Ахборот хизматининг ҳуқуқий асослари

ЎзМУ Журналистика факультети талабаларига «Ахборот хизматлари» фанидан

доцент Тўлқин Эшбекнинг маърузалари

а3

3-мавзу: Ахборот хизматининг ҳуқуқий асослари

Режа:

  1. Ташкилотда ахборот хизматини ташкил этиш ва фаолиятини йўлга қўйишда тегишли қонунлар ва Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ҳуқуқий асос ҳисобланиши.
  2. Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонунини амалга оширишда ахборот хизматларининг ўрни.
  3. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ахборот хизматлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 125-сонли қарори ижросини таъминлашга оид вазифалар мазмун-моҳияти.

 

Ташкилотда ахборот хизматини ташкил этиш ва фаолиятини йўлга қўйишда унинг ҳуқуқий асослари ғоят муҳим аҳамият касб этади. Ахборот хизматининг ҳуқуқий асосларини Ўзбекистон Республикасининг тегишли қонунлари ҳамда Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ташкил этади.

Айтиш жоизки, мамлакатимизда жамоатчилик билан алоқаларни йўлга қўйиш ва шу мақсадда ташкилотларда ахборот хизматларини ташкил этишда дастлаб Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 22 сентябрда қабул қилинган “Давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг жамоатчилик билан алоқаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 203-қарори муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилганди. Қарорда, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари фаолиятининг ошкоралигини таъминлаш, кенг жамоатчилик ва аҳолининг Ўзбекистонда амалга оширилаётган сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотларнинг бориши тўғрисида мунтазам хабардор қилиш, мамлакатни демократик янгилаш ва модернизациялашнинг, ошкора фуқаролик жамияти қуришнинг муҳим йўналиши ҳисобланиши қайд этилган ҳолда, “Вазирликлар, давлат қўмиталари, агентликлар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, хўжалик бошқаруви органлари (кейинги ўринларида идоралар деб юритилади) таркибида ходимларнинг умумий сони доирасида ахборот хизматлари ташкил этилсин” деб белгиланган.

Айтиш жоизки, ўтган йиллар мобайнида мазкур қарорда белгиланган қатор вазифалар ижроси таъминланди. Чунончи, барча вазирлик, ташкилот, муассаса ва бошқа идораларда ахборот хизматлари ташкил этилди ва улар фаолияти йўлга қўйилди, интернет тармоғида веб-ресурслари ташкил этилди. Шу тариқа бугунги кунга қадар ахборот хизматлари муайян вазифаларни амалга ошириб келаётир. Бирор ҳуқуқий асосга эга бўлмасдан бундай муҳим вазифаларни амалга ошириш мушкул эди, албатта.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 февраль куни эълон қилинган “Ўзбекистон Республикаси давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ахборот хизматлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 125-сонли қарори соҳани янада такомиллаштиришда муҳим қадам бўлди.

Қарорда қайд этилганидек, ҳозирги шиддат билан ривожланаётган дунёда ахборот ва билим энг муҳим миллий ресурсларга, уларни яратиш ва тарқатишни таъминловчи тизимлар эса – барқарор ривожланишнинг стратегик омилларига айланмоқда. Ушбу шароитларда Ўзбекистонда демократик ҳуқуқий давлатни ва очиқ адолатли фуқаролик жамиятини қуриш, шунингдек, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоя қилинишини таъминлашдек стратегик мақсадга эришиш, давлат бошқарувининг сифати давлатнинг ахборот, билим ва инновацияларга асосланган моделига ўтишини таъминлайдиган ахборотни ва билимни яратиш, қабул қилиш ва тарқатиш имкониятлари билан белгиланади. Шу муносабат билан давлат ва хўжалик бошқаруви соҳасида очиқлик ва шаффофликка асосланган самарали қарорлар қабул қилиш тизимини жорий этиш, ахборот олишда мансабдор шахсларнинг жамият олдидаги ҳисобдорлиги, очиқлиги ва масъулиятини таъминлаш зарур. Бу давлат ва хўжалик бошқаруви аппаратининг самарали фаолият юритиши ҳамда жамиятда адолатни қарор топтиришнинг муҳим шарти ҳисобланади. Бунда жамиятни давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг фаолиятидан кенг хабардор қилиш, уларнинг аҳоли олдидаги ҳисобдорлигини таъминлаш «Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаидир» деган конституциявий нормани амалга оширишнинг, «Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак» деган эзгу ғояни рўёбга чиқаришнинг муҳим шарти ҳисобланади.

Давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ахборот жиҳатидан очиқлигини янада ошириш, жамоатчиликка амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мақсадлари, вазифалари, бориши ҳамда натижалари, мамлакатнинг глобал ахборот жамиятига уйғун интеграциялашуви ҳақида ўз вақтида, холисона ва тўлақонли ахборотни тезкорлик билан етказиш, шунингдек, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ахборот хизматлари фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш мақсадида қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг мазкур қарорида қуйидаги ҳуқуқий нормалар ҳамда вазифалар белгиланган:

  1. «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган аҳоли билан очиқ мулоқотни йўлга қўйишнинг самарали механизмлари ва усулларини жорий этишга, жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат ва хўжалик бошқаруви органлари фаолияти тўғрисидаги ахборотни излаш, олиш ва тарқатишга доир ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган нормалари ижросини сўзсиз ва сифатли таъминлаш барча даражалардаги давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг энг устувор вазифаларидан бири деб ҳисоблансин.

Давлат ва хўжалик бошқаруви органи раҳбари ушбу вазифалар амалга оширилиши учун шахсан масъул эканлиги белгилаб қўйилсин.

  1. Белгилаб қўйилсинки, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ахборот хизматлари (матбуот хизматлари, жамоатчилик билан алоқалар хизматлари) (кейинги ўринларда ахборот хизмати деб юритилади) давлат ва хўжалик бошқаруви органи ходимларининг умумий сони доирасида ташкил этилади ҳамда шу орган раҳбарига бевосита бўйсунадиган алоҳида мустақил бўлинма ҳисобланади.

Қуйидагилар ахборот хизматининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

давлат ва хўжалик бошқаруви органи раҳбарияти томонидан замонавий талабларга мувофиқ белгиланадиган ахборот сиёсатини шакллантириш ва амалга оширишда иштирок этиш;

ахборот соҳасидаги ягона давлат сиёсатини амалга ошириш борасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Матбуот хизмати, давлат ва хўжалик бошқаруви бошқа органларининг ахборот хизматлари билан самарали ва амалий ҳамкорликни таъминлаш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органининг фаолияти, унинг фаолият соҳасига доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида кенг жамоатчиликни холисона, сифатли ва тезкор хабардор қилиш;

оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш, ахборот хизмати билан доимий ҳамкорликда ишлайдиган журналистлар доирасини шакллантириш, ахборот хабарларини (матбуот учун ахборотлар, бюллетенлар ва шу кабиларни) тарқатиш, оммавий тадбирларни ташкил этиш;

ахборотни давлат ва хўжалик бошқаруви органининг расмий веб-сайтида тезкор жойлаштириш ва ўз вақтида янгилаб бориш, Интернет тармоғидаги веб-ресурсларни, шу жумладан, ижтимоий ва мобиль тармоқларни ривожлантириш;

ахборот майдони мониторингини олиб бориш ва таҳлил қилиш, уларга муносабат билдиришнинг турлари, усуллари ва даражаси бўйича экспертлар билан биргаликда таклифлар тайёрлаш, оммавий ахборот воситаларида, шу жумладан, Интернет тармоғида материаллар тарқатиш бўйича комплекс ишларни ташкил этиш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органининг бошқа бўлинмалари билан биргаликда миллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларида тарқатиш учун хабар, ахборот-маълумот тусидаги материаллар, шарҳлар ва ахборот-таҳлилий материаллар тайёрлаш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органи фаолиятини хорижий оммавий ахборот воситаларида сифатли ёритиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг хорижий мамлакатлардаги ваколатхоналарини, шунингдек, хорижий мамлакатларнинг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхоналарини ахборот материаллари (кино, фото, аудио ва видеоматериаллар, босма маҳсулотлар ва шу кабилар) билан таъминлаш;

идора фаолиятига нисбатан жамоатчилик фикрининг ҳолатини ҳамда миллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари позициясини таҳлил қилиш ва улар тўғрисида давлат ва хўжалик бошқаруви органи раҳбариятига ахборот бериш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органининг фаолият соҳасига алоқадор матнли, фото, аудио ва видеоматериаллардан иборат маълумотлар банкини шакллантириш ва юритиш.

