Ахборот хизматлари” фанидан ўқув машғулотлари (16)

16-мавзу: Матбуот конференцияси

 ***

 Тўлқин ЭШБЕК

 АХБОРОТ ХИЗМАТИ: назария ва амалиёт

 (Ўқув қўлланма)

 ТОШКЕНТ

ЎзМУ – 2015

 

 

Филология фанлари номзоди, доцент Тўлқин Эшбековнинг “Ахборот хизмати: ишлаш усуллари ва тамойиллари” (2009 йил ва 2011 йилда қайта нашри), “Жамоатчилик билан алоқалар ва ахборот хизматлари” (2012 й.) деб номланган ўқув қўлланмалари кенг жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотган. Уларнинг қайта ишланган ва тўлдирилган нашри ҳисобланмиш мазкур ўқув қўлланмада ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантиришнинг назарий ва ҳуқуқий асослари, мақсад ҳамда вазифалари, ташкилот имижини яратиш, ижодий маҳорат, ОАВ билан ҳамкорлик масалалари атрофлича ёритилган. Қўлланмадан Журналистика факультети талабалари, тадқиқотчилар, идора ва ташкилотларнинг жамоатчилик билан алоқалар бўлимлари, Ахборот хизматлари ходимлари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари кенг фойдаланишлари мумкин.

(Эслатма: “Ахборот хизмати: назария ва амалиёт” ўқув қўлланмасидан фойдаланганда Ўзбекистон Республикасининг “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги қонунига амал қилган ҳолда манба албатта кўрсатилиши лозимлигини унутманг)

 я5

 

16-мавзу: МАТБУОТ КОНФЕРЕНЦИЯСИ

 Режа:

  1. Матбуот конференциясига тайёргарлик кўриш.
  2. Матбуот анжумани ўтказиш учун яратиладиган шароитлар.
  3. Матбуот анжуманини бошқаришда матбуот котибининг ўрни.

 

 

Матбуот конференциясини ўтказишдан аввал унга пухта тайёргарлик кўриш зарур. Матбуот котиби дастлаб ўз идорасида тайёргарликни бошлайди. У раҳбари билан бамаслаҳат қуйидаги вазифаларни амалга ошириши зарур:

– матбуот анжумани ўтказишдан мақсад ва ундаги асосий мавзуни аниқ билиши (шу асосда Пресс-релиз тайёрлаши);

– конференция ўтказиладиган вақти (йил, ой, кун, соат, дақиқасигача) аниқ бўлиши ва бу ҳақда тегишли ОАВ ходимларига камида уч кун илгари хабар берилиши шарт;

– анжуман журналистлар учун қулай манзилда ўтказилиши, ўша хона кенг ва ёруғ, шовқин-сурондан йироқ бўлиши лозим. Токи, телекўрсатув ё радиоэшиттириш тайёрлашда ноқулайлик бўлмаслиги зарур. Столлар иложи борича айлана шаклида бўлиши, анжуманга келишган мутасадди раҳбарлар ва журналистлар бемалол юзма-юз мулоқот ўтказиши учун қулай бўлиши керак. (Ўзбекистон Миллий матбуот марказида шу қулайликлар яратилган);

– матбуот конференциясига ташриф буюрган журналистларни рўйхатда қайд этиш ва шу ернинг ўзида Пресс-релизларни тарқатиш лозим;

– матбуот конференциясида иштирок этаётган ташкилот мутасаддилари олдида уларнинг исми шарифлари, лавозимлари ёзилган лавҳа туриши шарт. Токи, анжуман иштирокчилари кимлар билан мулоқот қилишаётганини билиб турсинлар;

– ташкилот раҳбарини таклиф этилган журналистлар рўйхати билан албатта таништириш даркор. Таклиф этилмаган журналистлар ҳам ташриф буюришлари ва матбуот конференциясида фаол иштирок этишлари, бу ҳақда ОАВда ёритишлари мумкин (фақат аккредитациядан ўтган журналистлар билангина ўтказиладиган матбуот конференциялари бундан мустасно);

– анжуманда ташкилот раҳбари ва яна кимлар нима ҳақида гапиришини матбуот котиби улар билан келишиб олиши муҳимдир;

– журналистлардан кутилаётган тахминий саволлар рўйхатини раҳбарга тақдим этиш (бу ишда матбуот котибидан жуда зийраклик талаб этилади, у ўша мавзу доирасида журналистлар қандай саволлар бериши мумкинлиги ҳақида сўровлар ўтказиши, ОАВ вакилларининг фикрларини ўрганиш йўли билан берилиши мумкин бўлган саволлар рўйхатини тузиши мумкин);

– журналистлар олдиндан матбуот конференцияси мавзусини сўраган тақдирда уларга албатта тўғри ахборот бериш шарт. Бундай пайт “Пресс-прелиз” тақдим этиш мақсадга мувофиқдир. Айрим журналистлар радиода ё телекўрсатувларда анонс беришлари мумкин.

Анжуман белгиланган дақиқада бошланиши шарт. Негаки, баъзи радио ва ҳатто, телеканаллар уни тўғридан-тўғри эфирга бериши ҳам мумкинлигини ёдда тутиш лозим.

Анжуманни матбуот котиби бошқаради. У ташкилот мутасаддиларига, сўнг, навбати билан журналистларга сўз беради. Бунинг учун матбуот котиби имкон қадар журналистларнинг исми шарифларини, қайси ОАВдан ташриф буюрганини билиши даркор.

Ахборот хизмати ходимларидан бири анжуманда берилаётган савол-жавобларни ёзиб бориши зарур. Бу ҳақда унинг ўзи ҳам мақола ёзиши мумкин.

Журналистлар орасида атай “шов-шувли” савол берадиганлари ҳам учраб туради. Бундай пайтда эса матбуот котиби вужудга келган ноқулай вазиятдан усталик билан чиқиб кетишга ҳаракат қилиши зарур.

