“АХБОРОТ СОАТЛАРИ” № 37-16

Ҳафтанинг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеалари (16-21 май кунлари)

МИРЗО УЛУҒБЕК НОМИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИ

“АХБОРОТ СОАТЛАРИ” № 37-16

Ҳафтанинг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеалари (16-21 май кунлари)

ТОШКЕНТ

ЎзМУ – 2016

 

Факультет деканининг Маънавият ва маърифат ишлари бўйича ўринбосарлари ва мураббийлар диққатига! Талабаларга “Ахборот соатлари” материаллари билан nuuz.uz ва uchildiz.uz веб-сайтлари орқали ҳам танишиш тавсия этилиши мақсадга мувофиқдир.

 

I. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДАГИ ИҚТИСОДИЙ, ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ВОҚЕАЛАРГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАР

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ҚАРОРИ

ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИ ФАОЛИЯТИНИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2016 й., 19-сон, 210-модда)

Олий таълим ривожининг жаҳон тажрибасини ҳисобга олган ҳолда юқори малакали мутахассислар тайёрлаш даражаси ва сифатини тубдан ошириш, Миллий университетнинг илмий салоҳиятини янада мустаҳкамлаш, ўқув жараёнининг илмий-тадқиқот фаолияти билан узвий алоқасини кучайтириш, профессор-ўқитувчилар ва талабаларни фундаментал ва амалий тадқиқотлар ўтказишга кенг жалб этиш, шунингдек бунинг учун зарур замонавий инфратузилма ва моддий-техника базасини яратиш мақсадида:

  1. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Молия вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги ва Фанлар академиясининг Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети (кейинги ўринларда — Миллий университет)ни Ўзбекистон Республикаси Миллий университети ва Фанлар академиясининг Ядро физикаси институти негизида қайта ташкил этиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.
  2. Қуйидагилар Миллий университет фаолиятининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

фундаментал ва гуманитар фанлар соҳасида юқори малакали ўқитувчи ва илмий кадрларни замонавий талаблар даражасида тайёрлаш, республиканинг базавий университети сифатида олий таълимнинг ўқув дастурларини ишлаб чиқиш ва такомиллаштиришни таъминлаш;

фундаментал илмий тадқиқотлар ўтказиш, илм-фаннинг истиқболли, юқори технологияли йўналишлари бўйича мамлакатимиз илмий мактабларини ривожлантириш, илм-фан ва олий таълим соҳаларида етакчи хорижий университетлар ва илмий марказлар билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш;

мамлакат олий таълим муассасаларининг таълим-тарбия, илмий-услубий ва маданий-маърифий фаолиятини мувофиқлаштириш, узлуксиз таълим тизими босқичларининг узлуксизлиги ва давомийлигини таъминлаш;

олий таълим муассасалари ўқитувчилари ҳамда илмий-тадқиқот ташкилотлари мутахассисларини қайта тайёрлаш ҳамда малакасини ошириш тизимини эътироф этилган халқаро талаблар ва стандартлар даражасида такомиллаштириш.

Белгилаб қўйилсинки, Миллий университет республиканинг математика, табиий-илмий ва гуманитар йўналишлари бўйича олий маълумотли кадрлар тайёрлаш соҳасидаги таянч олий таълим муассасаси ҳисобланади.

  1. Мирзо Улуғбек номидаги Миллий университетнинг янгиланган ташкилий тузилмаси 1-иловага*мувофиқ тасдиқлансин.

Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирига, зарур ҳолларда, Миллий университетнинг ташкилий тузилмасига тасдиқланган ходимлар сони доирасида ўзгартишлар киритиш ҳуқуқи берилсин.

  1. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Молия вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлигининг:

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Ядро физикаси институтини тугатиш тўғрисидаги;

тугатилаётган Ядро физикаси институтининг Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек тумани, Улуғбек шаҳарчаси, Хуросон кўчаси, 1-уй манзилидаги биноларига Миллий университет Физика факультетининг мутахассислик кафедралари, лабораториялари, магистратура ва докторантура бўлимларини жойлаштириш ҳақидаги;

Ядро физикаси институтининг бўшаётган бинолари, лабораториялари ва бошқа мол-мулкини ўқув жараёни талабларидан келиб чиқиб, зарур реконструкция ишларини амалга оширган ҳолда илмий-таълим жараёнини ташкил этиш учун Миллий университетга топшириш тўғрисидаги;

Ядро физикаси институтининг илмий-техникавий лойиҳалари, конструкторлик-технология ишланмалари, илмий ускуналарининг зарурлиги ва сақлаб қолишнинг мақсадга мувофиқлигини аниқлаш учун уларни тўлиқ инвентаризациядан ўтказиш, замонавий ускуналарни Миллий университет Физика факультетининг янги ташкил этилаётган лабораторияларига топшириш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.

  1. Миллий университет ҳузуридаги Амалий физика илмий-тадқиқот институти 2016 йилнинг 1 июлидан тугатилсин ва барча илмий лойиҳалар, ускуналар ва бошқа мол-мулкнинг мақсадга мувофиқлигини танқидий таҳлил қилиш якунлари бўйича улар Миллий университетнинг Физика факультетига топширилсин.
  2. Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳузурида Радиацион хавфсизлик маркази (РХМ) ташкил қилинсин, қуйидагилар унинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

МАГАТЭ ҳамда ваколатли органлар билан ҳамкорликда хавфсизликни таъминлаш ва ядро технологияларини тарқатмасликка оид халқаро стандартларга қатъий мувофиқ равишда Ядро физикаси институтининг ядро реакторини эксплуатациядан чиқариш борасидаги ишларни ташкил қилиш;

республика ҳудудидаги радиоактив материаллар омборхоналарининг лозим даражада сақланиши, утилизация қилиниши ва тугатилишини таъминлаш, шунингдек тегишли тозалаш хизматини ташкил этиш;

республиканинг ядровий ва радиацион хавфсизлигини таъминлаш билан боғлик амалий ишларни бажариш, шунингдек божхона постларида ва республика ҳудудида ўрнатилган дозиметрия назорати тизимлари ҳамда бошқа назорат асбобларини экспертизадан ўтказиш;

республика ҳудудида фойдаланилаётган ион нурланиш манбаларини илмий экспертизадан ўтказиш, шунингдек ион нурланиш техникаси манбаларига профессионал хизмат кўрсатиш ва утилизация қилиш.

  1. Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳузуридаги Радиацион хавфсизлик марказининг тузилмаси 2-иловага*мувофиқ тасдиқлансин.

Тугатилаётган Ядро физикаси институтининг ядро реактори ҳамда ядровий ва радиацион хавфсизликни таъминлаш масалалари билан боғлиқ бошқа объектлари Радиацион хавфсизлик марказига топширилсин.

Радиацион хавфсизлик маркази Ядро физикаси институтининг ядровий ва радиацион хавфсизлик масалалари билан боғлиқ шартномалари ва контрактлари бўйича ҳуқуқий вориси этиб белгилансин.

  1. Тугатиш комиссиясининг таркиби 3-иловага*мувофиқ тасдиқлансин, унинг зиммасига Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Ядро физикаси институтини тугатиш, унга тегишли бўлган мол-мулк, ускуна ва биноларни уларнинг функцияларидан келиб чиққан ҳолда Миллий университет ҳамда Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳузуридаги Радиацион хавфсизлик маркази балансларига топшириш билан боғлиқ ташкилий тадбирларни белгиланган тартибда амалга ошириш вазифалари юклансин.
  2. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги Ядро физикаси институтининг 1956 — 1972 йилларда қурилган объектларини халқаро илмий конференциялар ва семинарлар ўтказишга мўлжалланган замонавий инфратузилмани шакллантирган ҳолда уларни зарур мультимедиа ускуналари ва коммуникациялар билан жиҳозлаш, шу жумладан:

200 ўринли мажлислар зали ва 4 та секция аудиториялари бор маъмурий бинони;

600 ўринли зали бўлган бинони (собиқ маданият уйи);

таклиф қилинадиган илмий ходимлар учун 30 ўринли меҳмонхона типидаги ётоқхонани капитал реконструкция қилиш учун 2016-2017 йилларда бюджет маблағлари ажратилишини назарда тутсин.