  1. Давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ахборот хизмати тўғрисидаги намунавий низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Шунингдек қарорда, ахборот хизматлари кадрларининг малакасини ошириш ва Хизматларни журналист кадрлар, жамоатчилик билан алоқаларни ташкил этиш ва бошқа соҳалардаги юқори малакали мутахассис кадрлар билан таъминлаш, шунингдек, ахборот хизматлари фаолиятини самарали ташкил этиш учун зарур замонавий моддий-техник базани шакллантириш бўйича «йўл хариталари»ни ишлаб чиқиш;

ахборот хизматлари томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари билан, шу жумладан, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг раҳбарлари иштирокида мунтазам равишда (бир ойда камида бир марта) матбуот анжуманлари, брифинглар ўтказилишини ҳамда оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик билан ишлашнинг бошқа замонавий шаклларини амалиётга жорий этиш вазифалари ҳам белгиланган.

Мазкур қарор қабул қилиниши муносабати билан Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг жамоатчилик билан алоқаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2006 йил 22 сентябрдаги 203-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисобланади.

Ҳар бир ташкилотнинг Низоми унинг ҳуқуқлари, вазифалари, бурчларини кафолатловчи асосий ҳуқуқий ҳужжати ҳисобланади. Ахборот хизмати аслида ташкилот марказий аппаратининг таркибий бўлинмаси ҳисобланса-да у ҳам алоҳида Низомига эга бўлади. Ахборот хизмати ходимлари Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 февралдаги 125-сон қарорига илова тарзида берилган қуйдаги ҳужжатга ҳам алоҳида эътибор қаратишлари зарур:

 

Давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ахборот хизмати тўғрисида

НАМУНАВИЙ НИЗОМ

1-боб. Умумий қоидалар

  1. Ахборот хизмати (матбуот хизмати, жамоатчилик билан алоқалар хизмати) (кейинги ўринларда Хизмат деб аталади) давлат ва хўжалик бошқаруви органи марказий аппаратининг мустақил таркибий бўлинмаси ҳисобланади ҳамда бевосита унинг раҳбарига бўйсунади.
  2. Хизмат ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига ҳамда ушбу Низомга амал қилади.
  3. Хизмат ўз фаолиятини давлат ва хўжалик бошқаруви органининг ҳудудий ва таркибий бўлинмалари ҳамда бошқа давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг тегишли хизматлари билан ўзаро яқин ҳамкорликда амалга оширади.

2-боб. Хизматнинг асосий вазифалари ва функциялари

  1. Қуйидагилар Хизматнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

давлат ва хўжалик бошқаруви органи раҳбарияти томонидан замонавий талабларга мувофиқ белгиланадиган ахборот сиёсатини шакллантириш ва амалга оширишда иштирок этиш;

ахборот соҳасидаги ягона давлат сиёсатини амалга ошириш борасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Матбуот хизмати, давлат ва хўжалик бошқаруви бошқа органларининг ахборот хизматлари билан самарали ва амалий ҳамкорликни таъминлаш;

кенг жамоатчиликни давлат ва хўжалик бошқаруви органининг фаолияти, унинг соҳага доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари тўғрисида холисона, сифатли ва тезкор хабардор қилиш;

оммавий ахборот воситалари (кейинги ўринларда ОАВ деб аталади) билан ўзаро ҳамкорлик қилиш, Хизмат билан доимий ҳамкорликда ишлайдиган журналистлар доирасини шакллантириш, ахборот хабарларини (матбуот учун ахборотлар, бюллетенлар ва шу кабиларни) тарқатиш, оммавий тадбирларни ташкил этиш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органининг расмий веб-сайтида ахборотни тезкорлик билан жойлаштириш ва ўз вақтида янгилаб бориш, Интернет тармоғидаги веб-ресурсларни, шу жумладан, ижтимоий ва мобиль тармоқларни ривожлантириш;

