Ахборот хизмати (9)

9-мавзу: МУЛОҚОТ МАЙДОНИ

м1

м2

2017 йил мамлакатимизда «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» деб эълон қилиниши турли ташкилотларнинг жамоатчилик билан алоқаларини янада такомиллаштиришни тақозо этади. Халқ билан мулоқот – ташкилотлар билан жамоатчиликни янада яқинлаштиради, бирлаштиради.

Халқ билан мулоқотни самарали амалга ошириш йўлларидан бири – матбуот анжуманлари ўтказиб туришдир. Бу вазифа, албатта, ташкилотнинг Ахборот хизмати зиммасига юкланади.

Матбуот конференцияси – энг қулай мулоқот майдонидир.

Ахборот хизмати бундай анжуманни ўтказишдан аввал унга пухта тайёргарлик кўриш зарур. Матбуот котиби ташкилот раҳбари билан бамаслаҳат қуйидаги вазифаларни амалга ошириши зарур:

– матбуот анжумани ўтказишдан мақсад ва ундаги асосий мавзуни аниқ билиши (шу асосда Пресс-релиз тайёрлаши);

– конференция ўтказиладиган вақти (йил, ой, кун, соат, дақиқасигача) аниқ бўлиши ва бу ҳақда тегишли ОАВ ходимларига камида уч кун илгари хабар берилиши шарт;

– анжуман журналистлар учун қулай манзилда ўтказилиши, ўша хона кенг ва ёруғ, шовқин-сурондан йироқ бўлиши лозим. Токи, телекўрсатув ё радиоэшиттириш тайёрлашда ноқулайлик бўлмаслиги зарур. Столлар иложи борича айлана шаклида бўлиши, анжуманга келишган мутасадди раҳбарлар ва журналистлар бемалол юзма-юз мулоқот ўтказиши учун қулай бўлиши керак. (Ўзбекистон Миллий матбуот марказида шу қулайликлар яратилган);

– матбуот конференциясига ташриф буюрган журналистларни рўйхатда қайд этиш ва шу ернинг ўзида Пресс-релизларни тарқатиш лозим;

– матбуот конференциясида иштирок этаётган ташкилот мутасаддилари олдида уларнинг исми шарифлари, лавозимлари ёзилган лавҳа туриши шарт. Токи, анжуман иштирокчилари кимлар билан мулоқот қилишаётганини билиб турсинлар;

– ташкилот раҳбарини таклиф этилган журналистлар рўйхати билан албатта таништириш даркор. Таклиф этилмаган журналистлар ҳам ташриф буюришлари ва матбуот конференциясида фаол иштирок этишлари, бу ҳақда ОАВда ёритишлари мумкин (фақат аккредитациядан ўтган журналистлар билангина ўтказиладиган матбуот конференциялари бундан мустасно);

– анжуманда ташкилот раҳбари ва яна кимлар нима ҳақида гапиришини матбуот котиби улар билан келишиб олиши муҳимдир;

– журналистлардан кутилаётган тахминий саволлар рўйхатини раҳбарга тақдим этиш (бу ишда матбуот котибидан жуда зийраклик талаб этилади, у ўша мавзу доирасида журналистлар қандай саволлар бериши мумкинлиги ҳақида сўровлар ўтказиши, ОАВ вакилларининг фикрларини ўрганиш йўли билан берилиши мумкин бўлган саволлар рўйхатини тузиши мумкин);

– журналистлар олдиндан матбуот конференцияси мавзусини сўраган тақдирда уларга албатта тўғри ахборот бериш шарт. Бундай пайт “Пресс-прелиз” тақдим этиш мақсадга мувофиқдир. Айрим журналистлар радиода ё телекўрсатувларда анонс беришлари мумкин.

Анжуман белгиланган дақиқада бошланиши шарт. Негаки, баъзи радио ва ҳатто, телеканаллар уни тўғридан-тўғри эфирга бериши ҳам мумкинлигини ёдда тутиш лозим.

