган, инсониятни қуллик исканжасидан қутқарган ота-боболаридан фахрланиш туйғусини уйғотиш, ғалаба йўлида қурбон бўлганларнинг хотирасини ёдга олишдан иборат.

 

ЎЗБЕКИСТОНДА 5 ТА ЯНГИ ТЕЛЕКАНАЛ ОЧИЛАДИ

Ўзбекистонда жорий йилда яна 5та хусусий телеканал очилиши борасида ишлар бошланади. Бугунги кунда Ўзбекистоннинг 68,8 фоиз аҳолиси рақамли телевидениедан фойдаланиш имкониятига эга. Бу орқали аҳоли Ўзбекистондаги 12та рақамли телеканалларни («Ўзбекистон», «Ёшлар», «Тошкент», «Спорт», «Оилавий», «Болажон», «Наво», «Маданият ва маърифат», «Диёр», «Дунё бўйлаб», «Кинотеатр» ва «Маҳалла») кузатиши мумкин.

Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари Миллий Ассоциацияси (ЎзЭОАВМА) нодавлат оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш мақсадида 2003 йилда ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда ўз атрофига 100дан ортиқ нодавлат электрон ОАВни бирлаштирган. Ўзбекистонда фаолият юритаётган барча оммавий ахборот воситалари қаторида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламдаги демократик ислоҳотлар жараёнларини, хусусан, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларининг “Кучли давлатдан – кучли жамият” қурилиши йўлидаги иштирокини ёритишда фаол қатнашиб келмоқда. ЎзЭОАВМА томонидан аъзо нодавлат телерадиостанциялар иштирокида ҳар йили анъанавий тарзда ишлаб чиқиладиган Нодавлат телерадиоузатувчиларнинг Ривожланиш дастурлари доирасида турли йўналишларда жами 80 дан ортиқ лойиҳалар амалга татбиқ этилди.

 

2016 ЙИЛДА ПАХТА МАЙДОНЛАРИ 30,5 МИНГ ГЕКТАРГА ҚИСҚАРТИРИЛДИ

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Давлат статистика қўмитаси Ўзбекистон Республикасини 2016 йилнинг биринчи чорагида ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларини эълон қилди. Қишлоқ хўжалигини янада ислоҳ этиш ва ривожлантириш дастурига мувофиқ, жорий йилда пахта майдонлари 30,5 минг гектарга қисқартирилди. Пахтадан бўшаган ерлар ҳисобга олинган ҳолда, асосий экин майдонларига, 172,6 минг гектарга сабзавот, 86,3 минг гектарга картошка ва 26,3 минг гектарга полиз экинлари экилди. 5,2 минг гектар майдонда янги интенсив боғлар барпо этилди, 5,7 минг гектар майдондаги боғ ва 3,2 минг гектар токзор реконструкция қилинди, 163 гектар майдонда 4264 иссиқхона ташкил этилди. Мева-сабзавотларни сақлаш бўйича моддий-техник базани янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш мақсадида 10,5 минг тонна мева-сабзавот маҳсулотларини сақлаш учун 16 янги совутиш камераси ташкил этилди.

Натижада шу йилнинг биринчи чорагида 53,1 минг тонна сабзавот (2015 йилнинг шу даврига нисбатан 110,6 фоиз) етиштирилди. Йил бошидан буён 95,1 минг тонна мева-сабзавот экспорт қилинди.

 

II. ЖАҲОН МИҚЁСИДАГИ ИҚТИСОДИЙ, ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ВОҚЕАЛАРГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАР

 

ШҲТ ТАШКИЛ ТОПГАНИГА 15 ЙИЛ ТЎЛИШИ МУНОСАБАТИ БИЛАН АЪЗО ДАВЛАТЛАРНИНГ ЭЛЧИЛАРИ ШАНХАЙДА УЧРАШДИ

2016 йилнинг 4-5 май кунлари Шанхай шаҳрида, яъни мазкур шаҳарда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига асос солинганига 15 йил тўлиши муносабати билан ташкилотга аъзо давлатлар элчилари учрашуви бўлиб ўтди. Унда Қозоғистондан Ш.Нуришев, Қирғизистондан К.Бактигулова, Россиядан А.Денисов, Тожикистондан П.Давлатзода, Ўзбекистондан Д.Курбанов, ХХР ТИВ Марказий Осиё ва Европа департаменти директори ўринбосари Цзян Ян ҳамда ШҲТ Бош котиби Р.Алимов иштирок этди. Дипломатик миссиялар раҳбарлари Шанхай шаҳри мэри Ян Сюн билан учрашишди. Элчилар ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг 2001 йил 15 июнда биринчи саммити бўлиб ўтган жойга ташриф буюришди. Дастлабки ҳужжатлар имзоланган зални кўздан кечиришди.

Шанхай шаҳридаги Шанхай ижтимоий фанлар академиясида шаҳарнинг илмий ва экспертлар вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди ва унда ШҲТ Бош котиби Р.Алимов “ШҲТга 15 йил: эришилган ютуқлар ва истиқболлар” мавзусида маъруза қилди.

 

БМТ: ЕВРОПА ИТТИФОҚИ ҲУДУДИДАГИ 400 МИНГ НАФАРДАН ЗИЁД БОЛАНИНГ ҲУҚУҚИЙ МАҚОМИ ЙЎҚ

Европа Иттифоқидан бошпана сўраб, ариза топширган 400 мингдан зиёд бола ҳуқуқий мақомга эга эмас. Бу ҳақда БМТ Бош котибининг расмий вакили Стефан Дюжаррик маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, БМТнинг болалар фонди (ЮНИСЕФ) Европа мамлакатларини қочқин ва муҳожирлар, айниқса, улар орасидаги вояна етмаганларга бошпана беришнинг янги тартиб-қоидаларини ишлаб чиқишга чақирди. «ЮНИСЕФ маълумотларига кўра, 2015 йилнинг январидан ноябрига қадар Европа мамлакатларидан бошпана сўраган 400 минг нафардан зиёд бола айни дамда ҳуқуқий вакуум остида қолмоқа», — деди Дюжаррик. У ЮНИСЕФ номидан ЕИга мурожаат қилар экан, “ўз вақтида керакли қарорларни чиқаришга, болаларни хатарли вазиятлардан асрашга, Иттифоқ давлатлари орасида тезкор маълумот алмашишни йўлга қўйишга” чақирди.

