“Ахборот хизматлари” фанидан ўқув машғулотлари (11)

11-мавзу: : Ахборот хизмати фаолиятида оқ ва қора технологиялар

***

Тўлқин ЭШБЕК

АХБОРОТ ХИЗМАТИ: назария ва амалиёт

(Ўқув қўлланма)

ТОШКЕНТ

ЎзМУ – 2015

 Филология фанлари номзоди, доцент Тўлқин Эшбековнинг “Ахборот хизмати: ишлаш усуллари ва тамойиллари” (2009 йил ва 2011 йилда қайта нашри), “Жамоатчилик билан алоқалар ва ахборот хизматлари” (2012 й.) деб номланган ўқув қўлланмалари кенг жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотган. Уларнинг қайта ишланган ва тўлдирилган нашри ҳисобланмиш мазкур ўқув қўлланмада ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантиришнинг назарий ва ҳуқуқий асослари, мақсад ҳамда вазифалари, ташкилот имижини яратиш, ижодий маҳорат, ОАВ билан ҳамкорлик масалалари атрофлича ёритилган. Қўлланмадан Журналистика факультети талабалари, тадқиқотчилар, идора ва ташкилотларнинг жамоатчилик билан алоқалар бўлимлари, Ахборот хизматлари ходимлари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари кенг фойдаланишлари мумкин.

(Эслатма: “Ахборот хизмати: назария ва амалиёт” ўқув қўлланмасидан фойдаланганда Ўзбекистон Республикасининг “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги қонунига амал қилган ҳолда манба албатта кўрсатилиши лозимлигини унутманг)

7

 Режа:

  1. Оммавий алоқаларда муносабатларнинг хилма-хиллиги.
  2. Оқ ёки қора пиар (технологиялар) тушунчаси.
  3. Оқ PRнинг ўзига хос хусусиятлари.
  4. Қора PR ва унинг салбий жиҳатлари.

Ташкилот Ахборот хизмати фаолиятида оқ ва қора технологиялар, деган тушунча мавжуд. Бу тушунча моҳиятини теранроқ англаш учун биз Ахборот хизматининг назарий асосларидан бири ҳисобланган жамоатчилик билан алоқалар (PR) фанига мурожаат қиламиз.

Соҳа мутахассисларининг қайд этишларича, жамоатчилик билан алоқалар, хусусан, одамлар билан муносабатлар ранг-баранг бўлиши мумкин. Кимдир сермулоҳазакорлик билан муносабатда бўлса, бошқаси қизиққонлик қилади. Ким ҳақдадир ижобий фикр айтилса, бошқаси ҳақида салбий гаплар қулоққа чалинади. PR нуқтаи назаридан буни соддагина қилиб: оқ ва қора пиар деймиз. Бу атамалардан уларнинг мазмун-моҳияти акс этиб турибди.

Оқ пиарда – оқкўнгиллик билан қилинадиган самимий муносабатлар ўз ифодасини топади.

Қора пиарда – ичиқоралик, кўнгли қоралик билан қилинадиган саъй-ҳаракатлар акс этиб тургандек… (Баъзилар шунақа гаплар айтаётганида ҳатто кимдир “бўяб гапиришга уста экан” деб писанда қилишини эшитгансиз).

Ахборот тарқатилишида маълум мавзулар тегишли рангга “бўяб” талқин этилади. Буни назариётчилар: оқ ёки қора пиар деб атайдилар. Ахборот моҳиятига кўра PRда бошқа ранглар ҳам учрайди.

Эътибор қилсангиз, деярли барча муносабатлар моҳиятида оқкўнгиллик ёки ичиқоралик нафаси сезилиб туради. Аксарият эзгу ниятли кишилар яхши мақсадлар билан ишга киришса, қайсидир кимсалар хатти-ҳаракатида ёмон, хатарли, ўз манфаатлари йўлида ғаразли ниятларини ҳам сезиш мушкул эмас.

Энди, жамоатчилик билан алоқалар (PR) бу – ахборотларни бошқаришга хизмат қилади. Ахборот қурилиши ва тарқатилиш механизмининг бир хил методларини қабул қилиш ва таъсир қилиш жараёнлари муҳим аҳамият касб этади. Ахборот етказиш каналлари ва аудиторияга таъсири жуда жиддий масаладир.

