Ахборот хизмати (2)

2-мавзу: ТАФАККУРГА АСОСЛАНГАН МУЛОҚОТ

ах1

Илмий асосда ташкил этилган ишларнинг пойдевори мустаҳкам бўлади.

Азалдан донишманд бобокалонларимиз қандай ишга қўл урмасин, етти ўлчаб бир кес, деган мақолга амал қилганлар. Етти ўлчаб, ҳикмати замирида – пухта ўйлаш, аввало илмий асосланган режани ишлаб чиқиш каби ғоялар мужассам.

Буюк мутафаккир аждодларимиз жамият ҳаётига дахлдор барча соҳалар, ишларнинг илмий асосларини мукаммал яратганлар. Қатор фанларга, демак, соҳалар илмий пойдеворига шарқ алломалари асос солганларини бутун дунё эътироф этади. Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг 2014 йил 15-16 май кунлари Самарқанд шаҳрида “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзусида ўтказилган халқаро илмий конференцияси очилиш маросимида сўзлаган нутқида бу борада жуда кўп қимматли маълумотлар баён этилган1. Дарҳақиқат, Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмийнинг «Ал-жабр вал-муқобала» асаридан – «Алгебра» атамаси пайдо бўлган. Аҳмад Фарғоний томонидан IX асрда яратилган “Астрономия асослари” фундаментал асарида оламнинг тузилиши, Ернинг ўлчови ҳақидаги дастлабки маълумотлар, сайёрамизнинг шарсимон кўринишга эга экани хусусидаги далиллар мавжуд. Абу Райҳон Беруний геодезия фанига асос солгани боис XI аср бутун дунёда “Беруний асри” деб эътироф этилган. «Медицина» – Абу Али Ҳусайн ибн Синога нисбатан ўша даврдаёқ айтилган «Мададисино» (яъни, «Синонинг мадади») атамасининг ҳосиласи эканини бугунги авлод яхши билади. (Бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин).

2017 йил мамлакатимизда – “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилинди. Йил номига ҳам илмий нуқтаи назардан ёндашсак, унинг пухта ўйланган асосларини кўрамиз. Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қуйидаги сўзлари замирида бу йил номи мазмун-моҳияти ўз ифодасини топган: “Аввало, “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”нинг асосий мақсад ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда, давлат органларининг фуқаролар билан ўзаро муносабатлари юзасидан ёндашувни тубдан қайта кўриб чиқиш зарур. Бу борада аҳоли билан доимий мулоқот қилиш, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишнинг янги механизмлари ва самарали усулларини жорий этишимиз даркор”2.

Жамоатчилик фикри билан ҳисоблашиш масаласи узоқ йиллар турли баҳс-мунозараларга сабаб бўлгани тарихий манбаларда кўп учрайди. Бу ғояни милоддан олдин яшаган Суқрот илгари суриб, ўз шогирдларини ҳақиқатни билишга ундаган. У ҳақиқатни “баҳс орқали, суҳбат йўли билан билиш, англаш мумкин, деган, суҳбатда асосий эътиборни инсон онги ва тафаккурини таҳлил қилишга қаратиш зарурлигини айтган. Ўз даврида бу усул “Суқрот усули” деб аталган”3.

Халқ билан мулоқот – жамоатчилик билан алоқалар асосида жамиятни бошқариш масаласи узоқ ва бой тарихга эга. Уларнинг ижтимоий соҳа сифатида шаклланишида Шарқ мамлакатлари алломалари салмоқли ҳисса қўшганлар. Буюк аждодларимиз қадимда фикрлар хилма-хиллигига, демакки, жамоатчилик билан алоқалар масаласига жиддий эътибор билан қараганлари қатор мақолларда ҳам ўз аксини топган. Кўпдан кўп фикр чиқади, маслаҳатли тўй тарқамас, етти ўлчаб бир кес, оталар сўзи – ақлнинг кўзи, каби мақоллар замирида фикрлашмоқ, маслаҳатлашмоқ, ахборот алмашмоқ, халқ билан мулоқот қилмоқ каби маънолар мужассам.

