“АХБОРОТ СОАТЛАРИ” № 9-2016

Ҳафтанинг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеалари (24-29 октябрь кунлари)

МИРЗО УЛУҒБЕК НОМИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИ

“АХБОРОТ СОАТЛАРИ” № 9-2016

Ҳафтанинг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеалари (24-29 октябрь кунлари)

 ТОШКЕНТ

ЎзМУ – 2016

 Факультет деканининг Маънавият ва маърифат ишлари бўйича ўринбосарлари ва мураббийлар диққатига! Талабаларга “Ахборот соатлари” материаллари билан www.nuuz.uz ва www.uchildiz.uz веб-сайтлари орқали ҳам танишиш тавсия этилиши мақсадга мувофиқдир.

 

I. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДАГИ ИҚТИСОДИЙ, ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ВОҚЕАЛАРГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАР

 ШАВКАТ МИРЗИЁЕВ АҚШ ДАВЛАТ КОТИБИНИНГ ЎРИНБОСАРИ ТОМАС ШЭННОННИ ҚАБУЛ ҚИЛДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев 2016 йил 29 октябрь куни АҚШ Давлат котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Томас Шэннонни қабул қилди.

Шавкат Мирзиёев меҳмонни юртимизга ташрифи билан самимий қутлаб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов вафоти муносабати билан Ўзбекистон халқига чуқур ҳамдардлик изҳор этгани ва қўллаб-қувватлагани учун АҚШ Президенти Барак Обама ва Давлат котиби Жон Керрига самимий миннатдорлик билдирди. АҚШ делегацияси 28 октябрь куни Самарқандда бўлиб, Ислом Каримов хотирасига ҳурмат бажо келтиргани Биринчи Президентимиз хотирасига ва халқимизга юксак ҳурмат-эҳтиром ифодасидир.

Суҳбат давомида томонлар Ўзбекистон-АҚШ муносабатлари ўзаро ҳурмат ва ишонч, бир-бирининг манфаатларини инобатга олиш тамойиллари асосида изчил, муваффақиятли ривожланаётгани ва мустаҳкамланиб бораётганини таъкидладилар.

Турли даражадаги мунтазам мулоқотлар кўп қиррали ҳамкорликни самарали ривожлантириш ҳамда сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий, гуманитар ва бошқа соҳаларда салмоқли натижаларни қўлга киритиш имконини бермоқда.

Анъана тусини олган сиёсий маслаҳатлашувлар доирасида томонлар ўзаро муносабатларга доир кенг кўламли масалалар, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб муаммолар, жумладан, Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашиб келмоқда. Афғонистондаги вазиятни тинч йўл билан барқарорлаштириш жараёни ва ушбу мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий тикланишига кўмаклашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Томонлар савдо, сармоя ва юқори технологиялар соҳаларидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликка юксак баҳо бердилар. Бугунги кунда Ўзбекистонда АҚШнинг «General Motors», «Boeing», «General Electric», «Honeywell», «Hyatt», «Hilton» каби кўплаб етакчи компаниялари самарали фаолият юритмоқда. Америка-Ўзбекистон савдо палатасининг аниқ мақсадли фаолияти кенг миқёсдаги иқтисодий алоқаларни ривожлантириш ва кенгайтиришга хизмат қилмоқда.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари мамлакатларимизнинг узоқ муддатли манфаатларига мос келадиган барча истиқболли йўналишларда шериклик ва ҳамкорликни изчил мустаҳкамлаб, кенгайтириб бориш учун зарур имконият ва салоҳиятга эга экани қайд этилди.

АҚШ делегацияси раҳбари Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли социал-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ислоҳотларнинг, фуқаролик жамияти асосларини ва демократик қадриятларни мустаҳкамлашга қаратилган улкан ўзгаришларнинг ёрқин натижаларини юксак баҳолади.

Томас Шэннон юртимизга ташрифи асносида ўзбек халқи бой тарихий-маданий ва маънавий меросга эга эканига яна бир бор амин бўлганини алоҳида қайд этди. Ёшлар, турли диний конфессиялар ва кенг жамоатчилик вакиллари билан очиқ ва самимий суҳбатлар, уларнинг эртанги кунга ишончи, интилувчанлиги, қатъияти ва ғайрат-шижоати меҳмонда катта таассурот қолдирди. Мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик, миллатлараро тотувлик ва конфессиялараро бағрикенглик муҳити диққатга молик экани алоҳида таъкидланди. АҚШ Давлат котибининг ўринбосари Ўзбекистон миллий паралимпия ассоциациясига ҳам ташриф буюриб, Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтган XV ёзги Паралимпия ўйинларида юксак натижаларни қўлга киритган спортчиларимизни табриклади.

Томас Шэннон самимий қабул учун Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик билдирди ва АҚШ раҳбарияти Ўзбекистон билан серқирра муносабатларни изчил ва барқарор ривожлантиришдан манфаатдор эканини таъкидлади.

Суҳбат давомида икки ва кўп томонлама аҳамиятга эга бошқа долзарб масалалар ҳам кўриб чиқилди.

 

ҚИРҒИЗИСТОН ПРЕЗИДЕНТИ МУНОСАБАТЛАРНИ МУСТАҲКАМЛАШ ЧОРАЛАРИ УЧУН МИРЗИЁЕВГА МИННАТДОРЧИЛИК БИЛДИРДИ

Қирғизистон Республикаси Давлат раҳбари Алмазбек Атамбаев Ўзбекистон Республикаси Президенти в.б. Шавкат Мирзиёев билан телефон орқали мулоқот ўтказди. Ўзаро мулоқот чоғида томонлар ўзбек-қирғиз ҳар томонлама ҳамкорлигининг ҳозирги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилишган.