Анжуманни матбуот котиби бошқаради. У ташкилот мутасаддиларига, сўнг, навбати билан журналистларга сўз беради. Бунинг учун матбуот котиби имкон қадар журналистларнинг исми шарифларини, қайси ОАВдан ташриф буюрганини билиши даркор.

Ахборот хизмати ходимларидан бири анжуманда берилаётган савол-жавобларни ёзиб бориши зарур. Бу ҳақда унинг ўзи ҳам мақола ёзиши мумкин.

Журналистлар орасида атай “шов-шувли” савол берадиганлари ҳам учраб туради. Бундай пайтда эса матбуот котиби вужудга келган ноқулай вазиятдан усталик билан чиқиб кетишга ҳаракат қилиши зарур.

Матбуот анжуманларидан асосий мақсад – ОАВ ходимларини ахборот билан таъминлашдир. Иккинчиси, уларнинг фикрларини ўрганиш. Ташкилот мутасаддилари ва журналистлар ўртасидаги мулоқот майдони – матбуот конференцияси ҳисобланади. Анжуманда муҳими – ташкилот мутасаддилари ва ОАВ вакиллари томонидан фикр икки томонлама тингланади. Матбуот анжуманларида ҳам ОАВ ходимлари аввало ахборотга эга бўладилар ва уни ҳозиржавоблик билан ёритишга киришадилар.

Иккинчидан, улар юзма-юз мулоқотда ўзларини қизиқтирган саволларига бевосита тегишли мутасаддидан жавоб оладилар. Бу ахборотнинг янада аниқ, сермазмун, фактларга бой бўлишига хизмат қилади.

Мутахассислар фикрича, матбуот анжуманидаги “мураккаб саволлар кўрилаётган масаланинг туб моҳиятини очиб беришга хизмат қилиши”1 бу тадбирнинг қанчалик муҳим эканлигини кўрсатади. Матбуот анжумани орқали кенг жамоатчилик билан ўрнатиладиган алоқадан ташкилот фақат ютади.

Баъзи ташкилотлар матбуот анжуманини “зарурат пайдо бўлганида” ўтказиш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайдилар. “Зарурат йўқ” деб, ойлаб матбуот конференцияси ўтказмаслик жамоатчилик билан алоқалар амалиёти мантиғига зиддир. Чунки, ташкилот ва унинг жамоатчилиги тенг ҳуқуқли ва ўзаро боғлиқлигини ёддан чиқармаслик даркор.

Ахборот хизмати – уни ташкил этган ташкилот ё муассаса билан ОАВ ўртасида ижтимоий кўприк, дейиш мумкин. Бу “кўприк” матбуот конференцияларида яққол намоён бўлади. “Матбуот конференцияларини муттасил ўтказсангиз, улар ҳовурни чиқариш имконини беради. Бирон бир эълон ёки позитив ахборот бўлса, матбуот конференциясини ўтказиш яхши тадбир”2.

Матбуот конференцияларидан кутилган натижалар, яъни, анжуманда тарқатилган ахборотлар, савол-жавоблар ва уларнинг ОАВда ёритилиши ҳақида Маргерит Салливан “Масъул ахборот хизмати” китобида шундай ёзади: “ОАВ жамоатчиликни ҳукумат фаолиятидан хабардор қилади ҳамда мунозарага ундайди”3. Муаллиф бир матбуот котибининг шундай фикрларини келтиради: “ҳукуматлар ихтиёрида жуда катта ҳажмда ахборот бўлиб, улар учун бу ахборотни фуқароларга етказишнинг самарали усули зарур, шундагина ҳукумат ахборот хизмати вакили саҳнага чиқади. Бу одам, ҳукумат ичида ишловчи репортёр каби, жамоатчилик учун ахборот тўплайди”4.

