“АХБОРОТ СОАТЛАРИ” № 6-2016

Ҳафтанинг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеалари (3-8 октябрь кунлари)

МИРЗО УЛУҒБЕК НОМИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИ

“АХБОРОТ СОАТЛАРИ” № 6-2016

Ҳафтанинг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеалари (3-8 октябрь кунлари)

 ТОШКЕНТ

ЎзМУ – 2016

 

Факультет деканининг Маънавият ва маърифат ишлари бўйича ўринбосарлари ва мураббийлар диққатига! Талабаларга “Ахборот соатлари” материаллари билан www.nuuz.uz ва www.uchildiz.uz веб-сайтлари орқали ҳам танишиш тавсия этилиши мақсадга мувофиқдир.

I. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДАГИ ИҚТИСОДИЙ, ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ВОҚЕАЛАРГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАР

 ШАВКАТ МИРЗИЁЕВ 5 ОКТЯБРЬ КУНИ САМАРҚАНД ВИЛОЯТИГА ТАШРИФ БУЮРДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи, мамлакатимиз Бош вазири Шавкат Мирзиёев жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, саноат, қишлоқ хўжалиги ва ижтимоий соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар билан яқиндан танишиш мақсадида шу йилнинг 5 октябрь куни Самарқанд вилоятига ташриф буюрди.

Шавкат Мирзиёев вилоятга ташрифини Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов қабрини зиёрат қилиш билан бошлади.

Шундан сўнг Оқдарё туманида бўлиб, бу ерда амалга оширилаётган қишлоқ хўжалиги ишлари билан танишди, фермерлар билан деҳқончиликда самарадорликни ошириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш баробарида уларни қайта ишлашни янада кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 5 октябрда қабул қилинган “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонининг аҳамияти ҳақида тўхталди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Самарқанд шаҳрида барпо этилиши режалаштирилаётган, шаҳар аҳолисининг уй-жой муаммоларини ҳал этиш имконини берадиган замонавий кўп қаватли уйлар лойиҳаси билан танишди. Ушбу янги уй-жой мажмуаларида аҳолининг ҳар томонлама қулай яшаши учун зарур ижтимоий инфратузилма ҳам яратилади.

Шавкат Мирзиёев Самарқанд шаҳри транспорт тизимини янада яхшилаш, замонавий трамвай линияларини барпо этиш лозимлигига эътибор қаратди. Бунинг учун барча имкониятлар мавжудлиги, трамвайнинг экологик тоза транспорт воситаси сифатида атроф-муҳитга таъсири камлигини қайд этаркан, бу лойиҳани сифатли бажариш, 2017 йилнинг Наврўз байрамигача якунлаш зарурлигини таъкидлади.

Хитойлик мутахассислар билан ҳамкорликда яратилаётган замонавий технологиялар асосида муқобил манбалардан электр энергияси ишлаб чиқариш бўйича ноёб объект лойиҳасининиг амалга оширилиши билан танишди. Мазкур станциянинг ишга туширилиши Самарқанд вилояти ва мамлакатимиз энергия тизимининг Жануби-ғарбий қисми истеъмолчиларини электр энергияси билан муқим таъминлаш имконини беради. Қуёш фотоэлектр станцияси йилига 158,3 миллион кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқаради. Ушбу мажмуа қурилишида маҳаллий маҳсулотлардан кенгроқ фойдаланиш, бундай станцияларни юртимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам бунёд этиш бўйича зарур кўрсатмалар берилди.

Шавкат Мирзиёев шу куни Ургут туманида ташкил қилинган саноат зонасини ҳам бориб кўрди. Майдони қарийб 42 гектар бўлган бу ҳудудда 40 саноат корхонаси, жумладан, 19 қўшма корхона фаолият кўрсатмоқда. Уларда 1 минг 200 га яқин киши меҳнат қилмоқда. Ўтган йили саноат зонасида қиймати 157,5 миллиард сўмлик 20 турдан зиёд саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилди, экспорт ҳажми 10 миллион АҚШ долларидан ошди. Хусусан, бу ерда маҳаллий хомашёдан гилам ва гилам маҳсулотлари, синтетик тола, электр духовкалар, газ плиталари, бир марта ишлатиладиган пластик идишлар, полимер елим ва бошқа маҳсулотлар тайёрланмоқда. 2017 йилда туманда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича яна 78 лойиҳани амалга ошириш ва 3 минг 400 иш ўрни ташкил этиш режалаштирилаётгани таъкидланди. Туман ерларидан унумли фойдаланиш, хусусан, адирли ерларга ёнғоқ, бодом, ток, унаби каби экинлар экиш мақсадга мувофиқлиги қайд этилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Ургут туманининг ресурс базасидан самарали фойдаланиш, саноат ва экспорт салоҳиятини янада ривожлантириш, инвестиция ва илғор технологияларни жалб этиш мақсадида Ургут эркин индустриал зонаси ташкил этилишини алоҳида қайд этди.

Ургут тумани ҳокимлигида Самарқанд вилояти фаоллари билан бўлган учрашув аввалида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотираси ёдга олиниб, ҳурмат бажо келтирилди. Йиғилишда Ургут тумани мисолида вилоятни истиқболда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг комплекс дастури кўриб чиқилди. Вилоятнинг шаҳар ва туманлари марказларида янги уй-жойлар барпо этиш, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани янада ривожлантириш, хусусан, ички йўлларни таъмирлаш, ичимлик суви таъминотини яхшилаш асосида аҳолининг турмуш шароитларини янада юксалтиришга доир масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Шавкат Мирзиёев ҳукумат порталида очилган Бош вазирнинг виртуал қабулхонасига келаётган мурожаатлардан мисоллар келтирар экан, вилоят мутасаддиларига ушбу масалаларни вақтида кўриб чиқиш ва ҳал қилиш бўйича аниқ кўрсатмалар берди. Ҳар бир мурожаат Бош вазирнинг назоратида бўлишини алоҳида таъкидлади. Йиғилишда вилоят ва туман бюджетларининг молиявий-иқтисодий салоҳиятини ошириш бўйича долзарб вазифалар, экспорт прогнозларини бажариш, йиғим-терим ишлари, кузги экинларни экиш, озиқ-овқат хавфсизлиги ва нарх барқарорлигини таъминлаш, уй-жойлар ва ижтимоий объектларнинг кузги-қишки мавсумга тайёрлиги, тиббий-ижтимоий хизматлар сифатини яхшилаш, вилоят иқтисодиётининг барча соҳалари узлуксиз ишлаши масалалари муҳокама этилди.

 ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ФАРМОНИ

ТАДБИРКОРЛИК ФАОЛИЯТИНИНГ ЖАДАЛ РИВОЖЛАНИШИНИ ТАЪМИНЛАШГА, ХУСУСИЙ МУЛКНИ ҲАР ТОМОНЛАМА ҲИМОЯ ҚИЛИШГА ВА ИШБИЛАРМОНЛИК МУҲИТИНИ СИФАТ ЖИҲАТИДАН ЯХШИЛАШГА ДОИР ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг жадал ривожланишини таъминлаш, хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва унинг дахлсизлиги кафолатларининг ҳуқуқий механизмларини янада мустаҳкамлаш, тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, республикада инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш мақсадида:

  1. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг эркинлик бериш, уларнинг фаолиятига давлат органларининг аралашувини тубдан қисқартиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олди олинишини таъминлаш, уларнинг профилактикаси самарадорлигини ошириш ва ҳуқуқбузарликларга йўл қўйилмаслик тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш соҳасида давлат сиёсатининг муҳим устувор йўналиши ва давлат органларининг биринчи даражали вазифаси этиб белгилансин.

Давлат органлари, энг аввало, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи тузилмалар:

ўз фаолиятида юқорида кўрсатилган талабни ҳамда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари устуворлиги тамойилининг сўзсиз амалга оширилишини таъминласинлар;

ўз вазифалари ва ваколатларининг танқидий таҳлили асосида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, профилактика қилиш ҳамда уларга йўл қўймаслик борасидаги чора-тадбирларни такомиллаштиришга ва уларнинг самарадорлигини оширишга доир асосланган таклифларни икки ой муддатда, белгиланган тартибда киритсинлар;

тадбиркорлик фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик ва тўсқинлик қилганлик, уларнинг фаолиятини асоссиз тўхтатиб қўйганлик учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нормалари талаблари қатъий бажарилишини, шунингдек, тадбиркорлик субъектларига етказилган зарарнинг бевосита айбдорлардан ундирилишини таъминласинлар.

  1. Ўзбекистон Республикасида тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлаш, хусусий мулкни ҳар томонлама муҳофаза қилиш ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир комплекс чора-тадбирлар дастури иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Комплекс чора-тадбирлар дастурида назарда тутилган тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши юзасидан шахсий жавобгарлик вазирликлар ва идораларнинг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг раҳбарлари зиммасига юклансин.

  1. Белгилаб қўйилсинки, 2017 йилнинг 1 январидан бошлаб:

тадбиркорлик субъектларини режадан ташқари текширишларнинг барча турлари бекор қилинади, юридик шахсларнинг тугатилаётганида, шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг қонунчилик бузилганлиги ҳолатлари бўйича берган мурожаатлари асосида фақатгина Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши қарорига мувофиқ ўтказиладиган қисқа муддатли текширувлар бундан мустасно;

тадбиркорлик субъектлари фаолиятини, шу жумладан, жиноят ишлари доирасидаги муқобил текширишларнинг барча турлари бекор қилинади;

молия-хўжалик фаолиятини амалга оширишда биринчи марта ҳуқуқбузарликлар содир этган тадбиркорлик субъектлари ва уларнинг ходимлари йўл қўйилган қонунбузарликларни қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда ихтиёрий равишда бартараф этган ва етказилган моддий зарарни қоплаган тақдирда, инсоннинг соғлиғи ва ҳаётига зарар етказилган ҳолатлар бундан мустасно, маъмурий ва жиноий жавобгарликдан, жарималар ва молиявий санкциялар (пенядан ташқари) қўлланилишидан озод этиладилар;

ноқонуний тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни биринчи марта содир этган шахслар ҳуқуқбузарлик аниқланган кундан эътиборан бир ой муддатда етказилган зарарнинг ўрнини ихтиёрий равишда қоплаган, тадбиркорлик субъекти сифатида рўйхатдан ўтган ва рухсат этувчи зарур ҳужжатларни расмийлаштирган тақдирда маъмурий ва жиноий жавобгарликдан озод этиладилар;

тадбиркорлик субъектларига нисбатан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқидан маҳрум қилиш тарзидаги жиноий жазо қўлланилмайди;

хорижий инвестициялар иштирокидаги янгидан ташкил этиладиган ишлаб чиқариш корхоналарига уларни давлат рўйхатидан ўтказиш вақтида амалда бўлган солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар ставкаларини (ресурс ва божхона тўловлари бундан мустасно) беш йил мобайнида қўллаш ҳуқуқи берилади;

тадбиркорлик субъектлари ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисида ариза берган тақдирда давлат божи тўлашдан озод этиладилар;

тадбиркорлик субъектларининг экспорт контрактларини давлат божхона хизмати органларида ҳисобга қўйиш борасидаги талаб валюта назорати органлари томонидан Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизими орқали ташқи савдо контрактлари назорати ва мониторингини сақлаб қолиш шарти билан бекор қилинади, бундан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Товарлар (ишлар, хизматлар) экспортини рағбатлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 1997 йил 10 октябрдаги ПФ-1871-сон Фармонининг 1, 2 ва 4-иловаларида назарда тутилган товарларни экспорт қилиш бўйича контрактлар мустасно;

экспорт қилинаётган товарларнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификат илгари худди шундай товар учун айнан сертификат олган аризачига бир иш куни мобайнида берилади.

  1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига қуйидаги асосий ваколатларга эга бўлган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил институтини ташкил этиш масаласини кўриб чиқиш тавсия этилсин:

тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга оширишда иштирок этиш;

тадбиркорлик субъектларининг фаолияти текширилаётганда уларни ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш;

тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нормалари ва талабларининг амалда рўёбга чиқарилаётганлигини ўрганиш;

қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тадбиркорлик фаолияти амалга оширилишига таъсири самарадорлигини баҳолаш;

давлат органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши юзасидан назоратни амалга ошириш.

