“АХБОРОТ СОАТЛАРИ” № 38-16

Ҳафтанинг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеалари (23-28 май кунлари)

МИРЗО УЛУҒБЕК НОМИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИ

“АХБОРОТ СОАТЛАРИ” № 38-16

Ҳафтанинг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеалари (23-28 май кунлари)

ТОШКЕНТ

ЎзМУ – 2016

 

Факультет деканининг Маънавият ва маърифат ишлари бўйича ўринбосарлари ва мураббийлар диққатига! Талабаларга “Ахборот соатлари” материаллари билан nuuz.uz ва uchildiz.uz веб-сайтлари орқали ҳам танишиш тавсия этилиши мақсадга мувофиқдир.

 

I. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДАГИ ИҚТИСОДИЙ, ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ВОҚЕАЛАРГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАР

 ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ҚАРОРИ

2016/2017 ЎҚУВ ЙИЛИДА ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ОЛИЙ ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИГА ЎҚИШГА ҚАБУЛ ҚИЛИШ ТЎҒРИСИДА

Республика иқтисодиёти тармоқлари ва минтақаларида талаб этиладиган ихтисосликлар бўйича юқори малакали кадрларни сифатли тайёрлашни таъминлаш, олий таълим муассасаларига қабул қилишда иш берувчиларнинг олий маълумотли мутахассисларга бўлган талаб-эҳтиёжларини, шунингдек, иқтисодиётда таркибий ўзгартиришларнинг мақсадли ўрта муддатли дастурларини амалга ошириш, тармоқларни модернизациялаш, техник қайта жиҳозлаш ва диверсификациялашни, мамлакат минтақаларини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни ҳисобга олган ҳолда ўзаро боғлиқлиги ва мутаносиблигини кучайтириш мақсадида:

  1. Маълумот учун қабул қилинсинки, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Меҳнат вазирлиги, Молия вазирлиги, ўз тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идоралар билан биргаликда, акциядорлик компаниялари, хўжалик бирлашмалари ва корхоналар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари иштирокида:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 23 июндаги “Республика олий ўқув юртларига қабул қилиш параметрларини шакллантириш механизмини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2360-сонли қарорига мувофиқ олий ўқув юртларига қабул қилиш параметрлари ва янги қурилаётган корхоналарнинг ҳудудий жойлашуви, иқтисодиётдаги таркибий ўзгартиришлар бўйича дастурий чора-тадбирларни, ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техник қайта жиҳозлаш ва диверсификациялаш, йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш омилларини таҳлил қилишни ҳисобга олган ҳолда олий ўқув юртларининг битирувчиларига нисбатан иш берувчиларнинг талаб-эҳтиёжи баланс ҳисоб-китоблари ишлаб чиқилди;

иқтисодиёт тармоқлари ва секторларининг олий маълумотли мутахассислар билан амалда таъминланганлигини экспертизадан ўтказиб баҳолаш натижаларига кўра бакалавриат тайёрлашнинг 18 та янги мутахассислиги жорий этилишини назарда тутувчи олий таълим йўналишлари ва мутахассисликлари рўйхатига тегишли ўзгартиришлар киритилди;

олий ўқув юртларининг аниқ йўналишлар ва мутахассисликлар бўйича битирувчиларига нисбатан истиқболга мўлжалланган талаб-эҳтиёжга, шунингдек, битирувчиларнинг танланган мутахассислик бўйича ишга жойлашуви мониторинги асосида 2016/2017 ўқув йилида олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш квоталари шакллантирилди.

  1. 2016/2017 ўқув йили учун:

бакалаврларни 57907 нафар, шу жумладан, давлат грантлари бўйича – 19120 ва тўлов-контракт асосида – 38787 нафар миқдорида 1-иловага мувофиқ;

магистрларни 5000 нафар, шу жумладан, давлат грантлари бўйича – 1548 ва тўлов-контракт асосида – 3452 нафар миқдорида 2-иловага мувофиқ;

Тошкент кимё-технология институти (Қўнғирот бўлими)нинг махсус сиртқи бўлимида бакалаврларни тайёрлаш давлат грантлари бўйича 65 нафар ва Тошкент ахборот технологиялари университетининг махсус сиртқи бўлимида – 50 нафар, шу жумладан, давлат грантлари бўйича – 15 нафар ва тўлов-контракт асосида – 35 нафар қабул қилиш умумий квоталари 3-иловага мувофиқ белгилансин.

  1. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази, Тошкент тиббиёт академиясининг 2016/2017 ўқув йилидан бошлаб Тошкент тиббиёт академиясининг Урганч филиалига ўқишга қабул қилишни тўхтатиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.
  2. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идоралар билан биргаликда:

жаҳоннинг ривожланган мамлакатларидаги етакчи университетлар ва олий ўқув юртлари билан қалин ҳамкорлик доирасида кенг кўламда иштирок этган ҳолда 2016/2017 ўқув йили бошлангунга қадар барча ўқув режалари ва дастурлари тубдан қайта ишлаб чиқилишини ниҳоясига етказишни таъминласин, фанларни ўқитишнинг эскирган, умрини ўтаб бўлган ёндашув ва услубларидан батамом воз кечишни, бакалавриат ва магистратурада жаҳон фани ва илғор педагогик технологияларнинг замонавий ютуқларига асосланган янги ўқув режалари ва дастурларини жорий этишни, шунингдек, таълим жараёнида уларни амалга ошириш ҳамда олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш сифатини ошириш учун биринчи навбатда фундаментал ва техник мутахассисликлар бўйича етакчи хорижий олимлар ва ўқитувчиларни жалб этишни назарда тутсин;

