Болаларга гўзал исм қўяйлик

«Соғлом она – соғлом бола» концепцияси умуммиллий ҳаракат дастурига пайваста мазкур қўлланма ишингизда  қўл келсин, дейди Дониш домла.

ка6

Исм қўйишга нисбатан тақиқлар дунёнинг кўплаб давлатларида қўлланилмоқда. Масалан, Мексикада Робокоп, Фейсбук, Traffic, Леди Ди, Венесуэлада Супермэн, Германияда Анус ва Усама бин Ладен исмларини бериш тақиқланади. Португалияда болаларни Том деб атаб бўлмаса, Саудия Арабистонида Линда, Элена ва Алиса, АҚШда Адольф Гитлер, Бразилияда Саддам Ҳусайн исмларини қўйиш мумкин эмас. Янги Зеландияда эса 2014 йилда болаларни номлаш бўйича 60 та сўров рад этилган; хизмат тергови бўлими маълум қилишича, унвон ёки авлоддан авлодга ўтиб келаётган мартаба (Шаҳзода, Герцог, Ҳазрати Олийлари), диний номлар (Исо) билан болаларни атаб бўлмайди.

Аммо «замонавий» кишилар болага исм қўйишда ҳар қандай одоб ва мантиқ чегарасидан чиқиб кетмоқда. Хитойда бир жуфтлик ўз боласига «@» белгисини берди ва бу хитойчасига «аи-та» («Мен уни севаман») маъносини англатар экан. Швецияда ота-она ўз дилбандига Brfxxccxxmnpcccclllmmnprxvclmnckssqlbb11116 номини қўйди. 2008 йили Янги Зеландияда икки эгизакка Benson & Hedges тамаки маркаси номини қўйишди. 2010 йили қизига «Гавайи хуласига рақсга тушувчи тулула» исмини берган ота-онадан васийлик органлари болани олиб қўйди. Москвада эса БОЧрВФ260602 (Биологический Объект Человек рода Ворониных-Фроловых, родившийся 26.06.2002 года) дея ноодатий исм қўйилган болага қарийб 10 йил туғилганлик гувоҳномаси берилмади[1].

Қозоғистонда 2010 йил 1–2 декабрда ўтказилган Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотининг анжумани муносабати билан Молдабековлар оиласи ўз чақалоғига Саммит номини берди. Ёхуд Гавайи оролларида 100 ҳарфдан (Напу Амо Хала Она Она Анека Вехи Вехи Она Хивеа Нена Вава Кехо Онка Кахе Хеа Леке Еа Она Ней Нана Ниа Кеко Оа Ога Ван Ика Ванао) иборат исм бор. Чикаго шаҳридаги Жексонлар оиласи ўзининг беш нафар боласини Менингит, Ларингит, Аппендицит, Перитонит ва Тонзиллит деб номлади. Венесуэлада болаларга Тож-Маҳал Санчес, Дарвин Ленин Хименес, Гитлер Юфемио Майора исмлари ҳам қўйилган. Эквадорда эса «Жуда мустаҳкам цемент», «Футболдаги оғир ғалаба», «Халқаро зиддият» маъноларини англатувчи исмлар ҳам мавжуд. Ҳиндистонда Кандмахал (Салом, Икки килограмм гуруч!) исми қўйилиши жуда ошиб тушди[2].

Шимолий Корея ҳукумати эса «ҳукмрон етакчининг олий ҳокимиятини ҳимоя қилиш мақсади»да болаларга мамлакат раҳбари Ким Чен Ин номини қўйишни ман этди. Ҳатто ҳозиргача қайси болага ушбу исм берилган бўлса, энди улар ҳам ўзгартирилиши шарт. 2011 йил январда Ким Чен Иннинг отаси Ким Чен Ир ҳам фуқаролари орасида кимда унинг исми қўйилган бўлса, бундан «кўнгилли равишда» воз кечишни талаб қилган[3].

Инсонга бир умрлик исм қўйишда шов-шувнинг кетидан қувиб, мантиқсиз ва мавҳум эмас, балки ҳар жиҳатдан ўйланган, гўзал ва ёқимли номларни қўйиш мақсадга мувофиқ.

 

ОНА ВА БОЛА: ДУНЁНИНГ 13 МАМЛАКАТИГА НАЗАР

 Австралия

 Қарийб 7 миллион 700 минг квадрат километр ҳудудга эга давлатда 2016 йил 15 март ҳолатига кўра, 24 миллион аҳоли истиқомат қилмоқда. Ялпи ички маҳсулот 1,1 триллион долларга тенг. Мамлакатда хорижий ишчилар улуши 25 фоизни ташкил этади.

Австралия бир неча йилдирки, бахтли оналик кўрсаткичлари бўйича жаҳондаги ўнта етакчи мамлакатдан бири мақомини қўлдан бермай келмоқда. «Save the Children» халқаро ноҳукумат ташкилоти 2015 йил май ойида эълон қилган оналик индексида Австралия 9-ўринни эгаллади. Бу юрт болалари дунё бўйича мактабда энг узоқ ўқийдиган (20,2 ёшгача) ёшлар саналишади.

1902 йилдаёқ австралиялик хотин-қизлар сайлов ҳуқуқини қўлга киритди ва бу борада Янги Зеландиядан кейин (1893) жаҳонда иккинчи бўлишди. Жанубий Австралия штатида эса 1894 йилдаёқ аёллар парламентга сайланиш ҳуқуқига эга бўлган эди. Хотин-қизлар полиция сафларида 1915 йилдан хизмат қила бошлаган ва уларга эркаклар каби тенг маош тўланган. Эндиликда Австралия полицияси таркибида аёллар сони 20 фоизга етди[4]. 1995 йилга келиб эса маҳаллий, минтақавий, ҳукумат раҳбарликларида аёллар улуши 20 фоиздан ошди.

Лейбористлар партияси етакчиси Жулия Гиллард хоним Австралиянинг илк аёл бош вазири (2010–13 йиллар) сифатида шуҳрат қозонди. У бош вазирлик даврида партия рўйхатида аёллар улушини 35 фоизга кўтаришга эришди.

2015 йил сентябрда иш бошлаган янги бош вазир Малкольм Тернбулл вазир аёллар сонини 3 нафардан 5 тага етказишга қарор қилди. Сўзининг тасдиғи сифатида у нозик жинс вакиласи Марисс Пейнни мудофаа вазири этиб тайинлади[5].

