Ахборот хизмати (4)

4-мавзу: МУЛОҚОТНИНГ АХЛОҚИЙ МЕЪЁРЛАРИ

икбол

2017 йил мамлакатимизда «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» деб эълон қилинди. Йилнинг бундай номланиши моҳияти муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг маърузаларида теран очиб берилди. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “ҳаммамиз тушунамизки, халқ билан мулоқот, одамларнинг ичига кириш, уларнинг дарду ташвишлари билан яшаш, инсон манфаатларини таъминлаш, бу – биз учун фақат бир йиллик иш эмас. Бу масала келгуси беш йиллик фаолиятимизда ҳам энг устувор вазифа бўлиб қолади ва бу ҳақиқатни ҳаммамиз чуқур тушуниб, яхши англаб олишимиз шарт. Чунки биз юртимизда янги давлат, янги жамият қуриш йўлида қандай иш қилсак, уларнинг барчасини халқимиз билан бамаслаҳат қиламиз”1.

Халқ билан муносабатларда аввало самимият, ишонч, ҳурмат-эҳтиром туйғулари нечоғли муҳим ўрин тутишини давлатимиз раҳбарининг қуйидаги сўзларидан ҳам англаш мумкин:

“Ҳаммамизни тарбиялаган, вояга етказган – шу халқ. Барчамизга туз-насиба берган ҳам – шу халқ. Бизга ишонч билдирган, раҳбар қилиб сайлаган ҳам айнан шу халқ.

Шундай экан, биз, биринчи навбатда, ким билан мулоқот қилишимиз керак – одамларимиз билан.

Ким билан бамаслаҳат иш тутишимиз керак – аввало, халқимиз билан. Шунда халқимиз биздан рози бўлади.

Халқ рози бўлса, ишимизда унум ва барака бўлади.

Халқ биздан рози бўлса, Яратган ҳам биздан рози бўлади.

Шу маънода, буюк Алишер Навоий бобомизнинг «Одамий эрсанг, демагил одами, Ониким, йўқ халқ ғамидин ғами» деган сатрларида қанчалик чуқур ҳаётий ҳикмат, фалсафа бор. Яъни бу дунёда инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш – одамийликнинг энг олий мезонидир, халқнинг ғамидан узоқ бўлган инсонни одам қаторига қўшиб бўлмайди, деб таъкидламоқда улуғ бобомиз.

Бу ўлмас сатрлар бизнинг бугунги ҳаётимиз билан, бизнинг орзу-интилиш ва амалий ҳаракатларимиз билан нақадар ҳамоҳанг экани одамни ҳайратга солади”2.

Муомала маданияти – энг муҳим ахлоқий қадриятлардан ҳисобланиши этика фанида асослаб берилган. Халқ билан мулоқотда аввало шунга амал қилиш лозим. Бу жараёнда ахлоқий меъёрлар муҳим ўрин тутади. Чунки, турли ташкилот вакиллари билан уларнинг жамоатчилиги ўртасида фикр алмашишлари маълум бир ахлоқий меъёрларни талаб этади. Ҳар қандай мулоқотнинг ахлоқий асослари тегишли бўлган кодексларда ўз ифодасини топган. Бу асосан этика фани билан боғлиқ. Этика – ахлоқ ҳақидаги фан. У ижтимоий гуруҳлар, ташкилотлар, шунингдек, шахс ва жамият ўртасидаги маънавий-ахлоқий ҳамда ўзаро муносабатларни маърифий шакллантиришга хизмат қилади. Бу фан одамзотни инсоний ҳолатида сақлаб турадиган соҳалардан бири. У икки йўналишда намоён бўлади. Яъни, ҳақиқий ахлоқ – хулқ ҳақидаги фан ҳамда иккинчиси, инсон қандай қилиб ўзини тута билиши кераклигини ўргатади.

Маълумки, ҳар бир идора ва ташкилотнинг халқ билан мулоқотини ташкил этишда Ахборот хизмати асосий вазифаларни бажариши талаб этилади. Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги (2014 йил 5 май) қонуни, Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг жамоатчилик билан алоқаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 203-қарорида (2006 йил 22 сентябрь) Ахборот хизматларининг ҳуқуқий асослари белгилаб қўйилган.

