Ахборот хизмати (8)

8-мавзу: АХБОРОТ МАНБАЛАРИНИ ЯРАТИШ МАҲОРАТИ

ах2

Идора, ташкилот ва муассасалар Ахборот хизматларининг энг биринчи галдаги вазифаси – ахборот манбаларини яратиб, уларни ҳар куни бойитиб боришлари лозим.

Жамоатчилик билан алоқалар, халқ билан мулоқот жараёнида ахборот манбалари қанчалик муҳим аҳамият касб этишини изоҳлашга ҳожат йўқ. Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонуни (2014 йил 5 май) 9-моддаси “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборот манбалари” деб номланган бўлиб, унда қуйидаги ҳуқуқий нормалар бергиланган:

“Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборот манбалари қуйидагилардан иборат:

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг расмий нашрлари;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарларининг, шунингдек ушбу органлар томонидан ваколат берилган мансабдор шахсларнинг чиқишлари ва баёнотлари;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ахборот хизматларининг хабарлари;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари расмий веб-сайтларининг материаллари;

оммавий ахборот воситаларининг материаллари.

Қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа манбалар ҳам давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборот манбалари бўлиши мумкин”.

Қайсики ташкилотнинг ахборот манбалари талаб даражасида яратилган бўлса, унинг фаолияти очиқлигини таъминланган, деб ҳисоблаш мумкин. Фаолияти очиқлигини таъминландими, демак, бундай ташкилот халқ билан мулоқотни самарали йўлга қўйиши мумкин, деган хулосага келинади. Зотан, ушбу қонуннинг 11-моддасида “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш усуллари” қуйидагича белгиланган:

“Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш усуллари қуйидагилардан иборат:

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборотни эълон қилиш (чоп этиш);

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборотни уларнинг расмий

веб-сайтларида жойлаштириш ва янгилаб бориш;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборотни ҳамма кириши мумкин бўлган хоналарга ва жойларга жойлаштириш ҳамда янгилаб бориш;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборотни ахборот-кутубхона ва архив фондлари орқали тақдим этиш;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг очиқ ҳайъат мажлисларида ахборотдан фойдаланувчиларнинг ҳозир бўлиши учун шароитлар яратиш;

ахборотдан фойдаланувчиларнинг сўрови асосида уларга давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида оғзаки ва ёзма шаклда (шу жумладан электрон ҳужжат шаклида) ахборот тақдим этиш.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа усуллар билан ҳам амалга оширилиши мумкин”.

Бундай вазифаларни тўлақонли амалга ошириш учун Ахборот хизмати ўз ташкилотидан янги ахборот ва маълумотлар олиш, тўплаш ва қайси ОАВга тақдим этиш режасини ишлаб чиқиши зарур. Бу режа албатта ташкилот раҳбари томонидан тасдиқланиши керак. Яъни, ҳар бир мутасадди ташкилот раҳбари томонидан тасдиқланган режага биноан иш юритиши, бинобарин, Ахборот хизмати томонидан талаб этилган ахборотларни бериши шарт.

Ахборот тўплаш ва айниқса, ОАВ орқали тарқатишдан илгари матбуот котиби ташкилот раҳбаридан бемаслаҳат иш тутиши мумкин эмас. Ахборот олишда ҳам, ОАВга тақдим этишда ҳам ўзбошимчалик қилиш жуда салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.

Ахборот хизмати мунтазам равишда ташкилот томонидан ахборот оқимини вужудга келтириши талаб этилади. Бу вазифани амалга оширишда интернетдан самарали фойдаланиши мақсадга мувофиқдир.

Интернетда ташкилот веб-сайтини яратишда ҳам аввало унинг ҳуқуқий асослари ва тегишли талабларни ёдда тутмоқ лозим. Бинобарин, қонуннинг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг расмий веб-сайтлари” деб номланган 13-моддасида қуйидагилар белгиланган:

“Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг расмий веб-сайтлари Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ушбу органларга ёки бўйсунув тартибида юқори турувчи органга тегишли бўлган ва уларнинг фаолияти тўғрисидаги ахборотни ўз ичига олган расмий веб-сайт сифатида идентификация қилинадиган, ҳамма фойдаланиши мумкин бўлган ресурсдир.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг расмий веб-сайтларида ушбу Қонун 5-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган ахборотдан ташқари қуйидагилар жойлаштирилиши мумкин:

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг раҳбарлари тўғрисидаги маълумотнома тарзидаги ахборот (биографик маълумотлар, фуқароларни қабул қилиш кунлари ва ҳоказо);

