“Ахборот хизматлари” фанидан ўқув машғулотлари (7)

7-мавзу: Ахборот хизмати фаолиятида ошкоралик

***

 Тўлқин ЭШБЕК

 АХБОРОТ ХИЗМАТИ: назария ва амалиёт

 (Ўқув қўлланма)

 ТОШКЕНТ

ЎзМУ – 2015

 

Филология фанлари номзоди, доцент Тўлқин Эшбековнинг “Ахборот хизмати: ишлаш усуллари ва тамойиллари” (2009 йил ва 2011 йилда қайта нашри), “Жамоатчилик билан алоқалар ва ахборот хизматлари” (2012 й.) деб номланган ўқув қўлланмалари кенг жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотган. Уларнинг қайта ишланган ва тўлдирилган нашри ҳисобланмиш мазкур ўқув қўлланмада ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантиришнинг назарий ва ҳуқуқий асослари, мақсад ҳамда вазифалари, ташкилот имижини яратиш, ижодий маҳорат, ОАВ билан ҳамкорлик масалалари атрофлича ёритилган. Қўлланмадан Журналистика факультети талабалари, тадқиқотчилар, идора ва ташкилотларнинг жамоатчилик билан алоқалар бўлимлари, Ахборот хизматлари ходимлари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари кенг фойдаланишлари мумкин.

(Эслатма: “Ахборот хизмати: назария ва амалиёт” ўқув қўлланмасидан фойдаланганда Ўзбекистон Республикасининг “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги қонунига амал қилган ҳолда манба албатта кўрсатилиши лозимлигини унутманг)

1ж

 Режа:

  1. Ошкораликнинг назарий ва ҳуқуқий асослари.
  2. Жамият тараққиётида, ижтимоий-сиёсий ҳаётида ошкораликнинг ўрни.
  3. Жамиятда ошкораликни таъминлашда Ахборот хизматининг вазифалари.

Ҳуқуқий демократик давлат сиёсатида ошкоралик ва сўз эркинлиги ғоят муҳим ўрин тутади. Улар ҳар қандай мамлакат тараққиётининг асосий омили ҳисобланади. Мустақил тараққиёт йўлидан дадил бораётган юртимизда ҳам замонавий бошқарувнинг турли жабҳаларида, шунингдек, турли ташкилот ва муассасалар раҳбарлари маънавий дунёсида ошкораликнинг ўрни беқиёсдир. Демократияга ошкораликсиз эришиб бўлмаслигини ҳаётнинг ўзи исботлаган. Демократия ҳуқуқий пойдеворига эга бўлгани каби ошкораликнинг ҳам қонуний асослари яратилиши, у давлат сиёсатида ўз ифодасини топиши зарур. Ўзбекистон давлат мустақиллигига эришганидан буён юртимиз тараққиёт босқичида демократия ва ошкоралик алоҳида ўрин эгаллаётганини эса қатор қонунлар ва ҳукумат қарорлари мисолида кўришимиз мумкин.

Аввало, ошкоралик ўзи нима, деган саволга мухтасар жавоб, яъни, бу атаманинг таърифи, мазмун-моҳияти, мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий фаолиятидаги ўрни «Ўзбекистон миллий энциклопедияси»нинг 6-жилдида шундай изоҳланган: «Ошкоралик – демократиянинг зарур шарти; жамоатчиликка муассасалар, ташкилотлар ва мансабдор шахслар фаолиятига оид барча маълумот, хабарларни билиш, муҳокама ва назорат этиш учун рўйи-рост эълон қилиш. Турли даражадаги раҳбарларнинг жамоатчилик билан эркин мулоқотлари, савол-жавоблари ва бунда оммавий ахборот воситалари имкониятларидан кенг фойдаланиш, цензурага йўл қўйилмаслик ошкораликни таъминлашга хизмат қилади»1.