Алмазбек Атамбаев, шунингдек, Президент в.б. Шавкат Мирзиёевга, Ўзбекистон раҳбариятининг икки томонлама муносабатлардаги долзарб масалаларга жиддий эътибор қаратаётгани, икки давлат ўртасидаги яхши қўшничилик алоқаларини мустаҳкамлашни қўллаб-қувватлаётгани учун миннатдорчилик билдирган. Қирғиз раҳбари биродар Ўзбекистон халқига тинчлик ва фаровонлик тилаган, дейилади хабарда. 26 октябрь куни Ўзбекистон делегацияси Қирғизистон Республикасига ташрифни амалга оширади. Бундан кўзланган асосий мақсад  – ўзаро қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш ҳисобланади. Октябрь ойи бошида Мухамметкали Абулгазиев бошчилигидаги Қирғизистон делегацияси Ўзбекистон томони таклифи билан Андижон вилоятига ташриф буюрган ҳамда қирғиз-ўзбек муносабатларини мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга қаратилган тадбирларда иштирок этган эди.

 

ЎЗБЕКИСТОН ВА ҚИРҒИЗИСТОННИНГ ЯХШИ ҚЎШНИЧИЛИК АЛОҚАЛАРИ ҲАМКОРЛИКНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ГАРОВИ

Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг яхши қўшничилик алоқалари ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг гарови бўлиши лозим. Бу ҳақда, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Адҳам Икромов ўзининг Ўш давлат университетига қилган ташрифида сўз юритди. Олий ўқув юрти талабалари олдида чиқиш қилган Икромов икки мамлакат халқлари ўртасидаги дўстлик ва яхши қўшничиликнинг барбод бўлмаслигини таъкидлаган.

Адҳам Икрамов шунингдек, таълим соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликка эътибор қаратган. Унинг қайд этишича, Ўзбекистондаги университетлар ЎшДУнинг хорижлик талабаларни ўқитиш ва ўқув жараёнида электрон воситаларни қўллаш борасидаги ижобий тажрибасига диққат қаратади. Ўзбекистон делегацияси ЎшДУга ташрифи чоғида, ўқув бинолари ва тиббиёт клиникасини бориб кўришган.

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТЛИГИГА НОМЗОДЛАР РЎЙХАТГА ОЛИНДИ

2016 йил 28 октябрь куни Марказий сайлов комиссиясининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларни рўйхатга олиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди. Марказий сайлов комиссияси сиёсий партиялар томонидан тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларни рўйхатга олиш тўғрисида қарор қабул қилди. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан Сарвар Садуллаевич Отамуратов, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Шавкат Миромонович Мирзиёев, Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ҳатамжон Абдурахмонович Кетмонов, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан Наримон Маджитович Умаров Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар этиб рўйхатга олинди.

“Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонуннинг 28-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинган кундан эътиборан уларнинг сайловолди ташвиқоти бошланади. Шу муносабат билан мажлисда сайловолди ташвиқоти билан боғлиқ масала кўриб чиқилиб, тегишли қарор қабул қилинди.

 

28 ОКТЯБРЬ КУНИ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ ҚОНУНЧИЛИК ПАЛАТАСИНИНГ НАВБАТДАГИ МАЖЛИСИ БЎЛИБ ЎТДИ

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи, мамлакатимиз Бош вазири Шавкат Мирзиёев иштирок этди.

Депутатлар Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилги Бюджетномаси – Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари, шунингдек, солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари лойиҳаларини кўриб чиқдилар. Мажлисда ушбу масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари – молия вазири Рустам Азимов маъруза қилди.

Таъкидландики, мамлакатимизнинг асосий молиявий ҳужжати иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш, хусусий мулкнинг ўрни ва ролини тубдан ошириш, хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилиш ҳисобидан юқори иқтисодий суръатларни таъминлаш вазифасини назарда тутади.

Мамлакатимиз ҳукуматининг жорий йил 15 январдаги мажлисида Биринчи Президентимиз Ислом Каримов томонидан белгилаб берилган устувор вазифалар, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг шу йил 8 сентябрдаги қўшма йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев томонидан белгилаб берилган устувор вазифалар асосида 2016 йил учун иқтисодий дастурнинг энг муҳим йўналишлари ва устувор вазифаларини амалга ошириш юзасидан кўрилаётган амалий чора-тадбирлар макроиқтисодий кўрсаткичларга муваффақиятли эришишни, жорий йилда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишларини ҳамда Давлат бюджетининг самарали ижро этилишини таъминламоқда.

Депутатлар келгуси йил учун шакллантирилган солиқ-бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари, шунингдек, асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар бўлган ялпи ички маҳсулотнинг 7,8 фоизга, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг 6,9 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришнинг 6,2 фоизга, капитал қўйилмалар ҳажми 9,6 фоизга ўсиши кўзда тутилаётганлигини алоҳида қайд этдилар.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи, мамлакатимиз Бош вазири Шавкат Мирзиёев сўзга чиқди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси муҳокама чоғида билдирилган фикр-мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилги Давлат бюджетини ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларини ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишларини тасдиқлади ва тегишли қарор қабул қилди.

 

ЎЗБЕКИСТОН МЕВА-САБЗАВОТЛАРИ ЭКОЛОГИК ТОЗАЛИГИ ВА ВИТАМИНЛАРГА БОЙЛИГИ БИЛАН ДУНЁ БОЗОРИДА АЛОҲИДА ЭЪТИРОФ ЭТИЛАДИ

Шу йилнинг 8-10 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида I Халқаро мева-сабзавот ярмаркаси бўлиб ўтади. Бу чет эллик ҳамкорлар, озиқ-овқат саноати корпорациялари ҳамда ритейл компаниялар учун мазали мева-чевалари билан дунёда довруқ қозонган Ўзбекистон боғдорчилиги ютуқлари билан яқиндан танишиш, ўзбек фермери ва соҳибкорлари билан сархил мева-сабзавот, узум, полиз маҳсулотлари, улар асосида тайёрланган экологик тоза маҳсулотлар хариди бўйича тўғридан-тўғри савдо-сармоявий алоқалар ўрнатиш учун қулай фурсатдир. Шу боис халқаро доирада мазкур тадбирга бўлган қизиқиш катта. Буни Халқаро мева-сабзавот ярмаркаси дирекциясига форумда иштирок этиш мақсадида кўплаб хорижий компания ва фирмалар, савдо ҳамда логистика марказларидан келиб тушаётган аризалар сони кун сайин ортиб бораётгани ҳам яққол тасдиқлаб турибди.

