Ахборот хизмати (3)

3-мавзу: Ташкилотнинг жамоатчилик билан муносабатлари

ах2

Жамиятда халқ билан мулоқотни ривожлантириш ҳақида сўз борар экан, аввало ҳар бир ташкилотнинг жамоатчилигини аниқлаб олиши зарур. Бунинг учун оддий кузатишлар кифоя.

Хўш, ташкилотнинг жамоатчилиги деганда кимлар назарда тутилади?

Одамлар қайсики соҳа истеъмолчиси бўлса, улар ўша соҳа ё тизимнинг жамоатчилиги ҳисобланади. Масалан, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги жамоатчилиги – деҳқон-фермерлар, боғбонлар, чорвадорлар, соҳа олимлари ва бошқа манфаатдор кишилардир.

Телефон ё почта хизматидан фойдаланаётган истеъмолчилар Ўзбекистон почта ва телекоммуникациялар агентлиги жамоатчилиги ҳисобланади.

Пенсионерлар, ёш болали оналар, турли ногиронлар Меҳнат ва ижтимоий таъминот вазирлигининг жамоатчилигидир.

Шифохонага тушган беморлар шак-шубҳасиз Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилигини ташкил қиладилар. Беморлардан ташқари соғлом кишилар ўртасида тиббиёт ходимлари тушунтириш ё профилактик ишларни амалга оширяптими, демак, ундан манфаатдор одамлар ҳам вазирлик жамоатчилиги ҳисобланади.

Мактаб ўқувчилари ва қолаверса уларнинг ота-оналари республика Халқ таълими вазирлиги ҳамда вилоят, шаҳар, туман бошқармалари жамоатчилиги ҳисобланади.

Талабалар ва ота-оналари – Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг жамоатчилигини ташкил этадилар.

Демак, фуқаро қайсики соҳадан манфаатдор бўлса, у республика, вилоят, шаҳар ва туманларда шу соҳа мутасадди ташкилотларининг жамоатчилиги ҳисобланади.

Айни пайтда инсон ҳар куни қатор ташкилотларнинг жамоатчилигига айланиши ҳам табиий. Айтайлик, у маҳалласида – ўша ҳудуддаги фуқаролар йиғини жамоатчилиги ҳисобланади. Автобусга чиққанида автотранспорт ташкилоти, дўконга кирганида савдо ташкилоти, телефонда сўзлашганида алоқа тармоғи ва ҳоказо ташкилотларнинг жамоатчилигига айланаверади.

Шу ўринда “жамоатчилик” билан “жамоа аъзоси” деган тушунчаларга ҳам ойдинлик киритиш зарур. Юқорида, инсон қайсики соҳа истеъмолчиси бўлса, у ўша соҳа жамоатчилиги ҳисобланади, дедик. Айни пайтда муайян соҳада фаолият кўрсатаётганлар ҳам ўша ташкилот жамоаси аъзоси, ҳам унинг жамоатчилиги бўлади. Масалан, таълим муассасасида фаолият кўрсатаётган ўқитувчи биринчи галда ўша муассаса жамоаси аъзосидир. Жамоа аъзоси – масъул ходим сифатида аввало ўша таълим муассасаси топшириқларини бажаради. Иккинчи жиҳатдан, у ҳам жамоатчилик вакили бўлиши ва юқори ташкилоти (вазирлиги, қўмитаси, уюшмаси) фаолиятига ўз муносабати, таклифларини билдиришлари мумкин.

Эътибор берган бўлсангиз, оддий милиция ходимларининг кийим-бошларида Ички ишлари вазирлиги эмблемаси ва унинг тагида “ИИВ” деган ёзув бор. Бу – ўша ходимнинг ИИВ тизими ходими деган маънони англатади. Демак, милиция ходими аввало ИИВ тизими (жамоаси) аъзоси ҳисобланиб, вазирлик буйруқларини, топшириқларни бажаради.

Тажрибали милиция ходимидан соҳани янада ривожлантиришга оид фикр сўрасангиз, у ўз билим ва тажрибаларидан келиб чиққан ҳолда таклифлар билдириши мумкин. Бу ўринда у шу соҳа жамоатчилиги қатори муносабат билдирган ҳисобланади. Айтиш жоизки, ҳар бир соҳани ривожлантиришда тажрибали мутахассис-кадрларнинг фикрлари ғоят қимматлидир.

