“Ахборот хизматлари” фанидан ўқув машғулотлари (14)

14-мавзу: Пресс-релиз тайёрлаш маҳорати

***

 Тўлқин ЭШБЕК

 АХБОРОТ ХИЗМАТИ: назария ва амалиёт

 (Ўқув қўлланма)

 ТОШКЕНТ

ЎзМУ – 2015

 Филология фанлари номзоди, доцент Тўлқин Эшбековнинг “Ахборот хизмати: ишлаш усуллари ва тамойиллари” (2009 йил ва 2011 йилда қайта нашри), “Жамоатчилик билан алоқалар ва ахборот хизматлари” (2012 й.) деб номланган ўқув қўлланмалари кенг жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотган. Уларнинг қайта ишланган ва тўлдирилган нашри ҳисобланмиш мазкур ўқув қўлланмада ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантиришнинг назарий ва ҳуқуқий асослари, мақсад ҳамда вазифалари, ташкилот имижини яратиш, ижодий маҳорат, ОАВ билан ҳамкорлик масалалари атрофлича ёритилган. Қўлланмадан Журналистика факультети талабалари, тадқиқотчилар, идора ва ташкилотларнинг жамоатчилик билан алоқалар бўлимлари, Ахборот хизматлари ходимлари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари кенг фойдаланишлари мумкин.

(Эслатма: “Ахборот хизмати: назария ва амалиёт” ўқув қўлланмасидан фойдаланганда Ўзбекистон Республикасининг “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги қонунига амал қилган ҳолда манба албатта кўрсатилиши лозимлигини унутманг)

 Чарос

14-мавзу: ПРЕСС-РЕЛИЗ ТАЙЁРЛАШ МАҲОРАТИ

Режа:

  1. Пресс-релиз – Ахборот хизмати хабарномаси.
  2. Пресс-релиз – ишончли ахборот манбаи сифатида.
  3. Пресс-релизга қўйиладиган талаблар.
  4. Пресс-релиз тайёрлашда Ахборот хизмати ходимининг ижодий маҳорати.

 

Ахборот хизмати ходимининг ижодий маҳорати ОАВга тарқатаётган пресс-релизида яққол намоён бўлади. Ташкилот томонидан ўтказилаётган катта анжуманга келган журналистларга Ахборот хизмати ходими пресс-релиз тақдим этиши зарур. Улар шу жойнинг ўзидаёқ бу ихчам, аниқ ва лўнда ахборот матни билан танишади. Қўшимча маълумотлар зарур бўлса, Ахборот хизмати ходимидан сўрайди.

Лисонимизга янги кириб келган “пресс-релиз” атамасининг луғавий маъносини баъзи мутахассислар дастлаб: “матбуот хабарномаси” деб сўзма-сўз таржима қилган эдилар. Мантиқан олиб қаралганда, она тилимизда “матбуот хабарномаси” деган ибора ғализ, моҳияти ноаниқ. Уни “Ахборот хизмати хабарномаси” деб аташ тўғрироқ бўлади. Яъни, ташкилотнинг Ахборот хизмати томонидан тарқатиладиган хабарнома!

У қисқа, лўнда, мақсади аниқ, тили равон, ортиқча “тушунтириш”лардан йироқ, фактларга бой бўлган муҳим хабар матнидир (2-илова). Моҳиятан уни ахборот манбаи, дейиш мумкин. Пресс-релизни тайёрлаш учун Ахборот хизмати ходими нималарга эътибор бериши керак?