Мавжуд қонунларга кўра, боланинг ЕИ ҳудудида бўлишидан унинг аризаси ўрганилгунга қадар бўлган орадан 11 ойча вақт ўтмоқда. Бу узоқ муддатли жараён болани ота-онаси ва ёки оиласи билан бирга бўлишига ҳалақит қилмоқда, унинг ҳаётини хатарга қўймоқда.

 

5 МАЙ КУНИ ЕР ОРБИТАСИ ЯҚИНИДАН 500 МЕТРЛИ АСТЕРОИД УЧИБ ЎТДИ

5 май кунининг иккинчи ярмида Ер сайёрасига номсиз, 388945 индексли улкан астероид яқинлашиб учган. Кичик осмон жисмлари Халқаро астрономик иттифоқи маълумотига кўра, бу осмон жисми Ер сайёрасидан 5 млн км масофадан учиб ўтган. Маълумотларга кўра, бу осмон жисми Аполлон астероидлари гуруҳига киради. Бу астероид Санта-Каталин тоғидаги Маунт-Леммон обсерваториясида кашф қилинганди. Унинг диаметри 160 дан 490 метргача бўлиб, у Ер учун хавфли объектлар сирасига киритилган. Бундай рўйхатган келажакда Ерга 0,05 астрономик бирликда (7,5 млн км) яқинлашиши мумкин бўлган осмон жисмлари киритилган. Рўйхатга ҳажми камида 150 м ва ундан катта ҳажмга эга бўлган осмон жисмлари киритилган. 5 май куни Ер яқинидан учиб ўтган 388945 индексли астероид 13 соату 8 дақиқа давомида Ой ва Ер орасида сайёра учун яқин масофадан учган. Келажакда у «инсоният бешиги»га янада яқинроқ келиши мумкин.

 

2050 ЙИЛ СЦЕНАРИЙСИ: ОДАМСИЗ ҚОЛАДИГАН ЯҚИН ШАРҚ ВА ШИМОЛИЙ АФРИКА

Яқин Шарқ ва Шимолий Африканинг бир қисми 2050 йилга келиб, инсонсиз қолиши мумкин. Иқлимнинг ўзгариши бу ердан одамларнинг оммавий равишда кўчишига олиб келмоқда. Бу ҳақда германиялик ҳамда кипрлик олимлар олиб борган тадқиқотлар натижасида маълум қилинган. 2016 йилнинг апрель ойи сўнггида 175 мамлакат ҳавога зарарли газлар чиқаришни камайтириш борасидаги шартномани имзолади. Олимларнинг фикрича, бу чора-тадбирлар ҳаво ҳароратининг янада қизиб кетмаслигига сабабчи бўлади. Аммо тадқиқотчиларнинг кўрсатиб беришича, бу хатти-ҳаракатлар Яқин Шарқ ва Шимолий Африкадаги табиий фожиаларнинг олдини ололмайди. 2050 йилга келиб бу ердаги ёзнинг тунлари 46 даража иссиққача, ўртача кунларнинг туни эса 30 даража иссиққача чиқиши мумкин. Минтақада фавқулодда исиш ҳолати бугунги кунга қараганда беш баравар юқори даражани кўрсатади. Юз йиллик сўнгига бориб, ҳаво ҳарорати 50 даражага чиқиши ва бу иссиқлик бир йилда 118 кундан 200 кунгача давом этиши мумкин. Ҳаётнинг оғирлашуви ҳавонинг ифлосланишидан ҳам ёмонлашади. Чунки шамол чўлдан қум зарраларини олиб келади. Олимлар бу хулосаларига 1986-2005 йиллардаги кузатувлари натижаси ўлароқ келишган. Улар келажакда иккита сценарий кўришмоқда: RCP4.5 (2040 йилга келиб ҳаво таркибида буғ гази миқдори камаяди) ва RCP8.5 (ҳаво таркибидаги буғ гази миқдори ошади).

Агар биринчи сценарий содир бўладиган бўлса, юз йиллик сўнгига келиб, ер юзининг устки қатламидаги ҳар квадрат метри 4,5 ватт миқдорида қуёш тиғи остида қолади. Бу бугунги кундаги ҳаво ҳароратидан икки даражага иссиқ бўлади, деганидир. Агар иккинчи сценарий содир бўладиган бўлса, ҳаво ҳароратининг даражаси 2100 йилга келиб, бугунги кундагига қараганда 4 даражага иссиқ бўлади.

Яқин Шарқ ва Шимолий Африкада айни дамда 500 миллион одам яшайди. Бу ердаги иссиқ ҳарорат даражаси 1970 йилга таққослаганда икки каррага ошганлигини кўрсатмоқда. XX аср бошларига келиб, Саудия Арабистони, Ироқ ва Сурия атмосфераси 70 фоизга чангланган. Буни минтақадаги чангли шамоллар ва қурғоқчиликлар билан боғлашмоқда.

