“АХБОРОТ ХИЗМАТЛАРИ” фанидан ўқув машғулотлари (6)

6-мавзу: Ахборот хизмати фаолиятида ошкоралик

 

Тўлқин ЭШБЕК

 АХБОРОТ ХИЗМАТИ: назария ва амалиёт

 (Ўқув қўлланма)

 ТОШКЕНТ

ЎзМУ – 2014

 

Филология фанлари номзоди, доцент Тўлқин Эшбековнинг “Ахборот хизмати: ишлаш усуллари ва тамойиллари” (2009 йил ва 2011 йилда қайта нашри), “Жамоатчилик билан алоқалар ва ахборот хизматлари” (2012 й.) деб номланган ўқув қўлланмалари кенг жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотган. Уларнинг қайта ишланган ва тўлдирилган нашри ҳисобланмиш мазкур ўқув қўлланмада ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантиришнинг назарий ва ҳуқуқий асослари, мақсад ҳамда вазифалари, ташкилот имижини яратиш, ижодий маҳорат, ОАВ билан ҳамкорлик масалалари атрофлича ёритилган. Қўлланмадан Журналистика факультети талабалари, тадқиқотчилар, идора ва ташкилотларнинг жамоатчилик билан алоқалар бўлимлари, Ахборот хизматлари ходимлари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари кенг фойдаланишлари мумкин.

 

(Эслатма: “Ахборот хизмати: назария ва амалиёт” ўқув қўлланмасидан фойдаланганда Ўзбекистон Республикасининг “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги қонунига амал қилган ҳолда манба албатта кўрсатилиши лозимлигини унутманг)

тилл11

 6-мавзу: АХБОРОТ ХИЗМАТИ ФАОЛИЯТИДА ОШКОРАЛИК

 Режа:

  1. Ошкораликнинг назарий ва ҳуқуқий асослари.
  2. Жамият тараққиётида, ижтимоий-сиёсий ҳаётида ошкораликнинг ўрни.
  3. Жамиятда ошкораликни таъминлашда Ахборот хизматининг вазифалари.

Ҳуқуқий демократик давлат сиёсатида ошкоралик ва сўз эркинлиги ғоят муҳим ўрин тутади. Улар ҳар қандай мамлакат тараққиётининг асосий омили ҳисобланади. Мустақил тараққиёт йўлидан дадил бораётган юртимизда ҳам замонавий бошқарувнинг турли жабҳаларида, шунингдек, турли ташкилот ва муассасалар раҳбарлари маънавий дунёсида ошкораликнинг ўрни беқиёсдир. Демократияга ошкораликсиз эришиб бўлмаслигини ҳаётнинг ўзи исботлаган. Демократия ҳуқуқий пойдеворига эга бўлгани каби ошкораликнинг ҳам қонуний асослари яратилиши, у давлат сиёсатида ўз ифодасини топиши зарур. Ўзбекистон давлат мустақиллигига эришганидан буён юртимиз тараққиёт босқичида демократия ва ошкоралик алоҳида ўрин эгаллаётганини эса қатор қонунлар ва ҳукумат қарорлари мисолида кўришимиз мумкин.

Аввало, ошкоралик ўзи нима, деган саволга мухтасар жавоб, яъни, бу атаманинг таърифи, мазмун-моҳияти, мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий фаолиятидаги ўрни «Ўзбекистон миллий энциклопедияси»нинг 6-жилдида шундай изоҳланган: «Ошкоралик – демократиянинг зарур шарти; жамоатчиликка муассасалар, ташкилотлар ва мансабдор шахслар фаолиятига оид барча маълумот, хабарларни билиш, муҳокама ва назорат этиш учун рўйи-рост эълон қилиш. Турли даражадаги раҳбарларнинг жамоатчилик билан эркин мулоқотлари, савол-жавоблари ва бунда оммавий ахборот воситалари имкониятларидан кенг фойдаланиш, цензурага йўл қўйилмаслик ошкораликни таъминлашга хизмат қилади»1.

Демократик жамиятда ошкоралик қонун ҳужжатларида ўз аксини топмаса, у ижтимоий воқеликка айланиши жуда мушкул. Республикамизда ошкораликнинг пойдевори аввало қатор қонунларда, Юртбошимизнинг маърузаларида қайд этилгани, ҳукумат қарорларида ўз ифодасини топгани унинг давлат сиёсатида қанчалик муҳим ўрин тутаётганини кўрсатади.

Жилғалар бирлашиб ирмоқларга айлангани, ирмоқларлар эса улкан дарёни ҳосил қилгани мисол қонун чиқарувчи ҳокимият ва давлат сиёсати ҳам дастлаб миллионлаб одамларнинг сайловларда иштирок этишидан бошланади. Ҳар бир фуқаро овоз бериш йўли билан депутатларни ҳамда давлат раҳбарини сайлаб олади. Демак, сиёсатнинг ибтидоси сайловлар экан, ошкоралик ҳам худди ўша жабҳада бошланиши тақозо этилади.

Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги қонуни 6-моддаси «Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишдаги ошкоралик», «Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида»ги қонуни 7-моддаси «Референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишда ошкоралик»2, деб номланганиданоқ бу жараёнда ошкораликка нечоғли эътибор билан қаралаётганини англаш мумкин.

Жамият тараққиётида демократик сайловлар қанчалик аҳамиятга эга эканлиги барчага яхши маълум. «Бўлиб ўтган сайловлар аввалгиларидан наинки очиқлиги ва кескин кураш олиб борилиши билан, балки, аввало, сайловчиларнинг бу жараёнлардан ҳар томонлама хабардорлиги, уларга онгли муносабати билан ҳам тубдан фарқ қилди,– деб таъкидлади Юртбошимиз Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати қўшма мажлисида.– Фуқароларимиз сайловларга мамлакатимиз ҳаётидаги энг муҳим, жамиятимизнинг барча жабҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятига, демакки, ҳар бир сайловчи тақдирига таъсир кўрсатадиган сиёсий воқеа сифатида ёндашдилар»3. Бу эса янги икки палатали парламентнинг жамоатчилик билан алоқаларини янада кенг йўлга қўйиб, бу борада ошкораликни таъминлаб боришга замин яратди.

Сайлов тизимидаги ошкоралик ўз навбатида – қонун чиқарувчи ҳокимият фаолиятида изчил давом этмоқда. Буни қатор қонунлар, ҳукумат қарорлари мисолида ҳам кўриш мумкин. Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикаси қонунларини тайёрлаш тўғрисида»ги қонуни 3-моддасида шундай ёзилган: «Қонун лойиҳаларини тайёрлаш ошкоралик, жамоатчилик фикрини ўрганиш ва ҳисобга олиш асосида, Олий Мажлис депутатларининг, партия фракцияларининг (блокларининг), давлат органлари ва жамоат бирлашмаларининг иштирокида амалга оширилади»4. Қонун лойиҳалари умумхалқ муҳокамаси асосий принциплари Ўзбекистон Республикасининг «Қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамаси тўғрисида»ги қонуни 3-моддасида қуйидагича белгиланган: «ихтиёрийлик; тенглик; ошкоралик; ҳамма учун очиқлик; эркин фикр билдириш»5.

