Ахборот хизмати фаолияти такомиллашмоқда
Жамият тараққиётида жамоатчилик билан алоқалар – халқ билан мулоқот
ғоят муҳим ўрин тутади. Идора, ташкилот ва муассасаларнинг халқ билан мулоқотини узвий йўлга қўйишида Ахборот хизматлари қандай вазифаларни бажариши зарур?
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 июндаги “Олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш ва уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3775-сон қарорида:
“Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тузилмасида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган қўшимча 2 та штат бирлигини ажратган ҳолда Ахборот хизматини ташкил этиш;
олий таълим муассасалари тузилмаларида уларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган қўшимча 1 тадан штат бирлигини ажратган ҳолда матбуот котиби лавозимини жорий этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин” деб белгилаб қўйилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 июндаги ПҚ-3775-сон қарорига Илова ҳамда Олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш ва уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш бўйича «ЙЎЛ ХАРИТАСИ»да бу вазифалар янада теран ифода этилган:
“Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тузилмасида ҳамда олий таълим муассасаларида ташкил этилиши белгиланган ахборот хизматининг (матбуот котибининг) фаолият низомларини тасдиқлаш”. Чунончи:
“1. Олий таълим муассасаларида матбуот котибининг тўлиқ фаолият юритишини таъминлаш.
- Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тузилмасида ҳамда олий таълим муассасаларида ташкил этилиши белгиланган ахборот хизматининг (матбуот котибининг) низомларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш…” вазифалари белгиланган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ахборот хизматлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 125-сон қарорида Ахборот хизматини ташкил этиш ва унинг вазифалари қуйидагича белгиланган:
“2. Белгилаб қўйилсинки, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ахборот хизматлари (матбуот хизматлари, жамоатчилик билан алоқалар хизматлари) (кейинги ўринларда ахборот хизмати деб юритилади) давлат ва хўжалик бошқаруви органи ходимларининг умумий сони доирасида ташкил этилади ҳамда шу орган раҳбарига бевосита бўйсунадиган алоҳида мустақил бўлинма ҳисобланади.
Қуйидагилар ахборот хизматининг асосий вазифалари этиб белгилансин:
давлат ва хўжалик бошқаруви органи раҳбарияти томонидан замонавий талабларга мувофиқ белгиланадиган ахборот сиёсатини шакллантириш ва амалга оширишда иштирок этиш;
ахборот соҳасидаги ягона давлат сиёсатини амалга ошириш борасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Матбуот хизмати, давлат ва хўжалик бошқаруви бошқа органларининг ахборот хизматлари билан самарали ва амалий ҳамкорликни таъминлаш;
давлат ва хўжалик бошқаруви органининг фаолияти, унинг фаолият соҳасига доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида кенг жамоатчиликни холисона, сифатли ва тезкор хабардор қилиш;
оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш, ахборот хизмати билан доимий ҳамкорликда ишлайдиган журналистлар доирасини шакллантириш, ахборот хабарларини (матбуот учун ахборотлар, бюллетенлар ва шу кабиларни) тарқатиш, оммавий тадбирларни ташкил этиш;
ахборотни давлат ва хўжалик бошқаруви органининг расмий веб-сайтида тезкор жойлаштириш ва ўз вақтида янгилаб бориш, Интернет тармоғидаги веб-ресурсларни, шу жумладан, ижтимоий ва мобиль тармоқларни ривожлантириш;
ахборот майдони мониторингини олиб бориш ва таҳлил қилиш, уларга муносабат билдиришнинг турлари, усуллари ва даражаси бўйича экспертлар билан биргаликда таклифлар тайёрлаш, оммавий ахборот воситаларида, шу жумладан, Интернет тармоғида материаллар тарқатиш бўйича комплекс ишларни ташкил этиш;
давлат ва хўжалик бошқаруви органининг бошқа бўлинмалари билан биргаликда миллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларида тарқатиш учун хабар, ахборот-маълумот тусидаги материаллар, шарҳлар ва ахборот-таҳлилий материаллар тайёрлаш;
давлат ва хўжалик бошқаруви органи фаолиятини хорижий оммавий ахборот воситаларида сифатли ёритиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг хорижий мамлакатлардаги ваколатхоналарини, шунингдек, хорижий мамлакатларнинг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхоналарини ахборот материаллари (кино, фото, аудио ва видеоматериаллар, босма маҳсулотлар ва шу кабилар) билан таъминлаш;
идора фаолиятига нисбатан жамоатчилик фикрининг ҳолатини ҳамда миллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари позициясини таҳлил қилиш ва улар тўғрисида давлат ва хўжалик бошқаруви органи раҳбариятига ахборот бериш;
давлат ва хўжалик бошқаруви органининг фаолият соҳасига алоқадор матнли, фото, аудио ва видеоматериаллардан иборат маълумотлар банкини шакллантириш ва юритиш.
- Давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ахборот хизмати тўғрисидаги намунавий низом иловага мувофиқ тасдиқлансин”.
Мазкур қарорлар ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2018 йил 17 июлдаги 625-буйруғи ижросини таъминлаш мақсадида Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг Ахборот хизмати Низоми ишлаб чиқилди.
Қуйида мазкур Низом матни ҳавола этилмоқда:
***
МИРЗО УЛУҒБЕК НОМИДАГИ
ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИНИНГ
АХБОРОТ ХИЗМАТИ
НИЗОМИ
ТОШКЕНТ – 2018
1-боб. Умумий қоидалар
1.1. Ахборот хизмати (кейинги ўринларда Хизмат деб аталади) – Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети (кейинги ўринларда ЎзМУ) мустақил таркибий бўлинмаси ҳисобланади ҳамда бевосита университет ректорига бўйсунади.
1.2. Хизмат ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги, “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги (янги таҳрири)”, “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги, “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги ва бошқа тегишли қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ахборот хизматлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 125-сонли ва бошқа қарорлари ҳамда фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг буйруқларига, ЎзМУ Кенгаши қарорлари, ректор буйруқлари ҳамда ушбу Низомга амал қилади.
1.3. Хизмат ўз фаолиятини ЎзМУ таркибий бўлинмалари, факультетлари ҳамда бошқа давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг тегишли хизматлари билан ўзаро яқин ҳамкорликда амалга оширади.
2-боб. Хизматнинг асосий вазифалари ва функциялари
2.1. Қуйидагилар Хизматнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
ЎзМУ раҳбарияти томонидан замонавий талабларга мувофиқ белгиланадиган ахборот сиёсатини шакллантириш ва амалга оширишда иштирок этиш;
ахборот соҳасидаги ягона давлат сиёсатини амалга ошириш борасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Матбуот хизмати, давлат ва хўжалик бошқаруви бошқа органларининг ахборот хизматлари билан самарали ва амалий ҳамкорликни таъминлаш;
кенг жамоатчиликни ЎзМУнинг фаолияти, унинг соҳага доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари тўғрисида холисона, сифатли ва тезкор хабардор қилиш;
оммавий ахборот воситалари (кейинги ўринларда ОАВ деб аталади) билан ўзаро ҳамкорлик қилиш, Хизмат билан доимий ҳамкорликда ишлайдиган журналистлар доирасини шакллантириш, ахборот хабарларини (матбуот учун ахборотлар, бюллетенлар ва шу кабиларни) тарқатиш, оммавий тадбирларни ташкил этиш;
ЎзМУнинг расмий веб-сайтида ахборотни тезкорлик билан жойлаштириш ва ўз вақтида янгилаб бориш, Интернет тармоғидаги веб-ресурсларни, шу жумладан, ижтимоий ва мобиль тармоқларни ривожлантириш;
ахборот майдони мониторингини олиб бориш ва таҳлил қилиш, уларга муносабат билдиришнинг турлари, усуллари ва даражаси бўйича экспертлар билан биргаликда таклифлар тайёрлаш, ОАВ, шу жумладан, Интернет тармоғида материаллар тарқатиш бўйича комплекс ишларни ташкил этиш;
ЎзМУнинг бошқа бўлинмалари, факультетлари билан биргаликда миллий ва хорижий ОАВда тарқатиш учун хабар, ахборот-маълумот материаллар, шарҳлар ва ахборот-таҳлилий материаллар тайёрлаш;
ЎзМУ фаолиятини хорижий ОАВда сифатли ёритиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг хорижий мамлакатлардаги ваколатхонларини, шунингдек, хорижий мамлакатларнинг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхоналарини ахборот материаллари (фото, аудио ва видеоматериаллар, босма маҳсулотлар ва шу кабилар) билан таъминлаш;
ЎзМУ фаолиятига нисбатан жамоатчилик фикрининг ҳолати ҳамда миллий ва хорижий ОАВ позициясини таҳлил қилиш ва улар тўғрисида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органи раҳбариятига ахборот бериш;
ЎзМУнинг фаолият соҳасига алоқадор матнли, фото, аудио ва видеоматериаллар маълумотлар банкини шакллантириш ва юритиш.