ахборот майдони мониторингини олиб бориш ва таҳлил қилиш, уларга муносабат билдиришнинг турлари, усуллари ва даражаси бўйича экспертлар билан биргаликда таклифлар тайёрлаш, ОАВ, шу жумладан, Интернет тармоғида материаллар тарқатиш бўйича комплекс ишларни ташкил этиш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органининг бошқа бўлинмалари билан биргаликда миллий ва хорижий ОАВда тарқатиш учун хабар, ахборот-маълумот материаллар, шарҳлар ва ахборот-таҳлилий материаллар тайёрлаш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органи фаолиятини хорижий ОАВда сифатли ёритиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг хорижий мамлакатлардаги ваколатхонларини, шунингдек, хорижий мамлакатларнинг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхоналарини ахборот материаллари (фото, аудио ва видеоматериаллар, босма маҳсулотлар ва шу кабилар) билан таъминлаш;

идора фаолиятига нисбатан жамоатчилик фикрининг ҳолати ҳамда миллий ва хорижий ОАВ позициясини таҳлил қилиш ва улар тўғрисида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органи раҳбариятига ахборот бериш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органининг фаолият соҳасига алоқадор матнли, фото, аудио ва видеоматериаллар маълумотлар банкини шакллантириш ва юритиш.

  1. Хизмат юкланган вазифаларни амалга ошириш учун қуйидаги функцияларни бажаради:

ОАВда, шу жумладан, Интернет тармоғида ахборот эълон қилади (чоп этади), шунингдек, уларни расмий веб-сайтларда, ҳамма кириши мумкин бўлган хоналар ва жойларга жойлаштириш ва янгилаб боришни таъминлайди;

оммавий тадбирларни, шу жумладан, давлат ва хўжалик бошқаруви органининг раҳбарлари иштирокидаги тадбирлар (мажлислар, йиғилишлар, учрашувлар, матбуот анжуманлари, брифинглар, семинарлар, давра суҳбатлари ва бошқалар)ни ташкил этади ва ўтказади;

ОАВ ва журналистларнинг сўрови асосида уларга оғзаки ва ёзма шаклда (шу жумладан, электрон ҳужжат шаклида) ахборот тақдим этади;

қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари, социал ва ижтимоий аҳамиятга молик муҳим дастурлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳолати мониторингини олиб боради ва кенг жамоатчиликни хабардор қилиб боради;

Хизмат олдида турган вазифаларни самарали ҳал этиш учун зарур бўлган ахборотни давлат ва хўжалик бошқаруви органининг бошқа бўлинмалари билан ўзаро ҳамкорликда тўплайди ва уларни пухта ишлайди;

давлат ва хўжалик бошқаруви органи фаолиятига доир масалалар бўйича босма материалларни тайёрлайди ҳамда миллий ва хорижий нашрларда эълон қилади, телекўрсатувлар ва радиоэшиттиришларни ташкил этади, тегишли соҳада давлат сиёсатини амалга оширади;

давлат ва хўжалик бошқаруви органи фаолиятига доир масалалар бўйича жамоатчилик фикрини ҳамда миллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари позициясини ўрганишга доир таҳлилий ишларни амалга оширади, давлат ва хўжалик бошқаруви органи раҳбариятига ахборот бериш учун эълон қилинган долзарб материаллар шарҳларини тайёрлайди;

ОАВ билан ахборот-маълумотнома ишларини амалга ошириш учун давлат ва хўжалик бошқаруви органи фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича таҳлилий, статистик ва бошқа материалларнинг тизимлаштирилган маълумотлар банки ташкил этилиши ва юритилишини таъминлайди;

давлат ва хўжалик бошқаруви органи фаолиятини энг тўлиқ ва холисона ёритиш мақсадида миллий ва хорижий ОАВ ҳамда журналистлар билан ўзаро ҳамкорликни амалга оширади;