Демак, матбуот котибининг касб маҳорати бутун фаолияти давомида, айниқса, матбуот анжуманларида намоён бўлади. ОАВ ходимлари билан мулоқот пайтида у нима қилиши ё қилмаслиги лозим, деган саволга умумлашма фикр сифатида қуйидагилар тавсия этилади:

– доимо ҳақиқатни гапириш, ҳушёр ва ростгўй бўлиш зарур. Сизга бўлган ишонч айнан ана шунга боғлиқ;

– саволга жавобни билмаган тақдирда, “билмайман” деб ростини айтиш жоиз. Бундай вазиятда ҳаммасини тез орада аниқлашга ваъда берганингиз маъқулроқ. Саволга ноаниқ жавоб бўлса, бунга ойдинлик киритиш истагингиз борлигини айтинг;

– тушунарли ва равон тилда гапиринг, адабий тил нормаларига риоя этишингиз ахборот хизмати фаолиятида муҳим ўрин тутади. Сўзларингиз ёзиб олинаётгани доимо ёдингизда турсин;

– журналистлар билан иложи борича яхши муносабатда бўлинг, ОАВда сўзларингиз нотўғри талқин қилинган бўлса, ўз вақтида ойдинлик киритинг. Хатоларни мулойимлик билан кўрсатиб, уларга ишонарли далил-исботлар келтиринг;

– воқеа-ҳодисалар шунчалик тез содир бўладики, ўзингиз, расмий кишилар, вазирлик ё ташкилотлар нималарга эришганини ёддан чиқариб қўймаслик учун албатта улар ҳақида иш дафтарингизга ёзиб боринг;

– журналистлар қўнғироғига вақтида жавоб қайтаринг ё ҳеч бўлмаса бу ишни ёрдамчингизга юклаб қўйинг;

– журналистларга муҳим бўлган ахборотни ўз вақтида топиб беришга ҳаракат қилинг, гарчи бунга қўшимча куч талаб қилинса ҳам… Бу зарур ахборотнинг ОАВда ёритилишида ҳозиржавобликни таъминлашга хизмат қилишини унутманг;

– яхши кайфиятда юриш Ахборот хизмати ходимига хос хислат ва фазилат. Шуни унутмангки, кўнгил совуши ишимизга мудом зарар келтиради;

Матбуот котибининг нуфузи у хизмат қилаётган ташкилот имижига ҳам сўзсиз таъсир қилади. Ахборот хизмати ходими жамоатчилик орасида ўзларини қандай тутишлари зарурлиги ҳақида мутахассислар фикрига қулоқ тутишлари шарт. Бу борадаги тажрибалардан келиб чиққан ҳолда Ахборот хизмати одимларига қуйидаги тавсиялар берилади:

– ОАВ ходимлари билан мулоқотда ҳеч қачон ёлғон сўзламанг;

– тушунарсиз жумла ва ибораларга албатта шарҳ беринг, изоҳланг;

– ўзингизга ҳақиқатдек туюлган гапнинг исботи бўлмаса яхшиси айтманг;

– бирор мавзуни ўзингизча тўқиб чиқарманг, чунки, ташкилот ахборот хизмати номидан сўзлаяпсиз;

– ҳар бир сўзингизни журналистлар текшириб кўриши мумкинлигини ёддан чиқарманг;

– журналистлар, ҳатто, ташкилотингизга мурожаат қилган фуқароларнинг бирор саволини жавобсиз қолдирманг;

– ташкилот раҳбарини вақти-вақти билан ОАВда чиқишини уюштиринг. Бунинг учун раҳбарингиз билан келишган ҳолда журналистларни таклиф этинг;

– Ахборот хизмати фаолияти ҳақида ҳисоботлар ёзиб боришни унутманг.

Ҳар бир Ахборот хизмати бошқа ташкилотларнинг ахборот хизматлари билан мунтазам алоқада бўлиши, уларнинг веб-сайтларини кузатиб бориши мақсадга мувофиқдир.