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ҳамда улар таркибий ва ҳудудий бўлинмаларининг иш тартиби тўғрисидаги маълумотлар, уларнинг телефон рақамлари ҳамда почта манзиллари, электрон почта манзиллари, маълумот хизмати телефонларининг ва ишонч телефонларининг рақамлари, жамоат транспортининг қатнов йўллари, тўхташ жойларининг номлари ва йўналиш рақамлари;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг раҳбарлари, шунингдек ушбу органлар томонидан ваколат берилган мансабдор шахслар чиқишларининг ҳамда баёнотларининг матнлари;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ҳузурида оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитация қилиш тартиби тўғрисидаги ахборот;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан кўрсатиладиган давлат хизматларининг рўйхати;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги таҳлилий маърузалар ҳамда ахборот тусидаги шарҳлар;

аризаларни, таклифларни, шикоятларни қабул қилиш тартиби тўғрисида ахборот;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир сўровларни қабул қилиш тартиби ҳақидаги ахборот;

келиб тушган аризаларни, таклифларни, шикоятларни, шунингдек давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир сўровларни кўриб чиқишнинг умумий натижалари ҳақидаги ахборот.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг расмий веб-сайтларида қонун ҳужжатларига мувофиқ уларнинг фаолияти тўғрисидаги бошқа ахборот ҳам жойлаштирилиши мумкин.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг расмий веб-сайтларидаги ахборот давлат тилида жойлаштирилиши керак. Расмий веб-сайт бошқа тиллардаги шаклларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан ўз расмий веб-сайтларида жойлаштириладиган ахборотнинг санаси қўйилган бўлиши ҳамда у вақти-вақти билан янгилаб борилиши керак. Ахборотни янгилаб бориш даврийлиги давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан белгиланади, лекин у ҳафтасига бир мартадан кам бўлмаслиги керак.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг расмий веб-сайтларида жойлаштирилган ахборот ишончли бўлиши керак ва у оммавий ахборот воситаларида эълон қилинадиган ахборот билан тенг кучга эга бўлади”1.

Ҳозирги кунда интернет тизимида республикамизнинг барча етакчи ташкилотларидан тортиб маҳалладаги оддий корхоналаргача веб-сайтларига эга. Ҳар бир ташкилот ўз веб-сайтини яратишда Ахборот таълим тармоғи – www.ZiyoNET дан андоза олса арзийди. Негаки, бу миллий интернет тармоғи кўп жиҳатдан мукаммал яратилгани эътироф этилмоқда.

Назарий, ҳуқуқий асосларга таянилган ҳамда тўпланган тажрибаларни умумлаштирган ҳолда халқ манфаатлари йўлида фаолият кўрсатаётган идора ва ташкилотларнинг веб-сайтида ахборот манбаини яратиш учун қуйидаги маълумотларни жойлаштириш тавсия этилади:

  1. Ташкилот номи, манзили, харитаси, биноси сурати, телефон рақамлари, электрон почта ва ҳоказолар тўлиқ ва аниқ ёзилиши, бу ўринда қисқартма сўзлар имкон қадар ишлатилмаслиги ёхуд аввал тўлиқ номи ёзилгач қавс ичида қисқартма шакли берилиши мақсадга мувофиқдир;
  2. Ташкилотнинг Низоми, Дастури, турли меъёрий ҳужжатлари;
  3. Ташкилотга тегишли бўлган Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, Президент Фармонлари, ҳукумат қарорлари (шунингдек, уларга вақти-вақти билан киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар ҳозиржавоблик билан тузатиб қўйилиши шарт);
  4. Ташкилот мутасаддиларининг исми-фамилиялари, лавозимлари, иложи борича таржимаи ҳоллари, фаолиятини акс эттирувчи суратлари;
  5. Ташкилотнинг кундалик фаолиятини ёритишга қаратилган ахборотлар, янгиликлар турли тадбирлар, анжуманлар, давра суҳбатлари ҳақида суратли лавҳалар. Бунинг учун Ахборот хизмати ходими қуйидаги вазифаларни амалга ошириши зарур:

А). Ташкилот ходимларининг кундалик фаолиятлари билан танишиб боришлари ва энг муҳим ахборотларни тўплашлари;

Б). Олинган маълумотлар, факт ва рақамлар тўғрилигини синчковлик билан текширишлари, бу борада мутасадди ва масъул ходимлар билан ҳамкорликда иш юритишлари;

В). Ташкилот фаолиятига оид қайси маълумотлар сир сақланиши зарурлигини аниқлаб олиши, ахборот хавфсизлигини таъминлашга жиддий эътибор бериши;

Г). Ахборотда номлари қайд этиладиган кишиларнинг исми шарифлари, вазифаси тўлиқ кўрсатилиши шарт (айниқса, исмининг бош ҳарфинигина ёзиб қўйиш ярамайди);

Д). Ахборот матнини журналистика талабларига мос равишда: ижодий маҳорат билан мазмунли, қисқа ва лўнда ёзиши (токи, уни таҳририят ходимлари қайта ишлаб ё таҳрир қилишларига ҳожат қолдирмаслиги) шарт.

