“Ахборот хизматлари” фанидан ўқув машғулотлари (9)

9-мавзу: Ахборот хизматининг вазифалари (функциялари)

***

Тўлқин ЭШБЕК

АХБОРОТ ХИЗМАТИ: назария ва амалиёт

(Ўқув қўлланма)

ТОШКЕНТ

ЎзМУ – 2015

Филология фанлари номзоди, доцент Тўлқин Эшбековнинг “Ахборот хизмати: ишлаш усуллари ва тамойиллари” (2009 йил ва 2011 йилда қайта нашри), “Жамоатчилик билан алоқалар ва ахборот хизматлари” (2012 й.) деб номланган ўқув қўлланмалари кенг жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотган. Уларнинг қайта ишланган ва тўлдирилган нашри ҳисобланмиш мазкур ўқув қўлланмада ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантиришнинг назарий ва ҳуқуқий асослари, мақсад ҳамда вазифалари, ташкилот имижини яратиш, ижодий маҳорат, ОАВ билан ҳамкорлик масалалари атрофлича ёритилган. Қўлланмадан Журналистика факультети талабалари, тадқиқотчилар, идора ва ташкилотларнинг жамоатчилик билан алоқалар бўлимлари, Ахборот хизматлари ходимлари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари кенг фойдаланишлари мумкин.

 

(Эслатма: “Ахборот хизмати: назария ва амалиёт” ўқув қўлланмасидан фойдаланганда Ўзбекистон Республикасининг “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги қонунига амал қилган ҳолда манба албатта кўрсатилиши лозимлигини унутманг)

5

 Режа:

  1. Ахборот тўплаш ва тарқатишда Ахборот хизмати ва ОАВнинг ўзига хос жиҳатлари.
  2. Ахборот хизматининг асосий вазифалари.
  3. Амалиётда “PR хизмати” ва “Ахборот хизмати” атамаларини синоним сифатида ҳам қўлланилиши.

 

Ахборот хизмати билан ОАВ ходимларининг умумий вазифаси: ахборот тўплаш ва тарқатиш. Бу жиҳатдан уларни рақобатдош, дейиш ҳам мумкин. Фақат, бу вазифаларни улар турли усуллар билан амалга оширади. ОАВ ходимлари ҳар доим ҳаёт билан ҳамқадам бўлиб, энг зарур ахборотларни тўплашга ва уларни тезкорлик билан тарқатишга ҳаракат қиладилар. Ахборот хизмати эса ўрни келгандагина шундай тезкорлик билан тарқатиши мумкин (масалан, сайловлар даврида Марказий сайлов комиссияси Ахборот хизмати ўта тезкорлик, ҳозиржавоблик билан муҳим ахборотларни тарқатади). Бошқа пайтларда кўпроқ вазминлик, сермулоҳазалик билан иш юритиши мақсадга мувофиқдир. Чунки, Ахборот хизмати ташкилотнинг маълумотларини аниқ, асосли, муҳим жиҳатларини таҳлил этган ҳолда тақдим этиши талаб этилади.

Ахборот хизматининг ўзига яраша бошқа вазифалари (функциялари) ҳам бор, албатта. Булар ташкилотнинг жамоатчилик билан алоқаларини йўлга қўйиш билан боғлиқ вазифалардан.

Жамоатчилик билан алоқалар (яъни, PR) Ахборот хизматининг назарий асосларидан бири ҳисобланади. Назариётчилар фикрича, PRнинг 500 дан ортиқ талқини бор. Соҳа мутахассиси Георгий Почепцов бу масалага шундай ойдинлик киритган: “Бизда PR хизмати эмас, айнан ахборот хизмати, деб аташ мақсадга мувофиқдир”1. Демак, амалиётда “PR хизмати” ва “Ахборот хизмати” атамаларини синоним сифатида ҳам қўллаш мумкин.