Шарқ алломалари ижодида халқ билан мулоқот ғояси қанчалик теран акс эттирилганини 1072 йили Маликшоҳ саройида вазирлик қилган Низомулмулкнинг “Сиёсатнома” асарида баён этилган қуйидаги фикрлардан ҳам англаш мумкин: “зарурат бўлмаса, олий мажлисдан ҳеч нима ёзилмайди. Фармоннинг ҳурмати ва куч-қуввати шундай бўлиши керакки, ижро этилмагунча уни ҳеч ким қўлидан қўймасин”4. Демак, бу қадим сиёсат замирида ҳам халқ билан мулоқотнинг ўзига хос жиҳатлари кўрсатилган. Бу фикрлар бугунги ҳаётимиз учун ҳам ғоят қадрлидир.

Қадимда мутафаккир аждодларимиз халқ билан мулоқотнинг амалий ифодаси ҳисобланмиш маслаҳату машварат масаласига алоҳида эътибор билан қараганларини тарихий манбалардан ўқишимиз мумкин. Соҳибқирон Амир Темур ўз “Тузуклари” аввалида пири Зайниддин Тойёбодийнинг мактубидан шундай парча келтиради: “салтанат ишларида тўрт нарсага амал қилгин, яъни, 1) кенгаш; 2) машварату маслаҳат; 3) қатъий қарор; 4) эҳтиёткорлик. Чунки кенгаш ва машваратсиз салтанатнинг барча қилган ишлари ва айтган гаплари нотўғри бўлган жоҳил одамга қиёс қилиш мумкин; унинг айтган сўзлари ва қилган ишлари бошга пушаймонлик ва надомат келтиргай”5.

Бундан тўғри хулоса чиқарган Амир Темур “давлат ишларининг тўққиз улуши кенгаш, тадбир ва машварат”6 билан амалга оширганини таъкидлайди. Мазкур битикларда жамоатчилик билан алоқалар ғояси устувор даражада аҳамият касб этгани кўриниб турибди. Демак, халқ билан мулоқотга оид фан сирларини, унинг тарихий илдизларини буюк аждодларимизнинг мерослари, хусусан, “Темур тузуклари” каби китоблардан ҳам ўқиб-ўрганиш мақсадга мувофиқдир.

Инсон ақли-тафаккури ила кашф этилган жамики фанлар моҳиятан бир-бири билан узвий алоқада равнақ топади. Фалсафа, адабиёт, биология, кимё, тарих, география, математика, физика, геодезия, астрономия, социология, информатика, кибернетика, электроника, генетика каби фанлар мантиқан бир-бири билан чамбарчасдир. Нафақат фан сифатида, ишлаб чиқариш соҳаларида ҳам уларни бир-бирисиз тасаввур этиб бўлмайди. Айтайлик, адабиёт – барча соҳа учун бирдек қадрли. У бутун инсониятнинг маънавий бойлиги, кўнгил мулки! Кимё мўъжизалари кимни ҳайратга солмайди, дейсиз. Табиат қонунларини ўргатувчи физиканинг дахли бўлмаган соҳани кўрсатингчи. Ҳар бир соҳага дахлдор ҳисоб-китоблар ечими математикасиз бўлиши мумкинми? Бутун борлиқ, курраи заминдаги мамлакатлар, уларнинг чегаралари, пойтахтлари, халқлари, иқлими, турфа бойликлари ҳақида аввало география фани орқали тасаввурга эгамиз. Бошқа фанлар ҳам моҳиятан бир-бирига боғланиб кетган.

Халқ билан мулоқот – жамоатчилик билан алоқалар (бу икки иборани баъзи ўринларда моҳиятан – синоним, деб аташ мумкин) масаласига дунё миқёсида катта қизиқиш ва эътибор билан қаралади. Унинг ҳам замонавий илмий асослари яратилган. Бу инглиз тилидан олинган “Rublic Relations” (Паблик рилейшнз, қисқартма номи – PR, пиар, шу соҳа билан шуғулланувчи ходимларни – пиармен, дейишади), яъни, “Жамоатчилик билан алоқалар” фани ҳисобланади.

