“Ахборот хизматлари” фанидан ўқув машғулотлари (10)

10-мавзу: Ташкилотнинг жамоатчилик билан алоқаларини ривожлантиришда ахборот хизматининг ўрни

***

 Тўлқин ЭШБЕК

 АХБОРОТ ХИЗМАТИ: назария ва амалиёт

 (Ўқув қўлланма)

 ТОШКЕНТ

ЎзМУ – 2015

 Филология фанлари номзоди, доцент Тўлқин Эшбековнинг “Ахборот хизмати: ишлаш усуллари ва тамойиллари” (2009 йил ва 2011 йилда қайта нашри), “Жамоатчилик билан алоқалар ва ахборот хизматлари” (2012 й.) деб номланган ўқув қўлланмалари кенг жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотган. Уларнинг қайта ишланган ва тўлдирилган нашри ҳисобланмиш мазкур ўқув қўлланмада ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантиришнинг назарий ва ҳуқуқий асослари, мақсад ҳамда вазифалари, ташкилот имижини яратиш, ижодий маҳорат, ОАВ билан ҳамкорлик масалалари атрофлича ёритилган. Қўлланмадан Журналистика факультети талабалари, тадқиқотчилар, идора ва ташкилотларнинг жамоатчилик билан алоқалар бўлимлари, Ахборот хизматлари ходимлари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари кенг фойдаланишлари мумкин.

(Эслатма: “Ахборот хизмати: назария ва амалиёт” ўқув қўлланмасидан фойдаланганда Ўзбекистон Республикасининг “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги қонунига амал қилган ҳолда манба албатта кўрсатилиши лозимлигини унутманг)

 6

 

Режа:

  1. Ташкилотнинг жамоатчилигини аниқлаб олиш ва ўрганиш.
  2. Жамоатчилик фикрини ўрганиш усуллари.
  3. Ташкилот фаолиятига оид ахборотлар ўрганилиши.

 

Ташкилотнинг жамоатчилиги деганда кимлар назарда тутилади?

Жамоатчилик билан алоқаларни ривожлантириш ҳақида сўз борар экан, аввало ҳар бир ташкилотнинг жамоатчилигини аниқлаб олиши зарур. У қандай аниқланади, деган саволга оддий кузатишлар орқали жавоб топиш мумкин.

Одамлар қайсики соҳа истеъмолчиси бўлса, улар ўша соҳа ё тизимнинг жамоатчилиги ҳисобланади. Масалан, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги жамоатчилиги – деҳқонлар, боғбонлар, чорвадорлар, соҳа олимлари ва бошқа манфаатдор кишилардир.

Телефон ё почта хизматидан фойдаланаётган истеъмолчилар Ўзбекистон почта ва телекоммуникациялар агентлиги жамоатчилиги ҳисобланади.

Пенсионерлар, ёш болали оналар, турли ногиронлар Меҳнат ва ижтимоий таъминот вазирлигининг жамоатчилигидир.

Шифохонага тушган беморлар шак-шубҳасиз Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилигини ташкил қиладилар. Беморлардан ташқари соғлом кишилар ўртасида тиббиёт ходимлари тушунтириш ё профилактик ишларни амалга оширяптими, демак, ундан манфаатдор одамлар ҳам вазирлик жамоатчилиги ҳисобланади.

Мактаб ўқувчилари ва қолаверса уларнинг ота-оналари республика Халқ таълими вазирлиги ҳамда вилоят, шаҳар, туман бошқармалари жамоатчилиги ҳисобланади.

Талабалар ва ота-оналари – Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг жамоатчилигини ташкил этадилар.

Демак, фуқаро қайсики соҳадан манфаатдор бўлса, у республика, вилоят, шаҳар ва туманларда шу соҳа мутасадди ташкилотларининг жамоатчилиги ҳисобланади.

Айни пайтда инсон ҳар куни қатор ташкилотларнинг жамоатчилигига айланиши ҳам табиий. Айтайлик, у маҳалласида – ўша ҳудуддаги фуқаролар йиғини жамоатчилиги ҳисобланади. Автобусга чиққанида автотранспорт ташкилоти, дўконга кирганида савдо ташкилоти, телефонда сўзлашганида алоқа тармоғи ва ҳоказо ташкилотларнинг жамоатчилигига айланаверади.