2016 йил 2 февралда Австралия парламенти ажойиб ташаббусга қўл урди ва бу болалар, хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида инқилобий ўзгаришларга туртки берди. Вакиллар палатаси етакчиси Кристофер Пайннинг маълум қилишича, аёл депутатлар ўз болалари билан парламент мажлисларига эркин ташриф буюриши ва зарур ҳолларда фарзандини кўкрак сути билан озиқлантириши мумкин. «Болаларнинг мажлисларимизда иштирок этишига монелик қилувчи аввалги тартиб эскирди», – деди у «The Herald Sun» нашрига берган интервьюсида.

Бундай ўзгаришлар қонунчилик органи таркибида хотин-қизлар сонининг ўсишига олиб келиши лозим. «Мен парламентда аёлларни кўпроқ кўришни истардим. Уларни даққиюнусдан қолган эски қоидалар қўрқитмаслиги керак. Эркак депутатлар ҳам мажлисларга болаларини олиб келишига рухсат берамиз», – дейди Пайн.

Авваллари болалар бундай муҳим йиғилишларга қўйилмас ва аёл депутат ишда бўлган чоғида фарзандини кўкрак сути билан озиқлантириши ва парваришлаши имконсиз эди. Хотин-қизлар чақалоқлар билан бўлган вақтда палата ишида қатнаша олмас ва қонун лойиҳалари муҳокамаларида ишончли вакиллари орқали овоз берарди. Бу эса қонунчилик органи ишида турли тушунмовчилик туғдирар ва сайловчилар манфаатларини тўлиқ ифода этишга тўсқинлик қилар эди[6]. Энди бу муаммо барҳам топадиган бўлди.

Яна бир эътиборли маълумот. Австралиянинг «Hancock Prospecting» (HPPL) темир кони эгаси 58 ёшли Жина Райнхарт хоним жаҳондаги энг бадавлат аёл сифатида тан олинган. Бизнесвуменнинг 29,17 миллиард доллар маблағи бор. Жаҳон бозорларида темир ва кўмир нархи ҳамда уларга талаб ўсиб бораётгани чамалаб кўрилса, у тез орада сайёрамиздаги энг бой инсонга айланса ҳам ажаб эмас.

Австралида эркаклар ва хотин-қизларнинг иш ҳақлари деярли бир хил бўлиб, кўплаб аёллар иқтисодий жиҳатдан мустақил ҳисобланишади. Оилавий масалаларни кўриб чиқиш учун алоҳида Оила судлари ташкил қилинган. Ҳар қандай кичик қўйди-чиқдилар бўйича ҳам уларга мурожаат этиши одат тусига кирган. Оила судлари 99 фоиз ҳолатда аёллар фикрини қўллаб-қувватламоқда. Бу оила ичидаги муносабатлар, ўзаро тушуниш ва ён беришлик фазилатлари заифлашаётганидан далолат беради. Аёлдан нафратланиш кучайгани эркакларнинг оиладан безишига олиб келмоқда. Натижада мамлакатда юзага келган улкан «бўйдоқ эркаклар армияси» хориждан майин-мулойим ва кўнглига мос жуфтини топиш илинжида халқаро никоҳ агентликларига мурожаат қилмоқда. Диққатга молик томони, Австралия оилаларининг 21 фоизида аёллар ўз эрларидан камида икки ёш катта ҳисобланишади.

Миллий қонунчиликка кўра, ҳар бир австралиялик ўз ҳаёти давомида чет элдан учтагача қаллиқ олиб келиши мумкин. Келин ёки куёвга мамлакатда яшаш учун аввалига икки йил муддатга виза берилади. Бу давр мобайнида у барча оилавий талабларни бажарса, ўзини яхши томондан кўрсата олса, сўнг доимий яшаш визасига эга бўлади. Жуфтининг кўнглини топа олмаган аёл ёки эркак сафари қарийди – у депортация қилинади. Агар «хорижлик ёр» австралиялик эрга ёки хотинга маъқул келмаса, бемалол орани очиқ қилиши мумкин. Австралиялик эркакка турмушга чиққан хорижлик хотин ёки маҳаллий аёлга уйланган чет эллик эр туб аҳоли учун яратилган барча ижтимоий имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқига эга.

Статистикага кўра, бу амалиёт муҳожирларнинг мамлакатга келиши учун ўзига хос қонуний «айланма йўл» бўлиб хизмат қилмоқда. Чунки синов муддатидан муваффақиятли ўтиб, доимий визани қўлга киритган одамларнинг 80 фоизи кейинчалик ажрашиб кетишмоқда. Улар ўз ватанидан собиқ турмуш ўртоғини Австралияга олиб келиб, биргаликда умргузаронлик қилишяпти.

Австралия криминология институти мутахассислари муҳожирларнинг бу тоифаси ҳаётини диққат билан ўрганиб, айрим никоҳ ҳолатлари эрга тегиш орқали одамларни «контрабанда» қилишдан иборат эканини аниқлади. Жануби-шарқий Осиё, Ўрта Шарқ ва Шарқий Европадан келтирилган кўплаб хотин-қизлардан жинсий зўрлаш мақсадларида ҳам фойдаланилаётган экан. 2006-2011 йилларда 2932 нафар аёл шундай муаммоли вазиятга учрагани аниқланди.

«Биз тез-тез бундай ҳолатлар билан тўқнаш келамиз, – дейди Муҳожир хотин-қизлар учун саломатлик маркази директори, психолог Иман Шаробим. – Австралия ижтимоий тизими никоҳдан ўтган муҳожирлар учун қандайдир кафолатларни назарда тутмайди. Уларнинг ҳолати тўлалигича эрига боғлиқ бўлиб қолади ва ёмон муносабат ҳақидаги ҳар қандай майда шикоят ҳам депортация билан якун топиши мумкин. 2001-2011 йилларда «шериклик» номини олган бундай визалар билан 337 127 киши Австралияга иммиграция бўлди ва уларнинг учдан икки қисми аёллардир»[7].

2008 йилда Хотин-қизлар ва болаларга нисбатан зўравонликлар кўламини қисқартириш бўйича миллий кенгаши таъсис этилди.

Австралияда хотин-қизлар улуши кўпроқ ва саккизта маъмурий бирликнинг олтитасида «эркаклар тақчиллиги» кузатилмоқда. Айниқса, шаҳарларда аёллар сони эркакларга нисбатан юқори бўлаётир. Тарихда жаҳон урушларига тортилмаган Австралияда бундай номутаносиблик сабаби оилаларда қизларнинг кўпроқ туғилаётгани билан боғлиқ.

1980 йилларда австралияликларнинг учдан икки қисми қонуний никоҳдан ўтар эди. Эндиликда уларнинг тўртдан уч қисми никоҳсиз яшамоқда. Никоҳдан ўтган ҳар уч оиланинг бирида ажрашиш ҳолатлари юз бермоқда. Ажралишлар чоғида хотин ишламайдиган бўлса, у эрининг пенсия жамғармаси бир қисмига эгалик қилиш ҳуқуқига эга.