  1. Тугатилаётган Ядро физикаси институти ва Амалий физика илмий-тадқиқот институтининг илмий ва муҳандис ходимларини аттестациядан ўтказиш учун 4-иловага*мувофиқ таркибда аттестация комиссияси тузилсин, малакали мутахассислар Миллий университет Физика факультетининг йўналишлар бўйича кафедралари ва лабораторияларига ишга қабул қилинсин.

1 — 4-иловалар рус тилидаги матнда берилган.

  1. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Миллий университет билан биргаликда:

ўн кун муддатда Миллий университетнинг янгиланган низомини тасдиқласин;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда Миллий университетнинг маъмурий-бошқарув ҳамда ўқув-ёрдамчи ходимлари сони ва таркибини тасдиқланган янги ташкилий тузилмага мувофиқ ҳолга келтирсин.

  1. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги мазкур қарордан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Республикасининг 2016 йилги республика бюджети харажатлари параметрларига зарур ўзгартишлар киритсин.
  2. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Фанлар академияси билан биргаликда Фанлар академиясининг тугатилаётган Ядро физикаси институтининг бўшаётган ходимларини белгиланган тартибда иш билан таъминлаш чораларини кўрсин.
  3. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Адлия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
  4. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р. Азимов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б. Ходиев зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ

Тошкент ш.,

2016 йил 11 май,

ПҚ-2527-сон

http://lex.uz

  ТОШКЕНТДА КОРЕЯ РЕСПУБЛИКАСИ БОШ ВАЗИРИ БИЛАН РАСМИЙ УЧРАШУВ ТАШКИЛ ЭТИЛДИ

20 май куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Мирзиёев ва Корея Республикаси Бош вазири Хван Гё Ан билан расмий учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда Ўзбекистон – Жанубий Корея ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва истиқболига оид кенг кўламли масалалар муҳокама қилинди. Томонлар ўзаро савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашдилар. Шунингдек, музокараларда икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар изчил ривожланиб, ўзаро ҳамкорлик кўлами барча соҳаларда кенгайиб бораётгани алоҳида таъкидланди.

Корея Республикаси Бош вазири Хван Гё Ан Жанубий Кореяда Ўзбекистон билан муносабатларни кенгайтиришга устувор йўналиш сифатида қаралишини алоҳида қайд этди.

Шу куни Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси Бош вазирлари Тошкентда Корейс маданияти ва санъати уйи қурилиши ишларининг бошланишига бағишланган маросимда иштирок этди.

Мазкур даргоҳ мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари ва ўзаро дўстона ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши кўзда тутилган. 2017 йилда қуриб битказилиши мўлжалланаётган Корейс маданияти ва санъати уйи корейс халқининг бой маданияти ва ўзига хос санъати, урф-одатлари ва анъаналарини сақлаш ва тарғиб қилиш учун қулай замин яратади.

– Президент Ислом Каримов ташаббуси билан Тошкентда Корейс маданияти ва санъати уйи барпо этилиши мамлакатингизда корейс миллатига мансуб фуқароларга кўрсатилаётган юксак эътибор ва ғамхўрликнинг ёрқин ифодасидир, – деди Корея Республикаси Бош вазири Хван Гё Ан.

Расмий ташриф чоғида Хван Гё Ан Темурийлар тарихи давлат музейида бўлиб, Соҳибқирон ва унинг авлодлари ҳақида ҳикоя қилувчи ноёб экспонатлар билан танишди.

 

21 МАЙ КУНИ УСТЮРТ ГАЗ-КИМЁ МАЖМУАСИ ФОЙДАЛАНИШГА ТОПШИРИЛДИ

Ўзбекистон ва Корея Республикаси бош вазирлари Шавкат Мирзиёев ҳамда Ҳван Гё Ан 21 май куни Қорақалпоғистондаги Сурғил кони негизида барпо этилган Устюрт газ-кимё мажмуаси қурилиши якунланиши ва унинг ишга туширилишига бағишланган маросимда иштирок этди. Устюртдаги маросимда сўзга чиқар экан, Ўзбекистон ва Жанубий Корея ҳукуматлари раҳбарлари газ-кимё мажмуасининг муваффақиятли ишга туширилишини икки мамлакат ҳамкорлигида муҳим босқич деб атади, қайд этди Yonhap агентлиги. «Лойиҳа ўзида ҳамкорликнинг янги моделини тақдим этиб, хом ашё ресурсларини экспорт қилишдан биргаликда ишлаб чиқариш ва ташқи бозорга юқори қўшимча қийматли маҳсулотларни етказиб беришни кўзда тутади», — деди Жанубий Корея бош вазири.

Умумий қиймати 4 миллиард долларлик ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши йилига 4,5 миллиард куб метр табиий газни қайта ишлаш ҳисобидан 3,7 миллиард куб метр газ, 387 минг тонна полиэтилен, 83 минг тонна полипропилен, 102 минг тонна пиролиз дистилляти ва бошқа қимматбаҳо маҳсулотлар ишлаб чиқариш имконини беради. Қурилиши 2012 йилда бошланган Устюрт газ-кимё мажмуасида газни тақсимлайдиган, этилен, полиэтилен, полипропилен ишлаб чиқарадиган ва энергия манбалари билан таъминлайдиган жами бешта завод, шунингдек, замонавий инфратузилма объектлари барпо этилган. Улар дунёдаги энг замонавий юқори технологиялар билан таъминланган, энг сўнгги русумдаги ускуналар ўрнатилган. Мажмуада 1300 га яқин мутахассис фаолият кўрсатмоқда.

Устюрт газ-кимё мажмуасида маҳсулот ишлаб чиқариш жараёни синов тариқасида ўтган йили бошланган эди. 2015 йилда 54,9 минг тоннадан зиёд суюлтирилган углеводород гази, 34 минг тоннадан ортиқ газ конденсати ишлаб чиқарилди. Магистрал газ қувурларига 1,8 миллиард куб метрдан ортиқ этан ва газ, «Ўзбекэнерго» акциядорлик жамияти энергия тизимига 87,5 минг мегаваттдан зиёд электр энергияси етказиб берилди. Айни пайтда пиролиз дистилляти Бухоро нефтни қайта ишлаш заводига бензин тайёрлаш учун юборилмоқда. Полиэтилен ва полипропилен қатор хорижий давлатларга экспорт қилинмоқда. Шу кунга қадар қарийб 150 миллион долларлик 186 минг тоннадан ортиқ полиэтилен ва полипропилен Марказий ва Шарқий Осиё, МДҲ ва Европа мамлакатларига жўнатилди. Маълумотларга кўра, 2020 йилга бориб полиэтилен ишлаб чиқариш ҳажми 4,1 баробар ошади.

 

“УНИВЕРСИАДА – 2016” СПОРТ МУСОБАҚАЛАРИНИНГ ФИНАЛ БОСҚИЧИ 26 МАЙ КУНИ СТАРТ ОЛАДИ

2016 йил 26-29 май кунлари Фарғона шаҳрида олий ўқув юртлари талабалари ўртасида – “Универсиада – 2016” мусобақаларнинг финал босқичи бўлиб ўтади. Унда Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардан жамоалар спортнинг 15 та тури бўйича беллашади. Президентимиз Ислом Каримов айтганларидек, юртимизда шаклланган “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ва Универсиада спорт ўйинларини ўз ичига олган уч босқичли ноёб тизимнинг бамисоли қудратли тўлқинга айланиб миллион-миллион болаларимизни ўз сафига қамраб олаётгани, уларнинг ҳам жисмоний, ҳам маънавий соғлом бўлиб улғайиши учун хизмат қилмоқда. Айниқса, бу тизимнинг юқори босқичи бўлган Универсиада мусобақалари ёшларимиз учун том маънода чиниқиш ва камолот мактабига айлангани эътиборлидир.