Матбуот анжуманларидан асосий мақсад – ОАВ ходимларини ахборот билан таъминлашдир. Иккинчиси, уларнинг фикрларини ўрганиш. Ташкилот мутасаддилари ва журналистлар ўртасидаги мулоқот майдони – матбуот конференцияси ҳисобланади. Анжуманда муҳими – ташкилот мутасаддилари ва ОАВ вакиллари томонидан фикр икки томонлама тингланади. Матбуот анжуманларида ҳам ОАВ ходимлари аввало ахборотга эга бўладилар ва уни ҳозиржавоблик билан ёритишга киришадилар.

Иккинчидан, улар юзма-юз мулоқотда ўзларини қизиқтирган саволларига бевосита тегишли мутасаддидан жавоб оладилар. Бу ахборотнинг янада аниқ, сермазмун, фактларга бой бўлишига хизмат қилади.

Мутахассислар фикрича, матбуот анжуманидаги “мураккаб саволлар кўрилаётган масаланинг туб моҳиятини очиб беришга хизмат қилиши”1 бу тадбирнинг қанчалик муҳим эканлигини кўрсатади. Матбуот анжумани орқали кенг жамоатчилик билан ўрнатиладиган алоқадан ташкилот фақат ютади.

Баъзи ташкилотлар матбуот анжуманини “зарурат пайдо бўлганида” ўтказиш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайдилар. “Зарурат йўқ” деб, ойлаб матбуот конференцияси ўтказмаслик жамоатчилик билан алоқалар амалиёти мантиғига зиддир. Чунки, ташкилот ва унинг жамоатчилиги тенг ҳуқуқли ва ўзаро боғлиқлигини ёддан чиқармаслик даркор.

Ахборот хизмати – уни ташкил этган ташкилот ё муассаса билан ОАВ ўртасида ижтимоий кўприк, дейиш мумкин. Бу “кўприк” матбуот конференцияларида яққол намоён бўлади. “Матбуот конференцияларини муттасил ўтказсангиз, улар ҳовурни чиқариш имконини беради. Бирон бир эълон ёки позитив ахборот бўлса, матбуот конференциясини ўтказиш яхши тадбир”2.

Матбуот конференцияларидан кутилган натижалар, яъни, анжуманда тарқатилган ахборотлар, савол-жавоблар ва уларнинг ОАВда ёритилиши ҳақида Маргерит Салливан “Масъул ахборот хизмати” китобида шундай ёзади: “ОАВ жамоатчиликни ҳукумат фаолиятидан хабардор қилади ҳамда мунозарага ундайди”3. Муаллиф бир матбуот котибининг шундай фикрларини келтиради: “ҳукуматлар ихтиёрида жуда катта ҳажмда ахборот бўлиб, улар учун бу ахборотни фуқароларга етказишнинг самарали усули зарур, шундагина ҳукумат ахборот хизмати вакили саҳнага чиқади. Бу одам, ҳукумат ичида ишловчи репортёр каби, жамоатчилик учун ахборот тўплайди”4.

Демак, матбуот котибининг касб маҳорати бутун фаолияти давомида, айниқса, матбуот анжуманларида намоён бўлади. ОАВ ходимлари билан мулоқот пайтида у нима қилиши ё қилмаслиги лозим, деган саволга умумлашма фикр сифатида қуйидагилар тавсия этилади:

– доимо ҳақиқатни гапириш, ҳушёр ва ростгўй бўлиш зарур. Сизга бўлган ишонч айнан ана шунга боғлиқ;

– саволга жавобни билмаган тақдирда, “билмайман” деб ростини айтиш жоиз. Бундай вазиятда ҳаммасини тез орада аниқлашга ваъда берганингиз маъқулроқ. Саволга ноаниқ жавоб бўлса, бунга ойдинлик киритиш истагингиз борлигини айтинг;

– тушунарли ва равон тилда гапиринг, адабий тил нормаларига риоя этишингиз ахборот хизмати фаолиятида муҳим ўрин тутади. Сўзларингиз ёзиб олинаётгани доимо ёдингизда турсин;

– журналистлар билан иложи борича яхши муносабатда бўлинг, ОАВда сўзларингиз нотўғри талқин қилинган бўлса, ўз вақтида ойдинлик киритинг. Хатоларни мулойимлик билан кўрсатиб, уларга ишонарли далил-исботлар келтиринг;

– воқеа-ҳодисалар шунчалик тез содир бўладики, ўзингиз, расмий кишилар, вазирлик ё ташкилотлар нималарга эришганини ёддан чиқариб қўймаслик учун албатта улар ҳақида иш дафтарингизга ёзиб боринг;

– журналистлар қўнғироғига вақтида жавоб қайтаринг ё ҳеч бўлмаса бу ишни ёрдамчингизга юклаб қўйинг;

– журналистларга муҳим бўлган ахборотни ўз вақтида топиб беришга ҳаракат қилинг, гарчи бунга қўшимча куч талаб қилинса ҳам… Бу зарур ахборотнинг ОАВда ёритилишида ҳозиржавобликни таъминлашга хизмат қилишини унутманг;

– яхши кайфиятда юриш Ахборот хизматига хос хислат ва фазилат. Шуни унутмангки, кўнгил совуши ишимизга мудом зарар келтиради;

Матбуот котибининг нуфузи у хизмат қилаётган ташкилот имижига ҳам сўзсиз таъсир қилади. Ахборот хизмати ходими жамоатчилик орасида ўзларини қандай тутишлари зарурлиги ҳақида мутахассислар фикрига қулоқ тутишлари шарт. Бу борадаги тажрибалардан келиб чиққан ҳолда Ахборот хизмати ходимларига қуйидаги тавсиялар берилади:

– ОАВ ходимлари билан мулоқотда ҳеч қачон ёлғон сўзламанг;

– тушунарсиз жумла ва ибораларга албатта шарҳ беринг, изоҳланг;

– ўзингизга ҳақиқатдек туюлган гапнинг исботи бўлмаса яхшиси айтманг;

– бирор мавзуни ўзингизча тўқиб чиқарманг, чунки, ташкилот ахборот хизмати номидан сўзлаяпсиз;

– ҳар бир сўзингизни журналистлар текшириб кўриши мумкинлигини ёддан чиқарманг;

– журналистлар, ҳатто, ташкилотингизга мурожаат қилган фуқароларнинг бирор саволини жавобсиз қолдирманг;

– ташкилот раҳбарини вақти-вақти билан ОАВда чиқишини уюштиринг. Бунинг учун раҳбарингиз билан келишган ҳолда журналистларни таклиф этинг;

– Ахборот хизмати фаолияти ҳақида ҳисоботлар ёзиб боришни унутманг.

