Бола азиз, она мўътабар

«Соғлом она – соғлом бола» концепцияси умуммиллий ҳаракат дастурига пайваста мазкур қўлланма ишингизда  қўл келсин, дейди Дониш домла.

7

Маълумки, мустақиллик йилларида мамлакатимизда оила, оналик ва болаликни ижтимоий муҳофаза қилиш тизими тубдан ислоҳ қилинди ва «Соғлом она – соғлом бола» концепцияси умуммиллий ҳаракат дастурига айланди. Бугунги кунда Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш доирасида яратилган оналик ва болаликни муҳофаза қилиш миллий модели жаҳон ҳамжамияти томонидан намуна сифатида эътироф этилмоқда.

ЮНИСЕФнинг Шарқий Европа, Болтиқбўйи ва Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари бўйича офиси томонидан Ўзбекистоннинг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасидаги дастурлари минтақада ўрнак бўларли модель сифатида кўрсатилмоқда.

Она ва болага ғам­хўр­лик ва эътиборнинг кучайтирилиши, бу борада кенг миқёсли, аниқ мақсадли ишларнинг амалга оширилиши жисмонан ва маънан соғлом авлоднинг кафолатидир. Ҳар қандай давлат оила мустаҳкамлигидан манфаатдор бўлиб, у, миллати ёки ирқидан қатъи назар, жамиятнинг таянч бўғинидир.

«Соғлом она ва бола: халқаро амалиёт (хорижий мамлакатлар тажрибаси мисолида)» номли ушбу қўлланма мазмун-моҳияти жиҳатидан бугунги куннинг энг муҳим масалалари таҳлилига бағишланган. Унда дунёнинг айрим давлатларида оналик ва болаликни ижтимоий муҳофаза қилиш масалаларида, ёшларга муносабат, оилалардаги ўзига хосликлар аниқ мисоллар, қизиқарли маълумотлар ва муаллифнинг теран кузатувлари асосида мухтасар ифода этилади.

Хорижий давлатларда акушерлик, гинекология ва перинатология соҳаларининг долзарб муаммолари, оналик ва болаликни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, БМТнинг Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) ва Аҳолишунослик жамғармаси (ЮНФПА)нинг оналар ва болалар ўлимини камайтиришга қаратилган ибратли лойиҳалари, энг муҳим халқаро конвенциялар ва бошқа меъёрий ҳужжатлар ижроси ва уларнинг ҳаётга татбиқи, бу борада етакчи муассасаларнинг илғор амалиётларига алоҳида урғу берилади.

Жаҳоннинг 13 та мамлакатида, жумладан, Австралия, АҚШ, Буюк Британия, Германия, Кения, Колумбия, Россия Федерацияси, Саудия Арабистони, Уганда, Хитой, Эрон, Япония ва Ҳиндистонда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, ижтимоий кўмак кўрсатиш, тиббий ва ҳуқуқий ёрдам тизими, халқаро ва нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан соҳада олиб борилаётган самарали ишлар атрофлича баён этилган. Бу каби таҳлилий маълумотлар билан яқиндан танишиш оналар ва болалар саломатлигига ғамхўрлик кўрсатиш билан боғлиқ миллий дастурларимизни, амалга оширилаётган ишларимизни таққослаш, хорижий давлатларнинг айрим илғор ғоялари ва амалиётидан андаза олиш имконини беради.

Таҳлилларга назар ташласак, 2013 йилда ҳомиладорлик асоратлари натижасида дунёда 289 минг, 2015 йилда эса 303 минг нафар хотин-қиз дунёдан бевақт кўз юмди. Бу 1990 йилдаги кўрсаткичдан (523 минг) анча кам бўлса-да, ҳар бир йўқотилган аёл тимсолида глобал миқёсда ҳал қилиниши керак бўлган долзарб вазифалар талай эканини чуқур ҳис этамиз. Бу улушнинг учдан бири Ҳиндистон ҳиссасига тўғри келаётгани жуда ташвишланарли ҳолдир. Ёки 15–19 ёш оралиғидаги 15 миллион қизнинг фарзанд кўраётгани, айни ёшдаги яна 3 миллион қиз ҳомиласини аборт қилдираётгани бизни ҳушёр торттириб, вояга етмаган қизлар билан олиб бориладиган ишларимизда талабчанликни янада оширишга ундайди.