Универсиада ўйинлари 2000 йили Наманган вилоятида, 2002 йили Бухоро, 2004 йили Самарқанд, 2007 йили Тошкент шаҳрида, 2010 йили Андижон, 2013 йили Бухоро вилоятида ўтказилди. Дастлаб Универсиада мусобақалари 9 та спорт тури бўйича ташкил этилган бўлса, бугунги кунга келиб спорт турлари 15 тага етди. Булар спортнинг баскетбол, волейбол, эркин кураш, юнон-рум кураши, дзю-до, таэквондо, енгил атлетика, оғир атлетика, теннис, стол тенниси, футбол, гандбол, шахмат, сузиш ва бокс турларидир. Жорий йилда Фарғонада еттинчи маротаба ўтказилаётган талабалар ўртасидаги мусобақа том маънода гўзаллик ва спорт байрамига айланди. Спорт мусобақаларида 1068 нафар спортчи ва мураббийлар, 155 нафар ҳакамлар ҳамда юртимизнинг машҳур спортчилари, оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашиши режалаштирилган. Спорт мусобақалари 12 та спорт иншоотларида ўтказилади.

Маълумки, спорт мусобақалари очилишида ёқиладиган машъала Паркент туманидаги Қуёш иншооти табиий нур қуввати билан ёқилади. Айни кунларда Универсиада машъаласи Паркентдан Фарғона шаҳригача келадиган йўл харитаси тузилди. Машъала маршрути масофаси 364,5 км бўлиб, шундан 338,5 км автомобиль ва 26 км спортчилар эстафетаси ташкил этади. Тошкент, Наманган, Андижон вилоятлари ва Фарғона вилояти ҳудудларида машъала шарафига кенг жамоатчилик иштирокида маданий-маърифий тадбирлар ўтказилади. Машъалани элтадиганлар орасида спортчи ёшлар билан бир қаторда Фарғонанинг Данғара тумани, Қўқон шаҳри, Учкўприк, Бағдод, Риштон, Олтиариқ туманларида яшовчи таниқли инсонлар, спорт ва меҳнат фахрийлари ҳам бор. Кўнгиллилар машъала ўтадиган кўчалардаги аҳолини бу ҳақда хабардор қилдилар.

Мамлакатимизда жорий этилган уч босқичли спорт мусобақаларида қатнашиб, кейинчалик халқаро майдонларда ўзини кўрсатган спортчилардан дзюдо бўйича икки карра жаҳон чемпиони, Пекин ҳамда Лондон Олимпиа ўйинлари совриндори Ришод Собиров, жаҳон чемпионати совриндори Дилшод Чориев, ўзбек спортчи қизлари орасида биринчи халқаро гроссмейстер Нафиса Мўминова, Осиё ўйинлари совриндори, Халқаро шахмат федерацияси устаси Нодира Нодиржонова, белбоғли кураш бўйича уч карра жаҳон чемпиони Рустам Умаров, енгил атлетика бўйича ёшлар ўртасида жаҳон чемпиони Светлана Радзивил, Осиё ўйинлари ғолибаси Юлия Тарасова, сузиш бўйича кўплаб рекордлар соҳибаси Рано Амонова, Юлдуз Қўчқорова, бадиий гимнастика бўйича ўсмирлар ўртасида халқаро мусобақа ғолибаси Азиза Мамажоновалар бугун ёшларимизнинг фахрига айланишган.

 

АМЕРИКА-ЎЗБЕКИСТОН ҲАМКОРЛИКДА СИНТЕТИК ЁҚИЛҒИ ИШЛАБ ЧИҚАРАДИ

Американинг Jackco Technology Group компанияси Ўзбекистонда кўмирдан синтетик сюлтирилган ёқилғи ишлаб чиқариш бўйича лойиҳаларни тайёрлашда иштирок этади. Ҳужжат “Ўзбекистон нефть ва гази: OGU-2016” Халқаро 20-форуми доирасида имзоланди. Эслатиб ўтамиз, кўргазма Тошкентда 18-20 май кунлари бўлиб ўтмоқда. Манбага кўра, ушбу лойиҳа йилига 200 минг тоннагача нефть маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўзда тутади. 2012-2013 йилларда Ўзбекистон Тошкент вилояти “Апартак” бурокўмир кесмасида 700 миллион доллар қийматли CTL заводи қурилиши устида ишлашни бошлаганди. Режа бўйича, завод йилига 2,2 миллион тонна кўмирни қайта ишлаши ва 700 минг тоннагача дизель ёқилғисини ишлаб чиқариши назарда тутилган. Бироқ қазиб олиш жойида зарур миқдордаги кўмир бўлмаганлиги сабабли кенг миқёсдаги лойиҳа бекор қилинган эди. Ўзбекистон кўмир соҳасини модернизация қилиш ҳамда 2021 йилга келиб кўмир қазиб олишни 17,2 миллион тоннагача оширишни мақсад қилган (2012 йил якунига кўра, 3,85 миллион тонна). Нефть-газ соҳасининг қатор экспертлари фикрига кўра, сўнгги саккиз йил давомида углеводородлар қазиб олиш мўътадил тизимда камайгани эвазига Ўзбекистон қўшимча манбалардан ёқилғи қазиб олиш учун қидирувни кучайтирди.

 

ТОШКЕНТДА ЯНГИЛАНГАН CHEVROLET CAPTIVA НАМОЙИШ ЭТИЛДИ

“Ўзавтосаноат” акционерлик компанияси Тошкент механика заводи майдонида GM Uzbekistan томонидан ишлаб чиқилган Chevrolet Captiva кроссоверининг қайта дизайн қилинган версиясини биринчи марта намойиш этди. Ушбу модель шу кунларда машинасозлик, автомобиль ҳамда электротехника саноатини ривожлантириш масалалари мажмуаси бўйича Тошкентда бўлиб ўтаётган саноат ярмаркаси доирасида тақдим этилди. Бу модель Ўзбекистонда 2007 йил октябрь ойидан бошлаб ишлаб чиқарилади. Ўтган йиллар давомида у икки марта ўзгаришга юз тутди – учинчи ўзгариш эса уни халқаро бозор намуналари даражасига олиб чиқади. Асосан машинанинг ташқи экстерьери ўзгарди – энди у кўпроқ спорт машинасига ўхшайди. Кузовнинг олд қисмига муҳим ўзгариш киритилган. Авто интерьери ҳам замонавий янгиликлардан бебаҳра қолмади. Уч спицали аудиотизим бошқарув модулли рул чамбараги ҳайдовчиларга маъқул келиши аниқ.

 

ИТАЛИЯНИНГ НЕФТЬ-ГАЗ ВА ЭНЕРГЕТИКА СОҲАСИ ВАКИЛЛАРИНИ ЎЗБЕКИСТОН БОЗОРИ ҚИЗИҚТИРМОҚДА

“Ўзэкспомарказ”да “Ўзбекистон нефть ва гази – OGU-2016” йигирманчи халқаро кўргазмаси очилди. Мазкур нуфузли форум “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, “ITE Uzbekistan” халқаро кўргазмалар компанияси ва “ITE” компаниялар гуруҳи ҳамкорлигида ташкил этилди. Йигирманчи бор ўтказилаётган мазкур халқаро форумда Ўзбекистон, Хитой, АҚШ, Жанубий Корея, Сингапур, Франция, Буюк Британия, Германия, Италия, Чехия, Норвегия, Австрия, Швейцария, Россия, Болгария, Польша, Руминия, Туркия, Қозоғистон, Туркманистон, Озарбайжон, Эрон, Умон, Индонезия, Мальта каби давлатлардан 200 дан ортиқ компания ўз маҳсулотлари ва хизматлари билан иштирок этмоқда.