Ҳар бир Ахборот хизмати бошқа ташкилотларнинг ахборот хизматлари билан мунтазам алоқада бўлиши, уларнинг веб-сайтларини кузатиб бориши мақсадга мувофиқдир (6-илова).

Матбуот котиби ўз фаолияти давомида қандай дастур зарур ёки зарур эмаслигини, у жамоатчиликка қандай таъсир этишини билиши даркор. Дастур қачон амалга ошишини, у орқали қандай самарали натижаларга эришиш мумкинлигини билиш тақозо этилади.

***

Ушбу мавзуда соҳа мутахассисларидан бири – филология фанлари доктори, профессор Файзулла Мўминов (муаллифнинг илмий раҳбари) билан ҳамкорликда тайёрланган қуйидаги маълумотлар ҳам тақдим этилади.

Матбуот анжуманлари муҳим ахборотдан жамоатчиликни хабардор қилиш учун ўтказилади. Унга пухта тайёргарлик кўриш керак. Чунки етказилаётган маълумотлар ортиқча бўёқларсиз, аниқ далилларга таянган бўлиши шарт.

Матбуот конференциясини тайёрлаш ва ўтказиш тартибининг умумий ва алоҳида (конференция мавзусига, характерига боғлиқ) қоидалари бор. Табиийки, биз кўпроқ умумий қоидалар ҳақида гапирамиз, яхшиси уларни санаб чиқамиз:

1) матбуот анжуманини тайёрлаш ҳақида ташкилот буйруғи, унда барча керакли бандлар ўз аксини топиши;

2) анжуман ўтказиш жойи, кун тартиби, меҳмонлар рўйхати, масъул ходимлар, молиявий таъминлаш, транспорт, келганларни қайд этадиган одамлар, норасмий қисмнинг жойи ва характери, анжумандан ташқари тадбирлар, ташкилот раҳбари билан келишиш;

3) зарур бўлганда меҳмонхоналардан жойлар тайинланиши;

4) тадбирга қатнашаётган барча меҳмонлар ва раҳбарларнинг телефонлари рўйхати;

5) баннер, плакат ва бошқа безатилишга оид воситалар тайёр бўлиши;

6) кириш сўзи тайёр бўлиши;

7) ВИП меҳмонларни кутиб олиш (ва анжуман давомида улар билан бирга бўлиш);

8) меҳмонларни қайд этиш вақти уларга керакли материалларни тарқатиш ва улар ҳақида керак бўлган маълумотларни йиғиш (бу вазифаларнинг ҳар бири алоҳида одамлар бажариши маъқулроқ);

9) адабиётлар, босма, реклама ва ахборот материалларининг тайёрлиги;

10) бейжикларни тарқатиш;

11) анжуман кун тартибининг бир нусхасини фойега осиш;

12) анжуман масъуллари рўйхати ва вазифалари тарқатма материалларда ўз аксини топиши;

13) зарур бўлганда сувенир ва совғалар тайёрлиги;

14) байроқлар тайёрлиги;

15) залда стол ва стуллар етарли бўлиши;

16) микрофон, компьютер, проектор ва аппаратуралар тайёрлиги;

17) чиқишларни ёзиб олиш воситалари тайёр бўлиши;

18) тадбирни ўтказадиган ташкилот логотипи;

19) видеога тушириш масаласи;

20) суратга тушириш имкониятлари;

21) хорижий меҳмонлар бўлса, улар билан боғлиқ протокол тадбирлари;

22) агар шунга зарурат бўлса, тадбирда гапирмоқчи бўлганлар рўйхати ва улар нутқининг матни (тезислари) тайёрлиги;

23) меҳмон (ОАВ)лар учун ёзув (табличка, фуршетка)лар;

24) зарурат бўлганда, уларнинг илтимосларига биноан, айрим меҳмонларни алоҳида ОАВлар билан учрашувларини ташкил этиш;

25) давра стол ёки президиум (модератор, олиб борувчи) учун кун тартиби ва қатнашчилар рўйхатидан ташқари муҳим меҳмонлар ҳақида батафсил маълумотлар;

26) ОАВ учун махсус одам бириктирилиши (ОАВ учун пресс-релиз ва тарқатма материал тайёрлаб туриш, радио телевидение ва матбуотга ким интервью беришини ташкил этиш ва ҳ.к.)

27) столларда ёзиш учун қоғоз ва қаламларни ташкил этиш;

28) барча қатнашчилар учун сув ва стаканлар етарлилигини таъминлаш;

29) ҳаво иссиқ бўлса, ўз вақтида кондиционерларни ёқиб, зални совутиш;

30) маърузачилар етиб келиши (ёки келмаганлигини) раис (модератор)га ўз вақтида билдириш;

31) барча хоҳловчилар учун навбатма-навбат сўз бериш (агар бунинг иложи бўлмаса, энг муҳимларига имконият яратиш);

32) кўп гапирадиганларни ўз вақтида одоб билан тўхтатиш;

33) савол-жавоб қисмига вақт қолдириш ва улар қисқа ҳамда аниқ бўлишини таъминлаш;

34) савол-жавоб пайти қарашлар плюрализмини таъминлаш;

35) зарур бўлганда мунозара қисмига вақт ажратиш;

36) мунозаранинг одоб билан олиб борилишини таъминлаш;

37) тадбир бошлангандан кейин раис (модератор)га керакли маълумотларни етказиб туриш учун махсус бир одамни тайинлаш;

38) кечикиб келган муҳим меҳмонлар билан қатнашчиларни қисқа таништириш;

39) аёлларга алоҳида эҳтиром кўрсатиш;

40) аппаратура симлари йўл устида бўлмаслигини таъминлаш;

41) кофе-брейк учун ҳамма нарса тайёр эканлигини текшириш;

42) кофе-брейк пайти меҳмонлар бемалол гаплаша олишини таъминлаш;

43) танаффусларни ўз вақтида ўтказиб ишни давом эттириш;

44) тадбирга якун ясаш;

45) меҳмонларни кузатиш ва ҳ.к.