Сайёрамизда 5 ёшга тўлмай нобуд бўлаётган болалар умумий сони 6 миллион нафардан ошяпти. Уларнинг 2,9 миллиони ҳаётнинг биринчи ойидаёқ нобуд бўлса, 2,6 миллиони она қорниданоқ ўлик туғилмоқда. Биргина зотилжам (пневмония) касаллигидан 5 ёшгача бўлган 935 минг бола оламдан ўтяпти. Африканинг Свазиленд давлатида ҳомиладор аёлларнинг 41 фоизи ОИТС билан хасталанган ва ҳар йили 17 минг бола бу касалликни юқтирган ҳолда дунёга келмоқда. Малавида 20 фоиз чақалоқлар муддатидан олдин туғилмоқда. Россия Федерациясида эса «демографик ботқоқ»дан чиқиш учун 2006 йилдан бошлаб оилада иккинчи фарзанд туғилса, оналик капиталини бериш дастурлари йўлга қўйилди. Ёки сайёрамиздаги барча чақалоқларнинг фақат 38 фоизи она сути билан озиқлантирилмоқда, холос.

Глобал стратегияни ҳаётга муваффақиятли жорий этиш мақсадида 2010 йил декабрида БМТ Бош котиби Соғлом хотин-қизлар ва болалар саломатлигига доир маълумотлар ва ҳисобдорлик бўйича махсус комиссияни таъсис этган эди. 2015 йилда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган ва 2030 йилгача мўлжалланган Барқарор тараққиёт дастурларининг 17 та асосий мақсади қаторида оналик ва болалик масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Эрта турмуш қуриш, спиртли ичимликлар, тамаки ва гиёҳванд моддаларни истеъмол қилишнинг зарари, болалар ва хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш муаммолари, соғлом она дастурлари, оилани режалаштириш, турли давлатларда болали аёлларга кўрсатилаётган имтиёз ва афзалликлар, оналик ва болаликнинг замонавий тенденциялари, жинсий зўравонликларга қарши чора-тадбирлар, «аскар болалар» муаммолари хусусида батафсил сўз юритилади.

Шунингдек, китобда тиббий сайёҳлик, суррогат оналик, демографик сиёсат, донор оталик, анъанавий оила институтининг емирилаётгани, аёлларга кислота ҳужумлари, айрим мамлакатларда фоҳишаликка қонуний тус берилаётгани, болалар ўғирликлари ва улар органларининг савдоси каби оғриқли муаммолар ҳам қаламга олинади. Масала тиббий, ҳуқуқий, ижтимоий ва иқтисодий призмадан ўтказилади.

Хорижий мамлакатлардаги аҳволни юртимизда истиқлол йилларида Биринчи Президентимиз Ислом Каримов томонидан амалга оширилган ғоятда кўламли ва улуғвор ишлар билан таққослар эканмиз, бу борада Ўзбекистон нечоғли катта рағбат ва саъй-ҳаракат кўрсатаётганига амин бўламиз. Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёевнинг мазкур юксак лавозимда фаолият бошлаши билан имзолаган илк қонуни айнан «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги қонун бўлгани ҳам бу эзгу амаллар бардавомлигининг яққол ифодаси сифатида халқимиз, хусусан, ёш авлод қалбни жуда тўлқинлантириб юборди.

Муаллифнинг илмий-оммабоп асари кенг китобхонлар оммаси учун мўлжалланган бўлиб, давлат дастурининг ижросини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Қўлланма «Она ва бола соғлом бўлса, оила бахтли, оила бахтли бўлса, жамият мустаҳкам бўлади» деган ҳаётбахш қадрият асосида оиланинг мустаҳкам, соғлом ва аҳил бўлишида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш вазифаси қатъий белгиланган жорий йил учун муносиб туҳфа десак, муболаға бўлмайди.