Австралияликларнинг 27 фоизи чет элда туғилган ва 46 фоиз оилалардаги эр ёки хотиндан бири собиқ чет эллик ҳисобланади. Биринчи никоҳга кириш ўртача ёши эркаклар учун 29,8 ёш, хотин-қизлар учун 28,1 ёшга тенг бўлмоқда.

Бу ерда оилавий қадриятлар сезиларли таназзулга юз тутмоқда. Федерал қонунда «никоҳ эркак ва аёл ўртасидаги иттифоқ», деб белгиланган. Бироқ 2016 йилга келиб бир жинсли оилалар сони 40 мингтага етди. Бундай «оилалар»га «фуқаролик иттифоқи», «оилавий шериклик» ёки «биргаликда яшаш» каби ниқоблар кийдирилиб, барча штатларда рухсат этилди[8]. Австралия оилани ўрганиш институти ҳам бир жинсли оилаларни ёқлаб хулосалар бераётгани кишини ажаблантиради. Амалдаги бош вазир Малкольм Тернбулл 2016 йил 6 мартда бу тоифага мансуб гуруҳларнинг ҳар йили ўтадиган «Марди Гра» фестивалига ташриф буюриши ва уларга хайрихоҳлик билдириши таажжубли. У бу каби бемаза тадбирларда иштирок этган илк ҳукумат раҳбаридир. Сиёсатчи тез орада бир жинсли никоҳларни қонунийлаштириш бўйича референдум ўтказишга ваъда бермоқда.

Бу ҳам етмагандай, туғилишлар сони қисқариб кетди. Қиёслаш учун гарчи ноқулай бўлса-да айтиш ўринлики, ҳар 100 та хонадонда уч ёшгача бўлган уч нафар бола, 27 та мушук ва 45 та ит яшамоқда. Ҳар йили бепоён мамлакатда бор-йўғи 300 минг бола туғилмоқда. Оилаларнинг 30 фоизи фарзандсиз яшаяпти[9]. Ҳолбуки, шароитлар бола тарбияси учун идеал даражада. Ҳар ўнтадан бир оиланинг активлари 1,6 миллион доллардан ошмоқда, 1 фоиз оилалар эса 5 миллион доллардан кўпроқ маблағга эга. Аммо бундай иқтисодий-моддий бойликлар ҳам аҳоли кўпайиши тенденциясига ёрдам бера олмаяпти. Аҳоли тобора қаримоқда.

Шу маънода «Facebook»даги «Surprised by Five» шахсий саҳифасида эълон қилинган Перт шаҳрида яшовчи ва беш эгизак боланинг онаси фотосессияси кўп фарзандлиликка меҳр ўйғотиш йўлида ўзига хос қадам бўлди. Ким ва Вон Туччи 2016 йил январда бирваракайига 4 қиз ва бир ўғилнинг ота-онаси бўлишди. Болажонларга шароитлар бадастир.

«Family day care» – хонадон болалар боғчаси бўлиб, бу ихчам муассасада етти нафаргача бола ва бир тарбиячи, ўйин майдончаси, ухлаш ва овқатланиш хонаси мавжуд бўлиб, хавфсизлик меъёрлари таъминланган. Тарбиячи бир пайтнинг ўзида уй хўжайини ҳисобланади ва қўлида сертификат ҳамда дипломи бўлиши шарт. Рухсатнома берилгунча давлат бундай шахслар аввал жиноят содир этган-этмаганини текширади. Улар кутилмаган вазиятда болага биринчи ёрдам кўрсатиш юзасидан махсус курсларда ўқиб чиқишади. Бундай боғчаларни очиш учун хусусий тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтилади ва мазкур таклифни координация маркази маъқуллаши даркор. Австралия ҳукумати ота-оналарнинг даромадларидан келиб чиқиб, боғча пулининг маълум қисмини тўлаб беради. Хонадондаги болалар боғчаси тарбиячига йилига 60 минг долларгача даромад келтириши мумкин.

Хонадон боғчасига ота-оналар ўзи фарзандининг таъбига қараб егуликлар олиб келиши мумкин. Бола икки ёшга тўлгунича кўпинча уни «Family day care»га беришга ҳаракат қилишади. Бу тизимнинг шиори шундай:

Энг кичик бизнес – оилавий болалар боғчаси,

Болаларга муҳаббат – бизнесда энг муҳими.

Иккинчи вариант – «Long day care». 3-5 ёшли болаларни бу муассасага жойлаштириш урф бўлган. Йигирма нафар болага тўртта тарбиячи ажратилади. Маъмурият, ошхона, катта майдонча ва бошқа барча қулайликларга эга.

«Preschool» мактабгача таълим муассасасининг бир шакли бўлиб, у боғчалардан арзонроқ, яъни кунига тахминан 45 долларни ташкил қилади ва болаларга қаров соат 15:30 гача чўзилади. Ярим кундан сал кўпроқ ишлайдиган аёлларга шуниси маъқул. Бу ерда болалар ўзлари билан олиб келган емак-овқат ёки мевалар билан мустақил равишда тушлик қилишади. Фақат ёнғоқ ва ерёнғоқ олиб келиш тақиқланади. Чунки статистикага кўра, австралиялик ҳар 200 боланинг бирида бу каби маҳсулотларга нисбатан аллергия бор[10].

Хусусий боғчалар жуда қиммат – кунига 65-95 доллар атрофида. Шу сабабли давлат оила даромадларига қараб боғча харажатларининг бир қисмини қоплайди. Эҳтиёжманд оилаларга бошланғич ва ўрта мактаб тўлови учун солиқ имтиёзи («Schoolkids Bonus») берилади. Болаларга мўлжалланган айрим нафақалар улар эмлашнинг барча босқичларидан ўтгандан кейингина берилади. Австралияда болаларни эмлаш реестри юритилади.

Мамлакатда давлат мактаблари (government schools) 71 фоизни, хусусий мактаблар (independent schools) 29 фоизни ташкил этади. Улар қўшма (co-educational), фақат ўғил болалар учун (boys schools), фақат қиз болалар учун (girls schools) каби мактабларга бўлинади. Ҳозир Австралия мактабларида 3 миллион бола таҳсил олмоқда.

