Ахборот хизмати (1)

1-мавзу: Йиллар замиридаги ҳаёт ва тараққиёт (Кириш сўзи ўрнида)

ах3 ах1 ах2

Мамлакатимизда Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилинган кун муносабати билан ўтказиладиган тантанали йиғилишларда янги йилга ном бериш ўзига хос анъанага айланган. Юртимиз истиқлолга эришиш арафасидаёқ бошланган бу хайрли саъй-ҳаракатлар замирида халқимиз орзу-умидлари, келажак сари қўйиладиган қадамлар, давлат дастурлари, истиқболли режалар ўз ифодасини топади. Зеро, ўтган йиллар мамлакатимизда қуйидагича номланганини халқимиз яхши билади:

1991 – Алишер Навоий йили

1992 – Ҳамширалар йили

1993 – Аҳмад Яссавий йили

1994 – Мирзо Улуғбек йили

1995 – Ибн Сино йили

1996 – Амир Темур йили

1997 – Инсон манфаатлари йили

1998 – Оила йили

1999 – Аёллар йили

2000 – Соғлом авлод йили

2001 – Оналар ва болалар йили

2002 – Қарияларни қадрлаш йили

2003 – Обод маҳалла йили

2004 – Меҳр-мурувват йили

2005 – Сиҳат-саломатлик йили

2006 – Ҳомийлар ва шифокорлар йили

2007 – Ижтимоий ҳимоя йили

2008 – Ёшлар йили

2009 – Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йили

2010 – Баркамол авлод йили

2011 – Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили

2012 – Оила йили

2013 – Обод турмуш йили

2014 – Соғлом бола йили

2015 – Кексаларни эъзозлаш йили

2016 – Соғлом она ва бола йили

2017 – Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили

Мустақил давлатимиз ижтимоий ҳаёти тақозосидан келиб чиққан ҳолда номланган ҳар бир йил жамиятимиз тараққиётига хизмат қилмоқда. Мазкур йилларда белгиланган режалар ва шу асосда қабул қилинган Давлат дастурлари улкан бунёдкорлик, яратувчилик ишларига пойдевор яратган. Шу аснода қанча бунёдкорлик ишлари амалга оширилди, ёш оилалар замонавий уй-жой, имтиёзли кредитлар, фаровон турмуш учун зарур жиҳозларга эга бўлдилар. Нуроний отахону онахонлар янада қадр топдилар. Турли соҳалар ривожланди. Ўтган йиллар мобайнида амалга оширилган хайрли ишларнинг санаб саноғига етиш мушкулдир.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганига 24 йил тўлиши муносабати билан “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида 7 декабрь куни бўлиб ўтган тантанали йиғилишда Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев 2017 йилни мамлакатимизда «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» деб эълон қилишни таклиф этдилар.

“Асосий қонунимизда умумэътироф этилган демократик принциплар билан бирга, халқимизнинг бебаҳо қадриятлари ва бой давлатчилик тажрибасини ифодалаш муҳим эди,– деб таъкидлади давлатимиз раҳбари.– Айнан Биринчи Президентимизнинг саъй-ҳаракатлари билан Конституциямизда “Инсон ва унинг қадр-қиммати” деган улуғ тушунча марказий ўринга қўйилди.

Муҳтарам Ислом Абдуғаниевич Конституциямизнинг лойиҳаси бўйича 1992 йил 8 декабрда, Олий Кенгашнинг тарихий сессиясида сўзлаган нутқида қуйидаги фикрни алоҳида таъкидлаган эдилар:

“Биз сўнгги етмиш йил мобайнида давлатга қарамлик ва сиғиниш ҳолатида яшадик. Мамлакатнинг, ундаги барча бойликларнинг, мулкнинг эгаси давлат, деб ҳисоблаб келдик. Ана шу масалада ҳам Конституцияда туб бурилиш ясалган.

Яъни, Асосий қонунимизга “давлат, унинг идоралари ва мансабдор шахслари жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар”, деган модда киритилган.

Эндиликда инсон, унинг ҳаёти, озодлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ажралмас ҳуқуқ ҳамда эркинликлари муқаддас саналиб, улар давлат томонидан кафолатланади”.

Биринчи Президентимизнинг ана шу фикрлари у кишининг давлат, жамият ва инсон ҳаёти билан боғлиқ ҳар бир масалага нақадар теран ёндашганидан, шу асосда Конституциямизда энг мураккаб саволларга ҳам жавоб топиш мумкин эканидан далолат беради”1.