  1. Ташкилотга келган хатлар, аризалар, таклифлар ва уларнинг ижросига оид маълумотлар;
  2. Ташкилот муассисилигида чиқадиган газета-журналларда, шунингдек, бошқа ОАВда ташкилот ҳақида ёритилаётган муҳим мақолалар;
  3. Ташкилотнинг ҳудудий (вилоят, шаҳар ва туман) бошқармалари ё бўлимлари ҳақида маълумотлар;
  4. Ташкилот фаолиятини ривожлантиришга қаратилган янги режалар, лойиҳалар, шунингдек, турдош соҳалар ташкилотлари билан алоқалар;
  5. Ташкилот томонидан амалга оширилган ишлар ҳақида ойлик, чорак ва йиллик ҳисоботлар.

Ахборот хизмати ходимлари ушбу вазифани ҳар куни амалга ошириб боришлари зарур. Токи, уларнинг веб-сайтларида ҳар куни янги ахборотлар ёритиб борилмаса, уни кўпчилик кузатмай қўяди. Агар веб-сайтлар зарур ахборотлар билан тўлдириб борилмаса, ўзига яраша “мафкуравий бўшлиқ” пайдо бўлиши ва у ҳақида турли бўҳтонлар тўқиб чиқаришига “имкон яратиб” қўйиши мумкин.

Ҳар куни турли маълумотлар, янги-янги ахборотлар билан тўлдириб борилган веб-сайтларни биринчи галда ОАВ ходимлари кузатадилар ва ўзларини қизиқтирган маълумотлар, янгиликларни олиб, ҳозиржавоблик билан ёритиб борадилар.

Бундан ташқари ҳар бир Ахборот хизмати ўз ташкилоти ҳақида маълумотлар берувчи китоблар, рисолалар, буклетлар чоп қилиши ва ОАВ вакилларига, турли анжуманларда меҳмонларга, умуман, жамоатчиликка тақдим этиши мақсадга мувофиқдир. Шу ўринда, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Адабиёт жамғармаси нашриёти томонидан 2002 йилда “Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасалари. Маълумотнома” деб номланган тўпламнинг 2-нашри 3000 нусхада чоп этилганини айтиш жоиз. Унда мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган олий таълим муассасаларининг ташкил этилиши, улардаги мавжуд бакалавриатга оид таълим йўналишлари, ҳар бир йўналиш асосида магистратура мутахассисликлари, факультет ва бўлимлар ҳақида қисқача маълумот берилган. Китобни варақлаган ўқувчи эътиборини дастлаб ҳар бир олий ўқув юртининг тўлиқ номи, манзили, раҳбари, телефон ва факс рақамлари, электрон почтаси ҳақидаги батартиб маълумотлар жалб этади.

Бундай китобларни ҳар бир ташкилот вақти-вақти билан нашр этиб туриши мақсадга мувофиқдир.

Ахборот манбаларидан фойдаланаётган ОАВ вакилларига аввало ўша ташкилот Ахборот хизмати билан бу борада маслаҳатлашиш, фикр алмашиш лозимлигини “эслатма” шаклида (телефон орқали бўлса-да) бериб бориш даркор. Қайсики ОАВ мазкур ахборот манбаидан фойдаланар экан, ўша манбани албатта кўрсатиши шарт.

Ахборот оқимини кучайтиришнинг самарали йўли – вилоят, шаҳар ва туман ташкилотларида ҳам Ахборот хизматларини ташкил этиш ва улар орқали мунтазам маълумотлар, ахборотлар тўплашга эришишдир.

Ташкилотнинг жамоатчилик билан алоқаларини ривожлантириш учун ижтимоий фикрни муттасил ўрганиб бориш тақозо этилади. Бунинг учун Ахборот хизмати ходими ҳар бир фикрни эътибор билан тинглаб, хулоса чиқариши зарур. Яъни, одамлар нималар ҳақида ўйлаяпти, уларнинг фаолияти ҳақида қандай фикрларга эга ва ҳоказолар. Шиддаткор давр ҳар бир муассаса, вазирлик ва ташкилотларнинг ахборот хизматлари олдига улкан вазифалар қўймоқда. Ахборот хизматлари қай даражада фаолият кўрсатаётганини уларнинг саъй-ҳаракатлари билан ОАВда ёритилаётган ранг-баранг мақолалардан билса бўлади.