Ташкилотнинг жамоатчилик билан алоқаларини йўлга қўйишга хизмат қиладиган ахборот хизмати аввало ўша жамоатчиликни аниқлаб олиши ва муттасил равишда уларнинг фикрларини ўрганиб бориши лозим.

Ҳар бир ташкилот ўз жамоатчилиги билан кучли. Ўша кучга амалда эришмоғи учун ахборот хизмати биринчи галда ташкилот фаолиятига оид ахборотларни муттасил оммага етказиб туриши зарур. Шу билан бир қаторда жамоатчиликнинг тегишли соҳалар ҳақидаги фикрларини ўрганиб, ундан ташкилот мутасаддиларини хабардор қилиб боришлари лозим. Ахборот хизматининг асосий вазифаларидан бири шу.

Одамларнинг фикрлари, таклифларини ўрганиб бормаган ёки беэътибор қолдирган, улар билан етарли даражада алоқа ўрнатмаган ташкилот фаолияти заифлашиб, сустлашиб қолаверади.

Жамоатчилик билан алоқаларда энг муҳими – ҳақиқатни гапириш. Агар Ахборот хизмати ходими ташкилот номидан ёлғон хабар тарқатса, унга зарар келтиради. Одамлар рост билан ёлғоннинг фарқини яхши англаб етадилар. Саломга қараб алик, деганларидек, алдамчилик қилганларга одамлар ишонмай қўяди. Ишончдан қолган ташкилотга нисбатан муносабатлар ижобий бўлиши қийин. Башарти, ёлғон хабар тарқатган шахс хатосини англаб етган тақдирда нима қилмоғи керак? Албатта, ўша хатосини тан олиб, халқдан кечирим сўраши зарур. Қайси ОАВ орқали ёлғон хабар тарқатган бўлса, айнан ўша орқали узрини айтиши лозим. Бағри кенг халқ кечиримли бўлади, унга имкон беради.

Қайсики ташкилот жамоатчилик билан алоқаларни узвий равишда йўлга қўймаса, унинг фаол жамоатчилиги бўлмайди. Яъни, одамлар уни ташкилот сифатида тан олмайди, зарур пайтда қўллаб-қувватламайди.

Жамоатчилик билан алоқалар одамларни ишонтириш санъати билан амалга оширилади. Ишончга қандай эришилади? Бунинг усули оддий. Яъни, одамларга эътиборли бўлиш, уларга берилган ваъданинг устидан чиқиш, ишини амалда кўрсатиш, сўзини исботлаш орқалигина халқнинг ишончига сазовор бўлиш мумкин. Айтиш жоизки, жамоатчилик эътиборини муттасил қозониб келаётган ташкилотлар талайгина. Афсуски, фаолияти ҳаминқадар, жамоатчилик билан алоқалари қониқарсиз ташкилотлар ҳам йўқ эмас…

Қайсидир ташкилотнинг жамоатчилигини кўпсонли фуқаролар ташкил этадилар, бошқасини эса нисбатан камроқ. Биз бу борада кенгроқ тасаввурга эга бўлиш мақсадида олий вакиллик органимиз – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси жамоатчилиги билан танишамиз. Унинг жамоатчилигини бутун мамлакатимиз халқи, ҳатто чет элларда фаолият кўрсатишаётган элчиларимиз, ишбилармонларимиз ва хориж таълим муассасаларида таҳсил олишаётган ватандошларгача ташкил этади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 76-моддаси биринчи бандида: “Ўзбекистон Республикасининг Олий Мажлиси олий давлат вакиллик органи бўлиб, қонун чиқарувчи ҳокимиятни амалга оширади”1 деб белгиланган. Ривожланган мамлакатлар парламентлари фаолиятида жамоатчилик билан алоқалар муҳим ўрин тутади. Буни “парламент” сўзининг луғавий маъноси – французча “парле” – баҳс-мунозара, “мент” – жой, ўрин деган маънони англатишидан ҳам англаш мумкин. “Олий вакиллик органлари бир неча мамлакатларда, жумладан, Англия, Франция, Италия, Канада, Бельгияда тўғридан-тўғри парламент деб аталади”2.