Энди ана шу оқ ва қора пиар ўртасидаги тафовутларни аниқлаштирамиз.

Оқ пиарнинг мақсади бу – ҳақиқий, чин ахборотни ташкил қилиш ва уни яхши мақсадларга тўғри, оқ усуллар ёрдамида етказишдир. Оқ пиарларни ҳам тушуниш осон эмас. Айтайлик, Ахборот хизматлари ўз ташкилотлари ҳақида асосан оқ пиар яратишга ҳаракат қилади. Ташкилотлар фаолияти ҳақида доим ижобий фикр айтишнинг эса ўзига яраша масъулияти борлигини тўғри тушунмоқ керак. Мухтасар қилиб айтганда, оқ пиар воситасида асосан ҳаққоний воқеликлар кўтаринки руҳда ёритилади. Бундай ахборот замирида ёлғон, юзаки гапларга ўрин қолмайди. Оқ пиар замирида ҳамиша ҳақиқат акс этади.

Оқ пиарнинг тўғри пиардан озми-кўпми фарқи бўлади. Тўғри пиарда бутун воқеликлар тўғриликча, ортиқча шарҳларсиз, бирор рангга бўямасдан баён этилади. Афсуски, бундай ахборотлар одамларда унчалик қизиқиш уйғотмайди. Одамларни қизиқтириш учун ахборотга “ранг” керак бўлади. Баъзи ижодкорлар буни “бадиий маҳорат билан тасвирлаш”, “сўз санъати маҳсули” сифатида талқин қиладилар. PR фанида эса уни тегишли рангларга “бўяш” деб таърифланади.

Қора пиардан асосан совуқ хабарлар, нохуш ахборотларни ҳосил қилиш ва ёмон мақсадларда ишлатишда фойдаланилади. Аксарият қора пиарлар замирида ёлғон-яшиқ, салбий маънодаги тўқималар, уйдирмалар ётади. Асли ичиқоралик билан тўқилган гап ҳеч қачон яхшиликка хизмат қилмайди.

Матбуотда қора пиар деб аталувчи тушунчани баъзилар “кир сиёсий технологиялар” деб талқин қилади. Уларнинг фикрича, қора пиарларнинг фаол қўлланиш даври – сайловлар жараёнида яққолроқ акс этади. Афсуски, қора пиарлар демократик асосда ўтадиган сайловлар жараёнида кўпроқ қўлланилади. Яъни, сайловолди ташвиқоти даврида баъзи сиёсий партиялар ҳамда номзодлар ўзаро курашларда бир-бирларини усталик билан ёмонотлиқ қилишга киришиб кетадилар.

Кўп ҳолларда устамонлар қора пиарни маданиятли шаклда, безаб-бежаб амалга оширишга ҳаракат қилади. Афсуски, бундай PRнинг қоралигини ёки қоралик даражасини англаб олиш анча мушкул…

Шу ерда рангли пиарни бизга яхши таниш бўлган рангли тарғиботга қиёслаб, ойдинлик киритайлик. Оқ пиар деб оддий тарғиботга айтилади. У кўпинча маълум бўлган жисмоний ва ҳуқуқий шахслар томонидан ОАВ орқали амалга оширилади. Шунинг учун оқ пиарларни биз ҳаётга қонуний йўл билан ижобий мақсадларда ва воситаларда қўлланилишини тушунамиз.

Қора пиар кўпроқ маблағлар орқали амалга оширилади ва бу тўловлар қонуний манбалардан қопланиши мумкин. Масалан, сайловолди ташвиқоти даврида сиёсий партиялар кураши учун анча-мунча пул сарфланади. Қора ниятда баъзи кимсалар қанча хатти-ҳаракат қилишса, қора пиарни амалга ошириш учун ҳам шундай йўл тутиши мумкин. Бу йўлда керак бўлса, кимларнидир сотиб олади, ёмон ишларга ёллайди… Минг афсуски, бунақа мўмай даромадни қўлга киритиш учун шай турганлар ҳамиша топилади… Бу қора мақсадларда амалга оширилгани учун ҳам ушбу усул қора пиар деб номланган бўлса ажабмас.