Модомики, PR хизмати ва Ахборот хизматини уйғун ҳолда тушуниш мумкин экан, уларнинг принциплари ҳам бир-бири билан чамбарчасдир. Бу принципларни америкалик олимлар Даг Ньюсом, Алан Скотт, Жадй Ванслайк Турк “PR: жамоатчилик билан алоқаларнинг самарадорлиги” китобида кенг шарҳлаганлар2. Назарий ва амалий жиҳатдан қаралганда ушбу принциплар Ахборот хизмати фаолиятида муҳим ўрин тутади. Яъни:

– Ахборот хизмати ходими жамоатчилик билан алоқалар жараёнида ҳар бир фактнинг аниқ ва тўғрилигини билишга эришиши лозим.

– Жамоатчилик билан алоқалардан асосий мақсад – идоравий манфаатлар эмас, жамоатчилик манфаати. Ахборот хизмати ходимлари фақат идора манфаатларини кўзлаб иш қилсалар, жамоатчилик эътиборидан тушиб қолишади. Сўнг, жамоатчилик уларни ҳеч қачон қўллаб-қувватламайди, фаолияти билан қизиқмайдилар ва улар билан алоқада бўлмайдилар.

Биринчи ўринда жамоатчилик манфаатларини ўйлаш керак. Ўшанда ҳам бу идора ўз мақсадига тўлиқ эришмайди. Чунки, жамоатчилик шу идоранинг ахборотини эшитади, қабул қилади ва шу информация доирасида иш қилади.

– Жамоатчилик билан алоқалар ўрнатаётган ташкилот ўз фаолияти давомида шундай иш қилиши керакки, унинг дастурлари жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотсин. Ахборот хизмати жамоатчиликка шуни кўрсата олиши керак. Яъни, жамоатчилик шу ташкилот фаолиятига қизиқсагина унга эътибор беради. Акс ҳолда, у ҳақда етарлича ахборот ёки маълумотга эга бўлмаса, жамоатчилик унга эътибор қилмай қўяди.

– Ахборот хизмати ходимлари бутун фаолиятларини ОАВ билан ҳамкорлик асосида йўлга қўйиши зарур. Улар ОАВ ходимларига ҳеч қачон нотўғри, ишончсиз маълумот бермаслиги лозим. Агар радио, телевидение ёки газетага хато маълумот берса, бундан жуда катта зарар кўради.

– Ҳар қандай ахборотга аудитория бирдан тушунмаслиги мумкин. Аудиторияда кимдир эшитади, кимдир қулоқ солмайди, кимдир нотўғри тушунади, кимдир тушунишни ҳам истамайди. Шунинг учун Ахборот хизмати ходими мулоқотни икки томонлама ташкил этиши керак. Яъни, бирор ахборот тарқатилдими, унинг натижаси билан қизиқиши зарур. Ўша ахборотни жамоатчилик тушуниб олдими? Тушунган бўлса, қай даражада ҳис этди? Керак бўлса, сўров ўтказиш, жойларга бориб, учрашувлар уюштириш, одамлар билан юзма-юз суҳбатлашиш лозим. Хатлар орқалими, телефон ёки бошқа воситалар ёрдамидами, барибир, атрофлича ўрганиши керак. Жамоатчилик фикрини ўрганиш илми ва амалиётини Ахборот хизмати ходими яхши билиши тақозо этилади.

– Ахборот хизмати жамоатчилик билан алоқаларни йўлга қўяр экан, шу алоқа самарали бўлиши учун жамоатчиликнинг ижтимоий фикрини муттасил ўрганиб бориши керак. Ахборот хизмати ходими ижтимоий фикрнинг ичига кириб бориши зарур. Одамлар нима ҳақида ўйлаяпти, уларнинг фаолияти ҳақида қандай фикрларга эга ва ҳоказолар ҳақида аниқ билиши даркор.

Кенг аудитория турли тоифа кишиларидан иборат бўлиши мумкин, яъни, мактаб ўқувчилари, талабалар, зиёлилар, ишчилар, деҳқонлар ва бошқа касб эгалари. Уларнинг савияси, тушуниш даражаси ҳар хил бўлади. Ахборот хизмати ходими ҳаммага тушунарли, оммабоп сўзлар, иборалар билан халқона тилда гапириши, ахборот тарқатиши зарур. Бу жараёнда ҳар бир аудиторияга мос равишда сўз юритиш ижобий самара беради. Аудиторияни илмий жиҳатдан пухта ўрганган киши амалда унга мос муомала қилади.