Жамоатчилик билан алоқалар (PR) илмий асосланишида АҚШлик олим Эдвард Бернайзнинг “Жамоатчилик фикрининг кристаллашуви” дарслиги (1923 йилда чоп этилган) муҳим ўрин тутади. Шу ўринда айтиш жоизки, PR назариётчиларининг аксарияти турли соҳа олимлари бўлиб, улар бу масалага кўпроқ ишлаб чиқариш, иқтисодиёт, менежмент, сиёсий ва бошқа ижтимоий фанлар нуқтаи назардан ёндашганлар.

Жамоатчилик билан алоқаларнинг асосий мақсад-у моҳияти: халқ билан мулоқотни илмий равишда йўлга қўйиш ва уни самарали амалга оширишдан иборат. Ҳаёт воқелигига айланган ана шу фанни сўнгги ўн йилликлар мўъжизаси деб аташ мумкин. Негаки, у бутун моҳият-эътиборига кўра – фанлараро фан ҳисобланади. Амалиётда бу фан ҳар бир соҳа тараққиётига хизмат қилади.

Жамият тараққиётида муҳим омил ҳисобланган жамоатчилик билан алоқаларни назарий жиҳатдан ўрганиш мақсадга мувофиқдир. Назариётчи олим Эдвард Бернайз бу ибора моҳиятини “жамият манфаатлари йўлидаги ҳаракатдир”7 деб таърифлаган. Демак, халқ билан мулоқот – шу жамиятнинг ҳар томонлама ривожланишига кўмаклашади.

Ҳукумат ё бирор ташкилотнинг жамоатчилик билан алоқаларини амалга оширишда оммавий ахборот воситалари муҳим ўрин тутади. “Матбуотнинг ижтимоий моҳияти, асосий функциялари нуқтаи назаридан қараганда унинг яна бир хусусияти – жамоатчилик фикрининг ифодачиси эканлигида яққол кўринади,– деб ёзади Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультети профессори, филология фанлари доктори Мухтор Худойқулов.– Матбуот жамиятнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маданий-маънавий ҳаётини акс эттирар экан ҳамда ижтимоий борлиқ билан ижтимоий онгнинг бир-бирига таъсир кўрсатишида фаол ҳаракат этувчи омил вазифасини бажарар экан, бу борада жамоатчилик фикрига таяниб иш кўради”8.

Адабиётлар таҳлили шуни кўрсатадики, PR тадқиқотчилари унинг тарихига оид жуда кўп фикрларни илгари сурганлар. Шулардан бирига эътиборни қаратамиз: “Биз кўп нарсаларни ривожланган дунёдан кечроқ билдик,– деб ёзади назариётчи Грант Карташян.– Шундай таълим бор эканки, биз биладиган генетика ва кибернетикадан устунроқ. Бу – жамоатчилик билан алоқалардир”9. Халқ билан мулоқот тарихига оид бу каби фикрлар замирида ҳам унинг ранг-баранг қирралари акс этади.

Тараққийпарвар мамлакатларда ҳукумат, нодавлат ташкилотларининг фаолиятлари жамоатчилик билан алоқалар асосида ташкил этилади. Испан файласуфи ва публицисти Ортега Гассет ёзганидек, “Дунёни жамоатчилик фикри бошқаради”10. Юртимизда ҳам аксарият идора ва ташкилотларнинг фаолиятлари жамоатчилик билан алоқалар асосида ташкил этилмоқда.

Бугунги кунда жамоатчилик билан алоқалар масаласи муҳим ижтимоий воқеликка айланган экан, барча соҳаларга дахлдор бўлган бу фан моҳиятини теран англамоқ учун аввало мутахассислар билан мулоқот ўрнатиш зарур. Масалан, қишлоқ ва сув хўжалигини ривожлантиришни истаган киши аввало шу соҳа мутахассислари, деҳқон-фермер хўжалиги вакиллари билан, ОАВни ҳақиқий ҳаёт кўзгусига айлантириш учун журналист-олимлар, ижодкорлар билан мулоқот қилиши мақсадга мувофиқдир.