Шу ўринда “жамоатчилик” билан “жамоа аъзоси” деган тушунчаларга ҳам ойдинлик киритиш зарур. Юқорида, инсон қайсики соҳа истеъмолчиси бўлса, у ўша соҳа жамоатчилиги ҳисобланади, дедик. Айни пайтда муайян соҳада фаолият кўрсатаётганлар ҳам ўша ташкилот жамоаси аъзоси, ҳам унинг жамоатчилиги бўлади. Масалан, таълим муассасасида фаолият кўрсатаётган ўқитувчи биринчи галда ўша муассаса жамоаси аъзосидир. Жамоа аъзоси – масъул ходим сифатида аввало ўша таълим муассасаси топшириқларини бажаради. Иккинчи жиҳатдан, у ҳам жамоатчилик вакили бўлиши ва юқори ташкилоти (вазирлиги, қўмитаси, уюшмаси) фаолиятига ўз муносабати, таклифларини билдиришлари мумкин.

Эътибор берган бўлсангиз, оддий милиция ходимларининг кийим-бошларида Ички ишлари вазирлиги эмблемаси ва унинг тагида “ИИВ” деган ёзув бор. Бу – ўша ходимнинг ИИВ тизими ходими деган маънони англатади. Демак, милиция ходими аввало ИИВ тизими (жамоаси) аъзоси ҳисобланиб, вазирлик буйруқларини, топшириқларни бажаради.

Тажрибали милиция ходимидан соҳани янада ривожлантиришга оид фикр сўрасангиз, у ўз билим ва тажрибаларидан келиб чиққан ҳолда таклифлар билдириши мумкин. Бу ўринда у шу соҳа жамоатчилиги қатори муносабат билдирган ҳисобланади. Айтиш жоизки, ҳар бир соҳани ривожлантиришда тажрибали мутахассис-кадрларнинг фикрлари ғоят қимматлидир.

Ташкилотнинг жамоатчилик билан алоқаларини йўлга қўйишга хизмат қиладиган ахборот хизмати аввало ўша жамоатчиликни аниқлаб олиши ва муттасил равишда уларнинг фикрларини ўрганиб бориши лозим.

Ҳар бир ташкилот ўз жамоатчилиги билан кучли. Ўша кучга амалда эришмоғи учун ахборот хизмати биринчи галда ташкилот фаолиятига оид ахборотларни муттасил оммага етказиб туриши зарур. Шу билан бир қаторда жамоатчиликнинг тегишли соҳалар ҳақидаги фикрларини ўрганиб, ундан ташкилот мутасаддиларини хабардор қилиб боришлари лозим. Ахборот хизматининг асосий вазифаларидан бири шу.

Одамларнинг фикрлари, таклифларини ўрганиб бормаган ёки беэътибор қолдирган, улар билан етарли даражада алоқа ўрнатмаган ташкилот фаолияти заифлашиб, сустлашиб қолаверади.

Жамоатчилик билан алоқаларда энг муҳими – ҳақиқатни гапириш. Агар Ахборот хизмати ходими ташкилот номидан ёлғон хабар тарқатса, унга зарар келтиради. Одамлар рост билан ёлғоннинг фарқини яхши англаб етадилар. Саломга қараб алик, деганларидек, алдамчилик қилганларга одамлар ишонмай қўяди. Ишончдан қолган ташкилотга нисбатан муносабатлар ижобий бўлиши қийин. Башарти, ёлғон хабар тарқатган шахс хатосини англаб етган тақдирда нима қилмоғи керак? Албатта, ўша хатосини тан олиб, халқдан кечирим сўраши зарур. Қайси ОАВ орқали ёлғон хабар тарқатган бўлса, айнан ўша орқали узрини айтиши лозим. Бағри кенг халқ кечиримли бўлади, унга имкон беради.

Қайсики ташкилот жамоатчилик билан алоқаларни узвий равишда йўлга қўймаса, унинг фаол жамоатчилиги бўлмайди. Яъни, одамлар уни ташкилот сифатида тан олмайди, зарур пайтда қўллаб-қувватламайди.