  1. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Марказий банки, Давлат солиқ қўмитаси манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига қуйидагиларга йўналтирилган асосланган таклифлар киритсинлар:

солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни йиғиш харажатларини камайтириш, масофавий назоратни кенг жорий этиш ва солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишни таъминлайдиган солиқ маъмурчилиги сифати ва самарадорлигини янада яхшилаш;

республиканинг экспорт салоҳияти ўсишини, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни фаол жалб этишни ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг ташқи бозорда рақобатбардошлигини оширишни рағбатлантирадиган валютани тартибга солишнинг ва валюталар курси сиёсатининг илғор бозор механизмларини жорий этиш;

тадбиркорлик субъектлари фаолияти юзасидан қисқа муддатли текширишларни тайинлаш ва ўтказишнинг аниқ ҳуқуқий асослари ҳамда мезонларини назарда тутган ҳолда қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш;

тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг камерал назорати самарадорлигини ошириш орқали текширишларни ўтказиш сони ва муддатларини қисқартириш;

ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва қонунга итоаткор тадбиркорлик субъектларининг барқарор фаолияти кафолатларининг асосий механизмларидан бири сифатида аудиторлик ташкилотлари ва солиқ маслаҳатчилари кўрсатаётган хизматлар сифати ва тақдим этаётган хулосаларининг ҳаққонийлиги учун жавобгарликни кучайтириш юзасидан улар фаолиятининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш;

банк фаолиятини тартибга солишнинг замонавий тамойиллари ва механизмларини жорий этиш, давлат органлари томонидан тижорат банклари фаолиятига, биринчи навбатда, кредит сиёсатига маъмурий аралашувларнинг олдини олиш ва уларга йўл қўймаслик;

банкнинг самарали фаолият кўрсатишига тўсқинлик қилувчи ғовларни тугатиш, шунингдек, мижозларнинг ўз пул маблағларини эркин тасарруф этиш ҳуқуқи тўлиқ рўёбга чиқарилишини таъминлаш.

  1. Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, “Ўзстандарт” агентлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда:

барча техник талабларни (санитария, экология, шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари, ёнғин хавфсизлиги қоидалари, стандартлаштиришга доир норматив ҳужжатлар ва техник нормативларни) хатловдан ўтказсин ҳамда илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда самарасиз, эскирган ва бозор механизмларининг ўрнини эгаллаб олган нормаларни бартараф этадиган тегишли норматив ҳужжатларни ишлаб чиқсинлар ва қабул қилсинлар;

техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги амалдаги норматив ҳужжатлардан монеликсиз ва бепул фойдаланиш имконини бериш мақсадида уларнинг жаҳон Интернет ахборот тармоғидаги ўз расмий веб-сайтларида жойлаштирилишини ва доимий янгилаб борилишини таъминласинлар.

  1. Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Олий хўжалик суди, Бош прокуратураси, Молия вазирлиги ва Адлия вазирлиги бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда:

назорат қилувчи органларнинг тадбиркорлик субъектлари ва уларнинг ходимларига нисбатан маъмурий жазоларни қўллаш борасидаги функция ва ваколатларини босқичма-босқич суд органларига ўтказиш юзасидан таклифлар киритсинлар;

иқтисодий жиноятлар содир этиш, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ноқонуний аралашиш оқибатида етказилган зарарни аниқлашнинг асосланган ягона мезонлари ва асосларини ишлаб чиқсинлар.

  1. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Олий суд, Адлия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда:

фуқаролар ва тадбиркорларнинг, энг аввало, давлат органларига бўлган ишончини мустаҳкамлашга, республиканинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга, шунингдек, коррупция тусидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактика қилишга қаратилган “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳасини;

жиноят тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ нормаларини янада либераллаштириш бўйича таклифларни;

қонун ҳужжатларига, энг аввало, хусусий мулк дахлсизлигини таъминлашга, тадбиркорлик субъектлари фаолиятига асоссиз аралашишга ва уларнинг фаолияти тўхтатиб қўйилишига йўл қўймасликка қаратилган, қўзғатилган жиноят ишлари бўйича молия-хўжалик фаолияти текширувларини (тафтишларни) тайинлаш, ўтказиш ва уларнинг муддатини узайтиришнинг аниқ процессуал тартиби белгиланишини назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш юзасидан таклифларни белгиланган тартибда киритсин.

  1. Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди тадбиркорлар ҳуқуқларининг суд орқали ишончли ҳимоя қилинишини, шаффофлик ва холисликни таъминлаш мақсадида уч ой муддатда суд мажлисларига аудио ва видео қайд этиш механизмлари босқичма-босқич жорий этилишини, шунингдек, қабул қилинган суд қарорлари веб-сайтларда жойлаштирилишини назарда тутувчи дастурнинг ишлаб чиқилишини таъминласин.
  2. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Адлия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Марказий банк, Савдо-саноат палатаси ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда Вазирлар Маҳкамасига бир ой муддатда тадбиркорлик субъектларига фақат давлат хизматлари кўрсатиш бўйича ягона марказлар орқали “ягона дарча” тамойили асосида кўрсатиладиган давлат хизматлари рўйхатини кенгайтириш юзасидан таклифлар киритсин.
  3. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Савдо-саноат палатаси манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда рухсат бериш тартиб-таомиллари, лицензия бериш ва тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қанчалик мувофиқлигини танқидий ўрганиш асосида Вазирлар Маҳкамасига эскириб қолган ва замонавий талабларга жавоб бермайдиган рухсат берувчи ҳужжатларни бекор қилиш ҳамда рухсат бериш тартиб-таомилларининг муддатларини қисқартириш юзасидан таклифлар киритсин.
  4. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари, молия вазири Р.С.Азимов ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори И.Б.Абдуллаев зиммаларига юклансин.

 Ўзбекистон Республикаси Президенти

вазифасини бажарувчи Ш.Мирзиёев

Тошкент шаҳри,

2016 йил 5 октябрь

 ШАВКАТ МИРЗИЁЕВ БИЛАН ВЛАДИМИР ПУТИННИНГ ТЕЛЕФОН ОРҚАЛИ МУЛОҚОТИ БЎЛИБ ЎТДИ

2016 йил 7 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев билан Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди. Ўзбекистон раҳбари Россия Президентини таваллуд куни билан самимий табриклаб, унга сиҳат-саломатлик ва давлат раҳбари сифатидаги серқирра фаолиятига муваффақиятлар, Россия халқига тинчлик-хотиржамлик ва фаровонлик тилади.

Ўзбекистонда Владимир Путиннинг мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлаш ҳамда ривожлантиришга қўшаётган шахсий ҳиссаси юксак қадрланади.

Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш бўйича турли даражада Ўзбекистон – Россия мулоқотлари фаоллашаётганини мамнуният билан таъкидладилар.

Ўзбекистон ва Россия раҳбарлари ўзаро ҳамкорликка доир бошқа қатор масалалар ва айрим халқаро муаммолар юзасидан ҳам фикр алмашдилар.