Жамоатчилик билан алоқалар ҳар бир депутат, қолаверса, бутун Олий Мажлис фаолиятида у ёки бу шаклларда намоён бўлади. У ОАВда ўз аксини топади. Матбуотдаги жамоатчилик баҳс-мунозараси орқали хилма-хил фикрлар аниқланади. Бу билан мақбул таклифлар ўрганилиши учун замин яратилади.

ОАВ ва тегишли Ахборот хизматлари икки палатали парламентимизнинг жамоатчилик билан алоқаларини йўлга қўйишга хизмат қилади. Унда бир томондан, парламент фаолияти, Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзоларининг фикр-мулоҳазалари, ўтказиладиган тадбирлар ёритилса, иккинчи томондан, жамоатчилик фикри мунтазам равишда ўз ифодасини топади. Бу борада назариётчиларнинг “Ҳар бир публикация, ҳар бир босма материал, ҳар бир босма сўз маълум бир аниқ мақсадларни назарда тутаётган, мувофиқлаштирган дастурнинг қисми бўлиши зарур”3, деган фикрлари эътиборга моликдир.

Парламент фаолияти қонунлар чиқариш билан бир қаторда жамоатчилик билан алоқалари жараёнида ҳам намоён бўлади. Бу ваколатлар эса тегишли қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган.

Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон декларацияси 21-моддасида: “Ҳар бир инсон бевосита ёки эркинлик билан сайланган вакиллари воситасида ўз мамлакатини бошқаришда иштирок этиш ҳуқуқига эгадир”4 деб ёзилган. Шунга монанд Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 32-моддаси биринчи бандида “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар. Бундай иштирок этиш ўзини ўзи бошқариш, референдумлар ўтказиш ва давлат органларини демократик тарзда ташкил этиш, шунингдек давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ривожлантириш ва такомиллаштириш йўли билан амалга оширилади”5, деб белгилаб қўйилган. Демак, ҳар бир фуқаро ўз тақдирини ўзи белгилаш масаласи тегишли ҳуқуқий ҳужжатларда акс этган. Қонун чиқарувчи ҳокимият мамлакатимизда сайловлар йўли билан шаклланар экан, айтиш мумкинки, Олий Мажлиснинг жамоатчилиги – барча сайловчилар, шунингдек, ўша сайловчилар ортида турган оила аъзолари ҳамдир.

Бугунги кунда парламентимизнинг фаолияти бутун жамиятимиз ҳаётига қанчалик дахлдор эканлигини Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 14 декабрь куни Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги нутқида илгари сурилган қуйидаги ғоялардан ҳам билиш мумкин: “Мамлакатимиз Асосий Қонунининг 78-моддасига мувофиқ, мамлакатни модернизация қилиш, жамиятимизни ислоҳ этиш ва демократлаштиришни таъминлашда муҳим ўрин ва жавобгарлик Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатига юкланган.

Бунинг учун учта вазифани амалга ошириш зарур.

Биринчи вазифа — 2016 йил 7 декабрдаги тантанали мажлисда белгилаб берилган топшириқларнинг аниқ бажарилишини таъминлаш керак.

Хабарингиз бор, мен Конституциямиз қабул қилинган кунга бағишлаб ўтказилган ўша йиғилишда депутатлар ва сенаторларга бир таклиф билан мурожаат қилган эдим. Яъни парламент ва жамоатчилик назоратининг таъсирчан механизмларини шакллантириш мақсадида шаҳар ва туманларда ҳақиқий аҳволни ўрганиб, тегишли раҳбарларнинг ҳисоботини халқ депутатлари Кенгашлари сессияси муҳокамасига киритиш тартибини жорий этишни таклиф этган эдим.