 

КАНАДАДАГИ ЎРМОН ЁНҒИНЛАРИ ОҚИБАТИДА 600 ТА ХОНАДОН ЁНИБ КЕТДИ

Канада расмийлари Британия Колумбияси вилоятида кузатилаётган ўрмон ёнғинлари боис махалий аҳолини хавфсиз жойга олиб чиқа бошлади. Ўрмон ёнғинлари минглаб кишиларнинг хаётини издан чиқаприб юборди. Вилоят шимолий-шарқидаги Форт-Сент-Джон шаҳридан 500дан ортиқ киши олиб чиқилди. Блюберри-Ривер аҳоли пунктидан ҳам шунча аҳоли олиб чиқилгани айтилмоқда. Шуни таъкидлаш керакки, бундан аввал ўтган якшанбадан бошлаб мамлакат ғарбидаги Альберта вилоятида ўрмон ёнғинлари бошлангани хақида хабар тарқатилган эди. Мазкур вилоятнинг асосан ҳиндулар истиқомат қиладиган Форт-Мак-Мюррей шаҳри яқинида ёнғинлар ҳамон бартараф этилганича йўқ. Вилоят расмийлари шаҳар атрофида фавқулотда ҳолат жорий қилишга мажбур бўлди. Шаҳарда истиқомат қилаётган 80 мингдан ортиқ киши хавфсиз жойга олиб чиқилди. Одамлар Форт-Макмюррей шаҳридан 300 километр узоқликдаги Лак ла-Биш шаҳрига етиб келди. Форт-Макмюррей шаҳридаги аэропортга самолётлар қўнмаяпти. Учиш-қўниш майдончаларидан одамларни хавфсиз жойга олиб чиқишда фойдаланилмоқда.

Маълумотларга кўра, шаҳардаги бир минг 600 дан ортиқ хонадон ёниб кулга айланган. Қурбонлар ҳамда жароҳат олганлар ҳақида ҳозирча хабар тарқатилмади. Альберта вилоятида кузатилаётган 49та ёнғин ўчоғини бартараф этишга 1 минг 110 нафар ўт ўчирувчи, 145 та вертолёт, 138 дона оғир техника ва 22 та самолёт-цистерна жалб қилинди. Тарқатилаётган хабарларга кўра ўт ўчирувчилар 7 та ёнғин ўчоғи устидан назоратни йўқотган.

Ўрмон ёнғинлари Альберта вилоятининг 100 минг гектар худудини қамраб олди. Бундан аввал 85 минг гектар худуд аланга ичида қолгани айтилган эди.

Мутахассисларнинг фикрича, ўрмон ёнғинлари суғурта компаниялари учун қимматга тушади. Ҳозирча бу рақам 7 миллиард 800 миллион АҚШ доллари миқдорида кўрилмоқда. Шу тариқа мамлакат тарихида энг қимматга тушган табиий офат Алберта вилоятида қайд қилинди. Эслатиб ўтамиз, 2011 йил Альберта вилоятининг Слейв-Лейк шаҳрида юз берган ёнғин оқибатида 374 та бино ёниб кулга айланган, 19 мингта уй қисман вайрон бўлган эди. Ўшанда суғурта компаниялари жабрдийдаларга 500 миллион доллардан ортиқ пул берган эди. Айни дамда ёнғин кузатилаётган Форт-Мак-Мюррей шаҳри эса Слейв-Лейк шаҳридан ўн баробар катта бўлиб, кўриладиган зарар ҳам анча кўп бўлади. Таҳлилчилар бу галги ёнғин Канада тарихидаги энг йирик табиий офат бўлиб қолишини айтишмоқда.

Альберта вилоятидаги ёнғинлар мамлакатдаги нефт қазиб олувчи қувватларнинг учдан бир қисмини ишдан чиқарди. Айрим қувурлар беркитилди. Таҳлилчиларнинг сўзларига қараганда, Альберта вилоятида Канададаги асосий нефть конлари жойлашган. Мутахассисларнинг айтишича, аланга кенг тарқалаётгани боис пайшанба куни бир кечаю кундузда 640 минг баррелни ташкил қилувчи лойихалар тўхтатилган. Айрим нефть конлари ёнғин кузатилаётган худудларда жойлашмаган бўлишига қарамай, еттита компания ва иккита оператор ўз ходимлари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида фаолиятини тўхтатишга қарор қилди. Жумладан, ConocoPhillips фаолиятини тўхтатиб, ходимларини хавфсиз жойга олиб чиқди. Хитойнинг CNOOC компаниясига тегишли Nexen Energy ҳам нефть қазиб олиш борасидаги Long Lake лойиҳасини тўхтатди. Бир кунда 350 минг баррел нефть қазиб оладиган Suncor Energy ҳам Форт-Макмюррей яқинидаги кондаги фаолиятини тўхтатишга қарор қилди.

 

III. МИРЗО УЛУҒБЕК НОМИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИДА

ЎЗМУДА ТИНЧЛИК ДАРСЛАРИ ЎТКАЗИЛДИ

Юртимизда инсонлар мудом қадрли, ўтганлар хотираси эса абадийдир.

9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида Тинчлик дарслари ўтказилмоқда.

Бу дарсларда иккинчи жаҳон урушида қатнашган ва фронт ортида меҳнат қилган нуронийлар, фахрийлар ҳам иштирок этмоқдалар. 6 май куни университетнинг Физика ва Биология-тупроқшунослик факультетларида ўтказилган дарсларда “Қадрият, эътибор ва эъзоз”, “Ватан эркинлиги учун ўз жонини қурбон қилганлар хотираси ҳамиша барҳаёт”, “Хотира муқаддас, инсон қадри азиз”, “Тинчлик қадри” каби мавзулар талабаларда катта қизиқиш уйғотди.

– Муҳтарам Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан 9 май – Хотира ва қадрлаш куни умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланаётгани юртимизда инсон хотираси қанчалик муқаддас, қадр-қиммати азиз эканлигини кўрсатади,– деди университет проректори Давлатбой Жумабоев.– Бу сана урушларда қурбон бўлган миллионлаб юртдошларимиз хотирасига таъзим қиладиган, бугун сафларимизда юрган, осмонимиз мусаффолиги, юртимиз равнақи йўлида хизмат қилган нуронийларга юксак ҳурмат-эҳтиром кўрсатиладиган эзгу маросимдир. Бундай кунларда бугунги тинч ва осуда ҳаёт, мусаффо осмон, тўкинлик ва фаровонликка қандай оғир йўқотишлар, синов ва машаққатлар эвазига эришилгани хаёлимиздан ўтади. Бизга насиб этган мустақиллик, тинчлик ва осойишталикнинг аҳамиятини теранроқ англаймиз. Юртбошимиз таъкидлаганидек, инсон, халқ, миллат тарихий хотира билан тирик ва барҳаётдир. Ҳеч шубҳасиз, бу урушда халқимиз кўрсатган матонат, мардлик ва қаҳрамонлик намуналарини авлодларимиз асло унутмайди, жанг майдонларида бизнинг ўғлонларимиз нимага қодир эканини доимо ғурур ва ифтихор билан эслайди. Биз аввало урушда қатнашган, мардлик ва жасорат кўрсатган фахрийларини, шулар қаторида фронт ортида меҳнат қилган юртдошларимизни, бутун халқимизни табриклаш билан бир қаторда, урушдан қайтмаган ватандошлар хотираси олдида бош эгиш барчамиз учун ҳам қарз, ҳам фарздир.

