Ахборот хизмати ВА ОАВ ҳамкорлиги

ЎзМУ Журналистика факультети талабаларига «Ахборот хизматлари» фанидан

доцент Тўлқин Эшбекнинг маърузалари

а6

Режа:

  1. Матбуот анжумани ҳақида ёритишда ОАВ билан ҳамкорлик самараси.
  2. Ташкилот ва жамоатчилик ўртасида ахборот алмашинуви.
  3. Ташкилот ахборотини тарқатишда ОАВ қандай ўрни.
  4. Ахборот хизмати томонидан ахборот тарқатиш усуллари.

Бўлиб ўтган матбуот анжумани ҳақида ОАВда кенг ёритиш мақсадга мувофиқдир. Таассуфки, баъзи таҳририят ходимлари бу мавзуни ёзишга жиддий эътибор қилишмайди. Баъзи ОАВ ходимлари анжуман “бўлиб ўтгани”, унда мутасаддилар “журналистларнинг саволларига жавоб бергани” ҳақидаги гаплардан нари ўтишмайди.

У ҳолда, шундай анжуман ўтказишдан муддао нима, деган саволга газета саҳифасидан етарли даражада жавоб топиш қийин. Бундай хабарлар матбуот анжумани ва унда кўтарилган масалалар ҳақида етарли ахборотни бера олмайди.

Аслида, анжумандаги энг муҳим ахборот тарқатилган пресс-релизда акс этган бўлади. Савол-жавоблар замирида эса жамоатчиликка етказилиши зарур бўлган маълумотлар айтилади. У ОАВда кенг ёритилиши зарур. Бу журналистнинг ижодий маҳоратига боғлиқ. Ахборот хизмати ходими журналистлар билан яқин алоқада бўлиши ва улар билан ижодий ҳамкорлик қилиши мақсадга мувофиқдир.

Жамоатчилик билан алоқалар – Ахборот хизмати ходимининг бош мақсади. У мазкур аудитория номидан ҳаракат қилади. Шу боис, у одамлар билан ўзаро ҳурмат доирасида мулоқотда бўлишни асосий вазифа деб билиши зарур. Негаки, одамлар ишонувчан, у нима гапирса, ишонади.

Ташкилот фаолияти ҳақида асосан ОАВ орқали ахборот тарқатилишини назарда тутган ҳолда Ахборот хизмати унга изчил равишда материаллар юбориб туриши зарур. Бу жараёнда Ахборот хизмати ходими қуйидагиларга амал қилиши даркор:

– ташкилот қачон таъсис этилганидан тортиб, қайси қонунлар, ҳукумат қарорлари асосида фаолият кўрсатишигача аниқ билиши;

– ўз ташкилотининг Низоми, Ҳаракат дастури, мақсад ва вазифаларини теран англаши;

– ташкилотдаги ҳар бир масъул ходимнинг лавозими, вазифаларини аниқ билиши;

– ташкилот фаолиятидаги ютуқ ва камчиликлардан воқиф бўлиши;

– журналистларнинг ташкилот фаолиятига оид саволларига жавоб бера оладиган даражада бўлиши;

– ташкилот фаолиятига тааллуқли факт ва рақамларни муттасил ўрганиб бориши;

– ахборотни қоғозга туширганда юксак ижодий маҳорат билан ишлаши, таҳрирга ҳожат қолдирмаслиги;

– имкон қадар қисқа сатрларда улкан мазмунга эга бўлган мавзуларни ёритиши;

– Ахборот хизмати томонидан тақдим этилиб, ОАВда ёритилган ахборотга нисбатан одамларда қандай муносабат пайдо бўлганини ўрганиш.

Таниқли сиёсатшунос Дмитрий Ольшанский таъбири билан айтганда, Ахборот хизмати ходими аввало ахборотга нисбатан жавобгарлик ҳиссини туйиши зарур. Яъни, келтирилган факт ва рақамларни ёки бўлмаса, танқидий мулоҳазаларни у асослай олиши шарт. Пишиқ-пухта ахборотни ўз вақтида ОАВга узатишда Ахборот хизмати ходимининг ҳозиржавоблиги, тезкорлиги муҳим аҳамият касб этади. Агар у ўз ташкилоти ҳақидаги муҳим ахборотни тезкорлик билан узатмаса, бошқалар бунга улгуриб, у тўплаган ахборотнинг қиммати йўқолади. Сиёсатшунос олимнинг “Политический PR” китобида ахборот хизмати ходимининг бу жараёндаги олти асосий вазифасини қуйидагича таснифлаган:

  1. Ахборот хизмати ходими ўз ташкилотининг мақсад ва вазифаларини чуқур билиши, унинг Низомидаги, Ҳаракат дастуридаги аниқ мақсадлардан бохабарлиги ҳамда айни дамдаги ютуқ ва камчиликлардан воқиф бўлиши. Чунки мулоқот пайтида у йирик муаммолар билан бирга кўзга кўринмасдек бўлиб туюлган айрим жиҳатлар ҳақидаги саволларга жавоб беришига тўғри келиб қолади;
  2. Факт ва рақамларга, ишонарли ва қизиқ далилларга бой ахборот тўплаши. Ташкилот қачон таъсис этилган, унинг аъзолари қанча қабилида шаблон тарзидаги маълумотлар одамларни қизиқтирмайди;
  3. Тўпланган ахборотлар сатрма сатр таҳрир қилиниши. Қайтариқлар, ҳисобот тарзидаги зич маълумотномалар аудиториянинг ташкилот ҳақидаги қизиқишларига жавоб бўла олмайди. Аксинча, митти бўлса-да, ҳаётий, жонли фактлар уларнинг ахборотга бўлган эҳтиёжини қондириши мумкин;
  4. Узатилган ахборотга нисбатан кутилаётган натижани олдиндан билиши. Яъни, аудиторияда ахборотга нисбатан қандай жонланиш бўлди, одамларнинг фикр-мулоҳазалари ижобийми ёки салбий? Ахборот хизмати ходимининг кутилаётган барча саволларга жавоби тайёр туриши зарур.
  5. Ахборотга нисбатан жавобгарлик ҳиссини туйиши. Яъни, келтирилган факт ва рақамларни ёки бўлмаса, танқидий мулоҳазаларни асослай олиши шарт.
  6. Таҳрир қилинган пишиқ-пухта ахборотни ўз вақтида ОАВга узатиш. Бунда ахборот хизмати ходимининг оперативлиги, тезкорлиги муҳим аҳамият касб этади. Агар у ўз ташкилоти ҳақидаги воқеликни тезкорлик билан узатмаса, бошқалар бунга улгуриб, у тўплаган ахборотнинг қиммати йўқолади1.

Бир нарса аёнки, аудитория матбуотга жамият кўзгуси, адолат тарозиси сифатида қарайди. Ҳатто ҳақиқатга яқин келмайдиган воқеа-ҳодисалар тўғрисида ҳам “телевизорда ўз қулоғим билан эшитдим, радиода айтишди, газетада ўқидим” деб ишонишади. Журналистларни айрим пайтлари ҳукумат ва халқ ўртасидаги боғлаб турувчи халқа деб ҳам таърифлашади. Худди мана шу ишонч Ахборот хизмати ходимининг зиммасига катта масъулият юклайди.

Ахборот хизмати ўз вазифасини биринчи навбатда идора манфаатларидан келиб чиқиб эмас, кенг жамоатчилик манфаатларидан келиб чиққан ҳолда адо этмоғи зарур. Чунки Ахборот хизмати маъмурий маънода ўз таъсисчиларига бўйсунса, ижодий маънода эркиндир. Улар тегишли идора йўналишидаги мавзу-муаммоларнинг кенг аҳоли ўртасида тарғиб-ташвиқ қилиш, туғилажак саволларнинг жавобсиз қолмаслиги, тегишли ҳужжатларнинг, ҳуқуқий янгиликларнинг ўз вақтида оммалаштирилиши сингари вазифаларни ҳам адо этишлари зарур. Шу ўринда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг “Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига” йўллаган табригидаги қуйидаги сўзларини эслаш ўринлидир: “Биз жамиятимизда ошкоралик, адолат ва қонун устуворлигини таъминлашда, ҳуқуқий демократик давлат асосларини мустаҳкамлашда сизларга, сизларнинг билим ва истеъдодингизга таянамиз,– деб таъкидланган табрикда.– Айниқса, ҳаёт ва касб тажрибангизни ёшларга ўргатиш, уларни замонавий фикрлайдиган, Ватан ва халқ манфаатини муқаддас деб биладиган, соғлом ва баркамол инсонлар этиб тарбиялашда кўпчиликка ўрнак ва намуна бўласизлар, деб ишонаман”2.

Бироқ, баъзи ташкилотларнинг ахборот хизматлари билан ОАВ ҳамкорлиги у қадар талаб даражасида эмаслиги ҳақида танқидий мақолалар ёритилаётгани ҳам бежиз эмас. Ахборот хизмати ходимлари ўз ташкилотлари фаолияти доирасида амалга ошираётган ишларини матбуотда тўла ёритмаяпти. Айрим ташкилотларда ҳисобот учун, шунчаки енгил-елпи ўтказилаётган тадбирларни эфирга бериб бўлмайди. Бундан на телевидение, на телетомошабин манфаатдор бўла олади. Қолаверса, юзаки ҳисоботлар билан эфирнинг қимматли вақтини банд этиб бўлмайди.

Демак, Ахборот хизмати билан ОАВ ҳамкорликни изчил йўлга қўйсагина ижобий натижага эришиши мумкин. Ўрганилган тажрибалардан келиб чиққан ҳолда бундай ҳамкорликнинг қуйидаги турларини айтиш мумкин:

  1. Ахборот хизмати таҳририятлар билан мунтазам алоқа ўрнатиши зарур. Муҳаррирга хат йўллаб, ташкилот томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида ёзиши керак.
  2. Таҳририят тегишли ташкилот ҳақида келган хатлардан бохабар бўлиб бориш даркор. Таҳририят уни ёритса жуда яхши, аксинча, ёритилмай қолса, уни талаб қилиб олиши ва моҳиятини ўрганиши лозим. Таъбир жоиз бўлса, ташкилотга тегишли муаммони шу ернинг ўзида ҳал этиши ва бу ҳақда муаллифни огоҳлантириши шарт.
  3. Ахборот хизмати ходими ўз ташкилоти ҳақида ахборот тарқатганда унинг одамлар учун қанчалик аҳамиятли эканлигига ҳам жиддий эътибор қаратиши шарт.

Ахборот хизмати тақдим этган материалда ташкилот фаолияти асосан ижобий нуқтаи назардан характерланади. Бироқ, у фақат мақтовлардан иборат бўлмаслиги зарур. Ташкилот фаолияти ҳақида аниқ фактларга асосланиб гапирилади, акс ҳолда унга ишонмайдилар, қизиқмайдилар ҳам.

