“Ахборот хизматлари” фанидан ўқув машғулотлари (2)

2-мавзу: Ўзбекистон Республикаси Президенти асарларида жамоатчилик билан алоқалар ва ахборот хизмати фаолиятига оид фикрлар талқини

***

 Тўлқин ЭШБЕК

 АХБОРОТ ХИЗМАТИ: назария ва амалиёт

 (Ўқув қўлланма)

 ТОШКЕНТ

ЎзМУ – 2015

 Филология фанлари номзоди, доцент Тўлқин Эшбековнинг “Ахборот хизмати: ишлаш усуллари ва тамойиллари” (2009 йил ва 2011 йилда қайта нашри), “Жамоатчилик билан алоқалар ва ахборот хизматлари” (2012 й.) деб номланган ўқув қўлланмалари кенг жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотган. Уларнинг қайта ишланган ва тўлдирилган нашри ҳисобланмиш мазкур ўқув қўлланмада ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантиришнинг назарий ва ҳуқуқий асослари, мақсад ҳамда вазифалари, ташкилот имижини яратиш, ижодий маҳорат, ОАВ билан ҳамкорлик масалалари атрофлича ёритилган. Қўлланмадан Журналистика факультети талабалари, тадқиқотчилар, идора ва ташкилотларнинг жамоатчилик билан алоқалар бўлимлари, Ахборот хизматлари ходимлари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари кенг фойдаланишлари мумкин.

(Эслатма: “Ахборот хизмати: назария ва амалиёт” ўқув қўлланмасидан фойдаланганда Ўзбекистон Республикасининг “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги қонунига амал қилган ҳолда манба албатта кўрсатилиши лозимлигини унутманг).

 а4

Режа:

  1. Мустақил Ўзбекистон тараққиётида жамоатчилик билан алоқаларнинг ўрни.
  2. Ўзбекистон Республикаси Президенти маърузалари ва асарларида жамоатчилик билан алоқалар, оммавий ахборот воситалари ҳамда ахборот хизмати фаолиятига оид фикрлар талқини.
  3. Жамоатчилик билан алоқалари – жамият тараққиётининг муҳим омили.

 

Ўзбекистон давлат мустақиллигига эришган кундан буён ўзимизга хос ва жаҳон андозаларига монанд тараққиёт йўли танлаб олинди. Давлат ва жамият бошқарувида жамоатчилик билан алоқалар муҳим ижтимоий институтга айланди. Давлатимиз раҳбарининг қатор маърузалари ва асарларида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятини жамоатчилик билан алоқалар асосида тобора такомиллаштириб бориш ғояси илгари сурилгани яхши маълум. Президентимиз Ислом Каримовнинг 2002 йил 29 август куни иккинчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ўн тўртинчи сессиясидаги “Ўзбекистонда демократик ўзгаришларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамияти асосларини шакллантиришнинг асосий йўналишлари” мавзуидаги маърузасида мамлакатимизни, жамиятимизни демократлаштириш ҳамда янгилаш йўлидаги ҳаракатларимизни сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш мақсадида қуйидаги устувор вазифалар белгиланган:

Биринчи устувор йўналиш – мустақилликни бундан буён ҳам асраб-авайлаш, ҳимоя қилиш ва мустаҳкамлаш;

Иккинчи устувор йўналиш – мамлакатимизда хавфсизлик ва барқарорликни, давлатимизнинг ҳудудий яхлитлигини, сарҳадларимиз дахлсизлигини, фуқароларимиз тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш;

Учинчи устувор йўналиш – бозор ислоҳотларини янада чуқурлаштириш, кучли бозор инфратузилмасини яратиш;

Тўртинчи устувор йўналиш – инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини, сўз ва матбуот эркинлигини, шунингдек, ошкораликни, жамиятда ўтказилаётган ислоҳотларнинг очиқлигини таъминлаш;

Бешинчи устувор йўналиш – фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг муҳим шарти бўлиб, бу жамият ҳаётида нодавлат ва жамоат ташкилотларининг ўрни ва аҳамиятини кескин кучайтиришдан иборат. Бошқача қилиб айтганда, бу – “Кучли давлатдан кучли жамият сари” деган тамойилни амалда ҳаётга жорий этиш демакдир.