Тинчлик дарсларида иштирок этган ветеранлар Равшан Охунов ва Шуҳрат Шоназаров Афғонистонда байналмилал жангларида кўрган-кечирганларини сўзлаб бердилар.

Дарҳақиқат, хотира – ўтганларни эслатиб туради, ўзликни англатади. Қадр – инсонни улуғлайди, жамиятни безайди. Хотира ва қадрлаш куни мазмун-моҳиятида ана шундай эзгу тамойиллар мужассам. Юртимиз мустақиллиги йилларида мамлакатимизда тинчлик-осойишталик, ҳамжиҳатлик ва бағрикенглик мустаҳкам қарор топди. Катталарга ҳурмат, кичикларга иззат, меҳр-оқибат туйғулари одамлар қалби ва шууридан чуқур жой олди. Аждодлар хотирасини ёд этиб, эзгу ишларини давом эттириш, бугун сафларимизда юрган, элу юрт тинчлиги ва равнақи йўлида хизмат қилган кексаларни эъзозлаш маънавий ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланди.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек, истиқлол даврида туғилиб вояга етган, мустақил ва янгича фикрлайдиган, буюк мақсадлар сари интилаётган фарзандларимиз ота-боболаридан мерос бўлиб қолган ўз юртини, туғилган тупроғини муқаддас деб билиши, унинг эртанги ёруғ куни учун бутун борлиғини бағишлашга, керак бўлса, жонини фидо қилишга тайёр бўлиши – буларнинг барчаси бугун ҳал қилувчи кучга айланиб бораётган ёшларимиз ҳаётининг узвий бир қисмига айлангани ҳаммамизга ишонч ва куч-қувват бағишлайди.

 

ТИНЧ ВА ОСОЙИШТА ҲАЁТ ГАШТИ

Тинч ва осойишта ҳаёт қанчалик гаштли эканини ортиқча изоҳлашга ҳожат бўлмаса керак. Муҳтарам Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан 9 май – Хотира ва қадрлаш куни мамлакатимизда умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланмоқда. Шу муносабат билан ҳар йили Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида қатор маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилиши ўзига хос анъанага айланган.

Айтиш жоизки, умрини илм-маърифат ва мураббийликка бахшида этган ўнлаб устозлар иккинчи жаҳон урушида ва фронт ортида хизмат қилганлар. Бугун бу табаррук инсонларнинг дилтортар суҳбатларидан баҳраманд бўлиш кишига олам-олам завқ бағишлайди. Ана шундай азиз отахон устозлар билан 7 май куни тўкин дастурхон атрофида ўтказилган маърифий тадбир “Тинч ва осойишта ҳаёт гашти” деб номланди.

– Иккинчи жаҳон урушида ва байналмилал жангларда жасорат кўрсатган оталар хотирасини ёд этиб, уларнинг эзгу ишларини давом эттириш, бугун сафларимизда юрган, осмонимиз мусаффолиги, юртимиз равнақи йўлида хизмат қилган нуронийларни эъзозлаш муқаддас бурчимиздир,– деди ЎзМУ биринчи проректори Файзулла Агзамов.– Давлатимиз раҳбарининг “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармони урушда ҳалок бўлган юртдошларимиз хотирасига, оловли жанггоҳлардан омон қайтган боболаримизга, оғир кунларни сабр-бардош билан енгган момоларимизга кўрсатилаётган эҳтиромнинг ёрқин ифодасидир. Биз ўша оловли жанггоҳларда жасорат кўрсатиб қайтгач, узоқ йиллар университетимизда фаолият кўрсатган отахон устозлар билан ҳақли равишда фахрланамиз. Айтиш ўринлики, ЎзМУ мураббийлари ва талабалари байрам олдидан ана шундай табаррук устозларнинг хонадонларига боришиб, ҳолидан хабар олдилар ва қутлуғ сана муносабати билан совғалар улашдилар. Бугун тўкин дастурхон атрофида давом этган маърифий тадбир ҳам нуроний устозларга олам-олам завқ бахш этди.

– Шу улуғ айёмда биз аввало Ватан, келгуси авлодлар ҳаёти учун жонини қурбон қилган мард ва жасур қуролдошларимиз руҳи олдида бош эгамиз,– дейди бу йил 90 баҳорини қаршилаган уруш ногирони, Журналистика факультетида узоқ йиллар декан ва бошқа лавозимларда фаолият кўрсатган доцент Анвар Шомақсудов.– Буюк ғалабага эришганимизга 71 йил бўлишига қарамасдан халқимиз ўша мудҳиш кунларни алам, армон, изтироб билан эслаши бежиз эмас. Бугунгидек ёдимда, урушдан олдин Ўзбекистонда 6,5 миллионга яқин аҳоли яшаган бўлса, шундан 1,5 миллион йигитлар қўлларига қурол олиб, қирғинбарот жангларга кетган. Улардан 500 мингга яқини урушдан қайтмаган… Тирик қайтганларининг ҳам қанчаси майиб-мажруҳ, қўлсиз ёки оёқсиз эди… Толеимизда жонажон Ўзбекистонимизни мустақил давлат сифатида кўриш ҳам бор экан, бу қанчалик беқиёс бахт эканини таърифлашга тил ожизлик қилади. Шундай экан, тинч ва осойишта ҳаётнинг қадрига етиб, ҳар лаҳзамизни эзгуликка, бунёдкорликка, ижодга ва бошқа яхши ишларга бахшида этишимиз ҳам фарз, ҳам қарздир.