давлат ва хўжалик бошқаруви органининг веб-сайти ташкил этилишини ва уни замонавий даражада юритишни таъминлайди;

давлат ва хўжалик бошқаруви органи томонидан ташкил этиладиган расмий тадбирлардан теледастурлар, роликлар ва лавҳалар тайёрлашда ва уларни монтаж қилишда иштирок этади ҳамда ушбу материалларни белгиланган тартибда сақлаш учун уларнинг архивлаштирилишини таъминлайди;

давлат ва хўжалик бошқаруви органи фаолиятига доир фото, аудио ва видеоматериалларни тайёрлайди ҳамда уларни тайёрлаш жараёнида давлат ва нодавлат ОАВ билан ўзаро ҳамкорлик қилади;

давлат ва хўжалик бошқаруви органининг фаолият соҳасига алоқадор фото, аудио ва видеоматериаллар маълумотлар банки шакллантирилиши ва юритилишини таъминлайди.

  1. Хизмат ўз ваколатлари доирасида миллий ва хорижий ахборот агентликлари ҳамда ОАВнинг давлат ва хўжалик бошқаруви органи фаолияти тўғрисидаги материалларни тайёрлашда кўмаклашиш тўғрисидаги буюртманомалари ва сўровларини кўриб чиқади.

3-боб. Хизматнинг ҳуқуқлари ва жавобгарлиги

  1. Хизмат ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Хизматнинг вазифалари ва функцияларини бажариш учун зарур бўлган ахборотни давлат ва хўжалик бошқаруви органининг бошқа бўлинмаларидан, идоравий мансуб ташкилотлардан белгиланган тартибда сўраб олиш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органининг йиғилишларида, мажлисларида ва бошқа тадбирларида қатнашиш;

қўйилган вазифаларни бажариш учун давлат ва хўжалик бошқаруви органининг раҳбари билан келишган ҳолда идоранинг бошқа бўлинмалари ходимларини жалб этиш, шунингдек, бошқа ташкилотларнинг мутахассислари ва малакали экспертларини, шу жумладан, шартнома асосида жалб этиш;

давлат ва хўжалик бошқаруви бошқа органларининг ахборот хизматлари билан белгиланган тартибда ўзаро ҳамкорлик қилиш;

раҳбариятнинг топшириғига кўра давлат органларида республика ва халқаро аҳамиятга эга бўлган тадбирларда Хизмат ваколатига тааллуқли масалалар бўйича давлат ва хўжалик бошқаруви органи номидан вакиллик қилиш;

ўз ваколатлари доирасида босма нашрларни нашр этиш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органининг ахборот сиёсатини такомиллаштиришга доир таклифларни, Хизмат фаолияти масалалари бўйича норматив ҳужжатлар лойиҳаларини раҳбариятнинг кўриб чиқиши учун киритиш.

  1. Хизмат:

ўзига юкланган вазифаларнинг сифатли ва ўз вақтида бажарилиши;

давлат ва хўжалик бошқаруви органи фаолиятининг миллий ва хорижий ОАВда холисона, сифатли ва тезкор ёритилишини таъминлаш учун жавоб беради.

4-боб. Хизмат фаолиятини ташкил этиш

  1. Хизмат ходимлари сони у амалга оширадиган вазифаларнинг мураккаблиги ва ҳажмига кўра давлат ва хўжалик бошқаруви органининг раҳбари томонидан, ходимларнинг тасдиқланган умумий сони доирасида белгиланади.
  2. Хизмат фаолияти давлат ва хўжалик бошқаруви органининг раҳбари томонидан тасдиқланадиган иш режаси асосида ташкил этилади.
  3. Хизматга давлат ва хўжалик бошқаруви органининг раҳбари томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган раҳбар бошчилик қилади.
  4. Хизмат раҳбари бевосита давлат ва хўжалик бошқаруви органининг раҳбарига бўйсунади ва айни вақтда унинг матбуот котиби ҳисобланади.
  5. Хизмат раҳбари:

Хизмат фаолиятини мувофиқлаштиради ҳамда Хизматга юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

Хизмат фаолиятини ташкил этади, режалаштиради ва назорат қилади, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органининг бошқа бўлинмалари билан ўзаро ҳамкорликни амалга оширади;

Хизматда кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйишни таъминлайди, ходимлар ўртасида вазифаларни тақсимлайди;

Хизмат ходимларининг малакасини ва касбий савиясини ошириш учун шарт-шароитлар яратади.

