“Ахборот хизматлари” фанидан ўқув машғулотлари (13)

13-мавзу: : Ахборот манбалари

 ***

 Тўлқин ЭШБЕК

 АХБОРОТ ХИЗМАТИ: назария ва амалиёт

 (Ўқув қўлланма)

 ТОШКЕНТ

ЎзМУ – 2015

 Филология фанлари номзоди, доцент Тўлқин Эшбековнинг “Ахборот хизмати: ишлаш усуллари ва тамойиллари” (2009 йил ва 2011 йилда қайта нашри), “Жамоатчилик билан алоқалар ва ахборот хизматлари” (2012 й.) деб номланган ўқув қўлланмалари кенг жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотган. Уларнинг қайта ишланган ва тўлдирилган нашри ҳисобланмиш мазкур ўқув қўлланмада ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантиришнинг назарий ва ҳуқуқий асослари, мақсад ҳамда вазифалари, ташкилот имижини яратиш, ижодий маҳорат, ОАВ билан ҳамкорлик масалалари атрофлича ёритилган. Қўлланмадан Журналистика факультети талабалари, тадқиқотчилар, идора ва ташкилотларнинг жамоатчилик билан алоқалар бўлимлари, Ахборот хизматлари ходимлари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари кенг фойдаланишлари мумкин.

(Эслатма: “Ахборот хизмати: назария ва амалиёт” ўқув қўлланмасидан фойдаланганда Ўзбекистон Республикасининг “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги қонунига амал қилган ҳолда манба албатта кўрсатилиши лозимлигини унутманг)

 я5

 

13-мавзу: АХБОРОТ МАНБАЛАРИ

 Режа:

  1. Ахборот хизмати ҳар куни янги ахборот ва маълумотлар тўплаши ва ОАВга тақдим этиш режаси.
  2. Веб-сайтда ахборот манбаини яратиш усуллари.
  3. Ахборот хизмати ходимининг вазифалари.

 

Ахборот хизмати ходимлари ҳар куни ўз ташкилотидан янги ахборот ва маълумотлар олиш, тўплаш ва қайси ОАВга тақдим этиш режасини ишлаб чиқиши зарур. Бу режа албатта ташкилот раҳбари томонидан тасдиқланиши керак. Яъни, ҳар бир мутасадди ташкилот раҳбари томонидан тасдиқланган режага биноан иш юритиши, бинобарин, Ахборот хизмати томонидан талаб этилган ахборотларни бериши лозим. Такроран бўлса-да айтиш жоиз: бу борада матбуот котиби ташкилот раҳбари билан бамаслаҳат иш қилиши шарт. Ахборот олишда ҳам, ОАВга тақдим этишда ҳам ўзбошимчалик қилиш салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Ахборот хизмати мунтазам равишда ташкилот томонидан ахборот оқимини вужудга келтириши талаб этилади. Бугунги кунда бу муҳим вазифани амалга оширишда интернетдан самарали фойдаланиши мақсадга мувофиқдир.

Ҳозирги кунда интернет тизимида республикамизнинг деярли барча етакчи ташкилотлари, жумладан, сиёсий партияларнинг ҳам интернетда веб-сайтлари мавжуд. Ўша веб-сайтда ахборот манбаини яратиш учун қуйидаги маълумотларни жойлаштириш зарур:

  1. Ташкилот номи, манзили, харитаси, биноси сурати, телефон рақамлари, электрон почта ва ҳоказолар тўлиқ ва аниқ ёзилиши, бу ўринда қисқартма сўзлар имкон қадар ишлатилмаслиги ёхуд аввал тўлиқ номи ёзилгач қавс ичида қисқартма шакли берилиши мақсадга мувофиқдир;
  2. Ташкилотнинг Низоми, Дастури, турли меъёрий ҳужжатлари;
  3. Ташкилотга тегишли бўлган Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, Президент Фармонлари, ҳукумат қарорлари (шунингдек, уларга вақти-вақти билан киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар ҳозиржавоблик билан тузатиб қўйилиши шарт);
  4. Ташкилот мутасаддиларининг исми-фамилиялари, лавозимлари, иложи борича таржимаи ҳоллари, фаолиятини акс эттирувчи суратлари;
  5. Ташкилотнинг кундалик фаолиятини ёритишга қаратилган ахборотлар, янгиликлар турли тадбирлар, анжуманлар, давра суҳбатлари ҳақида суратли лавҳалар.