олий ўқув юртларининг профессор-ўқитувчилари фаолиятига баҳо беришда ва моддий рағбатлантиришда уларнинг хорижий тилларни қай даражада эгаллаганлигига ҳамда замонавий педагогик, мультимедиа ва ахборот-коммуникация технологияларини ўқув жараёнида қўллай олиш савиясига аҳамият берсин;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 12 июндаги ПФ-4732-сонли Фармонига биноан ташкил қилинган мамлакат олий ўқув юртларининг 15 та таянч марказларида олий таълим муассасаларининг раҳбар ва профессор-ўқитувчилар таркибини янги ўқув дастурлари ва таълим услублари бўйича қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни 2016 йилнинг 1 июлидан ташкил қилишни таъминласин, шу мақсадда чет эллардаги етакчи олий таълим муассасаларининг олимлари ва профессорларини кенг жалб қилсин.

  1. 2016/2017 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси (кейинги ўринларда – Давлат комиссияси)нинг таркиби 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Давлат комиссиясига бакалавриат тайёрлашнинг йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича олий таълим муассасаларига кириш чоғида абитуриентлар тўплаган балларнинг рейтинг баҳосини ҳисобга олган ҳолда бакалавриат ва магистратурага қабул қилишнинг белгиланган умумий квоталари доирасида олий таълим муассасаларига қабул қилиш параметрларига ўзгартишлар киритиш ҳуқуқи берилсин.

  1. Ўз тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази билан биргаликда бир ҳафта муддатда ўзларига қарашли олий таълим муассасалари доирасида бакалавриат ва магистратура бўйича давлат гранти ҳамда тўлов-контракт асосида ўринлар квотасини таълим тилларига қараб тақсимлашга оид таклифларни Давлат комиссиясига тасдиқлаш учун киритсин.
  2. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Халқ таълими вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази билан биргаликда:

Олий таълим йўналишлари ва мутахассисликлар классификаторига янги киритилаётган бакалавриат йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича белгиланган тартибда ўзгартиш ва қўшимчалар киритсин;

шу йилнинг 1 августига қадар янги киритилаётган бакалавриат йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича ўқув режалари ва дастурларини ишлаб чиқиб, белгиланган тартибда тасдиқласин.

  1. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2016/2017 ўқув йилида давлат грантлари асосида бакалавриат ва магистратурага қабул қилиш бўйича белгиланган квоталарни ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан зарур маблағлар ажратилишини таъминласин.
  2. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ўз тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идоралар, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази билан биргаликда:

бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;

ўзларининг идоравий меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларини ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

  1. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.Мирзиёев зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси

Президенти И.Каримов

Тошкент шаҳри,

2016 йил 26 май

 ИСЛОМ КАРИМОВ ОҚСАРОЙДА ЛАВРОВНИ ҚАБУЛ ҚИЛДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 24 май куни Оқсаройда Россия Федерацияси ташқи ишлар вазири Сергей Лавровни қабул қилди. Учрашувда Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги кўп томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболи, халқаро сиёсатга доир долзарб масалалар муҳокама этилди.

Давлатимиз раҳбари Россия ташқи ишлар вазирини қутлар экан, жорий йилнинг апрель ойида Москвада ўтган олий даражадаги Ўзбекистон – Россия музокаралари якунларига юксак баҳо берди ва бу барча йўналишларда ўзаро муносабатларни ҳар томонлама ривожлантиришга хизмат қилишини таъкидлади.

Бугунги кунда олий даражадаги учрашувлар чоғида эришилган, аввало, савдо-иқтисодий соҳадаги келишувларни амалга ошириш муҳим аҳамиятга эга экани қайд этилди. Бу жаҳон иқтисодиётида мураккаб ўзгаришлар рўй бераётганига қарамасдан ўзаро савдо ҳажмини нафақат сақлаб қолиш, балки кўпайтириш имконини беради.

Томонлар 2015-2019 йилларда иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш ва чуқурлаштиришнинг асосий йўналишларига оид битим доирасида рақобатбардош ва харидоргир маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича янги инвестициявий лойиҳаларни биргаликда амалга оширишдан манфаатдор экани таъкидланди.

Россия ташқи ишлар вазири самимий қабул ва ўзаро муносабатлар, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашиш имконияти учун Президентимизга миннатдорлик билдирди. С.Лавров Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг мажлиси хусусида ўз фикрини билдирар экан, Ўзбекистоннинг ШҲТга самарали раислиги Тошкент саммитининг муваффақиятли ўтишини таъминлашига ишонч билдирди.

Учрашувда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтиришнинг бошқа истиқболли йўналишлари бўйича ҳам фикр алмашилди.