Демократик жамиятда ошкоралик қонун ҳужжатларида ўз аксини топмаса, у ижтимоий воқеликка айланиши жуда мушкул. Республикамизда ошкораликнинг пойдевори аввало қатор қонунларда, Юртбошимизнинг маърузаларида қайд этилгани, ҳукумат қарорларида ўз ифодасини топгани унинг давлат сиёсатида қанчалик муҳим ўрин тутаётганини кўрсатади.

Жилғалар бирлашиб ирмоқларга айлангани, ирмоқларлар эса улкан дарёни ҳосил қилгани мисол қонун чиқарувчи ҳокимият ва давлат сиёсати ҳам дастлаб миллионлаб одамларнинг сайловларда иштирок этишидан бошланади. Ҳар бир фуқаро овоз бериш йўли билан депутатларни ҳамда давлат раҳбарини сайлаб олади. Демак, сиёсатнинг ибтидоси сайловлар экан, ошкоралик ҳам худди ўша жабҳада бошланиши тақозо этилади.

Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги қонуни 6-моддаси «Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишдаги ошкоралик», «Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида»ги қонуни 7-моддаси «Референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишда ошкоралик»2, деб номланганиданоқ бу жараёнда ошкораликка нечоғли эътибор билан қаралаётганини англаш мумкин.

Жамият тараққиётида демократик сайловлар қанчалик аҳамиятга эга эканлиги барчага яхши маълум. «Бўлиб ўтган сайловлар аввалгиларидан наинки очиқлиги ва кескин кураш олиб борилиши билан, балки, аввало, сайловчиларнинг бу жараёнлардан ҳар томонлама хабардорлиги, уларга онгли муносабати билан ҳам тубдан фарқ қилди,– деб таъкидлади Юртбошимиз Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати қўшма мажлисида.– Фуқароларимиз сайловларга мамлакатимиз ҳаётидаги энг муҳим, жамиятимизнинг барча жабҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятига, демакки, ҳар бир сайловчи тақдирига таъсир кўрсатадиган сиёсий воқеа сифатида ёндашдилар»3. Бу эса янги икки палатали парламентнинг жамоатчилик билан алоқаларини янада кенг йўлга қўйиб, бу борада ошкораликни таъминлаб боришга замин яратди.

Сайлов тизимидаги ошкоралик ўз навбатида – қонун чиқарувчи ҳокимият фаолиятида изчил давом этмоқда. Буни қатор қонунлар, ҳукумат қарорлари мисолида ҳам кўриш мумкин. Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикаси қонунларини тайёрлаш тўғрисида»ги қонуни 3-моддасида шундай ёзилган: «Қонун лойиҳаларини тайёрлаш ошкоралик, жамоатчилик фикрини ўрганиш ва ҳисобга олиш асосида, Олий Мажлис депутатларининг, партия фракцияларининг (блокларининг), давлат органлари ва жамоат бирлашмаларининг иштирокида амалга оширилади»4. Қонун лойиҳалари умумхалқ муҳокамаси асосий принциплари Ўзбекистон Республикасининг «Қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамаси тўғрисида»ги қонуни 3-моддасида қуйидагича белгиланган: «ихтиёрийлик; тенглик; ошкоралик; ҳамма учун очиқлик; эркин фикр билдириш»5.