 

ЎЗБЕКИСТОН ВА ХИТОЙ СТРАТЕГИК ҲАМКОРЛИКНИНГ АСОСИЙ ЙЎНАЛИШЛАРИНИ КЕНГАЙТИРИШГА КЕЛИШИБ ОЛДИ

Хитой тижорат вазири Гао Хучэн, Ўзбекистон ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири Элёр Ғаниев билан учрашувида қайд этишича, Хитой давлати 3 йилдирки, Ўзбекистоннинг иккинчи савдо ҳамкори ва республикага киритган сармоялари ҳажми бўйича биринчи бўлиб келмоқда. Икки давлат вазирлари ўртасидаги учрашув 2016 йил 3 май кунида бўлиб ўтган эди. «2013 йилдан эътиборан, икки давлат раҳбарлари ўзаро ташрифлар ва кўплаб учрашувлар ўтказиб, Хитой ва Ўзбекистон стратегик ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқишди», — деган Гао Хучэн.

Бугунги кунда, турли соҳаларда ўзаро ишонч кайфияти ҳукм сурмоқда. Томонлар «Буюк ипак йўли иқтисодий белбоғи»ни барпо этишда самарали ҳамкорлик қилмоқда. Ушбу дастур доирасида, Хитой томони мамлакатлар ўртасида ишлаб чиқариш соҳасида ҳамкорликни фаол ривожлантиришни хоҳламоқда. Бундан ташқари, давлат раҳбарларининг олий даражадаги учрашувлари чоғида эришилган битимларни ижро этиш ва янги соҳаларда муносабатларни йўлга қўйиш, мавжудларини янада тараққий эттириш туртки бериш ниятида.

 

«ЎЗБЕКНЕФТГАЗ» ВА «ЛУКОЙЛ» 2015-2019 ЙИЛЛАР МОБАЙНИДА 54 ТА ИНВЕСТИЦИЯ ЛОЙИҲАСИНИ АМАЛГА ОШИРАДИ

Ўзэкспомарказда «Ўзбекистон нефть ва гази -OGU-2016″ номли йигирманчи халқаро кўргазмаси доирасида «Ўзбекистоннинг нефть соҳаси: технологиялар, инвестициялар ва тараққиёт» халқаро конференцияси бўлиб ўтди. «Ўзбекнефтгаз» Миллий холдинг компаниясининг «ITE Uzbekistan» ва «ITE» компаниялари гуруҳи билан ҳамкорликда ташкил этган форумида деярли ўттизта мамлакатдан ташриф буюрган тўрт юздан ортиқ олим ва мутахассис иштирок этишди.

Ўзбекистон углеводородларнинг катта заҳирасига эга. Нефть-газ саноатида янги биноларнинг қурилиши, жорий корхоналарни реконструкция ва модернизация қилиш динамик суратда давом этмоқда. Етакчи дунё инвесторлари иштирокида ўнлаб юксак технологияли лойиҳалар амалга оширилмоқда. «Ўзбекнефтгаз» бир неча йил мобайнида «Лукойл», «Газпром», «Петромаруз» (Россия), «KNOC», «Kogas», «Lotte Chemical» (Корея Республикаси), CNODC (Хитой), «PetroVietnam» (Вьетнам), «Sasol» (Жанубий Африка Республикаси) каби илғор компаниялар билан муваффақиятли ҳамкорлик қилиб келмоқда. «Ўзбекнефтгаз» МХК корхонаси Фанлар академияси институтлари ҳамда мамлакатимиздаги олий ўқув юртлари билан ҳамкорликда янги технологияларни жорий этиш бўйича кўплаб лойиҳаларни амалга оширмоқда. 2015-2019 йиллар давомида «Ўзбекнефтгаз» миллий холдинг компанияси билан ҳамкорликда 54 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш кўзда тутилган. Жорий йилда 20,6 миллиард долларлик яна 38 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилмоқда.

 

ЖАНУБИЙ КОРЕЯЛИК ИНВЕСТОРЛАР ЎЗБЕК БАНКЛАРИ

ҲИССАСИНИ ХАРИД ҚИЛАДИ

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов 2016 йил 16 майида «Корея Республикаси билан савдо-иқтисодий, инвестицион ва молиявий ҳамкорликни янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади. Ушбу ҳужжатни қабул қилишдан кўзланган бош мақсад, истиқболли инвестицион лойиҳаларни ўз вақтида ва самарали ҳаётга татбиқ этиш ҳамда етакчи корейс компанияларини ўзбек акционерлик компанияларига жалб этишни кенгайтиришдир. Қарорда қайд этилишича, жорий йил 27-29 апрель кунлари Сеул шаҳрида бўлиб ўтган ўзбек-корейс бизнес-форумида истиқболли сармоявий лойиҳалар ишлаб чиқиш ва Республика акционерлик жамиятларидаги давлат ва хўжалик бошқармалари улушларини Корея сармоядорларига сотиш бўйича келишувларга эришилган. Хусусан, форумда «Ўзсаноатқурилишбанк» (63,6 млн доллар қийматидаги 15 фоиз акциялари), Асакабанк (58 млн долларлик 15 фоиз акцияси) ва Алоқабанкнинг (42,7 млн доллар қийматидаги 47,54 фоизлик) қимматбаҳо қоғозларини Кореянинг йирик компанияларига сотиш бўйича меморандум ва протоколлар имзоланган эди. Бундан ташқари, жанубий кореялик сармоядорлар «Равнақбанк»нинг 0,5 млн долларлик 15 фоиз акциясини ҳам харид қилади.

 

АНГРЕНДА МОТОР МОЙЛАРИ ИШЛАБ ЧИҚАРИЛАДИГАН

ЯНГИ ЗАВОД ИШГА ТУШИРИЛДИ

“OGU-2016” кўргазмасида иштирок этиш учун Ўзбекистонга ташриф буюрган Болгария бош вазири Бойко Борисов ва Ўзбекистон ҳукумати вакили, бош вазир ўринбосари Ғуломжон Ибрагимов иштирокида бугун Тошкентда видео-анжуман тартибида, “Uz-Prista Recycling” номли Ўзбекистон-Болгария қўшма корхонасининг очилиш маросими бўлиб ўтди. “Ангрен” махсус индустриал зонасида барпо этилган мазкур корхона мотор, тишли ғилдирак ва редукторлар учун мойлар, гидравлика суюқликлари ва битум ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Завод йилига 43 минг тонна ишлатилган техник мойни қайта ишлаш орқали 30 минг тоннагача мой ишлаб чиқариш қувватига эга. Маҳсулотнинг қарийб 40 фоизи экспортга мўлжалланмоқда. Лойиҳага киритилган сармоя — 30 миллион долларни ташкил қилди. Корхона очилиш маросимида сўзга чиққан Болгария бош вазири Бойко Борисов, Ўзбекистон билан ҳамкорлик ва ушбу лойиҳа Болгария ва Марказий Осиё ўртасида ўзига хос кўприк бўлишини таъкидлади.

«Яқин йилларда ушбу минтақа билан жадал ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳаракатидамиз, шу жумладан, мана шундай технологик лойиҳалар эвазига ҳам. Янги заводда 100дан ортиқ янги иш ўринлари яратилган. Умид қиламанки, бу икки давлат ҳамкорлигида ишга туширилган охирги лойиҳа бўлиб қолмайди», — деб таъкидлади Борисов. “Ўзбекистон нефть ва гази – OGU-2016” йигирманчи халқаро кўргазмасида Ўзбекистон, Хитой, АҚШ, Жанубий Корея, Сингапур, Франция, Буюк Британия, Германия, Италия, Чехия, Норвегия, Австрия, Швейцария, Россия, Болгария, Польша, Руминия, Туркия, Қозоғистон, Туркманистон, Озарбайжон, Эрон, Умон, Индонезия, Мальта каби давлатлардан 200 дан ортиқ компания ўз маҳсулотлари ва хизматлари билан иштирок этмоқда.