Бунинг учун ҳар қайси вилоятдан сайланган Олий Мажлис депутатлари ва сенаторлар ҳар ойда 10-12 кун давомида бир туманда бўлиб, ҳокимият идоралари, прокуратура ва ички ишлар бўлимининг фаолиятини пухта ўрганиб, таҳлил қилиши ҳамда тегишли хулоса беришлари лозим бўлади. Шу асосда ҳурматли Спикер ва Сенат Раиси жойларда ўзлари бош бўлиб, маҳаллий Кенгашларда ана шундай муҳокамалар ўтказиш тизими жорий этилса, бу ишлар эртага, албатта, ўзининг ижобий самарасини беради”6.

Парламентимизнинг жамоатчилиги – бутун халқимиз экан, демак айнан халқ билан мулоқотни доимий равишда йўлга қўйишда Олий Мажлисимиз бу жараёнда ҳам ибрат кўрсатишига умид қилишга ҳақлимиз.

Қиёсан олиб қаралганда, жамоатчилик бамисоли – табиатга ўхшайди. Табиат бағрида инсон яшайди. Жамоатчилик бағрида ташкилот, соҳа ривож топади. Шу нуқтаи назардан қаралганда қонун чиқарувчи ҳокимият – Олий Мажлис ўз жамоатчилиги билан кучли. У ана шу кучга халқ билан бирлиги натижасида эришади. Бунинг ёрқин йўли – халқ билан мулоқотдир!

Депутатлар вақти-вақти билан ўз сайловчилари билан учрашадилар. Улар учрашувда Олий Мажлис вакили сифатида сўз айтиши маълум. Ўз навбатида депутатлар жамоатчилик фикрларини ўрганадилар. Ҳар бир сайловчи қонун чиқарувчи ҳокимият фаолиятига ўз депутати орқали дахлдор. Парламент томонидан қонун лойиҳаси эълон қилинишидан тортиб, унинг муҳокамасида аҳолининг деярли барча қатламлари иштирок этади. Жамоатчилик билан алоқалар мамлакат қонун чиқарувчи ҳокимиятининг функцияларидан бирига айланган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмиталари ва комиссиялари қонун лойиҳаларини ишлаб чиқадилар, ишчи гуруҳлари тузиб, ўз хулосаларини берадилар, қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга бўлган субъектлар томонидан киритилган қонун лойиҳаларини сессияда кўриб чиқишга жиддий ҳозирлик кўрадилар ва муҳим қарорлар тайёрлашда иштирок этадилар. Кўриниб турибдики, бу жараёнларда жамоатчилик билан ҳар томонлама алоқалар ўрнатилади.

Ишчи гуруҳлари, мутахассислар жалб этилиши, уларнинг фаолиятлари тўғрисида ОАВ орқали кенг жамоатчиликка ахборот берилиши, қолаверса, ўша қонун лойиҳаларининг матбуотда эълон қилиниши, муҳокама этилиши – жамоатчилик билан алоқаларнинг ўзига хос кўринишидир. Олий Мажлис қўмиталари ва комиссиялари ўз фаолиятларини (жойларда ўтказиладиган мулоқотлар, суҳбатлар, турли тадбирлар орқали) халқ билан узвий алоқада амалга оширмоқда.

Қонунчилик ҳокимияти ролини ва таъсирини кучайтириш аҳолининг мамлакат ижтимоий ва сиёсий ҳаётидаги иштироки кўламини янада кенгайтиришга7 хизмат қилади. Бу парламентнинг жамоатчилик билан алоқаларида ўз ифодасини топади. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламентининг 5-моддасига кўра, “Қонунчилик палатасининг фаолияти масалаларни биргаликда ва эркин муҳокама қилишга, ошкораликка, жамоатчилик фикрини ҳисобга олишга асосланади”8.

Регламентнинг 34-, 50-моддаларига кўра Кенгаш ҳамда Комиссия мажлисларига давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари, илмий муассасаларнинг вакиллари, мутахассис ва олимлар, матбуот органлари, телевидение, радио ва бошқа оммавий ахборот воситаларининг вакиллари таклиф қилиниши мумкин9. Мазкур ҳужжатлардан ҳам кўриниб турибдики, қонун чиқарувчи ҳокимиятнинг фаолиятида жамоатчилик билан алоқалар муҳим ўрин тутади. Парламентнинг ўз жамоатчилиги билан алоқалари кўлами қай даражада эканлигини ОАВда ёритилаётган мақолалар, телекўрсатув ва радиоэшиттиришлар мисолида баҳолаш мумкин. Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзоларининг ОАВда чиқишлари янада фаоллашаётгани кузатилмоқда.