Шуни эътироф этиш жоизки, ҳар қандай жамиятда ҳам ошкораликни таъминлаш унчалик осон кечмайди. Унга маълум даражада тўсқинлик қиладиганлар учраб туриши сир эмас. Бироқ, қандайдир тўсқинлик бор экан, деб қўл қовуштириб ўтириш ҳам ярамайди. Бургага аччиқ қилиб, кўрпага ўт қўйиш – ошкораликни таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларни чиппакка чиқариб қўйиш билан баробар. У ҳолда нима қилмоқ керак, деган саволга қонуний, илмий нуқтаи назардан жавоб топиш ягона тўғри йўлдир! Ана шундагина амалда ҳақиқий ошкораликка эришиш мумкин. Ошкоралик моҳияти – жамоатчилик фикри билан ҳисоблашган ҳолда иш юритиш демак. “Айни вақтда матбуот ва эфир орқали ҳақиқатни ёритиш, одамларга етказиш ҳар қайси журналистнинг билим ва тажрибаси, унинг профессионал маҳоратига, гражданлик позициясига боғлиқ эканини ҳам унутмаслигимиз лозим,– деб таъкидлаган эди давлатимиз раҳбари.– Журналистларимиз ўз маҳорати, билим ва истеъдоди ҳисобидан замонавий ахборот воситаларининг имкониятлари, ахборот тўплаш ва уни оммага етказишнинг усул-услублари ҳақида етарли малака ва кўникмаларга эга”6. Бинобарин, жамиятда, унинг замонавий бошқарув тизимида ошкораликни таъминлаш, жамоатчилик билан алоқаларни такомиллаштиришда журналистларнинг ана шу саъй-ҳаракатлари жамият бошқаруви тизимида ўз самарасини кўрсатиши шубҳасиз.

Жамиятда ошкораликни таъминлашга қаратилган муҳим ҳужжатлардан бири – Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонуни бўлганини алоҳида қайд этиш лозим. Қонуннинг 4-моддаси “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлигининг асосий принциплари” деб номланади. Унда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлигининг асосий принциплари қуйидагича белгиланган:

улар томонидан тақдим этиладиган ахборотдан ҳамманинг фойдаланиши мумкинлиги, унинг ўз вақтида берилиши ва ишончлилиги;

улар фаолиятининг ошкоралиги ва шаффофлиги;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш эркинлиги;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисида ахборот тақдим этишда фуқароларнинг ўз шаъни ва қадр-қимматини тажовузлардан, ўз шахсий ҳаётига аралашувлардан ҳимоя қилишга бўлган ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига, шунингдек фуқаролар ва юридик шахсларнинг ўз ишчанлик обрўсини ҳимоя қилишга бўлган ҳуқуқларига риоя этиш.

Қонуннинг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш усуллари” деб номланган 11-моддасида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш усуллари қуйидагилардан иборат қилиб белгиланган:

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборотни эълон қилиш (чоп этиш);

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборотни уларнинг расмий веб-сайтларида жойлаштириш ва янгилаб бориш;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборотни ҳамма кириши мумкин бўлган хоналарга ва жойларга жойлаштириш ҳамда янгилаб бориш;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборотни ахборот-кутубхона ва архив фондлари орқали тақдим этиш;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг очиқ ҳайъат мажлисларида ахборотдан фойдаланувчиларнинг ҳозир бўлиши учун шароитлар яратиш;

ахборотдан фойдаланувчиларнинг сўрови асосида уларга давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида оғзаки ва ёзма шаклда (шу жумладан электрон ҳужжат шаклида) ахборот тақдим этиш.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа усуллар билан ҳам амалга оширилиши мумкин.

Замонавий бошқарув ва раҳбар маънавияти ҳақида сўз борганда азиз Юртбошимизнинг ушбу фикрлари такрор-батакрор ёдга тушади: “Нафақат давлат раҳбари, авваламбор, буюк тарих, маданият ва маънавият эгаси бўлган халқимизнинг бир фарзанди сифатида, ана шу бебаҳо бойликни асраб-авайлаш, уни ҳар хил ошкора ва пинҳона ҳужумлардан ҳимоя қилиш ҳақида қайғурадиган бир инсон сифатида юқорида зикр этилган ўта мухим ва ўта нозик бу масалалар мени ҳам кўпдан буён ўйлантириб келади”7.

