“АХБОРОТ СОАТЛАРИ” № 35-2017

Ҳафтанинг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеалари (15-20 май кунлари)

МИРЗО УЛУҒБЕК НОМИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИ

“АХБОРОТ СОАТЛАРИ” № 35-2017

Ҳафтанинг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеалари (15-20 май кунлари)

 ТОШКЕНТ

ЎзМУ – 2017

 

Факультет деканининг Маънавият ва маърифат ишлари бўйича ўринбосарлари ва мураббийлар диққатига! Талабаларга “Ахборот соатлари” материаллари билан www.nuu.uz ва www.uchildiz.uz веб-сайтлари орқали ҳам танишиш тавсия этилиши мақсадга мувофиқдир.

 

I. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДАГИ ИҚТИСОДИЙ, ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ВОҚЕАЛАРГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАР

 

ЎЗБЕКИСТОН ПРЕЗИДЕНТИ ТУРКМАНИСТОНГА КЕЛДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг таклифига биноан 19 май куни амалий ташриф билан Туркманистонга келди.

Туркманбоши халқаро аэропортида олий мартабали меҳмон шарафига Ўзбекистон ва Туркманистон давлат байроқлари кўтарилди, фахрий қоровул саф тортди.

Туркманбоши шаҳрида ўтадиган учрашув ва музокаралар Президентимизнинг жорий йил 6-7 март кунлари Туркманистонга давлат ташрифи доирасида ўтган олий даражадаги мулоқотнинг мантиқий давоми бўлиб, уларда мамлакатларимиз ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликка доир долзарб масалалар муҳокама қилинади, минтақавий ва халқаро муаммолар юзасидан фикр алмашилади.
Икки давлат Президентларининг музокаралари якунида турли соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган ҳукуматлараро, идоралараро ва бошқа қатор ҳужжатлар имзоланиши кўзда тутилган. Мамлакатларимиз ишбилармон доиралари вакиллари ўртасида ўзаро манфаатли тижорат шартнома ва битимлар имзоланиши кутилмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев «Аваза» миллий сайёҳлик зонасининг «Камалак» болалар кўнгилочар боғида ўзбекистонлик болалар билан учрашди.
Жорий йилнинг май ойи бошида Президентимиз Шавкат Мирзиёев билан Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг телефон орқали мулоқотида Туркманистон Президенти Каспий соҳилидаги болалар соғломлаштириш марказлари ўзбекистонлик болаларни қабул қилишга тайёрлигини билдирган эди.
Ушбу таклифга биноан Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Навоий ва Хоразм вилоятларидан 100 нафар бола “Даянч” болалар соғломлаштириш марказига юборилди. Шавкат Мирзиёев болалар билан дам олиш таассуротлари, туркманистонлик тенгдошлари билан дўстлик муносабатлари тўғрисида суҳбатлашди, соғломлаштириш марказида яратилган шароитлар билан қизиқди. Болаларга совғалар берди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистонга амалий ташрифи давом этмоқда.

 