Жамоатчилик билан алоқалар одамларни ишонтириш санъати билан амалга оширилади. Ишончга қандай эришилади? Бунинг усули оддий. Яъни, одамларга эътиборли бўлиш, уларга берилган ваъданинг устидан чиқиш, ишини амалда кўрсатиш, сўзини исботлаш орқалигина халқнинг ишончига сазовор бўлиш мумкин. Айтиш жоизки, жамоатчилик эътиборини муттасил қозониб келаётган ташкилотлар талайгина. Таассуфки, фаолияти ҳаминқадар, жамоатчилик билан алоқалари қониқарсиз ташкилотлар ҳам йўқ эмас…

Қайсидир ташкилотнинг жамоатчилигини кўпсонли фуқаролар ташкил этадилар, бошқасини эса нисбатан камроқ. Биз бу борада кенгроқ тасаввурга эга бўлиш мақсадида жамоатчилиги бутун мамлакатимиз халқи, ҳатто, чет эллардаги элчиларимиз ва хорижда таълим олишаётган ватандошларимизгача ташкил этадиган олий вакиллик органимиз – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси жамоатчилиги билан танишамиз.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 76-моддасида: “Ўзбекистон Республикасининг Олий Мажлиси олий давлат вакиллик органи бўлиб, қонун чиқарувчи ҳокимиятни амалга оширади”1 деб белгиланган. Ривожланган мамлакатлар парламентлари фаолиятида жамоатчилик билан алоқалар муҳим ўрин тутади. Буни “парламент” сўзининг луғавий маъноси –французча “парле” – баҳс-мунозара, “мент” – жой, ўрин деган маънони англатишидан ҳам англаш мумкин. “Олий вакиллик органлари бир неча мамлакатларда, жумладан, Англия, Франция, Италия, Канада, Бельгияда тўғридан-тўғри парламент деб аталади”2.

Жамоатчилик билан алоқалар ҳар бир депутат, қолаверса, бутун Олий Мажлис фаолиятида у ёки бу шаклларда намоён бўлади. У ОАВда ўз аксини топади. Матбуотдаги жамоатчилик баҳс-мунозараси орқали хилма-хил фикрлар аниқланади. Бу билан мақбул таклифлар ўрганилиши учун замин яратилади. ОАВ парламентнинг жамоатчилик билан алоқаларини йўлга қўйишга ҳам хизмат қилади. Унда бир томондан, парламент фаолияти, депутатларнинг фикр-мулоҳазалари, ўтказиладиган тадбирлар ёритилса, иккинчи томондан, жамоатчилик фикри мунтазам равишда ўз ифодасини топади. “Ҳар бир публикация, ҳар бир босма материал, ҳар бир босма сўз маълум бир аниқ мақсадларни назарда тутаётган, мувофиқлаштирган дастурнинг қисми бўлиши зарур”3, деб ёзади PR соҳаси назариётчилари.

Парламент фаолияти қонунлар чиқариш билан бир қаторда жамоатчилик билан алоқалари жараёнида ҳам намоён бўлади. Бу ваколатлар эса тегишли қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган.

Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон декларацияси 21-моддасида: “Ҳар бир инсон бевосита ёки эркинлик билан сайланган вакиллари воситасида ўз мамлакатини бошқаришда иштирок этиш ҳуқуқига эгадир”4 деб ёзилган. Шунга монанд Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 32-моддасида “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар”5, деб белгилаб қўйилган.

Демак, ҳар бир фуқаро ўз тақдирини ўзи белгилаш масаласи тегишли ҳуқуқий ҳужжатларда акс этган. Қонун чиқарувчи ҳокимият мамлакатимизда сайловлар йўли билан шаклланар экан, айтиш мумкинки, Олий Мажлиснинг жамоатчилиги – барча сайловчилар, шунингдек, ўша сайловчилар ортида турган оила аъзолари (сайлов ёшига етмаган ўғил-қизлар, вақтинча сайлов ҳуқуқидан маҳрум этилган шахслар) ҳамдир.

Қиёсан олиб қарайдиган бўлсак, жамоатчилик бу – табиат. Табиат бағрида инсон яшайди. Жамоатчилик бағрида ташкилот, соҳа яшайди. Шу нуқтаи назардан қаралганда қонун чиқарувчи ҳокимият ўз жамоатчилиги билан кучли. Ўша жамоатчиликка ахборот етказиб тура олиши билан кучли.

