“АХБОРОТ СОАТЛАРИ” № 4-2016

Ҳафтанинг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеалари (19-24 сентябрь кунлари)

МИРЗО УЛУҒБЕК НОМИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИ

“АХБОРОТ СОАТЛАРИ” № 4-2016

Ҳафтанинг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеалари (19-24 сентябрь кунлари)

ТОШКЕНТ

ЎзМУ – 2016

 Факультет деканининг Маънавият ва маърифат ишлари бўйича ўринбосарлари ва мураббийлар диққатига! Талабаларга “Ахборот соатлари” материаллари билан www.nuuz.uz ва www.uchildiz.uz веб-сайтлари орқали ҳам танишиш тавсия этилиши мақсадга мувофиқдир.

 

I. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДАГИ ИҚТИСОДИЙ, ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ВОҚЕАЛАРГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАР

 ШАВКАТ МИРЗИЁЕВ БУХОРО ВА НАВОИЙ ВИЛОЯТЛАРИГА ТАШРИФ БУЮРДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи, Бош вазир Шавкат Мирзиёев 24 сентябрда Навоий ва Бухоро вилоятларига ташриф буюрди.

Шавкат Мирзиёев ташриф давомида «Навоийазот» АЖ томонидан амалга оширилаётган йирик лойиҳалар, хусусан поливинилхлорид, каустик сода ва метанол ишлаб чиқариш мажмуаси ҳамда аммиак ва карбамид ишлаб чиқариш корхонаси қурилиши билан танишди.

Янги корхоналарда 1 минг 300 дан кўпроқ иш ўрни яратилади.

Сўнгра Шавкат Мирзиёев Навоий шаҳрини ободонлаштириш ишларини кузатиб чиқди. Вилоят ва шаҳар раҳбарияти иштирокида Навоий шаҳри бош режасининг амалга оширилиши, маиший чиқиндиларни утилизация қилиш, арзон уй-жой қурилиши масалалари муҳокама қилинди.

Шавкат Мирзиёев шунингдек пахта майдонларига ташриф буюриб, Кармана тумани фермерлари билан суҳбатлашди.

Шавкат Мирзиёев Навоий вилояти фаоллари билан учрашувда вилоятнинг экспорт салоҳияти, пахта йиғими ва кузги экинлар экишни самарали ташкиллаштириш, ижтимоий объектлар ва турар-жой фондини қишки мавсумга тайёрлаш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ғамлаш масалаларини муҳокама қилди.

Шу куннинг ўзида Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятидаги Қандим газни қайта ишлаш заводи қурилиш майдончасида бўлди. 2,6 млрд долларлик лойиҳа Россиянинг «ЛУКОЙЛ» нефть-газ компанияси билан ҳамкорликда Жанубий Кореянинг Hyundai Engineering ва Сингапурнинг ENTER Engineering компанияларини жалб қилган ҳолда амалга оширилмоқда.

Лойиҳанинг амалга оширилиши йилига 8 млрд куб метр табиий газни қазиб олиш ва қайта ишлашга имкон беради. Заводнинг биринчи навбатининг фойдаланишга киритилиши 2018 йилга белгиланган.

Шавкат Мирзиёев қурилиш майдончасида шунингдек «ЛУКОЙЛ» президенти Вагит Алекперов билан учрашди.

 

ШАВКАТ МИРЗИЁЕВ ҚОЗОҒИСТОН БОШ ВАЗИРИ ЎРИНБОСАРИНИ ҚАБУЛ ҚИЛДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев 22 сентябрь куни Қозоғистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Асқар Маминни қабул қилди.

Учрашувда Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоевнинг жорий йил 12 сентябрь куни Самарқанд шаҳрига ташрифи чоғида эришилган келишувларни амалга ошириш, ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини, биринчи навбатда, мамлакатларимизда янги бозорлар ташкил этиш ҳисобидан ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Икки мамлакат экспертлари томонидан тайёрланган, рақобатбардош саноат маҳсулотлари сотадиган қўшма савдо уйларини ташкил этиш, савдо лойиҳаларини миллий банк-молия институтлари орқали қўллаб-қувватлаш, божхона хизматлари ҳамкорлигини фаоллаштириш, бизнес форумлар ўтказиш ва ўзаро ташрифларни амалга оширишга қаратилган қатор таклиф ва аниқ чора-тадбирлар кўриб чиқилди ва маъқулланди.

Транспорт ва транзит ташиш соҳасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни изчил давом эттириш, жумладан, экспорт юкларини ташишда икки томонлама тариф преференциялари бериш ва янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш зарурлиги таъкидланди. Бу минтақавий транспорт йўлакларининг рақобатбардошлигини ошириш ва уларнинг юқори самарадорлигини таъминлаш имконини беради.

Асқар Мамин самимий қабул учун миннатдорлик изҳор этиб, Қозоғистон Республикаси мамлакатларимиз ўртасидаги кенг кўламли ва ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтиришга қаратилган ҳамкорликдаги чора-тадбирларни амалга оширишга тайёр эканини билдирди.

 

ИСТИҚБОЛДАГИ УСТУВОР ВАЗИФАЛАР МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчи, Республика Бош вазири Шавкат Мирзиёев жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, саноат ва ижтимоий соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар билан яқиндан танишиш мақсадида шу йилнинг 20 сентябрь куни Ангрен шаҳрига ташриф буюрди.

Мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан чет эл инвестицияларини кенг жалб қилиш мақсадида 2012 йилда ташкил этилган «Ангрен» махсус индустриал зонасида кенг кўламли ишлар, жумладан, 11 йирик инвестиция лойиҳаси амалга оширилди. Жорий йилнинг охирига қадар яна 7 ишлаб чиқариш қувватини фойдаланишга топшириш режалаштирилган.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг 2015 йил 28 августдаги қарорига мувофиқ ҳаётга татбиқ этилаётган «Ангрен» махсус индустриал зонаси ҳудудида конвейер ленталари, қишлоқ хўжалиги техникаси ва автомобиль шиналари ишлаб чиқаришни ташкил этиш» лойиҳасининг амалга оширилиш жараёни билан танишди. Бу ерда йилига 100 минг погон метр конвейер лентаси, қишлоқ хўжалиги техникаси учун 200 мингта шина, 3 миллион дона автомобиль шинаси ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш кўзда тутилган. Мазкур йирик саноат корхонаси мустақиллигимизнинг 26 йиллиги арафасида ишга туширилиши қайд этилди.

Ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши 1 минг 200 иш ўрни ташкил этиш имконини беради.

Шу куни Шавкат Мирзиёев Ангрен ИЭСда 2016 йилнинг август ойида ишга туширилган янги энергия блокини кўздан кечирди. Замонавий технологиянинг жорий этилиши натижасида йилига 1 миллион тонна кўмирдан самарали фойдаланишга эришилади ва бу орқали 840 миллион кВт/соат электр энергияси ва 423 минг гигакалория иссиқлик энергияси ишлаб чиқарилади. Янги энергия блокининг ишга туширилиши ёқилғи сарфини камайтириш, атмосферага газ чиқиндилари чиқишини сезиларли равишда қисқартиришни таъминлайди.

Шавкат Мирзиёев «Ўзбеккўмир» акциядорлик жамияти фаолияти, Ангрен кўмир конида ёқилғи қазиб олиш ва етказиб бериш ишлари, бу ерда амалга оширилаётган техник қайта жиҳозлаш жараёни билан ҳам танишди.

Жорий йил бошидан буён конларни қазиш ишлари ҳажми 15,4 миллион куб метрдан ошди, 2,6 миллион тонна кўмир қазиб олинди. 2016 йилнинг охиригача кўмир қазиш ҳажмини 3,7 миллион тоннага етказиш режалаштирилган.

Танишув жараёнида мазкур саноат корхоналари учун ўрта махсус ва олий таълим муассасаларида юқори малакали кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, мутахассисларнинг етакчи хорижий компанияларда малака оширишини ташкил этиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев Ангрен шаҳрида амалга оширилаётган ободонлаштириш, уй-жой ва ижтимоий соҳа объектларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш ишлари билан танишди. Хусусан, мактабгача таълим муассасаси, деҳқон бозорини бориб кўрди.

Учрашувларда аҳоли учун қулай яшаш шароитларини, ижтимоий инфратузилмани янада такомиллаштириш, коммунал хизматларни яхшилаш, ҳудудларни ободонлаштириш, замонавий истироҳат ва дам олиш боғларини барпо этиш лойиҳаларини амалга оширишга доир долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Ангрен шаҳри раҳбарлари ва фаоллари иштирокида ўтказилган йиғилишда Тошкент вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш соҳасида йирик лойиҳаларни бошлаб берган Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг фаолияти, улкан хизматлари алоҳида таъкидланди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 9 сентябрдаги «2016-2018 йилларда Тошкент вилояти шаҳарлари ва туманларини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида»ги қарори пойтахт вилоятини ҳар томонлама ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этиши алоҳида қайд этилди.

Танқидий руҳда ўтган йиғилишда Ангрен шаҳри ижтимоий инфратузилмасини модернизациялаш масалалари таҳлил этилди. Шаҳар ҳокими, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларига мавжуд камчиликларни бартараф этишга доир кўрсатмалар берилди.

Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятига ташрифи давомида пахта ҳосилини йиғиб-териб олиш ва кузги экин ишларининг бориши билан ҳам танишди. Фермерлар, соҳа ходимлари билан учрашув чоғида қишлоқ хўжалиги ишларини қисқа муддатда уюшқоқлик билан ўтказиш масаласи атрофлича муҳокама этилиб, тегишли топшириқ ва тавсиялар берилди.

 

ШАВКАТ МИРЗИЁЕВ ТОШКЕНТНИНГ БИР ҚАТОР ТУМАНЛАРИГА ТАШРИФ БУЮРДИ

Мирзо Улуғбек туман ҳокими ва ИИБ бошлиғи вазифаларидан озод этилди.

Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчи, Республика Бош вазири Шавкат Мирзиёев 18 сентябрь куни Тошкент шаҳрининг бир қатор туманларида бўлиб, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, аҳоли мавзелари, кўп қаватли уй-жойлар ва ижтимоий соҳа объектларини кузги-қишки мавсумга тайёрлаш ишларининг ҳолати билан бевосита танишди. Бу ҳақда ЎзА хабар қилди.

Шавкат Мирзиёев пойтахтнинг Чилонзор туманида бўлиб, Бунёдкор шоҳкўчаси ва Муқимий номидаги кўча чорраҳасида бунёд этиладиган, узунлиги 600 метр бўлган 6 қаторли йўлўтказгичнинг қурилиш жараёни билан яқиндан танишди.

Шунингдек, Юнусобод туманини Мирзо Улуғбек тумани билан боғлайдиган янги йўл барпо этиш, бунда Янги шаҳар кўчасини Боғишамол кўчаси билан туташтирадиган 1 минг 100 метрдан иборат янги автомобиль йўли ҳамда Бўзсув канали устида қуриладиган 510 метрли кўприк лойиҳалари бевосита жойида атрофлича муҳокама қилинди.