  1. Қоғоз тепасига катта-катта ҳарфлар билан пресс-релиз деб ёзилгач, ташкилотнинг тўлиқ номи, манзили, телефон рақами, электрон почтаси, охирида эса тайёрланган санаси кўрсатилиши зарур.
  2. Пресс-релизда аввало ташкилот ҳақида қисқача маълумот бериш, сўнг ўша анжуманга оид факт ва рақамлар, анжуман ўтказилишидан мақсад ҳамда унинг моҳияти ёритилиши лозим.
  3. Пресс-релизни ўқиган киши бу материал нима ҳақида, анжуман қачон ва қаерда бўлади, унинг жамоатчилик учун қандай аҳамияти борлиги аниқ акс этиши керак. Бир ёки икки бет ҳажмда (А-4 форматда бир интервалда) тадбир ўтказишдан мақсад, асосий мавзу тўла акс эттирилиши тақозо этилади1.
  4. Пресс-релизда жой номлари тўлиқ ва бехато ёзилиши шарт. Масалан, ЕХҲТ-ДИИҲБ деган қисқартма сўзни газетада шундоқ ёритса, ҳамма бирдек тушунмайди. Аввало, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича Бюроси, деб ёзиш, сўнг қавс ичида (кейинги ўринда – ЕХҲТ-ДИИҲБ) деб кўрсатиш мақсадга мувофиқдир. Айтайлик, “МСК” деган ёзувга илгари дуч келмаган киши унинг – Марказий сайлов комиссияси эканини билмайди. Айрим номлар қисқартма ҳолида қўпол сўзларга айланадиган бўлса, яхшиси уни тўлиқ ҳолида ёзган маъқул. Шу ўринда, инглиз олими Сэм Блэкнинг фикрича, қисқартма номларни ҳам тўғри ёзиш керак. Айтайлик, БМТни Б.М.Т. ёки АҚШни А.Қ.Ш. тарзида ёзиш нотўғридир2.
  5. Пресс-релизда кишиларнинг исми шарифларини тўлиқ ва тўғри ёзиш шарт. (Айтайлик, Ж.К. Тахтаев эмас, балки Жўрақул Комилович Тўхтаев қабилида ёзиш зарур). Ўшанда уни телевидение ёки радиода ўқиб эшиттиришда ҳам ноқулайлик туғилмайди.
  6. Жой номларини тўғри ёзиш муҳим. (Масалан, Фарғонани – Фергана, Тошкентни – Ташкент ё Тошкан қабилида ёзилиши мумкин эмас. Шунингдек, Москвани – Масков, Россияни – Русия деб ёзиш мантиққа зид). Бошқа мамлакатлар ҳақида сўз кетганда уларнинг номини ҳам асл ҳолича ёзиш зарур. (Масалан, Индия эмас – Ҳиндистон, Египет эмас – Миср Араб Республикаси, Эмиратмас – Бирлашган Араб Амирликлари, Киргизиямас – Қирғизистон ва ҳоказо).
  7. Рақамларни тушуниб ёзиш, хатоликка йўл қўймаслик, керак бўлса, бу борада мутахассислардан маслаҳат сўрашдан тортинмаслик даркор. Баъзилар рақамлар моҳиятини тушунмасдан шундоқ ёзадилар: “Мазкур ўқув даргоҳида 1000 минг нафар ўқувчи таълим олмоқда”. Бу ерда ўқувчилар сони – миллионта деб кўрсатилмоқда. Бундай пайт энг мақбули рақамдан сўнгги сўзни қавс ичида “1000 (минг) нафар” қабилида ёзиш мақсадга мувофиқдир.
  8. Соҳага оид атамаларни қўллашда тегишли мутахассислар билан маслаҳатлашиш зарур. Баъзан шундай жумла ёзишади: “дискетда ёзишни машқ қилмоқдалар…” Асли компьютерда ёзиш мумкин. Ундаги ёзув дискетга ва ундан бошқа компьютерга кўчирилиши мумкин.
  9. Пресс-релизда имловий хатоликка йўл қўйиш мумкин эмас. Тилимиз шу қадар бой ва сержилоки, ундаги сўзлардан атиги битта ҳарфи хато ёзилса, маъноси бутунлай ўзгариб кетиши ҳеч гапмас. Айтайлик, “кузга яқин” билан “кўзга яқин” ибораларининг маънолари бутунлай бошқа…

10 Пресс-релизни мутасаддилар билан маслаҳатлашган ҳолда тайёрлаши ва ташкилот раҳбарига кўрсатиб олиши лозим.

Пресс-релизни талаб даражасида тайёрлай олмаган ходимлар Ахборот хизматида ишлашга нолойиқ деб ҳисобланади. ОАВга тарқатиладиган пресс-релиз таҳрирталаб бўлиши нафақат Ахборот хизмати ходими, балки ташкилотнинг ҳам обрўсига путур етказади.