ОАВга материалдан ташқари электрон хатлар ёзиб туриш керак – уларга нима ёқди, нима ёқмади, қандай маълумотлар даркор ва ҳоказо.

Ҳар бир Ахборот хизматида ОАВнинг медиа-картаси бўлмоғи лозим. Медиа-картага қуйидаги маълумотлар киради:

– ОАВ рўйхати, тури, даврийлиги, йўналиши, хусусияти, ҳажми, (эфир вақти);

– таҳририят структураси, манзили, факс, телефон рақамлари, электрон почтаси, веб-сайти;

– бош муҳаррири, ўринбосарлари ва бошқа масъул ходимлари;

– Ахборот хизматига тегишли ташкилот йўналиши бўйича ихтисослашган бўлим ходимларининг исм-фамилиялари, хизмат, уй ва қўл телефонлари, электрон манзиллари ва яна бошқа керакли маълумотлар.

Ахборот хизмати фаолияти самарали бўлиши учун ҳар бир ходимни биттадан ОАВга бириктириши мақсадга мувофиқдир. Яъни, бири матбуотга, иккинчиси радио ва телевидениега, учинчиси интернет ва ахборот агентликларига ва ҳоказо. Улар ана шу ОАВда ташкилотга оид ёритилаётган материалларни ҳам изчил ўрганиб бориши зарур. Ташкилотга тааллуқли танқидий фикрлар, таклифлар ёритилса, бу ҳақда албатта ташкилот раҳбарига маълумот бериш шарт. Токи, раҳбар ОАВда ўз ташкилоти ҳақида ёритилган гаплардан бехабар юрмаслиги лозим. Таъбир жоиз бўлса, унга нисбатан вақтида муносабатини билдириши тақозо этилади.

***

Ушбу мавзуда соҳа мутахассисларидан бири – филология фанлари доктори, профессор Файзулла Мўминов (муаллифнинг илмий раҳбари) билан ҳамкорликда тайёрланган қуйидаги маълумотлар ҳам тақдим этилади.

Барча ахборот хизматлари томонидан ОАВ учун тайёрланган материаллар пиар-материаллар деб ҳисобланади, бу ушбу фаолиятнинг етакчи қонунияти. Жамоатчилик билан алоқалар – ахборот хизмати ходимининг бош мақсади. У мазкур аудитория номидан ҳаракат қилади. Шу боис, у одамлар билан ўзаро ҳурмат доирасида мулоқотда бўлишни асосий вазифа деб билиши зарур. Негаки, одамлар ишонувчан, у нима гапирса, ишонади. Ҳар бир идоранинг ўзи ҳақида жамоатчилик ўртасида маълумот тарқатиш билан боғлиқ фаолиятининг ярмидан кўпи ОАВ орқали амалга оширилади. ОАВ билан Ахборот хизматининг ҳамкорлигини муҳим йўналиши – турли ОАВга идора ҳақида изчил равишда материаллар юбориб туриш. Албатта, буни ўзаро келишув асосида амалга ошириш зарур.

Шу ўринда ОАВ ўз ижтимоий функцияларини бажаришини эслаб ўтиш жоиз. Яъни:

а). унинг асосий вазифаси ахборот тарқатиш;

б). ана ўша ахборот билан аудиториянинг дунёқарашини, билимини ошириш;

в). ахборотда тилга олинаётган воқеликка нисбатан аудиториянинг меҳри ёки ғазабини қўзғатади. Аниқроғи, аудиториянинг ҳаяжонини жиловлаб туради. ОАВ сиёсий арбобнинг имижини қай даражада яратса, аудитория ҳудди шу даражада қабул қилади;

г). алоқа ўрнатиш функцияси. Якка шахс ёки бутун бир аудитория билан ташкилот ўртасида ўзаро алоқани ўрнатади3.

Ахборот хизмати ходимлари билан ОАВнинг бугунги ҳамкорлиги талаб даражасида эмаслиги ҳақида турли давра суҳбатларида тўғри танқид қилинмоқда. Ахборот хизмати ходимлари ўз ташкилотлари фаолияти доирасида амалга ошираётган ишларини матбуотда тўла ёритмаяпти. Чунки ҳисобот учун, шунчаки енгил-елпи ўтказилаётган тадбирларни эфирга бериб бўлмайди, бундан на телевидение, на телетомошабин манфаатдор бўлмайди. Қолаверса, юзаки ҳисоботлар билан эфирнинг қимматли вақтини банд этиб бўлмайди. Бундан кўриниб турибдики, ахборот хизмати ходими ОАВ билан ҳамкорликни изчил йўлга қўйиши керак.

Бундай ҳамкорликнинг қандай турлари бор?

1) Муҳаррирга хат юбориб, ўша хатда ташкилот ютуқлари ва ишлари ҳақида маълумот етказиш; бу ишни ҳар ойда, ҳар кварталда мунтазам йўлга қўйса, ўз-ўзидан мазкур ОАВ билан яхши ҳамкорликка замин яратади.

2) Юборилган материалларда ОАВ учун янгилик бўлмоғи зарур. Юқорида таъкидлаганимиздек, ҳисобот тарзидаги тадбирлар ҳақидаги хабарлар ОАВга кўплаб келиб тушади. Улардаги бир хиллик туфайли материалларнинг аксарияти эфир ёки нашр юзини кўрмайди. Буни ҳисобга олган ахборот хизмати ходими ахборотни ҳаёт билан боғлай олади. Ана шунда ҳар қандай материалдан бугунги кун нафаси сезилиб туради.

3) Мазкур ОАВнинг аудиторияси қандай эканлиги ҳақида тасаввурга эга бўлмоқ лозим. Аудитория ихтисослашган бўлишини ҳамиша ёдда тутиш керак. Масалан, сиз ўзингизнинг партиянгиз ҳақида ёниб сўзласангизу, фермерлар ёки касаначилик билан шуғулланаётган аёллар мудраб ўтирса, ажабланишнинг хожати йўқ. Демак, сиз улар учун ҳеч қандай янгилик, қизиқарли маълумот беролмадингиз. Бу пайтда ташкилотингиз айнан мана шу соҳа ривожи учун қандай ҳисса қўшаётгани, дуч келинаётган муаммоларни қан тариқа бартараф этаётгани тўғрисида гапнинг учини чиқариб кўринг-да! Омма сизни бир дунё саволга кўмиб ташлайди. Бундай мулоқотдан ўзингиз ҳам ҳузурланасиз, ташкилотингизнинг имижини ҳам бир қадар юқорилатасиз.

4) ОАВ қайси ҳудудда тарқалиши ҳақида маълумотга эга бўлиш керак. Ахборот хизмати ходими ўз ташкилоти ҳақида ахборот тарқатар экан, аудитория учун таниш бўлган шахслардан фойдаланса, юқорироқ натижага эришади. Шуни унутмаслик керак-ки, шарқона шароитда оммавий аудитория учун сиёсатчининг интеллекти унча катта аҳамиятга эга эмас. Бизда одамлар кучли ва машҳур шахсларни ҳурмат қилади ва улар ортидан эргашади.

5) газета, журнал, радиоэшиттириш ёки телекўрсатув қандай даврийлик билан чиқмоқда. Бу жуда муҳим масала. Агар газета ҳафтада бир бор – шанба куни чиқсаю, сизнинг душанба кунидаги ахборотингизнинг газетхон учун ҳеч қандай янгилик жойи қолмайди. Телевидение ва радио орқали эфирга узатиш вақтини танлаш ҳам шунчалик муҳим. Бу масаланинг ташкилий жиҳатларидан бири. Яна бир хусусият, омма билан жонли мулоқотларга боғлиқ. Бундай мулоқотларнинг замонавий ва самарали усулларини топиш ва қўллаш эса ахборот хизмати ходимининг тажриба ва маҳорати орқали рўёбга чиқади.

6) Материални ОАВга топширишнинг охирги муддати қачон (бу инглиз тилида “дедлайн” дейилади). Бу пайтда ахборот хизмати ходими керак бўлса, шахсан муҳаррирга қўнғироқ қилиб, материал деярли тайёрлигини, фақат айрим фактларга аниқлик киритаётганини хуш муомалада эслатиши, шунинг баробарида материал топширишнинг охирги муддатигача (вақтини аниқ айтиши шарт) олиб боришга ваъда бериши ва сўзининг устидан чиқиши зарур.

7) ахборотни тарқатиш усуллари – электрон почта, хат, дискета, диск, флешка ва бошқ.

Материалда ташкилот асосан ижобий томондан характерланади, бу ахборот хизмати фаолиятининг спецификаси. Лекин бу шунчаки мақтаниш бўлмаслиги зарур, ташкилот фаолияти ҳақида аниқ фактларга асосланиб гапирилади, акс ҳолда аудитория (ва журналистлар) ушбу материалга ишонмайдилар.

Материал дифференциялашган (ихтисослашган) ҳолда юборилади. Агар ушбу ОАВ ташкилот йўналиши бўйича ихтисослашса, материал кўпроқ ва кенгроқ тарзда юборилади, агар ОАВ умумсиёсий бўлса – камроқ.

Материалдан фойдаланмайдиган ОАВни нима учун бундай эканлигини ахборот хизмати ходими томонидан ўрганиш зарур ва тўсиқларни бартараф этиш керак, аммо журналистларга ялиниш керак эмас.

ОАВга материалдан ташқари электрон хатлар ёзиб туриш керак – уларга нима ёқди, нима ёқмади, қандай маълумотлар даркор ва ҳоказо.

Ҳар бир ахборот хзиматида ОАВнинг медиа-картаси бўлмоғи зарур, бу жуда муҳим масала. Медиакартага қуйидаги маълумотлар киради.

ОАВнинг рўйхати, тури, унинг даврийлиги, йўналиши, спецификаси, ҳажми, (эфир вақти), раҳбари, унинг муовинлари, бўлим (редакция)лар мудирлари, таҳририят структураси, ахборот хизмати фаолият кўрсатадиган ташкилотнинг йўналиши бўйича ушбу таҳририятда ихтисослашаётган журналистлар фамилия, исми, шарифлари, барчанинг хизмат, уй ва қўл телефонлари, оддий ва электрон манзиллари ва бошқа керак бўлиши мумкин бўлган маълумотлар.

ОАВнинг барчаси билан ёппасига ишлаш мумкин, лекин бу керакли натижани ҳар доим ҳам бермайди. Шунинг учун ҳар бир таҳририят билан индивидуал ҳолда ишлаб, уларнинг имкониятларидан максимал даражада фойдаланиш зарур.