Бунинг учун Ахборот хизмати ходими қуйидаги вазифаларни амалга ошириши зарур:

А). Ташкилот ходимларининг кундалик фаолиятлари билан танишиб боришлари ва энг муҳим ахборотларни тўплашлари;

Б). Олинган маълумотлар, факт ва рақамлар тўғрилигини синчковлик билан текширишлари, бу борада мутасадди ва масъул ходимлар билан ҳамкорликда иш юритишлари;

В). Ташкилот фаолиятига оид қайси маълумотлар сир сақланиши зарурлигини аниқлаб олиши, ахборот хавфсизлигини таъминлашга жиддий эътибор бериши;

Г). Ахборотда номлари қайд этиладиган кишиларнинг исми-фамилияси, вазифаси тўлиқ кўрсатилиши шарт (инсон исмининг бош ҳарфинигина ёзиб қўйиш ярамайди);

Д). Ахборот матнини журналистика талабларига мос равишда; ижодий маҳорат билан мазмунли, қисқа ва лўнда ёзиши (токи, уни таҳририят ходимлари қайта ишлаб ё таҳрир қилишларига ҳожат қолдирмаслиги) шарт.

  1. Ташкилотга келган хатлар, аризалар, таклифлар ва уларнинг ижросига оид маълумотлар;
  2. Ташкилот муассислигида чиқадиган газета-журналларда, шунингдек, бошқа ОАВда ташкилот ҳақида ёритилаётган муҳим мақолалар;
  3. Ташкилотнинг ҳудудий (вилоят, шаҳар ва туман) бошқармалари ё бўлимлари ҳақида маълумотлар;
  4. Ташкилот фаолиятини ривожлантиришга қаратилган янги режалар, лойиҳалар, шунингдек, турдош соҳалар ташкилотлари билан алоқалар;
  5. Ташкилот томонидан амалга оширилган ишлар ҳақида ойлик, чорак ва йиллик ҳисоботлар.

Ахборот хизмати ходимлари ушбу вазифани ҳар куни амалга ошириб боришлари зарур. Токи, уларнинг веб-сайтларида ҳар куни янги ахборотлар ёритиб борилмаса, уни кўпчилик кузатмай қўяди. Агар Ахборот хизмати веб-сайтини зарур ахборотлар билан тўлдириб бормаса, ўзига яраша “мафкуравий бўшлиқ” пайдо бўлиши ва у ҳақида турли бўҳтонлар тўқиб чиқаришига “имкон яратиб” қўйиши мумкин. Ҳар куни турли маълумотлар, янги-янги ахборотлар билан тўлдириб борилган веб-сайтларни биринчи галда ОАВ ходимлари кузатадилар ва ўзларини қизиқтирган маълумотлар, янгиликларни олиб, ҳозиржавоблик билан ёритиб борадилар. Бундан ташқари ҳар бир Ахборот хизмати ўз ташкилоти ҳақида маълумотлар берувчи китоблар, рисолалар, буклетлар чоп қилиши ва ОАВ вакилларига, турли анжуманларда меҳмонларга, умуман, жамоатчиликка тақдим этиши мақсадга мувофиқдир. Шу ўринда, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Адабиёт жамғармаси нашриёти томонидан 2002 йилда “Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасалари. Маълумотнома” деб номланган тўпламнинг 2-нашри 3000 нусхада чоп этилганини айтиш жоиз. Унда мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган олий таълим муассасаларининг ташкил этилиши, улардаги мавжуд бакалавриатга оид таълим йўналишлари, ҳар бир йўналиш асосида магистратура мутахассисликлари, факультет ва бўлимлар ҳақида қисқача маълумот берилган. Китобни варақлаган ўқувчи эътиборини дастлаб ҳар бир олий ўқув юртининг тўлиқ номи, манзили, раҳбари, телефон ва факс рақамлари, электрон почтаси ҳақидаги батартиб маълумотлар жалб этади.