Бу муҳим ташкилий тадбирлар билан биргаликда ажуманнинг “асосий қаҳрамони” чиқишига ҳам алоҳида эътибор қаратмоқ даркор. Яъни, унинг маърузаси бугунги аудиторияга мос тушиши керак. Шунингдек, унинг нутқида машҳур шахсларнинг мавзу доирасидаги бир-иккита қизиқарли фикрлари келтирилса, мақсадга мувофиқ бўлади. Шу билан бирга қаҳрамоннинг ташқи кўриниши, нутқининг таъсирчан ва эсда қоларлилиги, жумлаларнинг грамматик жиҳатдан тўғри тузилганлиги, аниқ ва равонлиги, хатти-ҳаракатлардан, имо-ишоралардан тўғри фойдалана олиши матбуот анжуманининг муваффақиятли ўтишига замин яратади.

Бундан ташқари, ахборот хизмати ходими аввало ўз идорасида тайёргарликни бошлайди. Яъни, у раҳбари билан маслаҳатлашган ҳолда қуйидагиларни аниқлаб олиши зарур:

– анжуман журналистлар бемалол етиб келишлари учун қулай манзилда ўтказилиши, ўша хона кенг ва ёруғ, шовқин-сурондан йироқ бўлиши лозим. Токи, телекўрсатув ё радиоэшиттириш тайёрлашда ноқулайлик бўлмаслиги зарур. Столлар иложи борича айлана шаклида жойлашиши, анжуманга келган мутасадди раҳбарлар ва журналистлар бемалол юзма-юз мулоқот ўтказиши учун қулай бўлиши лозим. (Тошкент шаҳридаги Миллий матбуот марказида ана шу қулайликлар яратилган);

– конференция ўтказиладиган вақти (йил, ой, кун, соат, дақиқасигача) аниқ бўлиши ва бу ҳақда тегишли ОАВ ходимларига бир ҳафта камида уч кун илгари хабар берилиши шарт. Бу хабар журналистларга таклиф сифатида айтилиши ҳам мумкин;

– журналистлар олдиндан конференция мавзусини сўраган тақдирда уларга, албатта, тўғри ахборот бериш муҳимдир. Айрим журналистлар радиода ёки телекўрсатувларда анонс беришлари ҳам мумкинлигини ёдда тутиш зарур;

– ташкилот раҳбарини таклиф этилган журналистлар рўйхати билан, албатта, таништириш даркор. Таклиф этилмаган журналистлар ҳам ташриф буюришлари ва конференцияда фаол иштирок этишлари ва бу ҳақда ОАВда ёритишлари мумкин (фақат аккредитациядан ўтган журналистлар билангина ўтказиладиган матбуот конференциялари бундан мустасно);

– анжуманда ташкилот раҳбари ва яна қайси масъул шахслар нималар ҳақида гапиришлари хусусида ахборот хизмати ходими келишиб олиши муҳимдир;

– журналистлардан кутилаётган тахминий саволлар рўйхатини раҳбарга тақдим этиш (бу ишда ахборот хизмати ходимидан жуда зийраклик талаб этилади. У ўша мавзу доирасида журналистлар қандай саволлар бериши мумкинлиги ҳақида сўровлар ўтказиши, ОАВ вакилларининг фикрларини ўрганиш йўли билан берилиши мумкин бўлган саволлар рўйхатини тузиши мумкин);

– конференцияда иштирок этаётган ташкилот мутасаддилари олдида уларнинг исми шарифлари, лавозимлари ёзилган лавҳа туриши шарт. Токи, анжуман иштирокчилари кимлар билан мулоқот қилаётганини билиб турсинлар;

– конференцияга ташриф буюрган журналистларни рўйхатда қайд этиш ва шу ернинг ўзида улар учун қулай бўлган тилда ёзилган пресс-релизларни тарқатиш лозим.

Конференцияни одатда матбуот котиби бошқаради.

У аввало, тегишли мутасаддиларга, сўнг, навбати билан журналистларга сўз беради. Бунинг учун матбуот котиби имкон қадар ўша журналистларнинг исми шарифларини, қайси ОАВдан ташриф буюрганини билиши даркор.

Ахборот хизмати ходимидан бири анжуманда берилаётган савол-жавобларни ёзиб бориши мақсадга мувофиқ. Бу ҳақда унинг ўзи ҳам мақола ёзиши мумкин.

Журналистлар орасида атай «шов-шувли» савол берадиганлари ҳам учраб туради. Бундай пайтда эса ахборот хизмати ходими вужудга келган ноқулай вазиятдан усталик билан чиқиб кетишга ҳаракат қилиши зарур.

Масалан, Россия ички ишлар вазирига шундай савол беришган: «Фалон жойда кеча бир милиция ходими порахўрлик қилганидан хабардормисиз? У ҳақда нима дея оласиз?»

Шунда даврани бошқараётган Россия ички ишлар вазирининг ахборот хизмати ходими журналистнинг саволига савол билан жавоб қайтарган: «Сиз ўғлингиз айни вақтда нима ишлар билан шуғулланаётганини биласизми?»

Табиийки, анжуман иштирокчилари ахборот хизмати ходимининг топқирлигига тан беришган. Бироз мулзам бўлган журналистни вазирнинг ўзи ноқулай аҳволдан қутқарган. Яъни, ўша милиция ходими ҳақида ёзиб беришини сўраган ва унга қандай чора кўрилгани ҳақида навбатдаги анжуманда маълум қилинишини айтган.