Давлатимиз раҳбари алоҳида таъкидлаганидек, жамиятимизни янада ривожлантириш ва сифат жиҳатидан янгилаш борасидаги тўртинчи устувор йўналиш – бу инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини, сўз ва матбуот эркинлигини, шунингдек, ошкораликни, жамиятда ўтказилаётган ислоҳотларнинг очиқлигини таъминлайдиган демократик тамойилларни сўзда ёки қоғозда эмас, амалий ҳаётда жорий қилишдир. Ахборот соҳасини жадал ривожлантириш, оммавий ахборот воситалари – матбуот, радио-телевидение фаолиятини эркинлаштириш фуқаролик жамияти асосларини барпо этиш жараёнининг узвий таркибий қисмига айланиши зарур.

Ҳаёт кўзгуси ҳисобланмиш матбуотга доимо эътибор билан қараган Юртбошимиз оммавий ахборот воситалари том маънода “тўртинчи ҳокимият” даражасига кўтарилмоғи лозимлигини таъкидлайди. Бу йўналишда кўп иш қилинмоқда, лекин уларни ҳали олдимизда турган, қилиниши лозим бўлган ишлар билан мутлақо солиштириб бўлмайди. Шуни очиқ айтишимиз керакки, мамлакатимиз оммавий ахборот воситалари узоқ вақтлар давомида мафкуравий ва маъмурий назорат остида ишлагани туфайли уларнинг ҳали-бери бу ҳолатдан чиқиши, аввало психологик жиҳатдан ўзини эркин ҳис этиши қийин кечмоқда. Шу сабабли улар ўзи учун янги бўлган ҳозирги вазиятда баъзан ҳали ҳам нима қилиш ёки нима қилмаслик ҳақида юқоридан кўрсатма кутиб ўтиргандек кўриниши тўғри танқид қилинган.

Давлатимиз раҳбари қайд этганидек, ҳақиқий демократик матбуот кўрсатма асосида яшай олмайди ва яшаши ҳам мумкин эмас. Эркин матбуот реал вазият шароитида фаолият кўрсатиши, ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ҳаётнинг долзарб муаммоларини дадил кўтариб чиқиши, одамларни безовта қилаётган барча масалаларни жамоатчилик муҳокамасига ҳавола этиши, ҳокимият ва бошқарув тузилмаларининг қабул қилаётган қарорлари ва фаолиятига танқидий, шу билан бирга, холис баҳо бериб бориши керак.

Жамиятда ошкоралик ва очиқликни таъминлаш масаласи жамоатчилик фикрини ўрганиш усул-услубларининг қай даражада ривожлангани билан ҳам бевосита боғлиқ эканлигини таъкидлар экан, давлатимиз раҳбари бизда жамоатчилик фикрини ўрганиш ҳам, уни шакллантириш ҳам яхши йўлга қўйилмаганини, бундай ёндашув сиёсий ҳаётимизнинг доимий белгисига айланиб улгурмаганини таассуф билан қайд этади. Биз барчамиз шуни яхши тушуниб олишимиз зарурки, жамиятимизни янада демократлаштириш ва фуқаролик институтларини шакллантириш аввало аҳоли сиёсий фаоллигининг ўсиши, унинг сиёсий, ижтимоий ва давлат ҳаётида нечоғли фаол иштирок этиши билан узвий боғлиқ. Бу масалани ечишда биринчи галда мамлакатимиздаги мавжуд сиёсий партия ва ҳаракатлар – буни тан олиб айтишимиз керак – ҳозирги заиф ва мўрт ҳолатдан чиқиб, ўз фаолиятини жонлантириши, тараққий топган демократик давлатлар тажрибаси асосида юртимизда ҳақиқий кўппартиявийлик, демократик парламентаризм тизими, ижобий сиёсий рақобат муҳитини қарор топтиришга ва жамиятимиз сиёсий майдонида тан олинган оппозиция пайдо бўлишига ҳисса қўшиши лозим1.