Соҳа мутахассисларидан бири профессор Файзулла Мўминов бу мавзуда қуйидаги маълумотларни тақдим этган:

Ўтказилаётган тадбирларнинг пресс-релизи рисоладагидек бўлиши учун биринчи галда нималарга аҳамият бериш зарур? Пресс-релизни тайёрлаш тахминан 15 та талабдан иборат:

  1. Предмет, воқеа, ҳаракат (шахс, партия, дастур…) ҳақидаги маълумот матннинг биринчи жумласида бўлиши шарт;
  2. Биринчи жумлада воқеанинг қисқача мазмуни бўлиши керак;
  3. Пресс-релизнинг мазмуни еттита асосий саволга жавоб бериши зарур:

а). Тадбир предмети (воқеа…).

б). Ташкилот (унинг номи).

в). Ташкилот қаерда жойлашган (унинг манзили).

г). Ютуқлар нималардан иборат (тадбир нега ўтказилмоқда).

д). Илова (қўшимча равишда яна нимадан фойдаланиш мумкин).

е). Деталлар (рақамлар, миқдорлар, ўлчовлар, ранглар…).

ж). Предмет манбаси (манзилнинг тўлиқ номи, телефон, боғланиш мумкин бўлган шахс, электрон манзил ва ҳ.к.).

  1. Пресс-релиз асосан электрон шаклда тарқатилади, бу усул осон, қулай, тезкор ва кенг қамровли.
  2. Пресс-релиз ташкилот номи акс эттирилган варақа (бланк)да тайёрлангани маъқулроқ.
  3. Пресс-релиз ёрқин, жонли сарлавҳа зарур.
  4. Пресс-релиз қоғознинг бир томонида 1,5 интервалда босилади.
  5. Абзацлар қисқа, 5-6 қатордан бўлиши керак.
  6. Пресс-релиз ҳажми – 200-220 сўздан иборат бўлиши мақсадга мувофиқдир.
  7. Зарур бўлганда пресс-релиз икки вариантда тайёрланади:

– умумий ва ихтисослашган пресс-релизлар.

  1. ОАВ қўшимча материаллар сўраши мумкин бунга тайёр бўлиб туриш керак.
  2. Агар расмлар ва бошқа шунга ўхшаш илова (чизмалар, диаграмма)лар бўлса, бу ҳақда пресс-релизда айтиш зарур ва сўралганда юбориш мумкин.
  3. Одатда пресс-релиз имзоланади, яъни, кимнинг номидан юборилаётгани кўрсатилади.
  4. Матн оддий матн шаклида юборилиши мақсадга мувофиқдир.
  5. Мавзунинг номи рус ва инглиз тилларида такрорланиши мақсадга мувофиқдир.

Ахборот хизмати ходими таҳририятларга юборилган пресс-релизлар рўйхатини қайд этиб қўйиши даркор.

Агар пресс-релиз ахборот хизмати ходими томонидан рисоладагидек ёзилган бўлса, журналист ҳеч бир ўзгартиришсиз уни хабар ҳолида чоп эттириши ёки мазкур воқеа ҳақида каттароқ мақола ёзаётганда биринчи хатбошида тўлиқ келтириши мумкин (Фақат, у қайси ташкилот Ахборот хизмати томонидан тақдим этилганини кўрсатиши шарт).

Пресс-релизнинг муҳимлиги абзацдан-абзацга камайиб боргани маъқул, чунки журналистлар уларни пастдан қирқиб қўяверади.

Пресс-релизларни юбориш усуллари уларни тарқатишдан мақсад қандай эканлигига боғлиқ. Агар шунчаки ташкилотдаги янгилик ҳақида кимларгадир маълумот узатиш бўлса, унда матбуот релизлари почта орқали юборилади. Агар пресс-релиз эълон қилиниши зарур бўлса, унинг матни хатга илова қилиниб, махсус одам билан таҳририят (бошқа бир муассаса, идорага) юборилади.

Агар пресс-релиз адресатни бирор-бир тадбирга чақириш билан боғлиқ бўлса, унда иккита вариант бор:

  1. Пресс-релизнинг биринчи, қисқартирилган матни бир ҳафта олдин тадбир дастурига илова шаклида таклиф этилган идора ёки шахсга юборилади, тадбир куни эса унинг яна бир нусхаси ёки иккинчи кенгайтирилган варианти тарқатма материалларга қўшиб берилади.
  2. Пресс-релиз тадбир куни дастур ва тарқатма материаллар билан биргаликда ОАВ ва меҳмонларга топширилади. Бундай пресс-релизлар бир ҳафта-ўн кун олдин тарқатилади, тадбирга бир-икки кун қолганда телефонда яна эслатилади.