Ушбу объектларда қурилиш ишларини 2017 йил март ойида тўлиқ ва сифатли якунлаш юзасидан зарур чора-тадбирларни амалга ошириш тўғрисида топшириқлар берилди.

Юнусобод туманидаги бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан танишув давомида Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг кўрсатмаларига биноан Тошкент метрополитени йўлларини замонавий йўлсозлик ва туннелсозлик технологияларини жорий этиш орқали давом эттириш ишларига алоҳида эътибор қаратилди.

Хусусан, Юнусобод йўналишидаги 2 та бекатда қурилиш ишларини якунлаш, янги ер ости ва ер усти тезюрар метро йўналишлари қурилишини лойиҳалаштириш масалалари юзасидан тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларига топшириқлар берилди.

Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев Юнусобод тумани ҳокимлигида Тошкент шаҳри ва туманлари ҳокимликлари, бошқа мутасадди идоралар раҳбарлари ва фаоллари иштирокида йиғилиш ўтказди.

Йиғилишда пойтахтимиздаги кўп қаватли уйларни ҳамда ижтимоий соҳа объектларини кузги-қишки мавсумга тайёрлаш, турар жойлар йўлакларини аҳоли учун ҳар томонлама қулай тарзда таъмирлаш, ён-атрофини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, маҳалла ва мавзе ҳудудларида озодаликни таъминлаш, болалар ва спорт майдончаларини қуриш ишлари атрофлича ва танқидий таҳлил қилинди.

Шунингдек, аҳолига янада замонавий шароитлар яратиш, савдо маданиятини ошириш, савдо мажмуаларида оилалар ва болаларнинг дам олиши учун қулайликларни кенгайтириш масаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Йиғилишда Тошкент шаҳрида паспорт-виза режимига риоя қилиниши ҳамда уй-жой фондидан фойдаланиш ҳолатини ўрганиш бўйича Идоралараро комиссия аъзоларининг ҳисоботлари тингланди.

Бу борадаги ишларни тизимли равишда давом эттириш, маҳалла раислари, профилактика инспекторлари ва бошқа масъул ходимлар ҳамкорлигини мувофиқлаштириш ва янада мустаҳкамлаш зарурлиги алоҳида таъкидланди. Тегишли вазирлик ва идоралар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга олиб борилаётган ишлар самарадорлигини ошириш юзасидан аниқ топшириқ ва кўрсатмалар берилди.

Иш фаолиятида мунтазам қолоқлик ва жиддий камчиликларга йўл қўйгани учун Мирзо Улуғбек тумани ҳокими Шомансур Аҳмедов ҳамда Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Саидакбар Пўлатов эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Туманнинг бир қатор мутасадди идоралари раҳбарлари — прокурор Тимур Нормуҳаммедов, давлат солиқ инспекцияси раҳбари Абдурауф Каримов жиддий огоҳлантирилди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва туманлар раҳбарияти зиммасига қайд этилган камчиликларни бартараф этиш, кузги-қишки мавсумга ҳар томонлама пухта тайёргарлик кўриш, аҳоли учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш, бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари бўйича белгиланган дастурларни ўз вақтида ва сифатли тарзда амалга ошириш вазифаси юклатилди.

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ТАШҚИ ИШЛАР ВАЗИРИ АБДУЛАЗИЗ КОМИЛОВ БМТ БОШ АССАМБЛЕЯСИНИНГ 71-СЕССИЯСИДА СЎЗГА ЧИҚДИ

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ўз чиқишида БМТ Бош котиби Пан Ги Мун, барча давлат ва ҳукумат раҳбарларига Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов вафоти муносабати билан билдирган ҳамдартлиги учун миннатдорчилик билдирган.

Шу ўринда Ўзбекистоннинг асосий позицияси ва таклифларини маълум қилган. Қуйида мазкур йўналишларга қисқача тўхталиб ўтамиз:

Биринчидан. Ўзбекистон ўзининг ташқи сиёсатида мамлакат манфаатлари нуқтаи-назаридан мустаҳкам ва мантиқий давом эттиришини маълум қилади. Ўзининг ташқи сиёсатида БМТ Уставида белгиланган халқаро ҳуқуқ нормаларига ва Ўзбекистон Конституциясига, аввал зиммасига олган халқаро ҳуқуқ-мажбуриятларига собит. Ўзбекистон келгусида ҳам ўзаро ҳурмат, тенглик ва ўзаро манфаатларни ҳурмат қилишга асосланган дўстлик ва ҳамкорлик сиёсатини давом эттиради.

Ўзбекистон бошқа давлатлар ички ишларига аралашмаслик ва юзага келган келишмовчиликларни тинчлик, сиёсий йўл билан ҳал этилиши тарафдоридир. Давлатимиз ҳеч қандай ҳарбий-сиёсий блок ва альянсга қўшилмайди, ўз ҳудудида ҳарбий базалар ташкил этилишига йўл қўймайди, ўз ҳарбийларини мамлакат ташқарига юбормайди.

Иккинчидан. Халқаро хавфсизликнинг муаммоларидан бири сифатида Афғонистон муаммоси қолмоқда. Афғон муаммоси борасидаг ҳолат тобора мураккаблашмоқда. Яқин келажакда ушбу муаммони ҳал этиш борасида аниқ режалар йўқ.

Учинчидан. БМТ Бош Ассамблеси томонидан ўтган йил тасдиқланган 2016-2030 йиллардаги барқарор ривожланиш мақсадлари асосан иқлим ўзгариши шароитида экологияни асраш ва атроф-муҳитни сақлашни ўзи ичига олади.