Ўзбек мева-сабзавотлари азал-азалдан юксак сифат кўрсаткичлари билан маълуму машҳур. Юртимизда шаклланган кўп асрлик анъанавий сабзавотчилик ва боғдорчилик маданияти табиий деҳқончилик тамойилларига асосланган. Яъни кимёвий воситалар деярли қўлланилмаслиги эвазига мазали таъм ва юқори истеъмол хусусиятига эга бўлган экологик тоза мева-сабзавотлар етиштирилади. Шу билан бирга, ҳозирги пайтда селекционер олимларимиз томонидан яратилган сабзавот, полиз экинлари ҳамда картошканинг 170 дан ортиқ, мева ва резавор экинлар ҳамда узумнинг 175 нави орасидан энг саралари, яъни ҳосилдор, касаллик ва зараркунандаларга чидамлилари парваришланаётир. Энг асосийси, улар генларни модификация қилиш технологияларидан бутунлай холи эканлиги билан ажралиб туради. Натижада йилига 18 миллион тоннадан зиёд мева-сабзавот маҳсулотлари етиштирилмоқда. Пировардида Ўзбекистон жуда қисқа давр ичида ўрик, олхўри, узум, ёнғоқ, карам ва бошқа кўплаб мева ҳамда сабзавот маҳсулотлари экспорт қилиш ҳажми бўйича дунёда етакчи 10 та давлатдан бирига айланди. Бошқача айтганда, жаҳоннинг 80 та давлатига 180 турдан ортиқ сархил мева-сабзавотлар ва уларни қайта ишлаш асосида тайёрланган маҳсулотлар етказиб берилмоқда.

 

АФҒОНИСТОН ҲУКУМАТИ ВАКИЛЛАРИ ЎЗБЕКИСТОНГА ТАШРИФ БУЮРДИ

27 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Афғонистон Ислом республикаси президентининг иқтисодий масалалар бўйича катта маслаҳатчиси Ҳумоюн Қаюмий ва президентнинг Марказий Осиё давлатлари ҳамда Россия билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича махсус вакили Муҳаммад Шокир Коргарни қабул қилди. Афғонистон делегацияси Ўзбекистонга икки томонлама учрашув ва музокаралар, шунингдек, Тошкентда бўлиб ўтаётган 10-халқаро саноат ярмаркаси ва кооперация биржасида иштирок этиш учун келган. Ташкил этилган суҳбат чоғида ўзбек—афғон алоқаларини мустаҳкамлаш ва кенгайтириш ҳолати ҳамда истиқболлари, олий ва юқори даражадаги икки томонлама учрашувлар доирасида эришилган келишувларнинг амалга оширилиши муҳокама этилди. Учрашувда Афғонистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Сайёд Шаҳобиддин Темурий иштирок этди.

 

II. ЖАҲОН МИҚЁСИДАГИ ИҚТИСОДИЙ, ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ВОҚЕАЛАРГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАР

 ЎЗБЕКИСТОН ПАРЛАМЕНТ ДЕЛЕГАЦИЯСИ АКМАЛ САИДОВ БОШЧИЛИГИДА ШВЕЙЦАРИЯГА ТАШРИФ БУЮРДИ

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси Акмал Саидов бошчилигидаги парламент делегацияси Швейцарияга ташриф буюрди. Парламент вакилларининг ташриф дастури Женева шаҳридаги мамлакатимиз элчихонасида ўтказилган брифинг билан якунланди. Тадбирда халқаро ташкилотлар (БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси, Халқаро меҳнат ташкилоти, Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти, БМТ Европа иқтисодий комиссияси), Женева шаҳрида аккредитациядан ўтган дипломатик корпус вакиллари, хусусан, Озарбайжон, Жазоир, Беларусь, Испания, Исроил, Қозоғистон, Қирғизистон, Малайзия, Панама, Тожикистон, Туркия, Япония ва бошқа мамлакатлар, шунингдек, Швейцариянинг жамоат, академик ва ишбилармон доиралари вакиллари иштирок этди. Брифингда, шунингдек, Парламентлараро иттифоқ тадбири доирасида Женева шаҳрига ташриф буюрган Беларусь Республикаси Миллий йиғини Республика Кенгаши (юқори палата) спикери ўринбосари М.Щеткина меҳмон сифатида иштирок этди. Тадбир иштирокчиларига Ўзбекистонда сиёсий, суд-ҳуқуқ ва ижтимоий-иқтисодий соҳаларда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар хусусида маълумот берилди. Мамлакат сиёсий модернизация, ҳуқуқий, дунёвий, демократик давлат ва адолатли фуқаролик жамиятини барпо этиш йўлидан барқарор бораётгани таъкидланди. Республикада амалга оширилаётган чора-тадбирлар энг аввало фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган ишлар Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов номи билан бевосита боғлиқ эканига урғу берилди. Мустақилликнинг илк йиллариданоқ Ўзбекистон раҳбарияти томонидан олдинга сурилган мамлакатимиз давлат сиёсатининг фундаментал тамойиллари ўзгармаслиги алоҳида қайд этилди. Шундан келиб чиққан ҳолда брифингда Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Ш.Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталарининг жорий йил 8 сентябрдаги қўшма йиғилишидаги маърузасининг асосий йўналишлари ҳамда 2016 йил 4 декабрда ўтказиладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнлари тўғрисидаги маълумотлар тақдим этилди. Таъкидланганидек, Ўзбекистон бўлажак сайловнинг очиқлик ва шаффофлигини таъминлаш, уни тенглик тамойилларига мувофиқ тарзда ташкил этиш, шунингдек, мазкур муҳим сиёсий тадбирга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнларига кенг жамоатчилик, фуқаролик жамияти институтлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситаларини жалб этиш орқали фуқароларнинг сиёсий фаоллигини ошириш масалаларига устувор аҳамият бермоқда. Брифинг қатнашчиларининг диққат-эътибори бўлажак сайловдаги буткул янги омил – ЕХҲТ ДИИҲБнинг Ўзбекистоннинг Президент сайловини умумэътироф этилган халқаро стандартларга мувофиқ тарзда очиқ ва ошкора ўтказишга тайёрлигини инобатга олган ҳолда сайловни кузатиш бўйича тўлиқ таркибдаги миссиясини юборишга қарор қилганига қаратилди. Шу билан бирга иштирокчилар жорий йилнинг 20 октябрь куни Тошкент шаҳрида “Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашнинг миллий тизими: мустақиллик йилларида эришилган ютуқлар” мавзусида бўлиб ўтган халқаро конференция ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази ва Тошкентдаги БМТТД ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандумнинг имзоланиши, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 октябрдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига катта қизиқиш билдирди.