Ўзбекистоннинг 25 йиллик мустақил тараққиёт йўли сиёсий барқарор ва тинчлик-осойишталик таъминланган шароитда рўёбга чиқарилган изчил янгиланишлар даври бўлди. Иқтисодий мустақилликка эришмай туриб бундай сиёсий барқарорликни таъминлаш мушкул эди.

Мамлакатимизда иқтисодий мустақиллик “ўзбек модели” деб ном олган улкан ислоҳотлар дастурига асосланганди. У мамлакатимизда бозор иқтисодиётини қарор топтириш учун услубий асос ва жамият ривожига мутлақо янгича назарнинг аниқ-равшан ифодаси бўлди.

Ўзбекистоннинг чорак асрлик мустақил тараққиёти давомида амалга оширилган кенг қамровли ислоҳотлар барча соҳадаги муваффақиятларимиз тамал тоши эди. Катта ҳаёт тажрибасига эга бўлган авлод вакиллари ўтган кунларимизга холисона баҳо бериб, “Ким эдигу ким бўлдик?” деган саволга асосли жавоб бера оладилар. Улар ҳозирги дориламон кунларга қанчалик машаққатлар, қандай саъй-ҳаракатлар эвазига етиб келганимизни теран изоҳлаб берадилар. Ўтган давр айни бир авлод кўз ўнгида асрларга татигулик воқеалар юз берди. Улар ўша воқеликларнинг иштирокчисига айланиб, турли вазифалар, дастурлар муваффақиятли амалга оширилишида фаоллик ҳам кўрсатдилар.

“Ўзбек модели” асосида паст ва ўрта даромадли аҳоли қатламларининг турмуш даражасини кўтариш бўйича пухта ўйланган сиёсатни амалга ошириш асносида жамиятда кескин табақаланишга йўл қўймаслик чоралари кўрилди. Унга ҳамоҳанг равишда истиқболли вазифалар белгилаб олинди. Халқнинг қўллаб-қувватлаши туфайли келгуси тараққиёт ва иқтисодиётнинг барқарор ривожланишига мустаҳкам пойдевор яратди. Бунинг самарасини халқимиз жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози даврида республикамиз ўз вақтида кўрилган чора-тадбирлар дастури асосида уни бартараф этганини ҳам кўрди. Бозор иқтисодиётига ўтиш осон кечмайди. Мустақиллик илгари мавжуд бўлмаган имкониятлар майдонини яратди. Меҳнатга муносабатлар тубдан ўзгарди. Одамларда эртанги кунига умид ва ишонч уйғонди. Бозор муносабатлари шароитида меҳнаткаш халқ ўзининг тадбиркорлик қобилияти ва салоҳиятини ишга солди. Бу эзгу йўлда қўшимча даромадлар манбаига эга бўлди. Ана шундай улуғвор воқеликлар, истиқлол берган неъматларга бўлган муносабатлар одамларнинг онгу тафаккурини тамомила ўзгартириб юборди. Замондошларимизда фаоллик, ташаббускорлик, ўз кучига ишониш ҳисси кучайди.

Мамлакатимизда бошланган оқилона ва узоқни кўзлаган сиёсат бугунги кунда изчил давом эттирилаётганини аввало халқимиз эътироф этмоқда. Шу билан бир қаторда давримиз ишбилармонлари, тадбиркорлари, зиёлилари ва турли соҳа фидойилари галдаги ислоҳотларни ҳам сўзсиз амалга оширишда камарбаста бўлмоқдалар.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 5 октябрь куни қабул қилинган “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони хусусий сектор ривожида янги сифат босқичини бошлашда муҳим қадам бўлди.

“Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак ва бу ҳақиқатни аввало барча бўғиндаги раҳбарлар яхши тушуниб олиши зарур,– деб таъкидлади Президентимиз.– Шу муносабат билан тадбиркорлик фаолияти ва хусусий мулкни ҳимоя қилиш юзасидан яқинда қабул қилинган Фармон талабларига сўзсиз амал қилишни таъминлаш шарт. Нега деганда, халқ бой бўлса, давлат ҳам албатта бой ва қудратли бўлади.

Шу нуқтаи назардан қараганда, халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари тушунчалари ўзаро шунчалик боғланиб кетганки, уларни бир-биридан асло ажратиб бўлмайди. Ана шу заруратдан келиб чиққан ҳолда, барча қонун ҳужжатларида халқ билан мулоқот тизими ҳақидаги нормаларни аниқ белгилаб қўйиш лозим, деб ҳисоблайман”2.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февраль куни қабул қилинган “Ўзбекистон республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги Фармонини халқимиз кўтаринки руҳ билан кутиб олди.