Бунда мисол тариқасида Орол денгизи фожеасини келтириш мумкин. Шундан келиб чиқиб ҳозирдаги асосий вазифа Орол атрофи табиий биологик муҳитни сақлаб қолиш, орол денгизи оқибатларининг атроф-муҳитга ва асосийси шу ерда истиқомат қилувчи миллионлаб инсонларга зарарини қисқартиришдан иборат.

Ўзбекистон Марказий Осиёда сув-энергетика ресурсларини бошқаришдаги ўзининг асосий нуқтаи-назарида қатъий. Бу масалалар сув ресурсларини адолатли ва рационал тақсимланишини ва минтақадаги барча давлатлар манфаатларини инобатга олишни кафолатловчи халқаро ҳуқуқ нормалари асосида ҳал этилиши лозим.

Тўртинчидан. Ўзбекистон Республикаси БМТнинг барча тузилмаларини мустаҳкамланаши, минтақавий ва халқаро хавфсизлик, барқарор ривожланиш муаммоларини ҳал этишдаги ролини кучайтириш тарафдори.

Ўзбекистон бир неча бор БМТ институтларининг, хусусан Бош Ассамблея ва Хавфсизлик Кенгашининг самарали фаолиятини таъминлаш мақсадида ислоҳ этилиши таклифини илгари сурган. Шунинг учун, Бош Ассамблея ўзининг марказий ўрнини сақлаб қолиши, Хавфсизлик Кенгаши эса босқичма-босқич кенгайтириш ҳисобидан ислоҳ этилиши лозим.

 

АБДУЛАЗИЗ КОМИЛОВ АҚШ ДАВЛАТ КОТИБИ ЎРИНБОСАРИ БИЛАН УЧРАШДИ

2016 йилнинг 22 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов АҚШ Давлат котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Томас Шеннон билан учрашди.

Вазир Биринчи Президент Ислом Каримовнинг вафоти муносабати билан АҚШ Президенти Барак Обама томонидан билдирилган ҳамдардлик учун Ўзбекистон раҳбарияти номидан АҚШ томонига миннатдорчилик билдирди.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон-АҚШ кун тартибининг долзарб масалалари ва муносабатларни янада ривожлантириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.

Учрашувда баъзи халқаро ва минтақавий муаммолар ҳам муҳокама қилинди.

 

АБДУЛАЗИЗ КОМИЛОВ КУВАЙТ ТИВ РАҲБАРИ БИЛАН МУЗОКАРАЛАР ЎТКАЗДИ

2016 йилнинг 23 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 71-сессиясида Ўзбекистон Республикаси делегациясига бошчилик қилаётган Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Нью-Йорк шаҳрида Кувайт Давлати Бош вазирининг биринчи ўринбосари, Ташқи ишлар вазири шайх Сабаҳ Холид ал-Ҳамад ас-Сабаҳ билан музокаралар ўтказди.

Суҳбат чоғида ИҲТ ТИВК кун тартиби ва уни ўтказиш билан боғлиқ бошқа масалалар юасидан фикр алмашилди.

Учрашувда ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари икки томонлама ақоларнинг ҳозирги ҳолари ва ривожланиш истиқболларини амалий жиҳатдан муҳокама қилдилар.

 

ЕИ ДЕЛЕГАЦИЯСИНИНГ ЯНГИ РАҲБАРИ ЎЗ ФАОЛИЯТИНИ БОШЛАДИ

Эдуардс Стипрайс Евроиттифоқнинг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбари вазифасини бажаришга киришди. Эдуардс Стипрайс Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбари вазифасини бажаришга киришди, дея хабар қилинди делегациядан. Бунга қадар у Латвия давлат котиби ўринбосари — ТИВнинг сиёсий директори вазифасида фаолият кўрсатган.

Эдуардс Стипрайс дипломатик ваколатхона Тошкентда фаолиятини бошлаган 2011 йилдан буён ЕИнинг Ўзбекистондаги учинчи элчиси бўлди. У болгариялик Юрий Штерк ўрнига мазкур лавозимни эгаллади.

Эдуардс Стипрайс Латвия, Украина, Норвегия ва Франция давлат мукофотлари соҳиби. Латвия университетининг иқтисодиёт факультетини тамомлаган. Франция маъмурияти Миллий мактаби ҳамда Швеция халқаро муносабатлар институтида таҳсил олган. Латиш, инглиз, француз ва рус тилларида суҳбатлаша олади.

 

ЎЗБЕКИСТОН ВА ТАИЛАНД ҚИРОЛЛИГИ ЎРТАСИДА ҲАМКОРЛИК ТЎҒРИСИДАГИ БИТИМ ИМЗОЛАНАДИ

2016 йил 5-7 октябрь кунлари Таиланд Қироллигининг сайёҳлик ва спорт вазири Копкран Ватанавранкул хоним Ўзбекистонга келади.

Унинг ташрифи чоғида Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ва Таиланд Қироллиги ҳукумати ўртасида сайёҳлик соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланади, деб хабар беради “Ўзбектуризм” миллий компанияси.

Шунингдек, вазир жорий йил 5-7-октабр куни “Ўзекспомарказ” миллий кўргазма мажмуасида бўлиб ўтадиган Тошкент Халқаро сайёҳлик кўргазмаси ишида ҳам иштирок этади. Таиланд Қироллиги “Тошкент Халқаро сайёҳлик кўргазмаси — 2016”нинг ҳамкор мамлакати ҳисобланади.