Агар имконият бўлса ва ахборот хизмати штатлари сони шуни тақозо этса, ҳар бир ОАВ турига алоҳида ходимни бириктириш керак, яъни матбуотга бир киши, радио ва телевидениега бир киши, интернет ва ахборот агентликларига бир киши ва ҳоказо. Бу ўрта ташкилот учун оптимал вариант.

Кўпинча таҳририят ходимлари партиялар ҳақида ёзишда нўноқлик қилишади. Баъзи ОАВ ходимлари қайсидир бир партияда анжуман «бўлиб ўтгани» ва унда мутасадди раҳбар «журналистларнинг саволларига жавоб бергани» ҳақидаги гаплардан нарига ўтмайди.

У ҳолда, шундай анжуман ўтказишдан муддао нима, деган саволга газета саҳифасидан етарли даражада жавоб топиш қийин. Бундай хабарлар сиёсий партия фаолияти ва унинг ютуқ ҳамда камчиликлари ҳақида керакли ахборотни бера олмайди.

Аслида, энг муҳим ахборот аввало ташкилот матбуот хизмати тарқатган пресс-релизда акс этса, иккинчиси, савол-жавоблар асносида юзага чиқади. Бундай савол-жавоблар замирида жамоатчиликка етказилиши зарур бўлган ахборотлар ОАВда ўз аксини топиши зарур.

Ахборот хизмати фаолиятининг оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилиши учун қуйидаги вазифаларни амалга оширишлари зарур:

– ташкилот фаолияти ҳақида ОАВ орқали тезкорлик билан, доимий равишда ҳаққоний ахборот тарқатиш;

– ташкилот фаолияти тўғрисида жамоатчиликни мунтазам хабардор қилиб туриш;

– ташкилот томонидан қабул қилинаётган ҳуқуқий актлар, расмий ахборотларини аҳолига ўз вақтида етказиш, уларни таҳлил қилиб бориш;

– ташкилотдан оммавий ахборот воситалари учун мунтазам равишда ҳеч монеликсиз ҳамда ишончли ахборот олишни йўлга қўйиш;

– ОАВ орқали ташкилот ва жамоатчилик ўртасидаги ахборот алмашинувини таъминлаш;

– ташкилот фаолияти хусусида кенг жамоатчиликнинг фикри ҳамда муносабатларини ўрганиб бориш, уларнинг оммавий ахборот воситаларидаги иштирокини кенгайтириш.

Юқоридаги фикрларимизга хулоса ясайдиган бўлсак, турли қарашлар, фикр-мулоҳазалар тўқнашадиган, беозор баҳслашадиган мунозара муҳити ва майдонини яратишда эса, турган гапки, ахборот хизматининг ўз ўрни бор. Унинг бош мақсади ҳам аслида шу: одамларнинг жамият ҳаётида кечаётган воқеа ва ҳодисаларга нисбатан фикрини шакллантириш. Омма ўртасида тарқатилаётган хабар тарзидаги маълумотларининг сабаб ва оқибатларига кўра чуқур таҳлил қилинишига эришишдир.

 

Газеталар билан ишлаш

Газета тезкорликда телевидениедан ҳам кўра кўпроқ радиодан орқада қолади. Одатда, радио биринчи бўлиб, деярли қисқа шаклда бўлса-да, юз берган воқеа-ҳодиса ҳақида хабар беради, ундан бироз кейин телевидение ўша воқеа қандай кечганини кўрсатади. Воқеанинг тафсилотлари, сабаблари ҳақидаги таҳлилий материал билан газета эса фақат кейинги куни ёки ундан ҳам кеч чиқади. Айнан таҳлилийлик – матбуотнинг асосий афзаллиги. Телевидение “ҳамма учун ишлайди, радио – дангасалар ва шошқалоқлар учун.” Газета эса “ақллиларга” ёки ўзини шундай кўрсатмоқчи бўлувчиларга хизмат қилади4. Газетани кўпроқ олий маълумотли кишилар ўқийди. Лекин газетанинг таҳлилийлиги ҳам ўзига яраша тескари томони бор: ҳеч қандай газета ҳис-туйғуга таъсир қилишда радио ёки телевидениега ета олмайди.

Бироқ матбуотнинг бошқа афзалликлари бор. Масалан, чоп этилган мақолага яна қайтиш, мулоҳаза қилиш имконияти мавжуд. Газетани дўстларингиз ва яқинларингизга бера оласиз, яна ўқиб муҳокама қиласиз. Газетадан керакли жойларини қирқиб олиб йиғиш, шу асосда таҳлил қилиш мумкин. Яна бир муҳим афзаллиги – унинг ўз ўқувчилари бор. Обуна туфайли доимий мухлисларига эга. Бу эса мақсадли аудиторияга мунтазам таъсир ўтказиш имконияти демакдир. Мутахассислар фикрича, сўздан қудратлироқ нарса йўқ, сўз ёвларни яксон этадиган, қалъаларни йиқитадиган, душманларни дўстга айлантирадиган кўзга кўринмас қуролдир.

Шундай қилиб вақтли матбуот нашрлари тезкорлик, эмоционалликда орқада қолишига қарамай, таҳлилийлик туфайли ютуққа эришади. Бу ўқувчи онгига чуқур, кучли таъсир ўтказишга хизмат қилади. Телевидение ва радио хабарлари бирданига ўзига жалб этади-ю, аммо тез эсдан чиқади. Газета материаллари-чи, аксинча, кўпроқ вақт давомида хотирада сақланиб қолади.

Хуллас, оммавий техник коммуникация воситалари (каналлари)нинг ҳар бири ўз афзаллиги ва камчилиги билан характерланади. Демак, ахборот хизмати ходими PR-таъсир мақсадида алоҳида битта канални танлаб, у билан чекланиши керак эмас. Уларнинг ҳаммасидан ёки иложи борича кўпидан бир пайтнинг ўзида фойдаланишгина яхши самара беради.

Бу ерда асосий эътиборни Ахборот хизмати ходимлари газета билан қандай ишлашлари зарур – газета спецификасидан келиб чиққан ҳолда – шунга қаратиш керак. Асосий мақсад – ташкилот ҳақидаги фикр, ғояларни (маҳсулот, хизмат, раҳбар ёки шу ташкилотда ишлайдиган мутахассислар имижини ташкил этиш мақсадида) газетхонга хитой қоғозига ўраб сотиш, ўтказиш.

Бу ерда биринчи йўналиш – сотиладиган ҳар бир нарса (шахс, хизмат, маҳсулот), унинг ижобий хусусиятларининг ҳар бири ёки тарғибот учун керак бўлганлари ҳақида усталик билан гапириш, унинг ижобий томонларини тўлиқ кўрсата олиш.

Иккинчи йўналиш – газета йўналишидан келиб чиқади. Газета асосан мантиқий фикрлаш маҳсули. Яъни, ундаги ёзма материаллар асосан мантиқий усуллардан иборат, чунки у ёзма матн. Шундай экан, матбуот билан ишлайдиган ахборот хизмати ходими ушбу спецификадан тўлиқ фойдалана олиши зарур. Бу йўналиш (специфика) асосан икки нарсадан келиб чиқади: мантиқ ва услуб. Ҳар бирини алоҳида кўриб чиқиш лозим.

Мантиқ. Матбуот билан ишлайдиган ахборот хизмати ходими ёзма матн тайёрлаш сирларини тўлиқ ўзлаштириши зарур. Бу ерда икки хил матндан фойдаланилади: фикрлаш мантиқи ва баён мантиқи.

Мантиқий фикрлаш энг аввало, исботли ёзишдан иборат: ёлғон гапирмаслик, ноаниқликлар бўлмаслиги, битта гапни икки марта такрорламаслик, муҳим фактларни тушириб қолдирмаслик, ҳеч нарсани яширмаслик, ноқулай фактларни келтириб, улар бўйича тушунтириш бериш, хатолар ва камчиликлар ҳақида очиқ-ойдин гаплашиш, исботланмаган жойларни қолдирмаслик, мантиқий хатоларга йўл қўймаслик.

Мантиқий хатоларнинг уч тури мавжуд: далиллардаги хатолар, исботланадиган фикр (тезис)да хатолар ва исбот жараёнида йўл қўйиладиган хатолар. Булар ҳар бирининг ўз тизими бор. Масалан, далиллардаги хатолар қуйидагича бўлиши мумкин: исботланмаган фактларга асосланиб гапириш, далил сифатида исботланадиган фикрнинг ўзини келтириш, исбот учун етарли асос йўқлиги, исбот учун ҳаддан ташқари кўп далил келтириш ва бошқалар. Исботланадиган фикр, яъни тезис хатолари қуйидагиларда мавжуд: тезис ортиқча кенгайтирилади, тезис торайтирилиб келтирилади, тезис алмаштирилади ва бошқалар. Исбот жараёнида хатолар гуруҳи энг катта, уларнинг турлари жуда кўп.

Мантиқий хатоларни тўғри тушуниш учун ахборот хизмати ходими мантиқ ҳақидаги китобларга мурожаат этиши мумкин.

Баён мантиқи инсон ёзма материални қабул қилиш психологияси билан боғлиқ. Бу ерда материал композициясини мантиқан тўғри тузиш ҳақида гап кетмоқда: асосий гапни сўз бошида айтиш, баён этишда кетма-кетликка риоя этиш, мақола бошланишининг қизиқарлилигини таъминлаш, асосий қисмда керакли нарсаларни исботлаб гапириш, исбот билан хулосалар уйғунлигини таъминлаш ва бошқалар.

Газета материали учун тўғри услуб ва тил танлаш ахборот асри хусусиятлари билан шартланади. Бугунги одамларнинг ишлари кўп, улар ўта банд. Демак, биринчи хатбоши (абзац)нинг ўзида гап нима ҳақида кетаётганини лўнда тушунтириш зарур, акс ҳолда газетхон иккинчи хатбошигача етмаслиги мумкин. Бутун материал қисқа, аниқ услуб ва тилда ёзилиши шарт. Ўзбек матбуотига хос ортиқча сўзлар, ҳиссиётлар, пафосли гаплар материалга фақат зарар етказади, холос. Сергаплик, мураккаб ёзиш, фикрни айлантириб тушунтириш – Ўзбекистон матбуотининг ХХ асрнинг 70-йиллардаги услуби, булардан аллақачон воз кечиш вақти келди.

Матбуот билан ишлайдиган ахборот хизмати ходими матбуот қонуниятларини ўша таҳририятда ишлайдиган журналистдан кам билмаслиги лозим. Масалан, тақдим этиладиган материал газетанинг қайси бетида жойлаштирилиши зарур, бетнинг қайси жойида у тезроқ ўқилади, сарлавҳа қандай танланади, тагсарлавҳалар керакми йўқми, керак бўлганда қандайларини келтириш маъқулроқ, матн ва сарлавҳалар учун қандай шрифтлар топилади ва ҳоказо.