Агар битта идорадан икки ёки ундан кўпроқ одам чақирилса, уларни рўйхат қилмасдан ҳар бирига алоҳида таклифнома ва пресс-релиз юбориш маъқулроқ. Худди шундай агар журналистдан ташқари мазкур ОАВнинг бош муҳаррири чақирилса, унга алоҳида, журналистга алоҳида таклифнома ва пресс-релиз юбормоқ зарур: таклифнома тадбирни эслатади, пресс-релиз эса ишлашга имконият яратади.

Пресс-релизда имловий, пунктуацион ва стилистик хатолар бўлмаслиги зарур. Агар шундай хатоларга йўл қўйилса, бу ташкилотнинг обрўйига путур етказади.

 Назорат саволлари

  1. Ахборот хизмати ходими ўз ташкилоти мутасаддиларидан ҳар куни янги ахборот ва маълумотларни нима учун олади?
  2. Ахборот хизмати ходимидан ташкилотдан ахборот олишда ва ОАВга тақдим этишда нималар талаб этилади?
  3. Ташкилот томонидан ахборот оқими қандай вужудга келтирилади?
  4. Веб-сайтда ахборот манбаини яратиш учун қанақа маълумотларни жойлаштириш талаб этилади?
  5. Ташкилот фаолиятига оид қайси маълумотлар сир сақланиши мумкин?
  6. Ахборот матнини ёзишда нималарга эътибор бериш зарур?
  7. Ташкилотга келган хатлар, аризалар, таклифлар нима қилинади?
  8. Ахборот хизмати ходимлари идора веб-сайтига қанча вақтда янги ахборот жойлаштириши зарур?
  9. Ташкилот веб-сайтини биринчи галда кимлар кузатади?
  10. Ташкилот ҳақида жамоатчилик кўпроқ маълумотларга эга бўлиши учун Ахборот хизмати яна қандай вазифаларни бажариши зарур?

Хувайдо

1 Қаранг: Салливан М. Масъул матбуот хизмати. Regional Program Offise. Vienna. RPO. –Т.: 2002. Б. 43.

2 Қаранг: Блэк С. Введение в паблик рилейшнз. Ростов-на-Дону, 1998. Б. 83-85.

You may also like...

44 Responses

  1. Yorqinoy Nabiyeva:

    Ushbu qo’llanma tashkilotlarning matbuot xizmatida ishlayotgan ko’pchilik hamkasblarimiz uchun juda zarur ekanligini aytib o’tish kerak. Chunki tadbirlarga tayyorlanadigan press-relizlar ushbu qoidalarning ba’zilariga xatto yaqin ham kelmaydi. Lekin yana bir tomoni — mana bu qoidaga «yopishib» olgan «jurnalist»lar ham borki, ularga qarab turib, balki ushbu bandni olib tashlash kerakmikin, degan o’y paydo bo’ladi kishida:
    «Агар пресс-релиз ахборот хизмати ходими томонидан рисоладагидек ёзилган бўлса, журналист ҳеч бир ўзгартиришсиз уни хабар ҳолида чоп эттириши ёки мазкур воқеа ҳақида каттароқ мақола ёзаётганда биринчи хатбошида тўлиқ келтириши мумкин (Фақат, у қайси ташкилот Ахборот хизмати томонидан тақдим этилганини кўрсатиши шарт).» Siz nima deysiz, Ustoz?

  2. Afsuski, press-reliz ayrim jurnalistlar uchun shpargalka vazifasini bajaradi.Tadbirlardan press-relizni olib ertaroq ketib qolish holatlari ham uchraydi.

  3. Albatta Gulyora aytganlaridek press-relizdan ayrim jurnalistlar «shpargalka» sifatida foydalanishi holati ko’p kuzatilmoqda . Ayrim «chaqqon» jurnalistlar tadbirga hatto qatnashmasdan tayyor press-relizni olib maqola yozish holatlari ham yo’q emas. . .

  4. Madina Akbarova:

    Ayrim jurnalistlarning undan tayyor material sifatida foydalanishi ushbu kasb egasining xususiyatiga umuman mos kelmaydigan ijodiy va jismoniy ishyoqmaslikdan dalolatdir.