Собиқ мустабид тузум даврида ҳукумат демократияни таъминлашга хизмат қиладиган PRдан ўз мақсадлари йўлидагина кенг фойдаланишса-да оммавий тусда у таълим муассасаларида ўқитилмас эди. Шу боис у илмий жиҳатдан тадқиқ этилмасди. Сиёсатшунослар эътироф этишича, «СССР таркибида туриб ҳеч қандай миллий равнақ, маънавий тараққиёт хусусида гапириб бўлмас эди. Чунки ёвузлик ва зўравонлик асосига қурилган бу давлат бундай интилишларга асло йўл бермас эди». Бутун бошли жамиятда узоқ вақт ҳукмронлик қилган комфирқа халқ билан ҳисоблашмагани оқибатида барҳам топиб кетди. “Тафаккурдаги эврилиш” китобида муаллиф америкалик адиба Эйн Реднинг қуйидаги фикрини келтиради: «Инсонни фикрсиз қулга айлантирган ёки унинг меҳнати самарасини тортиб оладиган, эркин тафаккур қилишдан маҳрум этадиган ёки ақлга зид ҳаракатларга ундайдиган жамият, мавжуд қонунлари билан инсоннинг табиий талаб-эҳтиёжлари ўртасида қарама-қаршилик келтириб чиқарадиган жамият аслида жамият деб аталишига ҳам арзимайди. У – жиноятчилар тўдаси ёки оломондир»11. Мутахассислар қайд этганидек, Ҳиндистоннинг собиқ раҳбари Индира Ганди “PR – демократиянинг ёғи” деб атаганини эслаш кифоя.

Илғор фикрлар, умумбашарий ғоялар ривожланиши даврида дунёвий фанлардан бири бўлмиш PR амалиёти муҳим ўрин тутмоқда. Юртимизда халқ билан мулоқотга оид тадқиқот ва изланишлар ўз самарасини кўрсата бошлади. Эндиликда юртимиздаги олий ўқув юртларида бу фан сирлари талабаларга чуқур ўргатилмоқда. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультети Жамоатчилик билан алоқалар назарияси ва амалиёти кафедраси профессор-ўқитувчилари ҳам бу мавзуда тадқиқотлар олиб боришмоқда.

Ҳар бир фаннинг аввало мақсад ва вазифаларини илмий жиҳатдан ўрганиш талаб этилади. PRнинг асосий мақсади – халқ билан мулоқот, жамоатчилик билан алоқаларни йўлга қўйиш бўлса, унинг бош вазифаси – ахборот ёрдамида омма фикрини бошқаришдир12.

PR идора ва ташкилотлар билан халқ ўртасида ишончли алоқа ўрнатади. Бундай алоқа:

– фикр алмашиш, муаммолар ва уларнинг ечимларини ўрганиш,

– ахборот олиш ва тарқатиш,

– ўзаро муносабатларни мустаҳкамлаш билан изоҳланади.

Ҳар бир ташкилот ва муассаса фаолияти халқнинг сиёсий, иқтисодий, маърифий ҳамда маданий ҳаётини яхшилашга қаратилган бўлиши шарт. Халқ билан мулоқот ўзига хос тафаккур майдонини вужудга келтирган ҳолда самарали натижаларга эришишга хизмат қилади.

Жамоатчилик билан алоқаларнинг муҳим шартларидан бири – икки томонлама фикр эшитишдир. Яъни, бир томондан аввало ташкилот вакиллари ўз фикрлари, режалари билан таништирса, иккинчи томондан, жамоатчиликнинг унга нисбатан муносабатини тинглаш талаб этилади. Халқ билан мулоқотнинг назарий асосларидан бири шу!

Фикр бир тарафдангина (собиқ мустабид тузум давридагидек фақат давлат томонидан) айтилса, у моҳиятан – бирёқлама тарғибот бўлиб қолади. Халқ билан мулоқот амалиётида идора ва ташкилот вакилларининг одамлар фикрини тинглаб, хулоса чиқариши муҳим ўрин тутади. Бу, кўпдан кўп фикр чиқади, деган нақлга мосдир. Жамоатчилик фикрини ўрганиш – халқ билан мулоқот жараёнида муҳим мезон ҳисобланади.