ЎЗБЕКИСТОН ВА ТУРКМАНИСТОН ДЕЛЕГАЦИЯЛАРИНИНГ КЕНГАЙТИРИЛГАН ТАРКИБДАГИ МУЗОКАРАЛАРИ БЎЛДИ

Шавкат Мирзиёев ва Гурбангули Бердимуҳамедов музокарани Ўзбекистон ва Туркманистон расмий делегациялари иштирокида давом эттирдилар.
Музокарада мамлакатларимиз ўртасида иқтисодиётнинг турли соҳалари бўйича ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилди. Ёқилғи-энергетика, қишлоқ хўжалиги, кимё ва металлургия саноати, сув хўжалиги иншоотларидан фойдаланиш, сайёҳлик каби йўналишлардаги ҳамкорлик устувор аҳамият касб этиши таъкидланди.
Икки мамлакатнинг тегишли вазирлик ва идоралари раҳбарларига жорий йилнинг март ойида Президентларнинг музокараларида эришилган келишувлардан самарали фойдаланиш, уларни ҳаётга изчил татбиқ этиш, ишбилармонларнинг ўзаро алоқаларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш вазифалари топширилди.
Маданий-гуманитар ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти хотирасини абадийлаштирилиш мақсадида Туркманобод шаҳрининг марказий кўчаларидан бирига Ислом Каримов номи берилгани ва бу кўчада Юртбошимиз ҳайкали очилгани туркман элининг халқимизга ҳурмат ва эҳтиромининг ёрқин намунаси бўлди. Ислом Каримовнинг мазкур ёдгорлик мажмуига битилган «Биз қадрлашимиз ва юксалтиришимиз зарур бўлган муҳим бойлик – бу мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро ишончдир» деган сўзлари ўзбек ва туркман халқларининг мақсад ва ниятини ифода қилади.
Куни кеча Тошкент шаҳри марказида буюк туркман шоири Махтумқули хотирасига ёдгорлик ўрнатилгани ва унинг номидаги кўча очилгани халқларимиз ўртасидаги қадимий қардошлик ришталари доимо мустаҳкам эканининг яна бир амалий ифодаси бўлди.

 

ЎЗБЕКИСТОН ВА ТУРКМАНИСТОН ЎРТАСИДА ЎЗАРО МАНФААТЛИ ҲУЖЖАТЛАР ИМЗОЛАНДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистонга амалий ташрифи давомида қатор муҳим келишувларга эришилди.
Музокаралар якунида икки мамлакат вазирлик ва идоралари ўртасида нефть-газ, энергетика, фан-таълим, экология, транспорт-логистика, туризм ва спорт соҳаларидаги алоқаларни изчил ривожлантиришга доир қатор ҳужжатлар имзоланди.
Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда Шавкат Мирзиёев ва Гурбангули Бердимуҳамедов музокаралар ўзаро ҳурмат, ишонч ва ишчанлик руҳида ўтганини, эришилган келишувлар истиқболда Ўзбекистон – Туркманистон ҳамкорлигини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқишини таъкидладилар.
Туркманистон Конституцияси қабул қилинган кун ҳамда буюк шоир Махтумқули таваллуди куни муносабати билан туркман халқини табриклайман. Шоир таваллуди Ўзбекистонда ҳам кенг нишонланди, унинг номидаги кўча ва ёдгорлик очилди. Биз шу кўчада Ашхобод боғини ташкил қиламиз, бу икки давлат ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг рамзи бўлиб қолади, деди Шавкат Мирзиёев. Музокарада ҳамкорликнинг янги йўналишларини ишга солиш, савдо-иқтисодий алоқалар қамровини кенгайтириш, ҳудудларнинг тўғридан-тўғри ҳамкорлигини ривожлантиришга келишиб олдик.
Туркманистон ва Ўзбекистон халқаро майдонда бир-бирини қўллаб-қувватлаб келмоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси каби халқаро тузилмалар доирасида ҳам изчил ҳамкорлик қилинмоқда, деди Гурбангули Бердимуҳамедов. Бугун имзоланган ҳужжатлар ўзаро ҳамкорлигимизнинг кўламини кенгайтириб, унинг ривожига янги суръат бахш этади.
Туркманобод-Фараб автомобиль ва темир йўл кўприкларининг очилиши самарасида юк ташиш кўрсаткичи 2,5 баробар ортгани қайд этилди.
Музокараларда мамлакатларимиз манфаатлари муштараклиги, кўп қиррали муносабатларни ҳар томонлама ривожлантириш учун қатъий хоҳиш мавжудлиги, давлатларимиз ўзаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш учун улкан салоҳият ва имкониятларга эга экани таъкидланди.

 

ПРЕЗИДЕНТЛАР ЎЗАРО ҲАМКОРЛИКНИ ЯНАДА РИВОЖЛАНТИРИШ ЮЗАСИДАН ФИКР АЛМАШДИЛАР

Туркманбоши шаҳридаги “Аваза” конгресслар марказида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг яккама-якка суҳбати бўлди.
Музокарада мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик барча соҳаларда изчил ривожланиб бораётгани, Ўзбекистон раҳбарининг мазкур ташрифи ўзаро ишонч, ҳурмат ва манфаатдорлик асосидаги шерикликка янги суръат бахш этиши ва уни янада юқори босқичга кўтаришга хизмат қилиши таъкидланди.
Президентлар мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларнинг бугунги ҳолати ва истиқболига оид масалалар, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик муаммолар юзасидан атрофлича фикр алмашдилар.