 

“АКТ САММИТИ – 2016”: ЗАМОНАВИЙ ТЕХНОЛОГИЯЛАР САМАРАДОРЛИГИ ЙЎЛИДА

Пойтахтимизда “АКТ саммити – 2016” бўлиб ўтди. Унда мамлакатимизда мазкур соҳани ривожлантиришнинг бугунги ҳолати ва соҳа олдида турган стратегик вазифалар муҳокама қилинди. Саммитда давлат бошқаруви органлари мутасадди ходимлари, халқаро экспертлар ва таҳлилчилар, мамлакатимиз ва хорижий ахборот-технологиялари компанияларининг вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг биринчи ўринбосари А.Файзуллаев ва бошқалар ахборот-коммуникация тенологияларини янада ривожлантириш ҳамда улардан фойдаланишни кенгайтириш юртимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бири эканини таъкидлади. Истиқлол йилларида мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов раҳнамолигида ишлаб чиқилган дастурий ҳужжатлар мазкур соҳани такомиллаштиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

– Ахборот-коммуникация технологияларини Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида жорий қилиш, аввало, фуқароларга қулайлик яратиш, аҳоли фаровонлигини юксалтириш, давлат органлари фаолиятининг очиқ ва ошкоралигини таъминлашга йўналтирилган, – дейди БМТнинг мамлакатимиздаги доимий мувофиқлаштирувчиси, БМТ Тараққиёт дастурининг доимий вакили Стефан Приснер. – Ўзбекистоннинг халқаро рейтингларда эгаллаб турган ўрни юксалиб бораётгани ҳам бу борадаги ишлар самарадорлигини ифодалайди. Масалан, БМТнинг “электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш даражаси бўйича шарҳида Ўзбекистон 20 поғонага кўтарилиб, 193 давлат орасида 80-ўринни эгаллади. Иккинчи асосий кўрсаткич – электрон иштирок позицияси бўйича мамлакатингиз 24 поғонага кўтарилиб, 47-ўринни эгаллади.

Тадбирда ҳозирги кунда Ўзбекистон дунёда “электрон ҳукумат” тизимини изчил ривожлантираётган ўн мамлакат қаторига қўшилгани таъкидланди. Самарали ахборот-коммуникация технологиялари инфратузилмасини, хусусан, ахборот тизимлари ва маълумотлар базалари мажмуаларини яратиш соҳани янада такомиллаштиришда муҳим ўрин тутмоқда. Айни пайтда қатор ана шундай мажмуалар фойдаланишга топширилди. Магистрал, ҳудудий ва станциялараро алоқа турлари оптик-толали линиялар орқали таъминланмоқда. Маълумотлар узатиш магистрал тармоғининг модернизация қилиниши ахборотнинг халқаро йўналиш бўйича ўтиш тезлигини 10, вилоят марказларигача 4 ва туман марказларигача 10 баробар ошириш имконини берди.

 

ФУТБОЛ (U-16): ЎЗБЕКИСТОН ОСИЁ ЧЕМПИОНАТИ ЧОРАК ФИНАЛИГА ЧИҚДИ

U-16 Ўзбекистон терма жамоаси гуруҳ босқичида уч учрашувда ҳам ғалаба қозонган ҳолда Осиё Чемпионатининг чорак финалига йўл олди. 23 сентябрь куни бош мураббий Темур Олимхўжаев жамоаси КХДР термаси устидан 1:3 ҳисобидаги ишончли ғалабага эришди. Учрашувнинг 49-дақиқасида Ўзбекистон термаси Жасурбек Умрзоқов ўз жойида турган ҳолда рақиб дарвозасига гол киритди. Дарвозабондан сўнг Расул Юлдашев ва Иброҳим Ғанихонов ҳам икки голга муаллиф қилди. Шимолий Корея футболчилари эса учрашув якунидагина бир гол билан жавоб қайтаришга муваффақ бўлди холос.

Бунга қадар Ўзбекистон ёшлари Осиё биринчилигида Таиланд (5:3) ва Яман (1:0) устидан ғалаба қозонишга муваффақ бўлган эди.

Мусобақа шартига кўра, Ўзбекистон чорак финалда ўз гуруҳида иккинчи ўринни эгаллаган Ироқ термаси билан учрашади. Ўйинда ғалаба қозонган томон жаҳон чемпионатида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади. Учрашув 26 сентябрь куни бўлиб ўтади.

 

ЙЎЛНИНГ ЎТИШ ҚИСМИДА ТЕЛЕФОНДАН ФОЙДАЛАНГАН ПИЁДАЛАР УЧУН ЖАРИМА МИҚДОРИ БЕЛГИЛАНДИ

Йўл ҳаракати қоидаларини бузган пиёдалар учун янги жарималар жорий этилди. Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексига йўл ҳаракати қоидаларини бузган пиёдалар учун жарималарни кўзда тутган қўшимча киритилди. Президент в. б. 23 сентябрь куни ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги қонунга имзо чекди. Ўзгаришлар 24 сентябрдан кучга киради.

Янгиланган 138-моддага мувофиқ, эндиликда йўлнинг ҳаракатдаги қисмида, шу жумладан, пиёдалар ўтиш йўлида телефондан фойдаланиш, китоб ёки даврий нашрларни ўқиш, видеоматериаллар томоша қилиш ёки аудиоматериалларни эшитиш ва диққатни жалб қиладиган бошқа электрон воситалардан фойдаланиш энг кам иш ҳақининг учдан бир қисми (1 октябрдан — 49925 сўм) миқдорида жарима белгиланишига сабаб бўлади. Йўловчиларнинг ҳаракатланиб кетаётган транспорт воситасидан тана қисмларини (қўлдан ташқари) чиқаргани учун ҳам жарима миқдори белгиланди. Мазкур қоидабузарлик ЭКИҲнинг 1 баробари (1 октябрдан 149775 сўм) миқдоридаги жаримага сабаб бўлади.