 

ТОШКЕНТДА ШҲТ ТИВ РАҲБАРЛАРИ КЕНГАШИ ЙИҒИЛИШИ БЎЛИБ ЎТДИ

24 май куни Тошкент шаҳрида ўтказилган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда Ўзбекистон ТИВ раҳбари Абдулазиз Комилов, Қозоғистон ТИВ раҳбари Ерлан Идрисов, Хитой ТИВ раҳбари Ван И, Қирғизистон ТИВ раҳбари Эрлан Абдиллаев, Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров, Тожикистон ТИВ раҳбари Сирожиддин Аслов, ШҲТ бош котиби Рашид Алимов ҳамда ШҲТнинг Ҳудудий аксилтеррор тузилмаси ижроия қўмитаси директори Евгений Сисоев иштирок этди.

Ишчи йиғилишда «ШҲТ ташкил топганининг 15 йиллиги муносабати билан расмий Тошкент тайёрлаган декларация лойиҳаси» ҳамда кун тартибидаги масалаларга бағишланган бир қатор ҳужжатлар имзоланди. Шунингдек, ташкилотга Ҳиндистон ва Покистонни қабул қилиш масаласини Давлат раҳбарлари кенгашига кўриб чиқиш учун тақдим этишга қарор қилинди.

Мулоқот бўйича шерик мақомини бериш тўғрисида Озарбайжон, Арманистон, Камбоджа Қироллиги ва Непал билан меморандумлар имзоланганлиги вазирлар томонидан маъқулланди. Вазирлар томонидан таъкидлаганидек, ШҲТ Хартияси ва бошқа асосий ҳужжатларига мувофиқ равишда терроризм, сепаратизм, экстремизм, наркотикларни ноқунуний ишлаб чиқариш ва тарқатиш, трансчегаравий жиноятчиликлар, замонавий ахборот технологияларини қўллаган ҳолда амалга ошириладиган жиноятлар, ноқунуний миграция ва одам савдоси воситаларига қарши умумий курашиш бўйича тадбирлар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш ташкилот доирасидаги ҳамкорликнинг устувор вазифаларидан бири бўлиб қолади. Шунингдек долзарб минтақавий ва халқаро муаммолар, уларнинг ривожланиш тенденциялари, минтақада хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкмалаш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

ШҲТнинг 15 йиллигига бағишланган Тошкент декларацияси ва Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган ШҲТга аъзо мамлакатлар давлат раҳбарлари кенгаши йиғилишининг якунлари бўйича ахборот лойиҳалар ҳамда Бош котиб Рашид Алимов томонидан тақдим этилган ўтган йилда ташкилот Котибиятининг фаолияти тўғрисидаги ҳисобот тасдиқланди.

Делегация раҳбарлари ташкилот фаолияти ва Тошкентда бўлиб ўтадиган ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгаши йиғилишига оид қатор масалалар бўйича ҳам қарорлар қабул қилишди.

Вазирлар ШҲТда раислик қилаётган Ўзбекистон томонидан ШҲТга аъзо мамлакатлар давлат раҳбарлари кенгашининг Тошкент шаҳрида ўтказиладиган йиғилишига тайёргарлик бўйича олиб борилаётган ишларга юқори баҳо беришди.

Бу йиғилиш 23-24 июнь кунлари Тошкент шаҳрида ўтказиладиган ШҲТ Саммитига тайёргарлик доирасидаги охирги йиғилиш бўлди.

 

ЗИЛЗИЛА ДАРАКЧИЛАРИНИ ҚАЙД ҚИЛИШ ҚУРИЛМАСИ ИХТИРО ҚИЛИНДИ

Ўзбекистон Фанлар академияси С.А.Азимов номидаги «Физика — Қуёш» илмий ишлаб-чиқариш бирлашмаси Физика-техника институти олимлари зилзила даракчиларини қайд қилиш қурилмасини яратишди. Мазкур модел ядро физикасида, жумладан техникада космик нурларининг паст энергиялар заррачаларини тадқиқ қилиш ва бир пайтнинг ўзида нейтронлар ва зарядланган заррачалар оқимининг интенсивлигини қайд этиш, зилзилаларни қисқа муддатли прогнозлаш ва сейсмик активлик устидан назорат қилиш учун мўлжалланган.

 

2016 ЙИЛ 470 МИНГ НАФАР ЎҚУВЧИ МАКТАБНИ ТАМОМЛАЙДИ

2016 йил Ўзбекистондаги умумий ўрта таълим мактабларини 476 минг мактаб ўқувчиси тамомлайди. Бу кўрсаткич 2015 йилда 483 минг, 2014 йилда эса 501 минг нафарни ташкил этган эди. «Сўнгги қўнғироқ» 25 май куни мактабларнинг очиқ майдонида бўлиб ўтди.

 

II. ЖАҲОН МИҚЁСИДАГИ ИҚТИСОДИЙ, ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ВОҚЕАЛАРГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАР

 

РОССИЯ ЎРТАЧА МАОШИ 2015 ЙИЛДА 34 ФОИЗГА ПАСТЛАДИ

2015 йилда россияликларнинг ўртача маоши Белоруссия ва Қозоғистон даражасига тушиб қолган. Бу маълумотларни аҳолининг ижтимоий-иқтисодий вазияти ҳамда ижтимоий кайфияти май ойи Мониторингида Иқтисодиёт олий мактаби (ИОМ) ҳисоботи тасдиқлайди. ИОМ аналитиклари ўртача маош кўрсаткичини валюта курси алмашинувига асосланиб белгилади. 2015 йил Россияда ўртача маош Америка валютасига ўгирганда 558 долларни ташкил этди. Бу эса  2014 йил кўрсаткичи билан таққослаганда 34 фоизга паст. Шундай қилиб, Россия ўртача маоши 2015 йилда Қозоғистон (549 доллар), Озарбайжон (431 доллар) ва Белоруссия (415 доллар) даражасига тушиб қолди.