Президент Ислом Каримовнинг 2010 йил 27 январь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги “Мамлакатимизни модернизация қилиш ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш – устувор мақсадимиздир” сарлавҳали маърузасида биринчи бор 2004 йилда сайланган икки палатали парламентимизнинг фаолияти ҳаётимизнинг муҳим бир даврига – мамлакатимизда чуқур ўзгаришлар, сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётнинг барча томонларини изчил ислоҳ этиш ва либераллаштириш, жамиятимизни демократик янгилаш ва модернизация қилиш жараёнлари жадал суръатлар билан ривожланаётган бир даврга тўғри келгани қайд этилар экан, сиёсий партияларнинг мамлакатимиз олий қонунчилик органи, жойлардаги ҳокимият вакиллик органлари фаолиятидаги роли ва таъсири сезиларли даражада ошгани ҳам эътироф этилади. “Қонунчилик палатасида биринчи марта парламентдаги кўпчилик – Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, “Миллий тикланиш” демократик партияси ва шунингдек, “Адолат” социал-демократик партияси фракцияларини бирлаштирган Демократик блок шаклланди. Айни вақтда Ўзбекистон халқ демократик партияси фракцияси тимсолида парламентдаги мухолифат ташкил топди,– деб таъкидлади давлатимиз раҳбари.– Демократик ислоҳотларнинг муҳим таркибий қисми бўлган фуқаролик жамияти институтларини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, мустақил оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш бўйича ҳам кўп ишлар амалга оширилди”2. Кейинги йилларда оммавий ахборот воситаларини янада демократлаштириш ва либераллаштириш, олиб борилаётган ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ислоҳотларнинг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлашда уларнинг фаоллигини ошириш, медиа маконга илғор ахборот-коммуникация технологияларини бевосита жорий этишга қаратилган қарийб 10 та қонун ҳужжати қабул қилинди. 2008 йилнинг июл ойида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳар икки палатаси кенгашларининг “Нодавлат нотижорат ташкилотларини, фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлашни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қўшма қарори қабул қилинди. Бу ҳужжат нодавлат нотижорат ташкилотларнинг, фуқаролик жамияти институтларининг мустақил ривожланишини босқичма-босқич таъминлаш, мамлакатимизни демократик янгилаш жараёнида уларнинг роли ва аҳамиятини кучайтириш йўлида яна бир муҳим қадам бўлди. Маърузада қайд этилганидек, мазкур қўшма қарорга биноан нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари фаолиятини молиялаштириш манбаларини шакллантиришнинг мустақил, демократик принципларга асосланган тизими яратилди.

Давлатимиз раҳбари “Сенат, унинг аъзолари қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга эмаслигини”3 таъкидлаб, унинг вазифалари ҳақида алоҳида тўхталиб ўтади. Сенат – бу вакиллик органи ва унинг кўпчилик қисми халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларининг депутатлари сифатида мамлакатимиз олий қонун чиқарувчи органида ана шу маҳаллий Кенгашларнинг ваколатли вакиллари ҳисобланади ва уларга ҳисоб беради. Ва шу сабабли ҳам сенаторларнинг ўз фаолиятида, қонунларни муҳокама этиш ва қарорлар қабул қилишда, биринчи навбатда, умумдавлат манфаатларидан келиб чиққан ҳолда, бу қонунларни ўзлари вакили бўлган ҳудуд ва минтақалар манфаатлари нуқтаи назаридан кўриб чиқишлари тўлиқ қонуний асосга эгадир4. Бундан кўриниб турибдики, парламентнинг юқори палатаси фаолияти асосан жамоатчилик билан алоқаларга асосланади.

Илгари, яъни, парламент фаолиятида жамоатчилик билан алоқалар талаб даражасида йўлга қўйилмаган даврда қандай ҳол юз берганини давлатимиз раҳбарининг қуйидаги сўзларидан англаш мумкин: “Олий Мажлиснинг ўтган даврдаги фаолиятини талабчанлик руҳида, танқидий баҳолар эканмиз, парламент ишида йўл қўйилган камчилик ва нуқсонларни бартараф этмасдан, сусткашлик ва ўзибўларчилик ҳолатларига барҳам бермасдан туриб, депутат ва сенаторлар ўз олдида турган вазифаларни самарали ҳал этишга, сайлов пайтида сайловчиларига берган юксак ваъдаларининг устидан чиқишга эриша олмаслигини яққол англаб, тушуниб олишимиз керак”5.

Жамоатчилик билан алоқалар замирида асосан баҳс-мунозаралар ётади. Маърузада қайд этилганидек, “Партиялар ўртасидаги баҳс-мунозаралар жиддий, профессионал ва амалий негизда олиб борилиши даркор. Айнан шунинг учун ҳам сиёсий партиялар ўз электоратини ўйлантираётган социал-иқтисодий муаммоларни янада чуқурроқ ўрганишга ва уларни ҳал этиш бўйича зарур чораларни кўришга бутун диққат-эътиборини қаратиши керак”6.

Бу фикрлар замирида одамларнинг фикрларига, уларни ўйлантираётган муаммоларга жиддий эътибор қатариш ғояси мужассамдир. Ҳар қандай муаммо ва масаланинг ечимини топишда жамоатчилик билан алоқалар ғоят муҳим ўрин тутишини Президентимизнинг қуйидаги фикрларидан ҳам билса бўлади: “Бунда жойларда ислоҳотларнинг ижтимоий самарасини оширишга халақит бераётган жиддий камчилик ва нуқсонларни аниқлаш, уларни очиқ, ошкора ва амалий руҳда муҳокама қилиш, ўз хизмат жойида зиммасига юкланган мажбуриятларни уддалай олмаётган давлат органлари, хўжалик бошқаруви, назорат ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимларининг раҳбарларини асосли танқид қилиш муҳим аҳамият касб этади”7. Масаланинг моҳияти эса қуйидаги фикрлар замирида яққол акс этгандир: “Албатта, электорат билан иш олиб боришнинг замонавий усулларидан, умумэътироф этилган сиёсий технологиялардан кенг фойдаланиш, партиявий нашрларни партиялараро қизғин баҳс-мунозаралар минбарига айлантириш зарурлигини ҳаммамиз яхши тушунамиз”8.