– Ахборот хизмати соҳасида фаолият кўрсатган киши катта ишончга сазовор бўлади. Бу жамоатчиликнинг ижтимоий вазияти илмий тадқиқ этилган, синалган усуллар билан ўрганиш ҳосиласидир. Социология, ижтимоий психология усуллари ҳамда бошқа фанлар билан жамоатчиликни ва ижтимоий вазиятни ўрганиб, ўша тўплаган билим ва тажрибалари асосида ҳаракатлар дастурини яратиши мумкин.

Бу борада хаёлпарастлик, паришонхотирлик қилиш, ҳар хил ҳис-ҳаяжон ва бошқа ҳавойи гаплар кетмайди. Аниқ илмий ёндашув керак. Бунинг учун энг аввало жамиятни, жамоатчилик фикрини ўрганиш шарт.

Жамоатчилик билан алоқалар шундай мураккаб фанки, унда тарих, фалсафа, социология, педагогика, сиёсатшунослик, этика, эстетика ва ҳоказо фанлар мужассамдир. Мазкур фанлар бир-бири билан жуда чамбарчас. Демак, Ахборот хизмати ходимлари биринчи галда соҳага оид фанларни ҳам пухта билиши лозим. У камида тўрт-беш соҳани билиши талаб этилади. Акс ҳолда у Ахборот хизмати ходими, шу соҳанинг мутахассиси бўлиши жуда қийин.

– Жамоатчилик фикрини ўрганиш учун энг аввало одамларни нималар қизиқтиришини кузатиш зарур. Хўш, одамлар қанақа ахборотларга қизиқади? Бу масалада, керак бўлса, Ахборот хизмати ходимининг ўзи жамоатчиликда бирор фикр уйғотиши мумкин. Фикр уйғондими, энди у одамларнинг фикрлари билан янада бойийди.

– Ахборот хизмати ходими бошқарув тизими, функциялари ва бошқа жиҳатларини билиши лозим.

– Жамоатчилик билан алоқаларнинг муҳим йўналишларидан бири бу – ижтимоий тафовутларни аниқ билиш зарур. Ижтимоий инқирозларнинг олдини олиш, имкон қадар ўша инқирозларга йўл қўймаслик лозим.

– Ахборот хизмати раҳбари – ташкилот раҳбарининг Матбуот котиби ҳисобланади. Унинг вазифалари жуда кўп. Биринчи галда у маданиятли, одобли, хушмуомала бўлиши зарур. Ҳар қандай вазиятда ҳам одамларни тушунишга ҳаракат қилиши лозим. Шу тариқа у жамоатчилик қалбига йўл топа олади. Қалбига йўл топилган одамларнинг фикрини ўрганиш мушкул бўлмайди.

Назариётчи Дмитрий Ольшанский ёзганидек, “журналист пиармен учун таъсир ўтказишнинг энг самарадор ёрдамчиси, воситачиси ва шу билан бирга унинг яқин дўстидир”3. Ахборот хизматининг муҳим вазифаларидан бири – ижтимоий фикрни ўрганиб бориш ва ташкилотнинг жамоатчилик билан алоқаларини йўлга қўйишдир. Шу вазифани уддалаётган Ахборот хизматлари билангина ОАВ ходимлари ҳам ҳамкорлик ўрнатишга интилади. Журналист бирор ахборотга эга бўлмоқчи бўлса, у аниқ ва ишончли манбага суянишни истайди. Бу борада ташкилотнинг Ахборот хизмати унга ишончли ахборот манбаи бўлиб хизмат қилади.

Шуни айтиш жоизки, ОАВ ходими талаб қилган ахборотни тақдим этиш ахборот хизматининг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади. Ахборот тўплаш ва тарқатиш борасида ОАВ ва Ахборот хизматининг ҳамкорлиги амалда жамият тараққиётига хизмат қилади. Ташкилотлар ўз жамоатчилиги билан мустаҳкам алоқа ўрнатишида Ахборот хизмати етакчи ўрин тутади.