Бу йил 94 баҳорини қарши олган ЎзМУ профессори, таниқли файласуф олим Абдулла Аюповнинг сочлари айнан иккинчи жаҳон урушида оқариб кетгани ҳақида тенгдош дўстлари ва шогирдлари яхши биладилар. 24 ёшида оловли жангларда танкни бошқариб бораётган йигитлар даҳшатли портлашга дуч келади. Олов ичида қолган жасур ўзбек ўғлони ташқарига чиққанида ҳам фашист-газандалари билан мардларча олишишга тўғри келади. Бир нечта газандани ер билан яксон қилгач, у бошидан каскасини олганида сафдошлари қотиб қоладилар. Негаки, Абдулланинг сочлари ўша лаҳзаларда оппоқ бўлиб қолганди…

– Бугунги дориломон кунларимизга ҳарқанча шукроналар қилсак арзийди,– дейди уруш ветерани Абдулла Аюпов.– Тинч ва осойишта ҳаётимизда мен азиз Юртбошимиз Ислом Каримовнинг ғамхўрликларини ҳамиша дилдан ҳис этаман. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек, ҳаётнинг ўзи бир ҳақиқатни такрор ва такрор исботлаб бермоқда. Яъни тарихни билмаган, тарихни унутган, тарихдан хулоса чиқармаган ҳар қандай инсон, ҳар қандай халқ ўз йўлидан адашиши, бир вақтлар йўл қўйган хатоларини яна такрорлаши мумкин. Биз бугун қандай шиддат билан ўзгариб, ён-атрофимизда қарама-қаршилик, хавф-хатарлар кучайиб бораётган нотинч замонда яшаётганимизни кузатиш ва англаш қийин эмас. Энди Ўзбекистонимиз мустақил тараққиёт йўлида қандай улкан, бошқаларнинг ҳавасини тортадиган ютуқ ва марраларга эришган бўлса, буларнинг барчасининг негизи — юртимизда тинч ва осуда ҳаёт, миллатлар ва фуқаролараро тотувлик, ўзаро меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатликни асраб-авайлаб келаётганимизда. Албатта, тинч ва осойишта ҳаёт, барқарорлик ўз-ўзидан бўлмайди. Бунинг учун барчамиз шу мусаффо осмонни сақлаш, асраш учун курашишимиз, фидойилик кўрсатишимиз даркор.

Маънавий-маърифий тадбирда сўзга чиққан бошқа ветеренлар ҳам тинчлик ва осойишта ҳаётимиз абадий бўлиши учун барчамиз, айниқса, ёшларимиз мудом огоҳ ҳамда сергак бўлишлари лозимлигини таъкидладилар.

Тадбир давомида дилрабо куй-қўшиқлар даврага янада файз киритди.

 

ИТАЛИЯНИНГ PISA УНИВЕРСИТЕТИ ПРОФЕССОРИ ЭЪТИРОФИ

Халқаро алоқалар, илмий ҳамкорликлар таълим тизими тараққиётида ғоят муҳим ўрин тутади. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида бундай халқаро алоқалар тобора такомиллашиб бормоқда.

Навбатдаги шундай илмий-амалий учрашув 7 май куни университетнинг намунали даканат тадбирлар залида ўтказилди. Унда Италиянинг Pisa университети профессори Marco Abate Италия ва Европанинг бир нечта университетларида амалдаги таълим тизими, профессор-ўқитувчиларнинг дарс ўтиш усуллари ва амалий дарс жараёнлари ҳақида батафсил маълумот берди.

Шу билан бир қаторда хорижлик олим юртимизда мустақиллик йилларида таълим тизимида олиб борилган улкан ислоҳотлар натижалари билан танишгани, соҳадаги ўзгаришлар халқаро стандартларга мос келиши ва бугун давом этаётган амалий тадбирлар унинг мантиқий давоми эканлигини алоҳида такидлади.

У Ўзбекистонда миллий таълим тизимидаги бирқанча жиҳатларни, хусусан “Устоз-шогирд” анъанасини юксак баҳолади. Зеро, у юртига қайтгач, бу анъанани ўзбекона тажриба сифатида ўзларининг таълим тизимига жорий қилишини ва ундан самарали натижа кутишини этироф этди.

Илмий-амалий учрашувда иштирок этишган ЎзМУ профессор-ўқитувчилари, кафедра мудирлари ва факультетлар деканлари бу мавзуда ўзларини қизиқтирган саволларига атрофлича жавоблар олдилар.

 

УЧ АВЛОД УЧРАШУВИ

Аждодлар жасорати – авлодлар учун бебаҳо маънавий меросдир.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг қарийб бир асрлик тарихи мобайнида ўнлаб академиклар ва профессорлардан бебаҳо илмий мерослар қолган. Биргина илмий мактабларнинг ўзи асрларга татигулик мерос ҳисобланади. Ундан ташқари қанчадан-қанча дарсликлар, ўқув қўллармалар ва ишланмалардан бугунги ҳамда келгуси авлодлар самарали фойдаланадилар.

9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Биология-тупроқшунослик факультетида ўтказилган “Уч авлод учрашуви”да иккинчи жаҳон урушида иштирок этган ҳамда урушдан кейинги йилларда самарали фаолият кўрсатишган устозлар хотираси ёдга олинди.

Дарҳақиқат, Аҳрор Тўлаганов, Теша Зоҳидов, Ёрқин Тўлаганов, Жўра Мусаев каби академикларнинг илмий мактабларидан бугунги факультет тадқиқотчилари ва талабалари сабоқ олаётганлари билан фахрланадилар.

Шундай устозлар хотирасига бағишлаб тайёрланган “Меҳр абадий, хотира муқаддас!” деб номланган видеоролик тадбир иштирокчиларида илиқ таассурот қолдирди.