Нияти бузуқ, ёмон мақсад ҳаракат қилаётганлар интернетда ё бошқа оммавий ахборот воситаларида кўпинча “ниқоб” билан пайдо бўлади. Бунақа “ниқоб”ни тахаллус дея хаспўшлаш ноўрин. Негаки, тахаллус эгасини ҳамма билиши керак. Айтайлик, Жулқунбой асли Абдулла Қодирий эканлигини ўз даврида замондошлари яхши билганлар. Мутахассислар фикрича, қора тарғибот исми-шарифи номаълум шахс томонидан ёхуд руҳий таъсир йўли билан олиб борилади…

Қора пиарнинг турлари кўп, ҳар бири маълум маънога эга.

Биринчидан, қора пиарни ўзига хос “мажбурий тарғибот”, деб ҳисоблаш мумкин. Бунда кимдир бошқаларни шу ишга даъват этади, ўртага пул ё бошқа бойликни тикади, хуллас, мажбур қилади. Унча-мунча ақлирасо инсон ўзича қора пиар билан шуғулланмайди.

Иккинчидан, қора ниятда буюртма бериш усуллари ҳам ўзига хос қора пиар бўлиб қолади. Айрим нуфузли ташкилотлар, масъул шахслар, таниқли кишиларнинг обрўсини тўкиш учун атай махсус буюртма бериб қора пиар қиладиган кимсалар ҳам кам эмас. (Минг афсуски, бунақа қора ахборотларга тез ишониб қоладиган соддадил кишилар ҳам кўп. Масалан, “домла порахўр” ё фалон “санъаткор маънавий бузуқ”, пимадончи “мутасадди таъмагир” деса дарров ишонадилар. Исботинг борми, деб сўраб ҳам ўтиришмайди. Шунақа кир гапларга мойил баъзи кимсалар ҳатто “бу исбот талаб этилмайдиган гап” дея писанда қилишни хуш кўради, шунақа ҳолатлардан ҳузур қилади…)

Учинчидан, нашрга масъул шахс (раҳбар, муҳаррир) томонидан тавсия қилинмаган, лекин чоп этилган мақола ёки сурат ҳам қора пиар материали бўлиши мумкин. Бу таҳририятларда кам учрайдиган ҳодиса, бироқ, онда-сонда бўлса-да газеталарда шундай материаллар чиқиб кетади. (Масалан, бир оммабоп газетада ёритилаётган фоҳишалар ҳақидаги мақолага дзайнерлар интернетдан бир аёлнинг суратини олиб жойлаштирган. У ҳаётда яхши аёл бўлиб чиққан ва фарзандлари газетани судга берган…)

Тўртинчидан, сиёсий рақиблар бир-бирларининг обрўсини тўкиш учун қиладиган хатти-ҳаракатлари – қора пиарнинг кенг тарқалган туридир. (Буни кенгроқ маънода: ўзларини “мухолифатчи” деб атаб таниқли сиёсий арбоблар шаънига бўлмағур гаплар ёзиши мисолида ҳам кўриш мумкин. Ваҳоланки, “мухолифатчи” бўлишнинг ҳам ўз тартиб-қоидалари бор…)

Мутахассислар қора пиарнинг ОАВга нисбатан синонимини – “Жинса” деб атайдилар. “Жинса”ни ОАВда ишлатилган қора пиарнинг битта тури деб таърифлаш ҳам мумкин. Журналистикада анча илгари пайдо бўлган “Жинса” маъноси – радио, телевидениеда эфир вақтлари ва газета саҳифалари сотилиши билан изоҳланади1. Бу масалада мутахассислардан бири Евгений Пашенцев ўз фикрини қуйидаги сўзлари билан ойдинлаштиришга ҳаракат қилади: “Сайловчи юрагини забт этиш қийин ва қиммат, уни алдаш осонроқ”2. Кўриниб турибдики, барча нотоза пиарларни – қора пиар дейиш ўринлидир. Шуни айтиш жоизки, қора қилмишлари учун жазо олмаслик оқибатида биргина жамиятда эмас, балки ягона ахборот маконига айланган бутун жаҳонда қора PR авж олиб кетмоқда…

Мухтасар қилиб айтганда, қора PR ҳеч қачон яхшиликка, тараққиётга хизмат қилмайди. Уни “рақобатчи” деб ҳам бўлмайди. Чунки, рақобат аввало соғлом, ўзаро ҳурматга асосланган муносабатлар заминида пайдо бўлади.