Хўш, замонавий бошқарувда ошкораликни таъминлаш, қонунлар ҳаётий ва амалиёт билан узвий боғлиқ бўлиши учун нима қилмоқ керак, деган навбатдаги саволга жавоб топишга тўғри келади. Бу муаммонинг ечими жамоатчилик фикрини ўрганиш билан изоҳланар экан, қонун лойиҳаларини «жойларда (вилоятларда ва ҳоказо) кенг муҳокама қилиш; парламент ўқишлари; илмий жамоатчилик ва манфаатдор вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотларнинг вакиллари иштирокида бевосита қонун чиқарувчи органда ўтказиладиган кенгашларда муҳокама қилиш; тайёргарлик комиссияларининг кенгайтирилган мажлислари; оммавий ахборот воситаларида муҳокама қилиш; лойиҳа юзасидан илмий-тадқиқот муассасаларининг тақризини олиш»8 ва ҳоказолар қонун лойиҳаларини муҳокама қилишда ошкораликни таъминлаш имконини яратади.

Ижтимоий-сиёсий ҳаётда ошкоралик – тараққиётнинг муҳим омили ҳисобланади. Бу ҳокимият тузилмалари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш билан боғлиқ муаммодир. Бундай назорат аниқ механизмларга таяниши талаб этилади. «Бу механизмнинг асосини учта муҳим тамойил – қонунийлик, танқид муҳити ва ошкоралик ташкил этади,– деб ёзади мутахассислар.– Ошкоралик жамоатчилик назоратини ўрнатиш учун муҳим иқлим яратишини алоҳида таъкидлаш зарур»9.

Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, мамлакатимизда ошкоралик – Президентимиз томонидан илгари сурилаётган изчил сиёсатнинг муҳим жиҳатларидан биридир. Зеро, «инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини, сўз ва матбуот эркинлигини, шунингдек, ошкораликни, жамиятда ўтказилаётган ислоҳотларнинг очиқлигини таъминлайдиган демократик тамойилларни сўзда ёки қоғозда эмас, амалий ҳаётда жорий қилишдир, десак, ҳар томонлама тўғри бўлади,– деб таъкидлаганди давлатимиз раҳбари.– Сизларга маълумки, жамиятда ошкоралик ва очиқликни таъминлаш масаласи жамоатчилик фикрини ўрганиш усул-услубларининг қай даражада ривожлангани билан ҳам бевосита боғлиқдир»10.

Мамлакатимиз тараққиёти йўлида амалга оширилаётган энг муҳим вазифалардан бири – фуқаролик жамиятини ривожлантириш йўлидаги саъй-ҳаракатлардир. Бу вазифани амалга оширишда аввало нодавлат ва жамоат ташкилотларининг аҳамиятини янада кучайтиришни тақозо этади. Зеро, Юртбошимиз ташаббуси билан илгари сурилган «Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари» тамойилини ҳаётга жорий этишда ҳам ошкоралик сиёсатининг ўрни беқиёс. Давлатимиз раҳбари ибораси билан айтганда, «ахборот соҳасини жадал ривожлантириш, оммавий ахборот воситалари – матбуот, радио-телевидение фаолиятини эркинлаштириш фуқаролик жамияти асосларини барпо этиш жараёнининг узвий таркибий қисмига айланиши зарур»11.

Фуқаролик жамияти сари одимлар эканмиз, бу йўлда ижтимоий-иқтисодий жараёнлар билан боғлиқ кўп масалаларни ижобий ҳал этишда жамоат, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ролини ошириш, хусусий сектор фаолиятини ривожлантириш тақозо этилади. Бунинг учун аввало жамиятимизни янада демократлаштириш, фуқаролик институтларини такомиллаштириш, халқимиз сиёсий фаоллигини юксалтиришдек муҳим вазифаларни ҳал этиш ҳаётий заруратга айланади. Республика миқёсидаги бу улкан вазифаларни ижобий ҳал этишда эса биринчи галда ошкораликни таъминлаш талаб этилади.