Айтиш жоизки, ахборот манбаларидан фойдаланаётган ОАВ вакилларига аввало ўша ташкилот Ахборот хизмати билан бу борада маслаҳатлашиш, фикр алмашиш лозимлигини “эслатма” шаклида (телефон орқали бўлса-да) бериб бориш мақсадга мувофиқдир. Қайсики ОАВ мазкур ахборот манбаидан фойдаланар экан, ўша манбани албатта кўрсатиши шарт.

Ахборот оқимини кучайтиришнинг самарали йўли – вилоят, шаҳар ва туман ташкилотларида ҳам ахборот хизматларини ташкил этиш ва улар орқали мунтазам маълумотлар, ахборотлар тўплашга эришишдир.

Ташкилотнинг жамоатчилик билан алоқаларини ривожлантириш учун ижтимоий фикрни муттасил ўрганиб бориш тақозо этилади. Бунинг учун Ахборот хизмати ходими ҳар бир фикрни эътибор билан тинглаб, хулоса чиқариши зарур. Яъни, одамлар нималар ҳақида ўйлаяпти, уларнинг фаолияти ҳақида қандай фикрларга эга ва ҳоказолар.

Шиддаткор давр ҳар бир муассаса, вазирлик ва ташкилотларнинг ахборот хизматлари олдига улкан вазифалар қўймоқда. Ахборот хизматлари қай даражада фаолият кўрсатаётганини уларнинг саъй-ҳаракатлари билан ОАВда ёритилаётган ранг-баранг мақолалардан билса бўлади.

Такрор бўлса-да айтиш жоизки, баъзи журналистлар ташкилотлардан ахборот олишда кимга мурожаат қилишга қийналадилар. Холисона ўйлаб қаралса, ўша пайтда ташкилот раҳбари бошқа муҳим иши билан банд бўлиши мумкин. У журналистга интервью беришга тайёр бўлмаслигини ҳам назарда тутиш жоиз. Бу пайтда уни ахборот бермаганликда айблаш ноўрин. Демак, ОАВ ходими ахборотни қаердан олиши, кимдан талаб қилиши зарурлигини билиши лозим. Яъни, улар учун Ахборот хизмати ҳамиша ишончли ахборот манбаи бўла олади. Ўз навбатида ташкилотнинг Ахборот хизмати зарур ахборотларни бериш учун масъулдир. Бунда Ахборот хизмати ҳеч иккиланмасдан, қийналмасдан ўзи яратган ахборот манбаини тақдим эта олади. Шу ўринда биз Ўзбекистон Республикаси Президенти Ахборот хизмати томонидан ташкил этилган веб-сайт фаолиятини кўриб чиқамиз. Маълумки, жаҳон интернет тармоғида ўзбек, рус ва инглиз тилларида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ахборот хизмати веб-сайти фаолият кўрсатади. Бу веб-сайтда давлатимиз раҳбарининг фармонлари, нутқлари, маърузалари, баёнотлари, жаҳон сиёсати масалалари бўйича халқаро ва минтақавий анжуманлардаги чиқишлари (жумладан, аудио ва видео турлари), ўтказган матбуот анжуманлари ҳисоботлари, китобларининг электрон нусхалари, шунингдек, хорижий мамлакатларга ташрифлари тўғрисидаги тўлиқ матнли, фото ва видео ахборотлар мунтазам бериб борилади. Ҳар бир Ахборот хизмати ўз ташкилоти веб-сайтини яратишда Ўзбекистон Республикаси Ҳукумат портали – www.gov.uz ва Ахборот таълим тармоғи – www.ZiyoNET дан андоза олиши мақсадга мувофиқдир.

Ахборот хизмати ходими ўз ташкилотида юз бераётган янгиликлардан доимо бохабар юриши ва муҳим ахборотларни ҳозиржавоблик билан тегишли веб-сайтига жойлаштириши, заруратига қараб у ҳақда телевидениеда, радио ва газеталарда хабар ёки мақолалар ёритиб бориши мақсадга мувофиқдир.

Бу борада Дмитрий Ольшанскийнинг қуйидаги сўзларини эслаш жоиз: “PR ҳеч қачон ўз ихтиёри билан ва ўзи хоҳлаганидек бирор ишни амалга оширмайди. Оммавий ахборот воситалари унинг қўли ҳисобланади. Матбуот котиби бор-йўғи босма ва электрон оммавий ахборот воситаларининг пинҳон бошқарувчисидир”2. Демак, Ахборот хизмати ходими ОАВда чиқадиган материалларни яхши таҳлил қила олиши, етакчи журналистларнинг услубини билиши ҳам лозим.