Ташкилот мутасаддилари ва журналистлар ўртасидаги мулоқот майдони – матбуот конференцияси ҳисобланади. Бу матбуот анжуманида энг муҳими – ташкилот мутасаддилари ва ОАВ вакиллари томонидан фикр икки томонлама тингланади. Матбуот анжуманларида ҳам ОАВ ходимлари аввало ахборотга эга бўладилар ва уни ҳозиржавоблик билан ёритишга киришадилар. Иккинчидан, улар юзма-юз мулоқотда ўзларини қизиқтирган саволларига бевосита ўша мутасаддидан жавоб оладилар. Бу ахборотнинг янада сермазмун, фактларга бой бўлишига хизмат қилади.

Мутахассислар фикрича, матбуот анжуманидаги «мураккаб саволлар кўрилаётган масаланинг туб моҳиятини очиб беришга хизмат қилиши» бу тадбирнинг қанчалик муҳим эканлигини кўрсатади. Матбуот анжумани орқали кенг жамоатчилик билан ўрнатиладиган алоқадан ташкилот фақат ютади.

Баъзи ташкилотлар матбуот анжуманини «зарурат пайдо бўлганида» ўтказиш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайдилар. «Зарурат йўқ» деб, ойлаб матбуот конференцияси ўтказмаслик ҳам жамоатчилик билан алоқаларнинг мустаҳкамлигига зид. Чунки ташкилот ва унинг жамоатчилиги тенг ҳуқуқли ва ўзаро боғлиқлигини ёддан чиқармаслик даркор.

Ахборот хизмати – уни ташкил этган ташкилот ё муассаса билан ОАВ ўртасида ижтимоий кўприк, дейиш мумкин. Бу «кўприк» матбуот конференцияларида яққол намоён бўлади.

Ахборот хизмати ходимининг касб маҳорати бутун фаолияти давомида, айниқса, матбуот анжуманларида намоён бўлади. ОАВ ходимлари билан мулоқот пайтида у нима қилиши ё қилмаслиги лозим, деган саволга мутахассисларнинг фикрларини эътиборга олган ҳолда қуйидагиларни тавсия этамиз:

– доимо ҳақиқатни гапириш, ҳушёр ва ростгўй бўлиш зарур. Сизга бўлган ишонч айнан ана шунга боғлиқ;

– саволга жавобни билмаган тақдирда, «билмайман» деб ростини айтиш жоиз. Бундай вазиятда ҳаммасини тез орада аниқлаб беришингизни ваъда қилганингиз маъқулроқ. Саволга ноаниқ жавоб берсангиз, бунга ойдинлик киритиш истагингиз борлигини айтинг;

– тушунарли ва равон тилда гапиринг, адабий тил нормаларига риоя этишингиз ахборот хизмати фаолиятида муҳим ўрин тутади. Сўзларингиз ёзиб олинаётгани доимо ёдингизда турсин;

– иложи борича ОАВ ходимлари билан яхши муносабатда бўлинг, сўзларингиз нотўғри талқин қилинган бўлса, журналистларга қўнғироқ қилиб, ойдинлик киритинг. Хатоларни мулойимлик билан кўрсатиб, уларга ишонарли далил-исботлар келтиринг;

– воқеа-ҳодисалар шунчалик тез содир бўладики, ўзингиз, расмий кишилар, вазирлик ё ташкилотлар нималарга эришганини ёддан чиқариб қўймаслик учун албатта, улар ҳақида иш дафтарингизга ёзиб боринг;

– журналистлар қўнғироғига вақтида жавоб қайтаринг ё ҳеч бўлмаса бу ишни ёрдамчингизга юклаб қўйинг;

– журналистларга муҳим бўлган ахборотни ўз вақтида топиб беришга ҳаракат қилинг, гарчи бунга қўшимча куч талаб қилинса ҳам… Бу зарур ахборотнинг ОАВда ёритилишида ҳозиржавобликни таъминлашга хизмат қилишини унутманг;

– хушчақчақ кайфиятда юриш ахборот хизмати ходимига хос хислат ва фазилатдир. Шуни унутмангки, кўнгил совуши ишимизга мудом зарар келтиради. Агар сизда хушчақчақлик туйғуси бўлмаса, ишингиз беҳуда машғулотга айланиб қолади;

Ахборот хизмати ходимининг нуфузи у хизмат қилаётган ташкилот имижига ҳам сўзсиз таъсир қилади. Ахборот хизмати ходими жамоатчилик орасида ўзларини қандай тутиши зарурлиги ҳақида мутахассислар фикрига қулоқ тутишлари фойдадан ҳоли бўлмайди.

Соҳа мутахассислари уларга шундай тавсиялар беришади:

– ҳеч қачон ёлғон сўзламанг, ҳеч қачон «шарҳларсиз» гапирманг, хаёлингиздаги гапни ҳақиқат деманг, ўзингизча тўқиманг, билмасангиз ўйлаб топманг. Қобилиятли журналистлар барча нарсани текшириб кўрадилар. Агар хатога йўл қўйган бўлсангиз, сизга бўлган ишонч сўнади;

– бирор саволни жавобсиз қолдирманг, агар янгиликлар борасида етарли маълумотга эга бўлмасангиз, уларни тавсия қилманг;

– инқирозга дуч келганда ундан чиқиш режаси бўлсин. Ҳақиқий маълумотлар орқали зудлик билан журналистларга мурожаат қилинг;

– раҳбариятни вақти-вақти билан матбуотда чиқишга жалб қилинг. Ўз ходимларингизга ахборот бериб туринг. Ахборотлар ҳаққонийлигига доимо эътибор беринг.

Ахборот хизмати ходими ўз фаолияти давомида қандай дастур зарур ёки зарур эмаслигини, у жамоатчиликка қандай таъсир этишини билиши даркор. Дастур қачон амалга ошишини, у орқали қандай самарали натижаларга эришиш мумкинлигини билиш тақозо этилади.