Фармонда қайд этилганидек, аҳоли ва тадбиркорларни ўйлантираётган долзарб масалаларни ҳар томонлама ўрганиш, амалдаги қонунчилик, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва илғор хорижий тажрибани таҳлил қилиш, шунингдек кенг жамоатчилик муҳокамаси натижасида ишлаб чиқилган ҳамда қуйидагиларни назарда тутадиган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси тасдиқланган:

давлат ва жамият қурилишини такомиллаштиришга йўналтирилган демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизация қилишда парламентнинг ҳамда сиёсий партияларнинг ролини янада кучайтириш, давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилиш, давлат хизматининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини ривожлантириш, «Электрон ҳукумат» тизимини такомиллаштириш, давлат хизматлари сифати ва самарасини ошириш, жамоатчилик назорати механизмларини амалда татбиқ этиш, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ролини кучайтириш;

қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишга йўналтирилган суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини мустаҳкамлаш, маъмурий, жиноят, фуқаролик ва хўжалик қонунчилигини, жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тизими самарасини ошириш, суд жараёнида тортишув тамойилини тўлақонли жорий этиш, юридик ёрдам ва ҳуқуқий хизматлар сифатини тубдан яхшилаш;

иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштиришга йўналтирилган макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш ва юқори иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолиш, миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш, қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ва жадал ривожлантириш, иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш бўйича институционал ва таркибий ислоҳотларни давом эттириш, хусусий мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва унинг устувор мавқеини янада кучайтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожини рағбатлантириш, ҳудудлар, туман ва шаҳарларни комплекс ва мутаносиб ҳолда ижтимоий-иқтисодий тараққий эттириш, инвестициявий муҳитни яхшилаш орқали мамлакатимиз иқтисодиёти тармоқлари ва ҳудудларига хорижий сармояларни фаол жалб этиш;

ижтимоий соҳани ривожлантиришга йўналтирилган аҳоли бандлиги ва реал даромадларини изчил ошириб бориш, ижтимоий ҳимояси ва соғлиғини сақлаш тизимини такомиллаштириш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, арзон уй-жойлар барпо этиш, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмаларни ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш бўйича мақсадли дастурларни амалга ошириш, таълим, маданият, илм-фан, адабиёт, санъат ва спорт соҳаларини ривожлантириш, ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштириш;

хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритишга йўналтирилган давлатимиз мустақиллиги ва суверенитетини мустаҳкамлаш, Ўзбекистоннинг ён-атрофида хавфсизлик, барқарорлик ва аҳил қўшничилик муҳитини шакллантириш, мамлакатимизнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш.

Ҳужжатда халқ билан мулоқотни самарали ўрнатиш, давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органлари фаолияти очиқлигини таъминлаш, давлат хизматлари сифатини ошириш ислоҳотларнинг асосий омили сифатида белгиланган.

Ҳаракатлар стратегиясининг асоси инсон манфаатларини таъминлаш билан боғлиқ вазифалардан иборат. Улар давлатимиз раҳбарининг Сайловолди дастурида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида, Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисида белгилаб берилган.

Мухтасар қилиб айтганда, мазкур Ҳаракатлар стратегияси мамлакатимизни кейинги беш йилда ислоҳ қилишнинг ўзига хос “йўл харитаси”га айланади.

“Халқ ва мамлакат раҳбарияти Стратегия лойиҳасини ишлаб чиқишда ўз салоҳиятига реал баҳо берган ҳолда, мавжуд таҳдид ҳамда хавфларни чуқур ҳисобга олиши керак,– деб ёзади Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, сиёсий фанлар доктори Илҳом Абдуллаев.– Халқимиз ушбу дастуриламал ҳужжатнинг кенг муҳокамасида фаол иштирок этиш орқали келажак орзу-умидларини, ривожланишнинг аниқ мақсад ва вазифаларини илгари сурмоқда. Зеро, Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш беш босқичда таклиф қилиниб, бу бўйича ҳар йили алоҳида давлат дастурлари қабул қилиниши кўзда тутилаётир. Бу эса дастурга мавжуд вазият, ички ва халқаро шарт-шароитлар, мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишларидан келиб чиқиб, ўз вақтида зарур ўзгартишларни киритиш имконини беради”3.