 

БМТ: ДУНЁНИНГ ТЎРТДАН УЧ ҚИСМ ДАВЛАТЛАРИ ТАБИАТГА ҚАРШИ ЖИНОЯТЛАР БИЛАН КУРАША ОЛМАЙДИ

Дунёнинг тўртдан уч қисм давлатига ёввойи табиатга қарши жиноятлар билан самарали курашиш учун етарлича жиҳозлар, жумладан ҳуқуқий шароитлар сабабли, етишмайди. Бу ҳақда журналистларга БМТнинг гиёҳванд моддалар ва жиноятларга қарши курашиш бошқармаси томонидан биринчи марта тайёрланган бундай қоидабузарликлар ҳисоботи муаллифи Анжела Мэй маълум қилди.

«Ҳамма давлатлар ҳам ёввойи табиатга қарши жиноятлар оқибатида қўлга киритилган объектларни ноқонуний ташишга қарши тўлақонли курашиш учун етарлича жиҳозланмаган. Шу жумладан ҳуқуқий шароитлар сабабли», деб айтди Мэй. Унинг фикрича, дунёнинг 75 фоиз давлатлари бу жиноятларга қарши курашишга қодир эмас. Мэйнинг айтишича, бу борадаги энг қайноқ ҳудудлар Африка давлатлари ҳисобланади, бироқ бу ноқонуний индустрия билан барча давлатлар даражасида курашиш лозим. Ҳисоботга кўра, Осиё фил суяги каби объектлар учун энг йирик бозор ҳисобланади, бироқ бу Европа давлатларига ҳам тааллуқлидир, чунки улар кўпинча бундай объектларни ташишда транзит давлатлар ҳисобланади. Ўз навбатида БМТ бош котибининг ўринбосари, гиёҳванд моддалар ва жиноятларга қарши курашиш бошқармаси бошлиғи Юрий Федотов давлатларнинг бундай жиноятларда ноқонуний қўлга киритилган объектларни сақлаш ва олиб келинишига қарши курашиши лозимлигини айтди ва халқаро ҳамжамиятни янги қўриқхоналар яратишни қўллаб-қувватлашга чақирди.

Унинг айтишича, ёввойи табиатдаги ҳайвонлар ва ўсимликларнинг 7 минг тури 120 та давлатга ноқонуний равишда олиб кирилган. Федотовнинг таъкидлашича, тайёрланган маъруза аниқ-равшан фикр – ёввойи табиат объектларини ноқонуний айлантиришга қарши курашишни қўллаб-қувватлашда барча кучларни бирлаштириш лозимлигига уқтиради.

 

ПУТИННИНГ ЁРДАМЧИСИ МАМЛАКАТДА 5 МЛН ҚАШШОҚ ПАЙДО БЎЛГАНИ ҲАҚИДА ХАБАР ҚИЛДИ

Россия президенти ёрдамчиси Андрей Белоусовнинг ТАССга маълум қилишича, мамлакатдаги иқтисодий пасайиш ва рублнинг қадрсизланиши туфайли яшаш учун зарур энг минимум миқдорда даромад қиладиган россияликлар ортиши мамлакат иқтисодида жиддий муаммоларни пайдо қилади. «Яшаш учун зарур энг минимум миқдорда даромад қиладиган россияликлар ҳозирда аҳолининг 13 фоизини ташкил қилмоқда. Инқирозгача бу кўрсаткич 10 фоиз эди. Инқироз туфайли Россияда деярли 5 млн қашшоқ пайдо бўлди», деган у. Белоусовнинг қайд этишича, бу муаммони енгиб ўтиш, қашшоқлик даражасини инқироздан олдинги даврга қайтариш учун бир неча йил талаб этилиши мумкин. Бундан олдинроқ, Белоусов Россия иқтисоди 2-3 йилдан кейин 4 фоизлик барқарор ўсишга эга бўлишини айтиб ўтганди.

 