12 йиллик мактаб тизимида 1–6-синфлар бошланғич таҳсил ҳисобланади. Ўқувчи ва ўқитувчи мутаносиблиги 15/1ни ташкил этмоқда. Австралия сарҳади кенг диёр бўлиб, баъзи жойларда энг яқин мактабгача бўлган масофа 20–100 километрни ташкил қилади. Бундай манзилларда яшайдиган болалар хавфсизлик важидан ва техник имконият чеклангани сабабли мактабга қатнаб ўтирмай, радио ва интернет тармоғи орқали таҳсил олишади. Бундай оилаларга ҳар йили давлат томонидан 3 минг доллар ёрдам пули берилади.

Ўқиш қиммат бўлгани сабабли боласини мактабга беришга қурби етмайдиган оилалар уларни интернатга топширади. Уларнинг таълим олиш харажатларини (йилига 7 минг долларгача) давлат қоплайди. Кейинчалик уч йиллик коллеж таълимини тугатган ўсмирларга олий таълим эшиклари очилади.

Австралия университетлари Тинч океани минтақасида етакчи мавқега эга бўлиб, уларнинг дипломи бутун дунёда тан олинади. Айни пайтда Австралия олий ўқув юртларида 680 минг талаба таҳсил олмоқда. Бакалаврлик дастурларида 2 мингга яқин мутахассислар тайёрланмоқда. Масофавий таълим, айниқса, ривожланган бўлиб, ҳар 100 нафар талабанинг 10 нафари ўз уйини тарк этмаган ҳолда таҳсил олмоқда. Бу она-онаси бағрида юрган, ишлаётган ва фарзандли талабаларга жуда қўл келмоқда. Университетда қизлар сони йигитларга нисбатан 10 фоиз кўп.

Аёл ишласа-ю, даромади кўп бўлмаса, бола учун ҳар икки ҳафтада 400 доллар, катталарга эса ойига 800 доллар нафақа пули тўланади. Агар ота ёки она ёлғиз бўлса, бола 8 ёшга тўлгунига қадар ойига 2,1 минг доллар нафақа берилади. Бироқ ҳукумат бюджетдан ҳар йили 728 миллион долларни тежаш мақсадида 2013 йилдан буён ёлғиз ота-оналарга ажратилаётган нафақалар миқдорини камайтирди.

Айрим дастурлар эса болалар соғлиғини сақлаш учун тиббий хизмат ҳақини тўлашга қаратилган. Унда иштирок этаётган она-она фарзандини фақат дастурга хизмат кўрсатувчи клиникаларда даволатиши шарт. Мисол учун, бошланғич мактабга бориш олдидан ўтказиладиган тиббий кўрикда боланинг тишида касаллик аниқланса, «Child Dental Benefits Schedule» дастури уни даволатиш учун 2 йил муддатга минг доллар маблағни тақдим этади. Ота-она бу маблағни бир вақтда ёки бўлиб-бўлиб ишлатиши мумкин[11].

Оилада эркакларнинг ролини ошириш тенденцияси кечмоқда. 2013 йилдан ҳомиладор хотинни туғуруқхонага жойлаштириш, унинг кўзи ёриши жараёнида иштирок этиш ва чақалоққа барча шароитларни муҳайё этиш мақсадида 14 кунлик оталик таътили жорий этилди.

Ишдан бўшатилган фуқароларга қонун бўйича 8 ҳафталик ишсизлик нафақаси тўланади. Нафақанинг базавий ставкаси ҳафтасига тахминан 261,7 австралия доллари (187 АҚШ доллари) бўлиб, уй-жойни ижарага олган болали оилаларга янада кўпроқ тўланади[12].

Шу билан бирга, сўнгги йилларда ишлашни мутлақо истамайдиган одамлар ҳам давлат ёрдами орқали тараллабедод қилиб яшаяпти. Улар текин даволанишмоқда, «Тез тиббий ёрдам»га бир мири ҳам тўлашмайди, ўз соғлиғига эътиборли бўлишни хаёлларига ҳам келтиришмайди. Бундай тоифадаги кишилар эндиликда даволаниш харажатларининг бешдан бир қисмини тўлаб қўйиши ёки хусусий суғуртага эга бўлиши керак. «Давлат сенга тўлайди, сен ҳам давлатга нимадир бергин» деган пурҳикмат нақлга амал қилинмоқда.

Австралия Меҳнат вазирлиги ишсизлик нафақасини тўлаш шартларини қайта кўриб чиқмоқчи. Чунки бундай тўловни олувчилар ҳатто экзотик сабабларга кўра ҳам меҳнат қилишдан бош тортишмоқда. Натижада мамлакатда ишсизлар сони ортиб бормоқда.

«Ижтимоий нафақа тизими, ҳақиқатан ҳам, иш топа олмаётган, лекин меҳнат қилишга иштиёқи баланд инсонларни қўллаб-қувватлаши керак. Ваҳоланки, биз ҳозир шунчаки ишлашни истамаётган инсонларга ҳам нафақа тўлаяпмиз», – дейди меҳнат вазири Микаэлия Кэш.

Ҳозирда австралияликларнинг атиги ўндан бир қисми жамоат транспортида ишга боришади. Ҳар бир оила иккитадан шахсий автомобилга эга. Оқибатда камхаракатлик жиддий муаммога айланмоқда. Статистика бюроси маълумотларига кўра, 1995–2011 йилларда аҳолининг 10 фоизи семизликдан азият чеккан бўлса, 2015 йилда бу кўрсаткич 65 фоизга ўсди. Ёш йигит-қизлар, айниқса, семизликка ўта мойил бўлиб бормоқда.

Сўнгги йигирма йилда 27–43 ёшдаги ортиқча вазнли аёлларнинг жамиятдаги улуши 49 фоизга етди. Бу борада АҚШдан кейин жаҳонда иккинчи ўринни банд этмоқда. Австралияликлар ҳар куни семиришга қарши курашиш учун 1 миллион доллар маблағ сарфламоқда. Натижада мамлакатда янги фойдали бизнес тури – озиш саноати юзага келди. Масалан, Мельбурн шаҳрида 25 минг 594 нафар хотин-қиз ишхонасига велосипедда қатнамоқда. Йўлларда қўшимча йўлакчалар яратиляпти.

Аҳоли ўртасида гиёҳванд моддалар истеъмоли ортиб бораётгани таҳликалидир. 1990 йилларда Сидней шаҳрида истиқомат қилувчи мактаб ўқувчиси Анна Вуднинг ўлими наркотиклар ноқонуний истеъмоли мавзусининг оммавий ахборот воситаларида кенг муҳокама қилинишига олиб келди. Зотан, қиз гиёҳванд модда истеъмол қилгандан кейин жуда кўп сув ичиши оқибатида гипергидратациядан нобуд бўлган эди. Анна Вуднинг ота-онаси бевақт оламдан ўтган қизининг сурати остига «Наркотикларга шунчаки йўқ де!» тагсўзини ёзиб, матбуотда эълон қилди. Бу тадбир жамоатчиликни наркотик воситалар хавфидан огоҳлантириш мақсадида уюштирилди. «Шунчаки йўқ де» (Just Say No) кампанияси шундан сўнг тез оммалашиб кетди.