Шоира НУРМАТОВА,

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раисининг Оналик ва болаликни ижтимоий муҳофаза қилиш масалалари бўйича ўринбосари, тиббиёт фанлари номзоди, доцент

 ф2

 Оналик ва болаликни муҳофаза қилишнинг глобал муаммолари

 Халқаро ҳуқуқий асос ва ташаббуслар

 БМТ Бош Ассамблеяси 1975 йилни Халқаро хотин-қизлар йили деб эълон қилди ва Мехикода аёллар ҳолати бўйича илк Бутунжаҳон конференцияси ўтказилди. Йиғилишнинг қатъий тавсиясига мувофиқ 1976–85 йилларда БМТнинг хотин-қизлар ўн йиллиги эълон қилинди ва «Ўн йиллик учун кўнгилли бадаллар жамғармаси» таъсис этилди.

Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция (1979 й.) аёллар ҳуқуқлари бўйича халқаро билл деб ҳам аталади. Конвенция 2015 йилга келиб 189 мамлакатда кучга кирди.

1985 йилда БМТ хотин-қизлар ўн йиллигида эришилган натижалар якунларига бағишлаб Найробида ўтказилган бутунжаҳон конференциясида тенглик, тараққиёт ва тинчлик ғоялари илгари сурилди. 157 давлат делегациялари 2000 йилга қадар Аёлларнинг ҳолатини яхшилаш соҳасида Найроби истиқболли стратегиясини қабул қилди. 1995 йили Пекинда ташкил этилган тўртинчи бутунжаҳон конференциясида бу интилишлар давом эттирилди.

Тараққиёт соҳасида Мингйиллик мақсадларининг бешинчи йўналиши Оналикни муҳофаза қилиш ишини яхшилашни ва 2015 йилга келиб оналар ўлимини тўртдан уч қисмга камайтиришни назарда тутган. 2030 йилгача мўлжалланган Барқарор ривожланиш мақсадлари эса 17 та йўналишни ўз ичига қамраб, хусусан, 3-мақсад соғлиқни сақлаш, 4-мақсад таълим, 5-мақсад гендер тенглигига бағишланади.

2015 йилда БМТ Бош Ассамблеяси чоғида БМТ Бош котиби Пан Ги Мун 2016–30 йилларда хотин-қизлар, болалар ва ўсмирлар соғлиғи бўйича глобал стратегия амалга оширилишини эълон қилди[1]. Мазкур стратегия 2015 йилдан кейинги даврда ушбу йўналишга қаратилган ишларнинг ўзига хос «йўл харитаси» ҳисобланади.

Репродуктив ҳуқуқ ҳам 1968 йилда инсон ҳуқуқларининг шакли сифатида ишлаб чиқилди. Ота-оналар ўз истагига мос равишда фарзандларга эга бўлиш ҳуқуқига эга, бироқ бу тушунчани ижро этиш мажбурий эмас[2].

Аҳолишунослик ва тараққиёт бўйича халқаро конференцияда қабул қилинган ҳаракат дастури; Пекин декларацияси ва Хотин-қизлар аҳволи бўйича тўртинчи бутунжаҳон конференциясида қабул қилинган ҳаракат учун Платформа, Жаҳонда соғлиқни сақлаш ҳолати бўйича ЭКОСОСнинг вазирлар маълумоти; БМТ Бош Ассамблеясининг «Соғлом аёллар, соғлом болалар: умумий келажагимизга сармоя» махсус сессияси; Хотин-қизлар аҳволи бўйича комиссиянинг 54-сессияси бу борада глобал стратегияни белгилаб берди. У, шунингдек, Мапуту ҳаракат дастури, Африкада оналар ўлимини қисқартиришни жадаллаштириш бўйича кампания (CARMMA), 2010 йилда Африка Иттифоқи саммитининг оналар, чақалоқлар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш декларацияси каби минтақавий мажбуриятлар ва фаолият йўналишларига асосланади[3].

Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар ҳақидаги халқаро пакт (CESCR), Хотин-қизларга муносабатда камситишларнинг барча шаклларига барҳам бериш ҳақидаги конвенция (CEDAW), Болалар ҳуқуқлари ҳақидаги конвенцияларда оналик ва болалик инсон ҳуқуқлари асосларидан бири сифатида тан олинади. Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш ҳам оналар ўлими бўйича махсус резолюцияни қабул қилган[4].

Бола ҳуқуқлари ҳақидаги декларацияда (1959 й.) боланинг ижтимоий таъминотдан фойдаланиш, соғлом ўсиш ва ривожланиш ҳуқуқи белгиланган. Туғуруқдан олдин ҳамда кейин фарзанд ва она ижтимой парвариш, муҳофаза билан таъминланиши зарур. Болалар озиқ-овқат, уй-жой, ҳордиқ чиқариш ва шифокор кўригидан ўтиш, бепул ва мажбурий таълим олиш ҳуқуқига ҳам эга. Улар эҳтиётсиз муносабатлардан, қаттиққўллик ва эксплуатациянинг барча шаклларидан ҳимоя қилиниши даркор.

 

Оналар ўлими ва абортлар

 Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) экспертлари қайд этишича, ҳомиладорлик ва туғуруқлар чоғида ёки уларнинг асоратлари туфайли 1990 йилда 520 минг нафар, 2015 йилда эса 303 минг хотин-қиз дунёдан кўз юмди[5]. Яъни бу шунча гўдак туғилиши билан волидасидан ажралиб қоляпти дегани. Бундай ўлимларнинг 99 фоизи ривожланаётган давлатлар улушига тўғри келмоқда.

Ҳозирги вақтда оналар ўлими ҳар қандай замонавий туғуруқ муассасалари ишини ташкил қилишнинг, давлатлар тиббиёти даражасини белгилашнинг бош мезони ҳисобланади.

Мингйиллик ривожланиш мақсадларига кўра, 2015 йилда оналар ўлимини 75 фоизга қисқартириш режалаштирилган эди. 1990–2015 йилларда оналар ўлими глобал миқёсда 43 фоизга камайди. Бироқ хотин-қизларнинг ҳомиладорлик ва туғиш чоғида нобуд бўлиши ҳамон кўплигича қолаётгани афкор оммани ташвишга солади.

75 фоиз ўлимлар туғуруқдан кейин кучли қон кетиши, инфекциялар, иккиқатлик вақтида юқори қон босими, кўзи ёриш асносида орттирилган асоратлар ва абортлар сабабли юз бермоқда.

1990 йилда Бутан, Камбоджа, Кабо-Верде, Экваториал Гвинея, Эритрея, Лаос Халқ Демократик Республикаси, Мальдив, Непал, Руанда, Руминия, Тимор-Лештида бу нохуш ҳолатлар юқори даражада қайд этилган бўлса, 2015 йилга келиб мазкур давлатларда вазият 75 фоизга яхшиланди. Шри-Ланкада оналар ўлими сўнгги 40 йилда 87 фоизга қисқаргани, айниқса, катта ютуқ бўлди. Бунда туғишга қадар хотин-қизларнинг шифокор маслаҳати ва кўригига бориши 4 маротаба ортгани, туғуруқни уйда ёки шароити йўқ жойларда эмас, соғлиқни сақлаш муассасасида ўтказилаётгани қўл келмоқда.

Репродуктив ёшдаги (15–44) хотин-қизларнинг ўлимига ОИВ/ОИТС асосий сабаб бўлмоқда. Кам даромадли мамлакатларда эса сил касаллиги репродуктив ва 20–59 ёшдаги хотин-қизлар ўртасида ўлимга олиб келувчи беш асосий омилдан бирига айланган.