Брифинг чоғида шу йил 18 октябрь куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгаши 43-сессияси очилиш маросимидаги Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Ш.Мирзиёев нутқининг асосий йўналишлари ҳамда Ўзбекистоннинг ташкилотга раислиги давридаги мақсад ва устувор йўналишлари, шунингдек, Ўзбекистон томонидан олдинга сурилган ташаббуслар баён қилинди.

Қатнашчилар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда 24 октябрдаги “2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида”ги фармонлари мазмун-моҳиятига бағишланган маълумотларни катта қизиқиш билан тинглади.

Брифингда Ўзбекистон халқ фаровонлигини ошириш, аҳолининг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларини ҳимоялашни таъминлаш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар юқори баҳоланиб, бу ютуқларга эришишда ўтган йилларда мамлакатда қонун устуворлигига асосланган очиқ ва барқарор сиёсий тизимни барпо этилгани муҳим омил бўлгани таъкидланди.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси инсон ҳуқуқлари ва битимлар бўйича кенгаши ишлари бўлими директори А.Абделмоула Олий комиссар офиси Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ҳимоясини яхшилаш соҳасидаги демократик ислоҳотларнинг боришига катта қизиқиш билан қарашини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, республикада суд-ҳуқуқ тизими янги концепциясини шакллантиришга қаратилган ислоҳотлар, хусусан, прокуратура, ички ишлар органлари ва адвокатура фаолиятини такомиллаштириш, ўлим жазосининг бекор қилиниши, ярашув институтининг жорий этилиши, қамоққа олишга санкция беришни судларга ўтказилиши, уй қамоғини қўллаш чорасининг амалга татбиқ этилиши эътиборга ва ҳар томонлама ўрганишга сазовордир.

Халқаро меҳнат ташкилоти Бош директорининг махсус маслаҳатчиси К.Тапиоланинг таъкидлашича, брифинг йирик халқаро ташкилотлар вакилларига республикадаги вазият тўғрисида энг биринчи манбалар орқали билиш имконини яратиб, Ўзбекистоннинг сиёсий, иқтисодий ва демократик тараққиёти имкониятларини муҳокама қилиш учун қулай майдон бўлган. К.Тапиола Ўзбекистонда ХМТнинг қатор конвенциялари йўриқномаларини амалга ошириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси билан болалар ва мажбурий меҳнатини тақиқлаш масаласидаги ҳамкорликни ривожлантиришда эришилган натижаларни қайд этди. Шу билан бирга у жорий йилнинг 25 октябрь куни ХМТнинг бирлашмалар эркинлиги ҳамда касаба уюшмалари бирлашмалари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича 87-рақамли конвенциясини ратификация қилгани учун Ўзбекистон раҳбариятига ўз миннатдорчилигини билдирди. БМТ Европа иқтисодий комиссияси ижрочи котиби ўринбосари А.Васильевнинг фикрича, Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Ш.Мирзиёевнинг мамлакатда ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яхшилаш, кичик ва ўрта бизнес учун қўшимча қулай имкониятлар яратишга қаратилган ташаббуслари сезиларли ижобий натижаларга олиб келади. Унда 2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда арзон уй-жойлар қуриш дастури алоҳида қизиқиш уйғотди. Женевадаги БМТ бўлинмаси қошидаги ИҲТ доимий ваколатхонаси вакили Я.Эрен Ўзбекистон Ислом динини унинг обрўсини тўкишга уринаётганлардан ҳимоя қилиб, халқаро жамоатчиликка ислом қадриятлари ва маданияти тўғрисидаги ҳақиқий маълумотларни етказишда улкан ишларни амалга ошираётганини таъкидлади. Унинг билдиришича, бугунги кунда мамлакат таълим, маърифат ва ҳақиқий ислом қадриятларини тиклаш сингари соҳаларда ҳамкорликни йўлга қўйиш орқали глобал хавфсизликни мустаҳкамлашга ҳаракат қилмоқда. Женева Дипломатик доираси президенти Р.Блюм Ўзбекистондаги вақт синовидан ўтган ва сўнгги вақтларда ўзини тўла намоён этган сиёсий ва иқтисодий барқарорлик ўз фаолиятини кенгайтиришдан манфаатдор бўлган хорижий компанияларни жалб этишда асосий устунлик эканини маълум қилди. “Иқтисодиёт соҳасидаги сўнгги ташаббуслар ва тегишли қонунчилик актлари мамлакатнинг барқарор тараққий этиши кафолатлайди ҳамда давлат ва бизнес ўртасидаги очиқлик ва шаффофликни таъминлашга хизмат қилади”,- деди у. Унинг таъкидлашича, барқарор юқори макроиқтисодий кўрсаткичларга эга республика дунё бозорига ишончли савдо-инвестициявий ҳамкор сифатида чиқмоқда. Мамлакат кичик ва ўрта бизнес ва етакчи саноат корхоналари ҳиссаси ортиб бораётган диверсификацияланган иқтисодиётга эга.