Ҳаракатлар стратегияси лойиҳасида давлат органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, давлат аҳамиятига молик муҳим қарорларнинг қабул қилинишида жамоатчиликнинг кенг иштирок этиши, давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати механизмларини мустаҳкамлаш, аҳолига кўрсатиладиган давлат хизматлари сифатини ошириш, “Электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар муҳим ўрин эгаллаган. Бу дастуриламал ҳужжатнинг рўёбга чиқарилиши учун давлат ва жамият саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштириш, бинобарин, “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурида белгиланган вазифаларни баҳамжиҳатликда амалга ошириш тақозо этилади.

Шу ўринда «Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан тақдим этилган маълумотлар ҳам кишини бефарқ қолдирмайди. “Юртдошларимизнинг мутлақ кўпчилиги – 97,5 фоизи мамлакатимиздаги бугунги ижтимоий-иқтисодий ҳолатни “яхши ва барқарор”, дея ҳисоблайди. Сўров натижалари аҳолининг Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилинган 2017 йил қонун устуворлиги таъминланадиган, ижтимоий, иқтисодий, маданий ва маърифий соҳаларида юксак натижаларга эришиладиган, осойишталик, фаровонлик янада мустаҳкамланадиган йил бўлишига қатъий ишончини намоён этди,– деб таъкидланади маълумотномада.– Жойлардаги амалдорлар фаолиятининг натижадорлигини ошириш, ишини янада шаффоф қилиш учун “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонунни ҳаётга изчил ҳамда кенг татбиқ этиш, халқ билан мулоқотнинг янги механизм ва усулларини жорий қилиш айни муддаодир”4.

Халқ билан мулоқот шак-шубҳасиз жамият тараққиётига хизмат қилади.

Давлатимиз раҳбарининг академиклар, шифокорлар ва бошқа турли соҳа вакиллари билан учрашувлари, жойларда одамлар билан юзма-юз суҳбатлари, муаммоларни ўрганиш ҳамда уларнинг ечимларини топиш борасидаги саъй-ҳаракатлари халқ билан мулоқотни йўлга қўйишнинг ўзига хос намунаси сифатида эътироф этилмоқда. Шунга монанд бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати, вазирликлардан тортиб мамлакатимиздаги барча идора, ташкилот ҳамда муассасаларда ўтказилаётган матбуот анжуманлари, давра суҳбатлари, юзма-юз мулоқотлар, виртуал қабулхоналар фаолияти изчил давом этмоқда.

Айни вақтда республикамизнинг кўплаб етакчи идора ва ташкилотлари виртуал қабулхоналарини ташкил этди. Шу билан бир қаторда медиа-форум, матбуот анжуманлари, юзма-юз мулоқот ва бошқа тадбирлар ўтказилмоқда. Буларнинг барчаси халқ билан мулоқотни самарали амалга ошириш йўлидаги муҳим қадамлардир.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган турфа ислоҳотларда зиёлилар, айниқса, фидойи ёзувчи-шоирларнинг ўрни алоҳида. Улар ҳаётбахш сўзлари ила бутун жамиятни илҳомлантириш ва олға даъват этишга қодир маънавий кучдир. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси юртимизнинг турли ҳудудларида, қатор таълим муассасаларида “Ижодий мулоқот майдони”ни ташкил этишга киришди. Уюшма раиси Муҳаммад Али таъкидлашича, халқ билан мулоқот – фаол ижодкорлар учун туганмас илҳом манбаи ҳамдир.

Халқ билан мулоқот қилишдек ғоят масъулиятли ва залворли ишларни кенг ёритиб боришда оммавий ахборот воситаларининг ўрни беқиёс. Ўзига хос мулоқот майдонига айланган “Ўзбекистон” телеканалининг “Муносабат” кўрсатувини кенг жамоатчилик катта қизиқиш билан кузатмоқда. Кўрсатувда академиклар, мутахассислар, турли соҳа вакиллари жамиятдаги муаммолар ҳақида очиқ-ойдин сўз юритишиб, уларнинг ечими ва ижобий ҳал этиш борасидаги таклифларини ўртага ташламоқда. Кўрсатувда айтилганидек, ҳар қандай муаммони ҳал этиш учун аввало уни тан олиш керак!

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар юзасидан “Тошкент” телеканалида ҳозиржавоблик билан ёритилаётган “Халқ фикри” кўрсатуви ҳақида ҳам шундай ижобий фикрлар айтиш мумкин. “Ёшлар”, “Маданият ва маърифат”, “Маҳалла” каби телерадиоканаллар ўз дастурларини халқ билан мулоқот мавзулари билан бойитаётганини ижобий баҳолаш мумкин.