 

ИНТЕРНЕТ ФОЙДАЛАНУВЧИЛАРИ СОНИ 13 МИЛЛИОНДАН ОШДИ

Ўзбекистонда интернет фойдаланувчилари сони 13 миллиондан ошди. Бу ҳақда сешанба куни Тошкентдаги ICTSUMMIT 2016 ахборот-коммуникация технологиялари саммитида ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг биринчи ўринбосари Алишер Файзуллаев маълум қилди. Республика аҳоли пунктларининг 92 фоизи мобиль алоқа билан қамраб олинди, абонентлар сони эса 20,8 миллионга етди, дея қайд этди у. Халқаро алоқа тармоқларига чиқиш тезлиги қарийб 35 Гбит/с (2015 йил сўнгида — 26,4 Гбит/с)га етди. Магистраль телекоммуникацион тармоқлар халқаро ва туман даражасида 10, вилоятлар даражасида 4 баробарга кенгайтирилди. Рақамли радиорелели тармоқлар ва оптик толали алоқа тармоқлари узунлиги 23,4 минг километрга етди. Жумладан, оптик толали алоқа тармоқлари узунлиги 17,9 минг километрдан 18,9 минг километрга етказилди.

 

 II. ЖАҲОН МИҚЁСИДАГИ ИҚТИСОДИЙ, ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ВОҚЕАЛАРГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАР

ЎЗБЕКИСТОН САЙЁҲЛИК САЛОҲИЯТИ ФРАНЦИЯДА НАМОЙИШ ЭТИЛМОҚДА

Франция пойтахти Париж шаҳрида 20 сентябрь куни “IFTM Top Resa – 2016” халқаро сайёҳлик кўргазмаси очилди. Унда Ўзбекистон туристик салоҳияти кенг намойиш этилмоқда. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов раҳнамолигида туризм соҳасини ривожлантириш борасида амалга оширилган изчил ислоҳотлар самарасида мамлакатимизда ички ва халқаро туризм тобора кенгайиб, сайёҳлик оламининг янги-янги йўналишлари кашф этилди. Мамлакатимиздаги тинчлик ва барқарорлик, ўзбекона меҳмондўстлик, замонавий туризм инфратузилмаси ва дам олиш масканларида йўлга қўйилган юксак сифатли хизматлар сайёҳларни ўзига жалб қилмоқда.

“IFTM Top Resa” дунёдаги энг йирик ва нуфузли халқаро кўргазмалардан. Маълумотларга қараганда, бу йил мазкур кўргазмада АҚШ, Австрия, Бельгия, Буюк Британия, Германия, Бразилия, Россия, Беларусь, Вьетнам, Ҳиндистон, Исроил, Эрон ва бошқа мамлакатлардан бир ярим мингдан зиёд сайёҳлик фирма ва компанияси ўз хизматларини таклиф этмоқда. Кўргазма сайёҳлик саноатининг барча замонавий йўналишларини ўзида мужассам этган. Париждаги “Porte de Versailles” кўргазмалар мажмуида ўтказилаётган нуфузли туризм форумидан жой олган “Ўзбекистон” миллий стенди ўзига хос янги дизайни, безаклари ва мазмунан бойлиги билан кўргазма иштирокчилари эътиборини тортмоқда. Унда мамлакатимиз тарихий обидалари, халқимизнинг миллий анъана ва қадриятлари акс этган. Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз ва Тошкент шаҳарларининг диққатга сазовор жойларига оид ранг-баранг маълумотлар, халқ ҳунармандлиги буюмлари ярмарка иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотмоқда.

“IFTM Top Resa – 2016” халқаро кўргазмаси жаҳон жамоатчилигини мамлакатимиз сайёҳлик саноати имкониятлари билан кенг таништириш, хорижнинг сайёҳлик компаниялари билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, икки ва кўп томонлама манфаатли шартномалар тузиш, туристик бизнес ривожининг тенденцияларини аниқлаш, жаҳон сайёҳлик бозоридаги янгиликлар ва ўзгаришлар билан яқиндан танишиш, бу борада ўзаро фикр ва тажриба алмашиш имконини беради.

“Ўзбектуризм” миллий компаниясидан маълум қилишларича, Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонасида мамлакатимизнинг сайёҳлик салоҳияти мавзусида тақдимот ўтказилган. Тадбирда икки мамлакат туристик ташкилотлари ўртасида битимлар имзоланган.

 

ЎЗБЕКИСТОН ВА ГЕРМАНИЯ ЎРТАСИДАГИ САВДО-ИҚТИСОДИЙ ҲАМКОРЛИК МАСАЛАЛАРИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

Тошкент шаҳрида 23 сентябрь куни “Ўзбекистонда Германия иқтисодиёти куни” мавзусида тадбир бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси, Германия иқтисодиётининг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси ҳамда мамлакатимиздаги Германия иқтисодиёти клуби ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманда икки мамлакатнинг иқтисодиёт, савдо, сармоя, саноат, энергетика, логистика, банк-молия, муҳандислик, корпоратив бошқарув, қурилиш каби соҳалар учун масъул вазирлик ва идоралари, компания ва концернлари раҳбарлари иштирок этди. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси Алишер Шайхов, Германия Федератив Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Найтхарт Хёфер-Виссинг, мамлакатимиздаги Германия иқтисодиёти клуби президенти, “Commerzbank AG” ваколатхонаси раҳбари Бодо Тёнс ва бошқалар мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик барча соҳаларда изчил ривожланиб бораётгани, ушбу анжуман савдо-иқтисодий ва сармоявий алоқаларни янада фаоллаштиришга хизмат қилишини алоҳида таъкидлади.