Ҳар қандай ахборотни оммага ОАВ ҳозиржавоблик билан етказиб бериши лозим. Бу жараёнда Ахборот хизмати мунтазам равишда зарур ахборот манбаларини яратиши мақсадга мувофиқдир.

Асосий гап, зарур ахборот манбаларини яратиш ҳақида. Мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган турли ташкилотларнинг ахборот хизматлари асосан ахборот манбаларини яратиш билан шуғулланмоқда.

Қайсики ОАВ ходими бирор ташкилотдан ахборот олишни истаса аввало унинг тегишли веб-сайтини кузатиши мумкин. Бугунги кунда қатор давлат, нодавлат нотижорат ташкилотлари, жамоат бирлашмалари, сиёсий партияларнинг веб-сайтини кузатсангиз тегишли маълумотлар, зарур ахборотларни топишингиз мумкин. Бу эса юртимизда давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг жамоатчилик билан алоқалари тобора ривожланиб боришга хизмат қилиши шак-шубҳасиз. Бироқ, ахборот манбаларини яратиш, пировардида, ахборот тарқатиш борасидаги бу илғор усулдан ҳали-ҳанузгача баъзи ташкилотларнинг ахборот хизматлари етарли даражада фойдаланмаётгани аёндир. Буни уларнинг веб-сайтлари деярли бўм-бўш ёки бир пайтлар номигагина бир-иккита хабар жойлаштирилган “саҳифалари” мисолида кўриш мумкин. Бу ўринда асосий гап – ахборот тарқатишда илғор усулларни ўз вақтида самарали фойдаланиш ҳақида бормоқда.

Хўш, ахборот хизматларининг ана шу фаолиятига журналистлар қандай муносабат билдиришмоқда? Газеталарнинг тахламларини кўздан кечирар эканмиз, бу мавзудаги айрим таклифлар, танқидий фикрлар эътиборимизни тортди. “Ҳуррият” газетасининг 2004 йил 25 февраль сонида ёритилган Динора Дўлтаеванинг “Матбуот котиби: мансабми ё масъулият” сарлавҳали мақоласида шундай фикрлар баён этилган: “Мутахассислар ҳисоб-китобларига кўра, Америка матбуотида чоп этиладиган материалларнинг 80 фоизи (!) пиар маҳсулоти – яъни, ахборот хизматлари тарқатган ахборотдан иборат экан. Энг катта жанжаллар чиққан пайтда ҳам биринчи бўлиб тегишли идора раҳбари ёки матбуот котиби журналистлар олдига чиқиб, расмий баёнот беради. Бизда эса матбуот котиблари керакли ахборотни ҳамма ОАВга етказиш у ёқда турсин…” Ёш журналист фикрлари кимларгадир таънали туюлар. Бироқ, унинг мақсади – юртимиздаги қатор вазирлик ва ташкилотлар ахборот хизматлари фаолиятини яхшилашга қаратилгани сезилиб турибди.

Ёш журналист Нилуфар Очилова Германияда икки ярим ой амалиёт ўтаб келгач, “Тенгдош” газетасининг 2004 йил 14 февраль сонида ёритилган бир суҳбатида шундай фикрларини баён этган: “Малакавий битирув ишимда Германия парламентида Паблик Рилейшнзнинг қўлланилишини кўриб чиқдим. Назарий билимлар билан бир қаторда амалий тажриба инсон билимини оширади. Германия федерал ерлари орасида ўз мавқеига эга бўлган Саксония парламентининг Паблик Рилейшнз бўлимида малака оширишим мени сиёсий парламентнинг омма билан қандай алоқада бўлишини кўришга ва ўрганишимга туртки бўлди”.