Агар Ахборот хизмати мухбирларга зарур ахборотни бермаса, телефон қўнғироқларидан қочса, нотўғри иш қилган бўлади. Бундай масъулиятсизлик салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. ОАВ ва Ахборот хизмати ўртасида қандайдир “жарлик” бўлмаслиги лозим. Ахборот хизматининг вазифаларидан яна бири – ташкилот имижини яратиб боришдир. Ташкилот имижини яратишда унинг фаолияти ҳақида аниқ ва кенг қамровли маълумотлар, ахборотлар ёритиб бориши ғоят муҳимдир. Бу борада Ахборот хизмати ўз ташкилоти ҳақида асосан ижобий ахборотлар тарқатишга ҳаракат қилади. Одамлар қайсики соҳа, ташкилот ё маълум бир шахслар ҳақида қанча кўп маълумотга эга бўлса, уларнинг кўз олдида у манфаат келтирадиган соҳа ё ташкилот, жозибали ё ибратли шахс сифатида намоён бўлаверади. Демакки, унинг шунга яраша имижи яратилади. Ахборот хизматининг фаолияти аввало истиқболли режага асосланиши зарур. Бундай режани ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун биринчи галда мазкур ташкилот жамоасида Ахборот хизматига нисбатан тўғри муносабатни шакллантириши лозим.

Бу ўринда дастлаб ташкилот раҳбариятининг Ахборот хизматига бўлган эътиборини кучайтиришга эришиш мақсадга мувофиқдир.

Бундай муносабатнинг таркибий қисмлари қуйидагича бўлиши мумкин:

– жамоатчилик билан алоқалар соҳасига доимо эътибор бериб туриш;

– соҳа мутаҳассислари билан доимо маслаҳатлашиб туриш;

– муҳим қарорлар қабул қилишда уларнинг оқибатларини эътиборга олиш;

– ички (ташкилотники) ва ташқи жамоатчилик билан икки тарафлама алоқаларни қўллаб туриш;

– эълон қилинган режаларни амалга ошириш;

– жамоатчилик билан алоқалар учун ўз мақсадларини аниқлаб олиш.

Бугунги ахборотлашган жамиятда ҳар бир ташкилот жамоатчилик билан алоқаларни Ахборот хизмати орқали такомиллаштириб бориши мумкин. Шунинг учун ташкилот раҳбарлари Ахборот хизматига ижобий муносабатда бўлиши талаб этилади. Бу талаб Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 22 сентябрдаги “Давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг жамоатчилик билан алоқаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 203-қарорида аниқ белгилаб қўйилган.

Ташкилот раҳбари ва Ахборот хизмати раҳбари ўртасида доим самимий ва ишонарли муносабат бўлиши зарур. Кўп идораларда Ахборот хизмати раҳбари идора бошлиғининг ахборот технологиялари ё жамоатчилик билан алоқалар бўйича ўринбосари ҳисобланади. Бундай расмий мақом ахборот хизмати учун ўз вазифаларини муваффақиятли бажаришга имкон беради.

Ахборот хизмати ташкилотнинг режаларини ОАВ, пировардида, халқ учун очиб қўяди, бу эса унинг ишлари жамият ҳаётида қандай акс этиши мумкинлигини тушунишга ёрдам беради.

Ахборот хизмати ходими ўзбек тили билан бир қаторда рус, инглиз ва бошқа дунёвий тилларни мукаммал билиши лозим. Ахборот хизматининг вазифалари ҳақида мутахассислар кўп фикрларни илгари сурган. “Матбуот котибининг вазифалари барчага маълум,– деб ёзади назариётчи Димитрий Ольшанский “Политический PR” асарида.– Яъни, матбуот котиби энг аввало сиёсатчининг ОАВ билан алоқаларини йўлга қўйиши, фикрини, нуқтаи назарини, баҳосини ва ниҳоят режаларини содда ва тушунарли ифода этиб бериши зарур. Унинг вазифалари бешта асосий қисмга бўлинади:

  1. Матбуот котиби журналистлар билан ўзига хос тарзда эркин мулоқотга кириша олиши зарур. Ҳатто ўзгалар орасида бўлса ҳам иложи борича ўзини яхши тутиши лозим.
  2. Матбуот котиби ўз иш берувчисини ОАВ ходимлари билан мулоқотга киришишни ўргатиши лозим. Шундагина бу алоқалар доим мустаҳкамланиб, ривожланиб боради ва шунга яраша яхши самара беради.
  3. Матбуот котиби раҳбарининг таржимаи ҳолидан яхши хабардор бўлиш баробарида унинг келгусидаги тактик ва стратегик режаларидан воқиф бўлиб юриши айниқса шу соҳада жуда муҳимдир.
  4. Матбуот котиби сиёсат бобида етук таҳлилчи бўлиши керак. У сиёсий ҳаётдаги барча жараёнларни тезкорлик билан тушуниб, чуқур идрок этиб, мағзини чақа олиши ва зарур пайтда ҳар қандай вазифани моҳирлик билан уддалай олиши лозим.
  5. Матбуот котиби гарчи қанчалик муҳим вазифаларни бажармасин, у доимо камтар, камсуқум бўлиши ва “ўз ўрнини билиши” лозим. Чунки у иккинчи даражали шахс ҳисобланади. Биринчи ўринда эса ҳамиша унинг раҳбари туради”4.

Муаллиф ўз асарида Наполеоннинг машҳур сўзларини келтиради, яъни: “душманлик руҳи билан суғорилган битта газета мингта найзадан хавфлироқ. Тўртта ана шундай газета юз минг аскарга эга бўлган қўшиндан кўра кўпроқ зафар келтириши мумкин”5. Бу ҳақиқат айниқса жамият ҳаёти учун хосдир. Лекин, ташкилот етакчиларининг газетага (ахборот агентликлари, радио ва телевидениега ҳам) бўлган муносабатини матбуот котиблари таъминлайди. Демак, “битта ноқобил матбуот котиби минглаб найзадан кўра хавфлироқ! Билъакс, битта иқтидорли ва омадли матбуот котиби, бу – бир неча иттифоқчи дивизия билан тенг. Энг муҳими шуки, айнан матбуот котиби сиёсий PRда асосий шахс ҳисобланади”6.

Ахборот хизматлари фаолияти ҳақида илғор мамлакатларда ўрганилган тажрибалар ҳақида сўз юритганда журналист Тошпўлат Раҳматуллаевнинг “Америка журналист нигоҳида” китобидаги ушбу фикрлар эътиборга моликдир: “Ҳар куни бир вақтда АҚШ давлат департаменти матбуот котиби журналистлар учун брифинг ўтказар экан. Эрталаб соат 445 да ахборот хизмати ходимлари газета, ТВ материалларини таҳлил қилишга киришади. Интернет кўздан кечирилади. Шундай таҳлил асосида шу куннинг энг долзарб муаммолари аниқланади ва брифингда журналистлар томонидан берилиши мумкин бўлган саволлар рўйхати тузилади. Ушбу материалларни олгач, матбуот котиби Пентагон, ҳарбий разведка, Марказий разведка бошқармасига мурожаат этиб, айни пайтда нималар ҳақида очиқ гапириш мумкину нималар ҳақида мумкин эмаслигини маслаҳатлашиб олади”7.

Ўрганилган тажрибалардан келиб чиққан ҳолда Ахборот хизмати ходимлари кундалик фаолиятида амалга оширишлари зарур бўлган вазифаларни қуйидагича белгилаш мумкин:

  1. Ҳар кунги газеталарни, телекўрсатувларни ва интернетни эътибор билан кузатиб, радиоэшиттиришларни тинглаб бориши зарур. ОАВда ўз ташкилотига оид мавзулар ёритилса, албатта уни (газета, журнал, радио ёки телевидение канали, интернет сайтини), вақтини, муаллифини, сарлавҳаси ва асосий фикрини ёзиб олиш лозим.
  2. Ўша мавзулар ҳақида аниқ фактлар асосида маълумотнома ёзиб, шу билан бир қаторда айни вақтда журналистларни, жамоатчилик вакилларини қизиқтираётган саволларни тузиб, ташкилот раҳбарига тақдим этиши шарт. Шуни айтиш жоизки, ташкилотга тегишли танқидий мақолалар, матбуот орқали билдирилган таклифлардан ташкилот раҳбари бехабар қолса, ахборот хизмати ходими ўз вазифасини тўлақонли бажармаган ҳисобланади.
  3. Кеча тақдим этилган саволлар, таклифларнинг жавобини раҳбаридан сўраш, натижасини билиши зарур. Пировардида, раҳбари билан келишган ҳолда ОАВдаги танқидий мақолаларга жавоблар ёзиш (яъни, кўрилган чора-тадбирлар ҳақида аниқ фактлар асосида), мабодо, ўша танқид асоссиз бўлса, унга раддия ё тегишли тартибда асосли жавоб хати йўллаши лозим.
  4. ОАВда билдирилаётган талаб, таклиф ва истаклар асосида вақти-вақти билан ташкилот мутасаддилари ва журналистларнинг “давра суҳбатлари”ни уюштириб туриши зарур.
  5. Ташкилотнинг вилоят, шаҳар ва туманлардаги ҳудудий бошқармалари орқали жойлардаги жамоатчилик фикрини ўрганиб, тегишли хулосаларини раҳбари эътиборига ҳавола этиб бориши лозим.
  6. Ахборот хизмати тегишли ташкилотига ОАВ, жумладан, интернет ёки оддий хат ва ҳатто телефон орқали берилган саволларга ўз вақтида (иложи борича ўша куниёқ) аниқ жавоб қайтариши шарт.
  7. Ривожланган давлатлардаги соҳага оид янгиликларини интернет ва бошқа ахборот воситалари орқали ўзлаштириб, бу ҳақдаги хулосаларини ёзма равишда ташкилот раҳбари эътиборига ҳавола этиб бориши мақсадга мувофиқдир.
  8. Турдош ёки бир-бирига яқин ташкилотлар ахборот хизматлари билан мунтазам алоқада бўлиш, бир-бирларининг тадбирларида иштирок этиш, айрим анжуманларни биргаликда ўтказиб туриши мақсадга мувофиқдир.
  9. Вақти-вақти билан матбуот конференцияси, брифинглар уюштириб туриши зарур.
  10. Қайсики Ахборот хизмати ходими ташкилот фаолиятини ОАВда узвий равишда ёритиб бормаса, унинг фаолияти сустлашиб қолаверади.

 Назорат саволлари

  1. Ахборот тўплаш ва тарқатишда Ахборот хизмати ва ОАВнинг ўзига хос жиҳатлари (ва фарқи) нималардан иборат?
  2. Амалиётда “PR хизмати” ва “Ахборот хизмати” атамаларини синоним сифатида ҳам қўлланилишини тушунтиринг.
  3. Идоравий манфаатлар ва жамоатчилик манфаатининг фарқи нимада?
  4. Ташкилот раҳбариятининг Ахборот хизматига бўлган эътибори қай йўсинда намоён бўлади?
  5. Тарқатилган ахборотни жамоатчилик тушуниб етиши учун қандай йўл тутиши зарур?
  6. Жамоатчилик фикрини ўрганиш учун нималар қилиш тутиш зарур?
  7. Аудиторияни илмий ўрганиш, деганда нимани тушунасиз?
  8. Ахборот хизмати ходимларининг кундалик вазифалари нималардан иборат?
  9. Ташкилот имижи қандай яратилади?

1

__________________________________________

1 Почепцов Г. Паблик рилейшнз для профессионалов. –М.: Рефл-Бук, 2000. Б. 130.

2 Қаранг: Newsom D, Scott A, Turk J.V. This is PR. The Realities of Public Relations. – Belmont, California, 1993. Б. 37-53.

3 Ольшанский Д. Политический PR. СПб.: –М.: Питер, 2003. Б. 438.

4 Ольшанский Д. Политический PR. СПб.: –М.: Питер, 2003. –С. 480.

5 Ўша асар, 479 б.

6 Ўша асар, ўша жойда.

7 Раҳматуллаев Т. Америка журналист нигоҳида. –Т.: Янги аср авлоди, 2003. –Б. 36.

You may also like...