  1. Хизмат ходимлари Хизмат раҳбарининг тақдимномасига кўра белгиланган тартибда лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.
  2. Хизмат фаолиятини ахборот, ҳуқуқий, моддий-техник ва транспорт билан таъминлаш, шунингдек, унинг ходимларига ижтимоий-маиший хизмат кўрсатиш давлат ва хўжалик бошқаруви органининг таркибий бўлинмалари учун белгиланган тартибда амалга оширилади1.

Шу асосда республикамиздаги барча ташкилотларнинг ахборот хизмати Низоми ишлаб чиқилган ва тасдиқланган. Демак, ахборот хизмати шу Низом асосида фаолият кўрсатиши унинг ҳуқуқий асослари қанчалик муҳим аҳамият касб этишини кўрсатади.

Ахборот хизмати қайси идора ёки ташкилотга тегишли бўлишидан қатъи назар у асосан ахборот тўплаш ва тарқатиш билан шуғулланади.

Модомики, ташкилотнинг ахборот хизмати ахборот тўплаш ва тарқатиш билан ҳам шуғулланар экан, демак, Ўзбекистон Республикасининг “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги қонуни ҳам унинг ҳуқуқий асосларидан бири ҳисобланади. Мазкур қонуннинг 6-моддаси “Ахборотнинг очиқлиги ва ошкоралиги” деб номланиб, унда давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари жамият манфаатларига тааллуқли воқеалар, фактлар, ҳодисалар ва жараёнлар тўғрисида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда оммавий ахборот воситаларига хабар бериши шарт, деб белгилаб қўйилган. Қонуннинг “Ахборот эркинлиги кафолатлари” деб номланган 8-моддасида эса, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда мансабдор шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳар кимга ўзининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлган ахборот билан танишиб чиқиш имкониятини таъминлаб беришга, мақбул ахборот ресурслари яратишга, фойдаланувчиларни фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва мажбуриятларига, уларнинг хавфсизлигига доир ҳамда жамият манфаатларига тааллуқли бошқа масалалар юзасидан ахборот билан оммавий тарзда таъминлашга мажбурдирлар, деб белгиланган.

Хўш, бу вазифаларни ким ва қандай йўсинда амалга оширади? Жаҳон тажрибасига кўра, ривожланган давлатларда ташкилотлар томонидан асосий ахборотлар айнан ахборот хизмати томонидан тарқатилиши йўлга қўйилган. Ахборот хизмати аввало журналистлар каби ахборот тўплаши, қайта ишлаши (оммабоп жанрда ёзиши ёки телекўрсатув, радиоэшиттириш тайёрлаши) талаб этилади. Сўнг, ўша ахборотини оммавий ахборот воситалари орқали тарқатиши мумкин. Демак, бу ўта масъулиятли ишларни амалга оширишида ахборот хизмати учун ўша қонун ғоят муҳим асосдир.

Ахборот хизмат хизмати ходими ахборот тўплаш ва тарқатиш борасида журналистлар каби фаолият кўрсатар экан, Ўзбекистон Республикасининг “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни ҳам унинг ҳуқуқий асосларидан ҳисобланади. У ҳам журналистнинг мажбуриятларини билиши ва унга амал қилиши зарур. Қонуннинг 6-моддаси “Журналистнинг мажбуриятлари” деб номланиб, унда бажариши шарт бўлган мажбуриятлар ҳам белгилаб қўйилган. Яъни, ўз касбига доир фаолиятни амалга ошириш чоғида журналист:

қонун ҳужжатлари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари талабларига риоя этиши;

ўзи тайёрлаётган материалларининг тўғри ёки нотўғри эканлигини текшириши ва холис ахборот тақдим этиши;

айбсизлик презумпцияси принципига амал қилиши;

шахснинг ҳуқуқлари ва эркинликларини, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиши шарт.