РОССИЯДА МАДҲИЯНИ ҲАҚОРАТ ҚИЛГАНЛИК УЧУН ЖИНОИЙ ЖАВОБГАРЛИК КИРИТИЛДИ

Россия гимнини ҳақорат қилганлик учун жиноий жавобгарлик киритиш қонун лойиҳаси бир йилгача озодликдан чеклаш ёки маҳрум қилишни кўзда тутади. Давлат рамзларидан бирини ҳақорат қилганлик учун жиноий жавобгарлик киритиш лойиҳаси ташаббусчилари Россия Олий судининг маъқулловини олишди. «Россия Олий суди сенаторлар Вадим Тюльпанов, Андрей Клишас ва Давлат думаси  депутати Разиет Натхонинг Россия мадҳиясини ҳақорат қилганлик учун жиноий жавобгарликни кўзда тутувчи қонунчилик ташаббусига ижобий хулоса берди», деб хабар бермоқда Вадим Тюльпанов матбуот хизматига иқтибос келтирган ҳолда «Интерфакс» ахборот агентлиги. Айни вақтгача Россия Жиноят кодексида иккита давлат рамзи: геоб ва байроқ ҳимояланганди. Бу рамзларни ҳақорат қилганлик учун бир йилгача озодликдан маҳрум этиш белгиланган. Мадҳия эса Россия Федерациясининг Маъмурий қоидабузарликлар кодексининг 17-моддаси билангина ҳимоланганди. Мадҳияни ҳақоратлаган фуқароларга 3 минг рубль, амалдор шахсларга 7 минг рубль, юридик шахсларга эса 150 минг рубль жарима солинарди. Бироқ сенаторлар ташаббуси билан Россия мадҳияси эндиликда Россия Жиноят кодекси билан ҳимояланади. Эндиликда мадҳияни ҳақоратлаган шахслар бир йилгача озодликдан чекланиши, ёки шу муддатга мажбурий ишларга жалб қилиниши, ёки 3 ойдан 6 ойгача ҳибсга олиниши ёки бир йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

 

III. МИРЗО УЛУҒБЕК НОМИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИДА

 ТОШКЕНТ ШАҲРИ ЖАМОАСИ “УНИВЕРСИАДА – 2016” ҒОЛИБИ!

Унда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети спортчи талабаларининг муносиб улуши бор!

Мамлакатимизда еттинчи бор ўтказилган Универсиада том маънода спорт, ёшлик ва гўзаллик байрамига айланди. Мазкур мусобақаларда спортчи-талабалар баскетбол, бокс, волейбол, гандбол, дзюдо, енгил атлетика, оғир атлетика, стол тенниси, сузиш, таеквондо (ВТФ), теннис, футбол, шахмат, эркин ва юнон-рум кураши каби спортнинг 15 тури бўйича ўзаро беллашдилар. Турфа майдонларда йигит-қизлар наинки беллашдилар, шу билан бир қаторда улар росмана дўстлашдилар!

Гўзал Фарғона шаҳрида ғоят ҳаяжонли ўтган “Универсиада – 2016” спорт ўйинлари ниҳоясига етгач, 28 май куни ғолибларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда Тошкент шаҳри жамоаси биринчи ўринни эгаллагани эълон қилинди!

Ғолиб жамоа юксак мукофот – Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг “Универсиада – 2016” спорт ўйинлари иштирокчиларига табригининг асл нусхаси ва Президент совғаси – “Дамас” автомобили билан тақдирландилар.

Бўйниларида шода-шода медаллар, диплом-у сертификатлар билан қайтган ғолиб жамоа аъзоларидан бўлмиш ЎзМУ талаба-спортчиларининг дил сўзларини қоғозга тушурдик.

Рустам Собиржонов, Геология-география факультети 2-курс талабаси:

– Фарғонада менга аввало муҳтарам Юртбошимиз Ислом Каримовнинг “Универсиада – 2016” спорт ўйинлари иштирокчиларига табриги кўтаринки руҳ ва куч-қудрат бахш этди. Давлатимиз раҳбарининг биз ёшларга эътиборини, меҳрини ҳар қадамда ҳис этдим. Буни Ўзбекистон Миллий университетида яратилган шарт-шароитлар мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Шунга яраша наинки спорт, керак бўлса, барча соҳаларда ҳеч кимдан кам эмаслигимизни намоён этишимиз шарт, деб биламан. Жамоамиз ютуғи пойтахт шаҳримиздаги барча олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабаларнинг ғалабасидир. Биз шу кўтаринки руҳ билан ўқишни давом эттириб, азиз Юртбошимиз, устозларимиз ва ота-оналаримизнинг ишончларини оқлашда давом этаверамиз.

Ирода Валижонова, Журналистика факультети 1-курс талабаси:

– Бу спорт ўйинлари ҳаётимдаги энг ёрқин саҳифалардан бирига айланди. Гандболл ўйинида Андижон, Самарқанд вилоятлари қизлари жамоалари билан ўтказган беллашувларимиз жуда ҳаяжонли бўлди. Қўша-қўша мукофотлар орасида менинг қалбимга то абад муҳрлангани Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э.Боситхонованинг ота-онам номига йўлланган “Ташаккурнома”си бўлганини алоҳида таъкидламоқчиман. Унда битилган қуйидаги сўзлар менга қанот бахш этди, десам муболаға бўлмайди:

“Азиз фарзандингиз Фарғонада бўлиб ўтган “Универсиада – 2016” мусобақаларида фаол қатнашиб ўзининг жисмонан етуклиги, маҳоратини намойиш этиб, ёшлар камолоти, келажаги учун чексиз имкониятлар, истиқбол эшигини очаётган Юртбошимизнинг, устозларининг ишончини оқлади.

Бунинг учун Сизга фарзандингизни бахту роҳатини кўриш саодатини тилайман!

Ватанимиз истиқболи, буюк келажагига хизмат қиладиган шундай фарзандни камолга етказганингиз учун ташаккур билдираман!”