 

II. ЖАҲОН МИҚЁСИДАГИ ИҚТИСОДИЙ, ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ВОҚЕАЛАРГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАР

 СТЭНФОРД УНИВЕРСИТЕТИ БИТИРУВЧИЛАРИ ҚЎЛДА ЁЗИЛГАН МИСОЛЛАРНИНГ ЕЧИМИНИ ТОПУВЧИ БЕПУЛ ИЛОВА ЯРАТИШДИ

Нью-Йоркнинг Mathpix компанияси iOS учун  қўлда ёзилган тенгламаларнинг ечимини топувчи ва уларнинг графигини тузувчи бепул илова яратишди. Бу дастурга Motherboard портали диққат қаратди. Ишлаб чиқарувчиларнинг сўзларига кўра, Mathpix — смартфон камераси ёрдамида қоғозда ёзилган аксарият математик мисолларнинг ечимини топа олувчи илк илова. Барча ҳисоб-китоблар Mathpix серверларида амалга оширилади, шунинг учун сунъий интеллект фойдаланувчилар маълумотлари асосида доимий тарзда мукаммаллашиб боради. Мураккаб масалаларни таҳлил қилишда тизим ҳаттоки математик ҳаракатлар кетма-кетлигини кўрсатиб беради, оддий тенгламаларда эса бирйўла сўнгги жавобни чиқаради. «Математик ҳисоб-китобларни компьютерга киритиш жуда қийин, шунинг учун мен бу масалани енгиллаштиришга қарор қилдим. Николас Хименес, Mathpix илғор ишлаб чиқарувчи». Текширув пайтида TJ дастур каср ва интегралли матнни ҳеч қандай муаммосиз топишга муваффақ бўлди, бироқ тенглама тизимини еча олмади. Mathpix муаллифлари ишонтиришларига қарамасдан, улар яратган янги илованинг аналоги мавжуд — масалан, 2014 йилда чиққан Photomath дастури. Бироқ у ташқи серверларни қўлламай ишлаган ва кўпинча масалаларни топиш ва ечишда хатоларга йўл қўйган, шунингдек пулли функциялари ҳам бўлган.

 

ПУТИН РОССИЯ ТАШҚИ ҚАРЗИНИ ДУНЁДАГИ

ЭНГ ПАСТ КЎРСАТКИЧЛАРДАН ЭКАНИНИ БИЛДИРДИ

Россия президенти Владимир Путин ҳукумат томонидан инқирозга қарши кўрилган чора-тадбирлар эвазига мамлакат ташқи қарзлари дунё бўйича энг паст кўрсаткичларни сақлаб қолганини эълон қилди. Бу ҳақда РИА Новости хабар қилди. “Алоҳида таъкидлайман, бизнинг иқтисодиётимиз салбий ташқи конъюнктура шароитларида ўз барқарорлигини исботлади. Шу муносабат билан Россия Федерацияси ҳукуматининг инқирозга қарши чора-тадбирлари иқтисодиёт асосий секторининг қўллаб-қувватланиши ҳамда молия бозорининг барқарорлигини таъминлади. Ишсизлик даражасининг паст – 6 фоиздан кам кўрсаткичи, ташқи қарзнинг мўътадил ҳажми – жаҳон бўйича энг кам ташқи қарзлардан бири ва савдо балансининг профицити сақлаб қолинди – 2015 йилда 160 миллиард доллар”, — маълум қилди президент.

 

ПОЛЬША ПРЕЗИДЕНТИ НАТО ҚЎШИНЛАРИНИ ЖОЙЛАШТИРИШНИ СОДДАЛАШТИРУВЧИ ҚОНУННИ ИМЗОЛАДИ

Польша президенти Анжей Дуда Польшада хорижий қўшинлар, хусусан НАТОнинг ўта тез жавоб берувчи кучларининг жойлашишини тартибга солувчи қонунни имзолади. Бу ҳақда Дуданинг матбуот хизмати маълум қилди. Қонун билан «хорижий қўшинлар Польша ҳудудида тинчлик вақтида ўқув машғулотларидан фарқ қилувчи ҳарбий операцияларни ўтказа олишига имкон берадиган» янги қонун меъёрлари киритилади. «Амалиётда улар бизнинг мамлакатга зарур бўлганда Польша ҳудудида ёки ҳаво кенглигида бартараф этиш ёки бостириб туриш ёки тез жавоб бериш кучларидан фойдаланишда кўмак кўрсатиши мумкин», деб хабар берганди аввалроқ қонун лойиҳасини тайёрлаган ҳукумат матбуот хизмати. Лойиҳага кўра, Польшада хорижий қўшинларнинг бўлишига президент бош вазир рухсат бергандан кейин мудофаа вазири талаби билан розилик билдиради. Бунда иттифоқдош кучлар Польша армияси каби ҳуқуқ ва имкониятларга эга бўладилар. «Янги меъёрларнинг киритилиши Польша билан қўшни ҳамда Марказий ва Шарқий Европанинг бошқа давлатларида хавфсизлик даражасининг ёмонлашиши сабабли зарур. Ўзгараётган геосиёсий вазият Польша қуролли кучларининг НАТО томонидан зудлик билан қўллаб-қувватланишини талаб қилиши мумкин», деб ҳисобламоқда мамлакат ҳукумати.

 

АҚШ ҲАРБИЙ САМОЛЁТИ РОССИЯ ЧЕРАГАСИГА ЯҚИНЛАШДИ

АҚШ ҳарбий самолёти Россия черагасига яқинлашди. АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларининг RC-135 разведкачи самолёти Калининград вилояти соҳилбўйига яқинлашди. Буюк Британия авиабазасидан ҳаво кўтарилган самолёт айни вақтда Болтиқ денгизининг жанубий қисмида топшириқ бажармоқда. Маълум қилинишича, самолётни ушлаш учун Калининграддаги авивабазадан Су-27 самолёти ҳавога кўтарилган. АҚШ самолёти ёқиқ ҳолдаги транспондер билан учган ва уни радарда кузатиш мумкин бўлган.

 

III. МИРЗО УЛУҒБЕК НОМИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИДА

 МЕН МАМЛАКАТИМДА ТИНЧЛИКНИ ТАЪМИНЛАЙМАН

Бугунги саодатли кунларимиз тинчлик ва осойишталик билан янада тотлидир.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши Ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш масалалари сектори ва ХДП “Ёшлик” Талабалар шаҳарчаси кенгаши билан ҳамкорликда “Мен мамлакатимда тинчликни таъминлайман” мавзусида ўтказилган давра суҳбатида шу ҳақда атрофлича сўз юритилди.

– Дунёда тобора кескинлашиб бораётган қарама-қаршиликлар тинчлик ва барқарорликка нисбатан ўта жиддий хавф ва таҳдид солаётганини, бу барчамиздан огоҳлик ва ҳушёрликни талаб қилишини бугунги ёшлар ҳам яхши англайдилар,– деди ЎзМУ проректори Давлатбой Жумабоев.– Президентимиз Ислом Каримов 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан оммавий ахборот воситалари вакиллари билан суҳбатида таъкидлаганидек, инсоният тарихидаги энг мудҳиш ва бешафқат, беҳисоб йўқотишларга олиб келган урушни бошидан кечирган халқимиз доимо битта фикр билан яшайди: бундай ёвуз офат ҳеч қачон қайтмасин, остонамизга яқин келмасин. Бизга тинчлик керак, омонлик керак.

Давра суҳбатида ХДП Марказий Кенгаши Ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш масалалари сектори мудири Умурбек Бектемиров, юридик фанлари доктори, профессор Жуманазар Холмўминов, ХДП “Ёшлик” Талабалар шаҳарчаси кенгаши раиси Муҳаббат Абдуллаева ва бошқаларнинг “Ёшларни ёт ғоялар ва турли қарашлар таъсиридан асраш – мақсадимиз” лойиҳаси дорасидаги маърузалари катта қизиқиш билан тингланди.

Талабалар бу мавзуларда ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олдилар.

 

MATEMATIKLAR OLIMPIADASI

Mirzo Ulug`bek nomidagi O`zbekiston Milliy universitetida matematika fani bo`yicha respublika fan olimpiadasi o`tkazildi.

Unda respublikamiz oliy ta’lim muassalaridan 24 nafar talaba ishtirok etdilar.