Баъзи мутахассислар PRларни – cариқ, яшил ва бошқа ранглар билан ҳам атайдилар. Масалан, баъзилар хусусий газеталарни “сариқ PR” деб аташади. PRни шу тариқа турли рангларга ажратиш мумкин.

Ташкилот ва журналистларнинг жамоатчилик билан муносабатлари, фикр алмашишлар жараёнида назарий асосларга ва одоб-ахлоқ меъёрлари PR талабларига мос равишда амалга ошиши ушбу амалиётнинг дунё миқёсида кенг тарқалишига, жумладан, Ўзбекистонда ҳам равнақ топишига ёрдам беради.

Сайловлар жараёнини ОАВда ёритиш технологияларини илмий жиҳатдан таҳлил қилиш ва ўзлаштириш Ўзбекистон шароитида алоҳида эътиборга молик ҳодиса. Бунда ОАВ ва сиёсий партиялар вакиллари оқ ва қора PR тўғрисида ҳам тасаввурга эга бўлиши мақсадга мувофиқдир3.

Кундалик барча ташкилотларнинг жамоатчилик билан алоқалари асосан оммавий ахборот воситалари орқали амалга ошади. Шу нуқтаи назардан олиб қаралганда PR ва журналистика узвий боғлиқ экан, мазкур фан назариясини, жумладан, оқ ва қора пиар сирларини чуқур ўрганиш жамият ривожига ижобий таъсир кўрсатади.

 

Назорат саволлари

  1. Нима учун пиар турли рангларда талқин қилинади?
  2. Оқкўнгиллик ёки ичиқораликнинг пиарга нима алоқаси бор?
  3. Оқ ёки қора пиар деганда нимани тушунасиз?
  4. Оқ PRнинг мақсади нималардан иборат?
  5. Қора PRнинг мақсади нималардан иборат?
  6. “Жинса” деганда нимани тушунасиз?
  7. Жамият тараққиётига қандай пиарлар (оммавий муносабатлар) хизмат қилиши мумкин?

3

1 Мўминов Ф.А. Паблик рилейшнз: история и теория. Т.: Ижод дунёси, 2003. Стр–97-98.

2 Пашенцев Е.Н. Паблик рилейшнз: от бизнеса до политики. 136-б.

3 Қаранг: Шукуров Б. Оқ ва қора ранглар. (Мўминов Ф. б-н суҳбат) //Ўзбекистон овози, 2004. 4 ноябрь.

You may also like...

35 Responses

  1. Ushbu manba orqali oq va qora PR haqida ko’plab ma’lumotlarga ega bo’ldim. Lekin matnning uchinchi rejasidagi «xususiyat» so’zida «t» harfi tushib qolibdi.

  2. Oltinoy Madaminova:

    Bu mavzuga shaxsan men juda ham yaxahi tushinib yetim. Sizning maruzalaringiz va kiritayotgan maqolalaringiz biz uchun bilim bulog’i

  3. Qanday yaxshi bugun darsda olgan bilimlarimizni saytimizda har doimgidek boyityapmiz muhokama qilyapmiz va albatta erkin fikr bildiryapmiz. ustoz PR fanini va undagi rangli PR larni hech kim sizchalik oddiy va oson uslubda tushuntirib bermagan edi.

  4. Xurshiq QODIRIY:

    Bugun PR haqida bir dunyo ma’lumot oldim. Yana bir yaxshi tomoni shundaki, PR bilan bog’liq biror narsa esimdan chiqsa, ushbu saytdagi ma’lumotga nazar tashlayman.