Ахборот хизматларини ташкил этиш ва фаолиятини йўлга қўйишда  илмий, назарий ва амалий тажрибаларга таянган ҳолда иш тутган ташкилот ҳамда матбуот котиби кўзлаган мақсадларига эришади.

PR амалиётининг ёрқин ифодаси бўлган матбуот анжуманида халқ фикри, таклифлари ўрганилиши учун қулай вазият вужудга келади. Ушбу жараёнда ташкилот ўз фаолиятининг самарасини ошириш мақсадида ўз фаолияти ҳақида ахборот тарқатади. Бу ахборот мақсадли равишда амалга оширилади. Жамоатчилик билан алоқалар журналистикада ҳам энг яхши, қулай ва самарали алоқалардан ҳисобланади. У «тўртинчи ҳокимият»нинг ҳам жамоатчилик орасида мавқеини оширади.

Ахборот хизмати фаолияти самарасини матбуот конференцияларида яққол кузатиш мумкин. Журналистлар нафақат ўзларини қизиқтирган мавзуда, балки, кенг омманинг фикрларини ифода этишга интиладилар.

Суҳбат, баҳс, мунозараларда эса жамоатчиликнинг фикрлари акс этиши шубҳасиз. Саволларга берилган жавоблар ҳақида ҳозиржавоблик билан ОАВда ёритилади. Унга ўз навбатида фуқаролар ҳам муносабатларини билдиришлари мумкин. Шу тариқа ташкилотнинг жамоатчилик билан алоқалари мустаҳкамланиб бораверади.

ОАВда акс этаётган жамоатчилик фикрлари орқали уларнинг ташкилот фаолиятига қанчалик қизиқиш билан қарашларини илғаб олиш мумкин. Газетада ёритилган долзарб мавзудаги мақолалар биринчи галда шу соҳа мутахассисларида қизиқиш уйғотади. Ташкилот фаолиятининг муттасил ОАВда ёритилиши ғоят муҳим аҳамият касб этади. Бу ўринда ОАВ ва матбуот кенг маънода ижтимоий-сиёсий, информацион фаолиятнинг доимий иш кўрувчи, серкўлам, ҳозиржавоб, таъсирчан, жанговар кўриниши эканлигини намоён этган ҳолда жамиятдаги мавжуд ғоялар ва одамларнинг уларга қарашлари ва муносабатларини акс эттиради. Матбуотда расмий хабарлар матни қисқа, лўнда қилиб ёзилади. Унда кўрилган масалаларнинг моҳияти, қонун ва қарорлар, белгилаб олинган вазифалар аниқ ифода этилади. Одамлар ҳар куни танишиб борган газетаси орқали уни чоп этган ташкилотни таниши, билиши ва унинг жамоатчилигига айланиши мумкин. Барча нашрлар умуммақсад йўлда хизмат қилса бас. Кўпинча таҳририят ходимлари матбуот конференцияси ҳақида ёзишда  камчиликларга йўл қўйишади. У ҳолда, шундай анжуман ўтказишдан муддао нима, деган саволга газета саҳифасидан етарли даражада жавоб топиш қийин. Бундай хабарлар матбуот анжумани ва унда кўтарилган масалалар ҳақида керакли ахборотни бера олмайди ва тадбир таъсирчанлигини туширади.

Аслида, анжумандаги энг муҳим ахборот аввало ташкилот матбуот хизмати тарқатган пресс-релизда акс этса, иккинчиси, савол-жавоблар асносида юзага чиқади. Бундай савол-жавоблар замирида жамоатчиликка етказилиши зарур бўлган ахборотлар ОАВда ўз аксини топиши зарур.

Матбуот хизмати фаолиятининг оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилиши учун қуйидаги вазифаларни амалга оширишлари лозим:

– ташкилот фаолияти ҳақида ОАВ орқали тезкорлик билан, доимий равишда ҳаққоний ахборот тарқатиш;

– ташкилот фаолияти тўғрисида жамоатчиликни мунтазам хабардор қилиб туриш;

– ташкилот томонидан қабул қилинаётган ҳуқуқий актлар, расмий ахборотларни аҳолига ўз вақтида етказиш, уларни таҳлил қилиб бориш;

– ташкилотдан оммавий ахборот воситалари учун мунтазам равишда ҳеч монеликсиз ҳамда ишончли ахборот олишни йўлга қўйиш;

– ташкилот фаолияти ҳақида ахборотлар тарқатиш;

– ОАВ орқали ташкилот ва жамоатчилик ўртасидаги ахборот алмашинувини таъминлаш;

– ташкилот фаолияти хусусида кенг жамоатчиликнинг фикри ҳамда муносабатларини ўрганиб бориш, уларнинг оммавий ахборот воситаларидаги иштирокини кенгайтириш.

Қолаверса, ахборот хизмати фаолияти ва матбуот анжуманини қай даражада ва қай тарзда ёритиш журналистларнинг ҳам ижодий маҳоратига боғлиқдир. Бу борада ҳам ахборот хизмати ходими журналистлар билан яқин алоқада бўлиши ва улар билан ижодий ҳамкорлик қилиши мақсадга мувофиқдир. ОАВда акс этаётган жамоатчилик фикрлари орқали уларнинг ташкилот фаолиятига қанчалик қизиқиш билан қарашларини илғаб олиш мумкин. Газетада ёритилган долзарб мавзудаги мақолалар биринчи галда шу соҳа мутахассисларида қизиқиш уйғотади. Матбуотда расмий хабарлар матни қисқа, лўнда қилиб ёзилади. Унда кўрилган масалаларнинг моҳияти, қонун ва қарорлар, белгилаб олинган вазифалар аниқ ифода этилади. Одамлар ҳар куни танишиб борган газетаси орқали уни чоп этган сиёсий ташкилотни таниши, билиши ва унинг жамоатчилигига айланиши мумкин. Барча нашрлар умуммақсад йўлида хизмат қилса бас.