Такрор бўлса-да айтиш жоизки, баъзи журналистлар ташкилотлардан ахборот олишда кимга мурожаат қилишга қийналадилар. Холисона ўйлаб қаралса, ўша пайтда ташкилот раҳбари бошқа муҳим иши билан банд бўлиши мумкин. У журналистга интервью беришга тайёр бўлмаслигини ҳам назарда тутиш жоиз. Бу пайтда уни ахборот бермаганликда айблаш ноўрин. Демак, ОАВ ходими ахборотни қаердан олиши, кимдан талаб қилиши зарурлигини билиши лозим. Яъни, улар учун Ахборот хизмати ҳамиша ишончли ахборот манбаи бўла олади. Ўз навбатида ташкилотнинг Ахборот хизмати зарур ахборотларни бериш учун масъулдир. Бунда Ахборот хизмати ҳеч иккиланмасдан, қийналмасдан ўзи яратган ахборот манбаини тақдим эта олади.

Ахборот хизмати ходими ўз ташкилотида юз бераётган янгиликлардан доимо бохабар юриши ва муҳим ахборотларни ҳозиржавоблик билан тегишли веб-сайтига жойлаштириши, заруратига қараб у ҳақда телевидениеда, радио ва газеталарда хабар ёки мақолалар ёритиб бориши мақсадга мувофиқдир. Бу борада назариётчи Дмитрий Ольшанскийнинг қуйидаги сўзларини эслаш жоиз: “Ахборот хизмати ҳеч қачон ўз ихтиёри билан ва ўзи хоҳлаганидек бирор ишни амалга оширмайди. Оммавий ахборот воситалари унинг қўли ҳисобланади. Матбуот котиби бор-йўғи босма ва электрон оммавий ахборот воситаларининг пинҳон бошқарувчисидир”2. Демак, Ахборот хизмати ходими ОАВда чиқадиган материалларни яхши таҳлил қила олиши, етакчи журналистларнинг услубини билиши ҳам лозим.

Ҳар қандай ахборотни оммага ОАВ ҳозиржавоблик билан етказиб бериш лозим. Бу жараёнда Ахборот хизмати мунтазам равишда зарур ахборот манбаларини яратиши талаб этилади.

Асосий гап, зарур ахборот манбаларини яратиш ҳақида. Юртимизда фаолият кўрсатаётган турли ташкилотларнинг ахборот хизматлари асосан ахборот манбаларини яратиш билан шуғулланмоқда. Қайсики ОАВ ходими бирор ташкилотдан ахборот олишни истаса аввало унинг тегишли веб-сайтини кузатиши мумкин. Бугунги кунда қатор давлат, нодавлат нотижорат ташкилотлари, жамоат бирлашмалари, сиёсий партияларнинг веб-сайтини кузатсангиз тегишли маълумотлар, зарур ахборотларни топишингиз мумкин. Бу эса юртимизда давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг жамоатчилик билан алоқалари тобора ривожланиб боришга хизмат қилиши шак-шубҳасиз.

Бироқ, ахборот манбаларини яратиш, пировардида, ахборот тарқатиш борасидаги бу илғор усулдан ҳали-ҳанузгача баъзи ташкилотларнинг ахборот хизматлари етарли даражада фойдаланмаётгани аёндир. Буни уларнинг веб-сайтлари деярли бўм-бўш ёки бир пайтлар номигагина бир-иккита хабар жойлаштирилган “саҳифалари” мисолида кўриш мумкин. Бу ўринда асосий гап – ахборот тарқатишда илғор усулларни ўз вақтида самарали фойдаланиш ҳақида бормоқда.

Ахборот манбаларини яратиш ва ОАВ ходимларига тарқатишда энг қулай усуллардан бири – “Пресс-релиз” ёзиб тақдим этишдир. Бирор анжуман ҳақида телекўрсатув ёки радиоэшиттиришлар тайёрлаётган журналистлар учун у ишончли манба ҳисобланади.

Ахборот хизмати ходимининг ижодий маҳорати ОАВга тарқатаётган пресс-релизида яққол намоён бўлади. Ташкилот томонидан ўтказилаётган катта анжуманга келган журналистларга Ахборот хизмати ходими пресс-релиз тақдим этиши зарур. Улар шу жойнинг ўзидаёқ бу ихчам, аниқ ва лўнда ахборот матни билан танишади. Қўшимча маълумотлар зарур бўлса, Ахборот хизмати ходимидан сўрайди.

Лисонимизга янги кириб келган “пресс-релиз” атамасининг луғавий маъносини баъзи мутахассислар дастлаб: “матбуот хабарномаси” деб сўзма-сўз таржима қилган эдилар. Мантиқан олиб қаралганда, она тилимизда “матбуот хабарномаси” деган ибора ғализ, моҳияти ноаниқ. Уни “Ахборот хизмати хабарномаси” деб аташ тўғрироқ бўлади. Яъни, ташкилотнинг Ахборот хизмати томонидан тарқатиладиган хабарнома!