Яна бир муҳим жиҳат, қисман бўлсада, газетада тасвирдан фойдаланилади, расмлар шаклида. Улардан унумли фойдаланиш жуда муҳим аҳамият касб этади. Чунки рамслар катта таъсир кучига эга.

Шу ўринда партия Ахборот хизматлари фаолиятини қисқача таҳлил қиладиган бўлсак, бир қатор камчиликлар билан бирга ижобий силжишларни ҳам кузатиш мумкин. Маълумки, ҳар қандай демократик давлатда сиёсий партиялар дастурий ғоя ва мақсадлар йўлида кураш олиб боради. Бундай курашларда ҳар бир партия ўз мафкурасини кенг оммага тушунтириб, тарғибот-ташвиқот қилиши табиий. Кўппартиявийлик ҳар қандай демократик парламентнинг асосий шарти бўлиб, у жамиятдаги турли ғоя ва фикрларнинг рақобатини таъминлабгина қолмай, уларнинг ягона мақсад йўлида фаоллигини оширади. Кўппартиявийлик, аввало, жамиятимизда ўз манфаат ва қарашларига эга бўлган ҳар қайси ижтимоий қатлам ва гуруҳнинг мақсад ва интилишларини тўлиқ акс эттириш учун керак. Шу маънода, ҳар бир партия ўзига бўлган ишончни, куч-қувватни халқ ичидан олади. Шунинг учун ҳам ҳар қайси партия халқнинг маълум қатлами манфаатларини ифодаловчи куч сифатида яққол намоён бўлиши шарт, яъни ўз имижига, ўз қиёфасига эга бўлиши зарур. Сиёсий нашрлар бу борада муҳим рол ўйнайди. Шу боис, партия ахборот хизматлари улар билан мустаҳкам алоқа ўрнатиши шарт. Чунки демократик жараёнларни чуқурлаштиришда сиёсий партиялар ва умумсиёсий нашрлар зиммасига ўзига хос алоҳида вазифа юклатилади. Партиялар дастурида илгари сурилган ғоялар эса барчамизга яхши маълум. Яъни, улар ўз дастурларидан келиб чиқиб:

  • миллатнинг маънавий бирлиги;
  • Ватан – ягона оила;
  • кучли демократик давлат қуриш;
  • миллий қадриятларни эъзозлаш;
  • илмий-техникавий тараққиёт ва интеграциялашув;
  • миллий истиқбол;
  • тадбиркорлик ва ишбилармонликни ривожлантириш;
  • адолатли жамият қуриш йўлида фаолият кўрсатадилар.

Бундан кўриниб турибдики, партияларнинг асосий вазифаси миллий манфаатлар заминида кучли давлат ва адолатли жамиятни барпо этишдан иборат.

Демак, ана шу дастурий вазифаларни амалга ошириш йўлида қилинаётган саъй-ҳаракатлар сиёсий газеталарда атрофлича ёритиб борилаётган бўлса, партия ахборот хизматлари ўз ташкилотларининг имижини яратиш борасида катта ва хайрли ишнинг уддасидан чиқаётган ҳисобланадилар.

Партия газеталари маълум даражада ўз шаклу шамойилини топган, ўзига яраша йўналиши, мавзулари бор. Партия имижини яратишга ва нуфузини оширишга хизмат қиладиган мақолалар, суҳбатлар ҳам талайгина. Жумладан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг қатор чиқишлари, партия фаоллари билан интервьюлар, оддий кишиларнинг партия ҳақидаги фикрлари эътиборга моликдир. Юқорида таъкидлаганимиздек, бу жараёнларнинг барчаси, яъни, партиянинг амалий ишларини етарли даражада ёритиб бериш унинг имижини яратишга хизмат қилар экан, бу борада ахборот хизматининг фаоллиги, тезкорлиги муҳим аҳамият касб этади.

Сиёсий партияларнинг жамиятдаги ўрни кундан-кун мустаҳкамланиб бормоқда. Чунки жамият ҳаётининг турли жабҳаларида демократик қадриятларнинг қарор топиши, фуқаролик институтларининг ривожланишида сиёсий партияларнинг роли жуда катта. Улар аҳоли турли табақаларининг сиёсий манфаатларини ифода этибгина қолмасдан, балки бу манфаатларни шакллантиришда ҳам бевосита иштирок этишаётганини партия нашрларидаги “Матбуот хизмати хабар қилади”, “Бошланғич ташкилотларда”, “Фракция фаолиятидан” рукнлари остидаги қатор материаллардан кўриш мумкин. Бу жараёндаги устувор йўналишлар, партияларнинг фаолият дастурлари, депутатларнинг жамоатчилик билан алоқалари, матбуот хизмати фаолияти ва бу борадаги тажрибалар ҳамда самарали натижалар, айниқса, “Адолат”, “XXI аср,” “Ўзбекистон овози,” “Голос Узбекистана,” “Миллий тикланиш” газеталаридан мунтазам равишда ўрин олганлиги эътиборга молик.

Бундан ташқари партия матбуот хизматлари ўзаро самимий рақобатда бўлишлари лозим. Шунда

– Ўзбекистонда кўппартиявийлик;

– сайловлар жараёнида партиялар рақобати;

– партия имижининг сиёсий жараёнлардаги аҳамияти;

– партия имижининг сиёсий технологик услубларда яратилиши ва уни матбуотда акс эттирилиши;

– матбуотда партия дастури асосидаги материалларни ёритиш;

– бошланғич партия ташкилотлари имижи;

– фаол депутатлар имижини яратиш борасида намунали тажриба мактаблари яратилади.

Айтайлик матбуотда имиж яратиш турли кўринишларга эга бўлади. Бунинг исботини биз халқаро андозалар тажрибаси мисолида ҳам кузатганмиз. Бу борадаги илғор усуллар маҳаллий матбуотимиз, хусусан, сиёсий партиялар нашрларида ўз аксини аста-секин топиб бормоқда.

Ҳаёт кўзгуси ҳисобланмиш матбуотга қўйиладиган талаблар кўлами жуда кенг. Модомики, унга «кўзгу» дея таъриф берилган экан, демак, унда ҳақиқий ҳаёт акс этиши зарур. Бугун биз сўз юритаётган мавзудан ҳам кўзланган мақсад шу: ташкилот имижини яратишда тармоқ нашрининг роли қай даражада? Аввало шуни айтиш керакки, имиж яратишда сунъий, ясама ёки ортиқча дабдабали гапларга ҳожат йўқ. Бу усулда бирор ташкилотнинг имижини яратиб бўлмайди. Негаки, одамлар, кенг жамоатчилик ҳаммасини кўриб турибди. Минглаб фуқароларимиз мана шу ташкилотлар тасарруфида ҳаракат қилишмоқда. Бу борада эл орасида қўлма-қўл бўлиб юрган “сариқ матбуот” ҳам маълум даражада самарали натижа беради. Чунки одамлар бугун сиёсий нашрлардан кўра кўпроқ олди-қочдилар баён этиладиган мана шундай газеталарга мурожаат этишмоқда. Бироқ ҳар бир ташкилот аъзоси атрофида ўнлаб кишилар уларнинг саъй-ҳаракатларини синчковлик билан кузатиб турганини унутмаслик лозим. Негаки, шу ташкилот фаолияти ҳақида матбуотда айтилган жимжимадор мақтов гаплар унинг обрўсини тўкади холос.

Кузатишлар, таҳлиллар натижаси шуни кўрсатмоқдаки, бугунги кунда газета ортиқча мақтов, сунъий гапларни кўтармайди. Чунки газетхоннинг бунга муҳтожлик жойи йўқ. Яъни, ўз дастурида баён қилинган ғоялар, мақсадлар, режаларни амалга ошириш борасида ташкилот нима ишлар қилаётганини очиқ-ойдин намоён этиши лозим.

Шу мақсадда “Ўзбекистон овози,” “Голос Узбекистана,” “XXI аср,” “Миллий тикланиш,” “Адолат” газеталарининг мавзу доирасини назарий ва амалий жиҳатдан кенг ўрганиб, бу борада тадбиркорлар ва ишбилармонлар Ўзбекистон Либерал демократик партияси, Халқ демократик партиясида ўзига хос мактаб юзага келаётганининг гувоҳи бўлдик. Айниқса, ХДП, ЎзЛиДеП Ахборот хизмати ходимлари ўз ташкилотлари имижини мустаҳкам яратиш учун тармоқ нашри бўлган газеталар билан бирга бошқа ижтимоий-сиёсий нашрларда ҳам тез-тез чиқишлар қилиб, бор ҳақиқатни, яъни, ташкилот фаоллари, фидойилари амалга ошираётган ишлар ҳақида холисона ёритиб боришмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, ташкилотнинг жамоатчилик билан алоқаларни амалга оширишида газетанинг ўрни катта. Бу борада жамоатчиликка таъсир кучи катта бўлган матбуот билан ҳамкорлик муҳим омил ҳисобланади. ОАВ тўртинчи ҳокимият мақомини олиши сари, унга бўлган ишонч янада ортди. Матбуот чин маънода минглар минбарига, халқнинг ишончли ҳамкорига айланди. Шуни ҳисобга олган ахборот хизматлар улар билан доимий алоқалар ўрнатиши зарур. Фикрлар хилма-хиллиги, ошкора мулоҳазаларнинг оммавий ахборот воситалари орқали бериб борилиши партия имижини оширибгина қолмай, электоратнинг партия фаолияти ҳақидаги дунёқарашини бойитади.

 

Радио билан ишлаш

Ахборот хизмати ходими радиода чиқишни ташкил этишидан мақсад (бошқа ОАВ билан боғланишидек) – радио орқали ташкилот фаолияти, унинг раҳбари(яти) ёки ходими (жамоаси) ҳақида тингловчига ижобий ахборот етказиш, радио орқали ташкилот имижини ошириш, кенг оммада ушбу ташкилот ҳақида ижобий муносабатни шакллантириш. Радионинг мақсади, матбуот каби, ўша ташкилот ҳақидаги маълумотни оммага сотиш. Демак, радио билан ишлайдиган ахборот хизмати ходими ушбу ОАВга хос хусусиятларни ва радиожурналист фаолиятининг сирларини билмоғи даркор.

Радио тез ахборот тарқатишнинг энг қулай воситаси. Чунки унда газета ва телевидениедан кўра оперативлик устунроқ. Қолаверса, бугунги кунда газета ўқишга, телевидение кўришга вақтини қизғанадиган одамлар йўл-йўлакай – иш жараёнида, йўлда радиони тинглаб кетиши мумкин.