Шуни эътироф этиш жоизки, ҳар қандай жамиятда ҳам ошкораликни таъминлаш унчалик осон кечмайди. Унга маълум даражада тўсқинлик қиладиганлар учраб туриши сир эмас. Бироқ, қандайдир тўсқинлик бор экан, деб қўл қовуштириб ўтириш ҳам ярамайди. Бургага аччиқ қилиб, кўрпага ўт қўйиш – ошкораликни таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларни чиппакка чиқариб қўйиш билан баробар. У ҳолда нима қилмоқ керак, деган саволга қонуний, илмий нуқтаи назардан жавоб топиш ягона тўғри йўлдир! Ана шундагина амалда ҳақиқий ошкораликка эришиш мумкин. Ошкоралик моҳияти – жамоатчилик фикри билан ҳисоблашган ҳолда иш юритиш демак. “Айни вақтда матбуот ва эфир орқали ҳақиқатни ёритиш, одамларга етказиш ҳар қайси журналистнинг билим ва тажрибаси, унинг профессионал маҳоратига, гражданлик позициясига боғлиқ эканини ҳам унутмаслигимиз лозим,– деб таъкидлаган эди давлатимиз раҳбари.– Журналистларимиз ўз маҳорати, билим ва истеъдоди ҳисобидан замонавий ахборот воситаларининг имкониятлари, ахборот тўплаш ва уни оммага етказишнинг усул-услублари ҳақида етарли малака ва кўникмаларга эга”6. Бинобарин, жамиятда, унинг замонавий бошқарув тизимида ошкораликни таъминлаш, жамоатчилик билан алоқаларни такомиллаштиришда журналистларнинг ана шу саъй-ҳаракатлари жамият бошқаруви тизимида ўз самарасини кўрсатиши шубҳасиз.

Жамиятда ошкораликни таъминлашга қаратилган муҳим ҳужжатлардан бири – Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонуни бўлганини алоҳида қайд этиш лозим. Қонуннинг 4-моддаси “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлигининг асосий принциплари” деб номланади. Унда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлигининг асосий принциплари қуйидагича белгиланган:

улар томонидан тақдим этиладиган ахборотдан ҳамманинг фойдаланиши мумкинлиги, унинг ўз вақтида берилиши ва ишончлилиги;

улар фаолиятининг ошкоралиги ва шаффофлиги;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш эркинлиги;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисида ахборот тақдим этишда фуқароларнинг ўз шаъни ва қадр-қимматини тажовузлардан, ўз шахсий ҳаётига аралашувлардан ҳимоя қилишга бўлган ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига, шунингдек фуқаролар ва юридик шахсларнинг ўз ишчанлик обрўсини ҳимоя қилишга бўлган ҳуқуқларига риоя этиш.

Қонуннинг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш усуллари” деб номланган 11-моддасида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш усуллари қуйидагилардан иборат қилиб белгиланган:

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборотни эълон қилиш (чоп этиш);

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборотни уларнинг расмий веб-сайтларида жойлаштириш ва янгилаб бориш;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборотни ҳамма кириши мумкин бўлган хоналарга ва жойларга жойлаштириш ҳамда янгилаб бориш;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборотни ахборот-кутубхона ва архив фондлари орқали тақдим этиш;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг очиқ ҳайъат мажлисларида ахборотдан фойдаланувчиларнинг ҳозир бўлиши учун шароитлар яратиш;

ахборотдан фойдаланувчиларнинг сўрови асосида уларга давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида оғзаки ва ёзма шаклда (шу жумладан электрон ҳужжат шаклида) ахборот тақдим этиш.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа усуллар билан ҳам амалга оширилиши мумкин.

Замонавий бошқарув ва раҳбар маънавияти ҳақида сўз борганда азиз Юртбошимизнинг ушбу фикрлари такрор-батакрор ёдга тушади: “Нафақат давлат раҳбари, авваламбор, буюк тарих, маданият ва маънавият эгаси бўлган халқимизнинг бир фарзанди сифатида, ана шу бебаҳо бойликни асраб-авайлаш, уни ҳар хил ошкора ва пинҳона ҳужумлардан ҳимоя қилиш ҳақида қайғурадиган бир инсон сифатида юқорида зикр этилган ўта мухим ва ўта нозик бу масалалар мени ҳам кўпдан буён ўйлантириб келади”7.

Хўш, замонавий бошқарувда ошкораликни таъминлаш, қонунлар ҳаётий ва амалиёт билан узвий боғлиқ бўлиши учун нима қилмоқ керак, деган навбатдаги саволга жавоб топишга тўғри келади. Бу муаммонинг ечими жамоатчилик фикрини ўрганиш билан изоҳланар экан, қонун лойиҳаларини «жойларда (вилоятларда ва ҳоказо) кенг муҳокама қилиш; парламент ўқишлари; илмий жамоатчилик ва манфаатдор вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотларнинг вакиллари иштирокида бевосита қонун чиқарувчи органда ўтказиладиган кенгашларда муҳокама қилиш; тайёргарлик комиссияларининг кенгайтирилган мажлислари; оммавий ахборот воситаларида муҳокама қилиш; лойиҳа юзасидан илмий-тадқиқот муассасаларининг тақризини олиш»8 ва ҳоказолар қонун лойиҳаларини муҳокама қилишда ошкораликни таъминлаш имконини яратади.

Ижтимоий-сиёсий ҳаётда ошкоралик – тараққиётнинг муҳим омили ҳисобланади. Бу ҳокимият тузилмалари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш билан боғлиқ муаммодир. Бундай назорат аниқ механизмларга таяниши талаб этилади. «Бу механизмнинг асосини учта муҳим тамойил – қонунийлик, танқид муҳити ва ошкоралик ташкил этади,– деб ёзади мутахассислар.– Ошкоралик жамоатчилик назоратини ўрнатиш учун муҳим иқлим яратишини алоҳида таъкидлаш зарур»9.

Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, мамлакатимизда ошкоралик – Президентимиз томонидан илгари сурилаётган изчил сиёсатнинг муҳим жиҳатларидан биридир. Зеро, «инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини, сўз ва матбуот эркинлигини, шунингдек, ошкораликни, жамиятда ўтказилаётган ислоҳотларнинг очиқлигини таъминлайдиган демократик тамойилларни сўзда ёки қоғозда эмас, амалий ҳаётда жорий қилишдир, десак, ҳар томонлама тўғри бўлади,– деб таъкидлаганди давлатимиз раҳбари.– Сизларга маълумки, жамиятда ошкоралик ва очиқликни таъминлаш масаласи жамоатчилик фикрини ўрганиш усул-услубларининг қай даражада ривожлангани билан ҳам бевосита боғлиқдир»10.

Мамлакатимиз тараққиёти йўлида амалга оширилаётган энг муҳим вазифалардан бири – фуқаролик жамиятини ривожлантириш йўлидаги саъй-ҳаракатлардир. Бу вазифани амалга оширишда аввало нодавлат ва жамоат ташкилотларининг аҳамиятини янада кучайтиришни тақозо этади. Зеро, Юртбошимиз ташаббуси билан илгари сурилган «Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари» тамойилини ҳаётга жорий этишда ҳам ошкоралик сиёсатининг ўрни беқиёс. Давлатимиз раҳбари ибораси билан айтганда, «ахборот соҳасини жадал ривожлантириш, оммавий ахборот воситалари – матбуот, радио-телевидение фаолиятини эркинлаштириш фуқаролик жамияти асосларини барпо этиш жараёнининг узвий таркибий қисмига айланиши зарур»11.