Жамоатчилик билан алоқаларни ривожлантиришда оммавий ахборот воситалари ғоят муҳим ўрин тутади. Бироқ, ОАВ бу муҳим вазифани етарли даражада бажармаётгани тўғри танқид қилинган. “Ижро этувчи ҳокимият устидан парламент назоратини кучайтириш вазифасини муваффақиятли ҳал этиш кўп жиҳатдан оммавий ахборот воситалари, кенг жамоатчиликнинг бу жараёндаги фаол иштирокига боғлиқдир,– деб таъкидлади Президентимиз Ислом Каримов.– Бу борада партияларнинг матбуот нашрлари олдида катта ва масъулиятли вазифалар турибди. Лекин, афсуски, бундай нашрлар ҳали-бери заиф бўлиб, содда қилиб айтганда, “тиш-тирноқсиз” бўлиб қолаётганини қайд этиш лозим”9.

Жамоатчилик билан алоқалар ҳақида сўз борганда унинг замирида – фуқароларнинг мамлакат бошқарувидаги ролини ошириб бориш ғояси ҳам ўз ифодасини топади. “Мазмун-моҳиятига кўра, социал-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ислоҳотларни, биз танлаган давлат ва жамият қурилиши моделини татбиқ этиш жараёнида фуқароларнинг мамлакат бошқарувидаги ролини ошириб боришни асосий ўринга қўядиган “Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари” дастурини амалга ошириш бўйича ишларни янада фаоллаштириш масаласини бугун ҳаётнинг ўзи кун тартибига тобора қатъий қилиб қўймоқда,– деб таъкидлади давлатимиз раҳбари.– Бу амалда фуқаролик жамияти институтларининг бутун тизимини ривожлантиришни, унинг мамлакатни, маъмурий-ҳудудий тузилмаларни бошқариш жараёнига уйғун равишда интегратсиялашувини англатади”10.

Маърузада қайд этилганидек, бугун ҳаётнинг ўзи олдимизга фуқаролик жамияти институтлари тизимида оммавий ахборот воситаларининг ўрни ва ролини янада мустаҳкамлаш вазифасини қатъий қилиб қўймоқда. Оммавий ахборот воситаларини янада эркинлаштириш, нодавлат матбуот нашрлари, радио, телевидение фаолиятини жонлантириш, уларнинг Интернет глобал тармоғига кириш имкониятларини кенгайтириш олиб борилаётган ислоҳотлар сиёсатининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлашга, кучли фуқаролик жамиятининг изчил шаклланишига мадад бериши даркор. Миллий матбуотимизнинг сифатини, маҳорат ва таъсирчанлигини ошириш, уни ривожланган давлатларнинг оммавий ахборот воситалари эришган юксак талаб ва мезонлар даражасига кўтариш учун имкон берадиган шарт-шароитларни яратиш мақсадида оммавий ахборот воситалари соҳасидаги қонунчиликни янада такомиллаштиришни таъминлаш зарур. Оммавий ахборот воситаларига мамлакатимизда амалга оширилаётган ички ва ташқи сиёсатни, юртимизда ва хорижда содир бўлаётган воқеаларни фикрлар хилма-хиллигини ҳисобга олган ҳолда янада фаолроқ ёритиш учун қўшимча шарт-шароитлар туғдириб бериш лозим11.

Мамлакатимизда жамоатчилик билан алоқаларни ривожлантириш билан боғлиқ масалалар моҳиятини эътибор билан ўрганар эканмиз, бу борадаги қатор вазифалар босқичма-босқич амалга оширилаётгани кўриниб турибди. Президент Ислом Каримовнинг 2010 йил 12 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси” сарлавҳали маърузасида учинчи устувор вазифа: “Ахборот соҳасини ислоҳ қилиш, ахборот ва сўз эркинлигини таъминлаш” деб номланади. Унда, бугун биз демократик жараёнларни чуқурлаштириш, аҳолининг сиёсий фаоллигини ошириш, фуқароларнинг мамлакатимиз сиёсий ва ижтимоий ҳаётидаги амалий иштироки ҳақида сўз юритар эканмиз, албатта, ахборот эркинлигини таъминламасдан, оммавий ахборот воситаларини одамлар ўз фикр ва ғояларини, содир бўлаётган воқеаларга ўз муносабати ва позициясини эркин ифода этадиган минбарга айлантирмасдан туриб, бу мақсадларга эришиб бўлмаслигини ўзимизга яхши тасаввур этамиз12, деган фикрлардан жамиятда жамоатчилик билан алоқалар масаласи навбатдаги босқичига кўтарилганини теран англашимиз мумкин.