Ахборот хизмати мунтазам равишда ташкилоти томонидан ахборот оқимини ташкил қилиши зарур. Бунинг учун Ахборот хизмати ходими ҳам ижодкор, ҳам ташкилотчи бўлиши мақсадга мувофиқдир. Ахборот хизмати ходими яхши нотиқ ҳам бўлиши тақозо этилади. У интервью бераётганида ёхуд бошқа суҳбатларда иштирок этаётганида адабий тил нормаларига қатъий риоя этиши муҳимдир. Шевага оид сўзларни кўп ишлатиши, сўз ва ибораларни айтишда талаффузи ноаниқ бўлиши унинг обрўсига путур етказиши мумкин.

Ҳар қандай журналист ҳам исталган вазирлик ёки ташкилотдан ахборот олишда муайян қийинчиликка дуч келиши мумкин. Яъни, шу соҳага оид атамалар, иборалар, ҳужжатлар номларини ёзишда гоҳо чалкашиб кетади. Шундай пайтда Ахборот хизмати журналистларга яқиндан ёрдам беради. Бирор анжуман ҳақида ёзганда хатоликка йўл қўймаслик учун ОАВ ходими албатта Ахборот хизматига мурожаат қилиши мақсадга мувофиқдир.

Бу борада давлатимиз раҳбарининг қуйидаги сўзларини эслаш ўринли: “Нега вилоят ҳокимлари, туман ҳокимлари, вазирлар ва бошқа мутасадди раҳбарлар матбуотдан ўзини олиб қочади? Заифлиги, тили қисиқ жойи борми? Нега очиқ мулоқотга чорласангиз, дудуқланиб қолади? Ёки, очиғини айтадиган бўлсак, мазмунли жавоб бериш учун қурби, савияси, малакаси етишмайдими?– Бу масала ечимини ижобий ҳал этишда PR талабаларига мос илғор фикрлар илгари сурилган.– Президент ҳам, вазирлар ҳам, оддий фуқаро ҳам, ҳокимлар ҳам очиқ баҳсдан, очиқ мулоқотдан ўзини тортмаслиги шарт. Бизни сайлаган одамлар ҳокимият фаолиятидан хабардор бўлиши ва унга баҳо беришида матбуот воситачи ролини бажариши лозим”3.

Демак, Ахборот хизмати ташкилот томонидан берилиши зарур бўлган ахборотларни изчил равишда тўплаб, тегишли веб-сайтида манба сифатида тақдим этиб бориши мақсадга мувофиқдир.

Ахборот хизмати ходими кун бўйи шу идора мутасаддилари билан бирга ишлайди, у ташкилотнинг фаолияти билан боғлиқ қонунлар, ҳужжатлар, иш жараёни, атамалар, факт ва рақамлардан яхши хабардор бўлади. Ахборот манбаларини яратишда бирор ноаниқлик ёки хатоликка йўл қўймаслик лозим. Ахборот хизмати томонидан тақдим этилган ахборот оқими ОАВ учун ишончли манба бўлиши керак.

я1

2 Ольшанский Д.В. Политический PR. Б. 467.

3 Каримов И.А. Янгича фикрлаш ва ишлаш – давр талаби. Т.5. – Т.: Ўзбекистон, 1997. Б. 351-352.

You may also like...

35 Responses

  1. Doimgiday aniq va kerakli ma’lumotlarga ega bo’ldik

  2. Har ishda bo’lgani kabi, axborot olishda ham odob doirasi chegaralaridan chiqmaslik muhim. Buning uchun esa tartib-qoida, huquq va qonuniyatlarni yaxshi o’rganmoqlik talab etiladi. Axborot xizmatlari sharoitda ham shunday. Ushbu material buning yo’l-yo’riqlarini o’zida ifodalagan yaxshi ko’rsatma bo’libdi.

  3. Murodjon O‘rinov:

    Hozirda internetni o‘rgimchak to‘ri emas balki O‘RGIMCHAK ELIKTRA TOKI desak yaxshiroq bo‘ladi

  4. Madina Akbarova:

    Yuqoridagi standartlar va aloqalarni mustahkamlash hamda yana-da rivojlantirish uchun yetakchi davlatlar talabalari va kadrlar almashinuvi asosida o’zaro hamkorlikni yanada yuksaltirish, shu asnoda xalqaro tajribalarni o’rganish davr talabidir.

  5. Axborot xizmatlari orqali haqqoniy ma`lumotlar internet tarmog`ida ko`paysa, turli xil bo`xton-u yolg`on gaplar o`z o`zidan kamayarmidi. Barbir hamma ham asosli manbaada berilgan ma`lumotlarga ishonch bildiradi.