Фуқаролик жамияти сари одимлар эканмиз, бу йўлда ижтимоий-иқтисодий жараёнлар билан боғлиқ кўп масалаларни ижобий ҳал этишда жамоат, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ролини ошириш, хусусий сектор фаолиятини ривожлантириш тақозо этилади. Бунинг учун аввало жамиятимизни янада демократлаштириш, фуқаролик институтларини такомиллаштириш, халқимиз сиёсий фаоллигини юксалтиришдек муҳим вазифаларни ҳал этиш ҳаётий заруратга айланади. Республика миқёсидаги бу улкан вазифаларни ижобий ҳал этишда эса биринчи галда ошкораликни таъминлаш талаб этилади.

Ошкоралик асосан матбуот эркинлиги билан чамбарчас боғлиқ экан, мамлакатимизда бу борада ҳам қонун устуворлиги кўзга яққол ташланади. Яъни, Ўзбекистон Республикасининг «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонуни (янги таҳрири) 5-моддаси «Оммавий ахборот воситалари эркинлиги» деб номланган бўлиб, унинг иккинчи банди қуйидагича: «Ҳар ким, агар қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, оммавий ахборот воситаларида чиқиш, ўз фикри ва эътиқодини ошкора баён этиш ҳуқуқига эгадир»12.

Қонун ижроси билан кучли. Бироқ, ўша ижрони ким таъминлаши керак, деган ҳақли савол туғилади. Айтиш мумкинки, ҳар бир соҳада фаолият кўрсатаётган мутасаддиларгина тегишли қонунларда белгиланган вазифаларни бажаришлари тақозо этилади. Юқорида зикр этилган матбуот эркинлигини таъминлаш асосан журналистлар, ОАВ ходимлари зиммасига тушишини изоҳлашга ҳожат йўқ. «Ҳақиқий демократик матбуот кўрсатма асосида яшай олмайди ва яшаши ҳам мумкин эмас,– деган эди давлатимиз раҳбари.– Эркин матбуот реал вазият шароитида фаолият кўрсатиши, ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ҳаётнинг долзарб муаммоларини дадил кўтариб чиқиши, одамларни безовта қилаётган барча масалаларни жамоатчилик муҳокамасига ҳавола этиши, ҳокимият ва бошқарув тузилмаларининг қабул қилаётган қарорлари ва фаолиятига танқидий, шу билан бирга, холис баҳо бериб бориши керак»13. Бу ўз навбатида жамиятда замонавий бошқарувни янада такомиллаштиришга хизмат қилиши шубҳасиз.

Юртимизда фуқаролик жамиятини ривожлантиришда ошкораликнинг ўрни ғоят муҳим. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 22-сентябрдаги «Давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг жамоатчилик билан алоқаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 203-қарори моҳиятан ана шу муҳим муаммоларни ҳал этишга қаратилгандир. «Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари фаолиятининг ошкоралигини таъминлаш, кенг жамоатчилик ва аҳолининг Ўзбекистонда амалга оширилаётган сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотларнинг бориши тўғрисида мунтазам хабардор қилиш, мамлакатни демократик янгилаш ва модернизациялашнинг, ошкора фуқоролик жамияти қуришнинг муҳим йўналиши ҳисобланади,– дейилади қарорда.– Шу билан бирга, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ушбу босқичдаги ишлари ахборотлар алмашишнинг замонавий талаблари ва стандартларига ҳали тўлиқ жавоб бермайди, зарур даражадаги фаоллик мавжуд эмас, етарли ташаббускорлик кўрсатилмаяпти»14. Демак, ҳар бир ташкилотнинг жамоатчилик билан алоқаларини ривожлантириш давр талабига айланди. Қарорда вазирликлар, қўмиталар, агентликлар, ҳокимликлар ва бошқа органлар таркибида Ахборот хизматлари* ташкил этилиши белгилангани улар фаолиятида ошкоралик сиёсатини амалга оширишда муҳим қадамдир. Айни пайтда юртимизда фаолият кўрсатаётган сиёсий партиялар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва бошқа идораларда ҳам шундай тузилмалар ана шу муҳим вазифани амалга оширишга хизмат қилмоқдалар.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, мамлакатимизда ошкоралик қонуний асосларда қанчалик ўз аксини топса, у жамиятни замонавий бошқаришни янада такомиллаштиришга ва раҳбар маънавиятини юксалтиришга хизмат қилаверади.

 

Назорат учун саволлар:

  1. Ошкоралик деганда нимани тушунасиз?
  2. Жамиятда ошкораликни таъминлашда Ахборот хизмати ўрнини изоҳлаб беринг.
  3. Ошкоралик асосан қайси қонун ҳужжатларида акс этган?
  4. Икки палатали парламент фаолиятида жамоатчилик билан алоқалар қандай ўрин тутади?
  5. Ижтимоий-сиёсий ҳаётда ошкоралик қандай вазифани бажаради?
  6. Ўзбекистон Президенти асарларида жамиятда ошкоралик ва очиқликни таъминлаш масаласига қандай таъриф берилган?
  7. Ошкораликнинг ОАВга қандай алоқаси бор?
  8. Қонунлар ижросини таъминлашга кимлар масъул?
  9. Ўзбекистон Президенти эркин матбуот фаолияти ҳақида қандай илғор фикрларни илгари сурган?
  10. Жамиятда ошкораликни таъминлашда Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг жамоатчилик билан алоқаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 203-қарори қандай ўрин тутади?

 

________________________________________________________________________

1 Ўзбекистон миллий энциклопедияси. –Т.: 2003. – 6-жилд, 613-б.

2 Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги қонуни. –Т.: Ўзбекистон, 2004. 6-б.; Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида»ги қонуни. –Т.: Ўзбекистон, 2001. 5-б.

3 Каримов И.А. Бизнинг бош мақсадимиз – жамиятни демократлаштириш ва янгилаш, мамлакатни модернизация ва ислоҳ этишдир. –Т.: Ўзбекистон, 2005. –. 33-б.

4 Қаранг: Саидов А.Х., Кўчимов Ш.Н. Қонунчилик техникаси асослари. –Т.: Адолат. 2001. 130-б.

5 Қаранг: ўша тўплам, 2001. 157-б.

6 Каримов И.А. Энг асосий мезон – ҳаёт ҳақиқатини акс эттириш. –Т.: Ўзбекистон, 2009. –. 10-12-б.

7 Каримов И.А. Юксак маънавият – енгилмас куч. –Т.: Маънавият. 2008. 16-б.

8 Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг қонун чиқарувчи ҳокимияти: сохта вакилликдан ҳақиқий парламентаризмга қадар. –Т.: Ўзбекистон, 2001. 205-б.

9 Қаранг: Ўзбекистон жамиятни демократлаштириш ва янгилаш, мамлакатни модернизация ва ислоҳ қилиш йўлида. –Т.: Академия. 2005. – 115-120-бетлар.