У қисқа, лўнда, мақсади аниқ, тили равон, ортиқча “тушунтириш”лардан йироқ, фактларга бой бўлган муҳим хабар матнидир. Моҳиятан уни ахборот манбаи, дейиш мумкин. Пресс-релизни тайёрлаш учун Ахборот хизмати ходими нималарга эътибор бериши керак?

  1. Қоғоз тепасига катта-катта ҳарфлар билан пресс-релиз деб ёзилгач, ташкилотнинг тўлиқ номи, манзили, телефон рақами, электрон почтаси, охирида эса тайёрланган санаси кўрсатилиши зарур.
  2. Пресс-релизда аввало ташкилот ҳақида қисқача маълумот бериш, сўнг ўша анжуманга оид факт ва рақамлар, анжуман ўтказилишидан мақсад ҳамда унинг моҳияти ёритилиши лозим.
  3. Пресс-релизни ўқиган киши бу материал нима ҳақида, анжуман қачон ва қаерда бўлади, унинг жамоатчилик учун қандай аҳамияти борлиги аниқ акс этиши керак. Бир ёки икки бет ҳажмда (А-4 форматда бир интервалда) тадбир ўтказишдан мақсад, асосий мавзу тўла акс эттирилиши тақозо этилади3.
  4. Пресс-релизда жой номлари тўлиқ ва бехато ёзилиши шарт. Масалан, ЕХҲТ-ДИИҲБ деган қисқартма сўзни газетада шундоқ ёритса, ҳамма бирдек тушунмайди. Аввало, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича Бюроси, деб ёзиш, сўнг қавс ичида (кейинги ўринда – ЕХҲТ-ДИИҲБ) деб кўрсатиш мақсадга мувофиқдир. Айтайлик, “МСК” деган ёзувга илгари дуч келмаган киши унинг – Марказий сайлов комиссияси эканини билмайди. Айрим номлар қисқартма ҳолида қўпол сўзларга айланадиган бўлса, яхшиси уни тўлиқ ҳолида ёзган маъқул. Шу ўринда, инглиз олими Сэм Блэкнинг фикрича, қисқартма номларни ҳам тўғри ёзиш керак. Айтайлик, БМТни Б.М.Т. ёки АҚШни А.Қ.Ш. тарзида ёзиш нотўғридир4.
  5. Пресс-релизда кишиларнинг исми шарифларини тўлиқ ва тўғри ёзиш шарт. (Айтайлик, Ж.К. Тахтаев эмас, балки Жўрақул Комилович Тўхтаев қабилида ёзиш зарур). Ўшанда уни телевидение ёки радиода ўқиб эшиттиришда ҳам ноқулайлик туғилмайди.
  6. Жой номларини тўғри ёзиш муҳим. (Масалан, Фарғонани – Фергана, Тошкентни – Ташкент ё Тошкан қабилида ёзилиши мумкин эмас. Шунингдек, Москвани – Масков, Россияни – Русия деб ёзиш мантиққа зид). Бошқа мамлакатлар ҳақида сўз кетганда уларнинг номини ҳам асл ҳолича ёзиш зарур. (Масалан, Индия эмас – Ҳиндистон, Египет эмас – Миср Араб Республикаси, Эмиратмас – Бирлашган Араб Амирликлари, Киргизиямас – Қирғизистон ва ҳоказо).
  7. Рақамларни тушуниб ёзиш, хатоликка йўл қўймаслик, керак бўлса, бу борада мутахассислардан маслаҳат сўрашдан тортинмаслик даркор. Баъзилар рақамлар моҳиятини тушунмасдан шундоқ ёзадилар: “Мазкур ўқув даргоҳида 1000 минг нафар ўқувчи таълим олмоқда”. Бу ерда ўқувчилар сони – миллионта деб кўрсатилмоқда. Бундай пайт энг мақбули рақамдан сўнгги сўзни қавс ичида “1000 (минг) нафар” қабилида ёзиш мақсадга мувофиқдир.
  8. Соҳага оид атамаларни қўллашда тегишли мутахассислар билан маслаҳатлашиш зарур. Баъзан шундай жумла ёзишади: “дискетда ёзишни машқ қилмоқдалар…” Асли компьютерда ёзиш мумкин. Ундаги ёзув дискетга ва ундан бошқа компьютерга кўчирилиши мумкин.
  9. Пресс-релизда имловий хатоликка йўл қўйиш мумкин эмас. Тилимиз шу қадар бой ва сержилоки, ундаги сўзлардан атиги битта ҳарфи хато ёзилса, маъноси бутунлай ўзгариб кетиши ҳеч гапмас. Айтайлик, “кузга яқин” билан “кўзга яқин” ибораларининг маънолари бутунлай бошқа…

10 Пресс-релизни мутасаддилар билан маслаҳатлашган ҳолда тайёрлаши ва ташкилот раҳбарига кўрсатиб олиши лозим.