34 Responses

  1. Bugungi kunda mamlakatimizdagi barcha tashkilotlarda o’z faoliyatini izchillik bilan yo’lga qo’yayotgan axborot xizmatlarining nazariy asoslari va vazifalarini chuqur o’rganish biz jurnalistlar uchun muhim poydevor bo’lib xizmat qiladi

  2. Bu o’rinda Donish domla berayotgan saboqlar biz uchun dastur-ul amaldir

  3. Ахборот хизматининг вазифалари билан танишар эканман, бугун айрим ташкилот вакиллари зиммасидаги вазифасини бажармаётганидан афсусландим. Чунки бу икки томонлама фикрни тинглашда катта тўсиқ.

    • Муҳтарам Юртбошимизнинг «умидим ёшлардан!» деган умидбахш сўзлари маъносини ҳам теранроқ англаган бўлсангиз керак. Ўша ташкилотларда ишни илмий ташкил этиб, замон талабалари, жаҳон андозаларига мосу хос равишда ишлаш сиз азиз ёш кадрларимизга боғлиқдир.

  4. Axborot xizmati kishisiga qanday talablar qòyilishi bilan tanishib chiqdim. axborot xizmatida PRning qanchalik muhim ahamiyat kasb etishi haqida tushunchalarga ham eg bòldim

  5. Bugun darsda ustoz haq gapni aytdilar. Haqiqatdan har bir nutq so’zlovchi kishi quruq manbalarga tayanibgina qolmasdan, balki shu mavzuga aloqador biror voqea yoxud fakt keltirsa, uning nutqi samaraliroq chiqadi hamda auditoriya diqqatini tezda jalb qiladi.
    Men ham shu fikr talabdoriman.

  6. Madina Akbarova:

    Jamoatchilik fikri ikkitomonlama tinglanar ekan, bu jamiyatimiz taraqqiyotini yanada yuksaltirishga, fikr tinglanishi ortidan esa odilona xulosalar chiqarishga erishilishiga xizmat qilinadi.

  7. Inson qachon boshqa bir insonni tushunadi? Qachonki o’zini uning o’rniga qo’ya olsa. Buning uchun esa u o’sha insonni bilishi kerak. Bilish uchun u bilan muloqotga kirishishi kerak.
    Shunday ekan, jamoatchilik bilan aloqalar o’zaro murosaga kelishning eng ma’qul usulidir. Fikr ikki tomonlama tinglanganda haqiqat oydinlashadi. Xolis xulosa shuning asosida kelib chiqadi.

  8. Хамма домлалар шунака дарс берса ажойиб булар эди!

  9. Axborot xizmatlari OAVda faoliyat yurituvchi jurnalist uchun ham eng ishonchli va ma`lumot topishda qulay manbaa bo`lib xizmat qiladi.

  10. Bu mavzu orqali axborot xizmatining asosiy vazifalari nimalardan iborat ekanligi haqida to’liq ma’lumotga ega bo’ldik…..

  11. Чарос НИЗОМИДДИНОВА:

    Юқоридаги йўриқномалар ҳар қайси журналист учун дастак бўлгулик! Факультетдаги бошқа фан ўқитувчилари ҳам шундай тартибни жорий этишса, мақсадлидир.

  12. Axborot xizmati va uning xodimlarining vazifalari ko’p hamda keng qamrovli ekanini bilib oldim.

  13. Ҳар биримиз учун жуда зарур бўлган дастуруламал, десак ҳам муболаға бўлмайди. Бу олтиндан қиммат маълумотларнинг барчасини ўзимга сақлаб оляпман, зеро, улар менинг фаолиятим давомида сув ва ҳаво каби муҳим. Ўзимни ахборот хизматида фаолият кўрсатаман, деб айтсам ҳам муболаға бўлмаса керак. Чунки, «САДО» газетаси Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг нашрику, тўғрими, устоз? Сиз нима дейсиз бу фикримга?

  14. Sevara Uktamovna:

    Boshqa fanlar ma’ruzalarini ham internet orqali kuzatib borsak nur ustiga a’lo nur bo’lar edi.

  15. Saodat Abulqosimova:

    Axborotni olish va tarqatish ishi axborot xizmatida publitsistikaga nisbatan ancha nurakkab kechadi.