Бобур Сатторов, Механика-математика факультети 3-курс талабаси:

– Миллий университетимизда таҳсил олиб, шахмат бўйича жаҳон чемпиони даражасига чиққан Рустам Қосимжоновга жуда ҳавас қилганман. “Универсиада – 2016” спорт ўйинлари ана шу орзу-ҳавасларим рўёбга чиқишида имкониятлар майдони бўлди. Келгусида она Ватаним байроғи остида дунёга чиқиш учун фақат олға интилавераман.

Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, мазкур мусобақаларда иккинчи ва учинчи ўринларни эгаллаган Фарғона ва Самарқанд вилоятлари жамоаларига ҳам Ўзбекистон Республикаси Президенти совғаси – “Дамас” автомобиллари топширилди.

 

“ҲУҚУҚБУЗАРЛИК ВА ЖИНОЯТЧИЛИК – УМР ЗАВОЛИ”

 Жиноятга қарши курашдан кўра унинг олдини олиш кўпроқ самара беради.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Физика факультетида ўтказилган “Ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик – умр заволи” мавзуидаги давра суҳбатида бу ҳақда атрофлича сўз юритилди.

Давра суҳбатида Тошкент шаҳар Олмазор тумани Ички ишлар бошқармаси “Ёшлик” талабалар шаҳарчаси бўлими бошлиғи, подполковник Шавкат Мирзажонов, физика факультети маънавий-маърифий ишлар бўйича декан муовини Ғофур Эшонқулов, факультет мураббийлар кенгаши раиси Фахриддин Боймуродов ва бошқалар давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори ижросини таъминлаш ҳамда талабалар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритдилар.

Устоз отангдан улуғ, деган мақолга амал қилиб, мураббийларининг панд-насиҳатига амал қилаётган минглаб талабалар ҳаётда муносиб ўрниларини топиб кетишаётгани қувонарли ҳолдир.

Минг афсуски, айрим талабалар ўқишга киргач, ота-онасининг ишончини оқлаш у ёқда турсин, гоҳо босар-тусарини билмай қолаётгани, ҳаётга енгил-елпи кўз билан қараётганидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Унақалар билиб-билмай қилган қилмиши ўзига қора доғ бўлиб қолиши ҳеч гап эмас.

Давра суҳбатида талабалар бу борада ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар олдилар.

 

ЁЗ МАВСУМИГА ПУХТА ҲОЗИРЛИК КЎРИЛМОҚДА

Талабалар ҳаётида ёз мавсуми алоҳида ўрин тутади.

Бу даврда улар ўқув йили мобайнида олган назарий билимларини амалиётда мустаҳкамлайдилар, таътилни хушнудлик билан ўтказадилар. Қишда (янги йилда) ҳамма бир ёшга улғайса, талабалар ёзда бир курс (босқич)га кўтариладилар. Улар баҳорда ўлкамизга қайтган қалдирғочлар сингари кузнинг илк кунлариданоқ ўқув даргоҳимизга қайтиб келадилар.

Қалдирғочлар учиб келгани ҳамоно ин қуришга киришгани каби талабалар ҳам турар-жойга ошиқадилар. Бу йилдан эътиборан талабалар турар-жой учун кузда югурмайдилар. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети проректори Давлатбой Жумабоев ташаббуси билан ҳар бир талаба ҳозирданоқ ўз хонасини кўриб-билиб (кўнглини тўқ қилиб!) кетиши мумкин.

Университет Маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори ҳузурида бўлиб ўтган йиғилишда талабаларнинг ёз мавсумига тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди, бу борада қатор вазифалар белгилаб олинди.

ЎзМУ Мураббийлар кенгаши раиси Аброр Хидиров, Маънавият ва маърифат маркази бошлиғи Қодиржон Абдураҳимов, Талабалар турар-жойлари дирекцияси директори Миркомил Атавуллаев ва бошқалар талабаларнинг ёзги мавсумини юксак савияда ва кўнгилдагидек сермазмун ўтказиш борасида амалга оширилиши зарур бўлган ишлар, режалар ҳақида атрофлича сўз юритдилар. Йиғилишда баён этилган фикрлар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

ИҚТИСОДИЙ БАРҚАРОРЛИККА ЭРИШИШ ЙЎЛИДА

Аввал иқтисод, деганларидек, иқтисодчилар ҳамиша бир қадам олиндга интиладилар. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Иқтисодиёт факультетида яқинда “Иқтисодий барқарорликка эришишда модернизациялаш ва иқтисодий мутаносибликни таъминлаш муаммолари” мавзуида илмий-амалий конфренция бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги ижтимоий тадқиқотлар инстути ходимлари, ЎзМУ профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчилар ва талабалар иштирок этдилар.

Иқтисод фанлари доктори, профессор Турсун Аҳмедов, ЎзМУ Макроиқтисодиёт кафедраси мудири, иқтисод фанлари доктори, профессор Абдураҳим Ваҳобов, Иқтисодиёт назарияси кафедраси профессори, иқтисод фанлари доктори Ҳасан Абулқосимов ва бошқалар мамлакатимизда миллий иқтисодиётимизни модернизациялаш ҳамда ундаги мутанбосибликларни таъминлаш, иқтисодни ривожлантиришга қаратилган долзарб муаммолар ҳақида сўз юритдилар.