  5. Ҳаётда кўпчилик одамлар ҳамма нарсани фақат икки рангда кўради ва шунга кўра мулоҳаза қилади. Менимча, оқ ва қора ранг ичида яшагандан кўра хилма хилликка амал қилиш фойдалироқ. Ҳар бир масаланинг ўзига яраша оқ ва қора жиҳати бор. Ана шу қарама қаршиликнинг уйғунлашган нуқтасини топа олган журналист ҳар жиҳатдан моҳир деб атаса бўлади…

  6. Дарс давомида олган билимларимиз амалиёт остонасида турган биз ёш кадрлар учун жуда катта мактаб бўлди.

  7. Madina Akbarova:

    «Intriga,sensatsiya» yarataman deb o’z materiallari orqasidan shov-shuv qozonmoqchi bo’lish va buning natijasida kimgadir qora piar qilish jurnalist shaxsi va faoliyatining eng tuban pog’onasi deb hisoblayman.

  8. Maftuna Aslanova:

    Baxtishod bizga PR fani o’tilgan va unda PRning mashhur, ko’ p qo’llaniladigan 12 xil rangdagi turi borligi aytilgan. Faqat oq va qora rangdan iborat emas.

  9. Oq PR ham, qora PR ham o’z o’rinda foydali. Savol tug’ilishi muqarrar: qora PRni nimasi yaxshi? Qora PR deyilganda faqat kimdirga bo’hton toshini otish tushunilmasligi kerak. Ba’zan ayrim tashkilotlar o’z mavqeini oshirish, o’ziga jamoatchilikni jalb qilish uchun ham o’ziga-o’zi qora PR uyushtiradi. Bu yerda uning boshqaga hech bir zarari tegayotgani yo’q, boshqaga zarari tegmaydigan tarzda faoliyat yuritish esa musulmonchilikka xos. Hamma narsada ijobiy tomonni topish mumkin, hatto qora PRda ham…

    • Мен курсдошим Наргизанинг фикрига қўшиламан. Ўзганинг номини булғаш ниятидаги ҳаракатлар — қора пиарнинг бир қисми холос. Умуман олганда, ўзбек шоу-бизнесида ҳам ўзини машҳур қилиш мақсадида қора пиардан фойдаланганлар бор. Битта «шоир» бир вақтлар тилга тушиш учун ўзини ўлдига чиқарганди. Ҳамма шу ҳақда ёзганди, шу ҳақда гапирганди. У ўз мақсадига эришган ҳам. Аммо барибир бу тўғри йўл эмас. Геростатни йўлини танлаш тўғри, деб билмайман.

  10. Malakali jurnalist oq PR dan ham kerak bo`lganda qora PRdan ham ustalik bilan foydalansa bo`ladi.

  11. Dars davomidagi olgan bilimlarimizni maruzani o’qib chiqish orqali mukammal egalladik. Oq ba qora PR ning nima ekanligi, uning qanday maqsadlarda ishatiloshi haqida ma’lumot oldik…..

  12. Чарос НИЗОМИДДИНОВА:

    Қаранг, рангба ранг ПР технологиялари жамият қонуниятларига таъсир кўрсатса! Шуни айтадилар-да, табиат ва жамият доим бир бутун деб! ПРнинг рангланиши ҳам шунга монанд!

  13. Juda qiziq va o’ziga e’tibor jalb qiladigan mavzu. PR hozirgi davrga kelib bahor singari gullab turfa xil ranglarda jilolanib ketganidan bunchalik yaxshi xabardor bo’lmagandim. Axborot xizmatlari fani va mana shu mavzu orqali ma’lumotga ega bo’ldim.

  14. Нима учун пиар турли рангларда талқин қилинади? Оқкўнгиллик ёки ичиқораликнинг пиарга нима алоқаси бор? Оқ ёки қора пиар деганда нимани тушунасиз? Оқ PRнинг мақсади нималардан иборат? Қора PRнинг мақсади нималардан иборат? “Жинса” деганда нимани тушунасиз? Жамият тараққиётига қандай пиарлар (оммавий муносабатлар) хизмат қилиши мумкин? Биз фанни ўтар эканмиз, дарс давомида мана шу саволларнинг барчасига бирин-кетинликда жавоб олдик. Ҳозирда ўзимиз мана шу саволларга жавоб бериш асносида илмий ишлар қиляпмиз. Менимча бу кичиккина ҳодиса эмас. устозга ташаккур!