Мухтасар айтганда, брифинг қатнашчилари бўлажак сайлов миллий қонунчилик ва умумэътироф этилган халқаро тамойилларга тўла мувофиқ тарзда очиқ ва ошкора ўтказилишига ишонч билдирди.

 

КХДР ЯПОНИЯ ВА АҚШГА ЗАРБА БЕРИШДАН ОГОҲЛАНТИРДИТО: KCNA

КХДР АҚШ ва унинг иттифоқчилари, жумладан Японияга ҳам привентив зарба беришга тайёр. «Улар томонидан озгина фитна уюштирилса», шундай чора кўрилади, дейилган КМТА хабарида. Қайд этилишича, Япония «Корея халқининг энг ёмон душмани» бўлиб қолмоқда. Бундан ташқари, КМТА хабарида Япония ташқи ишлар вазири Фумио Кисида танқид қилинган. «Кисида КХДРнинг ядро ва ракета синовлари муносабати билан Пхеньянга босим ўтказиб келмоқда», дейилади хабарда.

 

СУВ УЧУН КУРАШ

Олимларнинг фикрича, сайёрамиздаги биринчи ядро уруши сув учун бошланиши мумкин ва у Россия ва АҚШ ўртасида эмас, балки Ҳиндистон ва Покистон ўртасида бошланади. Бу ҳақда хорижий ОАВ хабар бермоқда. БМТнинг Гамильтондаги (Канада) сув захиралари, атроф-муҳит ва саломатлик институти ходимлари Ҳиндистон яриморолида ичимлик сувининг етишмаслиги ҳақиқатда жуда жиддий муаммо эканлигини айтмоқдалар. Уларнинг фикрича, Ҳинд дарёси ҳавзаси исталган вақтда портлаши мумкин бўлган сув «бомбаси» ҳисобланади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, охирги йилларда яриморолда сув захиралари учун низо авж олиб кетди. Яқинда Ҳиндистон Ҳинд дарёси бўйича икки томонлама комиссия ишининг якунланишини маълум қилди. Бу комиссия Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги сув муносабатларини 1960 йилдан бошқариб келган. 1960 йилда бу давлатлар Ҳинд сувлари ҳақида келишувни имзолашганди.

Келишув доирасида Ҳиндистон Ҳинднинг учта шарқий ирмоғидан, Покистон эса иккита ғарбий ирмоғи ва Ҳинднинг ўзидан фойдаланиш ҳуқуқини олганди. Бу келишув Покистоннинг Ҳиндистон билан уруш бўлиши ҳолатида дарё ирмоқларининг Ҳиндистон  ҳудудидан ўтувчи қисми қўшниси томондан тўсиб қўйилиши хавотири сабабли юзага келганди. Олимларнинг фикрича, Ҳиндистон ва Покистон ўртасида бу масала бўйича ҳамфикрликнинг йўқлиги яқин келажакда улар орасида урушга олиб келиши мумкин.

 

ХИТОЙ 2017 ЙИЛДА НЕФТЬ ИМПОРТИ БЎЙИЧА АҚШДАН ЎЗИБ КЕТИШИ МУМКИН

Россия иқтисодий ривожланиш вазирлигининг 2017-2019 йилларга берган прогнозига кўра, Хитой 2017 йилда нефть импорти бўйича АҚШдан ўзиб кетиши мумкин. Хитойда жорий йилнинг январидан сентябригача нефть импорти ўтган йилдаги кўрсаткичдан 14 фоизга ортган. Бундан Хитой бош божхона бошқармаси маълумотлари гувоҳлик бермоқда. Божхона маълумотларига кўра, йил бошидан бери Хитой 283,51 млн тонна нефть импорт қилган, 2015 йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 248,62 млн тоннани ташкил қилган. Хитой сентябрда 33,06 млн тонн нефть импорт қилган. Таъкидланишича, Россия, Ангола, Ироқ сентябрда Хитойга нефть етказиб берувчи учта етакчи давлат бўлди.

 

ШИМОЛИЙ КОРЕЯДА 100 ДАН КЎПРОҚ ОДАМ ТОШҚИН ҚУРБОНЛАРИГА АЙЛАНДИ

Шимолий Кореяда тошқин сабабли 138 киши ҳалок бўлди, яна 400 киши бедарак йўқолди. Тошқин юз берган Хамген-Пукто вилоятида 70 мингга яқин одам уйидан маҳрум бўлган. Жабрланганлар чодирларда яшамоқдалар ҳамда озиқ-овқат ва ичимлик сувининг кескин етишмаётганини ҳис қилмоқдалар. Бу орада ноябрдаёқ бу ҳудудда ҳарорат -15 градусгача тушиб кетади. Бу давлатга халқаро ёрдам умумий ҳажми 15,5 млн долларни ташкил қилиши керак, бироқ ҳозирда бу қийматнинг 25 фоизигина тўпланган. Таъкидланишича, жаҳон ҳамжамияти Шимолий Кореянинг ёрдам ҳақидаги илтимосларига суст жавоб бермоқда. Бунга мамлакат томонидан яқинда ўтказилган ядровий ва ракета синовлари сабаб бўлмоқда. Маълумотларга кўра, тошқин охирги 70 йил ичидаги энг кучлиси бўлган. Тошқин «Лайонрок» тўфони чақирган жалалар ва Туманган дарёси тошиши оқибатида Хамген-Пукто вилоятини қамраб олган.