Депутатлар вақти-вақти билан ўз сайловчилари билан учрашадилар. Улар учрашувда Олий Мажлис вакили сифатида сўз айтиши маълум. Ўз навбатида депутатлар жамоатчилик фикрларини ўрганадилар. Ҳар бир сайловчи қонун чиқарувчи ҳокимият фаолиятига ўз депутати орқали дахлдор. Парламент томонидан қонун лойиҳаси эълон қилинишидан тортиб, унинг муҳокамасида аҳолининг деярли барча қатламлари иштирок этади. Жамоатчилик билан алоқалар мамлакат қонун чиқарувчи ҳокимиятининг функцияларидан бирига айланган.

Олий Мажлис қўмиталари ва комиссиялари қонун лойиҳаларини ишлаб чиқадилар, ишчи гуруҳлари тузиб, ўз хулосаларини берадилар, қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга бўлган субъектлар томонидан киритилган қонун лойиҳаларини сессияда кўриб чиқишга жиддий тайёргарлик кўрадилар ва муҳим қарорлар тайёрлашда иштирок этадилар. Кўриниб турибдики, бу жараёнларда жамоатчилик билан ҳар томонлама алоқалар ўрнатилади.

Ишчи гуруҳлари, мутахассислар жалб этилиши, уларнинг фаолиятлари тўғрисида ОАВ орқали кенг жамоатчиликка ахборот берилиши, қолаверса, ўша қонун лойиҳаларининг матбуотда эълон қилиниши, муҳокама этилиши – жамоатчилик билан алоқаларнинг ўзига хос кўринишидир. Олий Мажлис қўмиталари ва комиссиялари ўз фаолиятларини (жойларда ўтказиладиган мулоқотлар, суҳбатлар, турли тадбирлар орқали) халқ билан узвий алоқада амалга оширмоқда.

Назарий жиҳатдан олиб қаралганда, пиарменнинг аудитория билан муносабатлари – унинг фаолиятида асосий йўналишлардан биридир. Ушбу муносабатлар ҳам халқаро ва идоравий, турли кодекслар томонидан тартибга солинади. Идоравий манфаатлар билан адолат манфаатларини уйғунлашган ҳолида кўзланган умумий мақсадга эришиш мумкин.

Жамоатчилик билан алоқалар жараёнида парламент ҳам, бошқа ташкилот ҳам ўз фаолиятининг самарасини ошириш мақсадида ахборот хизмат орқали ахборот тарқатиб бориши муҳимдир. Бу ахборот мақсадли равишда амалга оширилади.

Қонунчилик ҳокимияти ролини ва таъсирини кучайтириш “аҳолининг мамлакат ижтимоий ва сиёсий ҳаётидаги иштироки кўламини янада кенгайтириш”га6 хизмат қилади. Бу парламентнинг жамоатчилик билан алоқаларида ўз ифодасини топади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг ваколатлари замирида ҳам унинг жамоатчилик билан алоқалари жараёни ўз аксини топган7.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламентининг 5-моддасига кўра, “Қонунчилик палатасининг фаолияти масалаларни биргаликда ва эркин муҳокама қилишга, ошкораликка, жамоатчилик фикрини ҳисобга олишга асосланади”8.

Регламентнинг 34-, 50-моддаларига кўра Кенгаш ҳамда Комиссия мажлисларига давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари, илмий муассасаларнинг вакиллари, мутахассис ва олимлар, матбуот органлари, телевидение, радио ва бошқа оммавий ахборот воситаларининг вакиллари таклиф қилиниши мумкин9. Мазкур ҳужжатлардан ҳам кўриниб турибдики, қонун чиқарувчи ҳокимиятнинг фаолиятида жамоатчилик билан алоқалар муҳим ўрин тутади.