 

МУСТАҚИЛ ДАВЛАТЛАР ҲАМДЎСТЛИГИ ДАВЛАТ РАҲБАРЛАРИНИНГ ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚИГА МУРОЖААТИ

Биз, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлат раҳбарлари Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг вафоти муносабати билан мустақил Ўзбекистон тарихидаги мураккаб даврда дўст Ўзбекистон халқини қатъий қўллаб-қувватлашимизни билдирамиз.

Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳиятини ривожлантириш, халқаро нуфузини ошириш ва аҳоли фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилган кенг кўламли ислоҳотлар буюк давлат арбоби Ислом Каримов номи билан боғлиқдир. У ўзининг бутун ҳаётини халқига садоқат билан хизмат қилишга бағишлади.

Ислом Абдуғаниевич Каримов Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг асосчиларидан бўлиб, Ҳамдўстлик давлатларининг халқлари ўртасида иқтисодий алоқалар, дўстлик ва яқин қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш йўлида жуда кўплаб ишларни амалга оширди. Ўзбекистон раҳбари сифатида Марказий Осиёда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, минтақани хавфсиз ва барқарор ривожланаётган ҳудудга айлантиришга бениҳоя катта ҳисса қўшди.

Ўзбекистон бундан буён ҳам изчил ривожланиши ва Ҳамдўстлик мамлакатлари халқлари билан дўстлик, яқин қўшничилик муносабатларини ҳар томонлама мустаҳкамлаш ишларини қатъий давом эттиришига ишонч билдирган ҳолда, Ўзбекистон халқининг тинчлик, барқарорлик ва ҳамжиҳатликни таъминлаш борасидаги ҳаракатларини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз.

Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг тарихий мероси Ҳамдўстлик халқларининг аҳил оиласида дўстона муносабатларни ривожлантириш ва мустаҳкамлашга доимо хизмат қилишига ишонамиз.

 

ЎЗБЕКИСТОН – ЯПОНИЯ КОНФЕРЕНЦИЯСИДА ЎЗАРО МАНФААТЛИ ЛОЙИҲАЛАР МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

Тошкентда 3 октябрь куни шаҳар инфратузилмасини ривожлантириш бўйича Ўзбекистон – Япония конференцияси бўлиб ўтди. Мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар стратегик шериклик даражасига кўтарилган. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг 2002 йил июль ойида Японияга расмий ташрифи чоғида Дўстлик, стратегик шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги қўшма баёнот имзоланган. Ўтган йили октябрь ойида Япония Бош вазири Шиндзо Абэнинг мамлакатимизга расмий ташрифи пайтида Ўзбекистон ва Япония ўртасида стратегик шерикликни чуқурлаштириш ва кенгайтириш тўғрисидаги қўшма баёнот имзоланди. Ўзаро манфаатдорлик натижасида савдо-иқтисодий алоқалар изчил ривожланиб бормоқда. 2015 йилда товар айирбошлаш ҳажми 253,5 миллион АҚШ долларини ташкил этган. Иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Япония ва Япония – Ўзбекистон қўмиталари эришилган келишувларни амалга ошириш, янги имкониятларни излаш ва қўшма лойиҳалар ишлаб чиқишда муҳим ўрин тутмоқда. Мамлакатимизда иқтисодиётни изчил ривожлантириш, ҳаёт сифатини янада ошириш мақсадида кенг кўламли бунёдкорлик ва модернизация ишлари амалга оширилмоқда. Бу борада ривожланган давлатлар, хусусан, Япония тажрибасидан унумли фойдаланилмоқда. Япониялик мутахассислар билан ҳамкорликда Тошгузар-Бойсун-Қумқўрғон темир йўли бунёд этилди. Самарқанд, Бухоро ва Урганч халқаро аэропортлари модернизация қилинди. Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи, Шўртан газ-кимё мажмуаси ва “Кўкдумалоқ” конида компрессор станцияси қурилди, Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи реконструкция қилинди. Бугунги кунда Қарши – Термиз темир йўл тармоғини электрлаштириш, Навоийдаги иссиқлик электр станциясини кенгайтириш ва Толлимаржон иссиқлик электр станциясида иккита янги буғ-газ турбинасини қуриш ишлари олиб борилмоқда.

Мамлакатимиз шаҳарлари бош режа асосида қайта қурилмоқда. Янги саноат корхоналари, замонавий уй-жойлар, ижтимоий объектлар, йўл ва кўприклар барпо этилмоқда. Бундай қурилиш ва ободонлаштириш ишлари натижасида шаҳару қишлоқларимиз янада кўркамлашиб, яшаш учун қулайликлар ортиб бораётир. Ўзбекистон “Дунёнинг энг бахтли мамлакатлари” рейтингида жаҳон бўйича 44-ўринни, пойтахтимиз Тошкент Буюк Британиянинг “Economist” журнали бўлинмаси – Economist Intelligence Unit (EIU) компанияси эълон қилган рейтингда дунёнинг яшаш қулай бўлган шаҳарлари орасида 58-ўринни эгаллагани ҳам бунинг тасдиғидир. Конференцияда мамлакатимизнинг геодезия, қурилиш, транспорт, табиатни муҳофаза қилиш, ахборот технологиялари, электротехника, энергетика, кимё ва коммунал соҳалардаги вазирлик ва идоралари мутасаддилари иштирок этди. Япониянинг «Шимидзу», «Фужита», «Марубени», «Панасоник», «Токио Роуп Инжиниринг», «Иточу», «Мицубиши», «Тойота Цусе», «НЭК» каби йигирмадан ортиқ йирик корпорациялари вакиллари ўз ташкилотлари ва хизматлари ҳақида атрофлича маълумот берди.

Япониялик ишбилармонлар мамлакатимизда шаҳарсозлик замон талаблари асосида ривожланаётгани, инфратузилма объектларини қуриш ва модернизациялаш ишлари иқтисодиёт ривожига хизмат қилаётганини таъкидлади. Инфратузилма объектларини қуриш ва модернизация қилиш, автомобиль ва темир йўл тизимини ривожлантириш, ахборот-коммуникация технологиялари, табиий офатларнинг олдини олиш ва бошқа соҳаларда ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича таклифларини тақдим этди.

Тадбир доирасида ташкил этилган кооперация биржасида икки мамлакат ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, томонларни қизиқтирган соҳалар бўйича қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Конференцияда Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан Япониянинг “Шимидзу” корпорацияси ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.

Япония делегацияси мамлакатимизнинг Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан музокаралар ўтказди.