10 Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг иккинчи чақириқ Олий Мажлиснинг тўққизинчи сессиясидаги (2002 йил 29-30 август) маърузасида баён этилган асосий вазифалар ва қоидаларни кенг ёритиш бўйича ташкилий-маърифий тадбирлар дастури. –Т.: Ўзбекистон, 2002. 21-24 бетлар.

11 Қаранг: ўша манба, 21-б.

12 Ўзбекистон Республикасининг «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонуни (янги таҳрири). //Ўзбекистон матбуоти, 2007. №1. 20-б.

13 Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг иккинчи чақириқ Олий Мажлиснинг тўққизинчи сессиясидаги (2002 йил 29-30 август) маърузасида баён этилган асосий вазифалар ва қоидаларни кенг ёритиш бўйича ташкилий-маърифий тадбирлар дастури. –Т.: Ўзбекистон, 2002. 22 б.

14 Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 203-қарори. «Давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг жамоатчилик билан алоқаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида». //www.Gov.uz. O`zbekiston Respublikasi Davlat Hokimiyati Portali. 2006 yil 22-sentyabr.

* Изоҳ: бу – «Ахборот хизмати» ёки «Матбуот хизмати» деб аталишидан қатъи назар функцияси битта эканлигини унутмаслик лозим.

You may also like...

92 Responses

  1. oshkoralik bu, nafaqat shaxsning balki, katta-katta tashkilotlarning qilayotgan ishlarini yashirin tarzda bajarmasligi yoki qaysidir voqea-hodisani berkitmasligi va u haqida fikr-mulohazalarini ociq-oydin aytishini yushunar edim. bu ma’ruzadan shuni tushundimki oshkoralik bundan ham kattaroq ma’suliyatni talab qilar ekan.

  2. AXBOROT XIZMATLARI, OAVLAR BILAN HAMKORLIK QILISHI LOZIM!

  3. Oshkoralik jamiyat hayoti uchun alohida mavzuga aylandi desak adashmaymiz. Sababi shu yo’l bilan haqiqatning tagiga yetishimiz mumkin

  4. Bugun darsimizda oshkoralik haqida ko’p narsalarni o’rgandik. Eng muhimi bu borada dadillik va aniq fikrlilik muhim ekan, degan fikriga keldim.

  5. Eng qizig’i, mavzuni talablar turar joyida ham Davom ettirdik. Bu borada talabalar o’z fikrlarini bildirdilar.

  6. Nodira SAYDULLAYEVA:

    Jamoatchilik bilan aloqalarni rivojlantirish bu davr talabi. Shunday ekan, oshkoralik zamirida har qaysi korxona, tashkilot va albatta xalqning manfaati vujudga keladi. Oshkoralikni ta’minlashda esa OAV xodimlari faol xarakat qilishlari lozim. Buning uchun albatta shu mavzudagi qonunlarni o’rganmog’miz, metodalogik asosini bilmog’imiz, nazariyani esa yodda saqlamog’imiz kerak.

  7. Bu fandan ko’p narsa o’rganyapmiz. .

  8. Oshkoralik axborot qiymatini yanada oshiradi deb o’ylayman. Yolg’on xabar tarqatilishidan hozirgi kunda hech kim manfaatdor emas, ayniqsa biz yoshlar…

  9. oshkoralikni ta’minlashda hukumat qarorlari muhim o’rin tutadi, albatta.

  10. Адолат ҒАФУРОВА:

    Ошкоролик бугунги куннинг талабидир. Лекин ошкоралик -ошкоралик деяверган билан ошкораликка эришиб бўлмайди. Ошкораликни таъминлаш учун аввало ошкоралик нима, унинг туб моҳиятида нима борлини англаб олиш зарур. Бундан ташқари ошкораликни таъминлаш мақсадида мамлакатимизда бир қанча қонун ҳужжатлари қабул қилинмоқда, уларни ўқиб ўрганиш керак. Бунда бизга юқоридаги маъруза катта ёрдам беради. Маърузада жамиятда ошкораликни таъминлашга қаратилган муҳим ҳужжатлардан бири – Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонуни эканлиги таъкидланган. Демак биз биринчи ўринда ушбу қонун билан танишиб, уни ўрганиб чиқишимиз зарур.

  11. Barno Turopova:

    Yuqoridagi fikrlarda jon bor. Jurnalist faoliyatida oshkoralik qonun hujjatlariga tayangan holda amalga oshirilishi lozim. Menimcha, oshkoralik, haqiqatni aytish yoki biron bir voqea-hodisa to’g’risida aniq fakt, kamida 3ta asosga asoslanib informatsiyani auditoriyaga uzatish, xalqning jurnalistlarga bo’lgan ishonchni mustahkamlaydi.

  12. Ушбу мақолани ўқиб ушбу мавзудаги билимларим янада кенгайди. Хусусан «Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида»ги ва бошқа қонунлар билан танишиб чиқдим.

  13. Oshkoralik ikki o’rtadagi ishonchning shakllanishiga xizmat qiladi. Davlat va uning va uning idoralaridagi oshkoralik fuqarolar ishonchi oshiradi

  14. мамлакатимизда ошкоралик қонуний асосларда қанчалик ўз аксини топса, у жамиятни замонавий бошқаришни янада такомиллаштиришга ва юксалтиришга хизмат қилаверади.

  15. Chindan ham toki jamiyatda toliq owkoralikk a eriwilmas ekan rivojlaniw wuncha susayaveradi. Agar qaysiki rivojlangan davlatga nazar tawlasak bu davlatlarning eng avvalo OAV erkinligi va owkoraligiga eriwganligini ko’ramiz. Owkoralik xalqqa o’z huquqlaridan foydalana oliw imkoniyatini beradi. Bizning vazzifamiz esa insonlarni anawu imkoniyatdan to’liq foydalaniwlariga ko’mallawiwdam iborat.

  16. Oshkoralik yaxshi lekin.Hamma narsaning yaxshi va yomon tomoni bo’lganidek oshkoralik ham ayrim o’rinlarda o’zini oqlamaydi

  17. Axborot xizmati faoliyatida oshkoralikning mavjudligi tenglikni bildiradi. Oshkoralik sabab jurnalistlar o’z ko’zlagan maqsadlariga yetadilar. Tashkilotning jamiyat hayoti uchun oshkor qiladigan ishlari bor. Shu bilan bir qatorda yashirinlik bilan ham faoliyat yuritishi mumkin. Oshkoralik birinchi o’rinda jurnalistning o’zi uchun kerak. Undan keyin faoliyat yuritayotgan tashkiloti yoki vazirligi uchun kerak.

  18. Prezidentimiz tomonidan ilgari surilgan «Mamlakatimizda demokratik islohotlarni yanada chuqurlashtirish va fuqarolik jamiyatini rivojlantirish konsepsiyasi» axborot sohasini isloh qilish, so‘z va axborot erkinligini ta’minlashda muhim ahamiyat kasb etayotgani ta’kidlandi. Konsepsiya asosida qabul qilingan O‘zbekiston Respublikasining “Davlat hokimiyati va boshqaruvi organlari faoliyatining ochiqligi to‘g‘risida”gi qonuni bu boradagi ishlar samaradorligini yanada oshirishga xizmat qilmoqda.