O`zbekiston Milliy universiteti Mexanika-matematika fakulteti 2-bosqich talabasi Hakimboy Egamberganov 1-o`rinni egalladi. 2-3-o`rinlar Samarqand va Urganch davlat universitetlari talabalariga nasib etdi.

 

MAQOLALAR TANLOVI G`OLIBI DILNOZA NISHONOVA RESPUBLIKA BOSQICHIGA CHIQDI

Mirzo Ulig`bek nomidagi O`zbekiston Milliy universitetida “Kecha kim edig-u, bugun kim bo`ldik, ertaga qanday marralarni agallash kerak?” mavzuida maqolalar tanlovi o`tkazildi.

Unda birinchi (fakultet) bosqichida g`olib bo`lgan 12 nafar talaba ishtirok etdilar. Ular mavzuning mazmun-mohiyati to`laqonli ochib berilganli, ijodiy ishlarining grammatik jihatdan to`g`ri ekanligi, adabiyotlardan foydalanganligi, mustaqil fikrlarning aniq bildirilganligi, hayotiy misollardan foydalanligi, mavzu doirasida takliflar berilganligi bo`yicha baholandilar.

Tanlov shartlariga ko`ra Iqtisodiyot fakulteti 2-bosqich talabasi Dilnoza Nishonova, Xorijiy filologiya fakulteti 2-bosqich talabasi Nazira Q`ochqarova, Kimyo fakulteti 1-bosqich talabasi Muhammadbobur Yusubovlar 1-2-3-o`rinlarga munosib deb topildilar.

G`oliblik shohsupasini egallagan Dilnoza Nishonova iyun oyida tanlovning respublika bosqichida ishtirok etadi.

 КИМЁГАРЛАР АНЖУМАНИ

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида кимё фани бўйича яратилган илмий мактабларни дунё олимлари тан олганлар. Бугунги кунда ҳам Кимё факультетида фаннинг янги қирралари устида илмий изланишлар изчил давом эттирилмоқда. Бугун бу масканда бошланган “Ўзбекистонда табиий бирикмалар кимёсининг ривожи ва келажаги” республика илмий-амалий анжуманида ана шундай изланишлар ўз аксини топаётгандек.

– Мамлакатимизда кимё саноатини ривожлантиришда бу соҳадаги илмий тадқиқотларнинг ўрни алоҳида,– деди ЎзМУ биринчи проректори Файзулла Агзамов.– “Ўзбекистонда табиий бирикмалар кимёсининг ривожи ва келажаги” мавзуига бағишланган анжуманга тақдим этилган илмий мақолаларда кўтарилган масалалар, тадқиқотлар республикамизда шу соҳа ривожига хизмат қилади. Бу улуғвор йўлда барча олимлар ва ёш тадқиқотчиларга омад тилаймиз.

Анжуманда Миллий университет проректори Алишер Ҳайитбоев, Ўзбекистон Фанлар Академияси Биоорганик кимё институти директори Аббосжон Тўраев, Кимё институти лаборатория мудири Ноил Сагдиев, Наманган давлат университети профессори Шавкат Абдуллаев, Тошкент Тиббиёт академияси Фарғона филиали профессори Паризод Эгамбердиева, Кимё факультети декани Одилжон Мухторов, Табиий бирикмалар кимёси кафедраси мудири Солиҳжон Мавлонов ва бошқалар табиий бирикмалар кимёси йўналишида амалга оширилаётган ишлар самараси ва галдаги вазифалар ҳақида сўз юритдилар.

Конференцияда таниқли олимлар билан бир қаторда ёш тадқиқотчилар ҳам ўзаро фикр алмашдилар.

 

ЁШЛАРНИНГ ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ФАОЛЛИГИ ОШМОҚДА

Долзарб мавзудаги маънавий-маърифий тадбирлар, илмий-амалий анжуман ва давра суҳбатлари ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишга хизмат қилади. Бундай йигит-қизлар маънан етук бўлиб камолга етадилар.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида тез-тез шундай тадбирлар ўтказилмоқда. Навбатдаги маънавий-маърифий тадбир 4-Талабалар турар-жойида ўтказилди. Унда барча факультетлар деканларининг Маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари, фаол талабалар иштирок этдилар.

– Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Миллий университети фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги (2016 йил 11 май) Қарори университетимиз ҳаётида улкан воқеа ҳисобланади,– деди ЎзМУ проректори Давлатбой Жумабоев.– Қарорда Олий таълим ривожининг жаҳон тажрибасини ҳисобга олган ҳолда юқори малакали мутахассислар тайёрлаш даражаси ва сифатини тубдан ошириш, Миллий университетнинг илмий салоҳиятини янада мустаҳкамлаш, ўқув жараёнининг илмий-тадқиқот фаолияти билан узвий алоқасини кучайтириш, профессор-ўқитувчилар ва талабаларни фундаментал ва амалий тадқиқотлар ўтказишга кенг жалб этиш, шунингдек бунинг учун зарур замонавий инфратузилма ва моддий-техника базасини яратиш борасида қатор вазифалар белгиланган. Бу қарорни мураббийлар ва талабалар теран нигоҳ билан ўрганмоқдалар. Навбатдаги “Ахборот соати”да шу масалага жиддий эътибор қаратиш мақсадга мувофиқдир. Муҳими, бу тарихий ҳужжатда белгиланган вазифаларни тўлақонли амалга оширишимиз лозим.

Тадбирда маънавий-маърифий тадбирлар режаси, талабалар турар-жойларида амалга оширилиши зарур бўлган энг муҳим вазифалар ҳақида ҳам фикрлашиб олинди.

 

ЎЗМУ ТАЛАБАЛАРИ “УНИВЕРСИАДА – 2016”ГА МУНОСИБ

ҲОЗИРЛИК КЎРДИЛАР

 Талабалик – олтин даври бўлган йигит-қизлар учун спорт мусобақалари ўзига хос байрамдир. Спорт оилада, жамиятда соғлом муҳит қарор топиши учун ўзига хос замин бўлиб хизмат қилади. Спорт Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрўйини янада ошириш, нуфузини янада юксалтириш учун имконият яратади. Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаганларидек, “юртимизда шаклланган, “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ва Универсиада спорт ўйинларини ўз ичига олган уч босқичли ноёб тизимнинг бамисоли қудратли тўлқинга айланиб, миллион-миллион болаларимизни ўз сафига қамраб олаётгани, уларнинг ҳам жисмоний, ҳам маънавий соғлом бўлиб улғайиши учун хизмат қилаётганини мамнуният билан таъкидлаш лозим. Айниқса, бу тизимнинг юқори босқичи бўлган Универсиада мусобақалари ёшларимиз учун том маънода чиниқиш ва камолот мактабига айлангани эътиборлидир”.

2007 йилда Тошкентда, жумладан, “Ёшлик” Талабалар шаҳарчасида олий ўқув юртлари талабалари ўртасида ўтказилган Универсиада ўйинлари Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ёш спортчилари ҳаётида ўчмас из қолдирган эди. Шундан буён ЎзМУ спортчи талабалари навбатдаги Универсиадаларни ўзгача иштиёқ билан кутиб оладилар. Чунончи, улар 2010 йили Андижонда, 2013 йили Бухоро вилоятида ўтказилган мусобақаларда салмоқли ютуқларга эришганлари билан фахрланадилар.

26-29 май кунлари Фарғона шаҳрида ўтказиладиган навбатдаги “Универсиада – 2016” мусобақаларига ҳам шундай қизғин ҳозирлик кўрилди. Аввало бу спорт байрами ҳақида талаба-ёшлар ўртасида кенг тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилди. Унга тайёргарлик асносида спорт мусобақаларининг 1-босқичи ЎзМУ факультетлари ўртасида ўтказилди.