Учрашувда биринчи авлод ҳақида видеоролик орқали маълумот олинган бўлса, иккинчи авлодга мансуб мураббийлар ўша устозлар ҳақидаги хотираларини сўзлаб бердилар.

Бундан ўзларига тегишли хулосалар чиқаришган учинчи авлод вакиллари ҳисобланмиш талабалар ва ёш тадқиқотчилар улуғ устозларнинг ана шу эзгу ишларини изчил давом эттиришлари ҳам фарз, ҳам қарздир.

 

“ҚУВНОҚЛАР ВА ЗУККОЛАР” ИСТЕЪДОДЛАРНИ КАШФ ЭТАДИ

Қувноқ талабалар зукко ҳам бўлиши керак! Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида бундай ёшлар кўпчиликни ташкил этишади.

“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг ЎзМУ бошланғич ташкилоти томонидан 29 апрель куни ташкил этилган “Қувноқлар ва зукколар” кўрик-танлови ана шундай талабалар учун ўзига хос имконият майдонига айланди. Танловда Биология-тупроқшунослик факультетининг “Биоквадрат”, Тарих факультетининг “Уддабуронлар”, Иқтисодиёт факультетининг “Тадбиркор”, Механика-математика факультетининг “Максимум” ҳамда Хорижий филология факультетининг “Хорижий бўлалар” жамоалари ўзаро беллашдилар.

Улар 3 та шарт бўйича ўз истеъдодларини намойиш этдилар. Яъни, танишув шарти бўйича “Янги мавсум муборак”, савол-жавоб шарти бўйича “Интернетда ёзилишича…”, мусиқий чиқиш шарти бўйича “Сўнгги янгиликлар” мавзулари чинакам истеъдодларни кашф этди, десак муболаға бўлмайди. Унда ҳар бир жамоанинг ҳазил-мутойибаларга бой чиқишлари мухлисларда катта қизиқиш уйғотди.

– Бу саҳна кўринишлари замирида ёшларни ватанпарварлик, инсонийлик, тинчлик ва дўстликка чорловчи ғоялар мужассамдир,– дейди “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ЎзМУ бошланғич ташкилоти етакчиси Шукурилло Анваров.– Уларни теран нигоҳ билан кузатган ёшлар қалбида она Ватанга муҳаббат туйғулари жўш уриши табиий. Айни пайтда йигит-қизлар орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, четдан кириб келаётган “оммавий маданият”нинг олдини олишга қаратилган саъй-ҳаракатлар ҳам ўз ифодасини топган.

Қизиқарли ўтган кўрик-танловда “Уддабуронлар” 1-, “Тадбиркор” 2-, “Максимум” ва “Хорижий бўлалар” жамоалари 3-ўринни қўлга киритдилар.

 

ЗАКОВАТ СОҲИБЛАРИ

Бугун “Камолот заковатчилари” сифатида ўзаро беллашаётган ёшлар бир кун камолга етганларида чинакам заковат, илму маърифат соҳибларига айланадилар.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети том маънодаги заковатчилар маскани, десак асло муболаға бўлмайди. Бу даргоҳда тез-тез ана шундай ёш тафаккур соҳиблари иштирокида турли тадбирлар ўтазилиши одатий ҳолга айланган.

12 май – ЎзМУ ташкил этилган кунга 98 йил тўлиши муносабати билан бу ерда “Фахрим, зиё масканим – Миллий университет” шиори остида ўтказилаётган талаба-ёшлар фестивали барчада катта қизиқиш уйғотмоқда.

Ана шу фестивал доирасида “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг ЎзМУ бошланғич ташкилоти томонидан “Камолот заковатчилари” очиқ турнири бўлиб ўтди. Унда 17 та олий таълим муассасаси ҳамда ЎзМУнинг 11 та факультети жамоалари ўзаро беллашдилар.

Қизиқарли ўтган беллашувларда ЎзМУнинг “Ёрқин юлдуз” ва “Фортуна” жамоалари 1- ва 3-, ЎзДЖТУнинг “Дипломат” жамоаси 2-ўринни қўлга киритди.

– Илму маърифатга интилган йигит ё қиз келгусида албатта етук инсон бўлиб вояга етиши шубҳасиздир,– дейди “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ЎзМУ бошланғич ташкилоти етакчиси Шукурилло Анваров.– Бугун заковат ё тафаккур майдонида ўзлигини намоён этаётган талабалар аввало соғлом фикрли ёшлар эканлигини изоҳлашга ҳожат йўқ. Улар билимлари ва маънавий оламига яраша эзгу мақсадлар сари интиладилар. Умид билан суқулган таёқ, бир кун берар мева-ю япроқ, деганларидек, ёш заковат соҳиблари келгусида албатта улуғ орзуларига эришадилар.

 

Материаллар ЎзМУ Ахборот хизмати томонидан тайёрланди.

Унда республика ОАВ хабарларидан фойдаланилди.

 

Факультет деканининг Маънавият ва маърифат ишлари бўйича ўринбосари диққатига!

 

“Ахборот соатлари” маълумотлари юзасидан савол пайдо бўлса ЎзМУ Ахборот хизмати раҳбари Тўлқин Эшбековга мурожаат қилишингиз мумкин.

Телефон: +99890 9120963.

Электрон почта: tueshbek@mail.ru

Манба: nuuz.uz

 

You may also like...

24 Responses

  1. Ajdodlar xotirasini yod etish muqaddas burch. Istiqlol sharofati bilan ularning nomlari qayta tiklandi. Buning uchun yurtboshimizga va mustaqillikka raxmat. O’tganlarning ruhi doimo shod bo’lsin!

  2. Zaynobiddin Qodirov:

    «2016 ЙИЛДА ПАХТА МАЙДОНЛАРИ 30,5 МИНГ ГЕКТАРГА ҚИСҚАРТИРИЛДИ» xabarnomada berilayotgan ma’lumotlarga qo`shimcha qilib shuni aytish mumkinki, Infensitev bog`larning barpo etilishi, bunga O`zbekiston va Rossiya o`rtasidagi «Qishloq xo`jalik mahsulotlari» to`g`risidagi hamkorlik shartnomasi ham sabab bo`lganini aytish mumkin.