Тамаки ноюқумли касалликларни ривожлантиришда асосий омиллардан бири ҳисобланади. 2011 йилда 18 ёш ва ундан катта бўлган 2,8 миллион австралиялик чекишга ружу қўйган ва бунинг оқибатида ҳар йили 15 минг фуқаро нобуд бўларди. Шу боис ҳукумат бу борада ҳам жиддий чоралар кўришга мажбур бўлди.

2012 йил декабрда Австралия жаҳонда биринчи бўлиб оддий тамаки қутиси ҳақидаги новаторлик қонунини қабул қилди. Бу жаҳон тамакига қарши кураш тарихида эсда қоларли воқеа бўлди. Шу вақтдан бошлаб мамлакатда барча тамаки маҳсулотлари хира қора-жигарранг тусдаги стандартлашган оддий қадоқ қутиларда чиқарилмоқда. Қутиларда «Соғлиқ учун хавфли» огоҳлантириш ёзуви йирик ҳарфларда ёзилмоқда. Унда тамаки саноати логотипи, марка белгиси ва рангли расмлар ҳамда реклама матни берилмайди. Фирма номланиши кичик шрифтда босилади.

Австралия тамаки масалалари бўйича қўмитаси ва Саратон бўйича кенгаши раиси Кайли Линдорфнинг таъкидлашича, «Кўплаб кашандалар янги қутиларнинг кўриниши ўзига ёқмагани ва сигарет сифати ҳам ёмонлашганини қайд этишган. Бу янгилик чекувчиларни тамаки маҳсулотларидан ихлосини қайтаришда ниҳоятда самарали усул бўлиб чиқди. Мазкур қонун қабул қилингач, кашандаликни ташлашни қўллаб-қувватлаш бўйича «Quitline» телефон хизматига қўнғироқлар сони фавқулодда кўпайди».

«Оддий тамаки қутисини жорий этиш австралияликлар соғлиғини сақлаш бўйича узоқ муддатли истиқболга киритилган яхши сармоядир, – дейди Австралия соғлиқни сақлаш ва қариш масалалари бўйича департаменти котиби Жейн Хэлтон. – Кашандалар сонини 10 фоизгача камайтириш ҳукуматнинг тамакига қарши кураши бош мақсади саналади. Бу чоралар илмий тадқиқотларнинг кенг базасига асосланган бўлиб, жамоат соғлиғини сақлаш соҳасидаги етакчи экспертлар томонидан қўллаб-қувватланди. Бир сўз билан айтганда, бизда тамаки ўз жозибадорлигини йўқотмоқда»[13].

Бу билан Австралия ЖССТнинг Тамакига қарши кураш бўйича ҳадли конвенцияси 11- ва 13-моддаларини амалга ошириш борасида ўрнак кўрсатмоқда.

Мўмай даромаддан қуруқ қолган тамаки саноати корхоналари янги қонунга қарши ҳужумкор ҳаракатларга қўл урди. 2012 йил августда лойиҳа қизғин муҳокама қилинаётган чоғда тамаки компаниялари қонуннинг Конституцияга мослигига аниқлик киритиш бўйича Австралия Олий судига даъво киритди. Бироқ бу талаб рад этилди ва ҳукуматнинг аҳоли, биринчи навбатда, ёшлар ва хотин-қизлар саломатлигини ўйлаб олиб бораётган сиёсатига суд тизими оқ йўл тилади. Жаҳон савдо ташкилоти, Австралия ва Гонконг ўртасидаги икки томонлама инвестициявий шартномалар доирасида ҳам бундай даъволар кўриб чиқилди. Табиийки, бу жазавага тушиш ҳам тамаки саноати вакилларига ҳеч қандай наф келтирмади.

ЖССТ Австралия судининг юқоридаги қароридан ниҳоятда мамнун бўлиб, тамаки маркетингига муносабатда қатъийликни Австралиядан ўрганиш кераклигини ва бу борада дунёда «домино эффекти» юз берса, кўнгилдагидек иш бўлишини таъкидлади.

Австралиядаги бу эзгу жараёнларни диққат билан кузатиб бораётган Янги Зеландия ҳукумати ҳам шунга яқин мазмундаги қонун қабул қилишни режалаштирмоқда. Франция, Ҳиндистон, Жанубий Африка Республикаси, Буюк Британия, Шимолий Ирландия ва Европа Иттифоқи тамаки қутиларига доир амалдаги тартибни ўзгартирмоқда.

2013 йилда ялпи ички маҳсулотнинг 9,4 фоизи соғлиқни сақлаш соҳасига йўналтирилди. Шошилинч тез тиббий ёрдам ва давлат касалхоналарида хизмат барча учун текин. Австралияда давлатга қарашли 705 та тез тиббий ёрдам касалхонаси, 48 та руҳий касалликлар шифохонаси, 203 та даволаш муассасаси ва 124 та профилакторияси ва 323 та шошилинч ёрдам хусусий клиникаси мавжуд. 27 минг шифокорни бирлаштирувчи Австралия тиббиёт ассоциацияси мамлакат касаба уюшмалари ва касб бирлашмалари орасида энг қудратли ва таъсирлисидир[14].

Ҳадсиз ҳудудларда ястанган «яшил қитъа»нинг олис аҳоли манзилгоҳлари ва фермер хўжаликлари аҳолисига ошиғич тиббий ёрдам хизматини кўрсатиш борасида муаммолар етарли. Аҳволни яхшилаш мақсадида 1928 йилдаёқ «Учувчи докторларнинг қироллик хизмати» ташкил этилган. Хизматнинг 21 базаси бўлиб, 50 та махсус жиҳозланган самолётлар ва вертолётларга эга. Хизмат кечаю кундуз ишлайди ва йилига тахминан 35 мингтача тиббий ташувларни амалга оширмоқда. Шу маънода тўлғоқ тутган аёл, гарчи ҳар қанча йироқда бўлса-да, қийинчиликсиз шифохона палатасига етказиб келинади.