    • Мавзуга мана шундай илмий ёндашиб, теран таҳлил қилишларингизни истайман. Бундай изланишлар келгусида илмий тадқиқотларга уланиб кетишига умид қиламан.

  19. Қонун ижроси билан кучли. Бироқ, ўша ижрони ким таъминлаши керак, деган ҳақли савол туғилади. Айтиш мумкинки, ҳар бир соҳада фаолият кўрсатаётган мутасаддиларгина тегишли қонунларда белгиланган вазифаларни бажаришлари тақозо этилади. Юқорида зикр этилган матбуот эркинлигини таъминлаш асосан журналистлар, ОАВ ходимлари зиммасига тушишини изоҳлашга ҳожат йўқ. «Ҳақиқий демократик матбуот кўрсатма асосида яшай олмайди ва яшаши ҳам мумкин эмас,– деган эди давлатимиз раҳбари.

  20. «Ошкоралик – демократиянинг зарур шарти; жамоатчиликка муассасалар, ташкилотлар ва мансабдор шахслар фаолиятига оид барча маълумот, хабарларни билиш, муҳокама ва назорат этиш учун рўйи-рост эълон қилиш. Турли даражадаги раҳбарларнинг жамоатчилик билан эркин мулоқотлари, савол-жавоблари ва бунда оммавий ахборот воситалари имкониятларидан кенг фойдаланиш, цензурага йўл қўйилмаслик ошкораликни таъминлашга хизмат қилади»… Shubhasiz, oshkoralik axborot xizmatlari faoliyatida muhim o’rin tutadi. Aniq faktlarga asoslangan axborotlarni tarqatish tashkilot haqida jamoatchilikda ijobiy fikr uygótadi.

  21. Ommaviy axborot vositalarida oshkoralikni ta’minlash bugungi kunning dolzarb masalalaridan biri sanaladi. Axborot xizmatlarida oshkoralikning vavjud bo’lishi tashkilot faoliyatiga ijobiy ta’sir ko’rsatadi. Jamoatchilik bilan ishlash jarayonida ularga aniq, faktga boy axborotni taqdim etish zarur. Shundagina tashkilotga nisbatan jamoatchilikda ijobiy fikr uygónishiga erishish mumkin.

  22. Prezidentimizning «Mamlakatimizda demokratik islohotlarni yanada chuqurlashtirish va fuqarolik jamiyatini rivojlantirish konsepsiyasi»ning uchinchi bandi, «Axborot sohasini isloh qilish, axborot va so‘z erkinligini ta’minlash» deb nomlanib, unda davlatimiz rahbari , asosiy e`tiborni bir qator qonunlar hujjatlari qabul qilishni ta`kidlab o`tadilar: «Shu boisdan quyidagi chora-tadbirlarni amalga oshirish o‘ta dolzarb ahamiyat kasb etmoqda:
    Birinchi. «Davlat hokimiyati va boshqaruvi organlari faoliyatining ochiqligi to‘g‘risida» Qonun qabul qilish zarur. Bu o‘z navbatida fuqarolarning axborot sohasidagi konstitutsiyaviy huquqini yanada kengroq amalga oshirish imkoniyatini yaratib berish bilan birga, davlat hokimiyati va boshqaruvi organlarining qabul qilinayotgan qarorlar sifatini oshirish borasidagi mas’uliyatini ham ko‘p jihatdan kuchaytirgan bo‘lur edi» Yurtimizda oshkoralikni ta`minlash chora-tadbirlari avvalo qonuniy jihatdan mustahkamlanib bormoqda…

  23. oshkoralik va demokratiya har bir xalq, davlat uchun suv va havoday zarur. Lekin har narsaning ham chegarasi bor. Men, albatta, ensklapediyadagi bu tushunchaning ta’rifiga qo`shilaman. Lekin oshkoralik deb har narsani oshkor aytaversak, oqibattada xalq sarosimada qolishi yoki har xil be’maniliklarga qiziqib ketishlari mumkin-ku! Shuningdek, bizning demakratiya shunday bo`lsinki, Fransiyadagi holatlar takrorlanmasin. Bu ikki tushunchani rad etmagan holda, bizning o`zligimizga xos va mos demokratiya va oshkoralikni yarataylik demoqchimasman yoki dedimmi?!

  24. DURBEK:

    Oshkoralik biz uchun muhim. uning to’g’ri ko’rinishi albatta

  25. Oshkoralik demokratiyaning zarur sharti hisoblanadi. Uning asl ma’nosi jamoatchilikka muassasalar, tashkilotlar va mansabdor shaxslar faoliyatiga oid barcha maʼlumot, xabarlarni bilish, muhokama va nazorat etish uchun roʻy-rost eʼlon qilish. Turli darajadagi rahbarlarning jamoatchilik bilan erkin muloqotlari, savol-javoblari va bunda ommaviy axborot vositalari imkoniyatlaridan keng foydalanish, senzuraga yoʻl qoʻymaslik oshkoralikni taʼminlashga yordam beradi. Bu jumla OAV xodimlariga ham tegishli ekanligi sezilib turibdi. oshkoralik jurnalistlar uchun ko’p narsani belgilab beradi.

  26. Nazarimda oshkoralik bor joyda yuksalish, taraqqiyot va rivojlanish bo’ladi. Haqiqiy axborot xizmatchisi bu prinsplarga javob bera olishi kerak.

  27. . yurtboshimiz takidlaganidek «kim demokratiyani ko’rmoqchi bo’lsa O’zbekistonga kelsin» bu fikir yurtimizda demokratiyaning qay darajada ekanligini yaqol ko’rsatib turibdi. «Ошкоралик – демократиянинг зарур шарти» shunday ekan har bir tashkilot va davlat va jamoat organi va albatta barcha OAVlar oshkoralikka qatiy amal qilishi zarur.

  28. Ma`mur PARMONOV:

    Ошкоралик. жумладан бугунги кундаги барча ташкилотларнинг фаолияти билан якиндан таниша олишимизга замин яратди. буни амалда кузатишимиз хам бевосита иштирок этишимиз хам мумкин.

  29. Sekin fuqarolik jamiyati qurishning muhim shartlaridan biri bu oshkoralik Bugungi kunda qonunga xilof bo’lmaganida har qanday axborotni olishingiz va tarqatishingiz uchun sharoitlar yaratilgan tashkilotlar faoliyati ochiqligi va axborot olish erkinligi haqida ko’plab qonunlar qabul qilinganligi fikrimizning isboti bo’la oladi

  30. Erkin fuqarolik jamiyati demoqchi edim uzr ustoz

  31. Kamola Fayzullayeva:

    Ma’ruza matnini internetga joylashingiz ham oshkoralikning bir turi, deb o’ylayman.

  32. Камолат ШАМС:

    шу ўринда бир гап бор
    олдига келганини емоқ ҳайвоннинг иши
    оғзига келганини демоқ шайтоннинг иши
    бугун дунё жамиятида демократия, ошкоралик каби тушунчаларни моҳиятини чуқур англамасдан уни ўз манфаатларига мослаб талқин қилаётганлар ҳам кўпайиб бормоқда. ва улар ҳамма воқеликни ўз қаричлари билан ўлчаб, бошқаларнинг эътиқодларига, миллий қадриятларига путар етказаётганларини ўйламайди ўйлашни ҳам хоҳламайди. эркинлик бошқаларнинг эркинлигига тўқнашганда тугаши керак.