  6. Axborot manbalari mavzusi orqali axborot xizmati hodimining tashkilotda hujjatlar ustida ishlashi va ma’lumotlarni qanday tartibga solishi kerakligi haqida to’g’ri faktlar keltirib o’tilgan……

  7. Давлат сири, ҳарбий сир ва тижорат сиридан бўлак бошқа маълумотлар сўралганда ташкилот томонидан тақдим этилиши зарурлиги белгилаб қўйилган. Энг катта ахборот манбаси бу — ахборот хизмати ҳисобланади. Ҳеч ким ўша ташкилотда ўтириб фаолият юритаётган ходимчалик маълумот олиш имконига эга эмас. Демак, ахборот хизматининг зиммасида гарданида катта масъулият бор. Буни ҳар бир ахборот хизматининг мутахассис унутмаслиги зарур, назаримда.

  8. Журналист материал тайёрлашда керакли фактлардан фойдаланишига тўғри келади. Бундай ишончли маълумотларни олиш эса журналистдан бир қанча машаққат талаб қилади. Мана шундай вазиятларда керак бўладиган матн бўлибди.

  9. Чарос НИЗОМИДДИНОВА:

    Журналистика факультети талабалари, айниқса, фаолиятини ахборот хизмати билан боғлаган ёшлар улгу олса бўлгулик матнлар!

  10. Айтиш жоизки, ахборот манбаларидан фойдаланаётган ОАВ вакилларига аввало ўша ташкилот Ахборот хизмати билан бу борада маслаҳатлашиш, фикр алмашиш лозимлигини “эслатма” шаклида (телефон орқали бўлса-да) бериб бориш мақсадга мувофиқдир. Қайсики ОАВ мазкур ахборот манбаидан фойдаланар экан, ўша манбани албатта кўрсатиши шарт. Менимча, мана шу қоидани ҳар биримиз фақат ахборот хизмати фаолияти учун эмас, умуман, журналистик фаолиятимиз учун яхшилаб эслаб қолишимиз керак.

  11. кўпинча айнан шу нарсага амал қилмаслигимиз натижасида бир қанча зиддиятларни юзага чиқариб қўйишимиз кузатилади…

  12. Sevara Uktamovna:

    Fikringizga qo’shilaman Irodaxon. Foydalanilgan manbani ko’rsatmaslik mualliflik huquqlarini buzulishiga olib keladi.

  13. Pokiza Turdaliyeva:

    Qiziqarli ma’ruzalrning hayotiy voqealarga boyligi bu so’zlarni bir umrga xotiramizga muxlashi tabiiy. Ayniqsa, ushbu ma’ruza biz kutgandan ham a’lo bo’ldi.

  14. Saodat Abulqosimova:

    Axborot manbalarining sir tutilishi jurnalistik etikaning daminanti hisoblanadi. Agar televideniye orqali axborot manbaini bermoqchi bo’lsa, albatta uning ovozi va yuzi xiraladhtirilishi kerak. Ko’chalarda ketayotgan odamlarni ko’rsatayotganda esa ularning yuzini emas, balki orqasidan yoki yurayotgan oyoqlari, yoki ularning soyalari berilushi mumkin. Ana shunda jurnalist o’z kasbiy etikasini buzmagan bo’ladi.

  15. Darsda to’liq ma’lumotga ega bo’lish mushkul. Sababi vaqt masalasi hamisha bizni quvadi. Shunday ekan yuqorida berilgan ma’ruzaning to’liq shaklidan o’zimga kerakli barcha ma’lumotlarga ega bo’ldim.

  16. Axborot xizmatida faoliyat yurituvchi xodim olayotgan axborotiga ahamiyatli bo’lishi va uni xalqqa yetkazishda ma’suliyatli bo’lmog’i shart.

  17. Ma’ruzadan axborot xizmati xodimiga qo’yiladigan talablar va vazifalari haqidagi ma’lumotlar meni yanada qiziqtirdi

  18. Sevinch Norqobilova:

    Ushbu ma’ruza orqali internetda axborot manbalari qanday yaratilishini bilib oldim. Rahmat, Ustoz!