Ошкоралик асосан матбуот эркинлиги билан чамбарчас боғлиқ экан, мамлакатимизда бу борада ҳам қонун устуворлиги кўзга яққол ташланади. Яъни, Ўзбекистон Республикасининг «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонуни (янги таҳрири) 5-моддаси «Оммавий ахборот воситалари эркинлиги» деб номланган бўлиб, унинг иккинчи банди қуйидагича: «Ҳар ким, агар қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, оммавий ахборот воситаларида чиқиш, ўз фикри ва эътиқодини ошкора баён этиш ҳуқуқига эгадир»12.

Қонун ижроси билан кучли. Бироқ, ўша ижрони ким таъминлаши керак, деган ҳақли савол туғилади. Айтиш мумкинки, ҳар бир соҳада фаолият кўрсатаётган мутасаддиларгина тегишли қонунларда белгиланган вазифаларни бажаришлари тақозо этилади. Юқорида зикр этилган матбуот эркинлигини таъминлаш асосан журналистлар, ОАВ ходимлари зиммасига тушишини изоҳлашга ҳожат йўқ. «Ҳақиқий демократик матбуот кўрсатма асосида яшай олмайди ва яшаши ҳам мумкин эмас,– деган эди давлатимиз раҳбари.– Эркин матбуот реал вазият шароитида фаолият кўрсатиши, ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ҳаётнинг долзарб муаммоларини дадил кўтариб чиқиши, одамларни безовта қилаётган барча масалаларни жамоатчилик муҳокамасига ҳавола этиши, ҳокимият ва бошқарув тузилмаларининг қабул қилаётган қарорлари ва фаолиятига танқидий, шу билан бирга, холис баҳо бериб бориши керак»13. Бу ўз навбатида жамиятда замонавий бошқарувни янада такомиллаштиришга хизмат қилиши шубҳасиз.

Юртимизда фуқаролик жамиятини ривожлантиришда ошкораликнинг ўрни ғоят муҳим. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 22-сентябрдаги «Давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг жамоатчилик билан алоқаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 203-қарори моҳиятан ана шу муҳим муаммоларни ҳал этишга қаратилгандир. «Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари фаолиятининг ошкоралигини таъминлаш, кенг жамоатчилик ва аҳолининг Ўзбекистонда амалга оширилаётган сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотларнинг бориши тўғрисида мунтазам хабардор қилиш, мамлакатни демократик янгилаш ва модернизациялашнинг, ошкора фуқоролик жамияти қуришнинг муҳим йўналиши ҳисобланади,– дейилади қарорда.– Шу билан бирга, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ушбу босқичдаги ишлари ахборотлар алмашишнинг замонавий талаблари ва стандартларига ҳали тўлиқ жавоб бермайди, зарур даражадаги фаоллик мавжуд эмас, етарли ташаббускорлик кўрсатилмаяпти»14. Демак, ҳар бир ташкилотнинг жамоатчилик билан алоқаларини ривожлантириш давр талабига айланди. Қарорда вазирликлар, қўмиталар, агентликлар, ҳокимликлар ва бошқа органлар таркибида Ахборот хизматлари* ташкил этилиши белгилангани улар фаолиятида ошкоралик сиёсатини амалга оширишда муҳим қадамдир. Айни пайтда юртимизда фаолият кўрсатаётган сиёсий партиялар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва бошқа идораларда ҳам шундай тузилмалар ана шу муҳим вазифани амалга оширишга хизмат қилмоқдалар.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, мамлакатимизда ошкоралик қонуний асосларда қанчалик ўз аксини топса, у жамиятни замонавий бошқаришни янада такомиллаштиришга ва раҳбар маънавиятини юксалтиришга хизмат қилаверади.