Мазкур қонуннинг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ахборот хизмати” деб номланган 10-моддасида белгиланганидек, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ўз фаолияти тўғрисидаги ахборотни тайёрлаш ҳамда тарқатиш вазифаларини бажарувчи, шунингдек оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик билан ҳамкорликни таъминловчи таркибий бўлинмаси ёхуд ушбу вазифаларни бажариш зиммасига юклатилган шахс давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ахборот хизматидир”. Ахборот хизмати оммавий тадбирларни ташкил этиш, пресс-релизлар, бюллетен тарқатиш, тегишли веб-сайтида зарур ахборотларни жойлаштириш ва янгилаб бориш йўли билан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолиятини ОАВда кенг ёритиш чора-тадбирларини кўради.

Вазирлар Маҳкамасининг 203-қарорига илова қилинган “Давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг жамоатчилик билан алоқаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида Намунавий низом”да Ахборот хизматининг асосий вазифалари аниқ белгилаб қўйилган. Жумладан, идора раҳбарияти томонидан белгиланадиган ахборот сиёсатини шакллантириш ва амалга оширишда қатнашиш, ОАВда тегишли соҳа фаолиятини ёритиш, интернет тармоғида веб-ресурсларининг самарали фаолиятини таъминлаш, идорага нисбатан ижтимоий фикрнинг аҳволини ҳамда халқ муносабатини таҳлил қилиш каби вазифаларни ўз вақтида бажариши зарур.

Ана шундай қонуний асосда фаолият кўрсатиши зарур бўлган Ахборот хизмати тегишли идора ва ташкилотларнинг халқ билан мулоқотини ташкил этиб бориш учун масъулдир. Бу масъулиятли вазифани амалга оширишда энг аввало ахлоқий қадриятлар муҳим аҳамият касб этади.

Ташкилотнинг Ахборот хизмати – журналистикада (тележурналистика, радиожурналистика, фотожурналистика, интернет журналистикаси, матбуот каби) ўзига хос йўналишлардан биридир. Бинобарин у бутун фаолиятини оммавий ахборот воситалари билан узвий ҳамкорликда амалга оширади. Шу боисдан ОАВга тегишли қонунлар, қарорлар, меъёрий ҳужжатлар Ахборот хизматларига ҳам бирдек ҳуқуқий асос ҳисобланади. Зеро, “Босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликлари Хартияси”, “Босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликлари журналистларининг ахлок-одоб кодекси”да белгиланган ахлоқий меъёрлар бевосита ташкилотларнинг Ахборот хизматларига ҳам тааллуқлидир.

ОАВ фаолиятини ҳам жамоатчилик билан алоқаларсиз тасаввур этиш қийин. Халқ билан мулоқот журналистикада жуда муҳим аҳамият касб этади.

Ҳар бир ташкилотнинг Ахборот хизмати ахборот тўплаш ва тарқатиш билан бирга қатор ташкилий вазифаларни ҳам бажаради. Жумладан, халқ билан мулоқотни йўлга қўйиш унинг энг муҳим вазифаларидан биридир.

Ахборот хизмати ходими маънан етук, хушмуомала, ўзгалар фикрини ҳурмат қиладиган, одобли, бамаъни бўлиши зарур. У аввало суҳбатдошининг сўзларини эътибор билан тинглашни одат қилиб олиши лозим. Токи у билан ҳамсуҳбат бўлган киши яна мулоқот қилгиси келсин. Ўзининг фикрларни эмин-эркин айта оладиган бўлсин. Шу тариқа халқ билан мустаҳкам алоқа, ҳамкорлик ўрнатишга эришилади. Жамоатчилик билан алоқалар талабига кўра – икки томонлама фикр тинглаш шу йўсинда йўлга қўйилади.

Манманлик, кибру-ҳаво билан муомала қиладиган кимса билан ҳеч ким муроса қилишни истамайди. Нуфузли ташкилотнинг Ахборот хизматида фаолият кўрсатаётган масъул ходимга бундай салбий хатти-ҳаракатлар асло тўғри келмайди. Ўзини бошқалардан юқори ҳис этадиган, кеккайган, қўпол ва қўрс ходимдан ҳамма йироқ юришга ҳаракат қилади. Ундан юрак ютиб бирор маълумот сўрамайди. Оқибатда ўша Ахборот хизмати билан ОАВ ходимлари ўртасида жарлик пайдо бўлади. Бу ўз навбатида ташкилотнинг жамоатчилик билан алоқаларини чиппакка чиқариб қўйиши турган гап.