Бироқ радионинг ҳам ўзига хос камчиликлари бор. Яъни, ахборот эшитилади, холос. Фактлар, рақамлар, далиллар эса эшитгандан кўра кўрганда эсда яхши қолади. Тадқиқотлар шуни тасдиқлайдики, инсон хотирасида эшитилган ахборотнинг 20 фоизигина ёдда сақланар экан. Кўпроқ ахборотнинг мавзуси ва асосий деталгина хотирага муҳрланади. Шу боис, радиога маълумот узатаётган ахборот хизмати ходими сўз бораётган воқеа-ҳодиса ҳақида турли стилистик усуллар орқали бир неча бор (5 мартагача) тўхталиши лозим. Таянч ахборот қайта-қайта бўлса-да, янги сўзлар, иборалар билан ифодаланса, тингловчи аудитория уни яхши қабул қилади.

Ахборот хизмати ходими шуни ҳам эътибордан четда қолдирмаслиги керак-ки, радионинг яна бир объектив ноқулайлиги – радиоэшиттиришни қайтариш мумкин эмаслигида. Яъни, тингловчи бирон нарсани тушунмай ёки эшитмай қолса, эшиттиришни ортга қайтариб бўлмайди. Шунингдек, ахборотлар тез ўқилиши боис, керакли маълумотларни қоғозга ёзиб олиш ҳам мушкул. Шуларни ҳисобга олган мутахассислар радио оммавий аудиторияга унчалик ҳам тўғри келавермайди, деб ҳисоблашади. Аудиториянинг маълум бир қатлами учун радиоэшиттириш тайёрлаш ва барчага бирдек маъқул бўлиш қийин. Чунки ОАВ ичида радионинг доимий аудиторияси камроқ, у кун давомида ўзгариб туради.

Бу билан радионинг имкониятларини пучга чиқармоқчи эмасмиз. Ваҳоланки, таниқли сиёсатшунослардан Р.Рейган ҳамда М.Тетчерлар телевидениедаги эмас, айнан радиодаги муваффақиятли чиқишлари билан кенг аудитория ишончини қозонган. Россиянинг собиқ президенти Б.Ельцин анемия билан оғриганлиги туфайли унинг кўриниши ўта ҳорғин, юзларида ўзига ишончсизлик ва сўлғинлик зоҳирлиги сабабли у кўпроқ радиода чиқиш қилган ва яхшигина эътибор қозонган.

Бундан кўриниб турибдики, радионинг қулай тарафлари ҳам талайгина. У чегара ва масофа билмайди, радио учун ташқи кўриниш муҳим эмас. Буни ҳисобга олган ахборот хизмати ходими пишиқ-пухта тайёрланган материали орқали ўз ташкилоти имижини ошириши тайин5. Радиожурналист иш жараёнида тўртта воситадан (ОАВга хос хусусиятлардан) фойдаланади: сўз, бадиий шовқинлар, мусиқа ва монтаж. Буларни ҳар бирининг радиода ўз ўрни бор. Ушбу воситалар ичида энг катта имкониятга эга бўлгани – жонли сўздир.

Сўзнинг икки фазилати мавжуд: мазмуни ва интонацияси. Бу илмий тилда лингвистик ва паралингвистик кодлар деб аталади. Лингвистик код сўзлар маъносини англатади, яъни, радиожурналист, ахборот хизмати ходими ёки у ишлайдиган ташкилот вакили (уни эфирда гапиришга, албатта, ахборот хизмати ходими тайёрлайди) нима ҳақда гапирмоқда. Мазмун – ташкилот фаолиятида бирор бир ютуқ, тақдимот, дастур, маҳсулот, хизмат ва ҳоказолар бўлиши мумкин. Бу ҳақда рисоланинг бошқа жойларида гапирилган, ҳозир биз бу масалада тўхтамаймиз.

Паралингвистик код – ушбу сўзларни радиодан чиққан одам қандай қилиб гапираётганини билдиради. Гапириш услуби бир қатор элементлардан иборат: овознинг самимийлиги, унинг жозибадорлиги, гапирадиган одам ўз сўзларининг ҳаққонийлигига ўзи нақадар ишониши, сўзларнинг тўғри талаффуз этилиши, нутқ равонлиги, паузалар, овоз тембри (ҳар бир одамда ўзига хос бўлади), мантиқий урғулар (у ёки бу сўзларни баландроқ ёки пастроқ овоз билан айтиш), нутқ тезлиги (гапириш суръатини у ёки бу жойларда ўзгартириш), диалог тарзида суҳбатлашиш ва бошқ. Ушбу усулларнинг ҳар бири радиода катта кучга эга.

Бадиий шовқинлар – радиочиқишнинг муҳим таркибий қисмидир. Бадиий шовқин деб радиочиқишни ишонарли қиладиган, худди шу воқеа жойида бўлаётган шовқинларга айтилади. Бу самолёт, автомашина, поезд юриши, завод ёки фабрика товушлари, эшик очиб-ёпилиши, кўча шовқинлари ва бошқалар бўлиши мумкин. Бундай товушларсиз деярли бирор бир эшиттириш эфирга чиқмайди. Бадиий шовқин – ташкилотнинг иш жараёнини яхши акс эттира оладиган усул, чунки ҳар бир ташкилот фаолияти ўзига хос шовқинлардан иборат.

Мусиқа масаласига келганда, айтиш мумкинки, бу ҳам тингловчига таъсир этадиган жуда кучли восита. Ташкилот (раҳбарият, ходим) фаолиятига (ҳаётига, қизиқишларига) хос мусиқани танлаш қийин эмас, чунки ҳар бир жамоанинг яхши кўрган мусиқаси (ашулалари, хонандаси) бор. Худди шундай бадиий шовқинлар ҳамда мусиқа – агар улар ахборот хизмати ходими томонидан яхши танланса ва радиода амалга оширилса, ташкилотнинг жонли, товушли образини яртади.

Монтаж аслида техникавий жараён бўлса-да, катта таъсир кучига эга. Чунки маълум даражада мазмуний ўзгаришларга олиб боради. Масалан, монтаж ёрдамида бевосита ташкилотда ёзиб олинган гаплар ва шовқинлар бошқа вақтда ва бошқа жойларда бажарилган товушли ёзувлар ҳамда мусиқалар билан тўлдирилиши қийин эмас. Ундан ташқари, монтаж пайтида воқеалар кетма-кетлиги ўзгартирилиши мумкин. Бу ҳам радиожурналистикада ифодалаш усулларидан бири деб ҳисобланади.

Яна бир муҳим масала – ташкилот раҳбари, ходимлар (мутахассислар)ини радиочиқишлар қилишга ўргатиш. Бу ишнинг бир қатор ўзига хос томонлари бор. Биринчидан, айрим одамларни телевидение орқали кўрсатиш қийин, чунки улар телеҳусн (телегеничность) қоидаларига жавоб бермайдилар. Улар учун матбуот ёки радио ишлатилади. Иккинчидан, агар одамнинг овози жарангдор бўлса, радиода чиқиш учун олдиндан тайёрлаш, машқ қилиш зарур: микрофондан қўрқмаслик, талаффузга ва темпга ўргатиш ва бошқалар..

Республика Давлат солиқ қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Тўрабек Тўраевнинг эътироф этишича, мазкур ташкилотда ОАВнинг барча турлари учун алоҳида масъул шахслар бириктирилган. Улар рақамлар ортидан қувиб, чиқишлар сонини кўпайтиришга эмас, айнан зарур вақтда зарур маълумотни оммага етказа олишга аҳамият қаратишади.

 

Телевидение билан ишлаш

Телевидениеда чиқишдан мақсад ҳам, бошқа оммавий ахборот воситалари каби, ташкилот ҳақида томошабинга яхши, мазмунли ахборот етказиш, ташкилотни аудиторияга тақдим этиш, томошабин ташкилотни яхши қабул қилишига кўмаклашиш, уни “пардоз қилиб сотиш”. Лекин алдаш эмас, чунки пиар соҳаси ходимларининг ўз аҳлоқий кодекслари борки, уларга ҳар бир ахборот хизмати ходими риоя қилиши шарт. Шу қадар шартки, ҳатто агар ташкилот манфаатлари ва РR ходимлари кодексларининг бандлари бир-бирига тўғри келмаса, ахборот хизмати ходими биринчи ўринда кодекс талабларини бажариши зарур, гарчи у ташкилотга зарар етказса ҳам.

Телевидениенинг афзаллиги ўзи билан: тасвир ва ҳаракат мавжудлигида. Айнан ана шу ноёб хусусият телевидениенинг киши ҳиссиётларига таъсирини кучайтиради. Тасвир ва овоз бирлиги, воқеа-ҳодисаларни ўзгариш, ривожланиш жараёнида кўрсата олиш орқали телевидение бугунги кунда энг кенг тарқалган ОАВ ҳисобланади. Радио, матбуот кўпроқ далил ва исботлар билан иш кўрса, телевидение “намойишкорлик” деб аташ мумкин бўлган ўзига хос қуролдан фойдаланади. У тўғридан-тўғри руҳиятга ва ҳатти-ҳаракатларга таъсир қила олади.

Экрандаги тасвирни кўрар экан, томошабин ўзини ўша воқеаларнинг гувоҳи, ҳатто иштирокчиси сифатида тасаввур қилади. Унда “кўришми, демак, бу ҳақиқат!” деган тушунча ҳосил бўлади.

Таниқли мутахассислардан бири Г.Почепцовнинг таъкидлашича, одамлар телевидениедан газетага нисбатан кўпроқ нарса “топади”. Негаки, телевидениедан олинган ахборотнинг 66 фоизи сўз билан эмас, ҳаракат билан ифодаланади.

Тўғри, телевидениенинг ҳам ўз объектив камчиликлари бор. Масалан, у радиочалик тезкор эмас. Яъни суратга олиш, кассетани керакли жойга етказиш ва монтаж жараёнлари вақт талаб қилади. Техник жиҳатдан олганда, узоқ масофа, табиий ҳалақитлар туфайли сифатли тасвир бўлмаслиги, телеэфирнинг нархи қимматлиги каби қийинчиликлар мавжуд. Унинг ҳиссиётга ўта кучли йўналтирилганлиги акс таъсир кўрсатади, яъни, теледастурнинг таҳлилий бўлишига, мазмунини тўлиқ англашга ҳалақит беради. Шунга қарамай, афзал томонлари камчиликларидан барибир кўп.

Телевидение пайдо бўлиши билан сиёсий коммуникациянинг асосий каналида навбатдаги ўзгариш рўй берди. Аввалига бу канал тасвирдан иборат эди, (сиёсатчиларнинг одамлар билан шахсан мулоқоти), кейинчалик товуш (радио) билан алмашди. 1950-йилларда телевидение жадал ривожланиши туфайли глобал ўзгаришлар содир бўлди. Шунинг учун америкаликлар Джордж Ф.Кеннедини биринчи имиж президенти дейишади. Д.Эйзенхауэр эса телевидение рекламасига 2 минг доллар сарфлади. Б. Клинтон ва катта Ж.Буш президентлик учун курашда сайловолди маблағларининг учдан икки қисмини айнан телерекламага йўналтиргани ҳам бежиз эмас. Бунда Клинтон маблағнинг 3/4 қисмини умуммиллий телеканалларга эмас, балки маҳаллий телевидениега сарфлади. Бу уни сайловчиларга яқинлаштириб, ғалаба қозонишига олиб келди.