 

Назорат саволлари

  1. Матбуот конференциясига қандай тайёргарлик кўрилади?
  2. Матбуот анжумани вақти белгилангач ОАВ ходимларига қачон маълум қилинади?
  3. Матбуот анжумани ўтказиш учун қандай шароитлар зарур?
  4. Матбуот анжумани иштирокчилари бир-бирларининг исми-фамилияси ва лавозимларини билиб олишлари учун Ахборот хизмати ходими нима қилиши керак?
  5. Матбуот анжуманини ким бошқаради?
  6. Матбуот котиби анжуманда ташкилот раҳбари ва бошқа масъул шахслар нималар ҳақида гапиришларини қандай аниқлайди?
  7. Журналистлардан кутилаётган тахминий саволлар қандай аниқланади?
  8. Журналистлар олдиндан конференция мавзусини қандай аниқлайди?
  9. Анжуманни бошқарувчи нималарга эътибор бериши зарур?
  10. Анжуман пайтида Ахборот хизмати ходимлари қандай ишларни бажаришлари лозим?
  11. Матбуот анжумани ўтказишдан асосий мақсад нима?
  12. Матбуот котиби қандай хислатларга эга бўлиши лозим?

я1

1 Катлип С.М., Сентер А.Х., Брум Г.М. Паблик рилейшнз. Теория и практика.– М.: Вильямс, 2003. Б. 372.

2 Қаранг: Салливан М. Масъул матбуот хизмати. Regional Program Offise. Vienna. RPO. –Т.: 2002. Б. 55.

3 Ўша манба. Б. 7-15.

4 Қаранг: Салливан М. Масъул матбуот хизмати. Regional Program Offise. Vienna. RPO. –Т.: 2002. Б. 7-15.

You may also like...

34 Responses

  1. Ushbu dars davomida axborot xizmati hodimidan talab qilinadigan masuliyat haqida yanada yetarlicha tushunchaga ega boldik. Albatta bu ertangi faoliyatimiz poydevorini taminlaydi.

  2. Ушбу маърузани айрим матбуот котиблари ҳам ўрганиб чиқса бўларди. Чунки матбуот конференцияларига борганимизда, гувоҳи бўламиз, журналистлар ташкилот хоҳлаган информациядан ортиғини ололмайди. Савол берилганда ҳам пресс-релизда акс этган деб кетилади. Аслида матбуот анжуманини кутиши керак журналист, қизғин баҳс-мунозаралар бўлиши керак, менинг назаримда.

  3. Matbuot anjumanlarida, konfirensiyalarda jurnalist õz kasbini tõla bilish-bilmasligini namoyon qilib qõyadi. Ba’zi Matbuot kotiblari ham ush bu maruzani õqib chiqishsa bõlarkan…

  4. Matbuot konferensiya haqida o’zimga kerakli bo’lgan ma’lumotlarga ega bo’ldim.

  5. Ҳар бир ташкилот учун керакли маълумотлар берилибди. Чунки матбуот анжумани ўтказиш ташкилотлар учун жуда зарур.

  6. Jurnalist savol berishida 2ta jihatni iloji boricha unutmasligi kerak: 1-uzundan uzoq savol tuzmasligi
    2-javobi hammaga ma’lum savolli respandentga bermasligi kerak. Chunki siyqasi chiqqan materialning hech kimga keragi yo’q.

  7. Madina Akbarova:

    Tashkilotchilarning o’zi matbuot anjumaniga yarim soat kech qolib kelishi,qolaversa, ayrim «jurnalistlar»ning «intiqlik» bilan konferensiya yakunlanishini va coffee-breakga navbat kelishini kutishi mantiqsiz va kulguli holat. Bunga ko’p bor duch kelganman.

  8. Ustoz siz kanferensiya haqida tòliq malumot beribsiz. Men bu ishni bu qadar qiyin ekanligini bilmagan edim

  9. Bizda konferensiyaga tayyorgarlik ko’ngildagidek amalga oshirilgani bilan, konferensiyalar o’tkazilish chog’ida hammasi yuzaki degan his insonni qamrab oladi. Nega? 1. Men 10 ta konferensiyada ishtirok etgan bo’lsam, ularning 5 tasida press-reliziga qo’shib qog’oz berishdi, unda keltirilgan jumlalar boshlovchining aytadigan gaplari ekan. Kelajak noma’lumligi bilan qiziq. Agar hamma narsani, nimalar bo’lishini, kim nima deyishini qog’ozga tushirib bo’lishgan bo’lsa, unda ishtirok etishdan nima hojat?!
    2. Konferensiya boshlanishi bilan 5 daqiqa ichida OAV syomka jarayoni ishga tushadi, 10 daqiqadan so’ng hech bir xodimni topa olmaysiz.
    3. Bekorchi gaplar ko’p bo’ladi va zerikarli tus oladi. Qachon tugar ekan deb kutib o’tirasiz.

  10. Shu kungacha matbuot konfirensiyasi borasidagi bilimlarim notugal ekanligini ushbu mashģulot darsini òqib bilib oldim. Donish Domlaga katta rahmat

  11. Чарос НИЗОМИДДИНОВА:

    Матбуот конференциясини ўтказиш, ўтказганда ҳам ўринли, кўнгилдагидек ўтказиш анчайин қийин масала. Бунда ахборот хизмати ходимидан кўп нарса талаб этилади. Ҳам журналистик қобилият, ташкилотчилик, яна бошқа мен билган ва билмаган жиҳатлар.

  12. «яхши кайфиятда юриш Ахборот хизматига хос хислат ва фазилат. Шуни унутмангки, кўнгил совуши ишимизга мудом зарар келтиради;» Мана бу нарса бизга нафақат иш фаолиятимизда, балки, ҳаётда яхши яшашимиз учун жуда зарур омил ҳисобланади.

  13. Sevara Uktamovna:

    Matbuot kanfderensiyasini qay tartibda o’tishi tashkilotning obro’sini ham belgilab beradi. Bu esa matbuot kotibining ishini naqadar puxta bilishiga bog’liq.