Дунёдаги етакчи мамлакатлар тажрибасига таянган ҳолда, кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш миллий тизимининг такомиллаштирилиши ахборот соҳасидаги фаолиятнинг сифати ва савиясини оширишга қаратилган чора-тадбирлар тизимида кўп жиҳатдан ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлгани ҳақида сўз юритган давлатимиз раҳбари “Оммавий ахборот воситаларининг давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолияти устидан жамоатчилик ва парламент назоратини таъминлаш, ҳокимият ва жамоатчилик ўртасида мустаҳкам алоқа ўрнатиш борасидаги ролини кучайтиришга қаратилган самарали ҳуқуқий механизмларни яратиш мақсадида «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида», «Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида»ги ва бошқа бир қатор қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш таклиф этилади,– деб алоҳида таъкидлайди. – Бунда, хусусан, давлат ва жамоат бирлашмалари ахборот хизматлари, мэдиа-тузилмалар ишини фаоллаштириш бўйича кенг кўламли чора-тадбирларни кўзда тутиш лозим”13.

Бугунги тезкор замонда жамоатчилик билан алоқаларни ривожлантириш масаласи бевосита интернет билан билан боғлиқ бўлиб қолганини ортиқча изоҳлашга ҳожат бўлмаса керак. 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан давлатимиз раҳбарининг соҳа ходимларига йўллаган табригида, бугунги кунда ахборот тарқатишнинг тезкор усули бўлмиш интернет журналистикасини ривожлантириш бўйича ҳам кенг имкониятлар яратилаётгани, бунинг исботини юртимиздаги юздан ортиқ оммавий ахборот воситаси интернетда ўз веб-сайтига эга экани, олий ўқув юртларида интернет журналистикаси бўйича махсус фанлар ўқитилаётгани, шу йўналишда ижод қилаётган журналистлар сони тобора кўпайиб бораётгани мисолида яққол кўриш мумкинлиги алоҳида қайд этилади14. Байрам табригида журналистлар зиммасига жамоатчилик фикрини теран ўрганган ҳолда иш юритиш вазифаси ҳам юклатилади. “Ҳақиқатан ҳам, матбуотнинг энг муҳим вазифаси бугун мамлакатимизда олиб борилаётган ташқи ва ички сиёсатни оддий фуқаролар кўзи билан, яъни, турли-туман нуқтаи назарлардан баҳолаб ифодалаш, шу билан бирга, йўлимизда тўсиқ бўлиб турган иллатларга – бу коррупция ёки амалпарастлик бўладими, маҳаллийчилик, одамларнинг дардини кўрмаслик бўладими – буларнинг барчасига қарши муросасиз курашиш, бир сўз билан айтганда, адолатни қарор топтириш, жамиятимизни янада эркинлаштириш учун ўзини аямасдан, виждон амри билан яшаш журналист деган касбни танлаган инсонлар учун доимий ҳаёт мақсади бўлишини истардим,– деб таъкидланади байрам табригида.– Шу борада ҳаётимизда учраб турадиган яна бир масалага тўхталиш жоиз: бизда раҳбарга ва мансабда ўтирган кишига итоатгўйлик билан, муте бўлиб қараш ҳолатлари ҳам йўқ эмас”15. Дарҳақиақат, хизмат вазифасини ўзига умрбод мерос қилиб берилгандек тушунадиган, амал гўёки менга савлат, ақл бағишлайди, буйруқбозлик қилиш учун асос беради, деб ўйлайдиган ва шундай иш тутадиган мансабдорлар ҳам, афсуски, бугун оз эмаслигини очиқ-ошкора баён этган давлатимиз раҳбари бу масалада шундай ёзади: “Савол туғилади: мана шундай раҳбарларни фош қиладиган, кўзини очиб қўядиган, лўнда қилиб айтганда, уларни қулоғидан тортиб офтобга чиқарадиган ким бўлиши керак? Албатта, қонун, жамоатчилигимиз, тегишли идоралар, лекин бу борада энг таъсирчан куч – бу матбуот, десак, ўйлайманки, айни ҳақиқатни айтган бўламиз”16. Шу билан бир қаторда давлатимиз раҳбари мустаҳкам ирода ва ўткир қаламга эга бўлган журналистгина бундай салбий иллатларга нисбатан кенг жамоатчилик фикрини шакллантириш, ноқобил раҳбарларнинг ички дунёсини, уларнинг кирдикорларини очиб беришга қодир бўлишини ҳам уқтиради.