  5. Маъмур Пармонов:

    Вақт шундай тез ўтиб кетаяптики режадаги ишларга ҳам улгурмай қоласан киши. Кечагина ЎзМУ Журналистика факультети талабаси эдим бугун эса ҳақиқий журналистиканинг маълум бир аъзосиман. талабалик олтин давр эканлигини энди тушуниб етаркансан. парталарни соғинаркан киши.
    Устоз Ахборот хавфсизлиги дарсини пухта ўрганиб Ахборот хизматида ишлаяпман. Бир сўз билан айтаманки сизга чин дилдан рахмат айтаман. Сабаби таълим берганингизга, сиз туфайли манашу (Келинг очиғини айтиб қўя қолай) курсида ўтиришимга ҳам сиз сабабчи, тўғрироғи берган таълимингиз сабабчи. Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати ҳодими бўлиш насиб қилган экан. Илм олиб ўрганиб ҳақиқий синовга энди келдик ва бу ерда синалмоқдамиз. Агар одам чин дилдан касбини севса у албатта мақсадига эришади. Ҳаёт синовларга бой ва бу ҳаётда ақлан, маънан ва жисмонан бойларгини фақат ва фақат олға интилиб яшайдилар.

  6. Ushbu qo`llanmaning chop etilishi bugungi kunda ayrim tashkilotning matbuot xodimlari uchun dasturilamal bo`lsa ajab emas. Mazkur qo`llanmani ommalashtirish maqsadga muvofiq. shuningdek, fikrimcha, qo`llanma asosida seminar-treninglar ham o`tkazilsa yaxshi bo`lardi, ustoz. Sababi, o`zim ish faoliyatimda ko`pgina tashkilotlar, hatto ayrim vazirlikning matbuot xodimlari tomonidan tayyorlangan press-relizlarni o`qib, tadbir haqida to`liq ma`lumot olomaganman. Quruq oldi-qochdi gaplar yozilgandi, xolos. Aslida esa, press-reliz nafaqat OAV xodimlari uchun muhim xabarnoma, balki o`sha tashkilotning mavqeini belgilab beruvchi hujjathamdir.

  7. Press reliz tayyorlash bizning sohamizda juda kerakli narsalardan biri. Ammo ba’zi bir jurnalistlar undan o’z maqolasiga manba sifatida foydalanishi ham hech kimga sir emas. Undam biror maqsadda foydalanishdan oldin uni tayyorlashni bilish muhim nazarimda.

  8. Bu mavzuda yondaftarga yozib olish kerak bo`lgan ma`lumotlar ko`p ekan.Press- reliz tayyorlash haqida ma`lumotlarga ega bo`ldik. Endi pres-relizdan OAV xodimlari qanday foydalanishi kerakligi haqida ham ma`lumotlar bersangiz.

  9. Pres-reliz tayyorlash jarayonida jurnalistlar unga alohida e’tibor bilan qarashi va xatolarga yo’l qo’ymasligi shart.

  10. Mavzular ketma-ket biz uchun kerakli bo’lgan jihatlarni ochib bermoqda. Bu mavzu orqali esa press-reliz tayyorlashda nimalarga alohida e’tibor berish kerakligi to’g’risida yetarlicha ma’lumot oldik……

  11. O’ylaymanki, ushbu ma’ruzani tinglagan, uqqan talaba albatta ertaga faoliyatda qolibdagi, xatolikdagi press-reliz tayyorlashdan qochadi. Ustoz sizni eng asosiy yutugingiz ham shunda boladi.

  12. Ҳақиқий журналист пресс-релизга қараб ўтирмайди. Балки борган жойидан ундан ҳам кўпроқ маълумотга тўплашга муваффақ бўлади. Пресс-релиз менинг назаримда журналистлар мавзу ҳақида тушунча ҳосил қилиш учундек. Бироқ баъзилар ундан «хомашё» сифатида фойдаланади. Мана шу жиҳатга ҳам эътибор бериш керак, деб ўйлайман.

  13. Пресс релиз тайёрлашнинг ҳам бир қанча талаблари бор, лекин бугунги кунда айрим тадбирларда учратадиган пресс релизлар талабга жавоб берадиган тарзда эмас. Аниқлик, ишончлилик етишмайди. Кейинги масала юқорида курсдошларим айтганидек, баъзи журналистлар пресс релизлардан тайёр материал тайёрлашади. Бу ҳам яхши эмас. Чунки журналистика ўз номи билан ижодий фаолият.