Давлат раҳбарлари жорий йилнинг март ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистонга давлат ташрифи доирасида эришилган келишувларнинг амалий натижалари кўламини янада кенгайтириш, ўзаро алоқаларни янги мазмун билан бойитиш учун барча имкониятлар етарли эканини қайд этдилар.
“Аваза” ҳудудида учрашаётганимиз бежиз эмас, деди давлатимиз раҳбари. Ўзбекистон Туркманистон портлари орқали Каспий денгизига, халқаро транспорт йўлакларига чиқишни мақсад қилган.
Икки давлатнинг тинчликпарвар ташқи сиёсати, халқаро муаммолар борасида бир-бирини қўллаб-қувватлаши, турли таҳдидларнинг олдини олиш масалаларига ёндашувларнинг ўхшашлиги алоҳида таъкидланди. Ўзбекистон ҳам, Туркманистон ҳам терроризм, диний экстремизм, трансмиллий уюшган жиноятчилик, қурол-яроғ ва наркотик моддалар контрабандасига қарши ҳамкорликда курашиш тарафдори.
Мамлакатларимиз минтақавий интеграцияни ривожлантириш Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни янада мустаҳкамлаш, изчил тараққиётни таъминлашнинг муҳим омили, деб ҳисоблайди. Ўзбекистон ва Туркманистон Президентлари давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш юзасидан атрофлича фикр алмашдилар.

Ўзбекистон Президенти Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши делегациясини қабул қилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 18 май куни Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши Доимий қўмитаси раисининг ўринбосари, бош котиби Ван Чэн раҳбарлигидаги Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши делегациясини қабул қилди.
Давлатимиз раҳбари меҳмонни қутлар экан, Ўзбекистон билан Хитой ўртасида ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини ривожлантириш ва мустаҳкамлашда парламентлараро ҳамкорлик муҳим ўрин тутишини алоҳида таъкидлади.
Суҳбат чоғида Президентимизнинг яқинда Хитой Халқ Республикасига олий даражадаги ташрифи давомида сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестиция ва маданий-гуманитар соҳаларда эришилган келишувларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.
Ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш, чунончи, савдо, инвестиция ва маданий алоқаларни жадаллаштириш, шунингдек, биродарлашган қадимий Самарқанд ва Сиань, Бухоро ва Лоян шаҳарлари ўртасида сайёҳлар алмашишга алоҳида эътибор қаратилди.
Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши Доимий қўмитаси раисининг ўринбосари, бош котиби Ван Чэн 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилаётган чуқур таркибий ислоҳотларни юқори баҳолади.
Ван Чэн Президентимиз Шавкат Мирзиёевга самимий қабул учун миннатдорлик билдирди ва Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги стратегик шерикликни кенгайтириш ва мустаҳкамлашга қаратилган аниқ дастур ва лойиҳаларни илгари суриш мақсадида икки мамлакат парламентлариаро кенг кўламли ҳамкорликка Хитой томонининг манфаатдорлиги ва тайёрлигини таъкидлади.

 