Икки палатали парламент фаолиятини жамоатчилик билан алоқаларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Бундай эволюцион юксалиш изчил давом этгани сайин унинг самараси намоён бўлаверади.

Олий Мажлис ўз аудиторияси билан алоқаларини кенг йўлга қўйиши учун Ахборот хизмати ходими моҳир ташкилотчи ва етук журналист бўлиши лозим. Назариётчилари фикрича, “Топшириқларни ўз вақтида бажариш, ўзига хос услубни йўқотмаслик, аудиторияга мурожаат қилиш – ҳар бир оммавий ахборот воситаси тавсифидир ва буни бажариш ҳар бир Ахборот хизмати ходими ишининг муҳим томони ҳисобланади”10. Шунга монанд бугунги кунда телевидение, радио ва газеталарда ёритилаётган мавзулар замирида жамоатчилик фикри атрофлича ифода этилаётир.

Халқимизнинг парламентга муносабати қай даражада эканлигини ОАВ орқали англаш мумкин. Одамларнинг олий вакиллик органига нисбатан билдирган фикрлари ҳам амалда у билан муносабатини кўрсатади. Қонун лойиҳаларини тайёрлашда жамоатчилик иштироки тегишли қонунларда белгилаб қўйилган. “Ўзбекистон Республикаси Қонунларини тайёрлаш тўғрисида”ги Қонуннинг 3-моддасида “Қонун лойиҳаларини тайёрлаш ошкоралик, жамоатчилик фикрини ўрганиш ва ҳисобга олиш асосида, Олий Мажлис депутатлари, партия фракциялари (блоклари), давлат органлари ва жамоат бирлашмаларининг иштирокида амалга оширилади. Лойиҳаларни тайёрлашга илмий муассасалар, ўқув юртлари, олимлар, халқ хўжалиги тегишли тармоқларининг мутахассислари ва юридик хизматлари жалб этилади”11, деб белгилаб қўйилган. Мазкур жараёнларнинг бугунги босқичи ва навбатдаги муаммоларни ҳал этишга қаратилган ғоялар давлатимиз раҳбарининг қуйидаги сўзларида ўз ифодасини топган:

“Қонунларнинг мазмун-моҳиятини халқимизга етказишда Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларида битта-иккита мақола ёки кўрсатув билан чекланиш мумкин эмас. Қабул қилинган қонунларни атрофлича муҳокама қилиш, юртдошларимизнинг уларга муносабатини ифода этадиган таҳлилий материаллар, кўрсатув ва эшиттиришлар, афсуски, жуда кам.

Янги қабул қилинган қонунлар, фармон ва қарорларнинг асосий маъносини аҳолига етказиш бўйича самарали механизм яратиш керак”12.

Бу самарали механизм – халқ билан мулоқот эканлиги Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг нутқлари, турли соҳа вакиллари билан суҳбатларида ўз ифодасини топмоқда, албатта.

Ҳар қандай мақсад аввало аниқ бўлиши керак. Аниқлик – муаммоларни ҳал этишда муҳим аҳамият касб этади. Халқ билан мулоқот самарали бўлиши учун аввало ҳар бир Ахборот хизмати ходими ўз ташкилоти жамоатчилигини аниқлаб олиши ва ишни уларнинг дард-у муаммоларини теран нигоҳ билан ўрганишдан бошлаши ғоят самарали бўлади.

 

ЎҚИШ ТАВСИЯ ЭТИЛАДИГАН АДАБИЁТЛАР

  1. Ўзбекистон Республикаси қонунлари
  2. Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси –Т.: Ўзбекистон, 2016.
  3. Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги –Т 2014 lex.uz
  4. Ўзбекистон Республикасининг “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги қонуни. Ахборот ва ахборотлаштиришга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўплами. –Т.: Адолат, 2008.
  5. Ўзбекистон Республикасининг “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги (янги таҳрири) қонуни. Ахборот ва ахборотлаштиришга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўплами. –Т.: Адолат, 2008.
  6. Ўзбекистон Республикасининг “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонуни. Ахборот ва ахборотлаштиришга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўплами. –Т.: Адолат, 2008.
  7. Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонуни. //www.lex.uz 2016 йил 14 сентябрь

 Методологик адабиётлар

  1. Мирзиёев Ш.М. Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз. –Т.: Ўзбекистон, 2017. – 488 б.
  2. Мирзиёев Ш.М. Эркин ва фаровон, демократик Ўзбекистон давлатини мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз. //www.uza.uz 14.12.2016
  3. Мирзиёев Ш.М. Жисмоний ва маънавий етук ёшлар – эзгу мақсадларимизга етишда таянчимиз ва суянчимиздир. //www.lex.uz 30.06.2017
  4. Каримов И.А. Ўзбекистон: миллий истиқлoл, иқтисoд, сиёсат, мафкура. Т.1. –Т.: Ўзбекистон, 1996. – 364 б.
  5. Каримов И.А. Биздан oзoд ва oбoд Ватан қoлсин. Т.2. –Т.: Ўзбекистон, 1996. – 380 б.
  6. Каримов И.А. Ватан саждагoҳ каби муқаддасдир. Т.3. –Т.: Ўзбекистон, 1996. – 366 б.
  7. Каримов И.А. Бунёдкoрлик йўлидан. Т.4. –Т.: Ўзбекистон, 1996. – 349 б.
  8. 8. Каримов И.А. Янгича фикрлаш – давр талаби. Т.5. –Т.: Ўзбекистон, 1997. – 384 б.
  9. 9. Каримов И.А. Хавфсизлик ва барқарoр тараққиёт йўлидан. Т.6. –Т.: Ўзбекистон, 1998. – 429 б.
  10. 10. Каримов И.А. Биз келажагимизни ўз қўлимиз билан қурамиз. Т.7. –Т.: Ўзбекистон, 1999. – 410 б.
  11. 11. Каримов И.А. Oзoд ва oбoд Ватан, эркин ва фарoвoн ҳаёт – пирoвард мақсадимиз. Т.8. –Т.: Ўзбекистон, 2000. – 528 б.
  12. 12. Каримов И.А. Ватан равнақи учун ҳар биримиз масъулмиз. Т. 9. –Т.: Ўзбекистон, 2001. – 432 б.
  13. 13. Каримов И.А. Хавфсизлик ва тинчлик учун курашмоқ керак. Т. 10. –Т.: Ўзбекистон, 2002. – 432 б.
  14. 14. Каримов И.А. Биз танлаган йўл – демократик тараққиёт ва маърифий дунё билан ҳамкорлик йўли. Т. 11. –Т.: Ўзбекистон, 2003. – 320.
  15. 15. Каримов И.А. Тинчлик ва хавфсизлигимиз ўз куч-қудратимизга, ҳамжиҳатлигимиз ва қатъий иродамизга боғлиқ. Т. 12. –Т.: Ўзбекистон, 2004. – 400 б.
  16. 16. Каримов И.А. Ўзбек халқи ҳеч қачон, ҳеч кимга қарам бўлмайди. Т. 13. –Т.: Ўзбекистон, 2005. – 448 б.
  17. 17. Каримов И.А. Инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари – олий қадрият. Т. 14. –Т.: Ўзбекистон, 2006. – 280 б.
  18. Каримов И.А. Жамиятни эркинлаштириш, ислоҳотларни чуқурлаштириш, маънавиятимизни юксалтириш ва халқимизнинг ҳаёт даражасини ошириш – барча ишларимизнинг мезон ва мақсадидир. Т. 15. –Т.: Ўзбекистон, 2007. – 320 б.
  19. Каримов И.А. Мамлакатни модернизация қилиш ва иқтисодиётимизни барқарор ривожлантириш йўлида. Т. 16. –Т.: Ўзбекистон, 2008. – 368 б.
  20. Каримов И.А. Ватанимизнинг босқичма-босқич ва барқарор ривожланишини таъминлаш бизнинг олий мақсадимиздир. –Т.17. –Т: Ўзбекистон, 2009. – 280 б.
  21. Каримов И.А. Юксак маънавият – енгилмас куч. –Т.: Маънавият, 2008. – 176 б.
  22. Каримов И.А. Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида. –Т.: Ўзбекистон, 2011. – 440 б.
  23. Каримов И.А. Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш – энг олий саодатдир. –Т.: Ўзбекистон, 2015.
  24. Каримов И.А. Озодлик ҳавосидан тўйиб нафас олган халқ ўз йўлидан ҳеч қачон қайтмайди. –Т.: Ўзбекистон, 2017.