Матбуот котиби ўз фаолияти давомида қандай дастур зарур ёки зарур эмаслигини, у жамоатчиликка қандай таъсир этишини билиши даркор. Дастур қачон амалга ошишини, у орқали қандай самарали натижаларга эришиш мумкинлигини билиш тақозо этилади.

 

Ҳамкорлик самараси

Бўлиб ўтган матбуот анжумани ҳақида ОАВда кенг ёритиш мақсадга мувофиқдир. Таассуфки, баъзи таҳририят ходимлари бу мавзуни ёзишга жиддий эътибор қилишмайди. Баъзи ОАВ ходимлари анжуман “бўлиб ўтгани”, унда мутасаддилар “журналистларнинг саволларига жавоб бергани” ҳақидаги гаплардан нари ўтишмайди.

У ҳолда, шундай анжуман ўтказишдан муддао нима, деган саволга газета саҳифасидан етарли даражада жавоб топиш қийин. Бундай хабарлар матбуот анжумани ва унда кўтарилган масалалар ҳақида етарли ахборотни бера олмайди.

Аслида, анжумандаги энг муҳим ахборот тарқатилган пресс-релизда акс этган бўлади. Савол-жавоблар замирида эса жамоатчиликка етказилиши зарур бўлган маълумотлар айтилади. У ОАВда кенг ёритилиши зарур. Бу журналистнинг ижодий маҳоратига боғлиқ. Ахборот хизмати ходими журналистлар билан яқин алоқада бўлиши ва улар билан ижодий ҳамкорлик қилиши мақсадга мувофиқдир.

Жамоатчилик билан алоқалар – Ахборот хизмати ходимининг бош мақсади. У мазкур аудитория номидан ҳаракат қилади. Шу боис, у одамлар билан ўзаро ҳурмат доирасида мулоқотда бўлишни асосий вазифа деб билиши зарур. Негаки, одамлар ишонувчан, у нима гапирса, ишонади.

Ташкилот фаолияти ҳақида асосан ОАВ орқали ахборот тарқатилишини назарда тутган ҳолда Ахборот хизмати унга изчил равишда материаллар юбориб туриши зарур. Бу жараёнда Ахборот хизмати ходими қуйидагиларга амал қилиши даркор:

– ташкилот қачон таъсис этилганидан тортиб, қайси қонунлар, ҳукумат қарорлари асосида фаолият кўрсатишигача аниқ билиши;

– ўз ташкилотининг Низоми, Ҳаракат дастури, мақсад ва вазифаларини теран англаши;

– ташкилотдаги ҳар бир масъул ходимнинг лавозими, вазифаларини аниқ билиши;

– ташкилот фаолиятидаги ютуқ ва камчиликлардан воқиф бўлиши;

– журналистларнинг ташкилот фаолиятига оид саволларига жавоб бера оладиган даражада бўлиши;

– ташкилот фаолиятига тааллуқли факт ва рақамларни муттасил ўрганиб бориши;

– ахборотни қоғозга туширганда юксак ижодий маҳорат билан ишлаши, таҳрирга ҳожат қолдирмаслиги;

– имкон қадар қисқа сатрларда улкан мазмунга эга бўлган мавзуларни ёритиши;

– Ахборот хизмати томонидан тақдим этилиб, ОАВда ёритилган ахборотга нисбатан одамларда қандай муносабат пайдо бўлганини ўрганиш.

Таниқли сиёсатшунос Дмитрий Ольшанский таъбири билан айтганда, Ахборот хизмати ходими аввало ахборотга нисбатан жавобгарлик ҳиссини туйиши зарур. Яъни, келтирилган факт ва рақамларни ёки бўлмаса, танқидий мулоҳазаларни у асослай олиши шарт. Пишиқ-пухта ахборотни ўз вақтида ОАВга узатишда Ахборот хизмати ходимининг ҳозиржавоблиги, тезкорлиги муҳим аҳамият касб этади. Агар у ўз ташкилоти ҳақидаги муҳим ахборотни тезкорлик билан узатмаса, бошқалар бунга улгуриб, у тўплаган ахборотнинг қиммати йўқолади5.

Бир нарса аёнки, аудитория матбуотга жамият кўзгуси, адолат тарозиси сифатида қарайди. Ҳатто ҳақиқатга яқин келмайдиган воқеа-ҳодисалар тўғрисида ҳам “телевизорда ўз қулоғим билан эшитдим, радиода айтишди, газетада ўқидим” деб ишонишади. Журналистларни айрим пайтлари ҳукумат ва халқ ўртасидаги боғлаб турувчи халқа деб ҳам таърифлашади. Худди мана шу ишонч Ахборот хизмати ходимининг зиммасига катта масъулият юклайди. Демак, Ахборот хизмати билан ОАВ ҳамкорликни изчил йўлга қўйсагина ижобий натижага эришиши мумкин. Ўрганилган тажрибалардан келиб чиққан ҳолда бундай ҳамкорликнинг қуйидаги турларини айтиш мумкин:

  1. Ахборот хизмати таҳририятлар билан мунтазам алоқа ўрнатиши зарур. Муҳаррирга хат йўллаб, ташкилот томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида ёзиши керак.
  2. Таҳририят тегишли ташкилот ҳақида келган хатлардан бохабар бўлиб бориш даркор. Таҳририят уни ёритса жуда яхши, аксинча, ёритилмай қолса, уни талаб қилиб олиши ва моҳиятини ўрганиши лозим. Таъбир жоиз бўлса, ташкилотга тегишли муаммони шу ернинг ўзида ҳал этиши ва бу ҳақда муаллифни огоҳлантириши шарт.
  3. Ахборот хизмати ходими ўз ташкилоти ҳақида ахборот тарқатганда унинг одамлар учун қанчалик аҳамиятли эканлигига ҳам жиддий эътибор қаратиши шарт.

Ахборот хизмати тақдим этган материалда ташкилот фаолияти асосан ижобий нуқтаи назардан характерланади. Бироқ, у фақат мақтовлардан иборат бўлмаслиги зарур. Ташкилот фаолияти ҳақида аниқ фактларга асосланиб гапирилади, акс ҳолда унга ишонмайдилар ҳам, қизиқмайдилар ҳам.

ОАВга материалдан ташқари электрон хатлар ёзиб туриш керак – уларга нима ёқди, нима ёқмади, қандай маълумотлар даркор ва ҳоказо.

Ҳар бир Ахборот хизматида ОАВнинг медиа-картаси бўлмоғи лозим. Медиа-картага қуйидаги маълумотлар киради:

– ОАВ рўйхати, тури, даврийлиги, йўналиши, хусусияти, ҳажми, (эфир вақти);

– таҳририят структураси, манзили, факс, телефон рақамлари, электрон почтаси, веб-сайти;

– бош муҳаррири, ўринбосарлари ва бошқа масъул ходимлари;

– Ахборот хизматига тегишли ташкилот йўналиши бўйича ихтисослашган бўлим ходимларининг исм-фамилиялари, хизмат, уй ва қўл телефонлари, электрон манзиллари ва яна бошқа керакли маълумотлар.

Ахборот хизмати фаолияти самарали бўлиши учун ҳар бир ходимни биттадан ОАВга бириктириши мақсадга мувофиқдир. Яъни, бири матбуотга, иккинчиси радио ва телевидениега, учинчиси интернет ва ахборот агентликларига ва ҳоказо. Улар ана шу ОАВда ташкилотга оид ёритилаётган материалларни ҳам изчил ўрганиб бориши зарур. Ташкилотга тааллуқли танқидий фикрлар, таклифлар ёритилса, бу ҳақда албатта ташкилот раҳбарига маълумот бериш шарт. Токи, раҳбар ОАВда ўз ташкилоти ҳақида ёритилган гаплардан бехабар юрмаслиги лозим. Таъбир жоиз бўлса, унга нисбатан вақтида муносабатини билдириши тақозо этилади.

 

ЎҚИШ ТАВСИЯ ЭТИЛАДИГАН АДАБИЁТЛАР

Ўзбекистон Республикаси қонунлари

  1. Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси –Т.: Ўзбекистон, 2016.
  2. Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги –Т 2014 lex.uz
  3. Ўзбекистон Республикасининг “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги қонуни. Ахборот ва ахборотлаштиришга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўплами. –Т.: Адолат, 2008.
  4. Ўзбекистон Республикасининг “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги (янги таҳрири) қонуни. Ахборот ва ахборотлаштиришга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўплами. –Т.: Адолат, 2008.
  5. Ўзбекистон Республикасининг “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонуни. Ахборот ва ахборотлаштиришга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўплами. –Т.: Адолат, 2008.
  6. Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонуни. //www.lex.uz 2016 йил 14 сентябрь

Методологик адабиётлар

  1. Мирзиёев Ш.М. Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз. –Т.: Ўзбекистон, 2017. – 488 б.
  2. Мирзиёев Ш.М. Эркин ва фаровон, демократик Ўзбекистон давлатини мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз. //www.uza.uz 14.12.2016
  3. Мирзиёев Ш.М. Жисмоний ва маънавий етук ёшлар – эзгу мақсадларимизга етишда таянчимиз ва суянчимиздир. //www.lex.uz 30.06.2017
  4. Каримов И.А. Ўзбекистон: миллий истиқлoл, иқтисoд, сиёсат, мафкура. Т.1. –Т.: Ўзбекистон, 1996. – 364 б.
  5. Каримов И.А. Биздан oзoд ва oбoд Ватан қoлсин. Т.2. –Т.: Ўзбекистон, 1996. – 380 б.
  6. Каримов И.А. Ватан саждагoҳ каби муқаддасдир. Т.3. –Т.: Ўзбекистон, 1996. – 366 б.
  7. Каримов И.А. Бунёдкoрлик йўлидан. Т.4. –Т.: Ўзбекистон, 1996. – 349 б.
  8. 8. Каримов И.А. Янгича фикрлаш – давр талаби. Т.5. –Т.: Ўзбекистон, 1997. – 384 б.
  9. 9. Каримов И.А. Хавфсизлик ва барқарoр тараққиёт йўлидан. Т.6. –Т.: Ўзбекистон, 1998. – 429 б.
  10. 10. Каримов И.А. Биз келажагимизни ўз қўлимиз билан қурамиз. Т.7. –Т.: Ўзбекистон, 1999. – 410 б.
  11. 11. Каримов И.А. Oзoд ва oбoд Ватан, эркин ва фарoвoн ҳаёт – пирoвард мақсадимиз. Т.8. –Т.: Ўзбекистон, 2000. – 528 б.
  12. 12. Каримов И.А. Ватан равнақи учун ҳар биримиз масъулмиз. Т. 9. –Т.: Ўзбекистон, 2001. – 432 б.
  13. 13. Каримов И.А. Хавфсизлик ва тинчлик учун курашмоқ керак. Т. 10. –Т.: Ўзбекистон, 2002. – 432 б.
  14. 14. Каримов И.А. Биз танлаган йўл – демократик тараққиёт ва маърифий дунё билан ҳамкорлик йўли. Т. 11. –Т.: Ўзбекистон, 2003. – 320.
  15. 15. Каримов И.А. Тинчлик ва хавфсизлигимиз ўз куч-қудратимизга, ҳамжиҳатлигимиз ва қатъий иродамизга боғлиқ. Т. 12. –Т.: Ўзбекистон, 2004. – 400 б.
  16. 16. Каримов И.А. Ўзбек халқи ҳеч қачон, ҳеч кимга қарам бўлмайди. Т. 13. –Т.: Ўзбекистон, 2005. – 448 б.
  17. 17. Каримов И.А. Инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари – олий қадрият. Т. 14. –Т.: Ўзбекистон, 2006. – 280 б.
  18. Каримов И.А. Жамиятни эркинлаштириш, ислоҳотларни чуқурлаштириш, маънавиятимизни юксалтириш ва халқимизнинг ҳаёт даражасини ошириш – барча ишларимизнинг мезон ва мақсадидир. Т. 15. –Т.: Ўзбекистон, 2007. – 320 б.
  19. Каримов И.А. Мамлакатни модернизация қилиш ва иқтисодиётимизни барқарор ривожлантириш йўлида. Т. 16. –Т.: Ўзбекистон, 2008. – 368 б.
  20. Каримов И.А. Ватанимизнинг босқичма-босқич ва барқарор ривожланишини таъминлаш бизнинг олий мақсадимиздир. –Т.17. –Т: Ўзбекистон, 2009. – 280 б.
  21. Каримов И.А. Юксак маънавият – енгилмас куч. –Т.: Маънавият, 2008. – 176 б.
  22. Каримов И.А. Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида. –Т.: Ўзбекистон, 2011. – 440 б.
  23. Каримов И.А. Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш – энг олий саодатдир. –Т.: Ўзбекистон, 2015.
  24. Каримов И.А. Озодлик ҳавосидан тўйиб нафас олган халқ ўз йўлидан ҳеч қачон қайтмайди. –Т.: Ўзбекистон, 2017.

  Асосий адабиётлар

  1. Бекмуродов М. Ўзбекистонда жамоатчилик фикри. –Т.: Фан, 1999.
  2. Блэк С. Введение в паблик рилейшнз. –Ростов-на-Дону, 1998.
  3. Гундарин М.В. Теория и практика связей с общественностью: основы медиа-рилейшнз. Учеб. пособие. –М.: Форум: инфра-м, 2007.
  4. Мўминов Ф.А Паблик рилейшнз: история и теория –Т.: Ижод дунёси, 2004
  5. Ҳусанов М. Матбуот хизматлари фаолиятини ташкил этиш бўйича қўлланма –Т.: Адолат, 2006
  6. Эшбеков Т Жамоатчилик билан алоқалар ва ахборот хизматлари. Ўқув қўлланма. –Т.: ЎзМУ, 2012.
  7. Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним! Услубий қўлланма. Эшбеков Т. ва бошқ. –Т.: Маънавият, 2017.

 Қўшимча адабиётлар

  1. Луғат-маълумотнома: Журналистика. Реклама. Паблик рилейшнз. 1700 атама. /Нестеренко Ф. ва бошқ. –Т.: Зар қалам, 2003.
  2. Миралимов Ш., Эшбеков Т Журналистика, маънавият, жамият Ўқув қўлланма –Т.: Ўзбекистон, 2010

 Интернет-манбалар

  1. ziyonet.uz – Ўзбекистон таълим ахборот тармоғи
  2. uza.uz
  3. gov.uz
  4. lex.uz
  5. uchildiz.uz

ф3

Тўлқин Эшбековнинг “МУЛОҚОТ МАЙДОНИДА АХБОРОТ ХИЗМАТЛАРИНИНГ ЎРНИ” Илмий-оммабоп рисоласидан

______________________________________________

1 Катлип С.М., Сентер А.Х., Брум Г.М. Паблик рилейшнз. Теория и практика.– М.: Вильямс, 2003. Б. 372.

2 Қаранг: Салливан М. Масъул матбуот хизмати. Regional Program Offise. Vienna. RPO. –Т.: 2002. Б. 55.

3 Ўша манба. Б. 7-15.

4 Қаранг: Салливан М. Масъул матбуот хизмати. Regional Program Offise. Vienna. RPO. –Т.: 2002. Б. 7-15.

5 Қаранг: Ольшанский Д. Политический PR. СПб.: –М.: Питер, 2003. Б. 81.

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>