Шунингдек, 2007 йил апрелда Ғарбий Австралия штатида уйда туғиш учун шарт-шароитлар яратилди. Шимолий ҳудуд, Янги Жанубий Уэльс ва Жанубий Австралия штатларида аёлларнинг уйда мустақил туғиши амалиётини давлат молиялаштиряпти. 2010 йил июлдан соғлиқни сақлаш соҳаси ходимларига масъулият суғуртасига эга бўлиш талаби жорий қилинди. Лекин хонадонда иккиқат аёлларга оғирини енгил қилишда ёрдам бераётган акушер ходимлар тиббий суғурта дастурларидан озод этилган.

Фуқаролар солиққа тортиладиган даромадининг 2 фоизи «Medicare» давлат тиббий суғурта тизимига ўтказилади. Бу тизим пулли тиббий хизматларнинг 80–100 фоизини қоплайди.

Барча австралияликлар учун соғлиқни сақлаш тизимидан фойдаланиш имкониятини яратиш мақсадида 1984 йилда «Medicare»га давлат муассасаси мақоми берилди. Ҳар бир даволаш процедурасининг ҳукумат томонидан тасдиқланган расмий нархлари рўйхати (Schedule of fees) мавжуд. «Medicare» айнан шу асосда харажатларни қоплайди.

Бозорда фаолият юритаётган 40 та компания барча ёш гуруҳлари учун шахсий, оилавий ва пенсия суғурталарини таклиф қилмоқда. Тиббиётнинг ҳамма шаклларини қамраб олувчи ўртача оилавий суғурта ойига 150 австралия долларига тушади. Суғурта ташкилоти оиланинг спорт кийимлари сотиб олиш, бассейн ва тренажёр залларига абонемент харажатларини қоплаши ҳам мумкин. Зотан, касалликка дучор бўлгандан сўнг ҳаракат қилгандан кўра, спорт билан мунтазам шуғулланиб, соғлом-тетик юриш мижоз учун ҳам, компания учун ҳам фойдали ҳисобланади.

Фаол ҳаёт тарзи барча даражада олқишланмоқда. Бугун 4,7 миллион австралиялик спорт билан мунтазам шуғулланмоқда, 550 минг киши (мураббийлар, ҳакамлар, спорт шифокорлари, массажчилар) бу соҳада иш билан банд. Ҳомиладорлик, айниқса, бола эрта туғилиши ёки ҳомила тушиши каби ҳолатлар олдини олиш мақсадида суғурта компаниялари аёллар тиббий маслаҳат ва кўрикларга бориб туришларини рағбатлантирмоқда. Туғилишлар, асосан, кесар кесиши усулида амалга оширилмоқда. Чунки аксарият аёллар 35–40 ёшга тўлганда илк бор фарзанд кўришмоқда[15].

Давлат ўттиз ёшга тўлган барча фуқарога хусусий компаниялар суғуртасига эга бўлиши лозимлиги ҳақида тавсиялар бермоқда: инсон ёши улғайгани сари кўпроқ ҳақ тўлаши керак. Шу тариқа давлат фуқароларни ўз соғлиғи учун ўзи қайғуриши лозимлигини тушунтирмоқда, уларни шифокорга вақтида мурожаат қилишга ўргатмоқда ва шу йўл билан уларнинг саломатлиги ёмонлашуви олдини олишга ҳаракат қиляпти.

Аҳолининг 20 фоизи мунтазам равишда қандайдир дориларни истеъмол қилмоқда. Шифокорлар йилига 185 миллион дона рецепт ёзишяпти ва киши бошига ўртача 8–9 тадан дори тўғри келмоқда. Дори-дармонлар учун чегирмалар давлат тизими (Pharmaceutical Benefits Scheme) ишламоқда. Фуқаролар PBS орқали 1350 номдаги дориларни имтиёзли нархларда харид қилишлари мумкин. Шифокор рецепти бўйича «Medicare» суғурта картаси кўрсатилади ва дорилар чегирма билан олинади.

Тиббий дорилар учун кўп харажат қиладиган оилалар, одатда, битта дорихонага мурожаат қилишни маъқул кўришади. Чунки улар сарфлаган маблағ миқдори йил давомида тўпланиб, 686,4 долларга етганда, дорихонадан «Safety Net Concession Card» картасини сўраб олиш мумкин. Ана шунда йилнинг қолган даврида, нархидан қатъи назар, ҳар қандай номдаги дори-дармонни атиги 3,60 долларга сотиб олиш имконияти пайдо бўлади. Яъни касалликлардан азият чекаётган оила учун бу тенги йўқ иқтисодий ёрдамдир.

Кўп миллионли хорижликлар давлат тиббий суғурта тизими – «Medicare»дан фойдалана олмайди. Улар «Medibank Private»га мурожаат этади. Хизматлар нархлари у қадар баланд эмас ва турли муддатларга амалга оширилади.

Меҳмонлар – сайёҳлар, Австралияда шартнома асосида ишловчилар, чет эллик талабаларнинг саломатлигига ҳам эътибор қаратилмоқда. Бу хизматлар билан бир неча хусусий суғурта компаниялари шуғулланади. «Medibank Private» жамғармаси улар орасида энг йиригидир. Компания 1981 йили мамлакатдаги биринчи рақамли хусусий соғлиқни сақлаш жамғармасига айланди. Ҳозирда бозорнинг 30 фоиз улуши унинг ҳиссасига тегишли ва 4 миллион аъзоси бор. «Medibank Private» ҳатто биргина аъзосининг даволаниши учун 258 минг доллар маблағни тўлаб бергани қайд этилган.

Барча йирик шифохоналарда хорижлик беморлар учун таржимонлар хизмати йўлга қўйилган. Бепул, профессионал ва конфиденциал таржимонлар хизмати 60 дан ортиқ тилларни қамраб олади. Инглиз тилини билмайдиган беморларнинг шифокорлар билан мулоқот қилиши учун давлат томонидан бепул телефон таржима хизмати йўлга қўйилган.

Австралияда ҳар 10 дақиқада 1 нафар инсон юрак хасталикларидан нобуд бўлмоқда. 2 миллион инсон астма хуружидан азият чекмоқда. Шу сабабли «Medibank Private» жамғармаси аҳоли, айниқса, аёллар ва болалар ўртасида оммалашиб бораётган бу хасталикларни даволашга комплекс ёндашмоқда. Юрак ва астма хасталиклари муаммоси билан курашиш мақсадида «Миллий юрак фонди» ва «Миллий Астма кенгаши» билан шартнома имзоланган. Унга кўра, жамғарма аъзолари бевосита мазкур ташкилотларнинг ҳам аъзоси ҳисобланади ҳамда улардан тиббий ва маслаҳат ёрдамларини олиш ҳуқуқига эга.