Дунёда 1990–2015 йилларда оналар ўлимини тўртдан учга қисқартириш бўйича ушалмай қолган улуғвор ниятларни 2030 йилга қадар Барқарор тараққиёт мақсадлари доирасида амалга оширишга умид билдирилмоқда.

Абортлар. Дунё аҳолисининг 26 фоизи яшовчи давлатларда абортлар тақиқланган, 62 фоизида эса ҳомиладорликни сунъий тўхтатиш мумкин. Масалан, Никарагуа, Сальвадор, Чили, Мальта ва Филиппин, Ватиканда абортлар учун жиноий жавобгарлик белгиланган. Чилида аборт учун аёл 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин. Афғонистон, Ангола, Бангладеш, Венесуэла, Гватемала, Гондурас, Миср, Индонезия, Ироқ, Эрон, Ирландия, Яман, Колумбия, Ливан, Ливия, Мавритания, Мали, Непал, БАА, Ўмон ва Парагвайда эса абортлар нафақат тақиқланади, балки улар жиноят ҳам ҳисобланади.

Абортлар хавфсиз ва хавфли бўлиши мумкин. Юқори малакали мутахассислар (шифокор, акушер, ҳамшира) иштирокида тиббий муассасада ўтказилган амалиётга хавфсиз аборт дейилади. Агар тиббий маълумотсиз ёки зарур тараддудсиз, антисанитар ҳолатида ўтказилса ёки аёлни ўзи буни амалга оширса, хавфли аборт ҳисоблади. Ҳар йили 22 миллион хавфсиз бўлмаган абортлар ўтказилиши натижасида жаҳонда 47 мингга яқин хотин-қиз нобуд бўлмоқда, 5 миллион нафари ногиронликка учрамоқда.

Бизнингча, албатта, кутилмаган ҳомиладорликка дучор бўлган ва фарзанд тарбиясига шарт-шароити йўқ, саломатлиги эса туғуруқни кўтара олмайдиган аёлларга абортга изн бериш мақсадга мувофиқ.

 

Туғуруқлар ва таътиллар

ЖССТ маълумотларига кўра, ривожланаётган давлатларда никоҳда бўлган репродуктив ёшдаги аёлларнинг 186 миллион нафари бола кўришни хоҳлайди. Бу 15–49 ёшдаги жуфтликларнинг тўртдан бири демакдир.

Қолоқ давлатларда уйда туғиш ҳолатлари ниҳоятда кўп учрамоқда ҳамда бу перинатал ва оналик ўлимининг қалтислигини оширмоқда[6]. Аслида, уйда фарзанд кўриш ўткир сиёсий масалага ҳам айланмоқда. Мисол учун, АҚШ ва Канадада уйда туғиш эркинлиги бор. АҚШнинг 27 та штатида сертификат олган акушер ҳамширалар уйдаги туғуруқ жараёнида қатнашиши мумкин. Бироқ суғурта компаниялари босими туфайли жуда кам ҳолатда ҳамширалар бу амалиётга рози бўлмоқда. Европа қитъаси давлатларида эса акушерлар ёрдамида уйда туғиш қўллаб-қувватланмоқда.

Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) Оналикни муҳофаза қилиш ҳақидаги конвенциясига кўра, хотин-қизларга туғуруқдан кейин олти ҳафта мобайнида ишлашга рухсат этилмайди ва 12 ҳафталик таътил белгиланган. 145 мамлакатда ҳомиладор аёллар ва эмизикли боласи бор оналарни камситишга қонунчилик йўл қўймайди. Жаҳонда 830 миллион ишловчи аёл ўз оналик ҳуқуқини ҳимоя қилиш, яъни ҳомиладорлик ва туғуруқ бўйича 14 ҳафталик таътил ва пул нафақаси олиш ҳуқуқига эга эмас. Уларнинг 80 фоизи Африка ва Осиё мамлакатларида истиқомат қилмоқда[7].