Журналист ўз касбига доир ахборотдан шахсий мақсадларда фойдаланиши, ахборот манбаи ёки муаллиф розилигисиз жисмоний шахснинг шахсий ҳаётига тааллуқли маълумотларни эълон қилиши, шунингдек аудио ва видео ёзиш воситаларидан фойдаланиши мумкин эмас.

Журналист қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа мажбуриятларни ҳам бажариши шарт.

Бу талабларнинг барчаси доимо ахборот тўплаш ва тарқатиш билан шуғулланувчи ахборот хизмати ходимлари учун ҳам бирдек тааллуқлидир.

Ахборот хизматларининг ҳуқуқий асосларини белгиловчи навбатдаги қонун – Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонуни бўлганини алоҳида қайд этиш лозим. Қонуннинг 10-моддаси “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ахборот хизмати” (2014 йил 5 май) деб номланади. Унда, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ўз фаолияти тўғрисидаги ахборотни тайёрлаш ҳамда тарқатиш вазифаларини бажарувчи, шунингдек оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик билан ҳамкорликни таъминловчи таркибий бўлинмаси ёхуд ушбу вазифаларни бажариш зиммасига юклатилган шахс давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ахборот хизматидир, деб белгилаб қўйилган.

Ушбу моддага биноан Ахборот хизмати оммавий тадбирларни ташкил этиш, ахборот хабарларини (пресс-релизлар, бюллетенлар ва ҳоказоларни) тарқатиш, шунингдек давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг расмий веб-сайтида уларнинг фаолияти тўғрисидаги ахборотни жойлаштириш ва янгилаб бориш йўли билан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолиятини оммавий ахборот воситаларида ёритиш чора-тадбирларини кўради. Ахборот хизмати давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида ахборот тарқатишнинг қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа усулларидан ҳам фойдаланиши мумкин. Қонунда ахборот хизматининг фаолиятини ташкил этиш тартиби давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан белгиланиши ҳам қайд этилган.

Айтиш жоизки, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонуннинг номланишидан ҳам кўриш мумкинки, қонун давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятини такомиллаштиришга хизмат қилади. Мазкур Қонун ҳам содда ва тушунарли тилда ёзилганлиги билан барча учун бирдек тушунарлидир. Мамлакатимиз Конституциясида давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилиши ҳамда давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъул эканлиги белгилаб қўйилган. Янги Қонун ушбу нормани тўла-тўкис амалга оширишни таъминлайди.

Мазкур қонун аҳолининг давлат тузилмалари фаолияти ҳақида ахборот олишида, уларнинг бу борадаги масъулиятини оширишда, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги ишларимизни яхшилашда ва албатта, аҳоли фаровонлигини юксалтиришда катта имкониятларни очади.

Бу ҳуқуқий ҳужжат фуқаролар хабардорлигини таъминлашнинг турли усуллари назарда тутилиши билан ҳам биз учун муҳим аҳамиятга эга. Бу давлат органлари томонидан қабул қилинган қарорларнинг моҳияти ва аҳамиятини, амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг бориши ҳақидаги ахборотларни ҳар бир ҳудуд, ҳар бир маҳалла аҳолисига етказиш имконини беради. Маълумки, бизнинг вазифаларимиздан бири – бандликни таъминлашга кўмаклашишдир. Бугун бўш иш ўринлари ҳақидаги ахборотлар республика ташкилотларидан тотиб вилоятлар ҳокимликлари, меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш органлари веб-сайтларида, оммавий ахборот воситаларида мунтазам эълон қилинмоқда. Бу, ўз навбатида, ўша идора ва ташкилотлар фаолияти очиқлигини таъминлашда катта ўрин тутади.

Очиқлик ва давлат органлари расмий манбалари ахборотларининг тўла-тўкис мавжуд бўлиши аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларидан тортиб барча-барчани ижтимоий қўллаб-қувватлаш имконини яратишини изоҳлашга ҳожат бўлмаса керак.

Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришда оммавий ахборот воситалари алоҳида ўрин тутади. Чунки айнан оммавий ахборот воситалари глобаллашув шароитида юртимизда кечаётган энг муҳим воқеалар, амалга оширилаётган янгиланишлар, қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни кенг ёритиш орқали давлат ва жамият ўртасида ўзига хос кўприк вазифасини бажармоқда. Демак, ушбу қонуннинг қабул қилиниши фуқаролик жамиятини ривожлантиришда яна бир муҳим қадам бўлди. Оммавий ахборот воситалари соҳасида юртимизда мустаҳкам қонунчилик асоси шакллантирилган бўлиб, у изчил такомиллаштириб борилмоқда, журналистлик фаолиятининг эркинлиги ва кафолатлари таъминланмоқда. Мазкур қонун ахборотдан фойдаланиш эркинлигини, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари мансабдор шахсларининг журналистга зарур ахборотни, қонунда белгиланганидек, 7 кунлик муддатда тақдим этиш мажбуриятини таъминлаш орқали ушбу кафолатларни янада мустаҳкамлайди. Бундай янгилик фаолиятимизда учраб турадиган ахборот олишдаги баъзи пайсалга солиш ҳолатларини бартараф қилади, шунингдек, журналист материалининг тезкорлигини, ишончлилигини ҳамда сифатли бўлишини таъминлайди.

Фуқаролик жамияти институтлари вакилларига давлат органлари фаолиятига оид ахборотларни тўсиқсиз олишнинг мустаҳкам кафолати зарур. Бу борада мазкур қонуннинг асосий принциплари – ахборотдан ҳамманинг фойдаланиши мумкинлиги, унинг ўз вақтида тақдим этилиши ва ишончлилиги, ошкоралик, шаффофлик, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш эркинлигини таъминлашга хизмат қилади.

Қонунда мамлакатимизда охирги йилларда шаклланган жамоатчиликни давлат органлари фаолияти ҳақида бохабар қилиш механизмлари белгилаб қўйилган. Улар орасида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир сўровга жавоблар, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг очиқ ҳайъат йиғилишларида иштирок этишига оид тартиблар муҳим аҳамиятга эгадир.

Ҳуқуқий демократик жамиятимизда қонун устуворлиги жуда муҳим ижтимоий воқеликка айланган. Кўплаб соҳалар, тармоқлар қатори ахборот хизматларининг ҳуқуқий пойдеворини ташкил этадиган қонунлар ва бошқа ҳужжатлар кам эмас. Ўзбекистон Республикасининг “Телекоммуникациялар тўғрисида”ги, “Ахборот олиш калолатлари ва эркинлиги тўғрисида”ги, “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги, “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги (янги таҳрири), “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги, “Ноширлик фаолияти тўғрисида”ги қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Компьютерлаштиришни янада ривожлантириш ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш тўғрисида”ги Фармони, Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 7 августда қабул қилинган “Оммавий ахборот воситалари соҳасида кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш Давлат дастури тўғрисида”ги қарори, “Ўзбекистон Республикаси ахборот ресурсларини тайёрлаш ва уларни маълумотларни узатиш тармоқларида, шу жумладан, интернетда тарқатиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ва бошқа шу каби ҳужжатлар ҳам ахборот хизматининг ҳуқуқий асосларини ташкил этади. Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, ахборот хизмати қайси ташкилотга қарашли бўлса, шу соҳага оид қонун ва қарорлар ҳам унинг муҳим ҳуқуқий асосларидан ҳисобланади. (Айтайлик, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ахборот хизмати фаолияти Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги қонуни билан чамбарчас боғлиқ). Ахборот хизмати фаолияти ана шу қонунлар, қарорлар ва бошқа меъёрий ҳужжатлар асосида ташкил этилиши ҳамда фаолияти такомиллаштириб борилиши мақсадга мувофиқдир.

_________________________________________

1 www.lex.uz (Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 17.02.2018 й., 09/18/125/0779-сон)

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>