Мамлакатимизда халқ билан мулоқот самарали амалга оширилмоқда. Бу муҳим жараёнларни ОАВда ҳозиржавоблик билан холисона ёритиб бориш журналистлардан катта масъулият, муайян билим ва тажриба талаб этади. Демак, ОАВ ходимлари бу борада ҳам кўпроқ ишланишлари, ҳаёт билан ҳамнафас ҳолда ижод қилишлари, воқеликни кенг ёритиб боришлари ғоят муҳим аҳамият касб этади.

Рисолани нашрга тайёрлашда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг маърузаларида илгари сурилган ғоялар, тегишли қонунларда белгиланган нормалар методологик ҳамда ҳуқуқий асос қилиб олинди.

Мамлакатимизда халқ билан мулоқот жараёнларини тадқиқ этган ҳолда бу борада тўпланган билим ва тажрибалар, илмий хулосалар юзасидан тегишли тавсиялар берилди.

Кенг китобхонлар оммасига мўлжалланган мазкур рисоладан жойларда халқ билан мулоқотни самарали давом эттиришда фойдаланиш мумкин.

 

ЎҚИШ ТАВСИЯ ЭТИЛАДИГАН АДАБИЁТЛАР

  1. Ўзбекистон Республикаси қонунлари
  2. Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси –Т.: Ўзбекистон, 2016.
  3. Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги –Т 2014 lex.uz
  4. Ўзбекистон Республикасининг “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги қонуни. Ахборот ва ахборотлаштиришга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўплами. –Т.: Адолат, 2008.
  5. Ўзбекистон Республикасининг “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги (янги таҳрири) қонуни. Ахборот ва ахборотлаштиришга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўплами. –Т.: Адолат, 2008.
  6. Ўзбекистон Республикасининг “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонуни. Ахборот ва ахборотлаштиришга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўплами. –Т.: Адолат, 2008.
  7. Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонуни. //www.lex.uz 2016 йил 14 сентябрь

 

  1. Методологик адабиётлар
  2. Мирзиёев Ш.М. Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз. –Т.: Ўзбекистон, 2017. – 488 б.
  3. Мирзиёев Ш.М. Эркин ва фаровон, демократик Ўзбекистон давлатини мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз. //www.uza.uz 14.12.2016
  4. Мирзиёев Ш.М. Жисмоний ва маънавий етук ёшлар – эзгу мақсадларимизга етишда таянчимиз ва суянчимиздир. //www.lex.uz 30.06.2017
  5. Каримов И.А. Ўзбекистон: миллий истиқлoл, иқтисoд, сиёсат, мафкура. Т.1. –Т.: Ўзбекистон, 1996. – 364 б.
  6. Каримов И.А. Биздан oзoд ва oбoд Ватан қoлсин. Т.2. –Т.: Ўзбекистон, 1996. – 380 б.
  7. Каримов И.А. Ватан саждагoҳ каби муқаддасдир. Т.3. –Т.: Ўзбекистон, 1996. – 366 б.
  8. Каримов И.А. Бунёдкoрлик йўлидан. Т.4. –Т.: Ўзбекистон, 1996. – 349 б.
  9. 8. Каримов И.А. Янгича фикрлаш – давр талаби. Т.5. –Т.: Ўзбекистон, 1997. – 384 б.
  10. 9. Каримов И.А. Хавфсизлик ва барқарoр тараққиёт йўлидан. Т.6. –Т.: Ўзбекистон, 1998. – 429 б.
  11. 10. Каримов И.А. Биз келажагимизни ўз қўлимиз билан қурамиз. Т.7. –Т.: Ўзбекистон, 1999. – 410 б.
  12. 11. Каримов И.А. Oзoд ва oбoд Ватан, эркин ва фарoвoн ҳаёт – пирoвард мақсадимиз. Т.8. –Т.: Ўзбекистон, 2000. – 528 б.
  13. 12. Каримов И.А. Ватан равнақи учун ҳар биримиз масъулмиз. Т. 9. –Т.: Ўзбекистон, 2001. – 432 б.
  14. 13. Каримов И.А. Хавфсизлик ва тинчлик учун курашмоқ керак. Т. 10. –Т.: Ўзбекистон, 2002. – 432 б.
  15. 14. Каримов И.А. Биз танлаган йўл – демократик тараққиёт ва маърифий дунё билан ҳамкорлик йўли. Т. 11. –Т.: Ўзбекистон, 2003. – 320.
  16. 15. Каримов И.А. Тинчлик ва хавфсизлигимиз ўз куч-қудратимизга, ҳамжиҳатлигимиз ва қатъий иродамизга боғлиқ. Т. 12. –Т.: Ўзбекистон, 2004. – 400 б.
  17. 16. Каримов И.А. Ўзбек халқи ҳеч қачон, ҳеч кимга қарам бўлмайди. Т. 13. –Т.: Ўзбекистон, 2005. – 448 б.
  18. 17. Каримов И.А. Инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари – олий қадрият. Т. 14. –Т.: Ўзбекистон, 2006. – 280 б.
  19. Каримов И.А. Жамиятни эркинлаштириш, ислоҳотларни чуқурлаштириш, маънавиятимизни юксалтириш ва халқимизнинг ҳаёт даражасини ошириш – барча ишларимизнинг мезон ва мақсадидир. Т. 15. –Т.: Ўзбекистон, 2007. – 320 б.
  20. Каримов И.А. Мамлакатни модернизация қилиш ва иқтисодиётимизни барқарор ривожлантириш йўлида. Т. 16. –Т.: Ўзбекистон, 2008. – 368 б.
  21. Каримов И.А. Ватанимизнинг босқичма-босқич ва барқарор ривожланишини таъминлаш бизнинг олий мақсадимиздир. –Т.17. –Т: Ўзбекистон, 2009. – 280 б.
  22. Каримов И.А. Юксак маънавият – енгилмас куч. –Т.: Маънавият, 2008. – 176 б.
  23. Каримов И.А. Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида. –Т.: Ўзбекистон, 2011. – 440 б.
  24. Каримов И.А. Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш – энг олий саодатдир. –Т.: Ўзбекистон, 2015.
  25. Каримов И.А. Озодлик ҳавосидан тўйиб нафас олган халқ ўз йўлидан ҳеч қачон қайтмайди. –Т.: Ўзбекистон, 2017.