Парламентнинг ўз жамоатчилиги билан алоқалари кўлами ва сифати қай даражада эканлигини матбуотда ёритилаётган мақолалар мисолида ҳам кўриш мумкин. Шу ўринда айтиш жоизки, илгари “депутатларни фақат сайлов давридагина кўриб қоламиз, сўнг халққа қорасини ҳам кўрсатмайди” деган эътирозлар беҳуда айтилмасди. Айни вақтда эса депутатларнинг халқ билан муносабатларини бўрттириб кўрсатишга ҳам ҳожат йўқ. Олий Мажлис депутатларининг ОАВда чиқишлари борган сари фаоллашгани кузатилмоқда. Икки палатали парламент фаолиятини эса жамоатчилик билан алоқаларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Бундай эволюцион юксалиш изчил давом этгани сайин унинг самараси намоён бўлаверади.

Олий Мажлис ўз аудиторияси билан алоқаларини кенг йўлга қўйиши учун Ахборот хизмати ходими етук пиармен ва моҳир журналист бўлиши лозим. Пиар назариётчилари фикрича, “Топшириқларни ўз вақтида бажариш, ўзига хос услубни йўқотмаслик, аудиторияга мурожаат қилиш – ҳар бир оммавий ахборот воситаси тавсифидир ва буни бажариш ҳар бир PR ходими ишининг муҳим томони ҳисобланади”10. Шунга монанд журналист Шерзод Ғуломовнинг ушбу фикрлари ўринли: “Телевидение, радио ва газеталарда ёритилаётган сайловга оид мавзулар замирида жамоатчилик фикри атрофлича ифода этилаётир”11. Бундай хулосалар эса парламент аъзолари журналистлар билан ёки журналистлар парламент билан узвий алоқа ўрнатишлари натижасида пайдо бўлади.

Жамоатчиликнинг парламентга муносабати қай даражадалигини ОАВ орқали англаш мумкин. Одамларнинг олий вакиллик органига нисбатан билдирган фикрлари ҳам амалда у билан муносабатини кўрсатади.

Қонун лойиҳаларини тайёрлашда жамоатчилик иштироки ва умумхалқ муҳокамасидан ўтказилиши тегишли қонунларда белгилаб қўйилгани парламентнинг жамоатчилик билан алоқаларини йўлга қўйишга ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади. “Ўзбекистон Республикаси Қонунларини тайёрлаш тўғрисида”ги Қонуннинг 3-моддасида “Қонун лойиҳаларини тайёрлаш ошкоралик, жамоатчилик фикрини ўрганиш ва ҳисобга олиш асосида, Олий Мажлис депутатлари, партия фракциялари (блоклари), давлат органлари ва жамоат бирлашмаларининг иштирокида амалга оширилади. Лойиҳаларни тайёрлашга илмий муассасалар, ўқув юртлари, олимлар, халқ хўжалиги тегишли тармоқларининг мутахассислари ва юридик хизматлари жалб этилади”12, деб белгилаб қўйилган.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси бугунги кунда умумбашарий тамойилларга мос қонунлар қабул қилаётир. Бу муҳим жараёнда “тўртинчи ҳокимият”нинг ҳам ўрни бор.

 Назорат саволлари

  1. Ташкилотнинг жамоатчилиги қандай аниқланади?
  2. Пиармен деганда нимани тушунасиз?
  3. Одамларнинг фикрларини ўрганиб бормаган ташкилот фаолияти қай даражада бўлади?
  4. Ташкилот номидан ёлғон хабар тарқатиш қандай оқибатларга олиб келади? Ёлғон хабар тарқатган идора нима қилмоғи керак?
  5. Жамоатчилик билан алоқалар қандай йўл билан амалга оширилади?
  6. Олий Мажлис жамоатчилиги ҳақида нималарни биласиз?
  7. Олий Мажлис фаолиятида жамоатчилик билан алоқалар қай йўсинда амалга оширилади?
  8. Жамоатчилик фикри қандай аниқланади?
  9. Журналистлар ташкилот фаолиятига оид ахборотларни қаердан олиши мумкин?

1

_________________________________________

1  Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси. –Т.: Ўзбекистон, 2010. Б. 14.

2 Азизхўжаев А., Ҳусанов О., Азизов Х. Конституциявий ҳуқуқ. –Т.: Академия, 2001. Б. 76.

3 Катлип С.М., Сентер А.Х., Брум Г.М. Паблик рилейшнз. Назария ва амалиёт. –М.: Вильямс, 2003. Б. 323.

4 Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон декларациясига шарҳлар. –Т.: Адолат, 1999. Б.51.