Мутахассислар фикрича, миллий иқтисодиёт ўзига хос ижтимоий организм бўлиб, унинг ҳар томонлама жадал ривожланишини таъминлаш мураккаб жараён ҳисобланади. Чунки, яхлит ҳолдаги иқтисодиётнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётини таъминлаш учун унинг турли таркибий тузилмалари ҳаракати ва ўзаро таъсири уйғунлигига эришиш тақозо этилади. Шунинг учун миллий иқтисодиёт таркибий тузилмасининг самарали шаклланиши ва ривожланиши учун унинг турли тармоқлари ва қисмлари ўртасида мутаносиблик мавжуд бўлиши керак.

Анжуманда бу мавзуда қатор маърузалар тингланиб, талабалар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олдилар.

 

КИТОБ БАЙРАМИ

Донишмандлар ҳаётни бамисоли бир китобга қиёс қиладилар.

Китоб – маънавият, эзгулик сарчашмасидир.

Мамлакатимизда ҳар йили “Китоб байрами” ўтказилиши ўзига хос анъанага айланиб қолган. Пойтахтимиз Тошкентда 26 май куни “Адабиётга эътибор – маънавиятга, келажакка эътибор” шиори остида навбатдаги республика “Китоб байрами” бошланди.

Байрамнинг тантанали очилиш маросими Ғафур Ғулом номидаги Маданият ва истироҳат боғида бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги бош директори О.Юнусов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари С.Отамуродов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси М.Аҳмедов, Ўзбекистон халқ шоирлари С.Саййид, М.Тойир, Ўзбекистон халқ артисти Э.Комилов ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида миллий адабиётимизни равнақ топтириш, буюк аждодларимизнинг бой мероси ва анъаналаримизни асраб-авайлаш, китобхонлик маданиятини шакллантиришга қаратилаётган доимий эътибор халқимиз тафаккурини юксалтириш, ёш авлодни билимли, соғлом фикрли, маънавиятли инсонлар этиб вояга етказишда муҳим омил бўлаётганини таъкидладилар.

Маълумотларга кўра, республикамизда бугунги кунда юздан зиёд нашриёт, таълим муассасалари, корхона ва ташкилотлар ҳузурида элликка яқин ноширлик бўлимлари, бир минг етти юздан ортиқ матбаа корхонаси фаолият юритмоқда. Улар томонидан 2015 йили беш мингга яқин номда эллик миллион нусхада адабиётлар чоп этилган.

Маърифатли кишилар ҳаётидаги энг катта бахти ҳақида сўз юритганларида албатта китоб мутолаасидан олган маънавий бойликларини эътироф этадилар. Демак, бу “Китоб байрами” маънавий-маърифий аҳамияти нақадар улкандир. Мазкур тадбир ҳам китобхонларни адабиёт хазинасидан баҳраманд этишга хизмат қилади. Ёшларнинг китобхонлик маданиятини юксалтириш, ижодкорлар ва китобхонлар ўртасида ошкора мулоқотларни йўлга қўйишда бундай тадбирлар ғоят муҳим ўрин тутади. Бугун Ғафур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғига қадам ранжида қилган китобхонлар мутолаага даъват этувчи халқ мақоллари, ҳикматли сўзлар битилган панноларни кўриб дили яйрайди.

Китоб нашриётлари томонидан ташкил этилган кўргазмалардаги турфа китоб ва бошқа нашрлар барчада катта қизиқиш уйғотди.

– Талабанинг биринчи вазифаси китоб ўқиш экан, улар қалбида аввало ана шу нашрларга қизиқиш уйғотишимиз зарур,– дейди Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Мураббийлар кенгаши раиси Аброр Хидиров.– Бугунги “Китоб байрами” Тарих факультети талабалари учун ўзига хос маънавий-маърифий тадбир бўлмоқда. Улар Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али, халқ шоирлари Сирожиддин Саййид, Маҳмуд Тойир, севимли санъаткоримиз Эркин Комиловнинг дилтортар сўзларини ҳаяжон билан тингладилар. Китобсеварлар учун севимли асарларининг муаллифлари – ўша ёзувчи-шоирларнинг сўзларидан баҳраманд бўлиш ҳам жуда мароқли ҳисобланади. Булардан ташқари боғ саҳнасида таниқли санъаткорлар, ёш ижрочилар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар, “Ўзбектеатр” ижодий-ишлаб чиқариш бирлашмаси, Республика ёш томошабинлар, Қўғирчоқ театрлари жамоалари дастурлари, ёш рассомлар китоб графикаси ва миниатюра жанридаги асарлари кўргазмаси, ёш ижодкорлар мушоираси талабаларимизга олам-олам завқ бахш этди.

 

Материаллар ЎзМУ Ахборот хизмати томонидан тайёрланди.

Унда республика ОАВ хабарларидан фойдаланилди.

 Факультет деканининг Маънавият ва маърифат ишлари бўйича ўринбосари диққатига!

“Ахборот соатлари” маълумотлари юзасидан савол пайдо бўлса ЎзМУ Ахборот хизмати раҳбари Тўлқин Эшбековга мурожаат қилишингиз мумкин.

Телефон: +99890 9120963.

Электрон почта: tueshbek@mail.ru

Манба: nuuz.uz

You may also like...