Халқ билан мулоқотни ривожлантиришда қатор вазифалар (функциялар) вужудга келади. Назариётчи олим Валентин Королько жамоатчилик билан алоқалар қуйидаги 3 та асосий функцияни бажаришини таъкидлайди:

  1. Жамоатчиликнинг фикрини ўрганиш ва уни кузатиш. Халқ билан мулоқот орқали жамоатчилик фикрини ўрганиш ва фақат шу йўл билан унга самарали таъсир кўрсатиш мумкин. Агар жамоатчилик фикри ўз вақтида ўрганилмаса, унда ижобий мақсадга эришилмайди.
  2. Жамоатчилик ҳаракатини кузатиш. Демак, жамоатчиликнинг нафақат фикрини ўрганиш, балки, ҳаракатини ҳам кузатиб бориш муҳимдир. Халқ билан мулоқотни ташкил этувчи масъул ходимлар жамоатчиликнинг у ёки бу ҳаракатларида ўзини қандай тутади, шуни аниқлаб олиши керак. Янги вазиятлар вужудга келган, ижтимоий кайфиятлар ўзгарган сари жамоатчилик ўзини қандай тутмоқда, қай томонга ўзгармоқда, шуни олдиндан билиши тақозо этилади. Бу борада аниқлик ғоят муҳим ўрин тутади.
  3. Идора ва ташкилотлар билан халқ ўртасида икки томонлама манфаатни таъминлаш. Бир томонлама эмас, икки томонлама манфаатни таъминлаб, шунинг натижасида халқ билан ҳамкорликни равнақ топтириш лозим. Бунда ҳамкорликнинг икки томонлама фойдаси бўлади13.

Халқ билан мулоқот жараёнида мана шу учта асосий функцияни тўғри амалга ошириш учун малакали ходимлар (пиарменлар) жуда зарур. Улар бу масъулиятли вазифаларни тўлақонли бажарган сари халқ билан мулоқот – жамиятимизнинг ижтимоий институтига айланиб бораверади.

Давлат бошқарув органлари ва аҳоли, жамоатчилик ва бизнес, ишлаб чиқарувчилар ва истеъмолчилар, шахслар ва ижтимоий гуруҳлар ўртасида алоқалар такомиллашиб боришида халқ билан мулоқот ғоят муҳим мезон ҳисобланади. У демократия равнақ топган мамлакатлардагина ўз самарасини кўрсатади. Айни вақтда халқ билан мулоқот демократияни ривожлантиришга ҳам хизмат қилади. Бугунги кунга келиб эса пиар дунёвий фан сифатида кенг қулоч ёйяётгани боиси ҳам шунда. PR – моҳиятан дунёвий фан сифатида бизнинг ҳам илмий-маънавий хазинамизни бойитишга хизмат қилади.

Халқ билан мулоқотнинг мазмуни, шакли, мақсад ва вазифалари аниқ. Буни Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракат стратегияси лойиҳаси кенг жамоатчилик ўртасида муҳокама қилингани мисолида ҳам кўриш мумкин. Дастуриламал сифатида қабул қилинган ушбу ҳужжат мамлакатимизни истиқболда янада тараққий топтиришнинг асосий йўналишларини белгилаб беради. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати, Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда қатор ташкилотлар ҳамкорлигида Ҳаракат стратегияси лойиҳасини ўрганиш ва муҳокама қилишга бағишланган медиа-ҳафталик (2017 йил 23-27 январь кунлари) ўзига хос мулоқот минбарига айланди.

Бешта асосий йўналишдан иборат бўлган мазкур Ҳаракат стратегияси лойиҳаси юртимизда кечаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш, давлат ва жамият ривожини янги босқичга кўтариш, ҳаётнинг барча соҳасини либераллаштириш, мамлакатимизни модернизация қилиш бўйича энг муҳим устувор йўналишларни амалга ошириш мақсадида ишлаб чиқилган. Лойиҳа Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар таъсирини баҳолаш тизими портали (https://regulation.gov.uz)да фуқароларни ўйлантираётган долзарб масалалар, аҳоли кенг қатлами фикр ҳамда таклифларини комплекс ўрганиш мақсадида жойлаштирилган. Юртдошларимиз шу ҳужжат йўналишларидан келиб чиқиб, ўз таклиф ва мулоҳазаларини фаол билдиришмоқда.