5 Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси. –Т.: Ўзбекистон, 2003. Б. 8.

6 Каримов И.А. Бизнинг бош мақсадимиз – жамиятни демократлаштириш ва янгилаш, мамлакатни модернизация қилиш ва ислоҳ этишдир. –Т.: Ўзбекистон, 2005. Б. 38.

7 Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий Қонуни. Ўзбекистон Республикасининг Олий Мажлиси тўғрисида. Тўплам. Т.: 2000. Б. 4-5.

8 Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти. –Т.: 2005. Б. 2.

9 Қаранг: ўша жойда. Б. 8.

10 Катлип С.М., Сентер А.Х., Брум Г.М. Паблик рилейшнз. Назария ва амалиёт.– М.: «Вильямс» нашриёт уйи, 2003. Б. 362.

11 Ғуломов Ш. Мезон – ҳаққонийлик ва холислик. //Ўзбекистон овози, 2004. 20 июль.

12 «Ўзбекистон Республикаси Қонунларини тайёрлаш тўғрисида»ги Қонун. //Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997. 9-сон.

You may also like...

28 Responses

  1. Madina Akbarova:

    Jamoatchilik va jamoa so’ziga to’liq izoh berilgandan so’ng menda hamma narsa bir-biriga tutashib ketadi, bir-biri bilan chambarchas bog’liq, biri ikkinchisini to’ldiradi, kichikdan kattaga qarab xalqa hosil qilib boraveradi va yagona umumiy murakkab halqani hosil qiladi degan fikr paydo bo’ldi.

  2. Ўша дарсни эшитиб, сўнгра сайтда маъруза матнни ўқиб, Ахборот хизматлари жамоатчиликка маълумотлар етказиш билан бирга, жамоатлик фикрини шакллантиришга ҳам ҳаракат қилиши зарур, деган фикрга келдим.

  3. Saytda ma`ruzani o`qib ham yanada bilimlarimizni mustahkamlamoqdamiz. Ustoz boshqa domlalarning ham ma`ruzlarini joylasangiz. O`zMu saytidan boshqa fan ma`ruzalarini topa olmayapmiz. Uchildiz bizga bu borada ham yordam bersa, yanada yaxshiroq bo`lar edi.

  4. Jamoatchilik bilan aloqalar OAV ning barchasida o’z o’rniga ega. Bu orqali axborot xizmati hodimlari jamoatchilik fikrini tinglab ular bilan ishlashida yengillikni his qilishi belgilangan…..

  5. Чарос НИЗОМИДДИНОВА:

    «Қайсики ташкилот жамоатчилик билан алоқаларни узвий равишда йўлга қўймаса, унинг фаол жамоатчилиги бўлмайди. Яъни, одамлар уни ташкилот сифатида тан олмайди, зарур пайтда қўллаб-қувватламайди».
    Албатта, ҳар бир ташкилот, бошқарув органлари жамият манфаати, халқ фаровонлиги, эл тинчлиги учун ишлайди. Агар инсон манфаатлари, унинг осуда умргузаронлиги учун хизмат қилмас экан, бундай ташкилотнинг зарурати ҳам қолмайди.

  6. Dars mavzusi hamda saytda berilgan ma’ruza matnidan so’ng bu mavzu doir bilimlarim ancha mustahkamlandi

  7. Inson qachon boshqa bir insonni tushunadi? Qachonki o’zini uning o’rniga qo’ya olsa. Buning uchun esa u o’sha insonni bilishi kerak. Bilish uchun u bilan muloqotga kirishishi kerak.
    Shunday ekan, jamoatchilik bilan aloqalar o’zaro murosaga kelishning eng ma’qul usulidir. Fikr ikki tomonlama tinglanganda haqiqat oydinlashadi. Xolis xulosa shuning asosida kelib chiqadi

  8. «Мазкур ҳужжатлардан ҳам кўриниб турибдики, қонун чиқарувчи ҳокимиятнинг фаолиятида жамоатчилик билан алоқалар муҳим ўрин тутади.» Жамоатчилик билан алоқалар ҳар бир соҳанинг ҳар бир йўналишида муҳим ўрин тутади.