III. Асосий адабиётлар

  1. Бекмуродов М. Ўзбекистонда жамоатчилик фикри. –Т.: Фан, 1999.
  2. Блэк С. Введение в паблик рилейшнз. –Ростов-на-Дону, 1998.
  3. Гундарин М.В. Теория и практика связей с общественностью: основы медиа-рилейшнз. Учеб. пособие. –М.: Форум: инфра-м, 2007.
  4. Мўминов Ф.А Паблик рилейшнз: история и теория –Т.: Ижод дунёси, 2004
  5. Ҳусанов М. Матбуот хизматлари фаолиятини ташкил этиш бўйича қўлланма –Т.: Адолат, 2006
  6. Эшбеков Т Жамоатчилик билан алоқалар ва ахборот хизматлари. Ўқув қўлланма. –Т.: ЎзМУ, 2012.
  7. Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним! Услубий қўлланма. Эшбеков Т. ва бошқ. –Т.: Маънавият, 2017.

 Қўшимча адабиётлар

  1. Луғат-маълумотнома: Журналистика. Реклама. Паблик рилейшнз. 1700 атама. /Нестеренко Ф. ва бошқ. –Т.: Зар қалам, 2003.
  2. Миралимов Ш., Эшбеков Т Журналистика, маънавият, жамият Ўқув қўлланма –Т.: Ўзбекистон, 2010

 Интернет-манбалар

  1. ziyonet.uz – Ўзбекистон таълим ахборот тармоғи
  2. uza.uz
  3. gov.uz
  4. lex.uz
  5. uchildiz.uz

 

Тўлқин Эшбековнинг “МУЛОҚОТ МАЙДОНИДА АХБОРОТ ХИЗМАТЛАРИНИНГ ЎРНИ” Илмий-оммабоп рисоласидан

________________________________________________________

1  Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси. –Т.: Ўзбекистон, 2016. Б. 44.

2 Азизхўжаев А., Ҳусанов О., Азизов Х. Конституциявий ҳуқуқ. –Т.: Академия, 2001. Б. 76.

3 Катлип С.М., Сентер А.Х., Брум Г.М. Паблик рилейшнз. Назария ва амалиёт. –М.: Вильямс, 2003. Б. 323.

4 Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон декларациясига шарҳлар. –Т.: Адолат, 1999. Б.51.

5 Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси. –Т.: Ўзбекистон, 2016. Б. 13.

6 Мирзиёев Ш. Эркин ва фаровон, демократик ўзбекистон давлатини мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз. //Халқ сўзи, 2016 й. 15 декабрь.

7 Қаранг: Каримов И.А. Бизнинг бош мақсадимиз – жамиятни демократлаштириш ва янгилаш, мамлакатни модернизация қилиш ва ислоҳ этишдир. –Т.: Ўзбекистон, 2005. Б. 38.

8 Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти. –Т.: 2005. Б. 2.

9 Қаранг: ўша жойда. Б. 8.

10 Катлип С.М., Сентер А.Х., Брум Г.М. Паблик рилейшнз. Назария ва амалиёт.– М.: «Вильямс» нашриёт уйи, 2003. Б. 362.

11 «Ўзбекистон Республикаси Қонунларини тайёрлаш тўғрисида»ги Қонун. //Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997. 9-сон.

12 Мирзиёев Ш. Қонун устуворлиги ва инсон манфаатларини таъминлаш – юрт тараққиёти ва халқ фаровонлигининг гарови. //Халқ сўзи, 2016 й. 8 декабрь.

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>