  3. Zaynobiddin Qodirov:

    «2016 ЙИЛДА ПАХТА МАЙДОНЛАРИ 30,5 МИНГ ГЕКТАРГА ҚИСҚАРТИРИЛДИ» xabarnomada berilayotgan ma’lumotlarga qo`shimcha qilib shuni aytish mumkinki, Infensitev bog`larning barpo etilishi, bunga O`zbekiston va Rossiya o`rtasidagi «Qishloq xo`jalik mahsulotlari» to`g`risidagi hamkorlik shartnomasi ham sabab bo`lganini aytish mumkin.

  4. «2050 ЙИЛ СЦЕНАРИЙСИ: ОДАМСИЗ ҚОЛАДИГАН ЯҚИН ШАРҚ ВА ШИМОЛИЙ АФРИКА»
    mazkur xabarnomada berilayotgan statestik ma’lumotlarga qo`shimcha qilib Yer sayyorasidagi platalarning ko`chib yurishi, Orbitaning goh torayib, goh kengayib turishini astronomiya sohasida ilmiy ishlar qilayotgan jahon olimlarining qarashlarida 2020- yilning eng issiq kelishi va so`ngra yana sovib borishini hisobga oladigan bo`lsak 2050-yilga kelib Afrika balki butun dunyo havo harorati yana birmuncha izga tushib qoladi. 2100-yilga kelib bu harorat o`rtacha dunyo bo`ylab sovuq hududlarda -17, -21 C bo`lsa, issiq hududlarda 0, +5 C bo`ladi.

  5. «5 МАЙ КУНИ ЕР ОРБИТАСИ ЯҚИНИДАН 500 МЕТРЛИ АСТЕРОИД УЧИБ ЎТДИ» mazkur xabarnomada keltirilgan ma’lumotga qo`shimcha qilib yana shunday ma’lumotlarni berish mumkin. Quyosh tizimidagi 6-orbita Appalon bo`lib, unbda 7,9 mlrd dan ziyod metiaredlar aylanib yuradi. Demak bunday hollarni tabiiy hol sifatida qabul qilsak ham hech mubolag`a bo`lmaydi.

  6. «УРУШ ҲЕЧ ҚАЧОН, ҲЕЧ ҚАНДАЙ ШАКЛДА ҚАЙТАРИЛМАСИН» mazkur maqolaning sarlavhasi juda topib aytilgan va tanlanganligi bilan alohida maqtovga munosib. Darhaqiqat hozirgi dunyoda ketayotgan axborot, Yadroviy qurollar, Biologik va yaqindan boshlab Psixologik dasturlovchilar urushi ketayotgan qaltis zamonda yashayotganimizni hisobga olsak bu dunyodagi eng ezgu tilak bo`lib har qanday millat, elat, xalqlarning ich-ichidan topib aytilgan buyuk so`zdir.

  7. Jumamurodova Muyassar:

    Ajdodlar xotirasini yod etish qatorida keksalarimizning holidan xabar olish, ularning duosini olish, biz yoshlarning burchidir.

  8. Qodirjon Yusupov:

    Ana shunday bir biridan qiziqarli tadbirlar, biz talaba toshlarni birlashtiradi, aktiv bo’lmagan ba’zi talabalarni o’z qiziqishlari bo’yicha fakultetda va yoki guruhda o’z o’rnilarini topishlariga yordam beradi. Boshqa Oliy ta’lim muassasalari talabari bilan do’stlashish, fikr almashish imkonini yaratadi. Shunday tadbirlarni tashkillashtiruvchi tashkilotchilardan biz yoshlar doim minnatdormiz!

  9. Qodirjon Yusupov:

    Darhaqiqat aytganingizdek, Milliy Universitet haqiqiy zakovatchi va QVZ chilar makoni. Haqiqiy iste’dodlarnu tarbiyalagan bilim yurti desak mubolaga’ bo’lmaydi!

  10. Prezidentimiz Islom Karimov tashabbusi bilan e’lon qilingan 9 may – “Xotira va qadrlash kuni” mamlakatimizda umumxalq bayrami sifatida keng nishonlanadi. Inson xotira bilan tirik, qadr bilan ulug’. O’tganlarni, ularning xayrli ishlarini, jasoratini yodga olmoq, e’zozlamoq xalqimizga xos ezgu fazilatlardandir.
    Binobarin, Xotira, bu – unutmaslik, deganidir. Sohibqiron Amir Temur ham so’zini “Bizkim…” deya o’z Vatanini, xalqini, ajdodlarimiz hurmatini bajo etish bilan boshlagan. O’z navbatida, Mirzo Ulug’bek ham, shoir va sarkarda Bobur ham, shoirlar sultoni Alisher Navoiy ham ajdodlar ruhiga munosib, buyuk ishlarning davomchisi bo’lishga intilganlar. Shuning bilan birga, xotira tiriklik chashmasidir. Undan imon-e’tiqod bilan suv ichganlar avlodi qudratli va salohiyatli bo’ladi.Albatta ajdodlarni yod etish buning vazifamizdir ularning buyuk ishlarini biz albatta davom etirmog’imiz kerak.Biz albatta ularga munosib avlod bo’lib yetishamiz.

  11. 5 ta yangi kanal ochilishi juda yaxshi yangilik-ku biz uchun.

  12. Bo`lib o`tgan » zakovat» tadbiri juda qiziq va hamma uchun juda foydali bo`ldi.

  13. O`zbekiston Milliy assotsiatsiyasi faoliyatidagi yangilik ular olib borayotgan samarali faoliyatdan kengroq xabardor bo`lish imkonini tug`diradi. Assotsiatsiya tomonidan ikkita xususiy kanal ochishga tayyorgarlik ishlarining ketayotgani ham quvonarli hol. Bu tomoshabinlarning tanlov imkoniyatini yanada oshishiga xizmat qiladi, albatta.