Германия Ўзбекистоннинг Европадаги муҳим савдо-иқтисодий ҳамкори, мамлакатимиз иқтисодиётига фаол сармоя киритаётган давлатлардан. Савдо соҳасида мамлакатларимиз ўртасида энг кўп қулайлик яратиш тартиби жорий қилинган. Мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 2015 йилда 521,5 миллион, жорий йилнинг январь-июль ойларида эса 304,4 миллион долларни ташкил этди. Ўзбекистонда германиялик сармоядорлар иштирокида тузилган 112 корхона фаолият кўрсатмоқда. Улар савдо, енгил саноат, тиббиёт, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, автомобилсозлик, транспорт ва транспорт коммуникациялари, фан-таълим каби соҳаларда иш юритмоқда. Ўзбекистон иқтисодиётининг турли тармоқларида Германия банклари иштирокида йирик сармоявий лойиҳалар амалга оширилмоқда. Икки давлат олий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот институтлари ўртасида ўзаро манфаатли алоқалар йўлга қўйилган. Улар доирасида саноат, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, табиий захиралардан оқилона фойдаланиш бўйича биргаликда тадқиқотлар олиб борилмоқда.

Мамлакатимизда корпоратив бошқарувнинг самарадор усулларини жорий этишда ривожланган давлатлар, хусусан, Германия тажрибаси ўрганилмоқда. Германиянинг “Daimler”, “Siemens”, “BMW”, “Lufthansa”, “Thyssen Krupp”, “MAN”, “Knauf” сингари 25 етакчи компанияси ташаббуси билан 2002 йилда асос солинган Европа менежмент ва технологиялар мактаби билан ҳамкорлик бу борада муҳим роль ўйнамоқда.

Форумда германиялик ишбилармонларга мамлакатимиз иқтисодиётига инвестиция жалб этишнинг устувор йўналишлари ҳақида батафсил маълумот берилди. Юртимизда давом этаётган кенг кўламли хусусийлаштириш жараёни, иқтисодиётимизда изчиллик билан амалга оширилаётган ислоҳотлар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш борасидаги ўзгаришлар, сармоядорлар учун яратилган қулай имкониятлар билан таништирилди.

Анжуманда икки мамлакат ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни, жумладан, сармоя, энергетика, машинасозлик, корпоратив бошқарув, банк-молия, экспорт-импорт каби соҳа ва йўналишлардаги алоқаларни янада ривожлантириш, Германия компанияларини мамлакатимиздаги хусусийлаштириш жараёнига кенг жалб этишга оид масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

Шу куни Ўзбекистон ва Германиянинг компания ва корхоналари вакиллари иштирокида кооперацион биржа бўлиб ўтди. Икки мамлакат ишбилармонлари ўртасидаги ҳамкорлик кўламини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, биргаликда янги лойиҳалар ишлаб чиқиш ва амалга оширишга келишиб олинди.

 

ХИТОЙ ДУНЁДАГИ ЭНГ ЙИРИК FAST ТЕЛЕСКОПНИ ИШГА ТУШИРАДИ

Хитой 25 сентябрда дунёдаги энг йирик FAST радиотелескопини ишга туширишни режалаштирган. Майдони 30 футбол майдони ҳудудига тенг телескоп қурилиши 2011 йилнинг мартида йўлга қўйилган. Телескоп Хитойнинг жануби-ғарбидаги Гуйчжоу провинцияси тоғларида жойлашган. Телескоп диаметри 500 метрни ташкил қилади. Тузилма периметри 1,6 километрга тенг. Лойиҳага киритилган инвестицияларнинг умумий ҳажми 1,2 миллиард юан(тахминан 180 миллион доллар)га баҳоланмоқда. У ҳозирда энг йирик ҳисобланган 300 метрли диаметрга эга Пуэрто-Рикодаги телескопни ортда қолдиради.

Ўтган якшанба телескоп учун 30 тоннали ёритгичнинг ўрнатилиш ишлари якунланди. У телескоп юзасидан 130 метр баландликда жойлашган. Ёритгич радиотўлқинларни тўплаш учун қўлланилади, шунингдек сигнални кучайтиради.

Бундан аввал Хитой марказий телевидениеси FAST телескопининг дунёдаги энг тез компьютерларидан бири Sky Eye 1’га уланишини хабар қилганди. Унинг мақсади — бошқа сайёраларда ҳаётнинг бор йўқлигини астрономик ҳисоб-китоб қилиш ва мавҳум материяни ўрганиш. Янги телескоп Хитойнинг очиқ коинотдаги тадқиқотлар борасидаги имкониятларини оширишга ёрдам бериши кутилмоқда.

 

«ТОЖИКИСТОН ЎЗБЕКИСТОН БИЛАН АЛОҚАЛАРНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ТАРАФДОРИ»

Тожикистон элчиси Содиқ Имомий икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар имкониятларининг чексизлигига урғу қаратди. Тожикистон ҳар доим Ўзбекистон билан муносабатларни ҳар томонлама ривожлантириш тарафдори бўлган. Бу ҳақда 19 сентябрь куни Тошкентда Тожикистон мустақиллиги кунига бағишлаб ўтказилган маросимда мамлакат элчиси Содиқ Имомий маълум қилди.