2.2. Хизмат зиммасига юкланган вазифаларни амалга ошириш учун қуйидаги функцияларни бажаради:
ОАВда, жумладан, Интернет тармоғида ахборот эълон қилади (чоп этади), шунингдек, уларни расмий веб-сайтларда, ҳамма кириши мумкин бўлган хоналар ва жойларга жойлаштириш ва янгилаб боришни таъминлайди;
оммавий тадбирларни, шу жумладан, ЎзМУнинг раҳбарлари иштирокидаги тадбирлар (мажлислар, йиғилишлар, учрашувлар, матбуот анжуманлари, брифинглар, семинарлар, давра суҳбатлари ва бошқалар)ни ташкил этади ва ўтказади;
ОАВ ва журналистларнинг сўрови асосида уларга оғзаки ва ёзма шаклда (шу жумладан, электрон ҳужжат шаклида) ахборот тақдим этади;
қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари, социал ва ижтимоий аҳамиятга молик муҳим дастурлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳолати мониторингини олиб боради ва кенг жамоатчиликни хабардор қилиб боради;
Хизмат олдида турган вазифаларни самарали ҳал этиш учун зарур бўлган ахборотни ЎзМУнинг бошқа бўлинмалари, факультетлари билан ўзаро ҳамкорликда тўплайди ва уларни пухта ишлайди;
ЎзМУ фаолиятига доир масалалар бўйича босма материалларни тайёрлайди ҳамда миллий ва хорижий нашрларда эълон қилади, телекўрсатувлар ва радиоэшиттиришларни ташкил этади, тегишли соҳада давлат сиёсатини амалга оширади;
ЎзМУ фаолиятига доир масалалар бўйича жамоатчилик фикрини ҳамда миллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари позициясини ўрганишга доир таҳлилий ишларни амалга оширади, ЎзМУ раҳбариятига ахборот бериш учун эълон қилинган долзарб материаллар шарҳларини тайёрлайди;
ОАВ билан ахборот-маълумотнома ишларини амалга ошириш учун ЎзМУ фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича таҳлилий, статистик ва бошқа материалларнинг тизимлаштирилган маълумотлар банки ташкил этилиши ва юритилишини таъминлайди;
ЎзМУ фаолиятини энг тўлиқ ва холисона ёритиш мақсадида миллий ва хорижий ОАВ ҳамда журналистлар билан ўзаро ҳамкорликни амалга оширади;
ЎзМУнинг веб-сайти ташкил этилишини ва уни замонавий даражада юритишни таъминлайди;
ЎзМУ томонидан ташкил этиладиган расмий тадбирлардан теледастурлар, роликлар ва лавҳалар тайёрлашда ва уларни монтаж қилишда иштирок этади ҳамда ушбу материалларни белгиланган тартибда сақлаш учун уларнинг архивлаштирилишини таъминлайди;
ЎзМУ фаолиятига доир фото, аудио ва видеоматериалларни тайёрлайди ҳамда уларни тайёрлаш жараёнида давлат ва нодавлат ОАВ билан ўзаро ҳамкорлик қилади;
ЎзМУнинг фаолият соҳасига алоқадор фото, аудио ва видеоматериаллар маълумотлар банки шакллантирилиши ва юритилишини таъминлайди.