ВАН ЧЭН ОЛИЙ МАЖЛИС ҚОНУНЧИЛИК ПАЛАТАСИ ВА СЕНАТИДА УЧРАШУВЛАР ЎТКАЗДИ

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатида Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши Доимий қўмитаси раисининг ўринбосари, бош котиби Ван Чэн билан учрашув бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги муносабатлар ўзаро ишонч ва манфаатдорлик, стратегик шериклик тамойиллари асосида изчил ривожланаётганини, бунда икки давлат раҳбарлари учрашувларида эришилган келишувлар муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 11-13 май кунлари Хитойга давлат ташрифи ўзаро стратегик шериклик муносабатларини янги босқичга кўтарди.
Томонлар Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги парламентлараро ҳамкорлик мустаҳкамланиб бораётгани, икки мамлакат парламентлари делегацияларининг учрашувлари мунтазам ўтказилаётганини қайд этди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 13 май куни Бутунхитой халқ вакиллари кенгашининг Доимий қўмитаси раиси Чжан Дэцзян билан учрашуви парламентлараро алоқалар ривожида муҳим аҳамият касб этгани таъкидланди.
Хитой делегацияси аъзолари мамлакатимиз Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, унинг қўмиталари, фракциялари ва депутатлик гуруҳлари фаолияти билан таништирилди. Ўзбекистон ва Хитойнинг қонун чиқарувчи органлари ўртасидаги ҳамкорликнинг турли йўналишлари, ахборот-таҳлилий фаолият, икки мамлакат соҳа мутахассисларини жалб этган ҳолда халқаро анжуманлар ташкил этишга оид масалалар юзасидан фикр алмашилди.
– Ўзбекистон Европа билан Осиёни боғловчи ўзига хос кўприк, иқтисодий-ижтимоий соҳада улкан ютуқларга эришаётган, табиий ресурсларга бой мамлакатдир, – деди Ван Чэн. – Хитой Ўзбекистонни ишончли шерик, деб билади. Ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор билан қарайди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Хитойга давлат ташрифи доирасида савдо, иқтисодиёт, сармоя, нефть-газ, транспорт ва транспорт коммуникациялари, туризм, таълим каби кўплаб соҳаларда ҳамкорликни янада ривожлантиришга оид келишувларга эришилди, ўзаро манфаатли шартномалар имзоланди. Ўзбекистоннинг «Бир макон, бир йўл» лойиҳасида иштироки икки ва кўп томонлама ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантиришга хизмат қилади. Ўзаро ишонч ва дўстликка асосланган муносабатларни янада тараққий эттиришдан манфаатдормиз. Давлатларимиз раҳбарлари учрашувларида эришилган келишувлар, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун бор имкониятимизни ишга соламиз.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Н.Йўлдошев билан учрашувда Ўзбекистон ва Хитой парламентлари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, парламентлараро муносабатларни янада ривожлантириш тадбирларини ташкил этиш, қонун ижодкорлиги бўйича тажриба алмашишга доир масалалар муҳокама этилди.
Меҳмонларга Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қабул қилинган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, Олий Мажлис Сенати фаолияти ҳақида сўзлаб берилди.
Ван Чэн Ҳаракатлар стратегияси Ўзбекистоннинг барча соҳаларда янада улкан ютуқларга эришишида, мамлакатнинг изчил тараққий этишида ҳуқуқий асос эканини таъкидлади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши Доимий қўмитаси ўртасида 2011 йилда имзоланган ҳамкорлик тўғрисида меморандум ўзаро алоқалар ривожида муҳим аҳамият касб этаётгани қайд этилди. Ҳар томонлама изчил ривожланиб бораётган стратегик ҳамкорликдан келиб чиққан ҳолда ушбу ҳужжатни янада такомиллаштириш зарурлиги таъкидланди.
Парламентлараро муносабатларни ривожлантиришнинг жорий босқичи юқори баҳоланиши таъкидланди, ўзаро манфаатли масалалар юзасидан фикр, тажриба ҳамда ахборот алмашиш жараёнини янада фаоллаштиришга келишиб олинди.

 