Жамоатчилик фикрини шакллантиришда ОАВнинг роли беқиёс. Бундай улкан ва масъулиятли вазифани бажариш учун журналист чуқур билим ва тажрибага эга бўлиши лозим. Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, бу ўринда гап журналистнинг нафақат истеъдоди ва маҳорати ҳақида, айни пайтда ўз умрини шу заҳматли касбга бағишлаган ҳар қайси инсоннинг фуқаролик масъулияти, ҳамиша давр билан ҳамнафас бўлиб, жамиятдаги ўткир муаммоларни дадил кўтариб чиқиши, уларга жамоатчилик ва кенг омманинг эътиборини қаратиши, қисқа қилиб айтганда, эл-юрт дарди ва истиқболи учун, ҳаётимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, адолат ва ҳақиқат қарор топиши учун куйиб-ёниб яшаши ҳақида бормоқда17.

Мамлакатимизда жамоатчилик билан алоқалар, жамоатчилик фикрини изчил ўрганиб бориш масаласи қай даражада ҳал этилаётгани шак-шубҳасиз оммавий ахборот воситаларида ўз аксини топаверади. Бу муҳим вазифалар ҳам босқичма-босқич амалга оширилаётгани давлатимиз раҳбарининг ушбу фикрларида ўз аксини топган: “оммавий ахборот воситаларининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти устидан жамоатчилик ва парламент назоратини таъминлаш, уларнинг ҳокимият ва жамоатчилик ўртасида мустаҳкам алоқа ўрнатиш борасидаги ролини кучайтиришга қаратилган бир қатор қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳам ўзининг амалий ижросини кутиб турибди”18.

Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси доирасида қатор дастур ва тадбирлар амалга оширилмоқда. “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши фуқароларимизнинг ахборот соҳасидаги ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, давлат ва жамоатчилик ўртасида очиқ ва самарали мулоқот олиб бориш бўйича оммавий ахборот воситаларининг роли ва таъсирини оширишда янги, юксак босқич бўлди, десак, янглишмаган бўламиз,– деб таъкидлади давлатимиз раҳбари.– Буларнинг барчаси, ҳеч шубҳасиз, мамлакатимиз ахборот майдонида соғлом рақобат муҳитини яратиш, фикрлар хилма-хиллигига эришиш, матбуот минбари орқали барча ижтимоий қатламларнинг фикр ва қарашларини ифода этиш, фуқаролик жамиятини ривожлантириш учун мустаҳкам замин бўлмоқда”19.

Эътироф этиш жоизки, мамлакатимизда жамоатчилик билан алоқалар ўзига хос ижтимоий институтга айланиб, тобора такомиллашиб бормоқда. Бу вазифа босқичма-босқич амалга оширилаётганини Президентимизнинг айнан шу масалага қаратилган фикрлари мисолида ҳам кўриш мумкин.

Жамоатчилик билан алоқалар жамият тараққиётида ғоят муҳим ўрин тутар экан, демак, келгусида уни янада ривожлантириб боришда давлатимиз раҳбарининг илғор ғоялари ва фикрлари муҳим методологик асос ҳисоблади.

 Назорат саволлари

 1. Жамият тараққиётида жамоатчилик билан алоқалар қандай ўрин тутади?

2. Ислом Каримовнинг “Ўзбекистонда демократик ўзгаришларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамияти асосларини шакллантиришнинг асосий йўналишлари” маърузасида жамиятимизни демократлаштириш ва янги босқичга кўтаришда қандай вазифалар белгиланган?3. Давлат ва жамият бошқарувида жамоатчилик назорати қандай усулда йўлга қўйилиши мумкин?4. Жамиятда ошкоралик ва очиқликни таъминлаш масаласи қандай ҳал этилади?

5. Ислом Каримовнинг “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси” маърузасида ахборот хизматлари зиммасига қандай вазифалар юклатилган?

6. Жамоатчилик билан алоқаларни ривожлантиришда интернет қандай ўрин тутишини изоҳлаб беринг.

_________________________________________

1 Қаранг: Каримов И.А. Ўзбекистонда деморатик ўзгаришларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамияти асосларини шакллантиришнинг асосий йўналишлари. – Т.: Ўзбекистон, 2002. – 21-24 бетлар.