Беморлар ва кам таъминланган оилалар учун яна бир ёрдам шакли – хайрия жорий қилинган. Аҳолиси эзгу ва савобталаб ишларга жуда эътиборли бўлган ушбу мамлакатда турли йўналишдаги 50 мингга яқин хайрия ташкилотлари фаолият кўрсатмоқда.

Бир сўз билан айтганда, Австралия соғлиқни сақлаш тизими ўз самарадорлиги ва амалийлиги билан дунёдаги энг илғорлардан бири сифатида тан олинган. Австралия соғлиқни сақлаш ва қариялар ишлари вазирлиги миллий дастурлар ижросини, фармацевтика ва касалхоналар хизматларини, аҳоли соғлиғини сақлаш ва касалликлар профилактикасини доимий назорат қилиб боради.

Австралия саломатлик ва тиббий тадқиқотлар бўйича миллий кенгаши эса илмий изланишларни молиялаштиради, соғлиқни сақлаш соҳасида аҳолига тавсиялар ва стандартлар ишлаб чиқади[16]. Миллий кенгаш ташкил топган 1926 йилда атиги 30 минг фунт грант ажратилган бўлса, 2000 йилда бу кўрсаткич 180 миллион долларга кўтарилди. Ҳозирги пайтда ҳар йили ушбу мақсадлар учун 300 миллион долларлик грантлар бериб борилмоқда.

Австралияда бўлғуси оналарни табриклаш яхши анъанага айланган. Бу маросим «Baby shower» деб номланади. Аввалига базм оиладаги фақат биринчи бола учун ўтказилар ва маросимга таклиф этиладиган меҳмонлар хотин-қизлардан иборат бўлар эди. Улар ёш онага ўз тажрибаларини ўртоқлашади, қимматли маслаҳатларини беради. Вақт ўтиб, байрам ҳар бир бола учун ҳам ўтказиладиган ва унга эркаклар ҳам таклиф қилинадиган бўлди.

Тадбирни дугоналар «нейтрал» ҳудудда, хусусан, яқин дўстларининг уйида ёки табиат қўйнида ташкил этишади. Маросим охирги дақиқаларгача қаҳрамондан сир сақланиб, бўлғуси она учун ўзига хос «сюрприз» ҳисобланади. Байрам ўтказиладиган жой болалар атрибутлари билан безатилади ва она фахрий ўриндиққа ўтказилади. Меҳмонлар уни табриклаб, чақалоқ учун зарур бўладиган нарсаларни инъом этишади. Бола тарбиясида асқатадиган шахсий тажрибаларини баҳам кўришади. Ўйин-кулги ва турли қизиқарли томошалар уюштирилади. Асосийси, она бўлиш арафасида турган аёлнинг кайфиятини чоғ этиб, унга умидбахш гўзал туйғулар ҳадя қилишади.

Бундан ташқари, Австралияда Бахтли туғилиш фестивали (Beautiful Birth Festival) ўтказиб келинмоқда. Мақсад оналик ва болалик муаммоларига манфаатдор ташкилотлар диққат-эътиборини қаратишдир. Оилага янги меҳмон ташрифини ва уни дунёга келтирган мушфиқ онани улуғлаш, уларга жамият эътибори ва рағбатининг ўзига хос ифодаси ҳисобланади. Фестиваль ҳар йили 27 февралда Жанубий Австралия штати маркази бўлмиш Аделаида шаҳрида ўтказилади.

Фестиваль менежерлари қўмитаси 2008 йили таъсис этилган эди. Унинг ташаббускорлари ва қўмита ядроси 17 нафар болани тарбиялаётган 5 та меҳнаткаш аёлдан иборат. Улар ижтимоий қўллаб-қувватлаш хизматларида ва оналарга ёрдам ташкил этишда ҳам кўнгилли, ҳам тажрибали волида сифатида катта тажриба орттиришган. Кўпни кўрган оналарнинг таъкидлашича, дунёга келаётган ҳар бир янги чақалоқни шод-хуррамлик билан қарши олиш, оналарнинг туғуруқдан кейинги қувонч кўз ёшлари бу дунёнинг ҳақиқий маъносидир[17]. Австралияда оила ва болалар учун ширинликлар сотиб олиш яхши урф-одатлардан ҳисобланади. Бу ерда ҳар йили бир неча миллиард долларлик ширинликлар сотилади.

Бундан ташқари, май ойининг иккинчи якшанбасида «Оналар куни» нишонланади. «Оталар куни» эса сентябрнинг биринчи якшанбасида байрам қилинади.

«Ҳар тўкисда бир айб», дейишади. Австралияликлар қимор ва шунга ўхшаш ўйинларга ҳаддан ташқари майл қўйишган. Бу тармоқнинг йиллик айланмаси 80 миллиард долларга тенг. 55–59 ёшдаги хотин-қизлар ҳафтасига 25 соат вақтини ана шу эрмакларга сарфлашар экан. 330 минг австралиялик бунга касаллик даражасида муккасидан кетган бўлиб, ҳар йили 12 минг доллар маблағини бу ўйинларда бой беришмоқда.

Австралия фоҳишаликка қонуний рухсат этган кам сонли (Нидерландлар Қироллиги, Швейцария, Италия, Венгрия, Янги Зеландия, Германия) давлатлардан бири саналади. Ҳатто бу мамлакатда суюғоёқ қизларнинг тармоқ касаба уюшмалари ҳам мавжуд. Энг ачинарли томони, қадами бежо аёлларнинг тўртдан бир қисми қонуний никоҳга эга ва уларнинг эрлари умр йўлдошининг кирдикорларидан яхши хабардор. Қолаверса, бундай аёлларнинг ярми фарзанд ҳам кўришган. Мамлакатдаги 800 та қонуний, 350 та хуфия фоҳишахона ва «тўшак хизмати»га йўналтирилган 2451 та хусусий тадбиркорлик субъектларида 16 минг «хизматчи» фаолият юритмоқда. Ҳар йили бундай кўнгилхушлик муассасаларига 12 миллион киши ташриф буюрмоқда[18]. «Кенгурулар юрти»да борделлардан келадиган даромад йил сайин ўсмоқда. Ҳатто донғи чиққан исловатхоналарнинг акциялари фонд биржаларида сотилмоқда.

640 минг австралиялик электрон почта орқали порно-фильмлар ҳаволаларига обуна бўлишган. 1,1 миллион киши бундай фильмларни сотиб олмоқда ва 2,3 минг киши меҳнат қилаётган 250 та интим-дўконларнинг йиллик айланмаси 100 миллион долларни ташкил қилмоқда[19].