  15. Sevara Uktamovna:

    PR sohasi bugungi kunda dunyoda gullab yashnayotgan sohalardan biridir.

  16. Saodat Abulqosimova:

    Qora pr orqali o’z statusino yanada yuqoriroqqa belgilab olish hozirgi kunda ko’pgina tadhkilotlar uchun trend bo’lib kelmoqda. Shuni unutmaslik kerakki, bu yo’l ba’zida ish beradi, ba’zida esa yo’q.

  17. Saodat Abulqosimova:

    Qora pr orqali o’z statusini

    yanada yuqoriroqqa belgilab olish hozirgi kunda ko’pgina tadhkilotlar uchun trend bo’lib kelmoqda. Shuni unutmaslik kerakki, bu yo’l ba’zida ish beradi, ba’zida esa yo’q.

  18. Pokiza Turdaliyeva:

    Piarning turi kabi vazifalari ham talaygina. Mazkur ma’ruza orqali biz piarning vazifalarini tahlil hm qildik.

  19. Oq va qora PR haqida kerakli ma`lumotga ega bo`lib, kelajakda amalda tatbiq etishimga ishonaman.

  20. Oq va qora PR bugungi kunda keng tarqalgan hodisadir. Nazarimda oq piarni tatbiq etishda davom etilsa, maqsadga muvofiq bo’ladi.

  21. Yuqoridagi fikrlarni o’qib, o’zim uchun kerakli bo`lgan bilimlarga ega bo`ldim.

  22. Darsdagi nazariy bilimlar amaliyot davomida kerak bo’lar ekan. Shuning uchun e’tiborli bo’lish darkor

  23. Sevinch Norqobilova:

    PR ning asosiy turlari — Oq va Qora PR azal-azaldan insonning fe’l-atvori, xulqi bilan belgilangandek. Oq PR yaxshi. Qora PR esa……

  24. Fayoz Achilov:

    Bu azaliy kurashda albatta oq PR g’alaba qozonadi

  25. PR to’g’risida oldingi kursda ham ma’lumotga ega bo’lgan edik. Bizning mazkur mavzu yuzasidan bilimlarimizni oshirgan ushbu ma’ruza uchun Donish domlaga minnatdorchilik bildiramiz.

  26. Oq PR bilan qora PR ning bir biriga qanday aloqqasi bor? Hamma narsa bir biriga bog’liq. Oq PR bo’lmaganda qora PR bo’lmasdi.

  27. Пиар ва унинг турлари ҳақида маълумот олгач, ҳаётимиз давомида уларга кўп дуч келганимизни билдим.

  28. Oq va Qora piar tushunchalari azal-azaldan mavjud bo’lgan. Faqatgina oq va qora piar deb nomlanmagan xolos. Bunda ko’zlangan mqsad ahamiyatli xolos. Kimdir qiladigan ishi ortidan yaxshi natijalar kutadi bu oq piar bo’lsa kutilgan salbiy voqealar qora piarga misol bo’ladi. Demak bunday holatlar qadim-qadimdan mavjud bo’lgan.

  29. Dilfuza Tillayeva:

    Qora PRdan foydalanuvchilar haqida ko’p eshitganmiz.Ayniqsa bu saylov jarayonlarida o’z aksini topadi.O’z nomini, imijini ko’tarish maqsadida turli xil yo’llar bilan qora PR uyushtiradi.

  30. Ушбу маъруза орқали оқ ва қора пиар ҳақида батафсил маълумотлар олдик.

  31. Zokir Shoyimov:

    Ma’ruza matnini o’qib oq va qora pr haqida yanada bilimimizni oshirdik

  32. Ustoz sizning «pr» haqidagi maruzangiz menga juda katta ta’surot qoldirgan edi

  33. Ustoz sizning «pr» haqida o’tib bergan maruzangiz menda juda katta ta’surot qoldirgan edi

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>