  9. Sevara Uktamovna:

    Darsdagi ma’ruzadan so’ng elektron ma’ruzani o’qib bilimimizni yanada mustahkamlab bormoqdamiz.

  10. Saodat Abulqosimova:

    Tashkilotning jamoatchilik fikrini o’rganishda ana shu tashkilotning o’z veb-sayti muhim o’rin tutadi. Chunki internetda userlar o’zini ko’rinmas odamdek his qilishi, ularning haq so’z aytishiga jasorat qo’shadi. Shuning uchun userlarning fikrnomalrini albatta o’rganish kerak.

  11. Pokiza Turdaliyeva:

    Jurnalist tashkilot faoliyatiga oid ma’lumotlarni ana shun tashkilot axborot xizmatidan olgani ma’qul. Chunki u ishonchli va aniq faktlarga boy bo’ladi.

  12. Jamoatchilik bilan ishlashda ularning fikr va mulohazalari juda muhimdir.

  13. Har bir sohada faoliyat yuritishda jamoatchilik bilan ishlash muhim ahamiyat kasb etadi.

  14. Jamoaga biror bir fikr berishdan oldin ularni ham tinglashi, fikr va mulohazalarini inobatga olishi kerak.

  15. Sevinch Norqobilova:

    Jamoatchilik fikrini o’rganish har bir jurnalistga qo’yiladigan talabdir. Jamoatchilik fikri doim yuqori o’rinda turadi.

  16. tashkilotning imidjini yaratishda uning obròsi muvofaqqiyatga erishishida axborot xizmati vakilining òrni katta bòladi. shuningdek reklama ham bunda muhim rol òynaydi

  17. Jurnalist avvalo shu jamiyatning faol a’zosi. Uning har bir fikri shu jamiyat asosida shakllanadi. U bermoqchi yoki uzatmoqchi bo’lgan axborot ham ayni mana shu jamiyat kishilari uchun. Shu ma’noda jurnalistlarning jamoatchilik fikrini o’rganishi juda hamiyatli sanalib, bu uning kelgusi ijod mahsulida asos bo’lib xizmat qilishi hech kimga sir emas.

  18. Har bir tashkilotning axborot xizmati xodimi jamoatchilik fikrini o’rganishi va shu asosida ish yuritishi lozim.

  19. Жамоатчилик билан алоқаларда энг муҳими – ҳақиқатни гапириш. Фикримча мана шу қоидага амал қилишда кўпгина ташкилотлар сусткашликка йўл қўймоқда. Биз билмаган нарсани бошқалар қаердан ҳам биларди, деб ўйласа керак-да?..

  20. Jamoatchilik bilan aloqalar o’rnatish natijasida tashkilotni jamoatchilikka targ’ib qilish kabi vazifa bajariladi. Axborot xizmati xodimi jamoatchilik bilan aloqalarni yo’lga qo’yish orqali ko’plab ijobiy natijalarga erishadi.

  21. Dilfuza Tillayeva:

    Jamoatchilik fikrini o’rganish har bir sohani asosidir.

  22. Davlat tashkilotlari haqida jamoatchilikda fikr asosan OAV orqali shakllanadi. Axborot xizmati tashkilot nomidan OAVbilan ishlovchi asosiy bo’g’indir. Shu jihatdan e’tibor qiladigan bo’lsak, jamoatchilikda tashkilot uchun ijobiy fikr shakllantirishda Axborot xizmatining o’rni beqiyos. Har bir Axborot xizmati xodimi ushbu vazifa yo’lida jonkuyarlik bilan harakat qilishi lozim.

  23. Жамоатчилик билан алоқаларда энг асосий мезон ҳақиқатни сўзлашдир.

  24. Jamoatchilik bilan aloqa davlat va millat o’rtasidagi bir-birini bog’lovchi muhim sohalardan biridir.Davlat bilan millat o’zaro mutanosiblikda taraqqiyotga erishadi.

  25. Сайтингиз билан янгитдан таниш бўлдим. Ҳавас қилдим. Мен ҳам шундай сайтни яратаман. Бу Низомий номидаги Тошкент давлат Педагогика универсиетида замонавий усулда дарс беришни такомиллаштиришга хизмат қилади, деган умиддаман.

Добавить комментарий для Zarnigor Отменить ответ

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>