  14. Menga press-reliz haqidagi ushbu materialning vizualligi yoqdi. Chalkashlik, noaniqlik yo’q. Barchasi bir o’qishda tushunarli, aniq, mazmunli, qidirgan ma’lumot darrov ko’zga tashlanadi.

  15. Чарос НИЗОМИДДИНОВА:

    Пресс-релиз — журналист-мухбирнинг бамисли суянган тоғи. Лекин унга тамомила суянаиш, ўзини унга боғлаш ҳам зарар. Сабаби ер силкинишлари, зилзилалар тоғни ўрнидан силжитиши ҳам бор-да!

  16. Нозима, фикрингизга қўшиламан! Чиндан ҳам, бирор тадбирга борсангиз, ундаги пресс-релиз қоида бўйича талабга тўлиқ жавоб бермайди. Бу эса уни журналистика факультетида ўқимаган масъуллар томонидан тузилганидан дарак. Лекин эътибор беринг, шундай бўлсада, улар шунга масъул…журналистлар эмас…

  17. Sevara Uktamovna:

    Press-reliz ni qo’lga kiritib tadbirdan juftakni rostlab qoluvchi jurnalistlar ham talaygina. Bu mutlaqo noto’g’ridir. Sababi ba’zi hollarda tadbirlar press-reliz da yozilganidek o’tmasligi ham mumkin. Bunday vaziyatlar salbiy natijalarga sabab bo’ladi.

  18. Pokiza Turdaliyeva:

    Ushbu darsda biz press-reliz tayyorlashda ko’proq nimalarga e’tibor qaratish lozimligi haqida talaygina ma’lumotlarga va ma’lumotlama’lumotlarga ega bo’ldik.

    • Pokiza Turdaliyeva:

      Ushbu darsda biz press-reliz tayyorlashda ko’proq nimalarga e’tibor qaratish lozimligi haqida talaygina ma’lumotlarga va ko’nikmalarga ega bo’ldik. Yuqorida ketgan xatolik uchun uzr so’rayaman.

  19. Saodat Abulqosimova:

    Men yangi adabiyotlarni ko’zdan kechirganimda press-reliz o’quvchiga qiziqarli qilib yozilishi kerakligi haqida yozilgandi. Lekin hozirgi tadhkilotlarning press-relizi esa o’quvchi uchun qiyin tilda yozilmoqda. Buning ustiga ichidagi ma’lumotlarning ko’pi oldi-qochdi.

  20. Press reliz tayyorlash axborot xizmati hodimining kundalikda bajaradigan ishidir. Shunday ekan, uni mukammal bilish, hech qanday xato va kamchiliklarga yo’l qo’ymasligi muhimdir.

  21. Press reliz tayyorlash axborot xizmati xodimining ijodiy mahoratidir.

  22. Press-reliz jurnalistning quroli deb bilaman. Quroldan qanday foydalanish esa uning mahoratiga bog’liq.

  23. Sevinch Norqobilova:

    Press-reliz tayyorlash ham bir mahorat! Bu jurnalistdan ijodkorlik bilan birga bilimni ham talab etadi.

  24. Fayoz Achilov:

    Umuman dars jarayonida olgan bilimlarimga qo’shimcha ravishda maruzadan juda ko’p malumotlar oldim

  25. jurnalist uchun press reliz tayyorlash va undan foydalana olish juda muhim. Qayerga tadbirga boradigan bòlsak eng birinchi dastur va press reliz biz uchun as qotadi

  26. Teran ijod va puxta bilimni talab qiluvchi press-reliz tayyorlash texnikasini o’rganib oldim. Mustaqil ravishda uni tayyorlab ham ko’rdim. O’ylaymanki, bu ma’ruza bilan boshqa kurs talabalari ham tanishib chiqishsa foydadan xoli bo’lmaydi.

  27. Axborot xizmati xodimining mahorati u tayyorlagan press-relizi orqali namoyon bo’ladi. Ba’zi axborot xizmati xodimlari mavzuga oid kitobdan press-relizga shundayligicha ko’chirib qo’ya qolishadi.