 

ПЕНТАГОН ҲАРБИЙ РАЗВЕДКАГА САРФЛАНГАН ХАРАЖАТЛАР ҲАҚИДАГИ МАЪЛУМОТНИ ЧОП ЭТДИ

АҚШ мудофаа вазирлиги ўз якунига етган жорий молия йилида ҳарбий разведкага сарфлаган харажатлари ҳақидаги маълумотни чоп этди. Маълумотга кўра, ҳарбий разведканинг барча эҳтиёжлари учун 17,7 млрд доллар ажратилган.

Гап ўтган йилнинг 1 октябридан жорий йилнинг 30 сентябргача бўлган давр ҳақида кетмоқда. Харажатлар «кутилмаган вазиятларда» хорижий операцияларни молиялаштиришни ҳам ўз ичига олган. Пентагонда бу маълумотлар ҳарбий разведка фаолиятига хавф солмаслиги сабабли чоп этилгани айтилди. Бироқ ҳарбий разведка бюджетига тааллуқли бошқа маълумотлар миллий хавфсизлик нуқтаи назаридан чоп этилмайди. Аввалроқ АҚШ миллий разведкаси маъмурияти 2017 йил учун АҚШ разведка хизматлари эҳтиёжларига 53,5 млрд доллар сўрагани маълум қилинганди. Маълум қилинишича, 2017 йилда ҳарбий разведкага 16,8 млрд доллар ажратиш режалаштирилган.

 

ЛУЖКОВ НАЗАРБОЕВГА ҚОЗОҒИСТОНДА 2 МИЛЛИАРД ДОЛЛАРЛИК СУВ ҚУВУРИ ҚУРИШ ТАКЛИФИНИ БЕРДИ

Москванинг собиқ мэри Қозоғистонда қиймати 2 миллиард долларга тенг бўлган сув қувури қуришни таклиф қилди. Собиқ Москва мэри Юрий Лужков жума куни Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев билан учрашуви чоғида  республикада чучук сув таъминоти учун сув қувури қуришни таклиф қилган. Унинг сўзларига кўра, гап Каспий денгизининг шимолий қисмидан бошланувчи тахминан 200 километрли «қудратли сув қувури» ҳақида кетмоқда.»Бу ажойиб ер, иқлимий ва табиий шароитлар — сув эса йўқ», — деди у. Манбага кўра, лойиҳага салоҳиятли инвестор топилган. «Биз бу лойиҳани ўрганиб, уни молиялаштиришга тайёр банк тизимини топдик. Пуллар сув учун тўлов ҳисобидан қайтарилади», — деди Юрий Лужков ва гап Қозоғистон банки эмас, халқаро банк тизими ҳақида кетаётганлигини таъкидлади. Лужков лойиҳадаги ўз ўрнига тавсиф берар экан, «бугунги кунда Қозоғистоннинг ўзида ишлаб чиқарилувчи жиҳозларни максимал даражада жалб этган ҳолда тўлиқ ташкилий-техник ижро» билан шуғулланишини айтди.

 

III. МИРЗО УЛУҒБЕК НОМИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИДА

 “ОЛИЙ ТАЪЛИМ МУАССАСАСИНИНГ ЭНГ ЯХШИ ПЕДАГОГИ” ТАНЛОВИ ҒОЛИБЛАРИ

“Олий таълим муассасасининг энг яхши педагоги” танловининг 2015/2016 ўқув йили бўйича республика босқичи ғолиблари аниқланди. Танлов ҳайъати қарорига кўра Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Хорижий филология факультети Француз филологияси кафедраси мудири Раҳима Ширинова, Кимё факультети профессори Мухторжон Муҳаммадиев, Биология факультети доценти Лола Эгамбердиева, Ижтимоий фанлар факультети доцентлари Холида Руҳиева, Ўктам Шамсиев, Нодира Латипова, катта ўқитувчи Элёр Зоитовлар 2015/2016 ўқув йили бўйича “Олий таълим муассасасининг энг яхши педагоги” танлови ғолиблари деб топилдилар. ЎзМУ жамоаси барча ғолибларни сидқидилдан табриклаб, ёш авлодни муносиб камолга етказишдек шарафли ишларида муваффақиятлар тилаб қолади.

 

СИЁСИЙ ЖАРАЁНЛАРДА ЗИЁЛИЛАР ҲАМИША ФАОЛ

Мамлакатимизда муҳим воқеликка айланадиган сайловлар ва бошқа сиёсий жараёнларда зиёлилар ҳамиша фаолдир. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ҳузуридаги педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш Минтақавий марказида 29 октябрь куни ўтказилган “Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг VIII съездидаги “Демократик ислоҳотларни изчил давом эттириш, халқимиз учун тинч ва осойишта, муносиб ҳаёт даражасини яратиш – барқарор тараққиёт кафолатидир” сарлавҳали маърузаси юзасидан ўтказилган давра суҳбатида тингловчилар шундай хулосага келдилар. Сиёсий фанлар доктори, профессор Ибодулла Эргашев Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар рўйхатга олингани, мамлакатимизда сайлов юксак савияда ўтишида зиёлилар қанчалик муҳим ўрин тутишлари ҳақида атрофлича сўз юритди. У Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг VIII съездидаги маърузасининг мазмун-моҳияти ҳақида сўз юритар экан, бугунги кунда мамлакатимизда демократик ислоҳотларни изчил давом эттириш, халқимиз учун тинч ва осойишта, муносиб ҳаёт даражасини яратиш – барқарор тараққиёт кафолати эканлигини, бу борада мазкур маърузада илгари сурилган илғор ғоялар моҳиятини изоҳлаб берди.

Тингловчилар бу борада ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олдилар.