Халқ билан самарали мулоқот ўрнатиш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлигини таъминлаш, давлат хизматлари сифатини ошириш ислоҳотларнинг асосий омили сифатида белгиланган. Жамоатчилик назоратини олиб боришнинг замонавий шаклларини ривожлантириш, ижтимоий шерикликнинг самарасини кучайтириш, фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш, уларнинг ижтимоий ва сиёсий фаоллигини юксалтириш биринчи устувор йўналишни амалга оширишда муҳим ўрин тутади. Ҳаракат стратегиясининг барча йўналишлари тақдимотларидан сўнг мунозаралар ташкил этилди. Унда билдирилган фикр-мулоҳазалар ва таклифлар ўрганилди. Мазкур ҳужжатнинг жамоатчилик, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари иштирокида кенг муҳокама этилиши аҳолининг барча қатлами манфаатларини инобатга олишга хизмат қилади. Албатта, Ҳаракат стратегиясининг қабул қилиниши Ўзбекистоннинг кейинги беш йиллик тараққиётини белгилаб беради.

Мутахассислар фикрича, ошкоралик, ҳақиқат, самимийлик бўлган жойдагина халқ билан мулоқотга ва ўзаро ишончга эришиш мумкин. Халқ билан мулоқот – давлат бошқарув органлари, ташкилотлар, қонун чиқарувчи ҳамда ижро ҳокимиятлари ва жамоатчилик ўртасида алоқа ўрнатишга ёрдам беради. Инглиз олими Сэм Блэк таъбири билан айтганда: «Жамоатчилик билан алоқалар – аниқ, ҳаққоний ахборотларга асосланган, ўзаро бир-бирини тушуниш тўғрисидаги фан ва санъатдир»14.

Халқ манфаатини кўзлаб қилинадиган ҳар қандай саъй-ҳаракатлар зое кетмаслиги учун назариётчи Валентин Корольконинг қуйидаги фикрларини ҳам эътиборга олиш даркор: «PRни хўжакўрсинга ташкил қилмаслик керак. Ҳар қандай йўл билан ўзларига яхши шароит яратиш учун халқни алдаш ва омма ишончини суистеъмол қилиш нохуш оқибатларга олиб келади. Жамиятни қандайдир маълум бир муддат давомида алдаш мумкин. Бирон-бир қисминигина узоқроқ алдаб юриш мумкин. Бутун жамиятни ҳар доим алдаб юриш эса ҳали ҳеч кимга насиб қилмаган»15. Амалий жиҳатдан олиб қаралганда, қайсики соҳада бўлмасин омма ишончини суистеъмол қилиш қандай салбий оқибатларга олиб келгани сир эмас.

Ҳар қандай муносабатлар ўзаро ҳурматга асосланиши зарур. Назариётчи Евгений Пашенцев бу борада шундай фикрни илгари сурган: «Жамоатчилик билан алоқалар – ташкилот ва жамоатчилик ўртасидаги ўзаро ҳурматга асосланган муносабат, бир-бирини англашга хизмат қиладиган муттасил ҳаракатдир»16. Албатта, фикрлар хилма-хиллиги халқ билан мулоқотнинг қамрови нақадар кенглигидан далолат беради.

Халқ билан мулоқот давлат ва жамият, ишлаб чиқарувчилар ва истеъмолчилар ўртасида мустаҳкам алоқа ўрнатади. Бу алоқа – фикр алмашиш, ахборот олиш ва тарқатиш, муносабатларни мустаҳкамлаш билан изоҳланади. Шу тариқа халқ билан мулоқот жамиятни ҳар томонлама ривожлантиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, ҳар қандай идора ва ташкилотнинг халқ билан мулоқоти илмий асосда йўлга қўйилса ва такомиллаштириб борилса, у албатта ижобий самарасини кўрсатаверади.

 

ЎҚИШ ТАВСИЯ ЭТИЛАДИГАН АДАБИЁТЛАР

Ўзбекистон Республикаси қонунлари

  1. Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси –Т.: Ўзбекистон, 2016.
  2. Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги –Т 2014 lex.uz
  3. Ўзбекистон Республикасининг “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги қонуни. Ахборот ва ахборотлаштиришга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўплами. –Т.: Адолат, 2008.
  4. Ўзбекистон Республикасининг “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги (янги таҳрири) қонуни. Ахборот ва ахборотлаштиришга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўплами. –Т.: Адолат, 2008.
  5. Ўзбекистон Республикасининг “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонуни. Ахборот ва ахборотлаштиришга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўплами. –Т.: Адолат, 2008.
  6. Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонуни. //www.lex.uz 2016 йил 14 сентябрь