Қизиқарли ўтган мусобақаларда қўл тўпи (гандбол) бўйича ўғил болалар ва қизлар жамоаларида 132 нафардан, баскетбол бўйича ўғил болалар ва қизлар жамоаларида 110 нафардан, футбол (ўғил болалар) бўйича 165 нафар, теннис бўйича 8 нафар, стол тенниси бўйича 22 ўғил бола, 11 нафар қизлар, енгил атлетика бўйича 132 нафар, якка кураш бўйича 44 нафар, шахмат бўйича 22 нафар ўғил болалар, 11 нафар қизлар, оғир атлетика бўйича 22 нафар, бокс бўйича 15 нафар, таэквондо бўйича 15 нафар, сузиш бўйича 15 нафар талабалар иштирок этдилар.

Талабаларга ғоят кўтаринки руҳ бахшида этган спорт мусобақаларининг 2-босқичи янада қизиқарли ва ҳаяжонли тарзда ўтди. Унда қўл тўпи (гандбол) бўйича ўғил 10 нафардан ўғил болалар ва қизлар, баскетбол бўйича 8 нафардан ўғил болалар ва қизлар, футбол бўйича 22 нафар, теннис бўйича 2 нафар, стол тенниси бўйича 4 нафар, енгил атлетика бўйича 20 нафар, эркин кураш бўйича 3 нафар, юнон-рум кураши бўйича 3 нафар, шахмат бўйича 4 нафар, оғир атлетика бўйича 5 нафар, дзюдо бўйича 4 нафар, бокс бўйича 2 нафар, таэквондо бўйича 4 нафар, сузиш бўйича 7 нафар спортчи талабалар иштирок этдилар.

Мазкур мусобақалар натижаларига кўра Миллий университет жамоалари қуйидаги ўринларни эгалладилар:

Гандбол (эркаклар) – II-ўрин;

Гандбол (аёллар) – II-ўрин;

Баскетбол (эркаклар) – III-ўрин;

Баскетбол (аёллар) – II-ўрин;

Волейбол (эркаклар) – VI-ўрин;

Волейбол (аёллар) – IX-ўрин;

Шахмат бўйича Математика факультети 3-босқич талабаси Бобур Сатторов I-ўрин;

Таэквондо бўйича География ва геология факультети 1-босқич талабаси Мадина Ҳайитова (49 кг) III-ўрин;

Оғир атлетика бўйича Бекзод Ҳасанбоев (77 кг), Муҳиддин Холдоров (85 кг), Олмос Ортиқов (94 кг) III-ўрин;

Футбол – IX-ўрин;

Сузиш – XIII-ўрин;

Стол тенниси – XI-ўрин;

Дзюдо – V-VIII-ўринлар;

Эркин кураш – V-VIII-ўринлар;

Енгил атлетика – II-ўрин.

Шу тариқа Фарғона вилоятида ўтказиладиган “Универсиада-2016” спорт мусобақаларининг финал босқичида ЎзМУ спортчи талабаларидан шахмат бўйича Бобур Сатторов, гандбол бўйича Рустам Собиржонов ва Ирода Валижонова, баскетбол бўйича Шаҳноза Ҳайдарова ва Учқун Актамовлар Тошкент шаҳри терма жамоалари таркибида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритдилар.

Барча спортчи талабаларимизга омад тилаб қоламиз.

 ЁШ ИҚТИСОДЧИ РЕСПУБЛИКА ФАН ОЛИМПИАДАСИ ҒОЛИБИ

Иқтисодчи аввало чуқур билим ва тафаккурга, амалиётда эса ўзига хос маҳоратга эга бўлиши лозим. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Иқтисодиёт факультетида бўлғуси иқтисодчиларга соҳа сирлари қанчалик мукаммал ўргатилаётганини фан олимпиадалари ва турли танловларда кўришимиз мумкин.

Шу йил 16-17 май кунлари республика олий таълим муассасалари талабалари ўртасида “Ўзбекистон иқтисодиёти” фанидан ўтказилган олимпиадада Ўзбекистон Миллий университети Иқтисодиёт факультети 2-босқич талабаси Шоҳзод Ҳамдамбоев 1-ўринни эгаллади.

– Талабаларимиз аввало фан сирларини мукаммал эгаллашлари учун факультетимизда барча имкониятлар яратилган. Она тилимизда иқтисодиётга оид қатор дарсликлар, ўқув қўлланмалар ва уларнинг электрон манбаларидан исталганча фойдаланиш мумкин,– дейди олимпиада ғолиби бўлган талаба илмий раҳбари, Макроиқтисодиёт кафедраси мудири, иқтисод фанлари доктори, профессор Абдураҳим Ваҳобов.– Шунга яраша иқтидорли талабаларимизнинг интеллектуал салоҳиятлари ошиб бораётгани барчамизда умид уйғотади.

Олимпиада натижаларига кўра Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ва  Тошкент молия институти талабалари 2-3-ўринларга муносиб кўрилдилар.

Шунингдек, 11-12 май кунлари Тошкент давлат иқтисодиёт университетида, 13-14 майда эса Тошкент молия институтида “Макроиқтисодиёт ва микроиқтисодиёт”, “Молия ва кредит” фанларидан ўтказилган республика фан олимпиадаларида Ўзбекистон Миллий университети Иқтисодиёт факультети 3-курс талабалари Муқаддамхон Саидрасулова ва Суҳроб Шариповлар фахрли 3-ўринни эгалладилар.

 

Материаллар ЎзМУ Ахборот хизмати томонидан тайёрланди.

Унда республика ОАВ хабарларидан фойдаланилди.

 

Факультет деканининг Маънавият ва маърифат ишлари бўйича ўринбосари диққатига!

“Ахборот соатлари” маълумотлари юзасидан савол пайдо бўлса ЎзМУ Ахборот хизмати раҳбари Тўлқин Эшбековга мурожаат қилишингиз мумкин.

Телефон: +99890 9120963.

Электрон почта: tueshbek@mail.ru

Манба: nuuz.uz

You may also like...

22 Responses

  1. Universiada 2016 shu yil so’lim Farg’ona shahrida bo’lib o’tadi -Bu yil “Universiada-2016” da birinchi marotaba yunon-rum va erkin kurash, boks, og’ir atletika sport turlari bo’yicha musobaqalar o’tkaziladi,-deydi Farg’ona Davlat universiteti jismoniy madaniyat va sport fakulteti dekani Rasuljon Hamroqulov.-Sport musobaqalarining saralash bahslarida 5 ta oliy o’quv yurtlarida tahsil olayotgan talabalarning eng mahoratlilari tanlab olinib, viloyat terma jamoasi shakllantirildi. Ayni kunlarda tayyorgarlik mashg’ulotlari kunda ikki marotaba o’tkazilayotir. Sportchi talabalarimizdan Abobakir Rahimov (taekvondo), Akmal Qosimov (boks), Shukurjon Po’latov (futbol), yunon-rum kurashida Diyorbek Sharipov, engil atletikachilar Nozima Abdug’aafforova, Feruza Madaminova, suzish bo’yicha Malika Azimova singari 139 nafar talabalarimiz Universiada musobaqalarida qatnashadilar. Malakali murabbiylar rahbarligida sportchilarimiz puxta taraddud ko’rmoqdalar. Ular o’zlariga qanday mas’uliyat yuklanganini teran anglagan holda bor kuch, mahoratini ishga solib, viloyatimiz sport sharafini munosib himoya qilishga otlanishgan. Farg’ona Olimpiya zaxiralari kollejida ham yoshlik va nafosat bayramini kutib olishga katta tayyorgarlik ko’rilmoqda. Kollej hududida ta’mirlash ishlari olib borilmoqda. Bu qurilish ishlarini “Farg’onatexmontajkonstruktsiya” va “Farg’onamukammalta’mirqurilish” MChJ bunyodkorlari jadallik bilan olib borishyapti. Hududga turli tuman gul, archa va boshqa manzarali daraxt ko’chatlari o’tqazildi. Ko’kalamzorlashtirish, obodonlashtirish ishlarida kollejning ishchi-xodimlari faol qatnashmoqda.