    давлат бошқарув органларининг ошкоралигига келсак, ҳар тамонлама очиқ қонуний фаолият олиб бориш кўпатомоннинг манфаатларини бирлаштиради.

  33. Davronbek Xoshimov:

    Демократик жамиятда ошкоралик қонун ҳужжатларида ўз аксини топмаса, у ижтимоий воқеликка айланиши жуда мушкул. Республикамизда ошкораликнинг пойдевори аввало қатор қонунларда, Юртбошимизнинг маърузаларида қайд этилгани, ҳукумат қарорларида ўз ифодасини топгани унинг давлат сиёсатида қанчалик муҳим ўрин тутаётганини кўрсатади.

  34. Nodira SAYDULLAYEVA:

    Durbekning gaplariga qo’shilaman. Huquqiy tomondan kafolatlanmagan hatti-xarakat asosaiz hisoblanadi. Axborot olishga bo’lgan ehtiyojni qondirish uchun es mustaxkam himoya zarur. Mamlakatimizda oshkoralik, axborot erkinligiga qaratilgan qonun va qarorlar erkin axborot olish imkonini berdi.

  35. Barnoxon Umarova:

    Oshkoralik biz qurayotgan huquqiy demokratik davlatning asosiy mezonlaridan biridir. Shunday ekan biz ham ana shu mezonga amal qilmog’imiz zaruriy va muhim shartlardan biridir.

  36. Nargis Erkinova:

    Bizning yurtimizda barcha sohalarda keng imkoniyatlar eshigi ochiq! Shu qatori oshkoralikka ham bizda hech qanday to’siq yo’q!

  37. Yuqorida ta’kidlab o’tilganidek, axborot xizmati faoliyatoda oshkoralik, haqchillik eng mumum sanaladi.
    Davlat hokimiyati organlari faoliyatinig ochiqligini ta’minlash axborot xizmati xodimlarining vazifasidir

  38. Kamola Olmosova:

    oshoralikni ta’minlash un avallo mutaxassis qonun hujjatlari bn tanish bo’lishi shart. shunda u o’z haq huquqini himoya qila oladi.

  39. Davlat hokimiyati organlari faoliyatining ochiqligini ta`minlash axborot xizmati xodimlarining vazifasi hisoblanadi.shuning uchun ular hayotdan bir qadam oldinda va faollikni qo`ldan bermasliklari lozim

  40. Gavharshodbegim:

    Kamolat Shams juda o`rinli maqol qo`labsiz. Axborot xizmati faoliyatida oshkoralik, haqqoniylik juda muhim.

  41. Rahimova Xurshidabonu:

    To’g’ri mamalakatimizda oshkoralik, demokratiyaga juda keng yo’l ochilgan. buni hayotizdagi har bir sohada kuzatishimiz mumkin. lekin shu oshkoralikdan boshqa yo’llarda foydalanayotkan kimsalar ham oramizda topilyapti. eng achinarlisi bundaylar soni 100 tadan bitta emasligida. menimcha O’zbekistonda oshkoralikka asoslangan demokratik davlat quraman degan OAV hodimi, nafaqat OAV hodimi balki har bir yurt farzandi bu sohani chuqur o’rganishi va albatta osha illatlarni tarqatayotganlarga qarshi kurashmog’i zarur. Ustozim aytkandilar <>.

  42. kamolot shams keltirib o’tgan maqol juda o’rnida qo’llangan, men ham shu fikrga qo’shilgan holda bizda hamma sharoitlarga keng yo’l ochilgan faqat u imkoniyatlardan foydalana oladigan tirishqoqlar kerak dangasalar emas neki istasang o’zingda jamdir…to’g’rida.

  43. Sattorova Malika:

    jamoatchilik bn alaqolarni rivojlantirish bu davr talabi deb oylayman

  44. Hamma narsa oshkora e’lon qilinsa yoki hammaga ma’lum bo’lsa axborot ga bo’lgan talab umuman yo’qoladi

  45. Камолиддин Ҳамдамов:

    Очиқлик самимийликни таъминлайди. самимийлик бор жойда эса ишлар ривожланади.

  46. Komola Yusupova:

    Axborot xizmati xalq uchun xizmat qilmog’i kerak, xalq esa owkoralikni yoqtiradi. Ammo xalqqa hamma ma’lumotlarni ham ochiq oydin yetkazavermaslikning zamirida ularni yomonliklardan asraw yotibdi menimcha. Wu sabab bizdagi axborot xizmatlari faoliyati har jihatdan aql bilan iw ko’riwlari aniq.

  47. Va eng muhimi, har axborotni oshkora etishdan oldin, ma’lumot qay darajada xalqqa foyda yo zarar keltirishini, to’g’ri yo noto’g’ri ekanligini o’ylab ko’rmog’imiz, oqni qoradan ajratmog’imiz darkor.

  48. Тугри айтасиз Нигора. Ахборот хуружларига учрамаслик учун хам бу зарур.

  49. Зуҳриддин Қилич:

    Журналист бирор ташкилот ҳақида материал тайёрлар экан, агар ўзи шу ташкилот ишига бевосита аралашиб юрмаган бўлса, ёзгани юзаки чиқади. Ахборот хизмати ходими эса бевосита жараённинг ичида ёради. шунинг учун унга ташкилонинг оқи ҳам, қораси ҳам кўринади. Ахборот хизмати ходими оқни бўрттириб, қорани яшириб ахборот тарқатса, билинки, бу нашкилотнинг иши олға силжимайди. яни ўз ўзига танқидий ёндашиш бўлмайди.

  50. Jamiyatda oshkoralikni ta’minlashda axborot xizmatlarining o’rni beqiyosligini inkor etib bo’lmaydi.

  51. Oshkoralik ekan deb hamma narsani ham aytish va yozish to’g’ri emas. Jurnalist har bir aytayotgan so’zini tarozi pallasiga qo’yishi kerak.

    • Sherbek Boboqulov:

      To’g’ri, Rifat. Oshkoralikning o’z chegarasi bor. Bular turli me’yorlarga asoslanadi. O’z haddini bilib yozilgan narsa tuzukdir

  52. Davronbek Xoshimov:

    Ҳуқуқий демократик давлат сиёсатида ошкоралик ва сўз эркинлиги ғоят муҳим ўрин тутади. Улар ҳар қандай мамлакат тараққиётининг асосий омили ҳисобланади. Мустақил тараққиёт йўлидан дадил бораётган юртимизда ҳам замонавий бошқарувнинг турли жабҳаларида, шунингдек, турли ташкилот ва муассасалар раҳбарлари маънавий дунёсида ошкораликнинг ўрни беқиёсдир

  53. Sherbek Boboqulov:

    «Сайлов тизимидаги ошкоралик ўз навбатида – қонун чиқарувчи ҳокимият фаолиятида изчил давом этмоқда.» Ha, bu yil saylovlarning oshkora o’tishiga alohida e’tibor berildi va bunga erishildi ham.