2.3. Хизмат ўз ваколатлари доирасида миллий ва хорижий ахборот агентликлари ҳамда ОАВнинг ЎзМУ фаолияти тўғрисидаги материалларни тайёрлашда кўмаклашиш тўғрисидаги буюртманомалари ва сўровларини кўриб чиқади.
3-боб. Хизматнинг ҳуқуқлари ва жавобгарлиги
3.1. Хизмат ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:
Хизматнинг вазифалари ва функцияларини бажариш учун зарур бўлган ахборотни ЎзМУнинг бошқа бўлинмалари, факультетларидан, идоравий мансуб ташкилотлардан белгиланган тартибда сўраб олиш;
ЎзМУнинг йиғилишларида, мажлисларида ва бошқа тадбирларида қатнашиш;
қўйилган вазифаларни бажариш учун ЎзМУ раҳбари билан келишган ҳолда университетнинг бошқа бўлинмалари, факультетлари ходимларини жалб этиш, шунингдек, бошқа ташкилотларнинг мутахассислари ва малакали экспертларини, шу жумладан, шартнома асосида жалб этиш;
Вазирлик, бошқа ОТМлар ва тегишли идора, ташкилот, муассасаларнинг ахборот хизматлари билан белгиланган тартибда ўзаро ҳамкорлик қилиш;
раҳбариятнинг топшириғига кўра давлат органларида республика ва халқаро аҳамиятга эга бўлган тадбирларда Хизмат ваколатига тааллуқли масалалар бўйича ЎзМУ номидан вакиллик қилиш;
ўз ваколатлари доирасида босма нашрларни нашр этиш;
ЎзМУнинг ахборот сиёсатини такомиллаштиришга доир таклифларни, Хизмат фаолияти масалалари бўйича норматив ҳужжатлар лойиҳаларини раҳбариятнинг кўриб чиқиши учун киритиш.
3.2. Хизмат:
ўзига юкланган вазифаларнинг сифатли ва ўз вақтида бажарилиши;
ЎзМУ фаолиятининг миллий ва хорижий ОАВда холисона, сифатли ва тезкор ёритилишини таъминлаш учун жавоб беради.
4-боб. Хизмат фаолиятини ташкил этиш
4.1. Хизмат ходимлари сони у амалга оширадиган вазифаларнинг мураккаблиги ва ҳажмига кўра ЎзМУнинг раҳбари томонидан, ходимларнинг тасдиқланган умумий сони доирасида белгиланади.
4.2. Хизмат фаолияти ЎзМУнинг раҳбари томонидан тасдиқланадиган иш режаси асосида ташкил этилади.
4.3. Хизматга ЎзМУнинг раҳбари томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган раҳбар бошчилик қилади.
4.4. Хизмат раҳбари бевосита ЎзМУнинг раҳбарига бўйсунади ва айни вақтда унинг матбуот котиби ҳисобланади.
4.5. Хизмат раҳбари ЎзМУ Кенгаши аъзолари таркибига киритилади.
4.6. Хизмат раҳбари:
Хизмат фаолиятини мувофиқлаштиради ҳамда Хизматга юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;
Хизмат фаолиятини ташкил этади, режалаштиради ва назорат қилади, ЎзМУнинг бошқа бўлинмалари, факультетлари билан ўзаро ҳамкорликни амалга оширади;
Хизматда кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйишни таъминлайди, ходимлар ўртасида вазифаларни тақсимлайди;
Хизмат ходимларининг малакасини ва касбий савиясини ошириш учун шарт-шароитлар яратади.
4.6. Хизмат ходимлари Хизмат раҳбарининг тақдимномасига кўра белгиланган тартибда лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.
4.7. Хизмат фаолиятини ахборот, ҳуқуқий, моддий-техник ва транспорт билан таъминлаш, шунингдек, унинг ходимларига ижтимоий-маиший хизмат кўрсатиш ЎзМУнинг таркибий бўлинмалари учун белгиланган тартибда амалга оширилади.
Тўлқин ЭШБЕК,
ЎзМУ Ахборот хизмати раҳбари
Сўнгги фикрлар