 

ЎЗБЕКИСТОН ИҚТИСОДИЁТИНИ БОШҚАРИШДА ИЛМ-ФАННИНГ ЎРНИ

Мамлакатимиз мустақилликка эришганидан буён иқтисодиёт соҳасида улкан ютуқлар қўлга киритилмоқда. Бунда иқтисодчи олимларнинг ҳам хизматлари алоҳида. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Иқтисодиёт факультетида ўтказилган “Мамлакатни модернизациялаш шароитида Ўзбекистон иқтисодиётини бошқаришнинг долзарб муаммолари” мавзусидаги республика илмий-амалий конференциясида юртимиз иқтисодиёти самарадорлигини янада ошириш имкониятлари ва унда самарали бошқарувнинг роли ҳақида атрофлича сўз юритилди.

Анжуманнинг очилиш маросимида ЎзМУ Илмий ишлар бўйича проректори Олимжон Холмуҳамедов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик паралатаси “Бюджет ва иқтисодиётни ислоҳ қилиш” қўмитаси аъзоси Абдурашид Тўхтабоев, Иқтисодиёт факультети декани Абдуваҳоб Умаров, Макроиқтисодиёт кафедраси мудири Абдураҳим Ваҳобов ва бошқалар мамлакатимиз иқтисодиёти ривожи тобора такомиллашиб бораётгани, Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев шу йил 5 октябрь куни имзолаган “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони бу борада ғоят муҳим қадам бўлганини алоҳида таъкидладилар.

Илмий-амалий конференция иши “Миллий иқтисодиётни тартибга солишнинг назарий жиҳатлари”, “Иқтисодиётни бошқаришнинг хориж тажрибаси”, “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни бошқариш хусусиятлари”, “Минтақалар иқтисодиётини бошқаришнинг ўзига хос жиҳатлари”, “Ташқи иқтисодий фаолиятни бошқариш тизимини такомиллаштириш йўллари” каби 5 шўъбада давом эттирилди.

Анжуманда тингланган маърузалар, илгари сурилган ғоялар асосида ишлаб чиқилган тавсиялар тегишли ташкилотларга тақдим этилди.

 

ДИНИЙ ЭКТРЕМИЗМ, ТЕРРОРИЗМ ВА УНИНГ САЛБИЙ ОҚИБАТЛАРИ

Бугунги кунда бизнинг энг катта бахтимиз нимада, деган саволга ҳеч иккиланмай шундай жавоб бера оламиз: “Мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик – беқиёс бахтимиздир!” Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида ўтказилган “Диний эктремизм, терроризм ва унинг салбий оқибатлари” мавзуидаги маърифий тадбирда бу ҳақда атрофлича сўз юритилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва ЎзМУ томонидан ташкил этилган тадбирда соҳа мутахассислари, ЎзМУ профессор-ўқитувчилари ва талабалар иштирок этдилар.

– Биринчи Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаганидек, “Соғлом авлод деганда биз фақатгина жисмонан бақувват фарзандларимизни эмас, балки маънавий бой авлодни ҳам кўзда тутганмиз. Чунки, ҳар тарафлама соғлом авлодга эга бўлган халқни ҳеч қачон енгиб бўлмайди”,– деди тадбирни кириш сўзи билан очган ЎзМУ проректори Давлатбой Жумабоев.– Бугунги учрашувимизда талабаларимиз диний эктремизм, терроризм ва унинг салбий оқибатлари ҳақида янада кенгроқ тасаввурга эга бўладилар, деган умиддамиз.

– Тинчлик ва осойишталик ҳар бир мамлакатда, умуман, инсоният учун тенгсиз неъматдир. Тинчлик, осудалик ҳукмрон бўлмаган жойда ҳаёт ҳам, фаровонлик ҳам, орзу-умидлар ҳам бўлиши мумкин эмас,– деди ЎзМУ ректори Авазжон Мараҳимов.– Аммо азалдан яхшилик билан ёмонлик, эзгулик билан ёвузлик каби нисбий кучлар бўлганидек, инсон ҳаётига рахна солувчи офатлар ҳам мавжуд. Улардан бири – диний ақидапарастлик ва терроризмдир. Бу бало-ю офат ўтган асрнинг сўнгги ўн йиллиги ва XXI-асрга келиб ўзининг жирканч қиёфасини намоён эта бошлади. Айни пайтда диний экстремизм, ақидапарастлик ва терроризм дунё аҳлининг хавфсизлигига жиддий таҳдид солаётгани кўпчиликка сир эмас. Ёвуз ниятли диний экстремистик ва террорчи оқимларнинг тарафдорлари халқимизнинг тинч-тотув ҳаётига рахна солишга, айниқса, келажагимиз эгалари бўлган ёшларимизни йўлдан оздиришга ҳаракат қилмоқдалар. Бу ёвуз ниятлиларнинг фаровон ҳаётимизни кўра олмаслик кайфияти, тузумимизга қарши тажовуздан иборат уринишлари барча тараққийпарвар кишиларни ғазаблантирмоқда. Уларнинг бундай хатти-ҳаракатларини қонун ҳам қаттиқ қоралайди.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддаларида диний экстремистик, бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланган.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов дунё миқёсида ҳали кўплаб қўпорувчилик, хунрезликлар юз бермасдан туриб, бу хавфни илғаган ва жаҳон жамоатчилигини унга қарши биргаликда кескин чоралар билан курашишга даъват этган эди.

Бизнинг халқимиз терроризм даҳшатини ўз бошидан бир неча бор кечирган, бу бузғунчилик ҳаракатининг азиятларини тушунади. Турли йилларда Тошкент шаҳримизда рўй берган февраль воқеалари, Сурхондарё вилоятининг Сариосиё, Узун туманларидаги хунрезликлар, Андижон воқеалари ва бошқа террористик ҳаракатларнинг бари ана шу ёвуз кучга бириккан жангариларнинг конституциявий тузумга қарши хуружлари эди.