 

ЎЗБЕКИСТОН ДЕЛЕГАЦИЯСИ ЛИТВА СЕЙМИ ДЕПУТАТЛАРИ САЙЛОВИНИНГ ХАЛҚАРО КУЗАТУВИДА ИШТИРОК ЭТМОҚДА

Марказий сайлов комиссияси раисининг ўринбосари Комилжон Одилов бошчилигида Ўзбекистон Республикаси делегацияси 2016 йил 9 октябрь куни бўлиб ўтадиган Литва Республикаси Сейми депутатлари сайловининг халқаро кузатувида иштирок этмоқда. Сайловларнинг халқаро кузатуви демократияни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришнинг энг шаффоф усулларидан бири ҳисобланади. Бу сайлов жараёни очиқлиги ва ошкоралиги тамойилларини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Ўзбекистон вакиллари 2015 йилда Литванинг маҳаллий сайловларида халқаро кузатувчилар сифатида иштирок этишганди. Ўз навбатида Литва Республикаси парламенти ва Марказий сайлов комиссиясининг аъзолари 2014 ва 2015 йилда мамлакатимизда бўлиб ўтган парламент ва президент сайловларини кузатишда қатнашган. Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Умумжаҳон сайлов органлари ассоциацияси каби халқаро ташкилотларга ҳамда хорижий давлатларнинг кўплаб вакилларига жорий йил 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини кузатишда иштирок этишга таклифномалар юборди.

 

ТОШКЕНТДА “ИПАК ЙЎЛИДА ТУРИЗМ” ХХII ТОШКЕНТ ХАЛҚАРО САЙЁҲЛИК ЯРМАРКАСИ БЎЛИБ ЎТДИ

Тошкентда “Ипак йўлида туризм” ХХII Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркаси якунланди “Ўзбектуризм” миллий компанияси ва “Буюк ипак йўли” реклама агентлиги томонидан БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти кўмагида ташкил этилган мазкур анжуманда Ўзбекистон, Япония, Чили, Франция, Россия, Литва, Ҳиндистон, Бирлашган Араб Амирликлари, Португалия, Таиланд, Туркия, Туркманистон каби давлатлардан юздан зиёд сайёҳлик фирма ва компаниялар вакиллари иштирок этди. Халқаро сайёҳлик ярмаркаси қизиқарли тақдимотлар, фойдали мулоқотларга бой бўлди. Ярмарка иштирокчилари соҳадаги ютуқлар, янгиликлар билан танишди. Мамлакатимизда туризмни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар, мазкур соҳада кадрлар тайёрлаш бўйича яратилган тизим, экотуризмни ривожлантиришга оид дастурлар хусусида маълумот берилди.

Ярмарканинг “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат” миллий павильонида ҳам иш қизғин руҳда кечди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг сайёҳлик салоҳияти кенг намойиш этилди. Тадбир қатнашчилари махсус экспозицияларда ўзбек миллий таомлари ва турли мева-сабзавотлардан татиб кўрди, миллий ҳунармандлик буюмларини харид қилди. Сопол буюмлар, ганч ўймакорлиги, қўғирчоқлар каби маҳсулотларни тайёрлаш, каштадўзлик, зардўзлик бўйича маҳорат дарслари ўтказилди. Ўзбек миллий либослари намойиши ва савдоси уюштирилди. Миллий мусиқий меросимиз, ҳудудларнинг фольклор санъатига оид тақдимотлар тадбир қатнашчилари, айниқса, хорижлик меҳмонларга манзур бўлди. Ярмарка доирасида ташкил этилган “Hosted Buyers” (Профессионал харидорлар) дастури истиқболли шериклар ва харидорлар ўртасидаги учрашувларни олдиндан белгилаш, уларга муайян имтиёзлар бериш орқали соҳада ишбилармонлик муҳитини ривожлантиришга хизмат қилади. Тадбир доирасида “Экологик туризм – атроф-муҳитни муҳофазалаш ва барқарор ривожланиш омили: Ўзбекистон тажрибаси ва халқаро амалиёт”, юртимизда ички туризмни ривожлантириш масалалари, аҳолига бу йўналишда хизмат кўрсатишнинг бугунги ҳолати ва истиқболларига оид халқаро илмий-амалий анжуманлар ҳам ташкил этилди. Энг яхши сайёҳлик йўналиши тақдимоти, компания ва меҳмонхона тақдимоти, энг яхши стенд, тематик бўлим ва туристик имкониятлар, энг яхши сервис, энг яхши дизайн, кўп йиллик ва сермаҳсул ҳамкорлик каби қатор йўналишларда танловлар ғолиблари тақдирланди.

 

ТРАНСПОРТ ВОСИТАСИНИ ОЛИБ ҚОЧГАНЛИК ВА ФРИБГАРЛИК УЧУН ЖАВОБГАРЛИК КУЧАЙТИРИЛМОҚДА

Айни пайтда депутатлар ялпи мажлисда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан қонунчилик ташаббуси тартибида киритилган қонун лойиҳаси муҳокама қилинмоқда. Унга кўра, Жиноят кодексининг 168- ва 267-моддаларига қўшимча киритиш назарда тутилган.

– Олиб борилган таҳлилларга кўра, сўнгги уч йил мобайнида транспорт воситасини олиб қочиш жиноятлари 65 фоизга ошган,– дейди Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзоси Шерзод Тўхташев.– Шу боис, транспорт воситасини олиб қочиш жинояти учун жазонинг содир этилган қилмишга мутаносиблигини таъминлаш, жиноят қонунчилигининг огоҳлантирувчи-профилактик функцияси самарадорлигини ошириш мақсадида Жиноят кодексига тегишли ўзгартишлар киритилмоқда.

Қонун лойиҳасига кўра, оғирлаштирувчи ҳолатларсиз автотранспорт воситасини олиб қочганлик учун 5 йилдан 10 йилгача (амалда – 3-5 йилгача), бир гуруҳ шахслар томонидан содир этилган бўлса 10 йилдан 15 йилгача (амалда – 5-10 йилгача), уюшган гуруҳ томонидан содир этилган бўлса 15 йилдан 20 йилгача (амалда – 10-15 йил) озодликдан маҳрум қилиш жазосини белгилаш кўзда тутилмоқда.

Сўнгги йилларда фирибгарликни ўзига касб қилиб, ўзгаларни алдаш ёки ишончини суиистеъмол қилиш йўли билан муайян мулкка эгалик қилиш ҳуқуқини қўлга киритаётган шахслар устидан тегишли органларга мурожаатлар кўпайган.