Назорат саволлари

 

  1. Ошкоралик деганда нимани тушунасиз?
  2. Жамиятда ошкораликни таъминлашда Ахборот хизмати ўрнини изоҳлаб беринг.
  3. Ошкоралик асосан қайси қонун ҳужжатларида акс этган?
  4. Икки палатали парламент фаолиятида жамоатчилик билан алоқалар қандай ўрин тутади?
  5. Ижтимоий-сиёсий ҳаётда ошкоралик қандай вазифани бажаради?
  6. Ўзбекистон Президенти асарларида жамиятда ошкоралик ва очиқликни таъминлаш масаласига қандай таъриф берилган?
  7. Ошкораликнинг ОАВга қандай алоқаси бор?
  8. Қонунлар ижросини таъминлашга кимлар масъул?
  9. Ўзбекистон Президенти эркин матбуот фаолияти ҳақида қандай илғор фикрларни илгари сурган?
  10. Жамиятда ошкораликни таъминлашда Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг жамоатчилик билан алоқаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 203-қарори қандай ўрин тутади?

 

5

____________________________________________

1 Ўзбекистон миллий энциклопедияси. –Т.: 2003. – 6-жилд, 613-б.

2 Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги қонуни. –Т.: Ўзбекистон, 2004. 6-б.; Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида»ги қонуни. –Т.: Ўзбекистон, 2001. 5-б.

3 Каримов И.А. Бизнинг бош мақсадимиз – жамиятни демократлаштириш ва янгилаш, мамлакатни модернизация ва ислоҳ этишдир. –Т.: Ўзбекистон, 2005. –. 33-б.

4 Қаранг: Саидов А.Х., Кўчимов Ш.Н. Қонунчилик техникаси асослари. –Т.: Адолат. 2001. 130-б.

5 Қаранг: ўша тўплам, 2001. 157-б.

6 Каримов И.А. Энг асосий мезон – ҳаёт ҳақиқатини акс эттириш. –Т.: Ўзбекистон, 2009. –. 10-12-б.

 7 Каримов И.А. Юксак маънавият – енгилмас куч. –Т.: Маънавият. 2008. 16-б.

8 Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг қонун чиқарувчи ҳокимияти: сохта вакилликдан ҳақиқий парламентаризмга қадар. –Т.: Ўзбекистон, 2001. 205-б.

9 Қаранг: Ўзбекистон жамиятни демократлаштириш ва янгилаш, мамлакатни модернизация ва ислоҳ қилиш йўлида. –Т.: Академия. 2005. – 115-120-бетлар.

 10 Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг иккинчи чақириқ Олий Мажлиснинг тўққизинчи сессиясидаги (2002 йил 29-30 август) маърузасида баён этилган асосий вазифалар ва қоидаларни кенг ёритиш бўйича ташкилий-маърифий тадбирлар дастури. –Т.: Ўзбекистон, 2002. 21-24 бетлар.

11 Қаранг: ўша манба, 21-б.

 12 Ўзбекистон Республикасининг «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонуни (янги таҳрири). //Ўзбекистон матбуоти, 2007. №1. 20-б.

13 Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг иккинчи чақириқ Олий Мажлиснинг тўққизинчи сессиясидаги (2002 йил 29-30 август) маърузасида баён этилган асосий вазифалар ва қоидаларни кенг ёритиш бўйича ташкилий-маърифий тадбирлар дастури. –Т.: Ўзбекистон, 2002. 22 б.

14 Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 203-қарори. «Давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг жамоатчилик билан алоқаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида». //www.Gov.uz. O`zbekiston Respublikasi Davlat Hokimiyati Portali. 2006 yil 22-sentyabr.

* Изоҳ: бу – «Ахборот хизмати» ёки «Матбуот хизмати» деб аталишидан қатъи назар функцияси битта эканлигини унутмаслик лозим.

You may also like...

32 Responses

  1. Madina Akbarova:

    Oshkoralikka yetish qiyin ish emas. Yuqorida aytilganidek, oshkoralik-jamoatchilik fikri bilan hisoblashish orqali erishiladi. Avvalo, har bir fuqaro o’zida buni his etishi kerak. O’ziga o’zi «baryer»(to’siq devor) qurib olmasligi lozim. Axloq doirasidagi oshkoraligi, har bir fuqaroning to’g’ri va sog’lom demokratik jamiyat qurishga qo’shgan shaxsiy hissasi deb hisoblayman.