 Методологик адабиётлар

  1. Мирзиёев Ш.М. Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз. –Т.: Ўзбекистон, 2017. – 488 б.
  2. Мирзиёев Ш.М. Эркин ва фаровон, демократик Ўзбекистон давлатини мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз. //www.uza.uz 14.12.2016
  3. Мирзиёев Ш.М. Жисмоний ва маънавий етук ёшлар – эзгу мақсадларимизга етишда таянчимиз ва суянчимиздир. //www.lex.uz 30.06.2017
  4. Каримов И.А. Ўзбекистон: миллий истиқлoл, иқтисoд, сиёсат, мафкура. Т.1. –Т.: Ўзбекистон, 1996. – 364 б.
  5. Каримов И.А. Биздан oзoд ва oбoд Ватан қoлсин. Т.2. –Т.: Ўзбекистон, 1996. – 380 б.
  6. Каримов И.А. Ватан саждагoҳ каби муқаддасдир. Т.3. –Т.: Ўзбекистон, 1996. – 366 б.
  7. Каримов И.А. Бунёдкoрлик йўлидан. Т.4. –Т.: Ўзбекистон, 1996. – 349 б.
  8. 8. Каримов И.А. Янгича фикрлаш – давр талаби. Т.5. –Т.: Ўзбекистон, 1997. – 384 б.
  9. 9. Каримов И.А. Хавфсизлик ва барқарoр тараққиёт йўлидан. Т.6. –Т.: Ўзбекистон, 1998. – 429 б.
  10. 10. Каримов И.А. Биз келажагимизни ўз қўлимиз билан қурамиз. Т.7. –Т.: Ўзбекистон, 1999. – 410 б.
  11. 11. Каримов И.А. Oзoд ва oбoд Ватан, эркин ва фарoвoн ҳаёт – пирoвард мақсадимиз. Т.8. –Т.: Ўзбекистон, 2000. – 528 б.
  12. 12. Каримов И.А. Ватан равнақи учун ҳар биримиз масъулмиз. Т. 9. –Т.: Ўзбекистон, 2001. – 432 б.
  13. 13. Каримов И.А. Хавфсизлик ва тинчлик учун курашмоқ керак. Т. 10. –Т.: Ўзбекистон, 2002. – 432 б.
  14. 14. Каримов И.А. Биз танлаган йўл – демократик тараққиёт ва маърифий дунё билан ҳамкорлик йўли. Т. 11. –Т.: Ўзбекистон, 2003. – 320.
  15. 15. Каримов И.А. Тинчлик ва хавфсизлигимиз ўз куч-қудратимизга, ҳамжиҳатлигимиз ва қатъий иродамизга боғлиқ. Т. 12. –Т.: Ўзбекистон, 2004. – 400 б.
  16. 16. Каримов И.А. Ўзбек халқи ҳеч қачон, ҳеч кимга қарам бўлмайди. Т. 13. –Т.: Ўзбекистон, 2005. – 448 б.
  17. 17. Каримов И.А. Инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари – олий қадрият. Т. 14. –Т.: Ўзбекистон, 2006. – 280 б.
  18. Каримов И.А. Жамиятни эркинлаштириш, ислоҳотларни чуқурлаштириш, маънавиятимизни юксалтириш ва халқимизнинг ҳаёт даражасини ошириш – барча ишларимизнинг мезон ва мақсадидир. Т. 15. –Т.: Ўзбекистон, 2007. – 320 б.
  19. Каримов И.А. Мамлакатни модернизация қилиш ва иқтисодиётимизни барқарор ривожлантириш йўлида. Т. 16. –Т.: Ўзбекистон, 2008. – 368 б.
  20. Каримов И.А. Ватанимизнинг босқичма-босқич ва барқарор ривожланишини таъминлаш бизнинг олий мақсадимиздир. –Т.17. –Т: Ўзбекистон, 2009. – 280 б.
  21. Каримов И.А. Юксак маънавият – енгилмас куч. –Т.: Маънавият, 2008. – 176 б.
  22. Каримов И.А. Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида. –Т.: Ўзбекистон, 2011. – 440 б.
  23. Каримов И.А. Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш – энг олий саодатдир. –Т.: Ўзбекистон, 2015.
  24. Каримов И.А. Озодлик ҳавосидан тўйиб нафас олган халқ ўз йўлидан ҳеч қачон қайтмайди. –Т.: Ўзбекистон, 2017.