 

III. Асосий адабиётлар

  1. Бекмуродов М. Ўзбекистонда жамоатчилик фикри. –Т.: Фан, 1999.
  2. Блэк С. Введение в паблик рилейшнз. –Ростов-на-Дону, 1998.
  3. Гундарин М.В. Теория и практика связей с общественностью: основы медиа-рилейшнз. Учеб. пособие. –М.: Форум: инфра-м, 2007.
  4. Мўминов Ф.А Паблик рилейшнз: история и теория –Т.: Ижод дунёси, 2004
  5. Ҳусанов М. Матбуот хизматлари фаолиятини ташкил этиш бўйича қўлланма –Т.: Адолат, 2006
  6. Эшбеков Т Жамоатчилик билан алоқалар ва ахборот хизматлари. Ўқув қўлланма. –Т.: ЎзМУ, 2012.
  7. Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним! Услубий қўлланма. Эшбеков Т. ва бошқ. –Т.: Маънавият, 2017.

 

  1. Қўшимча адабиётлар

 

  1. Луғат-маълумотнома: Журналистика. Реклама. Паблик рилейшнз. 1700 атама. /Нестеренко Ф. ва бошқ. –Т.: Зар қалам, 2003.
  2. Миралимов Ш., Эшбеков Т Журналистика, маънавият, жамият Ўқув қўлланма –Т.: Ўзбекистон, 2010

 

  1. Интернет-манбалар
  2. ziyonet.uz – Ўзбекистон таълим ахборот тармоғи
  3. uza.uz
  4. gov.uz
  5. lex.uz
  6. uchildiz.uz

 

Тўлқин Эшбековнинг “МУЛОҚОТ МАЙДОНИДА АХБОРОТ ХИЗМАТЛАРИНИНГ ЎРНИ” Илмий-оммабоп рисоласидан

————————————————————————————————————-

 

1 Мирзиёев Ш. Қонун устуворлиги ва инсон манфаатларини таъминлаш – юрт тараққиёти ва халқ фаровонлигининг гарови. //Халқ сўзи, 2016 й. 8 декабрь.

2 Мирзиёев Ш. Қонун устуворлиги ва инсон манфаатларини таъминлаш – юрт тараққиёти ва халқ фаровонлигининг гарови. //Халқ сўзи, 2016 й. 8 декабрь.

3 Абдуллаев И. Ҳаракат стратегияси ва жамият якдиллиги. //www.xs.uz

4 «Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази. Келажакка ишонч ва дахлдорлик туйғуси. www.sharh.uz

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>