2 Каримов И.А. Мамлакатимизни модернизация қилиш ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш – устувор мақсадимиздир. – Т.: Ўзбекистон, 2010. – 9-11 бетлар.

3 Каримов И.А. Мамлакатимизни модернизация қилиш ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш – устувор мақсадимиздир. – Т.: Ўзбекистон, 2010. – 16 бет.

4 Каримов И.А. Мамлакатимизни модернизация қилиш ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш – устувор мақсадимиздир. – Т.: Ўзбекистон, 2010. – 16 бет.

5 Каримов И.А. Мамлакатимизни модернизация қилиш ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш – устувор мақсадимиздир. – Т.: Ўзбекистон, 2010. – 17 бет.

6 Каримов И.А. Мамлакатимизни модернизация қилиш ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш – устувор мақсадимиздир. – Т.: Ўзбекистон, 2010. – 23-24 бетлар.

7 Каримов И.А. Мамлакатимизни модернизация қилиш ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш – устувор мақсадимиздир. – Т.: Ўзбекистон, 2010. – 24 бет.

8 Қаранг: ўша жойда.

9 Каримов И.А. Мамлакатимизни модернизация қилиш ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш – устувор мақсадимиздир. – Т.: Ўзбекистон, 2010. – 27 бет.

10 Каримов И.А. Мамлакатимизни модернизация қилиш ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш – устувор мақсадимиздир. – Т.: Ўзбекистон, 2010. – 27-28 бетлар.

11 Қаранг: ўша маъруза, 31-бет.

12 Каримов И.А. Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси. www.uza.uz. 12.11.2010

13 Каримов И.А. Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси. www.uza.uz. 12.11.2010

14 Каримов И.А. Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига. www.uza.uz. 26.06.2009. 20:01

15 Каримов И.А. Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига. www.uza.uz. 26.06.2009. 20:01

16 Каримов И.А. Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига. www.uza.uz. 26.06.2009. 20:01

17 Қаранг: Каримов И.А. Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига. www.uza.uz. 25.06.2010. 19:23

18 Каримов И.А. Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига. www.uza.uz. 27.06.2011. 17:13

19 Каримов И.А. Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига. www.uza.uz. 27.06.2014. 17:13

а5

You may also like...

27 Responses

  1. Жамият тараққиётида жамоатчилик фикрининг бирламчи эканлиги кўпчиликка маълум. Бу борадаги билимларимиз эса «Ўзбекистон Республикаси Президенти асарларида жамоатчилик билан алоқалар ва ахборот хизмати фаолиятига оид фикрлар талқини» мавзусини ўзлаштириш давомида янада бойиди.

  2. Pokiza Turdaliyeva:

    Xususan bugun biz ushbu darsda yuqorida zikr etilgan mavzu yuzasidan ustozim tomonidan qilingan, doimiy, samimiy ma’ruzalaridan hursand bo’ldik. Zero, O’zbekiston Respublikasi Prezidenti asarlarida jamoatchilik bilan aloqalar va axborot xizmati faoliyatiga oid fikrlar barchamiz uchun muhim ahamiyatga ega.

  3. Jamoatchilik fikrini shakllantirish va ularni to’g’ri yo’lga yo’naltirish, nafaqat OAV hodimlarining burchi, balki butun bir millatning majburiyatlaridan biri xisoblanadi. Bunda mas’uliyat katta. Va bu mas’uliyatning og’ir toshini ko’tara olish ham mana shu millatning irodasiga bog’liq.

  4. Jamoatchilik fikrini shakllantirish uchun birgina so’zning o’zi kifoya qilmaydi, buning uchun namunali, havas qilib, intiladigan insonlar ko’p bo’lishi, amalda shu so’zlarni isbotlaydigan harakatlar ham amalga oshirilishi zarur. Buni e’tiborga olgan holda, mamlakatimizda har bir inson, har bir soha vakillari uchun qator imkoniyatlar yaratilmoqda.

  5. Madina Akbarova:

    Jamoatchilik fikrini shakllantirish uchun ,birinchi navbatda, u bilan to’g’ri aloqa o’rnata olish, fikrlarni professional darajada o’rganib, to’plash, omma bilan muloqotda innovatsion usullardan foydalana olish kabi xususiyatlar talab etiladi. Bunga esa PR ni chuqur o’rganish orqali erishish mumkin. Isbot sifatida grant Kartashyanning fikrlarini keltirishni lozim topdim: «PR kishilarning o’zaro hamfikrlikka qay tariqa erishishni o’rgatadi».