– Таҳлиллар шуни кўрсатдики, айбдор шахсларга нисбатан тегишли жазо чораларининг қўлланиши, жиноятларнинг олдини олиш бўйича тизимли равишда профилактик тадбирлар амалга оширилишига қарамасдан, фуқароларнинг шахсий мулкини эгаллаш билан боғлиқ айрим тоифадаги жиноятларнинг ўсиб бориши кузатилмоқда,– дейди Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзоси Даврон Арипов.– Жазонинг содир қилинган жиноятга мутаносиблигини таъминлаш, бундай қилмишларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларнинг самарадорлигини ошириш мақсадида кодекснинг 168-моддасига тегишли тартибда ўзгартишлар киритилмоқда.

Хусусан, фирибгарликнинг барча турлари ва ҳолатларида қўлланилиб келган жазо муддатлари, жарималар миқдори узайтирилмоқда. Агар ушбу ҳолат жуда кўп миқдорда ёки уюшган гуруҳ томонидан содир этилган бўлса энг кам ойлик иш ҳақининг 400-600 баравари миқдоридаги жаримадан 8-10 йилгача озодликдан маҳрум қилишгача белгилаш таклиф этилмоқда (амалда – 5-10 йилгача). Бундай ўзгаришлар мазкур модданинг барча шаклларига тегишли. Қонун лойиҳаси юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш, жиноят учун жазонинг муқаррарлигини таъминлаш, шунингдек жиноячиликка қарши кураш чораларининг самарадорлигини оширишга қаратилган.

 

МАҲАЛЛИЙЛАШТИРИШ ДАСТУРИ ТАКОМИЛЛАШМОҚДА

Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан 18 та янги лойиҳа Маҳаллийлаштириш дастурига киритилди. Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 30 сентябрдаги қарори билан Тайёр маҳсулотлар, бутловчи қисмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастурига ўзгартиришлар киритилди. Электр техникаси, маиший техника ва агрегатлар ишлаб чиқариш бўйича 18 та янги лойиҳа Дастурга киритилди.

 

ҚАРДОШЛИК РИШТАЛАРИ

Фарғона водийси ва Қирғизистоннинг чегарадош вилоятлари ўртасида ҳамкорлик кенгайтирилади. Қирғизистон бош вазирининг биринчи ўринбосари Мухамметкалий Абулгазиев бошчилигидаги делегациянинг Андижон вилоятига ташрифи якунлари бўйича икки мамлакат чегарадош вилоятлари ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланган. Маълум қилинишича, мазкур ҳужжат Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятлари ҳамда Қирғизистоннинг Ўш, Боткен ва Жалолобод вилоятлари раҳбарлари томонидан имзоланган. Вилоятлар ҳокимлари чегараолди туманларида яшовчи аҳоли учун долзарб бўлган муаммоларни муҳокама қилиш мақсадида ҳар ойда учрашиб туришга келишиб олган. Шунингдек, қирғиз-ўзбек ҳамкорлигини ривожлантириш мақсадида ўзбек делегациясининг Қирғизистонга жавоб ташрифи режалаштирилмоқда. 130 кишидан иборат Қирғизистон делегациясининг ташрифи 1 октябрь куни амалга оширилганди. Чегарадаги «Дўстлик» назорат-ўтказиш пунктида меҳмонларни бош вазир ўринбосари Адҳам Икрамов раҳбарлигидаги делегация тантанали қарши олди. Делегация вакиллари билан Андижон Давлат университети, темир йўл вокзалининг янги биноси, «Дўстлик уйи», Хўжаобод туманидаги 10-умумтаълим мактабида учрашувлар ўтказилган. Олтинкўл тумани Далварзин маҳалласидаги замонавий русумда қурилган аҳоли тураржойларини кўздан кечириб, Асакадаги GM Uzbekistan автомобиль заводига ташриф буюришди. Шунингдек, қирғиз миллатига мансуб Ўзбекистон фуқаролари билан ҳам учрашув ўтказилди.

Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги элчиси, Ўш ва Боткен вилоятлари ҳокимиятларининг ваколатли вакиллари, Ўш мэри, оқсоқоллар ҳамда маданият арбобларидан иборат делегация ҳамда учрашув иштирокчилари учун кун якунида Ўзбекистон санъат усталари ҳамда Қирғизистондан келган санъаткорлар томонидан катта концерт дастури намойиш этилди.

 II. ЖАҲОН МИҚЁСИДАГИ ИҚТИСОДИЙ, ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ВОҚЕАЛАРГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАР

 БМТ ХАВФСИЗЛИК КЕНГАШИ БИР ОВОЗДАН БМТ БОШ КОТИБЛИГИ УЧУН АНТОНИУ ГУТЕРРИШ НОМЗОДИНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАДИ.

БМТ Хавфсизлик Кенгаши Португалиянинг собиқ бош вазири Антониу Гутерриш номзодини БМТ Бош котиблиги лавозимига муносиб дея фикр билдирган. Бош котиб лавозими учун номзодларга овоз беришнинг якуний босқичи пайшанба куни бўлиб ўтган бўлиб, овоз бериш якуни бўйича қарор БМТ Бош Ассамблеясига тақдим этилади. Якуний қарор Бош Ассамлеянинг кенгайтирилган овоз беришидан сўнг қабул қилинади. Бош котиблик учун курашда жами 10 номзод иштирок этаётган бўлиб, уларнинг 5 нафари аёл ва 5 нафари эркак. Улардан 7 нафари Шарқий Европадан: Македониядан Срджян Керим, Словениядан Данило Тюрк, Болгариядан Ирина Бокова ва Кристалина Георгиева, Молдавиядан Наталья Герман, Сербиядан Вук Еремич ва Словакиядан Мирослав Лайчак. Шунингдек, номзодлар рўйхатида Португалиядан Антониу Гутерриш, Янги Зеландиядан Хелен Кларк ва Аргентинадан Сусана Малькорра бор. 67 ёшли Гутерриш 1996-2002 йилларда Португалия бош вазири бўлган, 2005 йилдан 2015 йилгача БМТнинг қочоқлар ишлари бўйича Олий комиссари лавозимида ишлаган. 2016 йил апрелидан Португалия давлат маслаҳатчиси.