  2. O’zbekiston va Koreya Respublikasi bosh vazirlari Shavkat Mirziyoev hamda Hvan Gyo An 21 may kuni Qoraqalpog’istondagi Surg’il koni negizida barpo etilgan Ustyurt gaz-kimyo majmuasi qurilishi yakunlanishi va uning ishga tushirilishiga bag’ishlangan marosimda ishtirok etdi. Biz o’zbek yoshlari bu yangilikdan bog’oyatda xursand bo’ldik. Ustyurt gaz-kimyo majmuosi ochilganligi va yangi ish o’rinlari shakllandi.

  3. Haqiqatda bizning ta’lim dargohimiz shu kungacha dovrug’i dunyoga doston qanchadan-qancha olimlarni yetkazib berdi. Shu an’ananing mantiqiy davomi sifatida universitetimizda «O’zbekiston iqtisodiyoti» fanidan olimpiada o’tkazildi. Shiddatli kechgan bu jarayonda iqtisodiyot fakulteti 2-bosqich talabasi Shoxzod Hamdamboyev faxrli birinchi o’rinni egalladi. Bundan ko’rinib turibdiki, bu yoshlarimiz kelajakda buyuk iqtisodchi bo’lib yetishadilar. Ularga muvaffaqiyatlar tilab qolamiz.

  4. Angrenda mator moylari ishlab chiqariladigan yangi zavodning Bolgariya bilan hamkarlikda ishga tushirilishi bu bizda ham chet elning zamon talablariga javob bera oladigan texnik vositalardan foydalanish va sifatli mahsulot ishlab chiqarish imkonini beradi shu bilan birgalikda qo’shimcha ish o’rinlari yaratilishiga zamin bo’ladi

  5. Бугунги кунда, турли соҳаларда ўзаро ишонч кайфияти ҳукм сурмоқда. Томонлар «Буюк ипак йўли иқтисодий белбоғи»ни барпо этишда самарали ҳамкорлик қилмоқда бу икки давлат учун хам фойдали ва самарали келишувдир

  6. Bugungi kunda turli sohalarda jadal rivojlantirish ketmoqda xususan ta’lim sohasida ham Milliy Universitetimizga qaritilayotgan e’tibor tasqinga loyiqdir.Biz yoshlar bu imkoniyatlarida foydalangan holda davlatimizga o’z hissamizni qo’shmoqmiz darkor.Bu yilni Prezendetimiz «Sog’lom ona-sog’lom bola yili»deb nomladilar.Mamlakatimizni turli joylarida «Mustaqil yurt farzandlarmiz mavzusi ostida» festival bo’lib o’tdi.Bunda MTM tarbiyalanuvchilar o’z iqtidorlarni ko’rsatdi.

  7. Bugungi mamlakatimizda turli sohalarda jadal rivojlantirish ketmoqda.Yoshlarimizga ham turli xil shart-sharoitlar yaratib berilgan yoshlarmiz o’zlarini har sohada o’zini sinab ko’rishmoqda.Kuni kecha Farg’onada Universiada musobaqalar o’tkazilmoqda ular har o’zlarini xil sport belashuvi o’tmoqda.

  8. Qayta tashkil etilayotgan universitetimiz faoliyati, o’ylaymanki, ko’zlangan natijalarni beradi. Fizika sohasi bo’yicha faoliyat olib borayotganlar uchun ham bu o’zgarishlar yangi imkoniyatlarni taqdim etadi.

  9. Hozirgi globallashuv davrida axborot olish imkoniyati kundan-kunga kengayib bormoqda. Bu borada bizning Universitetimiz ham faollik bilan ommaga axborotlarni jadal sur’atlarda yangilkilarni tezkorlik bilan yetkazib bermoqda. Nafaqat yangilik borasida balki, fan olimpiadalarida ko’plab yutuqlarga erishilayotgani ham yuqoridagi yangiliklardan ham ma’lum.

  10. Dunyoning eng rivojlangan davlatlari, AQSH, Xitoy, Janubiy Koreya, Rossiya va boshqalar bizning yurtimiz bilan iqtisodiy-siyosiy hamkorlik qilishga intilayotganligi juda quvonarlidir. Bu davlatimiz tobora shiddat bilan rivojlanayotganligi, dunyo hamjamiyati va bozorlarida òz òrniga ega bòlayotganligidan dalolat beradi. Endi jahonda bizning ham òz òrnimiz, sòzimiz bor deb baralla aytsak bòlaveradi deb òylayman!

  11. Ўзбекистон ва Корея Республикаси бош вазирлари Шавкат Мирзиёев ҳамда Ҳван Гё Ан 21 май куни Қорақалпоғистондаги Сурғил кони негизида барпо этилган Устюрт газ-кимё мажмуаси қурилиши якунланиши ва унинг ишга туширилишига бағишланган маросимда иштирок этди. O’ylaymanki, ushbu majmua ham yurtimizning eng yirik korxonalari sirasiga qo’shilib, ikki davlat o’rtasidagi aloqalarni yanada mustahkamlanishi yo’lida xizmat qiladi.

  12. Yurtimizda oliy o’quv yurtlari sonining ko’payotganligi bu juda quvonarlidir. Chunki bu rivjlanishdan dalolat.

  13. Universitetimizni qaytadan tashkil qilish bu juda yaxshi yangilikdir. Ayniqsa binolarni qayta tamirlash ishlarini ko’rgan odamning quvonchi oshadi. Eng quvonarlisi universitetimizning 100 yilligiga ham kam fursat qoldi.

  14. Yurtimizda va jahonda yuz berayotgan eng so’nggi va kerakli ma’lumotlar joylashtirilgan. Fikrni chalg’ituvchi informatsiyaga o’rin yo’q.

  15. Universiada — 2016 bahslari bu yil ham juda qiziqarli va shiddatli kurashlarga boy bo’lganligi bilan yodimizda qoladigan bo’ldi. Bu kabi sport musobaqalarini o’tkazilishi xalqimiz orasida sog’lom turmush tarzini shakllantirish hamda yoshlarimizning bo’sh vaqtlarini unumli o’tkazishiga undovchi muhim omil bo’ldi desam mubolag’a bo’lmas.

  16. Ustoz garchi darislaringizda ma’lum sabablarga ko’ra to’liq qatnasha olmasamda, ammo ushbu sayt orqali qimmatli va muhum ma’lumotlar bilan muntazam bo’lmasada vaqti-vaqti bilan tanishib turaman va albatta o’zim uchun xulosani chiqaraman.

  17. Bitta narsadan xursand bo’laman. Internetga kirsam ham televizorni korsam ham u yoqda yong’in buyoqda portlash deb bong uradi. Bizda Farg’onada universiada Toshkentda Koreyaliklar bn hamkorlik uchrashuvlari. Hamma hammasi tinchligimz abadiyligidan darak. Shukur qilib yashaylik tinchligimizga.

  18. Yurtimiz rivojlanib, yuksak marralarni egallayotganligi bu quvonarli holdir. Kimga boqmang, shunday gurkiragan yurtda yashayotganligidan shukronalik tuyg`usini his qilasiz. Biz yoshlar ham shunga munosib bo`laylik!!!

  19. Prezidentimizning «Farzandlari sog’lom yurt qudratli bo’lur, Qudratli yurni farzandlari sog’lom bo’lur» degan fikirlari haq. Aynan shu fikirlar asosida O’zMUda ham ko’p ishlar amalga oshirilmoqda.

  20. Vaqt o’tgani sayin yurtimizdagi barcha sohalarda shu jumladan sportda ham mamlakatimiz bayrog’i yuqori cho’qqilarda hilpirab turibdi! Sport sohasida erishilayotgan yutuqlar kun sayin ortib bormoqda. Yurtboshimiz tomonidan sportchilarimizga taqdim etilgan sharoitlar sport majmualari ozini oqlamoqda! Shu jumladan yurtimizning 25 yilligiga bag’ishlab «Yengil atletika federatsiyasi»ning sport majmuasi ochilish marosimi bo’lib o’tadi! Sportchilarimiz yurtimiz bayrogini yanada baland cho’qqilarga opchiqishiga ishonamiz va ularga omad tilab qolamiz.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>