  2. Maftuna Aslanova:

    Jamiyatimizda oshkoralik va shaffoflikni ta’minlash maqsadida qabul qilingan bir qator qonunlar mavjud bo’lib, ularning ijrosini ta’minlashda jamiyatimiz a’zolari o’zlaridagi befarqlik hissini yo’qotib Ma’suliyatni his qilmogi zarur

  3. Ошкоралик нафақат фанимизнинг балки, ҳаётимизнинг ҳам асоси.

  4. Ошкоралик демакратиянинг муҳим шарти. Ҳар ким ўз фикрини эркин, очиқ айтиш ҳуқуқига эга.

    • Тўғри айтасиз, Ошкоралик — доимо ўша маълумотни ошкор қилган инсон учун фойда келтирган. Муҳими юзини ёруғ қилади. Камчилик ҳам, ютуқ ҳам шу ошкоралик ортидан. Ошкоралик жамоатчилик назоратининг фаолиятида ҳам муҳим аҳамият касб этади.

  5. oshkorolik haqiqat ochishda eng muhim vazifa hisoblanadi

  6. Oshkoralikning ham chegarasi bor. So’z erkinligi bor ekan deb barcha davlat sirlarini ochiq aytish ham yaramaydi shu jihatlarni inobatga olgan holda ish yuritish kerak deb o’ylayman.

  7. Oshkoralik — hozirgi zamon talabi va demokratiyaning asoalaridan biridir

  8. «Ижтимоий-сиёсий ҳаётда ошкоралик – тараққиётнинг муҳим омили ҳисобланади. » Birgina mana shu fikrdan butun maruza mohiyatini anglash mumkin.

  9. Oshkoralik jamiyat taraqqiyotining muhim asoslaridan biri. Bunga esa bir kishi emas, balki hamma bir yoqadan bosh chiqarib, jipslashsagina erishish mumkin. Zero, Birlashgan mingni yenggar.

  10. OAVlarga bo’lgan ishonch ular tarqatayotgan informatsiyaning nechog’lik haqqoniyligi asosida ta’minlansa, hukumatga bo’lgan ishonch ular bajarayotgan ishlarini qanday oshkor eta olayotganlari asosida ta’minlanadi.

  11. Домла! Ушбу мавзуда «Ўзбекистон матбуоти» журналига таҳлилий мақола берсангиз мамнун бўлардик. Бу борада талабаларнинг ҳам фикрлари бўлса янада сермазмунроқ чиқарди. Ошкоралик айнан бизнинг журналга хос мавзудир!

  12. Ma`lumotlarning xolis va oshkora tarzda berib borilishi aholida axborot olishga bo`lgan saviyasini oshirish bilan birga ana shu manbaga ishonchni ham uyg`otadi.

  13. Чарос НИЗОМИДДИНОВА:

    Бугун ошкоралик, ОАВнинг эркинлиги, демократлашуви ҳақида кўпчилигимиз гапирамиз. Лекин ошкоралик, сўз эркинлигининг асл қиёфаси қандай бўлиши, ошкоралик деганда нимани тушунишимизни ҳаммамиз ҳам билавермаймиз. Агар ошкоралик йўқ деб аюҳаннос солаётганлар бир бора унинг қиёфасиникўрса, қўрқиб кетиши тайин.

  14. Жилғалар бирлашиб ирмоқларга айлангани, ирмоқларлар эса улкан дарёни ҳосил қилгани мисол қонун чиқарувчи ҳокимият ва давлат сиёсати ҳам дастлаб миллионлаб одамларнинг сайловларда иштирок этишидан бошланади. Ҳар бир фуқаро овоз бериш йўли билан депутатларни ҳамда давлат раҳбарини сайлаб олади. Демак, сиёсатнинг ибтидоси сайловлар экан, ошкоралик ҳам худди ўша жабҳада бошланиши тақозо этилади. Жуда тўғри таъриф!