ГАИТИДА “МЭТТЬЮ” ТЎФОНИ ҚУРБОНЛАРИ СОНИ 840 КИШИДАН ОШДИ

Гаитида юз берган кучли “Мэттью” тўфони оқибатида қурбон бўлганлар сони 842 кшигача етгани ҳақида маҳаллий матбуот хабар бермоқда. Аввалроқ қурбонларнинг 478 киши эканлиги маълум қилинган эди. “Мэттью” тўфони Кариб денгизи ҳудудида сўнгги 10 йилдаги энг даҳшатли табиий офат ҳисобланади. Офат натижасида 3,2 минг уй вайрон бўлган, 20 мингдан ортиқ одам бошпанасиз қолган. Халқаро қизил хоч ташкилоти Гаитидаги 50 минг кишига шошилинч ёрдам кўрсатиши кутилмоқда. Жумладан, ташкилот жароҳатланганларга тиббий воситалар, ичимлик суви ҳамда вақтинчалик яшаш марказлари ташкил этиш учун маблағ юборишни режалаштирмоқда. Ҳозирги вақтда тўфон АҚШнинг Флорида штатига яқинлашмоқда.

 БМТ БОШ КОТИБИ СУРИЯДАГИ ВАЗИЯТНИ ҲАЛ ҚИЛИШГА НИМА ХАЛАЛ БЕРАЁТГАНИ ҲАҚИДА АЙТДИ

БМТ Бош котиби Пан Ги Мун БМТ Хавфсизлик кенгаши ва дунёдаги суперқудратли давлатлар ўртасида бирлик йўқлигини Суриядаги вазиятнинг барқарорлашмаётгани сифатида кўрсатиб ўтди. «Мен жуда қайғудаман, 6 йилки тинч аҳоли зўравонликларга дучор бўлмоқда. Бу муаммони ҳарбий йўл билан ҳал қилиб бўлмайди. Фақат сиёсий йўл билан мақсадга эришиш мумкин», деган у Женевадаги матбуот анжумани вақтида. У Сурия бўйича музокаралар учун асос Сурияда ягона давлат тузиш бўлишини тахмин қилган.

 

III. МИРЗО УЛУҒБЕК НОМИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИДА

 ОДАМ САВДОСИ – МУДҲИШ ЖИНОЯТ

Тараққиётнинг беқиёс чўққиларини кўраётган замондошларимиз бахт ва бахтсизлик “чегараси”да одам савдосидек мудҳиш жиноятларга ҳам гувоҳ бўлиб туришибди. Кимлардан унинг қурбонига айланмоқда… Бундай жиноятларнинг олдини олиш учун кенг жамоатчилик, айниқса, ёшлар ўртасида тушунтириш ишлари олиб бориш мақсадга мувофиқдир. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида шу йил 6 октябрь куни ўтказилган маънавий-маърифий тадбир “Одам савдоси – ҳудуд, чегара, миллат танламайдиган мудҳиш жиноятдир” мавзусига бағишланди.

Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Миллий университети проректори Давлатёр Жумабоев, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигининг фуқароларни чет элда ишлашга ёллаш ва ишга жойлаштириш бўлими бошлиғи вазифасини бажарувчи Абдуқаҳҳор Ҳакимов ва бошқалар мамлакатимизда одам савдосига қарши кураш ишлари, республика Идораларо комиссиясининг 2015-2016 йилларга мўжалланган чора-тадбирлар режасида белгиланган вазифалар ижроси ҳақида сўз юритдилар.

Бундай қабиҳ ишларга, биз учун ёт ғояларга қарши курашда талаба-ёшларнинг маънавиятини юксалтириш, уларни она Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш, қатъий фуқаролик позициясини шакллантириш ғоят муҳим ўрин тутади. Огоҳлик – давр талабига айланганини ҳар бир йигит-қиз теран англамоғи лозимдир.

Учрашувда Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги ходими Азим Аҳматов одам савдоси қурбонига айланаётган айрим кимсалар ҳақида гапирар экан, бундай иллатларнинг асл моҳиятини, соддадил, ишонувчан ёшларнинг турли алдов йўллари билан тузоғига илинтирган ваҳшийлар улардан ёвуз мақсадлари йўлида фойдаланишини изоҳлаб берди.

Тадбир иштирокчиларига “Адашманг! Тўғри йўлни танланг!” мавзусидаги плакатлар мажмуи ва тарқатма буклетлари тақдим этилди. Талабалар бу борада ўзларини қизиқтирган саволларига атрофлича жавоблар олдилар.

 

ҚОНУН ЁШЛАРГА ҚАНОТ БАХШ ЭТАР

Ҳуқуқий демократик жамиятда қонунларни пухта билган инсон барча орзу-ниятларига эришиб яшайди. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги “Маънавият ва маърифат” марказида Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонунини ўрганишга бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда “Ёшлик” Талабалар шаҳарчаси ҳокими Қаҳрамон Шоназаров, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Журналистика факультети доценти, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Тўлқин Эшбек, Тошкент давлат Техника университети Маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори Анвар Алимов, “Камолот” Ёшлар ижтимоий ҳаракати “Ёшлик” Талабалар шаҳарчаси Етакчилар кенгаши раиси ўринбосари Зиёдулла Саъдуллаев ва бошқалар Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев томонидан 2016 йил 14 сентябрь куни имзоланган Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонуни талаба-ёшларимиз ҳаётида, чунончи, жамиятимиз тараққиётида қанчалик муҳим ўрин тутишини алоҳида таъкидладилар. Маърузаларда қайд этилганидек, мазкур қонунда ўн тўрт ёшга тўлган ва ўттиз ёшдан ошмаган шахслар – ёшлар (ёш фуқаролар), олий ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасини битирган, таълим муассасасини битирганидан сўнг олган ихтисослиги бўйича уч йил ичида ишга кирган ва маълумоти тўғрисидаги ҳужжатда кўрсатилган ихтисослиги бўйича ишлаётганига уч йилдан кўп бўлмаган ўттиз ёшдан ошмаган ходим – ёш мутахассис деб эътироф этилиши изоҳлаб берилди.

Мазкур қонунда белгиланганидек, иқтидорли ва истеъдодли ёшларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, чунончи, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда мукофотлар, стипендиялар белгилаш, таълим грантлари тақдим этиш, фан, маданият ва санъат соҳасида ижодий устахоналар ва мактабларни ташкил этишга кўмаклашиш, умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасаларида спорт секциялари, фан, техника тўгараклари ва ижодий тўгараклар фаолиятини ташкил этиш, иқтидорли ва истеъдодли ёшларни аниқлаш ва рағбатлантириш мақсадида танловлар, олимпиадалар, кўргазмалар, фестиваллар, кўриклар, концертлар, симпозиумлар, ўқишлар, конференциялар, семинарлар ташкил этиш ҳамда ўтказиш, ёшларга оид халқаро тажриба алмашуви, иқтидорли ва истеъдодли ёшларни таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларида, шу жумладан хорижий мамлакатларда ўқитиш, қайта тайёрлаш ва амалиётни ўташ дастурларидан танлов асосида фойдаланишини таъминлаш, илмий-тадқиқот, маданий-маърифий ишларни ўтказиш учун ёш мутахассислар ва олимларга шарт-шароитлар яратиш, ёш олимларнинг ишланмаларини амалиётга жорий этишга кўмаклашиш, шунингдек ёшларнинг кадрлар салоҳиятини сақлаб қолиш ҳамда ривожлантириш, спорт-таълим муассасалари, клублари тармоқларини ривожлантириш, иқтидорли ва истеъдодли ёш спортчиларни қўллаб-қувватлаш, ёшлар ўртасида спорт мусобақаларини ўтказиш, иқтидорли ва истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаётган жисмоний ва юридик шахсларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рағбатлантириш йўли билан амалга оширилиши кафолатланганлиги талабаларда катта қизиқиш уйғотди.