  19. Fayoz Achilov:

    Aytish joizki barcha tashkilotlarda axbarot xizmatlarining tashkil qilinishi jurnalistika faoliyat turining takomillashib boayotganidan dalolat beradi

  20. axborot manbasidan foydalanish uni izlab topish bizning kasb asosini tashkil etadi. ushbu maruzada biz jurnalistlar òzimiz uchun kerakli bòlgan axborotlarga ega bòldik

  21. Ma’ruzaning asosiy va muhim qismlarining alohida tezislarda ajratib berilganligi juda yaxshi. Chunki, ularni o’qish davomida ahamiyatli darajaga ega ekanligini va nazariy asosni o’rganishda yengillik bo’lib xizmat qilmoqda.

  22. Albatta axborot xizmati xodimi tarqatayotgan ma’lumotlar ishonchli bo’lishi kerak.

  23. Axborot xizmati sohasida ishlayotgan har bir xodim ma’ruzada ko’rsatilgan vazifalarni oqilona bajarsa, bu sohada hech qanday kamchilik qolmaydi.

  24. Veb sayt yaratish va uni faoliyatini boshqarish mushkul vazifalardan biri ekan. Bunga o’zim guvohi bo’ldim. O’ylaymanki uchildiz.uz sayti faoliyati bilan yana tanishtirasiz USTOZ!

  25. Maftuna Aslanova:

    Axborot xizmati xodimi yaxshi notiq bo’lishi va shevaga xos so’zlardan foydalanmasligi kerak jumlasi juda e’tiborga loyiq. Sababi, bugun intervyu olayotgan jarayonda shevaga xos so’zlar qayta qayta ishlatilishini ko’rayapmiz.

  26. Ахборот тўплаш ҳар бир ижодкорнинг энг муҳим вазифаси. Керакли ахборотнинг манбаини билиш — ишниннг 50 % ини амалга ошириш билан баробар.

  27. Jurnalist ilmiy asoslangan manbaga tayanishi lozim. Bu tayyorlanayotgan materialga nisbatan ishonchni oshiradi.

  28. Dilfuza Tillayeva:

    Axborot olishda ham axborot berishda ham jurnalist juda ehtiyotkor bo’lishi kerak.Ayniqsa raqamlar, faktlar bilan ishlaganda.

  29. Amaliyot jarayonimdan kelib chiqib aytadigan bo’lsam, har kun ish jaroyonini gazetalarni o’qish, saytlarni tekshirish va ularda Oliy Majlis Qonunchilik palatasi haqida, deputatlar haqida yoki deputatlarning maqolalari berilgan bo’lsa yig’ishdan boshlardik. Biror bir matbuot koferensiyasi oldidan barcha qo’mitalardan kerakli ma’lumotlarni olib, OAVga berardik. Shuni alohida ta’kidlash lozimki, axborot manbasini to’g’ri topish va ma’lumot olish jurnalistning ish samadorligi va materiali samarasiga xizmat qiladi.

  30. Biz yuqorida ham aytib o’tdikki, axborot xizmatining vazifasi ommaviy axborot vositasini kerakli ma’lumot bilan ta’minlash. Kerak va aniq ma’lumot bilan. ommaviy axborot vositasi ham materialida manbani to’liq keltirishi lozim.

  31. Ахборот хизмати ходими фаолият юритаётган ташкилотида юз бераётган янгиликлардан доимо хабардор бўлиб, ахборотларни ҳозиржавоблик билан тегишли веб-сайтига жойлаштирса, мақсадга мувофиқ бўлади.

  32. Zokir Shoyimov:

    Ташкилотнинг жамоатчилик билан алоқаларини ривожлантириш учун ижтимоий фикрни муттасил ўрганиб бориш тақозо этилади, bu jumlani har bir Axborot xizmati xodimi teran anglashi maqsadga muvofiq bo’lardi

  33. Mana shunday qimmatli malumotlarni bizlar bilan ulashiyotganingiz uchun rahmat ustoz.

  34. Jurnalist axborot olishda ham tarqatishida ham ehtiyotkor bo’lmog’i axborot manbalarini takror tekshirishi maqsadga muvofiq. Bu axborotlarning aniqligini ta’minlaydi.

Добавить комментарий для Iroda Muratova Отменить ответ

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>