  15. Saodat Abulqosimova:

    Oshkoralik do’stona aloqalrni saqlaydi. Yopiq siyosat esa shubha chiqaradi. Oshkoralik tashkilotga bo’lgan ishonchni oshiradi. Bundan tashqari ma’lumotning deformatsiyalashishini oldini oladi.

  16. Pokiza Turdaliyeva:

    Ma’ruzadagi ham bir so’zda biz uchun kerakli ma’mulotlar ask topgan desam adashmagan bo’laman. Oshkoralik mavzusidagi ushbu darsimiz menga juda ma’qul bo’ldi. Dur-u, gavhardek ma’lumotlar uchun tashakkur ustoz.

  17. Pokiza Turdaliyeva:

    Ma’ruzadagi ham bir so’zda biz uchun kerakli ma’mulotlar ask topgan desam adashmagan bo’laman. Oshkoralik mavzusidagi ushbu darsimiz menga juda ma’qul bo’ldi. Dur-u, gavhardek ma’lumotlar uchun tahakkur ustoz.

  18. Pokiza Turdaliyeva:

    Ma’ruzadagi xar bir so’zda biz uchun kerakli ma’mulotlar ask topgan desam adashmagan bo’laman. Oshkoralik mavzusidagi ushbu darsimiz menga juda ma’qul bo’ldi. Dur-u, gavhardek ma’lumotlar uchun tashakkur ustoz.

  19. Oshkoralik OAV faoliyatini yanada kengaytiribgina qolmasdan katta mas’uliyat ham yuklaydi. Xatolar esa kechirilmaydi

  20. Bugungi kunda oshkoralik zamonida yashayapmiz desam xato bo’lmas. Har bir ishimiz-u, ma’lumotlarimizni oshkor etishdan qo’rqib yashasak nima bo’lardi? Shunday ekan har narsani o’z o’rni bor.

  21. Faoliyatimizda to’g’ri yo’ldan borib, ezgu ishlarni amalga oshirsak bularni yashirib, oshkor etishdan qo’rqamizmi? Albatta yo’q.

  22. Yuqorida bildirilgan fikrlarni o’qib, fikrlar xilma xilligidan quvondim. Demak, hamma fikrlamoqda. Demak, biz yashayapmiz.

  23. Sevinch Norqobilova:

    Zamonaviy boshqaruv tizimida oshkorolik juda aniq ifodalangan. Bu mavzuda o’ylab fikr qilish kerak…

  24. axborot xizmatida oshkoralikning ta’minlangan bòlishi bu axborot olish sohasida eng ustuvor vazifa hisoblanadi. Oshkoralikni ta’minlash bilan demokratik jamiyat shakllanishida munosib hossa qòshgan bòlamiz

  25. Ma’ruzalarni elektron shaklda taqdim etilgani biz talabalarga yanada qulaylik yaratdi. Yo’ldami, uydami istagan yerda bemalol internetga ulangan holda mavzuni o’zlashtirib olyapmiz.

  26. Yuqoridagi mavzu yuzasidan tengdoshlarimning fikri e’tiborimni tortdi. Ularning mazkur mavzu bo’yicha o’ziga xos fikrlari va mulohazalari haqiqatan ham asosli. Mavzu esa bizlarni mulohazaga chorladi.

  27. Ошоралик ҳамма жойда, ҳар қадамда керак. Ошкоралик принцпига асосланган фаолиятда камчилик бўлмайди, натижа ҳам ижобий бўлади.

  28. Oshkoralik axborot tarqatishda eng muhim asoslardan biri. Oshkoralik bor yurtda xalq hukumat vakillariga ishonadi.

  29. Бугунги кунда ошкоралик – тараққиётнинг муҳим омили ҳисобланади. Шу боисдан мамлакатимизда «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонун қабул қилингани ҳам бунинг ёрқин ифодасидир.

  30. Har qilichning bir qini bo’lishi adolatdan bo’lganligi kabi, axborot xizmatida ham oshkoralik bo’lishi adolatdandir.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>