БЎСТОНЛИҚ ТУМАНИДАГИ “КАМОЛОТ” ОРОМГОҲИДА ФАОЛ ЁШЛАР МАҲОРАТ ОШИРДИ

Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги “Камолот” ёшлар оромгоҳида “Ҳаракатдаги ёшлар” форуми бўлиб ўтди.
“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, “Тараққиёт стратегияси” маркази ҳамкорлигида ташкил этилган форумда “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ҳудудий кенгашлари раислари ўринбосарлари, тизимдаги матбуот хизмати мутахассислари, ёш репортёрлар, “Ёшлар – сиёсат билимдони” клублари координаторлари, тажрибали журналистлар, тегишли соҳалар бўйича мутахассислар иштирок этди.
Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда ёш авлодни Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларнинг замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаши, истеъдод ва салоҳиятини кенг намоён этиши учун яратилаётган шароитлар юксак самаралар бераётир. Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонуни бу борада муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир.
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб эркин ва очиқ фуқаролик жамияти қуриш, жамият ҳаётини янада эркинлаштириш ва демократлаштириш, демократик қадриятларни ёшлар онгига чуқур сингдириш борасида амалга оширилаётган ишлар ўзининг юксак самараларини бераётгани, истиқболда бу йўлда ёшлар фаолиятини янада жонлантириш муҳим экани қайд этилди.
– Уч кун давом этган форум доирасида ёш журналистлар учун медиа-тренинг ҳамда “Ёшлар – сиёсат билимдони” клуби координаторлари учун ўқув оромгоҳи ташкил этилди, – дейди “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгаши ижтимоий-ҳуқуқий лойиҳалар бўлими мудири Илёс Раҳимов. – Ҳаракатнинг ҳудудий кенгашлари раислари ўринбосарлари, тизимдаги матбуот хизмати мутахассислари, ёш репортёрлар ҳамда “Ёшлар – сиёсат билимдони” клублари координаторлари фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган форумда 160 иштирокчи қатнашаётгани форум кўлами кенгаяётганини кўрсатади.
Медиа-тренингда ёш журналистларга матбуот хизмати мутахассисларининг оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, ёшларга оид масалаларни ёритиш бўйича тўпланган илғор тажрибаларни оммалаштиришга мўлжалланган медиа лойиҳаларни ишлаб чиқиш, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар тарғиботида нималарга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги тушунтирилди.
“Ёшлар – сиёсат билимдони” клуби координаторлари ўқув оромгоҳи маҳорат дарсларида эса “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг интернет сайтлари, ижтимоий тармоқлардаги имижини яратиш масалалари, нутқ маданияти ва нотиқлик санъати, тақдимот ўтказиш ва аудитория билан ишлаш каби мавзуларда машғулотлар олиб борилди.
– Форум доирасида ташкил этилган машғулотларда билимимизни янада бойитдик, – дейди “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Қашқадарё вилояти кенгаши раиси ўринбосари С.Мусулмонов. –Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар мазмун-моҳиятини олис қишлоқларда, чекка ҳудудларда тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратишимиз лозимлигини ўзим учун белгилаб олдим.
Форум иштирокчиларига сертификат ва эсдалик совғалари топширилди.

 

II. ЖАҲОН МИҚЁСИДАГИ ИҚТИСОДИЙ, ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ВОҚЕАЛАРГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАР

 

ЭРОННИНГ АМАЛДАГИ ПРЕЗИДЕНТИ РУҲОНИЙ ИККИНЧИ МУДДАТГА САЙЛАНДИ

Эроннинг амалдаги президенти Ҳасан Руҳоний сайловлар якунларига кўра иккинчи муддатга қайта сайланди, деб хабар бермоқда Reuters.

Мамлакат давлат телевидениеси уни ғалаба билан табриклади. Бироқ сайловчилар овози ҳамон ҳисоб-китоб қилинаётгани айтилган.

Сўнгги маълумотларга кўра, Руҳоний 22,7 млн. овозни олган бўлса, унинг энг яқин рақобатчиси – Эрон собиқ бош прокурори Иброҳим Раисий – 15,4 млн. овоз тўплади.

2013 йилда Руҳоний 50,68 фоиз овоз тўплаган. Ўшанда у сайловларнинг биринчи туридаёқ керакли овозни олиб, ғалаба қозонганди.

Эрон олий диний раҳнамоси оятуллоҳ Али Ҳаменеий Руҳонийни биринчи президентлик муддатидаги алоҳида хатти-ҳаракатлари учун танқид қилган, бироқ айнан Руҳоний жаҳон давлатлари билан ядро битимига эришди.

 

ҚИРҒИЗИСТОН ПАРЛАМЕНТИДА РУС ТИЛИНИ ИНГЛИЗ ТИЛИГА АЛМАШТИРИШ ТАКЛИФ ЭТИЛМОҚДА

Қирғизистонда бир неча йилдан сўнг иккинчи тилга рус эмас, балки инглиз тили айланади. Кўпроқ эътиборни инглиз тилини ўрганишга қаратиш лозим. Бу ҳақда депутат Азамат Арапбоев маълум қилди.

«Ҳукумат инглиз тилини мактаб дастурига биринчи синфдан киритиш масаласини кўриб чиқиши лозим, бунинг учун эса ўқитувчилар сонини кўпайтириш лозим. Бу йўналишда ОТМларда грант жойлари сонини ошириш керак», — дея айтиб ўтди депутат.