ХМТ ҳисоботида таъкидланишича, кўплаб мамлакатлар ишловчи хотин-қизлар учун оналикни муҳофаза қилиш тамойилларини қабул қилганига қарамай, улар ҳар доим ҳам амалиётда қўлланилаётгани йўқ. Фақат 66 мамлакат ХМТнинг 1919, 1952, 2000 йиллардаги учта конвенциясига қўшилган.

Тўқсон саккиз мамлакатда ҳомиладорлик таътили 14 ҳафтадан кам бўлмаган муддатда тақдим этилади ва бу ХМТ бандларига мос. 60 мамлакатда эса таътил тадрижи 12–13 ҳафтадан, 27 мамлакатда эса 12 ҳафтадан ошмайди. Энг қисқа таътил Саудия Арабистони, Яман, Ироқда бўлса, энг узун таътил Россия, Финляндия, Польша ва Ўзбекистон давлатларида белгиланган. Канада, Хитой, Испания, Франция, Бразилия, ЖАРда бу миқдор 14–17 ҳафтага, АҚШ, Ҳиндистон, Аргентина, Покистонда эса 12–13 ҳафтага тенг.

Турли давлатларда тўловлар турлича шаклда берилади. Оналик нафақаси аёл ўзини тиклаб олиши ва боласига кўпроқ ғамхўрлик кўрсатиши учун жуда муҳим воситадир. Жаҳонда 330 миллион ишловчи аёллар фарзанд туққанидан кейин молиявий кўмак олмоқда. 61 мамлакат аёллари 14 ҳафтадан кам бўлмаган муддатда иш ҳақининг 100 фоизини олса, 74 мамлакатда маошнинг учдан икки қисми тўланади.

Эллик саккиз фоиз мамлакатда ҳомиладорлик ва туғуруқ бўйича пул тўловлари ижтимоий суғурта миллий жамғармаларидан (Россия, Бразилия, Қозоғистон), 25 фоиз давлатда иш берувчи ҳисобидан (Саудия Арабистони, Покистон, Ироқ, Судан), 16 фоиз ўлкада иш берувчи ва давлатнинг тенг ҳиссаси асосида (Миср, Ливия, Эквадор, Нигер) тўланади.

Саксон икки давлатда декретга кетган аёлларнинг иш ўринлари сақлаб қолинмайди. Фақат 40 давлатда иш вақтида иккиқат аёлга тиббий текширувдан ўтиш учун эркин рухсат берилади. 47 мамлакатда ишга қабул қилиш чоғида аёлларнинг ҳомиладорлик таҳлилини ўтказиш тақиқланган. Зотан, 150 дан ортиқ мамлакатда иш берувчи ишга олиш чоғида ҳомиладор аёлларни четлаб ўтгани учун ҳеч қандай ҳуқуқий чора қўлланилмайди. Ваҳоланки, бу ҳаракат бўлғуси оналарни камситишнинг ғайриинсоний шаклидир[8].

Иқтисодий инқироз мактабгача таълимдан фойдаланишга ва бола парвариши учун берилаётган ёрдамлар ҳажмини амалда қисқартирди. Инқироз шароитида Эстония ва Литва каби давлатлар ҳомиладорлик ва туғуруқлар бўйича тўловлар миқдорини ҳамда бола парвариши учун таътил давомийлигини, Греция, Латвия ва Руминия бюджетдан оналик ва болалик учун харажатларни камайтирди. Хорватия, Италия ва Португалия «ишга чиқмаган санадан бошлаб ўз хоҳишига кўра ишдан кетиш ҳақидаги ариза»дан фойдаланилаётгани ҳомиладор аёлларни амалда иш ўрнидан четлатилганини англатади. Бу асослар, минг афсуски, иқтисодий инқироз шароитида оқланмоқда.

Глобал миқёсда хотин-қизлар туғиш чоғида эътиборсиз, номуносиб ва ҳурматсиз муносабатга дуч келмоқда. 2014 йилда ЖССТ соғлиқни сақлаш тизимларини туғиш чоғида аёллар ҳуқуқларини ҳимоялашга чақирди.