  14. Sevinch Norqobilova:

    Matbuot anjumanini yaratish katta mahorat talab etiladi. Yuqoridagi fikrlar orqali ham matbuot anjumani o’tkazishga tayyorlanish mumkin.

  15. Pokiza Turdaliyeva:

    Ma’ruzadan axborot xizmati xodimlarining konferensiyalar tashkil etishda nimalarga e’tibor qaratmog’i lozimligini bilib oldik. Irodaning fikrlariga qo’shilaman.

  16. Fayyoz Achilov:

    Matbuot konferensiyasini tashkil etish axborot xizmati xodimidan katta mahorat va mas’uliyat talab qiladigan vazifadir.

  17. Saodat Abulqosimova:

    Ko’p hollarda so’zga chiqishi kerak bo’lgan tashkilot xodimining o’zi anjumanda bo’lmaydi. Ana shu figuraning chiqishi anjumanda bo’lmaydi. Bu esa ba’zida eng kerakli ma’lumotlarning berilmay qolishiga sabab bo’ladi.

  18. Maruzadan axborot xizmatining xodimi nimalarga e’tibor qaratishi lozimligi va nimalarga to’xtalishi lozimligi haqida chuqurroq bilib oldim. Bu bizning faoliyatimiz uchun zarur

  19. Maftuna Aslanova:

    Axborot xizmati xodimi nazariyadan ko’ra ko’proq amaliyotda bo’lishi, ko’proq tajribaga ega bo’lishi kerak.

  20. Shahnoza ATO:

    Mashg’ulot paytidagi ma’ruzadan keyin matbuot konferensiyasini o’tkazish qonun -qoidalari, albatta na’muna sifatida keltirilgan mislollar orqali juda ham tushunarli bo’ldi

  21. Matbuot anjumani va konferensiyasini o’tkazishdan maqsad tashkilot faoliyati to’g’risida keng ommaga axborotberisgdan iborat. Shu boisdan tashkilotga nisbatan jamoatchilik orasida qanday fikr uyg’onishi axborot xizmati faoliyati va matbout kotibiga bog’liq.

  22. Matbuot anjumanlarida amaliyot vaqtida juda ko’p marta ishtirok etgan edim. Ammo bugun shunga amin bo’ldimki, bu kabi anjumanlarni o’tkazishdan aldin albatta uni o’tkazish tartibi bilan tanishib chiqish lozim. Yuqorida Donish domla ma’ruzalaridan o’zim uchun yaxshigina nazariy asosga ega bo’ldim.

  23. Matbuot konfrensiyasini o’tkazishdan oldin albatta unga yaxshi tayyorgarlik kerak bo’ladi. Ko’rilgan yaxshi tayyorgarlik matbuot anjumanini ko’ngildagidek o’tishi uchun ko’prik vazifasini o’taydi.

  24. Ҳар бир ташкилот учун керакли маълумотлар берилибди. Чунки матбуот анжумани ўтказиш нафақат ташкилотлар учун, балки матбуот котиблари, журналистлар учун ҳам жуда зарур.

  25. Jurnalist faoliyati uchun kerakli bo’lgan matbuot konferensiyasi tashkil etish olib borish bo’yicha yaxshi ma’ruza bo’libdi.

  26. Қанийди мана шу маъруза матнини матбуот конференцияси ўтказаётган айрим ташкилотлар ҳам ўқиса… Шунда конференция қатнашчилари ухлаб қолмаган бўлармиди?..

  27. Matbuot konferensiyasi o’tkazish tartibidan xabardor bo’lmagan tashkilotchilar o’tkazayotgan konferensiya albatta zerikarli bo’ladida. Matbuot konferensiyasini o’tkazish ma’suliyatli vazifa bunga shunchaki qarab bo’lmaydi

  28. Oliy Majlis Qonunchilik palatasi Axborot xizmatidagi amaliyotim jaroyinida shunga amin bo’ldimki, matbuot anjumanlari OaAV bilan aloqa qilishning eng maqbul yo’lidir. Chunki bu jarayonda ikki tomonlama o’tkazilgan teng muloqotlar chog’ida yechimi kutayotgan ko’plab masalalar hal etiladi. Jamoatchilik uchun kerakli ma’lumotlar yig’iladi va ularga yetkaziladi.

  29. Matbuot konferensiyasi o’tqazishdan asosiy maqsad- ommaviy axborto vositalarini axborot bilan ta’minlash, ularning fikrini o’rganishdan iborat. Shunday ekan ushbu konferensiya jurnalistlarning barcha savollariga to’liq javob berishi, konferensiya mazmunini to’liq o’rganib chiqishi lozim.

  30. Ахборот хизматларини ташкил этиш ва фаолиятини йўлга қўйишда илмий, назарий ва амалий тажрибаларга таянган ҳолда иш тутган ташкилот ҳамда матбуот котиби кўзлаган мақсадларига эришади. Керакли тафсия булибди.

  31. Бу маруза орқали ахборот хизмати ходимларининг матбуот конфренцияларни қандай олиб бориш усулларини ўргандик. Бу эса, албатта, ўз мевасини беради.

  32. Zokir Shoyimov:

    Ахборот хизматлари фанидан пухта билим олишимизда электрон марузалар матни қўл келмоқда, бу борда янада кенг тизимли ишлар олиб борилиши келажак тараққиётига замин бўлади

  33. Zokir Shoyimovning fikrlariga qo’shilaman

  34. Шаҳло Холдорова:

    бу маърузани ўқиб олтин даврим, севимли дарсим ва меҳрибон устозим ёдимга тушди. устоз сизнинг ушбу маърузаларингиз менинг иш фаолиятимда катта кўмак бўлмоқда. сизнинг дарсингизда ўзлаштирган билимларим билан жамиятда ўз ўрнимга эга бўлдим. Барчаси учун ташаккурлар!

Добавить комментарий для Durdona G'aybullayeva Отменить ответ

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>