  6. Жамоатчилик билан алоқаларни ривожлантиришда интернет бугун катта ўрин тутиши мумкин. Биринчидан, икки томонлама алоқанинг тезкорлиги таъминланади. Иккинчидан, исталган вақтда биз очиқ маълумотлардан фойдаланиш имконига эга бўламиз.

  7. Bu fanni o’qish davomida Prezident qonunlari va Vazirlar mahkamasi qarorlari va shuningdek Prezident asarlari bilan yanada yaqindan tanishish, o’rganish imkoni tug’ildi.

  8. Prezident asarlarini har bir fan bilan bog`lab o`rganish zarur.

  9. Mamlakatimiz rahbarining asarlarida fikr yuritilmagan sohaning o’zi yo’q. Yurtboshimizning fikrlari har bir soha uchun ham nazariy, ham huquqiy asos bo’lib xizmat qiladi

  10. PR tinglashni ham talab etadi. Eshitish orqali ham anchagina yangi ma’lumotlarga ega bo’lish mumkin. PR bu reklamadan farq qiladi. Ustoz bizga buni misollar bilan yaxshi tushuntirib berdilar.

  11. Qaysi soha, qaysi yo’nalish bo’lishidan qat’iy nazar jamoatchilik fikri doimo muhim hisoblangan. Hozirgi jamiyatda jamoatchilik fikrini shakllantirish, rivojlantirish nafaqat jurnalist butun bir millatning burchidir. Demokratik jamiyat qurishda jamoatchilik fikrini shakllantirish naqadar muhimligi Prezidentimiz asarlarida o’z aksini topgan bo’lib, uning muhimligini yana bir belgisi sifati ushbu fanni tashkil etilgani o’qitilishida ko’rsak bo’ladi. Jamoatchilik fikrini yo’naltirish, rivojlantirish, ommalashtirish OAV hodimlarining vazifasidir.

  12. Чарос НИЗОМИДДИНОВА:

    «Жамоатчилик билан алоқалар ҳақида сўз борганда унинг замирида – фуқароларнинг мамлакат бошқарувидаги ролини ошириб бориш ғояси ҳам ўз ифодасини топади».
    Фуқаролик жамиятни ривожлантириш борасида ПР асосий роль ўйнайдиган соҳалардан. Унинг имкониятлари тўғри баҳоланиб, мақсадга йўналтирилса, кўзлаётган марраларга тезроқ эришамиз, деб ўйлайман!

  13. Бутун бошли илмий иш қилиш учун тайёр манба! Мана шу мавзулар асосида олмаган эканманда ишимни… Майли, ўзимнинг мавзуим ҳам ажойиб, лекин шунча маълумотлар асосида илмий иш ёзиш завқлида барибир…

  14. Saodat Abulqosimova:

    Jamoatchilik fikrini o’rganish tizimdagi kamchiliklarni o’rganishga yordam beradi. Bu bilan xatolarni tuzatib, yangi texnologiyalarni qo’llash mumkin

  15. Saodat Abulqosimova:

    Jamoatchilik fikrini o’rganish tizimdagi kamchiliklarni o’rganishga yordam beradi. Bu bilan xatolarni tuzatib, yangi texnologiyalarni qo’llash mumkin.

  16. Jamoatchilik bilan aloqalar jamiyat taraqqiyotiga ijobiy ta`sir qilib, jamiyat rivojlanishida muhom omil bo`ladi

  17. Davlatimiz rivojlanishida jamoatchilik bilan aloqaning o`rni ahamiyatlidir.

  18. Jamoatchilik bilan aloqalar- jamiyatning qandayligini ko`rsatadigan birlamchi omil.

  19. Sevinch Norqobilova:

    Jamoatchilik bilan aloqalarni jamiyat taraqqiyoti
    uchun dadil qadan desak yanglishmaymiz.

  20. Sevinch Norqobilova:

    Kuchli demokratik davlat barpo etishning yana bir ustuvor vazifasi bu OAV ning erkinligidir

  21. jurnalist uchun jamoatchilik fikrini òrganish uni tahlil qilish juda muhim

  22. Jamoatchilik fikrini bilish har bir jurnalistning muhim vazifasi sanaladi. Yuqorida Ziyodaxon ta’kidlaganlaridek, jamoatchilik bilan aloqalar esa «jamiyatning qandayligini ko’rsatadigan birlamchi omil»dir.

  23. Jamoatchilik bilan aloqalar bu eng yaxshi usul. Ya’ni jamiyat, insonlar manfaatini ustun qo’yishdir.

Добавить комментарий для Shahnoza Rajabova Отменить ответ

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>