 

Она сути афзалликлари

«Она сутида углеводлар кўп. Улар таркибига сутни нормал ҳазм бўлишига ёрдам берувчи алоҳида моддалар (В-лактоза) киради. Унинг таркибидаги витаминлар ва минерал тузлар ўсувчи организм талабини тўлиқ қондиради. Унда кальций ва фосфор яхши нисбатда бўлади, шунинг учун кўкрак сути эмган болалар рахит хасталиги билан кам касалланади. Аёл сутида тузлар, темир моддаси, мис, рух, кобальт ва қон ишлаб чиқариш жараёнига таъсир қилувчи бошқа микроэлементлар етарли миқдорда бўлади. Бунинг натижасида кўкрак сути эмган болаларда сунъий овқатлантириладиган болаларга қараганда камқонлик касали кам учрайди»[9].

Кўкрак сути гўдак учун энг енгил ҳазм бўладиган, фойдали ва тўйимлигина бўлиб қолмай, балки у бой биологик хусусиятларга ҳам эга. Чунончи, у болага ҳаётининг хатарли даври, яъни туғилгандан сўнг биринчи ҳафта ва ойларнинг яхши кечишига ёрдам беради. Она сутидаги T-лимфоцитлар ошқозон-ичак трактида тезроқ иммунитет шаклланишини таъминлайди.

Она сути бола соғлиғини таъминлашнинг энг яхши воситаси бўлиб, унинг таркибидаги антижисмлар болалар касалликларидан гўдакни ҳимоя қилишга ёрдам беради. Болаликда кўкрак сутидан озиқланган инсон кейинчалик ортиқча вазн тўплаши ёки семириш эҳтимоли паст, организмда диабет ривожланиш қалтислиги кам, интеллектуал даражаси баланд бўлади.

Илмий тадқиқотларга кўра, кўкрак сути билан озиқланиш даражаси 100 фоизга кўтарилса, ҳар йили дунёда 5 ёшгача бўлган 820 минг бола ва 20 минг аёлнинг ҳаётини сақлаб қолиш мумкин экан. Ҳар бир бола ҳеч бўлмаганда ҳаётининг биринчи олти ойи давомида кўкрак сутини эмганида, ақлий қобилияти ошиши ҳисобидан глобал иқтисодиётга қўшимча 300 миллиард доллар даромад келтирган бўлар эди[10]. Афсуски, янги туғилган чақалоқларнинг 77 миллиони ҳаётининг биринчи соатлариданоқ она сутини ололмаяпти[11].

Кўкрак сути ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш саноати қудратли тармоққа айланиб, ҳозирда унинг ҳажми йилига 45 миллиард долларни ташкил қилади. 2019 йилга бориб соҳа бозори 70 миллиард долларга етиши кутилмоқда.

Яқинда Гана, Ҳиндистон ва Перуда олиб борилган тадқиқотлар она сутидан бебаҳра болалар ўлими эҳтимоли кўкрак сутидан озиқланаётган гўдакларга қараганда 10 баробар юқори бўлишини исботлади. Ҳозир дунё миқёсида олти ойлик 38 фоиз гўдак она сути билан озиқланар экан.

Бельгия ва Буюк Британияда атиги 1 фоиз болалар, Австралия, Канада, Финляндия, Италия, Норвегия, Швеция ва АҚШда 15 фоиз болалар ҳаётининг биринчи олти ойида кўкрак сутидан баҳраманд бўлмоқда.

Шу боис ЖССТ бу борада қуйидаги тавсияларни илгари сурмоқда: туғилгандан кейин болани биринчи соатданоқ кўкрак сути билан эмизишни бошлаш; ҳаётнинг илк олти ойи давомида чақалоқни фақат она сути билан боқиш; икки ёшга қадар кўкрак сути билан озиқлантиришни давом эттирган ҳолда қаттиқ овқатлантиришга ўтиш.