  16. Pokiza Turdaliyeva:

    Ташкилот раҳбари ва Ахборот хизмати раҳбари ўртасида доим самимий ва ишонарли муносабат бўлиши зарур. Men ham mana shu fikrga qo’shilaman. Chunki samimiy va ishonarli munosabat bir-biriga bo’lgan hurmatni mustahkamlaydi.

  17. Axborot xizmati vazifalarini bilish har bir jurnalistning asosiy vazifasidir.

  18. Axborot xizmati vazifalarini bilish har bir jurnalistning asosiy vazifasidir.Shuning uchun bu mavzuni bilish va o`rganish talabalar uchun muhimdir.

  19. Bu mavzu bo`lg`usi jurnalistlar uchun dastak vazifasini o`taydi.

  20. Axborot olish va uni tarqatish biz jurnalistlarning asosiy vazifamizdir.

  21. Tarqatilayotgan axborotlarning ishonchli ekanligiga alohida e’tibor qaratish kerak. Zero tarqatilgan axborotni orqaga qaytarib olib bo’lmaydi.

  22. Bugungi berilayotgan hamma axborotni ham axborot ekan, deb qabul qilib ketaverish noto’g’ri. Shunday ekan, olayotgan va berilayotgan axborotlarga diqqatli bo’laylik.

  23. Sevinch Norqobilova:

    Ma’ruza orqali ikki tomonlama muloqotning o’ziga xosligini va vazifalari mavjudligini bilib oldim. Axborot xizmati xodimi ham o’z navbatida mas’uliyatli vazifalari haqida bilishi shart deb hisoblayman.

  24. Axborot xizmati xodimining vazifalari bilan tanishganligim o’ylaymanki, kelgusi amaliy faoliyatimda o’zining hissasini qo’shadi.

  25. Axborot to’plash va tarqatishda har ikkala tomondan ham yuqori mahorat talab qilinadi. Har ikkalasi ham o’ta mas’uliyatli vazifa hisoblanadi.

  26. Jamoatchilik fikri har bir tashkilotni qiziqtirmay qo’ymaydi. Shu boisdan o’zidagi axborot xizmati faoliyatiga jiddiy e’tibor berishga harakat qiladi.

  27. Ахборот хизмати фаолиятига қараб ташкилотнинг ўзига хулоса чиқарилади. Шундай экан ахборот хизмати ташкилотнинг юзи ҳисобланади.

  28. Axborot xizmati xodimining vazifalari nimalardan iborat ekanligini bilib oldim. Xudo xohlasa biror tashkilotning axborot xizmati xodimi bo’lsam bu bilimlar menga ancha asqotadi

  29. Dilfuza Tillayeva:

    Axborot xizmati xodimi nafaqat bilimga balki samimiylikka ham ega bo’lish kerak. Kayfiyat, samimiylik muvofaqqiyatga qo’yilgan birinchi qadamdir.

  30. Ахборот хизмати ходими жамоатчилик билан алоқалар жараёнида ҳар бир фактнинг аниқ ва тўғрилигини билишга эришиши лозим. Шунда ахборот ишончли ва ўқимишли бўлади.

  31. Axborot xizmati xodimi zimmasida bugun ulkan vazifalar mavjud. Chunki biror bir davlat organining yoki tashkilotning yuzi axborot xodimi hisoblanadi. Yuz chiroyli va toz bo’lsa,oynada faqat go’zallik ko’rinadi.

  32. Axborot xizmati xodimi zimmasida bugun ulkan vazifalar mavjud. Chunki biror bir davlat organining yoki tashkilotning yuzi axborot xodimi hisoblanadi. Yuz chiroyli va toza bo’lsa,oynada faqat go’zallik ko’rinadi.

  33. Maftuna Yusupova:

    Axborot xizmati hodimi bugun tashkilotlar uchun eng kerakli kadr aslida. Ammo buni anglatish o’z qo’limizda. Bu borada darslarda olayotgan saboqlar bizga qo’l kelishi aniq!

Добавить комментарий для Nozima Miyassarova Отменить ответ

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>