Телевидение ривожланиши билан сиёсий компанияларда ташқи феъл-атвор ва ҳатти-ҳаракат муҳим рол ўйнайди. Нотиқлик услуби ҳам ўзгаради. Майдонга тўпланган оломонни ўзига қаратиш шарт эмас. Ҳамма уйида қулай оромкурсиларда ўтириб томоша қилади. Сиёсатчи керак бўлса, актёрга айланади. У бир томондан, томошабинни кулдиради, иккинчидан айнан у барча муаммоларни ечишга қодир эканига ишонтиради.

Ғарб сиёсатчиларидан Р.Рейган ва М.Тетчер бунга муваффақиятли эришган. Совет тузумидан кейин майдонга чиққан сиёсатчилар эплай олишмади. 90-йиллар матбуоти, масалан, Б.Ельциннинг “Била…сан…ми…”, В.Черномирдиннинг “Яхши бўлсин дегандик, ҳар доимгидай чиқди…” каби ибораларини доим масхара қилиб юрди. Сиёсатчилар телевидениеда яхши кўринадиган ёрқин манзараларни ҳосил қилиши лозим. Масалан, Б.Клинтон кўпинча тўхтаб қолган машинани итаришга ёрдам бераётган қиёфада кўринади. Бу президентликка номзоднинг очиқлиги ҳақида тасаввур уйғотади. Б.Клинтон биринчи “телепрезидент” бўлди. У ўз саксофони билан ток-шоу ва учрашувларда чиқди, бу орқали оддий одамларнинг манфаатига бефарқ эмаслигини кўрсатди.

Телевидение бошқа ОАВ таъсир каналларини – мантиқ ва товушни ўзида бирлаштиради. Демак, телевидение азалдан матбуот ва радио кучига тенг. Ундан ташқари телевидение уларга жуда кучли воситани, тасвирни қўшади. Маълумки, инсон бир кун давомида ўзлаштирган ахборотнинг 90 фоизни кўз орқали қабул қилади.

Телевидениеда чиқиш қилиш – барча ОАВ ичида энг қийин, чунки бу ерда кўп талабларга жавоб бера олиш зарур. Шулар ҳақида айрим маълумотларни бермоқчимиз.

Биринчидан, телевидениега тасвирга тушириш учун қаҳрамон сифатида тавсия қилинган одам камерадан қўрқмаслиги лозим. Ушбу рисоланинг муаллифлари телекамера олдида ўзини йўқотиб қўйган одамлар сифатида вазирларни, элчиларни, депутатларни, катта идораларда ишлайдиган масъул ходимларни кўрганлар. Камерани четга олгач, ушбу одамлар жуда яхши гапирган, лекин камера ёқилиши билан яна ўзларини тутиб олишаолмаган. Бундан хулоса чиқариш зарурки, камера олдида биринчи тўғри келган одамни гапиртириш қийин. Бунинг учун маълум бир қобилият, тажриба ва дадиллик зарур.

Иккинчидан, телевидение тасвир билан боғлиқ, шунинг учун камера олдидаги шахс маълум даражада телегеничность талабларига жавоб бериши керак. Бу масалани керакли тадбирни ОАВда ёритиш учун жавобгар ҳисобланадиган шахс – ахборот хизмати ходими ҳал қилади. Шунинг учун у экранга кимни чиқариш мумкинлигини ўйлаб кўриши зарур.

Учинчидан, телевидениега интервью берувчи шахс яхши фикрлайдиган, мантиқан тўғри ва асосли гапира оладиган, сўз бойлигига қийналмайдиган одам бўлиши даркор. Чунки телевидениега олиш маълум бир қийинчиликлар билан боғлиқ жараён: тележурналистнинг вақти камроқ бўлиши мумкин, съёмкага битта одам эмас, бутун гуруҳ келади ва уларни овора қилмаслик зарур, одатда техника қисқа муддатга берилади, съёмкага туширилган сюжетни тезда монтаж қилиб топшириш керак ва ҳоказо.

Ахборот хизмати ходими ўзи ҳам телевидениега интервью бериши мумкин, аммо одатда ундан кўра камера олдига кўпроқ ташкилот раҳбари ёки мутасаддилар чақирилади. Шунинг учун у ўз диққат ва ҳаракатини ушбу тоифадаги одамларни экранга чиқишга тайёрлашга қаратгани маъқулроқ. Бу эса осон иш эмас. Бундай талаблар уч гуруҳга бўлинади.

Энг аввало, эсдан чиқармаслик керакки, аудитория телевизорда чиққан одамни сўзларидан кўра унинг ташқи кўринишига, қиёфасига кўпроқ эътибор беради. Буни мутахассислар кинетик, яъни ҳаракатлар коди деб номлаган. Кинетик коднинг аудитория сезадиган “тили” бор. Томошабин ушбу тил орқали келадиган маълумотни остки онги билан қабул қилади. Хуллас, гапираётган пайти қаҳрамон меъёрда ҳаракат қилиши керак. Мазкур ҳаракатлар эса айтиладиган маълумотни тасдиқлайдиган бўлмоғи зарур. Ундан ташқари, қаҳрамоннинг кийими телевидениега интервью берувчи одамга муносиб бўлмоғи даркор.

Иккинчидан, танланган одамнинг паралингвистик коди меъёрида бўлмоғи лозим. У жуда тез ёки жуда секин гапирмаслиги зарур. Унинг овозида куч, ўзига ишониш интонацияси бўлмоғи керак. Паралингвистик коднинг бошқа элементлари ҳам тартиб доирасида бўлиши зарур.

Кинетик ва паралингвистик кодлар жами ушбу сюжет ҳақида томошабинга 66 фоиз маълумотни етказади. Лингвистик код (сўзлар маъноси) эса қолган 34 фоизига эга. Мазкур рақамлар экспериментлар ёрдамида олинган бўлиб, исботланган деб ҳисобланади.

Ахборот хизмати ходими келтирилган қоидаларга риоя қилиб, керакли услубда ташкилот вакилини ОАВда чиқиш учун тайёрламоғи лозим.

Хулоса қилиб айтганда, ташкилот Ахборот хизмати ходими оммавий ахборот воситалари бирдан катта аудиторияни қамраб олиш имкониятига эга эканлигини ёдда тутиши ва бу қулайликдан оқилона фойдаланиши лозим. Юқорида таъкидлаганимиздек, ОАВ орқали тарқатиладиган маълумотларга одамлар ўрганган ва уларга доимо ишонишади.

Бугунги кунда мамлакатимизда чоп этилаётган газета ва журналлар, теле ва радиоканаллар ўз ўқувчиларига, аудиториясига эга. ОАВ тарқатаётган ахборотлар юртимизнинг барча олис-яқин ҳудудига етиб боради. Бундан кўриниб турибди-ки, Ахборот хизмати ходими ОАВнинг сони кўплиги ва улар аудиториянинг турли қатламларига мос бўлганлигини инобатга олиб, улар билан узвий ҳамкорлик қилиши даркор. Шунда у ўз олдига қўйган мақсадига тўла эришади. Яъни, ташкилоти ҳақидаги барча маълумотлар билан жуда катта аудиторияни қамраб олади.

Бундан ташқари ОАВ ташкилот имижини яратиш учун энг қулай восита. Бунинг учун ташкилот ахборот хизмати ходими юқорида келтириб ўтилган тартиб-қоидаларга риоя қилса мақсадга мувофиқ бўлар эди. Жумладан, ОАВда ташкилот имижини яратиш учун бу ҳақда яхши ва тўлиқ маълумотга эга лидерни танлай билиши керак. Ўз навбатида бу шахсдан телекамера ёки репортёр олдида ўзини йўқотиб қўймаслиги талаб этилади. Ташкилот имижини яратиш учун элга машҳур шахслар танланса, янада яхши. Чунки халқимиз машҳур кишиларни ҳурмат қилади, уларга эргашади.

ОАВ маълумотлари кўпчиликка етиб боришини унутмаган ҳолда ташкилот ахборот хизмати ходими улар билан ишлашни бир марта ўрганиб, доимо фойдаланиши мақсадга мувофиқ.

 ГЛОССАРИЙ

Асосий тушунчалар: 

Агентлик – бирон-бир муассасанинг маҳаллий бўлими, шунингдек айрим ахборот, воситачилик ва шу каби муассасаларнинг номи (мас, телеграф агентлиги, Ўзбекистан Миллий ахборот агентлиги, «Жаҳон» ахборот агентлиги ва ҳоказо).

Ахборот – манбалари ва тақдим этилиши шаклидан қатъи назар шахслар, предметлар, фактлар, воқеалар, ҳодисалар ва жараёнлар тўғрисидаги маълумотлар.

Ахборот хизмати институти – ташкилотнинг ахборот хизмати ижтимоий институт сифатида шаклланганлиги, ижтимоий воқеликка айланганлиги.

Ахборот хизмати – ташкилот, муассаса ва бошқа идораларнинг ОАВ ҳамда жамоатчилик билан алоқаларини доимий равишда йўлга қўядиган бўлими (гуруҳи).

Декларация (лот. declaratio — маълум қиламан, эълон қиламан) – бир нечта маънолари бор. Жумладан, бир ёки бир неча ҳукуматлар, сиёсий партиялар, халқаро ёки жамоат ташкилотларининг дастурий ҳужжат, муҳим халқаро воқеа, қонун ва ҳоказоларни умум эътиборига етказувчи баёноти; умумсиёсий принципларни тантанали равишда эълон этиш (мас. Инсон ҳуқуклари умумжаҳон декларацияси, Ўзбекистан Республикаси Мустақиллик декларацияси). Хорижлик журналистлар бошқа давлатда фаолият юритиши учун тегишли тартибда декларациядан ўтиши талаб этилади.

Демократия (юнонча demos — халқ ва …кратия) – фукаролар эркинлиги ва тенглиги қонунларда мустаҳкамланган, халқ ҳокимиятчилигининг восита ва шакллари амалда ўрнатилган ва юзага чиқарилган сиёсий тузум.

Жамоатчилик билан алоқалар – бу ўринда PR фани нуқтаи назаридан қаралганда: ташкилот ва унинг жамоатчилиги ўртасида фикрларнинг икки томонлама тингланиши назарда тутилади.