Тожикистон ва Ўзбекистон халқларининг дўстлик ва яқин қўшничилик анъаналари узоқ йиллик тарихга эга, икки мамлакат ўртасидаги мавжуд алоқалар имкониятлари эса чексиз, деди дипломатик ваколатхона раҳбари.

«Қардош Ўзбекистон ўз тарихининг янги босқичини бошдан кечирмоқда. Қўшниларимизнинг бугунги барча муваффақиятлари бевосита Биринчи Президент Ислом Абдуғаниевич Каримов номи билан боғланади, у кишининг бемаврид вафоти нафақат ўзбек халқи учун оғир жудолик бўлди, балки унинг дўстлари қалбини ҳам қайғуга кўмди», — деди Тожикистон элчиси. Унинг қайд этишича, бугунги Тожикистон иқтисодиёт, ижтимоий ва маърифий соҳаларни ҳар томонлама ривожлантиришга йўналтирилган дастур ва стратегияларни муваффақиятли амалга оширмоқда. «Албатта, мазкур муваффақиятлар кенг халқаро ҳамкорлик, хорижий шерикларимиз, биринчи навбатда қўшни давлатлар кўмагисиз мазмун касб этмайди»,— деди дипломат.

 

III. МИРЗО УЛУҒБЕК НОМИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИДА

 ЁШЛАР – МУСТАҲКАМ ЖАМИЯТ ЯРАТУВЧИСИ

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ва пойтахтимиздаги “Ёшлик” талабалар шаҳарчаси ҳокимлиги ҳамкорлигида “Ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш” мавзуида давра суҳбати ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳамда 2016 йил 15 сентябрдан кучга кирган Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонуни ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, фаоллигини ошириш, ижодий ва интеллектуал салоҳиятини юзага чиқариш, мафкуравий таҳдидларга қарши иммунитетини мустаҳкамлаш, бандлигини таъминлаш борасидаги ишларни янада кучайтирди.

– Талабалар шаҳарчасининг майдони 658 гектардан иборат бўлиб, 9 маҳалладан ташкил топган,– дейди “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати “Ёшлик” талабалар шаҳарчаси етакчилар кенгаши раиси Фаёз Қўшоқов.– Шаҳарча ҳудудида Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети, Абу Райҳон Беруний номидаги Тошкент давлат техника университети, Тошкент тиббиёт академияси, Тошкентдаги Турин политехника университети ҳузуридаги академик лицей каби 20 та таълим муассасаси жойлашган. Шаҳарчамиз ҳудудидаги таълим муассасаларида 40 мингдан зиёд талаба-ўқувчи таълим олади.

Давра суҳбатида соғлом турмуш тарзини ривожлантириш, спортни янада оммавийлаштириш, вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олиш, баркамол авлодни ҳар жиҳатдан соғлом қилиб тарбиялаш масалалари муҳокама қилинди.

Тадбир доирасида шаҳарча ҳокими Қ.Шоназаров билан ёшларнинг учрашуви ташкил этилди.

 

ЎзМУда “ЁШЛАРГА ОИД ДАВЛАТ СИЁСАТИ ТЎҒРИСИДА”ГИ ҚОНУН МОҲИЯТИ ЎРГАНИЛМОҚДА

 Ёш авлоднинг ҳуқуқий билим ва маданиятини юксалтириш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг барча факультетларида навбатдаги “Ахборот соатлари” машғулотлари мавзуи Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонуни моҳиятини ўрганишга бағишланди.

– 2016 йил 15 сентябрда кучга кирган мазкур қонунда ҳозирги замон талабларини ҳисобга олган ҳолда ёшларга оид давлат сиёсатининг устувор йўналишлари мустаҳкамлаб қўйилган,– дейди ЎзМУ Мураббийлар кенгаши раиси Аброр Хидиров.– Жамиятимизнинг демократия йўлидан жадал ривожланиши ва бу борадаги ислоҳотларнинг самараси кўп жиҳатдан мустақил ҳаётга кириб келаётган ёшларнинг ҳуқуқий маданияти даражасига боғлиқ экан, бу қонун моҳиятини ҳар бир талаба теран англамоғи лозим. Эътибор берсангиз, қонунда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширувчи орган ва муассасаларнинг вазифалари, ваколатлари ҳамда жавобгарлиги белгилаб қўйилган. Улар зиммасига ёшларга оид давлат сиёсатини рўёбга чиқариш, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, спорт, меҳнат ва бошқа соҳаларда ёшларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган талаблар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар шак-шубҳасиз ижро этилишини таъминлаш, ҳуқуқий тарғиботга доир чора-тадбирларни амалга ошириш, ёшлар орасидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш вазифалари юклатилган. Бу вазифаларни тўлақонли амалга оширилиши учун мутасаддилар ҳам, қонун истеъмолчилари ҳам унинг мазмун-моҳиятини теран англаб олмоғи лозим.

“Ахборот соатлари” машғулотларида талабалар бу борада ўзларини қизиқтирган барча саволларига муфассал жавоблар олдилар.

 

Материаллар ЎзМУ Ахборот хизмати томонидан тайёрланди.

Унда республика ОАВ хабарларидан фойдаланилди.

 Факультет деканининг Маънавият ва маърифат ишлари бўйича ўринбосари диққатига!

“Ахборот соатлари” маълумотлари юзасидан савол пайдо бўлса ЎзМУ Ахборот хизмати раҳбари Тўлқин Эшбековга мурожаат қилишингиз мумкин.

Телефон: +99890 9120963.

Электрон почта: tueshbek@mail.ru

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>