  Асосий адабиётлар

  1. Бекмуродов М. Ўзбекистонда жамоатчилик фикри. –Т.: Фан, 1999.
  2. Блэк С. Введение в паблик рилейшнз. –Ростов-на-Дону, 1998.
  3. Гундарин М.В. Теория и практика связей с общественностью: основы медиа-рилейшнз. Учеб. пособие. –М.: Форум: инфра-м, 2007.
  4. Мўминов Ф.А Паблик рилейшнз: история и теория –Т.: Ижод дунёси, 2004
  5. Ҳусанов М. Матбуот хизматлари фаолиятини ташкил этиш бўйича қўлланма –Т.: Адолат, 2006
  6. Эшбеков Т Жамоатчилик билан алоқалар ва ахборот хизматлари. Ўқув қўлланма. –Т.: ЎзМУ, 2012.
  7. Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним! Услубий қўлланма. Эшбеков Т. ва бошқ. –Т.: Маънавият, 2017.

 Қўшимча адабиётлар

  1. Луғат-маълумотнома: Журналистика. Реклама. Паблик рилейшнз. 1700 атама. /Нестеренко Ф. ва бошқ. –Т.: Зар қалам, 2003.
  2. Миралимов Ш., Эшбеков Т Журналистика, маънавият, жамият Ўқув қўлланма –Т.: Ўзбекистон, 2010

 Интернет-манбалар

  1. ziyonet.uz – Ўзбекистон таълим ахборот тармоғи
  2. uza.uz
  3. gov.uz
  4. lex.uz
  5. uchildiz.uz

Тўлқин Эшбековнинг “МУЛОҚОТ МАЙДОНИДА АХБОРОТ ХИЗМАТЛАРИНИНГ ЎРНИ” Илмий-оммабоп рисоласидан

———————————————————————————————————-

1 Қаранг: Каримов И.А. “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзусидаги халқаро конференциянинг очилиш маросимидаги нутқи. /Халқ сўзи, 2014 йил 16 май.

2 Мирзиёев Ш. Қонун устуворлиги ва инсон манфаатларини таъминлаш – юрт тараққиёти ва халқ фаровонлигининг гарови. //Халқ сўзи, 2016 й. 8 декабрь.

3 Педагогика тарихи. А.Зуннунов, М.Хайруллаев ва бошқалар. –Т.: Шарқ, 2000, –Б. 175.

4 Низомулмулк. Сиёсатнома ёки сияр ул-мулк. Т.: Адолат, 1997. –Б. 77.

5 Темур тузуклари. –Т.: Ғафур Ғулом номидаги нашриёт матбаа бирлашмаси. 1991. –Б. 14.

6 Ўша асар. –Б.15.

7 Berneys E. L. The Later Years. Public Relations Insights 1956-1986.-Rhinebeck: Free Press, 1986.-P.12.

8 Худойқулов М. Оммавий ахборот воситалари назарияси. –Т.: Университет, 1999. –Б. 37.

9 Блэк С. Введение в паблик рилейшнз. Ростов-на-Дону, 1998. –С. 5.

10 Қаранг: Холиқов Қ. Жамоатчилик фикри. //Фидокор, 2005, 28 июнь.

11 Қаранг: Жўраев Н. Тафаккурдаги эврилиш. Т.: Шарқ, 2001. 41-б.

12 Мўминов Ф.А.Паблик рилейшнз: история и теория. –Т.: Ижод дунёси, 2004.–Б. 83.

13 Королько В.Г. Основы паблик рилейшнз. –Киев.: Ваклер, 2000.–Б. 11-12.

14 Блэк С. Введение в паблик рилейшнз. Ростов-на-Дону, 1998. –Б. 10.

15 Королько В.Г. Основы паблик рилейшнз. –Киев.: Ваклер, 2000.–Б. 11-12.

16 Пашенцев Е.Н. Паблик рилейшнз: от бизнеса до политики. –М.: Р.Бук. 2001. –Б. 5.

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>