Кўп мамлакатларда болалар учун ишлаб чиқарилаётган ва таркибида ёғ, шакар, туз ва калорияси юқори миқдорда бўлган маҳсулотларни оммавий ахборот воситаларида реклама қилишни тақиқловчи қонун лойиҳалари маъқулланмоқда. Бу каби маҳсулотларни туғуруқхоналарда бепул ва хайрия асосида тақдим қилиш ҳолатларига ҳам чек қўйилмоқда.

«Озиқ-овқат компаниялари самарали маркетингни ишлаб чиқиш учун миллиардлаб доллар сарфламоқда, – дейди Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро «Consumers International» ташкилоти бош директори Аманда Лонг куюниб. – Болалар томоша қилаётган кўплаб рекламаларда қайта ишлашнинг тезкор технологияларига дахлдор ёғ, шакар, туз ва юқори калорияли маҳсулотлар ўрин олмоқда. Ҳукуматлар уларни чеклаш бўйича чоралар кўриши мақсадга мувофиқ».

2008 йилда Норвегия раҳбарлигида Европанинг 27 мамлакати томонидан болаларга маркетинг босимини камайтириш бўйича тизим яратилди. ЖССТ томонидан ҳар йили кўкрак сути билан озиқлантириш бутунжаҳон ҳафтаси (1–7 август кунлари) ўтказиб келинмоқда.

Лазиз Раҳматов,

журналист

«Ўзбекистон миллий энциклопедияси» Давлат илмий нашриёти томонидан 2016 йилда чоп этилган “Соғлом она ва бола: халқаро амалиёт (хорижий мамлакатлар тажрибаси мисолида)” қўлланмасидан олинди.

(Давомини эртага ўқийсиз. сайтимизни кузатиб боринг)

Сайтимизнинг фаол мухлислари ва зукко талабаларимиз фикрномаларини ҳам ёзиб қўйишига ишонамиз, дейди Дониш домла.

с2

[1] http://www.who.int/mediacentre/factsheets/fs348/ru.

[2] Proclamation of Teheran. International Conference on Human Rights (1968). Проверено 8 ноября 2007. Архивировано из первоисточника 17 октября 2007.

[3] African Union 15th Assembly. Declaration: “Actions on Maternal, Newborn and Child Health and Development in Africa by 2015”. July 2010. Assembly/ AU//Decl.1(XI)Rev.1.

[4] Резолюция 11/8 Совета по правам человека Организации Объединенных Наций. “Предотвратимая материнская смертность и заболеваемость и права человека”. Июнь 2009 г. http://ap.ohchr.org documents/R/HRC/resolutions/A_HRC_RES_11_8.pdf.

[5] Почему так много женщин все еще умирает во время беременности и родов?, Онлайновые вопросы и ответы, Ноябрь 2015 г. http://www.who.int/mediacentre/news/releases/2014/maternal-mortality/ru.

[6] Всемирная организация здравоохранения, Maternal and Newborn Health/Safe Motherhood Unit.Care in normal birth: a practical guide (англ.). – 1996.

[7] http://www.un.org/russian/news/story.asp?NewsID=21640#.V3VEt6sgmUk.

[8]http://www.aif.ru/money/mymoney/rozhdaemost_prevyshe_vsego_kak_rf_udalos_vylezti_iz_demograficheskoy_yamy

[9] Йозеф Швейцар, Гўдак дард кўрмасин. Оила учун оммабоп қўлланма, Тошкент, «Lider-Press», 2009 й., 27–28-бетлар.

[10] Совместный выпуск новостей ВОЗ, ЮНИСЕФ и Международной сети действий по детскому питанию, 9 мая 2016 г. | Женева/Нью-Йорк — В новом докладе. http://www.who.int/ru.

[11] ЮНИСЕФ: каждый второй ребенок на планете не получает грудного молока в течение первого часа жизни, 29.07.2016. http://www.un.org/russian/news/story.asp?NewsID=26344#.V5-kPasgmUl.

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>