  54. «Ошкоралик – демократиянинг зарур шарти; жамоатчиликка муассасалар, ташкилотлар ва мансабдор шахслар фаолиятига оид барча маълумот, хабарларни билиш, муҳокама ва назорат этиш учун рўйи-рост эълон қилиш. Турли даражадаги раҳбарларнинг жамоатчилик билан эркин мулоқотлари, савол-жавоблари ва бунда оммавий ахборот воситалари имкониятларидан кенг фойдаланиш, цензурага йўл қўйилмаслик ошкораликни таъминлашга хизмат қилади». Окоролик теран очиб берилган. Бу жумлалрни ОАВ ходимлари ўқиши зарур. Бу шунчаки асос эмас, маъсулият ҳамдир.

  55. Esimda,bir Konferensiyada bir talaba o’rnidan turib, Demokratiya -menga hech narsa bermadi-degan edi ,shunda bir ustoz turib,Seni SHu so’zlaringni bemalol aytayotganingni o’zi Demokratuya -degan edi.shunday ekan jamiyatimizda oshkoralik va Demokratuya hukm surayapti deb bilaman.

  56. Oshkoralik bo’lsin deb qayta qayta gapiramiz-u, u ro’y berganda hazm qilishga qiynalamiz. Oldin biz shunga tayyormizmi deb yaxshilab o’ylab ko’rsak bolardi. Ba’zilar o’ziga tegishli bo’lmagan narsalarga ham qiziqib oshkoralikni ro’kach qiladi. Shuni unchalik qabul qilolmayman. O’sha odamga oshkoralik, demakratiya o’zi nima degim keladi…

  57. Мамлакатимиздада ошкораликнинг пойдевори аввало Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти И.А.Каримовнинг маърузаларида қайд этилгани, ҳукумат қарорларида ўз ифодасини топгани унинг давлат сиёсатида қанчалик муҳим ўрин тутаётганини кўрсатади.Хусусан, эндиликда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборотни уларнинг расмий веб-сайтларида жойлаштириш ва янгилаб боришилиши жамоатчилик учун муҳим саналади.

  58. Ҳуқуқий демократик давлат сиёсатида ошкоралик ва сўз эркинлигининг таъминланиши янада ривожланиб бораётган Ўзбекистонни келажаги буюк эканлигини кўрсатади. Маърузани ўиқб чиқдим ва ўзимга керакли бўлган маълумотларни олдим.

  59. Haqiqatni aytadigan bo’lsam, shu mavzuni o’qimasdan va darsda ustozdan eshitmasdan avval oshkoralik nima degan savolga aniq javob berolmasdim. Endi esa aniq va faktlar bilan javob bera olaman.

  60. Oshkoralik demakratiyaning ko’zgusidir.Agar yer-yuzidagi birorta davlatda aniq oshkoralik ko’zga tashlanmasa,bilingki,bu yerda hech qanday mustaqil fikrlar xilma-xilligi shakllanmaydi.

  61. Ha darxaqiqat, ijtimoiy-siyosiy hayotda oshkoralik taraqqiyotning muhim omili sanaladi… Shunday ekan, oshkoralik, demokratiya tushunchalarini faqat qo’g’ozda yoki so’zda qolib ketmasligiga biz ham qo’limizdan kelgancha o’z hissamizni qo’shmog’imiz darkor.

  62. Ochiqlik-oshkoralik bor joyda tushunmovchiliklar uchramaydi. Bu esa ishning sifati, unumdorligini oshiradi.

  63. Demokratiya va oshkoralik jamiyatda yiz berayotgan olamshumul voqealardan ham ko’rinib turibdi. Xususan barcha davlat tashkilotlarining ochiqligini ta’minlashda ularning elektron qabulxonalarining tashkil etilganligi hamda yurtboshimiz tomonidan 2017-yilning «Xalq bilan muloqot va inson manfaatlari yili deb e’lon qilinganlida ko’rishimiz mumkin. Bundan tashqari Davlat organlarining ochiqligi axborot olish erkinliklari to’g’risidagi bir qator qonun va qarorlar ham oshkoralikni ta’minlashda mustahkam poydevordir.

  64. Assalomu alaykum!
    Agar qaysiki rivojlangan davlatga nazar tashlasak bu davlatlarning eng avvalo OAV erkinligi va oshkoraligiga erishganligini ko’ramiz. Oshkoralik xalqqa o’z huquqlaridan foydalana olish imkoniyatini beradi. Bizning vazifamiz esa insonlarni anashu imkoniyatdan to’liq foydalanishlariga ko’maklashishdan iborat.

  65. Jamiyatda oshkoralikning ta’minlanishi uni yana ham barqarorlashtiradi. Davrning o’zi b u haqiqatni isbotlamoqda. Oshkoralik esa Axborot xizmatlarining faoliyatini bilan chambarchast bog’liq.

  66. Buvrabayev Abdullo:

    Oshkoralik idora faoliyatiga aloqador ma’lumotlar bilan ommani habardor etish va ularda tasavvurni uyg’otish demakdir. Omma bilan uzviy aloqada bo’lib, ularga oshkora bergan ma’lumoti va olgan jovob reaksiyasi ortidan tashkilot o’ziga kerakli ma’lumotlar, kerak paytida esa muammoli vaziyatlarga yechim topa oladi. Oshkoralik o’zaro ishonchni anglatadi.

  67. Axborot xizmati oshkora bo’lishi zarur. Eng avvalo biz axborot xizmatining ish jarayoni bilan yaqindan tanishgan bo’lishimiz zarur. Demokratik jamiyatda fuqarolarning haq-huquqlari himoya qilinadi va shu bilan birgalikda oshkoralik prinsipiga amal qilinadi. Axborot xizmati faoliyatining oshkoraligi esa demokratiya tamoyillariga amal qilinayotganidan dalolat beradi.

  68. Biz avvalo oshkoralik aslida nima ekanini bilib olishimiz zarur oshkoralik deganda har narsani gapiraverish emas, zarur ma’lumotlarni berishni tushunish zarur. Axborot xizmatlari ham oshkoralik prinsipiga amal qilishda ushbu omilga ahamiyat qilishlari zarur.

  69. Axborot xizmati yuqori darajada faoliyat yuritmagan tashkilot xalq bilan yaqin bo’lolmaydi. Tashkilotning nufuzi ham bir tomonlama axborot xizmatining qanday ishlayotganiga bog’liq. Axborot xizmati xodimi shu tashkilotning eng jonkuyar kishilaridan bo’lishi lozim.

  70. Oshkorolik har bir jurnalistning quroli bo’lsagina u muvaffaqiyatga erisha oladi . Oshkorolik bu zamon talabi. Bu talabni eplolmagan jurnalist bugun o’z yo’lini topolmaydi.

  71. Oshkorolik har bir jurnalistning quroli bo’lsagina u muvaffaqiyatga erisha oladi . Oshkorolik bu zamon talabi. Bu talabni eplolmagan jurnalist bugun o’z yo’lini topolmaydi.