  14. Ma’lumotlar uchun rahmat. Italiyaning Risa universiteti professorining yuksak e’tirofi, albatta, o’quv dargohimizning har bir talabasiga g’urur bag’ishlaydi.

  15. 9- may »Xotira va qadrlash kuni» munosabati bilan O’zbekiston Milliy Universitetida Tinchlik darslari o’tkazilganildi. Tinchlik tog’risida darslar tashkillashtirishning o’zi, yurtimizda bu mavzuning naqadar dolzarb va ahamiyatli ekanidan dalolatdir. Darslarda 2-jahon urushida qatnashgan va front ortida mehnat qildan nuroniylar va faxriylar ishtirok etishgani albatta yoqimli va qiziqarli holat. Bu tadbir tinchlik qadrini va unga erishish uchun har qanday qiyinchiliklardan o’ta olishda kuch to’play bilish eng ahamiyatli omil ekanligini yoshlarga tushintirish uchun tashkillashtirilgan. Bunday tadbirlarni o’zgacha ruhda olib borish ham mumkin. Masalan, Xotira va qadrlash kunigacha qiziqqon yoshlar (Xoh u jurnalist bo’lsin xoh siyosatchi, xoh shifokor bo’lsin xoh o’qituvchi kim bo’lishidan qat’iy nazar) veteranlar va front ortida xizmat qilgan keksa nuroniylar bilan erkin suhbat qurishsin, yaqindan tanishishsin. Va ulardan urush zamonidagi insonlar munosabati haqida bilib olishsin. Dildan suhbatlashish yakunida talaba yoshlarga shu mavzuni sahna ko’rinish yoki videorolik tayyorlash vazifasi topshirilsin. Ana shundagina yoshlar tinchlik zamonida yashayotganimizni yurak yurakdan his etishadi. Sababi ular eshitgan voqealarini o’ynagan ro’llari orqali yanada chuqurroq his eta olishadi. Bu yo’l bilan yoshlarning yuragiga bo’ronday kirish, tinchlikni asrashda esa posbonday bo’lishga undash mumkin. Tadbirdan ko’zlangan asosiy maqsad ham mana shudir. Ya’nikim tinchlikni qadrlas!!!

  16. 5ta kanal ochilishi biz jurnalistlarga ko’rsatilayotgan e’tiborning namunasi hisoblanadi. Jurnalist davlat va xalq o’rtasidagi ko’prikdir. Davlatimiz mana shu ko’prik orqali xalqimizning muommalarini hal etishni maqsad qilishgani ma’lum bo’ladi.

  17. Universitetimizning nufuzi kun sayin ortib bormoqdaki, buning isbotini biz xalqaro universitetlar professor o’qituvchilari hamda akademiklari ta’rifida ko’rishimiz mumkin. Mana shunday zafar quchgan, zalvorli mehnat qilgan universitetimizga sira ko’z tegmasin. Milliy universitet deyilganda, yuraklarimiz hapqirib ketsin. Oliygohim baxting hamisha bardavom bo’lsin.

  18. 2016 — yilda paxta maydonlarining 30.5 ming gektarga qisqartirilishi bu O’zbekistonda ishlab chiqarishning rivojlanib borayotganligidan dalolat beradi bu esa yashash tarzini yaxshilaydi

  19. 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида Тинчлик дарслари ўтказилмоқда. Xuddi shunday darslardan birini bizga A. Meliboyev ustozimiz ham o’tib bergan edilar. Juda maroqli dars bo’lgandi. Bugungi tinch zamonlarga yetgunga qadar qancha insonlar o’z jonlarini fido qilganlariga alohida e’tibor qaratgandilar.

  20. Urushda g’olib va baxtli qo’shin, hukmdor va tuzum bo’lishi mumkin,ammo g’olib va baxtli inson bo’lmaydi. Chunki urush odamni odam o’ldirishga majbur qiladi. Odam o’ldirgan inson esa hech qachon baxtli bo’lolmaydi.( O’. Hoshimov)

  21. Paxta maydonlarining qisqartirilishi, buning òrniga bog’dorchilik va poliz mahsulotlarini yetishtirish hajmining ortishi iqtisodiyotni rivojlantirish yòlidagi navbatdagi qadam desak mubolag’a bòlmaydi. Chet davlatlardan tushayotgan talab asosida, meva-poliz mahsulotlarini eksport qilishni yanada rivojlantirish rahbariyatimizning oqilona siyosatidan dalolat beradi.

  22. 9 may «xotira va qadirlash» kuni sifatida bir necha yillar davomida nishonlanib kelmoqda. bu tadbirlar mehnat va urush fahriyarini ko’nglini ko’tarishga qaratilgandir.

  23. Ozbekistonda 5 ta yangi telekanal ochilganligi jamiyatimiz O.A.V da ulkan yutuqlarga erishayotganligini ko’rsatadi.

  24. Mashum urush uning insoniyat boshiga solgan kulfatu daxshatlari haqida gapirish biz yoshlar uchun oson emas. Daxshatli urush haqida ota bobolarimiz yozib qoldirgan xotiralar, 2-jaxon urushi qatnashchilari bilan o’tkazilgan uchrashuvlardagi suxbatlar ko’z oldimda go’ya kino tasmasidek birma bir o’tdi. Haqiqatdan ham bu aziz Vatanda inson qadri ulug’ o’tganlar xotirasi muqaddasdir. Bu haqda so’z yuritganda eng avvalo bizning e’tiborimiz markazida turgan eng sharafli vazifamiz urishda qatnashgan, bugun safimizda bo’lgan har qadamda bizni qo’llab quvatlab kelayotgan faxriylarimiz haqida alohida to’talib o’tmoqchiman. Beshavqat urishda qatnashgan front ortida o’zini ayamasdan mehnat qilgan vatandoshlarimizni qadrlash ezozlash ularni eslab holidan xabar olish ruhini ko’tarish, bunday ezgu ishlarni amalga oshirish barchamizning eng oliy janob burchimiz bo’lishi shart!!!

Добавить комментарий для Tursunova Javhar Bakir qizi Отменить ответ

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>