Ахборот хизмати ходими ижобий фазилатларга эга бўлиши масаласи – одоб-ахлоқ тушунчалари билан боғлиқ. Юқорида қайд этилганидек, ахлоқни – этика, одобни – маънавиятга оид фанлар воситасида ҳам ўрганамиз.

Ахборот хизмати фаолиятида, айниқса, жамоатчилик билан алоқалар амалиётида ахлоқий меъёрлар ғоят муҳим ўрин тутади. Турли ташкилот вакиллари билан уларнинг жамоатчилиги ўртасида фикр алмашишлари маълум бир ахлоқий меъёрларга асосланади.

Қарс икки қўлдан, деганларидек, ўзаро ҳурматга асосланган ҳар қандай муносабат ўзининг ижобий самарасини кўрсатади. Ахборот хизмати ходими ўзининг ҳар кунги фаолиятида этика талабларига риоя қилиши шарт. Акс ҳолда унинг фаолияти муваффақиятли бўлмаслигини ҳаёт исботлаб турибди.

Ҳуқуқий ва ахлоқий қоидалар Ахборот хизмати фаолиятида бир-бири билан чамбарчас боғлиқ. Ҳуқуқий қоидалар ахлоқий қоидаларни белгилайди. Этика асосини ташкил этувчи маънавият, ахлоқий қарашлар жамоатчилик фикри орқали ривожлантирилади ва этикани юзага келтиради.

Жамоатчилик билан алоқалар жараёнида ахлоқий қоидалар қандай бўлиши керак, деган саволга инглиз олими Сэм Блэк шундай жавоб беради: “PR соҳасидаги ахлоқий муаммолар инсон фаолиятининг бошқа турларига қараганда анча мураккаб бўлиши мумкин, бироқ уларга мурожаат этиш, кўриб чиқиш ва виждонан ҳал этиш керак, зеро бу борада тайёр кўрсатмалар йўқ”3. Бу фикрлар юқорида қайд этилган хулосалар моҳиятини чуқурроқ ўрганишга ёрдам беради. Бинобарин, жамоатчилик билан алоқаларнинг ахлоқий меъёрлари деганда – ахлоқ ва унинг моҳияти, тафаккурдаги ва энг муҳими, инсоннинг кундалик хатти-ҳаракати, унинг ўрни ва роли билан боғлиқ барча масалалар ҳамда муносабатлар мажмуини тушуниш мумкин.

Шу ўринда айтиш жоизки, буюк шарқ алломаларидан одоб-ахлоққа оид жуда кўп қимматли ҳикматлар маънавий мерос бўлиб қолган. Яъни, каттага ҳурмат, кичикка иззат, оталар сўзи – ақлнинг кўзи, яхши сўз – жон озиғи, ақлли топиб, ақлсиз қопиб гапирар, меҳр кўзда, айтилган сўз – отилган ўқ, етти ўлчаб бир кес, аввал ўйла, кейин сўйла каби ҳикматлар замирида оламча маъно мужассам. Халқ билан мулоқотда ана шу ҳикматларга амал қилиш ҳам фарз, ҳам қарздир.

Ахборот хизмати фаолиятидаги ахлоқ – шу ишга масъул ходимларнинг фаолиятини баҳолаш ва тартибга солиш воситасидир. Ахлоқ – инсоннинг кундалик ижтимоий фаолиятини, хатти-ҳаракатларини белгилайди ва назорат қилади. Ахлоқий тамойиллар турли-туман шаклларда ифодаланган бўлиб, ҳар бир тарихий босқичда авлодларнинг ахлоқий қарашлари билан бойигани ҳолда давом этади.

Ахборот хизмати ходимининг этикаси аниқ амалий йўналиш ва қатор хусусиятларга эга бўлиб, у шу жиҳатлари билан жамоатчилик томонидан эътироф этилади. Ахлоқий ва ҳуқуқий меъёрларни касбий тамойиллар даражасига кўтариш зарурати “ўз ичига инсонга хос бўлган ахлоқий ва ҳуқуқий муносабатларни қамраб олишини билдиради”4. Демак, халқ билан мулоқотдаги этика бошқа жараёнлардаги этикадан маълум даражада фарқ қилади. Ахборот хизмати ходими жамоатчилик фикрини шакллантириш пайтида муайян турдаги ахборотни бошқариш жараёнида намоён бўладиган ахлоқий фазилат ва муносабатлар PR этикасида кузатилади. Бу ўринда маълумотлар тўплаш, уларни саралаш ва ишлов бериш, жамоатчиликка етказиш усулларини танлаш жараёнлари таҳлил этилганда одамларнинг ҳаққоний ижтимоий тенглиги, бир-бирига эътиборли муносабатлари муҳим аҳамият касб этади.

Ахборот хизмати ходими ўз ташкилоти ва жамоатчиликни ташвишга солаётган, ўйлантираётган ҳар қандай муаммоларни ҳис этиши ва уларнинг ечимларини (мутахассислар билан маслаҳатлашган ҳолда) билиши даркор. Ана шундагина у жамоатчилик фикрини шакллантиришга хизмат қилиши мумкин. Зеро, Ахборот хизмати ходими одамлар фикрини эътибор билан тинглаши ва тўғри фикр юритиши, ундан тегишли хулосалар чиқариши ғоят муҳим аҳамият касб этади.

Бу борада мутахассислар қуйидаги тамойилларни тавсия этадилар:

– Ахборот хизмати ходими ўз фаолиятида адолатли эканлиги намоён этиши зарур;

– у интеллектуал салоҳияти ва холислигини кўрсатиши даркор;

– одамларни чалкаштирувчи, ёлғон шарҳ ё ахборотдан фойдаланмаслиги керак;

– халқ билан мулоқотга қаратилган саъй-ҳаракатлар очиқ-ойдин олиб борилиши керак;

– Ахборот хизмати томонидан тақдим этилган маълумотлар осон уқиб олиниши, манбаси аниқ бўлиши ва учинчи шахсларни чалғитмаслиги керак.

– Ахборот хизмати ходими ўзга касб ва ижтимоий алоқаларнинг бошқа соҳаларга тегишли бўлган қоидалар ва усулларни унинг касб этикасига қанчалик мослигини англаган ҳолда ҳурмат қилиши шарт;

– Ахборот хизмати ходими давлатда амал қилаётган қонунларни ҳурмат қилиши, миллий одоб-ахлоқ нормаларига риоя этиши ва шахсий рекламага интилишда вазмин бўлиши талаб этилади;

– Жамоатчилик вакилларини алдашга қаратилган ҳар қандай ҳаракат таъқиқланади5.

Бундай ахлоқий меъёрлар халқ билан мулоқотнинг самарали бўлишига хизмат қилади. Ахборот хизмати ходимлари ҳар қадамда этика талабларига риоя этишлари шарт, акс ҳолда улар фаолияти муваффақиятли бўлмаслигини ҳаёт исботлаб турибди.

Ҳуқуқий қоидалар ахлоқий қоидаларни белгилайди. Этиканинг асосини ташкил этувчи маънавият, ахлоқий қарашлар жамоатчилик фикри орқали ривожлантирилади ва натижада, этикани юзага келтиради.

Халқ билан мулоқот – одамлар фикрини ҳурмат қилишдан бошланади. Бундай мулоқот узвий равишда давом этса самараси шунга яраша бўлади.

Турли тоифадаги одамлар билан муносабатда бўладиган масъул ходим ўқимишли, мулоҳазали, самимий, оқкўнгил, ростгўй, ҳалол ва чеҳраси очиқ бўлиши тақозо этилади. Бундай қарашларни улуғ аждодларимиз ижодида ҳам кузатиш мумкин. Шоир ва публицист Фурқатнинг қатор мақолаларида ана шундай илғор ғоялар илгари сурилган: “Газет муаллифиға керакким, инсофпеша ва ростандиша бўлғай. Нолойиқ ва номуносиб сўзларни газетга солмағай ва ёзғон каломидин газет ўқуғучиларға нафъ ва фойда ҳосил бўлғай…”6.

Халқ билан мулоқот қандай самара бериши жамиятимизда ошкоралик, ҳақиқат, самимийлик қанчалик устувор даражада бўлишига ҳам боғлиқдир. Ана шундай мулоқот орқалигина ўзаро ишончга эришиши мумкин.

Ахборот хизмати ходими пухта билимга эга бўлиши лозим. Бу билимлар (у ўқиши зарур бўлган адабиётлар) орасида донишмандларнинг одоб-ахлоққа ва маънавиятга оид асарлари ҳам алоҳида ўрин тутиши зарур. Зеро, инсоний фазилатлар, ширин сўзлар ва ёқимли одобу ахлоқ билангина инсон қалбига йўл топиш, шу тариқа халқ билан мулоқотни янада такомиллаштириб бориш мақсадга мувофиқдир.

Ўзаро ҳурматга асосланган муносабатлар одоб-ахлоқ меъёрлари билан ўлчанар экан, унга мудом амал қилиш талаб этилади. Шундагина халқ билан мулоқот ўзининг ижобий натижасини кўрсатаверади.

 

ЎҚИШ ТАВСИЯ ЭТИЛАДИГАН АДАБИЁТЛАР

  1. Ўзбекистон Республикаси қонунлари
  2. Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси –Т.: Ўзбекистон, 2016.
  3. Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги –Т 2014 lex.uz
  4. Ўзбекистон Республикасининг “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги қонуни. Ахборот ва ахборотлаштиришга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўплами. –Т.: Адолат, 2008.
  5. Ўзбекистон Республикасининг “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги (янги таҳрири) қонуни. Ахборот ва ахборотлаштиришга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўплами. –Т.: Адолат, 2008.
  6. Ўзбекистон Республикасининг “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонуни. Ахборот ва ахборотлаштиришга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўплами. –Т.: Адолат, 2008.
  7. Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонуни. //www.lex.uz 2016 йил 14 сентябрь

 Методологик адабиётлар

  1. Мирзиёев Ш.М. Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз. –Т.: Ўзбекистон, 2017. – 488 б.
  2. Мирзиёев Ш.М. Эркин ва фаровон, демократик Ўзбекистон давлатини мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз. //www.uza.uz 14.12.2016
  3. Мирзиёев Ш.М. Жисмоний ва маънавий етук ёшлар – эзгу мақсадларимизга етишда таянчимиз ва суянчимиздир. //www.lex.uz 30.06.2017
  4. Каримов И.А. Ўзбекистон: миллий истиқлoл, иқтисoд, сиёсат, мафкура. Т.1. –Т.: Ўзбекистон, 1996. – 364 б.
  5. Каримов И.А. Биздан oзoд ва oбoд Ватан қoлсин. Т.2. –Т.: Ўзбекистон, 1996. – 380 б.
  6. Каримов И.А. Ватан саждагoҳ каби муқаддасдир. Т.3. –Т.: Ўзбекистон, 1996. – 366 б.
  7. Каримов И.А. Бунёдкoрлик йўлидан. Т.4. –Т.: Ўзбекистон, 1996. – 349 б.
  8. 8. Каримов И.А. Янгича фикрлаш – давр талаби. Т.5. –Т.: Ўзбекистон, 1997. – 384 б.
  9. 9. Каримов И.А. Хавфсизлик ва барқарoр тараққиёт йўлидан. Т.6. –Т.: Ўзбекистон, 1998. – 429 б.
  10. 10. Каримов И.А. Биз келажагимизни ўз қўлимиз билан қурамиз. Т.7. –Т.: Ўзбекистон, 1999. – 410 б.
  11. 11. Каримов И.А. Oзoд ва oбoд Ватан, эркин ва фарoвoн ҳаёт – пирoвард мақсадимиз. Т.8. –Т.: Ўзбекистон, 2000. – 528 б.
  12. 12. Каримов И.А. Ватан равнақи учун ҳар биримиз масъулмиз. Т. 9. –Т.: Ўзбекистон, 2001. – 432 б.
  13. 13. Каримов И.А. Хавфсизлик ва тинчлик учун курашмоқ керак. Т. 10. –Т.: Ўзбекистон, 2002. – 432 б.
  14. 14. Каримов И.А. Биз танлаган йўл – демократик тараққиёт ва маърифий дунё билан ҳамкорлик йўли. Т. 11. –Т.: Ўзбекистон, 2003. – 320.
  15. 15. Каримов И.А. Тинчлик ва хавфсизлигимиз ўз куч-қудратимизга, ҳамжиҳатлигимиз ва қатъий иродамизга боғлиқ. Т. 12. –Т.: Ўзбекистон, 2004. – 400 б.
  16. 16. Каримов И.А. Ўзбек халқи ҳеч қачон, ҳеч кимга қарам бўлмайди. Т. 13. –Т.: Ўзбекистон, 2005. – 448 б.
  17. 17. Каримов И.А. Инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари – олий қадрият. Т. 14. –Т.: Ўзбекистон, 2006. – 280 б.
  18. Каримов И.А. Жамиятни эркинлаштириш, ислоҳотларни чуқурлаштириш, маънавиятимизни юксалтириш ва халқимизнинг ҳаёт даражасини ошириш – барча ишларимизнинг мезон ва мақсадидир. Т. 15. –Т.: Ўзбекистон, 2007. – 320 б.
  19. Каримов И.А. Мамлакатни модернизация қилиш ва иқтисодиётимизни барқарор ривожлантириш йўлида. Т. 16. –Т.: Ўзбекистон, 2008. – 368 б.
  20. Каримов И.А. Ватанимизнинг босқичма-босқич ва барқарор ривожланишини таъминлаш бизнинг олий мақсадимиздир. –Т.17. –Т: Ўзбекистон, 2009. – 280 б.
  21. Каримов И.А. Юксак маънавият – енгилмас куч. –Т.: Маънавият, 2008. – 176 б.
  22. Каримов И.А. Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида. –Т.: Ўзбекистон, 2011. – 440 б.
  23. Каримов И.А. Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш – энг олий саодатдир. –Т.: Ўзбекистон, 2015.
  24. Каримов И.А. Озодлик ҳавосидан тўйиб нафас олган халқ ўз йўлидан ҳеч қачон қайтмайди. –Т.: Ўзбекистон, 2017.

 Асосий адабиётлар

  1. Бекмуродов М. Ўзбекистонда жамоатчилик фикри. –Т.: Фан, 1999.
  2. Блэк С. Введение в паблик рилейшнз. –Ростов-на-Дону, 1998.
  3. Гундарин М.В. Теория и практика связей с общественностью: основы медиа-рилейшнз. Учеб. пособие. –М.: Форум: инфра-м, 2007.
  4. Мўминов Ф.А Паблик рилейшнз: история и теория –Т.: Ижод дунёси, 2004
  5. Ҳусанов М. Матбуот хизматлари фаолиятини ташкил этиш бўйича қўлланма –Т.: Адолат, 2006
  6. Эшбеков Т Жамоатчилик билан алоқалар ва ахборот хизматлари. Ўқув қўлланма. –Т.: ЎзМУ, 2012.
  7. Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним! Услубий қўлланма. Эшбеков Т. ва бошқ. –Т.: Маънавият, 2017.

 Қўшимча адабиётлар

  1. Луғат-маълумотнома: Журналистика. Реклама. Паблик рилейшнз. 1700 атама. /Нестеренко Ф. ва бошқ. –Т.: Зар қалам, 2003.
  2. Миралимов Ш., Эшбеков Т Журналистика, маънавият, жамият Ўқув қўлланма –Т.: Ўзбекистон, 2010

 Интернет-манбалар

  1. ziyonet.uz – Ўзбекистон таълим ахборот тармоғи
  2. uza.uz
  3. gov.uz
  4. lex.uz
  5. uchildiz.uz

 

Тўлқин Эшбековнинг “МУЛОҚОТ МАЙДОНИДА АХБОРОТ ХИЗМАТЛАРИНИНГ ЎРНИ” Илмий-оммабоп рисоласидан

__________________________________________________________

 

1 Мирзиёев Ш. Эркин ва фаровон, демократик ўзбекистон давлатини мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз. //Халқ сўзи, 2016 й. 15 декабрь.

2 Қаранг: ўша манба, ўша жойда.

3 .Блэк С. Введение в паблик рилейшнз. Ростов-на-Дону, 1998. С. 33-35.

4 Реклама и связи с обшественнотью. 2-част. –М.: Дело, 2000. С. 88.

5 Қаранг: Блэк С. Введение в паблик рилейшнз. Ростов-на-Дону, 1998. –С. 306-311. (Эркин таржима ва умумлашма хулосалар ушбу мақола муаллифига тегишди).

6 Фурқат. Газет муаллифиға. //Туркистон вилоятининг газети, 1905 йил 6 апрель.

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>