12 Responses

  1. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 24 май куни Оқсаройда Россия Федерацияси ташқи ишлар вазири Сергей Лавровни қабул қилди. Учрашувда Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги кўп томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболи, халқаро сиёсатга доир долзарб масалалар муҳокама этилди. O’ylaymanki, bu kabi uchrashuvlar ikki davlat o’rtasidagi munosabatlarni yanada mustahkamlaydi. Rossiya bilan davlatimiz o’zaro savdo — iqtisodiy sohada ham ko’p yillardan buyon hamkor ekanligi barchamizga ma’lum.

  2. Qimmatli ma’lumotlaringiz uchun rahmat sizga ustoz !!!

  3. Мамлакатимизда ҳар йили “Китоб байрами” ўтказилиши ўзига хос анъанага айлангани кувонарли холдир. Пойтахтимиз Тошкентда 26 май куни булиб утган “Адабиётга эътибор – маънавиятга, келажакка эътибор” шиори остида навбатдаги республика “Китоб байрами” хам китобга булган эътибор накадар юксаклигидан далолат беради. Бу каби тадбирлар китобга булган мехрнинг янада ошишига хизмат килади. Зеро, китоб хаётимиздаги энг яхши хамрох ва дустдир.

  4. Bugungi tez sur’atlar bilan o’zgarib borayotgan, insoniyat hozirga qadar boshidan kechirgan davrlardan tubdan farq qiladigan shiddatli va ayni paytda o’ta murakkab zamonda yashamoqdamiz. Mutaxassislar bu tezkor davrni «ommaviy axborotlashuv»yohud «globallashuv asri deb atashmoqda.

  5. Kitob — bilimlar sarchasmasi. Kitob — inson tafakkuri, ong-u shuuri va dunyoqarashini o’stiradigan eng bebaho boylik. Kitob azaldan insonlarning eng yaqin hamrohi bo’lib kelgan. Kitob qachon insonga ma’naviy ozuqa beradi, qachonki kitob faqat ezgu maqsadlar yo’lida mutolaa qilinsagina, u ko’zlangan natijaga eltuvchi poydevor, ko’prik vazifasini o’taydi.
    Do’st deb biling kitobni,
    Hadya qilar oftobni.

  6. eng katta yangilik yozgi ta’tildan qaytgacha turar joy masalasi boyicha qiynalardik. bu eng zor yangilik deb o’ylayman. Jurnalistni albatta kitob ma’naviyatga yetkazadi. Uning kamoloti ,buguni ertasida kitob eng katta do»sti bolishi lozim .G’afur G’ulom parkida har yili «Kitob bayrami » festivali o’tkaziladi. O’zbekistonimiz yildan yilga rivojlanib boryapti. Kelajagimizni esa shu kitoblar bilan tasavvur qilaman

  7. Kitob — bitmas, tuganmas bilim manbayi! Undan har bir inson o`zi uchun kerak bolgan saboqlarni oladi. Shu orqali inson tafakkuri yuksalib, komillik sari qadam tashlaydi. Har yili «G`ofur G`ulom» parkida bo`ladigan kitob bayramida ishtirok etib, yangi kitoblar bilam tanishaman va o`qish uchun kitoblar olaman.

  8. Statistika ma’lumotlariga qaraganda Jamiyatni ko’p qismini yoshlar tashkil qilar ekan, ularni bilimli qilib tarbiyalash ota ona va ustoz murabbiylarni vazifasi hisoblanadi. Shunday ekan yoshlarga sharoit yaratish kerk so’ngra ularga kerakli adabiyotlarni taklif etib o’qitishni yo’lga qo’yish kerak. Aynan shu yo’l ushbu maqolada amalda tasdig’ini topdi.

  9. Kitob bu bilim manbayi kitob o’qishdan biz hechqachon tohtamasligimiz lozim ana shunda biz yoshlar hayotdagi o’z o’rnimizni egalaymiz

  10. Kitob haqida gap ketar ekan. Hayotimda o’zgarish yasagan Stendalning «Qizil va qora» asari ko’z oldimda gavdalanadi. Men bir narsaga aminmanki, virtual olamdagi butun boshli hayotimni, sevimli kitobimning birvarog’iga alishmayman

  11. Kitob taraqqiyot uchun eng yaxshi vosita bo’ladi. Chunki, uning ichidagi bilimni minglab filimlar va so’zlar bilan ifodalab bo’lmaydi. Yaxshi kitobxon bo’lish uchun ko’p o’qish emas, balki tushunib o’qish talab qilinadi.

  12. 301-guruh Zayniyeva Z:

    Kitob hayotimizning muqaddas bo’lagi. Mashhur adiblarning mashhur asarlari inson tafakkuri, ong-u shuuri va dunyoqarashida ijobiy burilish yasaydi. Kitob azaldan insonlarning eng yaqin hamrohi bo’lib kelgan. Kitob qachon insonga ma’naviy ozuqa beradi, qachonki kitob faqat ezgu maqsadlar yo’lida mutolaa qilinsagina, u ko’zlangan natijaga eltuvchi poydevor, ko’prik vazifasini o’taydi. Paolo Koelo ning «Alkimyogar» asari mening hayotimda ijobiy ro’l o’ynamagan.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>