Пресс-релизни талаб даражасида тайёрлай олмаган ходимлар Ахборот хизматида ишлашга нолойиқ деб ҳисобланади. ОАВга тарқатиладиган пресс-релиз таҳрирталаб бўлиши нафақат Ахборот хизмати ходими, балки ташкилотнинг ҳам обрўсига путур етказади.

Соҳа мутахассисларидан бири профессор Файзулла Мўминов бу мавзуда қуйидаги маълумотларни тақдим этган:

Ўтказилаётган тадбирларнинг пресс-релизи рисоладагидек бўлиши учун биринчи галда нималарга аҳамият бериш зарур? Пресс-релизни тайёрлаш тахминан 15 та талабдан иборат:

  1. Предмет, воқеа, ҳаракат (шахс, партия, дастур…) ҳақидаги маълумот матннинг биринчи жумласида бўлиши шарт;
  2. Биринчи жумлада воқеанинг қисқача мазмуни бўлиши керак;
  3. Пресс-релизнинг мазмуни еттита асосий саволга жавоб бериши зарур:

а). Тадбир предмети (воқеа…).

б). Ташкилот (унинг номи).

в). Ташкилот қаерда жойлашган (унинг манзили).

г). Ютуқлар нималардан иборат (тадбир нега ўтказилмоқда).

д). Илова (қўшимча равишда яна нимадан фойдаланиш мумкин).

е). Деталлар (рақамлар, миқдорлар, ўлчовлар, ранглар…).

ж). Предмет манбаси (манзилнинг тўлиқ номи, телефон, боғланиш мумкин бўлган шахс, электрон манзил ва ҳ.к.).

  1. Пресс-релиз асосан электрон шаклда тарқатилади, бу усул осон, қулай, тезкор ва кенг қамровли.
  2. Пресс-релиз ташкилот номи акс эттирилган варақа (бланк)да тайёрлангани маъқулроқ.
  3. Пресс-релиз ёрқин, жонли сарлавҳа зарур.
  4. Пресс-релиз қоғознинг бир томонида 1,5 интервалда босилади.
  5. Абзацлар қисқа, 5-6 қатордан бўлиши керак.
  6. Пресс-релиз ҳажми – 200-220 сўздан иборат бўлиши мақсадга мувофиқдир.
  7. Зарур бўлганда пресс-релиз икки вариантда тайёрланади:

– умумий ва ихтисослашган пресс-релизлар.

  1. ОАВ қўшимча материаллар сўраши мумкин бунга тайёр бўлиб туриш керак.
  2. Агар расмлар ва бошқа шунга ўхшаш илова (чизмалар, диаграмма)лар бўлса, бу ҳақда пресс-релизда айтиш зарур ва сўралганда юбориш мумкин.
  3. Одатда пресс-релиз имзоланади, яъни, кимнинг номидан юборилаётгани кўрсатилади.
  4. Матн оддий матн шаклида юборилиши мақсадга мувофиқдир.
  5. Мавзунинг номи рус ва инглиз тилларида такрорланиши мақсадга мувофиқдир.

Ахборот хизмати ходими таҳририятларга юборилган пресс-релизлар рўйхатини қайд этиб қўйиши даркор.

Агар пресс-релиз ахборот хизмати ходими томонидан рисоладагидек ёзилган бўлса, журналист ҳеч бир ўзгартиришсиз уни хабар ҳолида чоп эттириши ёки мазкур воқеа ҳақида каттароқ мақола ёзаётганда биринчи хатбошида тўлиқ келтириши мумкин (Фақат, у қайси ташкилот Ахборот хизмати томонидан тақдим этилганини кўрсатиши шарт).

Пресс-релизнинг муҳимлиги абзацдан-абзацга камайиб боргани маъқул, чунки журналистлар уларни пастдан қирқиб қўяверади.

Пресс-релизларни юбориш усуллари уларни тарқатишдан мақсад қандай эканлигига боғлиқ. Агар шунчаки ташкилотдаги янгилик ҳақида кимларгадир маълумот узатиш бўлса, унда матбуот релизлари почта орқали юборилади. Агар пресс-релиз эълон қилиниши зарур бўлса, унинг матни хатга илова қилиниб, махсус одам билан таҳририят (бошқа бир муассаса, идорага) юборилади.