Бироқ, қабиҳ ва разил тўдалар ҳар қанча уринишмасин, бизни ўз танлаган йўлимиздан чалғита олмайди. Давлатимиз айни пайтда диний экстремизм ва терроризмга қарши кураш борасида изчил сиёсат юритиб келмоқда.

Ислом дини — миллий маънавиятимизнинг ажралмас бўлагидир. Аммо, ана шу муқаддас динимиз номидан, яъни, уни ниқоб қилиб олган ҳолда ёшларимиз онгини турли хил экстремистик ва террористик ғояларни сингдиришга урунишлар ҳозирги вақтда авж олиб кетди. Бунёдкор ва бузғунчи ғоялар ўртасидаги бундай ғоявий полигон кенг миқёсда дунё бўйлаб тарқалганлиги ҳар бир оқил инсонни хавотирга солмоқда.

Тадбир иштирокчилари Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитаси бош мутахассиси Зулҳайдар Султоновнинг “Диний экстремизм ва терроризм – глобал таҳдид” мавзуидаги маърузасини катта қизиқиш билан тингладилар.

Давра суҳбатида ЎзМУ Мураббийлар кенгаши раиси, тарихчи олим Аброр Хидиров, Ижтимоий фанлар талабаси, Алишер Навоий номидаги давлат стипедияти Озодбек Қувондиқов диний экстремизм ва халқаро терроризм инсоният учун катта муаммога айланиб бораётгани, беқарорлик келтириб чиқаришдан манфаатдор бўлган кучлар домига тушуб қолаётган, уларга билиб-билмай эргашаётган ва тинчлигимизга раҳна солишга уринаётганлар сафида эса юртимиз фуқаролари, айрим ёшларнинг ҳам борлигига бефарқ қараб бўлмаслиги, бузғунчи ғояларга қарши ҳамкорликда курашишимиз лозимлиги ҳақида атрофлича сўз юритдилар.

Тадбир давомида намойиш этилган “Қиёматга қолган қарз” фильми барчада катта таассурот қолдирди.

Талабалар бу мавзуда ўзларини қизиқтирган саволларига батафсил жавоблар олдилар.

 

ФИЗИКЛАРНИНГ ХАЛҚАРО СИМПОЗИУМИГА ТАШРИФ БУЮРГАНЛАР ЮРТИМИЗНИНГ БЕТАКРОР МАНЗАРАЛАРИДАН ҲАМ БАҲРАМАНД БЎЛАДИЛАР

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида шу йил 10-11 ноябрь кунлари “Фундаментал ва амалий физика ривожининг янги тенденциялари: муаммолар, ютуқлар, истиқболлар” мавзуида ўтказиладиган халқаро симпозиум дастурига кўра анжуманга ташриф буюрган олимлар юртимизнинг бетакрор манзараларидан ҳам баҳраманд бўладилар.

– Дастурга кўра, хорижлик меҳмонлар пойтахт шаҳримизнинг диққатга сазовор жойларини томоша қиладилар,– дейди ЎзМУ Маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори Давлатбой Жумабоев.– Жумладан, минглаб сайёҳларни мафтун этаётган Темурийлар тарихи, Ўзбекистон тарихи ва Санъат музейлари, “Кўкалдош”, “Абулқосим” мадрасалари, “Ҳазрати Имом”, “Минг ўрик” мажмуалари ҳамда театр томошаларига таклиф этиладилар. Шунингдек, мамлакатимизнинг кўҳна шаҳарларига ҳам саёҳат уюштириш режалаштирилмоқда.

ЎзМУ Физика факультетида ва Талабалар турар-жойларида ҳам хорижлик олимлар билан учрашувлар, давра суҳбатлари ўтказилади.

Айни кунларда мазкур халқаро симпозиумга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.

 

“КЎНГИЛДАГИ ГАПЛАР” ТОК-ШОУСИ ЎЗМУДА ТАСВИРГА ОЛИНДИ!

Таниқли тележурналист, “Сўнмас юлдузлар”дек салмоқли китоби билан машҳур адиба Муҳаббат Ато “Маҳалла” телерадиоканалининг “Кўнгилдаги гаплар” ток-шоусини бу гал “Садоқат ришталари” мавзусига бағишлади.

Кўрсатув Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида тасвирга олинди. Унда ЎзМУ доцентлари Лаълихон Муҳаммаджонова, Тўлқин Эшбек, Тошкент Тўқимачилик ва енгил саноат институти катта ўқитувчиси Шоира Алиева, Психологлар миллий уюшмаси аъзоси Миршароф Содиқов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Малика Қаюмова ва иқтидорли талабалар иштирок этдилар. Барчани ҳаяжонга солган мавзу юзасидан баҳс-мунозаралар жуда қизғин бўлди. Айниқса, зукко, фикри теран талабалар қалбларида садоқат туйғулари қанчалик жўш уриб турганларини росмана ифода этдилар.

 

Материаллар ЎзМУ Ахборот хизмати томонидан тайёрланди.

Унда республика ОАВ хабарларидан фойдаланилди.

 

Факультет деканининг Маънавият ва маърифат ишлари бўйича ўринбосари диққатига!

“Ахборот соатлари” маълумотлари юзасидан савол пайдо бўлса ЎзМУ Ахборот хизмати раҳбари Тўлқин Эшбековга мурожаат қилишингиз мумкин.

Телефон: +99890 9120963.

Электрон почта: tueshbek@mail.ru

Вам может также понравиться...

1 комментарий

  1. Jumamurodova Muyassar:

    Chindan ham, bugungi kunning eng ulug’ ne’matlaridan biri tinchlikdir. Tinchlik hukm surmagan yurtning gullab-yashnashi ham bo’lmaydi. Shunday ekan, musaffo osmonimizning, tinchlikning qadriga yetib yashaylik.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *