Ахборот хизматлари иши фақат пресс-релиз тайёрлаш эмас

ЎзМУ Журналистика факультетидан етишиб чиққан истеъдод соҳиблари билан

фахрланиб юрамиз. 2001-2002 йилларда Журфакда битта гуруҳ истеъдодларга тўла эди. Ўша курсда Беҳзод Шукуров, Нурхон Элмирзаева, Ҳусниддин Бердиев, Нилуфар Жабборова, Феруза Қувонова, Шуҳрат Ориф каби талабалар «Бўлар бола — бошдан» эканлигини намоён этиб турарди. Ёз ойларида Беҳзод Шукуров ва Ҳусниддин Бердиевни Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий кенгаши Ахборот хизматига амалиётга бошлаб боргандим. Иқтидорли талабаларимиз уларга ёқиб қолган ва кейинчалик шу даргоҳда анча йиллар фаолият кўрсатишди. Беҳзод Шукуров ва Ҳусниддин Бердиев Журфак тарихида биринчилардан бўлиб айнан Ахборот хизматлари йўналишида Битирув-малакавий иши ёзиб, бу соҳада ўзига яраша тадқиқотчи кадр сифатида камолга ета бошладилар. Айни пайтда  Беҳзод Шукуров юқори ташкилотлардан бирида Ахборот хизматида фаолият кўрсатмоқда. Ҳусниддин Бердиев «Оила даврасида» газетаси Бош муҳаррири! У ўз фаолиятини Ахборот хизматлари билан ҳамкорликда олиб бораётгани таҳсинга лойиқдир. Унинг қуйидаги таҳлилий мақоласини ана шу билим ва тажрибаларининг меваси сифатида баҳолагим келди.

Фаультетимиз, соҳамиз ва энг муҳими, она Ватанимизга муносиб хизмат қилишаётган истеъдодли шогирдларимизга фақат омад тилаб қоламиз.

Дониш домла.

5

Ахборот хизматлари иши фақат пресс-релиз тайёрлаш эмас

Ахборот хизматлари иши фақат пресс-релиз тайёрлаш эмас

Яқинда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан оммавий ахборот воситалари соҳасида миллий қонунчиликни янада такомиллаштиришнинг долзарб масалаларига бағишлаб ўтказилган республика конференциясида иштирок этиб бир қатор фикрлар хаёлимдан ўтди.
Аввало, конференцияда қайд этилганидек, бугун миллий қонунчилигимизда оммавий ахборот воситалари фаолияти билан боғлиқ камчиликлар, қатор бўшлиқлар борлиги кундай равшан. Оммавий ахборот воситаларининг ташкилий-ҳуқуқий шаклидан тортиб – муассислар билан муносабатлар, муассис мажбуриятлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари томонидан журналистнинг ахборот олишига тўсқинлик қилгани учун жавобгарлик масаласигача – кўплаб меъёрларни аниқлаштириш зарур.
Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари фаолияти очиқлигини таъминлаш, бунинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш борасида кўтарилаётган масалалар кўплаб журналистларни, оммавий ахборот воситалари ходимларини хурсанд қилган бўлса керак. Боиси, биз йиллар давомида оддий бир материал (танқидий у ёқда турсин) тайёрлаш мақсадида бир ташкилотдан маълумот олишда катта тўсиқларга учраб келдик. Расмий хат жўнатиш, хат эса канцеляриядан – тегишли раҳбарга, раҳбардан – ўринбосарга, ўринбосардан – ижрочига тушишини, кейин эса ижрочи тайёрлаган ҳисобот шаклидаги бир маълумот (шунда ҳам умумий гаплардан нарига ўтилмаган) яна шу йўналишда раҳбаргача бориб, унинг тасдиғидан ўтгандан сўнггина почта орқали бизга келиши каби узундан-узун жараён кўпчилик ҳамкасбларимизга яхши таниш. Сўнгги йилларда давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак, деган тамойил ҳаётга татбиқ этила бошлангач, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг матбуот билан ишлаш услубида ҳам анча-мунча ўзгаришлар кўзга ташланяпти. Бироқ ҳали ҳам бу йўналишда долзарб бўлиб турган масалалар талайгина.
Аввало, ахборот хизматлари нафақат ўз ташкилоти ҳақида пресс-релиз ёки бошқа маълумот тайёрлаб матбуотга узатиш, балки ушбу ташкилот имижи учун ҳам масъул эканини англаб етиши зарур.
Мисол учун, газета ёки интернет нашрда бирор бир ташкилот фаолияти ҳақида танқидий материал чиқса, биринчи навбатда бу материални ким ёзган, нега ёзган каби саволларни суриштириш ўрнига, ўша материалга тезкор муносабат билдирилса, камчиликларни тўғрилаш борасида қандай ишлар бошлангани ҳақида айтилса, бу ўша ташкилотнинг обрўсини оширмайдими?
Газетамизнинг деярли ҳар сонида маълум бир соҳа бўйича танқидий-таҳлилий материаллар беришга ҳаракат қиламиз. Кўп мақолаларимизда муайян камчиликлар аниқ кўрсатилган (адресный) ҳам бўлади. Афсуски уларнинг аксариятига тегишли соҳа мутасаддилари (ёхуд ахборот хизматлари) муносабат билдириш у ёқда турсин, расмий хат билан ўша мақола жўнатилса-да деярли жавоб беришмайди. Бунга мисоллар етарли.
Яқинда бир вазирлик ахборот хизмати раҳбари қарийб икки ойдан кейин мақолага муносабат жўнатар экан, «соҳада мана бундай катта-катта ишлар қилиняпти, фалон лойиҳаларни амалга оширяпмиз. Шундай пайтда танқид қилиш адолатдан бўладими?..» қабилида нолиди. Қизиқ, соҳанинг қайсидир бир томони танқид қилинар экан, бу у ердаги «катта ислоҳотлар» инкор этиляпти дегани эмас-ку! Аксинча, камчиликни кўрсатиб, уни вақтида тўғрилашга даъват этаётгани учун миннатдор бўлиши керак эмасми? Мақолага муносабат қилиб «улкан ишлар ҳисоботини» эмас, камчилик қандай бартараф этилаётганини икки оғиз гап билан айтиш кераклигини вазирлик ва идоралар ахборот хизматлари вакиллари қачон англаб етади?
Албатта, бунинг учун давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ахборот хизматлари фаолиятини кафолатлайдиган меъёрий ҳужжатлар керак бўлади. Шу боис бугун Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, хўжалик юритувчи субъектлар ва бошқа ташкилотларнинг жамоатчилик билан ўзаро ҳамкорлигини тубдан такомиллаштириш ҳамда матбуот хизматлари фаолиятини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилган.
Конференция давомида шунга амин бўлдим: ошкоралик ва демократик тамойилларни оммавий ахборот воситаларида чинакамига татбиқ этиш учун ҳали кўп ишлар қилиниши керак экан. Бу давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда уларнинг ахборот хизматлари фаолиятига, журналистларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари қанчалик ҳимояланганига, ўз навбатида, оммавий ахборот воситалари ходимларининг билими, савияси ва салоҳиятига бевосита боғлиқ. Хурсанд қиладиган томони мана шу долзарб вазифалар ечими сари қадам қўйилаётганидир.
Ҳусниддин БЕРДИЕВ
Манба: «Оила даврасида» газетаси 
 http://uza.uz/oz/society/akhborot-khizmatlari-ishi-fa-at-press-reliz-tayyerlash-emas-30-05-2019

 

You may also like...

2 Responses

  1. Ustoz to’g’ri aytasiz, axborot xizmatlarining vazifasi asosan press-reliz tayyorlashda bo’lib qolgan. Press-reliz tayyorlash bilan birgalikda matbuotga boshqa ma’lumotlar ham bersa maqsadga muvofiq bo’lar edi. Shu og’riqlik nuqtamizga e’tibor berganingiz uchun rahmat.

  2. Бекзод Шукуров, Ҳусниддин Бердиевларга омад тилаб қоламан! Бизга ҳам сизлардек етук журналист бўлиш насиб эцин.
    Мен танқидни яхши ва керакли деб ҳисоблайман камчиликларни кўрсатиб, уни вақтида тўғрилашга даъват этиш муҳим албатта!
    демократик тамойилларни оммавий ахборот воситаларида чинакамига татбиқ этиш учун эса ўзимиз ҳаракат қилишимиз керак.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>