Агар пресс-релиз адресатни бирор-бир тадбирга чақириш билан боғлиқ бўлса, унда иккита вариант бор:

  1. Пресс-релизнинг биринчи, қисқартирилган матни бир ҳафта олдин тадбир дастурига илова шаклида таклиф этилган идора ёки шахсга юборилади, тадбир куни эса унинг яна бир нусхаси ёки иккинчи кенгайтирилган варианти тарқатма материалларга қўшиб берилади.
  2. Пресс-релиз тадбир куни дастур ва тарқатма материаллар билан биргаликда ОАВ ва меҳмонларга топширилади. Бундай пресс-релизлар бир ҳафта-ўн кун олдин тарқатилади, тадбирга бир-икки кун қолганда телефонда яна эслатилади.

Агар битта идорадан икки ёки ундан кўпроқ одам чақирилса, уларни рўйхат қилмасдан ҳар бирига алоҳида таклифнома ва пресс-релиз юбориш маъқулроқ. Худди шундай агар журналистдан ташқари мазкур ОАВнинг бош муҳаррири чақирилса, унга алоҳида, журналистга алоҳида таклифнома ва пресс-релиз юбормоқ зарур: таклифнома тадбирни эслатади, пресс-релиз эса ишлашга имконият яратади.

Пресс-релизда имловий, пунктуацион ва стилистик хатолар бўлмаслиги зарур. Агар шундай хатоларга йўл қўйилса, бу ташкилотнинг обрўйига путур етказади.

Ахборот хизмати мунтазам равишда ташкилоти томонидан ахборот оқимини ташкил қилиши зарур. Бунинг учун у ҳам ижодкор, ҳам ташкилотчи ва яхши нотиқ бўлиши тақозо этилади. У интервью бераётганида ёхуд бошқа суҳбатларда иштирок этаётганида адабий тил нормаларига қатъий риоя этиши муҳимдир. Шевага оид сўзларни кўп ишлатиши, сўз ва ибораларни айтишда талаффузи ноаниқ бўлиши унинг обрўсига путур етказиши мумкин.

ОАВ ходими қайсики ташкилотдан ахборот олишни истаса, Ахборот хизматига мурожаат қилиши тавсия этилади. Журналистлар ва Ахборот хизмати ходимларининг ижодий ҳамкорлиги – жамоатчилик билан алоқалар, халқ билан мулоқотлар самарали бўлишида муҳим ўрин тутади.

 

ЎҚИШ ТАВСИЯ ЭТИЛАДИГАН АДАБИЁТЛАР

Ўзбекистон Республикаси қонунлари

  1. Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси –Т.: Ўзбекистон, 2016.
  2. Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги –Т 2014 lex.uz
  3. Ўзбекистон Республикасининг “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги қонуни. Ахборот ва ахборотлаштиришга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўплами. –Т.: Адолат, 2008.
  4. Ўзбекистон Республикасининг “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги (янги таҳрири) қонуни. Ахборот ва ахборотлаштиришга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўплами. –Т.: Адолат, 2008.
  5. Ўзбекистон Республикасининг “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонуни. Ахборот ва ахборотлаштиришга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўплами. –Т.: Адолат, 2008.
  6. Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонуни. //www.lex.uz 2016 йил 14 сентябрь