Жамоатчилик фикри – ижтимоий воқеаларга, турли гуруҳлар, ташкилотлар ва айрим шахслар фаолиятига бўлган яширин ёки ошкора муносабатларни ўз ичига олувчи оммавий онг шакли; муайян ижтимоий масалаларни маъқуллаш ёки қоралашда намоён бўлади, индивидлар, ижтимоий гуруҳлар хатти-ҳаракатини ва ижтимоий муносабатларда муайян меъёрларни белгилайди; умуман жамият доирасида ҳам, турли ижтимоий гуруҳлар доирасида ҳам амал қилади.

Жамоатчилик манфаати – одамлар манфаатидан келиб чиққан ҳолда қилинадиган саъй-ҳаракатлар.

Идоравий манфаат – ташкилот манфаатларидан келиб чиққан ҳолда қилинадиган саъй-ҳаракатлар.

Ижтимоий гуруҳлар – мунтазам равишда бир-бирлари б-н ўзаро муно-сабатга киришадиган шахслар гуруҳи.

Ижтимоий инқироз – ижтимоий соҳадаги айрим инқироз ҳолатлари.

Ижтимоий муҳит – инсоннинг яшаши ва ишлаши учун уни ўраб турган ижтимоий, моддий ва маънавий шарт-шароитлар.

Ижтимоий психология – кишиларнинг ижтимоий гуруҳларга бирлашишини, гуруҳий тавсифни, шахснинг рухий фаолияти ва хулқ-атворини, ижтимоий психологик қонуниятлар, ҳолатлар, ҳодисалар, ижтимоий установка кабиларни тадқиқ қилувчи психология соҳаси.

Ижтимоий тузум – жамиятнинг муайян тараққиёт босқичига хос бўлган ижтимоий муносабатлар тизими.

Матбуот бюроси (Бюро французча – bureau) – бирор ташкилот, жамият, муассаса ё шахсга тегишли матбуот гуруҳининг бир тури. Уни асосан айрим чет давлатларда учратиш мумкин.

Матбуот котиби – ахборот хизмати раҳбари.

Материал – матбуот учун тайёрланадиган хабар, мақола ва бошқаларнинг қўлёзма шаклини айрим журналистлар шундоқ аташади.

Мафкура – (арабча – фикрлар мажмуи) – муайян ижтимоий гуруҳ, қатлам, миллат, жамият, давлатнинг манфаатлари, орзулари, мақсадлари ифодаланган қарашлар ва уларни амалга ошириш тизими. Унда манфаатлари ифодаланаётган гуруҳ ва қатламларнинг ўтмиши, бугунги куни ва истиқболи ўз ифодасини топади.

Низом – ташкилотнинг ҳуқуқий асослари, раҳбар ва ходимларнинг ҳуқуқлари, мақсад ва вазифалари белгиланган ҳужжат, устав.

ОАВ – оммавий ахборот воситалари, яъни, газеталар, журналлар, ахборотномалар, бюллетенлар, телерадио, видео, кинохроникал дастурлар, умумфойдаланишдаги телекоммуникация тармоқларидаги веб-сайтлар ва ҳоказолар.

ОАВнинг медиа-картаси – оммавий ахборот воситасининг номи, муассиси, мақсади, йўналиши, таҳририят таркиби, манзили ва бошқа маълумотлар акс этган ҳужжат-харитаси.

Ошкоралик – жамоатчиликка муассасалар, ташкилотлар ва мансабдор шахслар фаолиятига оид барча маълумот, хабарларни билиш, муҳокама ва назорат этиш учун рўйи-рост эълон қилиш.

Парламент – французча “парле” – баҳс-мунозара, “мент” – жой, ўрин деган маънони англатади.

Паблик рилейшнз – инглиз тилида “Rublic Relations”, қисқартма номи – PR, пиар, ўзбекча маъноси: Жамоатчилик билан алоқалар.

Пиар-бюро – айрим хориж давлатларида жамоатчилик билан алоқаларни ташкил этишга хизмат қиладиган махсус бюролар.

Пиармен – пиар соҳаси билан мунтазам шуғулланувчи шахс. (Ҳозирда айрим реклама билан шуғулланувчилар ҳам ўзларини пиармен деб аташмоқда).

Психологик муносабат – инсон руҳияти ва фаолиятидан келиб чиққан ҳолда ўрнатиладиган муносабат бўлиб, унда эътибор кўпроқ воқеликнинг психик акс этиши, руҳий жараёнлар, ҳолатлар, ҳодисаларга қаратилиши назарда тутилади.

Реклама (лотинча reklamo — қичқирмоқ) – товарларнинг сифати, уларни сотиб олишдан кўриладиган наф ҳақидаги ахборот; бевосита ёки билвосита фойда (даромад) олиш мақсадида юридик ва жисмоний шахслар ёки маҳсулот тўғрисида тарқатиладиган махсус ахборот. У корхона имижини яратиш (узоқ даврли таъсир кўрсатиш), жорий сотиш ҳажмини кўпайтириш (қисқа даврли таъсир кўрсатиш), харидорларга нима сотиб олишни ва уни нима учун сотиб олиш зарурлигини ҳал қилишда ёрдамлашиш ва бошқа мақсадларда олиб борилади.

Тарғибот – бирор ғоя, таълимот ва шу кабиларни ёйишга, кишилар онгига сингдиришга қаратилан тушунтириш ишлари.

Ташвиқот – оммага сиёсий таъсир кўрсатиш мақсадида ёзма ёки оғзаки равишда қилинадиган саъй-ҳаракатлар, ундаш, даъват этиш.

Қонун – инсон, жамият ва давлат манфаатлари нуқтаи назаридан энг муҳим ҳисобланадиган ижтимоий муносабатларни мустаҳкамлаш, ривожлантириш ва тартибга солиш воситаси. У давлат олий вакиллик органларининг энг юқори кучга эга бўлган ҳужжатидир.

Қонун чиқарувчи ҳокимият – ҳокимият бўлиниши принципи ва назариясига мувофиқ давлатнинг уч ҳокимият тармоғидан бири. У Конституция ва қонунларни қабул қилиш, уларга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, зарур ҳолларда уларни белгиланган тартибда бекор қилиш ваколатларига эга бўлади. Ўзбекистонда Қонун чиқарувчи ҳокимият яхлит давлат ҳокимиятининг мустақил бир тармоғи бўлиб, у қонун яратиш жараёнини Ўзбекистон Республикаси парламенти — Олий Мажлиси фаолияти орқали амалга оширади.

Ҳаракат дастури – ташкилотнинг келгусидаги мақсадлари, режалари ўз ифодасини топган дастурий ҳужжати; платформаси.

———————————————————————————

1 Қаранг: Ольшанский Д. Политический PR. СПб.: –М.: Питер, 2003. Б. 81.

2 Мирзиёв Ш.М. Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига. – www.uza.uz, 27.06.2018.

3 Krech., Crutchfieldr. Theory and Problems of Social Psychology. – N. Y.: Plenum, 1948. – Р.316.

4 Қаранг: Ольшанский Д. Политический PR. СПб.: –М.: Питер, 2003. –С. 87.

5 Бу бандга тегишли материаллар қисман: Ольшанский Д.В Политический РR. Питер-2003 китобидан олинди.

а1

ФОЙДАЛАНИЛАДИГАН АДАБИЁТЛАР 

Методологик адабиётлар

  1. Мирзиёев Ш.М. Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз. –Т.: Ўзбекистон, 2017. – 488 б.
  2. Мирзиёев Ш.М. Миллий тараққиёт йўлимизни қатъият билан давом эттириб, янги босқичга кўтарамиз. –Т.: Ўзбекистон, 2017. – 592 б.
  3. Мирзиёев Ш.М. Қонун устуворлиги ва инсон манфаатларини таъминлаш – юрт тараққиёти ва халқ фаровонлигининг гарови. //www.uza.uz
  4. Мирзиёев Ш.М. Жисмоний ва маънавий етук ёшлар – эзгу мақсадларимизга етишда таянчимиз ва суянчимиздир. //www.uza.uz
  5. Мирзиёев Ш.М. Миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатлик – халқимиз тинчлиги ва фаровонлигининг муҳим омилидир. //www.uza.uz
  6. Мирзиёев Ш.М. Адабиёт ва санъат, маданиятни ривожлантириш – халқимиз маънавий оламини юксалтиришнинг мустаҳкам пойдеворидир. //www.uza.uz
  7. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясида нутқи. 2017 йил 19 сентябрь. //www.uza.uz
  8. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси (2017 йил 22 декабрь). . –Т.: Ўзбекистон, 2018. – 80 б.
  9. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси (2018 йил 28 декабрь). //www.uza.uz
  10. Каримов И.А. Ўзбекистон: миллий истиқлoл, иқтисoд, сиёсат, мафкура. Т.1. –Т.: Ўзбекистон, 1996. – 364 б.
  11. Каримов И.А. Биздан oзoд ва oбoд Ватан қoлсин. Т.2. –Т.: Ўзбекистон, 1996. – 380 б.
  12. Каримов И.А. Ватан саждагoҳ каби муқаддасдир. Т.3. –Т.: Ўзбекистон, 1996. – 366 б.
  13. Каримов И.А. Бунёдкoрлик йўлидан. Т.4. –Т.: Ўзбекистон, 1996. – 349 б.
  14. 14. Каримов И.А. Янгича фикрлаш – давр талаби. Т.5. –Т.: Ўзбекистон, 1997. – 384 б.
  15. 15. Каримов И.А. Хавфсизлик ва барқарoр тараққиёт йўлидан. Т.6. –Т.: Ўзбекистон, 1998. – 429 б.
  16. 16. Каримов И.А. Биз келажагимизни ўз қўлимиз билан қурамиз. Т.7. –Т.: Ўзбекистон, 1999. – 410 б.
  17. 17. Каримов И.А. Oзoд ва oбoд Ватан, эркин ва фарoвoн ҳаёт – пирoвард мақсадимиз. Т.8. –Т.: Ўзбекистон, 2000. – 528 б.
  18. 18. Каримов И.А. Ватан равнақи учун ҳар биримиз масъулмиз. Т. 9. –Т.: Ўзбекистон, 2001. – 432 б.
  19. 19. Каримов И.А. Хавфсизлик ва тинчлик учун курашмоқ керак. Т. 10. –Т.: Ўзбекистон, 2002. – 432 б.
  20. 20. Каримов И.А. Биз танлаган йўл – демократик тараққиёт ва маърифий дунё билан ҳамкорлик йўли. Т. 11. –Т.: Ўзбекистон, 2003. – 320 б.
  21. 21. Каримов И.А. Тинчлик ва хавфсизлигимиз ўз куч-қудратимизга, ҳамжиҳатлигимиз ва қатъий иродамизга боғлиқ. Т. 12. –Т.: Ўзбекистон, 2004. – 400 б.
  22. 22. Каримов И.А. Ўзбек халқи ҳеч қачон, ҳеч кимга қарам бўлмайди. Т. 13. –Т.: Ўзбекистон, 2005. – 448 б.
  23. 23. Каримов И.А. Инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари – олий қадрият. Т. 14. –Т.: Ўзбекистон, 2006. – 280 б.
  24. Каримов И.А. Жамиятни эркинлаштириш, ислоҳотларни чуқурлаштириш, маънавиятимизни юксалтириш ва халқимизнинг ҳаёт даражасини ошириш – барча ишларимизнинг мезон ва мақсадидир. Т. 15. –Т.: Ўзбекистон, 2007. – 320 б.
  25. Каримов И.А. Мамлакатни модернизация қилиш ва иқтисодиётимизни барқарор ривожлантириш йўлида. Т. 16. –Т.: Ўзбекистон, 2008. – 368 б.
  26. Каримов И.А. Ватанимизнинг босқичма-босқич ва барқарор ривожланишини таъминлаш бизнинг олий мақсадимиздир. –Т.17. –Т: Ўзбекистон, 2009.
  27. Каримов И.А. Юксак маънавият – енгилмас куч. –Т.: Маънавият, 2008. – 176 б.
  28. Каримов И.А. Энг асосий мезон – ҳаёт ҳақиқатини акс эттириш. –Т.: Ўзбекистон, 2009. – 24 б.
  29. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (ОДКБ) коллектив хавфсизлик кенгашининг мажлисида сўзлаган нутқи. //Халқ сўзи, 2010 йил 14 декабрь.
  30. Каримов И.А. Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида. –Т.: Ўзбекистон, 2011. – 440 б.
  31. Каримов И.А. Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш – энг олий саодатдир. –Т.: Ўзбекистон, 2015.

 Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, Президент фармонлари ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

  1. Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси –Т.: Ўзбекистон, 2016.
  2. Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонуни. –Т 2014 lex.uz
  3. Ўзбекистон Республикасининг “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги қонуни. /Ахборот ва ахборотлаштиришга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўплами. –Т.: Адолат, 2008.
  4. Ўзбекистон Республикасининг “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги (янги таҳрири) қонуни. /Ахборот ва ахборотлаштиришга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўплами. –Т.: Адолат, 2008.
  5. Ўзбекистон Республикасининг “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонуни. /Ахборот ва ахборотлаштиришга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўплами. –Т.: Адолат, 2008.
  6. Ўзбекистон Республикасининг Қонунлари. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида. Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида. Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида. –Т.: Ўзбекистон, 2004.
  7. Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори. Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида. –Тошкент шаҳри, 2017 йил 20 апрель. //http://uza.uz
  8. Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони. Ахборот соҳаси ва оммавий коммуникацияларни янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида. –Тошкент шаҳри, 2019 йил 2 февраль. //http://uza.uz
  9. Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги фаолиятини ташкил этиш. –Тошкент шаҳри, 2019 йил 2 февраль. //http://uza.uz

10.Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Оммавий ахборот воситалари соҳасида кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш давлат дастури тўғрисида”ги 163-Қарори. (2006 йил 7 август). /Оммавий ахборот воситалари фаолияти соҳасидаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар тўплами. –Т.: Ishonch Markaz Servis. 2009 й.

  1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 22 сентябрдаги “Давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг жамоатчилик билан алоқаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 203-қарори. /Ахборот ва ахборотлаштиришга оид норматив ҳуқуқий ҳужжатлар тўплами. –Т.: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, 2008 й.

III. Илмий-оммабоп адабиётлар

  1. Азизхўжаев А., Ҳусанов О., Азизов Х. Конституциявий ҳуқуқ. –Т.: Академия, 2001.
  2. Бекмуродов М. Ўзбекистонда жамоатчилик фикри. –Т.: Фан, 1999.
  3. 3. Блэк С. Введение в паблик рилейшнз. –Ростов-на-Дону, 1998.
  4. Berneys E. L. The Later Years. Public Relations Insights 1956-1986.-Rhinebeck: Free Press, 1986.
  5. Бутрин Д. Год открытых дверей. //Коммерсанть. –2002, 24 декабрь.
  6. Воҳидов Э. Сўз латофати. –Т.: Ўзбекистон, 2014. – 152 б.
  7. Гульбинский Н., Сорокина Е. «Краткий курс» для эффективных политиков. – Аванти, 1999.
  8. Гундарин М.В. Теория и практика связей с общественностью: основы медиа-рилейшнз. Учеб. пособие. –М.: Форум: инфра-м, 2007.
  9. Дўстмуҳаммад Х. Ахборот – мўъжиза, жозиба, фалсафа. –Т.: Янги аср авлоди, 2013.
  10. Жаҳон журналстикаси тарихи. Дарслик. Ф.Мўминов, А.Нурматов, Т.Эшбеков ва бошқ. –Т.: Фан ва технологиялар, 2008. – 328 б.
  11. Засурский Я.Н. Искушение свободой. Российская журналистика: 1990-2004. – М.: Изд-во Моск. ун-та, 2004.
  12. Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон декларациясига шарҳлар. –Т.: Адолат, 1999.
  13. Катлип С.М., Сентер А.Х., Брум Г.М. Паблик рилейшнз. Теория и практика.– М.: Вильямс, 2003.
  14. Королько В.Г. Основы паблик рилейшнз. –Киев.: Ваклер, 2000.
  15. Луғат-маълумотнома: Журналистика. Реклама. Паблик рилейшнз. 1700 атама. /Нестеренко Ф. ва бошқ. –Т.: Зар қалам, 2003.
  16. Матбуот хизматлари фаолиятини ташкил этиш бўйича қўлланма. –Т.: Адолат, 2006.
  17. Меҳрга йўғрилган ижод: Пиримқул Қодиров ижоди адиблар ва мунаққидлар талқинида. –Т.: Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонаси нашриёти, 2008.
  18. Миллий истиқлол ғояси. –Т.: Ўзбекистон, 2005.
  19. Миралимов Ш., Эшбеков Т. Журналистика, маънавият, жамият. –Т.: Ўзбекистон, 2010.
  20. 20. Мўминов Ф. Журналистика ижтимоий институт сифатида. –Т.: Университет, 1998.
  21. Мўминов Ф. Социология ва журналист фаолияти. –Т.: Университет, 1995.
  22. 22. Мўминов Ф.А. Паблик рилейшнз: история и теория. –Т.: Ижод дунёси, 2004.
  23. Мўътабар зиё маскани. (Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети – 1918-2008). –Т.: Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи, 2008.
  24. Низомулмулк. Сиёсатнома ёки сияр ул-мулк. Т.: Адолат, 1997. –Б. 77.
  25. Ольшанский Д. Политический PR. СПб.: М., Питер, 2003.
  26. Очиқ ахборот тизимларида ахборот-психологик хавфсизлик. Дарслик. Ф.Мўминов, Т.Эшбеков ва бошқ. –Т.: ЖИДУ, 2015. – 196 б.
  27. Пашенцев Е.Н.Паблик рилейшнз: от бизнеса до политики. –М.: Р.Бук. 2001.
  28. Полоницкий П. Пресс-службы и гласность. –М.: Юридический Мир, 2006.
  29. Почепцов Г. Паблик рилейшнз для профессионалов. –М.: Рефл-Бук, 2000.
  30. Прохоров. Е.П. Журналистика и демократия. –М.: Аспект Пресс. 2004.
  31. Раҳматуллаев Т. Америка журналист нигоҳида. –Т.: Янги аср авлоди, 2003.
  32. Репортёрлик фаолиятининг назарияси ва амалиёти. /Эрназаров Қ. ва бошқ. –Т.: ЎзМУ, 2002.
  33. Саидов А.Х., Кўчимов Ш.Н. Қонунчилик техникаси асослари. –Т.: Адолат. 2001.
  34. Салливан М. Масъул ахборот хизмати. http.//usinfo.state.gov.
  35. Солиев Ф. Ахборот хизматлари: мақсад, бурч ва маҳорат. //Ҳуррият, 2007, 12 декабрь.
  36. Темур тузуклари. –Т.: Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа бирлашмаси, 1991.
  37. Халқ қалбига йўл. Бадиий-публицистик мақолалар тўплами. –Т.: Mashhur-press, 2018. – 288 б.
  38. Худойқулов М. Журналистика ва публицистика. –Т.: ЎзМУ, 2008.
  39. Шомақсудов А. Журналист мутахассислар тайёрлаш маскани. –Т.: Зар қалам, 2003.
  40. Эшбеков Т. Таҳририят ишини ташкил этиш. Ўқув қўлланма. –Т.: ЎзМУ, 2002.
  41. Эшбеков Т. Ахборот хизмати: ишлаш усуллари ва тамойиллари. Ўқув қўлланма. –Т.: ЎзМУ, 2009.
  42. Эшбеков Т. Жамоатчилик билан алоқалар ва ахборот хизматлари. Ўқув қўлланма. –Т.: ЎзМУ, 2012.
  43. Эшбеков Т. Маънавият ва ахборот сабоқлари. “Ахборот соатлари” курслари учун услубий қўлланма. –Т.: ЎзМУ, 2016.
  44. Эшбеков Т. Мулоқот майдонида ахборот хизматларининг ўрни. Ўқув-услубий қўлланма. –Т.: ЎзМУ, 2017. – 128 б.
  45. Эшбеков Т. Мафкура ва ахборот-психологик хавфсизлик. Ўқув қўлланма. –Т.: ЎзМУ, 2017. – 64 б.
  46. Ўзбекистон миллий энциклопедияси. 1-12 жилдлар. –Т.: Ўзбекистон миллий энциклопедияси, 2000-2006.
  47. Ўзбекистон жамиятни демократлаштириш ва янгилаш, мамлакатни модернизация ва ислоҳ қилиш йўлида. –Т.: Академия. 2005.
  48. Қодиров П. Тил ва эл. –Т.: Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа уйи, 2005. – 248 б.
  49. Қудратхўжаев Ш. Интернет: тарихи, тузилиши, техник хавфсизлик. –Т.: Ўзбекистон. 2011.
  50. Ҳамдамов Ю. Тараққиёт мезони. –Т.: Ўзбекистон НМИУ, 2013.

You may also like...

1 Response

  1. Ma’ruza orqali axborot xizmati xodimining bosh maqsadi jamoatchilik bilan aloqalarni to’g’ri yo’lga qo’yish ekanligi, axborot xizmati bilan OAVlari hamkorliginig turlari, media kartaga kiritiladigan ma’lumotlar, piar-material nima ekanligi, OAVning ijtimoiy funksiyalari haqida muhim ma’lumotlarga ega bo’ldim. Rahmat.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>