Парламентарийнинг билдиришича, бу ҳолда Қирғизистон 6-7 йилдан сўнг инглиз тилида гаплашадиган давлатлар орасига бемалол кириши мумкин.

«Агарда ўсмирлар инглиз тилини биринчи синфдан бошлаб ўрганишни бошлаганида, қарийб 750 минг фуқароларимиз Россияда эмас, балки Европада ишларди», — дея таъкидлаб ўтди Арапбоев.

Regnum ахборот агентлигининг эслатишича, расмий маълумотларга кўра, Қирғизистон фуқароларининг 76,5 фоизи қирғиз тилида эркин гаплаша олса, 48,1 фоизи – рус, 1,1 фоизи эса – инглиз тилида бемалол мулоқотга кириши мумкин. Шу билан бирга, бу давлатдаги мактабларнинг 64 фоизи қирғиз тилидадир.

 

ЕОИИ ВА ЭРОН ЎРТАСИДА ЭРКИН САВДО ЗОНАСИ ЖОРИЙ ЙИЛДАЁҚ КИРИТИЛИШИ МУМКИН

Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Василий Небензянинг РИА Новости’га берган интервьюсида маълум қилишича, Евроосиё иқтисодий иттифоқи ва Эрон ўртасида эркин савдо зонасини ташкил этиш бўйича музокаралар 11 октябрда, олий даражада ўтадиган кейинги учрашувда якунланиши мумкин.

«ЕОИИнинг олий даражадаги кейинги учрашуви 11 октябрга мўлжалланган. Бизнинг тахминимизча, ўша вақтга қадар музокараларни якунлаймиз ва ЕОИИ ҳамда Эрон ўртасида эркин савдо зонаси ҳақидаги вақтинчалик битимни имзолаш жараёнига киришамиз», — дея айтиб ўтди у.

Дипломатнинг сўзларига кўра, ЕОИИ ва Эрон ўртасида вақтинчалик зона борасидаги музокаралар давом этмоқда. У томонлар апрелда ўз позицияларини мувофиқлаштира олмаганликларидан афсусда эканини билдирди.

«Савдо музокаралари ҳар доим жуда мураккаб… Бизнинг тахминга кўра, бу иш 11 октябрга якунланиши лозим», — дея аниқлик киритди Небензя.

 

III. МИРЗО УЛУҒБЕК НОМИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИДА

 ЎЗМУ ТАЛАБАСИ ҒОЛИБЛИК ШОҲСУПАСИДА!

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида “Гидлрология-гидрометрия” (умумкасбий) фанидан республика фан олимпиадаси ўтказилди.

Олий ва ўрта махсус таьлим вазирлигининг 2017 йил 23 мартдаги “2017 йил Олий таълим муассасалари талабалар республика фан олимпиадасини ташкил қилиш ва ўтказиш тўғрисида”ги буйруғида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан ўтказилган мазкур республика фан олимпидасининг иккинчи босқичида қатор олий таълим муассасаларидан иқтидорли талабалар иштирок этишди.
Олимпиадада асосан тест, ёзма ва ижодий ишлар, оғзаки савол-жавоблар орқали чинакам иқтидор соҳиблари аниқланди. Шу аснода Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети талабаси Ойжамол Муталова ғолиблик шоҳсупасини ишғол этди. Қорақалпоқ Давлат университети талабаси Тозабек Абдуллаев ва Самарқанд Давлат университети талабаси Фазилат Мансурова 2-, 3-ўринларни эгаллади.

Ғолиблар ЎзМУ томонидан диплом ва китоблар жамланмаси билан тақдирландилар. Шунингдек, мазкур олимпиадада фаол иштирок этган талабаларга Фахрий ёрлиқлар берилди.

 

ЎЗМУ ТАЛАБАСИ ФАН ОЛИМПИАДАСИ ҒОЛИБИ!