 Методологик адабиётлар

  1. Мирзиёев Ш.М. Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз. –Т.: Ўзбекистон, 2017. – 488 б.
  2. Мирзиёев Ш.М. Эркин ва фаровон, демократик Ўзбекистон давлатини мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз. //www.uza.uz 14.12.2016
  3. Мирзиёев Ш.М. Жисмоний ва маънавий етук ёшлар – эзгу мақсадларимизга етишда таянчимиз ва суянчимиздир. //www.lex.uz 30.06.2017
  4. Каримов И.А. Ўзбекистон: миллий истиқлoл, иқтисoд, сиёсат, мафкура. Т.1. –Т.: Ўзбекистон, 1996. – 364 б.
  5. Каримов И.А. Биздан oзoд ва oбoд Ватан қoлсин. Т.2. –Т.: Ўзбекистон, 1996. – 380 б.
  6. Каримов И.А. Ватан саждагoҳ каби муқаддасдир. Т.3. –Т.: Ўзбекистон, 1996. – 366 б.
  7. Каримов И.А. Бунёдкoрлик йўлидан. Т.4. –Т.: Ўзбекистон, 1996. – 349 б.
  8. 8. Каримов И.А. Янгича фикрлаш – давр талаби. Т.5. –Т.: Ўзбекистон, 1997. – 384 б.
  9. 9. Каримов И.А. Хавфсизлик ва барқарoр тараққиёт йўлидан. Т.6. –Т.: Ўзбекистон, 1998. – 429 б.
  10. 10. Каримов И.А. Биз келажагимизни ўз қўлимиз билан қурамиз. Т.7. –Т.: Ўзбекистон, 1999. – 410 б.
  11. 11. Каримов И.А. Oзoд ва oбoд Ватан, эркин ва фарoвoн ҳаёт – пирoвард мақсадимиз. Т.8. –Т.: Ўзбекистон, 2000. – 528 б.
  12. 12. Каримов И.А. Ватан равнақи учун ҳар биримиз масъулмиз. Т. 9. –Т.: Ўзбекистон, 2001. – 432 б.
  13. 13. Каримов И.А. Хавфсизлик ва тинчлик учун курашмоқ керак. Т. 10. –Т.: Ўзбекистон, 2002. – 432 б.
  14. 14. Каримов И.А. Биз танлаган йўл – демократик тараққиёт ва маърифий дунё билан ҳамкорлик йўли. Т. 11. –Т.: Ўзбекистон, 2003. – 320.
  15. 15. Каримов И.А. Тинчлик ва хавфсизлигимиз ўз куч-қудратимизга, ҳамжиҳатлигимиз ва қатъий иродамизга боғлиқ. Т. 12. –Т.: Ўзбекистон, 2004. – 400 б.
  16. 16. Каримов И.А. Ўзбек халқи ҳеч қачон, ҳеч кимга қарам бўлмайди. Т. 13. –Т.: Ўзбекистон, 2005. – 448 б.
  17. 17. Каримов И.А. Инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари – олий қадрият. Т. 14. –Т.: Ўзбекистон, 2006. – 280 б.
  18. Каримов И.А. Жамиятни эркинлаштириш, ислоҳотларни чуқурлаштириш, маънавиятимизни юксалтириш ва халқимизнинг ҳаёт даражасини ошириш – барча ишларимизнинг мезон ва мақсадидир. Т. 15. –Т.: Ўзбекистон, 2007. – 320 б.
  19. Каримов И.А. Мамлакатни модернизация қилиш ва иқтисодиётимизни барқарор ривожлантириш йўлида. Т. 16. –Т.: Ўзбекистон, 2008. – 368 б.
  20. Каримов И.А. Ватанимизнинг босқичма-босқич ва барқарор ривожланишини таъминлаш бизнинг олий мақсадимиздир. –Т.17. –Т: Ўзбекистон, 2009. – 280 б.
  21. Каримов И.А. Юксак маънавият – енгилмас куч. –Т.: Маънавият, 2008. – 176 б.
  22. Каримов И.А. Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида. –Т.: Ўзбекистон, 2011. – 440 б.
  23. Каримов И.А. Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш – энг олий саодатдир. –Т.: Ўзбекистон, 2015.
  24. Каримов И.А. Озодлик ҳавосидан тўйиб нафас олган халқ ўз йўлидан ҳеч қачон қайтмайди. –Т.: Ўзбекистон, 2017.

 Асосий адабиётлар

  1. Бекмуродов М. Ўзбекистонда жамоатчилик фикри. –Т.: Фан, 1999.
  2. Блэк С. Введение в паблик рилейшнз. –Ростов-на-Дону, 1998.
  3. Гундарин М.В. Теория и практика связей с общественностью: основы медиа-рилейшнз. Учеб. пособие. –М.: Форум: инфра-м, 2007.
  4. Мўминов Ф.А Паблик рилейшнз: история и теория –Т.: Ижод дунёси, 2004
  5. Ҳусанов М. Матбуот хизматлари фаолиятини ташкил этиш бўйича қўлланма –Т.: Адолат, 2006
  6. Эшбеков Т Жамоатчилик билан алоқалар ва ахборот хизматлари. Ўқув қўлланма. –Т.: ЎзМУ, 2012.
  7. Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним! Услубий қўлланма. Эшбеков Т. ва бошқ. –Т.: Маънавият, 2017.

 Қўшимча адабиётлар

  1. Луғат-маълумотнома: Журналистика. Реклама. Паблик рилейшнз. 1700 атама. /Нестеренко Ф. ва бошқ. –Т.: Зар қалам, 2003.
  2. Миралимов Ш., Эшбеков Т Журналистика, маънавият, жамият Ўқув қўлланма –Т.: Ўзбекистон, 2010

 Интернет-манбалар

  1. ziyonet.uz – Ўзбекистон таълим ахборот тармоғи
  2. uza.uz
  3. gov.uz
  4. lex.uz
  5. uchildiz.uz

Тв2

Тўлқин Эшбековнинг “МУЛОҚОТ МАЙДОНИДА АХБОРОТ ХИЗМАТЛАРИНИНГ ЎРНИ” Илмий-оммабоп рисоласидан

__________________________________________________

1 Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонуни (2014 йил 5 май). www.lex.ux

2 Ольшанский Д.В. Политический PR. Б. 467.

3 Қаранг: Салливан М. Масъул матбуот хизмати. Regional Program Offise. Vienna. RPO. –Т.: 2002. Б. 43.

4 Қаранг: Блэк С. Введение в паблик рилейшнз. Ростов-на-Дону, 1998. Б. 83-85.

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>