Анжуманда иштирок этган талабалар мазкур қонун юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларига атрофлича жавоблар олдилар.

 

ТАНЛОВ ҒОЛИБЛАРИ ТАҚДИРЛАНДИ

Талабалик – олтин давр, дейдилар. Бу даврнинг қанчалик олтинга тенглиги – ўқиш, билим олиш билан бир қаторда турли маънавий-маърифий тадбирлар, ижодий учрашувлар ва бошқа воқеликлар билан изоҳланади.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида талабалик бахтига мушарраф бўлган йигит-қизлар ҳаётида унутилмас воқеалар кўп бўлади. Кунда-кунора университетда, талабалар турар-жойларида ва бошқа масканларда ўтказиладиган маънавий-маърифий тадбирлар, танловлар уларнинг қалбларига бир умрга муҳрланиб қолаётган бўлса ажабмас.

Ана шундай тадбирлардан бири – 1-босқич талабалари ўртасида ўтказилган “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” шиори остида тақдимотлар танлови бўлди.

– Танловнинг дастлабки факультет босқичида 120 га яқин талабалар иштирок этган бўлса, демак, шунча истеъдод соҳиблари кашф этилди, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз,– деди ҳакамлар ҳайъати раиси, ЎзМУ проректори Давлатбой Жумабоев.– Танловдан кўзланган асосий мақсад – талаба-ёшларни маънан камол топтириш, мустақиллигимизнинг шонли ютуқларини ёшлар қалбига чуқур сингдириш, мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги ўрнини чуқурроқ билиш, мустақил ва эркин фикрга эга истеъдодли ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашдан иборат. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг тегишли қарорида бундай тадбирлар юксак савияда ўтказилиши алоҳида таъкидланган. Албатта, танловга тайёргарлик жараёнидаёқ ўнлаб ёшлар чинакам истеъдодларини намоён этди. Ҳар бир факультетда бошланган танловнинг дастлабки босқичи рисоладагидек ўтди. “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” деган битиклар оддий шиор эмас, балки, талаба-ёшлар қалб дафтарига умрбод муҳрланган энг оташин каломларга айланиб қолди. Улар энди ана шундай руҳда камолга етадилар!

Танловнинг университет босқичида иштирок этган 9 нафар ёш истеъдод соҳиби ўз тақдимотларини ҳавола этдилар.

Ҳакамлар ҳайъати мавзунинг тўлақонли очиб берилганлиги, мавзуни ёритишда адабиётлардан фойдаланганлик даражаси, ҳаётий мисоллар теран нигоҳ билан очиб берилганлиги, долзарб масалалар ва уларнинг ечимлари, таклифлари ҳамда ижодий ишлар услубий ва имловий тўғрилигига қараб баҳоладилар.

Юксак савияда ғоят қизиқарли ўтган танловда Кимё факультети талабаси Умида Ҳакимова 1-ўрин, Журналистика факультети талабаси Дилдора Тошева 2-ўрин, Тарих факультети талабаси Мавлуда Раҳмонова 3-ўринга муносиб кўрилди.

Ғолиблар университет фахрий ёрлиқлари, диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.

***

Шу ўринда айтиш жоизки, 2016 йил ёз ойларида университетимиз талабалари турли танловларда иштирок этишиб, ғолиблик шоҳсупасига кўтарилдилар.

Жумладан, 21 июнь куни ўтказилган “Кеча ким эдигу, бугун ким бўлдик, эртага қандай марраларни эгаллашимиз керак?” мавзусидаги мақолалар танловининг республика босқичида Иқтисодиёт факультети 3-босқич талабаси Дилноза Нишонова 2-ўринни эгаллади.

24 июн куни ўтказилган коррупцияга қарши кураш бўйича ижодий ишлар танловининг республика босқичида Журналистика факультети 2-босқич талабаси Исфандиёр Бургутбоев “Энг яхши иншо” номинацияси бўйича 3-ўринга муносиб кўрилди.

29 июнь куни ўтказилган “Жаҳолатга қарши маърифат” мавзусидаги иншолар танловининг республика босқичида Ижтимоий фанлар факультети 3-босқич талабаси Нозима Рустамова 1-ўринни, “Биз терроризмга қаршимиз” мавзусидаги иншолар танловининг республика босқичда Геология ва география факультети 3-босқич талабаси Шаҳноза Алимаҳаматова 2-ўринни, “Ўзбекистон тарихининг билимдони” танловининг республика босқичда Тарих факультети 3-босқич талабаси Рустамов Сардор Аваз ўғли 1-ўринни қўлга киритдилар.

“Қашқадарё вилоятидаги “Лочин” оромгоҳида 20-23 август кунлари ўтказилган “Юрт келажаги” республика иқтидорли ёшлар танловининг мамлакат босқичида Журналистика факультети 1-босқич магистранти Улуғбек Раҳмонқулов “Журналистика” номинацияси бўйича 1-ўринни эгаллади.

Миллий университетимизга муносиб иқтидорли, билимли ва фаол талабаларимизни эришган ютуқлари билан яна бир бор самимий қутлаб, келгуси ишларида янги зафарлар тилаб қоламиз.

Материаллар ЎзМУ Ахборот хизмати томонидан тайёрланди.

Унда республика ОАВ хабарларидан фойдаланилди.

Факультет деканининг Маънавият ва маърифат ишлари бўйича ўринбосари диққатига!

“Ахборот соатлари” маълумотлари юзасидан савол пайдо бўлса ЎзМУ Ахборот хизмати раҳбари Тўлқин Эшбековга мурожаат қилишингиз мумкин.

Телефон: +99890 9120963.

Электрон почта: tueshbek@mail.ru

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>