«Сабур альянси» ташкилоти эса фақат Федерал пойтахт ҳудуди, Квинсленд ва Тасмания штатларида бундай нобоп касб вакилаларининг ҳуқуқлари қонуний ҳимоя қилинганини, бошқа ҳудудларда эса улар камситилаётганини иддао қилиб, намойишлар ташкил қилмоқда.

Сўнгги йилларда Ироқ, Эрон, Шри-Ланка, Афғонистон каби давлатлардан кўплаб қочоқлар Австралияга ёпирилиб келишмоқда. Улар Индонезиягача бамайлихотир етиб олишади ва у ердан қайиқларда Рождество оролларига ноқонуний ўтишга ҳаракат қилишади. Кўпинча денгизда юз берадиган бўронлар қочоқлар ўтирган кичик ва эски қайиқларни сув тубига ғарқ қилмоқда. 2013 йил июлда бош вазир, либерал Кевин Радд (2007–10 ва 2013 йиллар) Австралияда ноқонуний муҳожирларга қочоқ мақоми берилмаслигини маълум қилган эди. Бу ерга келувчи барча мигрантларни мажбурий тарзда Папуа-Янги Гвинеянинг Манус оролидаги вақтинчалик сақлаш марказларига йўналтириш белгиланди. Икки давлат ўртасидаги келишувга кўра, расмий Сидней Папуа-Янги Гвинеяга бундай оригинал хизмати учун иқтисодий ёрдам кўрсатади[20].

2015 йилда Австралия ҳар йили гуманитар квота доирасида турли мамлакатлардан 13750 нафар қочоқни қабул қилмоқда. 2018 йилга бориб бу кўрсаткични 19 мингтага етказиш кутиляпти. Бунда хотин-қизлар ва болаларга биринчи навбатда эътибор қаратилмоқда[21].

Австралия миллий университетида 1947 йилдан буён аҳолишунослик муаммолари ўрганилмоқда. Ижтимоий фанлар мактаби илмий-тадқиқот марказида Демография бўлими фаолият кўрсатяпти. Ижтимоий фанлар академияси ҳам бу муаммолар билан шуғулланмоқда. Австралия статистика бюроси 1883 йилдан буён «Демография» («Demography») бюллетенини нашр қилмоқда[22]. Австралия оилани режалаштириш ассоциацияси (1923) ахборот бюллетени чоп қилади.

Лазиз Раҳматов,

журналист

«Ўзбекистон миллий энциклопедияси» Давлат илмий нашриёти томонидан 2016 йилда чоп этилган “Соғлом она ва бола: халқаро амалиёт (хорижий мамлакатлар тажрибаси мисолида)” қўлланмасидан олинди.

(Давоми бор. Сайтимизни кузатиб боринг)

ЎзМУ Журналистика факуьтетида таҳсил олган истеъдодли ижодкор Лазиз Раҳматовнинг мазкур китоби ўқувчини маънан бойитишга хизмат қилади.

Сайтимизнинг фаол мухлислари ва зукко талабаларимиз мухтасар фикрномаларини баҳам кўришларига умид қиламиз, дейди Дониш домла.

саа5

[1] http://www.newsru.com/world/26jan2015/nutella.html.

[2] Казахстанского младенца нарекли в честь саммита ОБСЕ, http://www.newsru.com/world/29nov2010/sammit. html,  29 ноября 2010 г.

[3] В КНДР переименуют всех Ким Чен Ынов, кроме одного, http://www.newsru.com/world/03dec2014/ nonamekim.html, 3 декабря 2014 г.

[4] http://policewoman.ru/index/zhenskaja_policija_avstralii/0-22.

[5] Минобороны Австралии впервые в истории возглавила женщина, https://www.rbc.ua/rus/news/minoborony-avstralii-vpervye-istorii-vozglavila-1442831642.html, 21.09.2015.

[6] На заседаниях парламента Австралии разрешили кормить грудью. http://lenta.ru/news/2016/02/02/ familyfriendly.

[7] «Уж замуж невтерпеж» или нелегкая доля брачных иммигранток в Австралии, http://www.canberranovosti. com/2014/05/28/15383, Май 28, 2014  (4271).

[8]  http://www.newsru.com/finance/06oct2015/australia.html.

[9] http://www.news.com.au/technology/environment/surprising-facts-about-australia-according-to-mccrindle-research-and-abs/story-fnjww1so-1226952018284.

[10] Детские сады в Сиднее, http://mystoryaustralia.com/2012/09/07/family-child-care, 25.11.2013.

[11]  Пособия — Как Австралия помогает своим, http://immigrant.today/article/9698-posobija-kak-avstralija-pomogaet-svoim.htm, 01.03.2016.

[12] Австралия пересмотрит условия выплаты пособий по безработице — их получатели отказываются от работы под самыми невероятными предлогами, http://newsru.com/world/24feb2016/employment.html, 24 февраля 2016 г.

[13] Первые результаты после принятия закона о простой табачной упаковке в Австралии, http://www.who.int/ features /2013/australia_tobacco_packaging/ru, May 2013.

[14]  http://eyecenter.com.ua.

[15]  http://www.allianceau.com/health.shtml.

[16]  NHMRC’s role | National Health and Medical Research Council.

[17] http://www.calend.ru/holidays/0/0/2715.

[18] A Review of HIV/AIDS and Related Diseases Education Which Target Sex Workers in Australia, 2000.

[19] http://emigration2005.narod.ru/australia/australia-in-bed-statistics.htm.

[20] http://www.bbc.com/russian/international/2013/07/130719_australia_immigration.

[21] Австралия примет 12 тысяч беженцев с Ближнего Востока и присоединится к борьбе с ИГ в Сирии, 9 сентября 2015 г., http://newsru.com/world/09sep2015/abbott.html.

[22] Демографический энциклопедический словарь, Москва, «Советская энциклопедия», 1985, стр. 9.

You may also like...

2 Responses

  1. Durdona Safarova:

    Ustoz juda yaxshi mavzuni ko`tarib chiqqansiz. Isming jismingga mos bo`lsin deb bejiz aytishmagan, chunki kishi ismi uning taqdirida, kelajagida biroz bo`lsa-da o`z ta`sirini ko`rsatadi. Biroq ba`zilar bolalariga kino aktyor, aktrisalarni ismini qo`yishadi, garchi u ismlar yevropaga xos bo`lsa-da. Bu naqadar xato ish ekanini bilishmasa ham kerak chamamda. Natijada katta bo`lishgach o`z ismlaridan uyalib yurishlariga sababchi bo`ladi.

  2. Foziljon:

    Ism tanlash ham o’ta ma’suliyatli va dolzarb masaladir. Qo’yilajak ism bir insonni kelgusi hayotini ham belgilab berishi bu ayni haqiqat.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>