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида “Иқтисодиёт назарияси” (умумкасбий) фанидан республика фан олимпиадаси ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2017 йил 23 мартдаги “2017 йил Олий таълим муассасалари талабалар республика фан олимпиадасини ташкил қилиш ва ўтказиш тўғрисида”ги буйруғида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан ташкил этилган мазкур олимпидада мамлакатимизнинг 37 та олий таълим муассасаларидан энг иқтидорли талабалар иштирок этдилар.
Олимпиадада ёзма иш, масала ечиш, тест синовлари, оғзаки савол-жавоблар орқали талабаларнинг билимлари баҳоланди. Олимпиада натижаларига кўра, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети талабаси Мирусмон Холтоев ғолиб деб топилди. Шунингдек, Тошкент молия институти талабаси Элдорбек Каримов ва Ички ишлар вазирилиги академияси талабаси Мирзоҳид Севиндиқовлар 2- ва 3-ўринларга муносиб кўрилди.

 

ХАЛКАРО ЛОЙИҲАЛАР ТАЪЛИМ СИФАТИНИ ОШИРИШГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ

Шу йил 13-18 май кунлари Козогистоннинг  Олмота шахрида Эрамус Мундус

Халкаро лойиҳаларининг қўшма конференцияси бўлиб ўтди Конференцияда 15 та  мамлакатдан (ЕИ  университетлари координаторлари) 70 дан зиёд аъзолари, жумладан, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Биология факультети тупрошунослик кафедраси доценти, Эрасмус Мундус  CASIA халкаро лойихалар координатори Машкура Фахрутдинова ва кафедра ўқитувчиси Ҳамиджон Ортиқовлар иштирок этдилар.

Конференцияда Машкура Фахрутдинованинг Эрасмус Мундус  CASIA халкаро лойиҳаларининг таълим сифатини ошириш ва илмий тадқиқот ишларини амалга оширишдаги ролига бағишланган маърузаси анжуман иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди. Унга махсус сертификат топширилди.

Мазкур конференцияда Эрасмус Мундус халкаро лойиҳаларининг Марказий Осиё таълим сифатига, илмий тадқиқот ишларининг бажарилишига  таъсири  бўйича эришилган ютуқлар хусусида маърузалар тингланди.

 

ЭССЕ ТАНЛОВИ

Мустақил фикрлаш, ижодий изланиш, эсселар ёзиш талабалар маънавий оламини янада бойитишга хизмат қилади.

Шу мақсадда ҳар йили Ижтимоий фанлар факультети “Демократик давлат қуриш назарияси ва амалиёти” кафедраси ташаббуси билан эсселар танлови ўтказиш ўзига хос анъанага айланган. Бу йилги “Сиз Президент асарларини биласизми?” мавзусидаги танлов Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ташкил топганлигининг 99 йиллигига бағишланди.
Унда университетнинг барча факультетлари 4-босқич талабалари иштирок этдилар.
– Танловдан кўзланган мақсадлардан бири – Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов асарлари ва маърузаларини чуқур ўрганиш асосида Ватанимизнинг мустақиллик йилларида босиб ўтган тарихий йўлига назар ташлаш, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларда ўз иштирокини аниқлаб олиш, мустақилликни асраб-авайлаш, умумдемократик қадриятларни ҳурмат қилишга ўргатишдан иборат,– дейди кафедра мудири Акбар Ўтамуродов.– Бу йилги танловда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Эркин ва фаровон демократик Ўзбекистон давлатини биргаликда барпо этамиз”, “Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз” асарлари мазмун-моҳиятини ҳам талабаларимиз катта қизиқиш билан ўргандилар.

Танлов ғолиблари шу йил 22 май куни Ижтимоий фанлар факультетида эълон қилиниб, диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланадилар.

 

ЎзМУ Ахборот хизмати

 Материаллар ЎзМУ Ахборот хизмати томонидан тайёрланди.

Унда республика ОАВ хабарларидан фойдаланилди.

 

Факультет деканининг Маънавият ва маърифат ишлари бўйича ўринбосари диққатига!

“Ахборот соатлари” маълумотлари юзасидан савол пайдо бўлса ЎзМУ Ахборот хизмати раҳбари Тўлқин Эшбековга мурожаат қилишингиз мумкин.

Телефон: 2271542; +99890 9120963.

Электрон почта: tueshbek@mail.ru

 

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>