  72. Muhammadali MAMADALIYEV:

    «Ошкоралик – демократиянинг зарур шарти; жамоатчиликка муассасалар, ташкилотлар ва мансабдор шахслар фаолиятига оид барча маълумот, хабарларни билиш, муҳокама ва назорат этиш учун рўйи-рост эълон қилиш. Турли даражадаги раҳбарларнинг жамоатчилик билан эркин мулоқотлари, савол-жавоблари ва бунда оммавий ахборот воситалари имкониятларидан кенг фойдаланиш, цензурага йўл қўйилмаслик ошкораликни таъминлашга хизмат қилади» deya izohlangan ekan o’zbek izohli lug’atida. Shunchalar murakkab izohlanganki, uni tushunishga takror-takror o’qishga to’g’ri keldi.
    Oshkoralikning bo’lgani yaxshi, chegarani chizib qo’yilganligini ham unutmagan holda. Albatta, bu mentalitet degan tushunchani tushunganlar uchun.

  73. Mening nazarimda oshkoralik deb hamma narsani ham aytaverish, yozaverish kerak emas. Oshkoralikni ham barcha insonlar har xil tushunadi. Ammo, OAV sohasida oshkoralik juda muhim. Bir achchiq haqiqatni aytib òtishim kerak. Bugun bizda ba’zi bir sohalarda oshkoralik juda kuchayib bormoqda. Ammo, OAV larimizda bi yetarlicha emas. Bir narsaga hech e’tibor berganmisiz hamma oshkoralikka qiziqadi-yu, juda kòp narsalarni sir saqlashadi. Bu juda qiziq.

  74. Menimcha oshkoralikni hamma joyda ham qo’llashimiz noto’g’ri deb o’ylayman. Oshkoralik o’yinchoq narsa emas. Har bir axborot xizmatining yashirin siri ham bolishi kerak.

  75. Albatta oshkoralik yaxshi narsa ammo buni to’g’ri qabul qilish asosiy tushuncha sanaladi. Matbuotimiz oshkoralikka erisha olmay turip axborot xizmatlari bu vazifani udalashi qiyin bolsa kerak.

  76. Jumamurodova Muyassar:

    Oshkoralik yaxshi, albatta. Ammo bu degani hamma narsani aytish kerak degani emas. Oshkoralikka ham mas’uliyat bilan yondoshmoq lozim.

  77. Bugun juda kòpchilik xorij OAV larida oshkoralik bor bizda esa yòq deya fikr bildirishaveradi. Ammo, masalaning boshqa tomoniga ham bir e’tibor bering! Xorijda qayernidir portlagani, kimnidir òldirib ketishgani va shunga òxshash xabarlar berib boriladi. Yaratganga ming bora shukurki bizning yurtimiz tinch. Shu nuqtai nazardan ham bir yondashgan kishi unaqa oshkoralik bòlganidan bòlmagani yaxshi deb yuboradi beixtiyor.

  78. Mamlakatimizda qabul qilingan «Davlat boshqaruvi organlari faoliyating ochiqligi to’g’risida»gi qonunda tashkilotlar faoliyating ochiqligini ta’minlashdagi mezonlar aniq ravshan belgilab berilgan. Bu qonunda tashkilot axborot xizmati xodimlariga juda katta vazifalar yuklatilgan. Har bir axborot xizmatlarida faoliyat yuritishni o’z oldiga maqsad qilib olgan talaba mazkur qonun bilan batafsil tanishib chiqish lozim.

  79. Shohruh Shermatov:

    Oshkoralik jurnalist uchun eng muhim narsa.Jurnalistning o`z so`zi bo`lmog`i darkor.

  80. Rahmatilla Sattorov:

    Oshkoralik jurnalistikaning eng muhim bo`lagi albatta.Biroq uni o`z o`rnida qo`llay ola bilish jurnalistning eng nozik vazifasidir.Shunday ekan haqiqiy jurnalist o`z kasbiga o`ta mas`uliyat bilan yondashmog`i darkor.

  81. Demokratiyaga oshkoraliksiz erishib bo’lmaydi.Shu sababli bugun yurtimizda faoliyat ko’rsatayotgan barcha sohalarda oshkoralik o’z aksini topishi lozim. Oshkoralik faqat jurnalistika uchun emas.

  82. Feruza Xayrullayeva:

    «Демократик жамиятда ошкоралик қонун ҳужжатларида ўз аксини топмаса, у ижтимоий воқеликка айланиши жуда мушкул».

    Bizda bu borada kamchilik yo’q. Biroq, unda nega oshkoralik prinsipi ko’pgina jurnalistik materiallarda uchramaydi? Nazarimda, buning boisi jurnalistlarimizning huquqiy savodxonligi bilan bog’liq. Qo’lida qalqoni bor jangchi ishonch bilan jangga kira oladi…

  83. Demokratik davlatda oshkororalik va so’z erkinligining ta’minlanishi bu jamiyat taraqqiyoti uchun juda muhimdir. Jamiyat erkin bo’lmas ekan uning hech bir jarayonda o’sishini kuzatmaymiz. Shuning uchun ham oshkoralik bu yuksalishning muhim belgisidir.

  84. Oshkoralik yaxshi.Ammo oshkoralikning ham salbiy va ijobiy tomoni bor.Dunyo mamlakatlarining ko’pchiligida ya’ni televediniyelaridagi ko’rsatuvlari «oshkoralikka»asoslanmoqda.Ammo bu ko’proq oshkoralikmas vahshiylik,axloqsizlik va loqaydlikka o’xshab ko’rinadi

  85. Oshkoralik,albatta,yaxshi.Ammo me’yordan oshmasligi zarur.

  86. Mamlakatda oshkoralikning mavjudligi ,avvalo, xalq noroziligining kelib chiqmasligini oldini oladi. Qabul qilingan qonunlarning amalda faolligini taminlaydi.
    OAV sohasida oshkoralikka bo’lgan munosabat qaysidir ma’noda mentalitetga, uzatilgan axborotni qabul qilayotgan auditoriyaga bog’liq. Sababi oshkoralik deb hamma narsani ham aytaverish bu muvozanatsizlikni keltirib chiqaradi.

  87. Gavhar Turobova:

    Bugungi kunda barcha tashkilotlar ushbu prinsp asosida faoliyat yuritmoqda. Joylarda tashkil etilgan jamoatchilik bilan aloqalar bo’limi ushbu prinsp rivojiga xizmat qilayotir.

  88. Albatta yuqoridagi maruza va fikrnomalardan shuni yana bir bor angladimki ,oshkoralik masalasi har bir jurnalistning og’riqli nuqtalaridan biridir.Eng qizig’i bu har bir insonning ichki senzurasi bilan bog’liqdir.

  89. Oshkoralik jamiyat uchun juda kerak.Axborot xizmatlar qanchalik oshkora bo’lishsa, jamiyat, xalq oldida ularning mavqeyi shunchalik oshadi. Xalqning qalbida tashkilotga nisbat ushonch hissi oshadi. Zero, hech qanday yolg’on inson umrichalik uzoq yashamaydi.

  90. Oshkoralik jamiyat uchun juda kerak.Axborot xizmatlari qanchalik oshkora bo’lishsa, jamiyat, xalq oldida ularning mavqeyi shunchalik oshadi. Xalqning qalbida tashkilotga nisbat ushonch hissi oshadi. Zero, hech qanday yolg’on inson umrichalik uzoq yashamaydi.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>