  28. Shuni unutmaslik kerakki, press-reliz — bu maqola emas. Aksariyat jurnalistlar undagi ma’lumotlardan foydalanish o’rniga shundoqqina ko’chirib qo’yishi sir emas. Bu jurnalistik mahoratni o’tmaslashtirishi bilan bir qatorda kasbiy etikaga ham to’g’ri kelmaydi, deb hisoblayman.

  29. Bu mavzuni har bir jurnalist o’rganishi lozim. Pres-reliz tayyorlash jarayonida unga alohida e’tibor bilan qarashi va xatolarga yo’l qo’ymasligi kerak.

  30. Maftuna Aslanova:

    Press reliz tayyorlashda bugungi kunda nashr qilingan manbalardan foydalansak ular press reliz ma’lumot berish bilan birga o’quvchini qiziqtira olishi kerak deyilgan.

  31. Севара фикрингизга қўшиламан. Хозир кўп журналистлар пресс-релизни олиб, сурворишяпти. Бир марта пресс-релизсиз матбуот анжумани ўтказиш керак, шунда уларнинг ҳолини кўрардик.

  32. Material tushunarli, aniq yozilibdi. Press-reliz haqida tasavvurlarim yanada kengaydi. Ilmiy asoslangan nazariyaning mavjudligi amaliyotda ko’p qo’l keladi.

  33. Dilfuza Tillayeva:

    Press-reliz-OAVning tayanchi. Press-reliz har qanday tashkilotning birinchi PR hujjati hisoblanadi.

  34. Press-reliz tayyorlash Axborot xizmati xodimidan e’tiborlilikni, ijodkorlikni va izlanuvchanlikni talab etadi. Lekin o’ylashimcha press-reliz faqat Kim? Qachon? Qayerda? Nima bo’ldi? savollariga javob berish kerak va ma’lumotlarni ko’paytirmaslik lozim. Ming afsuski bugun ko’plab jurnalistlar o’z materiallarida press-relizni ko’chirib qo’yishmoqda. Bu nashrlarda maqolalrning bir xil bo’lib qolishiga sabab bo’lmoqda.

  35. Press-reliz tayyorlash haqidagi ko’pgina qonun-qoidalar bor. Eng to’g’ri va haqoniy press-reliz bu menimcha, ommaga, jurnalistga, axborot xodimiga aniq va to’liq axborot beruvchi ma’lumot qog’ozidir.

  36. Press-reliz tayyorlash haqidagi ko’pgina qonun-qoidalar bor. Eng to’g’ri va haqoniy press-reliz bu menimcha, ommaga, jurnalistga, axborot xodimiga aniq va to’liq axborot beruvchi ma’lumot qog’ozidir.

  37. Press-reliz tayyorlash haqidagi ko’pgina qonun-qoidalar bor. Eng to’g’ri va haqoniy press-reliz bu menimcha, ommaga, jurnalistga, axborot xodimiga aniq va to’liq axborot beruvchi ma’lumot qog’ozidir.

  38. .Пресс-релизнинг мазмуни еттита асосий саволга жавоб бериши зарур:а). Тадбир предмети (воқеа…).б). Ташкилот (унинг номи).в). Ташкилот қаерда жойлашган(унинг манзили).г). Ютуқлар нималардан иборат (тадбир нега ўтказилмоқда).д). Илова (қўшимча равишда яна нимадан фойдаланиш мумкин).е). Деталлар (рақамлар, миқдорлар, ўлчовлар, ранглар…).ж). Предмет манбаси (манзилнинг тўлиқ номи, телефон, боғланиш мумкин бўлган шахс, электрон манзил ва ҳ.к.). Бу курсатмалар ташкилотлар учун айни муддао.

  39. Zokir Shoyimov:

    Bazi press-relizlarni ko’rib jurnalist kasbiga ichi achiydi odamning. Jurnalisika fakultetining tadbirlarida ham bu kamchilikning uchrayotgani achinarli

  40. Press -reliz tayyorlash usulini har bir axborot xizmati xodimi bilishi zarur. Chunki, yuqorida Zokir Shoyimov aytganidek, jurnalist kasbiga achinib ketishi axborot xizmati xodimining press -reliz tayyorlash usullarini bilmaslik sabab bo’ladi

  41. Juda kerakli ma’lumotlar berilganakan ushbu mavzuda ko’p bilmaganimni o’zlashtirdim.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>